Жаҳонгир Муҳаммад

jahongir20094ҲАВЗИ ҚУЛҚУЛУМ (Кундалик китоб)

ПРЕЗИДЕНТНИ ТИЗ ЧЎКТИРГАН КУЧ

26 июл, 2009 йил

Бугун телевизор кўришга вақтим бор. Қайси канални қўйсам, ҳаммасида битта гап…

Дарвоқе бир неча кундан бери Америка матбуотининг асосий масаласи Президент ва миршаб “баҳси”дир. Бу воқеа аслида халқ бошқаруви-демократиянинг қудратини намойиш этган яна бир ҳодиса эканлиги учун ҳам бугун дунё матбуотидан тушмай қолди. Бунинг ўзбекларга, Ўзбекистонга жуда катта сабоқ бўладиган жойи бор.

Ўзбекистонда миршаб дедингизми тамом кайфиятингиз бузилади. Америкада эса халқ миршаб(police)ларни ҳурмат қилади, қадрлайди. Чунки у ҳукуматнинг ёки президентнинг миршаби эмас, халқнинг посбони. Албатта Ўзбекистонда миршаблар ичида ҳам яхши одамлар учрагани каби Америкада ҳам миршаблар ичида разолатга ботганлари топилади. Беш бармоқ бирдек бўлмагани каби ҳамма нарсанинг икки томони бор. Лекин демократияларда масала борасида тарозининг оғир(кўпчилик) томонига қараб хулоса қилинади.

Гап бунда эмас.

Аввал воқеани мухтасар тарзда ҳикоя қилиб берай.

Кунларнинг бирида Ҳарвард Олийгоҳи профессори қора танли Гейтс (Henry Louis Gates) сафардан уйига келса, эшиги очилмайди. У адвокатининг шофери билан эшикни бузади. Буни узоқдан кўрган қўшнилардан бири Камбридже (Cambridge ) полициясига сим қоқади.

Тафсилот профессорга кўра бошқа, полицияга кўра бошқа. Профессор оқ танли сержант Кроули (James Crowley) унинг уйига келиши ва уни вақтинчага қамоққа олишини қора танли бўлгани зуғум- ирқчилик дея фарёд солади. Сержант эса уни қамоққа олганида қора танли миршаб ҳам ўша ерда бўлганини айтади. Америкада полицияга бўйинсунмаслик учун ҳам қамоққа олиш мумкин. Хуллас, гап ким ҳақ, ким ноҳақлигида ҳам эмас, зотан текширув ҳали битмаган.

Гап шундаки, воқеани бутун Америка Президент Обамадан эшитди. У Камридже полициясини ахмоқона иш қилганликда айблаб, қоратанлиларга давом этиб келаётган зуғумнинг бир кўриниши эканлигини айтди.

Маълум бўлишича, ирқчиликка қарши ном чиқарган профессор Гейтс Президентнинг ошнаси экан.

Яна маълум бўлишича, ирқчиликка қаршилиги билан танилган сержант Кроули қоратанлиларнинг яқин дўсти ва ирқий камситилишнинг душмани экан.

Президентнинг Матбуот конференциясидаги чиқишдан кейин қоратанлилар ирқчилик ҳақида чиқишлар қилиб, сержантнинг истеъфосини сўрай бошладилар. Ундан профессордан кечирим сўрашни талаб қилинди. У эса қонунларни бузмгани, кечирим сўрамаслиги, аксинча президент ўзидан кечирим сўрашини талаб қила бошлади. Уни бошқа миршаблар, (уларнинг орасида қора танлилари ҳам бор) қўллай бошладилар.

Ҳатто Обамани президент қилган сўлчи матбуот ҳам оёққа турган эди ва Президентнинг қовун тушириб қўйгани соат сайин очилиб борарди. Айниқса унинг олисдаги маҳаллий воқеани умуммамлакат муаммосига айлантиргани кўпчиликка ёқмаётганди.

Буни Обама ҳам тушунди, шекилли, шартта матбуот ҳузурига чиқиб ортга қадам ташлади. Мен сержантга телефон қилдим, у фавқуллодда аъло даражали миршабдир деди. У энди воқеада ҳар икки томон ҳам ҳаддидан ошган бўлиши мумкин деди. Лекин унинг миршаб билан суҳбати сир туртилди. Миршабнинг авзойидан маълум бўлишича, у сержантдан узр сўраган. Бу энди қоратанлиларни ғазаблантирди. Президент профессорга ҳам телефон қилганини эълон этди. Ҳар иккаласини Оқ уйга меҳмонга даъват қилди.

Агар Ўзбекистонда шундай воқеа юз беранда сержантнинг ўрни Жаслиқда бўларди.

Бу воқеада аслида профессор сержантга раҳмат айтиши керак эди. Негами?

Бир кун қизимга чек ёзиб бериб, банкдан нақд пул олишини айтдим. У банкка борса, пул беришмабди. Қизим авзойи бузилиб менга телефон қилди. Мен банкка телефон қиламан деб турсам, банк ходимаси сим қоқди.
-Қизингизга чек ёзиб берганмидингиз?
-Ҳа…
-Қанча суммага?
-Шунчага…
-Лекин имзоингиз бошқа.
Шунда мен хато қилганимни тушундим. Тўлов чекларига бошқа ва муҳим ҳужжатларга бошқа имзо қўйишим ёдимга тушди. Бу ерда адашган эканман. Банк ходимасига:
-Раҳмат сизга, сиз аслида бизни ҳимоя қилаяпсиз,- дедим.
Кейин қизимга ҳам унга раҳмат айтиб қўйишини тайинладим.

Тўғрида, биттаси менинг номимдан чек ясаб, пул сўраб келиши мумкин.

Демак, банк ходимаси менинг муҳим ҳужжатлар учун қўядиган махсус имзоим билан солиштирган. Отасига раҳмат!

Юқоридаги воқеада ҳам миршаб аслида профессорнинг уйини асраш учун келган. Профессор сафарда бўлган, кимлардир унинг эшигини бузишган. Кимдир полицияга сим қоққан. Сержант профессорнинг уйига келганда олим миршабни хуш қаршилаб, ҳужжатларини кўрсатиб, унга раҳмат айтиб юборса, олам гулистон эди. Лекин у шундай қилмаган ва сержант билан жанжал кўтаргаан ва бақириб чақирган… Бу ёғини билмайман, бошқалар ҳам билмаса керак…

Лекин қора танли профессор қора танли президентни ҳам уялтирди.

Бошқача айтганда уни оддий сержант олдида тиз чўктирди.

Йўқ, ундай эмас, аслида демократия президентни тиз чўктирди.

Йўқ, ундай ҳам эмас, хато қилганини англаган лидер тиз чўкди…

Бу билан Президентнинг обрўйи тўкилмади. У демократияга, халқ йўлига бўйсунди ва бундан кейин бу сабоқни унутмаса керак.

Қани эди, Каримовдан тортиб бошқа президентлар, қироллар, шоҳлар, амирлар… шундай қила олсалар…

Қани эди, ўзини лидер деб юрганлар хатоларини мана шундай тузата билсалар…

Қани эди ҳар биримиз хатоимизни мана шундай тузата билсак…

Демак, бизда бизни шундай қилишга мажбурлайдиган куч йўқ! Кучсизмиз! Жуда ҳам кучсиз…

Бугун дам олиш куни телевизор кўриб, ана шулар ҳақида ўйладим…

%d bloggers like this: