Тўртликлар

ishxonada2Машқ

Мендан шеър кутмангиз эй, аҳли алёр,
Пурдон шоирлардек чиқаролмам сас.
Юрагимда ётган дардларим бисёр,
Хатга туширишга рухсат беринг, бас!
***

Аҳли эл эзилган, рўзғори нонсиз,
Хорижга юз тутса, “Дангаса”, “Ҳе, ўл!”,
Тўранинг имкони чексиз-поёнсиз,
Чет элга йўл солса, “Оффарин!”, “Оқ, йўл!”

***

Золимдан юз бурдим адога яқин,
Моҳлардан қайрилиш сабога яқин,
Бойни тарк айламоқ гадога яқин,
Динкашдан йироқ тур Худога яқин.

***
Ҳур миллатнинг бошига қайданам иниб қолдинг,
Эл бойлиги, бахту тахт, барига миниб олдинг.
Алифга йўйиб ўзни ерга боқмадинг тожвар,
Бугун қоматинг қани, дол мисол синиб қолдинг.

***
Во ажаб, минбарда йўталолмаган,
Овозин йиртади тепада-томда.
Мажлисда қўлини кўтаролмаган,
Қуролни кўтарар…Афғонда, Шомда.
***
Худони саволга тутамиз ҳар кун,
Золим қаршисида жон чиқар тиздан,
Бу не ҳол, амалдор Худодан устун,
Бу не ҳол, эл-улус чиқибди издан?
***
Тилаклар ёғади ёмғирдай сим-сим,
Селга айланади байрам вақтида,
Йиллар ўтаверар бесамар, тим-жим,
Орзулар яшайди кўҳна тахтида.
***
Ортга боқолмайсан, гуноҳлар кўпдир,
Олдга боролмайсан, гувоҳлар кўпдир,
Аросат тахтида ётибсан эй, шоҳ,
Ва лек сажда қилган гумроҳлар кўпдир.
***
От минсанг қамчингдан йиғлайди улус,
Фарёд униб чиқар сангу-тошлардан.
Йиқилсанг “Ёрдам!” деб қоласан даюс,
Нажотни кутасан кўзи ёшлардан.
***
Ишни қилар золимлар,
Айбланган миллатдир.
Ҳей, руҳшунос олимлар,
Айтинг, бу не иллатдир?
***
Эртанги кунингдан қўрқсанг дўст, магар,
Дарҳол ортга қайтгин олган йўлингдан.
Бугун бир нарсалар қилмасанг агар,
Эртага ҳеч нарса келмас қўлингдан.
***
Юлдузлар жилмасмиш, юрмагай осмон,
Қуёш ҳам на сайёҳ, на кезар камон.
Бизни алдабдилар асрлар бўйи,
Магар одамзотдир саргардон ҳамон.
***
Сен менга жаннатдан гапирма эй шоҳ,
Калити қўлингда бўлса ҳам магар.
Менинг юрагимда яшаган илоҳ,
Дўзахга юборса юборсин агар!
***
Сенинг фалсафангла дунёга боқсам,
Ҳар оним, ҳар сўзим- ҳар қадам-гуноҳ.
Дўзахга кирибда ўзимни ёқсам,
Барибир дастингдан қутулмам гумроҳ!
***
Шодмон кўрмоқликни истаб ҳар доим,
Қанча уринмайин қилмас кифоят,
Мени дўзахингга отгин Худойим,
Мамнун бўлар шунда рақибим шояд.
***
Сени гувоҳликка ким чорлай олар,
Ахир Ҳақиқатдан қўрқасан ўзинг?!
Тилинг танглайингга ёпишиб қолар,
Олий маҳкамада чиқмагай сўзинг!
***
Йил кетиб, йил келар, севинамиз биз,
Осмон эса кўз ёш тўкади.
Ер кетиб, ер келар, тепинамиз биз,
Баҳор эса кўчат экади.
***
Золим эрур Бугун, қиличи ҳам қон,
Ҳатто кўкка сиғмас фиғону ноланг.
Бугунни унутсанг, Эртага ишон,
Эртанинг қўнглида яшнайди боланг.
***
Дунё бугун келибдими дунёга,
У кўпни қаритган, ўлмас бир даҳо.
Ишониб қолганмиз бу гап- рўёга,
У асли ўлжасин маст этган юҳо!
***
“Исён!” деб бировга суқмасман сўзим,
Ҳатто чумолининг умри ҳам азиз.
Мен исён қиламан ўзимга ўзим,
Ўзимни енгмоғлик зафардир ҳаргиз.
***
Дерлар ёзилганмиш тақдири инсон,
Эргашиб юрармиш ошини ошлаб.
Мен эса бузибман буни ногаҳон,
Тақдирни ортимдан юрибман бошлаб.
***
Дарахтнинг илдизи, қомати муҳим,
Шуларсиз ҳосилнинг униши қийин.
Инсонда илдиз ҳам, қомат ҳам муқим,
Лек ақл етмаса, бари бир тийин.
***
Яхшилик аслида сўлим бир баҳор,
Дўсту биродарга қилки, қайтажак!
Магар унутди деб ранжима, зинҳор,
Қиш сени эзса у сўзин айтажак!
***
Ўқ бўлгин, мушак бўл, аммо мақтай бил,
Бит бўлгин, пишак бўл, аммо мақтай бил,
Мақтаган буюкмиш, мақтамас куюк,
Ит бўлгин, эшак бўл, аммо мақтай бил.

Жаҳонгир Муҳаммад.

Advertisements
%d bloggers like this: