Жаҳонгир Муҳаммад:БИТТА ЙЎЛ БОР׃ ХАЛҚАРО ТЕРГОВ

Қирғизистон қирғини ҳақида жуда кўп ёзилмоқда ва жуда кўп ёзилади. Ҳар ким ўз фикрини айтади ва бунга ҳар кимнинг ҳаққи бор. Минг хил, миллион хил тактик ёки стратегик аҳамиятга молик тахминлар ва таклифлар ўртага чиқаверади. Бу табиий ҳол.

Лекин бугун бир миллатнинг икки халқи яна ёнма-ён яшаб кетиши ва бундай қирғин такрорланмаслигининг шу кеча-кундуз учун фақат биттагина йўли бор. У ҳам бўлса юз берган қонли воқеаларни Халқаро комиссия тергов қилиши, хулосалаши ва айбдорларни жазога тортиши керак.

Чунки Қирғизистон ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимларида фақат қирғизлар ишлайдилар ва бу тизим коррупция ботқоғига ботган. У ерда ҳатто битта ҳалол одам чиқиб қолиб тўғри тергов олиб борганда ҳам унга ҳеч ким ишонмайди.Бу биринчидан.

Масаланиг иккинчи жиҳати эса, воқеалар тергови натижаси бўйича қирғинга йўл қўйиб берган мавжуд Муваққат ҳукумат раҳбарлари ҳам жазога тортилишлари турган гап. Бироқ ўз-ўзини жазолаш Қирғизистон каби бир мамлакатда ҳеч қачон амалга ошмайди.

Шунинг учун бугун Ўзбекистон, Қозоғистон. Тожикистон раҳбарияти бўладими, АҚШ мулозиларими, Авропа давлатларими, хориждаги ўзбеклар бўладими, қатлиомдан жунбушга келганларми, фарқи йўқ, кимки бу халққа ёрдам бераман деса, оммавий равишда шу талаб билан чиқиши керак.

Вақт эса ўтиб бормоқда. Излар йўқотилиб, баҳоналар кўпайтирилиб борилаверади.

Агар Халқаро тергов қилиниб, айбдорлар топилиб, жазоланса, икки халқ яна бир жойда яшаб кетиши мумкин. Бўлмаса қасос туйғуси авлоддан авлодга ўтаверади ва яна бир кун шу аҳвол юзага келади. Чунки бундан манфаатдор кучлар ҳар доим мавжуд.

Хуллас, қирғин Халқаро тергов қилинмас экан, адолат ўрнатилмайди ва адолатсизлик яна норозиликка йўл очади – қирғин занжири узилмайди.

Халқаро тергов! Мен бугун ана шундай талаб билан чиқаётганларни қўллайман ва бошқаларни ҳам шунга даъват этаман.  Бунга эришилмас экан, барча гаплар, барча ҳаракатлар сувга оқади.

23 июн, 2010 йил.

http://turonzamin.org/

%d bloggers like this: