Жаҳонгир Муҳаммад

ҲАВЗИ ҚУЛҚУЛУМ (Кундалик китоб)

Би-Би-Си Ўзбек хизмати
19-ноябр, 2009 йил

Бугун ўқиб қолдим, 30-ноябрда Би-Би-Сининг Ўзбек хизмати ташкил топганига 15 йил бўлар экан. Вақт шунча тез ўтиб кетибди. Мен ўшанда Туркияда эдим. Таниқли адиб Ҳамид Исмоил мазкур хизматни энди тетепоя қилдираётган эди. Бир куни у Истанбулга сим қоқиб, ҳамкорликка даъват этди.

Ўша кезда “Озодлик”да “Жаҳонгир Муҳаммад” номи билан чиқиб турар эдим. Шу боис Би-Би-Си учун “Муҳаммад Турон” деган тахаллусни танладим. Вазифам асосан Туркиядаги муҳим хабарларни узатиш ва Лондондан сим қоқишганда ҳар куни рўй берган воқеаларни шарҳлаб туриш эди.

Ёзганларим ёқди шекилли, шартнома тузишди ва Истанбулда иқтисодий жиҳатдан оёққа туриб олишимда бу хизматдаги фаолиятим муҳим рол ўйнади. Чунки у пайтда “Озодлик”дан бериладиган қалам ҳақи оила харажатларини қопламасди. “Озодлик”даги чиқишларимни асосан шахсий, сиёсий қарашларим билан чеклашга интилардим. Би-Би-Си Ўзбек хизматида эса ҳамкор-мухбир, шарҳловчи бўлганим учун ўз сиёсий қарашларимни чегаралашга мажбур эдим.

Деярли ҳар куни битта, баъзан эса иккиталаб материалим эфирга кетарди. Соат фарқи бўлгани учун ярим тунда ҳам, тонгда ҳам материал узатишга тўғри келарди. АҚШга жўнаб кетгунимга қадар – тўрт йил ҳамкорлик қилдим. Меҳнат оғир эди. Лекин ҳузурбахш меҳнат эди. Ҳар кун бўлмаса ҳам кун ора Лондондагилардан мақтов эшитиб турардим.

Ҳамид Исмоилнинг самимияти доим мени руҳлантирарди. Бўлимда ишлаган Дилором Иброҳим, Шоҳида Ёқуб ва бошқаларнинг бирор бир жойда қандайдир муҳим воқеа юз бериб, шарҳлайдиган одам топа олишмаса, “Жаҳонгир ака сиз бизнинг ўт ўчирувчимизсиз” деб, ҳазил қилиб, сим қоқишлари менга илҳом берарди. Уларга шу нарсадан хабарсизман демаслик учун тинмай ўқирдим ва изланардим. Анчагина ёзганларим Би-Би-Сининг бошқа хизматларига ҳам “ўтиб” кетган. Хабарлардан олдин юрганим учун Ҳамид Исмоилнинг ширали сўзларини кўп эшитганман.

Масалан, бир куни икки туркияликни Саудия Арбистонида ўлимга ҳукм қилишди. Мен бу ҳақда хабар тайёрлаб, бу воқеага Туркия ҳукумати бефарқ қарамаслиги, бу ҳатто икки мамлакат муносабатларини жуда ёмон нуқтага олиб бориши, Саудия Арабистони уларни барибир озод этажагини ҳам шарҳ сифатида илова қилгандим. Материал эфирга кетди. Орадан бир неча кун ўтиб, Туркия ва Саудия орасида шу масалада келишмовчилик бошланди. Анқара керак бўлса, Саудия Арабистонига нисбатан энг кескин чораларни кўришга ҳозир эканини билдирди. Саудия ортга чекинди ва маҳбусларни озод этди. Воқеа дунё матбуотида, жумладан Би-Би-Сида ҳам бош мавзуга айланди. Шунда Ўзбек хизмати бу ҳақда бир неча кун олдин материал бергани ўртага чиқди. Ўшанда Би-Би-Сининг бир нечта хизматларига суҳбат беришга тўғри келганди. Шундан воқеалар бир неча марта бўлган.

Хуллас, Би-Би-Си Ўзбек хизматидаги тўрт йиллик фаолиятим журналистлик тарихимда энг лаззатли саҳифалардир дея оламан.

Яна бир воқеани албатта айтишим ва Би-Би-Сига раҳмат дейишим керак. “Америка овози”да ишлардим. Опаларим ва синглимни қамашди. Ўшанда Би-Би-Си Ўзбек хизматининг истеъдодли журналисти Паҳлавон Содиқ битта савол билан Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғини “тўрга туширган”ди. (“Генералнинг иқрори”). Генералнинг иқрори туфайли АҚШ Тошкентга босим қилиб, опаларим ва синглим озод этилгандилар. Журналистнинг мана шундай қудратли кучи ҳам мавжуд!

АҚШда Шукрон байрами бор. Жуда катта байрам. Бу байрам мамлакатга илк бор муҳожир бўлиб келганларнинг ерли аҳолига шукрон айтишлари билан боғлиқ. Бу йил ана шу байрам 26-ноябрга тўғри келмоқда. Лекин деярли бир ҳафта байрам қиламиз. Би-Би-Си Ўзбек хизмати ташкил топганининг 15 йиллиги эса ана шу байрамнинг давомига уланмоқда.

Шундай экан, менга ўша кезларда қайишган дўстларга шукрон айтаман ва у ердаги барча азизларни – олдиндан бўлсада чин дилдан самимий қутлайман. Бундан кейинги ишларига омад тилайман!

%d bloggers like this: