Мушоҳада

МАНФААТ ҚЎҒИРЧОҚЛАРИ

Дунё дунё бўлибдики, давлат деган тузилма пайдо бўлибдики, Махсус хизматлар мавжуд. Бу табиий ҳол ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Улар ҳақида жуда кўп китоблар ёзилган, филмлар яратилган ва тадқиқотлар олиб борилган. Дунё сирларига қизиқувчи сифатида шуларга назар соларканман, барча Махсус хизматларнинг ёзилмаган учта қонунияти борлигини кўрдим.

1. Сотқинларни қуритадилар

Кимдир Махсус хизматларда ишлаб, кейин сафдошарини бошқа мамлакатга сотса, ҳар қандай йўлини топиб ундан қутиладилар. Бу асрлардир минг карра исботини топган ҳақиқат. Бунга Клеопатра ва Цезар замонидан Каримов ва Путин даврига қадар минглаб мисоллар келтириш мумкин. Бундай ҳолатда сотқинни ё заҳарлашган, ёки отишган ё бўлмаса бошқа бир йўлини қилиб ўлдиришган. Бу Махсус хизматнинг махсуслигини сақлаб қолиш, у ерда ишлаганларни қўрқитиш, уларнинг ватанпарварлигини кафолатлаш учун қилинган ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Масалан, 19 аср бошларида сотқинлик қилиб қочган ва охири Бразилияда сирли равишда ўлдирилган Андрей Смирнов ёки ҳали яқингинада Лондонда заҳарланган Александр Литвиненко тақдири бунга мисол. Дунё бўйича сотқинлик қилгандан кейин сирли ўлим топган махсус хизмат ходимларининг сони бир неча мингга боради.

Шундан келиб чиқиб, махсус хизматлар ўз “сексот”ларига ҳам айни муомалани раво кўришади. Кимдир уларга маълумот сотиб юрган бўлса ва кейинчалик бошқа мамлакатнинг махсус хизматига ишлай бошласа, бунинг оқибати ўлим.

Бу қоидани бузишга шоҳу қирол, диктатору якка ҳоким, ҳатто энг демократик давлат лидерлари ҳам аралашмайдилар.

2. Дўстларининг душманига паноҳ берадилар

Азалдан тахтда ўтирган одамларнинг рақиблари ва душманлари бўлган. Кўп ҳолларда уларни қувғинга олишган. Шундай кезда ўша мамлакатга дўст бўлиб кўринган бошқа бир мамлакат турли баҳоналар билан ўша рақибларни ўз паноҳига олади. Кўринишидан дўстини ташвишлардан қутқазган бўлсада, аслида дўсти учун қўлтиғида тош сақлайди. Чунки катта сиёсатда доимий дўстлик бўлмайди, балки доимий манфаат бор. Покистон лидери Новоз Шарифга бошпана берган Саудия Арабистони ёки Парвез Мушаррафни бағрига олган Англия мисолида ҳам буни кўриш мумкин.

Минг йиллардан бери манаман деган казо-казолар бу ўйиннинг қурбони бўлганлар. Бугун ҳам шундай. Кимдир рақиблик номини сақлаб қолиш учун ўйинчилик қилса, кимдир бошқа мамлакатнинг трамплинидан сакраб қайтиш илинжида, яна кимдир эса ишламай, меҳнат қилмай кун кечириш учун сиёсий “раққоса”га айланади. Бундайлар Махсус хизматларни алдайман деб ўзлари алдангаларини билмай қолишади. Хорижга кетгандан кейин рақиблик амбициясини ташлаганлар ёки ортга қайтиб, курашни ҳар қанча қийин бўлсада ичкарида давом эттирганлар бу ўйинни вақтида англаб етганлардир. Афсуски, бу жуда кам кузатилган ҳол.

3. Душманларининг душманини ишга соладилар

Бу қоида Махсус хизматларнинг энг кўп тарқалган ва очиқ ўйналадиган қартасидир. Улар керак бўлса, рақибларининг дўстини ашаддий душманга айлантириб, уни ўз қўлтиқлари остига оладилар. У энди қўлтиқдаги тош эмас, балки таппончадир. Ана шу таппонча билан ҳар куни ўқ узадилар. Бу масалада АҚШ ва Англия, Туркия ва Исроил, Олмония ва Россия уста ўйинчилардир. Уларнинг ҳар бири измида ўнлаб мамлакатлардан бадарға бўлган собиқ лидерлар бор ва уларни ҳар мақомга йўрғалата оладилар.

Хуллас, қайси бир мамлакатни олиб кўринг, унинг Махсус хизматлари қўлида душман мамлакатдан албатта бирор-бир лидер ёки ташкилот бор. Ўзбекистондаги Маҳмуд Худойбердиев каби ҳар бир мамлакатнинг қаноти остида битта-иккитадан “козири” топилади. Айниқса, СССР тугаши арафасида яратилган юзлаб лидер ва лидерчалар ишни қойиллата олмай ёки қувғинга учраб, тирикчилик учун пул тополмай турли мамлакатлар Махсус хизматларининг эгарига ўтирдилар.

Бу бечорлар ҳар қанча ватанпарвар бўлиб кўринмасинлар барибир ўзлари яшаб турган ўша мамлакатнинг истаги бўйича ҳаракат қиладилар. Махсус хизматлар истасалар уларни яширадилар, муҳофаза қиладилар, у жойдан бу жойга қочириб турадилар, чиқариб юборадилар-қайтиб олиб келадилар, сиёсий майдонга ташлайдилар, анжуманларнинг тўрида ўтқазадилар… лекин манфаатлари талаб қилган куни уларни ўз йўллари бўйлаб халачўп уриб югуртирадилар. Четдан тутиб Туркияга келтирилган Курдистон Партияси раиси Ўжалан ва Покистонда ўлдириб юборилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раиси Тоҳир Йўлдошев кабиларнинг тақдири бунга мисол бўла олади.

Қиссадан ҳисса шуки, давлат борки, Махсус хизматлар бор, мансаб борки манфаат бор ва ёзилмаган қоидалар бўлади. Буни билмаган, англаб етмаган одам эса манфаат қўғирчоғига айланиши турган гап.

Жаҳонгир Муҳаммад,
29 сентябр, 2011 йил.

Leave a comment