ЖАҲОНГИР МАМАТОВ:ТАРИХНИ ТИТРАТГАН КУНЛАР

Сўзбоши ўрнида

Дунёда қанча одамлар яшаганлар ва яшамоқдалар. Уларни уч гуруҳга бўлиш мумкин:

1.Дунё тарихининг бурилиш нуқталарида воқеаларнинг бевосита ва билвосита иштирокчилари.

2.Мазкур воқеаларнинг томошабинлари.

3.Ана шундай воқеаларга гувоҳ бўлишдан ҳам маҳрум бўлганлар.

Тангрининг инояти билан биринчи гуруҳга кирдим. Бир қарашда бу бахтиёрлик ҳиссини уйғотса яна бир қарашда эса ҳайрат тўфонини ўрлатади.

Афғон саҳифаси

Шўроларнинг Афғонистонга босиб кириши катта тарихий воқеа эди. Табиийки бу катта воқеа эканлигини мамлакат ичида яшаган кўпчилик билмасди. Мен ҳам тасодифан ўрганиб қолдим. Самарқандда вилоят рўзномасида ишлардим. Менинг ишга-бориб келадиган йўлимда Ражабамин деган қишлоқда оломон тобут кўтариб бораётганди. Шеригим билан дарров одамларга қўшилдик. Оломоннинг олдида бир зобит ва икки аскар ҳам бор эди. Бу диққатимни тортди. Орадан икки кун ўтиб фотиҳага бордим ва 19 ёшли бир йигит Афғонистонда ҳалок бўлганини айтишди. У ўзини отиб қўйганмиш… Нега? Нима учун? Бу каби саволларга жавоб йўқ эди.(Орадан йиллар ўтиб ўргандимки, ҳалиги аскар Разведкага бориб муҳим маълумотлар тўплаб келган ва уни қаҳрамонликка тавсия қилишган.Аммо бу иш учун унинг ўрнига бир ўрусга мукофот беришгани, унинг ғурурини топташгани учун ўзини отган экан-ЖМ). Бир мақола ёздим. Бош муҳарриримиз Аҳмаджон Мухторовга маъқул бўлди.

- Бугунга қадар ҳеч нарса берганимиз йўқ, бир уриниб кўрайлик,-деди у киши.

Эртасига бош муҳарриримизни Тошкентга Вазирлар кенгашининг раисига нутқ ёзиб бериш учун чақиришди. Мақолам шу куни саҳифада эди. Аммо эртасига келганимда саҳифадан топа олмадим. Навбатчи муҳаррир тушдан кейин келди ва:

-Узлит олиб қолди,-деди.

Узлит дегани бугунги тилда цензура деганидир.Шу куни Бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари ҳузурига бир киши келди. Кимлигини ва қаердан келганини айтмади. Мени таклиф қилиб эшикни ёпиб олишди.

-Ака, Афғонистон жуда муҳим масала, бундай масала ҳақида ёзишга Политбюронинг қарори керак. Бу биринчидан. Иккинчидан эса, сиз Афғонистонга борганингиз йўқ ва нима бўлаётганини, ким нима учун ўлаётганини билмайсиз. Билмаган нарсангизни ёзиб нима қиласиз?- деди.

Мен унга нима гапи бўлса бош муҳаррир билан гаплашиши кераклигини айтиб чиқиб кетдим. Шундан кейин Афғонистонга бориш истаги кўнглимни ишғол қилди ва 1988 йилда имкон бўлди ва журналист сифатида бу ўлкага бордим. Қайтиб келганимда ёзганларимни “Совет Ўзбекистони” ( Бу кезда мазкур газетанинг Самарқанд вилояти бўйича мухбири эдим-Ж.М.) да нашр этишмади. “Политбюронинг рухсати йўқ” эди. Аҳмаджон Мухторов “Қишлоқ Ҳақиқати”нинг бош муҳаррирлигига кўтарилган эди. Ёзганларимни унга олиб бордим.

-Яна бир синаб кўрамиз,-деди у киши ва ёзганларим газетада чиқа бошлади. Дунёнинг чархи тескари айланиб кетди. КГБ тишини қайраб ишга киришган кезларда Михаил Горбачевнинг Афғонистонда хато қилдик, деган иқрори чиқди. Кейин рус армиясининг генерел Громов бошчилигида Хайратондан мағлубона қайтишини кўриш шарафига муяссар бўлдим.

“Қизил Империя”нинг қулаши

1989 йилда эълон қилинган сайловолди дастуримда Ўзбекистон мустақиллиги ғоясини илгари сурганман. Бу дастурим Жомбой туман газетасида ҳам чоп этилганди. Ўшанда номзодим Жомбойдан Ўзбекистон Халқ депутатлигига кўрсатилганда коммунистик партиянинг қора булути бошимга ёғилди. Лекин курашда ғолиб чиқиш насиб этди. Ўзбекистон Олий кенгашининг 1990 йил 20 Июндаги сессиясида котибият раиси сифатида Ўзбекистон Мустақиллик декларациясини кун тартибига киритиш ҳам менинг шарафимга тушди. Булар ҳақида алоҳида ёзилган.”ИАК” ҳужжатли романимда ҳам бу воқеларга катта ўрин ажратганман.

Совет Иттифоқининг қулашида ҳам яна томошабин эмас, балки иштирокчи эдим. Журналистлар уюшмасидан СССР Халқ депутатлигига сайланган Аҳмаджон Мухторовнинг ишончли вакили сифатида Москвада ва Ўзбекистон Олий кенгаши Ошкоралик Қўмитаси раисининг ўринбасари ўлароқ Тошкентда зулм салтанатини йиқитиш жабҳасида эдим. Ҳа, 70 йилдан узоқ остонасига бош урилган Москвадан биз юз ўгирдик, бизнинг авлод юз ўгирди.

Кўрфаз уруши

1991 йил Кўрфаз уруши бошланганда Ўзбекистон Олий кенгашида ишлардим ва бу борада мажлис бўлганда урушга қарши эканлигимизни қарорга боғладик. Орадан 12 йил ўтиб яна айни уруш бошланганда Америкада эдим ва журналист сифатида яна воқеаларнинг ичида бўлдим. Бу сафар фикрим 1991 йилдагидан фарқлироқ эди. Мен Саддам Ҳусайн кеткизилиши тарафдори эдим. Айни пайтда Россия, Франция, Олмония ва Хитойнинг АҚШ га қарши чиққанлари мени ҳайратга соларди. Россия Чеченистонда мусулмонларни хонавайрон этаётган, Хитой Шарқий Туркистонда зулм юргизаётган, Франция ва Олмония ҳам мусулмонларга кўз очдирмаётган бир пайтда уларнинг “мусулмонлар қалқони”га айланишлари ғашимга тегарди.

Чархи Фалакнинг Тўфони

2001 йилнинг 11 Сентябри Дунё чархининг бошқа томонга айланган куни бўлди.

2001 йилнинг 11 сентябри. Эрталаб соат 8.45.Бостондан учган 175 парвозли учқич Нью- Йоркда Жаҳон Савдо марказининг эгизак биноларидан бирига урилди.

Орадан 18 дақиқа ўтиб бошқа бир учқич осмонўпар биноларнинг иккинчисига урилди.

Соат 9:43 да яна бир учқич Вашингтонда Пентагон биносига санчилди.

Орадан икки дақиқа ўтиб Оқ уй эвакуация қилинди.

Соат 10.05. Жаҳон Савдо марказининг биноларидан биринчиси қулаб тушди.

Соат 10.-28. Осмонўпар биноларнинг иккинчиси ҳам қулади.

Вашингтонга томон келаётган бир учқич соат 11:26 да Пенсилванияда ҳалокатга учради.

Террористларнинг Озодликка, Эркинлик дунёсига қарши ҳужумлари элни ларзага солди.Америка уларнинг ўзларига қарши кураш учун оёққа қалқди. Бир сўз билан айтганда дунёнинг чархи бошқа томонга қараб айлана бошлади.

11 Сентябр… Минг минглаб инсонларнинг умр ришталари сонияларда узилган кун.

11 Сентябр… Бегуноҳ инсонларнинг ёстиғи қуриган, оналар ва болаларнинг эса ёстиғи ёшланган кун.

Ўша куни “Америка овози”даги ҳамкасбларимга “Бу ишни қилганлар мусулмонларнинг душманлари ва бу ахмоқона ҳаракатлари билан мусулмон дунёсини яна 100 йил орқага итқитиб юбордилар” дедим. Баъзилар бош силтаб қўйди. Лекин қисқа вақтда гапларим ўз исботини топди. Сичқонлар арслоннинг тирноғини қўпорса ундан кейин келадиган томошани тасавур қила олиш керак эди.

Кимдир бу ишни Американинг ўзи қилган, деди. Америкада яшаганим ва воқеаларининг бевосита ичида бўлганим учун ҳам билардимки, агар бу ишни Америкадан бирор- бир ташкилот у ёқда турсин ҳатта биронта шахс аралашиб қолган бўлса ҳам бир дақиқада аён бўларди. Чунки бу ҳамма ҳокимият бир қўлда эмас балки республикачилар ва демократлар ўртасида талаш. Бундай воқеа эса, яъни ўз халқини ўлдириш эвазига (нимагадир эришиш) партияларнинг бирини яксон қилиб ҳукумати бошқаси олиши уcун асос бўлади. Қолаверса демократик бир жамиятда ҳар қандай сир ҳам албатта очилишини унутмаслик керак. Қонли ҳужумни қилганлар ўз жазоларини олдилар ва ўрмонга ўт кетди. Энди ҳўлу қуруқ баравар ёниши ҳам аниқ!

ТУРОНЗАМИН

www.jahongir.org

Интернетни илк ишлатган ҳам бизнинг авлод бўлди. Менга эса Ўзбекистонда илк бор адабий нашр сифатида ўз асарларимнинг ҳаммасини бўлмаса ҳам аксарини бир жойга тўплаб, ТУРОНЗАМИН саҳифасини очиш насиб этди. Бу пайтда хорижда мухолифатга оид баъзи саҳифалар бор ва улар хабар оғирлигида ва деярли кирилда бўлган сиёсий веблар эди. Менга эса ўз асарларимни асосан лотин алифбосида нашр этиш ва шеърларимни овозим билан бирга мазкур саҳифага қўйиш насиб бўлди. Бу пайтда Ўзбекистонда машҳур адиблар ҳам китобларини чиқара олмай хуноб эдилар. Улар китоб орқасидан пул қилиб кун кечириш илинжида эдилар. Лекин китобларини чиқариш учун маблағ керак эди ва буни тополмай қийналмоқда эдилар. Бир кун келиб ўзбек ижодкорларининг ВЕБ лари кўпайиб кетар, кўнгил шуни истайди. Аммо мен Интернетда ўзбек ижодкорлари орасида илк адабий нашрни яратганимдан ва буни пул топиш илинжида эмас, балки элимга бир хизмат сифатида бажараётганимдан бахтиёрман.

…Яна ХХ асрдан ХХI асрга ўтиш…Югославияда Милошевич режимининг қулаши, Афғонистонда Толиблар режимининг ағдарилиши, Ироқда Саддам Ҳусайн ҳайкалларининг йиқитилиши, Каримов режимига қарши кураш каби муҳим воқеларнинг гувоҳи бўлдим. Ҳар бири алоҳида китобларга сиғмайдиган воқеалар. Ҳали олдинда яна қанча сиру- синоат бор? Нима бўлганда ҳам буларнинг ҳаммаси менга бедорликни бахш этди ва умрим уйқуда кечаётгани йўқ. Дунёдаги уч гуруҳга мансуб одамларнинг биринчи гуруҳига кириш ҳам бир самар.

Ҳужжатимда туғилган куним 30 ноябр қилиб кўрсатилган. Бу янглишликнинг ҳам бир тарихи бор. Аммо асл туғилган куним 1- Сентябр. Эсимни таниган кундан бери шу кунни байрам қиламиз, шу кунга салом бераман. Ушбу мақолани ана шу кунга бир саломдир.

Туғилган кунимга саломлар бўлсин.

(ВАШИНГТОН, 2003 йил, 1 Сентябр).

МИЛЛИЙ МАЪНАВИЯТСИЗЛИК

ёки

ЖАМОЛ КАМОЛ

Менинг Жамол Камол ҳақидаги фикрларим унинг “Туркия” газетасининг мухбири Иҳсан Гулcу билан ўтказган суҳбатидан кейин ўзгарганди. Ўшанда мен Туркияда яшардим ва мазкур рўзномада ишлардим. Рўзномада аксарият-кўпчилик Каримов режими ҳақида, унинг халққа зулм ва зуғуми борасида хабардор эдилар ва менинг қарашларимни ҳурмат қилардилар. Ўзбекистон ҳақида ёзгудек бўлсалар, албатта келиб, мендан фикр олардилар. Аммо бир-икки киши Тошкентга бориб, Каримовдан шахсан тўн кийиб қайтгач, уларнинг ва уларнинг гапларига ишонганларнинг фикрлари ўзгара бошлади. Шуларнинг орасида Иҳсан ҳам бор эди. Бир куни у менга:

-Жаҳонгир аби(ака-ЖМ), эртага чиқадиган саҳифани яхшилаб ўқи, бизларга ишонмасанг, мана Жамол бейга ишонарсан, ахир у ҳам мухолифатдан чиққан экан, ҳақиқатни айтадиган одам-ку!- деди сенсираб.

Туркияда яқин олиб гапирилганда сенсирашади ва сизлаш ўртадаги узоқ масофани кўрсатади. Аммо газетадагилар ўзбек одатлари ҳақида ёзганларимни ўқиганларидан кейин ва менинг уларни “сен” деб гапиришга тилим бормаганини кўрганларидан сўнг мен билан сизлаб гапиришарди. Шу боис ҳам Иҳсаннинг сенсирашини ўша дақиқада тушуна олмасамда, кейинчалик унинг ” ватан хоинларининг гапларига ишонаверманглар” деган насиҳатлардан таъсирланганини ўргандим.

Дарҳақиқат, эртасига, яъни 1995 йилнинг 5 Сентябр, Сешанба куни Жамол Камолнинг “Туркия” газетасининг 4-саҳифасида тўлиқ ва бошқа саҳифада ҳам давом этган суҳбати билан чиқди.

Унда Жамол Камолнинг алоҳида бир суврати, яна мухбир билан тушган сурати ҳамда қизи, неваралари ва илгари “Озодлик’да ишлаган ва ўша кунларда Ўзбекистон ҳукумати билан яқин бўлган Зиёвуддин Бобоқурбон билан бирга тушган сурати ҳам босилганди.Ўшанда Жамол Камолнинг фикрларига қарши мақола ёздим ва бир неча газетада чиққан ҳам эди. Баҳора Олим қизи бу мақолаларни тўплаб, “Озодлик”радиоси орқали эшиттирганди ҳам. Демак, жавобсиз ҳақ қолмаган, бунинг устига шу суҳбати чиққандан кейин орадан ҳеч вақт ўтмай Жамол Камол ишдан олиб ташланди. Шундай экан, нега бу суҳбатга қайтишга эҳтиёж туғилди, деб ўйларсиз.

Гап шундаки, яқинда, яъни 2003 йилнинг 14 февралида Жамол Камолнинг “Моҳият” ҳафталигида “Китобсиз эл…” деган бир мақоласи чиқди.

Унинг мақоласидаги мана бу сатрлар кишини ўйлатади:

“…Биров бозорга супурги олиб чиқади, биров кўкат, биров картошка, саримсоқпиёз… Ёзувчининг халққа таклиф этадигани-китоб…

…алам қиладиган жойи шундаки, бизда сандиқ ясаган устадан солиқ олинмайди, китоб ёзган ёзувчига солиқ солинади…

…ҳозир Ўзбекистонда китоб нашр этиш ёзувчи учун орзу эмас, армон бўлиб қолди…

…Юртимиз мустақилликда яшаётган ўн икки йил ичида менинг битта ҳам китобим босилмади. Ажабо, мустақиллик шиорини биринчи бўлиб кўтариб чиққан биз, ёзувчилар эмасмидик?..

Ёшим олтмишдан ошди. Эл олдида ҳисоб бериш фурсати етди…

Лоақал “Сайланма” асарларимни чиқариб беринг, деб қайси эшикка борай, қайси остонага бош урай?..”

Ана энди мен юқорида зикр этган суҳбатдаги мана бу сатрларни ўқиб кўринг. Ўшанда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раҳбари бўлган Жамол Камол Туркиянинг энг йирик рўзномасига қуйидагиларни айтган эди:

“ Адабиёт ва санъат азалдан бери давлат ва салтанат соҳибларининг ҳимоясида бўлиб келган. Султон Ғиёсиддин Мавлонони ўз қанотлари остига олган эди. Султон Ҳусайн Бойқаро бўлмаса Навоий бўлмас эди. Давлат раҳбарининг оти истанг бошқон, истанг султон ва ёки президент бўлса ҳам масала ўзгармайди… Ўзбекистонда Ислом Каримов ана шундай буюк ишни бажараётгани ҳолда Туркияда ижодкорларга бундай муносабат йўқ”..

Жамол Камол ўшанда Туркия билан Ўзбекистонни солиштирар экан, Туркияни, унинг ҳукуматини қаттиқ танқид қилгани, машҳур латифани эслатганди. АҚШ раҳбари Брежневга ” Мана бизда сўз эркинлиги бор, одамлар ҳукуматимизни истаганча танқид қиладилар” деса, Брежнев, “Бизда ҳам сўз эркинлиги бор, бизникилар ҳам истаганча танқид қилишлари мумкин, ҳукуматингизни…” деган экан.

Жамол Камол ёзганди:

“…Ўзбекистонда Ёзувчилар уюшмаси раисининг мавқеи Маданият вазири билан тенглаштирилган.

Менга давлат катта маош беради.

Мен учун ҳукумат махсус машина ажратган.

Ўтган йил Президентимизнинг қарорлари билан ёзувчиларга тарқатиш учун 50 та квартира берилди.

Турк ҳукумати ёзувчиларга шундай меҳрибонлик қилмоқдами?…

Ёки яна ўтган йил Тошкент атрофидан 100 гектар ер ажратиб бердилар. Истаган уй қурсин, истаган боғ, дедилар. Бу давлатимизнинг ижодкорларга муносабатининг бир ифодасидир.

Аммо Туркияда ижодкорларга бундай муносабатни кўрмадим…

Яна Ўзбекистонда ўтган йил ҳукуматимиз ижодкорлар учун, уларнинг оилалари учун уч қаватли бир поликлиника қуриб берди…”

Шундан кейин Ўзбекистонда ижодкорларнинг рўзномалари-ю журналларига ҳукуматнинг меҳрибончилиги саналади. Ҳаммаси Ислом Каримовнинг мунаввар сахийлиги боис бўлаётгани айтилади. Китоблар гувиллаб чиқиб турганидан мачитларда азонлар гуриллаб айтилганига қадар ҳеч нарса унутилмайди ва Ислом Каримов халққа Аллоҳ инъом этган бир зот эканлиги урғуланади.

Шундай гапларни айтган одам бугун бирданига жамиятдан, тузумдан шикоят қилиб қолса, қулоққа анча қизиқ туюлар экан.

Нима бўлганда ҳам бугунга қадар Туркияда бирор бир ёзувчи китобим чиқмаяпти, деб шикоят қилган эмас. Чунки Туркияда ҳукумат ижодкорнинг ишига аралашмайди ва ижодкор мустақил. Ҳукумат раҳбарига қуллуқ қиладиган ижодкорни эса у ҳар қанча талантли бўлса ҳам ижодкор, деб тан олишмайди, балки маддоҳ, дейишади.

Жамол Камолнинг мустақиллик деб аталган йилларда Ўзбекистонда китоблари чиқмаган бўлса аслида у фахрланиши керак эди. Чунки бу йилларда маддоҳона китобларга доим йўл очиқ… Каримов режимининг қулларига Жамол Камолнинг ўзи Туркияда баралла айтгани каби барча шароит қилиб берилган. Маддоҳлик муаллифларига орден, медаллар, қаҳрамонлик унвонлари берилмоқда…

Мен шу йилларда Ўзбекистонда китобим чиқмаганидан ғурурланаман. Менинг ҳам китобимни чиқаринг, дея ёлвориш эса сиз қилаётган зулмларга кўз юмганман, дегандек туюлади, менга.

Дарҳақиқат, “Америка Овози” га суҳбат берган (21 феврал,2003 йил) таниқли олим, ёзувчи ва журналист Ботир Норбоев халқни эмас, ўзингни ўйлашни мустақиллик йилларида янада кенг ёйилган миллий маънавиятсизлик, деб баҳолади.Қачон ана шу маънавиятсизликдан қутулсак, жамият ўшанда ўнгланади.

( Вашингтон, 2003 йил, 24 феврал).

ШАРАФСИЗЛИК

1999 йил 16 февралда юз берган Тошкент портловлари куни Ислом Каримов сўзлаган нутқида бир киши ҳам бегуноҳ ўлса бу унинг учун шарафсизлик бўлишини айтганди. Аммо ўшандан бери қанча бегуноҳ одамлар режим томонидан ўлдирилди. Шовруқ Рўзимуродовдан тортиб Эмин Усмонга қадар режим қўлида ўлганларнинг сон–саноғи бўлмай қолди. Кимларнидир қийнаб қамоқда ўлдиришса, кимларнидир юрак хуружига мубтало этишди. Бу ҳам етмаганидай қанча-қанча одамларга ўлим ҳукми ўқилди.

7 Феврал куни БМТнинг маслаҳатчи органи ҳисобланмиш инсон ҳуқуқлари халқаро Лигасининг ижроия директори Лоуисе Кантров Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига йўллаган мактуби бу “шарафсизлик”нинг кўлами нақадар кенглигини яна бир бор кўрсатди. Биргина ўтган йилнинг икки ойида олти киши ўлимга ҳукм қилинибди.Уларнинг неча ёшдалигини қарасангиз Ислом Каримовнинг иштаҳаси қанчалик ҳакалак отганига гувоҳ бўласиз. Мазкур ташкилот раҳбари ўлимга ҳукм қилинган бу олти киши масаласи халқаро жамоатчилик орасида жиддий ташвиш уйғотганини таъкидлаб, президент Ислом Каримовдан бу қотилликни тўхтатишни талаб қилган. Чунки ташкилот ўз манбаларига асосланиб, бу инсонларнинг айби исботланмаган, деган хулосага келган.

Ҳукмни тасдиқлаш ва ёки тасдиқламаслик ваколатида бўлган президентнинг навбатдаги қурбонлари мана булар:

Искандар Худойберганов, 28(!) ёшда, Тошкент шаҳар суди томонидан 2002 йилнинг 28 Ноябрида олий жазога ҳукм этилган,

Азамат Ўтаев, 21(!) ёшда, 2002 йилнинг 28 Июн куни Қорақалпоғистон олий судининг ҳукми билан ўлим жазоси олган, Евгений Гугнин, 21(!) ёшда ва Илҳом Каримов у ҳам 21(!) ёшда, ҳар иккаласи ҳам 2002 йилнинг 28 Октябрида Тошкент шаҳар суди томонидан ўлимга ҳукм қилинган.

Аброр Исаев, 18(!) ёшда ва Нодирбек Каримов, 22(!)ёшда, 2002 йилнинг 23 декабрида Тошкент шаҳар суди томонидан олий жазога ҳукм қилинганлар.

Бу ўн гулидан бир гули очилмаган навқиронлар нима қилдилару нима қилмадилар менга қоронғу. Аммо Инсон ҳуқуқлари халқаро Лигасининг хулосасига ишончим комил.Чунки Ўзбекистонда қийноқлар, иқрорни қабиҳ “Вишинский” усули билан олиш “гуллаб –яшнаган”.

Инсон ҳуқуқлари халқаро Лигаси 18-28 ёш орасида бўлган бу шахслар суддан олинган қийноқ, исканжага маъруз қолганлари, улардан қаттиқ босим ўтказиш йўли билан иқроР ҳақида кўрсатма олингани, ҳатто бу ҳақда судда баёнот бераман, десалар ҳам қулоқ солинмаганини таъкидлаган ҳолда бундай ҳаракатлар БМТнинг Қийноқларга қарши Битимининг 15 моддасига мутлоқ хилоф тушишини алоҳида урғулайди.

Айни пайтда ўлимга ҳукм қилинган бу шахсларнинг яқинларига ҳам босим ўтказилгани, терговчилар шу йўл билан маҳбусларнинг бўйинларига айб илганлари қайд этилар экан, бундай ҳолга кўз юмиб бўлмаслиги айтилади.

Мактубда қийноқ ва исканжалар Ўзбекистонда одатий ҳолга айлангани, жумладан бу масала 2001 йилнинг Март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари комитетида муҳокама қилинганига қарамай жиддий чора-тадбир олинмагани таъкидланади.

Ўзбекистон ҳукуматининг ўтган йили БМТнинг қийноқлар масаласи билан шуғулланган махсус вакил ҳам Ўзбекистонда қийноқлар систематик тарз касб этганини эълон қилгани амалда ҳукумат аниқ тадбирлар олмаётгани ва қотилликлар бевосита ўзининг фаолиятига айланганини тан олишини кўрсатади.

Шунингдек, қийноқлар ҳақидаги гаплар тасдиғини топаётгани ва бегуноҳ одамлар ўлдириб юборилмаслигини олдини олиш мақсадида президент Каримовдан бу масалага бевосита аралашиш сўралади.

Мактуб шунингдек, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари омбудсмани Сайёра Рашидова, Ўзбекистон Олий суди раиси Аминжон Исматов, Бош прокурор Рашид Қодиров, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Миллий марказининг раҳбари Акмал Саидовга ҳам юборилган. Аслида улар халқ тарафида туриб халқнинг фарзандларини қотиллардан асрашлари керак бўлган одамлар. Аммо бу саҳнада уларнинг ўзлари жаллодлик ролини ўйнамоқдалар. Ҳимояни эса халқаро ташкилот бажармоқда.

Туркманбошидек жаллод ўлим ҳукмини музлатган. Ҳатто, энг ашаддий рақиби қўлга олинганда ҳам бу ақидасини бузмади. Демак, бу бизникилар Туркманбошидан ҳам тубан кетганларини кўрсатмайдими?

Бир бегуноҳ инсонни ўлдириш шарафсизлик бўлса, ўнлаб, юзлаб бегуноҳ инсонларни ўлдиришнинг номи нима экан?!

(Вашингтон, 10-феврал, 2002 йил).

ҚУЛЛИКНИНГ АЛОМАТЛАРИ

Қуллик фақат қулдорлик давридагидек бировнинг қўлида ҳайвон каби ишлаш маъносинигина англатмайди. Бугунга келиб бу калима бошқа маънолар ҳам касб этмоқда. Масалан, кимнингдир йўлидан чиқа олмаслик, подшоҳларга тобе бўлиш, ўз фикрига эга бўлмасдан ўзгаларнинг чизиғидан чиқа олмаслик, мустамлакада бўлиш зеҳниятидан қутула олмаслик ва ҳоказо ҳолатларда ҳам қуллик калимаси ишлатилмоқда.

Ана шундан келиб чиқадиган бўлсак, Совет даври ҳам қулдорлик жамияти эди. Бу жамиятнинг услуб ва усуллари кишиларнинг онгига, ҳаётига шу қадар сингиб кетган эканки, мана Ўзбекистон мустақил бўлганига 11 йил бўлаяпти ҳали ҳам қуллик аломатлари гуркираб яшамоқда. Масалан дейсизми?

-Каримовга тобе бўлганлар…

-Каримовнинг режимини қўллаб-қувватлаётганлар…

-Каримовнинг сиёсатини кўр-кўрона тарғиб қилаётганлар…

Булар чин маънодаги қуллардир.

Ёки:

-1990 йилларда лотин ҳарфи учун курашиб ўзлари бугунга қадар кирилда ёзаётганлар…

-Мустақиллик йилларида ўзбек тилини давлат тили қилиш учун ҳайқириб, ўзлари бугунга қадар рус тилида ёзаётганлар…

Яқинда Интернетда “Усмон Ҳақназаров” деган “ватанпарвар”нинг номи билан Ўзбекистон ҳақида бир қанча мақолалар эълон қилинди. Агар у ватанпарвар бўлса нега мақоласини рус тилида ёзди?- ҳеч ким сўрамади ҳам. Ваҳоланки ёзишдан мақсади ўзбек халқини огоҳ этиш эканлигини бир неча марта такрорлайди. Энг қизиғи уни танқид қилганлар ҳам рус тилида ёздилар. Яна ҳам қизиғи тортишувларда рус мустамлакаси, унинг асоратлари ҳақида тўлиб-тошиб гапирилар экан, яна ёзувлар рус тилида эди. Кирилда эканлиги борасида гапирмасак ҳам бўлади. Ҳатто кимдир, “Лотинда ёзманглар тушуниш қийин бўлмоқда” деб ёзди ҳам. Бу зеҳният, ўзлигини англашдаги муаммо масаласи.

Туркманбоши жаллод, лекин унинг ўрнига кўз тиккан Борис Шихназаров (укаси Константин, опаси Лариса) рус зеҳниятли, туркман тилини билмагани ҳолда уни қўллаганлар кўп бўлди. Мен эса ҳар иккаласига ҳам қарши эдим. Каримов ҳам Туркманбошидан қолишадиган жойи йўқ. Аммо унинг ўрнига миллатни самарқандликлару тошкентликлар ва фарғоналикларга бўладиган “ҳақназаров”лар келса нима ўзгаради?

Яна ҳам ачинарлиси ўзларини келажакнинг “реформаторлари” деб таништираётган ёшлар ҳам инглиз тили бир ёқда турсин, рус тилида ёзмоқдалар ва гапирмоқдалар. Булар мустақиллик йилларида улғайган ниҳоллардир.”Ҳақназаров”лар эса уларни рус тилида ёзишга ва гапиришга рағбатлантирмоқдалар.

Шу боис бугунга қадар тўла ўзбекча бўлган веб саҳифалар йўқ ҳисоби. Чунки ўзбекчани қойиллатадиган, қуллик аломати бўлган кирилни бир четга суриб қўйиб лотинда ёзадиган ўзбек бугун анқонинг уруғи. Ҳатто ҳукумат ташкил қилган веб саҳифаларда ҳам бу ишни йўлга қўя олишмаяпти.

11 йилдан бери мустақил бўлиб ўз она тилида гапира олмаган, ёза олмаган одамлар чин маънодаги қулдирлар. Рус тилининг, рус алифбосининг қулларидирлар.

Истасалар рус тилида, инглиз тилда ёзсинлар, бу ҳам ҳунар, дейдиганлар бўлади ва уларни ҳам қўллайман, лекин, аввало ўз она тилларида қойил қилиб ёзсинлар, ана ундан кейин бошқаларида.У ҳолда бундай инсонларни қобилияти одамлар дейиш мумкин.

Агар бир америкаликка “Мен фалон-фалон тилларни биламан” десангиз, ” Бу сен учун яхши, мен эса фақат инглиз тилини биламан” деб жавоб бериш одати бор. Бунинг остида катта киноя ҳам ётади.

Бу: “Мен ўз тилимни мукаммал биламан!” дегани.

Бу “Бошқа тилларни билганим билан мақтанмайман, мен ўз тилимни билганим билан ғурурланаман!” дегани. Бизга ҳам ана шундай шуур касб этармикан?!

Менга баъзи мухлислар “Интернетдаги саҳифангизни ўқиш қийин бўляпти-да, кейинги ёзганларингни ҳам кирилда бўлганда эди, яхши бўларди”, деб кўп шикоят қиладилар. Мен учун лотинда ёзиш кирилда ёзишдан қийинроқдир. Аммо қийинини танладим.Чунки бу эркинлик, озодликнинг белгиси. Ҳа, Ўзбекистонда қабул қилинган лотин ҳарфларида баъзи муаммолар бордир. Аммо бу кирилда ёзиш учун сабаб бўлолмайди.

Менга лотиндагиларни бир тугмани босиб кирилга айлантириш имкони бор. Аммо буни қилмайман, чунки бу менга қулликка қайтишдек туюлади.

Бугун ўзбек тилини, ўз она тилини билмаган ҳолда бир- бирини сен “ўзбек эмас” деб айблашлар кўпайиб қолган. Бу худди”Мен қул, сен нега қул эмассан” деганга ўхшайди.

Зиёлилардан бири радиода юқоридаги мавзуда гапириб, булар қулликнинг асоратларидир деди. Ана шу гап мазкур мақолани ёзишимга сабаб бўлди.

Йўқ булар қулликнинг асоратлари эмас!

Булар ҚУЛЛИКНИНГ АЛОМАТЛАРИ дир!

(Вашингтон, 28 Январ, 2003 йил).

ОЗОД ШАРОФИДДИНОВ ҲАҚИДА

Озод Шарофиддинов Совет даврида энг Ленинчи танқидчилардан бири эди. Бирор ёзган нарсаси йўқки, Ленин калимаси билан бошланиб, Ленин калимаси билан битмаган бўлсин. (Ишонмасангиз “Шарқ юлдузи” журналининг 1975-1990 йиллардаги сонларини варақлаб кўринг-ЖМ).

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин бу одам Совет тузумига қарши гаплар билан чиқа бошлади, бу тузум миллатнинг гулларини йўқотгани ҳақида мақолалар ёза бошлади. Мухолиф қарашдаги шоир ва ёзувчиларни қўллаб чиқишлар қилди.

Шундан кейин бир умр Ленинга садоқат билан хизмат этган бу одам қандай қилиб бирданига Ленин йўлига қарши бўлади, деган гаплар кўпайиб кетди. Эшитдики, бу одам ўтмишдаги ленинчилиги учун иқрор бўлиб, бутун кечмишини шилиб ташлагани ҳақида баёнот берганмиш.

Шундан кейин у Совет даврида қандай “улуғ” бўлган бўлса мустақиллик даврининг ҳам “улуғ” сиймоларидан бирига, ҳамманинг “Озод ака”сига айланди. Катта мажлисларда катта гаплар гапирадиган бўлди.

-У президентнинг ўзи ҳам қатнашган мажлисда гапни айлантириб бўлса ҳам президентни қўрқмай танқид қилди,-деди зиёлилардан бири.

-Қани эди ҳамма ҳам унга ўхшаб гапирганда бугун кўп нарса ўзгарган бўларди,- деди иккинчиси.

-Унинг хорижий радиодаги чиқишларини айтмайсизми?- деди учинчи бир зиёли.

-Агар президентни юзига қараб танқид қилган бўлса ва Ўзбекистонда эмин эркин юрган бўлса яқинда мукофот олади,-дедим мен ўзим яхши таниган таниқли бир адиба билан бу борадаги суҳбатимизда.-Чунки президентнинг топшириғи билан уни силаб-сийпаб танқид қилган, Президентга шу керак бўлган бўлса керак, ҳойнаҳой.

Айтганимдай бўлди, орадан кўп ўтмай президент унга орден берди. У радиода президентни “Отам’” деб юборди. Таниқли адибага буни эслатгандим,

- Ҳа энди кексайиб қолдилар, хурсанд бўлиб айтиб юборганлар, аммо у одам буюк одам,-деди у.

Шу орада “буюк одам”га “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини берди Каримов.

-Бир умр Лениннни куйлагани учунми?- деб сўрадим опахондан.

-Мардлик қилиб ўз ўтмишидан воз кечгани учун дедилар,-опахон бу сафар.

-Менимcа Озод акангиз Каримов ҳақида китоб ёзаётган бўлса кераков,- дедим мен киноя билан. Опахон ҳам киноя билан кулиб қўйдилар.

Мана бу ҳам тўғри бўлиб чиқди. Озод Шарофиддиновнинг Ислом Каримов ҳақидаги “Мустақиллик меъмори” деган китоби нашрдан чиқибди.

У аввал Ленинга хизмат қилди, кейин унга тупуриб Каримовга хизмат қилди.

Ёши бир жойга бориб қолгани учун бугунги фаолиятидан ҳам воз кечишга, каримовчиликка тупуришга улгурадими йўқми билмайман, аммо бир кун келиб миллат унинг китобига тупуришига ишонаман.

(Вашингтон, 24 Январ, 2003 йил).

ТАРИХНИ МИЛЛАТНИНГ ҚОНИ БИЛАН РЕТУШ ҚИЛАЁТГАНЛАР

Газетачилар РЕТУШ калимасини кўп ишлатадилар. Туш яъни Ҳинд сиёҳи билан расмларнинг муҳим нуқталарини қайта бўяш ишига ретуш дейилади. Бу йўл билан фото тасвирдаги одамнинг қошини қалин, лабини дўрри ва ёки ўзини суратдан бутунлай йўқотиб юбориш мумкин. Нью- Йоркда чиққан ва муаллифи Давид Кинг бўлган “Йўқолган комиссар”лар деб номланган албом-китобда Ленин ҳамда Сталин даврида юқори лавозимдаги шахслар нафақат ҳаётдан, балки “доҳий”лари билан ёнма-ён тушган суратлардан қандай йўқотиб юборилганлари кўз олдингизга келтирилади.

Китобнинг муқоваси унинг бутун моҳиятини англатиб беради. “Коммунистбошилар” Антипов, Сталин , Киров, Шверник биргаликда тушган суратлари. Матбуотда дастлаб эълон қилинган бу суратдан иккинчи марта нашр этилишида Антипов ғойиб бўлган. Учинчи марта эълон қилинган айни суратда Сталиннинг ёнида фақат Киров қолган ва бу сурат кейинги марта Киров ҳам ретуш қилингани ҳолда чиққан. Сталиннинг бир ўзи савлат тўкиб турибди.

Худди ана шундай манзарани Ленин билан бирга суратга тушган сафдошлари тақдири мисолида ҳам кўрсатиб берилган. Отилган, дом-дараксиз йўқотилган комиссарларни расмлардан ўчириш Совет режимининг оддий одати бўлган. Аммо энг диққатни тортадигани китобдаги расмларнинг аксар қисми Ўзбекистон билан боғлиқ эканлигидир.

Гап шундаки бундай ретушбозликда Ўзбекистон ўша пайтда ҳам пешқадам бўлган экан. Китобнинг “Ўзбекистон 10 ёшда” деб номланган бўлимида Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов ва бошқалар ҳаётда қандай йўқотилган бўлсалар тасвирлардан ҳам худди шундай ғойиб бўлганлари тилсиз фотосуратлар гувоҳлигида кўз олдингизга келтирилади.

Яна бир диққатли нарса эса, Ленинга биринчи орденни Хоразм республикаси бергани каби унинг портретини илк бор гиламга тушириш ҳам Туркистонда “кашф” қилингани экан.

Бу анъана бугунга қадар яшаётгани эса яна ҳам қизиқдир. Ўзбекистон тарихидан тортиб, Ўзбекистон энциклопедиясига қадар очиб варақласангиз 1990 йиллар бошидаги тарих ретуш қилиб юборилганини кўрасиз. Расмларда эса Ислом Каримовнинг ёнидан дастлаб Шукрулла Мирсаидов ғойиб бўлган бўлса, кейин Мирзаолим Иброҳимов, Адҳам Фозилбеков, Пўлат Абдураҳмонов, Шавкат Йўлдошев, Раҳим Ражабов ва бошқа казо-казолар ретуш қилинганларини кўрасиз.

Мустақиллик кунларида президент бир ёш қизалоқни кўтариб расмга тушиши ҳам Ўзбекистонда анъанага айланган. Бу ҳам янгилик эмас экан. Китобда Сталиннинг байрам кунлари ёш қизалоқни кўтариб тушган расми келтирилган ва бир кун келиб бу расм ҳам ретуш қилингани айтилади.

Ҳа, бу Ленин ва Сталиндан қолган “ўлмас” мероснинг бир бўлаги, холос.

“Йўқолган комиссарлар” китобида яна бир фалсафий нуқта бор. Сталин билан бирга суратга тушган одамлар тасвирлардан бир-бир ғойиб бўлиб қолаверадилар ва барча расмларда Сталин якка ўзи савлат тўкиб кўзга ташланаверади. Бу диктатуранинг бирламчи белгиси. Шу кунларда Ўзбекистонда кланлар бор, ҳамма гап самарқандликлар, фарғоналиклар ва тошкентликлар ўртасидаги тортишувда, деб жар солаётганлар диктатуранинг ана шу асосий рамзини билмайдилар, деб ўйлайсизми? Жуда яхши биладилар. Аммо уларнинг бир қисми Каримовнинг зулмини шу йўл билан оқласа, иккинчи қисми Туркистонни парчалаб, чегараларни портловчи нуқтага айлантирилишини ёпиб юбормоқчилар.Турондан Туркистонга, Туркистондан мустақил давлатчаларга ва энди самарқанликлар, фарғоналиклар ва тошкентликларга бўлиш тарафдорларининг иши бу. Бўл, парчала ва бошқар- уларнинг мақсади шу! Зиёлилар ҳам бу араванинг ортидан югуриб кетаётганлари эса энг катта фожеадир.

Мавзуга қайтадиган бўлсак, бу мақолага боис бўлган китоб охирида Сталиннинг тобутда ётган расми келтирилади ва рамзий хулоса қилинади. Яъни у дунёга устун бўлиб қололмади. Минг афсуски, бу фалсафадан хулоса чиқариш осон иш эмас экан, акс тақдирда бугун Каримов, Туркманбоши, Лукашенко… лар зулми, тарихни миллатнинг қони билан ретуш қилиш давом этмаган бўларди! (Вашингтон, 17 январ, 2003 йил).

КАРИМОВНИНГ ТЕГИРМОНИГА КИМ СУВ ҚУЙМОҚДА?

Усмон Ҳақназаров(?)имзоси билан Ўзбекистондаги “кланлар” ҳақида ёзилган мақолани “Бирлик” ва “ЭРК” номли веб саҳифаларни юритувчилари кўзларига тўтиё қилишмоқда. Йилнинг энг яхши таҳлили, деб ўз саҳифаларида тарғиб қилишмоқда. Бу мақола Ўзбекистондаги барча жиноятларга Каримов эмас, бошқалар айбдор, деган чалғитувчи фикрни одамларга сингдиришдан бошқа эмас. Фактлари чалкашликлардан иборат бўлиши ва муаллифнинг масалани яқиндан, ичдан билмаслиги, эшитганларига асосланиб ёзганлиги сезилиб турганига қарамасдан бу мақоланинг “диққат тортиши” эса маҳаллийчилик тарафдорлари ҳали ҳам кўплигини кўрсатмоқда.

Гап Жўрабеков ва ёки Алимовда эмас, бундайлар Самарқанд ёки Тошкентни тамсил қила олмайдилар ҳам. Гап ана шундай жаллодларнинг жаллодбошиси Каримовдадир. Кеча Турон ғоясини ўлдирганлар бугун Туркистон ғоясини чегараларга мина тўшаб портлатиб юбормоқдалар,ер парчин қилмоқдалар. Яна ҳам тубанлашиб эртага маҳаллийчилик қилиши билан миллатни бутунлай парчалаб ташламоқчилар.

Бу мавзуда 1999 йилда “Озодлик” радиосидаги чиқишимда ўз фикримни ўртага қўйганман ва бугун ҳам у ўз актуаллигини йўқотмагани учун уни ўқиб чиқишингизни таклиф этаман.

Мақолалар рўйхатига қарасангиз охирроқда “Ўзбекистонда кланлар борми?’ деган ном билан турибди.

Ўқиб чиқсангиз, “Каримовнинг тегирмонига ким сув қуймоқда?” деган саволга жавоб топасиз.

(Вашингтон,2003 йил, 4 январ).

ЎЗБЎЯМАЧИЛИК

Совет Иттифоқи инқирозга юз тутаётган йилларда “Кўзбўямачилик” калимаси истеъмолга кирганди. Бу кўпроқ қўшиб ёзиш, Марказни алдаш каби иллатларни ифода этишда қўлланиларди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб эса “Сўзбўямачилик” калимаси истефода қилина бошланди. “Олти ойда сизга жаннат қуриб бераман”, “мустақилликни мустаҳкамлаш”, юртбошимиз айтганларидек…” каби такрорланавериб сийқаси чиққан ибораларга баҳо бериш учун пайдо бўлганди бу сўз.

Бугунги вазият эса “Ўзбўямачилик” деган янги калимани талаб этмоқда.Одатда бир уйда яшасангиз деворларни бўяшнинг икки мантиғи бор. Биринчиси, ўзингизга қулай бўлсин, деб ва иккинчиси, эски девордаги нуқсларни келган-кетгандан яшириш учун. Бу айни пайтда зеҳният масаласи ҳам.Ўзбекистондаги сиёсатни ана шунга қиёсласак, олдин девор бўяш “ўзимга” деб баҳоланди. Кейин “келган кетганга” йўналтирилди. Энди эса девор эсдан чиқиб, бўяётган одам ўзини бўямоқда. Бу ерда рангнинг аҳамияти қолмади, оқ бўлсин ёки қора бўлсин, фарқи йўқ. Бу ҳолатни бир сўз билан “ўзбўямачилик” дейиш мумкин.

Авропа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг 3- 5 Май (2003) кунлари Тошкентда ўтган йиллик анжумани олдидан Ўзбекистон президенти мамлакатда қийноқлар мавжудлигини тан оламан, деб банк раҳбарига ваъда берган, аммо мазкур мажлисда аксини гапирди.

Мажлисни телевидение орқали жонли кўрсатамиз ва бу ошкораликнинг ифодаси, деб амалда анжумандаги ҳақиқий вазиятдан бир шингил кўрсатган телемухбирлар қувғин этилди. Дунё жамоатчилиги уларни ҳимоя қилгач эса уларга ўз номларидан “бизни қўлламанг” деган хат ёздирилди.

Маркази Нью- Йоркда бўлган инсон ҳақлари билан шуғулланувчи “Хюман Райтс Ватч” ташкилоти мазкур банкнинг янги раҳбарияти 21 Июлда(2003) Тошкентга қиладиган сафари муносабати билан бир баёнот эълон қилиб, банкнинг Май ойидаги йиғилишидан кейин ҳам демократик ўзгаришлар бўлмаганини қайд этди. Аксинча яна қийноқдан ўлганлар, туҳмат билан қамалганлар, диний қарашлари учун судланишлар… булар Ўзбекистоннинг кундалик воқеалари ўлароқ “ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас” деганларидек давом этди.

Биз матбуотга эркинлик бердик, дейилди. Лекин амалда эркинликни бўғишнинг янги йўллари топилди. Танқидий мақолалар ёзган журналистларни қамаш орқали қўрқитиш ёки уларга ҳукуматнинг одамларини раҳбар этиб тайинлаш йўли билан чеклаш каби. Масалан, “Моҳият” газетаси жамоасининг коллектив ўлароқ ишдан кетиш ҳақида ариза ёзгани воқеаси бунга бир мисол.

Мустақил Инсон ҳуқуқлари ташкилотларини рўйхатга олдик дейилди. Лекин бу ташкилот аъзолари ҳукуматга тобе бўлиб қолган баъзи лидерларини демократик йўл билан алмаштирамиз, дейишса бунга қаршилик қилинмоқда.

Биз диний эркинлик берганмиз, дейилаётир. Лекин оддий имомларга қадар ҳукуматнинг махсус идораси тасдиғидан ўтиши керак. Намоз ўқиганлар эса Миллий Хавфсизлик Хизматининг нафақат рўйхатига, балки таъқибига ҳам олинади.

Биз пикетларга йўл бердик, дейилди. Аммо адолат излаб чиққанларни таъқиб қилиш у ёқда турсин, калтаклашмоқда ва жамиятнинг ёт унсурлари деб эълон қилишмоқда ва ҳоказо ва ҳоказо.

Хуллас, қаёққа қараманг, ана шундай икки манзара. Хўш бу билан Ўзбекистон нимага эришмоқчи? Четдан келганларни алдаб ёрдам олмоқчими? Лекин четдагилар ҳам буни кўриб турибдилар-ку?! Шундай экан бу ўз-ўзини алдаш, бир сўз билан эса ЎЗБЎЯМАЧИЛИКдир.

(Вашингтон, 2003 йил, 18 Июл).

ДИН ВА ДАВЛАТ

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг 10 Июлда (2003)эълон қилган навбатдаги ҳисоботи Марказий Осиёда дин ва давлат- Ислом ва ҳокимият масаласига қаратилган бўлиб, бугун юзага келган вазият таҳлил қилинади ва мавжуд бўҳроний ҳолатдан чиқиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги таъкидланади.

Бўҳронларнинг олдини олиш учун Марказий Осиёдаги ҳукуматлар ўзларининг Ислом дини борасидаги сиёсатларни қайта кўриб чиқишлари керак, дейилади, жумладан ҳисоботда. Етмиш йил давомида Совет бошқаруви Ислом динини бутунлай таъқиқлаб ташлай олмаган бўлсада дунёвийлик сиёсатини илгари суриб келди.

Мустақилликдан кейин эса Исломга бўлган интилиш жуда кучайди ва ўз навбатида бошқарув билан зиддиятга тушадиган гуруҳлар етишиб чиқди. Бундай зиддият турли тўқнашувларга олиб келдики, бунда ҳукуматларнинг ҳам қаттиққўллик билан олиб борган сиёсатлари таъсир акс таъсир йўлини очди. Жумладан, мусулмонларга қарши кучли қатағонлар дастлаб Ўзбекистонда юз берди.

Таъқибга учраганларнинг кўплари Тожикистонга ва сўнгра Афғонистонга ўтиб кетдилар. Шу зайл Тошкент ҳукуматига қарши бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати вужудга келди ва Толибларнинг иттифоқдошига айланди. Ўзбекистонда Исломий гуруҳлар, умуман шахсларга қарши ҳам ҳукуматнинг мухолифи сифатида қаралиб қаттиқ репрессия ўтказилди ва бу бугун ҳам давом этмоқда. Баъзи маълумотларга кўра камида олти минг диндор қарашлари учун қамалган ва 2003 йилда ҳам мавжуд режимдан қониқмаганларни зиндонбанд этиш тўхтагани йўқ.

Тожикистонда фуқаролар урушидан кейин Ислом уйғониш партиясининг ҳукумат таркибидан ўрин олиши вазиятни анча юмшатди. Лекин бугунга келиб Тожик ҳукумати “Ҳизбу ат Таҳрир” каби гуруҳларга қарши муросасиз кураш бошлатган. Бу ҳолатни Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам кузатиш мумкин.

Туркманистонда эса вазият яна ҳам ачинарли бўлиб ҳамма нарса, жумладан дин ҳам Сапармурод Ниёзовнинг шахсига сиғинишга йўналтирилган.

Марказий Осиёда Ислом динини Совет усуллари билан назорат қилишга уринилмоқда.Буни Ўзбекистон экстремистик репрессив йўл билан қилаётган бўлса, Қирғизистон эса бир қадар юмшоқлик билан амалга оширмоқда. Исломга икки хил қараш шаклланган. Биринчидан, ҳукуматлар Исломий оқимлар ва ҳаракатларни мавжуд конституциявий тузумнинг душмани деб билсалар, иккинчидан исломий қадриятларни ўз мавқеларини мустаҳкамлашда мафкура ўлароқ қўлланмоқдалар.

Айни пайтда барча мачитлар ва имомларнинг фаолияти назорат қилибгина қолинмасдан, имомлар ва диний уламоларни тайинлашни ҳам ҳукуматлар ўз қўлига олган. Оқибатда Ислом динини ўрганиш ҳам оқсаб қолмоқда. Оддий халқ орасида ҳукумат қўйган имомларга ишончнинг йўқлиги одамларни бошқа радикал оқимлар томон етакламоқда. Ваҳобийлик каби оқимларнинг пайдо бўлишида худди ана шу сингари омиллар ҳам борлигини инкор қилмаслик керак.

Марказий Осиёда Исломга нисбатан мавжуд ҳокимиятнинг муносабати бўҳронлар туғилиши учун сабаб бўлаётганини таъкидлаган халқаро ташкилот, жумладан Ўзбекистон ҳукуматига бундай вазиятдан чиқиш йўлларини ҳам кўрсатади.

Масалан, дин борасидаги қонунларни халқаро талаблар даражасига чиқариш, дин эркинлигини таъминлаш, диний таълимга рухсат бериш, мачитлар ва мадрасаларда диний таълимга йўл очиш, диний ташкилотларни рўйхатга олишни маданий даражага кўтариш каби тавсиялар ана шулар жумласидандир.

Шунингдек, диний пешволарнинг ёзганларни эркин нашр қилиш, Диний бошқармаларнинг мустақиллигини таъминлаш, Исломнинг ноанъанавий йўлларига қарши примитив Совет усули билан курашдан воз кечиб, замон йўналишида баҳс майдони учун ўрин бериш, диний қарашлари учун қамалганларни авф этиш ва мажбурий иқрорлар ҳамда қийноқларга берҳам бериш, ҳукумат таркибида динни яхши биладиганлар сонини кўпайтириш ва умуман диний ишончни ҳурмат қилиш, қадрлаш каби имконлар борки, мавжуд бошқарув буни идрок этиб, амалга оширса, табиийки бўҳронларнинг олдини олган бўлади.

(Вашингтон, 2003 йил, 11 Июл)

РЕЖИМНИНГ МАҲСУЛИ

Маълумки, Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вақти-вақти билан турли минтақалардаги долзарб муаммолар борасида ҳисоботлар эълон қилиб, юзага келган вазиятни қандай бартараф этиш йўлларини кўрсатишга интилади. Мазкур гуруҳнинг яқинда (2003, 30 Июн) эълон қилинган навбатдаги ҳисоботи “Ҳизбу ат Таҳрир: Радикал исломга жавоб” деб номланган ҳамда Марказий Осиёдаги, айниқса, Ўзбекистондаги ачинарли вазиятнинг олдини олишга қаратилгандир.

1950 йилларнинг бошида Яқин Шарқда пайдо бўлган Ҳизбу ат Таҳрир диний ташкилот эмас, дейилади ҳисоботда, балки динни асос қилиб олган сиёсий партиядир. Унинг мақсади халифаликни тиклаш, дунёдаги исломий ҳудудларни ягона халифалик байроғи остида бирлаштириш, Шариатни бутун ҳаётнинг асосий қонунига айлантиришдир. Ҳизбу ат Таҳрир зўравонликка қарши эканлигини эътироф этиб келади. Зотан аксарият фаолиятлари тинчлик йўлида амалга оширилади. Масалан, ўтган ой Буюк Британияда Ўзбекистон элчихонаси ёнида ўтказилган норозилик намойиши ёки 7 Июлда айни жойда ўтказилиши мўлжалланган аёллар намойиши ортида ҳам шу ташкилот тургани айтилади.

Ҳизбу ат Таҳрир терроризмни рад этишини, бегуноҳ одамларни ўлдириш мумкин эмаслигини, буни Ислом қоралашини ўз ҳужжатларида баён этиб келмоқда. Ўзбекистонда бу ташкилот мустақиллик йилларининг илк пайтларида ўзини кўрсата бошлаганди. Бугунга қадар катта кучга айланмаган бўлсада, аммо фаолиятининг изчиллиги ва ёшларни ўз томонига ағдара олиш қобилияти билан ҳукуматни шошириб қўймоқда.

Ҳизбу ат Таҳрир варақаларини ва маълумот тарқатиш йўлларини Ўзбекистон ҳукумати қаттиқ таъқиб этиб келмоқда ва буни жиноят деб баҳоламоқда. Унинг кўплаб аъзоларини қамоқларга тиққан ва баъзилари қийноқларга тутилиб, ваҳшиёна ўлдирилмоқда ҳам.

Дунёнинг бир қатор мамлакатларида очиқ фаолиятда бўлган Ҳизбу ат Таҳрирни Ўзбекистон ҳукумати террористик гуруҳлар рўйхатига киритган. Бу ҳам етмаганидек, қўшниларини ҳам шунга кўндирмоқда ва дунёга ҳам бу талабини ўтказишга уринмоқда.

Бу ҳолатни кескин танқид қилган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи Ислом Каримов режими қаттиққўлик билан радикал исломий қаршилик гуруҳларини яратаётганини урғулайди ва ўз ҳисоботига илова қилган таклифларида сиёсий йўллар билан кураш олиб бориш кераклигини таъкидлайди.

Бу эса энг аввало, демократик ва дунёвийлик тарафдори бўлган сиёсий мухолиф ташкилотларни рўйхатдан ўтказиб, эркин фаолиятлари учун изн берилиши кераклигидир. Шунингдек, матбуотга амалда эркинлик бериш, диний мавзуларда ёзишни тақиқламаслик зарур.Ҳукуматни, жумладан Миллий хавфсизлк хизматини очиқ танқид қилишга изн берилиши лозим. Ўзбекистонда муфти ва имомларга ҳам эркинлик берилса, бу халқнинг уларга ишончини ошириши мумкин. Ҳозир эса уларнинг айтганларини ҳукуматнининг айтгани, деб билган ёшлар келажакка ишончни Ҳизбу ат Таҳрир каби гуруҳларнинг талқинларидан топмоқдалар ва ишонмоқдалар.

Айни пайтда Марказий Осиё давлатлари билан ўрнатилган қаттиқ чегара сиёсати, иқтисодий чекловлар ҳам ёшларнинг ишсиз қолиб, турли гуруҳларнинг ваъдаларига оғиб кетишларига олиб келмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг саллани олиб кел деса, каллани узиб келадиган махсус хизматларини қонуний йўлга,тартибга солиш, уларнинг ўзбошимчаликларини чеклаш зарур. Буларнинг ҳаммаси демократик жамият сари қўйилган муҳим қадамлар бўлади.

Лекин гапни гапир уққанга, дейишади. БМТнинг қийноқлар бўйича вакилининг сафаридан кейин ҳам Ҳизбу ат Таҳрир аъзоларини, бошқа сиёсий маҳбусларни қийнаш давом этгани каби, ўнлаб, юзлаб ҳисоботлар ва таклифларга қарамасдан Ўзбекистон ҳукумати ўз билганидан қолмаяпти. Бу эса уни кун сайин, соат сайин орқага етакламоқда ва бу депсинишнинг, бу репрессиянинг оқибатлари оддий халққа қимматга тушмоқда.

(Вашингтон, 2003 йил 2 Июл).

ҚИЙНОҚЛАРНИ ҚОРАЛАБ

Авропада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти(ОБCЕ)нинг амалдаги раиси, Нидерландия Ташқи Ишлар вазири Йаап де Хуп 6-11 Июл кунлари Марказий Осиёга, жумладан Ўзбекистонга ташриф буюради.

8-Июл куни эса Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти қийноқларга қарши намойиш режалаган.

Ҳар икки воқеа ҳам АҚШ Конгрессининг Ҳелсинки комиссияси раиси Кристофер Смитнинг яқиндаги бир чиқиши билан боғлиқ.

Маълумки, Ўзбекистонда қийноқлар масаласи давлат сири даражасидан чиқиб, жаҳон жамоатчилигининг диққатига тушиб бўлган. Илгари ҳукумат қийноқлар йўқ, деб келарди. Кейинчалик инсон ҳуқуқлари курашчиларининг жасорати билан қийноқлар борасидаги далиллар ўртага қўйилгач, ҳукумат қийноқлар борлигини бевосита тан олиш ўрнига,ҳар бир воқеага баҳона кўрсата бошлади. Бу баҳоналарга кимдир ишонди, кимдир ишонмади. АҚШ Конгрессининг Ҳелсинки комиссияси раиси худди ана шу масалани ўртага қўйди. Гап Ўзбекистонга иқтисодий ёрдамлар масаласида эди. Бу борада Конгрессга икки марта, яъни 2002 йилнинг 26 Августида ва шу йилнинг 14 майида мурожаат қилган АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл Ўзбекистонда “жиддий ва давомли ижобий ўзгаришлар” бўлаётганини қайд этганди.

Ўтган ой, яъни 24 Июнда эса Ҳелсинки комиссиясининг раиси конгрессмен Кристофер Смит Давлат котибининг бундай изоҳотини танқид қилиб чиқди.У Ўзбекистоннинг терроризмга қарши курашдаги иштирокини қайд этган ҳолда, барибир иқтисодий ёрдамларни бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласига боғлаш кераклигини уқтирди. Конгрессмен Ўзбекистонда кейинги пайтда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи бир-икки ташкилот рўйхатга олингани, цензура бекор қилинди, деб эълон қилингани, амнистиялар, буларнинг ҳаммаси хўжакўрсинга қилинган ишлар, жаҳон жамоатчилигининг диққатини чалғитиш учун отилган “одимлар” эканлигига диққат қаратди.

БМТнинг қийноқлар борасидаги вакили Ўзбекистонга боргани ва мамлакат қамоқхоналарида қийноқ-исканжалар сурункали тус олганини очиқ қайд этгани, бу масала халқаро саҳнада бир неча бор муҳокама қилинганига қарамай яна сиёсий қарашлари учун қамалганлар қийнаб ўлдирилгани ўртага чиқди. Масалан, Ориф Эшоновнинг моматалоқ бўлган вужудини акс эттирган фотосуратлар бутун дунёга тарқалди ва ғазаб уйғотди. Отамирза Ғаффоровнинг ўлими ҳам ана шундай акс садо берди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати бу маҳбуслар ўз ажаллари билан ўлганларини айтиши конгресман Смит ибораси билан ҳеч нарсага ярамайдиган баҳона эди.

“Президент Каримов ваҳшиёна қийноқ усулларидан воз кечиши керак,- деди Кристофер Смит,-ва бундай ҳолатлар такрор бўлмаслиги учун кескин чоралар кўриши, айбдорларни жазолашни йўлга қўйиши зарур. Афсуски Каримов ана шундай оддий одим отишдан, яъни қийноқлар мавжудлигини тан олишдан бош тортмоқда.”

Таниқли адиб Мамадали Маҳмудовга кўрсатилган ва кўрсатилаётган тазйиқлар, Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов каби юзлаб ўзгача фикрлайдиган мухолифларига нисбатан бетоқатлик Ўзбекистон ҳукуматининг кундалик сиёсатига айланган.

Кристофер Смит ОБCЕ ни ҳам бу борада янада жиддийроқ ҳаракатларга чақирган эди. Ўзбекистонга ташриф буюраётган ОБCЕ раҳбари аввало қийнаб ўлдирилган маҳбуслар масаласида халқаро мустақил экспертларни ишга солишни сўраши кутилмоқда. Шунингдек, сиёсий ва диний қарашлари учун қамалганларни зудлик билан, ҳеч қандай шартларсиз озод қилинишини талаб этиш кун тартибида. Айни пайтда сиёсий мухолиф партиялар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларини рўйхатга олиш, матбуот эркинлигини таъминлаш ҳам суҳбат мавзуи.

Ўзбекистон 2003 йилнинг Ноябр ойидан бошлаб пулни конвертация қилишга ўтажагини эълон этди. Бу эса халқаро ёрдамларсиз жиддий иқтисодий бўҳронлар пайдо бўлишига олиб келади. Халқаро ёрдамлар эса демократия ва инсон ҳуқуқларига боғланмоқда. Демак, яна танлов. Кристофер Смит ибораси билан айтганда қийноқларни қоралаб, демократия томон юзланиш бу бошқаларнинг эмас, Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг манфаатлари учун хизмат қилади. Бу манфаат танловидир. Яъни, миллат манфаати учун танловдир.

(Вашингтон, 2003 йил 3 Июл).

ЧИНГИЗХОН САЛТАНАТИНИНГ АМЕРИКА САҲИФАСИ

Чингиз Хон… Бутун дунёнинг хони дегани…

Гарчи у шунга интилган ва бутун ер куррасининг бўлмасада, дунёнинг бугун Хитой деб аталадиган ўлкасининг бир қисми ва Эрон, Марказий Осиё, Россия ва Кавказнинг ҳам айтарли қисмини ўз империяси доирасига киритган, қалби Қорақумда бўлган йирик бир ҳамжамиятни тиклаган эди. Асл номи Тимучин бўлган ва мўғуллар орасида “Муқаддас қўмондон” номи билан аталган бу саркарда бугунги Афғонистондан тортиб, бугунги Булғористонга қадар от елдириб етиб борган ва дунёни якқалам қилишга интилганди.

Бугун Американинг маданий марказларидан бири Лос Анжелес шаҳридаги Санъат асарлари музейи ташаббуси билан Халқаро симпозиум иш бошлади. Уч кун давом этадиган бу анжуманга дунёнинг барча бурчакларидан илм ва маданият намоёндалари таклиф этилган.

Чингизхон мероси дейилар экан, Бобур Мирзога қадар узанган Шарқ маданиятини бунга боғлаш Ғарбда азалдан одат бўлган. Зотан Бобурни бугунга қадар ҳам мўғул ҳукмдори дейишади. Ваҳоланки, Темур кўрагонийдан кейинги маданият ўз бошига айри бир дунё.

Чингизхон мероси бугун талқин қилинар экан, унга икки йўлдан қаралмоқда. Биринчиси, мўғул маданияти ва иккинчиси Ислом маданияти. Бугун Американинг маданият марказларидан бирида Чингизхон мероси олимларнинг муҳокамасига тушар экан, қизиқиш катталигининг ҳам икки боис мавжуд.

Биринчидан, Тимучин дала қўмондонлиги даврида катта кучни қўлига тўплаб, кейин империя қуришга қадар етиб борди. Бугун ҳам дунёда дала қўмондонларининг “дарахти гуллаган” пайт. Бу Афғонистондан Покистонга ва Индонезиядан Кашмирга, Чеченистондан Филиппинга қадар ҳамма жойда кун тартибида. Демак, тарихга назар солиш учун эҳтиёж бор.

Иккинчидан, бугун Ғарбда исломни ўрганишга жиддий эҳтиёж туғилган. Хитой ва Марказий Осиёда икки дин орасида империя қурган Чингизхоннинг тажрибасига назар солиш шу жиҳатдан муҳимдек кўринади. Чингизхон империясининг ҳалокат сабаблари ҳам балки сабоқ олиш учун ибрат бўлиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам ўша даврнинг маданият ва санъати гуллаб яшнаганди ва бугунга қадар шуъла сочмоқда. Бошқача айтганда бугун Чингизхон салтанатининг Америка саҳифаси очилди дейиш мумкин.

(13 Июн, 2003 йил, Лос Анжелес).

ОРОЛ ФОЖИАСИ

Орол… кейинги 20-30 йилда енг кўп гапирилган ва мажлисларнинг энг кўп мавзуи бўлган масала. Орол учун миллион-миллион долларлар тўпланди ва қаерга гум бўлганини ҳеч ким билмайди. Оролни оёқ ости қилганлар, яъни уни қум оролига айлантирганлар бугун қаҳрамон ва уларнинг инсоният олдидаги жиноятларига ҳалига қадар баҳо берилган эмас.Балки шу боисдан ҳам бугун Орол ҳақида гапириш модага айланган ва иш қилмаслик эса одатга.

Бундан икки ой муқаддам Дунё сув форумида нутқ сўзлаган сиёсатчилар 21-аср сув муаммоси ва сув учун урушлар асри бўлади, деган гапни бот-бот такрорлаган эдилар.Аслида эса Орол фожеаси 21-асрнинг энг катта даҳшати бўлади, дейишмоқда олимлар. Бунинг ёнида Чернобил воқеаси каби фожиалар уммондан қатра бўлиб қоладиганга ўхшайди.

Шу боис 2003 йилнинг 2 Июн куни Франциянинг Евиан шаҳрида ўтадиган энг олий даражали учрашувда Орол тақдири ҳам кўриладиган бўлди. Яъни “Ривожланган еттилар ва Россия” деб номланган ҳамда қисқа қилиб Г-8 дейилган Саммитнинг ҳам диққатини тортди бу масала. Балки яна пуллар ажратилар ва ёки тадбирлар излаш учун йўллар очилар. Аммо “Финанcиал Тимес” шу кунларда ёзганидек, барибир масаланинг ечими Марказий Осиёда қолаверади. Оролнинг ўтмиши Ўзбекистон, Қиргизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистонга қанчалик боғлиқ бўлса, келажаги ҳам бу давлатларга шунчалик боғлиқдир.

Орол 1960 йилдан бошлаб қурий бошлади. Амударё ва Сирдарёнинг ўзанлари бошқа томонга, оний манфаатларга бурилгандан кейин катта фожиага йўл очилди. Советлар йиқилиб ўрнида мустақил давлатлар пайдо бўлгандан бери Орол яна ҳам кичрайиб, қумликлар, кўчкилар, касалликлар масканига айланди. Совет даврида Оролни қуритганлар мустақиллик даврида ҳам бу ишларини давом эттирдилар. Ўзбекистон Давлат планлаштириш идорасида ўтириб, Орол тақдирини Қудрат Ахмедов, Ислом Каримов ва Исмоил Жўрабеков ҳал қилганларини тарих яширган эмас. Аммо бугунги авлод яширмоқда. Бундай жиноятларни яшириш учун Орол масаласида Марказий Осиёда йўлига бир қўмита ҳам тузилган ва президентлар навбати билан бу қўмитани бошқариб турадилар. Аммо уларнинг бутун ҳаракатлари Оролнинг зиддига бўлмоқда.

Ўзбекистон Қирғизистонни энергия гирдобига итарар экан, Қирғизистон бунинг чорасини гидроэлектростанциялар иншо этишда деб билмоқда.

Бу эса сув дегани.

Бу Оролнинг ризқига чанг солиш дегани.

Ўзбекистонда Иқтисодий бошқарув Совет усулида қолиб, ўрта синфга йўл берилмас экан, саноат ривожланмай қолмоқда. Бу ҳаётни яна бутунлай ерга боғламоқда.

Бу эса сув дегани.

Марказий Осиё давлатлари билан ўртада сим тўрлар тортилиб, бир-бирига турли тадбирлар қўлланилар экан, чорасиз қолган Тожикистон ва Қирғизистон Ўзбекистонга қарши бошқа тадбир тополмагани учун сувни қурол қилмоқда ва ҳоказо ва ҳоказо.

Шундай ҳам бўғилган Оролни бугун яна бўғмоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, ўз қўллари билан ўзларининг келажакларини бўғмоқдалар.

(Вашингтон, 2003 йил, 31 Май)

КАРИМОВГА КАЛТАК

Бугун халқаро Амнести ташкилоти 2002 йилнинг воқеаларини ўзида мужассам этган йиллик ҳисоботини эълон қилди. “Ҳисобот-2003″ деб номлаган ҳужжатни дунё жамоатчилигига тақдим этиш муносабати билан ташкилотнинг бош котиби Айрин Каннинг мурожаатида дунёда хавфсизлик йўлида отилаётган одимлар ва улардан келиб чиқаётган натижаларга, инсон умрига завол бўлаётган омилларга кўпроқ ўрин берилади.Инсон ҳақларининг турли кўринишлардаги бузилишлари кескин қораланди.

Ҳисоботда Ўзбекистон учун ҳам алоҳида ўрин ажратилган. Ўзбекистоннинг АҚШ ҳарбийларига ўз ҳудудларида жой бергани ва инсон ҳақларини топташда халқаро терроризмга қарши кураш шиорини ўзига қалқон қилиб олгани айтилади.Референдум ўтказиш йўли билан президент ваколатларини узайтириш кинояга олинар экан, мамлакатда гарчи баъзи инсон ҳақлари ташкилотлари рўйхатдан ўтказилган бўлсада, умум вазият жуда оғирлиги, ҳукумат сиёсатини танқид қилиб келаётган мустақил ташкилотлар эса қувғин этилаётгани таъкидланади.

Инсон ҳақлари учун курашаётган, таъқиб ва тазйиқларга учраётганларини мисоллар билан асослаган ташкилот виждон эркинлиги айниқса ёмон аҳволда эканлигига урғу беради. Мусулмонлар билан бирга бошқа динларнинг оқимларига ҳам эркин фаолият учун йўл берилмагани ва ҳатто бу борадаги ишончлари учун қамалганлар кўпайиб бораётгани айтилади.Жумладан, Марат Мударрисов ва бошқаларнинг судга тортилгани қайд этилади.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга ажратилган қисмининг сиёсий маҳбуслар бўлимида кейинги пайтда “Ҳизбу ат Таҳрир” аъзоси деб қамашлар авж олгани, айниқса аёлларга ҳам ана шу тамға босилаётгани, уларнинг норозилик намойишлари эса бостириб юборилаётгани, милиция ходимлари қамоқдагиларнинг оилаларига ҳам қаттиқ босим ўтказаётгани таъкидланади.

Ўзбекистонда қийноқлар сурункали тус олганини БМТнинг мамлакатга бориб қайтган махсус вакили эълон қилган ҳисобот билан мустаҳкамлар экан Амнисти ташкилоти тергов жараёнида ва суд пайтида, ундан кейин ҳам қийноқ ва исканжа давом этаётгани, шу йўл билан маҳбуслар ўзлари қилмаган ишларни қилдим, дейишга мажбурланаётгани, уларни ўлимга ҳукм қилиб юбориш эса оддий ҳолга айланиб қолгани айтилади. Мисол сифатида қамоқда ўлдирилган Равшан Ҳаитовнинг тақдирига тўхталинган.Шунингдек, 35 ёшли Музаффар Авазов ва бошқаларнинг қамоқда қийноқларда ўлдирилгани чидаб бўлмас ҳол эканлиги айтилади.

Ўзбекистонда 2002 йилда ўлим жазоси кенг миқёсда қўлланилганини таъкидлаган ташкилот олий жазога ҳукм қилинганларнинг исм шарифларини санаб ўтади.

Ўзбекистон инсон ҳақлари бўйича одимлар отмоқдамиз, дея кўриниш бергани билан аслида вазият қандай бўлса, шундайлигича қолмоқда ва ёки аксига қараб кетмоқда.Бунга 2002 йилда рўй берган ва қайдиятга олинган мисоллар далолатдир.

Бу ҳисобот Ислом Каримовга навбатдаги калтак бўлди. Аммо калтакка ўрганган бошга бундай зарбалар таъсир ҳам қилмаса керак. Бошқача айтганда гапни гапир уққанга… (Вашингтон, 2003 йил, 28 Май).

ИЖДИҲОД ДАВРИ

Бугун исломшунослар ва диний қадриятларни таъриф ва тафсир қиладиганлар жуда кўп. Аммо улар аксарият ҳолларда бир- бирларини ё рад этмоқдалар ва ёки муштарак бир нуқтада бирлаша олмаяптилар. Бошқача айтганда асрлардир бирлаша олмаслик бугун ҳам ўзини кўрсатмоқда. Улардан баъзилари Ислом ва демократия бир бирини рад этмайди, дейдилар ва буни Қуръони Карим асосида исбот этадилар. Бошқалари эса демократия бу ғарбнинг тўқимаси дейдилар ва Қуръонни пеш келтириб буни рад этадилар.

Яқинда Вашингтонда ўтган “Нега демократия ва нега айнан ҳозир?” деб номланган илмий анжуманда ҳам ана шу ҳақда сўз борди ва исломшунос олимлардан бири демократия тушунчаси аслида Шарқда вужудга келганини ва бу ислом дунёсига бегона эмаслигини урғулаб, ислом файласуфи Абу Носир Форобийнинг , “Бизнинг сайлов эркимиз пайдо бўлмоқда” деган сўзларини такрорлади.

Кўпгина олимлар ислом дунёсининг етакчи намоёндаларини ИЖТИҲОДга чорламоқдалар. Бу эса, исломий анъаналар ва таълимни янгича талқин этишни ўз олдига қўяди.

Маълумки, Қуръон оятлари иккига бўлинади ва баъзилари қатъий оятлар бўлиб, аниқ-равшанлиги уcун тафсирни талаб қилмайди. Аммо аксарияти асрлар давомида баъзи олимларнинг ўз хоҳишлари, ёки амалдорларнинг истакларига қараб талқин ва тафсир қилиб келинди. Ислом олимларидан бири “Демократия яхши тузум эмас, лекин ҳозир ундан яхшироқ тузум ҳам йўқ, яъни борларининг яхшисидир бу” деган эди. Шундай экан, ана шу борларининг яхшисига интилишнинг нимаси ёмон деган савол туғилмоқда бугун.

Ўзбекистон каби яккаҳокимлик ҳукм суриб турган жойларда эса қатағон, зулм, қувғин йўли билан исломий қадриятларига узанган кишилар экстремизм, радикализм, кучга қарши куч йўлига кириб кетишга мажбурланмоқдалар. Ваҳоланки, Ислом нима эканлигини узоқ йиллар давомида чаласавод муллалардан эшитган миллатга ҳақиқатни билиш йўлидаги эшиклар очилса унинг ўзи оқ ва қорани ажратадиган бўлади ва демократия унинг фойдасига эканлигини ва буни Аллоҳ ҳам, Расули ҳам инкор этмаганини тушунади.

Буюк Британияда чиқадиган “Экономист” журнали ёзишича, Ўзбекистонда диний ва сиёсий қарашлари учун қамалган қарийб 6,5 минг кишининг тақдири мамлакатда ҳақиқий Исломни ўрганиш учун шароит йўқлигини кўрсатади. Дарҳақиқат, кўр-кўрона эргашиш ҳамма соҳада экстремизмга олиб боради. Онгли, эркин ва мушоҳадали қараш эса демократиянинг тамалидир. Ўзбекистонда эса униси ҳам буниси ҳам ора йўлда. Балки шунинг учун ҳам мамлакат ора йўлда қолмоқда. Бошқача айтганда, Исломни ўрганишни демократияни қабул қилишдан ва демократияни ҳазм қилишни Исломни англамоқдан бошламоқ керак.

(ВАШИНГТОН, 2003 йил, 24 Май).

ДИКТАТУРА ЎЗ РАСМИНИ ЎЗИ ЧИЗМОҚДА

Кейинги кунлардаги уч воқеа диққатимни тортди.

Биринчиси: Ўзбекистон телевидениесининг кекса режиссерларидан Аҳмаджон Иброҳимов “ўз аризасига” биноан ишдан кетказилгани. Унинг айби Авропа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг Тошкентда 3-5 май кунлари ўтган йиллик йиғилишининг очилишида Ислом Каримовнинг мудраб ўтиргани, банк бошқарув раиси уни танқид қилаётганда юзларини буриштириб, қулоқларини бекитгани. Каримов гапираётганда залдагилар ухлаб ўтиргани каби ҳолатлар эфирга кетиб қолгани экан.

Иккинчиси, Ўзбекистон радиосида 13-май куни Холида Тожибоева ва Шарофиддин Тўлаганов матбуот ҳақида бевосита мулоқот ўтказар эканлар, ўзини Қорабоев деб танитган тингловчи ҳукумат раҳбарларининг коррупция ботқоғига ботганини айтар экан, гап президентга етиб борганда дастур тўсатдан узиб қўйилгани.

Учинчиси, мустақил иқтисодчи Ғуломқодир Турсуновнинг президентга ёзган мактуби. Унда муаллиф Ўзбекистон иқтисодини оёққа қўйиш учун ўз таклифларини Ўзбек телевидениеси етти марта ёзиб олгани ва бирор марта ҳам эфирга бермагани ҳақида сўз юритади.

Кўриниб турибдики, ҳар уч воқеа ҳам Ўзбекистон президенти ва Ўзбекистон Телерадикомпанияси билан боғлиқ.

Маълумки, Ўзбекистон телевидениеси Авропа Тикланиш ва Тараққиёт банки йиғилишини бевосита кўрсатиш учун ундан мўмайгина пул олганди. Қолаверса Ўзбекистон раҳбарининг шахсан ўзи банк директорига бевосита кўрсатув ҳақда ваъда берганди. Шулардан келиб чиқадиган бўлса, ишдан қувилган режиссерда нима айб? Қозонда бори чўмичга чиққан.

Аҳмаджон Иброҳимовнинг матбуотга берган суҳбатларида у “Бу воқеани президентимиз билмасалар керак: дейди. Ғуломқодир Турсунов ҳам нажотни президентдан кутади. Бу эса зеҳният худди 1990 йиллар бошларидаги каби қолганини кўрсатади. Ўшанда ҳам “бу ишларни президент билмайдилар”, деганларнинг кўпчилиги президентнинг буйруғи билан ишдан олинган ёки қамалганди. Улар буни билар эдилар ва билиб туриб билмасликка олардилар.Сўнгги умидни ҳам ўлдирмаслик ёки бутунлай йўқолиб кетмаслик учун шундай дер эдилар. Лекин диктатуранинг энг катта иши одамларнинг зеҳнияти билан бирга уларнинг сўнгги умидларини ҳам ўлдиришдир.

Собиқ режиссер Аҳмаджон Иброҳимовнинг хорижий матбуотга берган суҳбатидан маълум бўлишиcа унга Ўзбекистон телевидениесининг директори Аҳмад Аъзам ариза ёздирган. Аввалига “ЭРК” партиясининг, сўнгра “Фидокорлар” партиясининг ташкилотчиси, нафақат ташкилотчиси балки асосий раҳбарларидан ҳам бири бўлган Аҳмад Аъзам ва Ўзбекистон Президентининг иқтисодий сиёсатини “ўзбек йўли” деб жар солган Телередиокомпания раисининг ўринбосари Фарҳод Рўзиев, ва қолаверса компания раисини бу фаолиятлари учун танқид қилиш эмас, балки мақташ керак. Чунки улар ўзлари ўтирган шохни арраламоқдалар.

Бошқача айтганда, Авропа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг йиғилиши бевосита кўрсатилгани ҳам жумласида бўлган баъзи жараёнлар боис Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар бўлмоқда, цензура битди, деган фикр илгари сурилмоқда эди. Ўзбекистон Телерадиокомпания раҳбарлари эса бу ғирт ёлғонлигини, Ўзбекистонда цензура гуллаб яшнаётгани ва диктатура саккиз оёқли ахтапотдан ҳам ўтиб ўргимчак каби ҳаммаёқни чирмаб олганини исботлашди.

Шунақа, ўргимчак ҳам охир оқибат ўз оёғидан осилгани каби диктатура ҳам ўз расмини ўзи чизмоқда.

(Вашингтон, 17 Май, 2003 йил).

ОЙНАДА ОЙ ЭМАС, ОЛАМ КЎРИНАР

Пайдо бўлган имкониятдан ҳукумат ҳам мухолифат ҳам фойдалана олмагани ҳақида

“Московские Новости” ҳафталиги “Ислом Каримов Авропани лақиллатди” деб ёзди.

Бошқа бир рўзнома эса “Анжуман кунлари мухолифатга минбар яратилди” деди.

“Финанcиал Таймс” “Диктатуранинг жозибаси Авропани ўзига маҳлиё этди” деган фикрни илгари сурди.

Инсон ҳақлари билан шуғулланувчи Хюман Райтс Ватч ташкилоти “Бу анжуманнинг Тошкентда ўтиши дунёда демократиянинг илдизларига болта уришдир” деган қатъий хулоса билан чиқди.

“Ўзбекистон бу банкдан ярим миллиард доллар олиши мумкин, аммо унинг йиғилишига тайёрланиш учун 2 миллиард доллар сарфлади” деб ёзганлар ҳам бўлди.

Хуллас, Авропа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг 3-5 Май(2003) кунлари Тошкентда бўлиб ўтган йиллик йиғилиши ана шундай турли қарашларни, баҳс ва тортишувларни ўртага қўйди.

Нега?

Биринчидан, бу банк сармояларини сиёсий жараёнларга боғлаб берадиган дунёдаги яккаю ягона очиқ сиёсийлашган банкдир.

Иккинчидан, халқаро майдонда сармоядорлар бу банк билан иш қилиб, унинг изидан боришни кафолатли йўли, деб билаётганлари.

Ана шу омилларни ҳисобга олганда “Московские Новостининг Каримов учун бу анжуман Тошкентда ўтиши муҳим эди, деган хулосасига қўшилиш ҳам мумкин, қўшилмаслик ҳам. Чунки Ўзбекистон иқтисоди нураб битган бинога ўхшаб қолган бир пайтда демократик жараёнларни кузатиб, сўнгра пул берадиган банкнинг йиғилиши Тошкентда ўтиши қайси бир маънода ютуқдир. Аммо натижаларга қарайдиган бўлсак, газетанинг “Каримов Авропани лақиллатди” деган гапи унчалик асосли эмас. Бунинг бир қанча сабаблари бор.

Масалан, банк йиғилиши кунлари Ўзбекистондаги мухолифат кучлари ўзларини синаб кўришлари учун катта майдон пайдо бўлди. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти нафақат Тошкентда, балки барча вилоятларда норозилик намойишлари, пикетлар ўтказди. Ҳукумат мажлис ўтгунча кўз юмган билан бу ҳол мухолифат кучларида ўзларига ишонч пайдо қилди. Ўн йиллар давомида қуритишга ҳаракат қилинган майсалар бирданига бош кўтарди.Аммо…

Шу кунлари “Бирлик”нинг қурултойи ўтгани айниқса диққат тортди. Ҳукумат деярли қаршилик қилмагани, катта бир кинотеатрда ўтганига қарамай қурултойга 40 киши ҳам тўпланмагани эса ҳаракатнинг жамиятдаги ўрни нуқтаи назаридан баҳсларга йўл очди. Қолаверса халқига қараб подшоҳи деган алмисоқдан қолган гап яна кун тартибига келди. Фақат энди подшоҳига қараб мухолифати деган кўринишда. Каримов ислоҳотларни орқага сураётган, демократияга йўл бермаётган бир пайтда унга мухолифман деганлар ҳам айни ишни қилмоқдалар. Масалан, “Бирлик’ учун ислоҳотчи ва демократчи номини олиши, қайтадан оёққа туриб, катта кучга айланиши учун имкон чиққанди. Аммо бу имконни қўллана олмади. Ўн йилдан кўп вақтдан бери мамлакатдан четда яшаётган Абдураим Пўлатни яна раис этиб сайлаш билан буни исбот этди. Агар “Бирлик” имкониятдан фойдаланиб янги бир лидер чиқара олганда эди бу курашнинг бурилиш нуқтасига айланарди. Қолаверса “эрк”чиларни ҳам “Бирлик” зонтиги(шамсияси) остида тўплашга киришилганлиги иддао қилинган бир пайтда бу жуда зарур эди. Агар “Бирлик” янги лидер билан майдонга чиқса, Каримов зулмидан эзилган миллионлаб инсонлар унга қўшилган ва Собир Раҳимов номидаги каби конотеатрларга сиғмай кетган бўларди. Янги руҳ ва янги куч халқ тўлқинига айланиб тўғонларни бузган бўларди. Мухолифат аъзоларидан бири, “Қурултой ўтказиш учун имкон бўлди, нега Абдураҳим Пўлатнинг ўзи келишга журъат этолмади” деган саволига аччиқ ҳақиқат бор эди. Дарвоқе, Исмоилжон Дадажонов каби ташкилотчилардан бирини нега раисликка сайлаш мумкин эмас эди? Унда “Бирлик”ни тетапоя қилган Абдураҳим Пўлат нима бўларди? Демократиянинг чиқиш йўллари кўп. У “Бирлик”дан ажралишни истамаётган бўлса, уни фахрий раисликда қолдириш мумкин эди. Худди Каримов президенликдан кейин абадий сенаторликни орзу қилаётганидек. Балки ўшанда Ёдгор Турлибеков(Қашқадарёлик) каби “бирлик”чилар унинг сафларини исёнкорона тарк этишмаган ва бошқа бир қурултойга бориб қўшилмаган бўлардилар?

Ўзбекистон деҳқонларининг янги партияси ҳам шу кунларда ўз таъсис қурултойини ўтказди.Унда эса қарийб 500 киши қатнашгани маълум бўлди. Ҳатто “Бирлик”ни тарк этиб, бу партияга қўшилганлар ҳам анчагина эди. Балки бу нормал ҳолдир. Лекин гап ана шу нормал ҳолнинг кўринишига боис бўлган кўзгу ҳақида кетмоқда. Қолаверса Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти бошлатган норозилик намойишлари ва пикетларига “Эзгулик”, “Мазлум”, Мустақил Инсон ҳуқуқлари ташкилоти каби гуруҳлар расман қўшилмаганлари эса умумий мақсад йўлида бирлаша олмаслик бугун ҳам мухолифатнинг умуртқа суягини ташкил қилаётганини кўрсатди.Бу эса имкониятлар келавергани билан мухолифатга бош бўлганлар ожизлигича қолаверишини кўрсатади.

Тошкентда ўтган халқаро анжуманда банк раҳбари Ўзбекистон президентини кўзига қараб сиз сўзингизда турмадингиз, дея танқид қилиши ва Тошкентдан қайтар экан, демократик ислоҳотлар учун охирги марта бир йиллик муддат берамиз ва ўзгариш бўлмаса масалани жиддий равишда кўриб чиқамиз, дейиши эса Каримов ҳукуматининг зафари бўлди деб айтиш мумкин эмас.

Хуллас, бу анжуман, дунёда турли қарашларга йўл очгани бир бўлса, у айни пайтда ҳам демократия ҳамда диктатура учун кўзгу ролини ўйнади.Демократиянинг кўзгудаги аксини кўриб қандай хулоса чиқариш сизнинг ҳукмингизда бўлади. Аммо диктатуранинг кўзгудаги аксини ижобий хулоса қилиш мумкин эмаслиги ҳам аён бир ҳақиқатдир. Оддий қилиб айтганда, қозонда бори чўмичга чиқади, ёки ойнада ой эмас олам кўринар…

(Вашингтон, 10 Май, 2003 йил).

КИМ ПРЕЗИДЕНТ БЎЛАДИ?

Биров номзодлар орасида Зокир Алматов, Ўткир Султонов, Шавкат Мирзиёев, Эркин Халилов, Рустам Иноятов бор деса, яна биров Абдулазиз Комилов, Элёр Ғаниев, Рустам Азимов дейди. Мен ўйлаган номзод бошқа.

Аввало Каримов нимани ўйлаётган бўлиши мумкин.

Биринчидан, “Касаллигим авжига чиқса фалончини ўз ўрнимга қўяман”, деган фикрда бўлиши аниқ.

Иккинчидан, “Мамлакатни бошқаришни Бош вазирга топшириб, фалончини бирор бир партия орқали бош вазирликка чиқараман, яна бир бошқа фалончини эса давлат рамзи бўлган президентликка қўяман. Улардан бири менга қарши чиқса ҳам, иккинчиси барибир менинг этагимни ушлайди” деган хаёлда. Шу боис у “валиаҳдлари”ни бугун бир-бирини еб қўядиган қилиб тарбияламоқда.

Шу кунларда Ислом Каримов ҳақидаги ҳужжатли романнинг сўнгги бўлимлари устида ишлар эканман, “қаҳрамон”имнинг нафақат китобда балки ҳаётда ҳам тугаб бориши мос тушаётгани қизиқдир.

Бугун нима бўлганда ҳам Каримовнинг кетишига ишонч пайдо бўлмоқда. Балки у олти ойнинг ичида, балки икки йилдан кейин кетар. Демак, Каримовдан кейин ким бўлади, деган саволга ҳамма, Ўзбекистондаги сиёсий партиялардан бошлаб, мухолифату оддий фуқароларга қадар жавоб қидириш керак. Ҳар ким ўз қарашини ва ўз тахминини ўртага қўйиши мамлакатнинг келажаги учун қайғуришини кўрсатади.

Лекин Каримовдан кейин ким келишидан қатъий назар у жуда тезда, яъни икки уч йилда қийин аҳволга тушиб, Каримов қилмишларининг “қурбони” бўлади. Чунки Каримов ўз ўрнига танлайдиган одам, биринчидан, Американи қониқтирадиган одам бўлади. Иккинчидан эса, ислоҳотчироқ бўлади. Ана шу икки омил янги раҳбарни қийин вазиятга солади.

Ғарбда “Домино эффект”, яъни “Домино таъсири” деган ибора бор. Бу эса домино тошларидан тикланган ўйинчоқ уйнинг бир тоши олинса, ҳаммаси қулаб кетишига ишора. “Бошқарув”нинг бир шохи синиб кетиши билан ҳаммаси ишдан тўхтаб қолиши назарда тутилади. Диктатура шароитида эса бошқарув диктаторга боғланган бўлади. Ўзбекистоннинг “домино” тизимидан Каримовнинг чиқиши бутун тизимни шол қилади. Бошқача айтганда у қурган қалъа ўзи билан йиқилиб кетади.

Буни соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, янги раҳбар халққа нимадир қилишга интилади, аммо пули бўлмайди. У Ғарбдан, жумладан ИМФ- Халқаро Валюта Жамғармасидан қарз сўрайди. Берамиз , истаганингизча берамиз, аммо сиз ислоҳот қилишингиз, бозор иқтисодига ўтишингиз керак, деган шарт қўйишади. У халққа “Менга икки йил беринг, мен иқтисодни тузатаман”, деса, халқ ишонмайди, чунки 1991 йилдан бери “олти ойда жаннат қилиб бераман” деган президент унинг чўнтагини шилиб кетди. Ислоҳотни бошлатса, ҳукумат жиловини ушлаб турган нарх-наво ошиб кетади, пулнинг қадри тушади, бу эса ғалаёнларга олиб келади. Иккинчи томонда у сиёсий ислоҳотларга ҳам йўл бериш мажбуриятида бўлади. Бу эса унинг танқидчиларини кўпайтиради, халқнинг ана шу танқидчилар томонига ўтиб кетишига замин ҳозирлайди. Хуллас, яна бошқа омиллар ҳам борки, ким бўлишидан қатъий назар, бундай ҳолга бардош беролмайди.

Рашидовдан кейинги кунларни эсланг. Йилига бир раҳбар алмашганди. Озарбайжонда Абулфайз Элчибей президент бўлган даврни таҳлил қилинг. Гуржистонда Гамсахурдия пайтини олиб кўринг. Узоққа борманг, Горбачев тушган вазиятга назар солинг. Каримов буни билади ва бир муддат ўтиб баъзилар. “Каримов даври яхши эди” деб гапиришларига ҳам ишонади. Худди бугун Саддамнинг даври яхши эди, деганлар топилгани каби. Чунки оддий халқ келажак билан эмас, балки бугун билан яшайди.

Менинг назаримда Ислом Каримов “валиаҳд” этиб уч кишини танлаган. Улардан бири Содиқ Сафоевдир. Иккинчиси Рустам Азимов. Учинчиси эса Шавкат Мирзиёевдир. Америка ва Халқаро ташкилотлар Содиқ Сафоев билан ишлашни истайдилар ва унинг ислоҳотлар қилишга мойил,деб ҳисоблайдилар. Рустам Азимовга ҳам худди ана шу кўз билан қарайдилар. Лекин Каримов Шавкат Мирзиёевни танлаши мумкин, агар у билиб-билмай Каримовнинг оёғини босиб қўймаса. Менимcа “ўтиш’даври, бошқача айтганда, қурбонлик учун улардан қайси бирининг танлаши муҳим эмас. Уларнинг ҳам даври ўтади.Тез. Аммо улардан кейин катта ғалағовурлар ва демократик сайловларнинг бўронида туғиладиган янги бир лидер Ўзбекистонни Марказий Осиёда Туркистон бирлигининг ташкилотчисига айлантириши, дунёда ҳам эътибори юксак давлат даражасига олиб чиқиши мумкин ва унинг даври Ўзбекистоннинг қайта туғилиш даври бўлади.

(Вашингтон, 2002 йил, 28 Апрел)

ЎЗИНИ АЛДАМОҚДА

2003 йилнинг 25 Апрел куни, яъни бугун Олий Мажлиснинг 11 сессиясида кутилмаган воқеа юз берди. У ҳам бўлса, олдин кун тартибига киритилмагани ва эълон қилинмагани ҳолда тўсатдан “Ўзбекистон президенти ваколатларининг асосий кафолатлари ҳақида”ги қонун қабул қилинишидир. Бундай қонунлар кўп мамлакатларда қабул қилинган. Аммо Ўзбекистондагиси ҳеч бирига ўхшамайди. Қизиғи шундаки, бу қонун Ислом Каримов хаста экан, ана кетармиш, мана кетармиш, деган мишлар тарқалган бир пайтда қабул қилинди.

Агар Ислом Каримов 2007 йилда кетишга тайёргарлик кўраётган бўлган тақдирда олдинда ўнлаб сессиялар бор ва буни қоидаларга солиб, тошу тарозисини кўриб чиқиб қабул қилиш мумкин эди. Апал-тапал қабул қилинишига кўра, бошқа бир гап борга ўхшайди. У ҳам бўлса, Ислом Каримовнинг ўзи ўз саломатлигига ишонмай қолган. Докторлар уни жиддий огоҳлантиришган. Шу сабабдан ҳам янги қонунда “саломатлиги туфайли” деган калима алоҳида ўрин олган. Лекин гап бунда ҳам эмас.

Қабул қилинган қонун Халқаро нормаларга зидлиги билан ажралиб туради. Кўплаб давлатларда мамлакат раҳбарлари ваколат муддати даврида дахлсизликка эгадирлар ва вазифаларини бажаришдаги ҳаракатлари учун ваколат муддати тугагандан сўнг адолат ҳузурига чиқарилишлари мумкин. Зотан шу нарса уларнинг диктаторлик қилмасликлари, қонунларни оёқ ости этмасликлари учун бир огоҳдир. Аммо диктаторлар ўзларига юқоридаги каби қонунларни қабул қилиб олганлар, Масалан, Чилида Пиночет ана шундай умрбод дахлсизлик қонунини қабул қилдирганди.

Агар Ўзбекистонда қабул қилинган қонунга назар солинса, президент истаган одамини қамаб, истаганини ўлдириб юбориши мумкин, аммо бунинг учун жавобгар эмас, деган хулоса чиқади. Бунинг устига у умрбод Сенат аъзоси бўлиб қолармиш. Бундай ҳолда сенат парламентнинг бир бўлаги эмас, колхоздан фарқи йўқ эканда. Чунки парламент дегани бу маълум бир муддатга халқ томонидан сайланадиган вакилларнинг анжумани дегани. Агар Ўзбекистон яккаҳокимлик йўлида қоладиган бўлса, табиийки бу иддаоларимиз ўз кучини йўқотади. Аммо Ўзбекистон демократик йўлни танлаган экан, унинг парламентида умрбод аъзолар бўлмаслиги, балки халқ томонидан сайланган аъзолар бўлиши шарт.

Янги қонунга кўра президент ишдан кетгандан кейин ушланмас, сўроқ қилинмас ва шахсий кузатувдан ўтказилмас экан. У Шовруқ Рўзимуродов каби юзлаб фидойиларни ўлдиртирган бўлса ҳамми? Ўзбекистон олтинларини четга олиб чиқиб кетган ва кетаётган бўлса ҳамми? Наркотик контрабандаси билан шуғулланаётган бўлса ҳамми? Йўқ, бу қонун эмас, бу ўз ўзини ахмоқ қилишдир.

Каримов бугунга қадар ўзбек халқини алдаб келди, энди эса ўзини алдамоқда. Бугун у ўзи ҳақида қонунни қандай қилиб бир зумда тасдиқлатган бўлса, эртага бир кун келиб, худди шундай бир зумда бекор қилинади бу қоғоз!

Дарвоқе, Каримов ҳам Ельцин йўлини танлади, дейишмоқда. Ельцин Россиянинг биринчи президенти эди ва баҳоли қудрат демократияни бошлаб берди. Советлар қулашида эса у демократиянинг байроғига айланган инсон эди. Аммо Каримов борини ҳам ўлдирди. Ўзбекистонни ботқоққа итқитди.

Каримовдан кейин Ўзбекистон қайта туғилади ва унинг биринчи ва ҳақиқий президенти ҳам ўшанда пайдо бўлади. Каримов эса Ўзбекистон тарихидаги қора кунларнинг рамзига айланади. Яъни зулмат элчиси, деб ёдга олинади.

(Вашингтон, 2003 йил, 25 Апрел).

2003 йил, 9-Апрел…

Президент Буш “Тарихий лаҳза” деб атади.

Ироқнинг БМТдаги элчиси Муҳаммад Ал Дури “Ўйин битди” деди.

Франция президенти Жак Ширак мамнуният изҳор қилди.

АҚШнинг АБC Телевидениеси “Саддам ўз салафлари бўлмиш диктаторлар сафидан “муносиб” ўрин олди” деди….

2003 йил, 9-Апрел, Бағдод вақти билан соат 6.50…

Ўтган салафлари Сталин, Ленин, Дзержинский…ва ҳоказоларники каби бугунги зулмнинг ёрқин тимсолларидан бири бўлган Саддамнинг ҳам мамлакат пойтахтининг Фирдавс майдонидаги асосий ҳайкали қулатилди.

Зулм заволи шундай бўлади!

Ки зулму золим тахтга мингусидир,

Муқаррарки кун етиб, ингусидир,

Тўрт оёқли cўп отда тингусидир,

Олтин ойна қасрлари сингусидир…

40 йилда тўплангани 40 кунда битади, деган гап бор. Аммо Саддамнинг халққа ўтказган зулми шу қадар оғир бўлган эканки, унинг ҳайкали 40 кунга ҳам етмасдан йиқилди.

2003 йил, 9-Апрел, Бағдод вақти билан соат 6.50…

Бу рақамлар барча зулмкорларга дарс бўлиши керак.

Саддамнинг ҳайкалига тупурганлар, калишларини олиб унинг юзига отганлар, йиқилган ҳайкалнинг устига чиқиб тепкилаганлар, байрам қилиб тунни кунга улаганлар каби зулмингиздан эзилганлар сизнинг ҳам охирги кунингизни кутишмоқда ўртоқ диктаторчалар! Зотан Президент Буш ҳам диктаторбоши Саддамни қулатиб унинг ҳалафларига сабоқ мактаби яратамиз деганди.Энди сабоғингизни чиқариб олинг.

2003 йил, 9-Апрел, Бағдод вақти билан соат 6.50…

Минг афсус юзлаб ўққа учганлар ва йигирмага яқин журналистлар бу дақиқани кўра олмадилар. Аммо зулмнинг заволидан уларнинг руҳлари шод бўлган бўлса не ажаб?!

2003 йил, 9-Апрел, Бағдод вақти билан соат 6.50…

Саддамнинг ҳайкали устига аввал Американинг байроғи тортилди, аммо бир дақиқадан кейин хато тузатилди ва Саддамнинг зулмига учраган ҳамда ўн йил олдин ҳилпирашдан тўхтатилган миллий Ироқ байроғи тикланди. Бу жуда рамзийдир. Маълум, бир муддатдан кейин бутун бошқарув Ироқ халқига ўтишининг ифодаси бу!

Зулминг заволи Ироқ халқига муборак бўлсин!

Демократия бу эзилган халқнинг ёруғ кунларини бошлаб келсин!

Қолган диктаторчаларнинг ҳам тиззаларига қалтироқ тушсин!

Зотан “Борарға не маскан муяссар, Турарға не давлат муқаррар!

(Вашингтон, 2003 йил, 9-Апрел, Бағдод вақти билан соат 6.55…)

ТАЛАБСИЗ ТАЛАБАЛАР

“Бугун, 2003 йил 24 Март куни Самарқандда Чет Тиллар олийгоҳи талабалари ўз ректорлари Юсуф Абдуллаев ишдан олинишига қарши бош кўтардилар”.

(Хабарлардан)

Талабалар нима учун миллатни, яъни ота-оналарини эмас, балки ректорни ҳимоя қилиб кўчага чиқдилар?

Ҳаммамиз ҳам талаба бўлганмиз. Бирор бир талабанинг ректор билан иши йўқ. Нари борса муаммосини декан билан ҳал қилади. Ректорни эса байрамларда ёки катта мажлисларда узоқдан кўриб қолади. Ёки хизмат машинасида ғизиллаб ўтиб кетганини кўчада кўриб қолади. Аммо талабалар зулм исканжасида қолган ота-оналарини ҳар кун кўрадилар. Бир бурда нонини ўзи емасдан, талаба боласига берган, мактабда ўқиган гўдагига янги кийим харид қилолмаган, иш қидириб иш тополмаган, иш топганда маошини ололмаган ота-онасининг дардларидан хабарлари бор. Зулм боис қувғинга олинганлар, қамоқдаги азоблар ҳақида ҳам у ёқ, бу ёқдан эшитиб турадилар. Матбуот ва телевидениедаги ёлғонлардан безиллаб қолганлар.

Бунинг устига хорижий тиллар олийгоҳининг талабаси ташқи дунёдан ҳам хабардор. Миллати, яъни ота-онасининг ҳаётини таққослаб кўриши учун мисоллари етарли. Дунё хабарларини ҳам хорижий матбуотдан олиб туради. Баъзан олийгоҳ йўлланмаси билан чет элларга ҳам бориб келади.

Маълумки, бугунга қадар дунёдаги барча исёнлар ортида талабалар турган, уларнинг ҳаракатлари катта ўзгаришларга олиб келган. Ҳеч кимнинг кучи етмаган диктаторларни ҳам талабалар, ёшлар йиқитганлар ва бугун ҳам дунёнинг кўп мамлакатларида талабалар жамиятнинг етакчи кучи ҳисобланадилар.Аммо Ўзбекистонда бу кучни янчиб ташлаш 1991 йил январида Тошкент талабалар шаҳарчасида юз берган исёндан кейин бошланди. Ҳукумат талабаларни кучсизлантириб қўйиш, уларнинг ғайратларини бошқа томонларга йўналтириш учун махсус дастур ишлаб чиқди ва бугунга қадар шу дастур ҳаракатда..

Шундай экан, Самарқандда чет тиллар олийгоҳининг талабалари ректор Юсуф Абдуллаевни ишдан олишгани учун нега исён қилдилар? Нега кўчага чиқдилар ва ҳокимликка қадар бориб, ҳатто деразаларни синдирдилар? Буни уйғониш дея баҳолаганлар ҳам бўлмоқда. Афсуски, бу уйғонмасликнинг, ҳали ҳам уйқудаликнинг ёрқин бир ифодаси.

Биринчидан, Юсуф Абдуллаев фавқулодда бир арбоб эмас. У халқ орасидан чиқиб халқ дардини кўтарган, бугунги режимга қарши бош кўтарган раҳбар ҳам эмас. Унинг бутун фаолияти бугунги ҳукуматнинг сиёсатини қўллашга қаратилди. Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетидан бошлаб ҳукуматнинг Москвадаги ваколатхонасига ва Таълим вазирлигидан ректорликка қадар қаерда ишламасин ҳукуматга содиқлигини намойиш этди. Лекин бу ҳукумат вақти-вақти билан ўзига содиқларнинг ҳам “бошини танасидан жудо” ( танаси вазифаси маъносида тушунилса айни муддао бўлади-ЖМ) қилиб туради.Содиқ раҳбарни ишдан олсалар буни душманларим қилмоқда ва президентим билмайди деб ўйлайди Ёки ўзини шундай ўйлашга мажбур қилади ва президентига билдиришнинг йўлларини қидиради. Бу исён ана шундай йўллардан бири.

Иккинчидан, умр бўйи ҳукуматда ишлаб, пишиб кетган раҳбарлар, айниқса комсомолдан чиққан ва коммунистик партия таълимини олганлар ўз атрофларига ўз одамларини тўплашни биладилар. Уларнинг ўрнига келадиган янги раҳбар бу одамларни қувиб, ўзиникини олиб келишини ҳам яхши тушунадилар. Бунга халқ “ратация” деб ном қўйган.”Ратация”га тушганлар ана шундай кезда нима қилишни ўйлайдилар. Самарқанд мисолида Абдуллаевдан кейин кетиши керак бўлганлар талабаларни қўлланиб, кўчага олиб чиққанлар. Ўлмаган жондан умид! Оддий ҳақиқат шу. Акс тақдирда талабалар ректорни эмас, ўзларига ундан ҳам яқинроқ бўлган ота-оналарининг манфаатларини ҳимоя қилиб кўчага чиққан бўлардилар.

Учинчидан, уларнинг ректорни ўз ўрнига тиклаш талабини жамиятнинг пишиб етилган талаби деб айтолмайман. Жамиятнинг пишиб етилган талаби билан, яъни “Президент истеъфога кетсин”, “Биз демократик, адолатли ва эркин сайловлар истаймиз!” “Матбуот эркинлиги, сўз эркинлиги, ишонч эркинлигини истаймиз!” “Биз ислоҳотлар истаймиз, ёлғонга чек қўйишни, адолатни тиклашни истаймиз!”. “Миршаблар калтаклаётган ота-оналаримиз, суддан адолат тополмаётган юртдошларимизни бу кўйга солаётганлар ҳукумати билан бирга даф бўлишини истаймиз”, “Жамиятни порахўрлик ботқоғига ботирганлар йўқ бўлсин!” каби талаблар билан чиқишганда мен уларга қойил қолган ва офарин деган бўлардим. Аммо талабаларнинг талабсиз исёнлари бу фожиадан, яъни уларни қўлланиш давом этаётганидан дарак, яъни улар ҳали мустақил кучга, онгли ҳаракатга айланмаганларидан дарак.

(Вашингтон, 24 Март, 2003 йил).

КАРИМОВНИНГ “ЎЙИНИ”

Ислом Каримовнинг 14 Март кунги Фармони билан А. Комилов маслаҳатчи бўлди (назорат майдонига олинди) ва илгари ҳам айни жойда бир марта ўтириб кўрган Содиқ Сафоев Ташқи Ишлар вазири этиб тайинланди. Бу воқеани турлича баҳолаётганлар бўлмоқда. Ҳатто Содиқ Сафоевни бўлажак президент деганлар ҳам топилмоқда.

Менимча кейинги кунларда бўлаётган ўзгаришлар ортида бошқа масала бор. Ёдингизда бўлса, Каримов Россия билан муносабати вақтинча бузилиб Америкага юз бурган кунларда илдизи Москвага қадаладиган Мудофаа вазири Рустам Аҳмедовни олиб ташлаб, ўрнига Вашингтонда алоқалари яхши бўлган Қодир Ғуломовни қўйган эди.

Бу сафар ҳам айни услуб, гап шундаки Ислом Каримов Ироқ масаласида Американинг позициясини қўллади ва Россия қарши жабҳада қолди. Эски Совет зеҳниятига эга Каримовнинг калласида бундай пайтда “Россия менга қарши бир иш ўйлаши мумкин” деган хаёл кечиши аниқ. Шундай ҳолда у кимлар Россияга қўл келиши мумкинлигини назардан ўтказади. Тарозининг оғир тошига айланган Абдулазиз Комиловнинг илдизи Москвада. Владимир Путиннинг шогирдларидан бири. Россия бир иш қилмоқчи бўлса, МХХ орқали қилиши мумкин. МХХнинг ҳам Путиннинг ҳам суянгани Комилов бўлиши мумкин.

Каримов энг кичик хавфни ҳам бартараф қилиб турадиган феномен бўлгани учун Ташқи ишлар вазирлигини бир оёғи Америкада бўлган ва сотиб олиш учун Россиянинг пули етмайдиган киши билан мустаҳкамлаб қўймоқчи бўлди. Аммо бу вақтинчалик одим. Бир йилдан кейин ёки олдинроқ яна Москва билан эскичасига оғиз бурун ўпишса табиийки ўзгача одим отади.

Каримовнинг ўйинларини билган одамлар учун бу воқеалар таниш.

Бошқача айтганда Каримов ўзи билан ўзи ўйнайдиган шахмат тахтасида яна битта тошни у ёқдан бу ёққа силжитиб қўйди. Вассалом, бўлган гап шу!

(Вашингтон, 15 Март, 2003 йил)

ИСТЕЪФО ТАЛАБИ ВА ҚЎРҚУВ

7- март куни Тошкентда “Америка овози” ва “Озодлик” радиосининг мухбирларига ҳужум қилинди. “Америка овози”ининг Тошкентдаги ҳамкори Беҳруз, яъни Юсуф Расулов ва “Озодлик” радиосининг ҳамкори Ҳусниддин Қутбиддинов пойтахтнинг Эски шаҳар қисмида журналистик вазифаларини бажараётган бир пайтда калтакландилар.

Бу жойда 8- март халқаро хотин-қизлар байрами арафасида президент Каримовнинг истеъфосини, қамоқлардаги қийноқларни тўхтатишни, бегуноҳ қамалган болалари ва турмуш ўртоқларини озод қилиш талаби билан бир гуруҳ мусулмон аёл намойишга чиққан ва улар милиция ходимлари томонидан калтакланиб олиб кетилганди…

Қўли ва кийимлари қон бўлган миршабга “Аёлларга нима бўлди, уларни қаёққа олиб кетишди?”, деб савол билан мурожаат қилган журналистлар орадан кўп ўтмай ўзлари ҳам калтаклар зарби остида қолдилар.

Бундай, намойишни ёритиш учун маҳаллий журналистлар журъат эта олмасликлари аниқ. Аммо халқаро журналистлар қийинчилик билан баҳоли қудрат бу ишни бажариб келаётган эдилар. Энди улар ҳам зулмнинг тегирмон тошига дуч келдилар. Лекин бу тош уларни эза олмаслигини зулм идрок эта олмаётир.

Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистонда кейинги пайтда журналистларни қўрқитиб қойиш механизми изга тушмоқда. Масалан, охирги бир ойнинг ичида Гайрат Миҳлибоев қамаб юборилгани, Олим Тошев, Лутфулло Мамасолиев устидан иш қўзғатилгани, Тўхтамурод Тошев, Мурод Калонхонов қамоққа олингани, Эргаш Бобожонов суд қилингани халқаро жамоатчиликда жиддий ташвиш уйғотди. Жумладан, АҚШ Давлат департаменти бу борада баёнот бериб, Ўзбекистонда журналистларга таъқиб тўхтатилишини талаб қилди ва ҳукуматга матбуот эркинлиги борасида босим ўтказиш йўлида қарорли эканлигини билдирди.

Аммо мазкур баёнотдан кейин орадан тўрт кун ҳам ўтмай халқаро журналистлар куппа кундуз куни, аҳли аъённинг кўз олдида калтакланиб, қўлларидаги иш қуроллари тортиб олинди. Бу воқеа бугун дунёнинг диққат марказига тушди. АҚШнинг нуфузли газеталари терроризмга қарши курашда Қўшма Штатларнинг яқин ҳамкори бўлган Ўзбекистон амалда инсон ҳуқуқларини топташ билан бирга матбуотни назорат қилишни кучайтирган ҳолда журналистларга нисбатан мутлақо тоқат қилиб бўлмайдиган фаолият кўрсатаётганини ёзмоқдалар.

Жумладан, “Тhе Nеw York Тiмеs” газетаси бугунги сонида “Ўзбек тўдаси икки журналистни калтаклади” деган мақолани чоп этган. Унда қийноқлар одат тусига кирган Ўзбекистонда “Бу қийноқларни тўхтатинг!”, деб кўчага чиқиш ноодатий ҳол эканлиги, аммо бир гуруҳ аёллар бунга журъат этишгани таъкидланар экан, бу воқеани ёритишга уринган журналистлар калтаклангани, уларга тан жароҳати етказилгани ва уларнинг иш қуроллари тортиб олингани мамлакатнинг қайси йўлда эканлигини кўрсатувчи далил бўлгани таъкидланади.

Диний эркинлик бўғилган, сайловлар адолатсиз бўлган Ўзбекистонда матбуот ходимларига бундай муносабат ташвишли эканлиги урғуланади.

“Тhе Wаshington Тiмеs” газетаси ҳам мазкур масалада бугун катта бир мақола берган ва уни “Миршаблар журналистлар калтакланишини томоша қилдилар” деб номлаган. Мақолада, ўзбек расмийлари, жумладан Ислом Каримовнинг ўзи советлар даврининг “мероси” эканлиги қайд этилган ҳолда унинг режими коррупция ва репрессия ботқоғи устида тургани ёзилади.

Юз берган воқеага бошқа нашрларда ҳам ана шундай кескин муносабат билдирилар экан, бир қатор халқаро ташкилотлар ҳам бу воқеани қораламоқдалар. Ўзбекистоннинг ичида ҳам бу ишни ҳукуматга оид одамларгина амалга ошириши мумкинлиги очиқ айтилмоқда. Мустақил журналист, “Ўтюраклар” ташкилотининг асосчиси Мўътабар Тожибоевага кўра ҳукумат бундай ишларни тап тортмай қилади ва сўнгра хабарим йўқ деб тураверади. “Озодлик” радиосининг мухбири Ҳусниддин Қутбиддинов эса уларни урган кишиларни турли намойишлар бўлган кунларда кўп бор кўрганларини ва қолаверса улар Ички ишлар вазирлигининг коррупцияга қарши кураш бўлимида ишлаган ходимлар эканлигини айтган гувоҳлар бўлганини қайд этади.

Ҳа, Ўзбекистон раҳбариятининг кўрсатмаси бўлмаган ҳолда журналистларга ҳужум қилиш, уларнинг “иш қуролларини” тортиб олиш ҳодисаси юз бермаслиги ҳаммага аён. Баъзи манбалардан олинган хабарларга кўра 6- март куни Независимая газетасида Каримовнинг “саломатлиги ёмонлашгани ва ҳатто ўлган бўлиши мумкинлиги” ҳақидаги мақола унинг қаттиқ жаҳлини чиқарган ва хорижий мухбирларнинг жазосини бериб қўйишни талаб қилган. Аммо илк ҳужумга Америка матбуотининг вакиллари тушиб қолишини эса хаёлига ҳам келтирмаган. Шу боис журналистларга ҳужум қилганлар “куйиб” қолишлари ҳам ҳеч гап эмас. Шунақа, режим қутурганда нима қилаётганини ўзи ҳам билмайди.

Бу воқеадан эса икки жиддий хулоса келиб чиқади.

Биринчидан, бу воқеа Ўзбекистоннинг яқин кунларида президент Каримовнинг истеъфосини талаб қилиб ўтказилган илк сиёсий намойиш эканлиги билан ажралиб туради. Шу боис ҳукумат намойишчиларга шафқатсизларча муносабатини яна бир бор кўрсатиши билан бирга баъзи аёлларнинг бўлган воқеа ҳақидаги гапларини ёзиб олишга улгурган журналистларга нисбатан ҳам зўравонлик қилди. Истеъфо талаби ва бу талабдан қўрқувнинг манзараси бу.

Иккинчидан, ҳали яқиндагина Ўзбекистонда журналистларнинг маълумот олишларини кафолатлайдиган янги қонун президент Ислом Каримовнинг имзоси билан кучга кирган эди. “Америка Овози” ва “Озодлик” радиосининг мухбирларига нисбатан юз берган бу воқеа эса Ўзбекистонда қонунлар нима-ю ҳаёт нималигини яна бир бор исботлади. Режимнинг сўзи ва юзи икки эканлигини кўрсатди.

(Вашингтон,8-Март, 2003 йил)

ТУРКМАНИСТОН ва МЕН ТАНИГАН КАРИМОВ

Туркманбоши ҳам Каримов ҳам яккаҳокимлик, диктаторликда бир-биридан қолишмайдиган зотлардир. Бундай одамлар халқнинг кўз ўнгида оғиз-бурун ўпишсаларда орқада бир-бирларига ҳасад қилиб “ханжар” ҳам санчаверадилар. Бундайлар параноя касалининг мубталоси бўладилар ва нима қилаётганларини ўзлари билмайдилар. Бу биринчи хулоса.

Диктатура ҳукмрон бўлган мамлакатда бирор-бир раҳбар ўз хоҳиши билан, мустақил ҳолда бирор иш қилмайди. У ҳар тарафда диктаторнинг “қулоқлари” ва “қўллари” борлигини билади, ҳушида эмас, ҳатто тушида ҳам мустақил одим отишга чўчийди. Бу иккинчи хулоса.

Диктатор ҳар куни, ҳар тарафдан мақтов эшитавериб, ўзини дунёнинг энг кучли одами деб ҳис қилиб қолади. Юксалиб кетган “рейтинги’га ишониб қўшни давлатларни ҳам ўз вилоятлари ўрнида кўради ва “ҳоким’ларини алмаштиришга ҳаракат қилади. Бу учинчи хулоса.

Ана энди бу хулосаларни келтириб чиқарган саволлар.

Агар бир воқеа юз берса ва диктатор бундан бехабар бўлса, ўша заҳотиёқ юзлаб одамларнинг боши сапчадек учиб кетмайдими?

Туркманбоши ва унинг бош прокурори Ўзбекистонни айблагандан кейин ҳам Тошкент бир неча кун “мум ютиб”, нега жим турди?

Нега на МХХ, на ИИВ, на Чегара қўшинлари сафида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади?

Терроризмга қарши уруш бораётганини баҳона қилиб, қуш учса оёғидан уриб туширилаётган Ўзбекистоннинг чегаралари Шихмуродовлар учун “кирди-чиқди” жойига айланган бўлса нега дарҳол Хавфсизлик кенгаши чақирилиб чораси олинмади?

Москвада ёки Чукоткада бир гап бўлса “ҳассослик” билан тадбир оладиган президент бу сафар қаерда эди?

Бунинг устига Тошкент худди Борис Шихмурадовнинг чегарадан ўтганини ўзи бошқаргани каби Ташқи ишлар вазири А. Комиловнинг Шихмуродов Туркманистон Ташқи ишлар вазири бўлган ва унинг Ўзбекистонда танишлари, дўстлари кўп бўлиши табиий ва у бу ерга келиб- кетган бўлса бизнинг хабаримиз йўқ, дейиши “Бу ишни биз қилдик” дегани эмасми?

Ёки бугунги кунда Ўзбекистонга кириб чиқиш шу қадар осонлаштириб юборилдими?

Айниқса қидирувда бўлган Шихмуродов каби бир одам Ўзбекистонга келиб, бу ерда эмин-эркин юрса, чегарадан ўтиб Туркманистонда суиқасдга раҳбарлик қилса ва Ўзбекистон элчихонасида бошпана топса ва бу очилиб қолгандан кейин ҳам Каримов ҳеч кимни жазоламаса… йўқ бу мен таниган Каримов эмас! Мен таниган Каримов бундай пайтда девонни ағдар тўнтар қилиб, маслаҳатчиларидан бошлаб вазирларга қадар бир қанча одамни дўппослаш билан бирга уларнинг “думини тугиб” юборган бўларди. Наҳотки Каримовнинг бундай диктаторлик “услублари” ўлиб қолган бўлса?

Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчиси Абдурашид Қодировнинг суиқасдга аралашгани очилиб қолгани заҳотиёқ нега Каримов ҳассослик билан уни чақириб олмади ва “нима бўлди?’ деб сўрамади?

Ҳатто Туркманистон ўзбек элчисини чиқариб қувганда ҳам нега Каримов халқаро протокол бўйича айни жавобни қилиб, туркман элчисини чиқариб юбормади?

Нега Ўзбекистонни қурбсиз, иқтидорсиз бир вазиятга солди?

Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчихонаси унинг ҳудуди ҳисобланади. Туркманлар бу жойга бостириб киришганда нега Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ва бир-бутунлиги учун кафолатни бўйнига олган президенти жим эди?

Ундан уруш эълон қилиш талаб қилинган эмас, нега у Ўзбекистон ҳудудини ҳимоя қила олиши мумкинлигини айтиб чиқмади?

Бундай ҳолатларда дарҳол президентнинг ўзи баёнот бериши керак эмасми?

Ашгабатда Туркманбоши Ўзбекистонни айблар экан, Тошкентда Каримовнинг садоси чиқмаётганинг боиси нимада эди?

Жимлик аломати гуноҳмиди ёки?

Икки гапнинг бирида қўшниларини айблаб турадиган Каримов нега бу сафар кабинетидан майдонга чиқмади?

Ашгабатда Борис Шихмурадов қўлга тушиши биланоқ Каримов апал- тапал Қашқадарёга бориб, ўзининг энг яқин одамларидан бўлган Бахтиёр Ҳамидовни кутилмаганда ишдан олиб қайтгани нимани англатади?

Ҳали Туркманистон Шихмуродовни Каримовнинг ўзи қабул қилиб, кейин Ашгабатга жўнатган экан, деб ўйлаб қолмасин тағин?

Ўшанда “Мен эмас, собиқ ҳоким қабул қилган эди”, дейиш учун замин ҳозирлаш эмасмикан бу?

Ёки бошқа сирлар очилиб қолган тақдирда “айбдор” ни тайёрлаб қўйиш учун ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам бир одим отилдими?

Туркманлар суиқасд режаси Қаршида тайёрланиб, эълон қилинадиган барча фармонлар матни шу жойда ёзилганини маълум қилганидан кейин барча айб Ҳамидовга юкланиб, уни йўқотишга қарор қилиндимикан?

Ашгабатда Афғонистон ва Покистон раҳбарлари туркман газини дунёга олиб чиқиш борасида битим имзолаган кун Шихмуродов ва Иқлимовнинг қўлга тушиши ортида қандай сир бор эди?

Балки Ўзбекистон раҳбари бу битимга қарши бўлган Россиянинг “ўйинни бузиш” борасидаги шеригига айланиб қолдими?

Бўлмаса Ашгабат тарафидан келиб чиқиши туркман эмас, армани деб айтилаётган Шихмуродовга яқинлик кўрсатишдан мақсад нима эди?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг баёнотида Шихмуродовни ҳурматли шахс қилиб кўрсатишга уринишни қандай изоҳламоқ керак бўлмаса?

Нега цензура бекор қилинган Ўзбекистонда туркман воқеалари ҳақида ёзилмади?

Ҳатто ҳукуматнинг “тўти қушлари” ҳам нега жим эдилар?

Бу сирли сукунат нимани яшираётган эди?

Бу ишларнинг ҳаммасидан Каримов бехабар қолган деб тасаввур ҳам қилайлик. У ҳолда Ўзбекистонда диктатуранинг тагига сув кетган деган хулоса келиб чиқмайдими?

Ёки МХХ деган ташкилотни дарҳол ислоҳ қилиниши ва ёки Президент девони қошида тузилган ва биринчи МХХни кузатиб турадиган иккинчи “МХХ”ни тарқатиб юбориши керак эмас эдими?

Шихмурадов Россияда эди ва шу ердан Ўзбекистонга борган бўлса Каримовнинг икки “МХХ” сидан биттаси Россия билан бирга ишламоқда, деган хулоса чиқмайдими?

Туркманистон ва Каримов деганда менинг хаёлимга анашундай саволлар келди. Балки ошириб юборгандирман? Лекин бир оддий одамнинг саволлари булар. Ким билади сизнинг кўнглингиздан яна ҳам кўпроқ саволлар кечгандир?

Саволлар фош қилувчидир ва хулосага олиб борувчидир….

Дарвоқе, кириб келаётган янги йилингиз муборак бўлсин ва янги йилда бундай саволларга эҳтиёж туймайлик.

Хайр- саволлар кўланкаси 2002 йил!

Салом жавоблар умиди 2003 йил!

(Вашингтон, 2002 йил, 28 Декабр)

ТОЖИКИСТОН ҲАМ БЎЙ КЎРСАТМОҚДА

Кейинги пайтларда АҚШ ва Тожикистон муносабатларида катта ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Давлат Департаменти яқинда эълон қилган ҳисоботга кўра 1992 йилдан ҳозирга қадар АҚШ бу ўлкага 508 миллион долларлик молиявий ёрдам кўрсатган. Бундан ташқари 73 миллион доллар миқдорида инсонпарварлик ёрдами юборган.

Давлат Департаменти кейинги пайтда Тожикистонда демократия томон силжиш борлигини ҳам қайд этган ҳолда ҳали бу мамлакатнинг бошқарув тизими жиддий таҳлика билан юзма-юз эканлигини ҳам диққатдан қочирмайди.

Жумладан Давлат Департаменти 20 декабр (2002 йил) кунги ҳужжати билан Тожикистонга сафар қилиш борасида 2001 йилнинг 25 декабрида эълон қилган огоҳини яна узайтирди.

Маълумки, 1998 йилда АҚШ фуқаролари ва манфаатларига қарши жиддий таҳдидлар пайдо бўлгандан кейин АҚШнинг Тожикистондаги элчилиги фаолиятларини бошқариш Душанбедан Қозоғистоннинг Алмати шаҳрига кўчирилган эди. Давлат Департаменти таъкидлаганига кўра, бугун ҳам Тожикистон Қўшма Штатлар фуқаролари учун жиддий таҳликали минтақа ўлароқ қолмоқда. 1997 йилда Тинчлик битими имзолангандан кейин бу ўлкада хавфсизлк масаласида олдинга силжишлар бўлди. Лекин одамларни ўғирлаш, гаровга олиш, ўлдириш каби воқеалар ҳалига қадар давом этмоқда. Айниқса америкаликларга қарши таҳдид ҳали ҳам сақланиб қолаётир.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов 8-10 Декабрда Вашингтонга ташриф буюрганда ҳам бу масала диққат марказида эди. Жумладан АҚШ ва Тожикистон терроризмни бартараф этиш йўлида биргаликда курашиш борасида ҳужжат имзолар эканлар, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати(ЎИҲ)га қарши ҳам ҳамжиҳат бўлиб, изчил кураш олиб боришларини ифодалаган эдилар.

Давлат Департаменти ҳам эълон қилган ҳужжатида диққатни ЎИҲ га тортади. Бу ҳаракат Ал Қоида террористик тизимининг бир бўлаги эканлиги, Толибон билан шериклиги қайд этилган ҳолда унинг АҚШ ҳарбий кучларининг зарбасидан тор-мор бўлгани айтилади. Лекин ЎИҲнинг амалиётлар ўтказиш қобилияти яксон қилингани билан унинг тарафдорлари қайси бир кўринишларда террористик ҳаракатлар қилишлари мумкинлиги борасидаги таҳлика сақланиб қолаётганига урғу берилади. Айниқса америкаликларга Кофарниҳон минтақасига, Афғонистон ва Қирғизистон билан бўлган чегара ҳудудларига, Қаратегин водийси ҳамда Тавил Дарага бормаслик тавсия қилинади.

Хуллас, бунга қарамасдан АҚШ Тожикистон билан муносабатлари замирида бу минтақани таҳликалардан холи этиш, эндигина чечак отаётган демократиясини қўллаб, катта йўлга олиб чиқиш ва мамлакат иқтисодини оёққа қўйиш учун иқтисодий дастаклаш каби мақсадларни назарда тутмоқда. Бу эса минтақада Тожикистоннинг ҳам эътибори ошаётганидан дарак беради.

(Вашингтон, 2002 йил, 4 декабр).

ХАЛҚИ ҚАШШОҚ, МАЛИКАСИ БОЙ МАМЛАКАТ

Айни мавзуда ёзилган олдинги мақолаларимизда таъкидланганидек, Нью Жерси штати Олий судидаги можаро ҳали ҳам давом этмоқда. Олдинги маҳкамаларда суд президентнинг қизи дипломатик дахлсизлиги борлигини рўкач қилганини ўрганиб чиқиб, важни рад этганди ва 9 ёшли Ислом ҳамда 4 ёшли Иймонга отаси Мансур Мақсудий эгалик қилиши ҳақида қарор олганди. Яъни Гулнора Каримовани оналик ҳуқуқидан маҳрум этганди. Бу эса АҚШнинг барча ҳуқуқ тартибот органлари суднинг қарори бажарилиши учун биринчи галдаги имкониятданоқ фойдаланиб болаларни отасига қайтаришлари кераклигини англатсада болалар ҳали ҳам Ўзбекистонда ва бу масала қачон аниқлашиши номаълум бўлиб турибди.

Энди Олий суд мазкур масаланинг молиявий жиҳатларини кўриб чиқди. Ислом Каримовнинг собиқ куёви Мансур Мақсудий ҳуқуқий харажатлар учун олдиндан 80 минг доллар тўлаган ва бунинг бир қисмини Гулнора Каримова кўтариши кераклиги масаласида судга мурожаат қилган экан. Суд Гулнора Каримова ҳуқуқий харажатлар, халқаро экспертларга тўланган маблағ, қайдият масрафлари ҳамда бошқа харажатлар учун дарҳол 50 минг доллардан зиёд пул тўлаши кераклигини қарорга боғлади.

Мақсудийнинг адвокати, Гулнора Каримованинг бу пулни дарҳол тўламаслиги унинг мол-мулки юзасидан ҳукм чиқаришга йўл очишини, президентнинг қизининг дунёнинг жуда кўп жойларида, жумладан Швейцария ва Кайман оролларида ҳисоблари, мол-мулки мавжудлигини айтган. Шунингдек,Гулнора Каримова ўз адвокатига қўшимча равишда 200 минг доллар тўлаши кераклиги ҳам ёзилмоқда.

Ажралиш можароси давомида болаларнинг саломатлиги ҳамон диққат марказида турибди. Гулнора Каримова болаларни отаси билан гаплаштирмагани ҳақида судга ёзган изоҳотида ўғли Ислом руҳий жиҳатдан соғлом эмаслиги ва уни руҳий касалликлар шифокорига кўрсатиб туриш кераклигини қайд этган. Бола отаси билан гаплашгандан кейин яна ҳам оғир вазиятга тушгани айтилади. Шунингдек, Гулнора Каримова қизи Иймон Инглиз тилида гаплашишни унутгани ва отаси ўзбек тилини билмагани боис у билан мулоқот қилиш имконига эга эмаслигини айтган. Бу баҳоналар эса судда отанинг фойдасига қарор чиқишига сабаб бўлган омиллардан бири эди.

Хуллас, Ўзбекистон ва Америка орасидаги ажралиш можароси Гулнора Каримованинг кетма-кет мағлубиятлари ва президент оиласининг сирлари очилиши билан билан давом этмоқда.

Мана, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг дунёнинг жуда кўп мамлакатларида ҳисоб рақамлари борлиги ошкор бўлди. Хўш, бу ҳисобларда қанча маблағ бор ва бу пуллар қаердан топилди-ю нега чет элларга чиқиб кетди? Бунинг устига ўзбек подшосининг қизи бўлган маликаи турондотнинг чет элларда катта мол-мулки ҳам борлиги айтилмоқда. Америка маҳкамасида айтилган бу гапларга наҳотки Ўзбекистонда муносабат билдирадиган киши йўқ? Ўзбекнинг бойлиги, ўзбекнинг пули шу қадар ҳам эгасизми? Ўзини мухолифат деб юрганлар нега бу масаладан кўз юмиб келмоқдалар? Нега буни тинимсиз фош қилиш ҳақида ўйламаяптилар? Агар бирор- бир ғарб давлатида шундай воқеа ўртага чиқса бу мухолифат учун энг катта қурол бўлишини бизникилар билмайдиларми? Нега мухолифат махсус баёнотлар билан чиқмади ва нега ўзини мард ҳисоблаган депутатлар парламентга сўров киритмадилар?

Саволлар ва саволлар… Жавобсиз саволлар…

(Вашингтон, 14 Декабр, 2002 йил).

ПУЛЛАР ҚАЕРДА? КАРИМОВ ҲИСОБ БЕРАДИМИ?

АҚШ Давлат департаменти 2002 йилда Ўзбекистонга кўрсатилган молиявий ёрдамлар ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра АҚШ ҳукумати( эътибор беринг фақат ҳукумат) йил давомида Ўзбекистонга 508 миллион доллар атрофида молиявий ёрдам қилган. Бу қарз эмас. Ёрдам. Қарз эса бу кўрсаткичдан бир неча марта кўп. Бунга қўшимча равишда Мудофаа йўли билан 266 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатган.

Ҳукумат идоралари орқали берилаётган ёрдам қуйидаги йўналишларга қаратилган:

-демократия дастурларига 26 миллион доллардан зиёд;

-ижтимоий хизматга 45,5 миллион доллар;

-бозор иқтисоди дастурларига қарийб 11 миллион доллар;

-хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот органларига 79 миллион доллар;

-инсонпарварлик мақсадларида 53,1 миллион доллар;

-маҳаллий ривожланув дастурлари учун 5,5 миллион.

2001 йилнинг 11 сентябридан кейин АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга кўрсатаётган молиявий ёрдами янада тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Бу воқеалардан олдин ҳам Америка ҳукумати турли дастурлар йўли билан ёрдам бериб келаётганди.

Масалан 1993 йилдан буён ҳукумат АҚШга тажриба алмашинув учун келган 2000 дан зиёд ўзбекнинг сафар харажатларини кўтарган. Бу йил ана шу борадаги ҳаракатлар яна ҳам жонлантирилган ва энди юқори синф ўқувчилари ҳам “Бўлажак лидерлар” дастури асосида Америкага келиб кетмоқдалар.

Фуқаролар фаоллигини ошириш, интернетдан фойдаланиш, суд ислоҳотлари каби турли йўналишларда ҳам ёрдамлар кўрсаткичи ошиб бормоқда. Биргина экспорт назорати ва чегаралар мудофааси учун АҚШ фавқулодда ёрдам фондидан Ўзбекистонга 18 миллион доллар берган. Шунингдек, Ўзбекистон ташқи ҳарбий молия йўли билан 36 миллон доллар олган.

Бу йил инсонпарварлик ёрдамлари ҳам ҳар қачонгидан кўп бўлмоқда. Агар биргина август ойида 53 миллион долларлик тиббий жиҳозлар ёрдами кўрсатилган бўлса, шу йилнинг дастурлари асосида шу хусусдаги кўрсаткич 116 миллион долларга етиши назарда тутилган. Бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалик вазирлиги орқали олаётган 48 миллион долларлик ёрдамни ҳам ўз ичига қамрайди. Бошқача айтганда бу 100 минг тонналик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни назарда тутади.

Булар АҚШ ҳукумати йўли билан кўрсатилаётган ёрдамлардир. Ноҳукумат йўллар орқали берилаётган ва қарзлар алоҳида масаладир. Америка ҳукумати қанча берганини эълон қилди. Хўш Ўзбекистон ҳукумати бу пуллар қаерга кетганини қачон эълон қилади. Каримов кетгандан кейинми? У пайтда кеч бўлади, чунки бу пулларнинг изини ҳам тополмайсиз унда.

Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш керак. Ўзбекистон олаётган ёрдам МДҲ давлатлари ичида энг озидир. Сабаби эса Тошкент режими. Чунки Америка кўп ёрдамларни махсус дастурларга беради (масалан, мен мустақил телевидение очмоқчиман ва унда шунча одам ишлайди, шунча техника оламиз, каби турли мақсадларда тайёрланган дастурлар, Ўзбекистонда бундай дастурларга йўл берилмайди) ва бевосита одамларга етиб боришини истайди. Ўзбекистонда мустақил дастур тайёрлаш ва мустақил демократик иш қилиш мумкин бўлмагани учун олинган ёрдамлар биргина Қирғизистонда 2 миллиардга яқин бўлса Ўзбекистонда ярим миллиард доллар атрофидадир. Ўзбекистон ва Қирғизистон аҳолиси сонидаги нисбат солиштирилганда эса ёрдамлар нақадар кам олингани яққол кўзга ташланади. Лекин Ўзбекистон ҳукуматига ёрдамни халқ эмас, ўзи олса, бас. Чунки Каримов гапда халқ бой бўлсин, деган билан амалда буни ўйлаган ҳам эмас, ўйламайди ҳам. Буни юқоридаги фактлар ҳам исбот этмоқда.

(Вашингтон, 14- декабр, 2002 йил)

ПРЕЗИДЕНТ ВА ОИЛАСИ

Дунё матбуотида энг кўп ёзиладиган ва энг кўп ўқиладиган мавзулардан бири мамлакат раҳбарларининг оилалари , яқинлари билан боғлиқ хабар ҳамда мақолалардир. Маълумки, бу мавзу Ўзбекистонда ёпиқ. Агар Ўзбекистонда матбуот эркин бўлганда ҳозир энг кўп ёзилган ва энг кўп ўқилган хабар, мақолалардан бири президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ бўлган бўлур эди.

Аслида демократик жамиятларда бу нарсадан қўрқилмайди ва бунинг сиёсий фаолиятга у қадар таъсири ҳам йўқ. Сиёсатчининг оиласи ва ўзига айри-айри қараш шаклланган. Масалан, бу йилги (2002 йил 5 Ноябр) сайлов арафасида президент Бушнинг укаси Флорида штатининг губернатори Жеб Бушнинг қизи наркотик истеъмол қилгани ва уни даволанишга юборишганда бош тортгани учун суд ҳузурига олиб чиқилгани нафақат Америкада, балки Ғарб ўлкаларида жуда кўп ёзилди. Аммо сайловда Бушнинг партияси ғолиб чиққани баробарида укаси ҳам Флорида губернаторлигига қайта сайланди. Яъни қизи билан боғлиқ масаланинг сайловга таъсири бўлган эмас. Аммо одамлар қизиққани учун бу мавзу изчил ёритиб борилди. Агар бу нарса яширилса ва халқ миш-мишлар орқали буни эшитса у ҳолда сайловда жиддий тўсиқ туғилиши мумкин. Демократия ва ошкораликнинг кучи ана шундай ҳолатларда яққол кўзга ташланади.

Лекин Ўзбекистонда президентнинг қизи Америкалик эридан ажралганда ҳам халқ бундан бехабар бўлади ва ёки хорижий матбуотдан билганлардан эшитади. Шу кунларда хорижий матбуотда Ўзбекистон билан боғлиқ икки мавзуда бир қатор мақолалар чиқмоқда. Бири юқорида таъкидлаганимиз, Гулнора Каримова Нью Жерси штатининг суди берган бир ойлик муддатда маҳкама талабларини қандай бажаргани, болалари Ислом ва Иймонни америкалик отаси Мансур Мақсудийга кўрсатмагани масаласидир.

Суднинг талаби билан телефон сўзлашуви ташкил қилинганда 9 ёшли Ислом бир неча ойдан бери кўрмаган ва меҳрига зор бўлган отасига “Мен сен билан гаплашишни истамайман” деб жавоб бергани диққат тортди. Энди суд бу ишга психологни таклиф қилди ва видео тасмага ёзиш шарти билан суҳбат уюштиришни буюрди.Агар бу амалга ошмаса суд Гулнора Каримовани қамаш ва кунига 500 доллардан жарима тўлаши ҳақида қарорга келишини маълум қилган. Америка зеҳниятида 9 ёшли боланинг бундай жавоб қилишини четдан таъсир ва ёки касаллик белгиси, деб қарашади. Хуллас, никоҳни Америкада қилиб, ажралишини Ўзбекистонда ҳукмга боғлатган Гулнора Каримова билан боғлиқ масалада суд унга яна бир ой муҳлат тайин қилди.

Яна бир масала эса, Индонезия президенти Мегавати Сукарнапутрининг 50 ёшли укаси Муҳаммад Гурухнинг 23 ёшли ўзбек раққосаси Сабина Гусейновага уйлангани ҳақидаги мақолалардир. Масалан, “Независимая газета”сининг ёзишича бутун бойликларини оиласига эмас, миллатига мерос қолдирган президент Сукарнонинг ўзини музика оламига бахшида қилган унча бой бўлмаган ўғли ўзбек хотинидан беш бола истаганмиш. Гурухнинг отаси Сукарнонинг еттита хотини бўлган экан. Муҳаммад Гуруҳнинг эса нояширин 20 га яқин жазмани борлиги айтилади. Индонезия матбуоти ана шундай хабарлар билан тўлиб тошган.

Бир пайтлар Американинг ҳавосига учган Гулнора Каримовадек бир кун Сабина Гусейнова ҳам қийин вазиятга тушиб қолса нима бўлади, деган саволлар ҳам кўп. Чунки унинг отаси президент эмаски, бориб Тошкентда никоҳни бекор қилса?! Шунинг учун ҳам бу оилага абадий тотувлик тиланмоқда. Лекин тилаклар билан ҳаёт одимлари ҳамма вақт ҳам баравар келавермайди.

Умуман эса лидерларнинг шахси ва оиласи ҳақида халқ ҳамма нарсани билишни истайди. Зотан лидерликка бел боғладинг-ми буни кўзга олиш шарт.

Хулоса ўрнида эса шуни айтиш керакки, қачон Ўзбекистонда Президентнинг ва бошқа лидерларнинг оиласи ҳақида ҳамма гаплар очиқ ёзиладиган бўлса, демак ўшанда бу юртга демократия оралабди, дейиш мумкин. Чунки бу демократиянинг муҳим учқунидир. Унгача эса “ёпиқ қозон”- коммунистик тизимнинг қоидалари ҳукмрон бўлиб қолаверади. Ўзбекистонда Президент у ёқда турсин ҳали мухолифат ҳам демократиянинг бу талабига бардош бера олмаётир. Бу эса коммунистик қоида шуурларга қанчалик чуқур сингиб кетганидан далолатдир.

(Вашингтон, 2002 йил, 9 Ноябр).

ЯНА ПРЕЗИДЕНТНИНГ ОИЛАСИ ҲАҚИДА

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг Нью Жерси штати Олий судидаги можароси кульминация нуқтасига, яъни ривожланув чўққисига чиқди. Олдинги маҳкамада президентнинг қизи( табиийки унинг номидан адвокати)дипломатик дахлсизлиги борлигини рўкач қилиб, суднинг “Агар болаларни отасига кўрсатмаса уни қамоққа олиш ҳақидаги огоҳини рад этганди. (2002 йилнинг 9 Ноябридаги “Президент ва оиласи” деб номланган мақолада Гулноранинг “командаси” “чучварани хом санагани”ни айтгандик ва бу тўғри бўлиб чиқди-ЖМ) Ўшандан кейин суд бу қандай дипломатик дахлсизлик эканлигини ўрганиш учун маҳкама жараёнини кечиктирган эди.

2002 йилнинг 27 Ноябр кунидаги маҳкамада Нью Жерси Штатининг Олий суди Гулнора Каримованинг дипломатик дахлсизлиги ҳақидаги даъвосини инобатга олмади ва у Америкада бу ернинг барча қонун-қоидаларига риоя қилиш ҳақида қасамёд қилиб, турмуш ўртоғи билан доимий истиқомат қилувчи статусида яшаган, деган қарорга келди.

Суд Ўзбекистоннинг БМТ қошидаги вакилининг Гулнора Каримова дипломатик дахлсизлик ҳуқуқига эга, деган даъвосини (БМТ қошидаги вакилнинг бундай ваколатга эга бўлиб- бўлмагани ҳам бир масала) рад этар экан, агар шундай бўлганда бу АҚШ Давлат департаменти томонидан расман тасдиқланиши керак, эди деди.

Дарҳақиқат, АҚШ га келадиган хорижий фуқаролар агар дипломатик дахлсизликлари бўлса, буни Давлат департаментидан тасдиқдан ўтказишлари керак. Мансур Мақсудий( Ислом Каримовнинг собиқ куёви, “Ўзбек кока-коласи”нинг собиқ бошқарувчиси)нинг адвокати ҳимоячисининг ортида Ўзбекистон бойликлари бўлмагани(аслида бу ҳам қизиқ) ва шу боис чўзилиб кетаётган суд жараёнларини қисқартириш ҳақида таклиф киритди. Суд масаланинг муҳимлигини, Америкада болага эгалик энг жиддий масалалардан бири ҳисобланишини таъкидлаган ҳолда барча ҳужжатлар ва даъволарни ўрганиб чиқиш вақт талаб қилишини эслатди.

Маълумки, Гулнора Каримованинг адвокати Нью Жерси Олий судидан болаларига эгалик қилиш ҳуқуқини ўзида қолдиришни сўраганди, лекин суд бу даъвони ҳам рад этди ва 9 ёшли Ислом ҳамда 4 ёшли Иймонга отаси Мансур Мақсудий эгалик қилиши ҳақида қарор олди. Бу эса АҚШнинг барча ҳуқуқ тартибот органлари суднинг қарори бажарилиши учун биринчи галдаги имкониятданоқ фойдаланиб болаларни отасига қайтаришлари кераклигини англатади.

Президент Каримовнинг АҚШ фуқаролари бўлган икки набирасини Ўзбекистондан олиб келиш билан энди ҳуқуқ тартибот органлари шуғулланади ва суднинг қарорини бажариш йўлидаги ҳаракатларни тўхтатишга ҳеч ким аралаша олмайди. Аммо Гулнора Каримова бу қарорни шикоят қилиб АҚШ олий судига чиқса орада бир мунча вақт ютиши мумкин, аммо қарорни ўзгартира олмайди. Аксинча АҚШ олий суди бу масалани кўрса ундан чиқадиган қарорнинг ижросини таъминлаш янада тезлашади. Баъзи гапларга қараганда Мақсудийлар Каримов оиласига таклиф билан чиққан, яъни Ўзбекистонда қамаб қўйилган қариндошларини чиқариб юборишса эвазига болаларнинг бориб келиб юришига рози бўлишади. Лекин бу расман айтилган гап эмас. Балки адвокатлар орасида кўриб чиқилган бўлиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам 1991 йилда АҚШ фуқароси Мансур Мақсудийга турмушга чиққан ва орадан ўн йил ўтиб ажралиш қарорини ўзи никоҳдан ўтган Америкада эмас, балки отасининг вазифасидан фойдаланиб, ғайриқонуний равишда Тошкентда расмийлаштирган Гулнора Каримова Нью Жерси олий судининг қарори билан оналик ҳуқуқдан маҳрум қилингани Ўзбекистон президентининг оиласи учун маҳкама можароси битмаганини кўрсатади. Аксинча ҳазил кунлар ортда қолиб турмушнинг жиддий кунлари бошланди.

Гулнора Каримова икки болани Америкадаги отасига топширадими ёки бу ишни АҚШ ҳуқуқ тартибот органлари бажарадиларми буни вақт кўрсатади.

Ўзбекистонда қонунни четлаш, қонундан қочиш, қонунни беписанд қилиш мумкинлигини бу мисол ҳам кўрсатмоқда, лекин Америкада қонун билан ҳисоблашмай иложингиз йўқ, гарчи дунёнинг бошқа жойида яшасангиз, отангиз яккаҳоким ҳукмдор бўлса ҳам.

(Вашинтон, 29 Ноябр, 2002 йил).

ИСЛОҲОТДАН ҚОЧИШ ЙЎҚ

АҚШ Давлат Департаменти 2001 йилнинг 11 сентябридан кейин Марказий Осиёда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш йўлида амалга оширилган ишлар юзасидан Департаментнинг Марказий Осиё бошқармаси тайёрлаган ҳисоботни эълон қилар экан, унда АҚШнинг минтақадаги манфаатлари хавфсизлик, энергетика ва ички ислоҳотлар эканлиги алоҳида қайд этилди. Бу эса Америка Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон билан фақат Афғонистондаги воқеалар, хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтинча яқин бўлиб турибди, деган иддаоларни пучга чиқаради.

Тўғри, АҚШ учун хавфсизлик биринчи даражали масала. Лекин айни пайтда шу билан тенг қўйилган яна икки масала- энергетика ва ички ислоҳотлар масаласи- АҚШнинг стратегик манфаатлари даражасига қўйилгани ниҳоятда муҳимдир.Гарчи энергетика Ўзбекистонни бироз четласа ва кўпроқ Қозоғистон, Туркманистонни ўз ичига олсада ички ислоҳотлар биринчи галда Ўзбекистонга тааллуқлидир.

Давлат департаменти Марказий Осиёда, айниқса Ўзбекистонда барқарор хавфсизликни таъминлаш АҚШнинг стратегик манфаатлари доирасига киришини уқдириб, бу ички ислоҳотлар орқали таъминланиши мумкинлигини қайд этар экан, бу йўлда қилиниши керак бўлган ишлар ниҳоятда кўплигига алоҳида урғу беради.

Масалан:

-иқтисод жабҳасида қўшиб ёзиш авж олгани, ҳақиқий ривожланув йўқлиги халқнинг қашшоқлашуви ва ишсизликнинг кўпайишига олиб келмоқда;

-сиёсатда эса, халқнинг ўз норозилигини сиёсий йўллар ва ёки оммавий ахборот воситалари орқали тилга келтира олмаётгани, ижро ҳокимияти суистеъмол қилинаётгани, қонун кучининг ожизлиги умидсизлик пайдо бўлишига ва қадриятлар топталишига олиб келмоқда;

- ижтимоий жабҳада бўлса, соғлиқни сақлаш, маориф ва бошқа соҳалардаги вазиятнинг ёмонлашиб кетгани, экологик фожеаларнинг кишилар ҳаётига таъсири, наркотик бозорининг юксалиши оқибатида жиноятчилик ўсгани ва саломатликка ҳам жиддий путур етаётгани ташвишли ҳолдир. Айниқса, СПИД каби хасталиклар кенг тарқалаётгани ҳам бу жабҳадаги аянчли аҳволдан даракдир.

Бунинг устига минтақадаги беш давлатнинг бир-бири билан таъсирчан алоқалар ўрнатиш йўлидаги ҳаракатлари қуруқ гапдан иборат бўлиб қолаётгани ва амалда жиддий масалаларни биргаликда ҳал қилишга қодир эмасликлари тобора ойдинлашиб қолди. Масалан сув ресурсларидан фойдаланиш борасидаги муаммолар, ҳуқуқ тартибот идораларининг ҳамкорлик қилаолмаётгани, айниқса чегаралар бўйлаб ҳукм сураётган даҳшатли манзаралар Марказий Осиё лидерларининг умумий нуқталарни топишда ожиз эканликларини кўрсатади.

Ҳисоботда Америка ҳукуматининг минтақа давлатларига ёрдами ҳам саналар экан, бу 2001 йилда 230 миллион долларни ташкил қилган бўлса 2002 йилга келиб, 594 миллион долларга кўтарилгани айтилади. Бу фақат ҳукумат хазинасидан ёрдам сифатида берилган маблағдир. Ноҳукумат йўллар орқали берилганлари эса бир неча миллиард доллардан ошади.

Давлат Департаменти минтақада ривожланиш учун йирик имкониятлар мавжудлигини санар экан, этник низолар келиб чиқишининг олдини олиш муҳим эканлигига диққат қаратади. Демократия, инсон ҳуқуқларига ҳурмат, сиёсий, диний ва матбуот эркинлигини устивор этиш минтақани умум дунёдан ажралиб қолмаслигини таъминлайди деган хулоса чиқарилади ва АҚШ худди ана шу йўналишда иш олиб бораётгани таъкидланади. Худди ана шу соҳаларда ислоҳот қилиш зарурлиги уқтирилади ва бу минтақа ҳукуматларига, хусусан, Ўзбекистон бошқарувига ислоҳотдан қочиш йўқ, “уни ё амалга оширасан-ё амалга оширасан!”, бошқа йўл йўқ, деган талабдир.

( Вашингтон, 2002 йил, 28 Ноябр)

КЕРАК БЎЛСА…ҚАРҒА ҚАРҒАНИНГ КЎЗИНИ ЎЯДИ

Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди, деган гап бор. Аммо бу “Яшасин Совет иттифоқи” деган гап нафақат эскиргани, балки модадан тушгани каби одатдан чиқмоқда. Чунки қарға қарғанинг кўзини нафақат чўқийдиган, балки зўр келса ўзини еб юборадиган ҳам мисоллар кўп. Шулардан бири, Тожикистон Исломий уйғониш партиясининг лидери Саид Абдулло Нурийнинг яқинда анчагина шов-шувларга боис бўлган суҳбатидаги гаплардир.

У партиясининг нашри ҳисобланган “Нажот” ҳафталиги(2002 йил, 19 Ноябр)да чиққан суҳбатида кутилмаганда “Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Афғонистондаги қолдиқлари Марказий Осиёга, жумладан, Тожикистонга ҳам хавф солмоқда” деди. Аслида ҳақиқатдан ҳам ЎИҲ нинг қолдиқлари мавжуд бўлса, бу Толибоннинг қолдиқлари каби таҳликалидир. Зеро бугунга келиб бу ҳаракатнинг толиблардан ҳеч қандай фарқи йўқлиги равшан бўлган нарса. Чунки бу ҳаракат мансублари толиблар сафида туриб маҳаллий ўзбеклар ва тожикларга қарши, тарихий ва замонавий маданиятга қарши қўл кўтардилар, демократик кураш йўлини тан олмадилар.

ЎИҲ ана шу йўлга кирган кунлардаёқ Саид Абдулло Нурий қўлини ювиб қўлтиғига урган бўлиши мумкин. Чунки ўзбекистонлик мусулмон йигитлар унга ҳукуматга келгунига қадар керак эдилар-да. Тожикистон ҳукумати таркибига киргандан кейин унинг сиёсатида миллиятчилик ҳам олдинга чиқа бошлагани сир эмас. Шу боис ҳам у Толибонни эмас, балки Шимолий иттифоқни танлади.

Аммо, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидерлари “Биз Толибон сафларида туриб жанг қилмоқдамиз” дея баёнотлар берган кезларда нима учун Нурий бу ҳаракатни қораламади ва бугун иш битиб, ғишт қолипдан кўчганда бундай баёнот билан чиққани табиийки, қизиқ. Бу ҳам сиёсатнинг бир бўлаги. Чунки исломий кучлар ҳукуматга яқин келганда ва ёки куч мавқеига айланган кезларда ички бўлинишлар ўртага чиқиши анъанага айланган. Мазҳабчилик, тариқатчилик, оқимчилик ва ҳатто хонақоҳчилик каби тобора майдалашиб, бўлиниб кетаверадилар.

Саид Абдулло Нурий ЎИҲ ваҳобийлик оқими йўлидан кетгани боис Тоҳир Йўлдош билан алоқаларини узгани кўпдан маълум нарса. Уни ЎИҲга боғлаб турган эса Жума Наманганий билан бўлган яқинлиги эканлиги айтилади. Бугун бу қарта ҳам қўлдан тушган.

Унинг юқорида зикр этилган суҳбатида “Ҳизбу ат Таҳрир халифалик қураман, деб Марказий Осиёга, бу ердаги конституциявий тузумларга таҳлика солаётган навбатдаги кучдир” деб айтиши ҳам ўз йўлини ажратиб, аниқлаштириб олишга қаратилган ва ёки жон сақлаб қолишга уринган одими бўлиши мумкин. Чунки бундан икки-уч ой олдин Тожикистон президенти парламентдаги нутқида радикал исломий оқимлар Тожикистон давлатига таҳлика солмоқда дея, унинг пайини кесишга чақирган эди. Шу боис Нурий этагини қоқиб олишга қарор қилган бўлса ажабланадиган жойи қолмайди.

У ҳатто Тожикистон Исломий уйғониш партиясининг радикал қанотидан ҳам юз ўгирганини маълум қилган. Лекин полковник Маҳмуд Худойбердиев кучларининг таҳликаси ҳақида гапирар экан, бу борада Тоҳир Йўлдош билан ғоядош, қарашлари бир хил эканлиги кўзга ташланади. Чунки Тоҳир Йўлдош ҳам Маҳмуд Худойбердиевни нафақат Тожикистоннинг, балки ЎИ Ҳ ҳам душмани, деб эълон қилганди.

Энг асосийси эса, Тожикистонда ҳукуматга киргандан кейин Нурий кўрдики, халқнинг асосий қисми радикал исломий тузумни истамайди. Агар халқнинг аксарияти бу тузумни истаганда эди, ҳар қандай босимга қарамасдан бу партия сайловдан ҳозиргиси каби туянинг олдидаги cумуқ каби енгилиб чиқмас эди. Туркия мисоли шуни кўрсатдики, дунёнинг бошқа жойларида ҳам халқ радикал исломий кучларни қўлламайди, балки халқ демократия ва мўътадилликка мойилдир.

Радикал қарашлари билан танилган Нажмиддин Эрбақан 30-40 йиллик кураши давомида Туркияда ҳеч қачон якка бошига ҳукуматни бошқарадиган партияга эга бўлган эмас.Лекин мўътадил қарашлари билан танилган Ражаб Таййиб Эрдўған гуруҳи икки йилда бу ишни уддалай олди. Балки Нурий ҳам Тожикистоннинг келажакдаги Эрдўғани бўлишни ўйлаётган бўлса не ажаб? Чунки унинг юқоридаги каби баёнотлари нафақат Тожикистон ҳукумати ва аксар халқига, балки қўшниларига ҳам маъқул тушиши мумкин. Табиийки орқасида яширин ниятлару ва қабиҳ ўйинларисиз, самимий бўлса!

(Вашингтон, 2002 йил, 26 Ноябр).

“ОТА”ЛАР ВА “БОЛА”ЛАР

Ўзбекистон Мустақил бўлгандан бери Қозоғистон билан Абадий дўстлик ҳақида бир неча марта шартнома имзолади. Абадий дўстлик қайта-қайта имзоланган шартномалар билан эмас, амалдаги ҳаракатлар билан устивор бўлишини ҳаёт яна бир бор кўрсатди. Ислом Каримов “Туркистон ягона уйимиз” дейишни яхши кўрса, Нурсултон Назарбоев “Биз бир оиланинг болаларимиз” дейишни ёқтиради. Лекин ягона уйнинг у хонасидан бу хонасига ўтишда қуролли аскарлар турадиган бўлди ва адашиб ўтиб қолсангиз, ҳатто оёғингиздан эмас, бошингиздан отишади.

Шу йилнинг 6 ноябрида Ўзбекистоннинг Тошкент тумани ва Қозоғистоннинг Сариоғоч тумани чегарасида юз берган фожиа олдингилари каби сиёсатдаги иккиюзламачиликнинг ҳаётдаги ифодасидир. Шу куни кечқурун Сариоғоч туманининг Жибек Жоли қишлоғида яшовчи Элмурат Байтурғунов молларини уйидан 50 метр нарёғдан ўтадиган чегара атрофидан ҳайдаш учун ўтганида ўзбек соқчилари тарафидан отиб ўлдирилди. Отилганда ҳам бошига отилган. 31 ёшли марҳумнинг 4 боласи чирқиллаб қолди. Ўзбек чегарачилари марҳумни контрабандачи эди, деб расмийлаштиришди. Лекин текширувлар бу ёлғон эканлигини кўрсатди.

Қозоғистон ҳукумати аралашгандан кейин Ўзбекистон томони орадан бир кун ўтиб воқеа жойига текширув ўтказди. Олдин ҳам Бўстонлиқда шундай воқеа юз берганди. Оқибат эса аниқ, икки халқ орасига раҳна солинмоқда.Бугун Қозоқ рўзномаларига разм солсангиз ўзбеклар ҳақида илиқ гап тополмайсиз, Ўзбекистон газеталари ҳам нафақат Қозоғистондаги қозоқлар ва балки мамлакат ичидаги қозоқлар ҳаётидан ташвишли хабарлардан бошқа нарса ёзмайдиган бўлдилар.

Мамлакатлар яккаҳоким, бир кишининг қовоғига қараган режим бўлганига қарамай президентларнинг дўстлик ҳақидаги гаплари амалда душманлик уруғига айланиб кетаётганини қандай тушуниш мумкин?Наҳотки, бир оиланинг фарзандлари “ота”лари олган қарорлар билан бир-бирларига бегона бўлмоқдалар, ҳатто ғаним бўлмоқдалар?

Масала шунга қадар бориб етдики, чегарадаги қишлоқларда мустақил давлатлар эълон қилина бошланди, президентлар сайлашга киришилди. Табиийки, бу ҳоллар дарҳол бостирилмоқда. Лекин бу бир қарашда кулгили туюлгани билан аслида фожиадан дарак. Чунки бу- шу жойларда яшовчи инсонларнинг бир исёни. Бу- бугунги бошқарувга, бугунги адолатсизликка ва бугунги иккиюзламачиликка қарши бир намойиш.

Маълумки, Марказий Осиёда Каримов ва Назарбоев орасида “Ким зўр”, деган кўринмас кураш мавжудлиги айтилади. Ҳали яқиндагина Қозоғистонда бўлган Каримов “Чегаралар масаласида ва умуман ҳамма масалаларда ака укадек, орада ҳеч қандай муаммо йўқлигига қаноат ҳосил қилдик, деганди. Лекин орадан кўп ўтмай қозоқ фуқароси отиб ўлдирилди ва бу ёпиб юборишга уринилди.

Агар айтилган сўз самимий бўлганда Тошкент бу масалага ниҳоятда жиддий киришган ва Остонадан келадиган норозилик нотасини кутмасдан адолатни тантана қилдирган бўларди? Ўз қардошига милтиқ ўқталган одамнинг жазосини берган бўларди? Афсуски, бундай бўлмади.

Ҳукуматлар ва раҳбарлари ўткинчи, халқлар эса абадий, аммо ўткинчилар абадийларни абадий душманларга айлантириб қўймаяптиларми?

(Вашингтон, 2002 йил, 26 Ноябр)

ҲАЁТ КЎП НАРСАНИ ИСБОТЛАЙДИ

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг Нью Жерси штати Олий судидаги можароси яна бир ҳақиқатни исботлади. Бу эса Ўзбекистонда қонунлар халққа бошқа ва президент оиласига бошқа эканлигидир. Қолаверса бу Конституцияда “Президент қонунлар кафолати” деган гапнинг Ўзбекистонда пуч эканлигини ҳам исбот этди.

Маълумки, суд Гулнора Каримовага болалари Ислом ва Иймонни Америкада истиқомат қиладиган отаси Мансур Мақсудий билан телефон орқали гаплашишларига шароит яратишни буюрганди. 9 ёшли Ислом телефонда отасига “Сен билан гаплашмайман” дегандан кейин суд болага ташқи таъсир бўлган дея видеога ёзиб олиш шарти билан қайтадан суҳбат уюштиришни буюрди. Аммо Гулнора Каримова бу талабни ҳам инкор этди. Суд “Агар бу талаб бажарилмаса, Гулнора Каримовани қамоққа олиш ҳақида қарор чиқариши” айтди. Шу орада боланинг илгари руҳий касалликлар докторига кўрсатилгани ва унинг руҳий жиҳатдан даволангани ҳам кун тартибига келди.

Суднинг талаблари қандай бажарилаётгани, жумладан Каримовани қамоққа олиш борасидаги огоҳи муносабати билан очилган навбатдаги маҳкама мажлисида Гулнора Каримованинг адвокати унинг номидан баёнот қилиб, дипломатик дахлсизлиги мавжудлигини илгари сурди. Ўзбекистон ҳукумати 1997 йилда унга дипломатик дахлсизлик ҳаққини берган экан. Ҳар ҳолда буни сиртдан Олий Мажлисдан ҳам ўтказиб қўйишган бўлишса ажабланадиган жойи йўқ. Чунки Ўзбекистонда бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Шу боис суд бу дахлсизлик нимадан иборат эканлигини ўрганиш учун маҳкамани яна кечиктирди.

Гулнора Каримова Америкага турмушга чиққанда бу ерда доимий яшаш статусини олиши билан Қўшма Штатлар қонунларига бўйсуниш мажбуриятини ҳам қабул қилган.”Греен кард” олганда эса қонунларга бўйсунаман деб, қўлини кўтариб қасам ичган. Бу ерда эса президентнинг болалари қонунни бузган тақдирда, айниқса фуқаролик қонунлари билан иш очилганда судга бормасин, ёки суд қарори унга нисбатан қўлланилмайди, деган қоида йўқ.

Ҳатто бевосита дахлсизлиги бўлган президент ва конгрессменлар устидан иш очилганда ҳам бу маълум даврга кечиктирилади ва дахлсизлик муддати тугаши билан иш қайта очилади. Яъни Америкада қонундан қочиш йўқ. Бу нарcа демократик давлатларда, қонунлар ҳурмат қилинадиган жойларда ҳам шундай.

Ҳатто Жанубий Кореяда президентнинг ўғли устидан иш очилганда отаси халқдан узр сўради ва боласи бошқалар каби қонун олдида тенг эканлигини айтди. Шундай экан, Гулнора Каримованинг дипломатик дахлсизлиги нимадан иборатлиги табиийки нафақат судни, балки жамоатчиликни ҳам қизиқтирмоқда. Чунки, Ўзбекистонда 90 йилларда депутатлик дахлсизлиги бўла туриб Шовруқ Рўзимуродов(раҳматли), Иномжон Турсунов, Самандар Қўқонов ва бошқалар қамоққа олингани ва бугунга қадар бу анъана давом этаётгани мисоллари кўп. Буни қонунлар шундай, олдин қамоққа олиб, кейин дахлсизлик бекор қилинади, деб изоҳлаб келишади.

Энди, агар президентнинг қизи дахлсизлик орқасига бекинадиган бўлса, ўртада зиддият келиб чиқмайдими? Табиийки келиб чиқади. Америкада қасамга хиёнат этса, Ўзбекистонда қонунларни беписанд қилса ва отаси қонунлар посбони бўлса, демак, хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг. 1991 йилда мен Ислом Каримов Ўзбекистонни шахсий мулкига айлантириб олди, дея танқид қилганимда, танбеҳ берганлар кўп бўлганди. Ҳаёт кўп нарсани исботлайди, жумладан, менинг гапим ҳам тўғри бўлиб чиққанини ўтган йиллардаги ва бугунги воқеликнинг ўзи исботлаб турибди.

(Вашингтон, 2002 йил, 19 Ноябр, “Америка овози”).

ЖУРНАЛИСТ БЎЛИШ ОСОНМИ?

Бир қарашда журналист бўлиш қийин иш эмасдек, туюлади. Университетга бориб, “Журналист” дипломини олиб, бир нарсаларни ёзиб юриш билан ўзини журналист ҳисоблаганларнинг сон-саноғи йўқ. Лекин ҳақиқий журналист бўлиб танилганлар эса жуда кам. Бу фақат Ўзбекистон, Марказий Осиёгагина хос эмас, балки бутун дунёда ҳам шундай. Шундан келиб чиқиб журналистларни уч гуруҳга бўлиш мумкин.

Биринчиси, ҳақиқат, адолат томонида турувчилар, халқ манфаати учун курашувчилар, яъни машаққат йўлини танлаганлардир.

Иккинчиси, мақтов йўли билан ҳукуматлар, маълум гуруҳларга хизмат қилувчилар. Буларни халқ “маддоҳлар” дейди.

Учинчиси, фақат ўз ҳаловатини ўйлайдиганлар, дунёни сув босса ҳам “Тўпиғимга келмадику?” деб ўйлайдиганлар.

Биринчи гуруҳга кирувчи журналистлардан 2002 йилда ҳам дунё бўйлаб бир қанчаси ўлдирилди ва бир қанчаси зулм қурбони бўлди. Диққатимни, қозоғистонлик журналист Сергей Дувановнинг қамалиши ҳақида норозилик билдирган( 2002 йил Ноябр) Авропада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти президент Нурсултон Назарбоевни эски зеҳниятдан қутулишга чақиргани бўлди.

Эски зеҳният. Бу совет даврида кишиларнинг қон-қонига сингиб кетган танқидни ҳазм қила олмаслик зеҳниятидир. Маълумки, у пайтда Худони сўкканлар рағбатлантирилиб, раҳбарларни танқид қилганлар ё қамоққа ёки жиннихонага тиқиларди. Яъни раҳбар муқаддас ҳисобланиб қолганди ва бугун ҳам ўша “тўра”лар ўзларини энг пок инсонлар, деб биладилар. Танқид қилганларни эса шайтон, деб ҳисоблайдилар. Акс ҳолда Украина президенти Леонид Кучмани танқид қилганидан кейин мустақил журналист Георгий Гонгадзе йўқотиб юборилармиди? Ёки Нурсултон Назарбоевни танқид қилгани учун журналист Сергей Дувановга туҳмат қилиниб қамоққа тиқилармиди? Чеченистон масаласида Президент Путинни танқид қилган журналистларнинг бошига нималар келганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Белоруссияда эса нафақат қамаш, балки ўлдириб юбориш анъанага айланиб бормоқда. Кавказ ўлкалари ҳам бундан кам эмас.

Ўзбекистонда эса бугун президент Ислом Каримовнинг фаолиятини таҳлил қилган ҳолда очиқ танқид қиладиган журналист йўқ ҳисоби, ҳар ҳолда мамлакат ичида. Ҳукуматни ёки унинг бирор-бир тизимини танқид қилганлар ё қамалиб кетадилар, ва ёки ишларидан қувиладилар. Шу боис ҳам бугун журналистларнинг аксарий қисми маддоҳлик йўлини танлаганлар. Лекин раҳбарларни эски зеҳниятдан халос қилишнинг асосий йўли уларнинг камчиликларини тинимсиз танқид қилиш ва шу йўл билан уларни танқидга ўргатиш, қайта тарбиялаш журналистларнинг зиммасига тушганини ё билмайдилар, ёки ҳис этмайдилар.

Агар журналистларнинг аксарияти қамалган сафдошларининг орқасида турсалар ҳукумат уларга қараши тадбир олишда ожиз бўлиб қолади. Афсуски, кўп ҳолларда ҳукуматлар журналистларнинг ўз қўли билан ўз сафдошларини ёмон отлиқ қилишга уринадилар.Ўзбекистонда қамоқда ётган журналистлар ҳақида фақат уларни қораловчи мақолалар чиқиб туриши ва уларни ҳимоя қилган материаллар эса фақат хорижий матбуотда эълон қилиниши ҳам ана шундан далолатдир. “Ангрен ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Абдураҳим Раззоқов ҳақида барча газеталарда чиққан судсиз, текширувсиз айбнома ва унинг ўз жонига қасд қилгани бунинг бир мисолидир.

Бугун ҳатто қамалиб чиққан, ҳукуматнинг қора рўйхатига кирган журналистга душман кўзи билан қараш ҳам эски ҳолатида турибди. Қамоқдан чиққандан бери адолат излаб юрган, иш излаб юрган қашқадарёлик Пўлат Гадоев, самарқандлик Шоди Мардиев ва бошқалар ҳақида хорижда ёзилиб, Ўзбекистонда эса ёзилмаётгани ҳам масаланинг бир жиҳати.

Президентни танқид қилишдан қўрққан журналистлар ўз сафдошларини ҳимоя қилишдан ҳам чўчиганлари уларнинг эски зеҳниятга тобе бўлиб қолаётганларини кўрсатмайдими?

Матбуот анча эркин деб мақталган Тожикистонда Октябрнинг охирги кунлари ҳарбийларни танқид қилган журналистлар ғайри қонуний равишда қамоққа тиқилгани эски зеҳният бу ерда ҳам ўлмаганини кўрсатади. Айни ҳолатни Қирғизистонда ҳам кузатиш мумкин. Туркманистонда эса журналистларнинг фақат бир гуруҳи, яъни маддоҳлари қолган, холос. Лекин халқ ҳам, дунё жамоатчилиги ҳам маддоҳларни эмас, машаққат йўлидан юрганларни қадрлайди.

(Вашингтон, 14 Ноябр).

ЎЗБЕКИСТОН УЧУН ТУРКИЯ ТОПИШМОҒИ

Туркияда 2002 йилнинг 3 Ноябрида ўтган парламент сайловини миллатнинг исёни дейиш мумкин. Чунки миллат бугунга қадар ўзларини алдаб келган миллиятчи кўринишдаги сўлчи коммунист Булент Эжевитдан тортиб, “бизнесмен” Масуд Йилмасга қадар ҳаммасидан юз ўгирди. Сайловда мўътадил-исломий (ҳар ҳолда лидерлари шу кўринишни бермоқдалар, агар амалда тескариси бўлса уларни ҳам ҳарбийлар тарафидан супуриб ташланган Эрбақаннинг қисмати кутади) платформадаги Адолат ва Тараққиёт партиясининг ютиб чиқишини кўпчилик тахмин қилган эди, аммо коалиция ҳукуматлари анъанасини бузиб, якка бошига мамлакатни бошқарадиган даражада кучли натижага эришишини ҳеч ким кутмаган эди.

Изоҳ ўрнида айтиб ўтиш керак-ки, Туркияда парламент тизими ҳукмрон бўлиб, мамлакатни Президент эмас, балки парламентда кўп овоз тўплаган куч бошқаради. Лекин мамлакат демократик издан чиқа бошласа ҳарбийлар дарҳол бунга нодемократик нуқта қўйишни биладилар.

Амалдаги қонунларга кўра сайловда 10 фоиздан кўп овоз олган партия парламентга кира олади. Бу тўсиқни фақат икки партия, яъни Адолат ва Тараққиёт ҳамда Жумҳурият Халқ партияси ( Бу Ота Туркдан қолган сўлчи партия) ошиб ўтгани учун мажлисга кира олмаган партияларнинг ҳам тўплаган овозлари бу икки партия ҳисобига ўтди.

Шу боис ҳали расман эълон қилинмаган натижаларга кўра Адолат ва Тараққиёт партияси 35 фоизга яқин овоз тўплаган бўлсада 550 ўринли парламентнинг 360 дан зиёд жойини қўлга киритди. Қарийб 20 фоиз овоз олган Жумҳурият Халқ партияси эса 180 га яқин ўринга эга бўлди. Расмий натижалар эълон қилинганда бу рақамларда кўп эмас, бир ёки иккитага ўзгариш бўлиши мумкин. Шунингдек, 10 нафар мустақил депутат ҳам сайланди. Парламентга кира олмаган собиқ бош вазир Булент Эжевит “Биз муддатидан олдин сайлов белгилаб ўз жонимизга суиқасд қилдик” деб айтди. У кейинги пайтларда кўп касал бўлиб, ҳукуматни бошқаришдан узилган, “юролмаган қария” номини олган бўлсада ҳалига қадар халқнинг ҳукмини менсимагани жуда қизиқдир. Эжевит қирқ йилдан бери партияга раислик қилса қиттайгина ҳам ақли йўқ экан, деган бир туркнинг гапида жон бор. Бу одам, хотини ва айни пайтда партиядаги ўринбосари Равшан Эжевит билан демократияни турк халқи кўз олдида шарманда қилган кишидир. Уни шоир ҳам дейишади. Бирорта шеърини ўқиб кўрмаганим учун қандай шоирлигини билмайман, лекин ўз манфаатини халқдан устун қўйишда ҳаммага ибрат эканлигини айтиш мумкин. Унинг бундан олти ой олдин, “Ўлсам ўламанки, истеъфога кетмайман” деган гаплари ҳам бунинг исботи ва бу қўлбола сиёсатчиларга ёғдек ёқадиган гап.

Туркиянинг кўзга коринган сиёсатчиси Тансу Чиллер партияси парламентга кира олмагани учун баёнот бериб, тез орада қурултой чақиришини ва ўзи партия раислигига номзод бўлмаслигини билдирди. Ҳукуматнинг асосий шериги бўлган Миллиятчи ҳаракат партиясининг лидери собиқ Бош вазир ўринбосари Давлат Боғчали ҳам янги йилда қурултой ўтказиб янги раис сайлаяжагини маълум қилди. Масъуд Йилмаз эса сиёсатдан чекинди.

Туркия сиёсатининг шу кеча кундуздаги қаҳрамони бўлган Адолат ва Тараққиёт партиясининг лидери Ражаб Таййиб Эрдўған Истанбул ҳокими бўлганда катта обрў қозонган, аммо унинг бир митингдаги сўзи учун қамаб, сиёсатдан узоқлаштиришганди. У қамоқдан чиқиб, янги партия тузди ва қисқа вақт ичида бу партия Туркиянинг асосий кучига айланди. Бу партия лидерлари ҳозир Авропа билан яқинликни асосий йўл қилиб олишни айтаётган бўлсаларда амалда партия Шарққа қараб йўналади ва кўпроқ Кавказ ва Марказий Осиёга интилади. Зотан Эрдўғаннинг келиб чиқиши ҳам асли кавказлик черкасларга бориб тақалади. Лекин Марказий Осиёда Исломий кучларнинг ҳукуматга келишига мутлоқ қарши бўлган Ўзбекистон каби ўлкалар билан муносабати қандай бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.

Фақат шуни ҳам айтиш керакки, Ражаб Таййиб Эрдўғаннинг иши ҳали ҳам маҳкамада. Унинг бош вазир бўлиши учун сиёсатга киришини ман этган ҳукм бекор бўлиши учун эса анчагина иш қилиш керак. Осонгина давлат тўнтариши қилиш тажрибасига эга ҳарбийлар мамлакатида йўталиш учун ҳам изн керак бўлади.Шу боис унинг ўринбосари Абдулла Гулнинг ( агар ҳарбийлар бу таклифни қабул қилишса)бош вазир бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Абдулла Гул эса Эрбақан ҳукуматида Туркий жумҳуриятлар бўйича вазир бўлган.Собиқ Рефақ партияси лидери Нажмиддин Эрбоқанга Бош вазирлик пайтида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига ёрдам кўрсатишида ҳам Абдулла Гулнинг воситачилик қилгани айтилади. Ражаб Таййиб Эрдўған ҳам ўзбек “исломий” мухолифат кучлари ва чеченлар билан яқин алоқада бўлган.Бу Тошкентга аён нарса.Шу боис Туркия- Ўзбекистон муносабатларида табиийки муҳим рол ўйнайди. Хуллас, бугунги Туркия аслида топишмоқ бўлмасада Ўзбекистон учун яна бир топишмоқ ҳолига келди.

(Вашингтон, 2002 йил, 4 Ноябр)

ҚАСАМЁД

ёки

ҚУЛЛИККА ДАЪВАТ

Ўзбекистон мустақил бўлганига 11 йилдан ошди. Лекин халқимизнинг қуллик хусусиятларидан қутулиши эса йилларнинг одимига қараганда, образли қилиб айтганда кўкда учиб кетаётган қушнинг тезлигига нисбатан ерда судралаётган тошбақанинг одими каби жуда суст кечмоқда. Аксинча орқага қараб кетиш жараёнлари ҳам сезилмоқда. Журналистларни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот 2002 йилнинг Октябрида Ўзбекистонда журналистлар тақдири, сўз эркинлиги, матбуотдаги вазият борасида эълон қилган махсус ҳисоботига бекордан-бекорга “Орқага, СССРга ” деб ном қўймаган.

Бизда шундай калималар борки, буларни қандайдир кўринишларини бошқа халқларда учратсангиз ҳам юкланган маъноси бизники каби оғир бўлган бошқа жойни топа олмайсиз. Масалан, “Оқпадар”, “Падаркуш”, “Қасамёд”, “Қасамхўр” каби ва бу калималар мустақиллик йилларининг “Ислом”, “Каримов” ‘Президентимиз”, “Юртбошимиз” калималари каби энг кўп ишлатилган сўзлари десак асло муболаға қилмаган бўламиз.

Қасамёд анъанаси дунёнинг барча мамлакатларида мавжуд ва бугунги кунда протокол анъанасига айланган ва у қадар кучли маъно ташимайди. Масалан, Америкада президентнинг қасамёд қилиш куни байрам ҳисобланади. Барча ҳукумат идораларида ишга қабул қилинувчилар қасамёд қиладилар. Фуқароликка қабул қилишдан тортиб, маҳкама мажлисларига қадар қасамёд қилиш мавжуд. Лекин қасамёд матнини билган одамни учратиш қийин. Қасамёд шунчалик расмиятга айланганки, уни биров ўқиб туради ва иккинчи одам лабларини пичирлатиб такрорлаган бўлади. Бу иш шу билан битди ва унутилиб кетади. Бу нарсани биринчи бўлиб Ўзбекистон президенти Ислом Каримов илғаб олди. У қўлини Қуръон устига қўйиб, қасамёд қилгани билан ваъдаларининг бирортасини ҳам бажармади ва ҳеч ким ундан нега қасамёдни буздинг, деб сўраган эмас, ёки энди сени сазойи қиламиз ҳам деган эмас.

Америкада эса қасамёдни бузган бузмагани сўралмасада президентнинг сайловолдида халққа берган ваъдаси нуқтама-нуқта сўраб турилади ва унга шунга қараб баҳо берилади.

2002 йилнинг 19 Октябрида “Туркистон” газетасида Ўзбекистон Миллий Университетининг Журналистика факультети кафедра мудири Тоҳир Каримовнинг “Бўлажак журналистлар қасамёд қабул қилишлари керакми?” деган мақоласи чиққан ва унда битирувчилар президентга, ватанга, миллатга хизмат қилиш ҳақида қасамёд қилишлари кераклиги илгари сурилган. Дунёнинг бирор жойида, Туркманистон ва Ироқдан бошқа, президентга хизмат қиламан, деб қасамёд қилиш йўқ. Айниқса журналистларга бундай тавсия қилинишини четдан эмас, журналистларни етиштирувчи даргоҳдан чиқиши жуда қизиқ.

Қизиқлиги шуки, Совет даврида пахта теришга борамиз, деган таклиф олийгоҳлардан чиқарди. Унга қўл қўйган талабаларнинг ўзлари ҳам бу нарсадан газетада чиққан мурожаатларидан билиб қолишарди. Ишни эса Партком битириб юборар эди. Парткомга эса тавсия теппадан келган бўлади. Масалан, Ўзбекистон Компартияси марказий комитетининг биринчи котиби Ислом Каримов буни бўлим мудирига айтар, бўлим мудири эса инструктор Аҳмаджон Мелибоевга, у эса газеталар ва олийгоҳларга етказарди.

Бугун эса номлари қисман ўзгарган, холос. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биноси-Президент девони, биринчи котиб-президент, ўша Каримов-бугунги Каримов, ўша Мелибоев-бугунги маслаҳатчи Мелибоев… Демак, Тоҳир Каримовга қўнғироқ қаердан келгани аниқ ва бунинг сабаби бор.

Биринчидан, цензурани олиб ташлаб ўрнига редакторларни цензур қилиб қўйилди. Бош муҳаррирларнинг кўзи саксонта эмас ва журналистлар бир нарсаларни ёзиб юбормоқдалар. Шулардан садоқат талаб қилинмоқда. Тоҳир Каримов таклифи амалга оширилганда улар садоқатсизлик учун жазоланар эканлар.Яъни сазойи қилинармишлар. Бошқача айтганда суғурта усули.

Иккинчидан, Туркманистонда, журналистлар “Керак бўлса президентимиз учун жон берамиз” деб турганларида, нима учун Ўзбекистон орқада қолиши керак?! Зотан бу икки мамлакат зулм масаласида тобора эгизак бўлиб қолмоқда. Халқаро Чегара билмас журналистлар ташкилоти 2002 йил ҳисоботида 139 мамлакатдаги вазиятни таҳлил қилар экан, Ўзбекистонга 120 ва Туркманистонга 136 ўринларни “ҳадя’қилгани ҳам ана шундан. Яна Тоҳир Каримов каби ҳурматли “домла”ларимиз қасамёд талаб қилишлари қизиқ. Улар қасамёд ҳақида эмас, журналистларнинг бошида офат булутлари бўлиб кезиб юрган масалалар ҳақида ёзсалар ўзларига ярашган бўларди. Қасамёд билан бир нарса ўзгарганда, Ўзбекистон бундан ўн йил олдин, олти ой ичида жаннатга айланиб кетарди.(1).

(Вашингтон, 26 Октябр, 2002 йил)

1.Билмаганлар учун изоҳ, бундан ўн йил олдин Ислом Каримов “Ўзбекистонни олти ойда жаннат қилиб юбораман”, деб қасам ичганди.

БИРИНЧИ ЎЛИМ

Наманганлик ишбилармон Маҳмуджон Ҳожиевнинг жасади Канадада ўзи яшаган Регина шаҳридаги кўлда 2002 йилнинг 13 Октябрида топилиши Ўзбекистондан четга чиққан янги муҳожирлар ҳаётидаги илк ўлим воқеаси эди. Бугунга қадар уларнинг Ўзбекистондаги яқинлари ўлими ҳодисалари рўй берган ва бу айрилиқ азобини анчагина одам ҳис қилганди.

Лекин бугунга қадар аксарият муҳожирлар юртга “ана қайтамиз, мана қайтамиз” деган умидда юрганлари учун бу оғир зарба бўлди. Яъни юртга умуман қайтмаслик, жасадлари олис ўлкаларда қолиб ҳам кетиши мумкинлигини ҳис этдилар.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳақида туркум дастурлар ҳозирлаганимда(2002 йилнинг бошида) Маҳмуджон Ҳожиев билан ҳам анча гаплашгандик. Фикри тиниқ, ўз қарашига эга, масала моҳиятини англайдиган одам эди. Унинг қарашлари билан “Ислом лашкарлари” китобимда танишишингиз мумкин.

Маҳмуд акани адашмасам, илк бор 1996 йилда Туркияда кўргандим. Ишбилармонлик қилиб, бойиб кетгани, “Бирлик”ка ҳам қарашиб тургани, кейин ҳукумат одамлари уйига босиб келишгани ва катта маблағ талаб қилишгани учун кетганини айтганди. Орада Қирғизистонга ҳам бориб келиб, тижорат билан шуғулланиб юрди. Аввал қизлари, кейин умр йўлдоши келди, Туркияга. Нима бўлди, нима қўйди, умр йўлдоши болалари билан бирга қайтиб кетди. Канадага 2000 йилда сиёсий муҳожир ўлароқ ёнида бир ўрус аёл келганини,(унга уйлангани айтилади) у аёлнинг вояга етган болалари борлигини эшитиб унча ишонмай юрдим. Чунки Маҳмуд ака диндор ва ўз эътиқодида анча мустаҳкам одам эди. Бундай одамнинг бир рус аёли билан яшаб кетишига у қадар ҳам кўзим етмаганди. Кейин эшитсам, у аёл булғор экан асли. Маҳмуд акани яхши таниган, уйида меҳмон бўлган Зокир Алининг таъкидлашича, Маҳмуд ака у билан Қирғизистонда оила қурган, кейин уни қизи билан бирга Туркияга олиб келган, намоз қиладиган мусулмон аёл экан.Лекин кейинчалик ажралишган ва Маҳмуд ака ёлғиз яшаётган экан.

Муҳожир йигитлардан бирининг айтишича кейинги вақтларда Маҳмуд ака анча радикал гуруҳларга яқинлашган, керак бўлса унча-бунча одамни ўлдиртириб юборадиган кучим бор, деган экан. Ёлғизлик унга қаттиқ таъсир қилгани айтилади. Хуллас, ўлими сирли. Маҳаллий матбуотда эса ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлиги айтилади.Ҳар куни мачитга боргани ва диндорлар билан бирга бўлгани учун унинг ўз жонига қасд қилганига ишониб бўлмайди. Нима бўлганда ҳам бир муҳожир бу дунёни тарк этди, унинг яхши-ёмонлиги, гуноҳу савобларини биз эмас, ўлчайдиган бошқа энди. Биздан эса дуо қилиш: Аллоҳ раҳмат айласин!

Аччиқ ҳақиқат эса, бу Каримов режимининг яна бир “меваси”…

ЎЗ УЙИДА ЖОСУС

Агар расмий хабарларга назар солсангиз, қадим Туркистон, бугунги Марказий Осиёдаги давлатлар орасида қизғин, дўстона ва самимий ҳаёт мавжудлиги кўзга ташланади. Президентлар тез-тез учрашиб турибдилар, қатор-қатор ҳужжатлар имзоламоқдалар, ҳайъатлар бориб-келиб, бўзчининг мокисидек қатнашмоқдалар ва ҳоказо.

Расмий маълумотлар баъзан ҳаётий хабарларни кўмиб юборади. Масалан, 5 Октябр куни Душанбеда ўтказилган олий даражали учрашув давомида раҳбарлар дўстлик, бирлик ҳақида жўшиб гапирар эканлар, бир кичик хабар эса эътибордан четда қолиб кетди.Душанбе телевидениеси тарқатган хабарга кўра Сўғд вилояти маҳкамаси 51 ёшли Ўзбекистон фуқаросини жосусликда айблаб 12 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилган. У қўлга олинганда унда муҳим жойларнинг харитаси бўлган экан.

Ҳа, бир қарашда бу жуда кичик хабар. Аммо бир оила бўлган Туркистоннинг бугун қайси манзилга келганини кўрсатиш жиҳати билан жудда катта маъно ташийди. Никита Хрушчев чўл-у саҳроларга қадар маккажўхори экдиргани каби Ўзбекистон-Тожикистон чегаралари бўйлаб мина кўмиб чиқилгани турли баҳоналар билан ўралганди. Бугунга қадар 60 дан зиёд бегуноҳ фуқаролар ана шу миналарнинг қурбони бўлгани эса ҳеч кимнинг парвойига келмайди.

Ислом Каримовнинг бир чиройли гапи бор эди: “Агар бир мамлакатда бир кишининг қони бекордан-бекорга тўкилса бу шу мамлакатнинг раҳбари учун қора доғдир” деганди у. Балки, доғ бўлмасин, дея тўкилаётган қонларга кўз юмилаётганмикан?

Яна қайтайлик, кичик хабарга. Ҳатто исми ҳам айтилмаган ўша Ўзбекистон фуқароси ҳақиқатдан ҳам жосуслик қилган бўлса, бу бир фожиа. Чунки Тожикистон аҳолисининг салмоқли қисми ўзбеклардир ва бундан кейин у ерга борган ҳар бир ўзбекка жосус кўзи билан қараш, ортидан айғоқчи қўйиш одат бўлмайди, деб ким айта олади.Балки аллақачон шундайдирки, бу одамни қамаб юборишди.

Наҳотки, қардош икки мамлакат ўртасида жосуслик йўли билан аниқланадиган манбалар мавжуд ва наҳотки улар бир-бирларига жосус юборадиган даражада душманга айланганлар? У ҳолда Ислом Каримов ва Имомали Раҳмоновнинг бизлар икки тилда гапирадиган бир халқмиз, орамизда ҳеч қандай тафовут йўқ, ҳамма нарсани биргалашиб ҳал этамиз, деган баёнотлари нима бўлади?

Агар ўша Ўзбекистон фуқароси жосуслик қилмаган ҳолда жосуслик айби билан қамалган бўлса-чи? Бу эса, биринчидан, Ўзбекистон ҳукуматининг ўз фуқароси тақдирига муносабатини ўртага қўяди. Иккинчидан, Тожикистонда ўзбекларга бўлган муносабатни ойдинлаштиради.

Ҳа, баъзан, оддийгина бир мисол катта воқенинг кўпик эканлигини исботлайди. Нима бўлганда ҳам катта хабарлар ортида қолиб кетган бу кичик хабар бугун Туркистон халқлари ўз уйларида соҳиб бўлмаганларининг бир мисолидир.

Ўз уйингда ўғри, деган гап бўларди.

Ҳа, Туркистон халқлари бугун ўз уйларида бегонага айланиб қолмоқдалар.

(Вашингтон,8 Октябр, 2002 йил).

СУВИГА ҚАРАБ ИЛОНИ…

Бундан бир неча кун олдин Тошкентда матбуот эркинлиги ва коррупция масаласида бир анжуман ўтказилди. Бу йиғилиш ҳам шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда порахўрлик зарпечак сингари ҳукуматни чирмаб олган ва ундан қутулишнинг фақат битта йўли бор, у ҳам бўлса, бу печакни илдизи билан қўпориб ташлашдир. Илдизи билан қўпориш эса ҳукуматни ҳам ўз орқасидан судраб кетиши, дегани учун бу гапни биров юрак ютиб очиқ айта олмайди. Ўзбек матбуоти эса асло!

Икки ой олдин эса дунё давлатлари коррупция масаласида қандай вазиятда эканликлари ҳақидаги халқаро ҳисобот эълон қилинганда, Ўзбекистон коррупция марказларидан бирига айланганини кўрсатувчи рақамларга баъзилар ажабланганди. Халқининг ўртача даромади 4-5 доллар атрофида бўлган ҳолда пора бериш учун бир неча нол рақамли катта миқдордаги долларлар ришват ўлароқ қандай айланиб юриши, уларни таажжубга солганди. Ҳамма нарса кўрпасига қараб бўлиши кераклигига ишонган ғарбликлар Ўзбекистонда ҳам пора олиш ўз даражасида бўлса керак, деб ўйлашганда.

Лекин кейинги кунларда хорижий ва маҳаллий матбуотда чиқаётган бир қатор хабарлар Ўзбекистонда ҳақиқатдан ҳам халқнинг аҳволи орқага кетгани ҳолда, порахўрлик Ғарб кўрсаткичлари даражасидан ҳам ўзиб бораётганини кўрсатмоқда.

“РИА Новости”нинг хабар беришича, Тошкент шаҳридаги бир туманда уй-жойларни фойдаланишга топшириш бошқармасида раҳбар бўлган Очилов деган шахс 7.200 доллар миқдорида пора олаётганда қўлга тушган. Бу ўртача маош оладиган 35 мингдан зиёд кишининг бир ойлик иш ҳақи миқдоридаги пул. Бошқача айтганда бир катта туман аҳолисининг бир ойлик маошини ҳукумат идорасидаги кичкина тўра бир дақиқада олмоқда.

Ҳукумат зиналаридан юқорига қараб чиқиб борсангиз, демак бундан ҳам даҳшатли вазиятни кўриш мумкин.Ёки ўт ўчириш идорасига ишга олиш учун бир кишидан 2000 доллар пора олган(Бу ҳам РИА Новости хабари-ЖМ) Орифбоев деган шахс мисоли эса Ўзбекистонда нафақат юқори мансаблар ва балки кўзга кўринмайдиган иш жойлари ҳам катта пулларга сотилаётганидан дарак бермоқда.

Нью Йорк Таймс газетасининг ёзишича президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова Америкага судга чақирилганда “Собиқ турмуш ўртоғим, агар менинг номимга чет элдаги банклардан бирига 5 миллион доллар қўйсагина маҳкамага бораман” деган. Оддий одамнинг маоши беш доллар бўлган бир мамлакат раҳбарининг қизи 5 миллион доллардан гапириб турса, табиийки кўп нарса равшан бўлиб қолади.

Ўзбекистон мустақиллиги учун курашганлар 1990-1991 йилларда далиллар асосида бу мамлакат келгусида жаннат каби диёрга айланишини исбот этишганди. Унинг қазилма бойликларидан тортиб, пахтасига қадар ҳаммаси долларга пулланаётгани учун халқининг турмуш даражаси юксак бўлиши керак эди. Лекин ўтган 11 йилда ана шу даромад оддий халқнинг эмас, бир тўда тўраларнинг чўнтагига кираётганини юқоридаги мисолдан ҳам кўриш мумкин.

Ҳоким, прокурор бўлиш учун Совет даврида ҳам ўртада миллионлаб долларлар ўйнагани сир эмас. Бугун оддий бир иш жойлари учун пора шу қадар катта миқдорда бўлса, ҳоким ёки прокурорлик мансаблари учун бериладиган ришватни тасаввур қилиш мушкул эмас.Мухтасар қилиб айтганда, оддий халқ тобора қашшоқлашиб борган ҳолда, бир ҳовуч тўраларнинг пора олиши бу қадар юксалиши жамиятдаги чўкишнинг даражасини ошкор этмоқда. Ҳа, тоғига қараб сиртлони, сувига қараб илони.

(Вашингтон, 5 Октябр)

ЎЗБЕК ХАЛҚИ ИҚТИСОДИЙ ҚАМАЛ ИЧИДА

Дарахтнинг илдизларига болта урилса ёки илдизлари қуриган ҳолатда ҳам ўқ илдизи бақувват бўлса, бўрону довуллар уни йиқита олмайди. Аммо ўқ илдиз чирик бўлдими, оддий шамол ҳам бу дарахтни қулатиши мумкин. Шу мантиқдан келиб чиқилса, иқтисод бошқарувнинг ўқ илдизидир. Хўш Ўзбекистонда бошқарувнинг ўқ илдизи қай аҳволда. Таассуфки, бу саволга ижобий жавоб топиб бўлмайди.

Энг сўнгги Хабарларга кўра 20 сентябр куни Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонни бозорни эркинлаштириш, сўмни конвертация қилиш борасида суст одим отаётгани учун яна қаттиқ танқид қилди. Дарвоқе АҚШ Молия вазири Паул О Неилл июл ойининг ўрталарида Тошкентга борганда Президент Каримов шу йилнинг охирига қадар ўзбек сўми конвертация қилинади, деган эди.

Бугун ўзбек валюта бозорига қарасангиз, пулни алмаштиришнинг уч кўриниши мавжуд. Биринчиси, ҳукумат томонидан белгиланган курс бўлса, иккинчиси тижорий банклар томонидан ўрнатилган курсдир. Учинчиси эса қора бозор. Долларнинг Ўзбекистонда ана шундай уч баҳоси бор. Орадаги фарқ қарийб икки бараварга бориб етади. Бунинг орқасидан миллионер бўлиб юрганлар ҳукуматнинг энг баланд нуқталарига узанганларидан мана ўн йилдирки конвертация қилиш масаласи йилдан-йилга ўтиб келмоқда. Бу эса Ўзбекистонга олиб кириладиган инвестициялар йўлини боғлаш билан Ўзбекистон иқтисоди тараққиётини бир неча ўн йилликларга орқага улоқтириб ташлади.

Маълумки, Ўзбекистон президенти бундан 10 йил олдин ўртага қўйган ва доим такрорлаб келаётган беш тамойилидан бири “Аввал иқтисод кейин сиёсат” деган йўлдир. Бу йўл янги эмас ва ленинча сиёсатнинг ҳам тамалини шу йўл белгилаганди.

Зотан шу йилнинг олти ойлик якунлари муҳокама қилинганда Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасидаги нутқида Ислом Каримов ўзидан бошлаб барча бошқарувчилар коммунистик иқтисодий бошқарув асоратларидан қутула олмаётганларини, социалистик иқтисод тамаллари қон-қонларига сингиб кетганини эътироф этганди.

Гап бошқа Иш бошқа.Орадан саноқли кун ўтмай конвертацияга тайёргарлик юки оддий халқнинг гарданига ташланди. Эркин бозорлар ёпилди. Эркин дўконларга қулф урилди. Четдан товар олиб келувчиларнинг йўлига тўсиқ қўйилди. Телевидение орқали бу ҳаракатларни тушунтирган мулозимлар биринчи навбатда ўзимизда ишлаб чиқарилган нарсаларни харид қилинглар, деб шундай қилдик дейишди.

Бу эса бозор қоидаларга мутлақо хилофдир. Бозор қоидалари бўйича ҳамма нарсани рақобат ҳал этиши керак. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган нарсаларни халқ олмаётган экан, демак бунинг учун халқни жазолаш эмас, балки рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш йўлини қидириш керак.

Бу ҳам ҳукуматнинг ҳамма нарсани монополия қилиб олганига бориб тақалади. Бутун завод-фабрикалар, ишлаб чиқариш корхоналари ҳукуматнинг қўл остида бўлгани учун ҳам рақобат майдонидан узоқ қолмоқда.

Президент Каримовнинг Литвага сафари олдидан Болтиқ бўйидаги маҳаллий газеталар Ўзбекистон иқтисоди устидан масхара қилиб ёзишди. Улар ёш боланинг оғзига у истамаган овқатни тиқсангиз башарангизга туфлаб ташлайди, лекин ўзбек халқи бардошли экан, Ўзбекистон ҳукумати четдан маҳсулот олиб келишни тўхтатиб, ўзимизиникини оласиз, деб турса ҳам индамаяпти, деб ёзишди.

Аслида индамаяпти эмас. Барча вилоятларда намойишлар бўлди, халқ ўз норозилигини айтмоқда. Лекин намойишга чиққанлар ёппасига ушланмоқда ва жазога тортилмоқда. Матбуот учун эса олам гулистон, муаммолар йўқ. Ўзбекистон бошқарувининг ўқ илдизи иқтисод эмас, балки халқни иқтисодий қамал ҳолида сақлаш эканлиги сир бўлмай қолди.

(2002 йил, 24 Сентябр)

ҲАМКОРЛИК ВА ХАВОТИРЛАР

Жиззахлик Инсон ҳуқуқлари курашчиси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилоят кенгаши раиси Бахтиёр Ҳамроевдан бир мактуб олдим. Унда, жумладан, шундай дейилади: “Дилшод деган 15 ёшли йигитни миршаблар қийнагани ҳақида хабар тарқатган эдик. Вазият қандай экан, бир хабар олай, деб борсам, онаси нима дейди денг:”Миршаблар келиб, бу правозашитниклар(инсон ҳуқуқлари ҳимояcилари-ЖМ) билан алоқа қилманглар, улар ватан хоинлари, эҳтиёт бўлинглар деб кетишди”. Ўзбекистонда даҳшатли жамият қуриб бўлинди. Узлуксиз тазйиқлар, қўшнилардан “бу ваҳобий” деб кўрсатма олишлар, интернетни узиб қўйишлар тинмаяпти. Жамиятимизнинг олти нафар аъзоси қамоқда….

Маълумки, АҚШ президенти Буш Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов номига йўллаган ва Тошкент матбуотида 19 сентябр куни эълон қилинган мактубида терроризмга қарши курашда ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирар экан, эркин истиқбол йўлида бундан кейин ҳам биргаликда одим отаверамиз, деди. Америка раҳбари 11 Сентябр фожиалари билан унинг номига юборилган ҳамдардлик мактубларига жавобан ана шу руҳда хатлар йўллади. Ўзбекистон эса АҚШ билан манфаатлари туташган нуқтада. Манфаатлар рақибларни ҳам дўстлаштиришини унутмаслик керак.

Бу АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл 18 Сентябр куни Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комиловни қабул қилган маросимда ҳам таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб томонлар узоқ муддатга мўлжалланган ҳамкорлик шартномасини имзоладилар.

Айни пайда Қўшма Штатлар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам диққатдан қочираётгани йўқ. Масалан, Давлат Департаменти ҳали яқинда қамоқлардаги қийноқлар ва сирли ўлимларни жиддий равишда текшириб чиқишни талаб қилди.

“Яқинда,-дейилади АҚШ ҳукумати сиёсатини акс эттирган ва “Америка Овози” Радиосида 2002 йилнинг 14 Сентябрида эшиттирилган бош мақолада,- Жаслиқ қамоқхонасида Мирзакомил Авазов ва Ҳусниддин Олимовнинг ўлгани билан боғлиқ олинган хабарлар ташвишлидир. Иккала шахс ҳам қамоқда экан, қийноққа солиниб ўлдирилганга ўхшайди. Ўзбекистон ҳукумати, улар, маҳбуслар орасида рўй берган жанжал натижасида ҳалок бўлганини даъво қилмоқда. Авазов, диний радикализмни ташвиқловчи материаллар тарқатганлик айби билан, 1999 йил 16 йилга қамалганди. Олимов эса, фаолияти ман этилган “Ҳизб ат Таҳрир” аъзоси эканлиги айби билан 20 йил қамоққа ҳукм қилинган эди. Улар, шароити қаттиқ эканлигии ва бутун қамоқдагилар, айниқса диний тушунчалари сабабли қамалганларни қаттиқ қийноққа солиниши билан донғи кетган Жаслиқ ҳибсхонасида ушлаб турилгандилар. Авазовнинг жасадида, қийнаб ўлдирилганлиги аломатлари кўрилгани айтилади. Ўзбекистон ҳукумати, Авазов ва Олимов-лар ўлимининг сабаблари текширилганини даъво қилмоқда. Лекин, АҚШ ва Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати, бу масалада қониқарли иш бажармагани қаноатидадир. Президент Ислом Каримов, ўлганлар масаласи барвақт ва ишонарли равишда текшириб чиқилиши учун, дарҳол буйруқ бериши даркор. Ана шу ўлим ҳодисаси ёки, қамоқдагиларга қўпол муомала қилганликда айбланаётганлар, очиқ судда муҳокама этилиши керак.”

Шунга қарамасдан, бир қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётганидан кўз юмилаётганини айтмоқдалар.

Бу мавзуда Уруш ва Тинчлик халқаро тадқиқотлар институти Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов билан мулоқот нашр этган. Толиб Ёқубов кейинги кунларда Тошкент режими Америка ёрдамларидан илҳомланиб инсон ҳуқуқларини янада қўполроқ поймол этаётганини таъкидлайди.У жумладан, инсон ҳуқуқлари курашчиси Йўлдош Расуловнинг 17 Сентябр куни 7 йил қамоққа ҳукм қилинганини мисол сифатида келтиради.

Хьюман Райтс Ватч ташкилотининг ижроcи директори Элизабет Андерсен шу муносабат билан эълон қилган баёнотида Йўлдош Расулов дарҳол озод қилиниши керак эди, унга қўйилган айблар исботини топмади ва суд сиёсий маҳкама бўлганини ўзи исбот этди, деди.

Сентябр ойининг дастлабки кунлари Хоразм вилоятида ички ишлар ходимлари тарафидан фуқаро Ҳавожон Бекжоновага нисбатан қилинган тажовуз ҳам текширувларсиз қолаётгани ташвиш уйғотмоқда.

Инсон ҳуқуқлари курашчиларини диний ташкилотларга алоқадорликда айблаш Ўзбекистон суд тизимида анъанага айланиб бўлгани эса бот-бот айтилаётгани билан бирор чора кўрилмаётир.

Бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг аъзолари, жумладан, 16 сентябр куни Қашқадарёда инсон ҳуқуқлари курашчилари Жўра Муродов, Мусулмонқул Ҳамроев ва Норпўлат Ражаповларнинг узоқ йилларга қамоққа жўнатилгани ҳам Тошкент режимининг аёвсизлигини кўрсатмоқда.

Илгари Ўзбекистон раҳбарларининг Вашингтон сафари олдидан ижобий одимлар отилган бўлса, энди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Вашингтонда ҳужжатлар имзолаётган, БМТ да Ўзбекистон номидан нутқ ирод қилаётган, Америкаликларни тўплаб зиёфат бераётган кунларда Тошкентда ва Қашқадарёда инсон ҳуқуқлари курашчилари устидан ҳукмлар ўқилди.

Ана шуларнинг таъсири бўлса керакки, АҚШдаги энг нуфузли рўзномалардан ҳисобланган “Вашингтон пост”да 20 Сентябр куни Амнести Интернатионалнинг ижроcи директори Оқ уй Ироққа қарши тадбирлар олишда Халқаро Амнести ташкилотининг ҳисоботларини, матбуотдаги чиқишларни ҳам диққат марказида тутганини эслатар экан, Ўзбекистон масаласини ҳам илгари сурди.

У агар Президент Буш Ироқ раҳбарияти инсон ҳуқуқларини оёқ ости қилаётгани ҳақидаги ҳисоботларимизни эътиборга олган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон, Россия ва Колумбиядаги вазият ҳақидаги ташвишларни ҳам жиддий равишда қабул қилиши керак, бу мамлакатларда АҚШнинг ҳарбий ёрдамидан фойдаланилган ҳолда, инсон ҳуқуқлари оёқ ости қилинмоқда, деб ёзди.

Хулоса қилиб айтганда, эса барча мамлакатлар четдаги ҳар қандай масалага ўз манфаатлари нуқтаи назаридан қарашларини ёдда тутиш керак. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари яхшиланиши биринчи навбатда халқнинг, унинг вакилларининг ҳаракатлари билан амалга ошади. Халқаро жамоатчиликнинг таъсири эса оддий таъсирдир. Кимгадир таъсир қилади, кимгадир эса “пашша тепгандай” гап бўлиб қолаверади. Халқ бу йўлда жон фидо қилаётган курашчиларни ҳимоя қилса, ҳимоячиларнинг ўзлари ўзаро бирлашсалар, низолардан устун турсалар, мухолифатмиз деганлар эса тарқоқликдан қутулсаларгина илгари қараб одим бўлади. Акс тақдирда ғойибдан келган кучнинг мўъжизасини кутиш билан вақт ўтиб кетаверади, худди 11 йил қандай ўтган бўлса, Бахтиёр Ҳамроев алам билан айтганидек, даҳшатли режимнинг илдизлари чуқурлашиб бораверади.

(2002 йил, 21 Сентябр)

МУСТАҚИЛЛИК БАЙРАМИ АНЪАНАЛАРИ

1.ҚАДАҲ ВА ҚАРОР

Сессиялар аслида халқ тафаккурининг хазинаси бўлиши ва бу хазина миллат вакиллари тарафидан тўлдирилиб туриши керак. Ўзбекистон Мустақиллигининг илк йилларида сессиялар ўз маъносида миллатнинг мажлисига айлана бошлаганди. Масалан, 1990 йилнинг 20 Июн кунида Мустақиллик декларацияси қабул қилинган кун депутатлар ўзбек халқининг 70 йиллик орзуларини мажлис залига олиб келиш билан чекланган эмас, балки уни рўёбга чиқариш учун ҳам одим отгандилар. Ўшанда миллат билан бирга унинг вакиллари ҳам шод эдилар. Орадан бир йил ўтиб 1991 йилнинг 30 Августида Ислом Каримов Мустақиллик масаласини ўртага отганда миллатнинг мажлисида сокинлик ҳукмрон, ҳатто Каримов қарсакни ҳам сўраб олганди. Сабаблар айри масала. Буни алоҳида ёзганмиз. Лекин шу кундан эътиборан, 1-Сентябр Ўзбекистон мустақиллик куни, деб эълон қилинган бўлса ана шу кун олдидан сессия ўтказиш анъанага айланди.

Бу анъанавий сессияларда Президент узоқ нутқ сўзлайди. Мамлакатнинг биринчи галдаги вазифаларини белгилаб берган бўлади. Ўтган ўн сессиядаги нутқларни олиб, бир солиштириб кўрингга?! Ҳар ҳолда Каримовга нутқ ёзганлар ёки ҳар сафар бир олдингисидан нусха кўчирганлар ва ёки Каримовнинг зеҳниятида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Ҳамма вақт биринчидан, иккинчидан деб саналган муҳим масалалар қоғозда қолиб кетади. Амалда эса тамоман тескариси қилинади. Яъни байрам олди сессияси ўз-ўзини ва ҳамда бошқаларни ҳам алдаб туриш анъанасига айланди.

Қизиғи шундаки бошқалар ишонмагани аниқ. Ҳар ҳолда нотиқнинг ўзи ҳам ишонмаса керак. Шундай экан бундай анъана нимага керак? Бу савол қўйиладиган бўлса барча жабҳага қарата қўйилиши керак бўлади ва бирор-бир иш қилинмагани ойдинлашади. Шунинг учун “иш қилинмоқда” тимсолини яратиб туриш керак.

Ўн йилда гапирилган гаплар 10-томлик китоб бўлибди. Ислом Каримовнинг бу ўн томлигини бир варақлаб кўринг-а?! Ҳамма нутқлар бир-бири билан эгизакка ўхшайди.Айниқса байрамолди нутқлари.

Бошқача айтганда, байрам сессиясидаги нутқ худди туғилган куни каби бир маросимда қадаҳ кўтариб айтилган сўздек оний бўлиб қолмоқда. Айтилган сўз учун биров маъсулият талаб қилмагандан кейин шундай бўлади-да. Эшитувчилар ҳам мажлисга эмас, байрамга келадилар. Уларга ҳам қадаҳ сўз керак. Мақсад ичкиликни ичиш, мақсад-гап ва мақсад эмас.

Мазкур сессияларда ўнлаб масалалар кун тартибига қўйилади ва қадаҳни ютиб юборган каби тез қабул қилинади. Депутатлар у ёқда турсин ҳатто президентнинг ўзи ҳам бу сессияларда қандай қонун қабул қилинганини айтиб беролмаса керак. Диктатура касали шунақа, одамлар нима қилаётганларини билмаганлари каби нима қилганларини ҳам билмайдилар.

(”Америка овози” радиоси, 2002 йил, 4- Август).

2.САДОҚАТФУРУШЛИК

Совет даврида бир латифа бўларди. Брежнев Мудофаа вазири билан шахмат ўйнаб ўтирган экан, жангчи-учувчи кириб келади ва :

-Ўртоқ бош қўмондон Кобулга бомба ташлаб шоҳ саройини вайрон қилдим,-дейди.

Брежнев вазирга қараб: -Бу ўзимизданми?-деб сўрайди.

-Шунинг учун бу ерга эркин кириб келди-да, бўлмаса …

-Ҳа,я..-деган Брежнев ғаладондан бир орденни олиб учувчининг, иккинчисини эса мудофаа вазирининг ва учинчисини ўзининг кўксига тақиб қўяди.

Бу латифа Брежнев тириклигида халқ орасида тарқалганди. Дарвоқе, орден- медалу ва мукофотлари энг кўп ўлка Совет Иттифоқи эди ва Брежневнинг кўксида орден тақишга жой қолмаганди.

Советизмнинг барча кўринишлари қаторида бу тимсол ҳам Ўзбекистонда қолган. Фақат орден ва медалларнинг номи ўзгарган. Масалан, “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” ўрнига “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган каби Ленин ордени ўрнига Амир Темур ва ёки Жалолиддин Мангуберди ордени каби.

Илгари бу орден медаллар берилишида икки ҳолат эътиборга олинарди. Хизмати ва садоқати. Ҳозир эса фақат садоқати ҳисобга олинади. Илгари мукофотлар байрамларда тарқатилган. Ҳозир ҳам. Аммо энг кўп мустақиллик куни тарқатилади.

Тошкентдан олинган бир хабарга кўра, бу йил мукофот олувчиларга, агар уларнинг қўлидан ёзиш-чизиш келадиган бўлса, режим томонидан ўлдирилган ёки қувғин қилинган кишилар ҳақида, “Айб уларнинг ўзида”, деб қораловчи китоблар ёзиш буюрилган экан. Бу ҳам садоқатга чорлов, албатта.

Дарвоқе, шу ўринда бир нарсани эслатмоқ керак. Агар мукофот берилиши керак бўлса, ва бу иш мустақиллик кунига тўгри келганда энг аввало Мустақиллик учун курашганларга берилиши керак. Ўзбекистон мустақил бўлсин, деб байроқ кўтарганлардан, адиб Мамадали Маҳмудов, мустақиллик учун кураш йилларининг халқ депутатлари Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Мели Қобулов ва бошқалар бугунга қадар ҳибсда ўтирса-ю “Мустақиллик бу орқадан пичоқ уришдир”, деганлар Ўзбекистон қаҳрамони бўлиб, давраларнинг келбатига айланса ҳақиқатнинг бели сингани эмасми?

Садоқат сотилмайди, деган экан, машойихлардан бири. Кўриб турибмизки у хато қилган экан. Бугун садоқат ҳам сотилади ва сотиб олинади. Яъни садоқат кўрсатиш ҳам хизматга айланган ва бу хизмат эвазига мукофот берилади ва мукофот олинади.

Суҳбатимизни Брежнев ҳақидаги латифа билан бошлаган эдик. Яна бир латифа эсга тушмоқда.

Брежнев нариги дунёда ҳам орден медалларини шақирлатиб тақиб юрган экан, ёнига бир киши келибди. Унда Брежневдагидан ўн баравар кўп орден ва медаллар бор экан.

Қандай қилиб мендан кўп олдинг буларни,- деб ажабланибди Брежнев.

-Бозорда буларнинг ҳаммасини бир чойчақага сотиб олдим,- деб жавоб қилибди ҳалиги киши.

Ҳа, ўтган кунларнинг энг юксак орденлари бугун чойчақачалик ҳам қадри қолмаган.

Ҳар ҳолда Ўзбекистон орден-медалларининг баҳоси келажакда қанча бўлади, буни вақт кўрсатади.

(”Америка овози” радиоси, 2002 йил, 11 Август).

3.ҚЎРҚУВ

Қўрқувни шайтони лаин дейдилар. У инсон вужудига бир ёпишиб олдими, чиқиб кетиши қийин бўлади.

Баъзилар ўз камчиликлари, қусурлари очилиб қолишидан қўрқадилар ва умрларини ана шу нозик нуқталарни билганларга қарши курашга сарфлайдилар. Яъни шайтони лаиннинг малайига айланадилар.

Баъзилар кимларгадир ёмонлик қилиб, зулм ўтказиб ўзимга ҳам шундай тарзда қайтмасин, деб қўрқув гирдобига ғарқ бўладилар. Яъни шайтони лаининг қулига айланадилар.

Баъзилар қўрув билан туғилиб, қўрқув билан ўлиб кетадилар. Яъни шайтони лаиннинг ўзига айланадилар. Бу бир фалсафа. Ҳақиқат эса шуки, қўрқув Ўзбекистонда мустақиллик бошлангандан бери мустақиллик кунларининг анъанасига айланди.

Маълумки, 1 Сентябр байрам деб эълон қилинган. Лекин қўрқув қуршовидаги байрам. Сентябр яқинлашавериши билан Тошкент шаҳри ўраб олинаверади. Келганнинг келбати кетганнинг кетмонидан шубҳа қилинади. Тошкент миршабхонага айланади. Яна ҳам тўғрироғи миршабхона ичидаги тутқунларнинг ўйин кулги саҳнасига айланади. Бу ерга оддий халқ киритилмайди. Айниқса мустақиллик майдони оддий халқдан қўриқланади. У ерга кириш учун садоқатфуруш бўлишга тўғри келади.

Илгари подшолар мамлакатнинг тўрт томони очиқ қолган ҳолда ўзлари яшаган шаҳарни қалъа билан ўраб олганлар. Уларга халқнинг жони эмас ўз жонлари азиз бўлган. Бугун ҳам айни ҳолатни кўриш мумкин.

Ўзбекистонда 16 февралдан кейин кучли тадбирлар олиниши керак бўлди, бу шарт-шароит тақозоси, дегувчилар ҳам бор.

Дарвоқе, Америка ҳам 11 Сентябрдан сўнг катта тадбирлар олди-ку, ва Мустақиллик куни байрам қилинган 4-июлда Вашингтон кучли тарзда қўриқланди-ку дея эътироз билдирганлар бўлади.

Ҳа, Вашингтон қўриқланди, халқдан эмас балки халқ учун қўриқланди. Яъни Вашингтонга кириш ҳеч ким учун ман этилмади. Тантаналар бўладиган марказий майдонга ҳам истаган одам келди.

Шу куни террористлар ҳужуми бўлади, дея хабар олингани учун катта тадбирлар кўрилди ва бу тадбирлар халқнинг оммавий сайлига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатган эмас. Американинг исталган нуқтасидан истаган одам келиб, Вашингтоннинг марказида Мустақиллик кунини байрам қилди. Сен киришинг мумкин ва ёки сен кира олмайсан деган гап бўлган эмас.Бошқача айтганда таҳлика қўрқувга айланган эмас.

Ўз соясидан ҳам қўрқиш, деган гап бор.Ёки қўрққан “илон” дея ипнинг устидан ҳатламайди, дейдилар. Ёхуд қўрққанга қўша кўринади, деган мақол бор. Агар қўша кўринмаганда табиийки бугунги манзаралар бошқачароқ бўларди. Америка президентлари ҳафтада икки уч марта халқ орасига киришади. Бу қўрқмаслик анъанасини сақлаб қолишнинг бир йўли. Акс тақдирда сайлов кезлари ҳар куни халқнинг олдига қандай чиқадилар?!

Бошқача айтганда улар халқнинг орасидан ўтиб тахтга келганлари учун яна халқнинг орасига чиқишлари қўрқувга айланмайди. Халқни босиб, унинг устидан ўтиб келганлар эса бир умр қўрқув ичида яшайдилар. Орқага юриш эмас, балки орқага қараш ҳам уларга келажакка қараш каби қўрқинчдир.

(”Америка овози” радиоси, 2002 йил, 18 Август).

4.ТОМОША САҲНАСИ

Маълумки, Советлар мафкурасининг асосий бўғинларидан бири томоша саҳнаси эди. Бошқача айтганда кўзбўямачилик ва сўзбўямачилик эди. Яъни ичкарида биров ўлиб ётган бўлса ҳам ташқарида концерт, томоша давом этаверди. Концертларнинг мағзи-мундарижаси жонажон партия ва унинг раҳбарларини, улар берган фаровончиликни куйлашга қаратилган бўларди. Илгари шоирлар ёзиб берар, композитор мусиқасини ёзар, ашулаcи куйланарди. Яъни маддоҳлик мадҳияси уч “қўл”дан чиқарди. Бугунга келиб бу ҳам қисқарди. Ашулачининг ўзи ёзиб, ўзи куйлаб бераверади.

Мустақиллик кунларининг энг муҳташам анъанасига айланган тантанали концертга ҳар йили алоҳида тайёргарлик кўрилади. Ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир қўшиқ назоратдан ўтказилади. Айтиб бўладими? Қўшиқчилардан бири билиб ёки билмасдан мухолифат ёки “Ҳизбу Таҳрир” деб юборса нима бўлади? Концерт пайтида қайси қўшиқчи ёки ўйинчи юртбошининг ёнига боради ва ким унинг кўксига бош қўяди ва ким у ҳақда қўшиқ айтади ва ким қарсак чалади, ҳаммасини байрамни ўтказиш комиссиясининг раиси белгилаб беради. Одатда бу ишни президентнинг маслаҳатчиларидан бири ва Бош вазир ўринбосари бажаради, Маданият вазири эса ёрдамчи. Улар ижрочиларни бир неча марталаб машқдан ўтказадилар. Шундай бўладики, ижрочилар худди ватанни қутқариш учун урушга бораётгандек шай бўладилар. Ҳукумат томонидан бу ишларга бош-қош бўлганларнинг фикри-зикри аниқ. Бутун саҳна, бутун томоша бир кишининг кайфиятини чоғ қилиш ва бир кишига ёқиш учун йўналтирилади.

Аслида мустақиллик куни концертлар, томошалар ҳамма мамлакатларда анъанага айланган. Яъни шу куни халқ байрам қилади. Масалан, Америкада шу куни халқ сайллари бўлади ва кечқурун пойтахт Вашингтонда ва бошқа марказий нуқталарда мушакбозлик ўтказилади. Расмийлар, яъни мулозимлар ҳам шу куни кўп қатори ўз оилалари ва ёки дўстлари даврасида байрам қиладилар. Чунки шу куни расмий байрам деб эълон қилинган, иш йўқ ва бу байрам президентдан тортиб оддий фуқарога қадар ҳамма учун. Яъни одамлар табақалаштирилмайди ва ажратилмайди. Концертлар уюштирилганда ҳам уларга мавзу берилмайди. Санъаткорлар истаган мавзуда истаганлари каби куйлайдилар. Масалан Ғуломжон Ёқубов деганига президентни мақтаб ёки Юлдуз Усмонова деганига ватан хоинларни қоралаб, дегандак мавзулар берилмайди.

Ўзбекистонда мана бир неча йиллардир-ки мустақиллик куни мамлакат томоша саҳнасига айланади. Лекин аслида бутун мамлакат томоша саҳнасига айланган.

Қорни оч одам қўлига мисков олиб тиш ковлаётгандек бўлиб очлигини яширганидек, чўнтагида бир мири ҳам қолмаган халқ фаровонлик ҳақида куйлайди. Куйламай кўрсин-чи?

Ёки, талаба илмгоҳда пора олинади, деб газетага хабар ёзса, бунинг тўғрилигига ҳамма ишонса ва лекин талабани айблашса бу ҳам “нормал” ҳол. Жўжахўрозга ким қўйибди бундай гапларни айтишга, дейишади.

Қамоқларда маҳбуслар қийнаб ўлдирилгани ҳақида хабарлар оқими тўхтамаса ҳам шароитлар яхшиланган деган ҳисоботлар тарқатилади. Дунёдаги энг яхши қамоқ бизнинг қамоқ. Қашқадарёлик бир йигит, мени ҳам қаманг, очиқда на иш на нон бор, қамоқда ҳар ҳолда очдан ўлмайман, дегани шундан бўлса керак.

Иқтисодий бўҳрон эшик қоқмаган ҳовли қолмаган ҳолда ойнаижумҳур, (ойнаижаҳон дейишга тил бормайди)яъни телевидение ва радио буюк ўзгаришлардан гапириб турса табиийки буларнинг ҳаммаси томоша саҳнаси. Бошқача айтганда масхарабозлик томошаси.

Аммо гап шундаки томошабин ким?

Жавоб жўн, томошабин томоша саҳнасининг қаршисида ўтирганлар.

(”Америка овози” радиоси, 2002 йил, 30 Август).

БОЙМИРЗА ҲАЙИТ ҲАҚИДА СЎЗ

Боймирза Ҳайит Туркистон тарихининг 20 асрдаги чинорларидан биридир. Яна ҳам аниқроқ айтсак чиноридир. Чунки Туркистоннинг 20 асрнинг биринчи ярмидаги тарихини ёритишда унга тенг келадиган бошқа олим йўқ. Ўша даврда йўқ эди ва ҳалига қадар йўқ. Агар у ҳақиқатни ёзмаганда Советлар даврида унга қарши 2000 дан зиёд бўҳтон мақола битилармиди?

Уни “Ватан хоини” дедилар. Бу калима ўз мазмунини йўқотди ва ватансевар англамига келди. Чунки Ватанини Боймирза Ҳайит каби кучли севадиган бошқа одам бўлмагани ва “Ватан хоини” калимаси доим унга қарата айтиб турилгани учун ҳам бу ибора ўз мазмунини ўзгартирди. Боймирза Ҳайитга қиёсан “Ватан хоини” демак бу ватансевар англамига келади. У ана шундай калималар мазмунини ўзгартира оладиган ҳаёт яшади.

Уни туҳматчи дедилар. Буни оддий инсонлар эмас, Совет даврида энг машҳур олимлар, адиблар, давлат арбоблари такрорладилар. Туҳматчи калимаси ҳам унга нисбатан айтилганда ўз илдизидан айрилиб ҳақиқатгўй англамини акс этди. Чунки у бир умр ҳақиқатни ёзди. Бугунга қадар ҳали советлар “босмачилар” деб тамға қўйган Туркистон миллий озодлик ҳаракати ҳақида Боймирза Ҳайитдан ўтиб тушадиган тарих ёзган одам йўқ.

Ундан қўрқдилар. Совет даврида шўролар яширган қилмишлари ошкор қилингани учун ундан қўрқдилар. Мустақиллик йилларида эса шўролар бошқа қиёфада турланганларини у билгани учун яна ундан қўрқдилар. Қолаверса мустақиллик учун курашган у эди, аммо сув келтирган хору кўза синдирган азиз бўлди.

Боймирза Ҳайитни муҳожирликда ҳам севмаганлар бор эди. Кимдир уни “Юзаки тарихчи”, деди. Ваҳоланки, бу гапни айтганларнинг ўзлари Туркистон тарихи масаласида кўзлари кўр, қалблари сўқир эди. Умрларини фақат валдираш билан ўтказдилар. Кимлардир энди уларнинг номларини ҳам Боймирза Ҳайит номининг ёнига қўйишга интилмоқда. Олтиннинг ёнига сариқ чақани қўйган билан олтин хазинаси бойимайди. Олтин олтиндир, сариқ чақа эса сариқ чақадир.

Шўролар таъсирида қолган баъзи муҳожирлар Боймирза Ҳайитни сева олмадилар, ардоқлай олмадилар, унинг ҳаётидан, асарларидан нуқс қидиришга уриндилар. Лекин пишқириб оқаётган дарёнинг йўлини хас билан тўсишга уринишдек гап эди бу.

Боймирза Ҳайит қуруқ валдираш ва ёқи мақтанишлар билан эмас, ўзининг камтарона меҳнати, ўлмас асарлари билан ўзига ҳайкал қўйди. Ўзбекистондаги тўралар Боймирза Ҳайитни Ватанга киритмасак унинг номини унуттирамиз дедилар. Аксинча унинг номи Ватанда янада баландроқ янграмоқда.

У иккиюзламачилик қилиб сохта мустақилчиларни мақтамади.

У сўзбўямачилик қилиб мансабфурушларга хизмат қилмади.

У бугун хаста ва тўшакка михланган. Ватанга қайтаман, деди, аммо Ватанни онасининг маҳрига тушган каби ўзининг шахсий томорқаси қилиб олганлар яна унга йўл бермадилар.Лекин бу билан Боймирза Ҳайит номини кўнгиллардан ўчира олмайдилар. Бизнинг кўнгилларимиз унинг учун Ватан бўлғай!

У умр бўйи ҳақиқатни билди, ҳақиқатни таниди ва ҳақиқатга хизмат қилди. Шу боис ҳам унинг номи ҳақиқат калимаси билан тенг мазмун касб этмоқда бугун. Шунинг учун у бугун, эртага ҳам , ундан кейин ҳам Туркистон тарихининг устуни, чинори ўлароқ қолаверади.

(Вашингтон, 2002 йил, Август).

ЗИНДОНБАНД ШЕЪР

Кимлар севинчидан масту мастондир,

Кимлар зиндонларда чекади озор,

Бу дунё ким учун тахти аркондир,

Ким учун умиди кўмилган мозор!

Шарқда бир одат, бир удум бор. Ақли қилич бўлган ўғилларини аввало зулм қўли билан яксон қилиб, кейин улуғлайдилар. Бу мудҳиш анъана Туркистон заминини ҳам четламаган эди. Сўз мулкининг жаҳонгири Мирзо Алишер Навоий Астрободга сургун қилинганидан тортиб Бобораҳим Машрабнинг боши учун қурилган дорга қадар бу ҳодиса давом этди.

Узоққа бормайлик. Фитрату Қодирий, Чўлпону Усмон Носирни Сталин ўлдирди, дея аюҳаннос соладиганлар аслида уларга бўҳтон уюштириб, уларни тутқун қилиб берганлар кимлигини яшираётганга ўхшайдилар.

Яъни ўз ўғилларини Сталиннинг қўли билан ўлдириб, бугун энди уларни қаҳрамон дея олқишлаб юрибдилар. Шу нарса кундай ва ойдай аниқки, эрта бир кун Ўзбеклар бу улуғ адибларидан сўнг албатта Эврил Турон, яъни Мамадали Маҳмудов ва Юсуф Жуманинг номини тилга оладилар, улуғлайдилар. Ўзбек адабиётининг “асадуллои шарифи” эди, зулм қўли жигарини юлиб олган ўлмас қоя эди, сўзи зулфиқордай ўткир, ўзи Алпомишдай паҳлавон эди, дейдилар.Ва буни бугун саройларда ўтирган адиблар эртага ўзларини асраб қолиш учун айтадилар, уларнинг ворислари айтадилар бу сўзларни. Тап тортмай, уялмай айтадилар. Башараларини без қилиб туриб айтадилар бу калималарни ва яна давр қаҳрамони бўладилар балки?!

Лекин аслида ҳам бу икки адиб – Эврил Турон ва Юсуф Жума бугун зиндонбанд экан бу Ўзбекнинг юз қораси, энг уят ишидир. Ўзбекистон қаҳрамони нишонини кўксига тақиб юрган шоирлар ҳали Володя Уляновни отам, деб юрганларида Эврил Турон мустамлака занжирини узиб улоқтирган ва бу руҳни адабиётга ҳам бошлаб кирган эди. Рус мустамлакасига қарши фикр юритишдан қўрқилган бир пайтда Эврил Турон бу зулмга қарши китоб ёзди.

Бугунги сарой шоирлари зулм занжирини мойлаб турар эканлар Юсуф Жума миллатнинг дардини шеърга солди. Миллатнинг гулдай болалари турмаларда ўлдирилар экан Юсуф Жума томошабин бўлолмади. У шоир эди ва афғонни шеърга солди. Агар бугун тахт жиловини силкитиб турган ҳурматлар салтанатининг бешикдорлари истасалар бу икки адибни озод қилишнинг йўлини топа оладилар. Лекин улар истамайдилар. Агар бу икки адибнинг истеъдоди давлат даражасида эътироф этилса, қолганлар ҳеч ким бўлиб қоладилар-да! Мана, гап қаерда?

Сарой шоирлари Миллат ва Манфаат, Ватан ва Инсон деб ҳайқирадилару бу калималар ортида бошқа маъноларни идрок этадилар. Агар уларнинг манфаатига зид келса Миллатдан ҳам, Ватандан ҳам юз ўгирадилар.

АҚШ ҳукумати Мамадали Маҳмудов тақдири ҳақида бир неча марта ташвиш билдирди. Бугун Юсуф Жуманинг қамоқда ўтиргани ҳам Ўзбекистонни дунёда шармисор этмоқда. 2001 йилнинг 20 декабрида дунёда терроризмга қарши курашда байроқдорлик қилаётган АҚШ ҳукуматининг Авропада Хавфсизлк ва Ҳамкорлик Ташкилотининг доимий кенгашида ўқиб эшиттирилган баёнотида Юсуф Жуманинг қамалиши инсон ҳуқуқларини топташдир, дейилди. Тошкент эса шоирга террорист тамғасини уришга интилмоқда.

Терроризмга қарши урушни шоирга қарши урушга айлантириш ҳеч бир мантиққа сиғмайди. Шоирнинг ўғлини айблашмоқда. Қизининг ёзган шеърларини тортиб олиб уни таҳқирлашмоқда. Шоирнинг оиласини қишлоғида, Бухорода ёмонотлиқ қилишга уринишмоқда. Бу ишларни КГБнинг меросхўри бўлган МХХ бажармоқда.

Буларнинг ҳаммаси тафаккурга қарши урушдир, ақлга қарши урушдир, шеъриятга қарши урушдир.

Шеър инсон қалбининг инъикосидир. Шоирни қамаш шеърни қамашдир. Шеърни зиндонбанд қилишдир.

Шеъриятнинг шон дафтари,

Ғижим-ғижим ажиндир.

Миллатимнинг ҳур кафтарин,

Оёғида занжирдир.

Бу не адл, бу не даврон?-

Қалам синар қиндонда.

Бу не сафар, бу не карвон?-

Йўлчи юлдуз зиндонда.

(Америка Овози, 2001 йил 22 Декабр)

ЎЗБЕКНИНГ ОНАСИ

Ўзбекистонда ҳар йилнинг бир оти бор. Кейинги уч йил эса оналар номи билан боғлиқ эди. Бу йиллар оналарга нима берди? Ўзбекнинг онаси бир йил тугаб иккинчи йил бошланаркан қай аҳволда?

Қорлар тоғга эмас, бошингизга ёғди, Онам!

Дорлар ёвга эмас, болангизга боқди, Онам!

Умрингиздан яна бир йил кетаркан,

Торлар куйга эмас, нолангизга оғди, Онам!

Дунёда оналар ҳақида энг жўшқин ва энг ларзали, оташин ҳамда оҳанграбо сўзларни кўп айтганлар беллашуви бўлганда табиийки, Ўзбек ғолиб чиққан бўларди.Онаси ҳақида гап кетса йўлларига поёндоз тўшашини, қўлларига гард юқтирмаслигини, егани олдида, емагани ортида каби шароит қилиб қўйганини гапириб кўкракка урадиган яна бошқа ким?.

Шоири йўқки бу элнинг, онаси ҳақида шеърлар, достонлар битмаган бўлсин.

Ҳофизи йўқки бу элнинг, Онам деб дилўртар қўшиқлар куйламаган бўлсин.

Сиёсатчиси йўқки бу элнинг Она ҳақида жўшиб жўшиб гапирмаган бўлсин.

Ўғлони йўқки бу элнинг, Онам, деб мағрурланмаган бўлсин.

Ҳа, дунёдаги ҳамма яхши калималар ўзбек онасининг бошига қўнган.

Лекин субҳи косибдан кун тиғга келганда ҳам, оламлар Хуршиди ёнбошлаб шафақ қонталаш бўлганда ҳам пахта даласида, ғўзалар орасида эмаклаб қолгудек ҳолда букилган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Тандирига ўтин ташлаб, хамирига ун тополмай ноласини кўксига кўмиб, мардикор бозорига чиқиб кетган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Қиш чилласида совуқдан дилдираган, саратонда иссиқдан мўлтираган болаларига қараб эрта бир кун жаллод қўл уларни ҳам бағримдан узиб кетмасмикан, деб хун бўлган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?.

Боласининг қарашлари ва ёхуд ўзининг Аллоҳга инонгани, билиб билмай икки оғиз ҳақ гапни айтиб қўйгани учун зиндонбанд этилган, хокисор бўлган Ўзбекнинг онаси эмасми?

Дардлар исканжасида қолган Онаизор бу номард оламни тарк этгач, орқасидан заминни титратган каби уввос соладиган эса Ўзбекниг боласи эмасми? Аммо бу кечиккан садо Онаизорнинг лахта қонга айланган қалбига етиб борармиди?

Қабристонга югуриб мармар тошлар тиклаган, ҳар уч кунда бир маърака қилиб Онам, деб бўзлаган ҳам Ўзбекнинг боласи эмасми?

Шўролар даврининг емирилиш кунларида Ўзбекистон қишлоқларида яшаган оналарнинг 80 фоизи қамқон эди. Оналар ва болалар ўлими бўйича Ўзбекистон дунёда сарбон эди. Хаста оналарни даволаш, болаларини асраб қолиш ҳақида ваъзлар айтилардию амалда бурчак бурчакларда бир мушт бўлиб ўтирган оналарни кўрар кўзлар кўр эди..

Бугун эса, бир пайтлар ошкор бўлган рақамлар ҳам сир. Оналарнинг хасталиги ҳам давлат сири. Хастахоналар эшигида юрагини ғижимлаб қолаётган, қўлида бир нарсаси йўқлиги учун жарроҳ амалиётга олмаганда умидлари тилим тилим бўлаётган, беш танга топмагани учун китобсевар боласи олийгоҳга киролмаганидан кўзларининг қорачиғи эриб сел бўлган, энг сўнгги чора ўлароқ ўз ўзини ёқиб юбораётган, даҳшатли кунларига исён сифатида ўз ўзини осиб қўяётган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Бангивор ташиб Деҳли қамоқхонасида ётган, олис Бангладешда ҳибсга олинган, Бирлашган Араб Амирликлари зиндонида изтироб чеккан, Руссияда оддий русларнинг остонасида қул бўлиб, чўрилик қилган, ўз боласи уйида қолиб Ғарбда болабоқарлик ёки кексабоқарлик қилган ҳам бугунги Ўзбекнинг онаси эмасми?

Поездларда темир устида ётган, сассиз сассиз ингранган, қўналғаларда тунларни тонгга улаб киприклари санчиққа айланган, изғиринда нимчасига ўралиб қалтираган, қорли қировли кунларда қордан ҳам оқариб кетган бошига баъзан боғлайдиган рўмолча ҳам тополмаган ҳам бугунги мустақил Ўзбекнинг онаси эмасми?

Тетапоя қилиб, минг азоб, минг уқубат ичида улғайтирган боласини “ҳа”, йўқ,”бе’ йўқ, миршаблар олиб кетса, уравериб ичакларини эзса, қовурғаларини синдириб, руҳини синдирса, тирноқларини сўкиб олса яна сим сим йиглайдиган Ўзбекнинг онаси эмасми?

Ўғлини уйли қилса “Келинимнинг олдида тили қисиқ бўлмасин”, деб ташвишини енг ичига оладиган, қизини узатса “Куёвимнинг қўлига қараб қолганда”, дея изтиробини ичга ютган, ўзи киядиган кўйлагидан ўқувчи боласига жилд тикиб берган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Бугун юртбоши маслаҳатчилари, ҳукумат вазирлари, вилоят ва туман ҳокимлари, сиёсатмадорлар орасида ҳам кўзга ташланмайдиган зот бу Ўзбекнинг онаси эмасми?

Олима бўлганлари олмонда сарсон, отина бўлганлари оламда сарсон.Динга ишонгани диёнат кўчасида хор, элга инонгани адолат сўқмоғида зор. Юраклари ҳил-ҳил, орзулари чил- чил, хаёллари мил-мил бўлган ҳам Ўзбекнинг онаси эмасми?

Бир йил тугаб бораркан сариқликдан сарғайган, ночорликдан нотавон, нонини топса шакарини топмаган, ёғини олса, гўштини ололмаган, ишлаб ишлаб маошсиз қолган, қадриятига йиғлаб қадрига йиғлай олмаган Онаизор учун нима қилдик, деб бир ўйлаб кўринг-а? Баландпарвоз мақтовлар салтанатидан дардлар водийсига иниб юқоридаги каби саволларни бир такрорлаб кўринг-а, балки тош каби қотган қалбингизда бир нарса йилт этса?!

Ўрнингиз бошимиз устида дедик,

Оёқлар остида қолиб кетдингиз, Онам!

Жаннат оёғингиз остида дедик,

Жаҳаннам бағрида ёниб кетдингиз, Онам!

(”Америка Овози” радиоси, 2001 йил, 30 Декабр)

СЎКАҒОН КАСАЛЛАР

“Бирлик” саҳифасининг “Меҳмонлар китоби”да Ўзбекнинг номига ярашмаган сўкишлар ва бир-бирига нисбатан куракда турмайдиган ҳақоратлар ўрин олишини биров “Халқимизнинг маданияти” бу деб ёзди. Аввало шуни айтиш керак-ки уч-тўрт киши ҳеч қачон бир халқнинг кўзгуси бўлолмайди. Аксинча бундай инсонлар ўша халқнинг бечора махлуқларидир. Махлуқ деганимизни ҳам ҳақорат, деб қабул қилганлар бўлиши мумкин. Унутманг, Аллоҳ наздида жамийки жонзотлар, жумладан инсон ҳам махлуқдир.

Мен масалага бошқа жиҳатдан ёндашиб, гап нимадалигини ўртага қўймоқчиман.Бугун дунё аҳолисининг 30 фоизи руҳий касаллик билан хасталанган, деб ёзганди таниқли психиатр олим Крей Лант. Бу эса оддий асабийликдан бошлаб, шизофрения, параноя, паранойик склероз ва бошқа кўринишларда бўлади. Касаллик белгилари жуда кўп. Олимнинг тадқиқотларига разм солиб чиққач, юқорида номи зикр этилган саҳифада жуда кўп белгиларни кўрмоқдаман. Олим ёзади: “Болалигида ва ёки ундан кейин зўрланган киши бир умр руҳий босим остида қолади. У гапирганда ва ёки ёзганда ана шу ўтмишининг таъсири остида бўлади ва ўзи билмаган ҳолатда бошқаларни …. (зўрланганлар) деб сўка бошлайди”. Олимнинг ҳақлиги шундаки, ҳар биримиз ҳаётда бундай мисолларга жуда кўп дуч келганмиз. Масалан, атрофдаги дўстларининг мавжудиятлари учун кун кечиришга асос топиб юрган одамлар шу атрофдагиларини айблайдилар доим.

Олим уқтиради: “Жинсий жиҳатдан яроқсиз бўлиб қолган ва ёки бу масалада бир мауммоси бор одам, доим бошқаларни “ундай қилиб қўяман, бундай қилиб юбораман” деб сўкади. У ўз нуқсини бошқалар сезиб қолса нима қиламан ва эшитишган бўлишса қандай бош кўтариб юраман, каби андишалар билан яшайди.

Дарҳақиқат, умри порахўрлик билан ўтган одам доим ҳалоллик ҳақида гапиришга ва бошқаларни порахўрликда айблашга интилгани каби. Ҳатто худди олди бердининг устида тургандек, фалончи фалон йилда фалон жойда фалон одамдан пора олган, эди деб ёзадилар ва ёки айтадилар. Улар кимдир ишониб, кимдир ишонмаслигини диққатга олмайдилар. Улар ўзларини ўйлайдилар. Бир кун айбларининг устидаги парда олинса, бундай одам фақат мен эмас, бошқалар ҳам шу ишни қилган, деган фикрнинг асирига айлангандир улар. Ўзига қачондир лақаб қўйганларида руҳий жиҳатдан эзилиб кетган одам бошқаларга турли лақабларни қалаштириб ташлашга ҳаракат қилади, деган олимга қойил қолмай илож йўқ.

Ёки, ўз оиласида, қариндошлари орасида издан чиққанлар, бузуқлар, тарбиясизлар бўлганидан эзилган кишилар эса бошқаларни шундай, деб сўкадилар, яъни мен ҳақимда билиб қолишганда менинг ёлғиз эмаслигимни билишсин, деган фикрдан қутула олмайдилар. Бу касаллик, айниқса Шарққа хос бўлиб энг кўп тарқалган аломатдир.

Ақлини аллақачон йўқотиб бўлганлар эса бошқаларнинг отидан ёзиб, кейин шу бошқаларни яна бир бошқалар отидан сўкиб боплаяпман, деб ўз ўзларини қониқтириб турадилар.

Яна бир тоифа эса ҳамма ёзилганлардан, айтилганлардан ўзига ҳам олиб туради ва қийналиб яшайди, бир куни келиб у ҳам бошқаларга қўшилиб сўкина бошлайди. Тожиклар бундайларни “Девори нам каш” дейдилар. Бу гап Ўзбекистонда ҳам кенг ёйилган. Яъни ҳар нарсани ўзига олавериш хасталигининг образли ифодаси бу.

Яна бир гуруҳ эса мени фалончидан бошқа ҳеч ким сўкмайди деб ўйлайди. Бу энди касалликнинг паранойик даражага кўтарилишидир.Бу даврда кишининг миясига “чип” каби ёпишиб олган касаллик доим липиллаб туради ва ҳар доим ўзи ёмон кўрган одам кўз олдига келади. Ҳатто қор ёғиб қолса ҳам ўша одамдан кўради. Касал бўлмаганлар ўзларининг ҳақиқий номларидан ёзадилар ва масъулиятни доим ҳис этадилар. Касаллар эса ўз отларини ҳам яширадилар.

Олимнинг кузатувларига таяниб, “Бирлик” саҳифасининг “Меҳмонлар китоби”га баъзан тинмай ҳақоратларни ёзадиганлардан ажабланиш керак эмас. Мен ҳам аввалига улардан ранжиб, очиқ хат ҳам ёздим. Аммо олимнинг мақоласини ўқиб фикрим ўзгарди. Улар хаста одамлар экан. Уларнинг хасталиклари даволанмайдиган касалликдир. “Букрини гўр тузатади”, деганда халқимиз балки ана шундайларни назарда тутган бўлиши мумкин. Менинг эса уларга фақат раҳмим келади. Касалларга, табиийки, раҳмингиз келади.

Вашингтон, 2002 йил, Август.

ЎЗБЕКИСТОНДА “КЛАН”ЛАР БОРМИ?

Шу йилнинг феврал ойида Тошкентда портлаган бомбалар орқасидаги сирни таҳлил этишар экан, Америка матбуоти бир неча тахминлар ҳақида тўхталиб жумладан, Ўзбекистонда “клан”лар мавжудлиги ва мудҳиш воқеада уларнинг ҳам қўли бўлиши мумкинлигини ёзишди. Эътибор берсам ўзимизнинг қўлбола сиёсатчилар ҳам Ўзбекистонда кланлар бор ва жуда кучли деган фикрни тинмай гапиришмоқда. Аввало “клан” дегани ўзбекчада уруғ-аймоғчилик бўлганини эътиборда тутиб, бу сўзни қўштирноқ ичида ишлатишга қарор қилдик

Хўш бугун Ўзбекистонда кланлар борми? Бу саволга жавоб қидирган Россия фанлар Академиясининг минтақавий тадқиқотлар маркази илмий ходими Зураб Тодуа Ўзбекистондаги барча ўзгаришларни кланларга боғлашга уринишади. Ҳатто 1992 йил ёзида( бу ерда у воқеаларни 1991 йилнинг кузидаги 7-сессия билан чалкаштирган-ЖМ) Ўзбекистон парламентида Каримов сиёсатига қарши чиқилганини ҳам Мирсаидов бошчилигидаги Тошкент кланининг муваффақиятсиз уриниши, деб талқин қилади. Аслида мазкур сессиядаги муваффақиятсизлик Мирсаидовнинг “Менга мансаб керак эмас” деган баёноти ва мухолифат лидерларидан бири Салай Мадаминов(Муҳаммад Солиҳ)нинг бу коммунистлар уюштираётган тўнтариш шаклидаги чиқиши туфайли туғилганди.

Бугун энди парламент раиси Эркин Халиловни Тошкент, Бош вазир Ўткир Султоновни Фарғона ва Президент Ислом Каримовни Самарқанд кланларининг етакчиси деб талқин қилишмоқда. Булар бўлмаган гап.Тўғри Хоразм ва Қашқадарёнинг баъзи жойларида уруғ-аймоқчилик сақланиб қолган, лекин бу мамлакатни бошқарадиган куч эмас.

Ҳамма нарсани ўз оти билан айтадиган бўлсак Ўзбекистонда маҳаллийчилик бор. Лекин бу ҳам институтлар даражасида. Ҳали ҳукумат поғоналарига етиб борган эмас. Баъзи кўринишларда етиб борган билан давлатни бошқарадиган кучга айланган эмас.

Биз бугунги вазиятни кланлар ёки маҳаллийчилик каби иллатлар билан оқлашга уринсак жуда катта сиёсий хатога йўл қўйган бўламиз. Бу билан Ўзбекистонда чуқур илдиз отган порахўрлик яъни саратон каби тузалмас хасталикка айланиб бораётган коррупцияни яширган бўламиз. Бугун пули бор киши ҳар қандай одамни, ҳар қандай мансабни сотиб олиш қурбига эга. Пул бугун ҳар қандай клан ва ҳар қандай маҳаллийчиликни бир зумда енга олади.

Баъзилар ҳукуматда Самарқандликлар кўпайганини Каримовнинг кланлари дейишди ва адашдилар. Каримов уларни пайпоқ алмаштиргандек жуда тез йўқотди. Чунки улар ҳукуматдаги вазифани сотиб олгандилар ва ўз ҳақларини квадрати билан йиғиб олгач уларнинг иш бермасликларини Каримовнинг ўзи ҳам биларди.

Ҳа, бугунга келиб пул, яъни порахўрлик, коррупция ҳамма нарсани ҳал қиладиган кучга айланди. Бунинг қаршисига чиқадиган мард қолмади. Ҳатто Президент ҳам бу хусусда ожиздир, у ўтган йили Самарқанд ва Навоий вилоят сессияларида Ўзбекистон коррупция зарпечаги билан ўралганини тан олди ва коррупцияга қарши кураш бошлатганини эълон қилди. Аммо жуда қисқа вақтда чекинди. Яна бир икки одим отганда коррупция уни тахтдан улоқтириб ташлашини сезди.Чунки коррупция падаркуш фарзандга ўхшайди. Агар унинг йўлига чиқадиган бўлса у ўз отасини ҳам танимайди.

Биз кланлар ва маҳаллийчилик деб ўзимизни овутиб, Америка матбуотини ҳам чалғитмай очиқ гапиришимиз керак. Ўшандагина халқ бизни англайди. (“Озодлик радиоси” 1999 йил 13 Июн).

ОТАЛАР ВА БОЛАЛАР

Американинг марказий штатларидан бирида икки юқори синф ўқувчиси 12 нафар тенгдошини отиб ўлдиргани ҳақидаги хабар бутун дунёга ёйилди ва ўйлайманки сиз ҳам бундан воқифсиз. Мазкур жиноятни балоғатга етмаган болалар содир этишгани боис ота-оналар масъулияти тортишилди. Табиийки, ҳеч ким уларни қамоққа тиқиш керак, деган эмас.

“Тне Вашингтон пост” газетасининг шу муносабат билан интернет орқали ўтказган сўровига мен ҳам ота-оналар масъулиятли, деб овоз бердим. Чунки фарзандларнинг ҳар қандай ҳатти ҳаракатларига ота-оналари масъулиятлидирлар. Бу маънавий юк демак. Биз истасак, истамасак ҳам ҳар қандай ота-она масъулият ҳис этади. Бу инсоннинг руҳида, қонида мавжуд бўлган нарсадир. Яъни у истаса ҳам масъулиятдан қоча олмайди. Бу Тангри томонидан руҳимизга ерлаштириган илоҳий механизм бўлиши ҳам мумкин.

Аммо бола улғайиши билан ундаги мустақиллик инстинкти кучайиб боради. Бунинг Шарқ ёки Ғарбга алоқаси йўқ. Аллоҳ бандасини ўзидан бошқага тобе бўлмасликка ва мустақилликка ташна қилиб яратган. Бу ҳаёт жараёнида узвий ўлароқ давом этади. Лекин бизда 40 ёшли бири учун 80 ёшли ота-онасини ҳам айбдор қилиш тарихан мавжуд. Балки бутун империяларимизнинг емирилиб кетиши, ота ўлимидан кейин тахт талашлари авж олиши каби унсурларнинг сабабини ҳам ана шундан қидирмоқ керак. Отаси ҳаёт бўлган даврда лидерлик даражасига кўтарила олмаган ўғиллар бир-бирларини ёқавайрон қилиш билан овора бўлганлар.

Оталар ва болалар усулини Совет Иттифоқи даврида коммунистлар шу қадар маҳорат билан қўлландилар-ки охир оқибат уларнинг ҳам империяси қулаб кетди. Отаси ҳар қанча қобилиятли бўлмасин фарзанди ноқобил чиқиб қолса албатта бундай падардан воз кечишарди. Буни маънавият деб билишарди.

Бугун мустақил Ўзбекистон ана шу анъанани садоқат билан давом эттираяпти. Президент Ислом Каримовнинг мана бу сўзларини эшитгансиз, яна бир марта эшитиб кўринг:

”Мен нафақат бу муттаҳамларнинг кўзига қараб гапирмоқчиман, уларнинг отаси ва онасининг кўзига қараб айтмоқчиман: уларга тарбия берган ота боласининг ёнига келиб жавоб беради. Мен керак бўлса, янги фармонга ҳам имзо чекаман. Отаси жавобгар! Аёллар билан бизлар курашмаймиз. Керак бўлса, отасининг ёқасидан ушлаб, бўғиб ўғлини ёнига олиб келиб, би