ЭЪТИРОФ

Илтимос, Жаҳонгир акага айтманг…

Қўлимга қалам тутганимдан буён турфа кишилар билан суҳбатлашдим.Уларнинг сон-саноғи йўқ, бири биридан ажойиб инсонлар.Ҳар бири бир китоб бўлгулик ҳаёт кечирган, ўз даври , замонининг қаҳрамонлари.

Мен уларни айрим қаламкашлар каби “менинг қаҳрамонларим” дегим келади.Аммо шундай десам гўё уларга эгалик қилаётгандай, уларнинг эркини чеклаётгандай туюлади менга.Шу учун ҳам улар ўз умрлари, ўз ҳаётлари, ўз борлиқлари-ю борликлари, ўз дунёларининг чинакам қаҳрамонлари дегим келади.

Яна диққатга сазовор томони шундаки, мен қаламга олган асар қаҳрамонлари бадиий сиймолар эмас, улар кеча , бугун биз билан яшаган ва эртага ҳам албатта одамлар орасида яшайдиган кишилардир.

Ўзимча фахрланишимга арзийдиган томони шундаки, мен билан дилдош, суҳбатдош бўлган кишилар ўзларининг энг муқаддас, энг табаррук сиру синоатларини яширмай қулфу дилларини очмоқликларидир.Улар ўз кўнгил сирларини-ю , ўз дунёлари, қалбларидаги сирли соҳирларни баён этар эканлар, менинг уларга садоқат кўрсатишимга ишонишлари менинг кўксимни тоғ қадар кўтаради.

Уларнинг ҳар бири бир дунё ва ҳаммалари жамиятда турли мақомда бўлсаларда аммо ҳазрати инсонлардир.

Куни кеча яна бир суҳбатдош, дилдош ўз қалби сирлари билан ошнолашди.Албатта у дилкаш, у дардкаш инсоннинг қалб туғёнларини тинглаб, менинг-да қалбим уники каби мавжланди.Аслан ҳаётда ҳикоя этилишича иқтисод соҳаси кишилари кўпроқ моддиётга берилган бўлишади деган тушунча бор.Мен бунга ҳаётий тажрибаларимдан келиб чиқиб , ҳар доим ҳам ундай эмас деган фикрда юрардим.Бу фикрим ва тушунчам кеча яна бир бор ўз исботини топди назаримда.

Аслида ҳозир ёзаётганларимнинг кириш қисмини бу қадар узоқ давом эттирмай гапнинг мағзини ҳам айтиб қўя қолсам бўларди.Лекин суҳбатдошимнинг бир ўтинчи чизгиларимни шу кўйда бошлашга ундади.Чунки у менга ишонган омонатни мен эҳтиёт этишим фарз деб ҳисобладим.

Хуллас, исми шарифи-ю яшаш макони менга бугун аён бўлган миллионлаб ўзбекистонлик ватандошлардан бири, балки миллатнинг жонкуяри дейилса хато ҳисобланмайдиган вакилининг айтганлари:

-Дўстим, ёшингизни билмайман биродарим, балки ака деб айтсам тўғри бўлар, билмадим.Аммо юрагимдаги дарду армонларни негадир сизга ишониб, очиқ айтгим келди ва мана айтяпман ҳам.

Мен бизнесс олами одамиман, аммо бу дегани кўнгил кечинмаларисиз кимса дегани эмас.Менинг кўнглим кенгликларга, кенгликлар деганда инсоний бағрикенгликларга талпинувчи бир инсоний туйғулар билан йўғрилган.Мен – Ўзбекистонликман, мен кўнгил кечинмалари ва инсонийлик жиҳатидан Жаҳонгир акани, Жаҳонгир Муҳаммаддни, Жаҳонгир Маматовни, исму шарифининг ҳар бири катта ҳарфлар билан ёзилиши лозим бўлган инсон ЖАҲОНГИР МУҲАММАДни устозим деб биламан.

Сиздан илтимос мен узр-маъзуримни сизга айтганимни у киши билмасин, чунки худо ҳоҳласа вақт-соати келиб у кишидан кечирим сўрайман.Мен устоз Жаҳонгир Муҳаммадни кўнглини ранжитган бир инсонман.Бу мени азоблаб , кўнглимни ҳамиша ғаш қилиб келаётган туйғу.Айрим орадаги оламушуклар бизнинг орамиздан ўтиб муносабатларимизни бузди.Мен хато қилганимни вақт ўтиб билдим.

Аммо, афсус очиқ кўз билан сўқирлигимни қай тарзда ифода этишни ҳам билмайман.Чунки яқингинада мен яшаётган томонларга қадам ранжида қилган ўзим ҳали ҳаётда сиймосини кўрмаганим устозимдан узр-маъзуримни айтиб олиш имкониятидан ҳам бебаҳра қолганимдир.

Бироқ мен ишонаман, Жаҳонгир ака бағрикенг инсон , мана бунга биргина мисол:бир икки машқларимни электрон почта орқали тахаллус билан жўнатдим, у киши бир-икки нуқтасига қалам теккизгандай менга қайтариб жўнатдилар.Менинг назаримда ёзиш услубимдан сезгандирлар, балки сезмагандирлар, аммо бағрикенг инсон эканликларини ҳис қилиш қийин эмасди.Кўп ўтмай ўша шеърий машқларим устознинг интернет саҳифалари юзини кўрди.

Ўзларини аввалига дўст тутиб, бизнинг муросамизни кетказишга уринганлар эса устоз Жаҳонгир Муҳаммаддан фарқли тарзда устимдан кулишгача боришди.

Майли мени ким деб атасалар ҳам розиман.Бугун Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида маломат тошлари отилаётган устоз Жаҳонгир Муҳаммад каби чинакам ҳақпарвар бошқа кишини билмайман.Бундай инсонлар дунёда ғоят камёб инсонлар, деб ҳисоблайман…

Дардкаш-суҳбатдош Ватан, мамлакат ва миллат тақдири хусусида кун бўйи кечган кечаги суҳбатларимизда ўз ташвишларини баён этиш баробарида унинг бугунги таназзулидан чиқиш йўллари хусусида ҳам узоқ сўзлади ва суҳбат ниҳоясида эса устози Жаҳонгир Муҳаммадга унинг сўзларини етказмаслигимни сўради.

Лекин мен бу иқрор ва ихлос ҳақида ёзмасам ўзимни ҳақиқатга қарши сукут сақлагандай ҳис қилиб, туни билан ухлолмадим.Унинг исми-шарифини айтмадим ва менимча унинг устозга айтманг, деган илтимосини ҳам адо этдим.Чунки бу эътироф Жаҳонгир Муҳаммад ҳақгўйлигини эътироф этган унинг бир шогирдининг эътирофи эмас.Унинг ҳаётдаги шогирдлари ғоят кўп…Ва эътирофлар ҳам…

Ризо Обид
5 октябр, 2008 йил
www.rizobek.ucoz.ru

%d bloggers like this: