2006 йил кунларининг тарихи
Тарихни кунба- кун, соатма- соат ёзиб бормоқ лозим. Акс тақдирда у тарих эмас, хотирага айланади.
Мен замондошимнинг саволларга айланган кунларнинг (Олдингилари “ЗЕҲНИЯТ ЖУМБОҒИ”, “САРОЙ СИРЛАРИ”, “ҚАТАҒОН” китобларида) тарихини имконим қадар ёзиб борар эканман, бу ишни сиз учун қилдим.
Сизга қолгани уни ўқиб, қатағон кунларининг даҳшатини англашдир. Умид қиламанки, бунга қодирсиз, азиз неварам!
Муаллиф.
Пайғамбарлар ҳам оддий одам бўлишган
17 Январ, 2006 йил
САВОЛ: Бугунги ҳукуматдан баъзи одамларнинг хатларини эълон қилиб турасиз. Уларнинг сизлар билан алоқасида ҳеч қандай мантиқ кўрмаяпман. Нима сабабдан улар сизларга ишонишлари керак?(Нозим).
ЖАВОБ: Саволингизда, руҳингизда негадир жаҳл бор… Акс тақдирда оддийгина мантиқни кўрган бўлардингиз. Ҳамма вақт бир режим ичидан норозилар чиқса улар мазкур режимнинг мухолифлари билан бирлашишга уринадилар. Бунинг мисоли тарихда ҳам кўп ва қолаверса мустақилликнинг илк йилларида ҳам буни яшаганмиз. Ҳатто мамлакатнинг энг теппасида турганлар ҳам мухолифатдан нажот излашган. Нега эканлиги аниқ. Аммо сиз буни тушуна олмаганингиз учун қисман изоҳлаш мажбуриятидаман.
Каримов Ўзбекистонни чоҳ ёнига келтириб қўйди. Ундан кейин келадиган раҳбар пайғамбар бўлса ҳам (Пайғамбарлар ҳам оддий одамлар бўлишганини унутманг!) Каримов бузган аравани тузата олмайди. Каримов ўзидан кейин жуда катта ахлат уюми қолдирмоқда ва буни тозалаш жуда ва жуда қийин кечади. Кимки бу ишга бел боғласа отасига раҳмат, унга ёрдам бериш керак! Чунки бутун халқ бир тан, бир жон бўлмаса мамлакатни тозалаш ҳам, қутқазиш ҳам мумкин эмас.
Ҳукумат ичидан чиқиб Каримовни четлатишган, ҳатто Каримов ўзи биттасини тайинлаган тақдирда ҳам халқ уларга ишонмайди ва қўлламайди. Натижада улар Каримов уйган ахлатнинг остида қолиб кетадилар. Халқнинг кўзига очиқ юз билан қарайдиган ва қўрқмай гапира оладиганлар-булар Каримов зулмига қарши курашиб келганлардир. Халқ фақат уларга ишонади ва уларга эргашади, улар билан бирга қийинчиликларни енгишга киришади. Бу жуда оддий мантиқ. Бугунги ҳукумат ичида Каримовга қарши бўлган кучлар шуни идрок этмоқдалар. Бошқа йўл йўқ. Улар хориждаги мухолифатнинг қайтишига йўл очсалар ўзларини ҳам қутқазишларини тушунмоқдалар. Чунки улар “Бу ахлат уюмини Каримов уйган эди” десалар халқ “Сизлар ҳам унинг шериги эдинглар!” дейиши аниқ. Мантиқ шу.
Шу ўринда президент маслаҳатчиларидан биридан олинган иқрор-мактубни келтирмоқчи эдим. Гарчи мактубни эълон қилиш учун ундан изн олган бўлсамда, барибир унинг услубидан кимлигини билиб қолишлари мумкин дея эрта-индин бироз ўзгартириб эълон қиламан. Бу ерда эса шуни айтмоқчи эдимки, хавфсизлик нуқтаи назаридан кўпчилик билмайдиган электрон адресим бор. Уни ҳукуматда ишлайдиган ва Каримов режимига норози бўлган бир йигит биларди. Маслаҳатчи хатни менинг ана шу адресимга юборган. Бу эса ҳукуматда норозилар бирлашаётганларини кўрсатади.
Ҳукумат ичида ҳам мамлакат ботқоққа ботиб кетганини тушунаётганлар борлиги жуда муҳим воқеадир. Зотан бугун танлов куни. Кимлардир Каримов ва Гулнорани танламоқдалар. Улар ота-қиз уйган ахлатнинг остида қолишни ихтиёр қилганлардир. Кимлардир бошқа йўлларни изламоқдалар. Улар оддий мантиқни англаганлар ёки англай бошлаганлардир. Сиз ҳам тезроқ англаб олиб, йўлингизни танлашингиз керак.
Бекорчининг бекор, беҳаловатнинг бедор даври
29 Январ 2006
САВОЛ: Ҳозир мамлакатдан ташқарида сизлар ўтказаётган бекорчи учрашувлар, мажлислардан бирор фойда чиқадими? (Маъруфжон).
ЖАВОБ: Мухолифатнинг мамлакатдан ташқаридаги тарғибот фаолияти Андижон воқеаларидан кейин битди. Яъни дунё Каримовни таниди ва унинг режимига ўз баҳосини берди. Айни пайтда шу нарса ҳам аниқ бўлдики, бирор бир мамлакат бориб Каримовни ағдариб бермайди. Бунинг турли сабаб ва омиллари бор ва улар ҳақида илгари гаплашган эдик.
Демак, бу режимни ўзгартирадиган Ўзбек халқининг ўзи. Мухолифат биринчи этапга нуқта қўйиб, иккинчи этапга ўтиши керак эди. Биз Демократик Ўзбекистон Конгресси шу боис ҳам фаолиятни халқимизга томон йўналтирмоқдамиз.
Бизнинг олдимизга қўйилган биринчи мақсад ҳар қандай сабаб билан Каримов режими кетгандан кейин мамлакатни қутқазиб қолиш масаласидир. Чунки бот-бот такрорлаётганимиз каби бу режимдан кейин Ўзбекистон жуда таҳликали даврга киради ва агар олдини оладиган куч чиқмаса харитадан ўчиб кетиши ҳам мумкин.
Бунга “самарқанликлар”, “фарғоналиклар”, “тошкенликлар”… деб замин яратиб ҳам қўйилган. Бир томон Қирғизистонга, иккинчиси Тожикистонга ва яна бир қисми Қозоғистонга қўшилиб кетиши учун бу режимдан кейин чиқадиган ички низолар етиб ортади. Демократик Ўзбекистон Конгресси барча вилоятларда шаклланган ҳолда ана шу таҳлика билан юзма-юз келинганда ёш авлодни уюштириш йўллари устида ишламоқда. Бу биринчи вазифамиздир.
Зотан Демократик Ўзбекистон Конгресси Каримовни ағдариб берамиз деган вазифани ўз гарданига олган эмас, бу ишни четдан туриб қилиб бўлмаслигини, ким-ким биз яхши биламиз ва буни доим очиқ айтиб келмоқдамиз. Биз ўзимиз четда туриб халқни зулмнинг ўқига рўпара қилиш ниятидан йироқмиз. Бошқача айтганда, биз халқни ўлимга бошлаш учун эмас, унга эркинлик йўлини кўрсатиш учун йўлга чиққанмиз. Агар эртага Каримовни ағдарамиз дея ваъда берсак, (гарчи Каримов даври битаётган бўлсада), бу популистик ваъда бўлиб қолишини биламиз.
Аммо демократияни ёйиш, Ўзбекистоннинг келажагини қўлга олиш, тубдан демократик ислоҳотлар ўтказиш учун бугунги ёшларни тайёрлаб бориш ишига ҳисса қўшишга ваъда берганмиз. Шунинг ўзи ҳам жуда катта юк. Агар бундан ортиқ иш қила олсак, бу нур устига нур бўлади.
Иккинчидан, фараз қилинг, эртага Каримов кетди дейлик. Сиёсий майдонга ким чиқади? Унинг даврида “ясалган” қўғирчоқ партиялар. Улар демократик мухолифатга йўл берадиларми? Йўқ. Ҳар қандай воситалар билан, ҳатто демократияни қўлланган ҳолда ҳам қаршилик қиладилар. Ўзингизни ўзингизга урадилар. Худди Абдураҳим Пўлатовнинг Санжар Умаров ҳақида ёзганларини кўчириб олиб, бугун қулоч- қулоч мақола ёзиб эълон қилаётганлари каби.
Улар дарҳол Каримовни қоралаб, сизга эса “Марҳамат, сайловга киринг!” дейишлари ҳам мумкин. Саккиз киши билан сайловга кириб, бир фойиз ҳам овоз ололмай чиқасизми? Муҳаммад Солиҳни майдондан чиқариш учун Абдураҳим Пўлатов етиб ортади. Ёки акси. Қолганлар эса демократга айланган бошқа бир партиянинг поездига осиладилар ва ҳоказо.
Бугун бекорчининг бекор даври, аммо беҳаловатнинг бедор – тайёргарлик даври: бу фалон вилоятда мажлис қилдик деб саккизта бечорани қаматишдан иборат бўлмаслиги керак. Бу ҳали йўқ тўйга ноғора чалмасдан, ҳормай-толмай қилинадиган иш. Бунинг сиёсий, иқтисодий, маданий, нашрий ва оммавий ишлар бўйича заминини ҳозирлаш даркор.
Бугун агар бир сўм ортиқча пулимиз бўлса, ёки бир жойдан бир сўм топсак, ана шу ишга йўналтиришимиз зарур. Биз ўз вазифамизни шундай тушунганимиз учун чет элда ҳали у билан учраш ва ёки ҳали бу билан учрашишларга ошуфта эмасмиз. Бугун чет элда сиёсат катта бизнес. Бир қанча мамлакатларнинг Ўзбекистонга дея ажратилган пуллари тўпланиб қолмоқда. Буни билган “лоббичилар” турли шахсларни “бозорга солиб” ана шу пулларни ўмармоқдалар. Бор гап шу. Бундан бозорга тушганлар ҳам хурсанд. Шўрва ичиб, ҳасип еб, хурсанд бўлиб юраверадилар. Бу ҳам бир услуб, бу ҳам бир ҳаёт тарзи…
Энди бизнинг мажлисларимизга келсак, уларни тор доирада ўзимизнинг кундалик ишларимизни юритиш мақсадида ўтказмоқдамиз. Бу мажлисларда қатнашганларнинг ҳаётларига таҳлика бўлмагани учун бу ҳақда ёзмоқдамиз. Лекин буни ҳам камайтирамиз. Чунки мажлис деган гап одамларга бекорчилик деган маънони англатмоқда. Зотан сизнинг саволингиз ҳам бунга бир мисолдир.
“Четда туриб бўйсунмаслик осон!”
5 Феврал, 2005 йил
САВОЛ: Бўйсунмаслик ҳаракати ҳақида гапирмоқдасизлар, албатта, четда туриб бўйсунмаслик осон, бу ерга келиб бўйсунмасликни бошлаб кўринглар-чи?(Йигитали).
ЖАВОБ: “Озодлик” радиосининг “Қурултой” дастурида (22-01-2005) мазкур масалани муҳокама этганимизда мен бўйсунмаслик ҳаракати демократия учун курашнинг энг оғир йўли эканлигини ва буни ташқаридан туриб амалга ошириб бўлмаслигини айтган эдим. Ўшанда қуйидаги омилга диққат тортгандим:
-асрлардир бизнинг халқимиз бўйсунишга ўргатиб келинган;
-одамларнинг бошига тери кийгизилиб, бу тери офтобда қуритилган ҳолда уларни манқуртлаштириш йўли билан бўйсундирилган;
-подшолар зулм тиғи, зиндон азоби билан бўйсунишга зўрлаганлар;
-муллалар гўр азоби билан қўрқитиб авомни ҳаётнинг барча қийинчиликларига, “Аллоҳнинг ердаги сояси” деганлари – подшоларга бўйсунишга ўргатганлар;
-ота-оналар тилни тийиш, чидам ва бардош билан яшаш, ўзидан каттанинг кўзига, айниқса, у раҳбар бўлса, тик қарамасликни айтавериб фарзандларини бўйсунишга ўргатганлар;
-зиёлилар “одоб-ахлоқ” дея аслида миллатни бўйсунишга чорлаганлар;
-бугун эса манқуртлаштиришнинг мафкуравий йўллари топилган ва яна халқ бўйсунишга ўргатилмоқда. Яъни бўйсунишга ўргатилган халқни яна ҳам тобелаштириш “кашф этилган”.
Шундай пайтда бу халқнинг ичида турмай, четда туриб уни бўйсунишга чорлаш деворга ашула айтишдек гап. Шунга қарамай мен бу ҳаракатга ижобий назар билан қараяпман, дедим. Нега? Маълумки, зулмга асосланган режимларни ўзгартиришнинг кўп йўллари бор. Масалан:
1.Демократик сайлов орқали.
2. Истеъфо талаби билан.
3.Урушлар оқибатида.
4.Сарой тўнтариши натижасида.
5.Ҳарбий тўнтариш йўли билан.
6.Инқилоб қилиш туфайли.
7.Ҳокимиятнинг вакуум ҳолатига тушиши боис ва ҳоказо.
Ниҳоят охиргиси:
-Бўйсунмаслик ҳаракати билан…
Демак, Ўзбекистонда олдинги еттита йўлнинг бирортаси учун шароит йўқ. Бу ҳам Каримовнинг устамонлиги. У ҳамма йўлларини бекитиб олган. Мухолифатнинг чораси қолмади. Нима қилсин? Тўнини елкасига ташлаб майдондан чиқиб кетсинми? Менимча, мухолифат орасида ҳамма ҳам бугун бўйсунмаслик йўли амалга ошмаслигини билади. Аммо бу курашнинг бир йўли сифатида Ўзбекистон учун жуда керак.
Биринчидан, асрлардир давом этиб келган бўйсуниш иллатини вужуддан юлиб отиш учун бу бир бошланишдир.
Иккинчидан, Каримовни ағдаришга улгурмаса ҳам ундан кейин бу режимни синдириш, умуман Шарққа хос бўлган зулм режими яна ўртага чиққанда халқ бўлиб унга қарши тура олиш учун бу бир ибтидо.
Учинчидан, бу – миллатга ўз норозилигини тинч йўллар билан ифода этишга умумий замин яратади. Яъни бутун миллат бир бўлиб, жипслашиб бир ишни қилишни ўргатади.
Лекин бўйсунмасликнинг ўзи нима? Афсуски, халқимиз ҳали бунинг ўзи нималигини билмайди. Уни амалга оширишнинг механизмлари қандай? Бизнинг шароитимиз назарда тутилган бундай механизмлар ҳали яратилмаган. Демак, ишни ана шу нуқтадан бошлаш керак. Яъни бўйсунмаслик нима эканлигини ўргатиш ва бу ҳаракатнинг механизмларини тайёрлаш. Бу эса ташқарида ёки ичкарида бўлишга боғлиқ эмас. Бу ҳафсалага, жон койитишга боғлиқ.
Жиннихонада ҳақиқат борми?
11 Феврал, 2006
САВОЛ: Ассалому алайкум Жаҳонгир ака, ҳақиқат эгилади, букилади… синади, лекин йўқолмайди. Давом эттиришингиз мумкинми? Ҳурмат билан Жавлон.
ЖАВОБ: Биласизми, мана шу гапга кўп ҳам ишонмайман. Айниқса, бизнинг Шарқда ҳақиқат исталгани қадар эгилади, синдирилади, товланади, йўқ қилинади, оёқ ости этилади ва ҳоказо. Тарихан шундай бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Бу зеҳниятни бузишга уринганларни ҳақиқатни оёқ ости қилувчилар дея ёмонотлиққа чиқариб келишган. Ҳақиқат уларга қўшилиб синиб кетган, йўқолиб кетган ва биз тарих деб ёлғонларга ошуфта бўлиб юрибмиз.
Биласизми, халқимиз, ростга шубҳа билан қарайди ва ёлғонни индамайгина ҳазм қилиб юборади. Ўқимишлиси Худога бандамиз деб айтиб, ўзи шоҳга қул бўлади. Шоири дарвешман деб сарой остонасида гадойлик, тиланчилик билан овора. Журналисти маҳаллийчи, манфаатчи ва ёлғончилик қилади. Бу аҳволда ҳақиқат қандай қилиб синмай қолиши мумкин?
Озгина пул, мансаб ваъда қилган одамни кўкларга кўтаради. Бугун пулим йўқ, берадиган мансаб ҳам йўқ деб очиқ айтган одамдан юз ўгиради. Биринчисининг ваъдалари ёлғонлигини билади, аммо қуруқ ваъдага сотилади. Иккинчисининг гаплари ростлигини билади, аммо шубҳадан қутула олмайди. Бу аҳволда ҳақиқат қовжираб кетмайдими?
Билиб туради, Андижонда халқ отилди. Аммо ростга шубҳа билан қараб, ёлғонга маҳлиё бўлади. Билиб турибди, шоҳи ҳам, мухолифи ҳам демократияни оғизда гапириб, амалда яккаҳоким. Аммо ёлғонларнинг этагига осилаверади. Бундай заминда ҳақиқат қандай кўкарсин?
Ўзи бир иш қилмайди, аммо бошқадан талаб қилишга уста. Ўзи қўлини совуқ сувга урмайди, лекин иш қилганни кўролмайди, бой дейди, ўғри дейди, порахўр дейди, бало дейди, баттар дейди. Орқасидан мазанги деб олдига келганда оёғини ўпади. Орқасидан тош отиб, олдига келганда даврасининг тўрини беради. Оқни оқ, қорани қора деб очиқ айта олмайди. Бас шундай экан, ҳақиқат чил-чил бўлиб қолавермайдими?
Билиб туради, минбарга чиққан одам уни сотмоқда, аммо ҳокимиятга келиб қолар дея унга тилининг учидаги саволини бермайди. Билиб турибди шоҳи қотил, аммо менинг рақибим унинг ўрнига келиб қолса-чи деган ўй билан қотилга оқловчи бўлади. Билиб турибди, миллати ва мамлакати сотиб юборилмоқда, аммо “менга нима?’ дея пинагини бузмайди. Шундай экан, ўртада ҳақиқат қоладими?
Пул берсангиз ҳукуматдан юз буриб, сизга ишлайди, пул бермасангиз сиздан юз буриб сизга қарши жабҳа олиб, ҳукуматга ёлланади. Бу оддий мардикорлик, қуллик зеҳнияти. Бундай ҳолда ҳақиқат жон таслим қилиши турган гап эмасми?
Мақтасангиз ёқасиз, мақтамасангиз душмансиз. Ҳатто читтакдай одам ҳам сиздан филдай мақтов кутади. Филдай одамни чумолининг чаққанидай ҳам таъсир қилмайдиган даражада танқид қилсангиз, бас бир умрлик душмансиз. Ҳақиқатни шундай синдиришадики, тиклаб бўбсиз!
Ҳамма ўзини ақлли, бошқани ахмоқ деб биладиган кун бўлди. Бу эса жиннихона вазияти. Шоҳи ҳам, дўхтири ҳам, касали ҳам бир-биридан фарқ қилмайдиган жиннихона вазияти бу! Жиннихонада эса ҳақиқат йўқолади!
Бу тушкунлик, борига барака ҳам эмас, аксинча бу ҳақиқатни ўлмасликка, йўқолмасликка чорлашдир. Бундай кезда овозингизни бироз баландлатмасангиз, ҳақиқат эшита олмайди, чунки қулоқлари битган-да!
Нега бир жойда депсиниб турибмиз?
19 Феврал, 2006
САВОЛ: Сиёсатчи ва лидер айни одамми ёки бошқа бошқа-бошқами, уларни қандай фарқлаб олиш мумкин? (Миразиз).
ЖАВОБ: Сиёсатчи ва лидер мутлоқ бошқа-бошқа одамлардир. Ажратиб олиш учун ҳар иккаласини ҳам кўра олиш керак. Бугун биз сиёсатчиларни кўриб турибмиз, аммо лидерларни кўра олмаяпмиз. Нега?
Фараз қилинг. Бур гуруҳ одам йўлга чиққан. Унинг олдида икки киши. Бири олдинга қарамоқда, иккинчиси орқага. Олдинга қарагани лидердир, яъни йўлбошчи. У йўлни билади, ўзи қаерга боришини, одамларни қаерга олиб боришни билади ва амали билан одамларга йўл кўрсатмоқда, олдинга қараб кетмоқда.
Орқага қараган эса сиёсатчидир. Унга келажак томон йўл эмас, тўпланиб турган одамлар керак, уларни алдаши, қўлланиши, лақиллатиши ва шу аснода ўз ишини битириши лозим. Сиёсатчининг тақдири, ҳаёти, иқтисоди шу одамларга боғлиқ. Уларнинг ҳисобига яшайди. Акс тақдирда очдан ўлади, номи унут бўлади. У бундан жуда қўрқади.
Сиёсатчи шуҳратга ишқибоз. Одамлар фақат унинг номини айтиб қичқиришларини истайди. Шунинг учун ҳам кўзи олдинда эмас, орқада, одамлар адашиб, бошқанинг номини айтиб қўймасин дейди. Майдонни бир лаҳза тарк этмагани ҳам ана шундан.
Сиёсатчи ёнидаги икки уч малайи орқали майдондаги одамларга тинмай ўзи мадҳ этилган ёки ўзигагина оид қоғозлар, варақалар, китоблар тарқатади. Одамларни бир лаҳза ҳам эркин ўйлашга қўймайди. Уларнинг атрофига тўрт-бешта мегафон қўяди ва ҳаммасида бирдан унинг номи айтила бошланади. Одамлар бутун дунё шу номни такрорламоқда деган ёлғон ҳисга тобе бўладилар. Бу одамларни манқуртлаштиришгина эмас балки одамларнинг ихтиёрий манқуртлашуви ҳамдир.
Агар одамлар олдинга қараб юра бошласалар сиёсатчи вақтинча йўл четига ўтади, бирор хавфсизроқ, теппароқ жойдан туриб кузатади. Одамлар яна ҳам олдинга юрсалар у ортда қолади. Баъзан эса одамлар орасидан чиққан кимлардир уни қўллана бошлайдилар. Унга сен буюксан дейдилар ва бунга унинг ўзи ҳам ишониб қолади. Аммо унинг руҳида бизнесменлик кучли ва яна бутун ҳаракатни бизнесга айлантиради. Зотан сиёсатчи учун сиёсат бизнесдир.
Чунки бундай сиёсатчи хатарли вазиятда одамларни бошқара олмаслигини билади. Ўзининг ёлғонларига ишонган бу одамлар бошқанинг ҳам ёлғонига ишониб, уни топтаб кетишлари, тошбўрон қилишлари мумкинлигидан чўчийди. Шунинг учун ҳам одамларни бир жойда тутиб туришга, диққатини ўзига қаратиб сақлашга интилади.
Бу билан у оломонга қўшилмай ўтиб кетаётганлар ёки оломонга ёрдам қўлини чўзаётганларни ҳам чалғитади. Улар оломоннинг етакчиси шу деб ўйлайдилар ва олдинга ўтиб кетаётган одамни ёки оломон орасидан чиқаётган лидерни кўрмай қоладилар. Бутун ёрдамни сиёсатчига узатадилар ва улар ҳам ёлғоннинг қурбонига айланадилар. Зотан бу сиёсатчи эришмоқчи бўлган асосий мақсад..
Сиёсатчи бир умр лидерларнинг йўлига тўғаноқ бўлади. Биринчидан, одамларни алдаб туравериш билан майдонни тарк этмайди. Иккинчидан, одамлар орасидан чиққан лидернинг товушини босиб юборади ва лидер юрган йўлни бекитиб олади.
У тажрибага, маҳоратга эга. У оломон янгиланиб туришидан манфаатдор. Чунки одамлар сафига янгитдан қўшилганлар унинг гапларига ошуфта бўлиб, олдинга ўтадилар, илгаридан шу ерда турганлар эса ортга чиқиб қоладилар. Янги келганлар сиёсатчининг қичқириқларидан илҳомланадилар, унинг гапларига қўшилиб бақира бошлайдилар, унинг номини айтиб ҳайқирадилар. Чунки оломоннинг орасида сиёсатчи билан бирга бу ишдан нон ейдиган одамлар ҳам бор. Бақиришни ўшалар бошлаб берадилар. Оломон эса уларга жўр бўлади. Шу зайл бир муддат ишонганлар ва аста секин ишончини йўқотганлар конвейр усулида алмашиб тураверадилар.
Аслида оломон орасида ҳам олдинга юриб, хавф орттиришни истамайдиганлар, бир жойда туриб тинчликни истайдиганлар кўпчиликни ташкил қилади. Сиёсатчи буни билади. Шу боис ўзига келган ёрдамдан жуда оз қисмини ўшаларга узатади. Қолганларга эса каттароқ ваъда беради. Агар унинг номини айтиб бақираверсалар яна бир қисм узатиши мумкин. Лекин аксариятини ўз қўлида қолдиради. Бизнесмен ўз зарарига ишламайди-да!
Мегафончиларни сақлаш,, варақаларни нашр этиш, китобларни чиқариш, оиласини тебратиш, қариндош уруғларини таъминлаш, давру даврон суришнинг ўзи бўладими?
Одатда сиёсатчи ишламасликни, оломонни алдаб яшашни ихтиёр қиладилар. Лидер эса оломонга боғланиб қолишни истамайди, мустақил бўлишни хохлайди. Лидернинг ортидан кетаётганларнинг баъзилари унга ета олмай ҳансираб қоладилар ва ортга қайтиб сиёсатчига қўшиладилар, унинг номини айтиб бақирадилар ва ҳаловатларини топгандек бўладилар. Аммо охир оқибатда алданиб қоладилар.
Аслида эса улар алданишни истаганлардир. Одамзот мураккаб. Унинг бир қисми олдинга югуришдан кўра бир жойда туриб, алданиб, қўлланилиб, қул бўлиб яшашни афзал кўради. Шу боис ҳам улар кўпинча авом оломондан узоқлашиб олдинга кетиб қолган лидерни кўра олмайдилар.
Шу боис ҳам улар лидерсиз қоладилар.
Шу боис ҳам дунёда лидерлар саноқли аммо сиёсатчиларнинг сон саноғи йўқ.
Шу боис ҳам бугун Ўзбекнинг сиёсатчиси кўп, аммо лидери йўқ!
Сиёсатчи ва лидерни ажратиб ололмаган халқ ҳеч қачон олдинга юра олмайди, бир жойда депсиниб тураверади. Худди 15 йилдан бери депсиниб турган Ўзбек каби! Худди ҳали яна сиёсатчига оғзи очилиб, олдинга юришни истамаётган, ва ҳали яна депсиниб туришдан қониқаётган Ўзбек каби!
“Озодлик” ҳеч кимнинг онасининг маҳрига тушган эмас!
20 Феврал, 2006
САВОЛ: Демократик Ўзбекистон Конгрессининг сайтида “Озодлик” радиосининг “Қурултой” дастури ёпилиши мумкинлиги ҳақида гап борганди. Мана бугун эшитдим, ёпилмабди, аммо сиз чиқмадингиз. Балки танқид учун таъқибга учрадингизми деб ҳам ўйладим. Шунга жавоб берсангиз.( Ғайрат).
ЖАВОБ: ДЎК сайтида ўқувчиларнинг фикрлари берилмоқда. Мен ҳали ўз фикримни ёзганим йўқ. Бугун эрта балки ёзарман. Гап шундаки ташкилотимиз рўйхатдан ўтишида биз олдимизга қўйган жуда кўп вазифалардан бири хорижий радиолар дастурларини мониторинг қилиб бориш эканлигини ҳам билдирган эдик ва бу сайтимизда ҳам ёзиб қўйилган. Демак бу муҳокамалар ташкилотимизнинг вазифаларидан бирининг бажарилиш жараёнидир.
Маълумки, АҚШда солиқ тўловчиларга ҳисобот бериб турилади. Йилда бир марта уйга юбориладиган ҳисоботда солиқлар қаерга кетгани изоҳлаб берилади ва ана шу ҳужжатга қўшиб юбориладиган кичик бир варақада “Қонунлар сизга ўз солиқларингиз қаерга сарфланишини назорат қилиб туриш ҳаққини берган, бу ҳақни унутманг” деб ёзиб қўйилади. “Америка овози” ва “Озодлик” солиқ тўловчиларнинг пулига ишлайди ва демократияни тарғиб қилиши керак. Агар бизнинг пулимиз диктаторга хизмат қила бошласа ва индамай турсак ўша диктаторнинг қулига айланамиз. Агар фикримизни айтиб турсак радиога ёрдам берган бўламиз.
Қолаверса, бировнинг нуқсини кўриб айтмаслик унга душманликдир. Бировнинг нуқсини кўриб уни очиқ айтиш эса унга дўстликдир. Лекин ўша биров буни тескари тушунса демак нуқс унинг фитратида бор. ДЎК аъзолари “Озодлик”ни танқид қилаётганлари йўқ, балки ўз фикрларини айтиб, уни қўллаб унга ёрдам бермоқдалар ва биз уларнинг бундай жонкуярликларини қадрлаймиз.
Энди “Қурултой” масаласига кесак, менинг Ўзбек хизматининг олдинги директори Адолат Нажимовага мурожаатларим, демократияни ёйишни жонлантириш бўйича таклифларим натижасида шундай бир дастур туғилганди. Унинг олиб борувчиси Абдулла Искандар ҳар бир дастурда қайд этганидек мен доимий қатнашчи эдим ва орада қандай мавзуларни тортишиш ҳақида ҳам фикрларимни йўллаб турар эдим.
Охирги муҳокамадан олдин ҳам хат йўллаб, карикатуралар масаласини муҳокаа қилиш ва бунинг аҳамияти ҳақида ёзгандим. Таклифим қабул бўлиб, ўзим чиқмаганим табиийки менга боғлиқ эмас. Абдулла Искандар ҳам “Нима бўлди?” деган хатимга жавобан телефон қилиб, бу масала ўзига боғлиқ эмаслигини билдирди.
Мен “Озодлик” ҳеч кимнинг онасининг маҳрига тушган эмас, деган фикрдаман. Менинг ҳам доим чиқиб туришим шарт деган қоида йўқ, Аммо мен чиқиб туришни истасам буни таъқиқлайдиган қонун ҳам йўқ, аксинча бунга йўл очадиган қонунлар бор. Шундай экан, айтадиган гапларим бўлса радиода чиқиб туриш бу менинг қонуний ҳаққим. Мени бу ҳақдан маҳрум қилишни истаган одамлар эса Каримовнинг “дум”лари ёки демократияни ўргана олмай, демократияга мослаша олмай қотиб қолган бечора бандалардир. Ундайлар 15 йилдан бери тиш кўрсатадилар ва бундан кейин ҳам кўрсатаверадилар. Бу қадар!
Ватанпарварликнинг нархи бўлмайди
23 Феврал, 2006
САВОЛ: Фидойилик, ватанпарварлик деган гаплар тарихда қолди. Пул бўлса мухолифат бўлади. Пул берсангиз инсон ҳуқуқлари ташкилотлари сизни ҳимоя қилади. Пул бўлса инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ёки мухолифат раҳбарлари сизга сиёсий бошпана олиб бериш учун енг шимарадилар. Пулингиз бўлса мухолифатга қарши курашиб келган бўлсангиз ҳам бирданига ҳақиқий мухолифатчига, ҳатто қайси битта партиянинг Марказий кенгаши аъзосига айланасиз.
Ким билан гапни бошламанг, ижарага фалон минг тўлаяпман, Интернетга кириш учун мана бунча пул керак, хуллас, “оз-моз” харажатлар учун бир нарса чўзиш ҳақида очиқ гапиради. Агар буларнинг ҳаммаси қанча бўлади десангиз камида бир юз эллик доллар дейди.
Бугун Ўзбекистонда ким ана шундай пул топиб бера олса ўша мухолифат бўла олади. Келажакда баъзи диний гуруҳлар одамларимизни ана шу томондан қўлга олиб демократия келган тақдирда ҳам уни ағдариб ташлашлари мумкин. Фаластинда нима бўлганини кўриб турибсиз. 15 йил олдин бизда бундай нарса йўқ эди. Одамлар ватан учун, халқ учун деб курашар эдилар. Бугун эса пул учун кураш бошланган.
Мана битта мисол келтираман. Санжар Умаров ва Нодира Ҳидоятованинг судига борганимда “қўллаб-қувватлаш гуруҳи аъзолари учун” деб икки минг сўмдан ҳар бир судга борганларга Елена Урлаева орқали беришди. 1000 сўм йўлкирага ва 1000 сўм обед учун беришди. Бу пулларни Нигора Ҳидоятова ажратган бўлса керак.
Менга саккиз кун судга борганимда жаъми 15 минг сўм беришди, бир кун суд раиси касаллиги туфайли қолдирилганди, ўша кун учун 1000 сўмдан беришганди.
Ана шуларни кўриб ҳамма нарсадан кўнглим айнаб кетди. Ташлаб узоқларга кетгим келди. Бутун дунёга танилган бир ҳуқуқ ҳимоячисига бу ҳақда айтсам, озгина харажатлари бор деб айтди. Балки менга Демократик Ўзбекистон Конгресси ёрдам бериши мумкинми?
Фермер Ражаббой.
ЖАВОБ: Ўзини шартли равишда фермер Ражаббой деб номлаган бу кишига бизнинг жавоб шундай:
Демократик Ўзбекистон Конгресси ўз низомига кўра фақат ташкилотга расман аъзо бўлган, унинг фаолиятида очиқ қатнашган, ҳақиқатдан ҳам режимга мухолифлиги билан танилган ва ростдан ҳам қувғинга учраган, ҳаёти таҳлика остида қолган кишиларгагина сиёсий бошпана олиши учун тавсиянома бериши мумкин. Бунинг учун ташкилот аъзоларидан камида уч кишининг тавсияси зарур.
Биз бу масалани ташкилот аъзолари орасида муҳокама этиб, ана шундай қарор олганмиз. Чунки ҳақиқатдан ҳам мухолифатни бизнесга айлантириб юборганларнинг ҳиди бутун дунёга тарқалиб бўлди.
Сизнинг номингизни биринчи марта эшитаётганимиз учун бизни маъзур тутасиз. Биз пул учун ишлайдиганлар ташкилоти эмас, биз харажатлар учун бошқарув аъзолари ўз ёнидан хайрия сифатида пул бериб, демократия учун курашаётганлар ташкилотимиз. Мана катта ҳарфлар билан ёзаман: БИЗ ҲАЛИГА ҚАДАР БИРОР ТАШКИЛОТДАН ЁКИ БИРОР ШАХСДАН БИР ТИЙИН ПУЛ ОЛГАНИМИЗ ЙЎҚ! Буни бошқалар ҳам ёзиб кўришсин-чи! Сиёсий бошпана олиш учун тавсиянома берсак, шаффофлик нуқтаи назаридан бошпана олиб, таҳликадан қутулгандан кейин, қонуний махфийлик даври (11 ой) битгандан сўнг уларнинг номларини ҳам эълон қиламиз. Агар келгусида бирор бир ташкилотдан грант олсак қаерга сарфлаганимизни ҳам очиқ эълон этамиз. Менимча, барча мухолифат ташкилотлари ҳақиқатдан ҳам ифлослик ботқоғига ботмаган бўлсалар ана шундай йўл тутишлари керак.
Сизга маслаҳатимиз ўз номингизни яширманг ва очиқ курашиб, мухолиф сифатида ўзингизни кўрсатинг! Энг камида билганларингизни ёзиб режимнинг башарасини фош этинг. Бугун ташқарида юриб, таҳликадан узоқ бўлган “мухолифатчилар” номларини яшириб турган бир пайтда бу гапим балки сизга оғир ботар. Аммо на чора!
Номини яшириб, панадан туриб курашмоқчи бўлган сохта мухолифатчилар, манфаатчи “адолатпарвар”лар, ҳақни яширган “ҳақгўй”лар армиясини тарк этинг! Тўғри йўл шу!
Ватанпарварликнинг нархи бўлмайди. Агар сиз бу Ватан ва бу миллат учун жонингизни тиккан бўлсангиз, пулнинг аҳамияти йўқ эканлигини дарҳол англайсиз. Афсуски бу туйғу жуда кам одамларга насиб этган. Шу боис ҳам бу туйғу билан яшаган одамларни кўпчилик тушуна олмайди.
25 Феврал, 2006
Хоразм-Қорақалпоқ минтақаси “ёшулли”ни безовта қилмоқда
САВОЛ: Шарифхўжаевни Сенат раислигидан олган Каримов унинг ўрнига Собировни тайинлашида бирор мақсад борми?(Воҳид).
ЖАВОБ: Сиз “олган”, “тайинлаган” деган сўзларни жуда ўринли ишлатгансиз. Кўринишда Каримов Мурод Шарифхўжаевнинг истеъфосини қабул қилишни Сенатдан сўраган бўлсада аслида унга қадар уни бўшатиб қўйганди. Элгизар Собировни ҳам Сенат мажлисидан икки кун олдин тайинлаб улгурганди. Қолгани хўжакўрсинга.
Каримов тайинлаш пайтида “устозим” дегани Шарифхўжаевни энди “кексайиб, ишга ярамай қолди” деб бўшатди. Агар кексайиб қолиш асос бўладиган бўлса унинг ўзи нега тахтдан тушмаяпти деган ҳақли савол туғилади. Жавоб шуки, уни ишдан оладиган йўқ. Топилиб қолар!
Саволингизда жон бор. Олий Мажлисдаги манбага кўра, Каримов Хоразм-Қорақалпоқ минтақасида вужудга келган кучли норозиликдан безовта. Айниқса, Ўзбекистон Кремл билан яқинлашгандан бери Путиннинг номига бу минтақадан шикоятлар тўлиб-тошиб кетган. Уларда Ўзбекистондан ажралиш, Россияга қўшилиш, мустақил бўлиш каби масалаларда очиқ-ойдин гап борган. Кремл уларни “кўриб чиқиш” учун Каримовга юбормоқда ва Каримов Олий Мажлисга юбормоқда экан. Самарқандлик Баҳодир Матлубов Ички Ишлар вазири этиб тайинлангандан бери бу минтақада нафақат оддий одамлар орасида, балки режим кадрлари орасида ҳам норозиликлар пайдо бўлган. Амударёда сув музлаши натижасида пайдо бўлган тошқин таҳликаси, Орол бўйидаги вазият ҳам жиддий.
Вужудга келган аҳвол ҳақида кучишлатар идоралари ҳам Каримовга махсус ҳисобот тақдим этганларини айтади манба. Каримов “тозалаш” ўтказишдан олдин ўзининг бу минтақага хусумати йўқлигини кўрсатмоқчига ўхшайди.
Каримов битта ўқ билан икки қуённи уришга ўрганиб қолган. Шу билан Думадан ҳайъат келган кунлари “грипп” бўлиб қолган Шарифхўжаевдан ҳам қутулган бўлди.
Маълумки, Совет даврида кадрларни минтақаларга қараб танлашар ва шу зайл “баланс” сақлаяпмиз деган хулосага келишарди. “Кадрларни танлаш ва жойлаштириш” деган сиёсий харитада Ўзбекистон тўртга бўлинган ва қуйидагича номланган:
1.“Зарафшон” (Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё)
2.“Фарғона” (Фарғона, Наманган, Андижон)
3.“Тошкент” (Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Сирдарё)
4.“Хоразм” (Хоразм, Қорақалпоғистон)
Биринчилик ва иккинчилик “Зарафшон” ҳамда “Фарғона” орасида алмашиб турарди. Учинчиликни “Тошкент”га беришарди ва тўртинчи даражадаги лавозим “Хоразмга” қоларди.
Элгизар Собиров Хоразмнинг Қўшкўпир туманидан. У Мудофаа қўмитасида ишлар экан, Каримовни “ёшулли” деб мурожаат қилиши билан ажралиб турган ва “ўзини “ёшулли” деб чақиришидан Каримов мамнуният ҳис этар экан. Уни Россия ҳарбийлари билан яқин алоқада эканлиги ва Хоразмда ёғоч мафиясининг етакчиси деган гаплар ҳам бор. Нима бўлганда ҳам Собировни номи улуғ, супраси қуруқ жойга тайинлаш билан Каримов хоразмликлар ва Қорақалпоғистон аҳлини яна бир бор лақиллатмоқчи кўринади.
Олий Мажлисдаги манба бу гаплар “программа минумим, программа максимум эса Каримов Собировни сайловдан олдин Хоразмга ҳоким этиб тайинлаш учун тайёрламоқда” дейди.
“Қасосим бор тасодифларда!”
2 – Март, 2006 йил
САВОЛ: Ҳеч эътибор берганмисиз Ҳусайин Бойқаро, Алишер Навоий ва Ислом Каримов, Абдулла Ориповлар орасидаги боғланишга. Ҳусайин Бойқаро 1438 йилда ва Алишер Навоий 1441 йилда туғилган. Ислом Каримов 1938 йилда ва Абдулла Орипов 1941 йилда туғилган. Ҳусаин Бойқаро ва Алишер Навоий замондош ва айни саройда фаолият кўрсатишган. Ислом Каримов ва Абдулла Ориповлар ҳам айни саройда. Орадан 500 йил ўтиб айни Турон ўлкасида зулмкор подшо ва маддоҳ шоир айни саройда пайдо бўлишибди. Бу шунчаки тасодифмикин? (Жавлон ).
ЖАВОБ: Дунёда тасодифлар кўп. Аммо бу тасодифларни изоҳлаб берадиган илм йўқ. Кимдир тасодифларни Худога боғлаб қўйиб, осон йўлини топади. Яна кимдир тасодифлар бежиз эмаслигини таъкидлаб сизни ўйга толдиради. Қайси бир шоир “Қасосим бор тасодифларда” деб шеър ҳам ёзган эди.
Маълумки, биз тарихимиз деб атаётган тарих уч марта ишловдан ўтган.
Аввал золим ҳукмдорлар тарафидан ёздирилган. Уларга ёққани бот-бот кўчиртирилган, китоб ҳолида қолдирилган. Бугунгилар кўзига суртиб юрибди. Ёқмагани йўқолиб кетган. Бугунгилар бехабар.
Кейин руслар томонидан ёзилди. Уларга ёққани, хизмат қиладигани қайта – қайта чоп этилди, ёқмагани ўзгартирилди ва бошқа тус берилди.
Мустақилликдан сўнг тарихимиз битта одамнинг авзойига қараб ёзилмоқда. Унга ёқса нашр этилади, ўқитилади. Унга ёқмаса қатағон.
Бу уч омил менга тарихимизга мутлоқ ишонмасликка асос беради. Тарихга ишонмасдан ҳам яшаш мумкинми дейишингиз мумкин. Баъзи одамлар Худога ишонмай яшашмоқда. Бунинг олдида тарихга ишонмаслик гуноҳ эмас. Айниқса, у сохта тарих бўлса.
Шу нуқтаи назардан Алишер Навоий ва Абдулла Ориповни ёнма-ён қўйганингизга ҳайрон бўлмайман. Чунки Алишер Навоий пайтида ҳам ундан кучлироқ ёзадиган ўша даврнинг Юсуф Жумалари бўлган эрса не ажаб?! Лекин биз бехабар! Ажабмас минг йилдан кейин Абдулла Орипов ҳам кейин миллатнинг бобокалони, Алишер Навоийсига айланаман деб хаёл қилиб юрган бўлса?1 Чунки бугуннинг ўзида уни “бобокалон” деганлар ҳам йўқ эмас.
Лекин бугун тарих шоҳларнинг ҳукми юрадиган ҳудудлардан ташқарида ҳам ёзилмоқда. Бугун тарих шоҳдан олтин танга кутган муаррихлар ва хаттотларгагина боғланиб қолмаган. Фарқ ана шунда.
Ҳусайн Бойқаро шоир бўлган, шоирдан золим чиқмайди дейдилар. Золимлардан шоир чиққанини, шоирлардан золим чиққанини бугун кўриб турибмиз. Чунки бу Интернет дегани бутун дунёни битта қутига солди. Ана шу қутида ҳамма нарсани кўриш мумкин. Фақат кўра олиш қобилиятини топсак, бас!
Хуллас, Ҳусайн Бойқародан Ислом Каримовга қадар зулмат ичидамиз. Аммо зулматнинг пардаси йиртилди. Энди бир амаллаб сочимиздан тирноғимизга қадар ўралган ўргимчак тўридан қутулсак, балки ўшанда тасодифларнинг сирини топмоқ имкони туғилар?!
Дунё тасодифлар гирдобида. Мустақиллик учун курашганлар зиндонбанд, дарбадар, мустақилликка қарши бўлганлар эса қаҳрамон, соҳиби замон бўлгани каби. “Қасосим бор тасодифларда!”.
3 – Март, 2006 йил
“Ассассин” нишонга урди
САВОЛ: Кейинги кунларда сизнинг ва Демократик Ўзбекистон Конгрессининг электрон адресларидан “спам” шаклидаги хатлар олмоқдаман. Бунинг сабаби нима? Хакерларнинг ишими бу? Ёки Ўзбекистон ҳукуматига ишлаётганларнинг ҳунарларими? Балки сизларга хат ёзмаслигимиз учун шундай қилишмоқдами? Нима деб ўйлайсиз? (Алишер).
ЖАВОБ: ДЎКнинг сайтида “Ассассин” романининг 7 боби эълон қилингандан буён Каримовнинг итлари, Гулноранинг битлари, уларга қулбаччалик қилаётган ҳаром қуллар томонидан электрон почталаримиз тинимсиз ҳужумга учрамоқда. Улар гўё ўзларини технология асрининг билимдони қилиб кўрсатиб, аслида ахмоқларча ҳаракат билан бизнинг ва бир қатор мухолифат адресларини қўлланиб ўзимизга ва бошқаларга ҳам мингларча хат йўлламоқдалар. Эссиз вақт, эссиз пул..
Инсон тубан кетганда нима қилаётганини билмай қолади. Булар ҳам шундай.
Аммо бу бизга янада куч бағишлашини эса хаёлларига ҳам келтирмаган бўлсалар керак. Чунки улар ўзлари билмаган ҳолда бизнинг нишонга ураётганимиз ва сўзимиз нишоннинг бағрини тилим-тилим қилаётганини шу йўл билан билдириб қўймоқдалар. Ҳолингизга маймун йиғласин, бечоралар!
“Ассассин”нинг олдинги 6-боби эълон қилингандан кейин Девондаги танишим мазкур бобнинг ҳукумат идораларида шов-шувга сабаб бўлганини ёзган эди.
.орг-нинг статистикасига кўра, “Ассассин”нинг 7-боби эълон қилинган кун 1256 киши сайтни кўрган бўлса, эртасига бу рақам 1792 га чиққан, ундан кейинги кун 2435 га кўтарилган. Сайтга ўша кун Ўзбекистондан 1617 марта кирилган. Энди тасаввур қилинг: сайт Ўзбекистонда оммавий жойларда очилмайдиган қилиб қўйилган. Баъзилар жуда қийинчилик билан очишади. Демак, Девондаги манбанинг гапи тўғри. МХХ, ИИВ ва ҳукуматнинг Интернетга кириш чекланмаган бошқа тизимларида “Ассассин” шов-шувга сабаб бўлмоқда.
ДЎК ёшлар билан ишлашни бошлагандан кейин ҳукумат ёшларга эътибор қилиб қолди. Янги ташкилотлар, янги сайтлар ташкил этиб, ёшларнинг мактубларини чоп эта бошлади. Уларнинг саволларига жавоб бериш каби “Савол-Жавоб” бўлимлари яратишди. Демак, ишларимиз бекорга эмас, ёзганларимизни ҳали ҳам “Катта”нинг ўзлари кузатаётганлари сезилиб турибди. Чунки у кишининг буйруғи бўлмасдан янгиликка қўл урилмайди-да!
“Ассассин”нинг 7-бобидан эса ул зотнинг жаҳллари чиққан кўринади-ки, иту битларини ишга солдилар. Уларга азалдан у кишининг иту бити бўлишни орзу қилиб юрган аламзадалар ҳам қўшилдилар.
Нима бўлганда ҳам руҳимиз енгил тортиб, мамнун бўлдик. Ҳа, сўзимиздан талвасага тушганларни кўриб туриш ҳам бир бахт! Бадиий асарининг кучини кўриб туриш ижодкорга қанчалик ҳаловат бахш этишини тасаввур қилишингиз қийин эмас!
Бизнинг электрон адесларимизни қўлланиб сизга ҳам мактублар борганидан хурсанд бўлинг, чунки сиз ҳам саволларингиз билан нишонга урмоқдасиз ва уртўқмоқ зарбидан қурт-қумурсқага айланганлар шу йўл билан чақиб оламиз деб ўйлашмоқда.
Хато қиладилар, улар чақишни ҳам билишмайди, чунки улар бичилган қурт-қумурсқалардир. Уларнинг ва “спам”ларининг ўрни ахлатхона!
Дилдаги вулқоннинг тафти
5 Март, 2006 йил
САВОЛ: Сиз билан ғойибдан бўлса-да дийдорлашиб турганимдан хурсандман. Аввалига жуда узоқ ўйладим. Менинг ёшимда, менинг жинсимда, умуман мен сиёсатга бу қадар шўнғишимга, сизга мактуб йўллашимга наҳот шунчалар эҳтиёжманд бўлсам? Арзимаган умрим давомида фақат ва фақат бир нарсани орзу қилдим, мақсад деб билдим: Мен бу дунёда ҳеч бир мақсадсиз ва ҳеч бир ишсиз ўтиб кетадиган инсонлар сирасига киришни истамайман, ҳеч бўлмаса ўлимимдан сўнг мени инсон қилган(Оллоҳ ўзи шунга етказсин)халқим эслаб қолиши керак!
Биламан, гапларим бироз ғализ ва ёки баланд парвоз туюлиши мумкин. Бироқ бундан уялмайман! Сабаби, мен шуни хоҳлайман. Деярли ҳар Интернетга ташрифимда бу сайтга кираман ва дилимни оғир юк, ғижимлик билан тарк этаман.
Наҳот ҳаёт шунчалар ёлғон, шунчалар чиркин бўлса? Наҳот инсон ўзи истаганидек, ҳалол, пок ва виждон билан яшаб ўтиши шунчалар қийин бўлса? Наҳот ота деган номи бўлган – халқ ўзининг “фарзанд(лар)”идан калтак еса, бироқ уни бартараф қилиш, унга бир сўз айтишга ёки оқ қилишга-да мажол тополмаса?
Эрта 5 дан кунни бошлаб, кетмонини кўтариб, бели майишиб, саратонда 40-га чиққан далада қўлининг қадоғи, умрининг адоғи бўлган меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат қилса-ю, кўнглини кўтаргулик, ҳаётини яхшилагулик бирор рўшнолик кўрмаса? Қани ҳақиқат? Қани адолат? Дилим ачишади…Юрагим оғрийди…
Бир вақтлар шахсан “Катта”нинг ўзига қарсакларга тўлган мактуб йўллаш урф бўлиб кетганди. Деярли ҳар ҳафта Твда ёш йигит-қизларни хат ёзгани учун уйларига келиб, совға тарқатиб, яна буни матбуотда, Твда эълон қилишган эди. Ўшанда онажоним мени ҳам ёзишга ундагандилар. Лекин ёзмаганман! Нима учунлигини айтайми? Агар мен хат ёзсам, мениям уйимга келиб тақдирлашади, “менинг бобожоним” эса мени совға дардида, машҳурлик дардида хат ёзган деб ўйлайдилар деган андишада ёзмагандим.
Қаранг-а, қанчалик софлик, виждоним, ўй-у фикрларимнинг болаларча андишаси. Лекин қани энди бу софлик? Менга ҳозир буни ким қайтариб беради? Агар ўша пайтда яна 2 йилдан кейин менинг фариштам – иблис деб айтишимни билганимда осиб юборсалар ҳам ишонолмасдим. Қачонлардир менга сени бу гапларинг учун отишади дейишганди. Энди бунга шубҳа ҳам қилмай қолдим. Лекин унгача ҳали яшайман, то умрим борки, ҳақиқат учун тикаман, ваҳоланки, буни ҳозирги замонамиз ақллилари фойдасиз деб билсалар-да.
Биламан, ҳақиқат, адолат учун ҳеч бир кураш изсиз кетмагай, бир-бирини занжирдай тортади, ақалли ўндан бирига бўлса-да, эришилади. Ахир сиз ҳам шунча ишда ҳам умидни узганингиз йўқ-ку! Курашда давом этаяпсиз-ку!
Ҳа, жуда кўп ватандошларимнинг четда туриб сайрашади, деган гапларини эшитаман. Манинг учун бунинг аҳамияти йўқ. Гап қаерда, қай ҳолатда айтилганида эмас, гап ниманинг айтилганида! Жуда кўп тенгдошларим икки йўл орасида, саросар, нимага ишонишни билмайдилар. Сиз айтган фактларни ўқиб, ҳаётга солиштириб, унинг исботини топиб туриб ва яна бу ердаги тинимсиз бир хилда чалинадиган, меъдага теккан, бироқ қулоқ ўрганган куйга мухлис бўлишга мажбур бўладилар.
Сизга бир саволим бор: Қилаётган ишларингиз, сўзларингиз, умуман ҳаётингиз бесамар кетмаганига қай даражада ишонасиз? (А.Салиҳ).
ЖАВОБ: Аввало юрак тубидан қуйилган мактубингиз учун раҳмат. Дилдагини сатрларга бундай дард билан тўкиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Сизда шундай қобилият бор экан, буни ишга солишингиз ва сўзингиз билан курашга киришмоғингиз керак. Бугун бунга эҳтиёж катта.
Чунки бутун бир мамлакатнинг қудрати ана шу курашнинг қарши жабҳасида. Сиз таъкидлаган каби Твлардан рўзномаларга, Интернетдан маҳалла мажлисларига қадар ҳамма жойда сўз жанги бормоқда.
Қурол вужудни чил-парчин қилиб юбориши мумкин. Лекин кучи дилларга, шуурларга, авлодларга, асрлардан асрларга ета олмайди. Бунга фақат сўз мушарраф. Сўз бўлганда ҳам дилдан қуйилган, шуурдан тўкилган, асрлардан асрларга ўлмасдан келган ҳақ сўз бўлиши керак.
Биз курашнинг ана шу жабҳасида бўлганимиз учун ҳам бахтиёрмиз ва ҳамда масъулиятлимиз. Бахтиёрмиз шунинг учунки, умримиз зое кетмаётир. Буни кўриб турибмиз ва бу чексиз бахт. Масъулмиз шунинг учунки, ана шу бахт қарзини қайтармоғимиз керак. Бу эса биздан ҳар лаҳза, ҳар дақиқани ишга солишни талаб қилади.
Биламан, таваккал қилиб, бир ном танлаб шу билан мактубингизга имзо чеккансиз. Келажакда сизнинг ўз номингиз билан ёзишингизга ҳам ишонаман. Чунки дилингизда дарднинг вулқони бор. Бу вулқон сизга тинчлик бермайди. Агар унинг тафтини чиқармасангиз портлаб кетади, ёндириб юборади. Сатрлар билан чиқса ором топасиз, таскин топасиз, юрагингиз олов тоғидан ором гулшанига инади.
Бу кураш майдонига хуш келибсиз! Ҳозирдан ишонч билан айта оламанки, сизнинг ҳам ҳаётингиз бесамар кетмайди. Бунга ўша юракдаги дард йўл бермайди.
Бу дунёда агар бир кишининг дилига заррадек ёғду етказа олсангиз, демак умрингиз бесамар ўтмаётир.
Алдамай туриш ҳам ёрдам
7 Март, 2006 йил
САВОЛ: Мени тўғри тушунинг. Сиздан бир нарсани сўрамоқчиман. Нега кўпчилик демократия деганда фақат Россияни ёмонлаш, Американи яхшилаш деб тушунишади, Путин бизнинг золимларни ҳимоя қилгани йуқ-ку у ҳам Америкага ўхшаб ўз иқтисодий манфаатларини ўйласа керак. Мен ўйлайман Американи ҳам, Россияни ҳам Ўзбекистондаги демократия қизиқтирмайди, уларни ўз мақсадлари бор, яъни бу региондан бир-бирини сиқиб чиқариш, Грузия ва Украина бунга мисол эмасми? Улар фақат Россияга туфлаш билан овора ва Ўзбек сиёсий қочоқларини Каримовга тутиб бериш билан овора. Ахир демократлар биринчи ўринда ҳамма билан яхши қўшничилик алоқасини ўрнатмайдими? Сизлар демократик кучлар қачон Ўзбекистон сайловларида қатнашасизлар? Бизда 90 фоиз аҳоли Каримовни кўргани кўзи йўқ, қачон бизни озод қиласизлар? Бу ифлослар евросоюз санкциясидан сўнг дадамнинг ва барча бюджет ойлик маошини 50 фоизга қисқарибди 1 январдан бошлаб.(Абдурасул).
ЖАВОБ: Сизни тўғри тушунишга ҳаракат қиламан. Жуда кўп масалаларни ўртага қўйгансиз, уларни ажратиб, ҳар бирига мухтасар жавоблар қилмоқчиман.
“Нега кўпчилик демократия деганда фақат Россияни ёмонлаш, Американи яхшилаш деб тушинишади, Путин бизнинг золимларни ҳимоя қилгани йуқ-ку у ҳам Америкага ўхшаб ўз иқтисодий манфаатларини ўйласа керак” деб ёзибсиз.
Демократия ҳақида гапирганда кўпчилик Россияни ёмонлагани ва АҚШни яхшилагани ҳолини кузатаётганим йўқ. Аксини эса кузатиб турибман. Агар менинг Америка тарафини тутганим ва Россияга қарши ёзиб, гапириб келганимни кўпчилик десангиз, унда раҳмат!
Ҳа, ҳеч ким ўз манфаатига қарши иш қилмайди. Ҳатто сиз ҳам. Шундай экан, гап кимнинг манфаати сизнинг манфаатингизга яқин туришида ёки сизнинг манфаатингизга зид бўлмаслигида ёхуд сизнинг манфаатингизни оёқ ости қилмаслигида. Ана шу нуқтаи назардан Ўзбек халқига Россиянинг эмас, АҚШнинг манфаати яқинроқ, зид эмас.
АҚШ Хонободда жойлашганда мен қутлаган эдим, кўпчилк аюҳаннос солганди. Лекин кўриб турибсиз, исталмаган жойда АҚШ қолмайди. Қаердаки жиддий туриб “кет!” дейишган бўлишса, чиқиб кетаверган, аммо Россия ундай эмас.
Саволингизнинг давомида “Мен ўйлайман Американи ҳам, Россияни ҳам Ўзбекистондаги демократия қизиқтирмайди уларни ўз мақсадлари бор, яъни бу региондан бир-бирини сиқиб чиқариш, Грузия ва Украина бунга мисол эмасми?” деб сўрайсиз.
Американи қизиқтиради. Агар қизиқтирмаганда Хонободни устун қўяр эди. АҚШ миллий стратегияси бўйича дунёда демократияни ёйиш ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ва ҳам ҳарбий манфаатлар сирасига киритилган. Ким президент бўлишидан қатъий назар бу стратегияни ўзгартира олмайди.
Мана бу гапингизга эса тўла қўшиламан:”Ахир демократлар биринчи ўринда ҳамма билан яхши қўшничилик алоқасини ўрнатмайдими?” дегансиз. Демократлар ҳамма билан яхши қўшничилик алоқасини ўрнатишлари керак. Аммо бу золимлар, диктаторлар, демократия душманларига ҳам қучоқ очиш тарзида ёки уларнинг оёғини ўпиш шаклида бўлмаслиги керак.
“Сизлар демократик кучлар қачон Ўзбекистон сайловларида қатнашасизлар?” деган саволингизга жавоб жуда ҳам қисқа: қачон саволингиздаги “Сизлар” “Бизлар” бўлганда!
Энди қуйидаги саволингизга тўхталсак: “Бизда 90 фоиз аҳоли Каримовни кўргани кўзи йўқ, қачон бизни озод қиласизлар?”
Озод бўлиш ўз қўлингизда. Агар маҳбус озод бўлишни истамаса ёки озод бўлиш учун интилмаса, ёхуд озод бўлиш учун курашганларни қўлламаса нима ҳам қила олардингиз? Ўзбекнинг зеҳнияти қизиқ, бугун “кўрарга кўзим йўқ” деб эртага бағрига босади. Заррадек манфаат бўлса, тоғдек имкониятни сотиб юборади. Қўшнисини ўлдириб кетишса ҳам миқ этмайди. Қачон калтак ўзининг бошига келганда, садоси чиқади. Бунга эса қуйидаги гапларингиз далил бўла олади: “Бу ифлослар евросоюз санкциясидан сўнг дадамнинг ва барча бюжет ойлик маошини 50 фоизга қисқарибди 1 январдан бошлаб.”
Эртага Ўзбекистон озод бўлади, индинга Каримов кетади деган сафсаталардан йироқман. Сизни шундай деб алдовчиларнинг ҳам оний манфаатлари бор. Мустақиллик даврида Ўзбекистондан чиқиб кетганларнинг кўпчилиги дунёнинг турли гўшаларидан озодликни топишган. Улардан хафа бўлиш керак эмас. Чунки ҳар бир одамнинг озодлик ҳаққи бор. Фақат улар сизни алдаганларида улардан хафа бўлиш шарт.
Бугун умид ҳам, ишонч ҳам, истиқбол ва истиқлол тақдири ҳам четда эмас, мамлакатнинг ичида, халқнинг ичида. Бугун нимжон бўлса эртага кучланади. Сизу биз самимий бўлсак, ана шу нимжон кучни алдашимиз эмас, агар имконимиз бўлса унга ёрдам беришимиз керак. Ўша нимжон кучни алдамай туриш ҳам ёрдам! Ҳақиқатни айтиш эса уни кучланишга, оёққа туришга ундайди.
Ёлғонхўрлик инсон фитратида бор…
9 Март, 2006 йил
САВОЛ: Мени ҳамиша бир нарса қийнайди: Нега сиёсат бунчалик мураккаб, нега у фақат ёлғонлар-у алдовлар билан тўла бўлади? Биламан, бу жуда болаларча берилган савол. Лекин нима учун, ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши керак? (А.Салиҳ).
ЖАВОБ: Ҳа, сиёсат мураккаб. Чунки инсон зоти, унинг зеҳнияти, феъл-атвори, фикрлаши мураккаб. Инсон ҳақиқатдан, ростдан кўра ёлғонга ўч бўлади. У бола экан яхши сўздан кўра ёмон сўзни тезроқ ўрганади. Ростни эмас, ёлғонни тинглайди. Яхшилик қилишдан кўра ёмонликни осонроқ қилади.
Бир икки мисоллар билан фикримни яна ҳам аниқроқ айтишим мумкин.
Ишхонамизда спорт зали бор. Орада бир тушаман. Жуда кўп спорт жиҳозлари билан бирга устида югурадиган тасмали машиналардан беш олтита бор. Аммо ҳамма биттасини кўзлаб туради. Баъзан ўшанга навбат ҳам бўлиб қолади. Ўша машина натижаларни бироз бўрттириб кўрсатади. Яъни камроқ вақтда кўпроқ иш қилган кўринасиз. Бошқаларида эса бироз фарқли. Қаранг, бу ерга келадиганлар аслида кўпроқ ҳаракат қилишим керак дея махсус келишади. Аммо камроқ ҳаракат қиладиган машинани танлашади. Бу зеҳният жумбоғи.
Бир одамни биламан. Узоқ йиллар Каримов режимини шундай мақтадики, унинг илҳом билан гапиришига қараб оғзингиз очилар эди. Мухолиф жабҳада унга тавқи лаънат демаган одам қолмаганди. Бир кун у шу жабҳага ўтиб қолди. Ҳаммани ўзига шунақа мақтай бошладики, бу мақтовни эшитганлар ўзини Каримовдек ҳис қила бошладилар. Энди у ҳақда гап кетса, “укахоним”, “самимий йигит”, “юрагида олови бор” дейдиган бўлишди. У ҳам бўш келмай мақташда давом этаверди. Унинг айтаётганлари, мақтовлари ёлғонлигини, ўзларини боплаб алдаётганлигини узоқ йиллардир мадҳиябозликка қарши бўлиб келганлар нафақат ҳазм қила бошладилар балки оч қолиб, кутиб турадиган бўлишди. Бу ҳам зеҳният жумбоғи.
Ёки бошқа бир мисол. Бир киши бошқаси ҳақида шунақа туҳмат ёздики, озгина ақли жойида бўлган одам буни дарҳол англаб ёки аниқлаб оларди. Шу боис ҳам кўпчилик ўша туҳмат ёзган одамнинг бетига ҳам, орқасидан ҳам тупурганди. Орадан йиллар ўтиб кетди. Туҳматга учраган одам катта сиёсатга кирганда кимдир ўша бир пайтлар ёзилган нарсани эслаб қолди. Одамлар ишондилар. Бу энди одамларнинг сиёсатга бўлган муносабатларидан келиб чиққан жумбоқ. Ёлғонга ишониш жумбоғи.
Энди ўзини ва бошқаларни алдаш ҳам бор. Бир “журналист”ни биламан. 15 йил олдин бир сиёсатчининг этагини тутган. Бу этак ифлослигини билади. Бу сиёсатчи ҳеч вақога ярамаслигини ҳам билади. Ҳатто бу сиёсатчи амалга келган тақдирда ҳам уни сариқ чақага олмаслигига ақли етади. Лекин ўжар! Ўзини ҳам, бошқаларни ҳам алдашда давом этмоқда. Бу энди асрий жумбоқ!
Бир куни Афандининг хотини:
-Дадаси доим ёлғон гапирасиз, сиз ҳам одам бўлиб бир марта рост гапирсангиз-чи!-дебди.
-Рост гап шуки, жуда хунуксан, маҳмаданасан, юзга чопарсан, хотин,- дебди Афанди.
Шу билан Афандининг оиласи барбод бўлган экан.
Қаранг, 15 йилдан бери Каримов халқнинг кўзига тик қараб уни алдайди ва ҳалига қадар бу халқнинг орасида унга ишонганлар бор. Каримовнинг ёлғон гапирганини билишади. Аммо ишонишади. Чунки инсон фитратида ёлғонхўрлик бор!
Ана шу ёлғонхўрликдан қутулган кунингиз ҳамманинг кўзига балога ўхшаб кўринасиз. Ҳамма сиздан нуқс қидиради, ҳамма сизни ёмонлайди. Лекин чўчиманг, шундай кун келадики ёлғонхўрларнинг қорни тўяди ва сизни тушунадилар. Биз ана ўша жуда олислардаги кунга умид қилиб яшашимиз зарур. Ҳа, бу кун жуда олис эмас, жуда яқин эканлигини эшитмоқчи эдингиз.Бу кун жуда яқин десам ёлғон бўларди-да!
Хуллас, ёлғон кесакдир! Лекин уни сариқ мой деб билиш, ёлғонхўрлик, яъни кесакхўрлик қилиш давом этар экан, ўртага, сиёсат майдонига кесак ташловчиларнинг кети узилмайди!
Каримов аросатда
12 Март, 2006 йил
САВОЛ:Каримовнинг ҳозирги президентлик муддати охиргиси деб ўйлар эдим. Эшитишимча суд мазкур муддатнинг биринчи экани ҳақида қарор эълон қилар экан. Шунга муносабатингиз? (Умид)
ЖАВОБ: Яқин яқинга қадар Каримов ўз ўрнига кимни қўйиш ҳақида ўйлаётган ва умрининг қолган қисмини ётган жойидан “маслаҳатчи”лик билан ўтказишни кўзлаётган эди.. Лекин бугунга келиб бу хаёлдан воз кечган кўринади.
Бунга Андижон воқеаларидан кейин унинг халқаро миқёсда жиноятчи деб тан олингани биринчи омилдир. У энди нима бўлса ҳам судланмаслик, Саддамга ўхшаб ўз мухолифлари қаршисида қора курсида ўтирмаслик, Пиночетга ўхшаб судма-суд судралмаслик, Милошевич каби камерада ўлиб қолмаслик ҳаракатига тушган.
Бугун Каримов роҳат-фароғатда яшаяпти деган гапга мен асло ишонмайман. У мушт ейишини билади, аммо бу мушт қаёқдан келишини билмайди. У одамга ўхшаб ухлай олмаяпти. Фақат дорининг кучи билан ухламоқда. Шунда ҳам кечалари “шиқ” этган товушдан уйғониб кетмоқда. Буни аниқ айтишга кейинги пайтда у киядиган кийимларига жуда эътибор қилаётгани, юзини, сочини, кўз остларини бўяётгани, информация жангига киришиб кетгани далилдир. Милошевич Халқаро суднинг ҳузурига худди шундай чиқишга урингани ҳақида кўп ёзишганди. Лекин ичидан зил кетгани кўзларидан маълум эди. Саддам ҳам асосан шунга диққат қилар экан. Каримов ҳам ичидан зил кетган. Бир кун уйқудан уйғонмай қолса, ҳеч ажабланадиган жойи бўлмайди.
Каримовнинг асл юзини кўриш учун Назарбоев келганда уни кузатинг. Чунки дам олиш, тиббий реабилитация, гармонлар ичиш бу пайтда бироз чекланган бўлади.
Ҳозир Каримовнинг ичида ғалаён бор. У нафақат бутун дунё билан балки ўзи билан ўзи ҳам жанг қилмоқда ва ўзини еб битирмоқда. Шунинг учун ҳам докторлар ёнидан ажралмай қолишган. У ухлаганда ҳам бошида навбат билан кузатиб ўтиришмоқда.
У жуда қўрқмоқда. Халқаро ташкилотларнинг қолган-қутганларини ҳам қувиши, мухолиф қарашдагиларни қўрқитиб, мамлакатдан чиқариб юбориши ёки қамоққа тиқиши ҳам ана шундан. Каримовнинг орқага йўли қолмади.
Бугун баъзилар у яна Ғарбга очилиши мумкин деган тахминни айтмоқдалар. Бу ўзини икки қўллаб судга топшириш эканлигини ким-ким Каримов тушуниб турибди ва энди у Ғарб йўлига бош суқмайди.
У Кремлдан келадиган телефонлардан ҳам чўчиб қолгани ҳақида маълумотлар бор. Шу боис тезроқ Кремлга ҳам мамлакатда осойишталикни сақлаш ва Москванинг остонасини ялашда ўзига тенг келадиган одам йўқлигини кўрсатиб қўйиш билан банд.
Каримовнинг топшириғи билан Адлия вазири Бўритош Мустафоев ва Олий Мажлис раиси Эркин Халилов Конституцияга ўзгартиришлар, Сайлов ҳақида янги қонун лойиҳасини тайёрлаб Президент девонига берган. Девонда баъзи тузатишлар қилиниб, Каримовнинг столига қўйилган. У мазкур ҳужжатларни қонунга айлантиришдан олдин, мавжуд қонунларни шарҳлашни Конституциявий судга топширган. Сиз шу ҳақда эшитган бўлишингиз мумкин.
У ҳозир дунёнинг қаерида бўлмасин ўзига қарши бир сатр ёзилган танқидга ҳам зарба беришдек советона тактикани ишга солмоқда. Бунинг учун 700 атрофида янги вебсайтлар очишни буюрган. Бу сайтларнинг рус тилидагиларини бошқаришни Гулнорага топширган. Ўзбек тилидагиларини назорат этиш эса матбуот котиби Дилшод Нуруллаевга юкланган. Бу иш конвейер тусини олгандан кейин Каримов сайлов ҳақидаги ура-ураларни бошламоқчи ва шу зайл хориждан келадиган танқидлар халққа етиб бормаслиги, борганда ҳам қайси тўғри ва қайси нотўғри эканлигини тушуниб ололмайдиган вазият қилмоқчи.
У шунингдек, МХХга “конструктив” мухолифларга ичкаридаги ахлатни ташқарига чиқармаслик, аксинча заррача бўлсада ютуқларни ташқарига ёйиш шарти билан инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тузиб беришни, керак бўлса ҳаракат ва партия ҳам очиб беришни ваъда қилишни буюрган. У “одамларга йўл топларинг” деган, Масалан, “Биз ҳам мухолифатни истаймиз. Бизнинг ҳам қариндошларимиз яхши яшашни исташади, лекин ҳукуматга қарши чиқмайдиган мухолифатни истаймиз, келажакда ҳукуматга келсаларинг биз сизларга ишлаймиз” деб айтларинг қабилида гаплар қилган.
У яқинда Оқсаройда ўтказган кичик йиғилишда матбуот котибига қараб “ Улар бизга қарши миш-мишлар. латифалар тарқатишмоқда, сенлар нега қараб турибсанлар” деган. Шу боис энди Каримовнинг вебсайтлари жуда “қизиқарли” бўлиб қоладиганга ўхшайди.
Каримов айни пайтда Интернетни ўзи ҳақида яхши гаплар билан ҳам тўлдириб ташламоқчи. Лекин бир кун келиб битта тугмани босиш билан ҳаммаси йўқолиб кетишини у тасаввур қила олмаяпти ёки маслаҳатчилар буни унга тушунтирмаганлар. Акс тақдирда бу ишга жуда катта маблағни йўналтирмаган бўларди. Ёки уни алдаб пул суғуришмоқда.
Агар Каримов ўзидан кейин бировни тайинласа у одам тошбўрон бўлиши аниқ. Чунки мамлакатнинг иқтисодий вазияти шунга келиб қолди. Шунинг учун Каримов ўзи пиширган ошни ўзи ейиши яхшироқ. У ўзини яна бир мартага президент этиб “тайинлаши” гарчи уни суддан, камерадан қутқарсада халқ нафратидан қутқара олмайди. У халқ нафратининг кучли таъсири остида бўлади ва шармандали якун топади.
Ҳатто унинг даврида, унинг идеологияси остида улғайган ёшларнинг ҳам аксарияти бугун Каримовга ишонмайдилар. Агар у яна ўзини кейинги муддатга “тайинлайдиган” бўлса, айнан шу ёшларнинг кучли зарбасига йўлиқади.
Хуллас, Каримов бугун икки ўт орасида. Униси ҳам, буниси ҳам унинг учун дўзах. Демак у аросатда. Аросатда эса узоқ туриб бўлмаслиги аниқ масала.
П.С.Ушбуни ёзиб тугатганимда, Эркин Халиловнинг оиласига яқин манбадан мактуб олдим. Унинг айтишича, илгарилари Халилов ва Мирзиёев Каримовга “Бутун халқ сизни истамоқда ва бунга йўқ дея олмайсиз” деб хушомад қилишган бўлишса энди эса Каримов бу гапни кутиб ҳам ўтирмасдан уларга ўзи топшириқ бераётганмиш.
Чориевлар нега очлик бошлашди?
13 Март, 2006 йил
САВОЛ: Баҳодир Чориев ўз оила аъзолари билан очлик элон қилиши масаласига тўхталиб ўтсам. Тасаввур қилинг: Л. Брежнев раҳбарлик қилган 1970-1980-йиллар. КГБ ўзгача фикрловчиларни тазйиқ қилиб қамоқларга ва психиатрик касалхоналарга тиқаётган, диссидентлар чет элларга кетишга мажбур бўлган, ҳатто ёзувчи А. Солженицин ёзган китоби учун қамоққа олиниб, сўнгра ноилож чет элга чиқариб юборилган (у 1975 йилда халқаро Нобел мукофоти совриндори бўлганди), академик А. Сахаров Горкий шаҳрига 1980 йил бошида сургун қилинган вазиятни тасаввур этинг. Шундай бир пайтда ўзини демократлар деб юрган фуқароларнинг бир гуруҳи Вашингтон шаҳрида очлик эълон қилиб, КГБни ҳимоя қилиб, “КГБ кадрлари яхши ишлаяпти, фақат Л.Брежнев ёмон, ҳаммасига фақат у айбдор” деб плакатлар билан чиқишса қандай бўларди? (Шуҳрат).
ЖАВОБ: Маълумки, АҚШда яшаётган Баҳодир Чориев Ўзбекистон “Бирдамлик” ҳаракатининг раиси сифатида 2006 йилнинг 13 Март кунидан бошлаб АҚШ Конгресси ёнида очлик қилишини маълум этганди. У бу ҳақда нафақат АҚШ ҳукуматини, балки кенг жамоатчиликни ҳам хабардор этганди. Кимдир уни қўллаши, кимдир унга қарши чиқиши мумкин. Бу табиий ҳол.
Биринчидан, норозилигини турли йўллар билан ифодалаш бу ҳар бир фуқаронинг ўзига оид, унинг ҳуқуқи. Ҳеч ким бу ҳуқуқни ундан тортиб ололмайди.
Иккинчидан, Демократик Ўзбекистон Конгресси ўз Низомига кўра ҳаракат қиладиган ташкилот. Шу боис биз Баҳодир Чориевнинг демократик ҳаракатини фақат маънан қўллашимиз ёки қўлламаслигимиз мумкин. Бошқача айтганда бу ДЎК аъзоларининг шахсий ишлари. Истасалар қўллайдилар ва истамасалар қарши чиқадилар.
Энди Шуҳратнинг саволига келсак, бу савол менимча, масала моҳиятига чуқурроқ кириб борилмаганидан пайдо бўлган. Бу ҳам табиий. Чунки Баҳодир Чориевнинг талаблари жиддий ва амалга ошгудек бўлса, жумладан Шуҳратнинг ўзига ҳам, минглаб мухолифат вакилларига ҳам, Каримов зулмидан эзилиб ўтирганларга ҳам зарар эмас, фойда.
Агар демократик шароитда демократияни топтаётганлар бўлмаса у нега энди ўз мақсадига очлик туфайли эришмоқчи. Нимадир уни шунга мажбур қилган бўлса керак? Ўзбекистонда одамларни пикетга нима ундаган бўлса, Баҳодир Чориевни ҳам бу йўлга бош уришга мажбур қилган омил бўлиши керак. Шу боис дарҳол хулоса қилмасдан, мушоҳада қилиб кўриш лозим.
Баҳодир Чориев эълон қилган мактубларига кўра уч иккита муҳим масалани ўртага қўймоқда.
Биринчиси, “Озодлик” радиосининг Ўзбек бўлимида цензура ўрнатилмаслиги;
Иккинчиси, “Озодлик” радиосида демократия учун курашнинг зўравонликсиз усулига доимий ўрин ажратиш ва бу минбар мухолифатнинг барча аъзоларига бирдек бўлиши;
Учинчиси, радиода мухолифатнинг барча қанотларига айни шаклда ўрин ажратилиши ва радионинг демократик йўлни инкор этмаслиги.
У мазкур масалада радио раҳбариятига мурожаат қилганидан хабаримиз бор. Ҳатто АҚШ ҳукумати раҳбарларига ҳам хат ёзганди. Бу хат www.birdamlik.info сайтида ҳам турибди. Демак, унинг талабига ё қулоқ солишмаган, ёки тўраларча муносабат бу масалада ҳам иш берган.
Энди шахсан менинг фикримга келадиган бўлсак, мен Баҳодирнинг талаблари ҳақли деб ҳисоблайман. “Озодлик” радиосининг ўзбек бўлими цензурадан холи этилиши ва том маънода демократия минбари бўлиши керак. У ерда ишлаётганлар уларнинг ҳақ олишлари учун солиқ тўлаётган тингловчининг талабларини рад этган эканлар бу КГБнинг ҳам, Брежневнинг ҳам усулидан бешбаттар йўлдир. Радиодагилар ҳар қанча яхши ишлар қилмасинлар Чориев каби бир тингловчининг талабларини инкор этиш билан меҳнатларини лойқа сувга оқизиб юборадилар. Сўз эркинлигидек муқаддас тушунчани топтаган бўладилар. АҚШда яшаётган ҳар бир ўзбек Баҳодир Чориев каби фаоллик билан ўз муносабатини билдириб турсагина “Озодлик” озодликка хизмат қилади, сўз эркинлигини топтамайди, акс тақдирда Каримовнинг орқа томорқасидан фарқи қолмайди.
“Озодлик” ўзига берилган ишончни оқлаётгани ва барча имкониятларни ишга солаётгани йўқ. 2005 йилнинг дастлабки давридаги “Озодлик”дан бугун ном-нишон ҳам қолмади. Бу фақат менинг фикрим эмас. www.uzbekkongress.org сайтидаги муҳокамаларда ҳам, Ўзбекистонда ўтказилган мониторингларда ҳам шу гап айтилмоқда. Ҳатто ҳар куни радиода чиқиб турганлар ҳам бизнинг мониторингларда шу фикрни айтмоқдалар. Демак, ўйлаб кўрадиган гап бор!
П.С. Баъзиларга кўра Баҳодир Чориевнинг бу акцияси ортида ДЎК ташкилоти бор эмиш. Бу асоссиз гап. Баҳодирнинг ДЎКнинг Тошкент бўлими раҳбари Шуҳрат Аҳмаджоновга ёзган ва нусхаси менга ҳам етиб келган мана бу хати шундан далолат.
”Ассалому алайкум Шуҳрат ака, Қалайсиз, сиҳат-саломат юрибсизми? Мен Очлик эълон қилиб ДЎК номидан эмас, Бирдамлик Ҳаракатининг номидан чиқаяпман. Бу чиқишимни Жаҳонгир Маматовга ҳам ҳеч қанақанги боғлиқ томони йўқ. Билмадим қанчалик ҳабардорсиз, биз Бирдамлик Ҳаракати аъзолари 2005 йил ноябр ойида www.birdamlik.info сайтини яратдик ва уни ривожлантириш устида доим ишлаб келмоқдамиз. 2006 йил январ ойидан бу сайтни оммага эълон қилдик. Сайтни асосий мақсади Зўравонликсиз Ҳаракатлари ҳақида маълумот бериш ва истовчиларни биз билан бирга режимга қарши курашга чорлаш.
Мен Озодлик радиоси журналистларига, раҳбариятига бир неча бор сайт ҳақида интервью бермоқчи эканлигимни илтимос қилиб айтдим. Улар менга, Сиз Ўзбекистонда ҳалқни кўтармоқчисиз. Биз бундай интервьюни беролмаймиз деб бир неча бор рад жавобини берди. Қолаверса радиони сиёсати сиз бермоқчи бўлган мақолаларга тўғри келмайди дейишди. Радиони сиёсатини Америка президенти Ж. Буш ва АҚШ конгресси ҳал қилади деб менга узил кесил рад жавобини беришдилар. Шу жавобдан кейин мен уларга , мени сўз эркинлигимни бўғмасликларини ва менга ўҳшаган муҳолифат вакилларига нисбатан цензурани олишни айтиб бир ой муддат бердим, акс ҳолда раҳбариятни истеъфоси ва Бирдамлик Ҳаракатига нисбатан цензурани йўқотиш учун Конгресс олдида оилам билан очлик эълон қилишимни билдирдим.
Шуҳрат ака сиз Тошкентда ўтқизган цензорни энди мен бошимдан ўтқизяпман. Бу нарсага индамай ўтирмоқчи эмасман. Сизга ҳурмат билан, Боҳодир Чориев”.
Ўзбекистон нега АҚШнинг деспотик режимлар рўйхатига кирмади,
Ўзбекистонга НАВРЎЗ келадими?
19 Март, 2006 йил
САВОЛ: Мана АҚШ янги Миллий Хавфсизлик стратегиясини эълон қилди, унда Ўзбекистон деспотик режимлар рўйхатига кирмай қолди, шуни изоҳлаб бероласизми?(Қаҳрамон).
ЖАВОБ: АҚШнинг Миллий Хавфсизлик стратегияси белгиланган ҳужжатда 7та мамлакат золим, зулмкор, яъни сиз таъкидлагандек деспотик деб айтилган. Булар Шимолий Корея, Эрон, Сурия, Куба, Белоруссия, Бирма ва Зимбабве..
Ўзбекистондаги режим уларнинг баъзиларидан ҳам золимроқ. Масалан, Бирмада демократик мухолифатнинг лидери Аунг Сан Су Чи фақат уй қамоғига ҳукм қилинган. Тўғри Бирмада ҳам аҳвол ёмон. Лекин Ўзбекистондаги вазият ундан ҳам ёмон. Шунга қарамасдан нега Бирма рўйхатга кирди-ю Ўзбекистон киритилмади?
Бу саволга америкалик сиёсатчилар ҳужжатнинг “АҚШ дунёда зулмни бартараф этиш учун жаҳоннинг барча мамлакатларида ва жамиятларида демократик ҳаракатларни қидириб топади ва қўллаб қувватлайди” деган сатрларини рўкач қилишади. Лекин ҳақиқий жавобни топишни бизнинг ўзимга қолдиришади.
Ҳали бу ҳужжат эълон қилинмасдан олдин,(16-2-2006) Давлат департаментининг вакили Ричард Баучер Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси лавозимига тасдиқдан ўтар экан, Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитасида сўзлаган нутқида, Ўзбекистон ва Туркманистонга шама қилиб, бирор бир раҳбарни ёки ҳукуматни четлатиш учун махсус кампания юритмаймиз деди. Бу дипломатик гап эди дейишингиз мумкин. Аммо бу АҚШ ҳукумати демократияни ўрнатиш учун таҳликали режимларни ағдаришга нафақат кампания юритиш балки нуктабон отув шаклида қурол қўллаши мумкинлигини айтиб турган бир пайтда янгради.
Ортидан эса эълон қилинган рўйхатда Ўзбекистон кўринмади ва Марказий Осиёда демократияни ёйиш учун фаолият давом этади дейилди, холос. Бу қўшимча маблағлар ажратилади ва нималардир қилинади ва ҳоказо дегани. Аммо Каримовнинг “пешонасидан дарча очиб қўйиш” яқин режада йўқ
Нега? Бу саволни “Голос Америка” ўтказган бир соатлик баҳсда ҳам мутахассислар билан тортишдик. Шу кунларда учрашганларим-жуда кўп таниқли сиёсатчилар ва мутахассисларга ҳам шу саволни бердим. Уларнинг айтганлари шу:
Биринчиси, худди ўтган 15 йил давомида бўлганидек, Андижон воқеалари арафасида ва ундан кейин ҳам Ўзбек демократик мухолифати фақатгина бирлаша олмаслик қобилиятига эга эканлигини кўрсатди. Партиялар, ҳаракатлар шаклида эмас, демократияни ўрнатиш учун умумий бир платформага ҳам кела олмаслиги ва фақат тарқоқликни ихтиёр этишини исботлади. Бу эса АҚШ ва Ғарб давлатларининг Каримов режимининг ўрнига келадиган демократик сиёсий алтернатив куч йўқ деган хулосаларини янада кучлантирди.
Иккинчиси, хўш Каримовни ағдардик, кейин нима бўлади? Кейин Ироқдаги каби ёки Фаластиндаги сингари вазият пайдо бўладими? Саддамни нега ағдармайсиз дея жар солганлар каби бизга қарши қурол оладиларми? Ёки Ўзбекистон амирли ва хонликларга бўлиниб кетадими? Бу каби саволларга ҳам аниқ жавоб бера оладиган куч бўлмади. Американи алдайман деганлар ўзлари алданиб қолаверадилар. Қуруқ гап билан олма тераман дейиш жиннихона фалсафаси эканлиги унутилди. Бугун қуруқ гапга эмас, амалий ҳаракатга қараладиган кун.
Учинчиси, 15 йилдир мамлакатдан узилиб қолган ҳолда қўлда аниқ режа бўлмаслиги, мамлакат ичида тарафдор бўлган 20 киши 21 га айланмагани, радикал кучларни Каримов яратди дейиш билан чекланиш ва ҳатто уларга хайриҳохлик билдириш билан демократия қуриб бўлмайди. Каримов яратдими, Иван яратдими, энди фарқи йўқ, улар бор ва демократик мухолифат ҳалига қадар уларга нисбатан ўз позицияни очиқ белгилаган эмас. Ташқаридаги мухолифат ичкарига қайтишни астойдил истамайди, статусидан рози, ичкаридаги мухолифат ташқарига кетишни истайди, статусидан ҳали рози эмас. Ана шундай бир стереотип пайдо бўлган ва буни бузишга уриниб ҳам кўрилмади.
Ана шу уч омил Ўзбекистонни деспотик режимлар рўйхатидан пастга туширди. Бунга қўшилмасдан илож йўқ Ҳаммаси ҳақ гап. Тан олиш керак!
Бирма ҳақида гапирдик. У ерда демократик мухолифатнинг лидери аёл бўлса ҳам ҳали қамалиб, ҳали уй қамоғига ҳукм этилиб, лекин мамлакатда турибди. У кўчага чиқса миллионлаб одамлар бир зумда унга эргашадилар. Бутун дунё буни кўриб, билиб турибди.
Демак, у ердаги режимни ағдаришса ўрнига ким келишини билишади. Бизда эса мухолифатга қўл силтаб, ҳатто ҳукумат доирасидан Содиқ Сафоевни танлашса у бир зумда Ғарбга тупуриб Руснинг оёғини ялашга қўшилди. “Қарта”ни Рустам Азимовга қўйишса у маҳаллийчилик ботқоғига ботиб, ҳокимиятни яқинларига бўлиб беришни режалади. Балки Қодир Ғуломов масъулиятни бўйнига олиб, диктаторга “кет” деб айтар деб ўйлашса у сичқоннинг инига кириб кетишни афзалроқ билди ва ҳоказо. Хўш, мухолифати ундай, ҳукумати бундай экан, Америка ва Ғарб нима қилсин?
Умидлар битдими? Аксинча бир эшик ёпилганда минг эшик очилади. Умид ўлган кун умид туғилади. Фақат эшик нега ёпилди, умид нега ўлди деган саволларнинг жавобини билсакгина эшик яна ёпилмаслиги, умид яна ўлмаслиги учун нимадир қилиш мумкин.
АҚШда Каримов режимига нисбатан икки қарашдаги кучлар бор. Бирлари бу режим Каримовдан кейин келадиган одам даврида ўзгаради деб “қарта”ни ўша пайтга қўйишади. Мен ҳам шу қарашдаман. Яна бирлари муросага ўрин йўқ, Каримовни жазолаш керак дейишади. Бунга ҳам қўшиламан, лекин бу гаплигича қолади.
Ҳар икки томон ҳам кучли ва ҳар икки томон ҳам негизда Каримовга қарши. Шундай экан, бу омил Вашингтоннинг Россияга босим ўтказишига замин яратмоқда. Россия яқин келажакда кучли босим остида қолади. Айниқса Белоруссия масаласида.Москвага Белоруссия Ўзбекистондан ҳам муҳимроқ. Россия Вашингтонга “ҳақ” бериш учун Каримовни сотиши мумкин. Бу “қарта”ни ўйинга солишни истаганлар анчагина. Яъни Каримовга ўз ўрнига ўзи бир одамни тайинлашига замин яратиш ва кейин бу режимнинг жанозасини ўқиш.
Иккинчи томондагилар эса, (жумладан ноҳукумат ташкилотлар-ЖМ) тарқоқ ва барбод ҳолдаги демократик мухолифатни битта платформада бирлаштириш учун уларнинг бошини “яшил қозиқ”қа боғлаш керак деган қарашда. Бунинг ҳам тарафдорлари ва қаршилари бор. Қаршилар 15 йилдан бери “яшил қозиқ”қа боғланганлар нима қилиб бердилар, уларнинг ўзлари ҳам кичкина каримовчаларга айландилар, демократияни оёқ ости этдилар дейишса, тарафдорлар эса “бори шу, улар билан ош-қатиқ бўлмасак, ўзимиз ҳам очдан ўламиз” қабилида иш тутадилар. Демак, булардан умид йўқ. Бугунга қадар яшадилар ва бундан кейин ҳам яшайверадилар. Униси бунисини алдайди ва ўзини қониқтиради, буниси унисини алдаб ўзини ҳам алдайди. Ҳаммаси билиб туради ва ҳаммаси рози.
Демак, Ўзбекистоннинг келажагини ҳал қиладиган нарса, буни олдин ҳам айтган эдик ва бутун фаолиятимизни шунга қурганмиз, ташқарида эмас, ичкарида. Ичкарида эса шундай куч ва потенциал бор, бу-ёшлар! Қўлимиздан келса, кимнинг қўлидан нима иш келса, ичкарига йўналиши керак. Табиийки, агар буни чин дилдан истаса. Истамаса, ҳеч нарса дея олмайсиз. Агар ташқаридагилар шундай қилмасалар ичкаридан узилган оёқлари ичкарини қайтиб кўра олмаслигига кафолат бериш мумкин.
Ҳеч бўлмаганда биз мана бу хатоларни қилдик ва сизлар ҳам шу йўлни такрорламанглар дея ибрат бўлиш ҳам уларга ёрдам.
Каримовнинг кетиши аниқ ва у шармандали якун топади. Фақат бу янги кунни, бу Наврўзни яқинлаштириш ёки узоқлаштириш сиз ва бизга боғлиқ. Табиийки Наврўзни истасак! Ўзбекистонда Наврўзни, янги кунни истайсизми? Бу саволни ўзингизга беринг. Жавобдан қўрқиб кетган бўлсангиз, ҳечқиси йўқ, турмуш икир-чикирлари билан югуриб юраверинг, бу режим сизга мос, агар чўчимаган бўлсангиз, қўлингиздан нима кела олишини чамаланг ва дилдаги кураш вулқонини ишга солинг, янги кун – НАВРЎЗга қучоқ очинг!
Сизни ана шу НАВРЎЗ билан қутлаш умиди мени тарк этган эмас, чунки у сизнинг дилингизда чучмома очаётганини сезиб турибман!
Андижонда “президент гвардияси” қатлиом ўтқазган
22 Март, 2006 йил
САВОЛ: Ҳали кўп бўлган эмас, Андижонда тожикистонлик полковник Худойбердиевнинг аскарлари аҳолини қирган дейишганди, энди бу иш учун чеченлар олиб келингани ҳақида ёзишмоқда, шуни қандай шарҳлайсиз? (Обид).
ЖАВОБ: Маълумки, ҳар қандай нарсанинг икки томони бор. Ёдингизда бўлса, “Ҳақназаров” номи билан ёзилган туркум мақолалар чиққанда бу Каримовнинг тегирмонига сув қуйишини айтгандим. Охир оқибатда шундай бўлиб чиқди.
Энди Каримов сал бошқачароқ ўйин топди. Маълумки, у “Бизга информацион уруш эълон қилинган” деган гапни зўр бериб айтмоқда ва буни сиёсатининг асосий заминига айлантирди. Шундай экан, Ғарб матбуотида ёзилаётганларни ўқиган ўзбек “Бунинг нимаси уруш, бор гапни ёзибди-ку, отасига балли” дейиши мумкин. Каримов буни тушунмайдиган даражада ахмоқ эмас. Табиийки, бунинг олдини олишни ўйлайди.
Унга шундай ёлғон материаллар зарур-ки, эшитган ва ўқиган одам “Э, ёлғон ҳам эви билан-да, Каримовнинг айтгани рост шекилли, булар бизга уруш очганга ўхшайди” десин. Маҳмуд Худойбердиев аскарлари Андижонга киритилгани ҳақидаги маълумотлар МДҲдаги қайси бир разведка идорасидан чиққани айтилганди. Балки ўша разведка идораси каримовчилар билан ҳамкорлик қилган бўлса-чи? Ахир разведка идорасига ишониб бўладими, улар ҳаммани қўлланишни истайдилар. Нима бўлганда ҳам ўша хабарга ким ишонди ва ким ишонмади. Баъзилар бўлса бордур, деб қўйишди. Шу боис энди “чеченлар қартаси” ўртага чиқди. Эътибор қилаяпсизми, ҳар икки хабар ҳам мухолиф жабҳа орқали ёйилмоқда. Бу информацион урушни ташкил қилишнинг янги методи бўлиб чиқмасин, тағин?!
Нега бундай деб ўйлаяпман. Чунки Каримов биринчидан, Худойбердиев ёки чеченларни бошлаб келадиган даражада содда эмас. У Паркент воқеаларида оғзини куйдирган. Шундан бери сутини пуфлаб ичади. Ўшанда Шаталин армиясидан ёрдам сўрагани магнит лентасидаги ёзувлари билан бирга Паркент комиссияси қўлига тушган ва бошини анча оғритганди. У энди бундай ишларни ташқарига ёйишни истамайди. Иккинчидан, Андижон каби бир неча жойни бостириб, қонини дарё қилиш учун у 15 йилдан бери тайёгарлигини кўрган.
1990 йилларнинг бошидаёқ турли спорт тўгараклари, диний гуруҳларнинг каратэ масканлари, қамоқхоналар, рус тилида гаплашувчилар орасидан тўпланган “жанговар ёшлар” ҳисобига яширин батальонлар тузганди. Дастлаб Самарқанд, Наманган, Тошкент шаҳарлари атрофида тузилган бундай батальонлар кейин бошқа жойларда ҳам ташкил этилди. Улар “Президент гвардияси” ниқоби остидадир. Уларга энг замонавий техника ва қурол-яроғлар берилган, таъминоти ҳам ёмон эмас. Қўл остида айтганини зиёди билан бажарадиган каллакесарлар турганда у қандайдир Худойбердиев ёки чеченларга тобе бўлиб қолишни ва бир кун бу дунёга достон бўлишини инобатга олмаганда бугунга қадар Оқсаройда ўтирмасди. У керак бўлса Шайтонга дарс беради!
Душманини билмаган қўшин мағлубиятга маҳкумдир. Каримовни танимаслик ҳам унинг умрини узайтирмоқда. Бугун у информацион урушни ўзига ўзи очди. Бир томондан ёлғон хабарни тарқатиб, иккинчи томондан унга зарба беришга уринмоқда. Шу йўл билан халқнинг нафратини босмоқчи. Лекин қачонгача? Битмайдиган ўйин, синмайдиган бўйин борми?
Каримовнинг золимона, абадий подшолик орзуси
23 Март, 2006 йил
САВОЛ: Ислом Каримов Ғарб демократияси бизга тўғри келмайди деди, буни қандай тушунмоқ керак? (Олим).
ЖАВОБ: Бу Каримовнинг демократия нима эканлигини билмаслигидан эмас, демократияни жуда яхши билганлигидан келиб чиққан гаплардир. Демократия халқ бошқаруви демак. Халқ қандай яшашни эса ўзи танлаши керак. Қандайдир Каримов эмас!
Агар Ўзбекистонда халқ бошқарувига ўтилса, биринчи галда Каримов ва унинг оиласи жиноятга тортилади. У буни яхши билади ва худди мана шунинг учун ҳам демократияга қарши. У ўлгунига қадар тахтда ўтирадиган золимона, абадий подшолик орзусида. Унинг баёнотини ана шундай тушунмоқ лозим. Аммо ҳамманинг ҳам орзуси амалга ошиб кетаверганда бугун дунё бошқача бўлар эди.
Унинг гапларига қаранг: “Сизлардаги демократия модели бизга мутлақо тўғри келмайди. Сизнинг моделингиз, қадриятларингиз аҳолисининг саксон беш фойизини мусулмонлар ташкил қилган Ўзбекистонда яшаётганимиз учун бизга мутлақо тўғри келмайди. Бу одамлар Ислом динига эътиқод қилган одамлар”.
Бу гаплар мунофиқликдан далолат. У энди Исломни қўлланмоқчи ва бугунга қадар Исломга қарши бўлган Ислом энди Ислом томонига ўтиб ўйин кўрсатмоқчи. Балки ҳали “намоз ўқимоқдаман” деб ҳам даъво қилиб қолиши мумкин. Ёки хотини ва қизларининг бошини ўратиб ҳам қўйиши ҳеч гап эмас. Табиийки, тахтни сақлаб қолиш учун шу нарса керак бўлиб қолса, у дарҳол амалга оширади.
Ислом дини, маданияти, қадриятининг қаерида борки, бир шайтони лайн ҳокимиятни босиб олиб, умрининг охирига қадар ундан воз кечмасин! Ёки халқни ўққа тутган, халқни хонавайрон қилган, халқни талаган бир одам унинг номидан хулоса қилишга ҳақли деб Исломнинг қаерида битилган? Каримов бу баёноти билан нафақат бутун бошли бир халқни балки Исломни ҳам халққа душман дея ҳақорат қилди.
Ҳа, Каримов демократияни истамайди. Бугунга қадар ҳам истамаган ва бундан кейин ҳам истамайди. Демак, у демократияга, халқ бошқарувига қарши. Бу эса халққа душмандир дегани.
Шунақа, шўрлик Ўзбекнинг куни душманига қолган!
АҚШда қамалган Ўзбекистонлик
икки демократнинг тақдири
24 Март, 2006 йил
САВОЛ: Бундан бир неча ой олдин Демократик Ўзбекистон Конгресси АҚШда қамоққа тушган Олимжон Тошниёзов ва Худойқул Ҳафизовларга сиёсий бошпана бериш талаби билан чиққан эди. Бу одамларнинг тақдири нима бўлди?(Насим).
ЖАВОБ: Дарҳақиқат, ўтган йилнинг Ноябр ойида Ўзбекистон Демократик Конгресси Олимжон Тошниёзов ва Худойқул Ҳафизовни Ўзбекистонга қайтармасликни сўраб АҚШ маъмурий идораларига, уларнинг ишини кўриб чиқаётган маҳкамаларга мурожаат этганди. ДЎК АҚШнинг (Вашингтон Cоунти Жаил, Стиллватер, МН 55082) қамоқхонасида ушлаб турилган ўзбекистонлик икки демократни ватанларига депортация қилиш хато бўлишини урғулаган эди. Бу ҳужжатда БМТ томонидан систематик қийноқлар ўлкаси деб тан олинган, Авропа Иттифоқи тарафидан санкциялар қўйилган ва АҚШ демократия учун берадиган ёрдамларини кесиб қўйган – диктатура режими ҳукмрон бўлган Ўзбекистонда уларни жуда оғир кунлар қарши олиши таъкидланган эди.
Маълумки, Демократик Ўзбекистон Конгрессига биринчилар қаторида аъзо бўлган Олимжон Тошниёзов(тахаллуси Ойдин Динаров) ва Худойқул Ҳафизов(тахаллуси Милат Жумаев) Интернет саҳифаларида эълон қилган кўплаб демократик руҳдаги мақолаларида диктатура режимига қарши фикрларини очиқ айтгандилар ва демократия манфаатларини қаттиқ ҳимоя этгандилар. Бу эса диктатура режими учун уларга нисбатан аёвсиз қийноқ қўллашга асос бўлиши ҳаммага аён ҳақиқатдир.
Гап шундаки, улар ўзлари бирга яшаган бир рус кишининг туҳматга таянган кўрсатмасига биноан терроризмда айбланиб қамоққа олинган эдилар. Дастлабки судларда улардан ана шу айб олиб ташланди, аммо уларнинг иммиграция қоидаларини бузганликлари иккинчи айб сифатида турди. Яъни ишлари жиноят судидан муҳожират маҳкамасига ўтди.
Улар АҚШга келганларида ишлаш учун олган ҳужжатлари сохта бўлиб чиққан. Яъни бу ҳужжатларни ҳақиқий деб берганларнинг алдов тузоғига тушганлар. Бу масалада суд уларнинг ишларини айри-айри кўриб чиқишга олди. Жумладан Худойқул Ҳафизовнинг қамоқда ётган муддатлари жазо сифатида кўрилиб у бундан бир ҳафта олдин озодликка чиқди. Худойқул қамоқда бўлган даврда жуда кўп қонунларни ўргангани ва бу мамлакатга келаётган муҳожирлар ҳам ўзи каби ноқулай шароитларга тушмасликлари учун шу жабҳада ўқиш ва фаолият кўрсатиш ниятида.
Олимжон Тошниёзовнинг муҳожират суди эса давом этмоқда ва 28 март куни суд қарор бериши кутилмоқда.
Ҳар икки демократ ҳамюртларимиз рус тилида жуда яхши ёзадилар ва воқеликни чуқур таҳлил қила оладилар. Уларнинг илгари чоп этилган баъзи мақолаларини қуйидаги адресда ўқишингиз мумкин.
http://www.jahongir.org/russian/milat_7905_astana.html
http://www.jahongir.org/russian/andijon_milat.html
http://www.jahongir.org/russian/milat_ikki.html
http://www.jahongir.org/russian/milat_62805.html
Тангрининг мўъжизаси
27 Март, 2006 йил
САВОЛ: Сиз мухолифатчиларнинг бурнингиз қонаса ҳам ҳукуматдан кўрасизлар. Эшитишимча сиз аварияга учрабсиз, биттаси машинаси билан уриб қочиб кетганмиш, нега шов-шув қилмадингиз? (Темур).
ЖАВОБ: Чунки бурнимиз қонаган эмас-да! Агар бурнимиз қонаганда балки сиз айтган каби шов-шув қилардик. Бу жавобнинг ҳазил қисми.
Энди жиддий қисмига келсак, бу воқеанинг ўзи ҳам мухолифатчилар ҳамма нарсани ҳам ҳукуматдан кўрмасликларига бир мисол. Шахсан менга келадиган бўлсак, қўлимда бир далил бўлмаса ҳукуматни ёки бирор шахсни айблаш одатим йўқ. Бугунга қадар ёзган танқидларимнинг ҳаммасини фақат далилларга суянган ҳолда ёзганман. Гумондан узоқ турганман.
Энди аварияга қайтсак… Дарҳақиқат, эшитганингиз каби шу йилнинг 22 Март, Чоршанба куни кеч соат 18.52 да битта шоҳ йўлдан иккинчи ҳалқа йўлга ўтадиган жойда орқадан келаётган бир машина бизнинг машинани уриб юбориши натижасида аварияга учрадик. Машинамиз айланиб, баллонлари йўл четидаги бетон тўсиққа урилиб, портлаб кетиши оқибатида машина осмонга кўтарилиб кетиб, йўл ёқасидаги дарахтзорга тушди ва қаршидаги дарахтга кучли урилиши натижасида тўхтаб қолди. Бу бир сонияда юз берди ва худди туш каби бир ҳол… Умр йўлдошим билан бирга эдик.
Қилган ва қилаётган баъзи ишларимиз Тангрига хуш келган эканми бир жойимизга зарра қадар ҳам зиён етмади. Аммо машинани кўрганлар ёқаларини ушлаб қолишди. Чунки машина пачоқ-мачоққа айланган эди. Ундан соғ чиқиш фақат мўъжиза эди. Бу эса Тангрининг мўъжизаси. Шукур унга.
Машиналаримиз тўла суғурта қилингани учун, дарҳол, миниб туришга янги бир машина беришди. Уриб қочиб кетган одам қидирилмоқда. Бу энди полиция ва суғурта идорасининг иши. Текширув натижалари бўйича бизни ҳам хабардор қилиб туришибди. Табиийки, сиз айтган каби шов-шув кўтарса бўладиган воқеа эди. Ҳатто дўстларимиздан баъзилари ҳали ҳам бу иш ортида сир бор, бу профессионал томонидан амалга оширилган бўлиши мумкин, айни шу кунлари мазкур минтақада уйғурларнинг лидери Робия Қодирнинг машинасини ҳам уриб кетишганини айтди. Лекин бу тасодифий ҳол деб биламан.
Имкониятдан фойдаланиб шу кунлари мендан аҳвол сўраб турган барча дўстларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Хусусан, бошқа штатда яшаса-да бир кунда етиб келадиган почта орқали Ўзбек мумтоз қўшиқлари ёзилган диск-CДни юбориб, “Буни тинглаб, роҳат қилинг” деган укамиз Бобур Исаев, ҳар куни телефон қилиб турган Баҳодир Чориев ҳамда Зокир Али, Жамшид Очилов, Турсунпўлот Назаров, Илҳомжон Исоқов, Худойқул Ҳафизов, Нуриддин Усмонов, Мустафо Саид ва бошқаларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Чунки бундай кезда Ватандан олисда бир калима таскинли сўзнинг қиммати жуда баланддир.
Дарҳақиқат, Тангри бизга ўз мўъжизаларини кўрсатиб туради. Баъзан бизни бало-қазолардан огоҳ этади, баъзан эса бало-қазолардан қўриқлайди, асрайди, қутқаради… Биз гоҳида сезамиз, гоҳида йўқ. Аммо озгина диққатли бўлсак буни нафақат сезишимиз, балки кўришимиз ҳам мумкин.
Умид қиламанки, йирик ҳалокатга дуч келган Ўзбекистон осмонида ҳам Тангрининг мўъжизаси айланиб турибди, уни кўра олсак, сеза олсак, халқимизни бурнини қонатмасдан қутқариб қолишимиз мумкин.
Кимнинг атрофида
бирлашиш ҳақида
28 Март, 2006 йил
САВОЛ: Демократик Ўзбекистон Конгрессининг аъзоси Юсуф Расулов Ўзбек мухолифатини Муҳаммад Солиҳ атрофида бирлашишга чақирмоқда. Бу масалани ДЎК да муҳокама қиласизларми? (Қудрат).
ЖАВОБ: Бу албатта, мустақил журналист, ажойиб ижодкор Юсуф Расуловнинг шахсий фикри ва биз унинг ўзини ҳурмат қилганимиз каби фикрини ҳам ҳурмат қиламиз. Мана бу эса, ДЎК раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Бирдамлик ҳаракатининг лидери Баҳодир Чориевнинг ушбу таклифга ёзиб юборган жавоби:
“Бир вақтлар мен ҳам ўта Солиҳчи эдим. Сиёсатда кўп нарсани тушунмас эдик. Инсон вақт ўтиши билан, кўп нарсани тушуниб борар экан.
Мендан ҳафа бўлишса ҳам, Муҳаммад Солиҳ бўладими бошқа бўладими ташқаридан туриб муҳолифатга лидер бўла олмайди. Муҳолифат лидери Ўзбекистонда!
Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлатов ва бошқаларни байроғи остида тўплашга биз яна 15 йил йўқотишимиз мумкин. Муҳолифат лидерлари ҳеч қачон ўз шаҳсий манфаатларидан воз кечаолмайдилар. Улар учун шаҳсий манфаат ҳалқ манфаатидан устун кўринади. Шунинг учун бирдан бир чора юқоридаги лидерлар, Ўзбекистонда Каримов режими кетгунча ва эркин сайловлар бошлагунча ўз манфаатларидан вақтинчалик воз кечиб туришлари шарт. Ана ўшанда ҳамма умуммуҳолиф байроғи остида бирлашади”.
Икки қараш. Бу демократик плюрализм дегани. Ана шундай қарашларнинг ҳаммасини умумлаштирсак, қуйидаги ечимга келиш мумкин.
Маълумки, умуммухолифат Каримов режимига қарши битта платформага келишини биз олдиндан айтиб келмоқдамиз ва табиийки бу охир оқибатда битта лидерни ўртага олиб чиқишга боради. Ҳамманинг шундай лидерликка ҳаққи бор ва буни мутлоқ инкор этмаймиз. Албатта, бундай лидерлардан бири Муҳаммад Солиҳ ҳам бўлиши мумкин.
Агар Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ҳам умуммухолифат платформасида лидер бўлишни истаса, у ишни қуйидаги одимларни отишдан бошламоғи керак:
1. Парчаланган ЭРК партиясини бирлаштириши;
2.“Бирлик”нинг Абдураҳим Пўлатов бошчилигидаги гуруҳи билан тил топишмоғи;
3. Ўтган 15 йилда йўл қўйилган жиддий хатоларни самимий тан олиб, очиқ эътироф этиши керак.
Бу жуда қисқа вақтда амалга оширилиши мумкин бўлган нарса. Агар шу ишни бажара олса, биз уни қўллаш-қўлламаслик масаласини муҳокамага қўйишимиз мумкин. Демак, унга омад!
Яқин келажакда мухолифат учун
яна бир имконият пайдо бўлиши тобора аниқлашмоқда
29 Март, 2006 йил
САВОЛ: “Ўзбекистон келажаги буюк. И.А.Каримов” ёзувларини шаҳарнинг ҳар бир бурчагида, чекка-чекка қишлоқларнинг қийшайиб турган бетон деворларида кўриш мумкин. Яқинда “Адвокат-пресс” рўзномасида худди шунга боғлиқ мавзуда АЖОЙИБ бир мақола чоп этилганди, адашмасам мақола номи „Йўқ ҳақида бадиҳа“ эди, ўшанда катталар шошиб қолишган кўринади, дарҳол рўзнома ўз фаолиятини тўхтатишини талаб қилишганди, афсус… Ўшанда “Бўлар экан-ку” деб роса хурсанд бўлгандим.
Ушбу веб саҳифани анчадан бери биламан, лекин шу вақтгача ҳали савол ёзишга ботина олмадим. Мана шундай демократик тарзда баҳс қилинадиган саҳифа борлигидан жуда ҳам хурсандман, акс ҳолда Ўзбекистонда ҳеч қачон демократияни кўрмасак керак деб ўйлардим.
Лекин яқинда бир ватандошимизнинг „Бекорчи йиғилишларнинг нима кераги бор?“ деган кинояли саволига, „Бизлар учрашувларни камайтиришимиз мумкин, агар талаблар сони кўпайса“ деган жавобингиз мени ўйга чўмдириб қўйди. Шундай ишга бел боғлаган экансиз, бунга чек қўйиш, жуда афсусланарли иш бўларди. Ушбу қилинаётган ҳаракат, бутун ўзбек миллатининг осмонига ҳақиқат қуёшини тезроқ чарақлашига кўмак беришига бизнинг, ёшларнинг шубҳаси йўқ. Ким тушуниб, ким тушунмай савол бераверади. Мен умид қиламанки, ушбу ҳаракат тўхтатилмайди, аксинча янада кучайтирилиб, ниҳоят Ватанимиз ўз Наврўзини яқин вақтларда нишонлаш бахтига эришишида кўмаклашади.
Жаҳонгир ака, мен охирги 10 кунлик савол жавобини қайта ўқиб чиқиб шунга гувоҳ бўлдимки, деярли ҳар кунги савол жавобда, асосий куч, таъсир ичкаридан бўлиши кераклигини таъкидлагансиз. Мен ҳам шу фикрдаман, лекин ҳаммамизга маълумки, ўзбек халқи ҳозирги ҳолатида ҳеч қандай норозилик ёки шунга ўхшаш демонстрациялар уюштира олмайдилар, тўғрироғи ҳадлари, шашти сиғмайди.
Эртадан кечгача ўзлари сезмаган ҳолда „ейиш учун яшаш“ни шиор қилиб олган шўрлик ўзбеклар, қандай қилиб важоҳати аждардек, тахтда қолиш учун дунёнинг барча ифлосликларини қилишга тайёр муҳтарам президентимиз ва унинг малайларига (мусиқачи-сиёсатчисидан тортиб, то шоиригача) қарши чиқсин?
Ва яна бир савол-жавобда лидер ҳақида сўзлаганингиздек, ҳозир у ёқда ҳақиқий юртим деган, эртага ҳокимиятга келса биринчи ўринда пресса эркинлигини таъминлаб бераман дейдиган инсон, Лидер керак.
Андижон воқеаларидан кейин, шунга амин бўлдикки Каримовга ЎЗБЕКнинг қадри 1 чақага ҳам арзимас экан. У тахт учун терроризмни, ваҳобийлик баҳона қилиб халқни „халқ душмани“ қилиб, шундай оттириб юбораверар экан. У ерда бўлган ДАҲШАТни, фақатгина ўша ерда туриб кузатганлар, умр йўлдошини, фарзандини, отасини, онасини йўқотганлар яхши тассаввур қиладилар. Кўз олдингда умр йўлдошинг, отанг ёки онанг, ё бўлмасам фарзандинг бошидан ўқ еб ерга қуласа, ахир бу ДАҲШАТдан ҳам ДАҲШАТку. Бир мақолада, маҳаллий милиция ходимларнинг „Ҳали бу ваҳобийларнинг энасини кўрсатамиз“ деганику ақлга сиғмайди.
Лекин бир нарсага умуман ҳайрон қолганим, ўша халқни ўққа тутган аскарлар қайсидир қишлоқдан чиққан йигитларку? Ахир улар ҳам ўзбек фарзандлари-ку? Хўп уларнинг виждонлари қийналмасин, бунга бирон бир баҳона топилар, лекин уларнинг ота-оналари, наҳотки уларнинг виждонлари қийналмаса. Наҳотки юрак, виждон деган нарса бир кун келиб, сотилиб кетаверса? Мен Гитлернинг иккинчи Жаҳон урушида саноқсиз инсонларни, тўғрироғи исроилликларни оттириб юборганини ўқиганимда, бу ДАҲШАТни, нафратни тушунмаган ва тасаввур қилмаган эдим. Лекин ўзбек, ўзбекни отиб ташласа ахир бу ҳолатда Гитлер жаноблари қилган ишлар ҳолва бўлиб қоладику.
Халқни ичкаридан ҳеч қандай таъсир, чора кўрмаётганига айблаш ҳам нотўғри. Халқ ҳозир ўзидан ортмаяпди. Ойига 30000 сўмни зўрға ишлаб топаётган одамлардан қандай қилиб катта АЖДАРларга қарши чиқишни тассаввур қилиш мумкин. Тўғри гап пулда эмас деймиз, лекин Ўзбекистонда ҳаводан бошқа ҳамма нарса пул бўлиб кетди. Одамлар олган ойлигини биринчи навбатда 1 қоп унга сарфлаб, қолганини бошқа нарсаларга сарфламоқда. Ушбу сўзларни бошқа ўзбек Ватандошларимиз ўқишиб, „Тоза ошириб юбормабдими?“ дейиши мумкин, лекин чекка қишлоқларда яшаётган ўзбекларнинг аҳволи қанчалик танг аҳволга тушиб қолганини ҳамма билади, гарчи ўша ўзбеклар эртадан кечгача ишлаб „Шунисига ҳам шукур“ деб яшашаётган бўлсалар ҳам.
Ҳар куни чет эл янгиликларини кўриб ҳавасим келади. Украинада ҳукумат барча тармоқларни тўлиқ қўлга олиб, катта кучга эга бўлиб, диктатуравий режимда давлатни бошқариб турган вақтда, оддий студентларнинг революциясига дош беролмай, таслим бўлгани, юракда оз бўлсада ҳақиқатга ишонч уйғонди. Белоруссияда, ҳукумат тўлиқ диктатор Лукашенко томонидан бошқарилишига қарамай, оппозицион партиялар мавжудлигига ҳавасим келди. Энди бўлиб ўтган халқ демонстрацияларини эшитиб, ҳатто жаҳлим чиқа бошлади. Наҳотки шундай золим диктаторлардан қўрқмасдан шу нарсаларга эришсалар. Зеро ҳозир демонстрантларнинг кўпчилиги қамоқда бўлсалар ҳам. Биз биламиз, бу нарса оддий сўзлар билан айтган билан оддий эмас, лекин қилса бўлар экан-ку. Нега бизлар ҳанузгача жим турибмиз?
Ушбу веб-саҳифада шунча ёшлар, ватандошлар, савол жавоб баҳс қилишмоқда, наҳотки ушбу баҳслар фақатгина шу ерда электрон тарзда қолиб кетаверса? Деб доим ўзимга ўзим савол бераман.
Шундай бўлсада, менимча биринчи туртки четдан, Сиздан, бизлардан ва барча четдаги Ватандошлардан бўлиши керак деб ўйлайман, шу қарашга нима деган бўлардингиз? Ҳар қалай биздаги имконият ичкаридаги ўзбеклардан кўпроқ.
Кейин Ўзбекистонда шоирлари ҳукумат остонасини ялаб тиланчилик қилмоқда, журналистлар ҳақиқатга кўз юммоқда каби маъно англатувчи фикрларингизга қўшиламан, лекин тўлиқ эмас.
2007 йил декабрда Ўзбекистонда сайлов бўлиши режалаштирилган, агар ўшангача халқ, ёшлар бирон бир чора кўрмасалар тахтга 100% Каримовнинг одами ўтиради. Ўзингиз доим таъкидлаганингиздек, Каримовни булғаб кетган жойларни кимдир тозалаши керак, акс ҳолда жаноб Президентимиз халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ташкилотлари томонидан жиноий жавобгарликка тортилиб қолинсалар, Швейцария банкида худога ва ўзига аён неча миллион доллар тўплаб қўйган ОЙЛИК МАОШларининг келажагини ўйлайвериб ўйлавериб Худо раҳматли Милошевич кетган тарафларга кетиб қолишлари мумкин. Бу пул, тахт деган нарса жаннатдек, совғадек кўриниши мумкин, лекин халқни эзган, гуноҳига қолган инсонлар, бир кун келиб таъзирини олмай қолмаслигини ҳар бир елкасида калласи бор одам билади.
Четдан туртки деганимда Сизга яна бир савол: халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан келишган ҳолда демократик тарзда Ўзбекистонда оппозицион партия тузиб, демократик тарзда сайлов ўтказишнинг иложи борми, ва ушбу сайловда кимни ушбу мансабга лойиқ деб билар эдингиз? Умуман Юртда таниқли ишончли шундай инсонларни танийсизми?
Умуман бизга ҳозир фақат демократияни тушунган, ва ваъдаларини эсдан чиқариб юбормайдиган инсон, президент керак. Мен тепадаги таклиф-саволим билан Ўзбекистонга АҚШ қуролли кучлари билан сайловга аралашиб, Ўзбекистонни иккинчи Ироққа айлантиришини кўзда тутмадим, мен ўзбекнинг, бизнинг эртамиздан хавотирга тушиб, Ўзбекистон ҳозирги ҳукумат бошқаруви туфайли иқтисодий, сиёсий, маданий-маънавий, маърифий жиҳатдан ён қўшнимиз бўлмиш Афғонистоннинг клони бўлиб қолмаслигига жон куйдираяпман.
Биз ишонамиз ва умид қилиб қоламизки, Ўзбекистонимиз тарихида яқин йилларда катта ўзгаришлар бўлади, ва бу ўзгаришлар фақат ва фақат ижобий бўлади. Бу ерда эса барча ёшларнинг, Ватандошларимизнинг кўмаги жуда ҳам керак бўлади. Узун савол-нома учун узр. (ОРЗУ).
ЖАВОБ: Юракдан тўкилган қимматли мулоҳазаларингиз учун раҳмат. Менимча, бу масала фақат сизни эмас, барча ёшларни ҳам ўртаётгани боис саволларингизнинг аҳамияти янада кучлидир. Саволларингиз аслида жавоби билан мужассам. Шунга қарамай мен бу жавобга баъзи нарсаларни илова қилмоқчиман.
1.Сиз менинг агар талаблар кўпайса, йиғилишни камайтиришимиз мумкинлиги ҳақидаги гапимдан хавотирга тушибсиз. Мен бу ерда ишни йиғиштирамиз шаклида айтганим йўқ. Аксинча ишларни бошқа йўсинга соламиз деган шаклда айтганман. Зотан шундай қарорга ҳам келдик. Масалан, АҚШда бир тўпланиб кичик мажлис қилишимиз учун камида минг доллар сарфланади. Йўл харажатлари билан эса анча кўпроқ. Агар масалани замонавий технологиядан фойдаланиб, электрон ёзишмалар ва дам олиш кунлари бепул бўлган телефонлашмалар орқали ҳал этсак, шу пулни тежаб қоламиз. Ҳа, Америкада бу пул катта маблағ эмас. Аммо мана шу битта йиғилишнинг пулига Ўзбекистонда10 та фаолимиз бир ой бировга қарам бўлмай, мустақил ишлаш имконига эга бўлади.
Мен кейинги пайтда Америкадаги фаолларимизга барча тадбирларимизни электрон тарзда ўтказайлик ва йиғилишлар учун ёнимиздан сарфлаётган маблағни мамлакат ичида демократия учқунларини ёйишга сарфлайлик деган фикрни айтмоқдаман. Бу ишни бевосита ташкилот орқали эмас, одамдан одамга ёрдам шаклида амалга оширишни бошлаганмиз ҳам. Аммо бу пулни тўплаб кимгадир юбориб, кейин ундан иш талаб қилсангиз кўп ўтмай ўша одам ё қамоққа киради ёки “диктаторча”га айланади.
Мен бу ишнинг механизмларини ёзмоқчи эмасман. Негалигини ўзингиз биласиз. Фақат айтмоқчиманки, чет элларда Каримов режимини ҳамма таниди, энди бизнинг мажлис ўтказиб юришимиздан фойда йўқ. Аксинча турли тадбирлар ва сафарлар учун кетадиган маблағни мамлакат ичига йўналтирсак, наф бўлади. Қолаверса, Америкада яшаб шу нарсага иқрор бўлдимки, юз марта мажлис қилганингиздан кўра, керакли идорага бир марта мактуб ёзсангиз фойдаси кўпроқ.
2.Бу сайтдаги баҳслар шу ерда қолиб кетмайди. Уларни электрон мактублар, китоблар ҳолида тарқатиш ишлари давом этмоқда. Бугун Ўзбекистонда жуда кўп ёшлар билан бевосита алоқа ўрнатганмиз ва шунинг учун ҳам ҳукумат кейинги пайтда бизнинг йўлимизни тўсиш учун ёшларга томон юз бургани ҳақида илгари ёзган эдим. Мамлакатдан келаётган жавоблардан билинмоқдаки, баҳслар бевосита лотин ёзувида бўлаётганидан улар хурсанд.
3.Лидер масаласига келсак… Биз ишни бошлаганимиздаёқ лидерларни етиштириш учун ёрдам заминини яратамиз деган эдик. Бугунга келиб ташкилотимизда жуда қобилиятли юзлаб йигитларнинг номлари бор. Улардан баъзилари Тошкентда ва вилоятларда иш юритмоқдалар. Мамлакатда қурултой ўтказиш фурсати пайдо бўлди дегунча улар ўртага чиқадилар. Ҳозир эса биз уларни гулдек пайтида ёвуз режимнинг қўлига қўш қўллаб топширмаслик учун эҳтиёт қилиб турибмиз.
Лекин улардан баъзилари аллақачон демократик гуруҳларни тузиб, иш олиб бормоқдалар. Қолаверса, бугун Ўзбекистонда ҳукумат ичида, мухолифат орасида ва четда ўқиб қайтган ҳамда қобилиятли ишбилармонлар таркибида бир неча ислоҳотчи лидер бор. Аммо уларнинг исмини ёзиш уларни маҳв этиш демакдир.“Қодир Ғуломов, Рустам Азимов, Содиқ Сафоев, Козим Тўлагановлар президент бўлишлари мумкин” деб ёзилгач, нималар юз берганини кўриб турибсиз.
4.Демократлар бугун Ўзбекистоннинг келажагини бошқара оладиган кадрлар тизимини шаклантирмоқдалар. Ким, қаерда, нима иш қилмоқда, нима иш қила олади, нимага қодир, демократик тамойилларни биладими, замонавий лидерликдан хабардорми каби саволларга жавобни ўз ичига олган Ислоҳотчилар тизими ва унинг Дастури устида ишланмоқда.
5.Сайлов масаласида… Бугунги шароитдан келиб чиқадиган бўлсак, мухолифатнинг 2007 йилги сайловга қатнашиш имкони йўқ. Аммо эртанги имкониятлар қандай бўлади бу номаълум. Лекин яқин келажакда мухолифат учун қисқа бир фурсатли имконият пайдо бўлиши тобора аниқлашмоқда.
Кейинги 20 йилда мухолифат ўлароқ пайдо бўлган беш имкониятни ё бой бердик, ёки вазиятни тўғри баҳолашни билмасдан ундан фойдалана олмадик. Бу сафар агар вазиятни тўғри баҳолай олсак, ўша кунга тайёр бўлиб борсак, бир нарсага эришмоқ мумкин.
Бу демократик имконият нима ва қачон келишини аксарият фаолларимиз орасида очиқ гаплашиб, муҳокама қилиб олганмиз ва ишни асосан шу йўналишга бурганмиз. Изнингиз билан бу ҳақда ҳозир ёзмоқчи эмасман ва мени тўғри тушунасиз деб ўйлайман.
Сиз “СНБ” эмас, аммо…
31 Март, 2006 йил
САВОЛ: Ассалому Алайкум Жаҳонгир ака!
Андижон воқеалари ҳусусида жуда кўплаб фикр юритилди. Тўймаганлар яна гапиришяпти. Мен бевосита воқеалар иштирокчиси (томошабин)сифати ўша пайтда жаҳонга ҳабар тарқатган ОАВ жуда кўп ва ҳўп ёлғон ишлатгани мени ҳайратга солди. Сабаби ҳар куни кўрадиган танишларингиздан бирини ҳалққа қараб ўқ отаётганини эшитиш албатта ҳайратланарли ҳол. Чунки Озодлик орқали “интервью” берган ҳалқни тинмай отаётган пайтда ушланган Тоҳир исмли “аскар бола” деб таништирилган йигит шаҳарда кўпчилик танийдиган ГАИ ҳодими эди.
Ҳабарингиз бўлса ГАИ ларга қурол берилмайди. Бошқа томондан мана сиз АҚШ да яшайсиз Виржиния маъмуриятини куч билан, қурол билан ҳужум уюштирилса қандай чора кўрилар эди? Агар биз устқурмани ёлғон билан бошласак оқибати нима бўлади?
Андижонда лидерлик масаласи. Агар сизми М.Солиҳми Андижонга келганда отиб ташлар эдилар. Бунга гуруҳ томонидан отилган инсон ҳуқуқи ҳимоячиси мисол.
Яна бир мисол… бир танишимни тўда аъзолари куч билан ҳокимиятга киритишган “сен СНБсан” деган даъво билан. Яҳшиям қамоқда бирга ётган танишлар уни жонига оро кирган. Отиб ташларини сабаби қуролли гуруҳ бошқаруви Андижонда эмас эди. Қуролли намойишни бошқарган Ҳожиевдан одамлар қуролларни ҳаммага тарқатишини сўраганда у “тўҳтанглар” “катта уруш” бизга керак эмас деб жавоб берган эди.
Ўзбек ҳалқи буюк ҳалқ… мен ишонаманки, норозиликни демократик усулини биз амалда қўллай оламиз. Сабаби мана шу ҳолатлар сабоқ. Кимдир айтганидек, тинч намойиш бўлса ҳамма қўшилар эди.
Сайловлар ҳусусида. Майдан, менимча, сайлов кампанияси бошланади. Бу имкониятда муҳолифат қандай фойдалана оларкин? Ёки яна беш-ўн йил ҳасрат эшитамизми? Умуман нима учун норозилик кучлигу қаршилик бу қадар суст? Бошқа жойда бунақаси бўлганми?
R.S: мана мен кўрган-билган нарсаларимни ёза туриб, озгина ҳижолат тортяпман. Мени ҳам СНБ деб эълон қилишмасмикан? Энди тушунмоқдаман, ҳақиқат қандай бўлишини… Жавоблар учун раҳмат. (ИСМСИЗ).
ЖАВОБ: Дарҳол айтиб қўя қолай, мен сизни СНБ деб эълон қилмайман. Чунки “СНБ”чилар ёзганда ўзларини жуда ақлли қилиб кўрсатишга уринишади. Сиз эса ўзингизни жуда содда қилиб кўрсатишга урингансиз.
Агар ҳақиқат борасида даъво қиладиган бўлсангиз ва самимиятингиз рост бўлса, исмингизни очиқ қўйган ҳамда ҳақиқатни ўз номингиздан айтишдан қўрқмаган бўлардингиз. Зотан сиз ҳақиқат деб урғулаётган гапни айтаётганларга ҳукумат медал бериб турган бир пайтда…
Исмингизни қўймадингизми ҳақиқат деб даъво қилинган ҳар қандай ёзув анонимкадир. Чапани қилиб айтганда, чап қўл билан ёзилган нарсадир. Одамларимизнинг энг асосий фожиаси шундаки, ўзи панада, томошабин бўлиб туришни, отилган тош ўзгага тегишини истайди. Бошига тушаётганларнинг кўпи ана шундан!
Бир нарсани унутманг, ҳар қандай воқеа, шахс ёки нарсага ўз муносабатингиз, ўз қарашингиз бўлса-ю буни очиқ номингиз билан айта олмасангиз сиз ўша воқеа, ўша шахс ёки ўша нарсага тобесиз, қулсиз!
Андижон борасида жавоб қисқа. Икки йил олдин халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонда бир киши қамоқда қийноқдан ўлганини айтиб, даъво қилганда, ҳукумат дод деб юборганди ва дарҳол халқаро текширувчиларни чақирганди. Текширувчилар маҳбус қийноқдан ўлмаганини айтишган эди. Бу билан Тошкент қийноқлар остида ўлганлиги даъво қилинган бошқа ҳамма иддаоларни қабул қилиб қўйганини ўзи билмай қолганди.
Андижон воқеларида эса, Каримов дарҳол халқаро текширувчиларни рад этди ва бу билан ҳамма нарсани ўз бўйнига олганини эътироф этди. Агар бу ишда ҳукуматнинг қўли бўлмаса, бу гаплардан Каримов бехабар бўлганда у дод солиб дунёни бошига тўплаган бўларди. Қолаверса, ўша кунлар Америка уни қўллаб турганди!
Хуллас, Каримов жиноят содир қилди. Жазосиз қолган жиноят асрларга татигулик тавқи лаънатдир. Энди унинг етти пушти ҳам бу тавқи лаънатдан қутула олмайди. Бу қадар!
Сайловлар ҳақида эса икки кун олдин ёзган эдим.
Ҳамма вақт икки йўл
бор ва танлов сизда!
4 Апрел, 2006 йил
САВОЛ: Жаҳон сиёсатига яхши тушунмасамда шуни биламанки АҚШ бирон бир манфаатни кўзламасдан ҳеч бир мамлакатга шунчаки ёрдам қўлини чўзмайди. Агарда АҚШ бизнинг мамлакатни демократиялаштиришда ёрдам бериб, кейинчалик ўз манфаатларини бизнинг юртда кўзлаб, иш тутса, бунинг натижасида эртага бизнинг юртимизда катта кулфатлар содир бўлиш тахминлари йўқ деб айта олмайман. Мисол қилиб айтсак, ҳеч кимга сир эмас, Хитойнинг кучли ишлаб чиқариш, ва ривожланиши АҚШ сиёсатчиларини озгина саросимага тушириб қўйган, Яқинда Буш келиб Ҳиндистонда Ҳиндистон атом бомбасини тўлиқ ривожлантиришга рухсат берди. Бу дегани Хитойга қарши чоралар кўрилмади деб ҳеч ким айта олмайди.
Кейин бизга маълумки АҚШ ҳеч қачон урушни ўз мамлакатида қилмайди, қайси мамлакат билан уруш қилса албатта ўша уруш эълон қилинган мамлакат қўшни мамлакатлари билан шартнома тузиб, кейин урушни бошлайди.
Биздаги ҳолатга келсак, Афғонистон ҳали ҳанузгача дунёнинг энг оғир ва хавфли точкаларидан бири деб билдирилади. Эртага бизда ҳам демократик сиёсат йўлга қўйилса, ва АҚШ аскарларини бошқатдан олиб кириб, кўп нарсалар қилиб юбориши мумкин.
Сиз бизга нисбатан АҚШ сиёсатини яхшироқ тушунасиз, ўшанга ушбу фикримга нима деб жавоб берар эдингиз! (ОРЗУ).
ЖАВОБ: Бу мавзуда илгари жуда кўп саволлар бўлган ва атрофлича жавоб қилганман. Шунга қарамай яна таъкидламоқчиман. Тўғри, ҳеч ким ва ҳеч бир мамлакат ўз манфаатига зид иш қилмайди. Ҳар қандай ҳаракат унинг манфаатидан келиб чиқади. Агар манфаатлар уйғун келиб қолса, ҳар икки томон ҳам ютади. Агар бир мамлакатнинг манфаати иккинчи бир мамлакатнинг ҳукумат манфаатига зид бўлиб, халқининг манфаатларига мос тушса бу ҳол АҚШ ва Ўзбек халқининг бугунги вазиятидир. Россия ва Ўзбек халқи эмас. Чунки Россиянинг конституцияси ёки ташқи сиёсат доктринасида, қолаверса амалий одимларида демократия унинг миллий манфаати деган тушунча йўқ. Аммо АҚШда бор. АҚШда ҳукуматлар келиб кетаверади. Қайси бир ҳукумат даврида қандайдир хатоликлар, чекинишлар ҳам юз бериши мумкин. Лекин демократия бу доимий манфаат эканлиги ўзгармайди. Мен Ўзбек халқига АҚШдан ҳеч қачон зарар келмайди деган ишончдаман.
Доим бир нарсани мисол келтираман. Бир дарахтда ўнта олма бор. Россия сиёсати шу олмалардан биттасини эгасига қолдириб, тўққизтасини олишдир. АҚШ сиёсати эса тўққизтасини қолдириб, биттасини олишдир. Бу ҳам бекорга эмас, бозор йўли билан. Демократия ана шу биттани доимий олиб туришга кафолатдир. Қолаверса ўша мамлакатда барқарорлик қолиши учун АҚШ жуда катта ёрдам ҳам беради.
Мана енди танлов сизда. Ҳамма вақт олдингизда икки йўл пайдо бўлади. Танлаш ўзингизга қолади. Каримов Россияни танлади. Кўрдингиз “Чиқиб кет!” деганида АҚШ чиқиб кетди ва буни қўрққанидан қилган эмас, балки ўз манфаатидан келиб чиқиб қилди. Чунки Каримовни очиқ қўллаётгани унинг манфаатига жиддий зарар етказа бошлаганди. Россия эса чиқиб кетармикан? Жавоб жуда оғир.
Мана кўрасиз, Афғонистон Жанубий Корея каби юксалиб, Ўзбекистонда режим ўзгармай қолса у Шимолий Корея аҳволига тушади. Жанубий Корея АҚШ билан ҳамкор, Шимолий Кореянинг суянган тоғи эса Кремл.
Дунёда мустақил сиёсат юргизиш нисбийдир. Ҳамма бир-бирига боғлиқ ва ҳамманинг манфаатлари қаердадир кесишади. Ана шундан келиб чиқиб иш қилмоқ керак. Ўзбекистонда халқнинг манфаатидан эмас Каримовнинг манфаатидан келиб чиқиб сиёсат юргизилмоқда. Бугун уни Кремл ва Пекин ҳимоя қилгани учунгина у ўзини уларнинг оғушига отди ва Ўзбекистонни шахсий манфаатлари учун сотиб юборди. Бугун Ўзбекистон мустақил давлат эмас, балки Россиянинг губернясидир! Ўзбек халқи эса Россия учун ишламоқда ва Россиянинг қулига айлантирилди. Каримов Чор Россияси пайтидаги қўғирчоқ амирлар ва хонлардан бирига айланиб қолди.
Хонликлар ва амирлик пайтида ички низолар кучайиб минтақада нималар юз берганини биласиз ва хавотирингииз бежиз эмас. Лекин шундай кунда ҳам олдингизда икки йўл пайдо бўлади ва қайси бирини танлашни ўзингиз ҳал қиласиз. Оқил бўлсангиз халқ манфаати тақозо этган йўлни танлайсиз ва золим бўлсангиз ўз манфаатингиздан келиб чиқиб иш қиласиз. Менимча, бизда ҳали узоқ вақт золимлик қолади. Ҳатто демократик давр бошланганда ҳам золимлик ришталари устунлик қилади. Чунки бу руҳимизга, қонимизга, вужудимизга сингиб кетган ва осонликча қутулиш қийин.
Мен ўнлаб ўзбекларни биламан, Ғарбда узоқ йиллардан бери демократик шароитларда яшаб ҳам золимликни тарк этганлари йўқ, жойи келди дегунча золимликдан роҳатланадилар ва умуман демократияга тоқат қила олмайдилар. Кўрдингизми, бу ҳам икки йўл ва қайси бирини танламоқдамиз!
“Информацион” жангда
3:0 га мағлубият
6 Апрел, 2006 йил
САВОЛ: “Маҳалла” газетасининг 5-Апрел (2006) кунги сонида чиққан “Андишанинг оти қўрқоқ эмас” деган очиқ хатда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги мусиқали драма театрининг бадиий раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жавлон Тошхўжаев, Андижон воқеалари ҳақида “Озодлик” радиосининг баъзи журналистларига очиқ хати эълон бўлган ва унда шундай деган: “Ана энди ўша куннинг даҳшатларини Америка қитъасидан бошпана топиб эртакона манзараларни чизиб бераётган ва бу манзараларни сизнинг радиотўлқинларингизда “қурултой” эшиттириши орқали оламга ёяётган Жаҳонгир Муҳаммад, Исмат Хушев, Бобур Маликов, қочқин Фарҳод Иноғомбоев, “эркпарвар” шоир Муҳаммад Солиҳ, андижонликларнинг тақдири учун куйиб-пишаётган Галима Бухарбоева, Маркус Бенсман, Елена Урлаева, Санобар Шерматова ёки Тошкентда туриб сизларга ахборот бериб турган Садриддин, Санобар, Дилнаво (Бу исмлар кимларгадур тахаллус бўлиб хизмат қилаётганига имоним комил) ёки наманганлик билимдон Носир Зокир, тошкентлик “шоир” ва “ҳофиз” Дадахон Ҳасаннинг оғзидан эшитиб эмас, менинг сизларга йўллаётган мана шу мактубимни ўқиб мушоҳада қилиб кўринглар…”. Хўш буни сиз қандай мушоҳада қиласиз?(Нозимжон).
ЖАВОБ: Гарчи “Қурултой” дастурининг кейинги сонлари Жавлон Тошхўжаевнинг талабларига жавоб берадиган даражага тушиб қолган бўлсада, лекин унинг ўтган йилдаги дастурлари ҳалига қадар акс–садо бераётгани, кимларнингдир уйқусини бузаётгани илҳомбахш ҳолдир. Бу биринчидан.
Иккинчидан, биз ҳеч қачон абсолют ҳақиқатга даъвогар эмасмиз. Абсолют ҳақиқат яратганнинг ўзи ва у биладиган нарсалар. Биз эса нисбий ҳақиқат ҳақида гапирамиз. Нисбий ҳақиқат кўрганлар, эшитганлар, ёзилганларга қараб таққослашлар туфайли ўртага чиқади.
Андижонда нима бўлганди? Ҳалига қадар бу саволга аниқ жавоб йўқ. Қозоннинг оғзи бекитилган. Шунга қарамай у ёқ, бу ёғидан буғ чиқиб турибди. Унутмаслик керак-ки, бу буғ бир кун келиб куйгининг бад бўйига ҳам айланиши мумкин ва бу ҳолда “Мана бу хонадондан ёмон ҳид келаяпти” деган одамлар айбдорми ёки қозоннинг оғзини босиб ўтирган кишими?
Мен яна такрор айтишга мажбурман, нега бир киши қамоқда қийноқдан ўлди деганда Каримов бутун дунёдан текширувчилар чақириб, унинг қийноқдан ўлмаганини кўз-кўз қилганди ва нега Андижонда халқаро текширувга тиш тирноғи билан қарши чиқди. Ахир ўша кунлар Буш уни яқин сафдошим деб ва Пентагон унга ёрдам учун бели букилмаган пуллардан бериб турганди.
Бу биз тўқиган эртак эмас, бор йўқ ҳамманинг кўнглида пайдо бўлган саволдир. Биз уни тилга келтирдик, холос.
Учинчидан, диктатура режими “Дунё бизга информацион уруш бошлаган” деган эртак (ана буни эртак деса бўлади-ЖМ) билан ўзини ўзи овутмоқчи. Лекин бу ҳам мағлубиятдан бошқа нарса эмас. Негами?
-Бугун одамлар бу режим ёлғончи эканлигини билиб олдилар ва унга ишонмайдилар. Унинг ёзганларига ҳам. Бу унинг дарвозасига урилган битта гол!
-Режимнинг касофати туфайли одамларга қорин ғами энг асосий ишга айланган. Шу боис режимнинг ёзганларини ўқишга вақтлари йўқ. Яна битта гол!
-Келажакда халқ бугун режим ‘чойшаб”ларида нималар ёзилганига эмас, ёзилмаганига талпинади. Уни эса биз ёзмоқдамиз. Бу учинчи гол.
Демак, диктатура режими вос-восга тушиб, информация уруши дея ўзи бошлаган жангида 3:0 ютқизмоқда.
Мирзиёев ва
Гулнора орасидаги кураш
(Хоразм мисолида)
10 Апрел, 2006
САВОЛ: Яқинда Гулнора Каримова Хоразмда ҳукуматнинг қарийб 90 миллион долларига қурилган шакар заводини тўққиз баравар арзонга сотиб олибди деган гап тарқалди, шундан хабарингиз борми?(Отажон).
ЖАВОБ: Хабарим бор. Воқеа ва оқибатини чуқурроқ идрок этиш учун Хоразмда кейинги вақтларда нималар бўлаётганига бир назар ташлаш керак бўлади.
Мен ҳукумат доираларига яқин манбадан олган маълумотларга кўра, 2003 йилнинг Июл ойи ўрталарида Хоразм вилоятининг ҳокими Ислом Бобожонов олдига Қорақалпоғистон Республикаси ва Туркманистонинг Тошҳовуз вилоятидан мутасаддилар келишади. Ташрифдан асосий мақсад юқорида тилга олинган ҳудудлар билан биргаликда бир пайтлар тузилиб ҳатто биринчи орденини Ленинга атаб, кейин Ўзбекистонга қўшилган “Хоразм халқ республикаси”ни қайта тузиш ва мустақиллик эълон қилиш, Хоразм хонларининг Швейцария банкидаги ҳисоб рақамларидаги пулларни олиб, ҳудудда саноатни ривожлантириш таклифи бўлади.
Бу пайтда Ўзбекистон АҚШ билан яқин ҳамкор бўлиб турганида Кремл бир ўқ билан уч қуённи урмоқчи бўлиб, кимларнидир ишга солгани ҳақида ҳам гап-сўзлар бор.
Хуллас, Ислом Бобожоновга ташкил қилиниши мумкин бўлган республиканинг президенти бўлиш таклифи ҳам киритилгани ва халқаро қўллаб қувватловнинг мавжудлиги меҳмонлар таклифига рад жавоби олмасликлари учун хизмат қилиши кўзда тутилади.
Таклифни тинглаган Бобожонов ўйлаб кўражагини маълум қилиб, меҳмонларни кузатган заҳоти катта “Ислом”га қўнғироқ қилиб бор гапни етказади. Натижада Қорақалпоғистон ва қўшни Тошҳовузда ҳам кадрлар алмашинуви, қама-қамалар амалга оширилганди. Хоразм халқини алдаб қўйиш учун вилоятга олий халқ ордени -Жалолиддин ҳарбий ордени берилганди. Орадан бир ой ўтиб, Мустақиллик байрамида Бобожонов ҳам “Ўзбекистон қаҳрамони” бўлганди.
Шу орада Бош вазирликка икки киши Мирзиёев ва Бобожонов номзоди танланганди. Отахони билан суҳбатга ошиққан Бобожонов Мирзиёевга йўл ҳам бермасдан унинг ҳузурига кириб кетади ва кейин кирган Мирзиёевнинг чиқишини кутиб ҳам турмай уйига қайтиб катта зиёфат беради. Зиёфатда ўзининг “Мен вазирликдан чиққанман, геройман Мирзиёев ким бўпти?” дегани етмагандек, ширакайф меҳмонлардан бири қовун тушириб “Ҳали бу Бош вазирлик экан, сиз ундан ҳам юқорироққа лойиқсиз” деган гаплари видеотасмага ёзилиб, Девонга етказилади.
Бош вазирни ҳам Зарафшон минтақасидан танлашга иккиланиб турган Каримов шундан кейин ўнг қўлини Мирзиёевнинг бошига қўяди. Маълумки, кадрларни ишга тайинлашда Каримов “Фалончи сен ҳақингда мана буларни олиб келиб берди” дея ўзининг махсус хизматлари тайёрлаган ‘компромат”ларни кўрсатади. Бу сафар Мирзиёев ва Бобожонов орасига раҳна солинади.
Мирзиёев дарҳол Бош прокуратура орқали Хоразм ҳокимининг патагини ковлашни ва кимда қанча ер борлиги борасида маълумот беришни талаб қилади. Топилган
маълумотлар бўйича Урганч туман ҳокими “Ахборот”да танқид қилинади ва тезда ишдан олинади. Шундан кейин Бобожонов ташаббусни қўлига олиб, ҳокимларидан қайси прокурорнинг қанча ери борлиги борасида ёзма маълумот олиб, Девонга топширади. Шу аснода Мирзиёев Бобожонов кураши бошланиб кетади.
Мирзиёев Хоразм ҳокимининг Қурилиш Ишлари бўйича ўринбосари Раҳимбой Йўлдошевни қўлга олади ва уни Бобожоновга қарши майдонга ташлайди. Унга мадад кучи сифатида Хоразм Автойўл уюшмаси бошқаруви раиси Валерий Полвонов ҳам мажлисларда Бобожоновни мазах қилишга ўтади. Йўлдошевнинг ўғлига қизини берган Валерий энди кучли “тандем” ҳосил қилиб, вилоятдаги энг йирик шахслардан ҳисобланиб қолади. Айни пайтда вилоятдаги давлат ҳиссадорлик жамиятларининг давлат улушлари хусусийлаштирилиши бошланиб, Йўлдошевнинг ўғли Валеранинг куёви Аҳрор Гулнора сотиб олган Урганч ёғ ҳиссадорлик жамияти бошқарувинининг раиси этиб тайинланади.
Бобожонов, Йўлдошев ва Полвонов учовлон уч томондан вилоятни талон тарож қилишни бошлашади. Вилоятдаги камчиликлар юзага чиқиб борган сари ҳоким алмашиши учун замин пайдо бўлади. Дастлаб Гурлан туманидан чиққан, Ирригация вазирлигида ишлаётган Қаландаровнинг номзоди олға сурилади. Аммо отахонига йўл топишга уста бўлган вилоят ҳокими уни туман раҳбари қилиб тайинлайди.
Кейинчалик ўртага қўйилган яна бир номзод Қўшкўпирлик Илгизар Собиров ҳам Бобожонов ташаббуси билан Қўшкўпирнинг “эплай олмаган ношуд” ҳокими ўрнига тайинланади. Бу орада Бобожонов иккала номзоднинг орқасидан одам қўйдириб Қаландаровни Гурланда пора билан ушлатади ва думини тугиб қўяди.
Гап нимадалигини тушунган Собиров бундан тўғри хулоса чиқаради ва идеал ҳоким ролини ўйнаб туришга мажбур бўлади. Вақти келиб Бобожонов уни ҳам сенатор қилиб кузатади. Каримовга қуллуқ қилиб юрган Собиров Мирзиёевнинг ҳам дастагини олиб, Сенатга раис бўлади. Зарафшон-Фарғона-Тошкент учбурчаги ёнида Хоразм ҳиссасини ҳам унутмайлик, минтақада вазият ёмон дея Каримовни кўндиришади. Натижада Хоразм вилояти учун Бобожоновнинг кучи етмайдиган номзод тайёрланди! Энди ҳоким Гулнорага йўл қидира бошлайди.
Яқинда Каримов вилоятга бориб бир кеча тунаб қайтади. Ана шунда Каримов Бобожоновни ҳузурига йўлатмайди. Тунни меҳмонҳона эшигида машинада ўтказган Бобожонов эртаси отаси билан вилоятдаги ўзгаришларни кўздан кечириш учун бирга юрганда ҳам совуқ муомала билан рўбарў келади.
Шундан кейин у запасдаги канални ишга солади. У асли Хонқа туманидан бўлиб, унинг синфдоши Татяна Акбаровнанинг синглиси Тамарага уйланган. Шу йўл билан Гулнорага чиқилади ва унга қарийб 90 миллион долларлик шакар заводини ҳадя қилади
Яқинда МХХ ва Бош Прокуратурадан махсус гуруҳ Хоразмга юборилди. Маълум бўлишича бир неча амалдорлар бир ойдан ортиқ вақт давомида махсус кузатувга олинган. Ҳатто Полвоновнинг ҳожатхонасидаги воқеалар ҳам ёзиб олинган. Дастлаб бир ҳафта мобайнида ҳамма кузатувдагиларга вилоятдан чиқмаслик тўғрисида тилхатга қўл қўйдирилиб уй қамоғида тергов қилишган. Полвоновнинг уйидан 440 минг доллар нақд пул ва унинг ҳисобида бўлган 150 та турли русмдаги янги автомобил мусодора қилинади.. Уч тўрт кун олдин Бобожоновдан бошқа ҳаммасини Тошкентга олиб келишди. Полвоновнинг уйи 4 миллиард сўмга (3 ярим миллион доллар) баҳоланиб мусодара қилинган.
Туркман газини Тожикистонга етказиб берувчи Трансгаз шўъба корхонасининг раиси Зуфар Ботиров ҳам чет элга қочиб кетиш учун уйини “сотиб” Тошкентга борганида қўлга олинган. Бир неча кишининг қочиб кетгани маълум.
Қўққисдан бошланган бу “тозалашнинг” сабаблари нимада? Гулнора ишга киришдими ёки бу масалага Гулноранинг аралашганидан хабардор бўлган Каримовнинг жаҳли чиқдими? Агар яқин кунларда вилоят ҳокими ишдан олинса, демак иккинчи тахмин тўғри бўлиб чиқади.
Хуллас, Гулнора ва Мирзиёев кўринишда жуда яқин бўлсаларда амалда жиддий рақобатнинг ичидалар. Буни биргина Хоразм мисолида таҳлил этдик. Ваҳоланки, бугун ҳар бир вилоятда шундай манзарани кузатиш мумкин. Каримов бу жуфтликнинг рақобатларига ҳам чора топса керак? Тополмаса, демак диктатура қўлдан қўлга ўтиш фазасига кирган.
Гулнора бугун Жиззахда.
Нега у Жиззахга қатнаб қолди?
13-4-2006
САВОЛ: Сиз Каримов яна ўзи ҳақида ўйлай бошлади деб ёзган эдингиз, бошқа манбалар Гулнора ҳақида ёзмоқдалар, бунга нима дейсиз?(Шермат).
ЖАВОБ: Албатта, бугун ҳамма ҳар нарсани тахмин қила олади, аммо эртага нима бўлади ҳеч ким аниқ айта олмайди. Лекин мен ҳали ҳам Гулнора отасининг ўрнига ўтишига у қадар ишонмайман. Чунки бунга вақт керак. У камида бир вилоят ҳокими, кейин Бош вазир бўлиб, бу вазифаларнинг ҳавосини олмаса бўлмайди.
Агар Каримовнинг кўнглида шу нарса бўлса, ҳалига қадар Гулнорани ана шундай ишлардан бирига тайинлар эди. Лекин кейинги вақтда Гулноранинг вилоятларга қатнови кўпайиб қолди. Ҳали унинг Мирзиёев ҳамроҳлигида Жиззахга борганига кўп бўлган эмас. Аммо у кеча ва бугун ҳам Жиззахда. Нима эмиш, кам таъминланган оилаларга ош бериш учун борибди. “Тереза она” номини олмоқчими ёки бошқа мақсади борми бу энди унинг ўзига ва яратганга аён.
У Жиззахга кеча кечқурун бориб, вилоят ҳокими қароргоҳида дам олган ва фаоллар, бизнесменлар билан кўришган. Тошкентдаги манбага кўра, Хоразм туфайли ораларидаги кўринмас кураш очилиб қолганидан Мирзиёев ташвишда ва хонимнинг кўнглини олиш учун Жиззах учрашувини ташкил қилдирган. Шу билан бирга унутмаслик керакки, Мирзиёев ёки бошқа одам келиб қолмасин деган кучлар ҳам бор ва улар бойликка ўч бўлган Гулнора омили бу хавфни бартараф этади деган тушунчадалар.
Каримовга қайтсак, унинг калласида нима борлигини ҳам билиш мушкул. Чунки у қатъий қарорга эга бўлмаган одам. Ҳар лаҳзада гапидан ва фикридан қайтиши унга одат. Шунга қарамай Девондаги воқеалардан келиб чиқиб, баъзи нарсаларни тахмин қилиш мумкин.
Энг асосийси у жуда қўрқув ичида. Олдингилари каби Девонга тушга яқин келиш одати йўқолган ва баъзи кунлар кабинетига саҳарлаб келиши эса, тинч ухлай олмаётганидан ҳам даракдир. Айни пайтда бу унинг қандайдир ишга тайёргарлик қилаётганини ҳам кўрсатади. Унинг тез-тез Мирзиёевни чақираётгани баҳор келиб, ташвишлар кўпайганидан бўлмаса керак?!
Нима бўлганда ҳам вақт Каримовни исканжага олган ва у хато қилиб қўймаслик чорасини изламоқда. Оддий бир хато қум устида турган “қаср”нинг қулаб кетишига боис бўлишини ким, ким, бу қасрнинг “меъмори” Каримов яхши билади.
Тошкентдан олинган яна бир маълумотга кўра, Каримов Мирзиёевга ташқаридаги мухолифатнинг радикал бўлмаган, “ўз номига қора доғ туширмаган” қанотлари билан тил топишиш, уларнинг мамлакат ичидаги баъзи фаолларини ўз партиясига жалб қилиш, айримларига иш ваъда этишни буюрган.
Ўзбекистонда
“бугун-эрта жанг бўлади”-ми?
18 Апрел, 2006 йил
САВОЛ: “Озодлик’ радиосининг 2006 йилнинг 16 Апрел кунги “Қурултой” дастурида Ўзбекистонда “бугун-эрта жанг бошланиши” ва бу мухолифатнинг қандайдир катта ва яширин кучлар қаноти остида ватанга қайтишига йўл очиши ҳақида Муҳаммад Солиҳнинг тарафдори сифатида гапирган Исмат Хушевнинг баёноти янгради. Бир пайтлар ўқиган эдим, Исмат Хушев ҳам ДЎКга аъзо бўлганди. Мана шунга ДЎКнинг позицияси борасида нима дейсиз?(Обид).
ЖАВОБ: ДЎК фаолиятида қатнашмай қўйган шахслар автоматик равишда унинг аъзолигидан чиқиб кетишлари ташкилотнинг низомида очиқ ёзилган ва бу унинг сайтига қўйилгандир. Исмат Хушев ташкилот билан узоқ вақтдан буён алоқада бўлмагани, унинг фаолиятида қатнашмагани учун ўз ихтиёри билан ундан чиққан ҳисобланади ва ҳозир ДЎКнинг аъзоси эмас. Бу демократик танлов.
Энди “баёнот” масаласига келсак…Бу гапни Канадада яшаётган Исмат Хушев айтгани учун жиддий олмаса ҳам бўларди. Қолаверса, бошқа пайтда ва бошқа мавзу муҳокамасида бу гап айтилганда ҳам жиддий олинмаслиги мумкин эди.
Аммо 2007 йилда Эрк партиясининг сайловда қатнашиши олдинга сурилган махсус дастурда, мазкур масалани астойдил қўллаб қувватловчилардан бири сифатида гапирган шахс бу гапни айтгани жуда хавотирли.
Чунки биз жиддий олмаганимиз билан, ҳукуматдагиларга худди шундай “баёнот” керак ва улар буни жуда жиддий оладилар. Хориждан босим қилувчиларнинг оғзига шундай “баёнот” билан урадилар ва мамлакат ичидагиларни ҳам шундан келиб чиқиб баттарроқ қатағон қиладилар.
Бу эса биз хатолардан мутлоқ хулоса чиқармаслигимизнинг оқибатидир. Чунки илгарилари ҳам худди “Озодлик”дан айтилган худди ана шундай “баёнот”лар туфайли юзлаб фаоллар қамоқларга тиқилган ва демократик жараёнларга қарши қатағон юритилган эди. Ўша “баёнот”лар диктатура режими ўзбек халқининг бошида бугунга қадар қолишига озми-кўпми ёрдам берганини ҳам инкор қилиш мумкин эмас.
Ҳукумат мана шуни баҳона қилиб хориждан келадиган ҳар бир учқичдаги ҳар бир одамни текшира бошласа ва чегараларда зуғум янада кучайса асло ажабланмайман. Халқни қўрқитиш авжига чиқса, Ғарбга нисбатан шубҳа янада кучайса ва бу одимлар танқидга учраса, ҳукумат ана шундай “баёнот”ларни рўкач қилади. Мана шундай “баёнот” фойдасида зулмнинг умри янада узайтирилади. Буни ҳар бир сайлов олдидан кўрмоқдамиз.
Минг афсус, яна бир бор кўрамиз, шекилли. Бу масалага умуммухолифатнинг демократия учун тинч йўллар билан кураш позициясини қўллаймиз деб айтаётган ЭРК партиясининг (Муҳаммад Солиҳ гуруҳи) дахли, алоқаси борми-йўқми билмайман. Ҳар ҳолда бунга уларнинг ўзларидан жавоб кутмоқ керак.
Биз эса узоқ давом этсада, тинч, демократик йўлни танлаганмиз ва ҳар қандай жанг фақат оддий халқнинг қони тўкилишига олиб келишини биламиз. Ўзимиз панада, тинч жойда туриб, халқни жангга киришга, зулмнинг оёқлари остида жон беришга руҳлантиришдан ҳам йироқмиз, буни маънавиятсизлик, худбинлик деб қараймиз. Мен 2005 йилнинг 8-Май куни худди ана шу “Озодлик” радиоси орқали айтган эдим, қанча одам чиқса ҳам бу режим танклар билан мажақлайди деб. Орадан беш кун ўтиб, шундай бўлганди. Бугун ҳам фикрим ўзгарган эмас. ДЎКга аъзо бўлганлар билан бу масалада ҳамфикрмиз. Шу сабаб ҳар қандай жангга ва жанг ташвиқотига қаршимиз. Аксинча жангларнинг олдини олишни катта вазифа деб биламиз. Позициямиз ана шу!
Шу ўринда бир мулоҳаза. “Озодлик” мухбири Абдулла Искандар (Шуҳрат Бобожонов) эса бундай жиддий мавзуни муҳокамага қўйганда озгина одил бўлиши керак. Айниқса, Бобожоновлар 1991 йилда Муҳаммад Солиҳнинг сайловдаги (Хоразмда) ишончли вакили бўлгани учун ҳам у бир қадар инсоф билан ҳаракат қилмоғи зарур. Чунки бироз олдин “Бирлик” ҳам ўз номзодини илгари суриши ҳақида билдирганди. Нега бу ҳақда лом-мим дейилмади? Ёки “Озод деҳқон”лар-чи? Нега уларнинг ҳам вакиллари қатнашмади? Қолаверса, “ЭРК”нинг Самад Мурод қаноти-чи? Бунинг устига Муҳаммад Солиҳ номзодига очиқ қарши чиқаётганлардан бири Баҳодир Чориев номи бот-бот тилга олингани ҳолда унга минбар берилмаслиги ҳам ўзини мустақил ҳисоблайдиган, аммо мустақилликдан анча йироқда қолаётган Шуҳрат Бобожоновга ярашмайди.
Омон бўлсак, бу гапларни
Сизга 2008 йилда эслатаман
22 Апрел, 2006 йил
САВОЛ:ДЎКнинг позицияси ҳақида: “Бугун ўзбек демократик мухолифатининг ташқаридаги барча аъзолари тенг ҳуқуқлидирлар. Ҳамманинг битта статуси бор – ҚОЧҚИН! Шундай экан, уларнинг битта йўли бор: шахсий амбицияни йиғиштириб, ўзаро бирлашиб, бутун сиёсий, молиявий ва маънавий кучни мамлакатга сафарбар этиш, ичкаридан битта номзодни танлаб, диктатурага қарши туриш. Бу демократик умуммухолифатнинг бирлигига ҳам кафолатдир.
Биз ана шу йўлда ҳар қандай музокарага, таклифга очиқмиз ва ёрдам қўлини узатишга ҳозирмиз. Акс тақдирда 2007 йил ҳам ўтади ва мухолифат тарқоқ, кучсиз ва халқдан ажралган, Ватандан айро тушган, шахсий манфаатлари учун яшаётган бир неча кимсанинг атрофида уймалашган тўдаларга айланиб қолаверади” деб ёзибсиз. Менда дарҳол савол туғилди: Нега номзод ичкаридан бўлиши шарт? (Озодбек).
ЖАВОБ: Бугунги шароитларда ташқаридан кўрсатилган номзод шундай ҳам тарқоқ бўлган мухолифатни янада парчалашга уриниш ва сайловга етмасдан туриб 100 фойизлик мағлубият эканлигини ёш бола ҳам тушуниб турибди. Буни англаган ҳолда ўзини шунга уриш эса, шунчаки соддалик ёки Ватан ҳақида нимадир қилишга уриниш эмас, балки шу баҳонада сиёсий кампания қилиб ўзининг ташқаридаги сиёсий умрини, роҳатини кафолатга олиш ва “мен президент бўламан” дея олган қарзларини “списат” қилиш ва турли тадбирларга харажат қилувчиларнинг диққатини жалб қилишдан иборатдир. Яъни тирикчиликнинг бир йўли.
Бугун мамлакат ичида қолган мухолифлар бирлашишни ва бирлашиб битта номзод чиқаришни истаётган эканлар, нега уларга пешвоз чиқмаслик керак? Бу осмондаги ойни узиб оламан дегандан кўра, заминга яқинроқ ҳаракат эмасми? Бу ҳолатда ҳеч бўлмаганда мухолифатни бирлаштириш ва уни катта сиёсий кучга айлантириш мумкин ҳамда Ўзбекистоннинг бугунини бўлмаса ҳам келажагини қутқазиш ва 15 йил давомида кичкина диктаторлар дея қозонилган тавқи лаънатдан қутулиш мумкин.
Каримов тарихни мен ёзаман деган ахмоқона тушунча билан яшаганидек мухолифлари ҳам айни мантиқ билан иш битирмоқдалар. Лекин тарихни халқ ёзади. Бугун бўлмаса эртага.
Мамлакат ичида умуммухолифатнинг ишончига сазовор номзодлар борми? Албатта бор. Мамлакат ичида халқ бор. Халқ бор жойда эса лидерлар бор.
Агар Ўзбекистон ичидан бир лидер танланса ва мухолифатнинг барча қанотлари уни қўлласа, жумладан ташқаридагилар сиёсий, молиявий ва маънавий ёрдам кампаниясини бошласалар бу номзодни бутун дунё қўллайди.
Битта нарсани унутмайлик, дунёнинг бирор бир мамлакати турли сайтларда ёзилган ёки ахборот манбаларида ишлаётган тарафкашларнинг фикри билан хулоса қилмайди. Агар шундай бўлганда АҚШ Давлат департаментининг йиллик ҳисоботида баъзи “лидер”ларни ихтиёрий қочоқлар деб элон қилишмас эди. Чунки барча мамлакатларнинг Ўзбекистонда элчихоналари бор ва бу жойларда кимнинг кимлиги ва нимага қодирлиги ҳақида ҳар куни ҳисоботлар тайёрланади ҳамда ўз мамлакатларига тақдим этилади. Улар кимнидир битта одам номзод деб эълон қилаяптими ёки орқасида кўпчилик борми, ҳаммасини бизу сиздан яхши биладилар.
Санжар Умаров нега бу қадар дунё диққатини тортганди?
Биринчидан, у мамлакат ичида эди.
Иккинчидан, ҳеч бўлмаганда беш – ўнта одамга раҳбарлик қилган ва мамлакатдаги бошқарувдан хабардор эди.
Учинчидан, мамлакатдаги замонавий бойлар ва ёшлар унга эргашишлари эҳтимоли кучли эди.
Тўртинчидан, уни ҳукумат доиралари билан ҳам алоқаси бор деб ўйлашганди.
Бешинчидан, у уйим йўқ, машинам йўқ дейдиган даражада очофат эмас эди.
Шу ҳам етарли бўлмади ва қув тушди. Лекин истайсизми истамайсизми бугунги даврда бу каби нарсалар ҳисобга олиниши керак.
Каримов бугунга қадар мухолифатни қўлланиб ўз зулмини асослашга уриниб келмоқда. Кимлардир бу борада Каримовнинг оқловчисига айланиб қолишмоқда. Бугун ҳам умуммухолифатга қулоқ солмасдан уч-тўртта қарсакбоз билан ура-ура қилиш Каримов режимининг умрини узайтиришга хизмат қилишдир.
Ҳозирданоқ ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, кейинги кунлардаги шовқин-суронлар билан мухолифатнинг 2007 йилги сайловга кира олмаслиги таъмин этилди ва мухолифат мағлубиятга маҳкум қилинди. Агар мен хато қилган бўлсам, 2008 йилнинг бошида эслатинг, бўлмаса бу гапларни ўшанда мен сизга эслатаман!
Шу ўринда фақат шуни илова қилмочиманки, демократик шароитлар ва доираларда истаган одам мен президент бўламан деб айтишга ҳақли. Аммо у бу ҳаққа ҳалол кураш туфайли сазовор бўлади. Дастлаб партия ичи курашида “Мен президент бўламан” деганлардан бир нечаси беллашиб, охирида биттаси қолади ва у бошқа партияларнинг ёки ҳаракатларнинг номзодларига ёхуд мустақил номзодларнинг қаршисига чиқади.
Диктатура ўлкалари ва давраларида эса бир киши “Ҳа, энди кўрамиз” деб қўяди ва атрофида уймалашган бир икки маддоҳ эртасигаёқ унинг номзодини кўрсатади. Табиийки, “партия”, “халқ” номидан. У ҳам дарҳол қабул қилиб, ҳатто билдирилган юксак ишонч учун раҳмат ҳам айтади. 15 йилдир биз иккинчи ҳолатни кўрмоқдамиз ва бугун ҳам.
Мен мулоҳазаларимни айтдим ва хулосани сиз чиқаринг!
“Ё Раб, бугун қиёматми?”
25 Апрел, 2006 йил
САВОЛ: Мен илгари ҳам сизга бир икки марта ёзган эдим. Ҳозирги хатимдан мақсад сизнинг 2007 йил бўладиган Ўзбекистон президентлик сайлови ҳақида фикрингизни сўрамоқчи эдим. Сизнинг бу ҳақда умумий фикрингиз қандай.Яна эса, сизга мендан Юлдуз Усмонованинг “Иймон” номли қўшиғини. (Мана бу ерда эшитиш мумкин) Бу қўшиққа нисбатан ҳам ўз фикрингизни билдирсангиз, илтимос. Балки эшитгандирсиз. Шу қўшиқ билан янги концертни очиши керак эди, лекин қўйишмади, шекилли. Сабабини ўзингиз билсангиз керак. Ҳурмат ила Европадаги юртдошингиз Г.
ЖАВОБ: Кўп йиллардан бери Юлдуз Усмонованинг қўшиқларини тингламас эдим. Унинг “ватангадолар”, “Ватан хоинлари”, “қочиб кетганлар”, “кўзлари бир ҳовуч тупроққа зор қолиб кетгурлар” га аталган қўшиқлари бунга сабаб эди. Мустақиллик куни байрамларида Каримовнинг кўксига бош қўйишлари ҳам унга нисбатан нафрат уйғотганди. Чунки истеъдод Яратгандан келади ва бундай қобилиятга соҳиб одамлар уни шоҳнинг остонасига ташламасликлари керак. Юлдуз катта истеъдод соҳибаси ва шунга муносиб қолиши шарт деб ўйлардим.
Баъзилар унинг орада қувғинга учраганини эслатишса, яна баъзилар уни Каримовнинг ишқи тушган таннозлардан бири ва Каримов унинг думба рақсларига маҳлиё ҳам дейишарди. Уни шахсан таниганим учун ва гапларга қўл силташнинг бирдан-бир чораси уни эшитмаслик эди.
Менинг бу сукунатимни сиз буздингиз ва сиз юборган қўшиқни эшитдим. Ҳақиқатдан ҳам жуда қизиқ. Балки Юлдуз ҳажга бориб, Ҳожи она бўлиб қайтгандан кейин ўзлигига қайтишни ихтиёр қилган бўлиши мумкин. Ёки бу режимнинг охири кўриниб қолганига ҳатто у ҳам ишона бошладими? Акс тақдирда, ўзининг лойи олинган Андижонда қон тўкилганда ашулачи Юлдуз мум ютганда ҳам, сиёсатчи Юлдуз Усмонова нимадир дейиши керак эди. Балки бу қўшиқ ўша айтилмай қолган “тугун”нинг юракдан отилган наърасидур?
Қўшиқдаги “Ё Раб, бугун қиёматму?” деган сатрнинг ўзи Каримовга ва унинг режимига исён. Чунки барча қўшиқчилар ва шоиру ёзувчилар “Ё Раб, бугун жаннатдур” деб турганда буни савол остига олиш мушкул иш.
Шунингдек, қўшиқдаги: “Ўргансинлар Қуръонни…/Агар қалби уйғонмаса,/ Қайдан олсин иймонни…” каби гаплар Ислом Каримовнинг башарасига тортилган тарсакидир.
Юлдуз буни балки билиб айтган, балки билмай. Ҳар ҳолда билиб-билмай айтганки, “Ё Раб, бугун қиёматму?” деб сўрамоқда. Агар билиб айтганда “Ё Раб, бугун қиёматдур?” деб юборган бўларди.
Нима бўлганда ҳам бугунги золим режимнинг бир “гули” бу режимнинг қонга ботган қўлига ўз тиканини ботирибдими, демак, бу гулдан нафратланмаслик керак!
Сўнгги имконият!
6 Май, 2006 йил
САВОЛ: Менимча, Андижон фожиасининг бир йиллиги бутун мухолифатни бирлаштирди, энди ана шундан фойдаланиб, бир иш қилиш мумкин эмасми? (Акрам).
ЖАВОБ: Бугун бутун “Мухолифат бирлашсин!” деган чақириқлар бор, аммо бирлашиш йўқ. Аксинча амалдаги баъзи фаолиятлар мухолифатни нафақат бирлаштириш, балки бирига иккинчисини чайнатишга хизмат қилмоқда. Ҳали сайлов кампанияси бошланмасдан, бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари фаоллари Жаҳонгир Шосалимов номзодини қўллашга чақирса, “ЭРК” нинг 5-6 кишилик бир гуруҳи Муҳаммад Солиҳни аллақачон ўз президенти деб эълон қилиб, унинг этагидан тутган ва “ЭРК”нинг иккинчи гуруҳи “Давра кенгаши” атрофида ягона номзод тарафдоримиз дея баёнот эълон қилган, яна бир 5-6 кишилик гуруҳ Абдураҳим Пўлат номзод бўлиши керак деб бонг урмоқда ва ҳоказо. Демократик жамият учун бу нормал ҳол. Аммо диктатурага қарши кураш шароитида бу тарқоқлик, парчаланиш, бўш аравани Криловчасига ҳар томонга тортишдир.
Даҳшатлиси шундаки, мухолифатнинг бу ҳолидан ҳатто диктатура режими ҳам кула бошлади. Илгари бу режим мухолифатни парчалаш учун кўп иш қилган бўлса, бугун энди МХХнинг ҳам кераги бўлмай қолди. Шуҳратпарастлик, манфаатпарастлик, маҳаллийчилик ва бир-бирига кин сақлаб, “сандан ман устунман” деган тушунчалардан келиб чиқиб, ўжарлик билан қилинаётган ҳаракатлар илгари ёзганимдек, мухолифатнинг 2007 йилги сайловдаги мағлубиятини олдиндан тахтлаб қўйишдир.
Бугун ҳамма самимий бўлиб, диққатни ичкарига йўналтирсагина бир нарсага эришиш мумкин. Масалан, ичкаридан бир умумий номзодни танлаб, сайловга яқин қолгандагина унинг номини мустақил номзод сифатида эълон қилиб, ҳамма бир тан, бир жон тарзида унинг учун имзо тўплашга киришилса, бу:
-биринчидан, халқнинг ишончини қозониш учун омил бўлса;
-иккинчидан, тарқоқ мухолифатнинг бирлашувини таъминлайди;
-учинчидан, режимни қалқитиши мумкин.
Бугун Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлат номзодларини дунё жамоатчилиги, ўзбек умуммухолифатни қўлламаслигини англаш учун беш кило ақл талаб этилмайди. Шундай экан, мухолифат бирлашиб қўлламаган номзодни халқ қўллайдими? Аммо улар бугун тарихий одим отиш имконига эгадирлар. Бу уларга обрў олиб келадиган сўнгги имкон. Абдураҳим Пўлат ва Муҳаммад Солиҳ “Бизнинг мақсадимиз президент бўлиш эмас, балки халққа хизмат қилиш!” деган шиорни ўртага ташлаб, ўз номзодларини четга суриб, мамлакат ичидан танланадиган номзодни қўллашларини айтишлари керак. Бирлашув учун биринчи одим мана шундай заковатли бўлади.
Уч кун олдин кутилмаганда бир йиллик “танаффус”дан кейин менга Абдураҳим Пўлат телефон қилиб қолди (у билан охирги марта 2005 йилнинг 10 Июл кунги мажлисда кўришган эдик-ЖМ) ва АҚШдаги мухолифат намоёндалари учрашиб, гаплашиб туриши кераклигини айтди. Унинг маълум қилишича, 6 Май кунига белгиланган мазкур учрашувга жой ҳам танланган, Бобур Маликов “ЭРК”нинг Муҳаммад Солиҳ гуруҳидан Сулаймон Мурод қатнашувини уюштиришни ўз гарданига олган. Яхши гап. Айни муддао!
Гарчи бир натижа чиқишига ишонмасамда, уларга масаланинг жиддийлиги ва бу сўнгги имконият эканлигини яна бир бор эслатишни назарда тутиб, Демократик Ўзбекистон конгрессидан мен, Зокир Алиев, Баҳодир Чориев, Жамшид Очилов ва Бобуржон Исоевлар қатнашажагимизни маълум қилдим.
Менимча, бу “бир нарса қилиш мумкин эмасми”, деган саволга ҳам жавоб бўлади. Кўрамиз, сўнгги имкониятни, тарихий бурилиш нуқтасини белгилайдиган имкониятни ким, қандай баҳолайди?
Кетдингизми, қайтмайсиз!
18 Май, 2006 йил
САВОЛ:Сиз бундан бир неча йил олдин битта саволга жавоб ёзганингизда Ватандан чиқиб кетганларнинг қайтмасликларини, бунинг жиддий асослари борлигини ёзган эдингиз. Лекин бугунга келиб қайтиш иштиёқи кучайиб бормоқда, бунга нима дейсиз?( Баҳром).
ЖАВОБ: Қайтиш иштиёқи ҳамма вақт кучли бўлади, айниқса, Ватандан яқинда кетганлар орасида. Улар айрилиқ, соғинч, ёлғизлик каби дардларнинг гирдобига тушадилар. Ҳатто эҳтиросли шоирга ҳам айланадилар. Мен ўзим 1992-1994 йиллардаги ижодимга назар солсам жуда кўп шеърлар ёзган ва асосан ана шу мавзуларда бўлган экан. Кейин кейин ҳақиқатни тушуна бошладим.
Афғонларда бир гап бор. Қўпол бўлса ҳам самимий айтилган гап. “Бир марта қоғоз ишлатган одам, кейин кесакни ишлатмайди” дейди улар. Бу шунчаки гап эмас. Четга кетдингизми, йиллар сизни бошқа шароитларга, бошқа одамларга ва бошқа турмуш тарзига ўргатади. Сиз Ватанга риштани сақлаб қолишингиз мумкин. Аммо бошқа муҳитда ўқиган фарзандларингиз учун Ватан улар яшаган жой ва сизнинг Ватанингиз эса ота-онасининг тарихий юрти бўлиб қолади. Сизнинг қўлингиздан келгани уларда ўз тилингизни қисман сақлаб қолиш, уларда тарихий Ватанингизга муҳаббат уйғотиш ва уларни тарихий Ватанингизга ёрдам беришга руҳлантириш. Қолган гаплар афсона. Сиз қайтсангиз ҳам улар қайтмайдилар. Ҳатто сиз ҳам меҳмон сифатида бориб, яна болаларингиз ҳузурига келасиз.
Очиқ бир гапни айтай, ҳатто ўлиб, Ватаннинг тупроғида ётиш ҳам афсонага айланади. “Ўзбеклар ва ўзбеклар” китобида Ҳожимурод ҳолвачи ҳақида ёзган эдим. Ватан деб умр бўйи ўзлаган инсонлардан бири эди у. Ватан мустақил бўлганда кўчиб бораман деса, буни уддалай олмабди. Оилани ташлаб кетиб бўладими? Оила дилга Ватандан ҳам яқин! Оиласини ташлаган инсоннинг Ватан ҳақидаги гаплари шунчаки сиёсат!
Ана шу Ҳожимурод ака Ватанга охирги марта боришларидан олдин мачитга кириб “Мени дуо қилинглар, Ватанда жон берайин” деб кетдилар. Орзуларига етиб, 86 ёшда Ватанда жон бердилар. Лекин “Озодлик” радиосида Ватан ҳақида ёниб-ёниб гапирадиган Усмон Муроднинг ота васиятини бажариш учун қилган интилишлари зое кетиб, қолган фарзандлар ва қариндошларнинг талаби билан майитни Америкага олиб келишди. Бу ҳаёт ҳақиқати. Бу ҳақиқатдан ҳамма қўрқади ва шу боис бу ҳақда ҳатто гапиргиси ҳам келмайди. Бу минглаб мисоллардан фақат биттаси!
Афғонистон ўзгаргандан кейин четда яшаётган ватандошларга икки фуқаролик ҳуқуқини беришди ва қайтишга ундашди. Мингдан бири қайтди. У ҳам тужжорлар ва бир иш қилиш ниятида. Ёки сиёсатдонлар. Ҳукуматда ишлаш учун. Аммо уларни “хоинлар” деб эълон қилишди ва бугун битта-битта қувиб чиқаришмоқда, Карзайни ҳам “сотқин” дейишади ва у ҳам барибир бир кун Ғарбга қайтади, собиқ вазирлар каби. Чунки уларни бегоналар дейишмоқда, қийин кунда жонини олиб қочганлар дейишмоқда. Худди шу ҳол Ўзбекистонда ҳам юз беради.
Биринчидан сиз у ерда ўзингизни бегона ҳис этасиз, иккинчидан у ердагилар сизни бегона деб биладилар. Бу нарса 1990 йилларнинг бошида юз берди ва хориждаги ватандошлардан биттаси ҳам қайтмади. Қайтганларини қувиб чиқаришди. Шунинг учун ҳам агар ҳаётингиз ўлим-қолим билан юзма-юз бўлмаса КЕТМАНГ!!!
Хўш нима қилиш керак? Бир томонда юрагимиз ёнмоқда. Иккинчи томонда тошдай зил ҳақиқат. Менимча, самимий бўлиб, ҳақиқатни кўзига тик қарасак, Ватан ҳақидаги ура-ура гаплар билан ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам алдамаган бўламиз. Кетдингизми, тамом кетдингиз! Энди фақат Ватанга, Ватандагиларга узоқдан туриб моддий ёрдам беришингиз, узоқдан туриб маънавий қўллашингиз, узоқдан туриб қандайдир мадад кўрсатишингиз мумкин. Агар шуни уддалай олсангиз Ватанга энг улкан хизматни қилган бўласиз. Қайтаман, деб ҳар куни жар солиш эса, ана шу хизматни қилмасликнинг бир баҳонасидир!
Ватанга қайтишни мендан кўра
кўпроқ истаган одам бўлмаса керак!
20 Май 2006
САВОЛ: Ватанга қайтиш ёки қайтмаслик ҳақидаги савол-жавобни ўқиб, юрагим алланечук бўлиб кетди. Жавобда сизни ватанга қайтмаслигингиз тўғрисидаги фикр англашилган. Сизга қандай билмадим-у, лекин сизнинг ашаддий мухлисингиз сифатида менга бу гапларни ўқиш ж-ж-ж-уда оғир. Биз сизни оила аъзоларимиз билан яхши кўрамиз. Деярли ҳар куни сизнинг фикр-мулоҳазаларингиз, китобларингизни муҳокама қиламиз. Мени ҳаётда эзгу орзуларим кўп. Сиз билан ватанда кўришиш ва сизни ўз уйимда меҳмон сифатида кўриш ўша орзулар сирасига киради. Ман аминманки, бундай орзули инсонлар Ўзбекистонда жуда кўп. Гапнинг индаллоси шуки, сиз ва оилангиз ватанга қайтишингиз шарт. Шундай эмасми? (Азамат).
ЖАВОБ: Албатта қайтишим шарт ва Ватанга қайтишни мендан кўра кўпроқ истаган одам бўлмаса керак! Бугунги режим ўзгариб, йўл очилиши билан мени Ватандан топасиз. Ватанга кетишга мутлоқ мажбур бўлган саноқли инсонлардан бири бўлганим каби Ватанга қайтиши савол остига тушмайдиган саноқли одамлардан бири деб биламан ўзимни. Мен умримнинг ҳар сониясини Ватанга атаганман! Буни айтишни истамаганим учун ёзмагандим. Аммо маълум бўлаяптики, камтарлик қиламан деб ҳам хато қилиш мумкин экан.
“Кетдингизми, қайтмайсиз” деган жавобни фақат Азамат укамиз эмас, яна бир қанча дўстларимиз ҳам менинг Ватанга қайтмаслигим тарзида тушунган бўсалар, демакки мен бироз ноаниқроқ ёзган ёки камтарликнинг тузини кўпроқ сепиб қўйган бўлсам керак.
Гап менинг ёки яна бир икки саноқли кишиларнинг тақдири ҳақида эмас, балки умумий анъана ҳақида эди. Мен ҳаммани масалага жиддий қарашга чақиргандим. Бармоқ билан санарли кишилар ўлим билан юзма-юз қолиб Ватанни тарк этгандилар. Аммо Ватанни шунчаки шамолнинг “шир” этганига ташлаб кетганлар ёки ширин ҳаёт излаб тарк этганлар бугун Ватанга қайтишни катта сиёсатга айлантираётганлари, кечирасизу менинг ғазабимни уйғотади.
Ахир Сизга ҳеч қандай таҳлика йўқ эди, фақат машина, уй-жой, бойлик истаб ташлаб кетдингиз! Шундай экан, самимий бўлинг! Агар Сиз “Мен яхши ҳаёт истадим ва кетдим” десангиз бу самимий бўлади ва бунга сизнинг ҳаққингиз бор, буни ҳурмат қиламиз. Мана гап нима ҳақида.
Бугунга қадар шаклланган анъана ва реаллик шундан иборатки, турли сабаблар билан Ватандан кетганлар қайтмаганлар ва қайтмайдилар. Бу минг йиллардир шундай бўлган ва яна шундай бўлиб қолади. Аммо ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлаган саноқли кишилар бундан мустасно.
Каримов мухолифатнинг терроризмга
аралашмаган қисмини сиёсатга тортмоқчи…ми?
27 Май 2006
САВОЛ: Кеча “Озодлик” радиосидаги чиқишингизда Ўзбекистонда ўзгаришлар томонга қараб ғимирлашлар борлигини айтдингиз. Ватанга қайтиш – қайтмаслик ҳақидаги саволларга жавоб берар экансиз, “режим ўзгарса…” деган шартни қўйган эдингиз, бу режим ўзгармаслиги ҳам мумкин деган маънони ҳам беради. Қолаверса, радиода бугунги шароитдан келиб чиқиб, режим ўзгариши имкониятларидан гапирдингиз. Ростдан ҳам Ўзбекистонда қандай тахминий вазиятлар пайдо бўлиши мумкин?(Холиқжон).
ЖАВОБ: Танганинг икки томони бўлганидек, ҳар қандай гапнинг ҳам иккинчи томони топилишига шубҳа йўқ. Лекин мен кўп нарсага ишонмасам ҳам Ўзбекистонда режим ўзгаришига жуда ишонаман.
Аввало ўзгаришларнинг тахминий эҳтимоллари ҳақида:
1.Иссиқ жон. Кутилмаганда Каримов “думалаб” қолиши мумкин. Бундай ҳолда ҳозирги вазиятда ҳокимият Мирзиёевнинг қўлига ўтади. Бунинг учун асос мавжуд. Агар бу ҳол кейинчалик юз берса, яна Мирзиёев ёки унинг ўрнида ўтирган шахс ҳокимиятга эгалик қилади.
2. Мен олаётган маълумотларга кўра, Мирзиёевни истамаган кучлар ҳам мавжуд ва улар ҳам жиддий ҳаракат қилмоқдалар. Бундан Каримовнинг хабари бор ва “думини қимирлатган”ларни асфаласофинга жўнатмоқда ёки жўнатиш билан овора. Баъзи бир маълумотларга кўра, Мирзиёевнинг энг яқин дўсти Эркин Халиловнинг ҳам “уйқуси қочган”.
Россия Мирзиёевни у қадар хушламагани учун баъзилар Эркин Халиловга “отни қамчиланг” деб маслаҳат беришган. Жумладан, “Ислом отамиз қўққисдан кетиб қолсалар нима қиламиз, отни қамчилаб қўйинг” деб маслаҳат берганлардан бири Эркин Воҳидов эканлиги айтилмоқда. Мен Эркин Воҳидов билан икки йил бир қўмитада ишлаганим учун ундан бундай журъат чиқишига ишонмайман. Лекин Эркин Воҳидовнинг ўғли Хуршид ҳали МХХ, ҳали ИИВ ертўласида бир-икки кечадан “тунаб” чиқмоқда экан.
3.Каримовга яқин манбалардан олинган маълумотга кўра, у Бухоро сафари чоғида Нақшбандий мақбарасида қўй сўйдириб, ўзини дуо қилдирар экан, маҳаллий мулланинг “Илоҳим дунё тургунча туринг” дейишига “Шу гапингизни ҳали мендан кейин келган одамга ҳам айтасиз” деб ҳазил қилган. Ёки Бухоро туманидаги “Ғанипўлат” фермер хўжалиги раҳбари Субҳон Ғаниев билан кўришар экан, “Чарчаб қолдим” деб юбориши Каримовнинг умиди сўниб, тақдирига тан бераётганидан дарак.
Хуллас, Каримов қай тарзда кетган ҳолда ҳам, ундан кейин ким келишидан қатъий назар Ўзбекистон ҳам инқилобзада Шеварднадзе, Кучма ёки Акаев даврларидаги вазиятни бошидан кечириши эҳтимолга яқин. Бу эса демократик мухолифатга жуда тор йўлак очилишига имкон беради. Тор йўлакни кенгайтириш қийин бўлмайди, агар бу иш халқ ҳашарига айланса, табиийки.
Кўрдингизми, булар катта қанордан бир анор! Шунинг ўзи ҳам “режим ўзгарса…” деган гапимнинг ишонч тарафи оғир босишини кўрсатади.
Илова: Каримов Путин билан учрашувга борганда бешта таклиф олиб борган ва Путиндан маслаҳатлар олган. Жумладан, у қайтгач, Девонда яқин маслаҳатчилари билан учрашганда, Путиннинг “Мухолифатнинг терроризмга аралашмаган қисмини сиёсатга жалб этиш керак”, деган гапини айтган. МХХ ва ИИВга мухолифатчилардан кимнинг кимлигини аниқлаш топширилган.
Диктатура- заҳар, вужудингизга кириб олиб, сизни лоқайд ва бепарво,
умидсиз ва бефарқ қилиб қўяди, овозсиз қулга айлантиради
7 Июн, 2006 йил
САВОЛ: Ассалому алайкум Жаҳонгир ака, аввало сизга бўлган самимий ҳурматимни билдириб ўтмоқчиман. Илгари сизни танимас эдим, бироқ Университетга кириб, интернетни ўргангач, Сизни танидим, асарларингизни (уйимда интернетга уланган компьютерим бўлса-да, билиб бўлмайди, деган ўй билан ўртоқларимдан яширинча) ўқиб чиққанман. Мен собиқ шўролар даврида туғилган бўлсам-да, шу мустақиллик даврида ўсиб-улғайдим. Эсимни танибманки, бир кишининг, ўша халқнинг Доно Раҳнамоси бадиий раҳбарликларидаги бир ҳил “куй”ни эшитаман. Сизни ҳам қулоғимга ўрнашиб қолган доимий “куй”дан безиб тоза, янги ва энг муҳими самимий наволар эшитиш иштиёқи билан интернетга кириб, “Ота”нинг номларини гооглега қидиртирганимда, “ИАК” асарингиз орқали танидим.
Бир нарсага тушунмайман: Бўлаётган бу қинғирликлар, ифлослигу манфур ишлар ҳозирга келиб ҳамманинг ҳалқумига келган. Бироқ бир киши кўчада миқ этиб буни маълум қила олмайди. Нега деган саволга эса, кўпчилик “Бизнинг халқ азалдан бир-бири билан қўшилмаган ва қўшила олмайди. Жаноби Ҳақ ҳамма ҳалқларга нимадир берган бўлса, ЎЗБЕККА БИР-БИРИНИ ТИНМАЙ ТАФТИШ ҚИЛИБ, КАВЛАБ ТУРИШИ УЧУН ПЎЛАТДАН ЧЎП БЕРГАН!”, дея тагдор жавоб беради.
Дастлаб мен бу гапнинг қай даражада ҳақлигини текшириш учун узоқ ва яқин ўтмишимизга назар солиб чиқдим. Назаримда, бу гапларда ҳақиқат бордай, биргина мисол сифатида яқин тариҳимизга қора доғли саҳифалар бўлиб кирган “Пахта иши” ва ундаги Ивановларнинг қилмишларини эсга олиш етарли. Айтишларича, ўша пайтда бизда колхоз раисидан тортиб райком, ҳатто обкомларгача қўрққан бўлса, ҳудди шу жараённи Грузияда ҳам бошламоқчи бўлганларида, халқи чунонам тўполонлар қилгандан кейин “адолат таъминотчилари” бу ҳудуддан тез бадарға бўлишга мажбур бўлган эканлар.
Мени яна шунингдек бир муаммо ҳам қийнарди. Мен уни авваллари негадир таниқли шоир Эркин Воҳидовдан сўрамоқчи бўлиб юрардим. Балки, унинг оташин сатрларига маҳлиё бўлиб, ҳақиқатнинг танҳо куйчиси шул зот бўлсалар керак, деган қаноат бор эди менда. Аммо “ИАК”да у кишининг мулойим ва ним табассумли ниқоблари ортидаги башаралари очиб ташланганини кўриб, ўзимнинг соддалигимдан уялиб кетдим. У кишининг ҳақиқий портретларини чизиб берганингиз учун катта раҳмат. Майли бу алоҳида мавзу.
Хуллас, муаммо шуки, менинг кўпчилик оғайниларим бакалаврни битиргач, бу ердаги оғир вазиятдан қутулиш учун фаровон ҳаёт дардида ўқишни баҳона қилиб чет элларга (асосан АҚШ ва Европага) кетиб қолмоқдалар. Яқинда яна бир курсдошим ҳам Германияга кетишга бирга ҳужжатлар тайёрлашни таклиф қилди. Мен ахир ҳамма кетиб қолаверса нима бўлади, бу ер, шу халқ учун ҳам бир нарсалар қилиш керакку?”-деганимда у:
-Э, барибир бир ўзингни қўлингдан нима келади, қолаверса, “отамиз” Ўзбек-ни билган жойларигача олиб бориб қўйдилар, энди у оёққа туриб кетиши жуда мушкул, қолаверса, умр ҳаммага ҳам ўлчаб берилган, нега энди мен ана шу қисқа вақтимни ғалва-ю суронлар ичида ўтказишим керак?,- деб жавоб берди.
Ҳақиқатдан ҳам шундаймикан. Сиз сиёсатни яхши тушунасиз, бундан ташқари, юртимизнинг аҳволи четда янада яққолроқ кўринади-ку. Умуман, биз ёшлар учун бу ерда умид борми? Илтимос, бу борада фикрларингизни баён қилсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. (Исмоил).
ЖАВОБ: Ватанни севиш туйғуси ҳаммада бор. Аммо Ватан учун жон койитиш туйғуси ҳаммада йўқ.
Ватан ҳақида ҳамма гапира олади. Аммо Ватан ҳақида ҳамма ҳам бир нарса қила олмайди, ҳатто бунга қодир бўлсада.
Ватан ҳақида қайғуриш юракдан келади ва кимнингдир бўғзида қолиб кетади, кимнингдир ҳаётини остин-устун қилиб юборади.
Мен “Биз ватандан чиқиб кетиб хато қилдик” дея олмайман. Чунки Каримов бизни ўлдириб юбориш, қамоқда чиритиш учун юзимизга қараб қасам ичган кунлар эди. Мен билан бирга Каримовга қарши бош кўтарган депутатлардан қийнаб ўлдирилган Шовруқ Рўзимуродов, сирли равишда оламдан ўтган Тойиба Тўлаганова, ҳалига қадар зиндонда ётган Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов ва бошқаларнинг қисматлари Каримовнинг ўзи шахсан таниганларга нисбатан кин сақлаши нақадар даҳшатли эканини кўрсатиб турибди.
Аммо бугун энди Каримов яна 1990 йилларнинг бошидаги каби “санларни қамоқда чиритаман” дея зиндонга ташласада у яна 15 йил томоша қилиб ўтира олмайдиган кун. Унинг қуёши найзага кўтарилиб, пастга оға бошлаганига кўп бўлди. Фақат ерга қоришиб кетиши қолди, холос. Шу боис Ватанда туриб, демократик мухолифат сафларига яқинлашмоқ бугунги ёшларнинг келажаклари ёруғ бўлишига кафолатдир.
Четга кетганлар ва кетаётганларга “Тўхтанг, орқага қайтинг!” дея олмайман. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи ҳам йўқ. Ҳар ким ўз тақдири ва ўз йўлини ўзи танлайди.
Каримов режими ёшларнинг келажаги ва тақдири учун ҳам ҳукмдорлик қилмоқчи бўлади. Биз эса аксимиз. Ёшлар ўз йўлларини ўзлари танласинлар деймиз.
Каримов режими уларга буйруқ берса, биз уларга маслаҳат берамиз. Яъни бир томон уларга ҳокими мутлақ, иккинчи томон уларга маслаҳатчи бўлмоқчи. Маслаҳат мажбурийлик ташимайди. Истаган олади, истамаган йўқ. Шу боис бизнинг маслаҳатимиз шуки, агар очликдан ўлмайдиган, зулмдан синмайдиган шароитингиз бўлса, четга кетманг. Кетган тақдирда ҳам, қора меҳнат сўқмоқларида ёки битмас тунларнинг ёғдусида йўқолиб қолманг.
Қайтишга тайёрланинг, билим билан, янгиланиш кучи билан, эътиқод билан, аҳд билан қайтишга тайёрланинг. Ҳали шундай кунлар келади-ки, Ватан сизнинг қўлингизга ўтади.
Эртанги кунга ишонч билан яшаш сизга куч беради ва сиз келажакнинг соҳибига айланасиз. Эртанги кунга ишонмаслик эса сизни адаштиради ва ҳеч кимга айланиб қоласиз.
Диктатура – заҳар, вужудингизга кириб олиб, сизни лоқайд ва бепарво, умидсиз ва бефарқ қилиб қўяди, овозсиз қулга айлантиради. Агар тафаккур ва вужудингиз ана шу заҳарга қарши оёқ тирай олса, демак сиз соғлом ва бу заҳарни вужуддан чиқариб, унинг асли ўрни бўлган ахлатхонага ташлашга қодирсиз.
Демократик кучларнинг майдонга қайтиш уринишлари
9 Июн, 2006 йил
САВОЛ: Мен гарчи “Эрк”, “Бирлик” ва бошқа соғлом демократик кучларнинг ғоявий тарафдори бўлсамда, уларнинг кураш услубларини унчалик маъқулламаган бўлардим. Чунки тан оламизми йўқми, мухолифат (”Эрк”, “Бирлик”) билан халқ ўртасида икки томонлама алоқа ҳақиқатан ҳам узилиб қолган. Ўзбекистонда инқилобий ўзгаришлар бўлиши учун интернет, Озодлик-ББCдаги чиқишлар, Лондон ва Вашингтондаги учрашувлар жуда-жуда камлик қилади, менимча. Битта мисол: Бугунги ўзбекистонликлар “Эрк”, “Бирлик” мафкурасидан кўра Ҳизбутчилар тўғрисида кўпроқ маълумотга эга. Бугун Ўзбекистонда Ҳизбутчилар кириб бормаган бирорта маҳалла қолгани йўқ, десам лоф бўлмайди. Соғлом мухолифатнинг ҳам Ҳизбутчилар сингари “подполя”да ячейкалар ташкил қилиш, жонли одамлар билан алоқа ўрнатиш орқали курашиш усулларини қўллаш вақти етмадимикан? Сизнинг фикрингизни билишни истардим.(Барлос).
ЖАВОБ: Халқ билан ораси узилиб қолган куч ҳаёт риштасидан айрилиб қолган қоқ танага айланади.
Биласизми “жамиятдаги вакуум” деган бир тушунча бор. Бу сиёсий майдонда бўшаб қолган жойни англатади. Сиёсий майдонда бўшаб қолган жой узоқ шу ҳолда қолмайди. Бўшадими, майдондан чиқиб кетган бир кучнинг ўрнини иккинчиси эгаллайди.
Каримов режими демократик кучларни қатағон қилиш билан уларнинг ўрнига бошқа кучлар келди. Жумладан сизнинг таъбирингиз билан айтганда “Ҳизбутчилар”. Демократик кучлар қатағонга учраганда заиф бўлгани каби бугун “Ҳизбутчилар” ҳам сиз айтган каби кучли эмас. “Бугун Ўзбекистонда Ҳизбутчилар кириб бормаган бирорта маҳалла қолгани йўқ, десам лоф бўлмайди” дебсиз. Лекин бу лоф. Лоф бўлганда жуда катта лоф ва Каримов режимининг “ҳаммаёқни ҳизбутчилар босди” деган иддаосини оқлайдиган даражада катта лоф бу!
Балки улар демократик кучларга нисбатан яхшироқ шаклланган бўлишлари мумкин. Аммо улар бугун жамиятни ўзгартира оладиган даражадаги катта куч эмас. Буни Тожикистон ва Қирғизистон тажрибаси ҳам исботлади. Қирғизистонда ҳатто ҳукумат вакууми пайдо бўлганда ҳам улар “подполя”дан очиққа чиқа олмадилар. Демократияларда эса “подполя” бўлмайди. “Подполя”га кирдингизми демак, сиз демократ эмассиз.
Тўғри, Ўзбек жамияти бугун диктатурадан қутулиш учун ҳар қандай кучга умид билан қарамоқда. Аммо бу дегани бутун мамлакат аҳолиси диний давлат тарафдори дегани эмас. Лекин демократик кучлар мамлакатни бугунги каби ташлаб кетаверсалар, табиийки биз заиф деб атаётган ҳар қандай куч майдонда ҳокимлик қилиши мумкин.
Шунинг учун ҳам бугун президент сайлови олдидан бирлашиб, мамлакат ичидан бир номзод чиқариш учун бўлаётган интилишлар аслида демократик кучларнинг майдонга, халқнинг ҳузурига қайтиш учун очиқ курашидир. Аммо бу кураш қандай тус олади, буни яқин келажак кўрсатади.
-Қувғиндаги ижодкорлар уюшмаси ва
Кимнингдир кўнглини овлайин деб ўйлаш ижодкорнинг инқирозга юз тута бошлаши ҳақида
10 Июн, 2006 йил
САВОЛ: Агар ўқиган бўлсангиз, рус тилида чиқадиган Узметроном сайтида http://www.uzmetronom.com/fact/hushe_bivaet-_no_redko янги ташкил топган Қувғиндаги Ўзбек ижодкорлари уюшмаси ҳақида “қалампир сепилган” бир мақола чиқди. Унда айтилишича, бу ташкилотни “Бирлик”ни Каримовнинг оёғига поёндоз қилиб ташлаган, шу пайтгача ҳукуматнинг иккинчи даражали нашрларида раҳбар бўлиб, ижоди кўзга ташланмаган Исмат Хушев ташкил қилган. Ҳатто номини ҳам у бергани, агар мўъжиза рўй берса бу ташкилот ҳомийлигида ўлмас асарлар яратилиши каби гаплар айтилган.
Лекин сизга саволим бошқа. Шу ташкилотга муносабатингизни ва унга аъзо бўлиб-бўлмаслигингизни билмоқчи эдим. Қолаверса, “ижодкорнинг кимлиги”, “ижодкорнинг мустақиллиги” “ижодкорнинг мақтовпарастлиги” каби тушунчаларга сизнинг нуқтаи назарингиз қандай? (Отабек).
ЖАВОБ: Дарҳақиқат ўқимаган эканман. Ўқидим. Раҳмат. Менинг билишимча, бу ташкилотнинг асосчиси Юсуф Расуловдир. Чунки ташкилот тузилиши жараёнида шунақа нарса тузаяпмиз дея Юсуф Расулов бир мактуб ёзган ва Низом лойиҳасини юборган эди. Унга тузилажак ташкилотни қўллашимни билдириб жавоб ёзгандим. Чунки мен доим янгилик, янгиликка интилиш тарафдориман. Эсингизда бўлса, 2005 йил, 23 Июлда ёзган “Яна янги ташкилотми?” деган мақоламда агар ҳар бир одам биттадан ташкилот тузса ҳам бундан фақат фойда келишини айтган эдим. Ташкилот тузиш жуда осон, аммо уни ишлатиш анча мушкул. Шу нуқтаи назардан сиёсатдан узоқ туришни мақсад қилган бу ташкилотга омад!
Менга юборилган лойиҳани кўриб чиқиб, Юсуф Расуловга унинг номланиши билан боғлиқ бир фикр ёзгандим. Гапни чўзиб ўтирмасдан икки савол билан фикримни англатишим мумкин. Фараз қилинг, эртага Ўзбекистонда демократия бўлди. Шунда бу ташкилот номини қайтадан қўядими? Ёки қувғинга учрамасдан ижоди дунё кўзини кўра олмай юрган ижодкорлар бу ташкилотга аъзо бўлишни истасалар-чи? Юсуф Расулов бу фикримга ижобий қарагани ва мени тушунгани учун раҳмат.
Аъзо бўлиш ёки бўлмаслик ҳақида. Менимча бу ташкилотни тузиш ғоясини қўллаганимнинг ўзи етарли бўлса керак. Аммо менинг унга аъзо бўлишим ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Энди бу масалани ёпиб, сизнинг ижодкор қиёфаси борасидаги гапларингизга мухтасар тарзда жавоб берсам. Демак:
Ижодкорнинг кимлиги : ижодкорнинг кимлиги бирор бир ташкилотга аъзо бўлгани ёки қандай унвон олгани билан эмас, балки унинг ижоди билан баҳоланади. Аъзолик ёки унвонлар кўпинча ижодкорнинг зиддига ишлайди ва истеъдодни тупроққа қориштиради. Диктатура режимининг қаҳрамонлик унвони катта истеъдод соҳиблари Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповни ер билан яксон қилгани каби.
Ижодкорнинг мустақиллиги: ижодкор жуда ҳам мустақил ва ўз позициясида устивор турадиган шахс бўлиши керак. Масалан, мен бугунга қадар ҳеч кимга тобе бўлмадим ва кўнглимдаги бор гапимни у кимга тааллуқли бўлса ҳам очиқ айтдим. Буни Тангридан келган буюк ажр деб биламан. Чунки бу ҳолатни жуда оз одамларда кўрдим. Баъзилар мени тушуна олмагани ҳам шундан бўлиши мумкин. Буни нормал ҳол деб биламан. Бошқалар мени тушуна олмаса нима бўлади, уларнинг кўнглини овлайин деб ўйлаш ижодкорнинг инқирозга юз тута бошлашидир.
Ижодкор бировнинг этагига осилишини шармандалик деб биламан. Лекин бизнинг жамиятда ўзини ижодкор деб ҳисоблаганлар албатта, кимнингдир этагига осиладилар. Бошимизга келган балолар мана шундан. Ўзбекистонда саноқли ижодкорларгина Тангри берган ажрни оёқ ости қилмадилар. Аксарияти бу ажрни топтаб ташлади.
Шоҳга маддоҳлик қилсанг, ё қул, ёки ўғрисан,
Золимга исён этсанг, демак халқнинг ўғлисан.
Ижодкорнинг мақтовпарастлиги: мақтов ва гиёҳванд модданинг фарқи йўқ. Ҳар иккаласи ҳам кишини маст қилади, ақлини ўғирлайди ва нашаванд этиб, танқидни эшита олмайдиган даражада кар қилиб қўяди. Ижодкор мақтовни эшитишдан ҳам, мақтовга маҳлиё бўлишдан ҳам устун тура олса у ижодкордир. Акс тақдирда у нашавандга айланиб қолади. Ўзбек жамиятида, афсуски, бугун нашавандлар даври бўлди!
Жаҳонгир Шосалимовнинг қаҳрамонлиги
11 Июн, 2006 йил
САВОЛ: Ўзбекистон ичида яшаётган Жаҳонгир Шосалимов ўз номзодлигини президентликка қўйганлиги ҳақида маълумот ўқиб қолдим. Бу маълумот ҳақиқатга қанчалик яқин? У киши номзодлигини қонуний равишда рўйхатдан ўтган ҳолда қўйдиларми ёки муҳолифат сифатиданми? Шу ҳақда уз мулоҳазангизни билдирсангиз. Мақолани қуйидаги линкда уқиш мумкин ( Ж.Шосалимов).Ҳурмат билан, Комилжон.
ЖАВОБ: Амалдаги қонунларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди. Яъни бунга бор-йўғи 20 кун берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан, яъни қурултой томонидан ёки сайловчилар ташаббускор гуруҳи йиғилиши томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистонда шахсларнинг ўзларини-ўзлари номзод сифатида кўрсатишлари қонунда назарда тутилмаган. Лекин демократик тамойиллардан келиб чиққанда, бу нормал ҳодисадир. Чунки демократияларда шахслар ўз номзодларини илгари суришлари ва шундан кейин партия ичи сайловида қатнашишлари ёхуд якка тартибда ўз тарафдорларини тўплашлари одат тусига кирган.
Сиз айтган ҳолда Жаҳонгир Шосалимов сайловчиларнинг ташаббус гуруҳи томонидан номзод сифатида кўрсатилиши мумкин. Бошқача айтганда у фуқароларга олдиндан нафақат розилик бермоқда, балки мени қўлланганлар деган ишорада ҳам бўлмоқда. Унинг бу фуқаролик ҳаракатини диктатура шароитида қаҳрамонлик дейиш мумкин.
Мамлакат ичидаги мухолифат сафларидан ана шундай қаҳрамонлар кўпроқ чиқса, уларнинг орасидан бир кишини танлаш шунча осон кечади.
Умуман шу кунларда сайлов билан боғлиқ жуда кўп саволлар олмоқдаман ва яқин орада бу йўлдаги тўсиқлар, қонуний имкониятлар ва мухолифатнинг имкониятлари каби масалаларни ўз ичига олган батафсил бир мақола ёзсам керак. Бу айни хусусдаги саволларига жавоб кутиб турган ўқувчиларга ҳам жавобим бўлади.
Гумон фитнадир! Гумон учун Жабборнинг жазоси бор!
14 Июн, 2006 йил
САВОЛ: 10 Июнда ҳттп://cентрасиа.орг/неwсА.пҳп4?ст=1149907620 да рус тилида Абдураҳим Пўлатов ҳақида бир мақола чиқди. Мақола автори Пўлат Тошев деб айтилган. Шу мақолани сиз ёзган деб эшитдим. Шу тўғрими? (Олимжон).
ЖАВОБ: Агар бу саволни сиз каби сиёсатнинг паст-баландини тушуниб қолган бир укам бермаганида ёки бу саволни биргина сиздан эшитганимда эътибор қилмасдим. Бу савол мени ранжитди. Чунки мен фикримни очиқ айтишда ҳеч кимдан қўрқмаган, чўчимаганман. Шундай экан, Пўлатовни ҳам ўз номимни очиқ қўйиб, жуда кўп марта, кескин равишда танқид қилганман. Ҳеч ким унинг юзига қараб менчалик аччиқ гапларни айтмаган бўлса керак.
Менда кимнингдир номидан ёздириш, имзосиз ёзиш ёки бошқа исм билан ёзиш, “мустақил хабар” тарзида” дарс бериб қўйиш” касали йўқ. Гапим бўлса, ўз номимдан очиқ ёзаман. Бугунга қадар ҳатто ҳаётимни таҳликага қўйиб, ҳеч ким ёзолмаган мавзуларда ҳам ўз номимдан очиқ ёзиб келдим. Бу билан жамиятимизга ва кишилар онгига сингиб қолган қўрқоқлик ва сиртдан иш битириш иллатига қарши курашни ҳам ўйлаганман. Шундан қутулсак, миллатимиз соғлом бўлади деб ўйлаганман. Афсуски, сизнинг бундай саволингиз мени ранжитди ва меҳнатларим зое кетгандек ҳис қилдим ўзимни.
Яна ҳам ачинарлиси, ҳатто Сулаймон Мурод ҳам “Бу мақолани ўша куни воқеа жойида бўлганлардан бири ёзган бўлиши керак. Бор одамлардан эса фақат сиз ёзишингиз мумкин” дея уялмай-нетмай “тўп”ни мен томонга итқитгани дилимга оғир ботди.
Агар мен ёзганимда Пўлатовни ёмонлаб, ўзимни, Сулаймон Мурод ёки Муҳаммад Солиҳни мақтамаган бўлардим. Чунки Пўлатовнинг гапларида қисман жон бор. Узоққа бормайлик, унинг ўтган йили мухолифатни бирлаштириш ҳаракатларимизни чиппакка чиқаришдаги “жонбозлиги” менда жиддий норозилик уйғотган. Буни унинг ўзига, юзига очиқ айтганман. Мен уни ёши ўзимдан анча катта ва оддий бир юртдошим сифатида ҳурмат қиламан, қадрлайман, аммо сиёсатчи сифатида эмас. Шундай экан, унақа мақолани мендан кутманг!
Мен ўша мақолани ўқишим билан услубига қараб, “Ҳа, бу фалончининг услуби” деган гап хаёлимдан кечди. Аммо гумон фитнадир, гумон учун Жабборнинг жазоси бор дея буни хаёлимдан чиқардим. Сизга ҳам шуни тавсия қиламан.
Саволларга жавоб бермаслик
диктатурага хос одатдир!
15 Июн, 2006 йил
САВОЛ: Мана сиз саволларга жавоб бериб турасиз. Баъзилар эса бутун жамоатчилик томонидан сўралган саволларни ҳам инкор этадилар. Буни қандай баҳолаш мумкин? (Обид).
ЖАВОБ: Саволларга жавоб бермаслик диктатурага хос одатдир. Диктатуранинг қулоғи кар. Саволларни эшитмайди. Эшитган тақдирда ҳам эшитмасликка олади. Чунки жавоб бера олмайди. Хато гапириб қўйишдан қўрқади. Тили ва дили бир эмаслиги маълум бўлиб қолишидан чўчийди. “Вақтим йўқ!”, “Бандман!” дея баҳоналарни рўкач қилиши мумкин. Аслида эса саволни ҳам, савол берувчиларни ҳам менсимагани туфайли шундай ҳол юз беради.
Бир киши сизга савол бердими, бу саволнинг қандай оғирликда бўлишидан қатъий назар бу ўша одамнинг сизга эътибори ёки ҳурматини кўрсатади. Бировнинг эътибори ёки ҳурматини оёқ ости қилсангиз, табиийки ўзингиз ҳам оёқ остида қолиб кетасиз.
Биз халқимизнинг камчиликларини ҳам очиқ айтишга ўргана
олмас эканмиз, ҳеч қачон халқ бўла олмаймиз!
16 Июн, 2006 йил
ЖАВОБ: Бугун тамойилни бузиб жавобни олдинга олдим. Гап шундаки, ҳаётга бефарқ бўлмаган талаба йигитнинг, ҳаётни Абдулла Қаҳҳор “даричаси”дан кузата олиш лаёқатига эга йигитнинг саволи жуда долзарб ва жавоби ҳам ўзи билан бирга.
Буни ҳаммага ўқишини тавсия қилган бўлардим. Яқинда Ғарбга келиб олган бир укамиз халқдан нолиган улкан шоир Юсуф Жумани халқдан ортда қолган одам деб ёзибди. Бир нарсани унутмайлик, биз халқни ҳар қанча севсак ҳам ўз жонимизни ундан устун кўриб, четга кетдик.
Юсуф Жумага эса Америкага келиш таклиф қилинганда ҳам у ўз жонини ўйламади. Демак, халқ ҳақида аччиқ гаплар айтишга шу халқ учун жонини фидо қилаётган Юсуф Жуманинг бизга нисбатан кўпроқ маънавий ҳаққи бор. Худди Тошкентда тиқилинч автобусларда туртилиб-суртилиб юрган мана бу қобилиятли йигит-Абдулло каби.
Биз халқимизнинг камчиликларини ҳам очиқ айтишга ўргана олмас эканмиз, ҳеч қачон “буюклик” касалидан қутула олмаймиз, халқ бўла олмаймиз!
Биз Ватанни соғинган каби Ватанда демократияни шу қадар соғинган йигитга қулоқ тутинг:
САВОЛ: Ассалому Алайкум Ҳурматли Жаҳонгир ака ва ватандошлар.
Мен Тошкентдан ёзаётган ушбу хатим билан бир-икки ўзимнинг фикрларимни айтмоқчиман. Қарши бўлмасангиз Жаҳонгир ака, буни оммага ҳавола этарсиз.
Билмадим мен айтмоқчи бўлган мавзуда бошқа фикрларни олдин ҳам олгансизми ёки йўқ, лекин мен Буюк Ўзбек халқининг ҳозирги кундаги ҳатти-ҳаракатлари, феъл-атвори ҳақида гапирмоқчиман. Мен ҳам ўзбекман, Тошкентда оддий оилада туғилганман. Лекин билмадим халқим, миллатимга нисбатан ўзимда бундай, норозилик деймизми, пайдо бўлди ва мен шуни айтишга ботиндим. Ҳақ гап – ҳақ гап.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг, умуман ўзбекнинг шу аҳволга тушиб қолишига айнан ўзбекнинг айби, бошқа сабаблардан ҳеч ҳам кам бўлмаган деган қарор келдим.
Ўзбек сўзи қаердан келиб чиққанини билмаслигим айбим. “Ўзига бек” ёки бошқачароқми? (ҳулоса қилиб кўриш керак!). Тариҳдан маълум, саркарда Амир Темур ўзидан кейин катта империя ташлаб кетган. Кейин нима бўлди? Авлодлар, ака-укалар… бир бирлари билан ер, мулк талашиб ўзаро урушар, халқ қонини тўкар.
Тўғри кўпроқ ерларни босиб олиш, урушлар ўша даврларга ҳос, ҳамма мамлакатларда ҳам бўлган. Лекин биздагидек ўзаро миллат ўз гўштини егани бўлганмикин?
Мен бу савол билан озми-кўпми тарих ҳақидаги билимларимга таяняпман: эслаб кўринг, Чор Россияси бостириб киришдан олдин, буни аниқ билиб турган ҳолда, уч хонлик ўртасида қанчайин шундай қон тўкишлар бўлиб ўтган? Натижада заифлашган Ўрта Осиё анчайин енгил тарзда руслар томонидан қўлга киритилган. Билишим бўйича баъзи хонлар ўзлари улар билан келишиб олишиб иш кўришган, кейинчалик қандайдир адьютант ёки шу каби мукофотлар ҳам олишган.
Қанча вагон олтинлар Питербург, Москов тараф йўл олгани ҳақида ҳалигача одамлар тилида гаплар юради. Албатта, қанчадан қанча ватанпарвар инсонларни инкор этмоқчи эмасман, улар кўп курашишган, лекин ким билан нимани, ўз халқи билан ўз ериними? Мен шу ўринда нотўғри маълумотга эга бўлиб, хато айтаётган бўлсам узр сўрайман ва энди ҳозирги аҳволга назар ташлашга чорлайман…
Ҳозирчи, мисол учун Тошкентда аҳвол қандай? Буни тасвирлаб беришга ҳаракат қиламан: Бугунги кунда нафақат давлат бошида турган “катталар”, балки оддий аҳоли ўртасида ҳам ҳеч бўлмаганда маданият, ўзаро ҳурмат деган нарсалар борган сари афсуски йўқолиб бормоқда.
Баъзи жойларда умуман йўқ деса ҳам бўлади. Давлат органлари, ташкилотлар (нодавлат банк,ташкилотлар бундан “мустаснороқ”) ёки бўлмаса оддий жамоат жойларида маданият ва одоб деган нарсалардан асар ҳам қолмаганлигига амин бўляпман.(албатта бу гапим билан юз фоиз одамларни айтмоқчимасман!) мисол-1.Аксар ҳолларда оддий ЖЭК(ҳозирги турар жой ширкати)ларга кириб у бу маълумот сўрамоқчи бўлсангиз, кайфиятингиз жуда ёмон бўлиб чиқиб кетасиз. Агар бордию қандайдир турар жойдан маълумотнома, ёки қандайдир ҳужжатга муҳр керак бўлиб қолса-чи?! Буни гапириб ўтирмайман…қисқаси пул билан эришасиз.
Ўзим билан боғлиқ бўлган чалкаш ва жуда қизиқ мисол: менга туманимиз мудофаа ишлари бўлимида (военкомат) қандайдир ххх-форма номли справка олиб келишим кераклигини айтишди. Ҳурсанд бўлган жойим, бу справкани қаердан олиш кераклигини ҳам айтишди – ЖЭКдан.
ЖЭКка бордим, ёши катта аёл бу справка қанақа бўлиши ҳақида билишини, лекин мудира опа йўқлиги сабаб барибир муҳр қўйдиролмай кетишимни айтиб, кейинроқ кел деди. Кетма-кет 3 марта ЖЭКни зиёрат қилганимдан сўнг ҳалиги аёл айтган справка берадиган инсонни топдим. Лекин униси унданам ақлли чиқиб қолди.
Менга бу справкани бу ердан эмас, паспорт столи(паспортиска)дан олишим кераклигини тушунтириб қўйди. Жахлим чиқмади десам ишонмайсиз, тўғри қиласиз. Паспортистка аёл ҳафтада 3 кун ишлайди, эшигини олди ҳамиша “меҳмонлар” билан гавжум. Энди навбат келса, обед вақти бўп қолади…уруш жанжал.
Бу ерда кўпинча муомала ҳақида гапириш ноўрин. Майли кириб ҳам чиқдик. Лекин иш битмади. Аниқ бўлишича, мен бу кишидан шу формани олишим учун, ҳалиги ЖЭКдан думалоқ муҳр босилган, уйимиз ҳужжатининг нусхаси керак экан.
Во ажаб, шу арзимаган нарса ҳаёлга келмаптида…аттанг. Бундай ишлар қилиб юрмаган кишилар учун осонмас-да. Бўлмаса бир оғиз гап айтсаку ЖЭК дагилар, бир неча марта лайча бўлиб бориб келмаган бўлардим.
Шу ўринда пулингиз бўлсачи, ооо ундан жуда самарали фойдаланишингиз мумкин. Чунки бир оғиз гап+мулла жиринг ЖЭКдаги хонимга, ва эртага керакли справкани олиб кетаверинг ёки менга ўҳшаб…. Бу дегани, ҳа, кўп марта айтилаётган порахўрликнинг миллат қонига сингиб бораётгани. Оддий қийналган пистачидан тортиб жаноб Каримовга қадар. Бунга яхшироқ бўлган анча мисол келтиришим мумкин.
Мисол-2. Транспортлар. Шаҳар гўзаллашиб бормоқда, аксар Мерседес-Бензларда юрамиз, ҳаёт эса борган сари қийинлашиб бормоқда десам, ажабланмайсиз, албатта. Одамлар транспорт воситаларида қалай юришади? Метрополитен учун ойлик йўл чипталари йўқ қилингани ҳақида биласиз. Бу ўқувчи, асосан студентларга Мике Тайсоннинг чап қўл зарбасидек бўлди.
Айтиш керак Ўрта Осиёдаги ягона метрополитен бекатлари аввалгидек гавжум эмас. А майли мерседес, шкодалар бор-ку! Аммо бу асло яхшиликка олиб келмади. Икки йилларча метрога ўрганган эканманми, ер устида ҳаракатланиш жуда қийинлигини биляпман. Биласиз, ёз пайт Тошкент қандай исиб кетади, уни устига ҳайдовчилар плани бор, бола-чақаси бор…осонмас. Аммо бир омадиз юришмай, автобус ичи зич пайт, қоқ пешинда, тепасидан серқуёш нурлар уриб турган бўлса-ю, лекин ҳайдовчи ака яна 2 та метрони кутиб(метро бекати ёнидаги автобус бекатда) кейин юришни режалаштириб қўйган бўлсалар…бу аҳволга тушишни ҳеч кимга раво кўрмайман.
Бошидан ўтганлар мени тушунишади. Кун дим-ку, ёши катта кўтарадиган кўтармийдиганлар бор, ким кеч қовотти, кимми нафаси қайтиб кетвотти,- деган ҳаёл камдан кам ҳайдовчининг калласига келаяпти.(Келаётганларга раҳмат айтмоқчиман фурсаттан фойдаланиб.)
Миянгизга келган фикр тўғри : Агар планни тепа ошириб юборган бўлса булардами айб? Бола чақа мўлтиллаб қараб турса, одамлар кўзга кўринадими? деб ўйлаш ҳам тўғридир бир тарафдан. Лекин лиқ тўла автобус одамлар қарғишини(деярли ҳамма ичида айтади) эшитиб топилган пул уларнинг бола-чақасига юқармикин. Куни кеча бир одам шундай иссиқда ўзидан кетиб қолди…ва б.
Майли бекаттан ҳам амал тақал қилиб силжиб оламиз. Бу ҳол ҳам сизга қизиқ туюлади, айтиб бераман,менимча ҳали эшитмагансиз;-). Бунақа бўлади: учта эшик очиқ, ҳуллас бояги ҳолат, иссиқ метро ёнидаги бекат. 10см-10см олдинга силжиб-тўҳтаб,силжиб-тўҳтаб “юришга ҳаракат қилаётган” автобус олди эшигидан ярим ерда турган чиптачи баланд баланд овоз билан, “Фарҳод бозор-падмасковний – ҳокимият” ёки бу тарафга “сергели-мошина бозор-эркин”(овозлар баъзида жуда баланд ёқимсизки, 5 минутдан кейин, бу сўзлар қулоғингиз тагидан кетмай қолади, албатта автобус кетиб бўлгандан кейин.).
Шу 10см-10см олдинга силжиб-тўҳтаб,силжиб-тўҳтаётган автобусдагилар ҳам “ана кеттик-мана кеттик” деб , бир ҳурсанд бўлишади, бир ичида сўкишни давом эттиради. Ачинарлиси “қани кеттик энди”, “юрақолинг” деган гаплар жуда камдан-кан пайтлар чиқади. Бундай устидан кулишликларга инсонлар ҳам ўрганиб қолишмоқда, норозилик билдиришликлар бўлмаяпти.
Шу пайт русларда бўлган ачинарли ибора “узбеки – барани” дегани калламга келади. Тўғри ахвол жуда ачинарли, замонимиз оғир, лекин бир бирини миллат чуниб ҳурмат қилса енгилроқ бўлса бўладики баттарлашмайди-ку? Йўлга ҳам тушдик, кетяпмизу лекин секин. Нега? Жавоб тайёр одам йиғиш керак. Аксар ҳолатта ” тезроқ юрийлик ” деб ўзига ёки чиптачига мурожаат қилинганда камида “бизани воқтимиз бор, воқт бўйича юрамиз” деган жавоб оласиз ё жуда оғир ҳолатларда яхшилаб сўкиш эшитиб оласиз.
Қоида бўйича, гараждан чиқаётиб воқтини билиб чиқиши керак, лекин уларга буни аҳамияти йўқ , чиқиб олишса бўлди. Атрофга қараб воқтти билволишади. Бир қараса орқасидан яна овчи кевоттими, демак пойга булади.
Омади келмади – қисқа пойгада ютқазди, энди сираям шошилишга ҳожат йўқ, ҳаммаси олдинда! Агар шуни юзига солиб “и-я ака, боя қайтишда тез юрдила, нега энди секин юрвоссила, битта йўл-ку” деб қитмирроқ савол берсангизчи, ўшанда очиқчасига эшитасиз “70 минг план қўп қойган, онансини …и, қаттан обораман ман-а а?”.
Бу эса яна бояги гап. Одам йиғиш бир масала. Боя пойга дегандим. Пойга бўлмаса ҳам, омадиз келиб яхши тезликда кетаётган автобусдасиз. Лекин улар ҳам кўпинча салонда нима ташиётганларини унитиб қўйишади. Тўла, иссиқ.. а майли куз ҳавоси, ок . Биров зўрға турибди оёқда, чарчаган, мазаси йўқдир ёки майли шунчаки кетаяпти. Силкиниб у-ёқдан бу-ёққа бориб келади. Бу”Счумачер” нинг светофорларда жой талашиб кириб олишлари, бекатларда шунақа тормозлар билан тўҳташлари…Буни ман сизга кўп марта бошидан ўтган ва баъзида бунга эътироз билдириб, таъзиримни еган, айтяпман. Эътироз, норозилик билдирдизми сиз уларга душмандан баттар кўринасиз. Бу одам ташиш эди ҳолос!
Салонда йўл кира ҳаққини йиғиш жараёни анчайин аянчли бўлиши ҳам мумкин. Зўрға кунини кўраётган, баъзан кўкракда орденлари билан чиққан, жуда қари пенсионерлар камроқ йўл кира ҳаққини тўлашни ҳохлашлари табиий хол. Лекин бошидан ўтганлари, бу ишни қилишмайди. “Қатта ёзиб қўйипти , пенсионерларга 50 % деб”, деган бақир чақириқлар бод-бод қулоққа чалинади. Баъзида улар шаънига айтиладиган ёмон гаплар, куракда турмайдиган сўкиниш-ҳақоротлар ўтиб тушади. Бу ҳаммаси яна планга бориб тақалади. Лекин шу ҳунук можарони кузатиб турган бошқаларчи….
Жуда-жуда ачиниш билан айтаман Жаҳонгир ака, лаоқал “мана бер ман тўлайман” ёки “а бўлди тинч қўй” демийдиям. Камдан-кам ҳолларда. Кўрган экансан, ўзинчи дейишиз мумкин. Мен бундай холларда албатта ўзими четга оладиганлар тоифасига кирмайман. Лекин шу йўл билан ҳаракат қилганизда , сизни ҳам можарога аралиштириб юбораверади баъзилари.
Бу автобусда ичида буладиган баъзи кўринишлар эди. Тўғри, ҳамма автобусларни ёппасига айблаб ўлиппанми. Инсофли ва яхши инсонлар ҳам ишлашади ўша плани осмон автокорхонада! Уларга минг раҳмат айтмоқчиман. Лекин юқоридаги кабилар олдин қанақа билмадин , кундан кунга афсуски кўпайиб боряпти.
Ҳали сариқ чироқ ўчиб улгурмай, орқангиздан сигналини кучи борича чаладиган, ноилож пул кетига тушган шахсий автоулов эгалари ҳақида гапирсам хатим чўзилиб кетади.
АҚШда 2 йил бўлиб, тўсаттан онасини деб, аэропортдан тўғри бир ўзи уйга келиб, 3 соаттан сўнг мен билан учрашган дўстимнинг гап орасида Тошкент ҳақида айтган сўзи ҳеч эсимдан чиқмайди: “…тўба, одамла бир-бирини еб қўяй девоттия-а..”.
Шу каби муаммолар ҳақида мен кўп яқинларим, дўстларим билан суҳбатлашиб кўп мулоҳаза юритаман. Чет элдаги ватандошлар билишадими йўқми шунчалик бу нарса кучайиб кетганини, лекин мен ёзяпман.
Анчадан бери фикрларимни кўпчиликка айтиш, улардан ҳам фикрлар эшитишни истардим. Оҳири ҳафсала қилиб ёздим. Бунгаям бўлган туртки, соат кечки 9 да, кўп сонли дарслар сериясидан сўнг, тўғриси, чарчаб келаётиб, автобусда юқорида айтганимдек ҳодиса бўлгани. Бугун кун айниқса дим бўлди. Тўғриси кишини жони хиқилдоғига келиб қолади, шунақанги яхши “нафас олишга” ҳалақит қилаётганларни ёмон кўриб кетасизки….Оҳири ёздим.
Бу Жахонгир ака, анча ўйлаб юрилган қўшимча фикрлар билан, шу кеча тунгача пайдо бўлган “иншо”. Мен айтмоқчи бўлган асосий нарса нима эди ўзи?::
Бундай ҳолатлар олдиндан бор, мен бошида оз бўлсада тарихдан мисол келтиришга ҳаракат қилдим. Ўзини ўйлаш, ҳурматсизлик ва ҳоказо.
Ўзини ўйлаш инсонга хос, лекин биз ўзбекларда шу ҳусусият кўпроқ эмасмикин? Шу сабабдан Каримов шиорларидан бирига айланган “Ўзбекистон ҳеч кимга қарам эмас, бўлмайди ҳам” ёки “..кам эмас бўлмайди ҳам” каби сўзлар жуда анчадан буён ғирт сафсата бўлиб келмаётганмикин? Қани халқпарварлик, ўзаро ҳурмат, шарқона иззат? Бу нарсаларни йўқ бўлиб кетгани, кейинроқ қийин бўлмасмикин? Халқ иллатларини даволаш пайти етмадимикин? Бу нарсалар қаёқда? Замон қийинлиги-ю, яшаш анчайин мушкуллашиб бораётганлигини пеш қилиб ё шуни сабаб қилиб олиш??? Йўқ-йўқ, менимча бу нарсалар олдин ҳам унчалик кўзга кўринмаган.
Шунчаки ҳозир у умуман кўздан қочяпти. Ҳақиқий инсонлар қани? Давоси Демократия-ми? Менимча биз аввал ўзимиздаги бу лоқайдлик-у, бош эгиб кетаверишлик, бошқаларга зулм-у, ўз ҳурматини билмаслик, нуқул ўзини ўйлашлик каби иллатларни йўқотмас эканмиз…ким билсин, келажакда келадиган демократ ҳам шу касалликка дучор бўлиб , Каримов-ИИ га айланмаслигига ким кафолат беради?
Жаҳонгир ака, сизлар, муҳолифат анчадан бери демократик давлатлардасизлар. Кўпчилик у ерларда анча яшаб, ишлаб(легал) келган ёшлар бу ерга кўниколмай, яна кетишаётганларини биламан. Қийин бу ерда. Сизлар анчадан бери ҳаракат қиласизлар, демократиямиз учун курашасизлар.
Одамларга биринчи ўринда шу одат бўлиб қолган нарсалардан воз кечишни тушунтириш керак, деган фикрга қандай қарайсиз? Зеро биз кимга айланиб боришаётганимизни Тушунайлик. Аста-секин англаб етайлик. Ёмон иллат одатларни жирканч эканлигини чуниб етайлик. Шунда Ўзбекистонни Демократик Ўзбекистон Республикасига айлантириш осонроқ кечармиди?
Мен бу хатимда озгина Тошкент ҳаётидан лавҳаларни гапириб бердим ва сиз билан ўз фикрларим билан ўртоқлашдим. Ўз фикрингизни билдиринг, бошқа ўқиганлар ҳам билдиришсин. Нотўғри фикрлаётганимни асослаб берувчилар бўлса, марҳамат, ўзим ҳам миллатимиз ҳақида бунчалик ёмон фикрга эга бўлишни ҳохламас эдим.
Халқимиз орасида ҳам, ватанда туриб демократия аталмиш неъмат ғунчаларини, гул қилиб етиштиришга ҳаракат қилаётганлар ҳам талайгина. Оммалаштириш учун стимул ва ботирлик керак! Демократияни соғиниб қолувчи ва тезроқ келиши учун ҳаракатини аямайдиган Абдуллоҳ. (абдуллоҳ_дд@яҳоо.cом)
Портлашлар…. Шанхай… Путин?
САВОЛ: Тошкентда юз берган портлашлар ҳақида нима дея оласиз? (Абдусамад).
17 Июн, 2006 йил
ЖАВОБ: Тошкент ва Наманганда юз берган портлашлар ҳақида “Туронзамин” рўзномасида кечадан олдин расмлари билан репортаж бердик. Саволингизга шу билан жавоб қилиб қўя қолган бўлардим.
Аммо кеча кечаси Душанбе яқинида газ қувур йўли портлаб кетиши оқибатида мамлакатнинг бир қатор минтақалари табиий газсиз қолган ва бир кун олдин Душанбе шаҳрида уч жойда қўлбола бомба портлагани “тасодифлар” жуда кўпаймадими деб мени ҳам ўйлатиб қўйди.
Қизиғи шундаки, Душанбедаги бомбалардан бири Ислом уйғониш партияси биноси ёнида юз берган. Ҳукумат буларнинг ҳаммасини “тасодифлар” деган.
Худди шундай Тошкент ва Наманганда бензин станцияларида юз берган портлашлар ҳам “тасодифлар” дейилди. Портлашлар юз бериши билан қўлбола бомбалар портлаши кетма-кет келгани диққат тортади.
Масаланинг яна бир жиҳати эса айни воқеалар бу мамлакатларнинг раҳбарлари Шанхайда ўзларини сотувга қўйганларида юз берганидир.
Нима бўлганда ҳам шамол “шир” этса, юраклари “пир” этадиган бизнинг “боши”ларнинг тиззасини қалтиратадиган ва Ўрусият раҳбари Путинга фойдаси тегадиган “тасодифлар” кўпайиб кетмоқда.
Каримовнинг тиззасини қалтиратган
Ёдгор Турлибековлар…
21 Июн, 2006 йил
САВОЛ: Яқинда Орол денгизининг жонланаётгани ҳақида хабарни ўқиб ўйлаб қолдим. Каримов ҳокимиятга келишидан олдин қуришга бошлаган Оролнинг энди жонланиши Каримовнинг даври тугаётгани эмасмикин?… Каримов келиб барака кетди, Оролбўйи атрофига касалликлар келди, кетса бунинг акси бўлса керак. Ҳусаин Бойқаро даври ва Каримов даври ўртасидаги боғлиқлик ҳақидаги саволимга профессионал жавоб бергандингиз. Бу ҳам тасодиф бўлиб чиқсин илоҳим. Тарих Каримов лаънатини мана шундай тасодиф билан олиб кетсин. Нима дейсиз?(Жавлон).
ЖАВОБ: Албатта, бу дунёга устун бўлиб қоладиган одам йўқ. Ҳеч нарсани билмаган одам ҳам буни билади. Аслида бировнинг ўлимини кутма, деган гап бор. Аммо ҳаётнинг ўзи ҳаётнинг қолипларини бузар экан. Бугун Каримовнинг ўлимини кутаётганлар кўпайиб кетди. Бу ҳам маънавий ўзгариш. Лекин Каримов кетиши билан ҳам Ўзбекистон узоқ йиллар у ботирган ботқоқдан чиқиши қийин бўлади. У бадбахт нималар қилмади. Тарихда шахснинг роли йўқ дейишади. Бу ахмоқона гап. Қаранг, битта бадбахт тарихни қанчалик бузди.
Дарёдан, фақат етти қатраси:
1.Каримов биринчи галда Ўзбек халқининг мустақилликка бўлган жўшқин ишонч ва умидларини ўлдирди ва Ўзбеклар бугун яна русни оғам деб, русни мақтаб ўтиришибди.
2.У иқтисодий потенциали кучли бўлган Ўзбекистонни қашшоқ бир ўлкага айлантирди ва унинг бойликларини ўзи, оиласи, бир ҳовуч тўдалар ва Ўрусият орасида тақсимлади.
3.Ўзбекистонда диктатура билан қоришган мафия бошқаруви ўрнатилди.
4.Қишлоқ хўжалиги, саноат, ишлаб чиқаришнинг бошқа тармоқлари, маданият ва ижтимоий соҳалар барбод бўлди. Бу эса қадриятларни, маънавиятни ўлдирди. Ўзбекистон касалликлар, порахўрлик, фоҳишабозлик масканига айлантирилди.
5.Миллатнинг истиқбол ва истиқлолини ўйлаганлар йўқотилди, матбуот, адабиёт маддоҳлик карнайига айлантирилди ва оқибатда манқуртлик оммавий тарзда ёйилди. Каримов миллатни зукколикдан манқуртликка бошлади.
6.Ўзбекистонни эшакнинг ҳолига тушириб, Кремлнинг қозиғига боғлаб қўйди. Бу энди коммунистлар давридагидан ҳам ёмон тарзда бўлди. Каримов ўлиб кетса ҳам Ўзбекистон бу иқтисодий қарамлик жиловидан осонликча қутула олмайди.
7.Ва ниҳоят Каримов Ўзбекистон давлатчилигини йўқолиш остонасига келтириб қўйди. Ундан кейин жамиятда фуқаролар уруши бошланиб кетиб, Ўзбекистон деган давлат харитадан йўқолиш даражасига келди.
Бугун биз ана шу офатнинг олдини олиш ҳақида қайғураяпмиз ва қайғуришимиз шарт ҳам. Ўзбекистонни қутқазиб қолиш чораларини кўришимиз зарур. Кимдир катта ишлар билан, кимдир қўлидан келгани қадар бунга ҳисса қўшиши мумкин.
Оролнинг қайтиши рост бўлсин! Каримовнинг кетиши ҳам! Аммо тасодифлар ва дуолар билан иш битганда бугунга қадар кўп нарсалар бошқача бўларди. Демакки, фақат дуо билан чекланмай, тасодифни кутмай нималардир қилишимиз ва Ватан ҳамда миллатни қутқазишга интилишимиз керак. Бу нарса бизга тинчлик бермаслиги лозим!
Мен кичкина одам, нима ҳам қила олардим деб ўйламанг, бу дунёни ушлаб турганлар-кичкина одамлардир. Катталар эса фақат ўзларини ушлаб турадилар, холос, лекин вақтинча.
Шукрки, 70 ёшида ҳам Каримовнинг тиззасини қалтиратган Ёдгор Турлибеков кабилар – бу дунёнинг устунлари бор ҳали. Каримов ана шу чинорларни кесиб, саҳрода фақат саксовулларни қолдирмоқчи, дунёни устунсиз кўрмоқчи. Шайтоний орзу. Дунёни саксовулзор деб билиш букри туянинг орзуси. Туяни эса орзуси ўлдиради. Ёмон томони ундан кейин саксовуллар қолади…
Пессимизм курашмасдан мағлубиятни тан олишдир! Ёки мухолифат нега сайловга кириши кераклиги ҳақида
22 Июн, 2006 йил
САВОЛ: Ассалом алайкум Жаҳонгир ака. Мен сизга анчадан бери ҳат ёзмай қўйган бўлсам ҳам , лекин ҳар куни сизни сайтингизни, айниқса, сиёсий латифалар бўлимини ўқиб чиқаман! Жуда қойил!
Сиёсатга келсак , менга сиз раҳбарлик қилаётган ДЎКнинг “Туронзамин” рўзномасида эълон қилинган Юсуф Жумаевнинг “Ё Каримов , ё сайлов” деган мақоласи ёқди. Унинг фикрлари жуда тўғри деб ўйлайман. Иложини қилиб, Ўзбекистонда сайловларни Нолегитим деб эълон қилиш керак! Чунки бунақа режим остида ўтадиган сайлов профанаcиядир, ўзини ўзи алдаш!
Яна мен сизни Ўзбекистонга, унинг давлат арбобларига АҚШ томонидан қўйилиши мумкин бўлган санкцияларҳақида “Тhе Washington Тimes” газетасига билдирган мулоҳазангизга қўшиламан! Бу санкциялар Каримов режимига моддий зарар етказмасада лекин катта маънавий зарар етказади ва ҳалқни руҳини кўтаради, Бутун дунё Ўзбек ҳалқидан бош ўгирмаганини кўрсатади.
Яна битта кичкина шаҳсий мулоҳазам. Ҳозирги кунда кўриниб турибдики, Каримовдан кейин ҳам УЗ Россия қарамоғида қолади! Ҳозирги Кремл олдингиси эмас! Анча йиртқич ва бети-уяти йўқ режим! Уни фақат пул ва фойда , ўзини Империя каби ҳис қилиш қизиқтиради. Кремл ҳеч қачон Молдавия, Украина, Грузия, Қирғизистондаги хатоларини унутмайди! Энди у ўз “колониялари” учун очиқчасига талашади, деб ўйлайман! Бу деганим, Каримовга қарши бўлган муҳолифат автоматик тарзда Кремлга , Путинга, ФСБ га қарши деган гапдек.
Каримов барибир Путин айтган одамни ўзидан кейин қўяди. Ёки ўзи умрнинг оҳиригача ўтиради. ЎЗ нинг геополитик жойлашуви эса жуда ҳам унчалик яҳши эмас. Грузия , Озарбайжон, Украина, Молдавия АҚШ ва Европа учун ҳозирги кунда Каспийдаги нефть ва газни олиб келишда роли катта бўлгани учун , бир кун келиб, Каримов сайловига яқин, Путин Европа ва АҚШ билан савдо қилиб, “МЕН ГРУЗИЯНИ ТИНЧ ҚЎЯМАН, АБҲАЗИЯ ВА АДЖАРИЯНИ ЎЗИГА ҚОЛДИРАМАН. УКРАИНАДА ҲАМ, ҚРИМДА ЎЗИМНИ ТИНЧ САҚЛАЙМАН, ЖАНЖАЛ ПАЙДО ҚИЛДИРМАЙМАН. ЛЕКИН СИЗЛАР МЕНГА ҲАЛАҚИТ ҚИЛМАЙСИЗЛАР ЎРТА ОСИЁ БЎЙИЧА. ЧУНКИ ХИТОЙНИ, ДАҲШАТЛИ ВА КУЧЛИ ҚЎШНИМНИ КОНТРОЛ ҚИЛИШИМ УЧУН МЕН ЎРТА ОСИЁДАГИ НЕФТ, ГАЗ, ТРУБАЛАРНИ КОНТРОЛ ҚИЛИШИМ КЕРАК” деб айтса керак.
Шунда АҚШ ва Европа учун, албатта, ЎЗ ва бошқа Ўрта Осиё давлатларидан кўра бошқа, тепада айтилган давлатларнинг қизиқроқ бўлиши бу аниқ! Яъни, менимча, Каримов бўшлик қилиб қолган тақдирда ҳам, Кремл ҳеч қанақа Ўзбек муҳолифатига ЎЗ ни бошқаришга йўл қўймайди! Кремл эса, Оқ сарой эмас! Биласиз, қўлидан анча иш келади ва қўли анча жойга етади. Фақат бирон бир иш бўлиб қолиб Кремл кучсизланиб ёки бошқа, муҳимроқ иш билан машғул бўлиб қолсагина ЎЗ да муҳолифат ютиб чиқиши мумкин, деб ўйлайман.
Муҳолифат бўлгандан кейин, давлатни қўлга олмоқчи бўлгандан кейин ҳозирги кундаги геополитик аҳволни ҳам ўйлашга мажбурдир. Аҳир ҳозирги кунда ҳеч қайси давлат ичидаги аҳвол фақат уни ичкарисидаги кучларга боғлиқ эмас! Региондаги, минтақадаги, дунёдаги бошқа давлатларнинг аҳволига ҳам боғлиқ деб ўйлайман. Бу фикримдан кейин эса ўзим ҳам пессимист бўлиб қолдим. Каримовнику бир амаллаб кеткизса бўлар, лекин Кремлдан қутулиш жуда қийин! ЎЗ да кўп газ, нефт йўқ, деб ўйлаши мумкин кимдир. Лекин ЎЗ да 26 млн потребител бор! Бу дегани 26 млн ҳаридор! Буларни мол билан, емак – ичмак билан таъминлашни ўзидан катта-катта даромад қилинади. Шундай эмасми? (Улуғзода).
ЖАВОБ: Юсуф Жуманинг ҳам, сизнинг ҳам фикрингизга қўшиламан. Тўғри, Каримов бор экан, диктатура оёқда экан Ўзбекистонда сайлов бўлмайди, балки сийлов бўлади.
Лекин сайлов бўлмайди деб индамай ўтираверсангиз ҳам барибир бу режим биз сайлов қилдик деб дунёни алдайверади. Шу зайлда Каримовдан кейин каримовчалар ҳам шу йўлни давом эттираверадилар ва мухолифат эса бу юртда сайлов бўлмайди дея қўл қовуштириб ўтираверади.
Мухолифат қатнашса ёки қатнашмаса ҳам кимдир сайловни “легитим” дейди ва кимдир “нолегитим.” Лекин ҳеч ким бориб бу режимни йиқитиб бермайди. Қолаверса, мухолифат “қатнашаман” дегани билан “қатнашди” деганининг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Бу режимда зиғирдек ақл бўлганда сайловга мухолифатни қўйиб, ўзини демократик қилиб кўрсатарди. Аммо мана шу ҳам йўқ. Шунинг учун мухолифатни яқинлаштирмайди. Қўрқади. “Балки…”дан қўрқади. Иштонсиз ходадан ҳам, ипдан ҳам чўчийди деганларидек бу режим ҳам ҳамма нарсадан қўрқади.
Бугун биз сайловда қатнашамиз дер эканмиз, бунинг жуда кўп мантиқлари бор.
Биринчидан, демократик дунё ҳалига қадар Каримов режимига қарши альтернатив сиёсий куч йўқ деб ҳисобламоқда. Демократик дунё фалончининг орқасида деган гаплар олифтагарчиликдан ёки сиёсий чаласаводликдан бошқа нарса эмас. Шундай экан, сайловга тайёргарлик жараёнида биз бу режимга қарши альтернатив сиёсий кучни вужудга келтиришимиз ва дунёга кўрсатишимиз мумкин.
Иккинчидан, энг асосийси, ўзбек халқи бугун Каримовни ағдарадиган мухолифат мавжудлигига ишонмайди. Ана шу ишончсизлкни бартараф этиш керак. Бунга ҳам сайловга тайёргарлик жараёни асос бўлиши мумкин.
Учинчидан, Каримов режими ўзи қабул қилган қонунларда мустақил номзодга йўл берилишини назарда тутган ва йўл бермаса, бу ҳам режимнинг ниқоби эканлигини яна бир карра исботлаган бўлади..
Тўртинчидан, бугун мухолифат четга чиқиб кетиш ва четда жойлашишнинг омилига айланди. Ватансеварлар ҳаётлари таҳликага кирмаган тақдирда ҳам имконини топишлари билан Ватанни ташлаб кетмоқдалар. Сайловга тайёргарлик жараёни ана шу кетишнинг оқимини қайтишга томон буриши ҳам мумкин. Ҳеч бўлмаганда улар қайтмоқчику, мен кетиб нима қиламан деган фикрни уйғотиши мумкин.
Бешинчидан, мана шу жараён 15 йиллик тарқоқликка нуқта қўйиши ва мухолифат сафларини жипслаштириши мумкин…
Албатта, яна бир қанча “мумкин”ларни санашга имкон бор. Лекин ҳеч нарса қилмаганликдан кўра мана шу “мумкин”лардан ҳеч бўлмаганда биттасига эришмоқ ҳам натижа-ку! Бу энг камида.
Аммо режимлар битиши мамлакатлар учун доим таҳликали бўлган ва сайловга тайёргарлик жараёни мухолифатни кучга айлантирса, Ўзбекистонни яқинлашиб келаётган таҳликадан қутқазиш учун замин бўлади. Шундай экан, пессимизмга ўрин йўқ, дўстим. Пессимизм курашмасдан туриб мағлубиятни тан олишдир! Миллатнинг тақдири миллатнинг қўлида. Шундай экан, ҳеч бўлмаса миллатга шамчироқ бўлиш керак!
Россия ёки Хитой бугун Каримовни куч деб билгани учун ўлган кунидан уни қўллашмоқда. Аммо мухолифат кучга айланса, улар ҳам ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўладилар. Шунинг учун ҳамма саволларнинг жавоби битта – куч бўлишда. Курашмасдан, чиниқмасдан, амалий тажриба тўпламасдан куч бўлиш мумкин эмас. Сайлов жараёни эса кураш майдонидир.
Танқид ва тош отишнинг фарқи нимада?
24 Июн, 2006 йил
САВОЛ: Танқид ва тош отишни ажрата олмай қолаяпман. Мухолифат ичида танқид қилмасликка чақирилмоқда. Буни тош отиш деб баҳолашмоқда. Лекин нега мақтовни қабул қилиб, танқидни қабул қилмаслигимиз керак? Тош отиш ва танқиднинг фарқини тушунтириб бера оласизми? (Норқобил).
ЖАВОБ: Албатта, луғавий маъноларини яхши билсангиз керак. Лекин гап нима ҳақда бораётганини англаганим учун мухтасар тарзда жавоб бермоқчиман.
Танқид нимагадир қўшилмаслик, ишонмаслик ёки хатони тузатиш учун отилган одимдир. Бунда қўлингизда далил бўлса – бу танқид, аммо кўрмасдан-билмасдан, шунчаки тахминга таянсангиз у тош отишдир. Тош кимнидир жароҳатлаш, бошини ёриш ва ҳаттоки ўлдириш учун отилади. Тош отганда унинг жавоби ҳам тош отиш бўлишини назарда тутмоқ керак.
Бугунги воқеликдан келиб чиқиб савол бергансиз. Бахтиёр Ҳамроевнинг лидерлардан 10 та саволга жавоб сўрагани савол бўлса, ўша саволлар остидаги мулоҳазалари конструктив танқиддир. У сўкаётгани йўқ ва у тахминларга таяниб гап айтаётган эмас. Ўзи бевосита иштирокчиси бўлган мухолифатнинг келажагидан куюниб, унинг лидерларини танқид қилмоқда. Бунга унинг юз фойиз маънавий ҳаққи бор. Аммо кечаги кунга қадар Каримовни мақтаб келиб энди бирданига мухолифатнинг “лидер”ини айни руҳда мақтай бошлаган бебурд одамни дўст деб билиш ва Бахтиёр Ҳамроев каби демократия йўлидаги жасоратли курашчиларни тош отувчиларга чиқариш каби ҳол инсон фитратининг разолат қисми кучланиб кетганда юз беради.
Гап шундаки, биз Шўро зеҳнияти остида улғайганимиз учун мақтовга маҳлиё бўлиб, танқид фақат теппадан келадиган нарса, пастдан келадиган ҳамма гап тош отишдир деган тескари тушунча билан яшашга одатланганмиз. Фожиаларимиз илдизи шу нуқтага бориб қадалади.
Агар кимдир президентликка даъво қиладиган бўлса, 27 миллион одамнинг 27 миллион саволини кўз олдига келтириши керак.
Кимдир “Нега сочинг тўкилган?” деб маданий қилиб сўраса, кимдир “Нега калсан?” дейиши мумкин.
Кимдир “Нега соқол қўймадинг?” деб савол берса, кимдир “Нега бесоқолсан?” дейиши мумкин.
Кимдир “Нега хотининг рўмол ўраган?” деса бошқа биров “Нега хотининг боши очиқ?” дейиши мумкин ва ҳоказо.
Бу ҳолда буларнинг бирортасини тош отиш деб айта олмайсиз. Чунки сиз бу одамларнинг қаршисига “Мен сизга йўлбошчи бўламан” деб чиқдингиз ва энди чидайсиз. Улар сизни чиғириқдан ўтказишга ҳақлидирлар.
Диктатура зеҳниятига кўра, лидерларни ё мақташ ёки улар дунёни оёқости қилсалар ҳам индамай туриш мантиқсизлиги бор. Лекин сиз демократия байроғини кўтарганман деб даъво қилаяпсиз. Шундай пайтда беш кишини ҳам тўпламай Партия Марказий кенгаши номидан ўзингизни номзод деб эълон қилсангиз, кечирасизу бу демократия эмас, бу диктатуранинг ахлатга қоришган кўринишдир.
Балки сиз “Бизнинг Низомда шундай!” деб ўзингизни оқлашга уринарсиз. У ҳолда партиянгиз демократик эмас. Чунки демократияларда президентликка номзодни бутун партия аҳли муҳокама этиб, қурултойда бир неча номзод орасидан танлайди. Бу ҳолни танқид қилиш мутлоқ зарур. Бу тош отиш бўлмайди.
Ёки президентликка номзод ўртага чиқиб, “Мен фалон мамлакатнинг разведка идорасидан олган махфий маълумотга кўра…” деб гап бошласа, бу демократияларда унинг президентлик бир томонда турсин, сиёсат майдонидан қувилиб, қора курсига ўтиришига сабаб бўлади. Бундай ҳолни кўриб, танқид қилмаслик фақат диктатура шароитида мумкиндир.
Ҳар қанча мисоллар келтирмайин ва ҳар қанча тушунтиришга уринмайин, танқидни ҳазм қила олмаган одам барибир яна баҳона топади. Агар мақтаса, мақтовдан “Каримов” калимасини ўчириб унинг номини қўйиб гапирса, дунёнинг энг харом одамини ҳам сафдошим дейди, танқид қилса, дунёнинг энг ҳалол одамини ҳам тош отувчи дейди. Бунинг ҳам оти ўзбекчиликдир!
Аввал гапбўрон,
кейин тошбўрон
25 Июн, 2006 йил
САВОЛ: Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик ташкилотига аъзо бўлди, лекин Каримов ишни орқага ташламоқда. Бу унинг маневр қилаётгани ва эртага яна Ғарбга юз буришидан далолат эмасми? (Илҳом).
ЖАВОБ: Йўқ. Каримов қолган умри давомида Ғарбга юз буришга журъат эта олмайди. Бу унинг учун икки томонлама ўлим эканлигини билади. Ғарбнинг майда-чуйда давлатлари ва ташкилотлари билан ўйин қилиб кўриши мумкин. Аммо Вашингтонга ташриф қила олмай ўлиб кетишини бемалол тахмин қилиш мумкин.
Энди Коллектив Хавфсизлик ташкилоти масаласига келсак, Ўзбекистон дея олмайман, лекин Каримов унга “аъзо” эди ва кейин “аъзо”лигини музлатганди. Ҳозир мана шу музни эритди ва яна “аъзо”га айланди.
Аммо бу ташкилотдаги бир қатор талаблар Каримов учун борса келмас бўлиб кўринмоқда ва шундай ҳам. Масалан, божхона, чегаралар масаласи…
Тасаввур қилинг, Жаслиқ қамоқхонасининг қоровулларини олиб ташланг ва эшикларини очинг, нима бўлади? Аввалига ичкаридагилар қочиб чиқадилар ва кейин ортга қайтиб ўзларига зулм қилганларни жазолайдилар. Бу қадар оддий фалсафа.
