Жаҳонгир Маматов: “ҚУВҒИН”-3

Ҳужжатли роман

УЧИНЧИ КИТОБ

1. САЙЛОВ

Сайлов “Катта”нинг фикри-зикрини чулғаб олганди. Бир ўқ билан икки қушни уришим керак, деб ўйларди у. Сайлов сандиғидан истаганим чиқади, лекин бундан фойдаланишим зарур. Камида ўн беш-йигирма йилни кафолатлашим керак. Агар сайловни муқобил тарзда ўтказсам, биринчидан демократияни баҳона қилаётган Ғарбнинг оғзига латта тиқиб қўяман, иккинчидан эса атрофимдаги жумҳуриятларнинг “Катта”ларини мот қиламан, чунки улар муқобил номзодларсиз сайлов ўтказмоқдалар. Икки- уч номзодни ўртага чиқараман, баъзилари сайлов арафасида чекинадилар, бу мухолифатнинг дод- войини босиб юборади. Умуман мухолифатнинг шакар томирини топиб, эзиб ташлашим шарт. Буларнинг қон томирини кесиб қўйиш ўзимизнинг қонимиз камайиб кетмаслиги учун ҳам зарур.

“Катта” “ўнг қўли”га айланиб қолган Салимовни чақирди:

- Мухолифатнинг кучи қаерда? – деди.

- Асосан талабалар орасида ташкилотланганлар.

- Ҳа, кучли мухолифимиз талабалар. Улар эса пойтахтда, бурнимизнинг тагида. Институт, университетларни вилоятларга кўчирмасак бугун қўзғалишмаса ҳам эртага ёқамизга ёпишишади. “Қора кучлар”, душманларимиз, хоинлар, мухолифат учун улар ҳар доим потенциал куч. Уларни бартараф этамиз. Аммо бу ишни сайловдан кейин амалга оширамиз.

- Сайловда талабалар ҳар қандай ҳунар кўрсатишлари мумкин. Уларнинг ва ўқитувчиларнинг ораларида одамларимиз бор. Талабалар сайловда мухолифатни қўллаш учун ҳаракат қилишмокда. Шавкат Темур олтмиш минг имзони асосан улардан тўплади.

- У имзо тўплаган бўлса, сиз бармоғингизни сўриб ўтиравердингизми? Бирор- бир тадбир ўйламадингизми?

- Москвада ишлаб келган Саиджоннинг бу хусусда жиддий планлари бор. Уни сайловга тайёргарлик бўйича талабалар шаҳарчасига юборгандим. Кечқурун қабул қилиб, фикрларини эшитсангиз, деган истагим бор эди, – деди Салимов.

- Саиджон деганингиз ишга янги олинган ёрдамчи болами?

- Бола бўлса ҳам анча қув чиқиб қолди. Бу муаммо хусусида ишимизни енгиллатадиганга ўхшайди.

- Бўпти, кечқурунни кутиб ўтирмайлик. Уни қаерга юборган бўлсангиз, чақиртиринг,- деди “Катта”.- Шавкат Темурга келсак, уни рўйхатга олиш йўқ. Ўзимизнинг одамлардан икки-уч кишини номзод қилиб кўрсатамиз.

- Менимча Исо Холисдан фойдаланиш керак. Овми одам, лақиллатамиз.

-”Катта”лик ҳавасига берилиб, чегарадан чиқиб кетмасин. Гапирган гапини билиб гапирсин, ўшанда ўн-ўн беш фоиз овоз берамиз. Иложи борича ўзи туғилиб ўсган вилоятдан олди, деймиз. Ўшанда сайловнинг натижасидан унинг ўзи ҳам шубҳа қилмайди.

- Лекин халқ тўла сизга овоз беради, – деди Салимов томоғини қириб.

- Биламан, аммо дунё биздан ёлғонни истаяпти. Улар ростга ишонишмайди-ку?! Шу сабабдан менинг ҳаққимдан бироз унга берамиз, ўшанда демократия бўлади. Майли, бу муҳим эмас, сиз шу Саиджонни топинг.

2. УЧРАШУВ

Исо Холис ўзи туғилиб ўсган вилоятга боришдан олдин “Катта” билан учрашди. “Катта” уни қучоқлаб, бағрига босар экан:

- Мен билан орани бузмай турсангиз, келажак сизники. Мен сўзида турадиган ўғилболаман,- деди.

Исо Холис мийиғида жилмаяр экан:

- Биз партиямизни энди қурдик, яхшилаб оёқда туриб олайлик. Ана ундан кейин сайловга кирсак бўлади,- деди. – Ҳозир сизнинг гапингизни икки қилмаслик учун рози бўлдим. Юртимда ўтказадиган учрашувлардан кейин номзодимни оламан.

Аслида Исо Холисни чўчитаётган мухолифатнинг бошқа қанотидан келаётган босим эди. “Агар сен номзодингни олмасанг, диктаторнинг демократик йўл билан сайландим, дейишига сабабчи бўласан. У бутун дунёни алдамоқчи,” дейилган гаплар уни безовта қилаётган эди. Кўнгли ҳақиқатдан ҳам сарой ўйинига кираётганини сезса-да, балки бу ўйиндан корли чиқарман, дея хавотирларини менсимаётганди.

- Сайлов ўтиши билан сизни Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари қилиб қўяман. Бунинг учун сайловга киришингиз шарт. Акс тақдирда сизни қоралаб юрган тирранчалар ҳам мансаб сўраб келишади. Ишончим комил-ки, сайловда сизга ҳам овоз беришади. Шунинг учун номзодимни оламан, деган гапларни бир четга қўйинг, балки ютиб қолишингиз ҳам мумкин. У ҳолда мен сизнинг маслаҳатчингиз бўлиб ишлайман. Фақат сайловолди учрашувларда бир-биримизни кўнглимизни хира қиладиган гап-сўзлар қилмайлик, – деди “Катта” бамайлихотир оҳангда.

- Бир партиянинг раиси, қолаверса,”Катта”лик учун номзодини қўйган киши Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари бўлса, унинг устидан кулишади,- Исо Холис “савдо” қилишнинг пайти эканлигини ҳис қилди ва “Катта”нинг “оёғини босди”.

“Катта” мансаб ваъда қилишда сахий эди. Шу боис Исо Холиснинг “орқасини силай” бошлади.

- Чет элларда “Катта”ликка номзодларга йирик микдорда пул беришади. Бу пора эмас. Қўллаб -қувватлаш учун холисанилло, юракдан, самимият билан бериладиган нарса. Шу баҳона билан сизга ҳам кўп нарса келади. Чет элда ватандош биродарларимиз оз эмас. Уларнинг ёрдами билан оёқда туриб оласиз. Қолаверса, сизни парламент раислигига келтираман. Иккаламиз биргалашиб иш юритамиз. Ҳозир эса буни ювайлик, – дея “Катта” Исо Холисни ичкаридаги хонага бошлади. – Шоҳидлик учун дўстингиз, ҳамюртингиз шоир Эсон Бекжонни ҳам чақирамиз. Аммо у ичкилик ичишга ярамайди. Бир марта ичгандик, қизариб шолғомга айланди. Аллергияси бор экан.

Улар бир шишани бўшатиб бўлишганда, “Катта” Исо Холисни қучоқлаб:

- Уйларни олдингизми? – дея сўради. – Иккаласини ҳам марказдан беришсин, дея буюргандим. Олган бўлсангиз, кейинги қадаҳни шунинг учун ичамиз, – деди.

Исо Холис “Олдим, олдим!” дея қадаҳини кўтарди.

- Чет элдан келадиган пулларга эса икки-учта ҳовли олиб қўйинг. Энди капитализм тузумига ўтаяпмиз. Бой бўлмасангиз одамларни орқангиздан эргаштира олмайсиз.

Исо Холис “Катта”нинг ҳузуридан чиққанда, аранг оёқда турган бўлса-да, Эсон Бекжонга:

- Жаъфар Нимжонни топ, – деди.

Жаъфар шамол “қилт” этса, саккиз кун уйидан чиқмай ётиб қоларди. Шунинг учун ҳам унинг исмини айтишганда, албатта “Нимжон” лақаби қўшиб айтиларди. Бора-бора бу унинг тахаллусига айланди. Ўзи ҳам бу сўзни эшитганда, севинадиган бўлди. Жаъфарнинг отаси ўғирлик қилиб, қамалиб кетганди. Қамоқдан чиқиб, узоқ юртларда бир аёлга уйланди. Жаъфар ўша аёлнинг “этагига” осилган эди. У улғайиб катта бўлгач, ўгай отасининг юртига қайтди. Ўгай отаси Исо Холиснинг амакиси эди. Исо Холис Жаъфарнинг бошини силади. Жаъфар унинг ёнида оғиз-бурнини ялаганча, акилламай турадиган нимжон кучукчадек, пилдираб юрарди.

Исо Холис ўзи туғилиб ўсган юртига Жаъфар Нимжон билан бирга келди. Уларни катта тантана билан кутиб олишди. Учрашувдан олдин шаҳар айланиб, музейга киришди. Музей мудири тарихий ашёларни кўрсатар экан:

- Мана бу тангага диққат қилинг, – деди.- Бу танга кимнинг қўлида бўлса, ҳокимият ҳам унинг қўлига ўтар экан. Танганинг икки минг беш юз йиллик тарихи бор. У соф олтиндан босилган бўлиб, жуда ҳам инжа нақшлар билан тўлдирилган. Инсоннинг бошидаги сочни санаб бўлмаганидек, бу танга юзидаги нақшларни ҳам санаш қийин. Бу қадар маҳорат ва бу қадар қобилият билан тайёрланган бу танганинг дунёда тенги йўқ. Авваллари юртимиз бир бутун экан, Султон вафот этгач фарзандлари орасида бу танга учун ғавғо бошланибди. Ғавғо урушга айланибди ва Султонликни Хонликларга бўлиб юборибди. Хонликлар орасида бир неча йиллар давомида ана шу танга учун омонсиз урушларда дарё-дарё қон тўкилибди…

Жаъфар Нимжоннинг кўзи чақнаб кетди. У пилдираганча Исо Холиснинг ёнига келди. Исо Холис тангадан кўзини узолмай тургани учун уни пайқамади ҳам. Жаъфар Нимжон Исо Холиснинг қадимий нарсаларга ўчлигини яхши биларди. Уйи худди музейга ўхшарди. Қадимий мис лаганлардан тортиб, олмос пичоқларга қадар қатор қилиб, териб қўярди. Хотини Наталя ҳам ана шундай осори-атиқа ашёларга ҳавасманд эди. Шу сабаб Жаъфар Нимжон бирданига уч қуённи ураман, деб ўйлади. Тангани олсак, ҳам ҳокимиятни қўлга киритамиз ва акахоним билан “янгашка”ни ўзимга бир умрга боғлаб оламан, деган фикр хаёлига маҳкам ўрнашди. У айланиб, мудирнинг ёнига келди:

- Сиз, қаердансиз? – деб сўради.

- Шу ерда туғилиб ўсганман, – деди мудир.

- Ҳокимият доим бошқа вилоятдан чиққан ажур-бужур одамларнинг қўлида бўлди. Доим бизни эзиб келишди. Отамни ҳам ўшалар сургун қилган. Бизни доим четлаб келишди. Мана энди орамиздан битта лидер чиқди. Ҳаммамиз тиш-тирноқ бўлиб, уни қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу тангани унинг кафтига қўйинг, ҳокимият унга ўтсин,- деди Жаъфар Нимжон.

Исо Холис ростдан ҳам ҳокимият соҳиби бўлгандек, қувониб кетди. Мудир эса шошиб қолди. Нима қилишини билмаган мудир, Жаъфар Нимжоннинг қулоғига пичирлади:

- Бу танга бу ердан чиқса, менинг бошим учади. Шу танга учун музейга бир нечта қоровул қўйганмиз.

- Сиз кўчадаги одамга эмас, бўлажак “Катта”га бераяпсиз. Бу музей нима эмиш? Эртага сизни ана шу музейлар бўйича вазир этиб тайинлаймиз. Аллоҳ ваколатни бизга берди, бу мамлакатни энди биз бошқарамиз,- деди Жаъфар Нимжон бўш келмай.

Орага Исо Холис қўшилди:

- Ҳокимиятни олганимиздан кейин девонда бу танга учун махсус кўшк қурамиз. Ҳокимиятнинг бизга ана шу танга билан келганини унутмаслигимиз учун бу кўшкни кўзимизга яқин жойда қурдирамиз. Қолаверса, бу танга ўз моҳиятига хизмат қилиши керак.

- Ундай бўлса, чиқаверишда тангани укамизга бераман, – деди мудир овозини баландлатмай. – Орқада одамлар кўп. Тангани Жаъфарбекка берсам, у киши дуо ўқиб, сизнинг кафтингизга қўядилар.

- Оқшом, бу кишини ҳам учрашувдан кейинги зиёфатга олиб келасан, – деди Исо Холис Жаъфар Нимжонга. – Дуони ўзлари ўқийдилар. – У шундай деб хириллаб кулганча, музейнинг бошқа жойларини айланмасдан орқага чиқди. Ҳали сайловга бир неча кун борлигига қарамай, Исо Холис ўзини “Катта”лардек ҳис қила бошлади.

- Пойтахтга телефон қил. Бизни кутиб олишга вилоят раҳбарининг ўзи чиқмаганини протесто этишсин. Ўринбосарларни огоҳлантир, ҳаракатни кучайтиришсин, энди бўш келиш йўқ, – деди Жаъфар Нимжонга. Исо Холисдан топшириқ олган Жаъфар Нимжон пилдираганча, телефон қидириб кетди.

3.УЧҚУН

Салимов шоша-пиша Саиджоннинг хонасига келди:

- Телефон жирингласа олма. Сени талабалар шаҳарчасида деб айтдим. Омадинг келди жиян. “Катта” сендан талабалар шаҳарчаси бўйича фикр сўрайди. “Бу ишни бизга ишонинг, ҳал киламиз,- дейсан.- Сайловдан бир ҳафта олдин талабаларни таътилга чиқарамиз. Шу баҳонада олдиндан овоз бериб кетишларини таъминлаймиз. Сандиқ уларнинг кимлигини кўрсатади. Агар кўпчилиги мухолифатга овоз берган бўлса, ўқитувчиларнинг орасида одамларимиз бор, кичкина жанжал чиқарамиз ва унга сиёсий тус бериб, олий ўқув юртларини вилоятларга тарқатамиз”, – деб “Катта”ни ишонтирасан. Талабалар ичида жиддий норозилик бор. Гугурт чақсанг ёниб кетади. Ўчиришни эса истаганимиздек амалга оширамиз.

Улар бу фикрни ипидан игнасигача обдон ўйлаб олишди. Кейин “Катта”нинг ҳузурига чиқишди.

- Фақат гугурт чақиш сайловдан кейин,- деди “Катта”.- Талабалар шаҳарчаси – бомба. Бир учқундан портлаб кетиши мумкин. Шу боис учқун ёқмасдан ишни тутун билан ҳал қилиш керак. Бу ишга Жонибековни ҳам сафарбар этинг. Агар бизнинг командада бўлса ўзини кўрсатсин. Бошқа ҳеч ким билмасин. Кейин воқеани “қора кучлар”га тўнкаймиз ва улардан ҳам қутуламиз, – деди “Катта”.

- Яна бир хабар бор, – деди Салимов ийманиб. – Пойтахтга келтирамиз, деганингиз қимматбаҳо тангани Исо Холисга беришибди…

- Нега бу хабарни орқага ташлаб ўтирибсан? Етти кун ухласанг ҳам бундай ишнинг режаси тушингга кирмайди. Бурнидан илинибди. Ҳозирча индаманглар. Вақти келганда, дорга осиш учун сабаб бўлади бу. Мен унга тангани қандай қилиб кафтда тутишни ўргатиб қўяман. Аммо танганинг изини йўқотманглар, – деди “Катта”.

4. АРИЗА

Миртемир истеъфо ҳақидаги аризани ёзди-да кейин йиртиб ташлади . Ҳаракатларим ёш боланинг қилиғига ўхшаб қолаяпти деб ўйлади. Ҳар уч кунда ариза ёзиб юраман-ми? Хўш, нима қилишим керак? Барибир аризамни қабул қилмайди, бирор баҳона топади. Юзини бужмайтириб, кўзимга лўқ термулганча алдайди. Ўзи ҳам роҳат қилса керак: бу тирранчани боплаб алдадим, деб. Аслида бу одам ё санъаткор ва ёки режиссёр бўлиши керак эди. Театр ёки кинода рол олса, унинг маҳорати олдида ҳеч ким ип эшолмасди.

Инсон гапирар экан самимий сўзлари қалбининг дарин нуқталаридан оқиб келади. Ёлғон эса бўғзидан юқорида пайдо бўлади, шу сабабдан ҳам умри калта. Ҳатто ёлғонннинг муаллифи ҳам бир неча кундан кейин уни унутади. Лекин “Катта” фарқли. Унинг ёлғони қалбидан отилиб чиқади, бу ёлғон кўзларида, юзида, ҳаракатларида самимият тусини олади. Шу боис ҳам у санъаткор бўлганида манаман деган артистнинг луқмасини оғзидан оларди. Балки яқин юз йилда тенги ўртага чиқмайдиган ўйинчига айланарди.

Агар у режиссёрликни танлаганда, унинг хаёлларида туғилган асарлар мисли кўрилмаган даражада мўъжизавий бўларди. Воқеаларнинг кутилмаганда ўзгариши, ҳодисаларнинг шиддати, ҳаракатларда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бурилишлар ҳаммани лол қилиб қўярди. У яратган кинофильм ёки театрлар йиллар давомида экран саҳнидан тушмасди. Э, э тўхта, сен ҳам ана у ёш иқтисодчи Фарҳод Қўзиевга ўхшаб “Катта”ни Нобел мукофотига номзод қилиб кўрсатадиганга ўхшайсан. Болта тушгунча кунда дам олади, деганлар. Сен ҳам фурсат топиб хаёлга берилиб кетдинг. Ваҳоланки, болтанинг зарби яқин! Бу зарбдан ё қутулишинг ёки кундага айланиб, чидашинг, у билан бирга қон симиришинг, охир оқибатда чириб кетишинг керак. Лекин қандай қилиб бу зарбдан қутуласан?

Миртемир бир неча кун ишга чиқмади. Девондан келган қўнғироқларга “хастаман” деб жавоб қилди. Якшанба куни эди. Ёмғир ёғаётганди. Ташқаридаги рутубат Миртемирнинг кўнглига ҳам чўкканди. У сиқилганча ёмғирнинг ёғишини кузатарди. Қизиқ, деб ўйлади у, кимдир ёмғир товушидан мусиқа оҳангларини топади, яна кимдир ёмғир остида шалаббо бўлишни истайди. Ҳар ҳолда дарди йўқ инсонларнинг орзуси бу. Дардлилар учун эса ёмғир кўз ёшларини эслатади. Дардлига қўшилиб дунё ҳам йиғлаётгандек бўлади.

Сайлов ҳам ўйинга айланди. Янги йилҲайити арафасида ўтган сайловда дунёга томоша кўрсатилди. Усти ялтироқ, ичи қалтироқ сайловдан чиқадиган натижа ҳаммага аён эди. Шундай бўлса-да махсус сценарий ёзиб, ўйин кўрсатилди. Миртемир шу лаҳзада сайлов ҳангомалари ҳақида ўйлагиси келмади. Гўё ташқарида ёғаётган ёмғир бу хотираларни ювиб кетаётгандек эди.

Телефоннинг жиринглаши ёмғирнинг сасларини ютиб юборди. Телефон қилаётган Майнов эди.

- Миртемир ака, кечқурун “Катта” чет элга кетаяптилар. Хабарчилик қўмитасини қайта тузиш ҳақида фармон лойиҳаси тайёрлашни истадилар. Қолаверса, сиз билан алоҳида суҳбат қилмоқчилар.

- Биласизми,- деди Миртемир.- Сизга очиғини айтаман. Мен девонда ишламайман.

- Биламан, қийналиб юрибсиз. Лекин масалани бундай кескин қилиб қўйиш мумкин эмас. Қочиш учун ҳам аввал йўлни белгилаш керак. Таваккал қилиб бир кўчага кирсангиз у кўча борса- келмас ёки боши берк бўлиши мумкин. Бугун “Катта”нинг кайфи арши- аълода, нима истасангиз муҳайё бўлади. Ҳатто қочиш учун йўл кўрсат, десангиз ҳам ёрдам қиладилар, – деди Майнов.

Булар хамирдан қил суғуришни билишади, деб ўйлади Миртемир. Мақсади мени девонга чақириш. Агар бошқа бири бўлганда баҳона билан қутулиш мумкин, лекин Майновнинг қопқонига тушган оёқни сийириш осон эмас. У барибир йўлини топади, йўқ деганингга кўнмайди. – Миртемир ака, подъездда машина кутиб турибди, соқол олмасангиз ҳам бўлади, “Катта”нинг ўзлари ҳам уй кийимида келдилар. Соқолни ҳам кечқурун йўлга чиқишдан аввал оладилар. Мен Хабарчилик марказининг раис ўринбосарларини чақирдим, улар ишни бошлашди. Сизга эса таҳрири қолди, – деди Майнов.

Шу пайт ташқарида чақмоқ чақиб, яшин коронғу булутлар бағрини тилди. Айни ҳол Миртемирнинг хаёлида яшанди. Унинг туман каби хиралашиб қолган хаёл осмони бирдан ёришгандек бўлди. “Катта”га ўз соҳамда ишлаш учун кетаман, дейман, деб ўйлади у. Газета, радио ёки Хабарчилик марказига ишга ўтаман. Мухолифатнинг газетасига ҳам бир неча марта таклиф қилишди. Хуллас, иш топилади. Нима бўлганда ҳам “Катта”дан узоқлашиш керак ва жангни узоқдан туриб давом эттириш зарур. Яқинда турсанг у чавақлаб ташлайди. Аждаҳо ёки девнинг ёнида юриш ҳар томондан таҳлика, чунки у оёқлари остини кўрмайди, йулидаги нарсалару борлиқларни эзиб кетаверади. Қолаверса ўйинларни узоқдан кўрсанг фарқига борасан. Ичида юрсанг билиб-билмаган ҳолда ўйинчига ёки ўйин иштирокчисига айланасан.

Миртемир Майновнинг қоидасига риоя қилмасдан соқолини олиб, кейин йўлга чиқди. Дарҳақиқат, девонда фармоннинг бир неча кўриниши ҳозирланган эди.

- Хабарчилик марказини мустақил ташкилотга айлантириш керак, – деди Миртемир тайёрланган матнларни четга суриб қўяркан. Жамиятнинг эркин бўлиши, матбуотнинг мустақиллигидан бошланади. Ҳозир Хабар маркази ҳукуматнинг бир парчаси. Унинг қўл-оёғидаги занжирни ечиб юборишимиз керак.

- Тўғри, – деди улардан бири. – Лекин мустақил бўлсак, оч қоламиз. Ҳозир давлатнинг ҳисобидамиз, кейин пулни қаердан оламиз? Биз завод ёки фабрика эмас, биз ақлий меҳнат ташкилотимиз. Шу боис давлат қарамоғида қолганимиз яхши.

- Мустақил бўлсангиз завод, фабрикадан ҳам кучли бўласиз,- деди Миртемир ҳамкасбига эътироз билдириб,- Мамлакатнинг ягона Хабар маркази ҳисобланасиз. Ҳам ичкарига, ҳам ташқарига хизмат кўрсатасиз. Бутун дунёда Хабар марказлари мустақил. Ҳар бир хабарни катта-катта маблағга пуллайдилар. Ҳаққоний, тезкор хабарларингиз бўлса, ишингиз ўнгидан келади. Қолаверса, халқимизга ҳақиқатни етказишингиз учун йўлингизда тўсиқ қолмайди.

- Сиздан илтимос, шу масалани кейинроққа қолдирсак, биз ҳозир мустақил бўлишга тайёр эмас, – деди улардан бири. Қолганлари ҳам бу фикрни қўллашди. Миртемир кулди ва :

- Қамоқдаги одамга “Боринг, сиз озодсиз”, дейилганда “Ҳозирча шу ерда қолай, озод бўлишга тайёр эмасман” деб жавоб қилса, кулгули кўринади. Бугун мамлакатимиз мустақил бўлди, нега сиз мустақил бўлишни истамайсиз? Сиз истамасангиз, балки Хабар марказида ишлаётган мингларча инсон истар. Ёки улар ҳам исташмайдими? – деди.

Бу савол қаршисида улар жим бўлиб қолишди. Бироздан кейин сукунатни Латиф ака деган киши бузди. Бир пайтлар Миртемир Латиф Раҳмоновнинг номини кўп эшитарди. У катта- катта танқидий мақолалар ёзарди. Ҳар бир мақоласи шов-шувга сабаб бўлар, барча газеталарда кўчириб босилар ва ҳамма ташкилотларда муҳокама қилинарди. Кейинчалик билдики, бу мақолалар Коммунистик партия Марказий қўмитасида тайёрланар экан.

- Мен ўттиз беш йилдан буён қалам тебратаман,- деди Латиф ака.Озми- кўпми обрў қозондим. Бироз тажрибага ҳам эгаман. Бир манзилга югуриб ҳам бориш мумкин, аста секин юриб ҳам, аммо югуриб борганда юрак хуружига учраш таҳликаси билан юзма-юз қолишимиз мумкин. “Катта”миз айтганларидек: “Янги уйни қурмасдан, эскисини бузиб бўлмайди”. Қолаверса, биз Ғарбда эмас Шарқда яшаяпмиз. Шарқнинг қоидаси ҳар бир ишни асталик ва усталик билан қилишдир. Ҳозирги шароитда демократиянинг бизга фойдаси йўқ. Ёки биз Шарқ демократиясини ўрнатишимиз керак.

- Мен ҳали демократияга қадар келиб етмадим, – Латиф аканинг сўзини кесди Миртемир. – Ҳали сизнинг мустақиллигингиз ҳақида гапираяпмиз. Эски-янги уй масаласида эса тортишиш мумкин. Масалан, эски уйни бузмасангиз янгисини қаерда қурасиз? Агар бошқа жойда ерингиз бўлса, эскисида яшаб янгисини бамайлихотир қуришингиз мумкин. Эски уйингизни бузиб чайлада яшаш яна ҳам таҳликасиз. Чунки эски уй нураб турибди. Тўғрироғи катта уй йиқилди. Харобанинг ичида қолдик. Шунга қарамай янгисини қурмасдан харобадан чиқмаймиз, дейиш кулгили, яъни ачинарли ҳол.

-Бизга ўзимиздан катталарнинг гапига қарши чиқиш ўргатилмаган. Бу Ғарбга хос ҳол. Шарқда катталарнинг йўлига юриш қоидаси бор. Бу тўғри қоидадир. Биздан бир нечта кўйлакни олдин йиртган катталаримиз тажрибага қараб иш кўрадилар. Бугунгача уларнинг йўлидан юриб адашмадик.

-Яшанг,- деди Миртемир, ҳаяжонини яширмай,- биз бугунга қадар ўн олти марта императорлик қурдик ва ҳеч бири узоқ яшамади. Охир- оқибатда парчаланиб кетдик. Император ўлгандан кейин мерос, мансаб ғавғоси бошланди. Бир-биримизни едик. Шарқ демократияси шуми?

- Ҳар қандай императорлик парчаланади, бу тарихий жараён.

-Агар бугунгача бирортаси яшаганда бу гапни айтмаган бўлардингиз. Биз ҳар бир ҳодисани оқлашни яхши биламиз, аммо унинг ҳақиқий сабабларини қидиришга эринамиз. Балки шундандир тарихимизни фақат бошқалар ўргандилар.

- Бу бинода менинг сиз билан тортишиб ўтиришим аслида катта воқеа. Лекин бу истисно. Мана Хабар марказимизда раҳбар йўқ. Бугун “Катта”миз Хабар марказини қайта тузиш ҳақидаги фармонга имзо чекиш билан бирга бу ерга раҳбар ҳам тайинлайдилар. Бу раҳ бар ҳайъатга киритилган ва кечқурун “Катта”миз билан чет элга боради. У ерда эса собиқ иттифок Хабар маркази билан ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги шартномага имзо чекади. Мен ўргандим, жуда кўп давлатларда Хабар маркази ҳам ярим расмий экан. Туркия демократияга ўтганига етмиш йил бўлибди-ю ҳали Хабар маркази тўла мустақил бўлган эмас.

- Мен сизга яна эътироз билдиришга мажбурман. Чунки Туркия ҳали тўла маънода демократик давлатга айланмаган. Яқин ўттиз йилда уч маротаба ҳарбий тўнтаришни бошидан ўтказди. Тўнтариш даврининг қиличи ҳеч кимни аямади. Демократия тарафдорлари сургун қилинди, қамоқларда азоб чекди. Шунга қарамай Туркия ривожланишдан тўхтамади. Бугун Онадули Хабар маркази ярим расмий бўлишига қарамай, бутун дунё кунлик хабарларни ундан сотиб олади. Чунки ҳаққоний ва тезкор хабар тарқатади, ҳукуматнинг бўйинтуруғидан қутулган. Ҳукумат истаган- аввало уларнинг ҳукумати исташга журъат қилмайди- хабарни эмас, балки бор нарсани тарқатади. Сўзбўямачилик йўқ.

- Биз мустақил бўладиган бўлсак, табиийки, Хабар марказининг раҳбарини ҳам сайлашимиз керак. Жамоамиз шундай ҳам иккига бўлинган. Олдинги раҳбарнинг одамлари бир гуруҳ, қолганлар яна бир гуруҳ. Агар мустақил бўлсак, парчаланиб, йўқ бўлиб кетамиз.

Миртемир Латиф Раҳмоновнинг эътирози ортидаги ҳақиқатни англади. Демак, булар учун мустақилликдан мансаб афзалроқ. Буларга хабар, ҳақиқат, адолат деган тушунчалар эмас, мансаб ва қуллик керак, деб ўйлади. Мен эса эринмай тортишиб ўтирибман. Наҳот-ки, Латиф Раҳмонов аллақачон Хабар марказига раҳбар этиб тайинланди? Ёки “Катта” бугун эрталаб уни суҳбатдан ўтказдими? “Ҳайъат”, сафар деб ишорат қилишидан масала ҳал бўлган кўринади. Шундай бўлса-да, Миртемир уларнинг кўнглига қўл солмоқчи бўлди.

- Латиф ака, биринчи навбатда Хабар марказини мустақил ташкилотга айлантирсак. Унинг раҳбарини сайлаш масаласини эса иккинчи навбатга қолдирсак. Яъни ташкилотнинг низоми, дастури тайёрлангач ва улар жамоада муҳокама қилиниб тасдиқлангач, ана ундан кейин раҳбарни сайлашга ўтсак. Сиз айтмоқчи эски уйни бузмасдан янгисини қурсак. Бу ишга камида бир йил вақт керак. Шу бир йилда парчаланишнинг олдини оласиз.

- Гап мен ёки бу киши ҳақида бораётгани йўқ. Иккаламиз ҳам ўз ўрнимизда ўринбосар бўлиб қолаяпмиз. Бизга раҳбар бўлиб Мақсад Қул бораяптилар. Бу фармон матнини ҳам у кишининг ўзлари тайёрлаганлар. Шу боис бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди, – дея Раҳмонов гапнинг пўст калласини айтди.

Қўлингиздан кўп иш келади, деб ўйлади Миртемир, сизга бу фармон лойиҳасининг ҳар бир сўзини ҳимоя қилиш топширилган. Шунинг учун ҳар йўлга бош ураясиз. Сизга ҳам қийин. Боши тўқмоқнинг остида қолган илонга ўхшайсиз. Жонимни қутқараман, дея типирчилайсиз. Лекин тўқмоқни ушлаб турган кишининг мақсади бошқа. У мақсадидан чекинмайди. Барибир бошингизни эзади.

- Майли, сиз бораверинг. Мен фармон лойиҳасини имзолаш учун ўзим олиб кираман, – деди Миртемир.

Улар чиқиб кетишгач, Миртемир фармон лойиҳасини қайтадан ёза бошлади. Кўп ўтмай Мақсад Қул кириб келди.

- Ҳа, оға, бу қадар ишга берилиб кетибсиз? Якшанбадан ўч олаяпсиз, шекилли?

- Ўчни кимдан олаётганимни билмайману лекин сизни табриклайман.

- Нима билан?

- Хабар марказига директор бўлиб бораётган экансиз.

- Йуғ-е, бунақа хабар эшитганим йўқ. Қолаверса, у ерга ҳеч кўнглим йўқ. Бунинг устига бизга йўл бўлсин.

- Марказнинг фармон лойиҳасини ёзаяпман. Мустақил ташкилотга айлантириш бўйича банд киритдим. Ҳар ҳолда “Катта” қаршилик қилмаса керак. Сиз нима дейсиз?

- Албатта, албатта… – бирдан ранги оқариб, лаблари бўзариб алланечук ҳолга тушган Мақсад Қул, апил-тапил хонадан чиқиб кетди.

Хато қилдим, деб ўйлади Миртемир. Ҳозироқ у югуриб”Катта”нинг ҳузурига киради. Хуллас, бу иш ҳам чиппакка чиқди. Агар булар “Катта”га “тушунтириб” қўйишмасдан олдин кирганимда, балки имзо чекарди. Энди улар бу ишни ҳам “Катта”га “орқангиздан пичоқ уриш”деб англатишади. “Катта” эса худди пичоқ еган одамдек тўлғонади. Шунга қарамай лойиҳани тайёрлаб олиб кираман, балки девондан кетишим учун сабаб бўлар.

Миртемир лойиҳани машинкалаш учун котиба қизга берганди ҳамки, Майнов ” Сизни сўраяптилар” деб қолди.

- Ҳали лойиҳа тайёр бўлмади. Ярим соатдан кейин олиб кираман, – деди Миртемир.

- Лойиҳани истамаяптилар. Ўзингиз билан гаплашмоқчилар.

Ҳақиқатдан ҳам”Катта”нинг кайфи чоғ эди.

- Бир неча кунки кўринмайсиз? – деди “Катта” ўрнидан туриб, Миртемирга қарши юраркан. – Ҳатто сайловдан кейин табрикламадингиз ҳам.

- Шу ерлардаман,- деди Миртемир паст овоз билан.

- Ҳар ҳолда уйдан чиқмай ётибман, демоқчисиз.,- жилмайди “Катта”. – Сизни бугун Хабар марказига директор этиб тайинламоқчи эдим, лекин душманингиз жуда кўп экан. Ҳамма қаршилик кўрсатди. Таклифим билан ёлғизланиб қолдим. Демократия дегани шунақа. Бошқаларнинг фикрига ҳам қулоқ солиш керак. Агар фақат менинг фикрим ўтадиган бўлса, у ҳолда диктатура бўлади. Менга қолса, Пўлат Мажидовични ишдан олиб, қаматиб, чиритиб юборардим. Лекин кўпчилик унинг тарафида. Озчиликнинг кўпчиликка бўйсуниши демократиянинг бош тамойилидир. Мана энди сиз ҳақингизда ҳам шундай бўлди. Ўзингиз нима дейсиз?

Ё,тавба, деб ўйлади Миртемир. Бу одам шайтонга ҳам дарс беради. Қолаверса, менинг хаёлимдан ўтган фикрни қандай уқиб олди? Йўқ, демак бу фикр олдин буларнинг хаёлидан ўтган ва сўнгра Майнов ёққан шам ёруғида мен ҳам шу кўчага бош суққанман.

- Лекин сизни табриклайман, кўпчилик ё радиога ва ёки телевидениега боришингизни истаяпти.

“Катта” Миртемирга фикр юритиш учун вақт бермасдан сўзида давом этди.

- Фақат Самандаров қаршилик қилаяпти. Ҳозир уни топиб гаплашамиз.

У шундай деб қабулхонага чиқди ва Майновга “Самандаровни топ”, дея қайтиб ичкарига кирди. “Катта” жойига бориб ўтириши билан Майнов ичкарига кирди:

- Самандаров машинасида. Уни боғладим,- деди.

- Укажон, сиздан илтимосим бор, Миртемирнинг номзодига қаршилик қилмасангиз. Уни телевидениега раҳбар қилиб жўнатаяпмиз. Эртагаёқ олиб бориб таништирсангиз, – деди “Катта” мулойим оҳангда.

У Самандаров билан гаплашиб бўлгач, Миртемир:

- Бу идорани мутлақ қайта тузиш керак,- деди унга.- Ҳали Московнинг низоми билан ишлаяпти. Менимча аввал бу ташкилотнинг тузилиши, низоми, тизими ҳақида ҳукумат қарори чиқарилиши ва ундан кейин у ердаги кадрлар масаласи кўриб чиқилса, яхши бўларди.

- Бугун кечқурунгача ҳаммасини тайёрлайсиз. Мен имзолаб кетаман. Қарор эмас фармон тайёрланг. Фақат сессиядан кейинги учрашувимизда талаб қилинганидек, бу ташкилотни мустақил қилишга қаршиман. Бу давлат идораси. Телевидениени қўлидан чиқариб юборган давлат қудратидан айрилади.

- Биз бу ташкилотнинг мустақиллигини талаб қилганимиз йўқ. Давлат телевидениеси ҳам қолсин. Ёнида мустақил телевидение тузилсин. Масалан, мен ўша мустақил телевидениени оёққа қўйиб бераман.

- Мустақил телевидение тузиш учун давлатимизнинг имконлари йўқ.

- Зотан, бу телевидение ўз номи билан мустақил бўлади. Ҳам иқтисодий, ҳам мафкуравий жиҳатдан.

- У жуда катта механизм. Уни оёққа қўя олмайсиз.

- Бизга фақат рухсат берсангиз, бас. Бутун дунёда телевидениелар реклама ҳисобига яшайдилар. Биз ҳам қалдирғоч давлатимизнинг қалдирғоч телевидениесини реклама ҳисобига яшатамиз.

- Майли, фармонни тайёрланг, лекин ҳозирча битта каналга изн бераман. Давлат телевидениесининг бир каналини мустақил қиламиз. Бу иқтисодий канал бўлсин. Қолганини эса аста-секин амалга оширамиз. Узоғи билан уч йилнинг ичида бир эмас, ўнлаб мустақил телевидение очиб бераман. Ҳозир эса давлат телевидениеси номини ўзгартириш ҳақида ўйланг!

Миртемир хонасига келди-да, телевидение ва радио қўмитаси раиси Ханжар Ёқубовга сим қоқди:

- Ташкилотнинг номини ўзгартириш баҳона, – деди у.- “Катта” мени ишдан қувмоқчи. ЎрнимгаҲайитбоевни тайинламоқчи. Сизни эса унга ўринбосар қилиб юборади.

- “Катта”нинг ичига кириб чиқдингизми? Мунча хабарни қаердан олдингиз?

- Шофёрларидан, – дея кулди Ханжар Ёқубов. Кейин шу ҳақдаги латифани айтиб берди.- Йирик бир вилоятнинг раҳбари эрталаб ишга бораётса, шофёри “Хўжайин, бугун пленум бўладими?”- деб сўрабди. “Ҳа, пленумни туш кўрдингми? Мен чақирмасам, пленум тўпланадими?- дебди бошлиқ. Бироздан кейин шофёр йигит: “Хўжайин, бугун сизни ишдан олишарканми?”- деб сўрабди. “Нафасинг ўчсин!”- дебди бошлиқ. Лекин шу куни онийдан пленум ўтказилиб, бошлиқни ишдан олишибди. Тахтдан тушган бошлиқ собиқ шофёрининг ёнига келиб, “Мен эшитмай колган гапларни сен қаердан эшитгандинг?”- деб сўрабди. “Бозордан”, деб жавоб қилибди шофёр. ” Ундай бўлса, бозорга бориб билиб келсангчи, мени энди қайси ишга қўйишаркин?”- дебди собиқ бошлиқ. Шофёр “Сизни қамашаркан”, дер экан, шу пайт икки миршаб келиб собиқ бошлиқнинг қўлтиғидан ушлашибди…

Ханжар Ёқубов ўзи айтган латифага ўзи мириқиб кулар экан, Миртемир унга аския қилди:

- Шофёрингизни бозорга юборсангиз-чи, балки қаерга боришингиз ҳам аниқ бўлиб қолгандир.

- Аниқ бўлмаса, бу телефонда латифа айтиб жоним нечта? Мени “ўйинбосарликка” юборишаяпти.

Миртемирнинг хаёлидан ўзининг “Ўйинбосар” деган ҳажвияси ўтди. Бу ҳажвияда у матбуот қўмитаси раисининг цензура бўйича ўринбосарини масхара қилганди. Ўринбосар “р” ҳарфини айтолмай,”Мен ўйинбосарман” дерди. Бу эса ишига мос келарди.

- Сиз қаердаги ўйинларни босди-босди қилишга бораяпсиз?

- Ўйин қаерда бўларди, матбуотда-да, – деди Ханжар Ёқубов.

- Хафа бўлманг, сиз “Р” ҳарфини айтаоласиз. Шу боис ҳақиқий ўринбосар бўласиз.

- Ўзингиз-чи, ўзингиз?

- Мен ҳам шу ердан қутулганимга шукур қиламан.

- Телефонда бундай деманг.

- Қутулишни истаганим учун ҳам шундай деяпман-да тақсир.

- Майли, ҳозирча ўша ердасиз, ҳеч бўлмаса телевидениени эллик фоиз мустақил қилиш учун уриниш керак,- деди Ханжар Ёқубов.

- Буни ҳам телефонда айтадиган бўлсангиз, демакки, Хабар марказидагилар каби сиз ҳам мустақилликни истамайсиз,- деди Миртемир.

- Бўпти, мен ҳозир ҳузурингизга келаман, – деди Ханжар Ёқубов.

Миртемир телевидение ва радио қўмитаси номини “Телерадиокомпания” деб ўзгартирди. Унинг қайта ташкил этилиши ҳақидаги фармон лойиҳасини тайёрлаб бўлганди ҳам-ки, Ханжар Ёқубов кириб келди.

-”Катта” бунга албатта давлат сўзини қўштиради. Шу боис ҳозирданоқ қўшиб қўйинг, – деди.

- Йўқ, кейин бу сўз учун эллик фоиз мустақиллик талаб қиламиз, – деди Миртемир.

Қолган гаплар худди “бозордагидек” бўлди. Ханжар Ёқубов матбуот қўмитасига, илгари Хабар марказида бошлиқ бўлиб ишлаганҲайитбоев телерадиокомпанияга ўтди.

-Ҳайитбоевнинг бу соҳадан ҳеч хабари йўқ, – деди “Катта” “давлат” калимаси учун “эллик фоиз”ни инъом этаркан.- У латта одам, ўзингиз уни бошқарасиз…

5.ИСЁН

Январ ойи бўлишига қарамай ҳаво юмшоқ эди. Миртемирнинг телевидениеда ишлаётганига бир неча кун бўлганди. Иш кўплигидан у саҳар келиб, ярим тунда кетарди. Хонасида янги тайёрланган дастурларни кўриб эрталабки мажлисга лойиҳалар тайёрлаётганди. Бош директор ҳовликиб келиб қолди.

- Бугун Талабалар шаҳарчасида қандайдир воқеалар юз беради. Ўғлим талабаларнинг нарх-наво ошишидан норози эканликларини, кеча кечқурун эса уларнинг домласи Маратов ” Эртага туш пайти нон магазини ёнида намойишимиз бор, агар қаршилик кўрсатилса очлик эълон қилинглар” дебди.

- Кимга айтибди? – Миртемир ҳайратланиб сўради.

- Ўғлимнинг Шервон деган дўсти бор, бирга ўқишади, шунга айтибди. Ўғлимга сен узоқ тур, дедим.

Иш ичида Маратов бўлса, демак яна қандайдир ўйин бошланди, деб ўйлади Миртемир. Маратовни яхши танийман. Озгина манфаат учун отасини ҳам сотиб юборишга тайёр. Аслида талабалар ҳақ. Сайловдан олдин арзонгарчилик ҳақида гапирган “Катта” сайловдан кейин дарҳол нарх-навони ошириб юборди. Айниқса, нонни қиммат қилгани талабаларнинг қонини қайнатиши аниқ. Зотан, улар сайлов ўйинларининг фарқидалар. Сайловдан бир ҳафта олдин овоз беришга мажбур қилишди. Бир жойда гугурт ёқилса, талабалар “портлаб” кетишади. Намойиш қилишса, майли. Инсонлар ўз ҳақларини намойишлар орқали кун тартибига қўядилар. Талабаларимиз бу йўл билан демократияни ўрганадилар. Бир куч, бир муштга айланадилар. Адолатнинг ҳимоячиси бўладилар. Лекин бу ишнинг бошида Маратовнинг туриши қандайдир ўйин борлигидан даракчи. Маратов ҳукуматнинг қўғирчоғи. Фақат ҳукуматнинг эмас, ким пул берса ўшанинг қўғирчоғи. Бугунга қадар беш-олти ерда бу қўғирчоқ бош рол олди. Қанча-қанча бегуноҳ инсонларнинг умрига завол бўлди. Аввалига жилови Московда эди, кейин ўзимизникилар ҳам уни қўллай бошладилар.

… Миртемир телевидениега ўтгандан буён девондаги гаплардан бехабар эди. Балки девонда бўлса ҳам бу ўйинлардан хабардор бўлиши мушкул эди. Девонда ҳам талабалар шаҳарчаси ва ҳамда Миртемирнинг ўзига қарши янги ўйинлар ҳозирланганди.

Салимов Маратовни чақириб гаплашаркан:

- Пойтахт шаҳар ижроқўми сизга бир енгил машина ва уй-жой қуриш учун ер ажратди. Сиздан илтимосимиз эса, Талабалар шаҳарчасида бирор- бир воқеа чиқиб қолса, уни Миртемирга боғлашдир, – деди.

Салимов биров билан гаплашишга уста эди. Олий кенгашнинг ўтган мажлисида Миртемир Маратовнинг Москов билан алоқаси борлиги ҳақида гапириб уни талабаларга каҳрамон қилиб кўрсатишгани, аслида эса бу сохта қаҳрамон яширин хизматнинг чиркин ишларини бажариб келаётганини исботлашга уринганди. Орага “Катта” кирмаганда бу жанжалга айланарди. Ўшандан буён Маратов тишини қайраб юрибди. Бунинг устига Миртемир у ҳакда танқидий мақола ҳам ёзди. Шу боис Миртемирнинг исмини эшитган Маратовнинг туклари сих-сих бўлди.

- Шаҳарчада истаган вақтда бирор -бир воқеа чиқара оламан. Лекин уни Миртемирга қандай боғлаймиз? Шавкат Темур ва Исо Холисга боғласак, уларга Хайрулло Саидовни ҳам қўшсак кейин Миртемир ҳам четда қолмайди.

- Майли, бу кейинги масала. Ҳозир эса воқеа ҳақида ўйлашимиз керак,- деди Салимов.- Калласи яхши ишлайдиган беш-олти бола топасиз. Эртага нарх-наво ошиши ҳақидаги қарор чиқиши билан очлик эълон қилишсин. Бу болаларни кейинчалик яхши жойларда ўқитиб, ўзимизга шогирд қилиб оламиз. Очлик синовидан ўтганларини аввалига мухолифатнинг ичига жойлаштирамиз, баъзиларини мухолифатнинг лидерига айлантирамиз, баъзиларини эса Хавфсизлик қўмитасига тақдим этамиз. Хуллас, ўзингизга келажакда ҳам ишлаш учун экипаж тузаяпсиз. Баъзиларига катта-катта ваъда беринг, баъзиларини эса адолатни ҳимоя қилишга чақиринг. Нима ҳам дейман, ўзингиздан қоладиган гап йўқ. “Катта”нинг умиди сизда.

Маратов оқшом чоғи газетачилар факультетининг ётоқхонасига келса, мухолифат вакиллари ҳам шу ерда экан. Улар билан қуюк салом-аликдан кейин:

- Ҳозиргина эшитдим, хабарларда беришди, нарх-навони оширишибди. Биз бунга қаршимиз. Бу масалани парламентда ҳам кўтариб чиқаман. Сайловда бизни ерга уришгани етар. Мен талабаларимни ҳимоя қилишга қодирман! Ҳозир сўзимизни айтмасак, қачон айтамиз? Тарих бўйинча инқилоб ҳаракатларини талабалар бошлашган, энг оғир кунларда мамалакатни талабалар қутқаришган,- деди.

Бир зумда ётокхона чорсу бозорига айланди. Талабалар жон-жаҳдлари билан тортишар эканлар, Маратов уларнинг орасида шеърлари ва ақлли-ақлли гаплари билан танилиб қолган Шервонни четга тортди:

- Ораларингизда очлик эълон қиладиган паҳлавонлар борми? – деб сўради.

- Зотан, биз норозилигимизни қайси бир йўл билан ифода этишни мўлжаллаяпмиз. Лекин қачон, қандай? Бу маълум эмас.

- Нима бўлса ҳам эҳтиёт бўлинглар. Ўзингга ўхшаган йигитларни ёнингга ол.

Маратов чиқиб кетар экан, талабалар ва мухолифат вакиллари тортишуви давом этарди.

Эртасига Маратов нон дўконининг ёнига келди. Салимов билан келишиб олганларидек бу дўконга нон кеч юборилди. Нон келтирилгунга қадар дўкон ёнида талабалар турнақатор бўлдилар. Асаблар тобора таранглашиб, кўнгил остидаги норозилик ташқарига ураётганди. Бу ерда Маратов сингариларнинг гугурт ёқишига ҳожат ҳам йўқ эди. Шундай ҳам гулхан ёна бошлаганди.

Талабалар тобора кўпайиб, ўртага шиор отаётганларнинг сони ошиб бораётганди.

“Сайловларда бизни алдашди”.

“Бугун айтади, эртага қайтади”.

“Бизга бошқалардан эмас, ўзимиздан “Катта” керак!”.

“Биз “Катта”нинг истеъфосини талаб қиламиз!”

Бирданига бу шиорларни айтиб, муштларини осмонга “отаётган” йигит- қизлар томонга сон-саноқсиз миршаблар бостириб келишди.Ур-тўполон бошланиб кетди. Миршаблар, ОМОНчилар осмондан тушиб қолишди-ми ҳеч ким англолмай қолди. Кимдир икки талабанинг отиб ўлдирилганлиги ҳақида сўйласа, яна кимдир қайсидир ётоқхонада ОМОНчилар қизларни калтаклашаётганини айтса, яна биров кўзи ожиз талабани тўққизинчи қаватда оғиз-бурнини қонга ботириб тепкилашганини тилга келтирди.

Миртемир Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни билиш учун машинасига ўтириб, ўша томонга йўл олди. Шаҳарчанинг атрофи миршаблар билан ўраб олинганди. Унинг машинасини тўхтатишди.

- Ичкарига кириш мумкин эмас, – деди миршаблардан бири.

- Бу киши миллатвакили, қолаверса телевидениенинг раҳбари,- деди шофёр йигит.

- Миллатвакиллари, раҳбарлар учун бу ер таҳликали. Туман марказида раҳбарларимиз ўтиришибди. Улар кимни исташса, уни ўзлари билан бирга олиб киришади.

Миртемир машинадан тушиб миршабларнинг бошлиғига юзланди:

- Майли, мени киритманглар, лекин мухбирларга изн беринглар,- деди.

- Сизни таниб турибмиз. Агар ичкарига ўтказиб юборсак, бошимиздан айриламиз. Аммо мухбирларга ҳам рухсат йўқ.

- У ҳолда мен ўзим ўтаман! Куч билан тўхтатиб қолишга ҳаққингиз йўқ. Танланг, ё менга ё мухбирларга рухсат беринг.

Миртемир узоқ тортишувдан кейин мухбирларни ўтказиб юборди.

- Илтимос,- деди мухбирларни ўтказиб юборган миршабларнинг бошлиғи,- агар ичкарида сўраб қолишса, биз Ички ишлар вазирлигининг сувратга олувчиларимиз, деб айтишсин. Чунки сизнинг хотирингиз учун рухсат бердим.

Миртемир туман марказига бормоқчи бўлди. Лекин менинг асосий ишим телевидениеда, бугунги дастурларни ўзгартиришим, ҳукумат раҳбарларини таклиф этиб, халқни хабардор қилишим, концерт дастурларини тўхтатишим керак, деб ўйлади. Чунки бир томонда отишмалар давом этган пайтда, биз концерт кўрсатиб ўтирсак, на ақли-салимга ва на инсонийликка тўғри келади.

Миртемир мухбирларни Талабалар шаҳарчаси томон ўтказиб юбораркан:

- Воқеаларни ҳар томондан сувратга оласиз. Бундай шароитда биз ҳақ тарафида туришимиз керак. Ҳақиқатни ўртага қўйиш учун воқеаларни тўрт-беш камера билан сувратга олайлик,- деди ва ортга қайтиб, машинасига ўтирди.

Ишхонасига келган Миртемир дарҳол Бош вазирга сим қоқди. Ҳали яқиндагина Бош вазир этиб тайинланган Абдулла Ҳошимов билан касалхонада учрашганди. Ўшанда Ҳошимов ғалла вазири эди. “Катта” “онангни” деб ҳақорат қилгани учун юрак хуружига учраб, хастахонада ётганди.

- “Катта”нинг кўнгли тор бўлса, унинг қанотлари остида яшаётганлар учун дунё тор бўлади. Агар у кўнглига яхши-ю ёмонни, ўжару- қобилни сиғдира олмаса ҳам ўзини қийнайди ҳам бошқаларни, – деди ўшанда Миртемир.

- “Катта”миз яхши одаму…- Абдулла Ҳошимовнинг бўғзига нимадир тиқилди. Бу қўрқув “мушт”и эди. Шунга қарамай узоқ суҳбат қилишди. У ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, баъзи нарсаларни тан олишга мажбур эди. Суҳбатлар қўр олган кунларда уни чақириб қолишди. Даволанишни чала ташлаб кетаркан:

- Хечқиси йўқ, ҳар кун эрталаб спорт билан шуғулланаман,- деди.

Миртемирнинг хаёлини котибанинг мулойим сўзлари бўлди.

- Гапиринг, Абдулла Ҳошимович телефондалар,- деди у.

Салом-аликдан сўнг Миртемир унга:

- Талабалар шаҳарчасида нима бўлаяпти? Эшитишимизча, талабаларга нон юборишмабди. Бунинг устига оч қолган талабаларни калтаклашибди. Ҳукумат бу хусусда халққа бирор- бир тушунтириш бермайдими? Қолаверса, нега бу қадар миршаб ва аскарлар шаҳарчага юборилмоқда? – деди.

- Миртемир ака, – деди Абдулла Ҳошимов гарчи ёши Миртемирдан анча улуғ бўлса-да. – Биласиз-ку, бу хусусда “Катта” билан гаплашиш керак.

- Майли, гаплашиб олинг. Ҳатто бу воқеа оғир тус олмаслиги учун миршабларни орқага чақириш таклифини айтинг. Аслида Маратовга ўхшаганларга кимдир яна рол берган бўлса керак. Тезроқ ҳаракат қилайлик, ёмон воқеаларнинг олдини олайлик.

- Менимча, сиз қўнғироқ қилсангиз яхши бўлармиди? – деди Абдулла Ҳошимов товушини ютиб.

Қўрқоқ, деб ўйлади Миртемир. Лекин қўрқмасдан ҳам иложи йўқ, чунки у қўрқиш учун туғилган. Ҳаётдаги роли қўрқоқлик.

Миртемир девонга сим қоқди:

- Ишлар яхшими? Корҳо нағзми? Как дела? – дея уч тилда “сайрай” бошлади Майнов.

Унинг кайфиятига қараганда, дунё тинч. Баъзан мутлоқ тескариси ҳам бўлиши мумкин, ичкарида жиддий тортишувлар ёки Майнов ибораси билан айтганда “осмон йиқилиб тушган” пайтларда у сир сақлашга уринади. Талабалар шаҳарчаси ҳақидаги гапни эшитган Майнов расмий оҳангда:

- Ҳозиргина ўртоқ “Катта” Олий кенгаш раиси Йўлдошевга топшириқ бердилар. У икки дақиқа олдин девондан чиқиб кетди. Тез орада ўз хонасига етиб боради. Бу масала билан энди у шуғулланади. Телевидениеда эса шаҳар раҳбари чиқиш қилади,- деди ва бирдан гап оҳангини ўзгартириб, яна расмий минбардан ўз ҳолига тушди.- Нағзми? Яхшими? Хорошо, нима дедингиз, Миртемир ака?

- Уч тилда гапирмасангиз тушунишим қийин эди,- деди Миртемир киноя билан.- Шаҳар раҳбари эмас, жумҳурият раҳбарларидан бири чиқиб халққа тушунтириб берсин.

- Ўртоқ Йўлдошевга телефон қилинг! – У шарт этиб телефон трубкасини қўйди.

Миртемир Майновнинг тарзидан ранжиган бўлса-да “ўша билан тенг бўлиб ўтираман-ми” деди-да, Олий кенгаш раисига сим қоқди. Йўлдошев дўриллаган овоз билан худди радиода Сиёсий бюро баёнотини ўқиётгандек расмий оҳангда гапира бошлади. Бу эса унинг “Катта”дан ростдан ҳам топшириқ олганини кўрсатарди. Акс тақдирда у ҳол-аҳвол сўрашдан нарига ўтмасди. Ҳар бир нарсадан ҳуркадиган Йўлдошев бундай жиддий оҳангда худди ҳисоб бераётган каби гапирар экан, демак сарой қозонида кўп нарса қайнамоқда.

- Махсус хабарнома эълон қиламиз,- деди Йўлдошев.- Комиссия тузаяпмиз. Комиссия таркибига жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари тамсилчилари, мухолифат раҳбарлари ҳам киритилади. Пойтахт раҳбари воқеалар ривожи ҳақида гапириб берадилар. Қайси пайтда кўрсатасиз?

- Ахборотдан аввал “Сўнгги соатда”- деган рукн остида берамиз.

- Яхши, тайёр бўлиб туринг!

Йўлдошев ҳам енгини ҳам почасини шимариб олган кишини эслатарди. Бевосита “Катта”дан топшириқ олганига шод эди. Миртемир бу одамдан бир иш чиқиши қийин, деб ўйлади-да, сиёсий-иқтисодий кўрсатувлар таҳририяти мудирини чақирди. Унга шаҳар раҳбарини топишни ва унинг баёнотини ёзиб олишини буюрди.

- Шаҳарчадан келтирган барча репортажларни берамиз, ортидан эса расмий қарашни эълон қиламиз, – деди Миртемир.

Кўп ўтмай мудир ҳовлиқиб келди.

- Шаҳар идорасида ҳеч ким йўқ. Ҳамма Талабалар шаҳарчаси яқинидаги штабда экан.

- Булар аллақачон штаб ҳам тузишибди-ми?

- Штабда фақат ҳукумат телефони ўрнатилган экан. Шу боис ўзингиз қўнғироқ қилсангиз.

Миртемир ҳукумат телефонидан шаҳар раҳбари телефонининг рақамларини терди. Телефон жирингларкан, булар телефонлари билан бирга юришади, дарров штаб қуриб, ҳукумат телефонини ҳам ўша ерга олиб боришибди, ҳар ҳолда Талабалар шаҳарчасида қишлайдиганга ўхшашади, деб ўйларкан нариги томондан “хасаки” овоз эшитилди.

Бу Жонибеков эди. Миртемир хиррик овозда нутқ ирод қиладиган Жонибековни илк бор катта бир қурултойда кўрди. Ранги оқариб, чеҳраси сўлиб қолган Жонибеков ўшанда аввал Московдаги тўраларнинг “пўстагини қоқди”, кейин ҳатто пойтахт шаҳар миршабларининг бошлиғи бўлган Хўжаевни ўзининг машинасини ўғирлаб кетишгани, шаҳарда жиноятчилик ҳаддан ошгани, шунга қарамай Хўжаевга генерал унвони берилганидан ранжиб гапирди.

Бу ўша пайтда Коммунистлар партиясиниг бошида ўтирган “Катта”га тегиб кетди. Чунки Хўжаевни генералликка у тавсия қилганди. Шу боис “Катта” Жонибековни чимдиб олди:

- Икки киши бир кўрпанинг остида ётолмасангиз, ЗАГСга айтамиз ажратиб қўяди,- деди у ёнидаги иккинчи котибга қараб. Иккинчи котибнинг кадрлар масаласи билан шуғулланишини ҳамма яхши биларди.- Кимга генерал унвони бериш-бермаслик эса бизнинг ишимиз.

Ўшанда кўпчилик Жонибековнинг илдизи қуриди, у барг тўкаяпти, яқинда гурсиллаб йиқилади, деса-да у маҳкам чиқди. Тўғрироғи, Хайрулло Саидов уни асраб қолди. Аммо “Катта” ўз креслосини мустаҳкамлаб олган кунларда Жонибеков баликдек сийрилиб, Хайрулло Саидовнинг ариғидан қочди. Энди “Катта” уни Хайрулло Саидовга қарши қўллана бошлади.

Телефоннинг нарёғидан келган хиррик овоз бирдан тинчиб қолди. Кейин бошқа товуш эшитилди:

- Бу телефон номери 54 – 59, ким билан гаплашмоқчисиз?

- Жонибековни қидираяпман,- деди Миртемир.

- У киши ҳозиргина чиқиб кетдилар. Ҳукумат комиссиясига телевидение раҳбарларидан Мусаев ҳам киритилган, қолаверсаҲайитбоев ҳам шу ердалар.

- Мен ҳали ўзимни танитганим йўқ, мақсадимни ҳам айтганим йўқ, сиз эса ҳаммасига олдиндан жавоб бердингиз. Ёнингизда ким борлиги ўз йўлига, лекин Жонибековга айтинг, ҳукумат номидан гапириш у кишига ҳавола қилинди. Биз ҳаққоният учун ҳукумат фикрини ҳам бермоқчимиз. Агар гапирмасалар репортажлар билан кифояланиб қоламиз, – деди Миртемир.

Телефонда гаплашаётган одам пичирлаб бу гапларни ёнидаги кишига такрорлади. У Жонибеков эди. Миртемирнинг товушини танигани учун телефон дастасини ёнидагилардан бирига берганди. У ингичка овозда “Ҳаммаси ўзини олиб қочади. Балога эса мен қолдим,”деди. Бу гаплар Миртемирга эшитилиб турган бўлса-да, телефон дастасини тутган киши:

- Билишимизча Жонибеков Олий кенгаш раиси билан гаплашдилар, уни ҳам кўндирдилар. Абдулла Ҳошимов чиқадиган бўлди, – деди.

Бироздан кейин Миртемир яна Йўлдошевга сим қоқди:

- Биламан,”Ахборот” соати яқинлашиб қолди. Абдулла Ҳошимов чиқадиган бўлди! – деди у қисқа қилиб.

Орадан икки дақиқа кечиб телерадио қўмитаси раисиҲайитбоев Миртемирга телефон қилди:

- Мен Талабалар шаҳарчасидан қайтаяпман, – деди у.

- Нима бўлаяпти ўзи? Сиз қачон бориб улгурдингиз. Мени шаҳарчага ўтказишмади. Мен ҳам бориб воқеаларни ўз кўзим билан кўриб келмоқчи эдим.

- Бу томонга яқин келманг. Ҳеч кимни ичкарига киритишмаяпти. Қолаверса, воқеалар кечаси юз берган, ҳозир эса шаҳарчада осойиш ҳукм сурмоқда. Менга муҳтарам Йўлдошев жаноблари телефон қилдилар, биров орқали эмас, шахсан ўзлари, халқимизни воқеалардан хабардор қилсак, дедилар. “Катта”миз хассосият билан бу масалага эътибор бермокдалар. У кишининг топшириқлари асосида Бош вазир халққа мурожаат қилади. Сиз бутун телевидениени ана шу ишга сафарбар қилинг, Бош вазирнинг чиқиши биз учун ифтихордир, – деди у.

МиртемирҲайитбоевнинг ўпкадан чиқаётган гапларини телефон дастасини қулоғидан узоқроқ тутиб тинглади. Кейин репортажларни кўриш учун хонасидан чиқаётганди яна телефон жиринглади. Бу Бош вазир эди.

- Миртемир ака, мени шу ишдан қутқазинг, ҳозир бир тумандаман. Бошқа бирортасини топиб ёзиб олсангиз, илтимос,-деди у.

- Бу оқшом юз берган отишмаларда қон тўкилибди. Қўлимизда репортажлар бор. Миршаблар ҳадларини билишмаган. Қолаверса, уларга ким буйруқ бергани эртами кечми ўртага чиқади. Сиз ҳукумат раҳбари сифатида халқнинг олдига чиқиб икки оғиз сўз айтмасангиз, ким айтади? Ахир бу воқеалар нега бошланди? Нима учун, ўқ отган кимлар, ўлганлар ким, нима учун шунча воқеа юз бераяпти-ю ҳукумат жим? Бу саволлар фақат мени эмас бутун халқимизни қизиқтиради. Бугун оқшом телевидение ана шу саволларга жавоб бериши керак.

Телефоннинг нарёғидан сас келмади. Абдулла Ҳошимовнинг товуши ичига тушиб кетганди. У зорланган овозда:

- Менга ёрдам беринг, – деди.

Республика раҳбарлари нима сабабдан халқнинг кўзига қарашдан чўчишмоқда, деб ўйлади Миртемир. Халқимиз “Хўш, “Катта” қаерда? Намойиш бўлган, ёнғин чиққан жойларга бориб, от миниб, оломонни тўхтатганман, дея такрорловчи зот нега кабинетидан чиқмаяпти? Агар кеча оқшом у икки чақиримли йўлдан чўчимай Талабалар шаҳарчасига борганда, олам гулистон эди. Ўқлар отилмасди, қон тўкилмасди” деб ўйлашмайдими? Халқ ўйлайди-ю, лекин халқнинг ўйлаганини булар ҳатто хаёлда жонлантиришга чўчийдилар.

Миртемир репортажларни кўраркан, вужудини титроқ босди. Беш-олти миршаб бир қиз талабани судраб кетишмоқда. Уч-тўрт ОМОНчи эса бир талабани ерга ётқизиб тепишмоқда. Ётоқхоналардан бирига бостириб кирган миршаблар душ остидаги талабаларни калтаклашмокда. Бу даҳшат-ку, деб ўйлади Миртемир. Наҳотки, шу даражада ваҳшийлашиб кетдик? Бу миршаблар ҳайвонот боғида етиштирилган эмас, булар ҳам қайси бир ота-онанинг фарзандлари. Балки бу талабалар орасида уларнинг ҳам укалари, сингиллари бордир? Наҳотки, юқоридан келган буйруққа кўр-кўрона бўйин эгиб ўз қардошларига ўқ отсалар? Ахир бу талабалар “Катта”нинг саройини кул қилиб кўкка учирмадилар? Бор- йўғи нонимиз қани, нега нонимизнинг баҳосини қиммат қилдингиз, нега сайловда бизни алдадингиз, деб сўрашди. Уларнинг “Катта”нинг истеъфосини сўрашга ҳам ҳақлари бор. Аслида “Катта” минбарларда кўкрагига уриб гапираяпти-ю лекин халққа бирор нарса бераётгани йўқ, балки халқнинг хирмонини совуриб, ҳақини еб, ҳақига хиёнат қилиб юрибди. Халкдан болаларингни ўқитаман, дея солиқлар олинмокда, лекин болаларнинг қўлидаги бир бурда нони ҳам тортиб олинаяпти. Буни мансабда ўтирганларга айтиш бефойда. Уларнинг дини ҳам, имони ҳам, Аллоҳи ҳам, Пайғамбари ҳам мансаб. Лекин мана бу оддий миршаблар-чи? Наҳотки, улар ўзларини қул деб билсалар, мансабдагиларнинг қули деб билсалар?! Ёки кийиб олган либослари уларни роботга айлантирдими? Қалби йўқ, ақли йўқ, фикрламоқдан, мушоҳада қилмоқдан маҳрум бўлган роботларга айландилар-ми? Балки бир кун бу талабаларнинг ҳам баъзилари миршаб бўлар? Улар ҳам ўз фарзандлари, ўз ака-укаларига қарши қурол кўтармайдиларми кейин? Қасос олмоқ учун шу йўлга бош урмайдилар-ми? Бир инсофсизнинг мансабини қўриқлаш, бир хоиннинг обрўйини асраш учун қон тўккан бу инсонларга нима дейиш керак?! Нега мен йўлдан қайтдим? Қўрқдим-ми?! Йўқ, булардан қўрқмайман. Унда нега бормадим? Балки талабаларни асраб қолган бўлармидим?! Балки миршабларни тўхтатармидим? Сен боргунча бўлган иш бўлганди, ғишт қолипидан кўчганди. Сенга тушадигани охиригача мужодала этиб қотиллар кимлигини ўртага чиқаришда бошқалар билан бирлашишдир. Бир киши ҳеч нарса қилаолмайди. Янчиб ташлашади.

Репортажларнинг бирида жумҳурият прокурори Қўзибой Набиевнинг талабалар шаҳарчасига келгани акс эттирилганди. У минбарга чиқиб гапираркан, ёнида Исо Холис турарди. Қўзибой Набиев талабаларга қарата:

- Сиз қонунларга қарши иш қилаяпсиз. Қонунларни бузаяпсиз. Бунинг оти исёндир. Исён эса қонунда оғир жазога сабаб бўлади,- деганди талабалар қўлларидаги бор нарсани унга қараб отдилар. Набиев билан Исо Холис аранг қочиб қутулишди.

Қўзибой Набиев узоқ бир районда прокурор эди. Қисқа вақтда жумҳурият прокурорлигигача етиб келди. Ўшанда кўпчилик “Бу бўшаланг одам “Катта”га дош беролмайди” дейишганди. Лекин тош чикди, “Катта”нинг исканжасига чидади. Бундай одамларни “пихини ёрган”лар тоифасидан ҳам дейишади. Чунки у “Катта”нинг топшириқларини ҳеч қачон бевосита ўзи бажармади. Доим бировни топди, бировни рўбарў қилди. Аммо нега талабалар шаҳарчасига ўзи келди? Демак масала анча жиддий, “Ўзинг бориб кел!” -деган топшириқ олмаганда албатта, бу ерга ҳам бориб келадиган “қул” топиларди. Бу воқеадан ўзини олиб қочарди.

Дарҳақиқат, прокурорни у ерга юбориш кимнинг хаёлига келди экан, деб ўйлади Миртемир. Бундай шароитда таҳдидга ўрин борми? Талабаларни қиздириш, бу фитнадир! Демак юборган одам шуни истаган. Ҳар томондан қуршаб олинган, калтакланаётган, судралаётган одамга “сенинг жазонг ўлим” десангиз, у раҳмат дейди-ми? Ҳали ҳам талабаларимиз инсофли экан! Охирига қадар қувиб бориб, машинасини ағдариб, ўзининг орқасига тепа-тепа ҳайдаб юборишмаганига қуллуқ қилсин.

- Сиз қайтгандан кейин шаҳарчада нима бўлаётганини ҳеч ким билмай қолди,- деди у ерга бориб келган мухбирлардан бири. Кўп одамни ичкарига киритишди. Ҳатто бир қанча газеталарнинг мухбирлари ҳам ўша ерда эдилар. Қайтишимизда миршаблардан бири сизни ичкарига киритмаганларни постдан четлатишганини айтишди.

Миртемир ҳайрон бўлди. Балки Абдулла Ҳошимовга шикоят қилганим ўз таъсирини кўрсатгандир, деб ўйлади. Йўқ, бу одам бировга танбеҳ беришга қўрқади. Бунинг устига Телерадио қўмитаси раиси “Девондан бутун раҳбарлар шаҳарчага боришсин, деб айтишди. Мен биринчи ўринбосар билан бориб келаман, сиз эса бу ердаги ишларга раҳбарлик қилиб туринг”, деган гапни ўзингизни тополмаганим учун котибага ёздириб кетгандим” деганини эслади. Кейин эса Салимовнинг ёрдамчиси қўнғироқ қилиб, Талабалар шаҳарчасига бориб-бормагани билан қизиқди. Ҳар ҳолда нимадир бор. Майли, ҳозирча муҳими бу эмас. Муҳими репортажларни халққа кўрсатишдир. Миртемир хонасига қайтгандан кейин Олий кенгаш раиси телефон қилди:

- Сизни ҳам қийнаб қўйдик,- деди у, мен қийналиб кетдим, деган оҳангда.

- Халққа бирор гап айта олмасак, ана у қийин,- деди Миртемир.

- Сизга нима?Ҳайитбоев ишнинг ичида, ўринбосари Мусаевни комиссияга қўшдик. Ана уларнинг виждони қийналсин. Қолаверса, бугун бериладиган барча кўрсатувларни комиссиямиз аъзоси сифатида ўртоқ Мусаев кўриб чиқсин. Биласиз, бир иш юзасидан тергов бошланса, унга ҳеч кимнинг халақит қилишга ҳақи йўқ. Биз ҳам текширув олиб бораяпмиз. Комиссиямиз фаолияти боши берк кўчага кириб қолмаслиги учун ҳар турли тадбирлар олишимиз керак. Эшитишимча, сиз Талабалар шаҳарчасига мухбирларни олиб борибсиз?

- Мухбирларнинг бориб- бормаслиги сиз учун воқеа эмас, лекин бир миллатвакилининг миршаблар томонидан йўлдан қайтарилиши сизни қизиқтириши керак, чунки раисимиз бўласиз.

- Сиз бормасангиз ҳам воқеаларга аралашганингизни биламиз. Бундан бу ёғига эҳтиёт бўлинг,- деди Йўлдошев ва қўшимча қилди.- “Катта”нинг топшириғи билан ҳозир Бош вазир ўринбосари Самандаров етиб боради. Мусаевдан кейин кўрсатувларга назар ташлайди ва лозим топса, ахборотда чиқиб гапиради.

Эрталаб бошланган бу ҳангома кечгача давом этди. Ниҳоят тоқати -тоқ бўлган Миртемир девон котибиятининг бошлиғига телефон қилди:

- Илтимос, кириб “Катта”га айтинг, кўрсатувларимизга цензур қўйишаяпти. Бу хабар дунёга ёйилди. Оқшом Москва ҳам кўрсатади, бизнинг жим туришимиз жиноят бўлади,- деди.

- Ҳозир шунинг маслаҳати бўлаяпти,- деди котибият бошлиғи. – “Катта”нинг ҳузурида шу хусусда мажлис ўтказилмоқда.

Бироздан кейин яна Йўлдошев телефон қилди.

- Ҳаммасининг дами чиқиб кетди. Бу масалани эртага ҳал қиламиз. Бугун ҳукумат комиссияси тайёрлаган хабар билан комиссия рўйхатини эълон қилинг,- деди у.

- Ўттиз иккита исм-шарифни ўқишдан нима маъно чиқади? Қон тўкилгани, талабаларни отишга ким рухсат бергани, неча киши ўлгани ва неча киши ярадор бўлгани, бунинг айбдорлари кимлиги – бу саволларга бугун жавоб беришимиз керак!

- Майли, буниҲайитбоев билан гаплашамиз, – деди Йўлдошев ва бошқа телефон жиринглаётганини айтиб, суҳбатни кесди.

Беш дақиқа ўтар -ўтмас Миртемирнинг хонасигаҲайитбоев кириб келди:

- Нега мендан сўроқсиз камера юбордингиз,- деди у ҳовлиқиб.- Менга “Катта”нинг ўзи телефон қилиб, камера-памерангни йиғиштир деб айтдилар. Ҳатто мени “латта” дея ҳақорат қилдилар, раҳматли онамни ҳам тинч қўймадилар.

- Сиз ўзингиз нега бир неча марта бориб келдингиз-у камера олиб бормадингиз. Сиз ва менинг вазифам у ерга бориб келишдан иборат эмас. Биз хабарчимиз. Халқни воқеалардан хабардор этишимиз керак. Агар бу ишни уддалай олсак, асосий вазифани бажарган бўламиз, адолатсизликнинг йўлини кесамиз, ўйинлар учун имкон қолдирмаймиз. Ҳозир эса вақтдан бой бераяпмиз, ёлғоннинг гуллашига йўл очаяпмиз,- деди Миртемир.

- Укажон, бу ер сизга Олий мажлиснинг минбари эмас,- дедиҲайитбоев.Бу фикрингизни мажлис минбаридан айтсангиз бировга фойдаси бўлиши мумкин. Бу ерда эса давлат нима деса, ўшани қиламиз,- бўш келмадиҲайитбоев.

- Сиз ҳам шу давлатнинг бир парчаси эмас-ми? Фикрлашга ва тўғрисини танлашга ҳаққингиз йўқ-ми?

- Оиламизда ҳаққимиз бор. Бу ерда эса оиламизнинг раиси “Катта”миз. У киши халқимизга ёмонликни раво кўрмайдилар. Тўғрисини танлайдилар.

Байрамбоевни кулгичлари доим кулиб тургани учун у худди масхара қилиб гапираётгандек туюлса-да, бу гапларни жиддий оҳангда айтаётганди. Миртемир ўйланиб қолди. Ё мен бошқа бир дунёдан буларнинг орасига тушиб қолдим, ёки булар ҳақлару мен ўжарман. Ҳозир яна бироз тортишсак, жанжаллашиб қолишимиз аниқ, индамай қўйсам бора-бора индамасга айланаман. Баъзиларига шу билан баравар бўлиб ўтираманми, дея қўл силтайсан, айримларининг ошқовоқ каллаларига бир калима ҳам сингдиролмай хуноб бўласан, мана бундайлар эса бетон девордек гап: бош урсанг бошинг ёрилади, сўзинг ўзингга қайтади, асабийлашиб жиғибийрон бўласан. Лекин барибир кимлигини юзига айтиб, башарасини ойнада кўрсатиб қўйиш керак.

- Майли, отангиз ҳам оилангизнинг раиси ҳам “Катта” бўла қолсин, лекин ўқ еган, қони тўкилган, ўн гулидан бир гули очилмаган ёшда ўлдирилган талаба ўғлингиз бўлса-чи?

Байрамбоев чўчиб тушди.

- Оғзингиздан бу гапни шамол учирсин! Худо сақласин, деб гапирсангиз-чи, ука.

Байрамбоев шундай деди-да, нимадир ёдига тушгандек “Кечирасиз, бир телефон қилай”, дея Миртемирнинг ўрнига ўтди. У уйига телефон қилаётган экан.

- Ўғлинг келдими? – деб сўради у. “Ҳа” жавобини олди шекилли:- Уйдан чиқмай ўтирсин, ўртоқларимникига бораман, деса ҳам рухсат берма, ҳаммаёқда… – деди-ю гапининг давомини бўғзидан ташқарига чиқармади.

- Ҳаммаёкда отишма бор демоқчи эдингиз, уйингиздагилар таҳликага тушиб ўтирадилар. Ҳаммаёқни миш-миш хабарлари эгаллайди, телевизорда эса концерт, – деди Миртемир кесатиб.

- Концертларни бекор қилиш ҳақидаги буйруғингиз ички низомга қарши бўлса ҳам бекор қилмадим. Ёшсиз, янги раҳбарсиз, жамоанинг ёнида уялиб қолманг, дедим.

Шу пайт котиба қиз кириб, Халқ ҳаракати ташкилотидан бир гуруҳ кишилар келишганини ва раис билан учрашмоқни талаб қилаётганларини айтди.

- Мен Мусаев билан репортажларни кўришим керак. Ҳозир Самандаров ҳам келадилар. Сиз бу масала билан эрталабдан буён шуғулланаяпсиз, ҳамма гапдан хабардорсиз. Улар билан учрашсангиз. Қолаверса, ўзингизнинг одамларингиз,- дедиҲайитбоев ҳам киноя билан.

Миртемир унинг киноясига шиддатли бир қараш билан жавоб берди-да қабулхонага чиқди. Шоир Собит билан бирга Халқ ҳаракатининг тиниб- тинчимаган аёллари келишганди. Шоир Собит кейинги пайтда сиёсий фаолияти билан ҳам оғизга тушганди. Водий ва Сойкент воқеаларидан кейин ҳукуматга қарши намойишларнинг олдинги сафида ўрин олган шоир Собит халқни ўзлигини танишга чақирган шеърлари билан машҳур бўлиб кетганди. Ҳали ёш бўлишига қарамай соқол қўйиб олгани учун босиқ, кўпни кўрган нуронийни эслатарди. Мошгуруч соқоли айлана юзига ярашган, қалин қошларининг остида чақнаб турган кўзларини мунг босган шоирнинг негадир қадди букилиб қолганга ўхшарди. У қийналиб-қийналиб сўз топаётгандек гап бошлади:

- Биз ҳукуматга мотам куни эълон қилиш таклифи билан чикдик. Мотам қаёкда,Ҳайит қилишаяпти, – деди у.- У томонда болаларимизни ўлдиришаяпти, бу томонда сизлар концерт қўйиш билан оворасиз.

- Мотам фикрингизни қўллайман, лекин концерт қўяётганимиз йўқ. Концерт ва ўйин-кулги дастурларини бекор қилганман. Кечқурун, Худо хоҳласа, воқеалар ҳақидаги репортажларни намойиш этамиз.

- Худо хоҳласа-ми ёки “Катта” хоҳласа-ми?- заҳарханда жилмайиш қилди шоир Собит.

Миртемир ҳеч нарса демади. Ростдан ҳам “Катта” хоҳламаган бўлса керакки репортажларни кўрсатувдан олдин қараб чиқишга қарор қилишди. Нима бўлса ҳам мужодала қиламиз, репортажлар, албатта кўрсатилади, деб ўйлади Миртемир.

Шоир Собит билан бирга келган аёллардан бири:

- Аллоҳ мададкор бўлсин, бу даҳшатни халққа кўрсатинг. Ҳамда бу концертларга чек қўйинг. Биз эса бу масалада сизга керакли ёрдамни берамиз,- деди.

Улар ҳукумат идораларига ҳам боришганини, Талабалар шаҳарчасида ўқ отган қотилларга қарши норозилик намойиши ўтказганларини, бу масалани мутлоқ охирига етказажакларини айтиб, чиқиб кетдилар.

Хайриятки, шундай инсонлар бор, деб ўйлади Миртемир. Агар улар ҳам фақат ўз ўғил-қизларини ўйласалар ва бутун эркларини теппадаги битта одамга бериб қўйсалар, ана унда олам гўристон бўлади. Бу аёлларнинг ҳар бири оиласида она, фарзандларининг ташвиши билан югуради., яна қаердадир ишлайди ҳам. Шунга қарамай адолат излашади. Бу адолатни ўзлари учун излашади-ми? Йўқ, шу халқим ҳам бошқалар каби ойдинликда яшасин, нурга илҳак бўлмасин, зулм остида эзилмасин, дейишади. Халққа, Ватанга бўлган муҳаббат юракларида чўғга айланган. Бу чўғ қалбларини ёндириб туради. Шу оташдан куч оладилар. Баъзилар уларни англамайдилар. Ўтганнинг ўроғи, кетганнинг кетмони билан иши бор буларнинг, дейишади. Ҳа, ишлари бор. Ўша ўроқ миллатнинг бошини кесмасин, ўша кетмон инсонлар оёғининг остини ковламасин, дейишади. Оз бўлсаларда, хайриятки, улар бор.

Шоир Собит-чи? Унинг ҳам оиласи фарзандлари ва шу қадар ташвишлари бор. Аслида дарди йўқ инсон шоир бўлолмайди. Дарднинг оғирлиги шоирнинг шеърларини юкдор, салобатли қилармиш. Аммо қанчадан- қанча дардсиз шоирлар юрибди. Бир қанчаси девонда ишлашмокда. Кизиғи, улар вақти-вақти билан Талабалар шаҳарчасида шеър ўқиб туришади, ўзларини талабалардан бири ёки уларнинг йўл кўрсатувчиси, деб билишади.Биз инсон руҳининг тарихини ёзамиз, дейишади. Талабалар шаҳарчасида инсон руҳи ўлдирилмокда, сиз қаердасиз?! Фақат талабаларга қарши ўқ отилаётгани йўқ, сизга ҳам қарши отилмокда. Ўзлигингизга қарши ўқ отилганда, мум ютиб ўтирибсиз. Бундан ортиқ разолат, бундан ортиқ шармандачилик борми? Аслида сизнинг ҳам дардларингиз оғир. Фақат бу дард шуҳратга талпиниш, шоирлик орқасидан шоҳона яшаш, ўз жонини қутқариб қолиш дардидир. Лекин шоир Собит сизга ўхшамайди. Шунинг учун уни севмайсиз. Аслида унга ҳасад қиласиз. Аммо бундан бехабарсиз.

Шоир Собит шўролар пайтида Сибирда яшади. Ватан ҳасрати нима эканлиги унга аён. Мустақиллик ҳаракати бошланганда юртга қайтиб, жабҳанинг олдидан ер олди. Аввалига уни дарбадар, бўйдоқ бир шоир, деб ўйлашди. Чунки кунни кун, кечани кеча демай югуриб юради. Кейин билишса, катта бир оиланинг отаси экан. У қаерда ҳақиқат истаб байроқ кўтарилса, ўша ерда. Ҳам шеъри, ҳам сўзи, ҳам ҳаракати билан инсонларга мадад беради. Кейинги кунларда бу шоир ҳақида махсус бир кўрсатув тайёрлатаман. Умуман, Халқ ҳаракати ва бошқа ташкилотларнинг вакилларини чақириб, Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни муҳокама қилдираман… Шоирнинг шахси ва шеърияти бир бўлиши керакми ёки айри-айри бўлса ҳам фарқ қилмайди, деган мавзуни тортишувга қўямиз.

6. ҚОН

“Катта” ховлиққансифат қиёфада эди. Бир томондан бўлаётган воқеалардан кўнглида ғурур ҳис этаётганди. Куч нима эканлигини кўрсатиб қўйишга фурсат етди деб ҳисобларди. Иккинчи томондан эса кўнглининг бир бурчини босиб олган қора булут тарқалмаётганди. У Салимов ва Саиджонни чақирди.

- Кичкинагина воқеа бўлади, лекин унга катта сиёсий тус берамиз, дея оғзингиз қулоғингизда эди. Хўш, нима бўлди? – деди уларга воқеаларнинг ҳақиқий аҳволини билиб олиш учун иккаласини ҳам бирдан тўпнинг оғзига қўяркан.- Тагингизни ҳўл қилиб қўйдингиз. Воқеалар назоратингиздан чиқди. Нега ҳодисалар бу қадар кенг ёйилди? Ички ишлар вазирлиги нима қилаяпти? Хавфсизлик қўмитаси қаерда?

- Ҳаммаси шу ерда. Талабалар шаҳарчасида уч-тўрт ҳаракат бирлашиб кетди,- дея сўз бошлади Салимов.- Хайрулло Саидов мафия орқали бир гуруҳ талабаларни ишга солди. Халқ ҳаракати эса сайловда қатнаша олмаганидан норози эди. Озодлик партияси ҳам талабалар орасида иш олиб бораётган экан. Уларнинг вакиллари талабаларнинг олдига тушиб миршабларга тош отишди, ОМОНчиларни калтаклашди. Бунинг устига қаердандир диндорлар ҳам келиб қолишди. Бирданига ҳаммасининг кимлиги ўртага чиқди. Воқеаларни назоратга олдик. Айбдорларни ўртага чиқарамиз.

-Бўлди ўзингизни қутқариш учун даров баҳоналарни тахламанг,- унинг сўзини кесди “Катта”,- Игначининг минг ургани, темирчининг бир ургани, дейишган. Дафтарингизни очинг ва ёзинг:

1- Пойтахтда фаоллар мажлисини чақиринг. Мен ўзим гапираман, сизларга гапиришни ҳам ишониб бўлмайди. Радио ва телевидение мажлисни жонли равишда кўрсатиб, эшиттиришсин. Газеталар асосий диққатни шу масалага қаратсинлар.

2- Талабалар шаҳарчасида профессор-ўқитувчилар билан учрашув ўтказаман. Шу баҳонада тузумимизга қарши бўлган душманларни ҳам аниқлаймиз. Зиёлилар орасидаги ажриқларни юлиб ташлаймиз.

3- Пойтахтдаги, тўғрироғи, Талабалар шаҳарчасидаги университет ва институтларни вилоятларга кўчириш ҳақида фармон лойиҳаси тайёрланг.

4- Шаҳарчадаги талабаларни шошилинч равишда қишлоқларига, уй-уйига жўнатинг. Транспорт вазирлиги ҳамма ишни йиғиштириб, шу масала билан шуғуллансин.

5- Жамоатчилик вакиллари, депутатлар, мухолифат иштирокидаги комиссия рўйхатини тузинг. Бегона одамлар комиссияга кирмасин. Комиссия асосий диққатини “қора кучлар”ни ўртага чиқаришга қаратсин.

6- Ёзувчилар, шоирлар ва олимлар ҳар оқшом телевизорга чиқиб “қора кучлар”нинг кирдикорлари ҳақида халққа гапириб берсинлар. Улар ҳам ўзларини кўрсатсинлар. Қачонгача текин еб ётишади?

7- Ички ишлар вазирлиги, прокуратура ва Миллий хавфсизлик қўмитаси бу хусусда жиноий иш очсинлар. Бутун душманларимизни йўқотиш учун бу воқеадан фойдалансинлар. Бундан кейин мухолифат деган сўзни эшитишни истамайман.

8- Пойтахт ва марказий шаҳарлар яқинида махсус баталонлар тузиш ишини бошланг. Унга ерли халқдан одам олманг.

Саиджон, сени бугундан эътиборан ўзимга маслаҳатчи этиб тайинлайман. Ҳозироқ фармонни тайёрлаб кел, қўл қўяман. Бу ишларнинг ҳаммасини ўзинг юритасан, Салимов билан маслаҳат қилиб турасан. Ҳар бир қадамингиз ҳақида мени хабардор қиласан, – деди.

Салимов жиянининг катта мансабга эришганидан мамнун бўлди. “Катта”ни қучоқлаб ўпкиси келди. Лекин хурсандчилигини яширишга уринди.

-Ҳайитбоев телефон қилганди. Миртемир ҳамма ишга аралашаяпти. Шаҳарчадаги воқеаларни сувратга олдирибди. Котибият бошлиғига эса буларни Москвага юбораман, оқшом тамоша қиласиз, дебди.

Бу гапни эшитган “Катта”нинг қони қайнади. Қайнаган қон юзига урди. Қовоқлари бирданига шишиб чиққандек бўлди. Вужудида ҳаракатга келган бу кучни муштига туплади-да зарб билан столнинг устига урди.

- Шу болани йўқотиш оғир иш-ми? Қўлингиздан келмайди-ми? Талабалар шаҳарчаси воқеаларига боғланг, гум бўлиб кетсин! – деди.

- Қўлимизда бир ҳужжат бор. Полковник Раимжоновнинг одамлари топшириғингиз билан Хайрулла Саидовнинг жиянини қўлга туширишганди. Уни телевизорда кўрсатмаслик учун Хайрулла Саидов Миртемирга бир миллион сўм пул берган -дея Салимов фурсат етди, мусофир кетди қабилида калласининг бир четига “яшириб” юрганини ҳаракатга қўйди.

- Йиғиштир бу ёлғонингни, у бола бир миллион у ёқда турсин бир сўм олмаслигига биздан бошқа ҳамма ишонади. Шунинг учун баҳона ҳам улар ишонадиган тарзда бўлиши керак. Қолаверса, қитмир Саидовнинг бировга пул бермаслигини, балки пул олишини ҳам ҳамма яхши билади. Раимжоновга айт узоқроқдан, Миртемирга яқин одамлардан топсин. Керак бўлса Миртемирнинг яқин одамларини қўлга тушириб, уни халққа кўрсатишга уринсин. Қарабсанки, Миртемир тузоққа илинади. Кейин икки-уч депутатнинг номидан Миртемирни фош этувчи мақола чиқарасизлар. Ундан у ёғига машинанинг ўзи юриб кетади.

“Катта” Салимов ва Саиджонга жавоб бериб юборди-да, Тўрабеков билан Узоқовни чақирди:

- Олий таълим вазирини, Талабалар шаҳарчасида студентлари яшаган ректорларни ишдан оламиз. Бу воқеа нафақат менга, балки сизларга ҳам, бутун тузумимизга ҳам қарши исёндир. Бурнимизнинг остида бомба турганини кўрмаганмиз. Яхшиям-ки, талабаларнинг биз томонга қараб юриши тўхтатилди. Агар улар назоратдан чиқариб юборилсалар Водий, Сойкент воқеалари бунинг ёнида ҳолва бўлиб қоларди. Барча муҳаррирлар ва таниқли ёзувчиларни чақириб гаплашинг. Бу исённинг моҳиятини халққа тушунтириб беришсин. Ҳар бир вилоят, ҳар бир туманда фаоллар мажлиси ўтказинг. Ҳар бир талабанинг ота-онаси билан гаплашинг, миршаблар бориб сўроқ қилишсин. Қариялар, таниқли инсонларнинг халққа мурожаатларини ташкил қилинг. Бир сўз билан, жумҳуриятни оёққа турғазинг. Дарвоқе, Салимов ва ана у Саид деган боланинг ҳаракатларидан хабардор бўлиб туринглар. Анча маккор болага ўхшайди. Талабалар орасида одамалари кўп. Шу сабаб ҳозирча уни маслаҳатчи қилиб тайинлашга қарор қилдим. Шу соатдан эътиборан сизга уйқу йўқ. Ҳушингизда ҳам, тушунгизда ҳам шу масала билан шуғулланасиз, – деди.

“Катта” “Ҳасан-Ҳусан”ларини чиқариб юбораркан Мақсад Қулни чақирди:

- Москвани нима қиламиз? Салимовнинг айтишича, Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни Миртемир сувратга олдирибди ва Москвага жўнатибди.

- Тўғри, мен ҳам эшитдим, унинг ўзи бу ҳақда котибият бошлиғига айтибди.

- Бу болани назоратга ол, дегандим. Қани унинг ёнига ўзимнинг одамимни юбораман, дегандинг? Нега воқеалардан хабарсиз қолаяпмиз?

- Юборгандим, ишга олмади. Пора истаганга ўхшаб кўринди.

- Истаган бўлса, нега бермадинг? У бола сендан ақллироқ чиқиб қолди. Юборган одаминг жосус эканлигини пайқаган-ки, ишга олмаган.

Мақсад Қул типирчилаб қолди. Нима қилиб бўлса ҳам бу чигалликнинг ичидан чиқиб қутилиши керак эди. Ёлғон гапирганди, “Катта” сезиб қолди. Ёлғони шапалоққа айланди. Нима қилиш керак? Бирданига хаёлига янги фикр келди.

- Менимча Миртемирнинг ўзини Москвага жўнатиш керак. У ердаги мухбирларга ҳадяни бу сафар у олиб борсин. Шаҳарчадаги воқеалар “қора кучлар” томонидан уюштирилган исён эканлигини у ердагиларга тушунтириб берсин. Бир соат олдинги учоқда Халқ ҳаракати вакилларидан бир қисми Москвада матбуот конференцияси ўтказиш учун жўнаб кетишганини ўргандик…

- Кимдан ўргандинг? Нега қўйиб юборишди? Аэропортга телефон қил, учоқни қайтаришсин. Керак бўлса, учоқда бомба бор, деб айт. Барча кучларни бу ишга сафарбар қил. Миртемир ҳақидаги фикринга эса қўшиламан.

“Катта” Максад Қулга “Натижадан мени хабардор қил” деди-да, Миртемирнинг телефонини қидира бошлади. Тополмагач, Майновга айтиб Миртемир билан боғланди.

- Укажон, сиз учун учоқни ушлаб турибмиз. Бугуноқ Москвага йўл олинг. Талабалар шаҳарчасида сувратга олинган ленталардан ҳам фойдаланинг. Мамлакатимизнинг шарафини қутқазиш масаласини сизга топшираяпмиз. Эртага эрталаб у ерда матбуот конференцияси ўтказасиз. Мен ўзимнинг барча ваколатларимни сизга бераяпман. Менинг номимдан дунёга мурожаат этинг. Хуллас, мустақил эканлигимизни кўрсатиб қўйиш керак. Ҳозир мен Қиёмовга айтаман, сизни шахсан кузатиб қўяди. Бу орада, албатта, Ченга учрашинг, – деди.

Миртемир студияга Самандаров келгани ва кўрсатувларни тўхтатиб қўйишаётгани ҳақида шикоят қилди.

- Улар халқ душмани,- деди “Катта”.- Қайси бири билан шуғулланай? Ана шуларнинг фитналари оқибатида талабаларга қарши ўқ отилди. Керак бўлса, бир йигитнинг йиқилиши бир давлатнинг йиқилишига тенг. Бир томчи қон билан бир дарё қоннинг фарқи йўқ. Бу инсофсизлар ҳамма қилмишлари учун жавоб берадилар. Сиз улардан қўрқманг ва чекинманг. Бугун барча репортажларингиз кўрсатилади. Мана мен буюраяпман. Сиз эса йўлга чиқинг!

Кўп ўтмай Мақсад Қул ҳовлиқиб кириб келди.

- Агар учоқда бомба бор десак, уни қўшни жумҳуриятга қўндиришар экан. Чунки бизнинг чегарамиздан чиқибди,- деди.

- Кейинги учоқ қачон?

- Эртага.

- Бўпти, Қиёмовга айтинг Миртемирни шахсан ўзи кузатиб қўйсин. Чен эса Москвадаги мухбирларнинг ҳақини бериб юборсин. Хасислик қилиб ўтирмасин. Мухбирлар ҳам ёмон ўрганишди. Вақтида ҳақларини олиб туришмаса, дарров танқид қилиб ёзишни бошлашади.

“Катта” Мақсад Қул билан бирга хонасидан чиқаркан, ташқарида оқшом чўкканди. У котиблар ўтирадиган жойдан бўйнини чўзиб ташқарига қаради-да, мажлислар залининг ёнидаги махсус ошхонага кирди. Эшик ёнида кутиб турган хўжалик ишлари мудири Салимхонга юзланди:

- Оғайни, нима ичамиз?

- Ҳаммасидан бор.

- Бўпти, ўзимизнинг “Посольский”дан ича қолайлик. Бугун тонгга қадар ишимиз бор. Талабалар шаҳарчасида бегуноҳ болаларимизни ўлдиришди. Бу воқеаларни уюштирган аблаҳларни топишимиз керак. Ёш-ёш йигитлар нимани билишади? Қаёққа бошласанг ўша томонга бораверишади. Бунинг учун уларни отиш керак-ми? Отганларнинг ўзини отиш керак.

У шундай деди-да, Салимхонга муғомбирона қараш қилди. Салимхон бошини эгганча уни тинглади. Бу кўп нарсани билади, деб ўйлади “Катта”, лекин қудуқ. Ичига тушган нарса қайтиб чиқмайди. Бундан сув тортиб оламан деган одам ҳам челагидан, ҳам занжиридан айрилади. Ана шундайларни тўплашим керак. Балки Раимжонов билан Чалматов “Керак бўлса бир-иккитасининг оғзини конатиб қўйинглар” деганини бунга айтган бўлишса-чи? Э, йўқ жонлари нечта? Ахир Салимхоннинг укасини Чалматовга ўринбосар қилиб қўйганман. Бир-бири билан ит-мушук. Оғиздан гап чиқариш у ёқда турсин, бир-бирининг ёнида нафас олишга қўрқишади.

“Катта” йирик жангни бошқараётган қўмондонлардек ҳар бир гапи ва ҳаракатини такрор хаёл ғалвиридан ўтказаркан, ўзини қушдек енгил ҳис этаётганди. Бироз сархуш бўлганидан кейин эса кучига куч қўшилган кишидек шиддат билан ўрнидан туриб иш хонаси томон юриб кетди. Гандираклаяпти, деб ўйлашмасин деган хаёлда бошини эгиб оёқларини бир тўғри чизиқ бўйлаб босганча одимлади. Майнов эшикни очиб турмаганда, балки боши билан бориб уриларди ёки эшикни очаман, деб бирор жойга урилиб – сурилиб кетгудек бўлса, аламини кўзига кўрингандан оларди.

У тўғри ўрнига келиб ўтирди-да:

- Телевизорни қўй,- деди Майновга.- Кейин эса чет эл радиоларининг хабарлари жамланган блютенни олиб кел ва ўзимизга тегишлиларини ўқи. Барча вазирлар, Ҳўкиз, Боцман, Берия, Жамила, Қассоб ва Хозяин навбати билан телефон қилиб рапорт беришсин,- деди.

Майнов ҳамманинг лақабини яхши биларди. Ҳатто ўзининг лақаби “Штирлиц” эканлигидан ҳам хабардор эди. Турабеков “Боцман”, Салимов “Берия”, Бош вазирнинг ўринбосари Самадов “Девор”, Абдулла Ҳошимов “Тряпка”, Қўлдошев “Ҳўкиз”, Горбов “Жамила”, Чалматов “Қассоб”, Солиев эса “Хозяин”дир. Мақсад Қулни “Копчёнка” деса, Салимхонни “Бегун” дерди, Қўзибой Набиев эса “Бақироқ”… Хуллас, уларнинг ҳар бирига бу лақаблар дўппи кийгизиб қўйгандек ярашарди. Тўрабеков бармоқ, деса қўл кесиб келадиган, “онангни…” деб ҳақорат қилса, “Қуллуқ отажон” деб турадиган бўлгани, “Катта”нинг оғзидан гап чиқмасдан “Лаббай” дегани учун унга “Боцман” “унвони” берилган. Абдулла Ҳошимовни эса бўшлиги, латтакесарлиги учун “Тряпка” дейди .Қўлдошевнинг ҳам кўриниши, ҳам ҳаракатлари ва ҳамда дўриллаши ҳўкизни эслатарди. Шунингдек, халачўп уриб турмаса у на аравани, на кқўшни тортарди. Горбов эса мажлисларда маъсум қиздек ўтиради, гўшангада куёвни сарсон қилиб, эрталаб қайнонасига шикоят қиладиган келиндек доим ранжида қиёфада бўлгани учун “Катта” уни “Жамилам” дер эди, “Сени бу бўриларга ем қилиб қўймайман, Жамилам”, дея ҳазиллашарди ҳам. Чалматовни эса икки йил аввал кашф қилди. Қассоб харидорнинг кўзига қараб танигани, лаҳм-ми, суяк-ми истаганини ҳис этганидек, Чалматов ҳам “Катта”нинг кўнглидагини ўқирди. Кимни ўлдириш, кимни йўқотиш, кимнинг оғиз-бурнини қонатиш, кимнинг бошидан дарча очиб қўйиш… хуллас, унга айтишнинг кераги йўқ эди. У молини ҳам, харидорини ҳам таниган қассоб бўлгани учун лақаби узукка мос тушган кўздек унинг “бойлигига” айланганди. Солиев оғир арава. Етти ўлчаб бир кесади. Ипнинг игнасини ҳам, тешигини ҳам яхши билади. Кийимнинг қаердан йиртилиши-ю қаердан сўкилиши, қаерини тикишу қаерини ямаш ҳақида унга айтиш керак эмас. Унга сен хўжайинсан, билганингни қил, десангиз етади. Муҳамад Қул бўлса бўйи узун, озғинлиги учун қуриб қолган балиқни эслатади. Қўзибой Набиев мажлисларда худди ашула айтгандек бақириб гапиради. “Катта” уни “Бақироғим” дея эркалатади, баъзан. “Бақироқ” дея қувади, баъзан…

7. МАРАТУ

Миртемир “Катта” билан гаплашиб бўлгач, ёнидагилар унга ишонишмади. Айниқса, Самандаров иккиланиб қолди. Балки Миртемир бизни чўчитиш учун биров билан гаплашгандир, деб ўйлади. Йўқ, телефон жиринглади ва кимдир уни боғлади. Балки ҳеч ким билан гаплашмаган бўлса-чи? Ахир “Катта” менга телефон қилиб “Нима қилсанг қил, кўрсатувларни йўқот” деди-ку? Нега энди изн берди? Ҳозир Миртемирга ишониб, кўрсатувни ўтказиб юборсам, эртага елкамдаги бошим учиб кетади. Балки ростдан ҳам “Катта”нинг фикри ўзгарган бўлса-чи? У ҳолда яна балога қоламан.

Самандаров хаёл сурганча репортажларни томоша қиларкан, аввал ҚиёмовҲайитбоевга телефон қилди. Ҳозироқ Миртемирнинг Москвага кетиши кераклигини айтди. Кўп ўтмай Мақсад Қул сим қоқди. У сафар эрталабга қолганини билдирди.

- Менимча репортажларни кўриб ўтиришларингизга ҳожат қолмади,- деди МиртемирҲайитбоев ва Самандаров бошчилигидаги ҳайъатга.- Воқеаларни кўрсатишимизга “Катта”нинг ўзи ҳам қарши эмас. Қолаверса, у репортажларни Москвага ҳам олиб боришимизни истаяпти.

- Тўғри,- деди Самандаров.- Лекин репортажларда бир ёқламаликка йўл қўйилган. Урилган, сурилган, қонга ботганлар кўрсатилибди. Лекин талабалар тош отганда ярадор бўлган миршаблар қани? Нега миршаблар томонидан ҳеч ким гапирмаган? Нега тарозининг иккинчи палласи бўш қолган?

Миртемирга Самандаровнинг воқеани икки қутбга ажратиши ёқмади. Лекин ўзи ҳам репортажларни томоша қилганда ана шундай икки қутблилик ҳақида фикр юритмаганмиди? Мана энди ҳукумат раҳбарларидан бири буни тан олаяпти.

- Миршаблар зулм ўтказувчи томон, – деди Миртемир. – Улар талабаларни қўриқлашлари керак аслида. Ҳар қанча ҳақ бўлмасинлар ёш болаларга қарши ўқ отишлари керак эмас эди. Улар душман ёки душманнинг болалари эмас. Улар бизнинг тинч болаларимизга, укаларимизга, сингилларимизга қарши ўқ отдилар, қон тўкдилар.Шу боис бу ерда уларнинг номидан сиз гапиришингиз керак. Мен эрталабдан буён тарозининг иккинчи палласини тўлдиришга уринаман, лекин тарозида турадиган одам йўқ.

- Депутат бўлсангиз ҳам, бироз ўйлаб гапиринг,- деди қизишиб Самандаров.- Одам йўқ, деганингиз нимаси? Мана мен келиб ўтирибман.

- Унда жуда ҳам яхши, демак, тарозининг иккинчи палласи ҳам тўлди, мувозанат сақланди. Репортажни берамиз, орқасидан сиз гапирасиз

- Мен ҳукумат номидан гапираман, – қизишди Самандаров. – Бугун воқеага ҳукуматнинг қарашини баён этайлик, эртага эса миршаблардан бирини ёзиб олинглар, мана бу репортажнинг баъзи қонли ерларини монтаж қилинглар. Ундан кейин экранга олиб чиқинглар. Мана мен ҳам осмондан тушганим йўқ, неча йилдан буён ижод қиламан, шеър ёзаман, достон ёзаман… Халқнинг руҳиятини яхши биламан. Халқимиз бу репортажни ҳазм қилолмайди. Сайловни кўрдингиз, аксарият одам “Катта”мизни қўллаб-қувватлади. Шундай шароитда халқни талабаларга қарши қилиб қўйиш тўғри бўлмайди. Бу воқеани халқ исён деб қабул қилиши ва талабалардан норози бўлиши мумкин. Бу масаланинг биринчи томони, иккинчидан эса миршаблар бизнинг посбонларимиз, уларни ёмон отлиқ қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар миршабларга бўлган ишонч емирилса, тузумимизга ишонч йўқолади. Учинчидан эса бу репортажлар давлат комиссияси ишига жиддий таъсир кўрсатади.

Миртемир бу шоирнинг иккиюзламачилиги ҳақида кўп эшитганди. Вилоятда ишлар экан, бирданига ҳукуматнинг тепасида пайдо бўлиши кўпчиликни қизиқтирганди. Ўшанда Миртемир ҳам бунинг сабабини суриштирганди. “Катта” у ишлаётган вилоятга борганда, мажлисда сўз олиб, “Катта” га бағишланган шеърини ўқибди. Кейин эса бу шеърни бир ашулачига ёдлатган экан, уни саҳнага олиб чиқибди. Орқасидан “Катта”нинг қўлига вилоят газетасида босилган “Катта”миз -маданиятимизнинг посбони” сарлавҳали мақоласини қистирибди. Кўп ўтмай пойтахтга чақирилибди.

- Масъулиятни мен бўйнимга оламан, – деди Миртемир.- Бугун репортажни ва сизнинг шарҳингизни эълон қиламан, эртага эса миршаблардан интервью оламиз. Илтимос, студияга кириб, фикрларингизни ёздирсангиз, жонли равишда чиқмасангиз керак, ҳар ҳолда. Кўрсатувнинг вақти ўтиб кетаяпти.

Миртемир шундай деди-да, йигитларга кўрсатувни бошлаймиз, деган ишорат берди. Самандаров ўрнидан туриб, ҳукумат телефонининг ёнига келди ва Абдулла Ҳошимовга сим қоқди:

- Миртемир укамиз “Катта”дан рухсат олдим, Талабалар шаҳарчасидаги ур-йиқитларни, ўқдан ярадор бўлганларни халққа очиқ кўрсатамиз, деяпти. Менимча, буни кўрсатиб бўлмайди. Эртага воқеаларни идора қилолмай қолишимиз мумкин. Миршаблар студияга бостириб келсалар, нима деймиз? Биз қаршилик қилдик, лекин Миртемир укамиз депутатлигини пеш қилаяпти.

Самандаров телефон дастасини қўйиши билан Миртемир унинг ёнига келди ва жаҳл билан:

- Эркакнинг ишини қилмадингиз. Мен сизга депутатлигимни рўкач қилганим йўқ. Бу хусусда гап ҳам бўлган эмас. Оддий бир инсон сифатида фикримни айтдим. Қолаверса, мен вазифамни бажараяпман, сиз эса ҳалақит қилаяпсиз,- деди.

- Сиз мени эркак эмас дедингиз, ҳақорат қилдингиз. Бу депутатлик вазифасини суиистеъмол қилиш эмас-ми? Халқ берган ишончни ўзингизга қалқон қилаяпсиз.

- Минг афсуски, депутатлик шаънига ярашмайди, дея сизни яхшилаб ҳақорат қилолмаяпман. Чунки сиз бетингизни чарм қилиб, шунча одамнинг олдида ёлғон гапирдингиз.

Самандаров тиржайганча хонада у ёқдан бу ёққа юрди-да,Ҳайитбоевга юзланди:

- Қани сиз айтинг, мен туҳмат қилдим-ми?

- Менимча, Миртемир укамиз қизишиб кетди. Сиз бор гапни айттингиз. Кўраяпсиз менинг ваколатимни ҳам қўлимдан олиб қўяяптилар. Ваҳоланки, мен ҳам сизнинг фикрингизга қўшилиб, бу репортажни тўхтатмоқчиман.

Миртемир индамай чиқиб кетди. Репортажларни кўрсатувга ҳозирлашни буюриб қайтганида хонасида Абдулла Ҳошимов ўтирарди.

- Самандаров эмас, мен чиқадиган бўлдим,- деди у. – “Катта” мени юбордилар. Репортажларни эса эртага берарканмиз. Бугун қисқагина кўрсатиб, реклама қилар экансиз, ўшанда эртага ҳамма тўпланиб томоша қилади.

- Халқнинг тавқи лаънатини кўтариш оғир. Сизлар шунга ўрганган бўлишларингиз мумкин.Агар шу репортаж берилмаса, истеъфомни қабул қилинг!- дея эшикни ёпиб, чиқиб кетди Миртемир.

Улар репортаждан бир қисм кўрсатиб “Эртага бу ҳақда батафсил ҳикоя қиламиз”, деб эълон қилишди. Ўзларича на сихни ва на кабобни куйдирган бўлишди.

Миртемир эрталабгача ухлай олмади. Саҳарлаб уйининг ёнига машина келди. “Москвага боролмайман” дея машинани қайтариб юборди. Кўп утмай Майнов телефон қилди.

- “Катта” га айтинг мени қабул қилсин. Истеъфо бермоқчиман, – деди Миртемир.

- Узр, бу масалаларга биз аралашмаймиз. Бу жиддий масала, йўлини топиб, ўзингиз учрашинг. Бугун пойтахтда фаоллар йиғилиши ўтказадилар. У ерда учрашишингиз қийин, чунки жуда ҳам банд бўладилар. Менимча, Москвага бориб келинг. Эрта эмас, индин Талабалар шаҳарчасидаги Маданият саройида профессор-ўқитувчилар билан учрашадилар. Ўша ерда гаплашасиз, – деди Майнов.

Дарҳақиқат, бу бир имконият, деб ўйлади Миртемир. Москвада матбуот конференцияси ўтказиб, бўлаётган гапларни дунё жамоатчилиги олдига қўяман. У ана шу фикр билан йўлга чиқди. Москвада жумҳурият тамсилчиси кутиб олди.

- “Катта” шахсан телефон қилиб, матбуот конференциясини бекор қилдилар. Сиз олиб келган нарсаларингизни бизга топшириб, орқага қайтар экансиз.

- Нега бекор қилишди? Мен ҳеч нарса олиб келганим йўқ.

- Халқ ҳаракати вакилллари идорамизни қуршаб олишди. Тинимсиз матбуот конференцияси ўтказишаяпти, – деди тамсилчи.

Миртемир Халқ ҳаракати вакиллари билан учрашиб, бўлган воқеалардан уларни хабардор этди. Кейин шу куниёқ ортга қайтди. Келса, телевидение тинимсиз равишда “Катта”нинг фаоллар мажлисидаги нутқини такрорлаб кўрсатаётган эди. У мажлисда шу қадар жўшиб гапирибди-ки, Миртемирнинг ҳам вужуди титради. Бу унга ишончданмиди ёки нафратданмиди, ўзи ҳам англаб етмади.

“Катта” ҳамма орзу қилиб юрган гапларни гапирганди:

“Халқ ҳаракати ва Озодлик партиясининг битта мақсади бор. У ҳам бўлса Ватанига, миллатига хизмат қилишдир. Агар ана шу йўлдан боришса, мен Исломга ҳам, мафияга ҳам йўл бераман.

Эй, одамлар! Олти ой, етти ой сабр қилинг, август-сентябргача сабр қилинг. Тиз чўкиб сурайман, сўнг ҳаётимиз фаровон бўлади. Мен сизларга ҳаётни жаннат қилиб бераман. “Қора кучлар”дан биринчи навбатда талабаларни, сўнгра сизни қутқазаман.

Қотиллар топилади ва жавобгарликка тортилади. Ўқ еган йигит менинг ўғлимдек, азоб чекдим. Унинг юртига бориб, қабрга ўзим қўяман ва унинг хуни учун қотиллардан ҳисоб сўрайман…”

Миртемир Талабалар шаҳарчасидаги Маданият Саройига келди. Учрашув кичкинагина хонада бўлди. “Катта” бу ерда ҳам фаоллар йиғилишидаги гапларини айнан такрорлади. Домлалардан айримлари уни қўллашди.

- Менда бир савол бор,- дея ўрнидан турди ҳажвчи Худойқул Мухторов.

Миртемир уни яхши танийди. Университетга кирганида илк дарсда шу домла билан танишганди. Ўшанда Худойқул Мухторов эркин мавзуда иншо ёздирди. Эртасига эса беш кишини ўрнидан турғазиб “Сизлар университетга танкасиз киргансизлар. Қолганларнинг эса орқасидан итарган танкаси бор”, деди. Миртемир ҳам ўша беш кишининг ичида эди. Қолганлар домладан ранжиган бўлишди.

- Ҳақиқат аёвсиз ва ранжитувчи бўлади,- деди Худойқул Мухторов.- Ҳақиқатни ҳимоя қилувчилар ўжар, чўрткесар, қизиққонга ўхшаб кўринадилар. Аслида эса улар бундай эмас. Уларни шу тарзда кўришга истаганлар учун орзуларини рўёбда тасаввур қиладилар. Мен хулосамни осмондан олганим йўқ. Ҳар бирингиз ичингизда қандай билди экан, деб ўтирибсиз. Лекин айни пайтда мени ёлғончи ҳам деяпсиз. Жамиятимизнинг инқирози ана шунда, ичимизда бошқамиз, ташқарида бошқамиз.

Худойқул Мухторов кўпинча масал ёзарди. Масал орқали ҳайвонларнинг тили ва образида ҳамма гапни айтиш мумкин. Балки шунинг учун ҳам у хушчақчақ одам эди. Ўзини ўйлантираётган ва қийнаётган дардларни масалларга тўкиб, енгил тортарди. Мана энди у биринчи бўлиб “Катта”ни саволга тутмоқда.

- Талабаларни отишга ким рухсат берди? Сиз мамлакатнинг бошида ўтирибсиз, бу нарсани билишингиз керак.

- Ёшингиз неччида? – сўради “Катта” ундан.

- Сиз билан бир йилда туғилганмиз,- деди у.

- Э, яшанг Худойқулжон! Тенгқур эканмиз, қани айтинг-чи, нега талабаларни қайтариб қолмадингиз?

“Катта” ўзига хос “манёвр” билан Мухторовнинг саволини четлаб ўтиб, ўзини нишонга олди.

- Газетачилар факультетининг талабалари очлик эълон қилишди. Уларга “Болаларим, тўққиз қатли бинонинг устида ўтираверманг, бўйрагингиз шамоллаши мумкин”, дедим.

Мухторовнинг гапини “Катта” бўлди:

- Уларнинг буйраги эмас, мияси шамоллаган, миясини даволаш керак! Билдингиз-ми, Худойқулжон. Буйрак шамолласа, гўр ҳам чалмайди!

- Гўр чалиш, чалмаслиги нималигини билмадим-у, Лекин…

Унинг гапини яна “Катта” кесди:

- Мана менинг ҳам буйрагим касал…

Энди Мухторов “Катта”га мудоҳала қилди:

- Бизга келажакда буйраги соғлом рағбарлар керак. Ўшанда уларнинг мияси ҳам шамолламайди.

“Катта” тушунди-ю тушунмасликка олди. Олимларнинг ичида у билан ади-бади айтишни истамади. Кичик залда тикилиб ўтирган домлаларнинг баъзилари Худойқул Мухторовга қойил қолсалар, айримлари бу ўжарлигини қўймади-қўймади-да дегандек, бош силкишди.

Бирдан залда шивир-шивир бошланди. Ташқарида юзларча талабалар тўпланишибди. “Катта” билан кўришмоқни талаб қилишаётган экан. Уларнинг вакили сифатида Маратов билан Халқ ҳаракатининг йўлбошчиларидан бири бўлган Исмат Шуҳратуллаев ичкарига таклиф қилинди. Аввал Маратов сўз олди:

- Мен нон дўконининг ёнида тургандим. Нон келмагани учун талабалар норози бўлишди. Аста-секин улар кўпайиб кетишди. Шу пайт ОМОНчилар келди. Уларнинг раҳбари менинг ёнимда эди. У киши жуда яхши одам экан. Отишга рухсат берган эмас, балки мени ҳимоя қилиб турди. Ўқ отганлар провакаторлардир, “қора кучлар”нинг одамлари. Телевидение эса миршабларни, Жонибековни айблаб кўрсатув тайёрлабди. Хайрият-ки, бу кўрсатув экранга берилмади. Умуман, “Катта”мизга тушуниш қийин. Миртемир у кишига қарши Олий мажлисда тўнтариш ҳозирлади, у кишини шарманда қилувчи баёнот тарқатди, мажлисда ҳақорат қилди, лекин уни олиб келиб телевидениега раҳбар қилиб қўйдингиз. Мана энди фақат сизга эмас, юртимизга душманлик қилаяпти. Ҳозир Москвада ўтириб, матбуот конференцияси ўтказаётган экан…

Миртемир индамай ўрнидан турди. Унга кўзи тушиб қолган Маратов:

- Мана бу ерга ҳам етиб келибдилар,- деди.

Миртемир сўз сўраганди,”Катта”:

- Бу ерга талабаларни тинглашга келдик,- деди ва Исмат Шуҳратуллаевга сўз берди. Кейин вазир, ректор ва яна бир неча кишини ишдан олажагини айтиб, ташқарига чиқди. Миршаблар томонидан қуршаб олинган машинаси эшикнинг оғзида турарди. У бир зумда кўздан ғойиб бўлди.

Миртемирнинг хаёлидан Маратов кетмаётганди. Нега бу одам хаёлимдан чиқмай қолди? Дарвоқе, у мендан нима истайди? Нега бу ҳодисаларга менинг номимни боғлашга уринди? Бундан унинг бир манфаати борми? Дарвоқе, Маратов ўзининг фикри билан юрмайдиган одам. У гоҳида Коммунистик партиянинг ибратли танқидчиларидан бирига айланса, гоҳида мухолифатнинг лидерларидан бири бўлади. Ҳар кун қиёфасини ўзгартириб турадиган бу буқаламун юқоридаги акаларининг кўрсатмаси билан турланади. Улардан қандай топшириқ олса, ўша мусиқага ўйнайди, аммо маҳоратли ўйинчи. Уят, ҳаё деган нарсаларни билмайди. Маратов деган сўз қаердан менга таниш? Маратов… Маратов… Ҳа, топдим! “Марату” ривоятидан. Дарвоқе, ривоятдаги Марату билан унинг фамилияси бир-бирига жуда яқин. Маратунинг қилмиши, феъл-хуйидан Маратов худди андоза олгандек. Балки Маратов Маратунинг бир неча минг йилдан кейин пайдо булган нусхасидир, балки ўзидир. Йўқ, у менга қарши бўлгани учун Маратуга ўхшатаяпман. Ахир Маратов фақат бугун менга тош отаётгани йўқ-ку?!. Йиллардир у халққа қарши ўйналган ўйинларнинг бош қаҳрамони. Буни кўпчилик яхши билади. Лекин ундан ҳайиқишади. Баъзилар эса бир кун менинг ҳам ёқамга ёпишмасин, деб у билан яқинлашишга, дўстлашишга ҳаракат қилишади.

Миртемир ташқарига чиқар экан, хаёлида “Марату” ривояти гавдаланди. Самонийларнинг тўнғичи бўлган ҳукмдор тоғ этагида яшаган Шошу қабиласининг бойликлари қоялар остидаги ғорда эканлигини тахмин қиларди, аммо бу ғорнинг оғзи қаердалигини билмасди. У қабила бошлиғини, унинг аёлини ҳар қанча қийнамасин, бирор гап ололмасди. Уларнинг икки ўғли бор эди. Бири қийноқларда жон берди, иккинчиси эса ҳукмдорнинг оёғини ўпди. Унинг пулга, мансабга ошиқлигини сезган ҳукумдор аврай бошлади:

“Сени қабилага раис этиб тайинлайман. Бойликлар қаерда эканлигини айтсанг, бас. Ярмини сенга қолдираман.”

” Отам Мурунта тоғидан олтин кони топганди. Ана шу олтинларни ғорларга яширди. Кириш йўлларини ҳатто бизга ҳам кўрсатмади”

” Наҳотки, ҳеч кимнинг хабари бўлмаса?”

” Кундуз кунлари отам олтинларни қояларнинг этагига қадар ташитарди, кейин ярим тунда онам билан уларни қаергадир олиб бориб яширарди. Бизга эса бу олтинларнинг ғорларга яширганини ва уларни мерос қолдиражагини айтарди.”

” Дунёда қандай қийноқ, қандай исканжа бўлса отангга ва онангга қарши қўлладим, лекин миқ этишмади. Мен эртага эрталаб узоқ сафарга кетаман, агар сен бу ишнинг уддасидан чиқсанг нафақат бу қабиланинг, балки қўшни қабилаларнинг ҳам хирожини теришни сенга топшираман.”

” Ғор оғзини билса-билса онам билади. Лекин унинг бардоши отамникидан ҳам юксак. Ўлдирсангиз ҳам бир сўз олиш қийин.”

” Аёл зотидан гап олишнинг йўллари кўп. Сен отангга жуда ҳам ўхшайсан. Гавданг, товушинг, кўринишинг қуйиб қўйгандек отангникига ўхшайди. Ярим тунда онангнинг қўйнига кирасан. Унга ҳукмдор бошингга урганини, ҳамма нарсани унутганингни айтиб, ғорнинг оғзига олиб борадиган йўлни сўрайсан.”

” Барибир айтмайди. Бунинг устига мен онамнинг қўйнига киролмайман.”

” У ҳолда укангга ўхшаб қийноқнинг қули бўласан. Аввал кўзингни ўйиб оламан, кейин бармоқларингни кесаман. Сўнгра эса шакар томирингга чўғ босаман. Танла, бу азоблар яхшими ёки қабиланинг раиси бўлиш-ми? Истасанг, фармонни ва олтинларнинг ярмига эгалик қилишинг ҳақидаги қароримни ҳозироқ чарм терига ёзиб, қўлингга берай. Белингга боғлаб ол. У сенга куч беради.”

“Онам барибир айтмайди.”

“Оқшом онангни сўроқа чақириб оғзига шароб тўкамиз. Сен қоронғуда унинг қўйнига кирасан. Уни эркалайсан. Нозик туйғуларини жунбушга келтирасан. Мени лаънатлайсан. Бу азоблардан яқин орада қутилишини қулоқларига шивирлайсан. Бутун истакларини қондирасан. Ана ундан кейин олтинлар ҳам, мансаб ҳам сеники.”

Марату хукмдорнинг айтганини қилди. Онасидан ғорга олиб борадиган йўлни ўрганиб, чодир ташқарисида пойлаб турган ҳукмдорнинг ёнига югурди.

” Сен мард бола экансан. Менга кўп фойданг тегади. Бу қабилага раис қилиб қўйсам, ноинсофлик қилган бўламан. Сени ўзимга хазинабон этиб тайинлайман. Халқдан солиқ йиғасан.”

” Қуллуқ, қандай амрингиз бўлса, ҳаммасини бажараман.”

” Ундай бўлса ота-онангни йўқот. Ўғли билан ётган она бошқалар билан ҳам ётади. Отанг эса сенга душман бўлади. Чунки мен билан бирга бўлишингни хоинлик, деб ҳисоблайди.”

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганларидек, Марату қилмиши ҳам халқ орасида тиллардан тилларга кўчиб юрди. Маратунинг девонбеги бўлгани, ундан кейин Бош вазирга қадар юксалгани пайтида,одамлар бу мудҳиш воқеа ҳақида овоз чиқариб гапиришга қўрқишарди. Аммо бир кун ҳукмдор халқнинг олдига чиқиб:

- Мен Маратуни ҳалол, пок инсон, деб билгандим. Унинг ота-онаси ва укасини ўлдиришгач, бу оилага ёрдам қилмоқчи бўлдим. Бу болани Бош вазирликкача кўтардим. Лекин ўлимга ҳукм этдим. Чунки у бир пайтлар ўз онасининг қўйнига кирган экан. Буни эътироф этди. Шу боис Маратунинг жасади бутун қиш бўйи дорда осиғлик туришини буюраман. Ҳамма бундан ибрат олсин. Бу нафақат хоиннинг жазоси, балки бу ярим тунда алданган онанинг қарғиши ҳамдир, – деди.

Одамлар ҳукумдордан қўрққанлари учун “Уни бу ишга сен бошлагандинг. Иккаланг ҳам лаънати шайтоннинг дарсини олгансан” деб айтишолмади. Аммо “Марату” афсонаси эллардан элларга, йиллардан йилларга кўчди. Ривоятга айланиб яшади. Кимдир бу ривоятдан дарс олди, кимдир ўз билганидан қолмади.

Маратов ҳам ана шу дарс олмаганлар тоифасидан эди. У ҳам ҳукмдор учун ҳар қандай буйруқни бажаришга тайёр бир Марату эди.

8. ИСТЕЪФО

“Катта” кечқурун маҳаллий ва чет эл мухбирлари иштирокида матбуот конференцияси ўтказди. Миртемир унинг изини йўқотиб қўймасликка уринган изқувардек матбуот конференциясига келди. Сўз олиб, бўлган воқеаларни қисқа қилиб гапирди. Лекин “Катта” одатига кўра жавоб бериш ўрнига бошқа нарсалар ҳақида тўхталди. Конференциядан кейин Миртемир “Катта”нинг ёнига бориб, аризасини топширмоқчи бўлди. Унинг келаётганини кўрган “Катта” мухбир қизнинг белидан қучоқлаб, унга муҳим гапи бордек, қулоғига бир нарсаларни пичирлаганча, орқа эшикдан чиқиб кетишди.

Миртемир истеъфо аризасини кўпайтирди-да, бир нусхасини Майновга, яна бир нусхасини Узоқовга бераркан, коридордан Салимовнинг келаётганини кўриб қолди:

- Сизни ҳам қийнаб юрмай, мени йўқотиш учун овора бўлишингизга ҳожат қолмади. Мана истеъфом, – дея бир нусхасини унга узатди.

Салимов совуқ башарасини бужмайтирганча кулимсираган кўриниш беришга уринди.

- Укажон, мени Бош вазирга ўхшатдингиз. Истеъфонгизнинг адреси Бош вазирдир,- деди.

- Бош вазир ҳам сизнинг қўғирчоғингиз бўлгани учун уни овора қилиб юрмай дедим-да. Майли, овораси бор-ми? Сизга у олиб кела қолсин, – Миртемир шундай деб қайрилиб девондан чиқиб кетди.

Миртемир Олий кенгашга келса, Воҳидовнинг хонасида Исо Холис ва яна икки-уч киши ўтиришганди. Вақт алламаҳал бўлиб қолганига қарамай уларнинг бамайлихотир ўтиришларидан, кимнидир кутишаётгани маълум эди. Салом-аликдан кейин Миртемир бўлган воқеаларни Воҳидовка гапириб берди. У бош чайқаб қўяркан “Мана Исо Холис давлат комиссияси таркибига кирдилар. Шу боис бу масаланинг босди-босди қилинишидан қўрқмасак ҳам бўлади,” деди. Исо Холис эса:

- Истеъфономангизни беринг, биз газетамизда нашр эттирамиз,- дея Миртемирдан истеъфономанинг бир нусхасини олди.

Кейин маълум бўлса, улар ҳам Бош вазир Абдулла Ҳошимов билан учрашмоқчи эканлар. Бош вазир Миртемирнинг истеъфономасини эринмай, тоқат билан ўқиди:

“Пойтахтнинг Талабалар шаҳарчасида рўй берган фожеа юртимизда ошкоралик, ростсўзлик йўқлиги, инсон ҳуқуқларини топташ ҳали бери барҳам топмаслигини исботлади. Мен раҳбар булган жумҳурият телевидениесидан кўрсатувлар олиб қўйилди. “Муносабат” рукни билан ҳозирланган махсус кўрсатув экранга чиқарилмади. Ошкоралик учун кураш йўллари бекитиб ташланди. Мени истеъфо беришга ундаган сабаблар қуйидагилардир:

1. Ҳар қанча уринмайлик, Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар ҳақида ошкора фикр билдирилишига йўл берилмагани.

2. Сойкент воқеалари юзасидан тузилган комиссиянинг хулосаси сир сақлангани каби Талабалар шаҳарчасидаги фожеа юзасидан ҳам ўша услуб қўлланилаётгани.

3. Яна яккаҳокимлик, диктатура бошланаётгани. Халқнинг оғир аҳволини енгиллатиш ўрнига фақат ваъдалар бериш ва мансабталаш билан банд бўлишаётгани.

4. Сиёсатда барқарорлик йўқлиги, миллий бирлашув ҳақида тинимсиз гапирилгани ҳолда амалда тескарисини қилиб, низо-адоват келтирилиб чиқарилаётгани.

5. Кадрларни танлашдаги жиддий хатолар, бу борадаги ўпирилиш, раҳбар кадрларга ишончсизлик, уларни асосан шахсий садоқатига қараб танлаш, қобилияти, билими эътиборга олинмаётгани.

6. Маҳаллийчилик иллатининг илдизига сув солиш, одамларни бир-бирига қарши қўйиш касалини даволаш ўрнига унинг авж олдирилаётгани.

7. Халқ тақдири ва келажаги билан шуғулланиш ўрнига икр-чикирлар, қувғинлар, инсон ҳуқуқларини топташ билан банд бўлинаётгани.

8. Мухолифатдаги партия, Ҳаракат уюшмаларга нисбатан минбарлардан яхши гап айтилиб, амалда улар таъқиб қилинаётгани.

9. Халқнинг аҳволи кун сайин оғирлашиб бораётгани, бунинг олдини олиш учун аниқ дастур йўқлиги.

10. Миллатвакилларининг эркин баҳслари, бор гапни айта олишлари учун шароит яратилмагани ва аксинча оғир, носоғлом вазият вужудга келтирилгани, фикрлар, таклифларга эътибор қилинмаётгани…

Ана шу сабабларга кўра, ҳукумат таркибидан чиқаман ҳамда ўзимни унга нисбатан мухолифатда, деб ҳисоблайман. Ҳукумат таркибида туриб бу иллатларга қарши кураш йўлини топмадим. Ҳукумат аъзолари учун йўллар берк ва очилмасдир…”

Истеъфономани ўқиб чиққан Бош вазирнинг қўли титраётган эди. У қуриб қолган лабларини тили билан хўллаган бўлди-да, гапиришга шайланди, лекин нимадир бўғзига тиқилди. Истеъфономани ён дафтарининг ичига қўйди ва ўрнидан туриб, Миртемирнинг қўлини маҳкам сиқди. Кейин унинг елкасидан қучоқлаган бўлиб, эшик ёнига қадар кузатди. У лом-мим демаса-да, хайрихох эканлигини Миртемир англади. Шу билан бирга унинг бу ҳаракатлари: “Бу сиз билан охирги учрашувимиз” маъносига ҳам келарди.

Миртемир чиқиб кетиши билан Бош вазир Салимовнинг ёнига югурди:

- Буни мухолифатнинг газетасида ҳам нашр этишар экан. Бошимизга бало бўлмасин,-деди.

Салимов хотиржамлик билан истеъфономани оларкан, ўқиб ҳам кўрмагани Бош вазирни ажаблантирди. Аммо Салимов аллақачон истеъфономанинг нусхаси ўзига етиб келгани ва “Катта”га олиб чиқиб кўрсатгани ҳақида унга ҳеч нарса демади. Фақат:

- Мухолифатнинг газетасини ҳам ўзимиз босамиз, қўл қўймасак, чиқмайди, – дея Бош вазирни тинчлантирди.

Бош вазирни тавозе билан кузатиб қўйган Салимов Раимжоновга телефон қилди.

- Ҳужжатлар битди-ми? Тезроқ олиб келсангиз “Катта”га қўл қўйдирамиз ва Олий кенгаш раёсатига юборамиз. Кечаси билан раёсатни тўплаш керак,- деди.

Худди бир нарсани унутган кишидек, “гапни” калта қилган Салимов Олий кенгаш раиси Қўлдошевга боғланди:

- Кечаси раёсат аъзоларининг рухсатини олиш керак бўлади. Депутатлардан бирининг дахлсизлигини бекор қиламиз,- деди хотиржам оҳангда. Аммо депутатнинг кимлигини айтмади. Қўлдошев сўз ким ҳақида бораётганини биларди.

Миртемир уйининг ёнига келганда кираверишда уни бир киши қаршилади.

- Исмим Пўлат,- деди у.- миршаб бўлиб ишлайман. Илгари вазир ўринбосари бўлган бир акамиз сиз билан учрашмоқчилар.

Миртемир булар яна бирор ўйин бошлаётганга ўхшайди, деб ўйлади-да, ҳалиги одамнинг бошидан оёғига қадар разм солди. Новча, қишлоқлик йигит, юзида самимият бор. Шунга қарамай буларга ишониш қийин, дея ўйлаган Миртемир, индамай ичкарига қараб юрди. Пўлат унинг орқасидан келиб, у билан бирга лифтга чиқди.

- Вазирликда сизга қарши фитна тайёрланаяпти. Бу ишнинг бошида Раимжонов турибди. Талабалар шаҳарчасида ҳам “Ўқ отиш” буйруғини у берган.

- Ҳаммаси тўғри бўлиши мумкин. Лекин мен бу соатда ўзим танимаган одам билан учрашишга боролмайман, деди Миртемир “илтимос мени тинч қўйинг” дегандек.

- Истеъфономангиз “Катта”ни жуда ҳам қиздирибди-, деди Миртемир билан бирга лифтга чиққан Пўлат.- Эрталабга қадар раёсатнинг рухсати чиқади ва сизни дарҳол қамоққа олишади. Раимжоновнинг одамлари Сузоққа бориб, бир неча кишидан “Миртемир биздан пул истади”деган ёзув олиб келишди. Одамларни мажбурлаб, қўрқитиб шундай ёзув олишган. Мана нусхалари…

Миртемир лифтдан чиқаркан:

- Мана бу уй Миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғиникидир,- деди чап томондаги темир эшик томонга ишора қилиб. Шу боис бу ерда гаплашишимиз таҳликали. Юринг, яхшиси уйга кириб гаплашамиз.

- Уйингиздан бу ер бехавотир. Ичкарига кирсак, суҳбатимизни ёзиб олишлари аниқ,- деди Пўлат содда оҳангда.

Миртемир мактубларга назар ташлади.

“Мен Ҳаким Эшқобилов Сузоқда балиқчилик билан шуғулланаман. Биз балиқларни қўшни жумҳуриятга олиб чиқаётганимизда божхона ходимлари ушлашди. Кейин телевизорда кўрсатишмасин, дея депутат Миртемирнинг ёнига бордик. У биздан катта миқдорда пул истади. Бу тушунтириш хатини ўз ихтиёрим билан ёздим, ҳеч ким мажбур қилган эмас. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, “Катта”миз халқ учун қайғураётган бир пайтда Миртемирга ўхшаганларнинг ҳам мажлисда у кишини ҳақорат қилиши ва ҳамда биздан пора сўраши ақл бовар қилмайдиган ишдир…”

Кейинги хатда эса поранинг миқдори ва Миртемирнинг бу пулни олгани ҳақида гап борарди.

- Ҳозир бу одамларнинг ҳаммаси эски бошлиғимизнинг уйларида ўтиришибди. Улардан бу мактубни ёздириб олган миршаблардан бири ҳам ўша ерда. Сизга қарши бошланган бу фитнани ўзингиздан бошқа ҳеч ким тўхтатолмайди,- деди Пўлат пичирлаган оҳангда.

- Зотан, йўқотадиган нарсамиз йўқ. Ўйчи ўйлагунча таваккалчи ишини битиради, деганлар. Биз ҳам таваккал қилдик. Қани кетдик!

Миртемир шундай деб уйига ҳам кирмай орқага қайтди.

Эски бошлиқнинг ҳовлиси эски шаҳардаги қишлоқсифат маҳаллалардан бирида экан. Пўлат дарвоза четидаги тугмани босганди кимдир кўчага қараган дераза пардасининг ёнидан ташқарига мўралади. Кейин эшик очилиб, икки миршаб чиқди. Улар тавозе билан Миртемирни ичкарига таклиф қилишди. Пўлат эса атрофга алангалаб, ёндаги ва орқадаги кўчаларга қараб келди.

Миртемир бирдан сесканиб тўхтади. Дарвозахонада катталиги эшакдек бўлган иккита ит турарди. Гарчи итлар занжирга тортилган бўлса-да, уларнинг орасидан ўтиш мумкин эмасди. Икки миршаб бир ҳамла билан итларни икки томонга тортди-да ” Сиз ичкарига киринг”, дея Миртемирга ойнаванд хонанинг эшигини кўрсатишди.

Миртемир ичкарига кирганда ойнаванд хонанинг тўрида фақат бир киши ўтирарди.

- Хуш келдингиз, ока, – дея ўрнидан турди у. Буйи калта, тўладан келган бу одам эллик-эллик беш ёшлар атрофида эди. Кўзлари кулиб турган бу одам Миртемирни бағрига босди.- Исмим Ҳусан, “Катта”нинг аёвсиз қиличи биринчи бўлиб менга санчилган. Мен Ички ишлар вазирлигида тартиб ўрнатмоқчи бўлдим, лекин “Катта” ишдан олиб ташлади, устимдан жиноий иш қўзғади. Ҳозиргача судма суд юрибман. Лекин Ички ишлар вазирлигида фақат ҳайвонлар эмас, одамлар ҳам ишлайди. Адолатсизликдан куйганлар, ҳақсизликка учраганлар менга келишади. Аслида ҳозирги вазир ҳам менинг шогирдим. Бу қадар сотилиб кетишини ўйламагандим.

Ҳусан ака Миртемирга ўзи ўтирган жойни кўрсатди:

- Қани тўрда сиз ўтиринг. Сизни ғойибдан яхши танийман. Бундай шароитда учрашишимизни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Бугун Сузоққа бориб, одамларни қийнаб, шикоят ёздириб олишибди. Кейин улар арз қилиб Ички ишлар вазирига келишибди. Вазир қабул қилмагач, уларни менинг уйимга олиб келишди. Аслида Раимжонов деганлари тентаксифат одам. Бўлмаса, қидириб-қидириб сизга ҳурмати баланд бўлган одамлардан шикоят ёздириб олишади-ми? Бироз бош қотиришса-ку етмиш еттита душманингизни топишади. Шунисига ҳам шукур.

У тўхтамай гапирар экан, Пўлатга қараб:

- Янганга айт, димламани сузсин. Кейин меҳмонларни ҳам чақир, – деди.

Ичкаридаги хонадан бир капитан ва уч оддий одам чиқди. Улар югуриб келиб Миртемир билан кўришдилар. Ҳусан аканинг “ўтиринглар” имосидан кейин ўриндиқларнинг уч қисмида чекинибгина ўтиришди. Кейин Ҳусан ака:

- Қани кимдан бошлаймиз? Қисқа ва тез-тез гапиринглар, чунки эрталабгача ишимиз кўп,-деди.

Қорачадан келган киши сўз бошлади:

- Бизнинг умримиз балиқчилик билан кечади. Биров билан ишимиз йўқ. Сизни телевизорда кўриб турамиз. Ўтган кун божхона ходимлари ушлашди. Бу оддий ҳол, ҳар доим ушлашади. Чунки балиғимизга улар ҳам шерик, хақларини олиб қўйиб юборишади. Биз қўшни жумҳуриятга бориб сотиб келамиз. Ўтган кун ҳам ҳақларини олишганди, лекин ҳеч нарса билмагандек уйимиздан олиб миршабхонага келтиришди. Сўроқ қилишди, бир-икки биқинимизга туртишди ҳам. Кейин бир хатни кўрсатиб, уни кўчириб имзолаб беришимизни талаб қилишди. Йўқ деганимизга қўйишмади. Уйимизни тинтув қилиш учун одам юборишди, ўзимизни қийнашди. Шундан кейин майли, ёзиб берамизу кейин пойтахтга бориб шикоят қиламиз, деб ўйладик. Нега бизни танлашди? Ҳалигача ҳайронмиз.

- Қўрага сен тушдинг,ука,- дея сўзга аралашди Ҳусан ака. – Раимжонов бу ишни ўзи ишонган одамга топширган. У одамнинг ишонгани эса сени балиғингга шерик бўлган кишилар.

Кейин Сузоқдан келган яна икки киши ҳам бўлган воқеани айтиб бераркан:

- Фақат биз келмоқчи эмас эдик, чунки миршаб дегани ҳукумат дегани. Уларга қарши туриб бўлмайди. Лекин мана бу одам “Миршаблардан қутиласану Миртемирдан қутилолмайсан. У барибир бу ишни фош этади”, деб ҳол-жонимизга қўймагандан кейин келдик. Йўқ ердан бошимизга ғавғо қўнди,- дейишди.

- Вақтимиз зиқ,- деди Ҳусан ака ва Миртемирга юзланди. – Сиз келгунингизча мен булардан тушунтириш хати ёздириб олдим. Мана бу капитан укамиз эса уларни урганлардан бири. Раимжоновнинг ишонган тоғи. Аммо бугун қилмишига иқрор бўлди. Агар ишдан қувилса, бир бурда нонини мана биз топиб берамиз. Қолаверса, бунинг раҳматли отаси профессор Тўғонов университетда сизга дарс берган. Ҳақиқатни севган инсон эди. Бу йигит унинг руҳини шод қилди. Отасини яхши танирдим. Менинг дўстим эди, нур ичида ётсин. Ҳозир димламани ейлик, кейин сизга жавоб берайлик. Эрталабгача бир йўлини қилинг, кечикиб қолманг. Аллақачон раёсат аъзоларидан рухсат олиб қўйишган бўлишса керак.

Миртемир раҳматли Тўғонов ҳақиқатга йўл излаб ўлиб кетганини эсларкан:

- Бизни ҳам ҳақиқат учун курашишга чорлаб кетди, раҳматлик. Майли,овқат ейишни бошқа кунга қолдирсак, раёсат аъзоларининг баъзилари ҳали Олий кенгашда эдилар. Воҳидов ака ҳам ўша ерда эди. Балки у кишини кўришга улгурарман, – дея йўлга чиқди.

- Бугундан бошлаб Пўлатжон сизнинг ёнингизда юради. Унга ишонаверинг. У ҳам “Катта”дан азият чеккан одамлардан. Кўринишига қараб ёш деб ўйламанг. Қамоқда ҳам ўтириб чиқди,- деди Ҳусан ака Миртемирни кузатиб қоларкан. – У сизнинг қўримангиз. Бир-биримизни қўримасак, бир бутун кучга айланмасак “Катта”га қарши туришимиз қийин.

Миртемир Олий кенгашга келаркан, кучига куч қўшилгандек эди. Чунки у кейинги кунларда ўзини анча ёлғиз ҳис этаётганди. Қараса, атрофда “Катта”нинг қилмишларидан куйганлар, унинг кирдикорларини кўриб, тушуниб юрганлар кўп экан.

Ҳа, деб ўйлади Миртемир халқ денгиздир. Шоир бу жумлани осмондан олган эмас. Халқ қудратли куч. Фақат бир бутун бўлгандагина куч. Лекин тарқоқ ҳолда ожиздир. Якка-якка ҳолида эса синдирилиши жуда осон. Бувиларимиз паҳлавонлар ҳақида эртаклар сўйларканлар, бир чўпнинг синиши осонлиги ва бир даста чўпнинг синиши мушкуллиги ҳақида бекорга гапиришган-ми? Бу- ки чўп, инсон ҳам бир ўзи қолса, аввало ўзини ўзи ейди, ўзини ўзи синдиради, махф этади. Агар унинг ёнида дўстлари, ҳамфикирлари бўлса, улар жипслашиб метин иродага, бузилмас қалъага айланадилар. Бирлашган куч бирлашмаган пуч, деб бекорга айтишмаган.

Миртемир хаёл суриб келар экан Олий кенгашга яқинлашиб қолганларида беихтиёр олтинчи қаватга назар солди. Воҳидовнинг хонасида чироқ ёниб турарди. Демак, ҳали шу ерда.

- Ҳозир “Катта”нинг ўзлари телефон қилдилар,- деди у.- Сиз бизнинг қўмитамизнинг аъзоси бўлганингиз учун мени ҳам койидилар. Ука, бу ерларадан узоқроқ жойга кетиш керак. Мен имзо отмаганим билан ҳеч нарса ўзгармайди.

Миртемир Воҳидовдан шундай жавоб чиқишини биларди. Ундай бўлса нега келди? Ёки чўкиб кетаётган одам учун хас ҳам умид-ми? Йўқ, бу одамнинг хасчалик умидбахшлиги ҳам йўқ. Миртемир бу ҳиссиётини Воҳидовка сездирмаган бўлсада, шарт бурилиб хонадан чиқиб кетиши бу ҳисларни ташқарига урди.

Қўлдошевнинг қабулхонасидаги нусха кўпайтиргич ёрдамида барча ҳужжатларни кўпайтириб олган Миртемир, бир нусхасини котибга узатди:

- Буни раисга бериб қўясиз,- деди.

Сўнгра “Катта”нинг қабулхонаси, Бош прокурорга ҳам бир нусхадан ажратиб, уларнинг ярим тунда мудраб ўтирган котибларига қолдирди. Уйига қайтаркан, жумҳурият газетасининг чироқларига кўзи тушди. Газетачилар эрталабга қадар ишлашларини яхши биларди. Бу ер унга сўнги умид булиб кўринди-ми, Пўлатга:

- Сизни ҳам чарчатиб қўйдим, шу ерга ҳам бир кириб чиқай,- деди.

Аҳаджон Ғуломов шу ерда экан.

- Бу фитна. Яхшилаб ёзинг, газетага чиқарамиз,- деди у ва ҳужжатлардан бир нусха олиб қолди.

Миртемирнинг уйқуси қочган эди. Шу боис Пўлатга ” Уйга бориб, ҳангома қиламиз, бироз ичамиз”, деди.

Умр йўлдоши хавотирланиб, кутиб ўтирган экан. Бир зумда дастурхон тузалди ва овқат сузиб келтирилди. Пўлат бир пиёла ароқ ичгандан кейин “очилиб кетди”.

- Миртемир ака, булар жуда аёвсиз одам, булар учун чумолининг ўрни бору инсоннинг ўрни йўқ,- деди. Кейин эса ўз достонини бошлади.- Мен тоғларга яқин бир қишлоқда туғилдим. Отам ёшлигида ўпка касалидан вафот этган экан, онам ҳам узоқ яшамади. Бувимнинг қўлида қолдим. Мактабни битирарканман, бувимдан ҳам айрилдим. Кейин ҳаё-хуйт деб пойтахтга келдим. Ўқишга кирмоқчи бўлдим, киролмадим. Мардикор бозоридан бизни ушлаб кетган миршаблар ўз уйларида ишлатишарди. Улар билан танишиб қолдим. Бир-икки йилдан кейин мени йўл соқчилигига ишга ўтказишди.

Орзуим ўқиш эди. Ҳеч нарсага эътибор қилмай Автомобил йўллари институтининг кечки бўлимига кирдим. Битиргунумга қадар шаҳар соқчилар бўлимигача ишга келдим. Биз йўлда тураркан “план” беришарди. Бу пора планини бажариш учун шоферлардан пул йиғардик. Шаҳар идорасига ишга ўтганимда эса, мен ўзим соқчиларга “план” берадиган бўлдим. Чунки раҳбаримиз мендан истарди. Бир куни шаҳарда катта авария бўлди. Дарров етиб борсак, енгил машина ичида саккиз нафар талаба ҳалок бўлибди. Миршаб йигит ҳўнгир-ҳўнгир йиғларди. Нима гап, дея уни четга тортдим: “Рулдаги бола маст эди. “План” тўлсин, дея ўтказиб юбордим.”

Бу воқеадан жуда таъсирландим. Бир куни мажлисда идорамизда бўлаётган воқеаларни, “план” масаласини ўртага ташладим. Бу виждонсизликдан уялиш кераклигини айтдим. Инсонларнинг умрига зомин бўлаяпмиз, дедим. Дарҳол комиссия тузилди, икки кундан кейин мени қамашди. Миршаблар учун алоҳида қамоқхона бўлишига қарамай мени оддий жиноятчиларнинг орасига ташлашди. Мен кўрган азобни бошка ҳеч ким кўрмасин. Бошимга нима келса ҳам тилимдан келди, деб чидадим. Тилим виждонимнинг буйругини бажарганди. Аммо энг дахшатли кийнокни хамкасбларимдан курдим. Мен терговда Ички ишлар вазири биринчи ўринбосари Хусан акадан бошқа ҳаммаси қўл остидагиларга “план” беришини ва уларни пора олишга мажбур қилиб қўйишларини очиқ айтдим. Кейин “Катта”нинг номига ариза ёзиб яширинча ташқарига чиқардим. “Катта”гача етиб ортга қайтди. Мендан бошқаларга эмас бевосита Ҳусан акага пора берганим ҳақида сохта кўрсатмани имзолашимни талаб қилишди. Имзоламадим. Дўппослашди. Қобурғаларим синди, лекин имзоламадим. Кейин шишанинг устига ўтиртиришди. Барибир имзоламадим.

Ундан кейин кандайдир укол қилишди. Ҳушимдан кетиб қолибман. Ўша пайт қўл қўйдириб олишибди. Буни видеолентага ҳам туширишибди. Ўзимга кўрсатишди. Худди мастга ўхшаб ўтирибман. Менинг кўрсатмам бўйича Ҳусан акани ишдан бўшатишди. Суддан кейин узоқ бир вилоятга жўнатишди. Ҳусан ака мени кўришга келди. Унинг кўзига қарай олмадим. Лекин ҳамма гапни очиқ-ойдин айтиб бердим. Таниш-билишлари орқали мени қамоқдан чиқариб олдилар. Кўриб турибсиз, бугун яна миршабман. Оддий соқчиман, яъни ҳаётимни қайтадан бошлаяпман. Фақат оддий соқчилардан фарқим шуки, уларга ўхшаб юқоридагилар учун пул тўпламайман. Шу сабабдан мени ёмон кўришади. Аммо Ҳусан аканинг одами, деб индашмайди. Вақти келганда фойдаланиш учун ҳозирча кўзларини юмиб туришибди.

- Оилангиз қаерда? – деб сўради Миртемир Пўлатдан.

У уҳ тортганча, сўниб қолаётган сигарети билан янгисини ёқди-да, чуқур-чуқур симириб:

- Улар нафақат менинг умримни, балки оила аъзоларимнинг умрини ҳам хазон қилишди,- деркан, оғзидан пишқириб чиққан сигарет тутуни юзини қоплади. У шу дамда қуюқ туман ичида қолган одамга ўхшарди. Туман тобора хиралашиб унинг мунгли кўзлари чарақлаб ёнаётганди. Лекин бу ёниш мамнуният ёки севинч аломати эмас, балки нафрат алангаси эди.- Мени қамашгандан кейин уйимни тортиб олишди, мол-мулкимни мусодара қилишди. Хотинимга “Бундан ажралмасанг кунингни кўрсатамиз” дейишган экан, боалаларни олиб қишлоққа кетиб қолди. Қамоқдан чиққанимдан кейин ҳузурига бордим. Лекин мени остонадан қувди. “Тилини тиёлмаган эркак билан яшамайман” деди. Болаларимни кўрсатишмади. Араққа ружу қўйдим. Хотинимнинг отаси мени миршабларга олиб бориб топширди. Яна орага Ҳусан ака тушди. Кейин пойтахтда қайтадан уйландим. Маошдан бошқа топадиган пулим йўқ эди. Бир кун хотинимнинг бармоғида бриллиант узук, қулоқларида бриллиант халқа кўриб қолдим. Ёруғ дунём яна қайтадан қоронғу бўлди. Ундан қаердан олганини сўрадим. Жанжал кўтарди.. “Нобакор эр олиб бермагандан кейин ўзим топаман-да”деди. Шундан кейин шубҳаланиб орқасидан пойладим. Олдинги ишлаган идорамнинг бошлиғи билан юрар экан. Уни алдаб йўлдан чиқаришибди. “Планни бермаганлардан нима олишни яхши биламиз” деди бошлиқ. Хотиним билан ажралдим. Бошлиқни эса ўлдирмоқчи бўлдим. Лекин Ҳусан ака “Бир бошлиқнинг ўлими билан дунё тузалмайди. Қанча-қанча бошлиқлар, қанча-қанча оилаларни бузишмоқда, не-не ҳаётларни зимистон қилишмоқда” деди. Шундан кейин Ҳусан аканинг сафида мужодалага кирдим. Ҳозир кўпчиликка айландик. Бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса индин, барибир бир кун келиб улардан ҳисоб сураймиз.

Миртемир Пўлатнинг ҳикоясини тинглаб бўлгач, унга таскин берадиган сўз тополмади. Чунки шу дамда унинг ўзи таскинга муҳтож эди. Пўлатни кузатиб қўйди-да, қўлига қалам олиб қоғозни қоралай бошлади.

9. ФИТНА

“Фитна…” У сарлавҳани ёзди-да, бироз хаёл суриб тургандан кейин илк сатрни битди: ” Тоғига қараб тарлони, сувига қараб илони…”. Тонг бўзариб қуёшнинг нурлари деразанинг ойнасига санчила бошлаганда ҳам Миртемир мақола ёзиб ўтирарди.

Миртемир сўнги сатрларни такрор ўқиди: “Одамлар, эл-улус дардидан кўз юмган ўғил-оқпадар;

Ватан шаънини оёқости қилиб, унга қарши бош кўтарган ўғил – сотқин, хоин, бахтиқаро;

миллат онадир. Онадан юз ўгирган, унинг хизматидан бўйин товлаган ўғил – қўлсиз, оёқсиз, гунг, кўзи кўр, қалби сўқир – мажруҳ;

халқнинг дардини англаб, Ватан ташвишини тушуниб, она аламини тинглаб, миллат машққатини кўриб, курашга ўзида куч тополмаган ўғил эса ўлик, тирик мурдадир!”

У мақолани четга сураркан, уйқусизликдан жимирлаётган кўзларини ишқалади-да, деразанинг ёнига келди. Инсон дунёга бир марта келади, деб ўйлади. У яшаб ўтгач, ким бўлганлигини сағана тошидан билиш мумкин. Бу тошда саккизта рақам фалон йил туғилиб фалон йил ўлганини ифода этади – бу рақам ёнида унинг исми-шарифи, нари борса икки қатор айрилиқ сатри, бир шеър битилади. Аммо одамлар қалбида, юрт дафтарида инсоннинг кимлигига ажратилган ўрин анча каттароқ ва кенгроқдир. Бу ерда тоштарош ёки марсия ёзувчи шоир ҳам ожиз. Чунки қалб дунёсининг қаерида кимнинг жойи бўлиши жумбоқ, юрт дафтарининг қайси саҳифасида ким ҳақида ёзилажаги сир. Аммо ҳар икки ҳолатда ҳам ҳақиқат ёзилажак. Таасуфки, жуда кўп жой ва жуда кўп саҳифалар бўш. Демак, қанча-қанчамизга фақат унсиз сағаналар тарих, холос.

Бугун юртимизда ўн миллиондан зиёд киши сафолат, камбағаллик ботқоғида. Бу азобда ингранаётганларнинг фарёдини эшитадиган йўқ. Борларининг ҳам қулоқларини кесдилар, кўзларини ўйдилар, юракларини суғириб олдилар.

Илк демократия шамоли эсганда узоқ бир тумандан миллатвакили этиб сайландим. Ҳақиқат ва адолатни излаган инсонлар виждон ва иймонга содиқ қолиб, мени сайладилар. Бу менинг эмас, камсуқум, заҳматкаш ўша инсонларнинг ғалабаси эди. Қуръони Каримни ўпиб қасам ичмадим. Лекин инсонларнинг ишончлари ва елкамга юкланган масъулиятни бир лаҳза бўлсин унутмасликка ҳаракат қилдим. Мансаб билан эмас, улар билан қолишни афзал кўрдим. Аммо ҳар одимим ортидан бошимга дўл ёғилди. Қуръони Каримни ўпиб қасам ичган ва сўзининг устидан чиқиш у ёқда турсин, атайлабдан аксини қилган “Катта”нинг омади кулгани-кулган. Бироқ қачонгача?!

Кураш омонсиздир. Аслида шундай бўлишини билмасмидим? Сайловолди учрашувларида миллатвакили қурувчи эмас, давлат ва сиёсат арбоби бўлиши кераклигини урғуладим. Лекин давлатнинг теппасида турганларга шерик эмас қурувчилар керак эди. Мустақиллик учун курашни олдимга вазифа қилиб қўйдим. Лекин мустақиллик душманлари қаҳрамонга айландилар, бизнинг эса ҳолимизга маймунлар кулмоқда. Кўзбўямачиликка қарши чиқдим. Лекин бутун халқнинг кўзини бўяшган экан. Бу кўзлар фақат кўзбўямачиларнигина кўра олди. Йўқ, бутун халқ эмас. Бутун халқ ҳақиқатни кўриб турибди. Ҳатто унинг бир қисми сукутли бўлса-да, курашмоқда. Фақат занжирбандлик иллати бу сукут туғёнга айланишининг олдини олмоқда. Ишончсизлик тизза бўйи ўсди. Аммо шундай кун келади-ки, буларнинг ҳаммаси енгилади. Агар бу ҳаёт даҳшатларидан қўрқса, чекинса, Пўлатга ўхшаганлар қўрқарди ва чекинарди. Агар бу зулмдан қўрқсалар, талабалар ўқ товушини эшитган заҳоти тум-тарақай бўлиб қочардилар. Зулмга қарши бир бутун бўлиб оёқда турганлар бир кун келиб, тахтга адолат чиқажагини кафолатидирлар. Туни билан ухламай чиққан талабалар, ётоқхоналарнинг деразаларига қора байроқ осган йигит-қизлар ҳукумат эълон қилолмаган мотамни эълон қилишганди. Бу бир исён эди. Ҳукуматнинг қонли жиноятларига қарши, қонли изини учириб юборишига қарши исён эди бу. Ҳукумат вақтинча ғалаба қилиши мумкин, лекин бир кун келиб чилпарчин бўлади.

Миртемир тонгни ана шундай уй-хаёллар билан каршилар экан, Талабалар шахарчасидаги ётокхоналардан бирида бошланган ва марказий майдонда давом этган очлик харакати иштирокчилари хам миршабхонада тонгга кадар сурок килиндилар. Гарчи уларнинг орасида ёш шоир Шервон хам булса-да, уларнинг аксарияти уз харакатларида самимий эдилар.

Ўн уч талаба саҳарлаб очлик эълон қилган жойларига такрор келишганда, шаҳарча тинч эди. Машина билан кўчаларга сув сепилаётганди. “Қон изларини ювишмоқда” деди улардан бири. Соқоллари сабза урмаган йигитчалар кечадан буён овқат ейишмагани, сув ичишмагани учун холсиз эдилар. Баъзиларининг кўзлари чўккан, баъзилари эса қоринларини тутамлаб олгандилар. Қуёш чиқар-чиқмас уларнинг ёнига хавфсизлик қўмитаси ходимлари келишди.

- Очлик бу тузумга, жамиятга, миллатга қарши исёндир. Бунинг учун қонунларимизда энг оғир жазо назарда тутилган. Сиз ҳали жуда ёшсиз. Бу ишни тўхтатинг. Кеча рухсат бердик. Фикрингизни айтдингиз. Бугунгиси ортиқча, – деди улардан бири.

- Ростдан ҳам тугата қолсакмикан,- деди Шервон.

- Охирига қадар оёқда турамиз, деган сен эмасмидинг? Майли, агар чекинадиган бўлсанг, эътирозимиз йўқ. Биз ҳаммаси учун ҳисоб сўраймиз. Охирига қадар чидаймиз,- дея Шервонга эътироз билдиришди йигитлар.

Хавфсизлик қўмитаси ходимлари апал-тапал орқага қайтишди. Кўп ўтмай Халқ ҳаракати вакиллари пайдо бўлишди. Улар кеча ҳам талабаларнинг ёнида туришган, мужодала бошлаган ёшларга маънавий куч беришганди. Халқ ҳаракати вакилларидан айримлари “Катта”нинг сайловда тарқатилган расмини кўтариб олишганди. Расмнинг остига “Фарзандхўр ота” деб ёзилганди. Бугун ҳам улар талабаларга қалқон бўлиб туришди.

Қаердандир Маратов келиб қолди.

- Ўн беш дақиқа ичида бу ердан кетмасак, миршаблар келишади ва ҳаммани қамоққа олишади,- деди у.

- Кетмаймиз,- дейишди очлик эълон қилган йигитлар.- Сиз ҳам депутатимиз сифатида ёнимизда туринг. Сайловда бизни алдашди. Ўтган кун нарх-навони оширишди, ейдиган нонимизни беришмади. Нон десак, пешонамизга ўқ отишди. Юзларча дўстларимиз калтакланди, неча киши ўлгани, неча киши яралангани яширилмоқда. Бирор жойда воқеалар ҳақида очиқ-ойдин хабар йўқ. Эртага “Икки-уч киши ўлди. Ўзлари ҳам айбдор эди” демасликлари учун, биз ҳам ўлимни кўзга олдик. Юздан зиёд дўстимизнинг қони оқди. Ҳали яна қандай даҳшатлар кутмоқда талабаларни…

Маратов Шервонни четга тортди-да:

- Булар ростдан ҳам очлик қилаётганга ўхшайди-ку- деди.

- Мен ҳам ростдан очлик қилаяпман,- деди Шервон.

- Сен нега очлик қиласан?

- Ўйин қоидаларида қон тўкиш йўқ эди.

- Майли, сен кўп гапирма. Улардан ажралиб ҳам қолма. Қон тўкилиши тасодиф. Ҳозир сизларни миршаблар олиб кетади. У ерда гап қайтариб юрмагин. Биласан, улар отасини ҳам танишмайди. Шундай бўлса ҳам, сени ўз паноҳимга оламан.

Маратов кетгандан кейин миршаблар етиб келишди. Уларни бошлаб келган майор:

- Битта-битта автобусга минасизлар. Қаршилик кўрсатганлар ва минмаганлар калтакланади. Ҳаммангиз баланд овоз билан исми-шарифингизни айтиб, сўнгра автобусга минасиз, – деди.

- Биз демократик намойиш йўлини танладик,- дея дўстларига мурожаат қилди Шервон. – Қурол кўтармадик, тош отмадик. Қонунлар чарчавасида ҳаракат қилдик. Бундан бу ёғи ҳам қонунлар доирасида бўлиши керак. Шу сабабдан миршабларнинг айтганини қилайлик.

Шервоннинг гапи дўстларига ёқмади. Лекин миршаблар бир зумда уларни автобусга тиқишди.

- Сенларга ҳукуматга қарши тош отишни кўрсатиб қўямиз,- дея улардан бири талабаларни ниқтай бошлади.

- Ҳали тош отган шулармиди? – деган миршаб эса олдинроқда ўтирган талабанинг оёғига тепди. Миршабхонага етиб келгунга қадар ниқташ тепкига, тепки муштга, мушт эса таҳқирга қадар етиб борди.

Миршабхонада эса у ердагиларга эрмак топилди. Ўтган ҳам қайтган ҳам талабаларни турткилар, ҳақорат қилар, башарасига тарсаки тортарди. Ҳатто бири:

- Замон кўтарса, пешонангиздан отиб ташлардим,- деди.

Ичкарида исканжа давом этар экан, ташқарида Халқ ҳаракати ва Озодлик партияси аъзолари тўплана бошлашди. Миршабхона олдида Халқ ҳаракати тарафидан шоир Собит билан Озодлик партиясининг секретари Дилора тортиша бошладилар.

- Аслида иккаламиз ҳам сиёсатчи эмасмиз. Сиз ҳам яхши шоирасиз,- деди шоир Собит.- Лекин газетангиздаги ҳақоратомуз мақола сизнинг қаламингиздан чиққанини тасаввур қила олмайман.

- Балки уни хам ҳукумат ёзиб бергандир,- кесатди Дилора.- Нима иш қилсак, унинг “муаллифи” ҳукумат деб айтасизлар.

- Агар ҳукуматнинг мусиқасига ўйнаб парчаланиб кетмасак, ҳозир катта куч бўлардик. Ёшларимизни бу қадар хўрламаган, ўлдирмаган бўлишарди. Парчаланиш воқеаларини бир четга сурган тақдиримизда ҳам сайловдаги хиёнатни кечира олмаймиз. Биз “Катта”нинг мақсадини билардик. У ўзини дунёга демократ қилиб кўрсатмоқчи эди. Шунинг учун ҳам партиянгизга Исо Холис номзодини олсин,”Катта”нинг диктаторлигини яшириш учун хизмат қилмасин, деган таклиф билан келдик.

- Ишончим комилки, Шавкат Темур олтмиш минг имзони тўплаганда ёки рўйхатдан ўтганда бошқача таклиф билан келган бўлардингиз.

Шоир Собитнинг асаблари “ўйнаб” кетди. Томирларига сиғмаган қон кўзларига тепди.

- Азизим, олтмиш минг имзо тўпланганини яхши биласиз! Ҳукумат ўйин қилиш учун марказий сайлов комиссиясига сиздан ҳам вакил киритди. Лекин у бизнинг аризамизга қайрилиб ҳам қарамади. Ваҳоланки, биз душман бўлсак-да, у адолатсизликка қарши бош кўтариши зарур эди.

- Собит ака, ҳозир бу гапларнинг жойи эмас. Ичкарида болаларни калтаклашаяпти. Аввал уларни қутқарайлик.

- Агар мен айтган хатоларни қилмаганимизда, бугун миршабхонанинг остонасида сарғайиб ўтирмаган бўлардик. Ҳали бу ҳолва. Ичкарига олиб дўппослашмаганига шукур қилиш керак. Бизни бир-биримизга қайраб қўйишди. Буни англаб етмасак, ҳаммамизнинг жойимиз панжараларнинг нарёғида бўлади.

- Талабалар бир бутун куч эди. Лекин уларни ҳам парчалаб юбордингизлар. Ҳозир бош кўтариш пайтими-ди?

- Ҳа, – деди шоир Собит,- Ҳозир пайти эмас эди. Лекин пайти қачон, деган саволга ҳам ҳеч ким жавоб беролмайди. Уйқу жой танламаганидек, норозиликнинг туғилиши ва исёнга айланиши ҳам пайт пойламайди. Талабалар парчаланишида ҳаммамиз айбдормиз. Улар учга булиниб кетди. Бир кисми бизнинг оркамиздан, яна бир кисми сизнинг оркангиздан. Учинчи, жуда бир оз қисми ҳукумат айғоқчиларининг орқасидан кетишди. Бу ерда жиддий ташкилотланма кўзга ташланмади. Ташкилотлар бор эди, лекин улар маълум бир дастур ва мақсад билан ҳаракат қилди, дейиш қийин.

- Бу фикрингизга қўшилмайман. Сайловдан олдинги учрашувларни бир эсланг. Парламент сайлови арафасидаги ҳаракатларимизни ёдга келтиринг. Бу ерда жуда катта куч майдони туғилганди. Ана шундан қўрқишди. Бўлмаса, минг-минг миршаблар ва сон-саноқсиз ОМОНчиларни олиб келишармиди? Биз бу ҳаракатни бошқара олмадик.

- Кеча лидерингизни талабалар тошбўрон қилишди. Прокурорга қўшилиб қочди…

Энди Дилоранинг жаҳли чиқди:

- Сиз ҳам Шавкат Темурга ўхшаб гапираяпсиз. Худди воқеаларни телевизордан томоша қилиб ўтирганга ўхшайсиз. Бир-биримизга фисқу фасод тошларини отгунча, болаларни ичкаридан олиб чиқишни ўйлайлик.

- Болаларни бой бердик. Уларнинг қаршилик кўрсатганлари калтакланади, ўқишдан ҳайдалади, йўқотиб юборилади.  Ҳукуматнинг йўлига юриб, бор гапни айтганлари ёки улар истаган гапларни ёзиб берганлари истиқбол йўлига чиқадилар. Бир кун келиб бизга қарши курашсалар, ҳеч ажабланманг. Айримларини эса гўё калтаклаган бўлиб чиқариб юборадилар ва бизнинг орамизга жосус қилиб ерлаштирадилар.

- Сиз ўзингизга ҳам ишонмайсиз,- Дилора шоир Собитнинг сўзини шарт кесди. – Ҳеч нарсадан хабари йўқ, маъсум болаларга туҳмат қилаяпсиз. Улар ҳақсизликка қарши исён қилдилар, ўз ҳаётларини ўртага қўйдилар. Сиз эса эскиси каби ҳар нарсадан шубҳаланаяпсиз. Ҳар бир қамалиб чиққан одам жосус бўлса, эртага бу мамлакатнинг ҳаммаси жосусга айланади. Чунки “Катта”миз ҳаммани бир-бир қамайди.

Бизнинг энг катта янглишимиз ҳис-ҳаяжонга берилиб кетишимиздадир,- шоир Собит тортишувни тўхтатадиганга ўхшамасди. – Эътибор қилдингизми, миллий озодлик ҳаракатининг аксарият фаоллари шоир ва ёзувчилар. Биласиз, дунёдаги энг ҳисли- ҳаяжонли инсонлардир булар. Сиёсат эса совуққонликни талаб қилади. Қолаверса, оғир кунларга бардош берадиганлари кам топилади. Саройга ўтиб кетишга мойиллари баланд.

- Шу гапни сиз гапирманг! Уларнинг тили билан гапираяпсиз. Мақсадингиз, ўз лидерингизни мақташдир. Тарихда қанча-қанча шохларимиз шоир эди. Шеър ва сиёсатни ёнма ён яшатдилар. Ижодкорлар ўз номлари билан зиёлидирлар. Машъалани ёқиб, йўлни кўрсатиб берсалар, бас. Халқ ўзи бу йўлдан юриб кетади.

- Билмадим,- дея киноя қилди шоир Собит. – Халқни “Катта”нинг орқасидан етакламасалар бўлгани.

Шоир Собитнинг гапи чала қолди. Бир тўда миршаб уларни қуршаб олди. Кейин Талабалар шаҳарчасининг ташқарисига чиқариб қўйишди.

- Биз ўзаро тортишиб юраверсак, ана шундай ковушимизни тўқирлаб қўйишади,- деди Дилора бошини эгиб, оғир-оғир қадам ташлаб бораётган шоир Собитга.

- Ҳозирча ковушимизни тўғирлаб қўйишди…

Унинг гапини Дилора кесди:

- Давомини айтмасангиз ҳам, тушундим. У кунлардан Худо сақласин.

- Аммо баъзиларнинг кўнглининг тагидан бўлади.

- Инсонлар бирор нарсанинг уддасидан чиқолмайдиган ҳолга тушсалар бир-бирларини чақиб олиш билан, бир-бирларининг тагига сув қуйиш билан вақт ўтказадилар. Биз ҳам шу ҳолга тушдик.

- Йўқ азизим, – деди бамайлихотир шоир Собит. – Ҳозир тўппа тўғри “Катта”нинг девонига борамиз. Кураш энди бошланди.

Улар биргалашиб юриб кетдилар. Гўё фожеалар уларни такрор бирлаштирганга ўхшарди.

… Миртемир худди қамоққа олиш учун келадиган миршабларнинг йўлини пойлаётган одамга ўхшаб хавотир билан ташқарига термулиб ўтираркан, деразанинг остидаги иситгичдан тарқалаётган ҳарорат уни эритди. У деразанинг токчасига бошини қўйганча кўзларини юмди. Инсон баъзан роҳат қилиб ухлаганда туш кўришни истаса-да, ё кўролмайди ёки кўрган тушини “олиб туролмайди”. Лекин баъзан бир шакарлама пайтида қурилган туш ҳаётнинг муҳим бир воқеаси каби ҳеч эсдан чиқмайди. Миртемир ҳам туш кўраётганди.

У бирдан қудуққа тушиб кетди. Қудуқнинг деворлари қизигандан-қизиган, қўл тегиссанг бармоқларининг ёпишиб қолади. Қудуқнинг ости қоп- қоронғу эди. Бу қоронғулик орасидан итларнинг аккилаши эшитиларди. Миртемир қоронғуликка назар солганди, итларнинг ям-яшил бўлиб “ёниб” турган кўзларини кўрди. Бу қўрқинчли “чўғ”лар унга яқинлаша бошладилар. Бир жуфт “чўғ” унинг юзларига қадар яқинлашди. Кейин унинг юзини тирнай бошлади. У итни улоқтириб ташлаганди, бошқалари унга ташланди. Улар негадир тишламас эдилар. Фақат ҳар тарафини тирнаб, кийимларидан тортқилаб, ғингшинаётгандилар. Қоронғуликда ғингшиган итларнинг тишлари ярақлаб турарди. Улар асрлар буйи оч ётганлару бирданига егулик келганидан шошиб қолиб, нима қиларини билмай қолган ҳолда эдилар. Итлар бир-бирининг аккилашини англарди. Уларнинг энг олдиндагиси аккилаганда бошқалари сасларини ичига ютиб, орқага чекинардилар. Олдиндаги яна аккилаб орқага кетганда қолганлар ҳужумга ўтардилар.

Итларнинг олдиндагиси “Етар, энди еймиз”, дея аккилади, шекилли, итларнинг ҳаммаси бирданига Миртемирнинг устига ёпирилдилар. У оғриқ исканжасида ингранаркан, бирдан қудуқ ёришиб кетди. Итлар қудуқнинг бир бурчагига тўпланиб, ғингший бошладилар. Миртемир ҳайрат билан атрофга алангалади. Қаршисида бир ҳайвон турганди. Оқ, тўғрироғи, у қадар оқ эмас, бўзнинг рангида. Аммо унинг вужудидан атрофга нур ёғилаётган эди, унинг кўзларида меҳр бор эди. У Миртемирга қараганда, кўзларидан меҳр оқарди, итларга қараганда эса, бу кўзлардан қўрқинч ёғиларди. Итлар ундан шу қадар қўрқдиларки, ғиншиганча ёлвора бошладилар. Миртемир, бу қандай ҳайвон бўлди экан, дея унга разм солди. Бу бўри эди! Шу пайт Она бўри афсонасини эслади. Кўктурклар хитойликлар билан қақшаткич урушлардан кейин бир муддат чекинишга қарор қилишибди. Улар тоғларнинг орасидаги бир адирда тунашибди. Эрталаб уйғонишса, тўрт томон тоғ, осмонга боғланган қоялар. Чиқадиган йўл йўқ. Ваҳима, очлик ва ўлим қоришиб кетибди. Турклар сувсиз ва овқатсиз бир неча кун чидашибди. Кейин ҳамма ҳолсизланиб, бирин-кетин жон бера бошлабди. Ана шундай пайтда қоялардан бирининг устида бир Она бўри увлай бошлабди. Унинг нега увлаганини ҳеч ким тушунмабди. Кейин у пастга тушиб, турклардан бирини тепага қараб судрабди. Бир жойда биқирлаб булоқ қайнаб турган экан. Сувдан ичиб ўзига келган навкарни Она бўри қоялар орасидан бошқа бир жойга бошлабди. Қоялардан бирининг темир эканлигини кўрган навкар ортга қайтибди. Сув ичиб ўзига келган турклар, олов ёқиб темир қояни эритибдилар. Қилич, қурол-аслаҳа ҳозирлабдилар. Қоя битиб йўл очилибди. Қоянинг ортида боғ-роғлар, гўзал масканлар бор экан. Шу-шу Она бўри уларнинг йўл кўрсатувчи дўстларига айланибди. Кимдир уни Она бўри деса, яна кимдир бўзқурт дер экан. У ҳақда шеърлар ёзишибди, достонлар битишибди, қўшиқлар куйлашибди.

Миртемир Она бўри мени қутқаришга келди, деб ўйлади ва унга қараб талпинди. Бўри ва Миртемир ёруғликка қараб юрдилар. Орқада эса ғиншиган итлар тўдаси қолди…

Эшикнинг қўнғироғи чалиниб, Миртемир сесканиб, уйғонди. Эшикни очса, остонада Бургутжон турарди.

- Сизни олиб кетишга келдим, – деди у.

- Қаерга борамиз? Мен мана бу мақолани Аҳаджон Ғуломовга етказмоқчи эдим.

- Йўл -йўлакай бериб ўтармиз. Ишхонамизнинг саунаси бор, ўша ерда бир шўрва ичамиз.

- Саунага ҳожат йўқ, шундай ҳам терлаб ўтирибмиз. Бугун каминани қамоққа олишади.

- Сизни қамоққа оладиган йигитни ҳали онаси туққан эмас,- деди Бургутжон. – Саунада маишат йўқ. Ўша ерда ўтириб Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни қоғозга туширасиз. Қолаверса, бу кеча ухламаганингизни ҳам биламан. Ҳусан ака билан учрашиб келаяпман. Сизга қарши қилинган фитнанинг айнисини менга қарши ҳам қилишган. Сауна деб ҳазиллашдим, чунки менга қарши тайёрланган ҳужжатларда саунада шўрва ичиб ётганча, пора олди, дейишган. Хуллас, дардимиз бир, чорасини бирга қидирамиз.

- Чораси бор,- деди Миртемир.- Бизни Она бўри қутқаради.

Бургутжон ҳеч нарса тушунмади. Жилмайиб қўйди,холос. Уларнинг суҳбатини Миртемирнинг умр йўлдоши бўлди:

- Саҳар келдилар. Бошларини токчага қўйганча нималарнидир ўйладилар. Гапирган гапларимни эшитмадилар ҳам. Самса пиширгандим. Бир пиёла иссиқ чой ичиб, самса еб кетинглар.

- Келин, самсаларни бир қоғозга ўранг. Олиб кетамиз. Ташқарида бошқа дўстларимиз кутиб туришибди. Бугун қиладиган ишларимиз кўп, – деди Бургутжон.

Миртемир Бургутжон билан чиқиб кетар экан, деразадан унинг умр йўлдоши Роҳила мунг билан қараб турарди…

10.ПАНЖАРА

… “Катта” ҳам эрталабгача ухламади. Олий ўқув юртларни вилоятларга кўчириш ҳақидаги фармонларни имзолади, ўнлаб раҳбарларни ишдан олиб, ўрнига янгиларини тайинлади. Баъзи вилоят раҳбарларини эса сайловда Исо Холисга рўйхотирлик қилди, деган баҳона билан ишдан қувди. Ҳатто Талабалар шаҳарчасини темир панжаралар билан ўраб олиш масаласидан то талалабаларни автобусларга миндириб, уй-уйларига қадар етказиб қўйишгача – барча тадбирлар билан ўзи шуғулланди. Шаҳарчани темир панжара билан ўраб олиш учун бюджетдан махсус пул ажратди. Тонг бўзариб қолганда, Чалматов билан Раимжоновга:

- Миршабларнинг маошини икки марта оширдим. Мана учинчи фармонга ҳам қўл қўяпман. Буни овоза-дарвоза қилманглар,-деди.- Шундай ҳам миршабларнинг маоши бошқаларникидан беш-олти марта кўп эди. Бунинг устига улар ҳар бир дарахтдан пул теришади. Тишларидан остоналаригача олтин бўлди. Шунда ҳам содиқ бўлишмаса, йўқотиб юбораман ҳаммасини.

- Ҳаммаси сизга содиқ, – деди Чалматов. – Мажлисларда ота-оналарининг сизни тинимсиз дуо қилишганини айтишади. Бизнинг орамиздан нонкўр чиқмайди. Сизга хиёнат қилсак, кўзимиз кўр бўлади.

Суҳбатни индамай тинглаб ўтирган Солиев ҳам қўлидаги қоғозни “Катта”га узатди.

- Ҳуқуқ-тартибот органлари бир вужуд. Талабалар шаҳарчасида бизнинг ходимларимиз ҳам фидойилик кўрсатдилар. Уларга ҳам бир оталик қилинг,- деди Миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи Солиев.- Миршаблар қатори маошларини оширганингиз учун, қуллуқ. Шу беш-олти кишига мукофот берсак дегандим.

“Катта” қўлидаги қоғозни имзоларкан:

- Буни яхши эслатдингиз,- деди. – Нафақат Талабалар шаҳарчасида, балки сайловда ҳам ҳаммангиз ўзингизни кўрсатдингиз. Мен мустақил давлатнинг мустақил “Катта”симан. Орқада халқнинг кучи бор. Сиз ҳам ана шунга яраша бўлишингиз керак. Бугун Чалматов, Раимжонов, Солиев сизларга генерал унвони бераман.

“Катта” шундай деб, Салимовга дарҳол фармон лойиҳаси тайёрлашни буюрди.

- Рухсат этсангиз, бир таклифим бор эди. Раимжонов ҳали подполковник. У кишига полковник унвони берсак. Бироздан кейин эса…

- Бироз-мирози йўқ! Аввал полковник унвонини, орқасидан эса генерални ёзиб келинг. Иккаласини бирдан берамиз. Чунки хизматлари жуда катта. Ватан ва миллатга хизмат қилган одам ҳаққини олиши керак.

- Бош прокурор Қўзивой Набиевни ҳам шу рўйхатга қўшсак,- деди индамай ўтирган Жавлон Узоқов.

- Ҳа-я, уни эсдан чиқарибмиз,- деди “Катта”. – Дарвоқе, яна ким бор?

- Ҳаммамизнинг бошимизни қовуштириб, сизнинг топшириқларингизни бизга етказиб турган Салимов акамизга ҳам бериш керак.

- Салимовнинг илгари унвони бормиди? Унвонингиз бор-ми?

- Биласиз, илгари биз запасдаги аскарлар эдик. Мен ҳам подполковник бўлгандим

- Ундай бўлса, мен ҳам подполковникман.

- Зотан, генералликни аввал сиз олмасангиз ҳеч биримиз бу унвонни қабул қилмаймиз,- деди Салимов худди “Катта” унга ҳам генерал унвони берилиши ҳақидаги фармонга имзо чеккан кишидек мамнун бир қиёфада. – Тўғрими, йигитлар.

Ўтирганлар олтин топиб олган ғариблардлек севиниб, бу гапни қўллаб-қувватлашди.

- Сизларга берамиз. Лекин мен ҳақимда нотўғри тушунишлари мумкин., – деди “Катта” маккорона истиҳола билан.

- Нотўғри тушунишса, бизни тушунишади. Сиз эса қонунларга кўра, олий қўмондонсиз. Зотан, генералсиз,- деди Чалматов.

- Ана эсга солдинг, аскарларнинг бошлиғига ҳам генерал унвони берайлик. Хуллас, юринглар, ўртоқ генераллар., нариги хонада унвонларни ювайлик.

- Ҳўп булади, ўртоқ генерал! Ҳўп бўлади, ўртоқ Олий қўмондон,- дейишди улар бир овоздан.

Жавлон Узоқов хам хўжалик ишлари мудири Салимхонга қўшилиб, генералларга хизмат қилди. Улар шишани бўшатиб бўлганларидан кейин “Катта” Қўлдошевни сўради. Қўлдошев икки дақиқада етиб келди.

- Давлат комиссияси қандай ишлаяпти?- сўради ундан “Катта”.

- Эрталабгача ухлаганимиз йўқ.

- Биз ухладик-ми? Нима гап? Ҳисоб беринг!

- Исо Холис билан жанжаллашиб қолдик. Ёқмаса, истеъфонгни бер, комиссиядан чиқ, дедим.

- Сенда калла борми? У бола комиссияда бўлиши керак эди. Ҳали ҳам уни қайтариб ол.

- Мен фикримни тушунтира олмадим, шекилли. У истеъфо аризаси ёзиб келди. Мен комиссиядан чиқманг, деб айтдим. Ҳатто бироз тортишдик ҳам…

- Бўпти, сонияда турланасан. Миртемирнинг ишини нима қилдинг?

- У ҳамма идораларга, депутатларага мана бу ҳужжатларни тарқатиб юрибди,- дея Қўлдошев, қўлидаги қоғозларни “Катта”га узатди. “Катта” қоғозлардан бирини ўқиди-да, ўрнидан туриб кетди.

- Сенларни генерал қилганни онасини… ,- дея бақира бошлади. – Пашшадек ишдан туядек муаммо чиқарасизлар. Бирор марта айтган гапимни охиригача топ-тоза қилиб бажармадингизлар. Битта бола ҳаммангни михнинг устига ўтқизиб куйди. Ол, мана бу қоғозларни, бориб ҳожатхонада ишлат.

“Катта” шундай деб қоғозларни Раимжоновнинг юзига отди. У зиёфат хонасидан чиқиб иш хонасига ўтаркан, ҳамма орқа эшикдан Майновнинг кулбасига “қочди”. Фақат Қўлдошев “Катта”нинг орқасидан юрди.

- Бўпти, бу ишни бироз орқага ташланг. Аслида ҳамма айб сенда! Вақтида ўша жўжахўрозни Олий кенгашдан қувганингда, бошимизга бу қадар дард очмасди. Бориб ана у генерал-эшшакларга айт, ҳаммаси тум-тарақай бўлиб қочмасин, Талабалар шаҳарчаси бўйича олган топшириқларини бажариб, оқшом келиб ҳисоб берсинлар. Салимовга ва Узоқовга эса ҳамма фармонларнинг махфий эканлигини айт. Яна матбуотга бериб қўйишмасин. Буларнинг ҳаммаси робот, айтганингни, буюрганингни қилади. Ақллари чириб кетган…

“Катта” шундай деди-да қабулхонага чиқди.

- Мен шаҳарни айланаман,- деди Майновга. – Сен шу ерда ўтириб, топшириқлар бажарилишини назорат қил.

“Шаҳарни айланаман” парол эди. Демак, “Катта” шаҳар четидаги боғига боради, кун бўйи ухлайди.

11.РУТУБАТ

Миртемир истеъфога чиққандан кейин хусусий “Турон” ижодкорлар уюшмасида ишлай бошлади. Уюшма хусусий бўлгани учун мадрасанинг бир хонақохида фаолият кўрсатарди. Кошинлари нураб тушган, мукарнасларидан узоқ тарихнинг кўзлари жовдираб турган мадраса хонақохи зах, ҳавоси биқиқ бўлса-да, кишини айри бир дунёларга етакларди. Рутубат Миртемирнинг душмани эди. Хонақохга кириши билан оёқлари зирқираб оғрий бошласа-да, хаёллари уни олис-олисларга етакларди. Бизга ўз тарихимизни ўргатмадилар, деб ўйларди Миртемир.

Асосан бошқаларнинг тарихини ўргандик. Ўз тарихимизни эса бегоналар ёзган асарлардан ўқитдилар. Уларни асар дейиш мумкинмикан?! Ахир уларнинг аксарияти маълум бир манфаат учун ёзилмаганми? Назаримда биз тарих ёзишни севмайдиган халққа ўхшаймиз. Кошоналар тиклаймиз, савашларда музаффарлик қиличини кўтарамиз, лекин тарих ёзишга қолганда ҳамду санодан нарига кетолмаймиз. Подшоларни мақташ тарихчиларимизнинг каломи аввалларидир. Подшоларга ҳамду сано ўқиш тарихчиларимизнинг орзу-муддаоларидир. Ўтмишини билмаган келажагини йўқотади. Ўтмишини танимаган келажагини ҳам таний олмайди. Менимча ҳамма ишни тарих ёзишдан бошлаш керак.

Миртемир ана шундай ўй-хаёллар билан “Янги тарихимиз” рукнида китоблар нашр этишни мўлжаллади. Илк ўлароқ Боймирза Ҳайитнинг чет элларда нашр этилган тарих китобларини чоп этишни ҳадафлади. Қолаверса, шу кунларда Боймирза Ҳайит Ватанга келиши керак эди. Олий кенгашда Миртемир ва дўстлари бир мактуб имзолаб, Боймирза Ҳайитни ўзи туғилиб ўсган Ватанга даъват этишди. Ярим аср Ватандан узоқда қолган ва Ватанининг мустақиллиги учун курашган бу инсонни хоин, сотқин дея айблашди. Таклифномани олган Боймирза Ҳайит радио суҳбатида Ватан ҳақида лўнда қилиб шундай деганди: “Ватан ва ҳуррият. Бу икки калима ўзини, ўзлигини англаган инсонлар учун муқаддас маъно касб этиш билан бирга тоғ каби масъулият юклайди. Ватан Аллоҳ таолло тарафидан инсон қалбига жойлаштирилган жоннинг бир бўлагидир. Ватанни севганлар ўз жонини ҳам севадилар. Ватанни севмай, ватансевар бўлиб кўринганлар ўз жонларига суиқасд қилганлардир.”

Аслида Ватанни севмоқ ўз жонига суиқасд қилмоққа айланди, деб ўйлади Миртемир. Ахир Боймирза Ҳайитнинг ўзи Ватанни севгани учун сургунда эмасми? Қанча-қанча Ватаним деганлар ўққа тутилмадиларми? Чунки Шохлар Ватан деган каврамнинг маъносини ўзимда мужассамлаштирганман, деб ўйлайдилар. Шу боисдан ўзларининг қинғир-қийшиқ ишларига қарши чиққанларга “Ватан хоини” тамғасини ёпиштирадилар. Ва Ватанни севмаганалари сезилиб қолмаслиги учун Ватанни севганлардан қутилиш йўлларини излайдилар.

Миртемир хаёл суриб ўтирар экан, телефон жиринглади:

- Боймирза Ҳайит ростдан ҳам эртага келар эканлар, – деди сим қоққан ўринбосари Исожон.

- Биз ҳам кутиб олишга чиқамиз, – деди Миртемир.

Боймирза Ҳайитнинг Ватанга қайтиши катта воқеа эди. Бу воқеа фикрларда қурилган бир қанча “обидалар”ни вайронага айлантирарди. Доим Иккинчи Жаҳон Урушида Ватан учун қон тўкдик, дея хайқириб келдик. Мана энди маълум бўлдики, биз бошқаларнинг ватани учун қон тўккан эканмиз. Ишғол остида бўлганимиз учун бизни худди қуллардек жангоҳга йўлладилар. Сон-саноксиз эр йигитлар тупрокка коришдилар. Ватан учун, дея онгимизга сингдиришди. Калбларда сохта обида курдилар. Ота-боболаримиз руслар тарафида туриб “Ватан учун” дея кўкрагини ўққа қарши керганда, Боймирза Ҳайитлар уларнинг қаршисида турганди. Ким ҳақ ким ноҳақ эди? Мана бугун бу саволнинг жавоби ўртада. Шунингдек, Боймирза Ҳайитнинг келиши биз ифтихор этиб кўзимизга сурган тарихнинг ёлғон эканини ҳам исботлайди. Аввалига “Катта” Боймирза Ҳайитнинг келишига рухсат берар экан, депутатларнинг талабидан қутилишни мўлжаллаган эди. Масаланинг ана шу “нозик” жиҳатларини ҳам тушунтириб беришгач, у бир зум ўйлади-да, Бош маслаҳатчиси Назар Бахтиёровга юзланди:

- Ўзинг чиқиб ана у бобойни кутиб ол. Ҳар ерда валақлаб юрмасин. Ундан фойдаланишимиз керак. Телевизорга чиқиб, сиёсатимизни қўлласин!

Назар Бахтиёров чиқиб кетгач “Катта” Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғини чақирди:

- Назарнинг айтишича, Боймирза Ҳайитнинг келиши Улуғ Ватан Уруши қатнашчиларини ғалаёнга келтирар экан. Шунингдек, тарихчи олимларимиз ҳам бундан норози эканлар. Сиз ниима дейсиз?

- Аслида Назар Бахтиёровга бу хусусда махсус ҳисобот тайёрлаб бергандик, – деди мулойим оҳангда Солиев. – Биз бугун собиқ “Катта”миз Шароповни оқладик. У киши Боймирза Ҳайитга қарши бир қанча мақолалар ёзганлар. Таниқли олимларимиз, бугун бизга яқин бўлган қобилиятли раҳбарлар Боймирза Ҳайитни хоин, деб ҳисоблаб келганлар ва ҳисоблайдилар. Аммо энг асосийси, Москов биздан жиддий норози.

- Нега норози бўлади?

- Сизлар чегарадан чиқиб кетаяпсизлар, дейишди Московдан. Боймирза Ҳайитнинг қайтиши ҒалабаҲайитига соя туширади, Боймирза Ҳайитнинг қайтиши миллиятчи кучларни бирлаштиради.

- Уларни тинчлантириб қўйинг. Бобойни истаганимиздек сайраттирамиз. Керак бўлса, қилмишлари учун узр ҳам сўратамиз. Эртага аэропортда оломон йиғилмасин. Кимлар кутиб олишга чиққанини рўйхат қилинг. Ҳар қандай воқеани ўз фойдамизга йўналтиришимиз керак. Дўстимиз ким, душманимиз ким ана шундай воқеаларда ўртага чиқади. Агар бобой телевизорга чиқиб, айтганларимизни гапирса, ана у жўжахўроз тўполончиларнинг ҳам попугини пасайтириб қўярдик. Улар бизга эмас ана шундай бобойларга ишонишади. Агар айтганимиз ўнгидан келса, бобойни мен ўзим қабул қиламан ва мустақиллик байроғини қандай кўтаришни жўжахўрозларга кўрсатиб қўяман.

Эрталабдан қўналға атрофини миршаблар ўраб олишди. Ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олиб қолган йўлтўсарлар сингари миршаблар ҳар турли баҳоналар билан йўлларни бекитдилар. Боймирза Ҳайитни кутиб олиш катта тантанага айланмаган бўлса-да, “юқоридагилар” ўз режаларини қадам бақадам амалга оширдилар.

Боймирза Ҳайитни аввал қўналғанинг қаҳвахонасига олиб киришди, кейин унинг ёнига яқинлашган Назар Бахтиёров унга:

- Сиз учоқдан тушганда тиз чўкиб ерни ўпибсиз, – деди.

- Мен Ватан тупроғини ўпдим, озод Ватанимнинг тупроғига эгилдим,- дея жавоб қилди Боймирза Ҳайит.

- Биласизми, бизнинг телевизорчилар учоқнинг ёнигача боришолмайди. Шу боис ҳозир шу ерда ўша воқеани такрорласак. Сиз тиз чўкиб тупроқни ўпсангиз, улар сувратга олиб халққа кўрсатса.

Боймирза Ҳайит сесканиб тушди.

- Ёшим етмишдан ўтганига анча бўлди,- деди у. – Мен ҳақимда минглаб фельетонлар ёзилди, мени тахқирладилар, менга бўҳтон уюштирдилар, лекин хафа бўлмадим. Аммо ҳозиргидек ҳеч қачон туйғуларим топталган эмас. Мен артист эмасман, мен Ватан тупроғини бировга кўрсатиш учун ўпмадим. У юрагимдан келган бир ҳиснинг ташқи кўриниши эди.

- Тўғри, сиз ҳақсиз, – деди Назар Бахтиёров. – Лекин Сизни мустақил Ватанимизнинг мустақил юртбошиси жасорат билан таклиф қилдилар. Москов ғазаб билан кузатиб турибди. Шундай шароитда бир-биримизни англамасак, кулгили ҳолга тушамиз.

- Мен сизни англайман. Лекин менинг туйғуларим билан ўйнаманг!

- Биласизми, Сиз каби инсонлар жуда оз. Ҳамма ҳам Ватаннинг қадрига, бу тупроқнинг қадрига етавермайди. Етмиш йил давомида бизни Худосизга, динсизга, атеистга айлантириб юборишди. Бу тупроқ учун жон бериш Аллоҳнинг буйруғи эканлигини ҳеч ким билмайди. Сиз каби Буюк бир инсоннинг бу тупроқни ўпишини кўрган халқ уйқудан уйғонади ва ўз мустақиллигини англайди. Шундай экан, бугунга қадар Ватан учун азият чекдингиз. Яна бир марта чексангиз бизни хурсанд қиласиз.

Боймирза Ҳайитнинг қўллари титрай бошлади. Сўнгра бу титроқ бутун вужудига ёйилди. Кўзларидан нафрат пишқира бошлади.

- Лаънат бўлсин сунъий тарихга! – деди ва тиз чўкиб пешонасини заминга босди. Анча вақт шу ҳолда “Сувратга олинглар, қайта-қайта олинглар” дегандек, бош кўтармай турди.

- Бу кадр мустақилликнинг символи бўлади, – деди Назар Бахтиёров атрофдагиларга. Сўнгра Боймирза Ҳайитнинг қўлидан тортиб турғазди. – Энди икки оғиз халқимизга мурожаат қилсангиз, – деди у ҳали нафасини ростлаб олмаган меҳмонга.

Боймирза ота қуриб қолган лабларини тили билан намлади-да:

- Мен эллик икки йилдан кейин Ватанга келдим. Ўғлим вафот этганда узоқларда дардим билан яккама якка қолдим. Агар рухсат берсангизлар, аввало қишлоғимга борсам, фотиҳа ўқисам, ана ундан кейин телевизорга чиқармиз.

- Сизни оқсоқол билан, яъни юртбошимиз билан учраштирмоқчи эдик. Агар телевизор масаласи кейинга қоладиган бўлса, бу масалани ҳам орқага суришга мажбурмиз.

- Жуда яхши, жуда яхши, – деди Боймирза Ҳайит болаларча самимият билан. – Зотан давлат раҳбарининг иши кўп , биз у кишининг вақтини қадрлаймиз.

- Аммо оқсоқол қабул қилсалар, йўлимиз очилиб кетарди.

- Майли учрашамиз. Факат қишлоққа бориб маросимларни ўтказиб қайтайлик, – деди Боймирза ота ёлворган оҳангда.

Шу пайт Ташқи ишлар вазири кириб келди ва Боймирза отани қучоқлади. Улар бироз суҳбатлашгандан кейин:

- Дарҳол баъзи ўлкаларда элчихона очилса, мустақиллик деворлари қурилган бўлади, – деди Боймирза ота. – Чет элда яшаган ватандошлар бу кунларни кўз ёши, қалб оғриғи билан кутдилар. Улар учун ҳам Ватан йўлларини очмоқ керак.

- Тўғри,- деди вазир.- Лекин ҳали Ватанимиз янги туғилган боладек, энди юришни ўрганаяпти. Бунинг устига пулимиз оз. Ҳозир халққа нон топиб бериш билан машғулмиз. Чет элдаги муҳожирлар эса фақат масжид қуриш учун келмоқдалар. Улар Ватанни эмас ўзларини ўйламоқдалар. Масжид қурсам номимни абадийлаштираман, деб ўйлаяптилар…

Боймирза ота вазирга қараб маънодор кулиб қўйди. Бу кулгунинг ортида “Сенлар одам бўлишинг учун яна қанча дарёлар оқиши керак” деган маъно бор эди.

Миртемир Боймирза ота билан кўришаркан:

- Вақтингиз булса, бизнинг мадарасага ҳам ташриф буюрарсиз. “Турон” ижодкорлар уюшмасининг Сизга берадиган заррадек ҳадяси бор.

- Иншоллоҳ, келамиз,- деди Боймирза ота. – Ҳадя қабул қилиш ҳиссини ҳам бир яшаб кўрмоқчимиз.

- Бу ҳадя Сиз ўйлагандек, қўл билан ушлаб кўриладиган эмас, – ҳазиллашди Миртемир. – У етмиш йиллик армонларнинг мағзини мужассамлаштирган армуғон. Ҳозирдан айтиб қўйсам, қизиғи қолмайди.

Боймирза ота оддий нарсага ҳам қувонадиган, оддий ҳазилдан ҳам севинадиган инсон эди. Қаҳ-қаҳ отиб куларкан, худди ўрнидан сакраётган одамга ўхшарди. Жуссасининг катталиги, пешонасининг кенглиги, кўзларининг даринлигига қарамай, у жажжи болакайларни эслатарди. Балки унинг бўҳронлар ичидан омон чиқишининг сири ҳам ана шунда эди.

Миртемир айтиш керакмиди, деб ўйлади. “Истиқлол Чўлпонлари” унвони таъсис қилингани ва Боймирза отанинг китобларини чоп этиш ҳаракатлари бошланганини айтиш унга куч берармиди? Майли, кейин айтармиз. Агар қолган ишга қор ёғмаса.

Миртемир баъзан ўзи ўйлаган нарсалардан ўзи қўрқиб кетарди. Чунки ўйлагани бошига келарди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Қолган ишга қор ёғди.

Боймирза ота қишлоғида экан, Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи “Катта”нинг ҳузурига кирди:

- Боймирза Ҳайитнинг қишлоғида ва атрофида аҳвол оғирлашди, – деди у. – Ҳар турли ҳаракатлар митинглар ўтказмоқдалар. Бундан норози бўлган қариялар “Бу Ватан учун биз бекорга жонимизни ўртага қўйдикми”, дея намойишга чиқишмоқчи.

- Мен Сизга неча маротаба айтдим, гап олиб келманг, рапорт ёзиб келинг…

-Рапортни маслаҳатчига бергандим, мана нусхаси.

МАХСУС РАПОРТ

Фақат “Катта”га

Боймирза Ҳайит 12.07да соат 6.30да аэропортга келди.

13.07да пойтахтни томоша қилди. Мухолифат вакиллари билан учрашди.

14.07да қишлоғига қараб йўлга чиқди. Вилоят ҳокимлиги тарафидан карнай-сурнай чалиб, гуллар отиб қабул қилинди. Меҳмонхонада ҳоким муовини Дилшода опа билан жанжаллашиб қолди. Дилшода опанинг эътирозига қарамай, тўғри қишлоғига борди. У ерда мухолифат мингларча ишсиз ёшларни тўплаб турганди. Боймирза Ҳайит гапирар экан, микрофон ўрнатишди. У “Бошимизга нима бало келган бўлса, коммунистлардан келди, улардан қутилмасак, мустақил бўлолмаймиз” деди.

15.07. Ота-онаси ва оиласидан вафот этганлар учун диний маросим ўтказди. Келган-кетганга Иккинчи Жаҳон Уруши қатнашчиларини ёмонлади.

16.07. Неварасининг суннат тўйини ўтказди.

18.07. Саёҳатга чиқди. Почаота дарёси бошланадиган жойга қадар етиб борди. Кейин Арслонбобни зиёрат қилди.

19.07. Қўшни вилоятларга борди. Ҳамма жойда одамларни тўплаб, тарғибот ишлари юргизди.

20.7. Бизнинг эътирозимиздан кейин ҳокимликка чақирилди. Биз Боймирза Ҳайитни яккалаб қўйиш, атрофида уймалаб юрганларни четлаштириш учун барча тадбирларни кўрдик.

- Бу рапорт жуда ҳам тор. Қолаверса, нима сабабдан менга эмас маслаҳатчига берилди, – деди “Катта”.

- Сизга етказиш учун берилганди. Батафсил ёзилган иккинчи варианти ҳам бор. У хам маслаҳатчида.

“Катта” жаҳл билан қора телефоннинг дастагини олди:

- Назар, қулоқ сол! – деди. – Сенинг ҳажга бориб, нима қилмишлар қилиб келганингни унутганим йўқ. Менга иккиюзламачилик қилма! Нима саабабдан КГБ рапортини яширдинг? Нима сабабдан ана у бобойнинг жиловини қўйиб юбординг? Йигирма тўрт соат ичида мамлакатни тарк этсин. Бу мамлакат “Ватан хоинлари”нинг футбол майдончаси эмас. Уни қувиб келганингдан кейин, менинг номимга тушунтириш хати ёз, – деб, телефон дастагигни яна ўрнига қўйди.

Боймирза Ҳайитнинг мамлакатдан қандай чиқиб кетганлигини ҳеч ким билмай қолди. Нега деган саволга жавоб берадиган киши йўқ эди. Чунки шу кунларда “Катта” қиличини ялонғочлаб, ғазаб отига минганди. Кўзига ёмон кўринган ёки номи қулоғига ёмон эшиттирилган ҳар қандай одамни жазога тортаётган эди.

“Катта” аста-аста золим ҳукумдорга айланиб қолди, деб ўйлади Миртемир. Ҳали яқиндагина мухолифатдан ҳайиқарди, лекин энди мухолифатнинг лидерларини калтаклаяпти, қамоққа ташлаяпти, сургун қилаяпти. У одимба одим босиб келаяпти. Лекин мухолифат нега чекинаяпти? Миртемир ўзича ана шу саволнинг жавобини қидирди.

Кунларнинг бирида Миртемирга Шавкат Темур телефон қилди:

- Эшитишимча, Сиз “Озодлик” партиясига аъзо бўлибсиз,- деди у. – Юз бераётган воқеаларни кўраяпсиз. Бизнинг орамиздаги воқеалардан хабарингиз бўлса керак, парчаланиб кетаяпмиз. Бутунлашмасак, ҳолимиз вой бўлади.

- Мен ҳали партияга аъзо бўлганим йўқ, – деди Миртемир. – Лекин бугун бир бўлиб курашмоқ учун партияга аъзо бўлиш керак, деб ҳисоблайман. Қолаверса, Олий кенгашда мухолифат фракциясини тузишимиз керак. Кучга айланмасак, битта-битта синдиришмоқда.

- Фикрларимиз яқин экан. Бир учрашиб гаплашайлик, – деди Шавкат Темур.

Улар метро станцияси ёнида учрашдилар.

- Бирлашиш, бутунлашишимиз керак, – деди Шавкат Темур. – Лекин кечаги хатоларимизга баҳо бергандан кейин бирлашиш керак. Биз катта куч эдик. Ҳукуматнинг орамизга жосуслар суқиши, баъзи бирларимизни сотиб олиши туфайли иккига бўлиндик. Ўртага бошқа баҳона отилди. Бизни “Улар аввал демократия кейин мустақиллик” исташди, деб айбламоқда. Ўзларини эса “Биз аввал мустақиллик кейин демократия дедик”, дея оқлашмоқда. Агар тарихимиз ва воқеалар жиддий тахлил қилинса, бу баҳона эканлиги ўртага чиқади.

- Ҳозир ана шу тахлилга вақт йўқ. Тезроқ бирлашиб чора қидирмасак кейин тахлил у ёқда турсин, воқеаларни эслашга ҳам вақтимиз қолмайди, – деди Миртемир.

- Майли, мен буни қабул этаман, – деди Шавкат Темур.

- У ҳолда мен Исо Холис билан гаплашаман ва ҳаммамиз бир орага келиб, қайси шартлар доирасида кучларни бирлаштириш масаласини муҳокама қиламиз.

Шундан кейин Миртемир Исо Холис билан учрашди. Исо Холиснинг икки оёғи бир этикка тиқилганди. “Катта” унга берган ваъдаларни унутган ва қиличини унинг ҳам бошида айлантираётган эди. Шунинг учун Миртемирнинг таклифини дарров қабул этди.

- Анжуман номи билан бир йиғилиш ўтказайлик, – деди Миртемир. – Мухолиф қарашдаги барча депутатларни ҳам даъват этамиз. Собиқ Бош вазирни чақирайлик.

- Э, йўқ! Собик Бош вазир билан йўлимиз бошқа-бошқа.

- Бугунга қадар бошқа-бошқа эди, лекин ҳозир бир йўлдамиз. У ҳам “Катта”нинг зулмига учради. Зулмга қарши зулмни ҳис этганлар бирлашишлари мумкин. Зулмни кўрмаганлар эса уни кутиб тураверадилар, – деди Миртемир.

Ўша куни Иттифоқ ҳаракати ва “Озодлик” партияси раҳбарлари бир ерга тўпландилар. Тортишув узоқ давом этди. Охирида “Анжуман” масаласи қабул этилди. “Озодлик” партиясининг жойи бўлгани учун “Анжуман” шу ерда ўтказиладиган бўлинди. Лекин “Анжуман”да Шавкат Темур иштирок этмади.

- Исо Холис ва тарафдорлари менинг келишимни исташмапти. Демак мен борсам “Анжуман” бузиларди, – деди у Миртемирга.

Шунга қарамасдан, мухолифат кучларининг бир бутун ҳолга кела бошлагани ҳукуматни чўчитиб қўйди.

Бир куни мухолиф депутатлар тўпланиб, Олий кенгаш мажлисида парламент раисини ишдан бўшатиш ҳаракатини бошлашга қарор қилдилар. Улар “Катта”дан қутилишнинг бирдан бир демократик йўли ана шу деб билардилар. Раис кейинги пайтда “Катта”дан тинимсиз “калтак” еяётганди. “Катта” раисни алмаштириш пайида эди. Шундай пайтда парламентда депутатлар раиснинг масаласини кун тартибига келтирсалар “Катта” ҳам қарши чиқмас эди. Агар раиснинг ўрнига адолатли бир кишини сайласалар, кейин “Катта”нинг танобини тортиб қўйиш осон бўларди.

- Олий кенгаш раиси Московдан катта ҳадялар олиб турган, – деди Миртемир депутатларга. – Мана қўлимизда унга ҳадя сифатида берилган енгил машиналар ва бошқа совғалар ҳақида ҳужжат бор. Бу мустақиликка хиёнатдир. Биз бу масалани кўтарсак, ҳеч ким қаршимизга чиқа олмайди.

- Иттифоқ ҳаракати шу куни митинг ўтказиб, бизни ташқаридан туриб қўлламоқчи, – деди Ибод Тўраев.

Шундан кейин мажлисда кимнинг нима ҳақида гапиражаги келишиб олинди. Олий кенгаш раисини алмаштиргунга қадар “Катта” ҳақида лом-мим демасликка келишиб олинди. Аммо мажлис куни Исо Холис митингни бекор қилгани ўртага чиқди. Шу куни Шавкат Темурнинг бошини ёриб, ўлимнинг остонасига олиб бориб қўйишди.

Мажлисни “Катта” кириш сўзи билан очди. У сўзини тугатиб, ўрнига ўтирар экан Исо Холис “Савол бор”, дея бақирди. Миртемир тушуна олмай қолди. Кеча кечқурун “Катта”га гапирмай турамиз, деб келишгандик. Нега бирдан Исо Холис бу келишувни бузди? Ҳозир арава бошқа томонга юриб кетмаса бўлгани.

Худди Миртемир ўйлагандек бўлди. Жиловни кенгаш раиси Қўлдошев ушлаб олди.

- Ўтиринг ўрнингизда, Ўртоқ Муҳаммадбоев! Сизнинг ниятингизни яхши биламиз. Бугун бу ерда қандай ўйинлар кўрсатишингизни ҳам яхши биламиз, – деди Қўлдошев.

Қўлдошев Исо Холиснинг энг нозик жойига ниқтаганди. Исо Холис унинг тахаллуси. Негадир фамилиясидан нафратланарди. Фамилиясини айтган одам қаршисидаги душманга айланарди. Шу боис Қўлдошевнинг гапи сариқнинг жони сариқ ҳолвада дегандек, унинг ҳам жаҳлини чиқарди. Қоғозга икки сатр нималарнидир ёзди-да, раиснинг ёнига бориб депутатлик ваколатномасини топшириб чиқиб кетди. Унинг бу “ўжарлиги” қимматга тушди. Қўлдошев имкониятдан фойдаланиб, мухолиф миллатвакилларига ҳужум қилди. Улардан бирортасига сўз бермади. Гапирмоқчи бўлганларни “бузғунчилар”, деб мажлис залидан чиқариб юборди. Шу ўйин билан ўз умрини бироз узатди..

Исо Холисни мажлисдаги даканхўроздек ҳаракати “Озодлик” партиясини ҳам оғир аҳволга солди. Партия котиблари, фаоллари қамоққа олина бошланди. Партия газетасининг устидан тергов бошланди. Бир куни Миртемир партия биносига келса, Исо Холисдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Исо Холис сувга тушган мушукдек, бошини елкасининг ичига тортганча шумшайиб ўтирарди.

- Шунақа, – деди у. – Оғир кунингда ҳамма ташлаб кетади. Хайриятки, укаларим бор экан. Газетани улар билан бирга чиқариб турибман.

Миртемирнинг унга раҳми келди. Аслида кўп нарса унинг ўз хатоси билан ўртага чиқди, деб ўйлади. Лекин бугун партия ҳукуматга мухолифатда. Бугун демократияни ҳимоя қилаяпти. Агар уни ҳам “Иттифоқ” сингари ёпиб ташлашса, ундан кейин демократия учун эшиклар ҳам узоқ йилларга ёпилади. Агар барча мухолиф миллатвакиллари ҳозир шу партияга ўтсалар, балки уни қутқазиб қолиш мумкиндир. Лекин куни кеча партия котиби Орифийни қамоққа олишди. Исо Холисни ҳар кун сўроққа чақиришаяпти. Шундай шароитда ким ҳам бу партияга ўтишга рози бўларди. Аслида мардлик шундай пайтда билинади. Бир синаб кўришим керак.

- Мен эртага қадар депутат дўстларимиз билан гаплашаман. Камида ўн киши партияга аъзо бўлиб, Олий кенгашда партия гуруҳини тузсак, балки таъқибларни тўхтатармиз.

- Бу таъқибларни Қўлдошев деган ҳўкиз уюштираяпти, – деди Исо Холис. – Мен “Катта”нинг маслаҳатчиси Жавлон Узоқов билан гаплашдим, бу ишлардан оқсоқолнинг хабари йўқ экан.

- Менимча фақат сизнинг эмас кўпчиликнинг хатоси ана шу ерда. Ўтган ой “Халқ овози” газетасининг муҳарририни ишдан олишди. Бу ишни “Катта” бошқараяпти”, деб ҳеч кимни ишонтиролмадим. “Катта”нинг номига мурожаатлар ёзилди, ўртага одам қўйилди, лекин натижа бўлмади. “Катта”сиз ҳеч ким нафас ололмайди. “Катта”сиз бирор бир раҳбар одим отолмайди. “Катта”нинг маҳорати шундаки, у бошқаларнинг қўли билан калтаклайди, ўзи панада қолади.

- Бу ҳаяжон масаласи, – деди Исо Холис “ҳаяжонланиб кетдингиз” сўзларини юмшатиб. – Сиёсатда совуққон бўлиш керак. Биламан, сиз “Катта”ни ёмон кўрасиз. Шу сабабдан кўзингизга ҳамма ишнинг айбдори бўлиб кўринади у.

- Биз демократия шароитида эмас, диктатура шароитида яшаяпмиз. Бундай пайтда ҳамма мансабида қалтираб ўтиради. Шундай экан, бир партиянинг котибини қамаб қўйишга ким журъат этолади? Ёки бир газетанинг устидан ким тергов бошлата олади?

- Барибир ҳам “Катта”га мурожаат қилиб кўриш керак. У тушунадиган одам.

- Орадан уч-тўрт йил ўтсин, сиз ўзингиз ўртага чиқиб, у тушунмайдиган одам, дейсиз. У кеча сиз билан жуда мулойим гаплашди, эртага эса сизни йўқотиб ҳам юбориши мумкин. Қачон бўлаётган воқеалар ортидаги кучни кўра олсак, парда орқасидаги режессёрни танисак ва танибгина қолмай, буни очиқ-ойдин гапирсак, ўшанда ҳақиқат ўртага чиқади.

Исо Холис тортишувга нуқта қўймоқчи бўлди ва:

- Иброҳим Бек газетани ташлаб қочди. Шу ишни сиз олсангиз, – деди.

- Менимча бу Марказий кенгашнинг ваколатига кирса керак. Агар Марказий кенгаш лозим топса, ўшанда ўйлаб кўраман, – деди Миртемир.

- Янги йилнинг учинчи куни Марказий кенгашнинг мажлиси бор. Ўшанда бу масалани ҳал қиламиз.

Миртемир Исо Холис билан хайрлашиб чиқиб кетгач, депутат дўстлари билан гаплашди. Ҳар кимнинг ҳар хил баҳонаси бор эди.

- Ёнаётган оловнинг ичига ўзимизни отамизми? – деди улардан бири.

- Баъзан бу ҳам оловни сўндиришнинг бир йўли бўлиши мумкин, – жавоб қилди Миртемир.

- Ҳаммаси ўйдирма. Лекин Исо Холис қандайдир тангани ўғирлашда айбланмоқда. Ҳатто Жафар Нимжон деган қариндошини қамоққа ҳам олишибди.

- Бизнинг мақсадимиз Исо Холисни қутқазиш эмас. Биз демократияни қутқазишимиз керак. Ҳозир бу партия демократияни ҳимоя қиладиган майдонга айланди. Биз ана шу майдонга тушиб, демократия душманларига қарши мужодала этишимиз керак. Ва ёки ин-инимизга кириб бўлаётган воқеаларни тамоша қилиб ўтиришимиз лозим. Охирида инимиздан чиқариб олиб эзғилаб ташлашади.

Миртемирнинг бундай дашномли гапидан кейин олти киши партияга аъзо бўлиш учун ариза ёзиб, унинг қўлига берди.

Шунисига ҳам шукур, деб ўйлади Миртемир. Бугун олти киши бўлсак, эртага олтмишга айланамиз.

Янги йилни тумов билан ўтказган Миртемир “Озодлик” партияси Марказий кенгаши мажлисига келаркан, йўлда номерсиз бир енгил автомашина бирдан унинг устига қараб юрди. Аранг чап бериб қолди. Машина орқага қайрилиб, яна унинг устига юрди. У югурганча темир панжаралар орқасига ўтиб, ора сўқмоқдан партия биносига етиб олди. Воқеани эшитганлар дарҳол газеталарга, ҳуқуқ идораларига хабар қилишди. Шу куни Миртемирни партиянинг мафкуравий масалалар бўйича котиби ва газета Бош муҳаррири этиб сайлашди. Кенгашда партия котиби Нур Муҳаммад сўз олиб:

- Партиямиз номидан Олий кенгашда сўз айтмоқ фикрини ҳам Миртемирга берайлик, – деди.

Хуллас, бир ишга рози бўлган Миртемир уч ишни елкасига олди. Эртасигаёқ Иброҳим Бекни даъват этиб, матбуот қўмитасига боришди. Расмиятга кўра, янги муҳаррир албатта эски билан бирга матбуот қўмитаси раисининг ҳузурига бориши керак эди. Қўмита раиси Мирғуломов Иброҳим Бекка юзланиб:

- Ҳафталик газетада анча мунча қалам ҳаққини ўзлаштириб қўйибсизлар-ку, – деди.

- Ўзлаштирганимиз йўқ. Нишриётингиз барча рўзномаларга плёнка берди. Биз эса Болтиқ бўйи жумҳуриятлардан нақд пулга сотиб олдик. Акс ҳолда газета чиқмас эди. Еб юбориш нимаси? Биз ўз ҳисобимиздан ҳаражат қилдик.

- Бу ёғи билан ишим йўқ. Барибир жавоб берасизлар.

- Яқинда Ички ишлар вазирлигидан телефон қилиб, Чўлпоннинг адресини сўрашди. Газетамизда унинг шеъри босилганди. Адресини нима қиласизлар десам, “Чақириб, тергов қиламиз, қалам ҳаққи олган олмаганини сўраймиз” дейишди. Кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмадим. Сизнинг ҳам гапингиз Чўлпонни қабрдан чиқариб олиб кел, деганга ўхшаб қолаяпти.

Иброҳим Бекнинг бу гапи Мирғуломовнинг жаҳлини чиқарди. Миртемир орани юмшатмоқчи бўлди, лекин кор қилмади.

- Биласизми, сизлар ҳовлиқиб кетдингизлар, – деди у. – Эллик йилда ҳам ҳокимиятга келолмайсизлар.

- Биз ҳокимиятга эртага келамиз дедикми? – Иброҳим Бек ҳам товушини баландлатди.

- Бу одамдан бошқа бугун ҳеч ким мамлакатни бошқаролмайди, – Мирғуломов шундай, дея деворга осиб қўйилган портретни кўрсатди. “Катта” унинг боши узра жилмайиб тургандек эди.

- Исо Холис бор, – деди Иброҳим Бек.

- Исо Холис… уни яхши танийсизми? Бирор жойда бир ойдан кўп ишлай олмаганини биласизми? Уч марта коммунистик партияга аъзо бўламан, дея ариза ёзганини ва қабул қилинмаганини ҳам биласизми? Унинг хотинбозлигиничи? Умр йўлдошини қишлоқи, маданиятсиз, дея ҳайдаб юбориб, Москвадан малла сочлилардан олиб келганини ҳам биласизми? Ғарбдаги шоир, ёзувчиларнинг шеърлари, қатраларини таржима қилиб, қош-кўзини бўяб, ўзиники қилиб олганини биласизми? Билмайсиз! Ёки билиб билмасликка оласиз !

Хуллас, Мирғуломовнинг “биласизмилари” ҳеч тугамасди. Охири:

- Менга ўйлаб кўриш учун ун кун муҳлат беринглар. Оқсоқол билан гаплашиб олай, – деди у.

Ўн кун вақт сўраган вазирнинг ўн соатга ҳам тоқати етмади. “Катта”нинг ҳузурига келиб:

- Миртемир мухолифатнинг газетасига бош муҳаррир бўлибди. Газетага тазйиқ ўтказаяпсизлар, масалани Олий Кенгаш мажлисида кўтараман, деб таҳдид қилди.

- Мен унга таҳдидни кўрсатиб қўяман. Қўлдошевга айтинг зудлик билан уни депутатликдан чақириб олсин. – “Катта” шундай, деб Мирғуломовни чиқариб юборар экан аввал маслаҳатчиларига кейин Қўлдошевга сим қоқиб:

- Уч кунда Миртемирни депутатликдан чиқариб олиш масаласини ҳал қилинг, – деди.

Якшанба куни Миртемирнинг уйига сайлов округидан Нуриддин деган йигит келди.

- Кечирасиз, нохуш хабар олиб келдим, – деди у.

- Тинчликми?

- Пайшанба-жума кунлари ҳоким Келдиёров колхоз раислари, мактаб директорлари, бригадирларни ишга солиб, сизни депутатликдан чақириб олиш ҳақида қоғоз тўплади. Кеча қоғозларни шахсан ўзи Олий кенгашга келтирди.

- Одамлар ҳеч нарса дейишмадими? – сўради Миртемир.

- Биласиз-ку, ҳозир ҳамма қўрқиб қолган. Бунинг устига бу “Катта”нинг, Тўрабеков ва Узоқовнинг топшириғи экан. Бу исмларни эшитганларнинг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас. Қочганга қора ҳам Қорабой бўлиб кўринади.

Шу куни Исо Холиснинг уйига Фарангистон элчиси меҳмонга келиши керак эди. Миртемирни ҳам даъват қилганди. Миртемир меҳмони билан хайрлашиб, қор устида аста-аста юрганча Исо Холиснинг уйига борди.

- Эртага бир Тўрабековга кейин Жавлонжонга учрашинг-чи, – деди Исо Холис.

- Қозининг устидан ўзига арз қилгандек гап бўлмайдими?

- Қози истаса, қарорини ҳар турли чиқариши мумкин. Уларнинг кўнглига йўл топсангиз бу ҳаракатни тўхтатишади.

Миртемир Исо Холис ё жуда ҳам содда ёки жуда ҳам айёр, деб ўйлади. Тулкининг терисидан тўн кийган одам дўстини аждаҳонинг оғзига рўбару қилади. “Катта” Тўрабеков ва Узоқовга бу ишни топширган бўлса, уларни Азроилдан бошқа ҳеч ким тўхтата олмайди.

Миртемирнинг хаёлга чўмганини кўрган Исо Холис :

- Бугун Тўрабековни кўргандим. Сизни сўради. Демак, гап бу ёқда экан. Нима бўлса ҳам бир учрашиб қўйинг, – деди.

Бу ишдан Исо Холиснинг ҳам хабари бор, деб ўйлади Миртемир. Чунки воқеани эшитиб, ҳеч қандай таажжуб билдирмади. Аксинча, ҳамма нарсадан хабардор кишидек “чиқиш йўли”ни кўрсатди.

Миртемир Исо Холиснинг ҳам хабари бор йўклигини ўрганмоқчи бўлди. Агар хабари бўлса, демак у билан бир йўлда юриб бўлмайди. Буни ўрганишнинг бирдан бир манбаи Тўрабеков эди. Эрталаб у Тўрабековнинг ҳузурига келди. Папирос чекмайдиган Тўрабеков тинимсиз тутата бошлади.

- Менга ҳам беринг, – деди Миртемир. Тўрабеков бир қутича “Мальбора”ни узатди. Кейин :

- Ўлимдан хабарим бор, лекин бундан хабарим йўқ, – деди у.

- Хабарингиз бор, биламан, – деди Миртемир ўчакишиб. – Хатто Исо Холисга ҳам айтибсиз.

- Исо Холисни кеча кўрдим. Факат узоқдан бош ирғаб саломлашдик.

Ундан мени сўрамадингизми?

- Сиз керак бўлсангиз, қаердан топишимни яхши биламан. Қолаверса, бу масала Олий кенгашнинг иши. Билганимда ҳам унга аралаша олмайман.

- Ахир ҳамма сессияларни Сиз ўтказасиз. Неча марта депутатларни чақириб дўқлагансиз. Ҳатто менга ҳам қамалиб кетасан, деб айтгансиз. Майли, чақириб олинглар. Лекин бу иш қонун талаби даражасида бўлсин. Менга учрашув учун имконият танимасдан қарор чиқариб қўйишларингиз на тарозида туради ва на тавоқда.

- Биласиз, Еттинчи сессияда бош кўтариб, тўнтариш қилмоқчи бўлганларни тор-мор этдик. Битта Қўлдошев қолди, – деди Тўрабеков худди “Сизнинг ҳам ишингиз битди” дегандек.

- Ҳа, омадлисиз. Лекин инсон бир умр ҳам омадли бўлавермайди, – деб чиқиб кетаётган Миртемирни Тўрабеков тўхтатди.

- Биласизми, пойтахтдан кетиб вилоятингизда ишласангиз, буни тўхтатиш мумкин.

Миртемир Тўрабековга қараб жилмайди-да, эшикни ёпиб чиқиб кетди. Эртасига эрталаб йўлга чиқди. Сайловчилари билан учрашмоқчи эди. Лекин уни қўналғада яқин дўсти Йўлдош кутиб олди. У вилоят ҳокимиятида ташкилий-кадрлар бўлимининг мудири эди.

- Нима гап? – деб сўради Миртемир Йўлдошдан.

- Ҳозирча ҳеч гап. Агар бирор воқеа бўлса Сизга мен ўзим етказаман, р…ростдан ҳам… – деди Йўлдош “р”ни айтишга қийналиб.

- Олий кенгаш раёсати номидан аллакачон қарор ҳам тайёрлаб қўйишибди-ку?

- Бизга келган эмас, акс тақдирда мени сизни кутиб олишга чиқаришармиди.

- Мен ҳеч кимга айтмасдан йўлга чиққандим. Булар йўталга қараб исмингни айтиб берадилар…

- Шунақами? – ажабланди Йўлдош.

- Сизнинг ажабланишингизни кўриб мен ҳам ажабланаяпман. – деди Миртемир.

- Ахир имзо тўплашибди-ку?!

-Йўғе, мен эшитишим керак эди.

12. ЙЎЛДОШ

Миртемир Йўлдошнинг гапига ишонди. Чунки бу бинода ишлаётганлардан икки нафарига ишониш мумкин бўлса, булардан бири Йўлдош, деб ўйларди бир пайтлар. Ўрусиятдан жумҳуриятга келган “тозаловчи”ларнинг қармоғига тушган инсонлар орасида Йўлдош ҳам бор эди. Ўшанда Йўлдош вилоят ижроқўмида умумий ишлар бўлимининг мудири эди. Шаҳар партия қўмитасида аъзоликка қабул қилинувчилардан пора исталганини мажлисда айтиб қўйгани учун кўчага қувилди. Миртемир уни анчадан буён танирди. Йўлдош комсомол қўмитасида ишлаб юрганида вилоят рўзномасига хат-хабар олиб келарди. Ҳамма вақт тиржайиб турадиган, бўйни эгик бу йигитчага доим ёрдам қўлини чўзарди. Сўзларидан ҳалол, пок, виждонли йигитга ўхшарди. Ҳуқуқ олийгоҳини битиргани учун сиёсатдан унча-мунча хабари бор эди. Ишдан қувилгандан кейин икки йил адолат излади. Бош суқмаган идора, тақиллатмаган эшик қолмади. Бу орада Миртемир жумҳурият рўзномасига ишга ўтди. Бир куни Йўлдош унинг ҳузурига келди

- Биз ишонган қайта қуриш “айта кўриш”, яъни гап экан. Ҳамма тепадан келган “меҳмон”лардан қўрқади. Ким билан гаплашмайин “Сиз ҳақсиз, лекин қўлимиздан ҳеч нарса келмайди”, деб айтади – деди.

Йўлдошнинг шаъмадор гапи Миртемирга таъсир қилди. Вилоят рўзномисида уни ҳимоя қилиб ёза олмас эди. Бу ерда ҳам мушкул, деб ўйлади. Газетамизнинг бошида тепадагиларга хушомадгўйлик зарурияти туғилса анқонинг уруғини ҳам топиб келадиган киши ўтирибди. Ёзганим билан саҳифадан олиб ташлайди. Балки саҳифага етиб ҳам бормас, лекин бу йигитнинг энг сўнги умиди бу. Кузлари маҳзунлик қалъасига айланибди, ранги сўлиб, қадди эгила бошлабди. Унинг ўрнига бошқа одам бўлганда тўнини елкасига ташлаб, бирор жойда ишлаб юраверарди. У чекинмади. Нима бўлганда ҳам унинг қўлтиғидан кўтариш керак. Миртемир хаёлларини тизгинладида, Йўлдошнинг икки сумкага сиғган қоғозларини қўлига олди.

“Бир инсон тақдири” сарлавҳали мақоласи тайёр бўлганда, бош муҳаррир ўринбосари Жўрабой ака уни табриклаб:

- Бу “меҳмон”ларимизни типирлатадиган илк мақола. Бугунга қадар ҳеч ким уларнинг мушугини “пишт” деган эмас. Лекин “домла” бу мақоланинг чиқишига изн бермайди, – деди.

- Сизга ёққан бўлса, балки “домла”га ҳам ёқар, – деди Миртемир.

Улар бош муҳаррирни “домла” дейишарди, чунки бош муҳаррир Майизов илгари дорулфунунда дарс бергани учун уни таҳририятда ҳамма шундай деб атарди.

Жўравой ака мақолани олди-да, Майизовнинг котибига берди. Бир ҳафтадан кейин Майизов Миртемирни чақирди. Майизов ҳўл ўтинга ўхшарди, устидан керосин сепсангиз бир неча сонияда гувиллаб ёнарди-да, кейин тутай бошларди. Унинг гувиллаб ёнишидан туташи ёмон эди. Чунки кўзларни ачитиб юборарди.

- Ҳов укам, бошинг нечта сенинг?! – Майизов Миртемирни сенсираб гапираркан, у хафа бўлмади. Чунки бир пайтлар дорулфунунда дарсга кирганида ҳаммани “сен”сираб гапирарди ва бунга Миртемир ҳам кўникканди. Майизов одати бўйича ёши ўзидан катта бўлса-да ўринбосарини ҳам сенсирарди, чунки уларни талаба ўрнида кўрарди.

- Домла…, – Миртемир нимадир сўрамоқчи бўлди.

- Домлангнинг уйи куйсин!… – Майизов Миртемирнинг сўзини кесди. – Ҳозиргина Марказкомдан келдим, Раънохон опанг газетамизга ташаккур билдирди. Нима сен бошимиздан қайноқ сув қуймоқчимисан? Юқоридан келган ҳар бир меҳмон ҳалол, виждонли, бизга яхшилик истаб келган. Уларни минг марта текшириб бир марта юборишган. Олдинги окахонларинг ҳаммаёқни сичқон уя қилиб, талон тарож этишди. Худого шукур, марказдан юборилганлар адолат калавасининг учини топиб беришди…

Майизов тутай бошлаганди. Бу камида қирқ беш дақиқа давом этишини Миртемир яхши биларди. Лекин, нима бўлганда ҳам домла-да. Икки дарсни қўшиб бирданига тугатди.

Миртемир Жўрабой аканинг ҳузурига келганда, уни қаҳ-қаҳа билан қаршилади.

- Домла яхши одам, икки дарсни қўшиб юборади. Талабасини лимон деб ўйлайди. Эзаверади, эзаверади. Ҳечқиси йўқ, уч кундан кейин таътилга кетаяпти, ана ўшанда мақолани чиқариб юборамиз, – деди.

Миртемир Раънохон опадан олинган ташаккурнома сабабини энди англади. Демак, бош муҳаррир Марказком қўмита котиби Ръно Саъдуллаевадан таътилга изн олган.

Хуллас, кун ботди ой чиқди бир кун эрталаб газета саҳифасида Миртемирнинг мақоласи кўринди. Бу мақола унинг бошида чақилган ёнғоққа айланди. Ҳар тарафдан тошбўронга тутишди. Вилоят партия қўмитасида ишлаётган ва Йўлдошни бадарға этган “меҳмон” Николай Филлипов башарасидаги ниқоб йиртилганидан талвасага тушганди. Қўл остида ишлаётган Неъматжон Маҳмудовга шикоят ёздириб, Комфирқа иккинчи котиби, “бош тозаловчи” Радишчевдан “Мухбирнинг кимлиги ўрганилсин” деган ҳукм чиқартирди. Ўшанда Неъматжон Маҳмудов Миртемирнинг ҳузурига келди.

- Менга ёз дейишди, ёздим. Биламан, Йўлдошга ноҳақлик қилинди. Лекин у ҳам яхши одам эмас. Комсомолда иккаламиз бирга ишлаганмиз. У ижроқўмга ўтгандан кейин орамиздан қора мушук утди. У мажлисда туман партия қўмитасидагилр пора олишади, дер экан, мақсади порахўрликни фош этиш эмас, балки мени у ердан четлатиш эди, – деди.

- Нима бўлганда ҳам пора олинган, бу исботланди, – деди ўшанда Миртемир.

Комфирқанинг топшириғи билан уч томондан тафтиш гуруҳи тузилди. Миртемирни “Бобоси босмачилар билан алоқадор” деб айблай бошладилар. Партия комиссияси эса “Бир пайтлар отаси қамалган” деган баҳонани рўкач қилди. Ички ишлар бошқармасида “Машина олувчи одамга ёрдам қилган” деган айбни ўйлаб топишди. Ҳар кун даҳанаки жанг, ҳар кун асаббузарлик. На уйда, на кўчада ҳаловат. Ниҳоят тўрт ойлик текшир-текширдан кейин партия қўмитасида мухбир масаласини муҳокама қилишга мажлис тайин этилди. Мажлисни янги тайинланган котиб Назиров бошқарди.

- Мухбирда айб йўқ, – деди у.

Бу гапни айтган Назиров балога қолди. Энди уни текшира бошладилар. Назирав Московга қадар борди ва Йўлдошни ишга тиклади. Шундан кейин Миртемир Йўлдош билан яқин дўст бўлиб қолди. Бир-бирининг уйига бориб келадиган бўлишди. Миртемир депутатликка сайланганда Йўлдош унинг атрофида гирдикапалак эди. Пойтахтдан шаҳарга қайтса, албатта қаршисида Йўлдошни кўрарди.

- Юртимизда озодлик, бирлик, эрк ғалаба қилади, демократия қарор топади, – дерди у ҳар сафар.

Мана бугун Миртемир унинг ҳузурида. Унинг хонасига киришдан олдин, йўлда Пўлат Мажидовичга рўбару келиб қолди.

- Олий Кенгаш раёсатининг қарори келди, икки кун бўлди. Машина юриб кетди, – деди у киноя билан.

Йўлдош бўлса “Хабарим йўқ” деяпти. Балки ростдан ҳам бехабардир? Э, йўқ, умумий ишлар бўлимининг мудири қандай қилиб хабарсиз қолади? Ахир барча хат-ҳужжат унинг қўлига келиб тушади-ку? Ёки Пўлат Рашидов уни чўчитиш учун шундай деди-ми?

Миртемир Йўлдошнинг хонасидан чиқар экан:

- Агар бир нохуш хабар эшитсам, албатта Сизга етказаман, – деди доимий тиржайишини канда қилмай.

Миртемир ўзи сайланган туманга келди. Ҳоким Келдиёр Исроилов тинимсиз сигарет чека бошлади.

- Хонангизда биров сигарет чекса рухсат бермас эдингиз, энди ўзингиз бошлабсиз-ку? – деди Миртемир.

- Э, ўша кундан бошлаб чека бошладим, – деди Келдиёр.

- Қайси кун?

- Сиз ҳақингизда масала кўтарилган кун-да!

- Мени депутатликдан чақириб олиш масаласини бирор бир ташкилот ёки бирор қишлоқ аҳли кўтарди-ми? – киноя билан сўради Миртемир.

- Қизиқсиз-а, туман аҳли сизни мендан ҳам яхши кўришади-ку!

- Ундай бўлса масала қаердан кўтарилди? – атайлаб саволини такрорлади Миртемир.

- Иккаламиз дўстмиз, гап шу ерда қолсин, – деди Келдиёр – Мени Пўлат Мажидович чақирди. Унга “Катта”нинг ўзи сим қоқипти. Бу нарса бизга обрў келтирмаслигини, халқ нотўғри тушунишини айтдим. Узоқ гаплашдик. Ниҳоят: “Бўпти, сиз таътилга чиқинг. Ўзимиз бажарамиз”, деди. Ариза ёздим, қўл қўйди. Гапнинг очиғи хурсанд бўлиб кетдим. Сизни менинг қўлим билан ўлдиришмоқчи эдилар. Олдинги ҳоким билан қанча олшганингизни бутун жумҳурият кўрди. У хоинни туманимиз бошидан узоқлаштиргунча қанча азоб чекдингиз. Буни халқимиз унутмади. Шу боис Пўлат Мажидовичга “Таклифимизни халқ қўлламайди” деб айтдим. У кулди-да, қачондан буён халқдан сўрайдиган бўлиб қолдингиз”, деди. Туманга етиб келмасимдан орқадан Алибой Мардиев ва Йўлдош Сувоновлар етиб келишди. Мана шу хонада ўтириб халқ номидан талабнома ёздик, кейин қарор матнини ҳозирладик, ундан кейин пойтахтдан бу масалани кўриб чиқишни илтимос қилиб хат тайёрладик. Йўлдош Сувонов менинг машинамда пойтахтга олиб борди ва ўша куниёқ у ерда чиқарилган қарорни олиб қайтди…

- Ким, ким?! – Миртемир титраб кетди.

- Умумий ишлар мудири Йўлдош Сувонов. Илтимос, ўзига айтманг, “Биз Миртемир билан дўстмиз, энди менга ҳам ёмон кўз билан қарашади”, деяётганди.

Келдиёрнинг қолган гапи Миртемирнинг қулоғига кирмади. Чунки унинг қулоқлари олдида бошқа бир ҳайқириқ жаранглаётганди.

Йўлдош! Қани сенинг виждонинг, иймонинг?! Қани курашчилигинг?! Сендаги дўстлик руҳи қаерга йўқолди?! Сенинг номинг бугун қиличга айланди. Тафаккурим, қарашларим, ишончимни чил-чил айлаган қилич!

Йўлдош! Мен бу тумандаги деҳқон, бригадир, ҳатто мана бу хонага келиб сенинг гувоҳлигингда қарорга имзо оттирилган раисдан хафа бўлмайман У кураш нималигини, азоб-уқубат нималигини, уйқусиз тунлар, адолат, ҳақиқат йўлида жон фидо қилиш нималигини ё билади ё йўқ… Уни манқурт ҳолига солишган, ҳам овози бор, ҳам овози йўқ. Гапиради-ю гапиролмайди, ўйлайди-ю фикрларини қалбига кўмади. Изтироб чекади-ю изтироби билан бирга қоврулади. Лекин сен-чи?!

Йўлдош! Ман Мардиевдан хафа бўлишга ҳақли эмасман. У ўн йиллар давомида суд раиси бўлди. Бу унинг оддий ҳаёт тарзи, дунёни пул деб баҳолади ва ўз мезонига кўра тўғри қилди. Бугун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари. У ҳали узоқ манзилларга етиб боради. Собиқ бош вазирни депутатликдан қувишда “машъал”га айланди. Лекин ҳеч ким билмайдики, Хайрулло Саидов ўзи ариза ёзиб депутатликни тарк этди. Мардиевлар эса уни “қарсаклар” билан чақириб олишди, унинг ўрнига ўзи депутат бўлди. Мен ундан ранжимайман. Ифлос жамиятнинг энг ифлос чўққиларида юрган бундай “ақлли” кишилардан хафа бўлиш аҳмоқликдир.

Йўлдош! Мен бугун Пўлат Мажидовични ҳам кечирдим. У ҳам бир жаллод. Ҳукм келса, отасининг бошини кесади. У қондан, жирканчликдан сесканмайди. Унинг ҳаёт тарзи бу. Аммо унга ҳам раҳмим келади, чунки бир кун шу “Катта”нинг ўзи унинг бошини узади. Шохларнинг жаллодларри ҳеч қачон омон қолмаган. У бугунги гуноҳлари ҳаққи ўз ҳукумдоридан жазо олади.

Йўлдош! Мен ҳатто Келдиёрдан ҳам хафа бўлолмайман. У ҳам ўзига хос шахс. Лекин ҳеч нарсани яширмасдан борини айтди. Ўз виждони олдида пок. Ҳатто “Мен қарши чиқиб ишни ташлаб кетсам ҳам, барибир Сизни депутатликдан чақиришади. Чунки бу халқнинг иродаси эмас, бу “Катта”нинг иродасидир. Қарор аллақачон чиқарилган”, деди. У писмиқ эмас, у мақсадини яширмайди. Илгари келганимда эшикка қадар кузатиб қўймаган бу йигит, бугун мана кўчага қадар чиқди. Кетишим учун машина бермоқчи бўлаяпти. Ўтган ой эса учрашувга кечикаётганимизда бинонинг орқа эшигидан қочган бу “паҳлавон” бугун ўзини ҳокисор қилиб кўрсатиш билан ўз гуноҳларини енгиллатмоқчи. У мени “дўстим”дан алқаяпти. Унинг мақсади бор: Мени халқ ҳузурига чиқармоқчи эмас. Суҳбатлашиб ўтирар эканмиз, бошқа хонадан кимгадир сим қоқди. У балки сен эдинг, балки Мардиевдир. Сўнг “Тушунинг, халқ билан учрашувнинг фойдаси йўқ. Фақат менга гап тегади. Бутун туман халқи қўлига қурол олиб чиқса ҳам бу ҳаракатни тўхтата олмайди. Чунки бу ҳаракат саробдек гап. Қаерда кўриниб қаерда кўринмаслиги ноаниқ. Ҳозир қонунга кўра, баъзи қоғозлар тайёрланмоқда, эртага эса “Чақириб олинди, тўқсон тўққиз фоиз халқ овоз берди” деган қарор ёзилади. Агар эркакчасига айтсам бу ҳам ёзиб қўйилган. Битта иш қолди. У ҳам бўлса белгиланган кун матбуотда эълон қилиш” деди.

У ҳеч нарсани яширмайди. Очиқчасига “Сени ўлдираман” дейди. Ўлишингни биласан, яна бир неча лаҳзадан сўнг “пақ” этиб милтиқ отилади-ю мангу уйқуга кетасан. Негадир бу қотилликдан хафа бўлолмайсан.

Йўлдош! Ҳатто ўша сенлар сиғинган Тўрабековга нисбатан қалбим юмшади. У ҳам Худога эмас бандага сиғинади. “Катта”нинг қаршисида ҳамма вақт боши эгик, тили қисиқ. Мозорда ётган онасини, уйида ўтирган хотинини ҳақоратласа ҳам жим тураверарди. У худди лавозимларини пуллагандек ўз боласини осонгина сотиб юбориши мумкин. Унда на фикр ва на қалб бор. Унинг виждони пул, иймони мансаб. Эртага “Катта”нинг пайтавасига қурт тушса, унинг оёғига биринчи бўлиб болта урадиган Тўрабеков бўлади. Бугун “Катта”нинг сувратини ишхонасига осиб қўйган. Кўзи кўзига тушмаса кўнгли жойига тушмайди. Агар масала унинг мансаби билан дахлдор бўлса, эртагаёқ менинг сувратимга ҳам сиғиниши ҳеч гап эмас. Тўрабеков, Узоқов, Салимовлардан хафа бўлиш ўзингни беписанд этиш, хор-зор қилиш билан баробар. Улар дунёдаги энг бадбахт одамлар. Уларнинг бу куни бор, у ҳам омонат, эрталари зулмат, келажаклари эса ёлғиз Худога аён.

Лекин сен-чи, Йўлдош? Сен кимсан? Сансираганимга жаҳлинг чиқмасин. Сен дея Йўлдош Сувонов билан эмас, балки Йўлдошевлар билан бахс очмоқ истадим. Сендаги адолатга ишонч қачон сўнди? Сендаги курашчанлик руҳи қачон синди?! Сендаги умид дарахти қачон чирий бошлади?! Қачон?! Агар бор ҳақиқатни англаб, сен ҳақсизликка кўниккан бўлсанг, демак миллатнинг тақдири хавф остида. Чунки миллатни ушлаб турадиган илдизлар унинг ботир, қўрқмас, ҳақсўз ўғлонлари.

Тўрабековлар, Салимовлар, Марди-евлар… уларнинг сон-саноғи йўқ. Уларнинг ожизлиги, қўрқоқлиги ҳам боис Туркистонни ўрислар босиб олди., қатлиом қилдилар халқни. Улар “Марату”лардир. Ривоятни эсла. “Марату”ларнинг хоинлиги боис миллатнинг тилини кесдилар, шоирларини ўлдирдилар, ёзувчиларини тириклайин кўмдилар, ойдинларини дарбадар этдилар. Шу ойдинларнинг орасидан чиққан “Марату”ларнинг қўли билан. “Марату”ларнинг мансабга садоқати боис миллионлаб ўғлонларни “босмачи” дея тавқи лаънатга қориштирдилар. “Марату”ларнинг одам қиёфасидаги шайтонлиги туфайли халқнинг кипригига қулф, қўлларига занжир, тафаккурига тиканзор солинди. Лекин “Марату”ларни охир-оқибат Чор Россияси ҳам аямади, дорга осди. “Марату”ларни Ленин кечирмади. Очдан ўлдирди! “Марату”ларни Сталин отди, лекин Йўлдошлар қолдилар. Нега? Бу қандай синоат?! Бу қандай сир?! Балки асл “Марату” сенсан, Йўлдош!

Энди Йўлдош Сувоновга икки оғиз сўзим бор: Сиздан ёрдам сўраб борганим йўқ биродар. Дардлашмоқ истадим. Сиз бор ҳақиқатни яширсангизда, ҳамтовоқларингиз яширмадилар. Лекин нега яширдингиз? Нега жилмайиб туриб алдадингиз? Сизни қандайдир туйғу қийноққа солдими? Агар бор гапни айтганингизда… Йўқ, сиз мени яхши билардингиз. Мен мансаб учун дўстини сотгганлардан ҳазар қиламан! Раҳбарга садоқатли кўриниб, биродарларидан кечганлар билан суҳбат қуришдан ор қиламан! Шу боис ҳам яширгансиз, Йўлдош Сувонович!

Сиз қўлда қилич билан мен сайланган туманга боргансиз. Кундага менинг бошим қўйилганди, курашлардан тиззалаб қолганингиз кўз олдингизга келди-ми? Икки йил сарсон-саргардон юрганингизни эсга олдингиз-ми? Ёки шу ҳолат сизга қилич кўтариш учун куч берди-ми? Лекин сиз ўша пайтда ёлғиз қолмаган эдингиз-ку?

Уҳ, қилични урдингиз! У менинг бошимга эмас, умидимга, ишончимга курашимга санчилди. Мен ўзимнинг бугунги ҳолатимни енга олмасам, қачондир қайсибир Йўлдош адолатсиз чорраҳада ёлғиз қолади. Балки бу ҳолатимни енгсам, мен қўллаган Йўлдошлар қачондир Миртемирларнинг бошини кесар! Кўрдингизми, нима қилиб қўйдингиз, Йўлдош Сувонович!

Азалдан кишилар дўстларнинг хиёнатидан озор чекканлар. Нафақат кишилар, балки бутун жонзодларни ана шу дард қийнайди. Ёдига “Хонбалиқ” ҳақидаги ривоят тушади.

РИВОЯТ

Энди уруғдан чиққан икки хонбалиқ тоза сувда гоҳида сакраб, гоҳида “учиб” ўсишарди. Нохос келган оқим улардан бирини ўз комига тортди. Уни шўр сув – уммонга олиб бориб ташлади. У шиддат билан орқага урди узини, тўлқин уни қайта улоқтирди. У сув остидан ортга сузмоқчи бўлди, меҳнатлари зое кетди. У энди сакраб-сакраб оқимга қарши суза бошлади. Шариллаб оқаётган сув уни тошларга урди, боши зада бўлди. Яна шўр сув – уммонга бориб тушди. У куч тўплаб ортга қайтди. Гоҳ тошга урилди, гоҳ ортга улоқтирилди.

Вақт унинг фойдасига ишларди. У чиниқарди ва куч йиғарди, улғаярди. Ниҳоят у шиддатли оқимни, изтироб ирмоқларини аста-секин енга бошлади. Узоқ курашлар, олишувлардан сўнг ўзи пайдо бўлган мусаффо кўлга етиб келди. Сакраб, сув сачратиб ўйнади, қувнади, сўнг дўст-ёрини қидирди. Излаб-излаб топди. Дўсти ундан қочди. У қанча яқинлашмасин дўсти шунчалик қочиб кетаверди. Сўнг у катта куч билан ўзини тошга урди. Ўлмади. Яна бориб урди. Яна… яна… Уни сув қиргоққа олиб чиқиб ташлади. Шунда дўсти ҳам унинг ортидан бу ҳолни такрорлади.

Бу икки балиқ қолган балиқлар фалсафасидан йироқда эди. Думингни ликиллатсанг илгари кетасан, деган қоидани қабул этмагандилар. Балки шунинг учун уларнинг номлари Илонбалиқ эмас, Чўтирбалиқ эмас, уларнинг номи Хонбалиқ!

Миртемир тумандан орқага қайтар экан қўлини силкаб қолган Келдиёрнинг ғира-шира қиёфаси Йулдошнинг қомати билан қоришиб кетди. Қишнинг сўнг кунларидаги суякларни кемирувчи хирчин шамол деразадан шиддат билан ичкарига урди-ю Миртемирнинг хаёлларини олиб кетди. У машинанинг ойнасини бекитар экан, худди ўтган кунларига парда тортгандек кўнгли бўм-бўш эди. Бу бўм-бўшликни тўлдирадиган қувғинлар ҳали олдинда эканлигини сезса-да шу дамда бу ҳақда ўйламасликка уринарди…

(УЧИНЧИ КИТОБ ТУГАДИ).

jahongir8061.jpg