Ҳодисот: Қочиш

26 апрел, 2011 йил

Бугун Тошкент зилзиласи ва Чернобил ҳақида ёзмоқчи эдим. Лекин ҳамма ёқда шу гап. Шунинг учун мутлоқ бошқа бир мавзу танладим.

Ғарбда қандай янгиликлар бўлса, биз томонларда шунинг аксини қилишга уринишади. Ҳатто “Ғарб демократиясига” зид-“Шарқ демократияси” каби. Бунақа мисоллар жуда кўп. Ҳаммасини санаб, бошингизни қотириб ўтирмайинда, энг сўнггиси ҳақидаги гапимни айтиб қўя қолайин.

Маълумки, қамоқдан ер ости йўли ковлаб, ташқарига чиқиб қочиш ҳақида Ғарбда юзлаб китоблар ёзилган, минглаб филмлар олинган. Ҳаммаси ичкарида ўтирган “доно”лар қочишнинг ҳеч кимнинг хаёлига келмаган турларини топишгани ҳақида. Мана Шарқ бунга ҳам зиддини топди.

Афғонистонда қамоқдан узоқдаги бир жойдан туриб қамоқнинг ичига туннел ковлаб келишибди ва Ғарбдаги каби 3-4 кишини эмас, нақд беш юзга яқин кишини қочиришибди. Америкаликлар бошини ушлаб қолган. Қандай қилиб бошқа камерадагилар туннел очилган хонага ўтишди? Булар жа содда,  у томонларда қамоқ нозирлари энг сотилувчи шахслар эканлигини билишмайди-да.

Гап бунда ҳам эмас, гап шундаки, кеча ТВда бир сиёсатчи шу ҳақда гапириб, бу қочишни “ўлимга томон қочиш” деб атади. Яъни у: “Бу одамлар ўша қамоқда бўлгани давомида тирик эдилар, энди яна жангга кирадилар ва жанг омонсиз, улар ўлишлари мумкин” деди.

Афғонистонлик бу гапнинг ҳам аксини ўйлайди, қамоқда ётгандан кўра, очиқликда ўлган яхши дейди.

Шунақа, Ғарб ва Шарқ бир-бирига зид. Бу кетишда ҳали Шарқдан Ғарбга қараб Афғонистондаги каби бир километрлик эмас, балки минг километрлик ер ости туннели ковлашса ҳам ажабланмайман. Чунки ер устидан Ғарбга қараб қочиш йўллари бекилмоқда ёки тобора чекланмоқ-да.

ЖМ

Leave a comment