ЖАҲОНГИР МАМАТОВ:Каримовнинг 100 куни

ЯРМИ ЧИН, ЯРМИ ХИМЧИН

2004 йил, Вашингтон

Ўнг сўз

100 кун…

Дунёда мамлакат раҳбарлари, хусусан президентларга уларнинг 100 кунлик фаолиятларига қараб баҳо бериш анъанаси мавжуд.

Бошқача айтганда 100 кун таҳлил ва хулоса учун етарли фурсат.

Мен Каримов ҳаётидан 100 кунни атайлаб йил боши ёки муҳим бир санадан бошлаб олмадим. Тўғри келган кундан эътиборан, яъни 2004 йилнинг 12 Мартидан 19 Июнга қадар 100 кун давомида маҳаллий ва хорижий матбуот хабарларини кузатдим. Аслида ҳар доим ҳам кузатиб борсам-да бу сафар хабарларга шунчаки янгиликни билиш учун эмас, балки дўстлардан олган хатларни эътиборда тутиб, бу хабарлар ортида қандай гаплар ётибди, деган синчковлик билан назар ташладим.

Танганинг икки томони бўлгани каби хабарларнинг ҳам иккинчи томони борлигини кўрдим. Агар имконини топиб, 100 кунлик матбуот хабарларини ёнингизда қўйиб, менинг ёзганларимни ўқисангиз ярми чин, қолган ярми эса ҳажв, яъни химчин эканлигни кўрасиз.

Бугун китобхоннинг узундан узоқ нарсаларни ўқишга ҳафсаласи ва имкони йўқлигини ҳисобга олиб, катта воқеаларни ҳам кичик ҳажвларга сиғдиришга уриндим. Бу ҳам Каримовнинг кимлигини кенгроқ ёйиш учун танланган ўзига хос бир услубдир.

Хабарлар ортида турган ҳақиқатни кўриш учун Каримовнинг ёнида бўлган, аммо воқеаларга бефарқ бўлмаган, бошига таҳлика булути ёпирилишидан ҳам чўчимасдан менга ҳар кун электрон мактублар йўллаб турган дўстларга эса миннатдорчилк билдираман.

МУАЛЛИФ

2004 йил, 12 Март

ҲАЗИЛ

Каримов бугун ишга отланар экан, бошида салла, соқоли кўксига тушган кишини кўриб, қўрқиб кетди.

-Ким бор, бу ерни толибон босибди,-деб бақирмоқчи бўлди, аммо товуши чиқмади.

-Мен толибон эмас, мен Насриддин Афанди бўламан, 100 кун сиз билан ёнма-ён юраман, баъзан гаплашиб ҳам туришимиз мумкин, мени Хўжа Насриддин, йўқ яхшиси, тақсир десангиз ҳам бўлади,-деди Афанди.

-Сиз…сиз бу ерга қандай қилиб кирдингиз?

-Мен истаган жойимга кираман…

-Йўқ, ундай ҳуқуқ фақат менда бор, мен истаган вақтимда истаган жойимга киришим мумкин, сиз эса изн олишингиз керак.

-Истаган вақтда, истаган жойга эгилмасдан киришингиз мумкин-ми?

-Мен ҳеч қачон бош эгган эмасман, ҳеч қачон эгилмайман ҳам!

-Ҳмм.. аслида михни сиздан ясаш керак экан,-деб ҳазиллашди Афанди.

ТРУБА ХАСТАЛИГИ

Халқаро гуруҳ “Юмшоқ муомала қилганимиз учун иқтисодда ҳам турғунлик бўлди” деб эълон қилиши билан Каримов брифинг ўтказиб, иқтисодий ютуқларни тарғиб қилишга киришди. Брифингни Ташқи Ишлар вазири олиб борди. У мамлакатни “успехистон”, яъни ютуқлар диёри деб мақтар экан, журналистлардан бири савол берди:

-Чет элларга шунча газ сотдик, деб айтаяпсиз, лекин одамлар қишни тезак ёқиб ўтказишди, бунга нима дейсиз?

Вазир саволга жавоб беролмай турган эди Каримов гапга аралашди.

-Бизда газ ҳаммага етадиган. Қишда бўлмаган бўлса бўлгандур? Энди… одам ҳам касал бўлади-ку? Трубалар ҳам хаста бўлган-да!

Журналист ёнидаги шеригига шивирлади:

-Ҳақиқатдан ҳам Каримовнинг трубалари хасталикка йўлиққанга ўхшайди.

2004 йил,13 Март

ВОҚЕАДАН ОРҚАДА

Каримов шанба кунлари эрталаб соат ўн бирга қадар ухлар эди. Бугун олдинроқ туриб чет эл матбуотининг ёзган хабарлари тўпланган китобчани варақлади ва ёрдамчисини чақирди:

-Мен кеча саҳронинг ўртасидаги жойга бекорга бордимми? Нега кўприкнинг очилиши ҳақида чет элда ҳеч гап йўқ?

-Чет элда фақат Испаниядаги воқеаларни гапиришмоқда,-деди ёрдамчи.

-Нима улар бизникидан каттароқ кўприк очишибдими?

-Йўқ, уларда кучли портловлар юз берди…

-Билганимизда биз ҳам кўприк очилишини портловга айлантириб юборар эдик. Доим воқеадан орқада юрасанлар!- деди Каримов жаҳл билан.

2004 йил, 14 Март

ҲАҚИҚАТ

Бугун эрталаб Каримов теннис ўйинидан қайтиши билан Путинга телефон қилди:

-Владимир Владимирович, Сизни сайловдаги улкан ютуқ билан бутун халқимиз номидан, ўз номимдан қутлайман,- деди у ҳаяжон билан.

-Нима бўлди тўйдан олдин ноғора чалаяпсан?-сўради Путин.

-Барибир ютишингизни биламан-да,- деди Каримов ўзига хос бир мамнуният билан.

-Нима, мени ҳам ўзингга ўхшатаяпсанми? Мени ҳам сайлов натижаларини бузади деб ўйлайсанми?- деди Путин жиддий оҳангда. Бундан Каримовнинг эси чиқиб кетгандек бўлди ва:

-Йўқ, йўқ, Сизга чиндан ҳам овоз беришади, сиз чиндан ҳам халқнинг президентисиз, сиз сайлов натижаларини ҳеч қачон бузмагансиз ва бузмайсиз ҳам, буни бутун дунё билади, бундай ахмоқгарчиликлар мана бизга оид,- деди Каримов.

-Худога шукур, ахири ҳақиқатни бўйнинга олдинг, самимиятинг учун раҳмат,- жавоб қилди Путин.

2004 йил,15 Март

СИЁСАТДОН

Каримов кеч ётгани билан эрта уйғонди. Ярим тунгача Россия сайлови билан боғлиқ кўрсатувларни томоша қилганди. Путин рақиблари Ирина Ҳакамадани қамаб қўймагани, Николай Харитоновнинг мушугини пишт демагани каби гапларни эшитар экан, “Аслида у ҳам ўзимиздан, бўлмаса буларни эркин қўярмиди? Ҳали бир-икки ойдан кейин ҳаммасининг бурнини ерга ишқайди. Аммо гаплашганда ўзи елкасини ерга бермайди” деб ўйлаганча уйқуга кетганди.

Тушида ҳам Путинни кўрди.

“Сен кўп ҳам океаннинг нарёғига ишонма, истасам, бир соатда думингни тугаман” деяётганмиш у. У эса бир нарса дейиш ўрнига думини яшираётган эмиш.

Тушини Россия раҳбарининг кечаги муносабатидан кўнгли хижил бўлганига йўйди ва эрта туриб хотинини уйғотди:

-Бир Людага телефон қилиб қўй, эрининг сайловда ютгани билан табрикла, нет-нет, дунёда бизларни оилавий дўст деб билишади.

-Сиз телефон қилдингизми, неча процент билан ютибди?-сўради хотини кўзларини ишқалаб.

-Процент-мроцентни нима қиласан, табриклаб қўявермайсанми?- ўшқирди Каримов.

-Хўп, хўп, дадаси, лекин бир гап чиқиб қолса билиб олганим яхши, уларнинг сайлови ҳам бизникига ўхшаган, натижаси олдиндан маълум бўладими, ёки улар сайловни ростдан ўтказишадими?- деди хотини.

-Сани ҳам Путин билан тилинг бирга ўхшайди,- дея бақирди у хотинига.- Ҳамманинг ҳам қудрати бизникидай, керак бўлса 25 миллионни ётқизиб-турғазадиган эмаслигини билмайсанми?

Хотини телефон қилиб, Манеж ёниб кетгани ва Путин ҳам, умр йўлдоши ҳам табрикларни эмас, ҳамдардлик тилакларини қабул қилишаётганини айтди.

-Худога шукур,-деди Каримов,- Худо оҳимни эшитди. Телефон қилиб орани тузатиб олишим учун баҳона топилди! Қани телефонни менга бер, сенинг сиёсатга ақлинг етмайди!

2004 йил,16 Март

САРОЙ ТИЛИ

Бугун Каримов ишни олдинги маслаҳатчининг ўрнига тайинланган янги маслаҳатчи билан суҳбатдан бошлади.

-Шанба кунги ҳашар қандай ўтди?

-Худога шукур,- деди маслаҳатчи.

-“Худога шукур”, деган гапни сиз эмас, мен айтишим керак. Сиз эса ” Яхши ўтди” дейишингиз керак. Дарвоқе, сизни олдингининг тавсияси билан бу ерга олганимни биласиз-а?

-Ҳа, у кишининг….- дея пичирлади маслаҳатчи.

-Сиз ошни қандай дамлайсиз?-сўради Каримов қўққисдан.

-Ошними?Андижонча-да! Девзира билан…

-Нима Андижондан ҳам “девзира” чиқа бошладими? Ёки Мурунтовдан ташиб кетаяпсизларми?

Маслаҳатчи тушунмай қараб қолди. Каримов унинг анқайиб қолганига эътибор бермай сўзида давом этди.

-Жўрабеков ош пиширишнинг ҳамма турларини билар эди. Масалан, Хоразмга борса ошни хоразмча қилиб дамлар эди. Самарқандга борганда самарқанча, Бухорода бухороча, ҳатто “Хўжанди” ва “Кобули”ҳамда Ўш, Ўзкент ошларни ҳам қандай дамлашни билар эди. Сиз эса фақат андижонча ош дамлашни биламан деяпсиз.

-У одамдан ўрганаман-да, оқсоқол.

-Лекин У кейинги пайтда биласизми нимани хато қила бошлади?

-Йўқ…

-У ошни дамлаб, мени кутмасдан ўзи суза бошлади…

-Йўқ, мен ошни сиз келганингиздан кейин сузаман, оқсоқол.

-Э, жуда содда одам экансиз-ку, сиз ҳали “Сарой тили”ни ҳам билмайсиз шекилли? Мен нима десам, сиз нима дейсиз? Ошни сиз дамлайсиз, мен сузаман!

-Ахир сизни овора қилиб…

-Гап ҳақиқий ош ҳақида бораётгани йўқ, гап шундаки, нима қилсангиз ҳам “дамлаб” қўясиз ва мен сузаман, билдингизми? Мендан бошқа одам қозоннинг ёнига бормайди, ҳатто ўзингиз ҳам,- деди Каримов.

Содда маслаҳатчи барибир гап нимадалигини тушунмай чиқиб кетди ва собиқ маслаҳатчига қўнғироқ қилиб, гап нима ҳақдалигини сўради.

-Бунақа гапларни телефонда гапирмайдилар,- деди у.-Бир андижонча қилиб ош дамласангиз, ўтириб гаплашамиз.

-Ошни ўзингиз сузасизми?-Билимдонлик қилмоқчи бўлди маслаҳатчи.

-Қандай гуруч билан дамламоқчисиз?- сўради собиқ маслаҳатчи.

-Девзирада дамласам бўладими?

-Девзирани оқсоқолга атаб олиб қўйинг, Мен пенсиядаги одамман, менга океаннинг нарёғидан келадиган импортний “гуруч” яхшироқ, анча юмшоқ…- деди собиқ маслаҳатчи.

Маслаҳатчи шундагина гап нима ҳақдалигини англади ва “Сарой тили”ни ўрганмасам бўлмас экан, деган қарорга келди.

2004 йил, 17 Март

ОЛТИН ФИКРЛАР

Бугун Каримов ҳукумат таркибидаги идоралар ходимларини қисқартириш, яъни расмий тилда айтганда маъмурий ислоҳотлар масаласи билан қизиқди. У вазирни чақирди ва:

-Кеча сен ўтказган матбуот конференциясини дунёда қандай қабул қилишди?-деб сўради.

-Жуда зўр! Халқаро Валюта Жамғармасидан “Талабимизни бажараётганларингиз учун раҳмат” деб телефон қилишди. Санларнинг талабинг оқсоқолимизнинг талабларига мос тушиб қолгани учун шундай қилдик, деб оғзига урдим,- деди вазир.

-Ишқилиб, ана у ипирисқиларга маош тўлаш учун хазинада бир мири ҳам қолмаганди деб жавоб бермадингми?- сўради Каримов.

-Йўғ-е, хазинамиз мустаҳкам, деб айтдим. Кейин баъзи мамлакатлардан келадиган “овоз”ларда шунча одам ишсиз қолмоқда, деб танқид қилишмоқда. Бу ўқимишли одамларнинг келажаги нима бўлади,- деб сўрашмоқда.

-Уларни ўша танқид қилган мамлакатларга мардикорчиликка жўнатамиз, виза беришни қаттиқроқ қилиб қўйсангизлар борувчилар турли йўлларга бош урадилар ва яна анчагина одамнинг қорни тўяди. Бир ўқ билан уч қуённи урган бўламиз. Пул топиб бериш ташвишидан қутуламиз-бир, қисқартиришга тушган одамлар ҳам ўзлари учун-икки, ҳам бошқалар учун- уч, мардикорлик қиладилар,- деди Каримов бармоқларини ўйнатиб.

-Олтин фикрларингиз бор-да, отахон, бу қисқарганларнинг ичида аёллар ҳам кўп. Уларни нима қиламиз?-деб сўради вазир.

-Улар билан ишинг бўлмасин. Уларни қизимга топшир. Араб Амирлигида иш тиқилиб ётган экан,- деди Каримов гап тамом, кетавер ишорасини қилиб. Вазир чиқиб кетар экан, Каримов:

-Сен ҳам ўзингни четга олма, пул алмашади деган гапни таниш-билишларинг орқали тарқатавер, шунда бу муттаҳам одамлар яшириб қўйган пулларини чиқарадилар. Агар чиқаришмаса ундан кейин бир йўлини қиламиз,- деди.

2004 йил, 18 Март

РЎЗАГА АТАЛГАНИ

Каримов бугун эрталаб Ташқи Ишлар вазирини чақирди:

-Ўтган кун бир илож қилиб Путиннинг кўнглини топдим. Тошкентга таклиф қилган эдим, кўнмади. Апрелда Москвага келасан, ўшанда кўришамиз, деди. Нима қиламиз? Океаннинг нарёғидагиларнинг кўнглини оғритмайдиган ҳаракатлар қилишимиз керак. Яхшилаб тайёргарлик кўринглар, совғалар ҳам оригинал бўлсин!-деди.

-Ўтган кун айтган гапингизни Интернетда тарқатиб юбордик, кўпчиликка ёқди. Худо хохласа бу борада ҳам ўзингиз бир йўл кўрсатарсиз,- деди вазир.

-Қайси гапни?-сўради Каримов.

-Бизда ҳам Гуржистон варианти амалга ошиши мумкинми, деган саволга, агар халқимизнинг ҳаммасини мардикорликка жўнатиб, ўрнига гуржиларни жойлаштирсак ўшанда мумкин, деган гапингизни-да,- жавоб қилди вазир.

-Кейин бирорта латта президент керак бўлишини ҳам ёздингми?

-Эдуард Амвросевич хафа бўладиларми, деб ўйладик.

-Хафа бўлса бўлавермайдими, энди унинг Эдуард Амвросевичлик жойи қолмаган. Уни очиқ қилиб пенсияхўр-латта деб ёзаверинглар,- деди Каримов.- Бу гап Путинга ҳам ёқади. Апрелда борганимда латифани унга ўзим айтиб бераман.

-Кегин, Оврўпо Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича раҳбари келган, шуни ҳам бир қабул қилиб, тинчитиб берсангиз, -деди вазир.

-Нима бало бу ҳам инсон ҳақлари, қийноқлар деб келдими?-сўради Каримов.

-Бу кўпроқ қамоқдаги журналистлар масаласини кўтармоқда…

-Бўпти бирортасини қўйиб юборамиз, тортиқ учун, ўша ҳам хурсанд бўлиб кетсин. Айт болаларга қамоқдагиларнинг делоларини олиб келсин.

-Ҳар бир келганига биттадан қўйиб юбораверсак, қандай бўларкин?

-Меҳмонинг кетиб бўлгач, оғайнингга айтасан, яна қайтадан қамаб қўяди, ёки бир икки портлов қилиб юборса олам гулистон!- деди Каримов.

Вазир кетишидан олдин одатига кўра:

-Оқсоқол, янгисидан яна битта эшитайлик,-деди сузилиб.

-Бўпти,-деди Каримов,-рўза пайтига асраб қўйганим бор эди, айта қолай. Биттаси рўза куни овқатланиб ўтирган экан, мулла келиб. ” Ие, сен рўза тутмайсанми?” деб сўрабди. Ҳалиги одам: “Мен оч бўлганимда қулоғимга гап кирмайди, ярим соатдан кейин келсангиз гаплашар эдик” дебди…

Вазир латифа тугади деб кула бошлади. Каримов қўлини кўтариб “Тўхта” ишорасини қилди ва яна сўзида давом этди.

-Ярим соатдан кейин келган муллага, “Йўқ тутмайман, Жаннатга борадиган сен, нима учун мен овқат емаслигим керак экан” дебди. Ана энди кулсанг бўлади, бор, чақир меҳмонингни!,- деди Каримов ўзи ҳам кулимсираб.

2004 йил, 19 Март

НАВРЎЗ ВАСВАСАСИ

Каримов бугун тушга яқин Бош Вазирни чақирди:

-Нима қилаяпсан?-деб сўради ундан.

-Наврўзга тайёргарлик кўраяпман,- деди Бош вазир.

-Ҳалим-ҳалиса, сумалаклар ҳам бўладими?- сўради Каримов.

-Албаттада, отахон, ҳар йилдагидан ҳам бу йил яхшироқ, тўйимлироқ, маззалироқ қиламиз.

-Нўхат ҳам пиширасанми?

-Ҳалим нўхатсиз бўлармиди, отахон, лекин нўхатсиз ейилсин десангиз, дарров…

-Қозон бошида одам кўп бўладими?

-Иложи борича ёшларни бу ишга соламан, кексалар сизни дуо қилиб, чой ичиб ўтирадилар.

-Сени-чи?

-Мен ҳали ёшман…

-Нима демоқчисан, мен қариб қолдимми?

-Э,йўқ, нима бўлса ҳам биздан бир икки кўйлак ортиқча йиртгансиз, дуолар сизга қаратилиши керак демоқчийдим.

- Мен кўйлак йиртганимни қаерда кўрдинг?- у Бош вазирни сиқувга олди.

-Мен…-Бош вазирнинг гапи оғзида қолди.

-Ўзи, сен бола нега бунча байрамсевар бўлиб қолдинг? Қачон сўрасам, Наврўз билан шуғулланмоқдалар дейишади, нима ҳалидан ҳукуматнинг ишини йиғиштириб қўйдингми?- деди бирдан авзойи ўзгарган Каримов.

-Ўзингиз имзолаган қарор бўйича иш қилаяпман, бир ҳарфи ҳам бажарилмасдан қолмаслиги учун уринаяпман,- деди Бош вазир овозини ичига ютиб.

-Мен у қарорни сен учун чиқарганим йўқ, сен бажар деганимда ҳалим пишириб ўтир деганиим йўқ, қарорни ана у авом халқ учун чиқарганман, сен бўлсанг ҳамма ишни ташлаб, ҳалитдан ҳалим пиширишга киришиб кетибсан, уйингда шунча гапу мени айтмабсан ҳам… Қозонни қаерга қўйдинг, балконгами?

-Э, э, хўжайин, англашилмовчилик бўлди, мен Наврўз ҳақида ҳукумат қилаётган ишларни гапираётган эдим…

-Биринчидан, гапимни кесма, иккинчидан, гапни олиб қочма, мен анқов эмасман, учинчидан, мендан кейин президент бўлиш истагинг бўлса, ҳамма вақт айбингни бўйнингга ол,- деди Каримов.

-Айб менда,- деди Бош вазир.

-Ундай бўлса, ҳалим пиширишни бошингдан чиқариб ташла ва Наврўзни мамлакатда қандай қилиб жанжал- тўполонларсиз, катта байрам қилиб ўтказиш ҳақида ўйла! Ҳукуматдан чиқмасин. Ўз чўнтагидан олиб, ўзига ур, камбағалман деганининг ҳам иккита қўйи, битта ҳўкизи бўлади, буларнинг. Менга ҳисоб бериб тур! Ўша кун телевизорга қайси артистлар чиқишини ҳам мен билан маслаҳат қил. Тағин бетайинлар кўриниб қолиб, асабимни бузмасин. Наврўз концертини ҳам олдиндан машқ қилдириб, лентага ёзиб ол. Бу ерда кўриб чиқайлик. Вилоятлар ва туманларга ҳам одамларингдан юбор. Халқни тўплаб бутун дунёда аҳвол қийинлигини, одамлар урушлардан ўлаётганини, биз Худога шукур, тинч ўтирганимизни эслатишсин.

-Бош устига, отахон! Худога эмас, сизга шукур, агар сиз бўлмасангиз, биз ҳам бугун уруш зонасига айланиб кетган бўлар эдик. Худо ҳам тўхтатиб қололмас эди,- деди Бош вазир чиқиб кетар экан.

-Ана у Молия вазири нақд пул етишмаяпти деб кўп калламни гаранг қилмасин. Керак бўлса пенсионерларнинг бир қисм маошини чек қилиб магазинларга юборинглар, озиқ-овқат олишсин. Шунга ўхшаган йўлларини топинглар. Милисага ҳам айтиб қўй, бир иккита уйга кириб нақд пул яшириб қўйганларни топиб, телевизорда кўрсатсин. Наврўзда одамларга ёрдам қилиш ўрнига ёстиққа тиқиб ўтирибди десаларинг халққа ёқиб кетади.

-Раҳмат, отахон, бошимизда сиздек ғамхўр одамнинг нур сочиб туриши бутун мамлакатнинг, бутун минтақанинг омади,- деди Бош вазир орқаси билан юриб чиқиб кетар экан.

-Каримов уни яна тўхтатди ва:

-Биласанми, эрта индин ёғингарчилк бўлиши мумкин, менинг ёмғир остида санқиб юргиб келмаяпти. Расмий тантанани бугун ўтказамиз. Бор тезда одамларни йиғ, ўзингни кўрсат, бола!,-деди.

Бош Базир ранги оқарганча югуриб кетди.

2004 йил, 20 Март

ҲАЛИМХЎРЛИК

Каримов бугун соат ўнга қадар ухлади. Уйғониб жойида у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан уёққа ағдарилиб ётди. Массажчи қиз ҳаммаёғини уқалаб қўйгандан кейин Хавфсизлик хизматининг кунлик ҳисоботига кўз югуртирди ва ёрдамчини чақирадиган тугмани босди. Ёрдамчининг ўрнига хотини югуриб кирди:

-Қан у?,-сўради Каримов.

-Қизимиз телефон қилиб, ҳалим пиширмоқчимиз, тезликда бир-икки ошпаз юборсин, деган эди, нариги хонада кимгадир телефон қилаяпти.

-Айт бу ёққа келсин!

Кўп ўтмай ёрдамчи югуриб кирди:

-Архангелскдаги уйда ўлганлар сони яна кўпайдими?- сўради ундан Каримов.

-Йўқ, 51 дан ошмади…

-Таъзияномага жавоб келдими?

-Ҳали келган эмас…

-Наврўз билан ҳам табриклаб хат юбормадими?-ажабланди Каримов.

-Бугун келиб қолса керак, мажлисни кеча ўтказганингизни эшитишган бўлишса керак. Мухбирларнинг ҳаммасини қувғинга олиб, тезликда ёритинглар деганман.

-Яна нима гаплар?- ўрнидан эринибгина турар экан сўради Каримов.

- Покистонда Ал- Қоида қолдиқларига қарши уруш давом этаётган экан.

- Менга унинг нима қизиғи бор?

-Хабарларга кўра қуршовдагилар чеченлар ва бизникилар экан? Баъзилари ўлиб, баъзилари яраланибди?

-Ана у бошлиғи ҳам бор эканми ораларида?

-Биз ҳам шуни суриштираяпмиз. Ҳалигача бир гап йўқ.

-Агар у ҳам ўлган бўлса, дарҳол телевизорга айт, программа қилсин, бу Худонинг бизга Наврўз туҳфаси деб айтсин. Лекин у туғилган жойга кўз-қулоқ бўлинглар. Тағин бир гап чиқмасин. Ҳа, ана у акционерлар нима учун келган экан?

- Бу масалани ҳали энди айтмоқчи эдим сизга, фаришта бўлиб кетинг-е, дарров қайдан эшита қолдингиз, хўжайин?.

-Санларнинг мендан гап яширишларингни биламанда. Шунинг учун фаришталарга ҳам айтиб қўйганман. Нега келишган экан, нега 50 киши менинг идорамга яқин жойгача келадию ҳеч ким уларни тўхтатмайди?

-Тўхтатишган, баъзиларини йўлларда ушлашган, лекин булар оила аъзолари, бола чақалари билан Наврўзга қариндошларимизникига бораяпмиз деб ўтиб келишибди. Уларнинг акциядорлик ширкатлари ёпилган экан, дарров ҳукумат идорасига олиб кириб ваъдани қуюқ қилиб жўнатдик.

-Орқасидан миршабга айт, бориб текширсин уларни, қандай қилиб марказга келгани, мухолифатга алоқаси бўлиб-бўлмаганига алоҳида эътибор берсин. Улардан биттасининг боласи чет элдаги овозларга “Ейдиган нонимиз йўқ” дебди. Уйига кириб текширсин, агар нони бор бўлса жамиятимизга қарши туҳмат қилганликда айблаб, беш ўн кун турмага тиқиб қўйсин.

Ёрдамчи хўп деб чиқиб кетаётган эди у тўхтатди:

-Мен юз ювиб, чиққунимча ҳалимни сузиб қўй, бутун халқим ҳалим еган пайтда мен ҳам улар билан бирга бўлишим, улар еган нарсани ейишим керак!

Бу гап ўзига ёқиб кетди шекилли қўшимча қилди:

-Айт ана у мухбир болани юборишсин, менинг ҳам ҳалим еганимни халққа кўрсатсин, балки беш-олтита чолни ҳам топиб келарсан, ёки нариги хонани чойхона қилиб тузатсанг ана ўша ерда ҳалим еймиз. Одамлар ҳам томоша қилиб, хурсанд бўладилар! Кегин тоққа кетамиз. Ҳарамга янгиларидан келгандур. Айтиб қўй, чет элга чиқмагани, касал-пасал бўлмагани бўлсин. Инжиқларининг ҳам кераги йўқ. Янгангни эса қизиникига жўнатиб юбор. Биз эртага ҳам Ҳарамда қоламиз. Ҳалимхўрликдан кейин дам олмасак бўлмайди.Ҳалимхўрликни ҳарамхўрликка улаб юборамиз!

2004 йил, 21 Март

БУЗИЛГАН НАВРЎЗ

Каримов бугун пойтахтдан анча олисликдаги тепаликда иншо этилган Ҳарамда уйғонди. Бу ерга у вертолётда келган эди. Ташқарига қараса ҳаво хира. Майда-майда ёмғир ёғмоқда. Соқчилар вертолётнинг ёнида ва Ҳарамга кираверишда шай бўлиб турганларини кўриб кўнгли тинчиди. Секин нариги хонанинг эшигини очди. Қизлар қатор бўлиб ухлаб ётибдилар. Ёрдамчиси эса стулда ўтирганча пинакка кетган. Каримов қизларнинг устидан ҳатлаб ўтиб, ёрдамчининг қўлидаги қоғозларни оламан, деган эди у уйғониб кетди;

-Нима булар?- сўради Каримов.

-Покистонликлар уруш қилаётганлар орасида ҳақиқатдан ҳам бизникилар борлигини тасдиқлашди. Лекин каттаси қочган бўлиши мумкин, дейишмоқда.

-Латталар, оғизларидаги балиқни ҳам қочиришади,- ғазабланди Каримов.-Бўпти биздан узоқдаку нима бўлса-бўлавермайдими?. Бошим оғрияпти, оч битта шишани , бироз отайлик.

Каримов бир рюмка вискини ичдида ётоқхонасига ўтиб, қизлардан бирини чақиртирди.

-Жуда яхши экансан, кечаси азоб бермадинг…Қаерга ўқишга кирмоқчисан?- сўради ундан.

-Ёрдам берсангиз Туркияга бориб ўқисам…- деди қиз ийманибгина.

-Қайси йили биттаси Туркияга борганди. Мен билан бирга бўлганини журналистларга гапириб бериб ўзини шарманда қилди. Мана энди ватанига қайтаолмай итнинг кейинги оёғи бўлиб юрибди. Ота-онасини эса қамоқда чиритдим. Лекин сен менга ёқдинг. Инжиқ эмас экансан. Шу ерда истаганингча тур, кейин Москвага юбораман, ўша ерда ўқийсан. Бошқа жойга кетаман десанг ўша ерда битта опанг бор, истаса Араб Амирлигига жўнатади сани.

-Ёқдинг, дейсизу кеча концертда ана у ашулачи опамни қучоқлаб, ўпдингиз-ку?- ноз қилди қиз.

-Сани ҳали сиёсатга ақлинг етмайди…Ундан кейин оғиз маники, истасам ўпаман, истасам тишлайман…

-Мен сизни жуда ҳам яхши кўраман. Керак бўлса мен ҳам ашула айтиб бераман сизга бағишлаб. Ҳаётимда сиздан бошқа одам билан бирга бўлган эмасман, менга уйланиб қўя қолинг,- ёлворди қиз.

-Ўҳҳў, иштаҳанг наҳанг-ку? Менинг хотиним борлигини билмайсанми?

-Мусулмончиликда тўртта уйланиш мумкин экан-ку,- деди қиз жовдираб.

-Мени мусулмон деб сенга ким айтди, менинг китобимда тўртта уйланиш йўқ, менинг китобимда Ҳарамда тўрт юзта сенга ўхшаганини сақлаш бор. Кайфиятим яхши бўлгани учун сени кечирдим, бўлмаса ана у қўриқчи болаларга бериб юборар эдим, улар ёмон, бир нечтаси бирданига сенга ёпишади, билдингми? Бор йўқол.

-Вой, Каримов бўлсангиз ўзингизга, одамлар айтганича бор экансиз, нега менга йўқол дейсиз?-бирдан бақира бошлади қиз.

Шу пайт икки йигит югуриб кириб қизни кўтариб олиб чиқиб кетишди.

-Уни психболницага тиқиб қўйинглар, Наврўзни ҳам бузди, бу аблаҳ, қани вертолёни ишга сол, қайтамиз,- деди у яна бир рюмка вискини ичар экан.

2004 йил, 22 Март

БАБУШКАНИНГ ЖАЗОСИ

Каримов бугун эрталаб соқолини олдириб, кийимларини кияр экан, шошилинч мактубларга назар ташлади. Ҳаммаси Наврўз табриклари эди. Биттаси эса океаннинг нарёғидаги катта давлатдаги элчидан экан:

“Бугун Наврўз муносабати билан номингиздан юқори лавозимли кишиларга зиёфат бермоқчимиз. Таклифномаларга келган жавобларда улар вақтлари жуда зиқ бўлишига қарамасдан фақат Сизнинг ҳурматингиз учун ташриф буюришларини маълум қилганлар. Улар Сизни дунёдаги энг ноёб лидер эканлигингизни алоҳида қайд этмоқдалар. Эртага зиёфат якунларини ҳам ёзиб юбораман. Шу ўринда сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим, хориждаги “овоз”лардан бири Наврўз муносабати билан суҳбат беришимни сўраган. Шунга нима деб жавоб қилсам бўлади? Эҳтиром билан қулингиз…”

-Зиёфатга қанча харажат қилишини алоҳида текшириб кўринглар,- деди Каримов,- илгариги элчилардан бири шунча пулни олиб қочганини, энди эса партия тузиб яна раҳбар бўлиш учун ўша пулларни ўзимга қарши сарфлаётганини унутманглар…Нима, бу ҳам радиога чиқиб ўзини кўз-кўз қилмоқчими ёки бунинг ҳам партия тузиш истаги пайдо бўлдими? Бунинг ўрнига йўлини қилиб менинг сафаримни тезлаштирсин. Борганимда биргалашиб интервью берамиз, агар керак бўлса.

Кейин у Каспий ортидан келадиган меҳмонни кутиб олишга тайёргарлик билан қизиқди:

-Яхшилаб кутишимиз керак, анча уста болага ўхшайди, кам деганда 20 йил тахтда ўтиради, отасининг номига бир-иккита кўчани қўйиб юборсак у ҳам келажакда шундай йўл тутади,-деди.

Шу пайт невараси югуриб келди ва:

-Дедушка, дедушка, мен бабушкам билан гаплашдим, эртага келар эканлар, бабушкамдан “Нега сартарош амаки бобомнинг соқолларини олгандан кейин юзларига атир сепади?” деб сўрасам, “Чунки бобонг жуда ҳам сассиқ, устанинг кўнгли айниб кетган бўлса керак” дедилар. Шу гап тўғрими?-деди.

-Тўғри, шунинг учун ҳам бабушкангни меҳмонга жўнатиб, кеча Ҳарамга бориб келдим, бор унга айт, эртага ҳам келиб юрмасин, мен билан ётса кўнгли айниб қолади, мен бошқалар билан ётиб юравераман, – деди Каримов.

Кейин телевизорга назар ташлади. Эрон шоҳининг хотини Фараҳ Паҳлавий эри ҳақида “Ўлмас муҳаббат” деган китоб ёзган экан, шу бўйича суҳбат ўтказилаётганди. Каримов хаёлга ботди:” Меники ҳам бир куни Фараҳ Паҳлавийга ўхшаб мен ҳақимда китоб ёзар, лекин Фараҳ қариган бўлса ҳам чиройини йўқотмабди, меники бўлса ҳалитдан қуриб қолди. Қўйиб юборай десам, гап-сўзга қоламан. Бу ҳам майли, лекин бу она юртига кетиб қолиб, бутун сирларимни очиб юборади.Индамасам, тили узун бўлиб кетаяпти. Яхшиси у эмас, келажакда мен у ҳақда китоб ёзишим керак. Эрон шоҳи нимадан ўлганини ўрганишим керак экан”.

Унинг хаёлини кучукчанинг ириллагани бузди. Дунё раҳбарлари кучукчалар билан юрганини кўриб у ҳам биттасини уйига келтирганди. Мана энди ғингшиб асабини бузмоқда.

-Бор-э, сен ҳам бабушкангга!- деб у кучукчни тепиб юборди.

2004 йил, 23 Март

“КАРИМОВ ИШИ”

Каримов бугун зерикиб ўтирар экан, бирдан кўнглига “Сўнгги қатағон” деб номланган беш қисмли ҳужжатли фильмни томоша қилиш келди. Бу фильмда “Пахта иши” деб қамалган юзлаб одамлар гапиртирилган ва Каримов халоскор қилиб кўрсатилган эди. Ҳатто бир киши ‘ “Каримов каби жасоратли одам бўлмаганда мустақил бўла олмас едик” деган. Каримов фильмни томоша қилдию унинг муаллифи бўлган маслаҳатчисини чақиртирди. У келгунга қадар хаёлга толди.

“Бу ахмоқлар ҳеч нарсани билмайдилар. Аслида ўша қамалган одамларнинг кўпи пора олиб, пора берганлар. Менинг ўзимга қанчаси пора берган. Мен ўзим қанчасига пора берганман. Бунинг устига мен планлаштириш идорасининг раҳбари бўлиб аранг 22 центнер пахта берадиган ерга 35 центнердан план қўйиб юборганимни қаёқдан ҳам билишсин? Аслида ана у депутатлар ғовға қилмаганларида булар қамоқда чириб кетарди. Бу маслаҳатчим айёрга ўхшайди. Била туриб менинг нозик жойимга уриб, тилимни қисиқ қилмоқчи бўлдими? Ана у шоирчи? Маҳбусларни озод қилиш ҳақида хат ёзганларини ўзим кўрган эдим, дебди. Вой аблаҳей, қип-қизил ёлғончи экан-ку? Мен унга қаҳрамон унвони бериб юрибман-а? Ўшанда терговчи бўлганлар бугун Олий суднинг раиси, прокурор, вазир ва ҳоказо. Ҳаммаси қип-қизил ёлғончи экан. Гапирган гапларини қаранг. Эртага ишдан кетсам, “Каримов бошимизда тўппонча ушлаб турган эди, шунинг учун гапирганмиз” дейди ҳали булар. Аслида тарих инсоннинг қўлида экан. Истасанг ўлдириш, истасанг тирилтириш, истасанг хохлаганинг каби ёздириш мумкин. Аммо қўрқаман-ки, мана шу маслаҳатчилар ҳали “Каримов иши” деган ҳужжатли фильм ҳам қилишади. Чунки минглаб одамлар қамоқларда ўлиб кетди. Гдлян-Ивановлар бир кишини ҳам қайноқ сувга солиб қийнаб ўлдирган эмас, аммо бизникилар боласини қайноқ сувда қайнатиб, онасини қамоққа тиқиб қўйишни одатга айлантиришган. Лекин буларнинг устини ёпиб бўлмаяпти. Шунинг учун ҳозирдан бир йўлини қилишим керак. Бўлмаса мени ҳам гўрдан чиқариб ташлашади”.

Каримов ичимда шайтон пайдо бўлдими, деб сесканиб кетди. Лекин қаршисида маслаҳатчиси турганди.

-Ҳа, “Каримов иши” деб ёзаяпсанми, янги сценарийни, ёки “Биринчи қатағон” деб ёзаяпсанми?- деб сўради у маслаҳатчидан.

Маслаҳатчи анқайиб қолди.Кейин:

-Мен ёзаётган нарса сизнинг қаҳрамонликларингиз ҳақида,-деди..

-Нега менга айтмасдан ёзаяпсан?

-Мен сарлавҳа тополмай юрган эдим, лекин ҳозир сиз айтганингиздан кейин ёзганларимга “Каримов иши” деб ном қўймоқчиман. Бу жуда ҳам мос тушади,деди маслаҳатчи қувониб.

- Сохта демократ депутатлар, мухолифатчилар, динчиларларни ҳам қўшишни унутма!- деди Каримов айёрона оҳангда.

-Асосан шулар ҳақида ёзаяпман,- жавоб қилди маслаҳатчи.

-Ўзингни ҳам бир четига қўшиб қўй!

-….- маслаҳатчининг нафаси ичига тушиб кетди. Каримов эса сўзида давом этди.

-Чунки ўзинг ҳам ўшаларнинг ёнига кетасан. Сен бир марта ёлғон гапирган одам, мендан кейин яна гапирасан.. Сен ҳам энди “Каримов иши”нинг бир бўлагисан!

-Ё.. Ё..,- маслаҳатчи ғулдурай бошлади.

-Бўйнинга олсанг, қутуласан, бўлмаса…

-Бўйнимга олдим, бўйнимга олдим,- деб маслаҳатчи тиз чўкди.

Каримов Ички ишлар вазирини чақирди ва:

-Яна бир хоинни топдим. Ҳаммасини бўйнига олди. “Каримов иши” деб ёзмоқчи бўлганини ҳам. Мана эшитиб кўр ишонмасанг, дея митти магнитофонни ҳам унга узатди.

2004 йил, 24 Март

МУЗОКАРА

Каримов меҳмони Илҳом Алиев билан гаплашар экан,

-Отангизнинг бунча узоқ раҳбар бўлиб яшаганларининг сирини билдингизми?- деб сўради.

-Мен доим иш билан банд эдим. Отамнинг ёнида эса хотиним юрар эди. Ҳатто чет эл сафарларига ҳам у бирга борарди. У айни пайтда отамнинг доктори ҳам эди,- деди Илҳом.

Каримов Илҳомнинг ёнидаги ҳурлиқо, дилбар аёлга назар ташлар экан:

-Сирни англадим, шундай аёл менинг ёнимда ҳам бўлганда бемалол 80 ёшга қадар тахтда ўтирар эдим,- деди.

Бу ҳазил Илҳомга унча ёқмасада у юмшоқроқ жавоб қилди.

-Сизнинг хотинингиз ҳам меникидан қолишмайди.

У шундай деб Каримовнинг ёнидаги аёлга қараб жилмайди.

Каримов хахолаб кулди-да:

-Илҳомжон, бўлмаса алмаша қолайлик,- деди.

-Алмашар эдик-ку, лекин менинг ўзим ҳам тахтда узоқ қолмоқчиманда,- деди Илҳом киноя билан.

ТАЖРИБА

-Мен сизни отамдек кўраман,-деди Илҳом музокаралар битиб, Каримов билан зиёфатда ўтир экан.-Ҳурматим баландлиги учун ҳам биринчи бўлиб сизникига келдим. Маслаҳатларингизни мендан аямасангиз.

-Демак, мен ўлгандан кейин ҳам бир неча ой ҳеч нарса билмагандек юраверар экансизда,- деди Каримов Илҳом отасининг ўлигини хорижга яшириб сақлаганини эслатиб.

-Агар ўлимингиз сайловга тўғри келиб қолса, бу табиий ҳол. Азалдан Шарқда тўй куни биров ўлиб қолса тўй ўтгунга қадар хабарини чиқаришмайди.Шунинг учун ҳаракат қилинг тўйдан кейин ўлишга.

-Ие, сизга маслаҳатчи керак эмас экан, сиз ўзингиз маслаҳатчи экансизку,- деди Каримов.

-Бу маслаҳат эмас, бу тажриба,- деди Илҳом,- халқларимизнинг минг йиллик тажрибаси.

МУСОБАҚА

Каримов билан Илҳом ичиб олганларидан кейин бир-бирларига мақтана бошлашди

-Мен истаган ишимни қиламан, лекин халқ ғинг демайди,- деди Каримов.

-Мен мухолифатни турмага тиқиб ташлаганман, лекин дунё миқ этолмайди, чунки оғзини нефт билан мойлаганман,- деди Илҳом ғўддайиб.

-Мен эса бутун мамлакатни турмага айлантирганман, қани биров гапириб кўрсинчи?- кўкрагига уриб мақтанди Каримов.

-Менинг бошқа бойликларим ҳам бор, керак бўлса ҳар қандай одамни сотиб оламан.- деди Илҳом.

-Менинг хорижликларга асқотадиган аэродромларим бор…

-Менга ҳам отамдан қолган…Яна мен бутун дунёдаги фоҳиша бозорларини ҳам сотиб олдим,- товушини баландлатди Илҳом.

-Мен эса ўша бозорларни товар билан таъминлаяпман, билдингми?,- дедию Каримов бирдан қовун тушириб қўйганини англаб гапни бошқа томонга буриб юборди.

2004 йил, 25 Март

ЯХШИРОҚ

Каримов бугун эрталаб хаёл суриб ўтирганди, маслаҳатчиси кириб келди.

-Чақиртирган экансиз?- деди у товушини ичига ютиб.

-Қизим ҳол жонимга қўймаяпти. Шунча одамни зиндонга тиққан одам битта эримни ушлаб беролмайсизми, деяпти.

-Саддам ҳам қизларининг гапларига кириб куёвларини ўлдиртирган эди. Мана энди Саддам зиндонда, қизлари эса ялло қилиб юрибдилар,-деди маслаҳатчи.

- Нима, мен мени Саддам билан тенглаштираяпсанми?

-Йўғе, Саддам сизнинг олдингизда ип ҳам эшолмайди, қизларингиз ҳам унинг қизларига дарс беради,- деди маслаҳатчи Каримовнинг тилни яхши билмаганидан фойдаланиб, сўз ўйини қилар экан.

ИККИ ЭШАК

Каримов меҳмони билан учрашувдан чиқиб кетар экан, бир хорижлик мухбир унга савол берди:

-Учрашувдан қандай таассурот олдингиз?

Каримов мухбирга термулди-да:

-Учрашувдан кейин битта эшакнинг ҳанграганини эшитганимни айтмасам, бугун ҳеч қандай таассурот олмадим,-деди.

-Сиз-чи деб сўради мухбир меҳмондан.

-Мен эса бир эшакнинг ҳанграшидан безор бўлиб келаётган эдим, йўлимда иккинчиси учради,- деб жавоб қилди.

ЎЗ-ЎЗИНИ ТАНҚИД

Каримов хорижга кетиб қолган мухолифатчи ҳақида берилган саволга жавоб қилар экан:

-Унинг учун ватан деган тушунча йўқ! У ўз ота-онасини ҳам сотган кимса! У одамларнинг ҳаётини бир тийинга олмайди! Фақат ўзини ўйлайдиган бадбахт, қўрқоқдир у! Ўзини тирик деб ўйлагани билан аслида мурдадир у! Халқ унга ўз баҳосини бериб бўлган. У беватандир! У хоиндир!

Саволдан кейин кириб келиб Каримовнинг гапини эшитган бир чет эллик:

- Ким бу одамни ўз-ўзини танқид қилмайди, деса бекор айтибди,- деди.

2004 йил, 26 Март

ҲАЛИ…

Бугун Каримовнинг ҳузурига кирган маслаҳатчиси деди:

-“Транспаренcи ” деган бир ташкилот дунё лидерларидан қайсилари ўз бошқарувлари даврида қанчадан пул ўмарганларининг рўйхатини эълон қилибди. Биринчи ўринга Сухартони қўйибди. У 31 йиллик бошқаруви даврида қарийб 30 миллиард долларни ўмарган экан…

Каримов маслаҳатчисининг гапини кесди.

–Бунча майдалайсан гапни, биз рўйхатда йўқми, шуни айтсангчи?

-Йўқ, сиз ҳали ишдан кетган эмас-ку. У ерда фақат кетганлар ҳақида ёзилган,-деди маслаҳатчи.

-Худога шукур, лекин бизники унчалик кўп эмас, иккинчи ўринни эгалласак керак,- деди Каримов бамайлихотир.

-31 йилга етса сиз ҳам биринчи ўринга чиқиб оласиз,- дея пичирлади маслаҳатчи Каримовга эшиттирмасдан.

ПАРАШЮТЧИЛАР

Бугун Каримов кундалик ҳисоботга қарар экан вазирни чақиртириб:

-Чегарада нарёғлик бир кишини отиб қўйибсанларми? Текшириб кўрдингларми, яна менга қариндош бўлиб чиқмасин? Кейин ака-укаларим бошимни қотириб юборадилар,- деди.

-Йўқ, олдин сўраб, кейин отдик,- деди вазир.

-Офарин! Ҳа, Нега бу 25 нафар парашютчи қўлга тушиб қолди?

-Биласиз чегараларни миналаштирганмиз. Биздан қочиб кетиб, нарёқда юрган бир-иккитасини ушлаш керак бўлиб қолганди, болаларни парашютда ташласам, қўлга тушибдилар.

-Шармандамиз чиқибди-ку?

-Э, йўқ, хўжайин, машқ қилаётган эдик, шамол болаларни ўша томонга учириб олиб борибди, деган эдик, ана улар лаққа ишонишди.

-Шамол бор эдими, ўзи?

-Аксига олиб шамол йўқ эди, десангиз, лекин телевизордан шу минтақа осмонидан кучли шамол ўтди, деб хабар бериб юбордик. Дарров болаларни қўйиб юборишди.

-Ушлайдиганларимиз нима бўлди энди?-сўради Каримов.

-Бу болаларни “қутқариш” мақсадида ўтганлар ҳали ўша ерда. Ушлайдиганларимизни ҳам “парашютчилар” қилиб расмийлаштириб олиб қайтамиз,- деди вазир эркаланиб.

ИЛҲОМ

-Океаннинг нарёғида Наврўзни зўр нишонлашибди,- деди Каримов кундалик ҳисоботни ўқишда давом этар экан, хорижий масалалар билан шуғулланадиган маслаҳатчини чақириб.- Элчи бир раққоса билан ўйинга ҳам тушибди. Тузоққа илинаяпти. Ёки мендан қутулдим, деб байрам қилаяптими? Нима бўлганда ҳам оғайнингни элчи этиб тайинлаб ёмон иш қилмадик. У мендан хорижий радиога чиқишни сўраган эди. Айт гапирсин, лекин эҳтиёт бўлсин, эски қуда ҳақида сўраб қолишмасин тағин?

-У уста, қудангиз ҳақида савол беролмайдиган мухбир билан гаплашади,- деди маслаҳатчи.

-Шунақаси топилиб қолса, менга ҳам рўпара қил, менинг ҳам айтадиганларим бор,- деди Каримов.

Маслаҳатчининг эса кўнглига:”Аслида ҳаммаёқ ўшанақа мухбирларга тўлиб кетган, бирортаси ҳам қуда ҳақида савол беролмайди. Сўраганда-ку биз ҳам дала ҳовлига чиқиб олиб, мазза қилиб эшитган бўлар эдик?” деган гап келди ва ранги оқариб кетди.

-Собиқ қудамни эсласам менинг рангим оқаради, сеники нега оқарди?-сўради Каримов.

-Ўзимиз ўзингиздан, рангимиз рангингиздан илҳом олади-да, оқсоқол,-деб жавоб қилди маслаҳатчи.

2004 йил, 27 Март

НАРСА

Бугун Каримов ҳовузга кириб мириқиб чўмилди. Кейин аччиқ шўрвадан ичар экан, ёрдамчисига савол берди:

-Дунёда сен учун ота-онадан азиз қандай нарса бор?

-Мен учун энг азиз нарса бу сиз,- деди маслаҳатчи.

-Дунёда мендан ҳам азиз қандай нарса бор?

-Сиздан азиз нарса йўқ,- деди маслаҳатчи.

Кейин Каримов яна сувга шўнғиганда суҳбатни эшитиб қолган соқчи ёрдамчига:

-Она-онангиз сиз учун азиз эмас эканда-а?- деди.

-Ота-она билан нарсани алмаштирма ва қулоғингни нарсадан узоқ тут,-деди маслаҳатчи.

КИНДИК

-Севгидан теппада нимани қўйган бўлардинг,-деди Каримов ёрдамчисига.

-Мен бир нарса қўёлмаган бўлардим,- деди маслаҳатчи.

-Нега?

-Чунки яратганнинг ўзи киндикни қўйиб қўйган-да!

ЎЛГАНДАН КЕЙИН

-Сен доим мен билан биргасан. Бундай ҳаёт жонингга тегмайдими? Қачон ўз ҳаётингни яшайсан?-деб сўради Каримов ёрдамчисидан.

-Сиз менинг ҳаётимсиз ,- деб жавоб қилди ёрдамчи.

-Бир кун мен ўлиб қолсам, нима қиласан?- сўради Каримов.

-Ҳаётимни яна сизга бағишлайман.

-Қандай қилиб?

-Вақтимни доим гўрингиз ёнида ўтказаман.

-Бу нима деганинг? Нега энди вақтингни менинг гўримни ёнида ўтказасан?

-Чунки мен ўша пайтда ахлат ташийдиган машина ҳайдайман-да,- деди ёрдамчи.

2004 йил, 28 Март

ТАРИХ ТАКРОРЛАНМАЙДИ

Бугун Каримов дам олар экан, гапдан гап чиқиб қолиб ёрдамчиси:

-Деҳқонлар партиясининг тузувчиси бир мақола эълон қилиб, бизни рўйхатга олмаганлари қонунга хилоф, Каримов деҳқонларга имкон беришни истамаяпди, ҳокимият деҳқонларга!- деб ёзибди деди.

-Унинг бобоси ҳам деҳқон эди. Бир марта ҳокимият деҳқонларга берилганди. Лекин ҳаммаёқни расво қилиб, ўлкани сотиб юборишди, тарих такрорланмайди,- деди Каримов.

“Худога шукур, тарих такрорланмаса, демак, Каримовдан кейин унинг сулоласидан ҳам бошқа Каримов чиқмас ва тарих такрорланмас экан” дея ўйлади ёрдамчи.

ХАЛҚ ДИПЛОМАТИЯСИ

-Эртага Шимолдан келадиган меҳмон аллақачон ишдан кетган, унга нега орден беришмоқчи, деб мухолифат бизни танқид қилмоқда,- деди маслаҳатчиси Каримовга.

-Худо кўрсатмасин эртага бир кор-ҳол бўлса, болалар бу ердан кетиб, одамдек яшайдиган фақат ўша мамлакат қолди. Бу одам бугун ишдан кетгани билан жуда катта бой. Ўзининг фонди бор. Ўзи газета чиқаради, телевидениеси, банклари бор. Биз ҳукуматларга эмас, оддий халққа ишонишимиз керак. Халқ дипломатиясини ҳам ўрганишимиз керак. Айт уни юқори даражада кутиб олсинлар,-деди Каримов.

БИРИНЧИ ҚЎЛ

-Халқаро жамғарма иқтисодимизни яхши, деб баҳолади,- мамнун бўлиб Каримовнинг ҳузурига кирди вазир.

-Маълумотларни ўзинг бердингми?-сўради Каримов.

-Йўқ, статистика идорасидан ўзлари ковлаштириб олишди,-деб жавоб қилди вазир.

-Вой аблаҳ, унақада расвомиз чиқади-ку?

-Унчалик эмас, оқсоқол, сиз айтганингиздек қилиб ҳамма ҳужжатларни қайтадан ёздириб уларга мослаб қўйдик. Мендан маълумот олса иккинчи қўлдан олдик, деб ишонмас эдилар. Энди эса маълумотни биринчи қўлдан олдилар.

-У биринчи эмас, учинчи қўл, ахмоқ, мана меники биринчи қўл, буни унутма, мана шу қўл кийгизган зарбоф тўнлар ва мана шу қўл берган ҳадялар ва мана шу қўл сенга ёзиб берган рақамлар натижаси бу!-деди Каримов ўзининг “йўл”и иш берганига шаъма қилиб.

2004 йил, 29 Март

СОДИҚЛИК

-Интернетда нима гаплар бор?-деб сўради бугун Каримов маслаҳатчисидан.

-Баъзи оғзига кучи етмаганлар, машиналаримиз ташқарида арзон, ичкарида қиммат, деб ёзишмоқда,-деди маслаҳатчи.

-Улар маданиятимизни ҳам билмайдилар. Ота-боболаримиз “Меҳмон отангдан улуғ”, “Ўзинг чанқаб ўтирган бўлсанг ҳам сувингни кўчадан келган ташнага бер” деб бекорга айтмаганлар. Бу “Бегонани ҳурмат қил” дегани. Бегоналар бизнинг машиналаримизни олишмоқчи бўлишса ва биз арзонга берсак, бундан хафа бўлиш эмас, қувониш керак, бу бизнинг маданиятимизга содиқлигимизни кўрсатади.-деди Каримов.

ИЛОННИНГ ЯРАЛИСИ

-Дунёда яна нима гап?-деб сўради Каримов маслаҳатчисидан.

-Хушхабар, бизники Покистонда қаттиқ яраланибди,- деди маслаҳатчи.

-Тезда ҳукуматига мурожаат қилинглар ва уни бизга топширишсин. Олиб келиб, ўзим уни даволайман, кейин суд қилиб, ундан кейин пешанасидан отаман,-деди Каримов.

-Мурожаат қилдик, лекин аблаҳ қочиб қолибди,- деди маслаҳатчи чўчиган қиёфада.

-Ундай бўлса, чегараларни мустаҳкамла, аскарлар шай бўлишсин, унинг қишлоғини ўровга олларинг, яқинларини назоратда тутинглар, умуман ҳамма жойда “ғинг” деганни турмага тиқинглар!-деб буйруқ берди Каримов.

-Йўғе, унинг бизга ҳужум қиладиган кучи йўқ эди ва бугун айниқса қолмаган, у тешикма-тешик яшириниб юрган бўлса керак,- деди маслаҳатчи.

-Сен билмаяпсан, илоннинг яралиси ёмон бўлади,- деди Каримов.

ЎЗ-ЎЗИГА БАҲО

Маслаҳатчи кирганда Каримовнинг қўлида “Халқ ҳикматлари” китоби бор эди.

-Мен шу ерга келганимдан бери фақат қўлингизда шу китобни кўраман,- деди у Каримовга.

- Нима гапларимда мақолларни ишлатаётганимни сезмаяпсанми?- сўради Каримов.

-Сезганда қандоқ, ҳар бир гапингиз шунинг учун ҳам хазинага, ҳикматга, шиорга айланмоқда, одамлар нутқларингизни мириқиб ўқимоқдалар,- деб жавоб қилди маслаҳатчи.

-Бундан 12 йил олдин биттасининг “Тўппончага жавоб” деган мақоласини бир кун ўтириб ўқиб чиққандим. Чунки, бутун мамлакат ўша куни бошқа иш қилмай шу мақолани қидириб ўқиганди. Бунинг сирини кейин билдим, у битта ёзувида 64та халқ мақолини ишлатган экан, англаб етдим-ки, у аслида зўр эмас, ғор ёзувчи экан. Чунки халқнинг ҳикматларини кўчириб олиб, машҳур бўлиб юрган экан. Бу ўша сирни очган, ақлимга нурни сочган китоб,- дея уни варақлай бошлади Каримов.

2004 йил, 30 Март

ТАКЛИФ

Каримов бугун эрталаб ишга келиши билан ёрдамчиси унинг ҳузурига бир даста қоғоз олиб кирди.

-Мен сенга бундан кейин менга қоғоз олиб келишни бас қил деган эдимку!- деди Каримов.

-Булар одамлардан келган ҳамдардлик мактублари…

-Биров ўлиб қолдими яна?

-Кечаги портловлар учун билдирилган ҳамдардликлар,- деди ёрдамчи.

-Ҳамдардлик эмас, табрикнома бўлса олиб келасан, бор!.

-Буларни ташлаб юборайми бўлмаса?-сўради ёрдамчи.

-Овора бўлиб юрма, газеталарга бер, улар чоп этишсин,одамлар ўзлари ташлайдилар, керак бўлса,- деди Каримов.

ХАЁЛ

Каримов вазирни чақириб сўради:

-Кечаги портлашлар ростдан ҳам бўлдими?

-Бу сафар рост, лекин фойдаси катта, оқсоқол.

-Масалан?-сўради Каримов.

-Масалан энди сайловга мухолифат ҳам кирсин, диний маҳбусларни озод қилинглар, қийноқларга чек қўйинглар, деган талабларни қилишмайди.

-Лекин мен бунинг учун сенга илгаригиси каби бир нарса тайёрла деган эдим,-деди Каримов.

-Тайёргарлик қилаётгандик, лекин бу чиқиб қолди,- деб жавоб берди вазир.

-Агар бу сафар портловларда қўлинг бўлмаса, аризангни ёз,- деб буюрди Каримов.

-Нега оқсоқол?-ажабланди вазир.

-Чунки сендан қўрқадиган жойим йўқ энди. Сенда

сир йўқ, бўшсан энди, ғинг десанг ҳаммасини бўйнингга қўяман…

Вазир бир эгилди-ю қандайдир тугмани босиб, югуриб келиб Каримовни қучоқлаб олди. Кучли портлаш…

Каримов сесканиб кетди ва “Худога шукур хаёл экан” деди.

ЖАСОРАТ

-Ўлган миршабларнинг ҳаммасини “Жасорати учун” деган орденга тақдим эт, даррров қўл қўйиб бераман,- деди Каримов вазирга.

-Улар жасорат кўрсата олмаганлари учун ўлиб кетдилар,- деди вазир.

-Ундай дема. Улар мен ва сен учун ўлиб кетдилар. Бу жасорат бўлмай нима?

-Лекин…

-Лекинлайверсанг, ўзингни ҳам шундай орденга тавсия қилиб юбораман!-деди Каримов.

ОТ ИЗИДАН

-Портловларни кимнинг бўйнига қўямиз,- деб сўради Каримов вазирдан.

-Чет элдаги мухолифат бозорда ўлдирилган бир чолнинг хуни учун курашга чақириб, кеча баёнот тарқатганди.Менимча шунга боғласак яхши бўлади,- деди вазир.

-Бўпти шундай қил.

-Лекин улар бугун яна бир баёнот тарқатиб портловларни қоралаб чиқишди.

-Бизнинг метод қўлимиздан кетибди-ку? Улар ҳам от изидан бориб, уста бўлмоқдалар. Туёқларига мих уриб қўямиз ҳали. Бўпти ҳозирча бошқаларнинг бўйнига қўй!, Кейинроқ ўзим бирор мажлисда уларга боғлаб юбораман,- деди Каримов.

…ДУШАНБА

Каримов эртага чиқадиган газеталарнинг хомаки саҳифаларига кўз югуртирар экан, уларни олиб кирган маслаҳатчисидан сўради:

-Нега “Қонли душанба” деб сарлавҳа қўйдинг?

-Бу тарихий аҳамиятга молик кун бўлгани учун,- жавоб қилди маслаҳатчи.

-Ахмоқ, тарихий аҳамиятга эга бўлса сарлавҳани “Қонли душанба”эмас, “Шонли душанба” деб қўйиш керак,- деди Каримов.

ОЛТИНЧИДАН…

-Воқеаларни Наврўзга боғлаганим қандай бўлди?- деб сўради Каримов Бош вазирдан.

-Жуда зўр. Лекин баъзи оғзига кучи етмаганлар “Агар олдиндан билган бўлишса, нега портловларни тўхтатиш учун тадбир олишмади, Наврўз байрамини олдинга кўчириб ўз жонларини сақлаб қолишди-ми?”, деб танқид қилишмоқда,- деди Бош вазир.

-Биринчидан, ўз жонимизни эмас, Наврўз тантаналарига келган қанчадан-қанча меҳмонларнинг, чет элликларнинг ҳам жонини қутқазганимизни айтиб қўй ўшаларга.Иккинчидан, тўрт бешта мелиса ўлса нима бўлибди? Улар ўлимни бўйинларига олиб бу ишга кирганлар. Мелиса бўлиш учун туғилмайдилар, олиш учун мелиса бўладилар.Учинчидан, тадбир олсак вақеалар юз бермай қоларди ва мамлакатимиз манфаатларига фойда бўлаётган қанчадан-қанча илиқ гапларни эшитмаган бўлардик, ҳозир бутун дунё бизни қўллаб турибди, ҳали кечагина танқид қилишаётган эди. Бешинчидан, ана шуларни тушунмаганинг менга ёқмаяпти.Олтинчидан эса,менга бунақа гапларни ташима!

2004 йил, 31 Март

ҚУТУЛГАН БЎЛАРДИК

Бугун Каримов отишмалар битгани ҳақида гапириб берган вазирдан сўради:

-Бунинг қандай ёмон ва қандай яхши жиҳатлари бор?

-Бунинг фақат яхши томонлари бор. Масалан, ўзини мухолифат деб юрганларнинг “Бугун бутун халқ Каримовга мухолиф” деган гаплари қанчалик асоссизлигини исботладик.Агар бутун халқ душман бўлганда мана шу пайтда қўзғалиб кетарди.

-Кошки қўзғалганда эди. Ундан ҳам қутулган бўлар эдик,- деди Каримов.

ҚАМОҚДАН ЧИҚҚАНЛАР

-Ҳужум қилганларнинг кўпчилиги қамоқдан чиққанлар экан,- деди вазир Каримовга.

-Тезда текширларинг ва ким уларни қўйиб юборганини аниқлаб дарҳол уни ушланглар ва ватан хоини деб эълон қилинглар.Чунки ўша одам ҳужумларнинг орқасида турган қора куч ва уларни махсус етиштириб, қуроллантириб бу ишга тайёрлаган. Мана ниҳоят ипнинг учини топдик,- деди Каримов мамнун оҳангда.

-Лекин улар ўзингизнинг Амнистиянгиз билан чиққанлар экан!-деди вазир қўрқа-писа.

ХАЛҚ

Каримов бугунги газеталардан бирини қўлига олди-да:

-Нега “Халқ посбонларига ҳужум” деб ёзасанлар, бу ҳукуматга ҳужум!-деди.

-Оқсоқол биз халқ деганда сизни ва ҳукуматни тушунамиз, одамлар ҳам аллақачон буни англаб олганлар,- деди маслаҳатчи.

ТАКРОРЛАШМОҚДА

-Кеча телевидениега берган суҳбатингизда “Бошқа жойларда бўлаётгани тушунарли, орқасида нима гап борлигини биламиз, лекин бизда нега бундай бўлмоқда, мана бу тушунарсиз?” деган гапингиз портловлар бўлаётган мамлакатларда баъзиларга ёқмабди,- деди матбуот котиби Каримовга.

-Нима дейишмоқда?- сўради Каримов

-Улар ҳам сизнинг гапингизни такрорлашмоқда,- деди котиб.

ИШ УСЛУБИ

-Бугун халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бизни оддий диндорларни қамаётганликда ва қийноққа солаётганликда айблаб ҳисобот эълон қилибди,- деди инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман Каримовнинг ҳузурига кириб.

-Нега бугун эълон қилади?

-Аслида бугун эмас, кеча эълон қилганди,- деди омбудсман.

-Нега кеча эълон қилади.

-Бугун матбуотда чиқиши учун кеча эълон қилган-да.

-Агар кеча эълон қилган ва бугун матбуотда чиққан бўлса нима қизиғи қолди.Сен уларга портловлар,отишмалар ҳақидаги ҳисоботни юбор. Тўхта, бугун эълон қил, эртага газетада чиқсин, кейин юбор, иш услубини ўзларидан ўрган- деди Каримов.

“ДУШМАН ОБРАЗИНИ ЯРАТИБ”

-Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилот бугун “Душман образини яратиб” деган китоб тақдимотини ўтказди,- деди маслаҳатчи Каримовга.

-Душман…?

-Биз душман образини яратаётган эканмиз,- такрорлади маслаҳатчи.

-Душман образи кимга керак экан?- сўради Каримов.

-Ҳарҳолда бизга… уларга кўра,- деди маслаҳатчи.

-Биз образ яратишни билмаймиз,деб айтиб қўй уларга, каллаварам, ҳўкиз!- деди Каримов.

“Ҳа, биз образ эмас, ҳақиқий душман яратишни биламиз” деб ўйлади маслаҳатчи чиқиб кетар экан.

2004 йил, 1 Апрел

ТОНМОҚ КУНИ

Каримов эрталаб вазирга телефон қилди:

-Менинг идорамни портлатиб юборишди, қаердасан?

-Рўйхатда сизнинг идорангиз йўқ эди-ку,-ажабланди вазир.

-Ишдан кетдинг аблаҳ, аризангни ёз!-деди Каримов.

-Бўпти кетсам кетдим, лекин сизни ҳам ўзим билан етаклаб кетаман,- деди вазир.

-Биринчи апрел- тонмоқ куни, кулавериб ёнмоқ куни,-деди Каримов сўзларни қофиялаштириб.

БУЙРУҚ

-Портловларга дунёнинг муносабати қандай бўлмоқда?-деб сўради Каримов вазирдан.

-Ҳеч ишонишмаяпти,-деди вазир.

-Ундай бўлса яна бир иккитасини, кучлироқ қилиб портлатиб юбор!

ҲИД

-Океаннинг нарёғидан текширувчилар келмоқда. Тағин ҳиди чиқиб қолмасин,- деди Каримов маслаҳатчига.

-Ҳид чиқарадиган нарсалар бошқа мамлакатларники билан айни, яъни ҳидини ҳам ўша ёқдан олиб келганмиз. Уларнинг бурунларига мос,-деди маслаҳатчи.

-Ижрочилардан бир гап чиқмайдими?

-Мўъжиза бўлиб портлаб кетганларнинг руҳлари гапириб қолмаса, буёғи тинчлик.

-Бўпти, синаб кўрдим сени, текширувчилар келиши эса биринчи Апрел ҳазили эди,- деди Каримов.

ҲАЗИЛ

Вазир Каримовга телефон қилди:

-Бизнинг идорага ҳужум қилишди!

-Рўйхатда сенинг идоранг йўқ эди-ку?!

-Билмайман, тирик жон қолмади!

-Сен қолибсан-ку, бас, менга фақат сен кераксан, сен тирик бўлсанг,бас!

-Мен ҳам сенга ҳазил қилдим,-деди Каримов.

2004 йил, 2 Апрел

НОМ-НИШОНСИЗ

Каримов эрталаб маслаҳатчи олиб кирган хорижий хабарларга кўз ташлади:

“Яна портлов… Ички ишлар бўлими ёнида кучли портлов, ўлганлар ва яраланганлар бор… Талабалардан бир қанчаси ҳалок бўлди…20 тача жангари маҳалла аҳлини гаровга олди…Отишмалар тинмаётир…Университетларда ўқувлар тўхтатилди…”

-Жа, ошириб юборибсанлар-ку?- деди у хабарларни қараб чиқиб.-Бунақада билиб қолишади.

-Ҳаммаси пишиқ…,-деди вазир гердайиб.

-Ҳалиги ўзини “портлатган” одамингга нима бўлди?-сўради Каримов.

-У ишончли жойда. Бу ёқда эса ундан ном-нишон ҳам қолмади. Ҳатто хотини ҳам унинг портлаб кетганига ишонди.

ИЗН

-“Мана бу аёлни хорижга ўзим жўнатганман, ҳамма қариндошлари ўзимнинг қўлимда ишлайди”, дегандинг, лекин фақат бизни танқид қилиб ётибди-ку?-деди Каримов хабарларга назар ташлар экан вазирга.

-Унга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлган экан, шунинг учун ўзим изн бердим,-деди вазир.

-Ундай бўлса мени эмас, сени танқид қилсин,-деди Каримов.

ШАК

-Мана буларга қара, бизга оз-моз “мухолиф” бўлганларнинг ҳаммаси, воқеаларни қоралаб баёнот тарқатишибди.Энди нима қиламиз? Улардан қайси бирини айблаймиз?-деди Каримов маслаҳатчисига.

-Уларнинг ҳаммаси ўзимизникилар. Буни кўпчилик билиб қолди. Энди бошқасини яратамиз,-деди маслаҳатчи.

-Вой, бўй,-деди Каримов,- яратувчиликни ҳам ўз бўйнингга олибсанку? Биз қаёқда қолдик?

-Мен… “Сиз” билан “биз”ни алмаштириб юборибман, бир қошиқ қонимдан кечинг,-деб ялинди маслаҳатчи.

-Бўпти, бундан кейин шак келтирма,-деди Каримов.

“ИТВАЧЧА!”

-Ёлғонни кўпайтириб юборсак, одамларни қамаб ташлайверсак, айтганларининг тескарисини қилаверсак океаннинг нарёғидаги акамизнинг жаҳли чиқиб қолмайдими?-деб сўради Каримов вазирдан.

-Жуда жаҳли чиқиб кетса, “Итвачча, аммо ўзимизнинг итвачча!” деб сўкиши мумкин,-деди маслаҳатчи.

-Қаёқдан биласан?

-Тарихда уруш жараёнларида улар билан шерик бўлган бир диктатор ҳаммаёқни расво қилганига муносабати сўралганда олдинги акалардан бири “Ҳа, у қанчиқнинг боласи, лекин ўзимизники?” деб сўккан экан, улар тарихдан ибрат олишни яхши кўрадилар,-деди вазир.

-Худога шукур,-деди Каримов,-кўнглим анча тинчиди. Уларнинг сўкишлари бизникининг ёнида ҳеч нарса эмас экан.

2004 йил, 3 Апрел

ВАСИЯТ

Каримов бугун келажакдаги вориси учун учта васиятнома ёзиб, конвертларга солиб, сейфга қўйди.

Биринчисида: “Агар вазият оғирлашса портловлар уюштир ва норозиларни қамаб ташла. Мухолифатни сургун қил. Пулни тез-тез алмаштираман деб халқни қўрқит.Бирорта раҳбарга ишонма. Уларни алмаштириб тур. Айбни доим ёнингдагиларга ағдар. Халққа ўзингни яхши қилиб кўрсат. Одамларни ўзинг ҳақингда гапиртириб ёки китоб ёздириб тилларини қисиқ қил. Вазият шунда ҳам оғирлашса иккинчи конвертни оч” деб ёзилганди.

Иккинчи конвертда эса: “Демак яна портлов уюштир. Бу сафар кучлироқ ва замонавийроқ бўлсин. Дунё матбуотини қўллан ва душманларингга қарши кураш учун маблағ иста. Норозиларни йўқотиб юбор. Қамоқларни узоқда қур ва борса келмас бўлсин. Қийноқнинг шундай йўлларини топки, эшитганларнинг суяги зирқирасин. Матбуот ва сиёсий ташкилотларни қаттиқ назоратдан чиқарма.. Чегараларни маҳкамла. Бойлигингни аста-аста бирорта мамлакатга чиқар. Болаларингни ҳам.Катта мамлакатлар нима деса хўп дегину ўз билганингдан қолма.Вазият янада оғирлашса учинчи конвертни оч” деб ёзилганди.

Учинчи конвертда эса “Онангни… Диктаторликни удда қилолмасанг, учта конвертга васиятингни жойла-ю йўқол!” деб ёзилганди.

ҲАРОМИ

-Мухолифлар телевидениеда ишлаётган ўғлингиз ҳақида ёзишмоқда,-деди маслаҳатчи.

-Қайси ўғлим?-ажабланди Каримов.

-Олдинги портловлар ҳақида фильм қилганди-ку, бу сафар ҳам унга фильм қилишни топширган эдингиз-ку…

-Вой ҳароми-ей, мендан бўлганини айтиб қўймасин деб унга шунча қарашсам ҳам барибир айтибди-да, онасига тортган-да, гўзал эди-ю аммо оғзида гап турмасди….-деди Каримов жаҳл билан.

“ХАЛҚ ЎЗИНИ-ЎЗИ ҚЎРИҚЛАСИН!”

-Дунёда қандай янгиликлар бор?- деб сўради Каримов маслаҳатчисидан.

-Океаннинг нарёғидаги катта давлатда халқ “Биз солиқларни бериб бу ҳукуматни оёқда ушласак-да, ҳукумат бизни яхши қўриқламаса” деб махсус комиссия тузиб, раҳбарларни сўроқ қилаётган экан,-деди маслаҳатчи.

-Келажакда мендан кейин шундай гаплар чиқиб қолмаслиги учун портловларни ўрганиш комиссияси номидан бир мурожаат тайёрла ва воқеалар учун халқ маъсулиятни ўз бўйнига олсин, ҳамма ўз-ўзини ҳимоя қилсин, деган гапни сингдир,- деди Каримов.

-Бўпти мен ҳозироқ тайёрлаб келаман, ўзингиз комиссия раиси сифатида имзолаб берарсиз.

-Сенга ақл кирмади-да ҳеч,- деди Каримов,-маошлар ошиши ҳақида мен имзолайман, нархлар ошиши ҳақида эса Бош вазир, бу қоида, ўрганиб ол, халқни қўриқлаймиз дейилганда мен имзолаган бўлардим, халқ ўзини-ўзи қўриқласин дейилдими, бас, Бош вазир имзолайди. Сен вазифаларни чалкаштирма, қолаверса Бош вазирни бўрдоқига боқаяпманми?

2004 йил, 4 Апрел

ИШОНЧ

Каримов бугун катта мамлакатнинг раҳбари билан телефонда гаплашгандан кейин саросимага тушиб қолди:

-Масала жуда ҳам жиддийлашиб кетди,-деди у маслаҳатчисига.-Эртага бу портловлар ҳақидаги гаплар тасдиқланмай қолса нима қиламиз?

-Хавотир олманг, тасдиқлайдиган одам ўзингиз, олдингиси ҳақида гап-сўз қилишди, лекин барибир сизнинг гапингиз тош босди-деди маслаҳатчи.

-Лекин энди ҳеч ким ишонмаяпти ишимизга,-деди Каримов махсус ҳисоботларга қараб. “Шундай ҳам бизга ҳеч ким ишонмас эди”- деб юборди маслаҳатчи хаёлида.

ҲАДЯ

-Интернетда нима гаплар,-деб сўради Каримов вазирдан.

-Қандайдир бир гуруҳ портловлар маъсулиятини ўз бўйнига олгани ҳақида ёзишмоқда.

-Нима, ичимиздан хоин чиқдими?-сўради Каримов.

-Йўқ, ўзимизни четга олиш учун шундай хабар тарқатиб юбордик,деди вазир.

-Нега менга айтмасдан қилдиларинг?!

-Сизга бир ҳадя қилмоқчи эдик-да,-деди вазир.

-Мен яширинча ҳадяларни қабул қилмайман!- деб вазирга ўшқирди Каримов.

МЕРГАН ҚИЗ

-Интернетда нима гаплар бор,-деб сўради Каримов бу сафар маслаҳатчисидан.

-Қизингиз мафиянинг бошлиғини отиб қўйгани ҳақида ёзишмоқда.

-Мен сизларга айтган эдим-ку, у қизим эмас ўғлим. Отасига балли! Ўзи ҳам жонимга теккан эди ўша мафия, қаерда бўлмасин ризқимга шериклик қиларди. Худога шукур, қутулибман! Отангга балли, қизим! Унга мерганликни ўзим ўргатган эдим. Мендан ҳам яхши отади.

-Тўғрику-я, лекин ўқ ахмоқгарчилик қилиб тегмай ўтиб кетибди-да,-деди маслаҳатчи ийманиб.

2004 йил, 5 Апрел

АСЛИДА БИР ХИЛ

Каримов бугун ишни маслаҳатчисини чақириб, Интернетдаги гапларни билишдан бошлади.

-Ҳалиги “Танга” бор-ку, ўша: “Каримов мухолифатга барибир йўл бермайди” деган мақоласида “Мен 15 йил бу режимни ичидан таниган одам шуни очиқ айта оламанки, Каримов бошқаларга йўл бермайди”-деб ёзибди деди маслаҳатчи.

-Унга бир марта йўл бергандим, машиналар, бинолар, ўзига квартиралар ҳам бергандим, лекин удда қилолмади,-деди Каримов.

-Нонкўр экан,- қўшимча қилди маслаҳатчи.

-Нонкўр-понкўрлигини билмайманку лекин сиёсатчи эмаслиги аниқ. Қайси ҳукумат мухолифатига “Кел, мен сенга йўл бераман” деб айтади. Демократия берилмайди у олинади, деб жар солиб юрганлардан бири ҳам шу эди. Узоқдан туриб даъво қилгунча, кучи бўлса келсин, курашиб, ҳукуматни олсин, қачонгача қочиб юради!-зарда қилди Каримов.

-Ҳукуматни олган билан удда қила олмаслигини ўзи ҳам билади-да,-деди маслаҳатчи,-ҳукуматни бошқариш билан танга ўғирлашни бир хил деб ўйлаяпти, шекилли…

-Аслида бир хил, мана сен ҳам танга ўғирлашдан бошқа гапни билмайсан,-деди Каримов жаҳл билан.

“Ўзлари-чи?! Унда ҳаммамизнинг бир-биримиздан фарқимиз йўқ экан-да” деди маслаҳатчи ичида.

ҚОЗИҚСЕВАР

Маслаҳатчи Каримовга Интернетда эълон қилинган мақолани кўрсатар экан,

-Мана бу жойини ўқинг, “Танга: “Мен режимни ичдан танийман” деб ёзибди, роппа- роса 15 йилдан бери ташқарида қочиб юрибдию қандай қилиб ичдан танир экан.

-Балки айғоқчиси бордир, яна сен унга ишлаётган бўлма? -деди Каримов.

-Сиздек хазина бу ерда турганда сўппайган қозиққа ишлайманми?-деди маслаҳатчи.

-Ҳа, энди баъзилар қозиқсевар бўладилар,-деб аския қилди Каримов.

СЎЗ МАРАФОНИ

Тушдан кейин Каримов узоқдан келган меҳмонни қабул қилди.

-Портловларда ҳамма ўлган одамларнинг оила- аъзоларига ҳамдардлик билдираман,-деди меҳмон.

-Ўлганларнинг саксон фоизи душманлар, улар одам эмас,-деди Каримов.

-Улар одам бўлмаса, бошқа сайёрадан келишганми?-қизиқди меҳмон.

-Сизда шундай воқеа бўлса, уларни ким деб атаган бўлардингиз?-сўради Каримов.

-Ҳали суд бўлган эмас, ҳар ҳолда уларни одам эмас, демаган бўлардим, бунинг устига улар ҳайвон ҳам эмас…

-Улар ҳайвондан ҳам баттар, улар одам эмас, наҳотки шуни билмасангиз? Мана энг катта шоирларимиз ҳам уларни одам эмас, деб ёзмоқда. Одам билан ҳайвонни ажрата оласизми ўзи?-жаҳл билан сўради Каримов.

-Ажрата оламан, буларни бизда бошланғич мактабда ўқитишади, катта-катта шоирлар эмас, оддий ўқитувчилар ўқитишади,- деб жавоб берди меҳмон.

-Сиз ҳар ҳолда сўз ўйини деган нарсаларни ҳам тушунмайсиз шекилли?-деди Каримов.

Меҳмон бироз ўйланиб қолди-да:

-Мен шекилли ўзимни одам эмас эканман, деб ўйлаяпман, одам бўлганимда сизни ҳам одам деб одамлар ҳақида одамдек гапириб ўтирмаган бўлардим,-деди.

-Ўҳ-ҳў, сиз сўз ўйинини марафон қилиб юборар экансиз-ку,-дея Каримов гапни ҳазилга буриб юборди.

2004 йил, 6 Апрел

СУЯКСИЗ МУКОФОТ

Бугун Каримов адабиёт бўйича маслаҳатчини чақириб сўради:

-Олдинги портловларда ёзувчи ва шоирларинг яхши сайраган эдилар, нега бу сафар товушлари унчалик эшитилмаяпти?

-Илгари олдиларига мукофот ўлароқ кўпроқ “суяк” ташлаган эдик. “Суяк”ларнинг гўшти ҳам кўп эди, ҳозир эса аҳвол бироз тангроқ…

-Хавотир олма, топамиз, майда-чуйдаларини қўя тур, наҳангларини тўпла, навбати билан кирсинлар, суяксизидан бераман,-деди Каримов.

“КЎРАМИЗ”

-Кеча радиодан эшитдим, баъзилар бўлган воқеалардан хурсанд эмишлар,-деди Каримов вазирга.

-Улар тирик қолганларидан хурсанд,-деди вазир.

-Йўқ, миршабларга ҳужум бўлганидан хурсандмиз,-деб айтди биттаси.

-Миршаблар сизники эканлигини билишади-да,- деди вазир Каримовга хушомад қилмоқчи бўлиб, аммо тили айланиб гапи бошқа маъно касб этди.

-Йўқ,- деди Каримов,-сен меникисан, миршаблар эса сеники! Одамлар сенга ҳужум бўлаётганидан хурсанд экан-ми, демак мен ҳам одамлар томонига ўтишим керак.

-Ундай қилманг, биздан олти киши ўлган, одамлардан эса ўттиз. Нисбатни кўраяпсизми, тарози биз томонга оғиб турибди.

-Мен одамлар томонга ўтсам, тарози ўша томонга оғиб кетади,-деди Каримов.

“Кўрамиз”- дея шивирлади вазир ичида.

ТАШҚАРИДАН

Каримов вазирга таъна қилди:

-Миршабларни ўттиз фойизга қисқартириш ҳақидаги қарордан кейин шунча воқеаларни келтириб чиқардинг. Портловлар, ҳужумлар…Шунинг ўрнига ўзимга кириб айтсанг-ку пулини топиб берардим ва одамларингни сақлаб қолардим.

-Пули сиздан чиқмасин, ташқаридан келсин, дедим-да,- деб мақтанди вазир.

ҲУШЁРЛИК

Каримов суиқасд воқеаларидан кейин телефонни олиб “Маслаҳатчи-1″ деган тугмани босди, лекин вазирнинг овози ешитилди.

-Нима қилаяпсан у ерда?- сўради Каримов.

-Сизни ўлдиришга уринган биттасини сўроқ қилаяпман,-деди вазир.

-Бўйнига олдими?

-Олганда қандоқ, ҳаммасини планлаган шу экан…

-Агар у мени ўлдирмоқчи бўлган бўлса сен, бор ишингни қилавер, уни менга қўйиб бер, ҳозир бориб ўзим пешанасидан отаман,-деди Каримов.

У кўп ўтмай маслаҳатчининг хонасига кириб уни отиб ташлади ва ўз жойига қайтганда котиб:

-Изн берсангиз мана бу киши янги телефон аппаратини ўрнатсалар, эскисида маслаҳатчи ва вазирларнинг тугмаси алмашиб кетибди,- деди.

ОТАРЧИНИНГ ТЎЙИ

-Отарчининг тўйи қандай ўтди?-деб сўради Каримов тўйлар бўйича маслаҳатчисидан.

-Байрамда яхшилаб ўпган экансиз, одам ҳам кўп келди, сизни боради деб ўйлашганда, кейин унинг ўзи сиз учун махсус зарбоф тўн ҳозирлаган экан, шуни бериб юборди,-деди маслаҳатчи.

-Мен унга чет эллик ахмоқ эмасман-ки, битта зарбоф тўн билан алдаса! Отарчи дегани пасткаш бўлишини билганим учун ҳам бормадим, ўзига ҳам етказиб қўй бу гапни- деди Каримов.

2004 йил, 7 Апрел

ҲИССА

Каримов бугун сафарга чиқди.Учқичда қуриб қолаётган оролнинг устидан учиб ўтар экан, ўтган йиллар давомида қилган ваъдалари ёдига тушди ва ёрдамчисини чақириб:

-Мана сен гувоҳ, ана у пастдаги оролчани сақлаб қолиш учун ҳеч иш қилмади, десалар, Худонинг олдида гуноҳим йўқлигини, бу ишга ҳисса қўшганимни ўзинг айтасан,- деди.

Сўнг ҳожатхонага кириб кетди.

ТЕНТАК

Каримов учқичдан Туркманбошига телефон қилди:

-Нима қилаяпсан?- деб сўради ундан.

-Осмонга қараб ўтирибман. Орол қуриб кетди, дарёларга сен тўғон қўйдинг, энди умид осмондан, қачон ёмғир ёғади-ю биз экин-тикин қиламиз,-деди у.

-Мен оролни сақлаб қолиш учун ҳисса қўшиб юрибман, билганимда сенга ёрдам қилар эдим,-деди Каримов.

-Сен ўзингдан бошқани ўйламаслигингни яхши биламан, ёрдаминг ўзингга дори,-деди Туркманбоши Каримов нима ҳақда гапираётганини тушунмай.

ҚОФИЯ

Каримов учқичнинг ҳожатхонасида ўтирар экан, Назарбоевга телефон қилди.

-Товушингиз бунча яқин келаяпти, қаердасиз,-деб сўради Назарбоев..

-Сизнинг устингиздаман,- деди Каримов.

-Ичиб ўтирибсизми?,-деди Назарбоев Каримовнинг валақлаётганига ажабланиб.

-Йўқ,-деди Каримов ва қофия қилгиси келиб қолди,- ичиб эмас, …. ўтирибман.

-Худога шукур, ҳаммаёқни расво қилиб ўтирганингни ахири бўйнингга олдинг,-деди Назарбоев телефон гўшагини жойига қўяр экан.

ТАДБИР

Каримов минган учқич Латвия аэропортига қўнди. Лола-гул кўтарган қизлардан бири унга яқинлашар экан, кўзи лоланинг қора жойига тушди ва ўзини орқага олди.

-Нима гап?- деб сўради ёрдамчиси.

-Диндорлар бу ерга ҳам йетиб келиб, буларни сотиб олмаган бўлсин тағин? Қарагин, гулнинг орасида нимадир бор.

-Бу ерда лола ўсмаслигини билмайсизми? Тадбир сифатида бу қизларни ўзимиз олиб келганмиз. Учқичнинг орқа эшигидан яна бир марта текшириб туширдик,-деди ёрдамчи.

-Унда ана у қора нарса нима?-сўради Каримов.

-…

“Ҳамма қора нарсадан қўрқаверсангиз, ойнага қандай қарайсиз?” деди ёрдамчи ичида.

2004 йил, 8 Апрел

ЎХШАТИШ

Каримов Латвия раҳбари билан учрашувдан кейин ёнига Ташқи ишлар вазирини чақирди ва:

-Табриклайман,-деди.

-Нима билан оқсоқол?-сўради вазир.

-Интернетда сени “Саддамнинг Информация вазири Ал Саҳофнинг ўзгинаси” деб ёзишибди.

-Мен ҳам сизга содиқман-да, айтганингизни кўзимни юмиб бажараман,-деди вазир.

-Кўзингни оч, ҳов бола, Ал Саҳоф охирги кун қочиб кетганди,-деди Каримов.

ПЎПИСА

-Авропада Тикланиш ва Тараққиёт банки бизга берадиган ёрдамларини кесадиган бўлибдими?-деди Каримов вазирга.

-Қисман кесмоқчи,-деди вазир.

-Айтиб қўй,-деди Каримов,-улар қисман кесмоқчи бўлса, мен уларнинг оёғини бу ерлардан бутунлай кесаман.

АЙБДОР

Каримов сафардан қайтар экан, ёрдамчисидан сўради:

-Сафар олди баёнотимга қандай муносабат бўлди?

-Ҳамма қўшнилар ёқасини ушлаб, портловлар учун кимни айблашар экан, деб кутиб туришибди.

-Прокурорга айт, қайси бир қўшни менга бўйсунмасдан, ғирромлик қилса портловлар ортида ўша турибди деб эълон қилсин, катта акамизнинг қора рўйхатига тиркаб қўйсак, ана ундан кейин мен билан ҳисоб китоб қилади,-деди Каримов.

“Ундай бўлса қозоқларни айблаб қўя қоламиз” деб ўйлади ёрдамчи Каримовнинг қозоқларни ёмон кўришини билгани учун.

ЖАВОБ

-Тожик қўшнимиз Авропада Тикланиш ва Тараққиёт банки раҳбарига мурожаат қилиб, бизнинг ёнимизни олибди,-деди ёрдамчиси Каримовга.

-Демак, кечаги баёнотимдан унинг оёғи қалтираб қолгани рост экан,-деди Каримов.-Ана шундай, бир ўқ билан тўққиз товуқни уриш керак!

-Лекин ўқ биттасига тегиб, қолганларини қочириб юборсак нима қиламиз,-деди ёрдамчи.

-Нима қилардинг, бир муддат товуқ гўшти емай турасан!

БОҒ

-Истанбулда Туркманбоши боғини очишар экан,-деди ёрдамчиси Каримовга.

-Шунақами ҳали, биз қолиб у томонга ён босиш бошланибди-да! Портловларни уларга боғла!-деди Каримов ранжиган оҳангда.

-Лекин паркдаги бутун ўйин жойлари Туркманбошининг ҳисобига қурилар экан, у паркнинг отидан уловига қадар берар экан…

-Ундай бўлса, шошмай тур,-деди Каримов,-портловлар масаласида шошманглар, яхшилаб ўрганинглар, орага бегуноҳлар аралашиб қолмасин, тағин!

2004 йил, 9 Апрел

“САВОЛ БЕРМАСЛИГИ”

Латвия сафаридан қайтганларидан кейин Каримовнинг хотини эридан ранжиган бўлди:

-Меҳмонда ўзингизни бошқача тутдингиз-ми? Кун тартибидаги масалалар қолиб кетиб бошқа гапларни гапирдингиз-ми? Кўзингизни Ваира хонимдан ҳеч узмадингиз, нима маҳлиё бўлиб қолдингиз-ми? Ҳали ҳам хаёлингизда ўша-ми? Нимаси ёқиб қолди бунча?

-Савол бермаслиги,-деди Каримов.

“МЕН БИЛМАЙМАН”

-Бекатга кимдир бомба қўйиб кетибди,-деди вазир Каримовга.

-Қайси бекатга?

-Цензуранинг қаршисидаги бекатга-да.

-Ким қилган бўлса ҳам цензуранинг бекор бўлмаганини билганлар қилган бу ишни, топларинг ва қамаларинг.

-Цензура бекор бўлмаганини ҳамма билади-ку?!- ажабланди вазир.

-Мен билмайман, топларинг ва қамаларинг!

ХЛОПУШКА

-Бекатга қўйилган нарса бомба десак, хлопушка экан,-деди вазир.

-Бу кетишда ҳозир пушка қўйишган бўлишса, эртага танк билан чиқишади,- деди Каримов.

МАДДОҲБОШИ

Каримов маддоҳбошини чақириб унга:

-Мени бир нарса қизиқтиради. Сени шунча сўксам ҳам, урсам ҳам барибир менга содиқсан. Қаламинг яхши, талантинг бор, индамай китобингни ёзиб ётавермайсанми?-деди.

-Уйда ётиб ёзсам, бирор жойда чиқмайди-да, унутилиб кетаман,ҳозир эса сизнинг соянгизда асарларим чиқиб турибди,-деди маддоҳбоши.

-Бугунни ўйлаяпсан, эртани ҳам ўйлагил. Ахир мендан кейин нима қиласан?,-сўради Каримов ундан.

-Сиздан кейин сиздан олдин нима қилган бўлсам шунинг тескарисини қиламан,-деди маддоҳбоши.

-Мендан олдин нима қилган эдинг?

-Демократияни қоралаб, коммунистик партияни нажот қалъаси деб мақтаб достонлар, шеърлар ёзар эдим!

2004 йил, 10 Апрел

ЎҚ ЖАНЖАЛИ

Бугун Каримов кечаги воқеалар ривожидан хурсанд эди. У Бош прокурорни чақириб:

-Брифинг яхши самара берди.Бутун дунё шуни гапирмоқда. Мен портловларни қўшниларга боғлайсанми, деб ўйлагандим, сен узоқларга боплаб боғлаб қўйдинку,- деди.

-Ўзингиз баландроқ дорга осил, бир ўқ билан етти қуённи ур, деганингиз учун шундай қилдим-да,-деди прокурор.

-Ўқ қуёнларга тегдими?-сўради Каримов.

-Қуёнлар ўқимга…

-Нима?

-К..кечирасиз қуёнлар сизнинг ўқингизга бирин-кетин ўзини урмоқда,-деди прокурор.

-Индамасам, менинг ўқимга ҳам хўжайинлик қиласан-а,-аския қилди Каримов.

“Ҳайронман, қачондан менинг ўқим, уники бўлиб қолди” деб ўйлади прокурор.

АМИР?

-Портловларни ташқаридан бир Амир бошқарган, ўша маблағ билан таъминлаган, деб айтибсан, ким экан у?-деб сўради Каримов прокурордан.

-Сиз кимни айтсангиз ўшада,-деди прокурор.

ЖАМОАТ

-Портловларни уюштирганлар ҳар ерда “Жамоат”лар тузган, деб айтибсанми? Улар “Жамоат” тузган бўлсалар сизлар нима қилиб ўтиргандилар?-деди Каримов Бош прокурорга.

-Ўзингиз Вазирнинг ишига аралашмаларинг, деганингиз учун, қараб тургандик,-деди Бош прокурор.

-Ҳа, биз ҳам бир жамоат бўлиб, кутиб тургандик десанг-чи?!-деди Каримов.

ИНТЕРНЕТ

-Урмоқчи бўлганимиз “қуён”лардан бири Интернет эди, уни портловларга “боғлаб” қўйдик, террористлар Интернет орқали таълим олган, машқ кўрган деганимизга ишонишди. Энди қандай қилиб Интернетнинг йўлини тўсамиз?-деб сўради Каримов маслаҳатчидан.

-Менимча бир вазирлик тузиб, ўша ерда Интернетни фильтрлаб, кейин ўтказиш керак,-деди маслаҳатчи.

-Фильтрлашга кимни қўямиз?-деб сўради Каримов.

-Агар менга ишонсангиз, бу ишни ўзим қойил қилиб бажариб бераман,-деди маслаҳатчи.

-Сенга қолса сен меникини ҳам фильтрлайсан,-деди Каримов.

2004 йил, 11 Апрел

СССР ТАРИХИ

Бугун Каримов маслаҳатчисини чақирди ва:

-Сенинг ўрнингда бир муддат ишлаб кетган одам океаннинг нарёғида “Дунёнинг энг катта мамлакатида вакилман” деб мақтаниб юрган экан,- деди.

-У сизга жуда ҳам содиқ одам эди, кўп хизмат қилди, ақлли ва истеъдодли, йўлингиздан ҳеч чиққани йўқ, вазирлар орасида ҳам энг кўп у ишлади, биласизку вазирликда бир-икки йилга чидайдиган одам йўқ, у эса олти-етти йил бардош берди, энди шу кичик иш билан ғурурланиб юрган бўлса, бу ҳам сизга садоқатидан,- деди маслаҳатчи.

-Ўҳҳў, сен ҳам унинг одамига ўхшайсан-ку?! Оғзингдан чаккиллаб асал томаяпти-ку?! Билиб қўй, четга юборилдими, бу сургун дегани! Санлар СССР тарихини ҳам унутиб юбордиларинг! Ҳокимиятга кўз тиккан ёки атрофида одам тўпланиб қолган кишилар четга сургун қилинарди. Бу қамоқнинг очиқ усули, уларни атрофдагилардан узоқлаштириш, кучсизлаштиришнинг бир йўли эди. СССР тарихини ўқиб чиқ!

-Мен унинг мухолифат ҳолига келганини билмай қолган эканман,-деди маслаҳатчи энди қилган хатосини тузатишга уриниб.

-Билмаган бўлсанг, сен ҳам битта давлатни танла ва кўзимдан узоқ тур!-деди Каримов.-Агар сургунда СССР тарихини ўрганиб, синовдан ўтсанг, балки вазирликка олиб келарман.

ШУБҲА

-Дунё банкининг йиллик ҳисоботига кўра атрофимиздаги мамлакатларда коррупция кўрсаткичи камаяётган экан,-деди маслаҳатчи Каримовга.

-Нима, улар ҳам, статистикани бошқаришни, рақамлар билан ўйин қилиб, кўзбўяшни ўргандиларми?-деди Каримов.-Бир текшириб қўй, идораларимизда уларнинг жосуслари бўлмасин тағин?!

ТАВСИЯ

-Дунё матбуотида нима гап?-деб сўради Каримов маслаҳатчидан.

-Туркманбоши қизларга “Тилла тиш қўйманглар” деб маслаҳат берган экан, шуни ёзишмоқда,-деди у.

-Қани бирортасини ўқичи, нега бундай маслаҳат берибди?-деди Каримов.

Маслаҳатчи мақолалардан бирини ўқий бошлади:

-“Ўз табиий тишларингизни асраларинг. Мана итларнинг олдига суяк ташланишидан мақсад нима? Мақсад уларнинг тиши мустаҳкам бўлиши учун қайғуришдир, сизлар тилла тиш қўйсаларингиз эртага қийналиб қоласизлар, тишларингизни чиниқтириш, мустаҳкамлаш учун ҳозирдан қаттиқ нарсаларни еб туринглар”…

Шу жойга келганда Каримов уни тўхтатди ва:

-Аблаҳнинг калласи ишлайди, одамларнинг куни қотган нонга қолди, деганларга ана шу мақолани ўқит,-деди Каримов.

2004 йил, 12 Апрел

“АМАКИ”

Бугун Каримов дунё матбуотида чиққан мақолаларни кўздан кечирар экан, “Амаки” деган ёзув диққатини тортди. У Каримовнинг Латвияда бир журналист “Европа банки мамлакатингизда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётгани боис ёрдамни кесгани ҳақида нима дейсиз” деган саволига “Биз инсон ҳуқуқларини бузибмиз-ми? Улар ёрдамни кесишар экану амаки бу ҳақда билмас экан-да?!” деган жавоби ҳақида эди.

Мақолани ўқиб чиқар экан:

-Бу журналистлар савол беришни билмаганларидек, жавобни тушунишни ҳам билмайдилар. Мен амаки деганимда ўзимни эмас, Сем амакини назарда тутгандим. Мен бир кун олдин Сем амаки билан гаплашган эдим. У кишининг бундай гаплардан хабари йўқ эди. Демак бунақа гапнинг ўзи ҳам йўқ. Сем амаки кимлигини Сталин давридагилар билгану булар билмайди-я?!,- деб ўйлади Каримов.

СЕН-А.Т.

Маслаҳатчилардан бири бу йилги сайловда Сенатга сайланадиганлар рўйхатини олиб кирди ва -Шуни тасдиқлаб берсангиз,-деди.

-Сенат – бу СЕН-А.Т., деганидир, “Сенлар Айри Турларинг” деган гапнинг қисқа ёзилгани, яъни сенлар қўшилмаларинг бу ишга дегани билдингми? Бу ишни менинг ўзимга қўйиб берларинг ва ҳали номзод кўрсатишга эрта. Нечтаси ҳали ўзини ёмонотлиқ қилади,-деди Каримов ва рўйхатни отиб юборди.

“ҚЎЙЛАР ПАЛАТАСИ”

- Оқсоқол СЕН-А.Т. ҳақидаги гапингиз кўпчиликка маъқул тушди. Ҳамма бу номни топиб қўйганингизга қойил қолмоқда. Энди шу “Қуйи палата” деганини ҳам бир тушунтириб берсангиз,-деди ёрдамчиси Каримовга.

-Сен аввал талаффуз қилишни ўрганиб ол, бу Қуйи палата эмас, Қўйлар палатаси бўлади,- деб жавоб қилди Каримов.

-Менимча ҳозир ҳам…

-Ҳозир “Олий Мажлис”, яъни “Ол- қизил дегани”, санлар ўзи тилни ҳам билмайсанлар, кегин “Ол дегани, берганини ол деганидир”, булар қип-қизил олувчилар, нафслари наҳанг буларнинг, энди ўзгартириб “Қўйлар палатаси” қиламиз, берсанг ейди, бермасанг ўлади, оч қолганда маърамайди, биттаси қаёққа бошласа қолганлари ҳам бошини эгиб, ўша томонга кетаверади, менга шунақаси керак,-деди Каримов.

“Хуллас, Олий Мажлис билан Қўйлар палатаси бир гўр экан-да” ўйлади ёрдамчи.

2004 йил, 13 Апрел

БИРИНЧИ НОМЗОД

Каримов бугун хаёлан ўз ўрнига кўзлаган биринчи номзод билан суҳбат қилди

-Менинг ўрнимга ўтгач, дастлаб нима қиласан?

-Сизга ҳайкал қўяман,-деди вориси.

-Қаерда?

-Қаерда бўларди, жиннихонада-да!

-Нега жиннихонада?

-Чунки иккаламиз ҳам ўша ерда бўламиз-да,-деди вориси.

-Йўқ, ниятинг яхши эмас, сени номзодликдан чиқардим,-деди у ўзича.

ИККИНЧИ НОМЗОД

Каримов хаёлан иккинчи номзод билан суҳбат қурди.

-Вазифага киришгандан кейин дастлаб нима қиласан?

-Сизни ётган гўрингиздан чиқариб ташлайман!

-Нега?

-Ўзингиз менинг тажриба йўлимдан чиқма, деб ўргатганингиз учун-да.

-Мен…

-Аввал гўрингиздан чиқариб ташлайман, кейин эса номингизни улуғлайман.

-Агар тирик бўлсам-чи?

-Сургунда тутаман, ҳақингизда фельетонлар ёздираман, сизни қора куч, деб эълон қиламан. Яхшиси ўлганингиз маъқул

-Сен ҳам бўлмадинг,- деди у иккинчи номзодга ҳам қўл силтаб.

УЧИНЧИ НОМЗОД

Каримов кўзлаб юргани учинчи номзодни хаёлан суҳбатга тортди.

-Менинг ўрнимга ўтганингдан кейин биринчи қилган ишинг нима бўлади?.

-Қизингизни талоқ қилиш.

-Нега?

-Чунки вазифасини бажариб бўлган бўлади-да.

-Мен ҳақимда қандай қарорга келасан?

-Сиз ҳақингизда бош қотириб, китоблар ёздириб юрмайман, фильмлар ҳам қилдирмайман, Интернетни очиб қўяман, бугунгача мухолифларингиз ёзганлари ҳам етиб ортади…

Каримовнинг учинчи номзоддан ҳам кўнгли тўлмади.

ТЎРТИНЧИ НОМЗОД

Каримов хаёлан тўртинчи номзод билан суҳбатлаша бошлади.

-Сен нима қиласан, мендан кейин?

-Одамларни ахлат тозаловчиларга айлантираман.

-Нега?

-Сизнинг расволикларингизни бир ўзим қандай қилиб тозалайман, бўлмаса?!

-Бас,- деди Каримов,-бугун чап қўлга турганга ўхшайман, номзодларим ҳақида яхшиси эртага ўйлаганим маъқул.

2004 йил, 14 Апрел

ФАРҚ

Каримов бугун Москвада эди. У Путинни сайловда ғолиб чиққани билан яна бир марта табриклаб, қучоқлаб, юзидан ўпар экан;

-Мен сени ўпмайман,-деди унга Путин.-Эсингдами, Леонид Брежнев чўлпиллатиб раҳбарларнинг оғзидан ўпар эди…

-Бу ҳам катта ҳурматнинг белгиси эди,- деди Каримов ўша кунларни эслаб.

-У пайтда давр бошқа эди, ҳозир бошқа, дарров булар Калифорнияга бориб никоҳдан ўтишлари мумкин деб ёзадиганлар чиқиб қолади.

-Э, йўқ, ёшимизда катта фарқ борлигини ҳисобга оладилар,-деди Каримов.

ҚИЙИН МАСАЛА

Каримов билан қисқа суҳбат қилган Путин унга:

-Бир-биримиздан кўп нарса ўргандик ва ўрганишимиз мумкин,-деди.

-Масалан мен сиздан, аллақачон, қандай қилиб катта сиёсатга боғланишни ўргандим. Чеченистон масаласини усталик билан қўлланаяпсиз,-деди Каримов.

-Сен эса ҳужум “амалиёт”ларини ҳам биздан олдинг, биламан,-деб қўшимча қилди унга Путин.

-Маҳаллий ҳодисаларни халқаро масалаларга боғлаш ҳам сизнинг мактабингиз,-деди Каримов.

-Мен ҳам сендан қандай қилиб бу ишда узоқ қолишни ўрганишим керак,-деди Путин.

-Бу қийин масала,-деб жавоб қилди Каримов.

-Нега?

-Чунки буни жуда ҳам истасангиз жойимни сизга беришимга тўғри келади. Бу ишни сизнинг халқингиз билан қилиб бўлмайди,-деди Каримов.

АЛКАШГА ТЕНГЛАШТИРИШ

Каримов учрашувдан мамнун бўлиб меҳмонхонада хаёл сурар экан, ўзидан кейин кимни қолдиришни мўлжаллаётгани, тахминий ворислардан бирини сиртдан суҳбатга чорлади.

-Хўш мана сен мендан кейин нима қиласан?-деб сўради у тахминий ворисдан.

-Путин устозига кўрсатган ҳамма яхшиликларни мен ҳам сизга кўрсатаман,-деди тили бурро номзод.

-Нима, ҳали сен ўзингни Путин билан тенглаштирмоқчимисан?- сўради Каримов.

-Йўқ, сизни Путиннинг устозига тенглаштирмоқчи эдим.

-Ўша алкашга-я?!

-Алкаш бўлса ҳам ишдан кетгандан кейин тошбўрон бўлмасдан, қамалмасдан юрибди-ку? Аммо сизда бундай имконият йўқ.

-Сен бориб имкониятларни ўрганиб тур, қани иккинчи номзод нима дейди?

ТАРИХ УЧУН…

Каримов кейинги номзодга хаёлан савол берди:

-Менинг номимни абадий сақлаш учун нима қиласан?

-Ўзингиз ҳеч нарса қилмаган бўлсангиз мен нима қила олардим,- деди у.

-Шунча ишни онангни эри қилдими?

-Агар онамнинг эри шунча расвогарчиликни қилганида аллақачон баҳридан ўтган бўлардим.

-Бор йўқол, мен сенинг баҳрингдан ўтдим,-деди Каримов.

АСФАЛАСОФИНГА ЙЎЛ

Кейинги номзодга Каримов савол берди:

-Мана мен “Агар ҳокимиятни сақлаш учун керак бўлса икки юз кишининг пешанасидан отаман” дегандим. Сен қандай йўл тутган бўлардинг?

-Агар керак бўлса мен минг кишини ҳам отаман,-деб жавоб берди номзод.

“Ҳа. Баракалла,- деб ўйлади, Каримов,-мана шунақа жаллодини танлашим керак, ана ўшанда бу одамлар менинг қадримга етадилар”.

-Мухолифларингдан бирортасини ҳам аямайсанми?- дер экан Каримов, шу пайт эшик ғичирлай бошлади. Каримов авзойи бузилиб эшикка қарамай хаёлидаги номзодига қулоқ тутди.

-Кўп савол бериб мухолифлик қилаверсангиз сизни ҳам, мана ҳозир эшикни ким очиб кириб келса уни ҳам асфаласофинга жўнатаман,- дея ўшқира бошлади номзод.

Эшик очилиб, қўлида “Вашингтон пост” газетаси билан қизи кириб келди. Ўз хаёлидан чўчиган Каримов ёқасини очиб, кўкрагига “туф-туф” деб қўйди.

Номзодлар ҳақидаги қарори эса яна охирига етмай бошқа кунга қолди.

-Бор, кўзимга кўринма, эшикни тақиллатишни ўрганиб, эрталаб келасан, ҳозир бошим оғрияпти,-деб у қизини ҳам чиқариб юборди.

2004 йил, 15 Апрел

ЭС

Бугун Каримов жуда эрта уйғонди. Чунки уйқунинг қолганини самолётда олиши керак эди.Уч кундир-ки калласига шу сафар ва ўзидан кейинги номзодлар масаласи ўрнашиб олган. Самолётда ухлайман деган эди, ухлай олмади.

Қандай кутиб олишади? Путин қандай қабул қилади? У океаннинг нарёғидагиларга кўп ҳам қучоқ очма деса, қандай жавоб қилади? Шу сингари саволлар хаёлида айланаверди.

Бирдан эсига бундан 14 йил олдин КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси аъзолигига сайлангани тушди. Ўшанда у самолётда қайтар экан, ҳаяжондан оз қолсин юрак хуружига учрай деганди. Келса-ки ҳеч гап йўқ. Ҳатто бир киши табрикламади ҳам, кейин телевидениедан бир мухбирни чақиртириб, Сиёсий бюро нима дегани ва ўзининг унга аъзо бўлгани бу тарихдаги энг буюк воқеа эканлигини айтиб, ёзувни дарҳол кўрсатишни буюрганди.

-Мендан олдин Сиёсий бюрога ҳеч ким аъзо бўлолмаганди, бу менга муяссар бўлди,-деганди ўшанда Каримов.

-Сиздан кейин ҳам ҳеч ким аъзо бўлолмайди,- деганди журналист.

Аммо у ўшанда бу гапни ўзига мақтов деб тушунганди. Мана энди орадан 14 йил ўтиб, ўша журналистни топиб, жазолагиси келди. Аммо унинг кимлигини эслай олмади.

-Ҳе, эс ҳам бизни тарк эта бошлади шекилли,- деб ўйлади у, ҳе, йўғе, Политбюрога аъзо бўлганим эсимда-ку, демак ҳаммаси нормални!

БОШҚА АЭРОПОРТ

-Қайси аэропортга қўнамиз,-деб сўради Каримов ёрдамчисидан.

-Биздан қочган одам директор бўлганига қўнмаслигимиз аниқ,-деди ёрдамчи.

-Нега?

-Чунки у ибодат қилишни ўрганибди.

-Ундай бўлса, кейинги воқеаларга унинг ҳам исмини тиркаш керак эди, мен Путиндан уни бизга топширишларини сўраган бўлардим.

-Лекин у ибодатни Путин билан бирга қилар экан,-деди ёрдамчи.

2004 йил, 16 Апрел

МАНФААТ

Бугун Каримов ўзига ажратилган махсус жойда уйғониши билан бошида оғриқ пайдо сезди.

-Кеча кўп ичиб юборибмиз,шекилли,-деди у бош учида қоғозларни ушлаб турган ёрдамчисига.

-Аммо Путинни жуда хурсанд қилдингиз,-деди ёрдамчи.

-Нима унинг ҳам нормасини мен ичиб юбордимми?

-Э, йўқ, унинг айтганларининг ҳаммасига рози бўлиб, қўл қўйиб бердингиз!

-Бу ерга келаётиб баёнот берганман, буларнинг ҳам манфаатини ҳисобга оламиз, деб, шунинг учун мени мастликда қўл қўйиб юбординг, деб айблама!-деди Каримов бошини ғижимлаб.

ОЛТИНЛАР

Каримов Путин билан учрашганда Путин унга:

-Болалар аэропортда беш тонна эгасиз олтин топишибди. Самолёт сеники, олтинлар ҳам сеникими?-деди.

-Олтинлар?-ўйланиб қолди Каримов.

-Агар сеники бўлса ўзингга қайтиб бермоқчи эдим,-деди Путин.

-Мен ҳам олганим билан яна сизга берардим, шунинг учун ўзингизда қолақолсин,-деди Каримов.

МУХБИРНИНГ ТАҚДИРИ

Каримов Рус ахборот бошқармаси раҳбари билан учрашди.

-Шу биздаги мухбирингиз…- деб гап бошлаганди мезбон унинг сўзини бўлди:

ҳукуматингизнинг чизиғидан чиқмаётгани учун бўшатмоқчимиз ва ўрнига бошқа бир кишини юбормоқчимиз!

-Жумладан сизга ҳам аталган нарсалар аэропортда қўлга тушиб қолибди. Шу мухбирингизни кейинги ҳафта қайтадан олдингизга жўнатаман, демоқчи эдим,-деди Каримов “сувнинг олдини олиб”.

-Ундай бўлса, яна олти ой ишлаб турсин-чи, кейин гаплашамиз,-деди мезбон.

2004 йил, 17 Апрел

ҚАРМОҚДА

Бугун Каримов дам олди ва уйқудан туриб, массажни канда қилмай, ҳовузга томон борар экан, ёрдамчисидан:

-Менинг сафаримга океаннинг нарёғидагилар нима дейишмоқда?-деб сўради.

-Ҳозирча жимлик.

-Уларни жимликка солиб қўйдим. Бироз бош қотирсалар ана ундан кейин ёрдамларни кесмайдиган бўладилар,-деди Каримов.

-Кўринишидан улар бизни Путинга топшириб қўйишмоқчи,-деди ёрдамчи.

-Ундай эмас, биз қармоққа яхши илиниб олганмиз, биздан осонликча қутула олмайдилар,-деб ёрдамчисига дарс берган бўлди Каримов.

БЕГОНА

Авропа банкининг Лондондаги банки йиғилишига биздан ҳам биров борсинми?-деб сўради ёрдамчиси Каримовдан.

-Қўй, ана у ўзини мухолифатман, деб юрганлардан борсин, чунки банк фақат ўшаларга пул бермоқчи, бизга эса керак эмас, уларнинг пулисиз ҳам ўлиб қолмаслигимизни кўрсатиб қўймоқчиман?-деди Каримов.

-Улар ҳам барибир ўзимизнинг одамлар-ку,-деди ёрдамчи.

-Агар ораларида бирорта бегонаси бўлса ўшани жўнат. Агар ораларида бизга ишламайдигани топилмаса, бирорта бегонани ораларига суқиб, кейин жўнат.

-Унақа одамни топа олармиканмиз?-деди ёрдамчи.

-Тополмасанг, ўзингни ишдан қуваман, бир зумда бегонага айланасан, кейин мухолифатга суқиб қўяман сени ва қарабсанки Лондонга борибсан, ҳатто битта партия ҳам туздим деб эълон қиласан,-деди Каримов.

ОМИЛ

-Путин бизнинг фазода тадқиқот қилишни истаяпти,-деди Каримов маслаҳатчисига.

-Ўзларининг шундай катта фазолари борку?!-ажабланди маслаҳатчи.

-Хурсанд бўлсанг-чи ўзлариники бўлса ҳам сендан сўраяпти.

-Кейин ўзимизники ўзимизга тор бўлиб қолмаса бас,-деди маслаҳатчи.

Каримов унга қўл силтади-да Бош вазирни чақирди.

АХМОҚОНА ВА АҚЛЛИ ГАП

-Путин бизнинг фазода тадқиқот қилишни истаяпти, нима дейишни билмадим,-деди Каримов бош вазирга.

-Халқимиз, парламентимиз кўриб чиқсин, деб орқага ташлайлик,- деди Бош вазир.

-Бундай ахмоқона гаплар билан уни кўндириб бўлмайди,-зарда қилди Каримов.

-Бўлмаса фазони ҳам океаннинг нарёғидагиларга берайлик.

-Улардан ҳам кейин қайтиб ололмасак-чи?

-Ололмасак ҳам Путиннинг тазйиғидан қутулган бўламиз,- деди Бош вазир.

-Худога шукур, сендан ҳам ақлли гап чиқар экан,-деди Каримов.

ДАРС

-Сиз бу ерда юрибсизу Киев Университетида сизга фахрий профессор унвони беришибди, табриклаймиз,-деди Путин Каримовга.

-Бизда қовун-қовундан ранг олади, деган мақол бор. Улар сизникиларга дарс беришмоқда,-деди Каримов.

2004 йил, 18 Апрел

ЖИЛОВ

Бугун Каримов неваралари билан вақт ўтказишни режалади. Москвада уларни кўрган бўлса ҳам лекин қайтишда ўзи билан олиб келди.

-Эртага эрталабки рейсда учиб кетамиз,-деди қизи унга.

-Сен кетсанг кетавер, булар бир-икки ҳафта қоладилар,-деди Каримов.

-Буларни истасангиз мени сургун қилмас эдингиз,-жаҳл қилди қизи.

-Сени сургун қилиб ҳам қулоғим тинчимаяпти-ку?!

-Ўша қулоғингизни тинч қўймаётган латта-маймун маслаҳатчиларингиз билан ўзим гаплашиб қўяман. Сизни информациядан изоляция қилиш керак, -деди қизи.

-Гапингни ўйлаб гапир-ки, агар баҳрингдан ўтиб юборсам, қўлингдан болаларингни олиб, ўзингни бутун дунёдан изолация қилиб қўядилар. Уларда суднинг қарори бизникига ўхшаб бир телефон билан бекор бўлмаслигини билмайсан-ми?

-Кучингиз етмаганидан кейин шундай дейсиз-да,-жеркиб берди қизи.

-Кучим-ку етади, лекин сени жиловда ушлашим учун ўша қарор менга ҳам керак,-деди Каримов.

КЕЛАЖАК

-Илгари газеталарга берган суҳбатингда мени “Келажакни кўра оладиган лидер” дер эдинг, энди “Касбига яраша одам” дебсанми?- сўради Каримов қизидан.

-Чунки келажакка етиб келдик-да,-деб гапни кесиб ташлади қизи.

ТИЛ МАСАЛАСИ

-Сенга инглиз мактабида нимани ўргатишмоқда?-деди Каримов неварасига.

-Рус тилини,-деб жавоб қилди невараси.

-Нега рус тилини?

-Чунки инглиз тилини билар эканман.

-Ўзимизнинг тилни қачон ўрганасан?

-Аям, “Мен президент бўлсам, сен билган тил ўзимизнинг тил бўлади”, дедилар.

-Аянг яшаётган мамлакат қонунлари бўйича бегоналар президент бўлолмайдилар,-деди Каримов.

КЎЗ ОЛДИ

-Мен Москвага кетганимда Мавлон тўй қилибдими?-сўради Каримов маслаҳатчидан.

-Ўзингиздан изн истаганимизда “Бўпти, мен эшитмайин ҳам кўрмайин ҳам” дегандингиз, шунинг учун Москвага кетганингизда қилди,-деди маслаҳатчи.

-Мен эшитмайин ҳам кўрмайин ҳам деганим, тўйни мен ўлганимдан кейин қилади, дегани билдингми?

-Билдим, лекин у сиздан олдин ўлиб кетаман, дегани учун рози бўлдик.

-Нега мендан олдин ўлади?

-Агар сизнинг иккинчи буйрагингиз ҳам ишдан чиқиб қолса у иккинчисини ҳам бераман деяпти.

-Ҳозир ўзи қаёққа борсам унинг буйраги липиллаб унинг юзи кўз олдимга келиб туради. Агар иккинчисини ҳам ундан олсам, кейин кўз олдим мозорга айланар экан-да,-деди Каримов.

2004 йил, 19 Апрел

ОРГАН

-Бунча ўдағайлайсан, кимсан ўзи?-деди Каримов тушида ёқасига осилган маст милиционерга.

-Мен орган ходимиман, билдингми, органман?-дея бақирди милиционер.

-Ҳе, ўпкангни бос, менинг органимсан, менга, эгангга ўдағайлайсанми?-деб Каримов милиционерни тепиб юборди.

УСТА

-Путинга рус газеталарининг иғвогарликларини айтган бўлсангиз керак?-деб сўради маслаҳатчи Каримовдан.

-Ҳа, айтдим, лекин “Сизлар ҳам биз ҳақимизда истаган гапни ёзиб турибсизлар-ку” дея гапимни қайтариб ёқамга урди,-деди Каримов.

-Тилимизни ҳам ўрганиб олганга ўхшайди,-деди маслаҳатчи.

-Йўқ,-деди Каримов,- у жуда уста, феълимизни ўрганиб олган.

ОНАСИНИ…

-Ана у элчи жа, ўзидан кетди, ҳар кун мухолифатни бошига йиғиб гаплашгани гаплашган, бир чақириб танобини тортиб қўйсакмикан ёки мамлакатдан чиқариб юборсакми?-деди маслаҳатчи Каримовга.

-Унисини ҳам, бунисини ҳам қилма. Ана у мухолифатни бузиб юрган Мишага ёки Маратуга айтсанг бўлди, элчининг онасини Учқўрғондан кўрсатишади,-деди Каримов.

2004 йил, 20 Апрел

ДЎҚ

Каримов бугун уйқудан уйғонганда ҳамма жойи оғриётгани учун дўхтирини чақиртирди.

-Бу, ҳамма ёғим зирқираб оғрияпти, нима гап ўзи?-деб сўради ундан.

-Нима гаплигини сиздан сўраш керак? Уйғонибсиз-ку, шунга шукур қилинг,-деди дўхтир аччиқланиб.

-Ҳмм, демак, кеча сенга қулоқ солмасдан кўпроқ олиб юборибмиз-да,- деди Каримов.

-Худога шукур эсингиз ҳали жойида экан, қолганини бир илож қиламиз,-деди дўхтир жаҳлидан тушмай.

-Бир илож қилолмайсан, чунки сени ишдан қувдим, менга дўқ қиладиган дўхтирнинг жойи панжаранинг ортида,-деди Каримов.,-Дўқ қилмасдан юрсан-ку ишдан айрилмаган бўлардинг.

-Агар дўқ қилмасам, қачонлардир ишсиз қолган бўлардим,- деди дўхтир чиқиб кетаётиб.

ТАРИХ

-Эртага тарих нима ёзишини ҳам ўйлаб қўйиш керак,-деди Каримовга хотини.

-Менга эртанги тарих эмас, бугунгиси керак. Ўлганимдан кейин менга деса, гўримнинг устига чиқиб тепмайдиларми,- деди Каримов.

-Агар гўрингизни топсалар устига чиқиб тепадилар-да,-деди хотини.

СОРОС

-Сорос ҳаммаёқда бизни танқид қилиб юрибди, шу бизда очган идорани ёпмасак бўлармиди?! Океаннинг нарёғидаги катта акамиз билан муносабатимиз бузилиб қолмасмикан?

-Парво қилма, бу Сорос дегани катта акамизни ҳам танқид қилиб юрибди, унга тарсаки тортганимиздан у киши хурсанд бўладилар. Лекин сайловдан ўтолмай қолсалар ана унда Соросга тўн кийгизиб, хурсанд қилишнинг йўлини топамиз,-деди Каримов.

2004 йил, 21 Апрел

ПУТИН

Каримов бугун эрталаб ишга отланар экан, хотини унга:

-Нурсултон оға билан ораларингдан ит ўтдими, мушукми?-деди.

Каримов:

-Путин ўтди,-деб жавоб қилди.

БАҲОНА

-Ҳаммаёқни олмонлар босиб кетибди, нима ўзи?-деб сўради Каримов маслаҳатчисидан.

-Улар билан бирга конференция ўтказишга ўзингиздан изн олган эдик, шунга келишган, раҳбарини бир қабул қиласиз-ми, деган таклифимиз бор эди?-деди маслаҳатчи.

-Йўқ, кейин уруш фахрийлари мендан хафа бўладилар,-деди Каримов.

-Уруш фахрийлари деярли қолмади ҳисоб,- дея юмшоқ оҳангда гапирди маслаҳатчи.

-Бу гапни бир айтдинг, иккинчи марта айтма, Олмонияда яшаётган Боймирза аканг келиб ўз мамлакатимда жон таслим қилмоқчиман, деса унда нимани баҳона қиласан?- деди Каримов.

БАЙРАМ

-Авропа иттифоқига аъзо бўлаётганлар кимлару нега биз байрам қилаяпмиз?-деди Каримов маслаҳатчига.

-Байрам қилаётганимиз йўқ, бир икки фото кўргазма ташкил қилиб, бироз пулларини олдик,-деди маслаҳатчи.

-Пулларини оласиз-у менинг хабарим бўлмайдими?

-Мен олганим йўқ, беш-ўн кишига грант қилиб бердик,-дея изоҳ берди маслаҳатчи.

-Энди гапни олиб қочма, менинг ҳақимни келтириб сейфга қўй, ҳа, агар иттифоққа биз ҳам аъзо бўлсак, нақдидан чўзишадими ёки бош оғриғи кўпми?

-Аъзо бўлиш ҳамма вақт кимнингдир аъзоси бўлган каби ихтиёрни қўлдан олади,-деди маслаҳатчи.

-Ундай экан, биз уларни аъзо қилиб олайлик,-деди Каримов.

ХУДОГА ҲАВОЛА

-Беш юз диндор аёл имзо қўйиб, эрларини озод қилишни сўрашибди,-деди маслаҳатчи Каримовга қўлидаги хатни кўрсатар экан.

-Сен нима, қоидани билмайсанми? Шикоятлар кимга оид бўлса ўшанга ҳавола қил. Мени Худонинг ердаги сояси деб билмайдиганларнинг хатларини эса Худога ҳавола қил. Ўзларига ҳам сизларнинг масалангизни Худо ҳал қилади,деб ёзгин,-деди Каримов.

2004 йил, 22 Апрел

ИСЛОҲОТ

Бугун Каримов иқтисодий масалалар билан шуғулланадиган мулозимларни чақиртирди ва улардан:

-Нима қиламиз, ислоҳотларни қаердан бошлаймиз?- деб сўради.

-Икки йил ичида ҳукумат тасарруфидаги мулкларнинг бир қисмини сотсак,-деди мулозимлардан бири.

-Нима учун икки йил ичида?

-Ўзингиз икки йил тураман, бас, деганингиз учун, сиз кетгунга қадар бу мулкларни ҳам пулга айлантирсак, ёмон бўлмайди,- деди мулозим сузилиб.

-Ундай бўлса, саксон фоизини сот ва қолганини сақла. Мабодо кетадиган бўлсак, биздан кейинги одамга ҳам бир нарса қолсин-да,-деди Каримов ва қўшимча қилди- фақат маъмурият биноларини сақла, бу юлғичликнинг олдини олади, чунки буни сотолмайдилар.

МАШЪАЛ ВА ШАМЛАР

-Мен кимман?- деб сўради Каримов маслаҳатчидан.

-Сиз машъалсиз, ҳамма бошига кўтарган ва ҳаммаёқни ёритган машъалсиз,-деди маслаҳатчи.

-Ўзини мухолифатнинг отасиман, деб юрганлар-чи?

-Улар шам, ҳатта ўз атрофларини ҳам ёрита олмайдиган шамлар.

-Агар биз ёқиб турмасак озгина шамолда “лип-лип” этиб, ўчиб қоладиган шам десанг-чи?!-деди Каримов.

САҚИЧ

-Мен кимман?- деб сўради Каримов ёрдамчисидан.

-Сиз машъалсиз. Ҳаммаёқни нурафшон этган маъал,- деди ёрдамчи.

-Ўзини мухолифатнинг отасиман, деб юрганлар-чи?-сўради Каримов.

-Уларми? Улар сақич,-деди ёрдамчи.

-Сени маслаҳатчининг гапини эшитган, деб гумон қилаётгандим. Бу машъал билан сақичнинг алоқаси нима?

-Шам ёниб тугагач, нима бўлади, сақич бўлади,-деди ёрдамчи.

-Агар биров чайнаса-да!-қўшимча қилди Каримов.

-Мана биз чайнаб турибмиз-ку,-деди ёрдамчи.

-Тффу..,-деди Каримов.-Мен аллақачон туфлаб ташладим, сен эса ҳали ҳам чайнаб ўтирибсан-а?!

2004 йил, 23 Апрел

РАСМ

Бугун Каримов ишга келганда столининг устидаги расмга кўзи тушиб қолди.

-Ким буни қўйди?-деб сўради у ёрдамчисидан.

-Мен қўйдим,-деди ёрдамчи кўзини расмдан узмай.

-Қайси аблаҳ булар, ана у қочиб юрган муттаҳамлар эмасми, шунча семириб кетишибдими? Текин пул қутуртиради-да! Бошларига арабларнинг рўмолини ўраб олиб, бутунлай араб бўлиб кетишибди-ку? Жуда яхши, уларнинг делосига тиркаб қўйинглар, бу уларнинг ваҳобий эканлигининг, ваҳобийларнинг мусиқасига ўйнашларининг исботидир, телевизорда кўрсатинглар, газетага чиқаринглар, бу ерга қўйганинг ҳам яхши бўлибди, чет элликларнинг оғзига шу билан ураман, –деди Каримов.

-Кўз айнакни тақиб олиб қарасангиз…- деди ёрдамчи.

Каримов кўзойнакни таққач, расмдагилардан бири ўзи эканлигини кўриб жаҳли чиқди:

-У ерда расм олинмайди, деган эдингизлар, бу расм қаердан чиқиб қолди?

-Бу расм “Вашингтон пост” газетасида чиққан, ўшанда фақат қизингиз расм олганди,-деди ёрдамчи.

-Ундай бўлса, қизимнинг ҳам “Ойша она” бўлиб тушган расмини интернетга қўй!-деди Каримов.

ҲАҚИҚИЙ АҲВОЛ

-Мафкура борасидаги планларингни қайта кўриб чиқларинг,-деди Каримов маслаҳатчисига.

-Диндорлар кўпайиб кетгани боис “Авесто”га эътиборни қаратган эдик,-деди маслаҳатчи Каримовнинг ўзидан гап олиш учун.

-Ўзим бориб “Авесто” ёдгорлигини тантанали очиб келсам ҳам бундан фойдалана олмадинглар. Санларни жойингга ман бўлганимда ҳалига қадар Зардўштийлар ёки Баҳоийлар партиясини тузган бўлардим…

-Лекин ички низо чиқиб кетса, улар озчилик бўлиб қолади-да,-деди маслаҳатчи.

-Озчиликлардан кўпроқ бўлса, кўпчиликни тинчитиб қўяди. Мана Совет даврида неча жойдан Будда ҳайкаллари топилган эди. Ўша жойларда ота-бобомизнинг йўли деб будпарастликни ёйларинг, шундай партия тузларинг, керак бўлса қўлларига пул берларинг,-деди Каримов.

-Худога ишонмаган одамлар Буддага ишонармикан?

-Сен ўзи ҳақиқий аҳволни ҳам билмайсан шекилли. Мана сен ва менга ишониб ўтиришибди-ку, нега энди Буддага ишонишмасин,-деди Каримов.

МУХОЛИФ ПАРТИЯЛАР

Каримов столининг устида турган кечаги газеталардан бирида чиққан “Ўзимизнинг мухолифат” деган мақолани кўриб, ўрнидан туриб кетди. Югурганча қабулхонага чиқиб, ёрдамчиларга бақира бошлади:

-Ким изн берди? Ким давлат тўнтариши қилмоқда? Қачондан улар ўзимизники бўлиб қолди? Ўзимиз ким ўзи?

Ҳеч нарсага тушунмаган ёрдамчилар даррров “ўт ўчирувчи” номини олган маслаҳатчини чақиришди. Маслаҳатчи келгач, Каримов хонасига қайтиб, газетани унинг олдига улоқтирди. Маслаҳатчи гап нимадалигини дарров тушунди-да:

-Ўзимизнинг рўйхатдан ўтган партиялардан баъзиларини конструктив мухолифат, деб номлаш билан ҳақиқий мухолифатни йўққа чиқармоқчимиз,- деди.

-Биринчидан, бизда ҳақиқий мухолифат йўқ, иккинчидан, рўйхатдан ўтганлар менинг партияларим, қандай қилиб улар мухолифат бўлади, нега дунёни алдайсан, сенга ёлғон гапиришни ким ўргатди ўзи?

-Ўтган кун чет элдан келган меҳмонларга, иккита партиямизни мухолифат деб кўрсатганиниз учун рост кўринсин дея заминни мустаҳкамламоқчи бўлдик,- деди маслаҳатчи.

-Менинг айтганимни қилларинг, қилганимни эмас, бунга ақлларинг етмайди,-деди Каримов.

2004 йил, 24 Апрел

БИР МИРИГА АРЗИЙДИ

Бугун Каримов маслаҳатчисига:

-Нурсултонга Кембридж университетининг доктори деган унвон беришибди-ми?-деди.

-Мажлис ўтказишлари учун жой бергани боис йўлига бир диплом топшириб, тўн кийгизиб қўйишган, аслида дипломлари бир мирига ҳам қиммат,- деди маслаҳатчи.

-Ундай бўлса мен олган унвонлару дипломлар ҳам бир мирига қиммат эканда-а?

-Йўқ, сизники бир мирига арзийди,-деди маслаҳатчи.

КЕСАККА ҚАЙТИШ

-Ҳожатхоналар масаласини ҳам тартибга солиш вақти келди, қоғозларни жуда кўп исроф қилишмоқда,-деди Каримов маслаҳатчига.

-Бир фармон тайёрлаб келайинми?-деб сўради маслаҳатчи.

-Нима дейсан, қоғоз ишлатишдан олдин одамларнинг бармоқ изларини олиш ва суратга туширишни йўлга қўйсак? Шунда айбдорларни топиш осон бўлади?

-Жуда кўп пул керак бу ишга, яхшиси қоғоз ишлатишни тақиқлаб, кесакка қайтиш керак,-деди маслаҳатчи.

ПУЛ ЖАМҒАРИШ УСУЛИ

-Чет элдан келадиган пулларни тартибга олдингми?-деб сўради Каримов Марказий Банк раҳбаридан.

-Айтганингиздек қилиб, хорижий пулни олувчилардан агар қариндошидан келган бўлса буни исботловчи ҳужжат кўрсатишни ва умуман пул қандай мақсадда келганини исботловчи ҳужжат келтирш қоидасини ўрнатдик,-деди Банк раҳбари.

-Ўрнатганингни биламан, қарийб бир ой бўлди, натижа қандай деяпман сенга?

-Ҳа, натижами, анча нарса тўпланди, лекин берганда қўл уялмайдиган бўлсин, деб ойнинг охирини кутиб тургандим-да.

-Ойнинг охири бўлмай бошими ҳозир? Уяладиган қўлни кесиб ташлаш керак-ка ўхшаб қолди, биласанми, шариатчилар ўғрининг қўлини кес, деб буюришади,-деди Каримов.

2004 йил, 25 Апрел

ТОПШИРИҚ

Бугун Каримов негадир шоша-пиша ишхонага келди:

-Нега ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит,-деди у ёрдамчисига.

-Бугун якшанба бўлгани учун…

-Мен ҳали бугун душанба деб ўйлабман. Бўл, ҳарамга, дам олишга кетамиз.

-Лекин Покистонга элчи бўлиб борадиган кишини чақиртирган эдингиз.

-Бўпти…-деди Каримов тарвузи қўлтиғидан тушиб.

Элчи этиб тайинланган киши кирганда Каримов унинг саломига алик олмади:

-Анварбек, биласанми сургунга нега кетаяпсан, қамоқдаги “тўти”ни радиога чиқаришни уддалай олмадинг, ука! Портлашларга ҳам кўп одам ишонмади. Интернетдагиларга қарши курашни ҳам расво қилдинг! Бунинг устига раис бўламан деб бошлиғингни тагига сув қуя бошладинг. Аммо у сени йиқитди. Лекин мен сени тепиб юбормадим. Лекин оёққа туришнининг битта йўли бор. У ҳам бўлса борган жойингдаги душманни ушлаб келиш!

-Бўлди буёғини дипломатия қилиб ташлаймиз,-деди янги элчи.

-Эҳтиёт бўл, Қатардаги русларни қилганларидек, сени ҳам дипломатия қилиб ташламасинлар-ки, қутқарадиган одаминг бўлмайди!-деди Каримов.

МАСАЛА

-Мухолифатдагилар битта партия тузиб, бирлашмоқчи эканлар,-деди вазир дам олиш учун чиқиб кетаётган Каримовга.

-Кимга қарши бирлашар эканлар? Менга қарши бирлаша олмайдилар, буни тарих исботлади, сенга қарши бирлашишлари мумкин. Шунинг учун бу сенинг масаланг,-деди Каримов.

ПУЛ

-Мухолифатни ким бирлаштириши мумкин?-деб сўради Каримов дам олиш учун шаҳар ташқарисига чиқар экан, ёрдамчисидан.

-Уларни фақат пул бирлаштира олади,-деб жавоб берди у.

-Уларни ким парчалиши мумкин?-яна сўради Каримов.

-Пул,-деди яна ёрдамчи.

-Пул, пул, пул, нима, бошқа гап йўқми?

-Бошқа ҳаммаси гап,-деди ёрдамчи.

2004 йил, 26 Апрел

АСЛИДА БОР БЎЛСА

Бугун Каримов чет элдан келиб-кетадиган дўхтири билан учрашди.

-Амалиётдан кейин қандай ўзгаришлар ҳис қилаяпсиз,-деб сўради дўхтир.

-Бошим елкамнинг бир томонида турганга ўхшайди,-деди Каримов.

-Бу нормал, вақт ўтиб, бошингиз ўз жойига қайтади,- деб ҳазил қилди дўхтир.

-Баъзан эса бошим йўқдек туюлади,-деди Каримов шикоятини давом эттириб.

-Агар аслида бор бўлса, ҳеч қаерга кетмайди,- деб жавоб қилди дўхтир яна ўрусчалаб.

ИСБОТ

Дўхтир Каримовни текширар экан, ҳайратланди:

-Туморнинг ҳатто изи ҳам қолмабди!

-Мендан керак бўлса тумор ҳам қўрқади,-деб ҳазиллашди Каримов.

-Шайтон ҳам тумордан қўрқади, деб эшитган эдим,-деди дўхтир.

-Бу ҳам менинг шайтон эмаслигимнинг бир исботи, мухолифларимга етказиш керак, улар мени фақат шайтонга қиёслашади,-деди Каримов.

СОДДАЛИК

Каримовнинг дўхтири:

-Фикрлаш қобилиятида ўзгариш борми? Масалан баъзи нарсалар эсдан чиқиб қоладими?- деб сўради.

-Ҳамма нарса эсимда туради, фақат берган ваъдаларим эсимда турмайди,-деб шикоят қилди Каримов.

-Бундан хавотир олмасангиз ҳам бўлади, бу ҳаммага маълум касал, унинг давоси халқда, лекин сизларда бу касални даволаш йўлга қўйилмаган, шекилли.

-Шунинг учун ҳам мен дўхтирни четдан олиб келишга мажбур бўлдимда,-деди Каримов “содда”лик билан.

2004 йил, 27 Апрел

ХЎЖАЙИН

Каримов бугун эрталаб вазирни чақиртирди ва:

-Қироличанинг туғилган куни байрамига кимлар борди?- деб сўради ундан.

-Кўпчилик бормади. Лекин анчагина одам борди,-деди вазир.

-Бормаларинг, демаганмидим. Борганларнинг ҳаммаси менинг душманларим. Нега уларни киритдинг?

-Чет эл элчихонасига биз хўжайинлик қила олмаймиз-ку?!

-Тўғрику-я, лекин мамлакат меники, мен хўжайинлик қилишим керак, сен меникига хўжайинлик қила олмайсан!,- дея вазирни камситди Каримов.

ДУШМАН

-Британия элчихонасини байкот қилгандик. Зиёфатга борганларнинг ҳаммасини қора рўйхатга тиркаб қўй. Керак бўлса онасини Учқўрғондан кўрсат! Менинг мамлакатимда яшаб, менга душман бўлганларга бу ерда нон йўқ! Кетсин, ҳаммаси! Қув ҳаммасини!,-деди Каримов

-Кичик қизингизни ҳам қувайликми?- сўради вазир.

-Тавба, мен нима десам қуйруғим нима дейди? Қизимнинг бунга нима алоқаси бор?

-У ҳам ўша ерда эдида,-деди вазир.

АНТИКАРИМОВ…

Интернетни кўриб ўтирган Каримов маслаҳатчисига деди:

-“Антикаримов” ёзувлар жуда кўпайиб кетибдими?

-“Прокаримов” ёзувларнинг олдида булар уммондан қатра,-деб жавоб қилди маслаҳатчи.

-Лекин одамлар асосан “антикаримов” ёзувларни ўқиётган эканлар-да!

-Одамларни биласиз-ку, шундай катта океан тургани ҳолда, бориб қаердаги булоқдан сув ичадилар..

-Ундай бўлса, океандан сув ичишга ўргатайлик, уларни,-деди Каримов.

-Океан жуда ифлосланиб кетган-ку, бунинг устига тозалайдиган куч ҳам йўқ,-деди маслаҳатчи.

2004 йил, 28 Апрел

БЕЧОРА…

Каримов уйқудан уйғониб ҳеч ишга чиққиси келмади. Ўзи билан ўзи тортишди:

“Нима қилсам экан? Пенсияга чиқсам-ми?”

“Ўзинг тарбиялаган итлар ғажиб ташлайдилар.”

“Истеъфога чиқсамми?”

“Оломон тошбўрон қилади?”

“Чет элга кетсам-ми?”

“Ушлаб келадилар?”

“Ўлиб қўя қолсам-ми?”

“Гўрдан чиқариб ташлайдилар?

“Нима қилай, бўлмаса?”

“Ўрнингдан тур ва идорага чиқ, бошқа нажот йўқ!”

ОТАЛАР ВА БОЛАЛАР

-Қандай хабарлар бор дунёда,- деб сўради Каримов маслаҳатчисидан:

-Шеварднадзенинг қизи икки ой олдин қамалган эрини озод қилиш учун бюджетга 15 миллион доллар пул тўлабди. Неча кундан бери шуни ёзиб ётибдилар,- деди маслаҳатчи.

-Қаердан олибди пулни?

-Америкадаги ҳисобидан?

-Бизга бу хабарнинг алоқаси йўқ. Бизнинг қутқарадиган куёвимиз ҳам йўқ. Шеварднадзенинг қизи аҳмоқ экан, қамоқдаги бир маҳбус учун шунча пул тўлаб,-деди Каримов.

-Шунинг учун ҳам пулни Шеварднадзе ўғирлаган эди,- деб эълон қилишибди.

-Оталар болалар учун жавобгар эканми?- деди Каримов

-Ўзингиз “Отаси боласи учун жавоб беради” деган шиорни ўртага ташлаган эдингиз…-деб эслатди маслаҳатчи.

-Демак, бизники уларда ўтади, уларники бизда ўтмайди,-деди Каримов.

МАНФААТПАРАСТЛИК

Интернетни қараб ўтирган Каримовнинг кўзи қўшиқчи Иосиф Кобзоннинг суҳбатига тушди. У Каримовнинг Нур Султоннинг зиёфатида ўзига қарата “Қонимдаги Совет туйғусини уйғотиб юбординг” деган гапларини келтирганди.

-Вой аблаҳей,-деди Каримов,- Мени Совет даврининг маҳсули деганлари учун у даврни ёмонлаган эдим. Бу гапимни бирор жойда айтсин, деб шундай дегандим. Артистларнинг гапига одамлар ишонади, деб ундан фойдаланмоқчи бўлган эдим.У эса гапимни бузиб ўз фойдасига ишлатибди. Одамлар жуда ҳам манфаатпараст бўлиб кетдилар-да!

2004 йил, 29 Апрел

ДЕПУТАТ

Бугун эрталаб Каримов сессияда ўқийдиган нутқини уни ёзиб келган “ёзувчи” билан бирга кўриб чиқар экан:

-Аслида ёзма нутқнинг кераги ҳам йўқ,-деди,- бутун дунё раҳбарлари қоғозга қарамай гапиришади, нега энди мен ўқиб беришим керак, мана бунақа маза-бемаза нарсаларни, демократия эмиш, инсон ҳақлари эмиш?

“Ёзувчи” агар “Сиз шундай гапирганда нима деяётганингизни, оғзингиздан чиқаётган гап нима эканлигини билмайсиз-да” деса боши балога қолади. Шу боис:

-Бизнинг депутатлар ўқиб берилган нарсани тушунишга ўрганишган,-деди Каримовни фикридан қайтаришга уриниб.

-Ундай бўлса келаётган сайловда уларнинг ҳаммасини янгилайман,-деди Каримов.

-Мен… мен…

-Ҳа, сенинг ҳам депутат эканлигингни биламан!-деди Каримов қўлидаги нутқни отиб юборар экан.

ҚОНУН

Каримов вазирга телефон қилди:

-Нима гап, идорангни олдида бунча одам?

-Биз ҳақимизда қонун қабул қилинишини талаб этиб, пикетга чиқишибди.

-Сен ҳақингда қонун қабул қилинишини сендан сўрашадими?-деди Каримов.

-Мен орқали сиздан сўрашмоқчи,-деди вазир.

-Ундай бўлса сен айтмадинг, мен эшитмадим.

ОҚЛАШ

-Одамлар нега пикет-микет қилиб юрибдилар?-деди Каримов маслаҳатчига.

-Одамлар эмас, ҳалиги грантчилар,-деди маслаҳатчи.-Олган пулларини оқлашлари керак-ку?

-Оқлаш керак бўлса, қанчадан-қанча қамоқхонанинг девори оқланмай ётибди, ана ўша ерга жўнат,- деди Каримов.

2004 йил, 30 Апрел

БЕБАҲО ГАПЛАР

Бугун эрталаб Каримов маслаҳатчисини чақириб:

-Кечаги, сессия пайтидаги гапларимга қандай муносабат бўлди?-деб сўради.

-Қайси бирига,- деди маслаҳатчи

-Нима, мен шунча кўп гап айтдиммики, қайси бирига деб сўрайсан?

-Ҳар бир гапингиз бебаҳо эди, ҳар бир гапингизга алоҳида муносабат бўлди. Айниқса, Интернетда.

-Мен бир соатдан бери Интернетдан қидириб ҳеч нарса топмадим-ку?

-Ҳалиги, сўкишлар ёзиладиган саҳифаларни ҳам кўрдингизми?-деди маслаҳатчи.

ҲИСОБ ТЕНГ

-Океаннинг нарёғидагиларга аталган гапларимга улардан ҳеч қандай жавоб келмадими?-деб сўради Каримов маслаҳатчидан.

-Улар ўз муаммолари билан банд. Балки ўзингизга телефон қилиб қолишар.

-Менга телефондаги гап эмас, ёзма гап керак.

-Ёзма гап… қўлимиздаги нақди шуки, Очиқ жамият институтини бекитганимизга улар сиздан ранжиган…

-Мен ҳам улардан ранжиганимни айтдим-ку!

-Ҳисоб бирга-бир бўлди-да. Шунинг учун ҳам улар жим,- деди маслаҳатчи.

ЖУРНАЛИСТЛАРГА МУНОСАБАТ

-“Тарсаки”ни журналистлар қандай қабул қилишди?- деб сўради Каримов матбуот котибидан.

-Айтганингиздек, ертўлага тушириб, олдиларига телеэкран қўйиб бердик, сессияни ўшандан томоша қилдилар. Лекин бироз норози бўлишди.

-Ҳамма гап экранга ўтиб кетмадими, ишқилиб?

-Йўқ, цензура қилиб, 40 минутлик кечикиш билан кўрсатдик.

-Шу пайтга қадар эркин қуш эдилар. Эркинликни бўғиш қандай эканлигини мана энди кўришсин,- деди Каримов.-Агар яна бизни танқид қилиб ёзсалар, кейинги сессия экранни ҳожатхонага кўчир!

2004 йил, 1 Май

ХОТИРА

Бугун эрталаб Каримов “1-Май” деган ҳужжатли фильмни томоша қилди ва ўзи билан ўзи гаплаша бошлади:

“Наҳотки, мен ҳам бошқа болаларга ўхшаб 1-Май куни байрамга чиқмаган бўлсам?”

“…”

“Наҳотки, мен ҳам пионер галстугини тақиб параддан ўтмаган бўлсам?”

“…”

“Наҳотки, мен ҳам комсомол бўлиб, 1-Май куни тадбирларида қатнашмаган бўлсам?”

“…”

“Наҳотки, мен ҳам коммунистик партия сафларини мустаҳкамлайлик, деб ҳайқирмаган бўлсам?”

“…”

“Демак, ҳаммаси хотирадан ўчган, ким сўраса мен октябрят, пионер, комсомол, коммунист бўлмаган деб қўрқмасдан жавоб берсам бўлаверади!”

ТАНЛОВ

Каримов Бош вазирни чақириб унга маслаҳат берди:

-Агар ўрнимни сенга бериб кетсам, Океаннинг нарёғидан дўқ қилишса, Шимолдаги оғанинг паноҳига ўтасан, агар Шимолдан таҳлика бўлса, Океаннинг нарёғига бош урасан,-деди.

-Агар таҳлика бирданига икки ёғдан ҳам бўлса-чи?-деб сўради Бошвазир.

-Унда танлайсан?

-Нимани танлайман.

- Ё ўзингни ўлдириш ёки болаларинг кўзи қисиқ, хитой бўлиб туғилишини,- деди Каримов.

ҚУЛ

Каримов матбуот котибини чақириб:

-3-Май куни дунёда матбуот эркинлиги куни экан, тағин бирор-бир тадбир қилмаларинг,-деди.

-Кейин яна бизни танқид қилувчилар кўпайиб кетади-да,- деди котиб.

-Танқид билан бир нарса ўзгарса, мана сен ўзгарар эдинг, неча йилдан бери ишласанг-да ҳеч нарсага ақлинг етмайди, индамасдан айтганимни қил, десам ҳам яна тилингни тиймайсан,-деди Каримов.-Номинг матбуот котиби, ўзинг эса менга қул, буни унутма?

-…

2004 йил, 2 Май

ЛЕКИН…

Бугун эрталаб Каримов маслаҳатчисига:

-Лотин алифбосига ўтишни 2010 йилга қадар кечиктирганимиз яхши бўлди. Энди ана у ошнамизнинг мен ҳақимда ёзган латифаларини ҳеч ким ўқимайди,-деди.

-2010 дан кейин-чи?

-1993, 1995, 2000, 2005, 2010… ана шундай узатиб кетаверамиз. Унгача латифалар эскириб қолади.

-Лекин…

-Лекин-пекинингни қўй! Қани ўша саҳифани очгин-чи, бугун нима ёзибди!

ОҚПАДАР

Каримов “қаҳрамон” шоир билан гаплашиб ўтирар экан:

-Раҳмат, Мурожаатномани яхши ёзибсиз. Менга ҳам, одамларга ҳам ёқди,-деди.

-Сизга ҳам раҳмат, бизни шу лотин алифбосидан қутқарганингиз учун,-деди шоир ялтоқланиб..

-Сизларни қутқариш менинг вазифам. Билмадим, мендан кейин нима бўласизлар?

-Сиз танлаб кетган қутқарувчининг паноҳида турамиз.

-Агар у мени қораласа ҳам-ми?

-У кимнидир мақтаганимиз ва кимнидир қоралаганимиз учун бизга оталик қилади-да, бўлмаса бизни бир тийинга ҳам олмайди.

-Аслида шундай қилиб тўғри қилади,-деди Каримов.-Оқпадарларга бу ҳам кам!

КИМ ХУРСАНДУ КИМ ХАФА

-Лотин алифбосини тўла жорий этганимизда ўрус оғайнилар хафа бўлган бўларди, мана энди каттаси телефон қилиб раҳмат айтди,-деди Каримов маслаҳатчига.

-Аммо мактабларни лотин алифбосида битириб чиқаётганлар энди кирилни ўрганишлари учун бироз маблағ сарфлашимиз керак.

-Қўявер, бироз чаласавод бўлишса, кўп нарсага ақллари етмайди ва айтганимизни бажариб ўтираверадилар,-деди Каримов.

СЕҲР

-Олдинги подшодан кейин “Унинг сеҳрига тушиб қолган эканмиз” деб ёзган эдингиз,- деди Каримов кекса, нури кетиб, пири қолмаган маддоҳ-шоирга орден топширар экан.-Мендан кейингининг “сеҳри” ҳақида ҳам ёзасизми?

-Қачон ёзай, бугунми, эртагами? Амрингиз вожиб!

2004 йил, 3 Май

БАЙКОТ

Бугун эрталаб Каримов невараси билан гаплашгиси келди. Телефон қилса қизи олди:

-Болалар билан гаплашмоқчи эдим,-деди Каримов унга.

-Мен бола эмасми сизга?

-Сен билан кўп гаплашганмиз,, қани чақир уларни телефонга!

-Улар сиз билан гаплашмаймиз дейишмоқда.

-Нега?

-Чунки Интернетда аям ҳақида ёзилган мақолалар бобомнинг юртида қўлба-қўл юргани ҳолда бобом бунга чора кўрмаганлари учун байкот эълон қилдик, дейишмоқда.

-Ҳозир ўрус ошнамга телефон қилсам борми, у байкот деган гапни эшитса жинниси тутади, сан кўрнамакларни бир зумда қувиб юборади,-деб телефонни улоқтириб юборди Каримов.

ОҒА

-Чегарага яқин жойдаги босмахона нима бўлди?-деб сўради Каримов ёрдамчисидан.

-Сизнинг Нурсултон оғага телефон қилганингиздан кейин дарҳол ёпиб ташланди.

-Қачондан у сенга оға бўлиб қолди?

-Кечирасиз қарға демоқчи эдим, оға деб юборибман, туф, туф…,-дея ёрдамчи ўзини оқлаган бўлди.

ҚУДРАТ

-Ироқдаги расмларни кўрдингми?-деди Каримов ёрдамчисига.

-Кўрдим, биз ҳам газеталарга бериб, бизда бу даражага етмаганини ёзсак-ми?

-“Бизда бу даражага етмаган” деган гапни ўзгартир, бу гап қудратимизга соя ташлайди,-деди Каримов.

2004 йил, 4 Май

БУРГА…

Каримов эрталаб кундалик маълумотномаларни ўқиб чиққач, вазирни чақиртирди.

-Ана у элчини нима қиламиз? Энди матбуот эркин эмас, деб вайсабди-ми? Нима, унга жавоб берадиганлар йўқ эдими?

-Биздан икки киши чиқиб, уни аския қилишди, ҳатто унга пичинг ҳам отишди,-деди вазир,-лекин у аскияни тушунмас экан.

-Бизга унинг тушуниб-тушунмагани муҳим эмас, бизга ўзимизникилар тушунса етади. Эртага “Битта шу элчининг оғзини ёпа олмаяпти, демак ити кетиб, бити қолибди” деган гаплар тарқалиши мумкин.

-Болаларга айтаман, матбуотга элчини боплаб аския қилишади, ити кетиб, бити қолади.

-Уларда бит бўлмайди. Уларнинг бургаси бор, аммо ёмон чақади.

-Қандай ўлдирсак экан, бир маслаҳат бериб, йўл кўрсатиб юборсангиз?!-деди вазир Каримовнинг ўзидан қарор олиш учун.

-Ахмоқлар, шуни ҳам билмайсизлар. Аввал бургани ушлайсан, кейин икки тирноғинг орасига олиб эзасан, “қирс” этсагина ўлгани бўлади!

ПАЙТАВА

Каримов янги ишга олинган маслаҳатчисига телефон қилиб:

-Тез, қаердан бўлса ҳам, “Пайтава”ни топиб кел,-деди.

Кўп ўтмай маслаҳатчи ҳовлиқиб кирди:

-Бир қошиқ қонимдан кечинг. Ҳамма пайпоқ кийгани учун пайтава деган нарса қолмабди,-деди.

-Аблаҳ, ана у муҳаррирнинг лақаби “Пайтава” эканлигини билмайсанми?

-Қайси муҳаррирни айтаяпсиз, тушунолмадим?

-Онангни эрини!-Каримовнинг жаҳли вулқондек портлаб кетди.

-Дадам муҳаррирликдан кетганларига кўп бўлган, шоирлик қиладилар, ҳозир сиз ҳақингизда янги достон ёзмоқдалар, лақаблари “Пайтава” бўлганини билмас эканман,-деди ҳали саройнинг ҳавосини олмаган содда маслаҳатчи.

Каримов ўзини тутолмади ва унинг орқасига бир тепиб:

-Бор-е, кўзимга кўринма, айт, ана у “Латтакесар” кирсин,-деди.

Маслаҳатчи бошини елкасининг ичига тортганча, орқасини ушлаб, яна тушунмай чиқиб кетди.

КЎПШАХСИЯТЛИ

-Интернетда “Каримовнинг иккита юзи бор” деб ёзишмоқда. Нега жавоб бермадиларинг,-деди Каримов матбуот котибига.

-Бу айблов эмаску,-ажабланди котиб.

-Бу айблов бўлмаса, бу ҳақорат!- тутоқди Каримов.

-Аслида ҳам юзингиз иккита. Улар тилни ҳам билмайдилар. Қолаверса ҳозир дунёда бир неча шахсиятли одамлар кўпайган. Тиббиётда уларни руҳий касаллар сафига қўшишган…

-Сен мени девона демоқчимисан?

-Йўқ, йўқ, бундай одамлар ҳар қанча жаллодлик, қотиллик қилсалар ҳам адвокатлари айбни уларнинг бошқа шахсиятларига, яъни бошқа юзларига юкламоқдалар, улар осонгина оқланиб кетмоқлар.

-Шундай демайсан-ми, ундай бўлса иккита эмас, еттита деб жавоб ёзинглар,- деди Каримов.

2004 йил, 5 Май йил

КЎРИКДА

Каримов бугун дўхтир кўригидан ўтди. У простата раки бор-йўқлигини текширган дўхтирнинг устидан кулиб:

-Ишингиз у ёқ-бу ёқни ушлаб кўриш экан-да,-деб кулди.

Орадан кўп ўтмай дўхтир қўлига оқ целлофандан қилинган юпқа қўлқопни кийиб, кўрсаткич бармоғини ўйнатар экан, лабида табассум айланди.

-Нега жилмаяяпсиз?-деб сўради Каримов.

-Энди гемарой бор-йўқлигини текширамиз,-деди дўхтир мамнун оҳангда.

БОШҚА ДЎХТИРГА

-Оғзингизни очинг,-деди тиш дўхтири Каримовга

-Мен сенга Саддамми, буйруқ берасан? Мен қурол-аслаҳани оғзимга яширадиган қадар ахмоқ эмасман, яширсам сочимнинг орасига яшираман, ҳеч ким тополмайди.

-Бўпти, оғзингзини ёпинг,-деди дўхтир ва қўлидаги нарсаларини столнинг устига қўйиб, қоғозга нималарнидир ёза бошлади.

-Нима бўлди?-деб сўради Каримов.

-Ҳеч нарса бўлгани йўқ, сизни бошқа дўхтир ҳам текшириши кераклигини ёзаяпман.

УЙҒОНМАНГ

-Жуда ҳам ёмон ухлайман,-деди Каримов психиатор врачга.

-Нималарни туш кўрасиз,-деб сўради дўхтир.

-Доим биттаси белига портлатгич боғлаб келиб, мени қучоқлаб олади ва Худога шукур-ки уйғониб кетаман.

-Бу сафар, уйғонмасликка ҳаракат қилинг,-деди дўхтир.

2004 йил, 6 Май

ДЕМОКРАТИЯ

Бугун эрталаб Каримов маслаҳатчисидан сўради:

-Партиялар ўзаро жанжал бошлабдилар-ми?

-Йўқ, Сиз уларни “Бир хилдаги жўжахўрозлар” деб танқид қилганингиздан кейин йўлигагина бир-бирларига тош ўтиб қўймоқдалар.

-Мен йўлига тош отсин, демаган эдим. Уларни чинакамига уриштир! Халқ томоша қилсин! Агар демократия деганлари шу бўлса, мана бердик, шу билан қоринлари тўйсин!

САКСАКАШВИЛЛИ

-Қолган халқаро ташкилотларнинг ҳам жиловини тортиб қўйсакми? Уларнинг ҳам нияти бузуқ, Гуржистон вариантини ўйлашмоқда,-деди маслаҳатчи Каримовга.

-Бизда ҳеч қачон бундай вариант бўлмайди, деб сенга неча марта айтишим керак. Гуржистон варианти учун, аввало, бизда Саксакашвили йўқ.

ИМТИҲОН

-Уруш фахрийларига олдингиси каби биттадан бепул машина бериш ҳақида лойиҳа тайёрласам, қўл қўйиб берасизми?-деб сўради Каримовдан маслаҳатчи.

-Бундан бир неча йил олдин ҳам шундай қилган эдик. Ўруслар юбормади, деб баҳона қилсак ҳам ўшанда 3-4 ёқайиртарга беришга мажбур бўлгандик. Бу сафар нимани баҳона қиламиз?

-Олдин имтиҳон топшириб ҳайдовчи гувоҳномасини олинглар деймиз, қани ўтадигани топилармикан, ҳаммаси қариб қартайиб қолган.

КАФАНЛИК

-Қўй, Иккинчи Жаҳон уруши фахрийлари учун машина берамиз, деган гапни йиғиштир. Яхшиси 18 минг сўмдан нақд пул ваъда қилгин,-деди Каримов маслаҳатчисига.

-Нега энди 20 эмас, 18 минг?-ажабланди маслаҳатчи.

-Ҳозир бир кафанлик 18 минг сўм экан. Шуни ҳам билмайсан. Уруш фахрийлари эса буни бепул оладилар. Нақд пул йўқлиги учун деб 3 метрдан сурф берасан, яқин орада уларнинг қолган қутганлари ҳам ўлиб кетади, ўшанда эса бу кафанлигини олган эди, деб ҳисобни тенглаштириб қўясан, шу билан кабоб ҳам куймайди, оғиз ҳам!-деди Каримов.

2004 йил, 7 Май

НАМОЙИШ

Бугун Каримов вазирни чақириб, ундан сўради:

-Биринчи Июнда давлат тўнтариши бўларкан-ми?

-Э, Худо сақласин, бу гапни қаердан олдингиз?-деди Вазир ҳовлиқиб.

-Мухолифатчилар шу куни оммавий митинг қиламиз, деб юришган экан-ку!

-Ҳа, энди уч-тўрттаси шундай деб юрибди, лекин давлатни тўнтарадиган куч қани уларда?!

-Аммо шунга уринишаётган экан-ми, сен чорасини кўришинг керак, давлатни тўнтарадиганларни сен тўнтариб қўй, билдингми, бор бажар!

ДУНЁГА ДАРС

Каримов маслаҳатчини чақирди ва унга:

-Беш олти киши биринчи Июн куни Оммавий митинг қиламиз деб югуриб юрган экан. Бундан фойдаланишимиз керак,-деди.

-Айтганингиздай қилиб фойдаланамиз,-деди маслаҳатчи.

-Митингга келувчиларнинг кимлигини аниқлаб, олдиндан “тугмасини тикиб” қўйиш керак. 4-5 та ташкилотчига эса индамаларинг. Ўзлари тўпланишсин. Дунёда дарс бериб қўяйлик, кўришсин, уларнинг орқасида қанча одам борлигини.

ХАТ

Каримов ёрдамчисига деди:

-Биринчи Июнда бўладиган оммавий митинглар ташкилотчиси қилиб ана у бебош элчини кўрсатинглар. Вазир билан келишиб унинг бошлиқларига битта хат ёзинглар.

-Хатни ҳозирдан юбораверайликми, ёки биринчи Июндан кейинми?-сўради ёрдамчи.

-Аввал одамларинг орқали ташвиқ қилиб, унинг ўзини ҳам ўша куни митингга олиб чиқларинг ва ана ундан кейин хатни жўнатларинг,-деди Каримов.

2004 йил, 8 Май

АЙБДОР

Бугун Каримов вазирни чақириб, ундан сўради:

-Ана у катта мамлакат элчихонаси ёнида пикет бўлибдими?

-Ҳа, индамадик. Кўриб қўйишсин, агар демократия бўлса булар кимнинг ёқасидан олишларини,-деди вазир гердайиб.

-Нималарни талаб қилишди?

-Бизга ёрдам бермасликларини ва Сизнинг истеъфонгизни?

-Менинг истеъфомни нега улардан талаб қилишади?

-Шундай бўлгани яхши, биласизку улар истеъфо масаласини ҳар бир жойнинг ички масаласи деб ҳисоблайдилар ва жиддийга олмайдилар, бизникиларнинг наздида эса ҳамма нарса уларнинг бўйнига тушади, тарих олдида улар айбдор бўлиб қоладилар,-деди вазир.

-Ундай бўлса, айт ҳар кун чиқаверишсин!

ҒИЛДИРАК-1

-“Тарихнинг ғилдираги ортга айланмайди” ҳужжатли фильмига одамларнинг муносабати қандай?-деб сўради Каримов маслаҳатчидан.

-Қўмитанинг бу ҳақдаги ҳисоботини столингиз устига ҳам қўйганман, одамлар фильмнинг номидан ажабланишди, ахир бизда ҳеч қачон халифат бўлмаган-ку, дейишмоқда.

-Тўғрия,-деди Каримов,-бу фильмни қилганларнинг калласидаги ғилдираклар айланмайди, шекилли!

ҒИЛДИРАК-2

Каримов телевидениеда намойиш этилган фильмнинг муаллифини чақирди.

-Тарихнинг ғилдираги ортга айланмайди, деб ким айтди сенга?-деб сўради ундан.

-Фильмнинг номини ўзингиз қўйиб бердингиз-ку, отахон,-деди муаллиф суюлиб.

-Мен сени билимингни синаш учун шундай ном қўйгандим, бизда қачон халифат бўлган?

-Халифат … ҳеч қачон бўлган эмас.

-Нега бўлмаса, фильмнинг номини “Тарихнинг ғилдираги ортга айланмайди” дединг.

-Мен…

-Бор, кўзимга кўринма, энди сенинг ғилдирагинг бутунлай айланмайди,-деди Каримов.

2004 йил, 9 Май

ВАСВАСА

Бугун Каримов хотирлаш анжуманида қатнашиб қайтар экан, хаёлга ботди ва одатига кўра ўзи билан ўзи гаплашди:

“Мени ҳам шундай тантана билан хотирлашадими?”

“Эслашганда қандоқ? Тўпланганларнинг ҳаммаси ҳўнгир-ҳўнгир йиғласа керак.”

“Айниқса, қаҳрамон шоирлар кўпроқ йиғлайди.”

“Ҳа, уларни ҳамма балога шерик қилиб қўйдим, жавобини берсинлар.”

“Қандай жавоб беришади-ки улар ҳам сенинг ёнингда бўлишса?”

“Нега энди менинг ёнимда бўлишади?”

“Чунки бирданига кетмадик-ми?”

“Астағфурулло дегин, лаънат шайтонга, улар олдин кетишлари керак!”

“Ундай бўлса сен уларни хотирлаб йиғлашинг керак бўлади.”

“Улар ким бўлибди-ки мен улар учун йиғлайин. Улар мен учун йиғлашлари керак!”

КОНФЕРЕНЦИЯ

Каримов маслаҳатчини чақириб:

-Қандай янгиликлар бор?-деб сўради.

-Чет элликлар “Электрон ҳукумат” мавзуида халқаро конференция ўтказишни таклиф қилишганди…

-Электрон ҳукумат дегани нима экан?

-Ҳамма нарсани компьютерингизга жойлаб беришади, ҳамма ёқни ўтирган жойингизда тугмаларни босиб бошқараверасиз. Масалан, вазир чой ичаяптими ёки конякми, буни ҳам дарҳол аниқлаш имкони бўлади.

-Унинг конягига заҳар солиб қўйишнинг ҳам йўли бўладими?

-Албатта, битта вирус юборадиган тугма ҳам бўлади.

-Қачон ўтказишмоқчи конференцияни?

-Йилнинг охирида.

-Йўқ, шу ойнинг охирига кўчир ва бу ишни тезлат!-деди Каримов.

ФАМИЛИЯДОШЛАР

Каримов маориф соҳасига янги тайинланган вазир билан суҳбатлашди.

-Биласанми сени нега танладим?-деди унга.

-Йўқ,-деб жавоб қилди вазир.

-Фамилиянг олдинги вазирники билан бир хил бўлгани учун. Эртага фамилиянг нима эди деб адашиб юрмаслик учун шундай қилдим.

-Ундай бўлса, унинг ўзи қолаверса бўларди-ку,-деди вазир.

-Оҳҳоо, тилингиз узунку, нима бу фамилиядан бошқа одамда йўқ деб ўйлаяпсан-ми? Сени 50 та ана шундай бир хил фамилиядагилар орасидан танлаб олдим. Яна бир марта “ғинг” десанг, вазирликдан қувиб, бошланғич синфга жўнатаман. Ҳа-я, сени чақирганимнинг боиси олдинги вазирга, яъни фамилиядошинга бирорта мактабдан иш топиб бер ва назоратда ушла демоқчи эдим, “ғинг” деса тилини кес!,-деди Каримов.

2004 йил, 10 Май

ҚЎРҚУВ

Бугун Каримов ўрусларнинг раҳбарига телефон қилиб, Чеченистонда юз берган портлов туфайли таъзия изҳор қилди. Кейин хонасида деразадан ташқарига қараб чой ичиб турган вазирга:

-Яхшиям 9-Майни “Ғалаба байрами” қилмасдан “Хотира куни” қилган эканмиз,-деди.

-Бизда барибир у даражага бормайди. Ҳаммаёқни ўзим бошқариб турибман,-деди вазир.

-Мен шундан қўрқаман-да,-деди Каримов.

ЙЎЛ

-Туркманбоши президентлик муддатини яна узайтирибдими?-деб сўради Каримов Афандидан.

-Уларга фарқи йўқ, узайтирадими, кесадими, бир умрлик қиладими?-деди Афанди.

-Биз нима қилсак экан?-деди Каримов Афандининг кўзига термулиб.

-Биз уларнинг йўлидан бормаймиз, бизнинг ўз йўлимиз бор,-деди Афанди ғурур билан.

-Қайси йўл?-сўради яна Каримов.

-Сизнинг йўл-да, тақсир,-деди Афанди.

-Менинг йўлим? Қайси йўлим?

-Тақсир, йўлингизни сиз билмасангиз, мен биламан-ми?- деди Афанди.

НАСИБА

Каримов маслаҳатчини чақириб:

-Эртага келадиган меҳмон келмайдиган бўлди,-деди.

-Келавермайдими, биз қўйларни сўйиб қўйган эдик,-деди маслаҳатчи.

-Нега бир кун олдиндан сўйиб қўйдинг! Сен судралувчи эдинг-ку, бу сафар нима бўлди?

-Аслида қўйни сизга атаганмиз, барра, меҳмонга эса ўзига ўхшаган чўчқа сўйиб қўйгандик…

-Бўпти, қўйни менга қолдир, чўчқани эса ўзингга ол, ҳар кимнинг насибаси!-деди Каримов.

2004 йил, 11 Май

АҲОЛИ СОНИ

Каримовнинг ҳузурига кирган маслаҳатчи аҳоли рўйхатга олингандан кейин эълон қилинадиган рақам ҳақида сўрамоқчи бўлиб:

-Оқсоқол, аҳоли сонини нима қиламиз?-деди.

-Нима қилардик, томоша қиламиз,-деди Каримов.

ЧИПТАФУРУШЛАР

-Мухолифат бирлашиш ўрнига муштлашиб кетибдими?-сўради Каримов маслаҳатчидан.

-Мажлисга борган элчи учун томоша қўйиб бердик-да,-деди маслаҳатчи мақтаниб.

-Текин томоша кимга ҳам ёқмайди. Чиптасини олсин эди.

-Чиптафурушларимиз унгача етиб боролмадилар, харидор кўп эди.

-Санлар доим асосий харидорни қочирасанлар. Қўрқоқлик қонларингда бор!,-деди Каримов.

АДАШМОҚ

-Мотамсаро она ҳайкали ёнида жуда хафа кўриндингиз, нимани ўйладингиз, тақсир,-деб сўради Афанди Каримовдан.

-Сени онангни,- деди Каримов савол ёқмагани учун қўрс жавоб қилиб.

-Менимча ўз онангиз билан менинг онамни адаштираяпсиз,-деди Афанди.

СПОРТ ЗАЛИДА

Спорт залида Каримов ўзига ва Афандига турник ўрнаттирганди. Афанди турникка осилаётганда Каримов келди. Бу пайт усталар унинг турнигини тузатишаётганди ва у Афандиникига осила бошлади.

-Тақсир, нега меникига осиласиз,-деди Афанди.

-Кўрмаяпсиз-ми, меники йиқилиб қолибди, турғазиб бўлмаяпти,-деди Каримов.

2004 йил, 12 Май

ОЛИЙ ЖАЗО

Каримов маслаҳатчисига:

-Раҳмонов ўлим жазосини бекор қилайлик, деган ташаббус билан чиқибдими?-деди.

-Ўзининг келажагига замин ҳозирлаётган бўлса керак-да ,-деб жавоб қилди маслаҳатчи.

-Биз нима қиламиз?-деб сўради Каримов.

-Биз олий жазони бекор қиламиз-ми, қилмаймиз-ми, барибир келажагимизга таъсири йўқ.-деди маслаҳатчи.

БОЗОР ИҚТИСОДИ

-Туркманбоши ўзи туғилиб ўсган қишлоқда ўн минг киши бирданига намоз ўқийдиган мачит қурибди,-деди ёрдамчиси Каримовга.

-Биз қурмасак ҳам ташвишимиз етарли,-деди Каримов.

-Лекин қурсак келажакда сизнинг номингизга қолган бўларди.

-Келажакни қўй, бугундан гапир. Ўша Туркманбоши ҳар бир одамдан қанчадан пул олар экан, чипта учун?

-Мачитга кириш учун ҳам пул беришадими?

-Санлар Совет зеҳниятида қолиб кетдингизлар, санлар билан қандай қилиб бозор иқтисодига ўтамиз экан-а?- деди Каримов уф тортиб.

МУЗЛАТИШ

Каримов туш кўрса Афанди терговчи экан. Уни сўроққа чақирди. У Афандининг кондиционер ғириллаб ишлаб турган хонасига кирар экан:

-Ҳамма ёқни музлатиб юборибсиз-ку, тақсир?- деди.

-Йўқ, ҳали сизнинг ҳисобларингизни музлатиб улгурмадим,-деб жавоб қилди Афанди.

2004 йил, 13 Май

ОЛ

Бугун Каримов хорижий радиога ҳужум қилган телевидение ҳақида бир қанча норозилик маълумотларини олди ва мухбирни чақирди:

-Одамларнинг оёғидан олишга жа, уста экансан-ку?-деди.

- Ўзингиз айтганингиздек қилдим, Сиз ол десангиз, бўлди, олаверамиз,-деди мухбир.

-Ундай бўлса, ол!-деди Каримов.

-Нимани тақсир?

-Оёғимни-да!

-Қайси бирини?

-Ўзинг топ, қайси бири эканлигини,-деди Каримов.

ҚЎРҚУВ

-Кеча ўрус меҳмоннинг қўллари қалтираб турганди, мен билан учрашувдан олдин музейга борган экан. Ҳеч гап бўлмагандими?-деб сўради Каримов вазирдан.

-Киришидан чиққанига қадар қалтиради,-деди вазир.

-Нега қалтирайди?-сўради Каримов.

-Қўрққанидан-да!

-Нимадан қўрқади?

-Музейдан кейин Сиз билан учрашиши керак эди-да,-деди вазир.

-Мендан нега қўрқади?

Каримовнинг авзойи бузилганини кўрган вазир одатига кўра дарҳол вазиятни тузатди:

-Қўрқмайди, лекин сизни ҳурмат қилади, ҳурматни кўрсатиш учун қалтираш керак, у музейда қалтирашни машқ қилди….

ЭТАК

-Интернетни нима қилсак экан?-деди Каримов Афандига.

-Ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганларидек, бу Интернетни ҳам ҳеч нарса қила олмайсиз,-деди Афанди.

-Менинг этагим ойни ҳам ёпади керак бўлса, Интернетни ҳам бекитсам қойил қоласизми?-деди Каримов.

-Бекитишга бекита олмайсиз. Лекин Интернетнинг мухлислари сони камаяди. Чунки кўпчилик Сизни томоша қилади,-деди Афанди.

2004 йил, 14 Май

ШАРТ

Каримов Олий ўқув юртлари бўйича янги тайинланган вазирини чақириб:

-Биласанми, сендан олдинги вазир нима қилганини?-деб сўради.

-Билмадим…,-деб жавоб қилди вазир.

-Тинимсиз пора олган, ўғирлик қилган, талон тарожликка йўл қўйган, ошна-оғайничиликни қўллаган, кўзбўямалик қилган, талаба қизлар билан ётиб-турган…

-Йўғе…-деди вазир,-ажабланган тарзда.

-Кўп ҳам ўзингни ажабланган қилиб кўрсатма. Сен унга биринчи ўринбосар эдинг, буларнинг ҳаммасига шериксан, мана делога тиркаб қўйдим. Мен бу ишларни қилма демайман, эркакчиликда кўп гап бўлади, фақат шартим шуки, ётсанг ҳам турсанг ҳам мендан яширма ,-деди Каримов.

ИССИҚКЎЛ

-Чингиз Айтматов кейинги ой Иссиқкўлда мажлис қилиб, Нурсултоннинг “Авроосиё плани”ни қўллар экан-ми?-деди Каримов маслаҳатчига.

-Сизни ҳам таклиф қилган,-деди маслаҳатчи.

-Унга орден бериб бекор қилган эканмиз, сотилиб кетди.

-Нурсултон билан Асқар каттароғини берди. Биз ҳам қаҳрамон-паҳрамон унвонини берсак-ми, балки ўшанда бизнинг йўлга юриши мумкин бўлар,-деди маслаҳатчи.

-Аввал у нимани ёқтиришини билинглар,-деди Каримов.

-У яқинда газетага берган суҳбатида энг ёқтирганим Иссиқкўл дебди, Иссиқкўл менинг тақдирим, менинг ҳаётим, дебди.

-Бўпти, унинг истаганини топ,-деди Каримов.

АХМОҚОНА ИШ

-Туркманбоши болаларни пахта теримига олиб чиқмаслик ҳақида қарор қилибди, сиз ҳам шундай қилмайсиз-ми?-деди Афанди Каримовга.

-У ғирт ахмоқ одам бўлса, унинг қарорлари ҳам ўзига ўхшаган ахмоқона…

-Лекин ҳамма вақт у қабул қилган қарорни сиз беш-олти ойдан кейин такрорлайсиз, бу сафар кечикманг,дедим-да, тақсир,-деди Афанди.

2004 йил, 15 Май

ТАЛАБ

Бугун Каримов дам олгиси келди. Ҳарамга борар экан, бирдан вертолетнинг мотори ишламай қолди.

-Нима гап…?-дея олди. Кейин нафаси қайтди. Кўзини очса, вертолет пастга қараб тушиб кетаяпти. Боши айлана бошлади. Юраги айниб, алланечук бўлди. Шу пайт вертолет бирдан яна теппага кўтарила бошлади ва мувозанатни сақлади. Ўзига келган Каримов вертолетчига бақира бошлади.

-Бақирманг, ҳозир рулни қўйиб юбораман!-деди вертолетчи.

-Нима истайсан ўзи, мендан?-сўради Каримов.

-Истеъфо беришингизни!

-Бўпти…,- деди Каримов ва бироз нафас олиб, қўшимча қилди:-қўйиб юбор рулни!

ҚЎРҚУВ

Ҳарамга бориб қўнгандан кейин Каримов вертолет ҳайдовчисининг пешанасига тўппонча тираб:

-Кимга сотилдинг, аблаҳ?-деди,-Нега мени ўлдирмоқчи бўлдинг?

-Отмоқчимисиз? Мен сизнинг жонингизни сақладим. Бензин баки тешилган, кўрмаяпсизми ҳаммаёққа бензин сачраяпти.

-Бу баҳона бўлолмайди. Кимга сотилганингни айтмасанг отаман!

-Отинг!

-Отаман деяпман, сенга!

-Мен ҳам сизга отинг деяпман! Бутун миллатнинг савобига қоламан.

-Намунча ўзингга ишонмасанг. Нима бошинг ўқ ўтмасми?-деди Каримов.

-Кўрмаяпсиз-ми? Бошим бензин бакининг ёнида турибди,-деди учувчи.

ТАЛОҚ ХАТИ

Каримов Ҳарамда ёш-ёш қизлар билан ўйин кулги қилар экан, бузуқчиликларни видео олдирди. Қайтар эканлар, Афанди видео тасмага ишорада бўлиб:

-Тақсир буни янга кўрса нима бўлади?-деди.

-Нима бўларди? Талоқ хати олади,-деди Каримов пинагини бузмай.

2004 йил, 16 Май

ТАРИХ-МАРИХ

Бугун якшанба бўлгани учун Каримов уйқу дорини ичиб кун бўйи ухлади. Шомга яқин уйғониб маслаҳатчисидан:

-Дунёда нима гап?-деб сўради.

-Олимлар Кёто шартномасига қўшилмаганларни танқид қилиб, Глобал исишнинг олди олинмаса келажакда дунёни бутунлай сув босиб, офатлар қоплайди, ер шарида тирик жон қолмайди демоқдалар…

-Э, Худога шукур!,-деб маслаҳатчининг гапини бўлди Каримов.

-Нимага тақсир?-ажабланди маслаҳатчи.

-Ахмоқ янганг ҳар куни келажакни ҳам ўйланг, сиздан кейин болаларингиз, невараларингиз нима қилишади? Фақат бугунни, ўзингизни ўйламанг, тарихда яхши ном қолдириш ҳам керак, деб минғиллагани-минғиллаган. Бу хабарни дарҳол унга етказ, келажакда тарих марих бўлмайди!

2004 йил, 17 Май

ФИЬМ

-Ойнинг охирида Москвада киночиларнинг йиғилиши бўлар экан, рухсатингиз билан шунга қўшилаяпмиз, кимлар боришини ҳам бир маслаҳат қилмоқчи эдим,-деди бугун эрталаб вазир Каримовга.

-Кимлар боришини кейин кўрамиз. Аввал айт-чи, қандай фильм олиб бораяпсизлар?

-Сиз ҳақингиздагини?-деди вазир бурролик билан.

-Мен ҳақимдагини қўя тур, яқинда бўлган ҳужумлар ва буни уюштирганлар ҳақидагини олиб бор!

-Зотан шуни олиб бораяпмиз-да,-деди вазир.

НОМАҚБУЛ ВА БОМАҚБУЛ

Бугун Каримов инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчисини чақирди:

-Инсон ҳуқуқлари ёмон, деб китоб чиқарибсизлар-ми?-деб сўради ундан.

-Йўқ, ўзингизга олдиндан айтганимдек, бу борадаги ютуқларимиз ҳақида китоб қилдик ва баъзи жойларига сизнинг айрим камчиликлар юзасидан айтган гапларингизни қўшиб кетдик,-деди маслаҳатчи.

-Мен китобнинг фақат бош қисмида ўз исмимни кўрдим, қолган жойида йўқ-ку?

-Камчиликлар айтилган номақбул жойларда сизнинг бомақбул исмингиз бўлмагани маъқул деган фикрга келдик-да,-деди маслаҳатчи тилёғламачилик билан Каримовнинг кўнглини олиб.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

-Пайғамбар бўлиш учун нима қилиш керак?-деб сўради Каримов Афандидан.

-Туркманбошидан сўраш керак!-деди Афанди.

-Сиздан ҳеч тўгри гап эшитиш мумкин-ми, ўзи?-Каримовнинг жаҳли чиқди.

-Мумкин, Пайғамбар бўлиш учун Худодан мужда олиб келиш керак,-деди Афанди.

-Шунча йўлга бориб-келиш керакмикан?

-Сиз боришни ҳал қилинг, тақсир, келишини Худонинг ўзи ҳал қилади,-деди Афанди.

-Қандай қилиб ҳал қиламан?

-Жуда осон, соқчиларингизни ташлаб, бир ўзингиз бозорга чиқасиз ва халқнинг ўзи кузатиб қўяди сизни,-деб жавоб қилди Афанди.

2004 йил, 18 Май

БУЗИЛГАН ОДАМ

Каримов Мажлис раисини чақириб:

-Сайлов комиссияси раислигига айтган одамингни қўйдик, лекин у ишни кўнгилдагидек қилиб уддалай олармикан? Илгари уни нима учун қувганимни биласан,-деди.

-У илгари бузилган эди, йўлга солдик, лекин атрофидагилар яна уни бузаяптиларми, деб ўйлаяпман,- раис одатдагидек ўртача қилиб жавоб беришга уринди.

-Бир марта бузилган одамни яна қандай қилиб қайта бузишлари мумкин?-деди Каримов.

БОШҚА ДУНЁ

-Қозоқлар билан чегараларни ажратиш қандай кетаяпти,-деб сўради Каримов вазирдан.

-Улар бу ишга жиддий киришиб кетдилар ва биз қилишимиз керак бўлган ишларни ҳам ўзлари қилиб, ҳаммаёққа симтўр тортмоқдалар.

-Бу аҳволда ўзларини дунёдан ажратиб қўядилар-ку?

-Уларнинг дунёси бошқа,-деди вазир.

ТЕКШИРУВ

-Тақсир расмини кўриб қолдим, Москвадаги элчингиз Аэропортга бориб зиёфат еб юрибди-ми?-деди Афанди Каримовга.

-Руслар чет элликларнинг расмий қўниш йўлини қайта бетон қилишаётган экан. Бориб бошида тур, Чеченистонга ўхшатиб бетоннинг ичига бир нарса солиб қўймасинлар, деган эдим.

-У ҳар ҳолда топшириқни бошқача тушунганга ўхшайди. Фақат овқатларни текшириб кўраяпти, шекилли,-деди Афанди.

-Бўлмаса овқатнинг устига қўнамиз-да,-деди жаҳл билан Каримов.

2004 йил, 19 Май

“АКРАМИЯ”

Каримов бугун вазирни чақириб сўради:

-Ушлаганларингдан бир гап чиқдими?

-Ўзларини “Акрамия” тариқатига мансуб деб айтаяптилар,-жавоб қилди вазир.

-“Акрамия”, бу қандай тариқат экан?

-Билолмай ўтирибмиз…

-Ўтирган билан иш битадими? Исми Акрам бўлганларнинг ҳаммасини ушла, биттасидан бўлмаса, бошқасидан бу тариқатнинг низоми топилади,-деди Каримов.

ТОШ

-Пикетчиларга рухсат бер деган эдингиз, мана энди улар Сизга ҳам тош ота бошладилар,-деди вазир Каримовга.

-Қачон ўтишди? Мен сезмай ҳам қолибман…

-Ҳалиги… тош эмас…

-Тош бўладими кесак бўладими, мен юрадиган йўллардан ҳаммасини териб олларинг деб санларга қачонлардир айтган эдим,- дея бақирди вазирга Каримов.

ТАППИ

-Деҳқонлар номидан тузилган партияни рўйхатга ол, деб қўйишмаяпти. Лекин оти менга ёқмаяпти, қандай ном қўйсак экан?-деди Каримов Афандига.

-ХДП бор, МДП бор, Фидокорлар бор, ЛДП ҳам тузилди… Менимча ТАППИ деб қўйиш керак,-деди Афанди.

-Бу нима дегани?

-Буни деҳқонларнинг ўзлари яхши тушунадилар,-деди Афанди

ДЕВОРГА…

-Афанди янги латифалардан бирини айтар экан, Каримов юзини бошқа томонга буриб эътибор қилмади.

-Мен деворга гапираяпман-ми?-деди Афанди.

-Деворга гапирсанг яхшироқ,- деди Каримов одатдагидек нима деяётганини тушунмай.

2004 йил, 20 Май

ТАДБИР

Бугун Каримов инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчисини чақирди ва унга

-Яна бизни инсон ҳуқуқлари масаласида танқид қилишибдими?-деди.

-Бу сафар ёнига демократияни ҳам қўшишган. Шу боис нариги маслаҳатчини ҳам…

Каримов унинг гапини бўлди:

-Бўпти, мен ҳам инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласидаги маслаҳатчиларни қўшиб юбораман.

-Қайси биримиз қолайлик?-деди маслаҳатчи.

-Сен маҳмадана кетавер, ким қолиши кераклигини қоладиган одамга айтаман,-деди Каримов.

БАҲОНА

-Қайси кун Эрон Ташқи Ишлар вазирига бир қадимий китобни ваъда қилгандингиз. Агар шуни берсангиз, жўнатиб юборган бўлардик,-деди вазир Каримовга.

-Мен у китобни еб қўйдим,-деди Каримов.

-Ие, китобни ҳам… Энди нимани баҳона қиламиз?

-Сенлар баҳона топишни ҳам билмайсанлар, баҳона керак бўлса китобни еб қўйиш ёки йўқотиб қўйиш ҳам мумкин. Мен у китобни бермайман? Тўхта, ўзи қайси китоб ҳақида айтган эдим?!

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

-Баъзилар, айблари очилиб қолишини билгандан кейин, Каримовнинг ўзи диний ташкилот тузмоқда, деб ёзишмоқда. Бунга нима дейсиз?- деди Афанди Каримовга.

-Ўша ёзаётганларнинг кўйлагининг орқа қисми кўтарилиб, тепага санчоқлаб қўйилмаганми?-сўради Каримов.

-Буни сиз қаёқдан биласиз?

-Ўша санчоқни мен уриб қўйганман-да,-деди Каримов гердайиб.

-Ўшандан кейин қўлингизни ювган эдингиз-ми?-сўради Афанди.

-Нимага шама қилаяпсиз?

-Чунки доим бир иш қилсангиз орқасидан ҳид чиқади-да,-деди Афанди.

-Орқасини ҳидламанг-да,-деди хахолаб Каримов.

2004 йил, 21 Май

МЕ’РОС

Бугун Каримов вазир билан гаплашар экан:

-Пекинда “Мерос” деб номланган фотокўргазмамиз очилибди,-дея вазир қўлидаги ҳисоботни ўқий бошлади.

-Қайси суратлар кўпроқ таассурот қолдирибди? Ўша жойини ўқи!-деди Каримов.

-Одамлар энг кўп сизнинг суратингизга термулиб қолишиб, жуда кўп саволлар беришибди?

-Масалан қайси саволни энг кўп такрорлашибди?

-Кўпчилик, бу одам тирикми ўлганми, деб сўрабди,-деди вазир қўлидаги қоғозга қараб.

-Нега бундай савол беришади?

-Мавзу мерос бўлгани учун қолган суратларнинг ҳаммаси ўлганлар ҳақида эди-да,-деди вазир.

ЭЪТИРОФ

-Туркия Туркманбошига “Отатурк” орденини берибди-ми?-сўради Каримов маслаҳатчидан.

-У диктаторларга бериладиган орден бўлса керак, бўлмаса бориб-бориб Туркманбошига беришадими?-деди маслаҳатчи.

-Менимча, Туркиядагилар ким диктатору ким лўттибозлигини билмайдилар…

-Йўғе, катта давлат-ку, менимча, билсалар керак,-деди маслаҳатчи.

ТОЛИБОН

Музейда Каримовнинг кўнглини олиш учун унинг портретини Улуғбекнинг расми ёнига осиб қўйишганди. Каримов меҳмони билан музейга борганда жаҳли чиқди:

-Нега менинг портретимнинг ёнига Толибоннинг расмини осдиларинг? Ким мен билан ўйин қилмоқда? Топларинг у бадбахтни!

-…Улуғбек,-дея пичирлади Каримовнинг қулоғига ёрдамчиси.

-Улуғбек! Фамилияси нима, қандай иш қилади? Дарҳол топиб Жаслиққа жўнатларинг!-деди Каримов.

НАРСА

Каримов Афандидан сўради:

-Ҳаммага ўтмишдан бир мерос қолади? Масалан, Совет давридан сизга нима мерос қолди?

-Бизга қолган энг катта мерос мана сиз…

-Жа, соддасиз-да, мен одам ҳақида эмас, нима ҳақида… нарса ҳақида сўрадим?

-Мен ҳам жавоб бердим, тақсир,-деди Афанди.

2004 йил, 22 Май

ҚОВУН…

Бугун Каримов вазирдан сўради:

-Қамоқда бир киши ўлибди-ми, яна Халқаро ташкилотлар жар солишмоқда?

-Қамоқда эмас, терговда, бунинг устига ўзимиздан эмас, ҳалиги нарёғдан келганлардан,-деди вазир.

-Роса қийнабсанлар-ми?

-Қовун қовундан ранг олар дейишади-ку? Болалар, Абу Ғариб қамоқхонасида олинган суратларни кўриб илҳомланиб кетишибди-да…

-Қовун қовундан ранг олса биз ҳам болаларингни қамашимизга тўғри келади,-деди Каримов.

-Бош устига, бир оғиз гапингиз, уларнинг ўзини ҳам “Абу Ғариб”га обориб-келаман!

-Мен, сенга ундай қил, бундай қил деяётганим йўқ. Маҳмаданалик қилиб, ҳар қандай мақолларни ишлатаверма, демоқчиман, холос,-деди Каримов.

ТОШ ВА МЕВА

-Кечаги баёнотингга қандай муносабат бўлди?-деди Каримов вазирга.

-Ўзингиз айтгандек қилиб, океаннинг нарёғидагиларнинг пўстагини қоқиб бердим. Ўзини мухолифат деб юрганларнинг ҳам башарасини очиб ташладим. Океаннинг нарёғидагиларнинг ана у кунги ҳисоботларига ҳам жавоб бўлди, шекилли, мот бўлишди, шунинг учун ҳам жим, -деди вазир.

-Менга Ноябргача уларнинг қизиғи йўқ, Москвадагилар хурсанд бўлишдими, йўқми, менга ҳозир шу керак, шуни ўрганиб кел, тошни узоққа от, мевани яқинга сот !-деди Каримов.

ЖИЛОВ

-Олий суд ҳам веб саҳифа очибдими?-деб сўради Каримов Афандидан.

-Карвондан ортда қолмай дейишган-да…

-Қанақа карвон? Карвон-парвонни билмайман! Улар одамларни суд қилишадими ёки кеча-кундуз Интернет билан овора бўлишади-ми?

-Ҳозир суд ишлари осон бўлиб кетди. Чунки ҳукмни сиз берасиз. Улар нима қилсинлар, бекорчиликдан зерикиб ўлсинлар-ми, яхшиям Интернетга кириш йўлини топишди.

-Бир жойга кириш йўлини топган одам, бошқа жойга ҳам топади. Шунинг учун ҳам у веб саҳифанинг жиловини қўлимга олишим керак!-деди Каримов.

-Ҳаммаёғингиз жилов бўлиб кетди, жиловлар ичида жиловланиб қолманг-да ишқилиб,-деди Афанди чиқиб кетар экан.

2004 йил, 23 Май

“ПУЛ ЮВИШ”

Бугун Каримов вазирдан сўради:

-Бухоро яҳудийларининг океаннинг нарёғидаги раҳнамосини Манҳаттанда отиб кетишибди-ми?

-Қаранг-а, Нью- Йоркнинг шундоқ марказида тағин… Уни пул ювиш масаласида суд қилишмоқчи эди, кимдир отиб кетди.

“Пул ювиш” иборасини тушунмаган Каримов:

-Мен уни катта одам деб эшитгандим, бечоранинг куни кир ювишга қолган экан-да?-деди.

СОВУҚ…

-Шамоллаб қолибман,-деди Каримов Афандига.

-Ёз келаяпти-ку, нега шамоллайсиз?

-Билмайман, кечаси билан совуқ еб чиқдим…

-Бошқа нарсани ейиш керак эди-да,-деди Афанди.

ОТАЛАРИ АЙБДОР

-Ёшлар орасида сизга қарши бўлганлар кўпайиб кетди,-деди Афанди Каримовга.

-Оталарини жазолаш керак, қамоққа тиқиш керак!-деди Каримов.

-У аҳволда ташқарида бирорта ҳам ота қолмас экан-да?!-деди Афанди.

2004 йил, 24 Май

ШАЙХ

-Бугун иккита шайхни ўнлаб муридлари билан бирга қамоққа олдим,-деди вазир Каримовга.

-Бу шайхлар қандай қилиб ўзларига бунча мурид тўплайдилар? Уларнинг тажрибаларини ўрганиш керакмикан?

-Фойдаси йўқ,-деди вазир,- чунки сизнинг муридларингиз олдида уларнинг сони ҳеч нарса эмас.

ФАРҚ

-Муридлари ўлса ўладики, аммо шайхини сотмайди,-деди вазир Каримов билан суҳбатлашиб ўтирар экан унга.

-Шайхлар уларга мансаб бермаса, мукофот бермаса, қандай қилиб бунча содиқ бўлишади?-сўради Каримов.

-Нариги дунёда мансаб оласизлар, деб умидвор қилишади, сиз эса аввал мансаб бериб, кейин содиқлик талаб қиласиз, мансабу мукофотдан кейин нарёғи сотқинликка бир қадам,-деди вазир.

ҚАМОҚ

-Қамоқдагиларнинг ҳаммасини қўйиб юборсак нима бўлади?-деди Каримов Афандига.

-Унда қамоқ ўзингизга қолади,-деди Афанди,-ўзингиз роҳат қилиб ўтирасиз.

2004 йил, 25 Май

БОШ

Каримов бугун инсон ҳуқуқлари бўйича марказ раҳбарини чақириб сўради:

-Мен сенга вилоятларга чиқиб одамлар билан гаплаш деган эдим, сен нима қилиб юрибсан?

-Мажлислар ўтказиб, одамлар билан гаплашиб, айтганларингизни тушунтириб юрибман.

-Қадимий шаҳардаги мажлисда нега бошингга мухолифатни ҳам тўпладинг?

-Ўзлари кириб келишди, мен қувиб чиқара олмадим.

-Бошингга тўплаб, кейин чиқара олмасанг, биласанми нима қилиш керак?

-Билмадим…

-Кесиб ташлаш керак… бундай бошни!-деди Каримов.

СОТҚИН

-Майкасига менинг истеъфомни сўраб хат ёзган болани нима қилдингизлар,- деб сўради Каримов вазирдан.

-Болалар биқинидан дарича очиб қўйишди,- деди вазир.

-Ўша даричадан қараб кўрчи майкага ёзилган гап юрагидан чиққанми ёки четдан ўргатишганми?

-Болалар машинасини ҳам олиб қўйиб, юрагини ёриб юборишган шекилли, ўзига келолмай ётибди.

-Қайтариб берларинг, дарров ўзига келади.

-Аллақачон сотилиб кетди-да.

-Вой сотқин-ей, ким, кимга сотилди?- деди Каримов мавзуни адаштириб.

ТАРБИЯ

-Таълим тарбия бўйича янги фармонимга ўқитувчилар нима дейишмоқда?- деб сўради Каримов Афандидан.

-Таълим ҳақида гап бору тарбия ҳақида ҳеч нарса йўқ дейишмоқда.

-Индамадингизми, яхшилаб жавоб қилмадингизми?

-Қилдим. Аслида бу нарса тақчил, у кишида ҳам етишмай

ҚЎЙБОҚАР

-Туркманбоши товуқ фермаси очиб, бизнес бошлагани ва 19 минг хўрози ҳамда 21 минг товуғи борлигини айтиб, мақтаниб юрибди,-деди маслаҳатчи Каримовга.

-Нима бўлибди, менинг қўйларим уникидан минг марта кўп. Лекин рост гапни айтсам, подшога теккан гадой аёл ҳар куни токчаларга қотган нон қўйиб, кейин териб чиқар экан, яъни наслига қараб насаби, Туркманбоши ҳам асл товуқбоқарлигига қайтибди-да-деди Каримов.

ОРАБУЗАР

-Акаев билан Раҳмонов абадий дўстлик ҳақида қарор олишибди,-деди Афанди Каримовга.

-Кўрамиз, дўстликлари неча кунга борар экан?

-Бу энди орабузарга боғлиқ,-деди Афанди.

2004 йил, 29 Май

ГАП ТАГИДА ГАП

Бугун Каримов кечаги воқеаларни эслади.

У Назарбоевдан:

-Қизингга партия тузиб берибсан-ми?-деб сўради.

-Бизнес қилса ўғирлиги кўп бўларди, бунинг устига агар олтин-полтинлар билан қизиқса, гап сўз кўпайиб, оиласи бузилиб, четга, бирор элчихонага чиқариб юборишга мажбур бўлмайин дея шундай қилдим,-деди Назарбоев.

КЕСАТИҚ

Каримов Назарбоевнинг кесатиқ гапларидан ранжиб, уни узиб олгиси келди:

-Қизинг қайси бир журналистни дўппослатибди, деб эшитдим шу тўғрими? Дунёда шунақа гап-сўзлар юрибди,-деди.

-Бунақа гап эшитганим йўқ, одамларнинг қизига ўхшаб қамоққа олиниши ҳақида океаннинг нарёғидан қарор ҳам чиққан эмас, масаласи Интерполга ҳам тушган эмас,-деди Назарбоев.

ФУҚАРОЛАР

Каримов Акаевнинг жиғига тегди:

-Океаннинг нарёғидагилар сени халқаро қонунларга риоя қилмаяпти, деб танқид қилишибди-ми?

-Интерполни ўз манфаати йўлида қўлланмоқда, деб бир конгрессмен ўзингизни қаттиқ танқид қилибди-ку?-деб саволга савол билан жавоб берди Акаев.

-Мен ўз манфаатим йўлида эмас, фуқароларимнинг манфаатлари йўлида қўлланганимни улар билмайдилар деб ўйлайсан-ми?

-Ҳа-я, қизингиз, невараларингиз ва янга фуқароларингиз бўлишади-я?!-деди Акаев.

2004 йил, 30 Май

ТУНДА

Бугун Каримов маслаҳатчисидан сўради:

-Бу Туркманбоши нима учун ўз портретларини кўчалардан тўплаб олибди?

-Чунки одамлар йиртиб кета бошлабдилар, оёқлар остида қолибди, башарасига тупурганлар ҳам бўлибди, ҳатта олиб бориб номуносиб жойларга илиб ҳам қўйишганмиш, баъзи жойларда кўзларини ҳам ўйиб кетишибди. Илгари бу ишни тунда қилишса, энди кундузи ҳам қилишаётган экан.

-Тавба, тавба… Бизда вазият қандай?

-Бизда бироз яхшироқ, фақат тунда шундай қилишмоқда.

БУЙРУҚ БЕРГАН ОДАМ

-Қамоқда ўлдирилган маҳбуснинг жасадини текширганлар нима дейишди?- сўради Каримов вазирдан.

-Аввал ёрдамни олайлик, кейин натижани эълон қиламиз, деган таклифга кўнишди.

-Агар ёрдам масаласига зарар берадиган бўлса “Шундай қил!” деб буйруқ берган одамнинг баҳридан ўт!-деди Каримов.

-Шундан кўра бир-иккита оддий миршабнинг баҳридан ўтсак-чи? Чунки сизнинг баҳрингиздан ўтиш менинг қўлимдан келмайди,-деди вазир.

КЕРАКСИЗ

-Сиз мени “кераксиз” дебсиз-ми?-Каримов Афандига ўдағайлади.

-Йўғе, тақсир, сиз жуда ҳам кераксиз,-деди Афанди.

2004 йил, 31 Май

ТАШАББУС

Бугун Каримовдан маслаҳатчиси сўради:

-Оқсоқол, қўшнилар билан ягона информация зонаси тузайлик, дебсиз, жуда маъқул гап, лекин ҳозиргача қўшниларнинг телевидение, радио ва матбуот йўлларини ёпганимиз нима бўлади? Очайлик-ми энди?

-Мен бу ишни бошлайлик, демадим, мен ташаббус билан чиқиб, шундай қилиш керак, дедим. Икки-уч йил кутайлик-чи, улардан қандай ташаббус чиқар экан?-деди Каримов.

МУҲОФАЗА

-Эртага Дунёда болаларни ҳимоя қилсиш куни экан, баъзи мухолифатчилар шу муносабат билан оммавий пикетлар қилишмоқчи, маслаҳатингизни олмоқчи эдим,-деди вазир Каримовга.

-Митинг қиладими, пикет қиладими, нима бўлганда ҳам ўзимизнинг болалар, Дунёда болаларни ҳимоя қилиш кунида биз ҳам уларни ҳимоя қилишимиз керак. Айниқса, ана шундай номақбул ҳаракатлардан… Уларни уй-уйидан териб олиб, муҳофаза қилгин, бурунларини қонатма, бир жойини қонатмасдан ҳам иш қилишни ўрганларинг!

КЎЗ ҚИСИШ

-Июн ойининг ўрталарида Хитой раҳбари келади, қандай тайёргарлик қилсак экан-а?-деб сўради Каримов Афандидан.

-Менимча, кўз қисишни машқ қилиш керак, у келганда унга ўхшаб сиз ҳам қисиб ўтирасиз, -деди Афанди.

2004 йил, 1 Июн

АЪЗО

-Дунёда нима гап?-деб сўради Каримов маслаҳатчидан.

-Яна Россия билан яқинлашишмоқда, деб танқид қилишаяпти. Айниқса Россиянинг ҳам бирлигимизга қўшилганини рўкач қилиб кўрсатишмоқда.

-Дарҳол жавоб қил, биз Россияни аъзо қилиб олдик, даврлар ўзгарди, энди биз Россиянинг оёғига эмас, у бизнинг оёғимизга келадиган бўлди,-деди Каримов.

-Худога шукур.Қачон келади?-деди маслаҳатчи.

МАСЛАҲАТЧИ

-Сиздан бир масалада маслаҳат сўраб келгандим,-деди маслаҳатчи Каримовга.

-Сендан олдин ҳам шу гап билан учтаси келиб кетди. Мен маслаҳатчими ёки сенлар маслаҳатчи-ми?-деди Каримов.

-Аслида ҳақиқий маслаҳатчи сиз-да,-деди маслаҳатчи ғурурланиб.

“ЙЎҒ-Е!”

-Бугун ишга кеч қолдингиз-ми-деб сўради Афанди Каримовдан.

-Йўл-йўлакай бир ошнамнинг олдига кириб чиқдим,-деди Каримов.

-Йўғ-е!-деб юборди Афанди.

2004 йил, 2 Июн

УСТОЗ

-Қийноқдан ўлган маҳбуснинг жасадини текшириш учун узоқдан келганларнинг бўйнига тўрва халта осиб жўнатибсан-ми, қойил қолдим, бундай усталик билан ишлашни қаердан ўргандинг, қайси мактабда ўқигансан, устозинг кимлигини билмоқчиман?-деди Каримов вазирга.

-Оқсоқол, ўзингизнинг мактаб-да, устозим ҳам ўзингиз, ҳаётда нима ўрганган бўлсам, ҳаммасига сиздан қарздорман!-деди вазир.

ОТАСИГА…

-Эшитдингиз-ми, океаннинг нарёғида президент бўлиш учун курашаётган номзод “Агар мен сайлансам, демократияни хорижга экспорт қилишни тўхтатаман!” дебди,-деди маслаҳатчи Каримовга.

-Отасига раҳмат, тез элчига айт, у билан алоқа ўрнатсин ва ҳар қандай ёрдамга тайёр эканимизни айтсин,-деди Каримов.

-Ўзига ҳам раҳмат айтсакмикан?- сузилди маслаҳатчи.

-Ўзи аввал сайлансин, кейин айтамиз,-деб жавоб қилди Каримов.

ПОРА

-Нега баъзи ҳокимларни ректорлар орасидан танлаяпсиз?-деб сўради Афанди Каримовдан.

-Улар қони қайнаган талабаларни мушт ичида сақлашга ўрганишган, вилоятда ҳам интизомни сақлайдилар. Фақат пора олишга уста бўлганлари учун ҳамма ҳокимларни улардан танлаётганим йўқ,-деди Каримов.

-Чўчимасдан танлайверинг, олишни яхши билган одам, беришни ҳам яхши билади,-деди Афанди.

2004 йил, 3 Июн

ХИТОЙ

-Хитойлик меҳмон билан Саммитга тайёргарлик масаласини муҳокама қилишда чигаллик чиқмади-ми?-деб сўради бугун Каримов вазирдан

-Э, унга тушунтиргунча хитой бўлиб кетдик,-деди вазир.

-Гапингни ўйлаб гапир, конституциямизни, чегараларимизни, тилимизни ўзгартирмасдан, қандай қилиб Хитой бўламиз, осон экан-ми шунча?!

МУДДАТ

Каримовдан маслаҳатчиси сўради:

-Конституцияга бир-иккита ўзгартишларни ҳозирдан қилиб қўйсак, нима дейсиз?

-Қандай ўзгартишлар?

-Масалан, сизнинг муддатингизни яна бир-икки йилга узатсак…

-Муддат дегани қамоқда бўлади, қамоқдагиларнинг муддатини узайтиришга ўрганиб қолдиларинг-да, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас.

-Ундай бўлса умуман муддат деган тушунчадан воз кечайлик…

-Бу гап сендан эмас, бошқалардан чиқиши керак, менинг муддатимни узайтириш масаласини сен эмас, халқ кўтариши керак, билдинг-ми, гап қаерда?

АДАШИШ

-Тақсир, кеча муфти ҳазратлари ойнаижаҳондан жуда яхши гапирдилар-да, эшитдингиз-ми?-деди Афанди Каримовга.

-Йўқ эшитмадим, мен унга ҳазрат унвонини берганим йўқ, қаердан ҳазрат бўлиб қолди?

-Ҳазрат деган калима ҳурмат маъносида бўлгани учун мен адашиб айтиб юборибман,-деди Афанди.

-Бизга қолганда ҳеч адашмайсиз-а?! -деди Каримов ўпкаланиб.

-Сизга ҳам адашганмиз, адашмаганимизда шу ерда савлат тўкиб ўтирармидингиз, тақсир,-деди Афанди жилмайиб.

2004 йил, 4 Июн

МОРАТОРИЙ

Каримов маслаҳатчисидан сўради:

-Қўшниларнинг ҳаммаси ўлим ҳукмига мораторий эълон қилибди-ми?

-Ҳа, фақат биз қолдик, биз ҳам бир нарса қилсакмикан?

-Биз қўшниларнинг ҳаммасига мораторий эълон қиламиз,-деди Каримов.

АНГЛАШИЛМОВЧИЛИК

Каримов вазирга деди:

-Менга Нурсултон телефон қилиб, арз-дод қилди… Нега чегарада яна бир қозоқни отиб ўлдирдиларинг?

-Ўзингиз билан маслаҳат қилгандик, отларинг, деган эдингиз-ку,-деди вазир.

-Мен бир-иккитасини ушлаб, чегарадан нарёққа отларинг, деган эдим,-деди Каримов топган жавобидан қувониб.

-Демак, яна англашилмовчилик…-пичирлаб қўйди вазир.

ЯХШИ БИЛИШАДИ

Каримов қизига:

-Ҳамма жойда нутқ сўзлашга ўрганиб қолдинг-ми, сенинг ҳам опангга ўхшаб гап-сўзинг кўпайиб кетмоқда,-деди.

-Ҳамма жойда эмас, етим болаларга гапирдим. Эртага сизга душман бўлишларининг олдини олаяпман,-деб жавоб қилди қизи.

-Мен эртага бўламан-ми йўқ-ми қаердан биласан?

-Фақат мен эмас, ҳамма, ҳатто ўша етим болалар ҳам сиз ҳали бери кетмаслигингизни яхши билишади,-деди қизи.

ШАЪМА

-Тақсир нутқингизда “Биз энди очиқ жамият қурамиз” деб айтдингиз-ми ёки мен янглиш эшитдим-ми?- деб сўради вилоят сессиясида нутқ сўзлаган Каримовдан Афанди.

-Қурамиз, демадим, қуришни бошладик, дедим!

-Ҳмм, очиқ жамият қуриш ишини “Очиқ Жамият институти”ни бекитишдан бошлаш кераклигини мен билмас эканман,-деб кесатди Афанди яқинда Сорос фондининг бўлими ёпилганига шаъма қилиб.

2004 йил, 5 Июн

ЗИЁФАТ

Каримов маслаҳатчисидан сўради:

-Кеча Иван зиёфатдан хурсанд бўлиб кетди-ми?

-Кетиш қаёқда? Уни судраб олиб бориб қўйдик,-деди маслаҳатчи.

-Қизиқ, мен сезмай қолибман-да?!

-Менимча сездингиз, чунки уни судраб олиб чиқаётганимизда, сиз ётган жойингизда бир кўзингизни бироз очиб, қараб қўйдингиз,-деди маслаҳатчи.

ДИПЛОМАТ ҚИЗ

Каримов қизига телефон қилди:

-Газетага берган интервьюнгни ўқидим. “Отангизнинг ўрнига энг яхши номзод эканлигингиз айтилмоқда. Нима дейсиз?” деган саволга “Бунақа гап йўқ” дейиш ўрнига “Бу гапни айтган одамлардан фикр сўранг” дебсан-ми?

-Айтганлар орасида сиз ҳам бўлишингиз мумкин ва сизнинг хоҳишингизга қарши гап айтиб қўймайин, деб шундай қилдим,-деди қизи.

-Анча дипломат бўлибсан,-деди Каримов.

ФИЛ

-Тақсир малайзияликлар бизга фил ҳадя қилишибди-ми?-сўради Афанди Каримовдан.

-Ҳа, менга ҳадя қилишганди, мен ҳайвонот боғига бердим,-деди Каримов.

-Биласиз-ми, уларда бир одат бор, ҳар кимга ўз лақабига қараб ҳадя беришади…

-Менинг лақабим фил деб уларга ким айтди?

-Мен ҳам шунга ҳайронман-да, тақсир,-деди Афанди.

2004 йил, 6 Июн

АЙТГАНЛАРИДЕК

Каримов Марказий сайлов комиссияси раисидан сўради:

-Сайловга тайёргарлик қандай кетаяпти?

-Айганингиздек…

-Натижа қандай бўлади?

-Айтганимиздек…

-Дунё қандай хулоса қилади?

-Айтганларидек…

САДОҚАТ

Каримов маслаҳатчисига деди:

-Кўрдинг-ми, Имомали қўрққанидан русларга ҳарбий база учун ер ажратиб берди.

-Биздан қўрқиб бошқаларга қул бўлди…

-Бизга дўст бўлгандан бошқаларга қул бўлишни афзал кўрган деса, ўзи билади.

-Дўстлик қийин масала, қуллик эса мажбурият талаб қилмайди.

-Менга қулсанда, мажбуриятинг йўқ, шу боис ўзингга ўхшаганларни ҳам яхши тушунасан,-деди Каримов маслаҳатчининг елкасига уриб.

-Дўстларингиз содиқ чиқмадилар, қамалиб кетдилар ёки сургун бўлдилар, биз қулларингиз эса содиқмиз,-деди маслаҳатчи.

КАРИМИЙЛАР

-Тақсир, эшитдингиз-ми, Туркманбоши “Баҳоийлар”га, “Ниёзийлар”га рухсат бериб, уларни рўйхатга олибди. Ўзини демократ қилиб кўрсатмоқчи, шекилли,-деди Афанди Каримовга.

-Менинг ҳам “Каримийлар”ни рўйхатга олишга ҳеч қандай қаршилигим йўқ.

-Унақа жамоат йўқ-ку?

-Мен ҳам шуни айтаяпман-да, тақсир деди,-Каримов.

ким айтди?

-Мен ҳам шунга ҳайронман-да, ким айтди уларга?-деди Афанди.

2004 йил, 7 Июн

ҲАМДАРДЛИК

Каримов маслаҳатчисни жеркиб берди:

-Нега таъзияномани Рейганнинг хотинига ёздинг?

-Ғарбда шундай қабул қилинган. Ҳамма шундай қилмоқда.

-Унинг хотинидан бизга нима фойда? Бор ўзгартириб кел, уни президент номига ёз!

-Президентнинг ҳам отаси кекса у ўлганда унга ҳамдардлик хати ёзсак бўларди,-дея маслаҳатчи Каримовни кўндиришга уриниб.

-Ахмоқ у пайтда унга эмас, амалда ўтирган янги президентга ёзамиз,-деди Каримов.

КАЛЛАСИ…

Каримов ёрдамчисидан сўради:

-Нурсултон Испанияга қиролнинг ўғли уйланган тўйга бориб келибди-ми?

-Ҳа, кичкина қизи билан борибди.

-Нима, унинг ҳам катта қизи Ғарбга боролмайдиган бўлиб қолди-ми?

-Э, йўқ, ҳар ҳолда бунисига четдан куёв изламоқда. Бир кор-ҳол юз берса, қочиб қолиш учун,-деди ёрдамчи ва қўшиб қўйди:-Ўзининг ҳам қизининг ҳам калласи ишлайди.

-Ҳа, ҳамма бизга ўхшаган эмас,-деди Каримов.

ЕТАКЧИ

-Тақсир, Ғарб давлатлари раҳбарлари Иккинчи Жаҳон урушида иккинчи фронт очилганининг 60 йиллигини нишонладилар, нега тантаналарга сизни таклиф қилишмади?-деб сўради Афанди Каримовдан.

-Таклиф қилишди, лекин бормадим. Чунки бизнинг иккинчи фронт воқеаларига алоқамиз йўқ,-деди Каримов.

-Гап алоқада эмас, мана қаҳрамон ёзувчилардан бири сизни “Дунё лидерларига етакчи бўладиган раҳбар” деб ёзган. Шундай пайтда уларга етакчи жуда ҳам зарур.

-Булар ёзаверадилар, уларга етакчи эмас, этакчи керак,-деди Каримов.

-Нима бўлганда ҳам борсангиз яхши бўларди,- деди Афанди гапини “қалампир”га ўраб.

2004 йил, 8 Июн

БИЗНИ ВА СИЗНИ

Каримов бош прокурордан сўради:

-Эшигинг ёнида биттасини калтаклашибди-ми?

-Намойиш қилишга келган екан, бизни қўллаганлардан бирининг жаҳли чиқиб унинг таъзирини берибди.

-Сизни кимлар қўллашини яхши биламан, пора бериб жавобгарликдан қочиб юрган ўғрилар, дорнинг тагидан қочган безорилар, мафиячилар..

-Мен бизни деганда сизни назарда тутдим, оқсоқол,-деди прокурор.

КЕЛАЖАК

Каримов ёрдамчисидан сўради:

-Интернетда нима гаплар?

-Келажаги буюк, бугуни куюк давлат, деб ёзишибди бизни,-деди ёрдамчи.

-Худога шукур тан олишибди, келажакни буюк қилгунча куйиб кетдик,-деди Каримов.

-Биласиз-ми, улар бугуни дабдала, эртаси эса яхши, чунки булар эртага бўлмайди дейишмоқда,-дея тушунтиришга уринди ёрдамчи.

-Нима бўлса ҳам келажакнинг буюклигини тан олишса бас, бу менинг шиоримни тан олишгани!-деди Каримов шитоб билан.

ХАВФСИЗЛИК ЧОРАСИ

-Тақсир, нима учун бунча пул сарфлаб пойтахтда ҳамма чорраҳаларда юқоридан ўтадиган кўприк-йўл қурдираяпсиз?-деди Афанди Каримовга.

-Туннел қурдирайин-ми? Туннел ҳамма вақт хавфли, бир кун тўғри келиб ўзимиз ҳам ўтиб қолишимиз мумкин,-деди Каримов бамайлихотир.

БОШҚАРИШ САНЪАТИ

Каримов Афандининг “Бошқариш санъати нима?” деган саволига шундай жавоб берди:

-Бир тўда қорни тўқ товуқни бир хонага қамаб қўйинг. Яна бир тўда қорни оч товуқни бошқа хонага. Қўлингизда бир ҳовуч дон билан қорни оч товуқлар хонасига кириб ҳовучингизни у ёқдан бу ёққа ўйнатинг. Донни кўрсатиб қўйинг. Товуқлар қўл ҳаракатингизга қараб дон тушди деб ўзларини у ёқдан бу ёққа уришади. Кейин шу ҳолни иккинчи хонада такрорланг. Қорни тўқ товуқлар пинакларини ҳам бузмайдилар. Жамиятни бошқаришда одамларни оч сақласангиз сиз кўрсатган томонга ўзларини ураверадилар. Жуда бўлмаса, орада бир ёки иккита дон донасини ҳам улоқтириб қўясиз. Бўлди, бори шу!

-Самимиятингиз учун раҳмат,-деди Афанди.

-Бу самимият эмас, бу санъат,-деб ғурурланди Каримов.

2004 йил, 9 Июн

СПОРТ ОҚИМИ

Каримовдан бугун маслаҳатчиси сўради:

-Оқсоқол, биздан олимпиада ўйинларида ютганларнинг ҳар бирига юз минг доллардан мукофот берамиз, деб юбордингиз, мабодо ютиб қолишса нима қиламиз?

-Ютади-ми ютмайди-ми менга қизиғи йўқ. Менга спортга эътибор қилаётганимиз муҳим. Ёшлар пул учун диний оқимларга кириб кетмоқдалар деган эдиларинг. Пул керак бўлса мана спорт оқимига киришсин. Кўрдингми, гап қаерда?-деди Каримов.

ШИРИН ОДАМ

-Шанхай ҳамкорлиги ташкилотининг мажлисига тайёргарлик қандай кетмоқда?-деб сўради Каримов вазирдан.

-Атрофдаги ҳамма раҳбарларни ҳам таклиф этдик.

-Мен уни сўрамаяпман. Ўша куни мажлисда атрофимда битта пашша учса ёки битта ари ғинг деса бошинг кетади, бунинг чорасини кўрдинг-ми?

-Кўрдим тақсир, кундани ҳам қилични ҳам тайёрлаб қўйдим,-деди вазир.

-Бундан кўра тадбир олиб, пашша ва ариларни йўлатмасликнинг йўлини топсанг бўлмайдими?

-Тақсир сиз ширин одамсиз, ҳар қанча уринсак ҳам пашша ва арилар барибир атрофингизда айланадилар,-деди вазир.

ИККИ ЮЛДУЗ

Каримов Афандига деди:

-Кўрдингиз-ми демократияни, бизда бир хонанда ҳам газета чиқармоқда.

-Кўрдим, “Юлдуз” деган газета чиқа бошлабди. Унда асосан мамлакатнинг икки юлдузи ҳақида ёзишмоқда.

-Кимлар экан у юлдузлар?

-Сиз ва газетанинг муассиси-да!

-Хўп, бунинг нимаси ёмон?

-Лекин бир жойда икки юлдуз ортиқчалик қилади, биттаси ўчиши керак, деган шиорингиз бор эди-да деди,-Афанди.

2004 йил, 10 Июн

БИЗНИ ВА СИЗНИ

Каримовга маслаҳатчиси деди:

-Биз бормаймиз дегандан кейин ГУАМ гум бўлиб кетди.

-Агар мен индамасам, санлар тирранча Саакашвили билан бориб ўтиришимга ҳам рози эдиларинг…

-Сиз ёшлар билан ишлашни яхши кўрганингиз учун…

-Ким билан ишлашимни ўзимга қўй, сенга ўхшаб қариган-қартайганларга осилиб юрайин-ми?

АЁЛЛАР САВДОСИ

Каримов ёрдамчисидан сўради:

-Аёллар савдоси бўйича мажлис бўлаётган экан-ми?

-Ҳа, бу масалани бутунлай қўлга олмоқчимиз.

-Мен аёллар савдосини қўлингизга олинг, деб сизга топшириқ берганим йўқ-ку?!

-Қизингиз топшириқ бергандилар.

-Йўқ, у қўлидагини маҳкам ушлайди, сизга берадиган даражада ахмоқ эмас,-деди Каримов солланиб

ҲАШАР ВА АШАР

Каримов Афандига деди:

-Шўролар кўп ҳам ёмон эмас эди, мана улардан қолган ёдгорликлардан бири ҳашардир. Кўрдингиз-ми, Оролга бағишлаб ўтказилган ҳашарда 6 миллион одам иштирок этди?

-Фақат қашшоқлар чиқибди-да!

-Нега ундай деяпсиз?

-Мана сиз чиқдингиз-ми?

-Мен банд эдим, меҳмонларим бор эди, зиёфатда эдик, нима, хабарларни ўқимайсизми?

-Ўқийман, тақсир, лекин кўрдингизми, қашшоқлар ҳашарда, бойлар эса ашарда-деди Афанди.

2004 йил, 11 Июн

ВАҚТИДА КЕТА БИЛИШ КЕРАК

Бугун Каримов Афандига деди:

-Телевизорни кўрдингиз-ми, Рейганнинг ўлганини жуда катта тантана қилиб юборишмади-ми?

-Жуда зўр президент эди-да!

-Биз ҳам Брежневни ана шундай тантана қилиб кўмгандик.

-Лекин Брежнев тахтда туриб ўлганди, Рейган эса тахтдан кетганига йигирма йилдан ошган.

-Бўлмаса биз ҳам кетсак бўлаверар экан-да.

-Буюклик ана шунда, вақтида кета билиш ва халқнинг ичида яшай олиш керак,-деди Афанди.

ОҒА

Каримов маслаҳатчисидан сўради:

-Қандай янгиликлар бор?

-Кеча темир йўл муаммолари конференциясига келганлардан фақат ўрус меҳмонни қабул қилганингизга бошқалар таажжубда.

-Ҳеч таажжубланишмасин, у менинг оғам бўлади, қўрқмасдан шундай деб айтавер-деди Каримов.

-Оғами оғайни-ми?-сўради маслаҳатчи.

-Фарқи нима?-деди Каримов.

ТУШ

-Менинг устимдан шикоят ёзишибди, аблаҳлар,-деди Каримов Афандига.

-Тақсир кимга ёзишади сизнинг устингиздан?

-Худога, кимга бўларди

-Сиз қаердан билдингиз?

-Шу кеча тушимга кирибди.

-Ҳмм, жуда жиддий-ку?!

-Нега жиддий бўлади?

-Худо кўриб чиқишни қўлга олганга ўхшайди,-деди Афанди.

2004 йил, 12 Июн

ПОЧЧАСИ

Каримов бугун маслаҳатчисидан сўради:

-Биттаси матбуот конференцияси ўтказибди-ми?

-Ҳа, сизнинг жойингизга ўтаман деган хоиннинг жияни айтиб юрган гапларни ошкор қилдик.

-Нима гаплар экан?

-“Бутун дунё поччамнинг раҳбар бўлишини истаяпти, бунинг учун катта пул ажратилган”, деган гапларини.

-Аслида ҳам шундайми?

-Қаёқда? Унинг поччасини у ёқларда биздан ҳам яхши билишар экан. Поччасининг обрўйини ошириш учун шунақа деб юрганини, мақсади пул ундириш эканлигини олдин ҳам сизга айтган эдик.

-У сенинг ҳам поччанг бўлади-ми?

-Э, Худо сақласин.

-Бўлмаса йўқ гапни тортқилаб, нега унинг тегирмонига сув қуясан? У ҳеч қачон раҳбар бўла олмаслигини ўзи ҳам билади, лекин мақсади у ёқдан бу ёқдан пул тортиш деб айтиб турибсан. Аслида матбуот анжуманида гапирган одаминг ҳам ўша поччанга хизмат қилган, -деди Каримов.

ОТАДАН ЎҒИЛ

-Бир пайтлар биздан кетиб қолиб, чет элларда юрган баъзи сотқинлар СССР пайтида ўз ёру дўстларини, танишларини сотиб КГБ га хизмат қилганлари ҳақидаги маълумотларнинг махфийлик муддати тугаяпти. Шуларни ошкор қилсак-ми?-деб сўради маслаҳатчи Каримовдан.

-Йўқ, тирик бўлса ўзлари, ўлганларининг эса ўғиллари, жиян-пиянлари хафа бўлишади, чунки улар энди бизга ишлаяптилар-да,- деди Каримов.

ҲАДЯ

-Тақсир ўруслардан ҳадяга 90 мингта китоб олибсиз-ми?-сўради Афанди Каримовдан.

-Кўрдингиз-ми энди руслар бизга хизмат қилишмоқда. Илгари фақат биз уларга ҳадя берар эдик, энди улар бизга беришмоқда.

-Китоблар қайси тилда экан?

-Қайси тилда бўларди, ўрус тилида-да.

-Ҳа, сиз учун гўзал ҳадя бўлибди,-деди Афанди.

2004 йил, 13 Июн

ҲОЗИРЛИК

-Хитой раҳбарига қандай совға ҳозирласак экан?-деб сўради маслаҳатчи Каримовдан.

-Зарбоф тўн, олтин камар, олтин қилич ва кесилган тил- деди Каримов.

-Тилни қаердан оламиз, қанақа ҳайвоннинг тили бўлсин?

-Ўзингникини кес, бундан кейин менга ҳадеб савол билан келавермайсан,-деди Каримов.

БИР-БИРИНИ ЕБ БИТИРИШ

-Мени жуда ҳам ёмон сўкинади,-деб ёзишибди-ми?- Каримов ёрдамчисидан сўради.

-Фойдамизга бўлди. Раҳбар бўлиш учун сўкинишни ўрганиш керак экан, деб мухолифатчилар фақат бир-бирига энг ифлос гапларни айтишдан бошқа нарсага вақтлари ҳам ҳафсалалари ҳам қолмаяпти.

-Ундай бўлса бизда бир-бирини еб битириш раҳбар бўлишнинг асосий шарти деб ёзинглар,-деди Каримов.

ҲАЙРОН

-Тақсир саммит очилишига ҳам саноқли кунлар қолди, жуда ҳаяжонланиб кетаяпсиз-а?!-деди Афанди Каримовга.

-Нега ҳаяжонланаман?

-Хаёлингиз ҳам жойида эмасдек кўринаяпти-да?

-Нега ундай дейсиз?

-Чунки бир соатдан бери қўлингиз менинг чўнтагимда-да.

-Шундайми, нимани ушлаб ўтирибман, деб ўзим ҳам ҳайрон эдим,-деди Каримов.

2004 йил, 14 Июн

ЛАҒМОН

-Хитой раҳбари зўр бериб уйғурлар ҳақида гап очмоқда, қандай жавоб қилсак экан?- деди Каримов маслаҳатчига.

-“Мана бизда уйғурларнинг овози чиқмайди, сен ҳам биздан ўрган”, десангиз бўлади.

-Ўрганаман, деса, нимани ўргатамиз?

-Ўзику ўрганишга вақт тополмайди, кейинчалик одамларини юбориши мумкин.

-Хўп, уларга нимани ўргатамиз?

-Йўлини топамиз, улар лағмонхўр бўладилар, уйғурча лағмонни қулоқларига осиб жўнатамиз,-деди маслаҳатчи.

-Эҳтиёт бўл, тағин улар сеникига осиб кетмасинлар!

-Ҳозир биринчи галдаги вазифа сизникига осиб кетмасликларининг олдини олсак, кейин бизга навбат келганда чидаб берамиз,-деди маслаҳатчи овозини ютиб.

ҚОҚИ

-Италияда кузда бўладиган қишлоқ хўжалик йиғинига нима олиб боришга қарор қилдингизлар?-деб сўради Каримов вазирдан.

-Ўрик қоқи, олма қоқи, кишмиш ва шафтоли қоқи олиб борамиз,-деди вазир.

-Ишқилиб бориб-келгунча ўзинг ҳам қоқи бўлиб қолма-да,-деди Каримов.

-Худо хоҳласа яхши бориб келамиз, Италиянинг қоқи гиламлари яхши дейишади, битта сизга ҳам олиб келаман,-деди вазир.

-Битта олиб келсанг мушкуллик чиқади, сен ҳам кейин меникини устида ўтиришинг керак бўлади, шунинг учун ўзингга ҳам битта олиб кел!

-Э, йўқ, сизникининг устида ўтириш биз учун шараф,-деди вазир.

СЎЗ ЎЙИНИ

-Кетдим,-деди Каримов мажлисдан чиқар экан Афандига.

-Ростми, кетдингизми-эй, бундай жасоратни қаердан олдингиз? Яшаворинг!-деди Афанди Каримовга.

2004 йил, 15 Июн

ЎЙИН

Каримов бугун маслаҳатчисидан сўради:

-Саммитга қўшимча чақирганларимиздан кимлар келадиган бўлди?

-Мўғулистондан вакил келар экан?

-Мўғулистонни бошимга ураман-ми?

-Бу томондан Карзай келадиган бўлди.

-Ана шуни гапир. Мен уни бекорга чақирмаган эдим. Агар бу Саммитга океаннинг нарёғидагилар норози бўлсалар Карзай баҳона топиб келмаслигини айтар эди. Демак ишлар жойида.

-Лекин Карзайга ичкаридаги вазиятни ҳам ўрганиб қайт деган бўлишлари мумкин…

-Йўқ унга у қадар ишонмайдилар.

-Яна бир маълумотга кўра у тайинлаган ҳокимларни Дўстим қувиб юбораётган экан, балки шунинг учун келаётгандир?-деди маслаҳатчи.

-Бўлмаса Дўстимни ҳам олиб келиб бир жойда сақла, агар керак бўлса ишлатамиз,-деди Каримов.

-Лекин Дўстимнинг бизга дўстлиги қолмаган.

-Нима бизнинг унга дўстлигимиз борми? Сиёсат-ўйин!-деди Каримов мағрурланиб.

ВОДКА

-Эртага Путин келади, ҳамма тайёргарликлар жойида-ми?-деб сўради Каримов ёрдамчисидан.

-Ҳаммаси тайёр, фақат водкани танлашда бир қарорга кела олмадик. Ўзимизникидан бўлсин-ми ёки ўрусларникидан-ми?

-Ҳмм, қийин масала…- ўйланиб қолди Каримов ва кейин жавоб қилди,- илгари бизникини ичмаганди, демак ҳар икки томоннинг ҳам кўнгли қолмасин, чет элникидан бўлсин!

ОДАМ…

-Мен ҳам эрталаб чойхонага чиқишни, кўк чой ичиб ўтиришни, кейин дўстларим билан отамлашишни, тўйларга боришни, эмин-эркин юришни, одамларга ўхшашни истайман , одамга ўхшаб ухлашни истайман!-деди Каримов Афандига.

-Тақсир, илоҳим Тангри оҳингизни эшитсин, тезроқ муродингизга етинг ,-деб жавоб қилди Афанди.

2004 йил, 16 Июн

ДЎСТЛАР

Каримов бугун Карзай билан гаплашди:

-Океаннинг нарёғидаги дўстингиз билан йилда беш-олти марта учрашасиз. Кеча ҳам у билан учрашдингиз. Дўстингиз билан бизни ҳам учраштирмайсиз-ми?- деди Каримов унга.

-Жоним билан, менинг дўстим сизнинг ҳам дўстингиз, уриниб кўраман, -деди Карзай.

-Раҳмат, мен ҳам билгандай бу ерга Дўстимни ҳам чақириб қўйдим ва у билан сизни учраштираман.

-Сизнинг ҳам дўстингиз борми?-ажабланди Карзай.

МДҲнинг КЕЛАЖАГИ

-МДҲ ишламагани учун Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини туздик, энди МДҲни тарқатиб юборсак бўлади,-деди Каримов Путинга.

-Мен МДҲнинг масъул котиби Рушайлони ҳам олиб келдим, бу ерда иш ўргансин деб,- жавоб қилди Путин.

-Шунча вақтдан бери ҳеч нарса бўлмади, бундан кейин ҳам унинг келажагига ишончим йўқ,-деди Каримов МДҲни назарда тутиб.

Путин эса гап Рушайло ҳақида деб ўйладими ёки Каримовнинг гапи ёқмадими:

-Менимча ҳар ким ўз келажаги ҳақида гапирса ёмон бўлмасди,-деди.

ЯНГИ ФИЛЬМ

-Ҳиндистонда лезбиянлар ҳақида фильм олишибди деб бизникилар ҳам иш бошлаб юборибдилар-ми?,-деди Каримов Афандига.

-Бизникилар бесоқолбозлик ҳақида олишмоқда,-деди Афанди.

-Яна чегарадан ўтиб кетишмасин,-деди Каримов.

-Бу ёғи ўзингизга боғлиқ, чунки мен тарихдан келган меҳмонман ва менинг сиз қилаётган ишларга алоқам йўқ,-деди Афанди.

2004 йил, 17 Июн

МОЛ ЭГАСИГА ЎХШАМАСА

Каримов кеча кечқурунги концертни эслади.

Концерт кўриб ўтиришар экан, у Путинга деди:

-Кўрдингиз-ми бизникилар ҳамма тилда сайрайдилар.

Путин жилмайди-да:

-Мол эгасига ўхшамаса ҳаром ўлади. Сизнинг шогирдларингиз-да,-деди.

ТОШЛАР…

Бугун Каримов янги халқаро марказ очиладиган жойга биринчи бўлиб етиб келди ва ёрдамчисидан сўради:

-Кеча океаннинг нарёғидаги муҳокамада бизга қаттиқ ҳужум бўлмадими?

-Мен ўзим маълумот олиб турдим. Тош отишди, лекин бирортаси ҳам тегмай ўтиб кетди.

-Тош отувчиларининг мазаси йўқ экан-да,-дея кесатди Каримов.

-Камтарсиз-да, тақсир, аслида “Матрица” фильмидаги каби букилувчанлик билан тошларни ўтказиб юборишингизни айтмайсиз-а?

-Мен ўқлар ҳақида гап борганда айтишим мумкин. Тошлар нима бўпти?

“БРОНЕЖИЛЕТ”

Янги халқаро марказнинг очилишида лентани қирқиш маросимини Каримов бошқа давлатларнинг раҳбарлари билан бирга қилмоқчи эди.

-Тақсир уларнинг қўлига қайчини топшириб қўйиб, ёнгинангизда туришларига қандай ишонасиз?-деди Афанди.

-Азият чекманг тақсир, қайчиларнинг учини ўтмас қилиб қўйганмиз ва ҳар эҳтимолга қарши “Бронежилет” ҳам кийиб олганман,-деди Каримов.

СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛИК

-Кеча ўруслар билан “Стратегик шериклик шартномаси”ни имзоладингиз. Бу нима дегани?- деб сўради Афанди Каримовдан.

-Бу ер ости ва ер усти бойликларини баҳам кўрамиз дегани,-деди Каримов.

-Бўлмаса ўрусларнинг ўрмонлари-ю олмос конларидан биз ҳам фойдалансак бўлар экан-да.

-Гап ўрусларники ҳақида эмас, гап бизники ҳақида бормоқда,- деди Каримов.

-Унда эвазига нима оламиз?

-Келажак, хавфсиз келажак! Ўзимиз ва болаларимизнинг хавфсиз келажаги, хавфсиз бошпана!- деб жавоб қилди Каримов.

2004 йил, 18 Июн

ПОЁНДОЗ

Бугун Каримов Бош вазирдан сўради:

-Хитой раҳбарини сен олиб юрдинг, бирор нарсадан ранжимади-ми?

-Йўқ аксинча сизлардан кўп нарса ўрганишимиз керак экан,-деди.

-Улар шунақа ўрганишимиз керак, деб аслида ўргатиб кетишади.

-Каратега ўргатаман деганди, лекин уддалай олмади.

-Қандай қилиб?

-Олий мажлисда гапириб бўлиб, чиқаётган эдик, кутилмаганда башарамни нишонга олиб, оёғини осмонга кўтарди. Бир ҳамла билан ўрнига тушириб қўйдим. Кейин уялганидан “Поёндоз сирғалиб кетди” деди. Биз ҳам дарҳол жазоладик.

-Кимни?

-Поёндозни-да,-деди Бош вазир.

ОРЗУ

Каримов Путинни кузатишга чиққанда:

-Нега фақат мени кутиб олиш учун аэропортга чиқдингиз ва яна фақат мени кузатиб қўяяпсиз?-деди унга Путин.

-Менинг сиздан бошқа ҳеч кимим йўқ, суянган тоғим сиз бўласиз. Буни кўрсатиб қўйиш учун шундай қилдим,-деди Каримов.

-Кўрамиз, океаннинг нарёғидаги катта акангиз келса аэропортга чиқмайсиз-ми?

-Йўқ чиқмайман.У келса аэропортни саройга кўчириб қўя қоламан,-деди Каримов.

ТИЙИЛГАНЛАР

-Тақсир, миршабларингиз ўрус меҳмонни, яъни Газ идорасининг раҳбарини бир четга улоқтириб юборишибди-ми?-деб сўради Афанди Каримовдан.

-У асли ўрус эмас, келиб чиқиши озарбайжон. Шунинг учун ҳам бундай нарсаларни кўнглига олмайди,-деди Каримов.

-Лекин ранжиб кетди-да,-деди Афанди.

-Хафа бўлманг, ўрус дўстимга айтсам, унинг таъзирини бериб қўяди ва у қандай ранжиб кетган бўлса, шундай ранжиб қайтиб келади.

-Шундан кўра миршабларингизни тийиб қўйсангиз бўлмайди-ми?

-Улар қачонлардир тийилган, фақат буйруқни бажарадилар,-деди Каримов.

2004 йил, 19 Июн

ТЎЁНА

-Катта тадбир ўтказдик, хазина ҳам ҳувиллаб қолгандир, океаннинг нарёғидан келадиган ёрдамнинг йўлини шу томонга буриб қўй,-деди Каримов вазирга.

-Хазинага тегмадик, бойваччаларга “Бу оқсоқолнинг тўйлари, қани тўёнангизни чўзинг” деган эдик, шунинг ўзи Саммит харажатларини қоплаб юборди,-деди вазир.

-Тўёна дегин… мен учун… рўйхати борми?

-Албатта-да, мана,-дея вазир тўёна берганларнинг рўйхатини узатди.

-Мен қуруқ рўйхатни нима қиламан, бор тўёнаси билан бирга олиб кел,-деди Каримов.

ҚОЧҚИНЛАР КУНИ

-Эртага Халқаро қочқинлар куни экан, яхшилаб нишонланглар,-деди Каримов маслаҳатчига.

-Урғуни биздан қочиб кетаётганларга берайликми ёки бизга келаётганларга-ми?

-Агар келаётганлар бор бўлса, нур устига аъло нур, бўлмаса кетаётганларга диққат қаратларинг, қанча кўп кетса, шунча яхши, дунёга ёйилиш ҳам шараф,-деди Каримов.-Иложи бўлса қочқинлар ҳафтаси ёки йили ўтказиш ташаббусини бошлатинглар.

“КЕЛАЖАК”ДАН КЕЙИНГИ КЕЛАЖАК

-Мана, 100 кун ҳам тўлди, энди мен кетаман,-деди Афанди Каримовга, вақтида кетиш ҳам мардлик.

-Лекин қаёққа кетасиз?

-Келажак-ка кетаман,-деди Афанди.

-Жа, қизиқ одам экансиз? Ўтмиш ҳам, бугун ҳам келажак ҳам мен бўлсам, қандай қилиб мени тарк этишингиз мумкин.

-Узр, янглиш айтибман, мен яқин келажакдан кейинги узоқ келажакка кетаман,-деб Афанди чиқиб кетди.

About these ads

One Response

  1. [...] 18. Каримовнинг 100 куни [...]

Comments are closed.

Follow

Get every new post delivered to your Inbox.

Join 368 other followers