Жаҳонгир МАМАТОВ׃ Ўзбеклар ва ўзбеклар
Ўқиганда қаердадир агар ўзингизни ёки сиз таниган, билган бирор кишини “кўриб” қолсангиз, демак бу китоб асар ҳолига етибди, агар бу ердагиларнинг ҳаммаси сизга бегона бўлса, у ҳолда меҳнатим зое кетибди. МУАЛЛИФ.
1. ЗЕҲНИЯТ ёки КИРИШ ЎРНИДА
Мазкур китобнинг илк қисмини эълон қилишим билан, айниқса, Америкадаги танишлар орасида қизғин муносабат билдириш бошланди. Муносабат билдиришнинг турли йўллари бор.
Масалан, орқаворотдан гап-сўзлар қилиш.”Кўрдингизми, нималарни ёзибди, танбеҳ бериб қўйиш керак!” ёки ” Бунақа нарсаларни ёзиб нима қилади, кимга кераки бор?” тарзида хат йўллаш ёки муаллифнинг ўзига нафрат сочиш… Кўпинча ўзини авлиё санаш ва бор нарсани ҳазм қила олмаслик бунга сабаб бўлади.
Мени эса, бошқа нарса ўйлатди. Озми-кўпми Америкада яшаяпмиз. Баъзилар эса, 20-25 йилдан бери яшаяптилар. Американи оёқда ушлаб турган нарса инсон ҳуқуқлари борасида унинг Конституциясига қўшилган ўнта ўзгармас қўшимчадир. Шундан биринчиси сўз эркинлиги ҳақида. Шунга кўра истаган одам истаган гапини айта олади ва ёза олади. Истаган одам унга жавоб ёзади. Аммо бировнинг исмини қўйиб, сени ўлдираман, деб ёзса бу иш билан табиийки, полиция шуғулланади. Бировнинг исми-шарифини келтириб шахсини ҳақорат қилса, сўкса бу фуқаровий тарзда судда исботланиши керак.
Шулардан келиб чиқсак, менинг диққатимни тортган нарса “Нега бу ҳақда ёзади?” деб шикоят қилган одам бўлди. Ўзбекистонда бўлса тушунарли. Аммо Америкада бўлиб, Американи тушуна олмаслик бу- зеҳниятда темир қолип мавжудлигини кўрсатади.
Америкада бир ёзувчи ёки бир журналистга “Нега буни ёздинг?” дэсангиз “Сен нега нафас олдинг” деб масхара қилади. Бошқача айтганда, ёзиш ҳуқуқига ҳеч ким, ҳатто президент ҳам раҳна сололмайди. Американинг энг катта ютуғи бу! Аммо маълум бир мақсадларда пул сарфлаб, маълум бир нашрларга эга бўлганлар, турли йўллар билан ўз сиёсатларини юргизадилар. Бу бошқа гап.
Америкада яшаб унинг демократиясини қабул қила олмаслик баъзиларнинг зеҳниятида мавжуд. Бундайлар ҳеч қачон демократия нималигини билмай ўтиб кетадилар. Бу китобни ёзарканман, уларга дарс бўлар деган мақсадни олдимга қўйганим йўқ. Балки америкалик бўла оламаётганимиз(америкалик бўла олмаслик дер эканман демократ, инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатиш, эркин фикр ва сўз эркинлиги, адолатни тушуниш каби қадриятларни ўзимизга сингдира олмасликни назарда тутаяпман) сабабларини ўрганишни кўзладим. Бу эса, бугунга эмас, келажакка керак бўлишини билганимдандир.
Зеҳният ҳар бир инсоннинг, ҳар бир миллатнинг кўзгусидир. Шу боис ҳам зеҳниятга назар ташламоқ ўзликка назар ташламоқдир.
2.ОРАДАГИ ДЕВОР
Хорижда яшаётган ва ўзини ўзбек деб атаётган(бу муҳим, чунки Афғонистон орқали келганлари ўзларини афғон ҳам деб атайдилар) кишилар Ўзбекистондан хорижга чиққанлар билан қўшилиб кета олмаётганлари бугунга келиб, сир бўлмай қолди. Бунинг бир қанча сабаблари кўринмоқда,
Биринчидан, маданият ва анаъналардаги фарқлилик. Замон ва макон таъсирида бу борада ўзгаришлар юз берган.Ўзбекистонда яшаганлар руслар орқали сизган Ғарб маданиятидан таъсирланган бўлсалар, Афғонистондагилар эса, ўша ерда яшаган ва кўпчиликни ташкил қилган халқлар таъсиридан четда қолмаганлар.
Иккинчидан, тил, алифбодаги ўзгаришлар таъсири. Ўзбекистондагилар гарчи ўзбек тилидаги мактабларга соҳиб бўлсаларда амалда алифбонинг бир неча карра ўзгариши гирдобида қолдилар. Афғонистондагилар эса, ҳатто ўз тилларидаги мактабни тасаввур ҳам қила олмадилар.Хорижга келиб ўзбек тили орқасидан кун кўрганлари эса, “О” билан “А”нинг фарқига бориш у ёқда турсин, Ўзбекистондан келганларнинг устидан кулишарди. Ўзбекистондан келганлар эса, уларнинг талаффузларига ҳайрон қолишарди. Замон ва макон бир оила фарзандларини ана шундай бошқа-бошқа одам қилиб қўйганди.
Ва учинчидан, ватан ҳақидаги тушунчалар. Ўзбекистондан ҳижрат қилганлар бугунги мавжуд режимдан норози бўлсалар, хорижда яшаб келганлар Ўзбекистон билан алоқани сақлаш мақсадида мавжуд режим билан ҳамкорлик қилишга уринардилар.
Ана шу жиҳатлар орадаги девордир ва қандайдир маъракаларда бир орага келмасалар, хориждаги ўзбеклар ҳатто бир - бирларини кўрмай ҳам яшамоқдалар.
3. ИККИ КАРРА “ХОИН”ЛАР
Шўролар босқинининг илк даврларида ёки иккинчи Жаҳон уруши йилларида хорижга чиққанлар қўшалоқ “хоин”лардир. Албатта, бу қўштирноққа олганимиз каби кўчма маънода. Чунки уларни Совет Иттифоқи, жумладан Ўзбекистон ҳам “хоин”лар, деб келди. Қарангки, уларнинг ўзлари ҳам бир-бирларини “хоинлар”, дер эканлар. Албатта орқаворотдан.
“Бу одам аввал шўроларга ишлади. Кейин АҚШ разведкасига. Энди эса, Каримовга ишлаяпти. Асл хоин шу бўлади”
“Ана уни яхши танийсиз-ми, отаси ҳам ўзи ҳам коммунистлар билан алоқада бўлган. Улардан пул олиб бизни сотиб турган.”
“Бу одам олим эмас. Ёзганларини ҳеч ким тан олмайди. Тарих бу илм. Бу одамники эса, қуруқ гап. У асли ўзи яшаётган давлатга сотилган. Бўлмаса, коммунистлар ёмон экан, нима бугунги ҳукумат ҳам ёмон-ми?”
Бундай гапларни деярли ҳар кун эшитиш мумкин. Бугун ўзбек мухолифатининг хориждаги вакиллари бир-бирларини (CНБчи) МХХчи, деб айблашар экан, бу касал янги эмаслигини таъкидламоқчимиз. Ҳали вақт келиб улар ҳам қўшалоқ “хоин” бўладилар. Буниси олдинда.
4. КЕЙИНГИЛАР
Юқорида аввал ҳижрат қилган ўзбеклар ва бугун тақшқарига чиққанлар нима сабабдан бирлаша олмаганлари сабабларини келтирдик. Хўш кейин чиққанлар ўз ораларида нега бирлаша олмайди, нега тарқоқ ва юзкўрмас бўлиб кетдилар. Менга кўра бунинг ҳам бир қанча сабаблари бор.
Биринчидан, кейин чиққанларнинг аксарияти мухолифат билан ва ёки мухолиф қараш билан боғлиқ. “ЭРК” ва “БИРЛИК” ташкилот сифатида тобора кичрайиб, кўринмас нуқтага айланиб борсада унинг раҳбарлари ўртасидаги келишмовчилик кучланиб бораверди. Улар бошқаларни ҳам, жумладан ўзларини тарк этган собиқ сафдошларини ҳам бу ботқоқа тортишга уриндилар. Баъзан туҳмат ва баъзан фитна билан хориждагиларнинг орасига қутқу солдилар. Бу ҳолат, бу келишмовчилик бошқаларнинг ҳам ўртасига совуқлик туширди.
Иккинчидан, отдан тушса ҳам эгардан тушмаслик касали уларни ажратиб, парчалаб юборди. Ҳамма ўзини ақлли, бошқаларни ахмоқ, деб ўйлаши билан бирга, “Бирлик” ва “ЭРК”миз деганлар очиб қўйган ва бошқарган интернет саҳифаларидаги меҳмонлар китоби, форумлар орқали бир-бирига иғво ва туҳматлар қилиш билан овора бўлдилар. На меҳмондорчиликнинг ва на меҳмоннинг иззати қолди. Бу Каримов режимига ҳам қўл келди. Режим одамлари ҳам бу саҳифалардан яхшигина фойдаландилар.
Тўртинчидан, ўзбеклар қачон бирлашган эдилар-ки, энди бирлашсинлар, деган ёт қараш ҳаммаларига сингиб кетган.
Ва бешинчидан, дунёдаги барча мухолифларни бир-бирига мухолиф қилгани каби пул бизникиларни ҳам бир-бирга душман қилди. Сен кўп олдинг ва мен кам олдим, деган анъанавий айбловлар уларни асосий мақсад ва ҳаракатларидан устун келди.
Буларнинг ҳаммаси эса, бир бўлиб, хориждаги ўзбекларни Ўзбекистондан узиб, хорижликларга айлантирди ва улар ўзлари яшаган мамлакатларининг оддий фуқароларига айланиб қола бошладилар. Энди улар тилда ҳар қанча ватанпарвар бўлсаларда, амалда хорижликлар эдилар. Келажакда ҳам улар Ўзбекистонга фақат меҳмон бўлиб, ҳа, фақат меҳмон бўлиб бориб келишларини ҳозирданоқ қўрқмай айтавериш мумкин.
5. ЭГАРДАГИЛАР
Илгари хорижга чиққанлар орасида танилган, кўзга кўринганлари доим ўзаро муштлашмаган бўлсалар ҳам орқаворотдан доим бир-бирларини хоин ёки ахмоқ, деб айблаб юрганларини юқорида таъкидладик. Ҳатто ўладиган кунларида ҳам бир-бирларини кечирмай ўлиб кетмоқдалар. Улар Туркистон учун биргалашиб курашиш ҳақида кўп гапирсаларда аслида айри-айри, якка-якка тарзда курашни афзал кўрганлар. Ёки курашмоқдаман, деб ўзларини овутганлар. Асосий куч-қувватлари бир-бирларини ёмонлашга сарф бўлган.
Масалан, оқсоқоллардан бири билан гаплашиб қолсангиз: у ҳаммани қутқазган, у ҳаммага яхшилик қилган, ҳаммани иш билан таъминлаган, фақат унинг бир ўзигина Туркистон озодлиги учун курашган, Ўзбекистонни у мустақил қилган… олмониялик Боймирза Ҳайит унинг учун дунёдаги энг ёмон одам, АҚШлик Эргаш Булоқбошини гўрида ҳам тинч қўймайди…
Бошқалар билан гаплашсангиз, бунинг аксини эшитасиз.
Карвоннинг боши шундай бўлгач, давомидан нима истайсиз, дегим келади-ю лекин ҳали давоми давом этмоқда-да.
6. МЕҲМОНДОРЧИЛИК
Бугун Виржиниада яшаётган акахоннинг ҳикояси: “Биз Америкага келганимизда Вашингтон штатининг пойтахти Сиатле(Seattle) шаҳрида яшай бошладик. Маҳаллий дўстларимиздан бири меҳмонга таклиф қилди. Бу бизнинг Америкада илк меҳмонга боришимиз эди. Кун бўйи тайёргарлик кўриб катта ҳаяжон билан бордик. Мезбон эса, ҳали тайёргалик ҳам кўрмаган экан. Анча вақт остонада қолдик. У уй кийимида бамайлихотир чиқиб келар экан, нега қараб турибсизлар, киринглар, деди. Биз ичкарига кириб қаерда ўтиришни кўзлай бошладик.
-Нега қараб турибсизлар, ўтиринглар,-деди у.
Мен столнинг нариги четидаги ўриндиққа ўтирдим. Мезмон менга ажабланиб қаради-да׃
-Бу ердан тур, бу менинг жойим,-деди.
Ноқулай аҳволга тушиб қолдим. Секин жойимдан қўзғаламан, деганимга ҳам қарамай кела солиб, худди ўриндиқнинг устида олтин бору у қуриқ қолгандай ўтириб олди. Менга қаерга ўтиришимни кўрсатмади ҳам. Ўтириши билан мен дўконма дўкон юриб танлаган ва махсус қоғозларга ўратган ҳадяни шарақлатиб оча бошлади. Очди-ю׃
-Бундан тўлиб кетган уйим, гаражга чиқариб қуйганман. Олиб кет, балки ўзингга керак бўлиб қолар,-деди.
Ўрнимдан турғизгани бир шапалоқ ургандай бўлган бўлса, энди буниси тепгандан ҳам ошиб тушди. Бадбахт, ёқмас экан, меҳмон чақириб нима қиласан, аҳволинг шу бўлса, деб ўйларканман:
-Нега қизариб-бўзариб кетаяпсан, бирор ишингни унутдингми, истасанг бориб кел, ёки телефон қил,-деди-да қўлига газетани олиб ўқий бошлади. Мен кетишимни ҳам кетмаслигимни ҳам билмасдим.
Хуллас, шундан кейин меҳмонга чақиришса бормасданоқ “Раҳмат” деб қўядиган бўлдик.”
Узоқ суҳбатларимиздан кейин билдимки, мезбон асли ҳақиқий америкалик эмас, балки отаси ва онаси Югославиядан келган экан.
7.ДАРСДА
Ўзбек тилидан дарс берар эканман, маданиятлар ўртасидаги ана шундай фарқлиликлар ҳақида гаплашсак, талабам׃
-Америкада ҳар жойда ҳар хил, мамлакатнинг ичкарисига кириб борсангиз сизларнинг маданиятдаги каби меҳмондорчилик, иззат икром бор, -деди.
Дарҳақиқат, беш бармоқ бир бўлмаганидек, муҳожирлар мамлакатида ҳам ҳамма ҳар хил эди. Масалан, шу талабамнинг ўзи ҳам. Мен дарс берган жойда синфда талаба бир ёки икки нафар бўларди. Тилни тез ўрганиш учун улар якка тартибда дарс олишни истардилар. Мен тушлик овқатни уйдан олиб келардим. Тушликка чиқишимиз билан у келиб овқатимга қараб турарди, ўзбекчилик ёддан чиқармиди,
-Қани марҳамат,- дейишим билан у менинг овқатимни ей бошлайди. Мен эса, ийманиб қараб тураман. Кейин овқатни кўпроқ олиб келадиган бўлдим. У олдин мен билан овқатланади, кейин эса, кўзини лўқ қилиб ўзиникини ей бошлайди. Берса ҳам кўнглим тортмайдию лекин индамагани алам қилади. Ҳа, эртага кўрасан, деб қўяман, лекин эртасига “марҳамат” деб юборганимни ўзим билмай қоламан. Маданиятлар ҳақида гаплашганимизда эса, у Американинг ичига борсангиз худди сизга ўхшаб, қани бизнинг овқатдан ҳам татиб кўринг, дейдиганлар кўп, дейди.
Олти ой ана шундай ўтди. Ёлғон бўлмасин , охирги кунлар эди, у бир олмани икки бўлиб ярмини менга узатди. Хурсанд бўлиб кетдим. Олиб ейман дэсам, пўсти арчилмагани у ёқда турсин ювилмаган ҳам экан. Дўконда ёпиштирилган ялтироқ қоғозчасини кўриб, буни ювиб келай, кейин ейман, деб ташқарига чиқиб кетдим. Олмасини улоқтириб синфга қайтиб кирганимда у׃
-Бекорга овора бўлдингиз, домлажон, мен буни ювиб, кейин сотишадиган дўкондан олганман,- деди.
-Ўзбекистонда ҳам мамлакатнинг ичига борсангиз олмани ювиб, кейин сотадиганларни кўриб қоласиз,-дедим киноя билан. Лекин кинояни тушунадиган бормиди?
Аммо одатларимизни ўргангандан кейин бу талабам манзират ва ўзгага ҳурматни ўзбекдан ҳам ўтказадиган бўлди.
8. ГЎШТ ОЛАРКАН
Каримжон Америкага келганда боши айланиб қолди. Дўконга борса гўштнинг юз хил нархи бор. Масалан, мол гўшти калла қисмидан дум қисмига қадар турли-турли баҳоларда сотилар экан. Ҳаммасининг ўз номи ва ўз баҳоси бор. Бунга “тиши” ўтмаслигини тушунди-да энг арзонини қидирди. Арзони қийма гўшт экан. Нархи 1 доллар 58 сент. Келган мамлакатидаги нарх билан солиштирди. Арзон тушгандай бўлди. Демак, қимматроғини олсам, бўлади, деб ўйлади у. Хуллас, ўртачасидан бирини танлади. Лекин гўштнинг оғирлиги тахминидан енгилга ўхшарди.
Бу қисталоқлар тарозидан урган кўринади, деб бошқаларига қаради. Бу ҳамммасидан ҳам уриб қолишганга ўхшайди деб ўйлади. Бориб жанжал қилай дэса, тил билмайди. Олмаса, бугун меҳмон келадиган. Дардини ичига ютиб, олиб келди. Кечқурун Америкада анчадан бери яшайдиган ўзбеклар хуш келдингизга келишди. У׃
-Американинг ҳам ўзимиздан фарқи йўқ эканку,- деди,- Бизда қассоблар яшириб уришади, бу ерда эса истаганини ёзиб яна очиқ қўйишар экан.
-Ундай бўлиши мумкин эмас. Бу ерда бир грамм уриб қолса, харидор дарҳол судга бериб, дўконни шарманда қилиш у ёқда турсин, бир қоп пулини ҳам тортиб олади. Буни махсус қидириб юрганлар бўлади. Шу сабабдан бу ишлар жуда қаттиқ назорат остида бажарилади ва ҳеч ким уриб қолишга журъат қилолмайди,-деди меҳмон.
Каримжон у дэса, бу дейишди, бу дэса, у дейишди. Кўрсатай дэса, хотини гўштни қозонга солган. Кейин бир зумга ташқарига чиққан бўлди-да уйининг ёнидаги дўкондан гўшт олиб келди.
-Мана буни тортиб кўринглар, балки дўконни судга берадиган одамлар келмай қолгандир,-деди у киноя билан.-Шу икки кило чиқадими?
-Йўқ,- дейишди меҳмонлар.-Бу икки паунд. Бир килодан ҳам озроқ. Бир паунд эса, 453 грамм.
Меҳмонлар ўзининг устидан қаҳ-қаҳ отиб кулишларини кутган Каримжон яна бир ажбаланди.Улардан бири:
-Бу кунларни биз ҳам яшаганмиз,-деди.- Бу ерда ҳамма нарса биздагига тескари. Ҳеч қаерда нарсалар килолаб сотилмайди, литрлаб, метрлаб ўлчанмайди.
-Тағин машина олсангиз Ўзбекистондаги каби соатига 80 километр тезликда ҳайдайман, деб ўйламанг. Бу ерда тезлик ҳам мил ҳисобида. 55 атрофида ҳайдасангиз Ўзбекистондаги 80 билан баравар бўлади,-деди меҳмонлардан бири. Бошқаси илова қилди:
- Ҳали кўрасиз бу ерда ўғлингизни уйлантирганда ҳам солиқ тўлайсиз.
Лекин бу солиқлар охир оқибатда яна сизга қайтади.
9.ҚАРЗГА БОТГАН ЎҒИЛ
Салимбек Америкага жойлашгач, отасини меҳмонга чақирди. Жуда кўп қийинчиликлардан кейин ота аранг етиб келди. Ўғлининг ҳаёти яхшилиги, данғиллама уйи, бир нечта машинаси борлигидан севиниб кетдими ёки йўл оғирлик қилдими, бирдан юрак хуружига учради. 9-11 га сим қоқишди. Икки дақиқага қолмай “Тез ёрдам” етиб келди. Ҳар эҳтимолга қарши ўт ўчирувчилар, полиция ходимлари ҳам келганди. Бу бир қоида. Отани госпиталга олиб кетишди. Дарҳол амалиётга олдилар. Ўғилни эса, дўхтирлар сўроқ қиларди.
-Отангизнинг суғуртаси борми?
-Йўқ, у киши меҳмон бўлиб келганлар.
-Меҳмон бўлиб келадиган одамга олдиндан суғурта олиш керак.
-Билмасам.
-Ўзингзининг суғуртангиз борми?
-Бор эди, яқинда ишни алмаштирдим. Бу ерда олти ой ишласам, кейин суғурта беришар экан.
Хуллас, сўроқ ярим тунгача давом этди. Бошлиқларига телефон қилган дўхтирлар Салимбекнинг ҳужжатларидан нусха олишдию индамай қўйишди. Икки кундан кейин отани жавоб беришди. Юрак амалиётидан кейин ҳам икки кунда жавоб беришларига у ҳайрон бўлмади. Чунки ўзи кўричак бўлганда амалиёт эрталаб ўтган бўлса, тушдан кейин уйига жўнатишганди.
Отасини уйда сақлади, яна дўхтирларга кўрсатишига тўғри келди. Шу орада госпиталдан қоғоз келди. 70 минг доллар тўлаши керак экан. Яна тавсия қилишибди׃ агар қийналсангиз ойма-ой тўланг ва бир йилда узинг дея. Акс ҳолда иш молия тарихи марказига ҳавола қилинар экан.
Молия тарихи маркази бутун америкадагиларнинг молиявий тарихларини яратади. Агар уй оламан дэсангиз, банкдан пул оламан дэсангиз, машина харид қиламан дэсангиз, хуллас, баъзан йўталаман дэсангиз ҳам шу жойга мурожаат қилишади. У ердан эса, бу кишининг қарзи бор, деган маълумот келдими, тамом, бир нарса қила олмайсиз. Сиз билан тиржайиб хайр - маъзур қилишади.
Молия марказидаги қарз миқдори эса, кўпайиб бораверади, жаримаси, фойизи билан. Ора-сира сизга хат ҳам келиб туради. Жуда мулойимлик билан ёзилган хат. Агар қарзингизни тўлай олмаётган бўлсангиз, биз орада воситачилик қиламиз, деган. Қарздан ўлиб ҳам қочиб бўлмайди. Ўша куни уй жойни, молк мулкни олиб қўйишади. Салимбекнинг иши ҳозир судда.
Биринчидан, отасининг визаси ўтиб кетибди.
Иккинчидан, отасини чақирганда қўл қўйган қоғозларда суғуртасини ҳам оламан, деган жойи бор экан. Ҳукуматни алдаган бўлиб чиқаяпти.
Учинчидан, қарзи масаласи. Судга адвокат олган экан. Унинг ҳам пулини тўлолмай юрганмиш.
10.КАСАЛ БЎЛГАНДА
Каримжон касал бўлганидаги воқеани ҳикоя қилиб берди: “Америкага келганимнинг илк ҳафтаси эди, чамамда, ҳароратим ошиб кетди. Дўхтирга бордик. Суғуртанг борми, деб сўради. Йўқ, дедик. Ўйлаб кўрдида, бир жойга телефон қилиб, қўлимизга адрес берди.
-Борсангизлар у қабул қилиши мумкин,- деди.
Менинг жаҳлим чиқди. Аҳволим оғирлашиб бораётганини амаллаб тушинтирган бўлдим. Унинг эса, фақат “Money“- “пул” деган сўзини тушунардим, холос.
Кейин шу ердан илгари келган ўзбеклардан бирига телефон қилдим. У ишда экан. Хотини билан гаплашдим. У ҳам инглизча билмайман, деди. Лекин тушинтириб берди. Америкада ё суғурта бўлиши керак экан, ёки катта пулингиз. Бизни олиб келган ташкилот бир ой ичида суғурта қилиб бериши керак экан. Ўшанда дўхтирга борсам, бўлар экан. Унгача ўлиб қоламанми, дедим-да пул олса олсин, деб ҳалиги дўхтир берган адресга бордим.
Ветнамлик дўхтир экан, дарров қабул қилди. Оз-моз русча ҳам билар экан. Ҳароратимни ўлчаб 101 бўлибди, юқори, деди. Эсим чиқиб кетай деди. 41 бўлса одамга бир кор-ҳол бўлади, дейишганини эшитгандим. Балки термометри бузуқдир?! Яна бир марта ўлча, дедим. У термометрни қўлтиғим остига эмас, оғзимга қўйди. Балки шунинг учун 101микан? Оғзимдан олиб қўлтиғим остига қўйдим. Дўхтир кулди. Унга нега куласан, дэсам:
-Сен яқинда келганга ўхшайсан,-деди у ярим русча қилиб.- Сизларда целсияда ўлчанади бизда эса, фарангейтда . Агар 101 дан 30ни ажратсанг 71 бўлади. Уни иккига бўлсанг 36,5 бўлади. Унга икки қўшсанг 38,5 бўлади. Бу эса, сенинг ҳароратинг, деди. Бу бироз тахминий ўлчов, аммо мен сенга бунинг графигини бераман, деб қўлимга бир қоғоз тутқизди.. Сувга муз солиб ичиб туришимни, агар ҳароратим жуда ошиб кетса, ваннага муз солиб ичига кириб ётишимни айтиб, дори ёзмасдан анчагина пулимни олиб, чиқариб юборди.
Ёдимга раҳматли онам келдилар, ҳароратим ошиши билан кўрпага ўраб, иссиқ сақлардилар. Ҳеч совуқ нарса бермасдилар. Дўхтир келиб томоғинг оғрибди, совуқ ичма, деб бир укол қилиб кетарди, бас. Америкада эса, тескариси экан. Одам ўша, касаллик ўша, аммо қолган нарса ҳаммаси бошқа…”.
Каримжон бошқалар Америкага келсалар олдиндан шароитни ўрганиб, кейин келишларини, бизникилар эса, борганда кўрамиз, билан шу куйга тушишларини илова қилди. Балки шундайдир…
11.АЛИФБО ВА ҲАҚИҚАТ
Каримжон юқоридаги каби машмашаларга чек қўйишнинг битта йўли бор, у ҳам бўлса аввал инглиз тилини ўрганишим керак деган фикрга келди. Коллежлардан бирига борди. Олти ой ҳар куни икки соатдан ўқиса, қарийб минг доллар тўлаши керак экан. Ўзбекистондаги имкониятларни ўйлаб, ичи ёнди. Оқар сувнинг қадри йўқ, деганлари шу бўлади. Унга инглиз тилини ўрганиш учун қулай шароитлар чиққанди. Лекин у Америкага борсам, дарров қўшилиб кетаман ва ўрганаман, деб хаёл қилганди.
Мана уч ойдан бери шу ерда ва ҳалига қадар икки калима ўрганган эмас. Бу ердаги ўзбекларга қараса аксарияти ўн йиллар давомида ҳам ўрганишмаган. Ўзлари айбдор, деб ўйлади. Ўқисалар ўрганар эдилар. Ўқимагандан кейин нима бўларди? У пулни санаб берди-да синфга борди. Америкадаги инглиз тили ўзига хос бир мўжиза эканини у синфда англади. Ўқитувчи бошқа сўзни ёзарди ва бошқача ўқирди. У аввалига руслар ҳам “о”ни “а” деб ўқирдилар, ўрганиб кетгандик, буни ҳам ўрганамиз деб ўйлади. Лекин қийин бўлди. Ўқитувчи тахтага “enough” деган калимани ёзди ва Каримжонга,
-Ўқи, деди. У қийналиб׃
-Инак, -дедию ўзи ҳам ҳайрон қолди. Инак деган сўзни қишлоғида эшитганди. Бошқа жойда сигир дейишарди. Ўқитувчи яна ўқитди. У яна оғзини тўлдириб “инак” деди. Учинчи мартасида хатосини сезиб қолгандай бўлди. Вой каллаварамей, “г”ни “к” қилиб ўқиб юборибманку? У энди “инаг” деб ўқиди. Ўқитувчи, бошини чайқади-да тушунтира кетди,
-Бу испан ёки рус тили эмаски, қандай ёзилса шундай ўқийсизлар. Бу “инаф” деб ўқилади.
Каримжон “ёппирай” деб ёқасини ушлаб қолди. Бу қандай қилиб “инаф” деб ўқилади? Бу ерда “ф” ҳарфи йўқ-ку. Хуллас, “инаф” дегани “етар” дегани эканини ўрганиб олибдию аммо ёзишида ҳозирга қадар хато қилар экан.
Кейин қараса бу асосан шунақа экан, деярли ҳамма сўзлар бошқа ёзилиб, бошқа ўқилади, бошқача талаффуз қилинади. Масалан битта “А” ҳарфини уч жойда уч хил талаффуз қилишга тўғри келади. Ёки “C” ҳарфини бир жойда “К” деб ўқиш керак, бошқа жойда “C” деб. “И” ҳарфини бир жойда “И” деб ўқисангиз, иккинчи жойда “Ай” деб ўқишингиз керак ва қайси ҳолатда қандай ўқилади, деган қоидалар ҳам йўқ ва борлари ҳам ҳаётга тўгри келмайди, одамларнинг огғзига қараб ёдлашингиз керак. Нега бундай, дэса, ҳеч ким жавоб беролмайди. Бу ерда халқ муҳофазакор. Бор нарсаларни йўқотишни, ислоҳотни истамайди. Бир пайтлар битта “ф” ҳарфини ислоҳ қилайлик, деган президент оз қолсин халқ душмани, деб эълон қилинган экан.
Хуллас, Каримжон бошқа ҳамюртлари қатори “осон” йўлини топди. Ўрганмасликка, касал бўлмасликка, машина минмасликка қарор қилди. Лекин…
12.ОРИЙ
Отаси Андижон тарафлардан Афғонистонга ўтган ва ўзи қарийб 20 йилдирки Америкада яшаётган бир ўзбекнинг уйида меҳмонда бўлдим. Агар Туркистонликлар тўпланишса ё тожикча ва ёки туркча гапиришларидан хуноб бўлиб, ўзбекча гапирайлик, деб юрадиган бу одам анчагина зиёли ҳам эди.
-Биз орийлармиз деди,-деди у менга.
-Қандай қилиб? Орий дегани ҳинд- европалик дегани эмасми?- ажабландим мен.
-Йўқ, бу ғарбликларнинг тушунчасида, бизда эса, орий деган олий ирқ мансуби дегани…
-Олмонлар ҳам ўзини орий, деб ҳисоблаган.
-Олмонлар яҳудий бўлмаган ҳамма халқларни ҳам орийлар, деб аташган. Аммо биз орийлармиз. Фақат чўл савдолиси Шайбонийхон Самарқандни босиб олиб, Бобурийларни қувғин қилгач, биз бу номни йўқотдик. Ғарбда орий деган калимага изоҳ берилар экан, Ҳинд-Европа маъносида Бобурийлардан бошланадиган ва Эронга қадар узанган заминни назарда тутадилар,-дея тушунтирган бўлди у.
Мен эса, Тожикистондан мисол келтирдим. Олимларини бир томонга қўйинг, сиёсатчиси Имомали Раҳмонов ҳам, “Тожиклар-тарих кўзгусида” деб номланган ва 1996 йилда уч тилда нашр этилган китобида тожик дегани орий деганидир, дейди, демак биз ҳам тожик бўлиб чиқамизми, Садриддин Айний ҳам тожикларни орийлар, деб ёзади, -дедим.
-Раҳматли Айний фақат Самарқанд эронийлари орийлардир дегувчи, эди,- деди худди Айнийни яқиндан танигандек.-Аммо унинг мақсади асл келиб чиқиши турк бўлган ва Бобурни Шайбонийдан ҳимоя қилиш учун Самарқандга келган эронийларни ҳам тожикларга яқинлаштириш эди. Ваҳоланки, бу эронийлар, Шоҳ Исмоил ҳукмрон бўлган Хуросондан, бугунги Эроннинг Озарбайжон ва туркманлар яшайдиган қисмидан келишганди.
-Хўп бу бошқа масала, лекин бугун биз орийлармиз, дэсак, устимиздан кулишмайдими?- дея сўрадим мен.
-Бугун Ўзбекистонда кимнинг кимлигини аниқлаб бўлмайди. Ўзбекистон номини Ленин берган, Туркистонни парчалаган. Биз бугун ё Темурни тан олишимиз ёки Шайбонийхонни. Темурни тан олсак орийлигимизни тан олган бўламиз. Шайбонийхонни тан олсак, орийлигимиздан воз кечиб чўл бадавийси бўламиз.
Бу суҳбатни радио учун ёзгандим аммо радиога бера олмадим. Чунки мени ирқчиликда айблаган бўлардилар.
13.ЎЗБЕКСОТАРЛАР
Мустақилликнинг ўнинчи йиллиги нишонлангандан сўнг орадан бир ой ўтиб шу ибора пайдо бўлди. Гап шундаки, АҚШда 2001 йил 11 Сентябрда учқичлар билан Америка рамзлари ҳисобланган биноларга ҳужум қилингандан кейин жилови тортилган эркинликлардан бири бу ерда ғайриқонуний юрган муҳожирларни ушлаш бўлди.
Ушла-ушла борар экан, матбуотда бир хабар пайдо бўлди. Ўзбекистонлик бир эр-хотин ёш-ёш ўбекларни олиб келиб, Америкада сотишар экан. Сотиш деганда табиийки қул каби сотиб юбориш эмас, балки уларни қулдан ҳам баттарроқ шаклда сотиш, яъни уларнинг вужудлари ҳисобига пул қилиш билан шуғулланишар экан. Полиция визаси ўтиб кетган фоҳиша қизлардан айримларини ушлагач, ипнинг учи эгаларига, яъни эр-хотинга борган ва улар ҳам қўлга олинган. Эр-хотин олий маълумотли бўлиб, инглиз тилини яхши билишгани учун ва қизлар билишмаганидан фойдаланиб уларнинг устидан пул қилар экан.
Умуман мана шундай “хизмат”ларнинг жуда кўп тури тарқалиб қолганди. Масалан, Ўзбекистондан илгари Америкага келган бир киши мен ширкат очганман, сизлар ишлайсизлар, деб ўнлаб ёшларни олиб келар, уларга энг оғир ишларни қилдириб соатига 1-2 доллардан тўлар экан. Аслида эса, бу иш ғайри қонуний. У одам бу ишни ўзим қилаяпман, деб соатига 15-20 доллардан олгани ҳолда бечора юртдошларига ўн баравар кам ҳақ тўлар экан. Яна оғзини тўлдириб ватанга хизмат қилаяпмиз, дейишига қойил қоласиз.
Алданганлар нима қилишсин, кимга шикоятга боришади? Боришса, ўзларини қамайди. Чунки визалари ўтган, ғайриқонуний ишлаб юрибдилар ва ҳоказо.
Қўлга тушган эр-хотин ҳақида ёзган журналист “Ўзбексотар ўзбеклар” деган иборани ишлатганди. Уни ўқиган ўзбекистонлик бир танишим эса,:
-Нима қипти, Бухорода чет элга жўнатаман, деб пулини олиб, ўзларини бўлаклаб ташлаган воқеа бўлди, Тошкентда мушук гўштини еганлар ўртага чиқди, пул учун ота-онасини сўйганлар ҳам бўлди, уларнинг олдида бу ҳеч нарса эмас-ку,- деди.- Бу ҳам мустақиллик “шарофати”. Балки ҳақиқий мустақил бўлиш учун шундай кўчалардан ўтишимиз керакдир?
Мени эса, бу воқеада кўпроқ Америкага келган, қорни тўқ одамлар ўз миллатидан бўлган бечораларни сотишгани, яъни ўзбексотар ўзбекларга айланишгани ўйлантирарди.
14.ИШТОНСИЗ…
Иштонсизнинг тиззаси йиртиққа кулганига қара, деган гапни кўп эшитгансиз. Ёки аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ, дейдилар. Хуллас, бу каби гаплар бежиз айтилмаганини ҳам биласиз.
Бунга яна бир мисол. Америкага 20 йил олдин Саудия Арабистони орқали келганлардан бири жон жаҳди билан ҳаммани динга даъват этар, ҳар кимдан бир кофирлик белгиси топган бўлиб гап қиларди.
“Фалончининг қизи яланғоч юрганмиш, мусулмонликни ҳам бир пул қилди бу бадбахтлар!”
“Ана унинг ўғли инглизга уйланганмиш, суф сандай мусулмонга!”
“Агар Америка овқатларидан қўядиган бўлсаларингиз давраларингизга бормайман!”
“Собиқ мудиримни биламан, ҳар кун ичмаса ухлай олмайди, ҳамма вақт оғзидан ичкилик сасиб туради!”
Булар унинг луғат хазинасидан зарралар, холос.
Бир куни Ўзбекистондан машҳур бир хонанда билан раққоса келадиган бўлди ва маҳаллий ўзбекларга сизлар уларга бир жой қилиб беринглар ва улар сизларга концерт қўйиб беради, дейишибди. Бир маъракада шу гап очилиб қолди. Ҳалиги одам׃
-Бизнинг ота-боболаримиз концертсиз ўтган, агар сизлар шунга рози бўлсаларинг, мана-мен кетдим, -деб маъракани ташлаб кетди.
Уйнинг эгаси׃
-Нимага бу гапни очдингизлар, энди ким дуо ўқийди?- деб турганди дарҳол мулла ҳам топилди ва иш битди.
Орадан икки ой ўтгач, бир тўйга бордик. Ярим яланғоч бир қиз тўйнинг бошидан охирига қадар ўртадан чекинмасдан ўйнади.
Биз билан ўтирганлардан бири׃
-Отасининг гапи қиличдаю боласига пичоқдай ҳам таъсир қилмайди. Ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатса яхши бўларди,-деди.
Мен у кишинг ўзлари тўйга келмадиларми?- деб сўрадим.
-У кишининг қоидалари бўйича тўйни ҳам мусиқасиз ўтказиш керак экан,-деди ҳалиги киши.
Менинг эса, ёдимга қизи америкаликка тўйсиз тегиб олган бир кишиниг гапи тушди:
-Фалончиниг ўғли америкаликка уйланибди. Эртага тўймиш. Худо инсоф берсин одамларга!-деганди у.
15.ВАҚТ
Америкада яшаётган ўзбекларнинг қайси бири билан гаплашсангиз, “Америкалик бўлиб қолдик” дейди. Бу эса, борди-келдига, кўнгил очар ўтиришларга, тўйларга вақт қолмаяпти дегани.
Кимдир қарзларини тўлаш учун етти кун ишлаши керак. Бу ерда истаган вақтда ишхонадан чиқиб кетолмайсиз, тўғриси истаган вақтда кета оласиз, аммо ё маош ололмайсиз ва ёки ишдан қувиласиз. Бунинг устига иш соатлари сизга кўра эмас, ишхонага кўра тузилади. Кимдир ярим тунда ишга борса, кимдир ярим тунда ишдан келади. Дам олиш куни бўлганларнинг шу кунга тўпланган ташвишлари кўп бўлади.
“Америкада ҳамма нарса бор, аммо қидирсанг ҳеч нарса йўқ” деган иборани тез-тез эшитасиз. Бу эса, дам олиш кунлари дўконма-дўкон юриш, керакли нарсанинг ҳам яхшисини, ҳам арзонини қидириш керак дегани. Ҳам яхши, ҳам арзон нарса кам. Яхши бўлдими қиммат бўлади. Яна ўша гап: вақт пул. Уни йўқотган сайин пулни ҳам йўқотаверасиз.
Меҳмон чақирсангиз унинг вақти сизга тўғри келмайди, сизники унга. Яна ҳар ким ҳар ерда яшайди. Орада 50-60 километр масофа бор. Қолаверса, ўзбеклар диний турмушлари жиҳатидан ҳам бўлинишган. Биттаси ичкилик ичса, иккинчиси намоз қилади. Иккаласи ҳам бир-бирини кўрса, итни кўргандек ғижинади. Ўзига тўғриси бўлса, нима қиламан шулар билан вақт ўтказиб, дейди-да денгиз соҳилидаги уйлардан кирага олиб қўяди ва бўш вақти бўлди, дегунча хотинини олиб, ўша ёққа кетади. Тўй-маъарака ҳам ана шундан келиб чиқиб, қандай бўлишини тасаввур қилаверинг.
Шунга қарамай Ўзбекистондагидан яхши шекилли, ҳамма бу томонга келаман, дейди.
16.ХУДОГА ШУКУР
“Бирлик”нинг меҳмонлар саҳифасида миттигина саҳна асари пайдо бўлди. Менга ёқди. Шу кундаги манзарини чизиб беришга уринганди муаллиф. Лекин муаллиф асл исмини яшириб, исмини “Биров” деб ёзганди. Мана ўша асар:(Айнан нусха)
21. Наме: Биров ,
Сиёсий Томоша
Ер: Узбекистон
Иштирокчилар:
Ислом Каримов, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Полат, Ҳизби таҳрирчилар, Исломий ҳаракатчилар, оломон…
Каримов: Мен Узбекистонда бугундан эътиборан демократия эълон қилдим. Ҳозир ҳаммага алфавит тартибида сўз бераман. Сўз А. Пўлатга.
А.Пўлат: Бирликни биз тузганмиз. М. Солиҳ сотқин. Агар у хоинлик қилмаганда…
М.Солиҳ: Шаллалқилик қилма…
Оломон ичидаги Бирликчи ва Эркчилар орасида тортишув ва низо бошланади…
Каримов: Жим, жим бўлинглар. Сўз М. Солиҳга…
М.Солиҳ: Бирликни биз тузганмиз. Биз 90 йилда ҳукумат билан муроса тарафдори эдик. Бирликчилар радикал эдилар…
А. Пўлат: У пайт муроса сотқинлик эди энди эса, биз муроса тарафдоримиз.
Оломон яна нотинч.
Каримов яна оломонни тинчитади. Сўз Исломий ҳаракатчиларга׃
ЎИҲ вакили: Биз аввал шариат ўрнатамиз.
Ҳизби таҳрирчилар: Йўқ аввал ҳалифат ўрнатилиши керак.
Оломон ичидан “Аввал шариат”, “Аввал ҳалифат” деган қичқириқлар. “Сен хоин”, “Сен шаллақи”, “Аввал шариат”, “Аввал ҳалифат” дея бақир-чақир ва тўс тўполон. И Каримов асабийлаша бошлайди. Милициа оломонга уқ отади. Оломон қоча бошлайди.
Саҳна ёпилади.
И. Каримов: Сўз олганларнинг ҳаммасини ушланглар, қамоққа тиқиб ақлини киргизиб қўйинглар…
Май 28, 2002 ат 00:54:29 (МСД)
Саҳифадан айнан олганим учун хатоларини ҳам тузатмадим. Бу эълон қилингач, ўша куниёқ электрон адресимга номаълум бир кишининг номига очилган адресдан мактуб келди ва юқоридагини ёзишда мени айблаган киши бир кун албатта жазоимни олишимни ҳам таъкидлаганди. Кейин “Бирлик” да ўша нарса қайтадан саҳифага қўйилиб, орқасидан қийидаги хат пайдо бўлди.
6. Наме: Ўшлик
Сиёсий Томоша -муалифига 5-5-5-5 баҳо. Мавзуни ўрганиш учун унинг қаҳрамонлари Ислом Каримов, Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлат ва ИДУ лидери Амир Тоҳир Форуҳ билан ҳамтавок бўлишни ўзи кифоя қилмаслиги кўриниб турибди ,қачонлардур уларга сафдош бўлганлигингиз маҳсули бўлганлиги билиниб турибди. Сизнинг қаламингизга мансуб бўлган яннги цнарийларни кутамиз ҳурматлик “ЖБИРОВ” жаноблари.
Май 29, 2002 ат 18:35:22 (МСД)
Услубидан танидим, бу илгари барча танқидий гапларни мендан кўриб юрадиган бир танишимиз эди. У менинг бадиий нарса ёзолмаслигим ҳақида орқадан кўп гапирганини эшитардим. Мана энди тан берибди. Худога шукур. Бундан кейин мухолифат ҳақида ўз имзоим билан ёзганларимдан ташқари ёзиладиган барча имзосиз бадиий асарлар ҳам менга тегишли, билиб қўйинглар! Ҳар ҳолда энди мени плагиаторликда(кўчирмачиликда) айблайдиганлар ҳам топилиб қолар. Бунисига ҳам олдиндан шукур! Чунки ҳаётда бундан юз, минг марта ёмонроқ воқеалар содир бўлади-да.
17.ЖАННАТДА ЯШАГАНЛАР
Америкадаги қариндошлариникида уч ой яшаб қайтган 82 ёшли Ўғилой момонинг радио мухбирига:
-Мен жаннатда яшаб келганимни билмай қолибман,- деган гапи оғиздан-оғизга кўчиб юрди. Буни эшитган америкалик ўзбек аёллардан бири:
-Биз бу ерда элликда эгилиб, олтмишда олиниб, етмишга етолмасдан юрибмиз,-деди.-Аммо Наманганнинг Косонсойидан келган момо 82 ёшда бўлсалар ҳам бизлардан соғлом эдилар. Асл жаннат-Ватан. У ердан келганлар егулук тополмаймиз, дейишади. Нима қиласиз, егулик қидириб. Мана биз озолмай гарангмиз.
Дарвоқе, Америкадаги энг ёйғин касаллардан бири семизликдир. Аёл зоти борки, ташвиши озиш. Хаёлидаги нарса диет. Ҳатто озиш учун диет қилиб, озиш касалига йўлиқиб ўладиганлар кўпайиб қолди. Озиш учун овқат емай қўйгандан кейин вужуд бир кун келиб овқатни инкор этар ва умр ҳам шу ерда битар экан.
Дўхтирларнинг ҳозирги кундаги энг катта ташвиши болалар ўртасида семиришининг авж олгани. Овқатлар арзон ва маззали бўлгани сайин болалар семириб кетишмоқда. Бу эса, турли касалликлар ва умрнинг қисқариши деган гап. Шу сабабдан ҳам Ўғилой момо келганда бу ердагилар унга ҳавас қилишган. У эса, бу ердагиларга ҳавас қилди:
-Тавба, бирортасидан бугун гўшт йўқ, гурунч етмади, ёғ тамом бўлди,-деган гапни эшитмадим,- дейди у.
Шунақа дунё. Жаннатда ҳам камчилик бор, агар ростдан ҳам Америка жаннат бўлса. Балки жаннатда эмас, жаннатдагиларда камчилк бордир… Биз бўлмаган жойлар биз учун жаннатмикан? Ростдан ҳам жаннатда яшаб қаерда яшаганимизни билмай юрган бўлмайлик, тағин?!
18. “МУСУЛМОН”
Р. Америкага келганда кўрдики, диний эркинликлар бениҳоя. Диний ибодатларга шўнғиб кетиши у ёқда турсин аста-секин динни тарғиб қилувчи муллага ҳам айланиб қолди. Боши очиқ юрадиган хотини ва қизлари ҳам ҳижобга ўрандилар.
Ўғли тил чиқарган кундан эътиборан, Қуръонни ёдлата бошлади. Қаерда бир йиғин бўлса ва қандай масала муҳокама қилинишидан қатий назар у гапни албатта, Худога олиб бориб тақар, номоз ўқимаганларни энг ёмон одамлар деб атар, улардан нафрат қилишини очиқ ифода этарди.
2001 йил 11 Сентябр воқеларидан кейин мусулмончиликнинг йўллари хира тортди. Ҳеч ким очиқчасига сен мусулмонсан, деб камситмасада “мусулмон” деган сўз “террорист” калимаси билан қарийб тенглашиб қолди. Ишга олишлардан тортиб, мактабларга қадар кўринмас бир қўл мусулмонларни бармоғи билан кўрсата бошлади.
Р. илгари шиаларни ҳақорат қилиб юрар эди. Энди эса америкаликлар билан гаплашганда аста-секин ўзининг шиа деб айта бошлади. Бир куни телевидениелар энг кўп террористлар шиалар ичидан чиқаётганини айтиб қолди.
У энди вақтинчалик шиа бўлганини ҳам унутди ва ота- боболарим Бухородан, яҳудий бўлганлар ва маҳаллий зулмлардан қўрқиб мусулмончиликни қабул қилганлар, деганини эшитиб қолдик. Аммо ҳеч ким унинг олдинги гапларини юзига солмади.
Яшаш учун кураш. Илгари жияни яҳудийга ўйланиб қўйгани учун ундан воз кечганди. Энди эса, энг яқин одами жиянидир. Эртага бир кун яҳудийларни ёмонлаш бошланса у нима қилар экан?
Ҳар ҳолда исмини Роналд фамилиясини Рейган қилиб ўзгартириб олса керак? Аммо кўринишини нима қилади? Америкада унинг ҳам йўли бор. Ҳозир сочини бўяган эркаклар, юзини амалиёт қилган кишилар шунчалик кўпайиб кетдики…
19.ШОҚОЛАМУН
У Тошкентда фақат француз коняги ичарди.
-Бу ҳам бир маданият,- дерди.
Туркияга келганда миллиятчига айланиб қолди. Чунки у таржима қилган бир китоб миллиятчилар ўртасида машҳур ва миллиятчилар Ўзбекистондан келганларга алоҳида ҳурмат билан қарар эканлар. Бунинг устига улар ҳукуматда ҳам эдилар. У Ўзбекистонни йўқотиб, буюк Туркистон қуриш ҳақида ваъз айтиб юрди.
Вақт кечиб, ҳукумат диндорларнинг қўлига ўтди. Бизнинг сиёсатчи вақтни қочирмасдан дарҳол ўмрага бориб келди. Намоз ўқий бошлади. Кеча миллиятчиларга қўшилиб туркчилик, деб юрган бўлса, энди умматчилик дейдиган бўлди. Ваҳобийликни орзу қила бошлади. Ўзбекистонда исломий давлат қуриш ишқига тушди.
Унинг “бахти”га ҳарбийлар бир йилда диндорларни тахтдан олиб ташладилар ва коммунистлар ҳокимиятни қўлга олдилар. Бизнинг сиёсатчи яна арақ магазинига югурди. Газеталарга суҳбат бериб, доим орзу қилгани ғарб байналминали эканлиги, Ўзбекистонни ҳам шундай кўриши ҳақида гапира бошлади. У буқаламунни ҳам доғда қолдирди.
Бир кун Туркия унга тор бўлгач, Америкага келмоқчи бўлди. Шу пайтга қадар Американи сўкиб ёзиб юрган одам бирданига мақтай бошлади. Ҳатто махсус курсларга бориб инглизчани ўрганди. Бирданига у яна Американи сўкиб ёза бошлади. Гап нимадалигини билмай юргандим. Яқинда эшитсам, у Америкага келмоқчи бўлган ва унга виза ҳам, бошпана ҳам беришмабди.
Буқаламун шароитга қараб мослашса, бизнинг шоқоламун эса, шароитга қараб мослашиш давридан ўтиб, шароитни ўзига мослашишини истайдиган даражага етиб келди. Аммо шароит кимларгадир мосланиши қийин бўлгани учун шоқоламунга ҳам осон бўлмайди.
20.”АЛВИДО, ДЎСТ”
1984 йилнинг биринчи Декабр куни уйимиз ёниб кетганда келган одам кўзига ёш олганди.
“Ҳамма нарсасидан айрилди, шўрликлар, энди нима қилишади?”
“Бундай куннни ҳеч кимнинг бошига солмасин, энди қандай қилиб оёққа туришади?”
“Уй-жойсиз яшаш мумкинми?” каби гаплар бир неча марта қулоғимга чалинган унинг оғзидан.
Бошқаларнинг бошига шундай офатлар келганда сочларини юлиб йиғлашганини кўп кўрганман. Яъни бу оддий одатга айланган. Уй-жой - Ватан. Уй-жойдан айрилиб қолиш эса, ватандан айрилиб қолишдек оғир қабул қилинади. Қолаверса Ўзбекистонда уй-жойлик бўлиш осон эмаслиги, бир умр меҳнат қилиб уй жойли бўлингани учун ҳам у қарийб ҳаёт билан тенг мавқега келиб қолган.
2002 йилнинг Апрел ойида АҚШда Мериланд штатининг бир туманида кўплаб уй-жойларни тўфон гирдоби силиб кетди. Бечоралар, энди нима қилишади, деб ўйлай бошладим. Топган пулини уй-жойи учун тўлаб юрган одамларга биздагидан ҳам оғир тушса керак, деб ўйладим. Эртасига уйини тўфон гирдобга тортган бир аёлнинг телевидениедаги гапи мени ҳайратга туширди. Мухбир ундан “Бу уйда 20 йилдан буён яшаган экансиз, шунча йиллик тарихингиз, тўплаган нарсаларингиз ҳам бир онда йўқ бўлди, хаёлингиздан нима ўтмоқда?” деб сўради. Кекса аёлнинг юзида ҳеч қандай азият белгиси йўқ эди.
-Биринчидан, Худога шукур, тирик қолдим. Худонинг суйган бандаси эканман,-деб жавоб берди, ҳатто бироз жилмайган қиёфада.- Агар уйим қолиб, мени олиб кетганда, балки мен учун фожиа бўлиши мумкин эди. Аммо у ҳам Худонинг иродасида. Уй-жойни суғурта қилганман. Янгисини қуриб беришади. Уйим эскириб қолгани учун бу Худонинг менга бир кароматидир. Акс ҳолда қариган чоғимда эски уйнинг муаммолари билан банд бўлардим-да. Машинани ҳам янгисини оламан. Суғурта уни ҳам қоплайди. Уйдаги ҳамма нарсаларим ҳам суғурта қилинганди. Ҳатто албомларга қадар суғурта қилиб қўйгандим. Қариган кунларимда ёнғин-понғин чиқиб қолса, қийналиб юрмай деб суғуртага бош ургандим.
Аёл шундай деб бирдан жиддийлашди. Кўзларининг остига бирдан ғам чўккандек бўлди.
-Энг кўп ачинганим, бу гулларимдир. Тўфон гулларимни ҳам юлиб кетди. Уларни бирор-бир суғурта тиклаб беролмайди. Мен ўз истагимга кўра дўконма-дўкон юриб, олиб келиб ўтқазгандим. Анча меҳнатимга куйдим. Лекин уларни ҳам тиклаб оламан… Аммо ана у йиқилган дарахтни қандай тиклайман? Йигирма йилдан буён бу дарахт ҳам бир дўстга айланиб қолганди,-деди.
Аёлнинг кўзларида ёш ҳалқаланди..
Мухбир эса, махсус хизматчилар шохларини кэсаётган дарахтнинг ёнига бориб, “Алвидо дўст” деди…
21.ЖАВОБ
“Бирлик” саҳифасининг “меҳмонхона”сига қуйидаги хатни 2002 йилнинг ёз кунларида юз кунда юз марта жойлаштириб жавоб сурашди. Саҳифада фақат Муҳаммад Солиҳ билан Абдураҳим Пўлатов ўртасида жанжал бораётганди. Шундай кезда бу икки кишининг жанжали эмас, дея бошқа одамнинг номини ҳам аралаштириш жанжалчиларга хос эди. Нима бўлганда ҳам мен жавоб бермадим. У саҳифага ёзмайман, деб сўз берганим учуни жавобни бу китобга киритдим. Демак, аввало, хат: (Хатоларини тузатмадим, услубларини яшириш учун баъзан атайлабдан хато билан ёзишади)
“1997 йилда Пулатовнинг онаси улгани муносабати билан Пулатовнунг уйига борганбмиз. Мен(мени Пулатов хам Маматов хам билади), Жахонгир Маматов, Тоҳир Юлдошев, Зайниддин Асқаров, Абдурахим Пулатов бирга марҳума хотирасига дуо қилдик. Шундан кейин номоз қилмоқчи булиб, жоиномоз сурадик. Пулатов хотинига “фалончахон жоиномозни келтиринг” деди. Фалончахон хам “адаси бизда жоиномоз нима қилади?” деб эрини шарманда қилди. Кейин майли намозни шундай хам қиламиз, хуш, қибла қаерда деб суради бош мехмонимиз Тоҳир Юлдош. Пулатов акамиз типирчилаб қолди, энди қиблани тополмай шарманда булганди. Ундан кейинги сукутни бузган жана Пулатов акамиз булди. У деди; Майли улган улди, келинг энди сиёсат ҳақида гаплшайлик, бирлашган мухолифат қилиш учун нима шартлар бор, деб қолди.Тоҳир ижирганиб қуйди. қайтайлик бу ердан деган имо қилди. Жахонгир анча чаққон, дарров гапни олиб қочди. Уйга қайтганда хам Жахонгир “шу коммунист Пулатовни қойинг, исломи ҳаракат билан бирлашувимнизни қандаи қиламиз” деган сухбатга бошлади. Энди бу саитдаги Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги гийбатларни уқиб, ажабо бу одамларда инсоф борми деб уйлайман. Одам зоти шунча ёлгончи буларканми деб уйлайман. Агар бу гапимга эътироз қилмоқчи булса, Пулатов билан Маматов чиқиб шу ердан десин: Худо урсин, шундай гап булмади, десин. Мен кечирим суражман улардан”
Бу хат ёзиларкан, менинг Тоҳир Йўлдош билан Истанбулда учрашганимиз ҳақида ёзганларимга мослашга ҳаракат қилинган. Лекин Абдураҳим Пўлатовнинг онаси ўлганда Истанбулдаги барча ўзбеклар фотиҳага келган, фақат Пулатов билан жанжал қилиб юрганлар келишмаганди. Улар Пўлатов билан ўртадаги жанжални мусулмончиликдан, одамгарчиликдан устун қўйишганди. Бу ҳам уларнинг хусусий иши.
Лекин юқоридаги хат уни ёзган одамнинг диндан ҳам бехабар эканлигини кўрсатади. Исломда “Уйингда жойнамоз бўлмаслиги гуноҳ” деган қоида йўқ ва ёки, “Уйингда жойнамоз бўлсин” деган фарз ҳам йўқ. Бунинг устига Тоҳир Йўлдошлар “ваҳобийлик” тарафдори бўлгани учун намоз ўқийдиган жой муҳим эмас, балки намозни ўқиш муҳим, деган қарашни ҳимоя қиладиганлардан. Зотан дунёдаги аксар мусулмонлар намоз пайти бўлганда жойнамоз қидирмайдилар. Ваҳобийлар жойнамозни Эрон зодагонлари ёки Турк султонлари ўйлаб топган, деб ҳисоблайдилар. Шунинг ўзи ҳам хат бошқа мақсадда ёзилганини, яъни мени Тоҳир Йўлдошга яқин қилиб кўрсатишга ва бу билан ёмонотлиқ қилишга уринилганини кўрсатади.
Хатнинг остида бу гаплар ёлғон бўлса, қасам ичиш талаб қилинган. Бу гаплар рост бўлса, нега муаллиф ўз исмини яшириб “Маматов ва Пўлатовни таниган мусулмон” деб имзо чекди?
Бақара сурасининг 224 Оятида׃ “Яхшилик қилиш, тақводор бўлиш ва одамлар орасини ислоҳ қилиш (каби амаллардан тўсувчи бўлган) қасамларингиз учун Аллоҳни баҳона қилмангиз! Аллоҳ эшитувчи, билгувчидир”, дейилади. 225 Оятида׃”Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки дилларингиз билан қилган нарсангиз (қасамингиз) билан жазолайди. Аллоҳ мағфиратли, ҳалийм зотдир” дейилади.
Яъни дилда бўлган ҳақиқат муҳимдир.
22.ҚЎЛБОЛА АЛИФБО
“Америка овози” радиосига келганимда мени дастлаб ҳайратга солган Ўзбек бўлимида қўлланилган алифбо бўлди. 1998 йилнинг охири эди ва Ўзбекистонда ҳали кирил алифбоси кучда. Аммо лотин ҳам чучмомо каби ўсиб чиқаётган кунлар. Радиода эса, учинчи бир алифбони кўрдим. Дунёнинг бирор жойида бунақа алифбо қўлланилмас эди.
Ўзбек бўлими очилганда бу антиқа алифбо ўйлаб топилган экан. Яни бу ердаги 8-9 ҳарф туркчада ҳам ва эски ўзбек алифбосида ҳам йўқ. Нега, нима мақсадда бундай қилинганини ҳеч ким изоҳлаб беролмайди. Аммо тахминлар кўп. Алифбони “ясаганлар” эса, аллақачон оламдан ўтишган.
