Савол-Жавоб

“Саргўзаш”ми ёки саргузашт?

САВОЛ:Кейинги пайтда сўзларнинг асл маъносини билмай ишлатиш авжга чиқмоқда. Бу хато. Хатоларни тузатиш керак деб ўйлайсизми ёки уларга кўз юмиш керакми? (Маъруф).

ЖАВОБ:  Бир пайтлар бу борада анча баҳс қилгандик. Албатта хатолар тузатиб борилгани яхши. Лекин ҳар қандай сўзнинг этимологиясига назар ташлаганда бир тилдан иккинчи тилга ўтишида нима учун ўзгаришга юз тутганини ўрганмасангиз яна ҳам катта хатога йўл қўйган бўласиз.

Масалан, бир пайтлар “саргузашт” сўзи билан бўлгани каби. Ўшанда тил муаммолари ҳақида баҳс бошлатган “Йигитлик саргўзаштлари” деган сайтни кўриб қолиб, соҳибига хат ёзгандим:
“Саломлар…
Саҳифангизда тил ҳақида яхши мулоҳазалар мавжуд. Энди саҳифанинг номидаги “ў” ҳарфини “у” қилиб тузатсангиз, нур устига аъло нур бўлади. Чунки “Йигитлик саргўзаштлари” эмас, балки “Йигитлик саргузаштлари” деб ёзилса, тил нуқтаи назаридан тўғри бўлади”.

Бунга веб саҳифа муаллифининг жавоби:
“Раҳмат!
Ўзбек тилидаги имлосида шубҳам бўлгани учун форс тилидаги талаффузига суянгандим. Шу кунларда тузатаман!”

Шундан кейин у яна саҳифасида қуйидагини эълон қилди:
“Саргузашт”ми ёки “саргўзашт”?
Тааллуқли иборалар: сар
Ал-қисса: саргузашт = сар + гўзаштан
Ушбу мақола ёзилиш арафасида саҳифамнинг номи “Йигитлик саргўзаштлари” эди. Ўқувчиларимдан бири “саргўзашт” сўзининг имлосида хато қилганимни айтиб ўтди.
Ўзбек тилининг имло луғатида бу сўз “саргузашт” шаклида ёзилган бўлиши мумкин ва бу қоидани ҳурмат қилишимиз шарт! Тарихан эса “саргузашт” сўзи Форс тилидаги “сар” ва “гўзашт” сўзларидан олинган. Худди шу боғлиқлик мени янглиштирди.
“Сар” сўзи ўзбек тилига “бош”, “калла” тарзида таржима қилинади. “Гўзашт” эса форс тилидаги “гўзаштан” феълининг ўтган замон шакли бўлиб, Ўзбек тилидаги “ўтмоқ”, “кечмоқ” феълларига маъно жиҳатдан яқиндир. Демак “саргузашт” сўзининг асл тарихий маъноси “бошдан кечирилган”, “бошидан ўтган” деганидир.
Тилининг ҳар бир сўзи кўҳна тарихдан ҳикоя қилувчи миллат кўҳна миллатдир. Уни тубанликда кўриш ичимни ўртайди, қонимни қайнатади”.

Маълумки, форс тилидаги баъзи сўзлар истилолар пайтида, давлат ишлари шу тилда олиб борилган пайтларда ва баъзилари тожик тили орқали кириб келган. Умуман тиллар бир-биридан (айниқса, қўшниларнинг тилидан-ЖМ) ўзлаштирилган тартибда ёки айнан кўчирма олган ҳолда бойиб боради ва бунга тилшуносликда табиий ҳол деб қаралади. Бунинг олдини олиш мумкин эмас, чунки оғзаки тил адабий тилдан олдин юради ва халқ ишлатган сўзлар барибир ёзма тилга ҳам кўчади. Шу сабаб сўзлар олдин оғзаки сўзлашувдан ва сўнгра адабий тилдан ўрин топиши анъанавий ривожланув йўли ҳисобланган. Жумладан, туркий калималар ҳам форс ва араб тилларига кириб борган. Ҳатто рус тилининг 37-40 фойизини ана шу тиллардан олинган сўзлар ташкил этади.

Шундан келиб чиқсак, юқорида баҳс боиси бўлган сўзнинг ўзбек тилидаги ёзилишига нисбатан она тилини биладиган одамда ҳеч қандай шубҳа туғилмаслиги зарур. Чунки мазкур сўз тожик тилида “саргузашт” шаклида ёзилади. (Қаранг: “Фарҳанги забони тожики”; Москва, 1969, 278-бет, “Таджикско-русский словар”; Москва, 1954 йил, 106-бет, “Standart Tajim-English dictionary”; Star Pulication , 2000-йил, 55-бет ва ҳоказо).
Агар юқоридаги сўз форс тилида “саргўзашт” деб ёзилган тақдирда ҳам тожик тилида “саргузашт” деб олган бўлардилар. Чунки уларда “гўз” сўзи орқадан газ чиқариш маъносини бергани ва тожик тилида оғзаки талаффузда “т” ҳарфи тушиб қолгани сабаб “саргўзаш(т)” “Бош ўсироғи” (узр, таҳлил нуқтаи назаридан бу калимани ишлатишга мажбурман-ЖМ) маъносига тўғри келиб қолган бўларди. Бу сўзнинг форсчада ёзилиши “гоз”, лекин тожик тилида “гоз” ток қайчи маъносини беради. Ана шундай омиллар ҳам баъзан сўзларни ўзгартириб ўзлаштиришга олиб келади.

Ана энди муаллифнинг форс тилида тўғри-ю, лекин “Ўзбек тилининг имло луғати”да шундай бўлиши мумкин” деган киноясига келсак, шуни таъкидламоқ лозимки, мен бу калима қандай ёзилишига юз фоиз амин бўлганим учун “Ўзбек тилининг имло луғати”га қараганим ҳам йўқ. Чунки бу кенг муомалада ва ҳар қандай ўзбек билиши керак бўлган сўзлардан бири. Чунки саргузашт асарларини ўқимаган болани топиш мушкул. Бугунни қўйинг, ҳатто Навоий ҳазратлари ҳам бу калимани “саргузашт” деб ишлатганлар. (Қаранг: Навоий асарлари луғати, Тошкент, Ғафур Ғулом нашриёти,1972, 548-бет).

Лекин форс тилидан анчагина хабардор бўлганим билан барибир хато қилмаслик учун билганимни манбалардан текшириб чиқдим. Форс тилида ёзилиш шакли “гозашт” бўлиб, баъзи минтақаларда ёзилгани каби талаффуз қилинса-да аксарият Эронда “гузашт” дейиларкан. (Қаранг: “Persian-English dictionary”, Farhang Moaser publisher,Tehron, 2002, 771 бет.)

Бунга қўшимча равишда яна шуни айтиш мумкин-ки, қўшни Афғонистонда кенг қўлланилган дари тилида ҳам “гузашт” шаклида ёзилиб худди шу шаклда талаффуз қилинади. (Қаранг “Dari-English”, University of Nebrasaka, 1993, 604 бет.)

Илмий ишларимнинг кейинги ўн йилдаги қисми тилшуносликнинг лексикография жабҳасида бўлгани учун сўзларнинг этимологияси устида кўп бош қотиришимга тўғри келади. “Йигитлик саргузаштлари” веб саҳифасида яхши мулоҳазалар билан бирга анчагина янглиш талқинлар ҳам мавжуд. Баъзиларига компютерга киритишда йўл қўйилган хатолар дея кўз юмишга мажбурмиз. Бундай хатолар менинг саҳифамда ҳам ошиб-тошиб ётган бўлиши мумкин.

Лекин гап веб саҳифанинг номидан келиб чиққани ва бу хато доим жиғимга теккани учун икки энлик хат ёзгандим. Аслида муаллифнинг уринишлари мақтовга лойиқ ва бундай интилишларни қўлламоқ керак. Чунки шундай уринишлардан ҳақиқат майдонга келади ва янглишлар тузатилади. (Минг афсуски, шундай веб саҳифа ҳозир ишламаётир-ЖМ).

Хуллас, сўзлар этимологияси ҳақида сўз юритганда “Минг эшитгандан бир кўрган афзал” иборасига асосланиб, масалага бироз илмийроқ ёндашилса, қиссадан ҳиссани “ҳандалак”она чиқармасдан, “тилимизни тубанликдан қутқазиш ва ичимиз ёниб юрмаслиги учун” замин яратилади.

Акс тақдирда 1990 йилларда лотин тилидан олинган ва халқаро муомалага кирган жуда кўп калималарни “русча” дея арабча ёки форсча сўзлар, янглиш маъно юкланган иборалар билан алмаштирилгани каби нафақат кулгили, илмий балки сиёсий хатоларга ҳам етиб бориш ҳеч гап эмас.

Leave a comment