Китобдан боблар

ТУРКИЯДА ТЎРТ ЙИЛ

Муҳожирнома

Бу тўрт йил нафақат менинг келажагим, қарашларим, одамлар ҳақида фикрларим, дунёга муносабатимни балки Ўзбекистоннинг, бу заминда яшаган халқларнинг ҳам келажагини ўзгартириб юборди. Шунинг учун ҳам бу  муҳожирномани ўқиб чиқсангиз бугунгача сизга жумбоқ бўлган кўп саволларга жавоб топасиз. Муаллиф.

1.БОКУ

Боку худди тоғлар ва адирлар устига жамланган тарихий эртаклар мажмуасига ўхшайди. Биноларга қараб-қараб кетаверасиз ва донишманд бир буви қулоқларигиз остида эртак сўзлаётгандек бўлади. Бу ҳикоялар узоқ тарих билан яқин ўтмишни бир-бирига шундай боғлайдики, чегарани тополмай қоласиз.

Шаҳар дунёнинг энг кўп шамол эсадиган жойи десам лоф бўлмас. Чунки “тўполончи” Ҳазорнинг шамол қочадиган соҳилида. Денгиздан келган шамол шаҳарни тинимсиз “супуриб” туради. Оёқ остидан кўтарилган тўзон истайсизми, истамайсизми йилнинг уч фаслида асабингизни ғичирлатади.  Ёзда эса акси.  Ҳазор соҳилида кезсангиз, худди жаннат шамолидан симираяпман, деган бир ҳис кечади кўнгилдан. Continue reading