ТУРКИЯДА ТЎРТ ЙИЛ

2. САДРАТДИН

Худо севган қулига бекитилган йўл ўрнига бошқа йўл очиб беради, деган гапга жуда ишонаман.

Бир куни Умуд билан Бинагади тумани ҳокимлиги биноси ёнида учрашишга келишдик. Одатим бўйича олдинроқ келиб, катта йўл ёқасида у ёқдан бу ёққа юриб турдим. Кутилмаганда бир оқ “Волга” йўлакка чиқиб кетиб, мен томонга ўқдай отилиб кела бошлади. Бундай пайтда одамда реакция тез ишламаса, у шок ҳолига тушса тамом. Бир ҳамла билан ўзимни четга олдим. Машина тегар-тегмас  “учиб ўтди”. Анча нарига бориб тўхтаб қолди.  Балони тешилиб, йўлакнинг четига чиқиб кетган экан.

Машина ичидан бўйи узун, катта раҳбарларга ўхшаб башанг кийинган бир киши чиқди. Ҳамма унга яқинлашиб “Садратдин малим, омонмисиз?” деб сўрай бошлади. “Муаллим” сўзи Озарбайжонда ҳурматли кишиларнинг номига қўшиб “малим”  тарзида айтилар экан. Садратдин малим тез-тез юриб менинг олдимга келди:

-Сени ўлдирсам керак деб ўйлагандим,-деди у ва мени қучоқлаб бағрига босди. Озарбайжонда яқин олиб гапирса “сен” дейди, бегонага ва катта лавозимдаги одамга “сиз” ишлатади.

-Юр, юр,-деб Садратдин малим ҳокимият биносига бошлади. Кабинети бор экан. Қўлига бир ҳовуч сувни олдида юзимга сепиб юборди. Сесканиб кетдим.

-Ана энди мана буни ичиб ол, -деди у бир бардоқ(кичкина стакан)да сув узатиб.

“Қўрқмадим” демоқчи эдим, лекин рангим оқариб кетганидан у ваҳимага тушган экан.

Кейин гаплашиб қолдик. Туман ҳокимининг саломатлик, маданият ва маиший масалалар бўйича ўринбосари экан. “Ўзбекман” деган гапдан бошқа сўз ишлатишга улгурмадим. У ўзининг Нахичевандан эканлиги, отаси Ҳайдар Алиевнинг яқин дўсти бўлгани, қариндошчиликлари ҳам борлиги, отасининг Шароф Рашидов билан учрашгани… хуллас, дунёнинг ҳикояларини тўкиб солди. Кўнгли очиқ, самимий бир инсон экан. Кейин шу бинода жойлашган Миллий Истиқлол партиясини қўллаши, унинг раиси Эътибор Мамедов билан дўст эканлигини айтиб қолди. Унга Эътиборни озод қилиш учун имзо тўпланганда қўшилганимни айтишим билан унинг ҳузурига бошлади.

Эътибор бизни яхши қабул қилди. Иккаламиз тенқур эканмиз.

Унинг номи собиқ сафдоши Элчибейники каби машҳур бўлиб кетганди. Етмишинчи йилларда Элчибей билан мустақиллик учун курашга кирган. У пайтда бизда мустақиллик деган тушунчанинг ўзи бўлмаган. Уни бу ҳаракатлари учун олийгоҳдан ҳайдашган. Кейин Озарбайжон Халқ жабҳасининг ташкилотчиларидан бирига айланган. 1989 йилда катта намойишларни бошқарган. 1990 йилда Бокуга танк қўшинлари киргизилганда, у “Қора январ” номи билан тарихга кирган бу воқеани қоралаб, Москвада матбуот анжумани ўтказаётган пайтда қамоққа олинганди. Ёмонлиги билан номи чиққан Лефортово қамоқхонасида 9 ой ётганда дунё бўйлаб унинг озодлиги учун имзо тўпланганди. Ўшанда Тойиба Тўлаганова билан  Олий Кенгаш биносининг ер ости қаватидаги почтахонасидан Москвага телеграмма йўллаб, 1,5 миллион кишининг сафига қўшилгандик. Шундан кейин 1991 йилда уни озод қилишди. Мана энди у Озарбайжон Миллий Мажлисининг аъзоси, партия раиси, лекин Элчибейга мухолиф. Унга очиқ хат ёзиб вазифасини Ҳайдар Алиевга топширишини талаб қилмоқда.

Садратдин телеграмма йўллаганимни айтиши билан у ўрнидан туриб, мени қучоқлаб олди. Озодлигини талаб қилганлар орасида икки ўзбек депутати ҳам борлигини билишини айтди. Балки кўнгил учун айтди бу гапни, у ёғини билмайман. Аммо ҳамма телеграммалар айланиб келиб унинг делосида тўпланганига шубҳа йўқ.

Эътибор билан шундан кейин юзма-юз учрашмадик. Чунки жабҳачилар уни хоин деб айтишар ва у билан учрашганларни ёқтирмас эдилар. Қолаверса, у шу қадар машҳур бўлиб кетдики, атрофида махсус қўрималар пайдо бўлди, ёнига бориш мушкул вазиятга айланди.

Биз Эътиборнинг ҳузуридан чиқар эканмиз,  у Садратдин малимга “Мени озод қилган ўзбекни қўллаб тур” деди. Бир ярим миллион кишидан бирининг имзоси нима бўлибдики, деган каби жавоб қилдим. У эса:

-Битта имзо ҳам кўп нарсага қодир, мана сенга шофер топиб берди, Садратдин малим энди сенинг хизматингда,-деди ҳазиллашиб.

-Бош устига,-деб жавоб қилди Садратдин малим.

Ташқарида Умудни кўрдик.

У  Садратдин малим ҳақида эшитган, аммо уни шахсан танимас экан. Ҳикоялар қайтадан бошланди ва Садратдин малим ўша куни бизни уйига меҳмонга чақирди. Отаси ҳам шу ерда экан. Тонг отар суҳбатлар қилдик ва Садратдин билан  дўстлашиб қолдик.

Деярли ҳар кун биргаликда касалхоналар, ошхона-ресторанларни бориб кўрамиз. У мендан маслаҳат сўрайдию, аммо ўз билганидек қарор чиқариб кетаверади. Кейин уни танқид қиламан. У кулади ва “Сен ҳақ эдинг, аммо буларга қаттиққўл бўлиш керак” дерди.

Қизиқ ҳол. Элчибейнинг ёмшоқлиги ҳам ёқмасди, Садратдиннинг қаттиқўллиги ҳам. Инсонга ўзи нима ёқади?

Ёдгор аканинг уйига ҳам оз борадиган бўлиб қолдим. Чунки Садратдиннинг  катта ҳовлиси бўлиб шу ердан  бир хонани менга ажратганди. Умр йўлдоши ҳам ажойиб аёл экан. Болалари худди укаларимдек бўлиб қолди. Бормаган кунларим учун хафа ҳам бўлишарди. Бирданига Бокуда учта турадиган жойим бўлди. Ҳали тўртинчиси чиқиб қолишини эса хаёлимга ҳам келтира олмасдим.

Лекин буларнинг ҳаммаси кўнгилга сиғмасди. Оилам ва болаларим Самарқандда қолган. Умр йўлдошимни тергов қилишаётганди. Бир кун телефон қилсам, оиламга озиқ-овақт олиш учун купон беришмабди. У пайтда муҳим озиқ-овқатлар купон билан бериларди. Қайнатам ўзларининг купонларини берсалар орқадан кузатиб борганлар уни ишлатишга ҳам қўйишмабди. Қайси дўкондан нарса олишса, ўша ерга кириб, текширув ўтказишаркан. Ҳатто болалар касал бўлишса, дори берган аптекачини ҳам сўроқ қилишган.

Оиламни уй қамоғида сақлашаётган эдилар, кейинги режалари суд қилиб, умр йўлдошимни қамаш ва болаларни олиб қўйиш эди. Бу гапни ҳар томондан эшитардим. Лекин терговни чўзишаётганидан асл мақсадлари менинг қайтишим ва Каримов ҳақида ёзган китобимни уларга топширишимни кутишмоқдами, деб ҳам ўйлардим.

Умр йўлдошим Олий Кенгашнинг Ошкоралик қўмитаси раиси Эркин Воҳидов, Жумҳурият Хотин қизлар қўмитаси раиси Ҳалима Худойбердиева, Фахрийлар қўмитаси раиси Бектош Раҳимов номларига хатлар жўнатганини айтди. Улар мени шахсан танисалар, бирга фаолият кўрсатган бўлсак ҳам жавоб қилолмасликларини айтсам ҳам у ёзаверибди. Лекин президент девонидан икки киши бориб, китобни топшириш ҳақида талаб қўйишибди. Телефон қилсам, умр йўлдошим “Тағин китобни топширманг,  ўша ёқда нашр этинг”, деди. Шундан кейин уларга телефондаги гаплари учун ҳам тазйиқ бошланди. Энди сим қоқсам учинчи одам каби гапирадиган бўлдим, умр йўлдошим ҳам бегонага жавоб қилган каби сўзлайди. Қанақадир пароллар, кодлар ихтиро қилиб юбордик.

Ўшанда асосий қисми “Қувғин” китобига кирган воқеаларни қоғозга тушира бошлагандим. Юз саҳифадан зиёдини таҳрир қилиш учун Дилором Исҳоқовага бергандим. У таҳрир қилар экан, “Тўмарис”даги аёллар, бошқалар ҳам ўқимоқчи бўлишганини айтди. Майли дедим. Хуллас, кейин нима бўлди, нима қўйди, шов-шув бўлди. Булар ана шу китобга қизиқаётган эдилар.

Ҳар кун Самарқандга телефон қиламан ва олов ичида қоламан. Беш ёшли қизчам ҳам ойиси ўргатган каби “амаки” деб гап бошлайдию, кейин “дада” деб юборади.  Уларнинг айби нима? Нега мен учун улар жазоланишлари керак? Қайтиб кетсаммикан? Унда нима бўлади? Қамашади ва уларнинг аҳволи бундан ҳам оғирлашади.

Телефон қилмасам, дунёни зулмат қоплайди, телефон қилсам, юракни юлиб оладиган хабарлар׃

“Айтиб қўйинг, акалари Аббос акани ҳам олиб кетишиб, қийнашмоқда”

“Қишлоқдан синфдошлари Худойберди ва қариндошлари Абдукаримни ҳам ушлаб кетишибди.”

“Холаларининг ўғиллари Ўткир, Аҳмаджон ва Шарофларни ҳам олиб кетишибди.”

“Амакиларининг ўғли Шарифни ишдан ҳайдашибди.”

“Поччалари Ражаб акани ҳам қамашди…”.

Ўзим ўзимга айтиб қўйишим керак бўлган бундай оғир хабарларнинг кети узилмасди ва пичоқнинг учи каби мияга санчилар, аста-секин бўйинга, кейин кўкракка қараб босиб келаверарди.

Энди ўйласам, худди мана шу оғир юкдан енгиллатиш учун ҳам Садратдин деярли ҳар куни зиёфатларга чақирар экан. Лекин томоғимдан овқат ўтармиди? Телефоннинг нарёғида йиғлаган тўрт ёшли экиз қизалоқларимнинг йиғиси қулоқларим остидан кетармиди? Садратдин эса “Оиланг ва болаларингни мутлоқ олиб келамиз ва бунинг учун ўзинг мустаҳкам бўлишинг керак” деб овутарди.

У билан оиламни Самарқанддан олиб чиқиш ҳақида ўйлар ва режалар тузардик. Худонинг ишларини қаранг, бир пайтлар Бокуга танклар босиб кирганида бефарқ бўлмаганим ва ўзим танимган бир одамнинг ҳимоясига қўшилганим – кичик бир одим энди нафақат ўзим, балки оиламнинг ҳам ҳаётини қутқазиш учун сабаб бўлиб турибди.

Дарвоқе, халқим деб кўп гапирамиз. Оиламиз ҳам ана шу халқнинг бир парчаси-ку? Ўз оиласини қутқара олмаган одам қандай қилиб бошқаларни қутқариши мумкин? Оиласининг мансублари қийноқда, азобда, қамоқларда ётгани ҳолда ўзи мазза қилиб юрган одамни асло тушуна олмайман. Тўғри, инсоннинг ўз жони ўзига ширин, лекин бу жон учун бошқалар азоб чекса, бундай жон ҳеч нарсага арзимай қолар экан. Кимдир бу ҳолни “тушкунлик” дейди. Баъзилар бундай  ҳолни “сентиментализм” деб устимдан кулишган ҳам. Лекин бағритошлик, қаҳриқаттиқликни ана шундай тушкунлик ва сентиментализмдан устун қўя олмадим. Кимнингдир наздида бу ожиз нуқтамдир? Лекин ўзим бундай деб ўйламайман… Шунақа, манман! Чунки бу “тушкунлик” ва “сенитиментализм” узоқда туриб бўлса ҳам оиламни, мен учун қамалганларни қутқариш йўлларини топа олишимга сабабчи бўлган.

Дарвоқе, ўш кунларнинг бирида Садратдиннинг отаси оламдан ўтиб қолди, кекса одам эди. Аммо ажойиб суҳбатдош инсон эди. Эндигина топган яхши бир одамингизни  бирдан йўқотиш ҳам оғир бўларкан. Отасини кўмиб қайтарканмиз,  Садратдин  билан Бокудаги Шаҳидлар қабристонига ўтдик.

-Бу қабристонни айлансанг, бизнинг йўқотишларимиз ҳеч нарса эмаслигини кўрасан деди,- у.

Қабристонни айланиб юрагимга бир “дод” ўрнашди ва бу “Шаҳидлар хиёбони” китобига айланди.

Даҳшат! Қабр ортидан қабр келаверади… Йилларига қарайверасиз, ёш йигит қизлар.. 18 ёшда…, кейингилари ҳам 18, 18, 18, 17, 16, 19, 19, 19, 20, 20, 17… Бу рақамлар тугмайди ҳеч. Тошларга кўчган суратларга тикиласиз. Бири-биридан гўзал навқиронлар. “Ўлган одамлар гўзал кўринишармикан ёки фақат гўзал одамларни ўлдиришармикан?” деган савол кечади хаёлдан.  Юраверасиз, юраверасиз ва оёғингиз мадорини йўқотиб бораверади. Охир бир жойда тиз чўкиб, тин олиб, дуо ўқий бошлайсиз…

Мустақиллик учун жангу жадаллар ватаним деган бу митти алпомишларнинг жонини олганди, уруш деган бало уларнинг хунини тўкканди… Минг гулидан бир гули очилмай, “Олға!” деганларга ишониб, қонли майдонларга кирган, ўзини танкларнинг остига отган бу навқиронларнинг ота-онаси қандай бардош берди экан айрилиққа? Мен чеккан азоб билан бу қийноқни солиштириб бўладими? Асло.

Ўша кун “Ватан!” деб бақиришни маккор ҳукмдорлар ўйлаб топган, “Қўлингга қурол ол, инқилобга чиқ!” деган гапни ҳокимият шаҳватини ичаман деган каззоблар уйдирган ва шунча  навқиронларнинг ўлимига сабаб бўлишган деган ўй кечди хаёлимдан. Шундай ҳам қонли инқилобларга қарши эдим, лекин ўша кундан бошлаб кўнглимда қўзғолонлар, қонли инқилобларга нафрат ниҳоли ўса бошлади…

Май ойида Мурод Жўраев Бокуга келди.

ЖМ.

(ДАВОМИ БОР).

2 Responses

  1. Hurmatli Jahongir aka!
    “qizil qor yoqqanda” nomli kinoni eslay olasizmi?
    Balki, ahmoqdirman?!
    Balki, yog’mas?!
    Yog’ib qolsa nima bo’ladi?!
    Hurmat bilan…

Leave a comment