Жаҳонгир Маматов: “АССАССИН”

jahongir8061.jpgТарихий-Замонавий Роман
БИРИНЧИ БОБ
20 АСРНИНГ ОХИР

Рустам Абдусоли қорининг жавобларидан қониқмади ва саволини қайта ёзиб, ўтирганлар орқали унга йўллади. Қори одати бўйича дарсдан кейин саҳобалардан бирининг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилар ва вақт қолса, саволларга жавоб берарди. У Рустамнинг саволини ўқиди:
“Агар Оллоҳ ҳамма нарсани кўриб турган бўлса, бечораларнинг қонини ичаётган милитсияни нега жазоламайди?”
Абдусоли қорининг юзи тунлашди. Аммо жаҳли чиққанини билдирмади. У сал нарсага қизиб кетмайдиган, заковатли одам бўлсада, бу сафар жаҳлини яширмади:
-Бу савол кеча ҳам берилган эди. Овоз чиқариб ўқимагандим. Олдинги кун ҳам берилганди ва унда ҳам ўқимасдан жавоб билан кифоялангандим. Такрор айтаман. Аллоҳ зулмни ҳаром қилган ва бу ҳақда пайғамбаримиз(с.а.в.) орқали бизга етиб келган ҳадислар бор. Зулм қилганлар зулм топадилар, ажрдан маҳрум бўладилар. Биз вақтимизни мана шундай нарёғи аниқ бўлган бу ёғи эса ширкка олиб борадиган саволларга сарфласак, кўп нарсани ўрганмай қоламиз. Иймонни, эътиқодни мустаҳкамланг, ҳамма нарса ўзи аён бўлиб қолади. Бунинг устига деворнинг ҳам қулоғи бор,-деди.
Қачонгача деворнинг қулоғидан қўрқамиз?, деб ўйлади Рустам.
Худди унинг фикрини ўқиб олгандек, Абдусоли қори қўшимча қилди:
-Мана бунинг натижасида, биродарлар, бизнинг диёримизда Исломнинг асосий саҳиҳ ҳадисларини билмаслик вужудга келди. Такрор айтаман, бу нарса ўз-ўзидан вужудга келиб қолгани йўқ. Ажойиб бир уламоларнинг қатл қилиниб, йўқотиб ташланишлиги натижасида вужудга келди. Аллоҳ субҳоноҳу таолонинг раҳмати бўлсин шу шаҳид бўлган, аши уламоларга. Биз бугун ўтганлардан сабоқ олайлик. Кўр кўз билан эмас, очиқ кўз билан юрайлик!
“Домла мени кўр деяптилар. Демак, ҳали кўп нарсани билмайди деяптилар. Билмаслигим мумкин, аммо ана шу билмаганларимга қаердан жавоб топай? Нега Худо синов учун бизни танлади? Шундай деса, “Биз унинг севган бандалари, у севган бандаларини синайди” дейдилар. Лекин адолатчи? Ким адолат ўрнатади? Агар Худо адолат ўрнатишни бизнинг ўзимизга ташлаб қўйган бўлса, нега девордан қўрқишимиз, нега ўзимизни кўр деб фараз қилишимиз керак?”
Рустам калласига келган фикрлардан чўчиб кетди. Йўқ, уни фикрлар уйқусидан уйғотган қорининг сўзлари эди.
-Ширкка йўл берманг. Мана, бир подшоҳни олиб кўринг. У кўп нарсани, кўп жиноятчиларни авф этиши мумкин. Аммо ўзига ғалаён қилганни ҳеч кечирмайди. Ширк Аллоҳ субҳоноҳу таоллога ғалаён қилишдир. Бу кечирилмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ субҳоноҳу таолло ғаюрдир. Биласиз, Саад разияллоҳу анҳу ниҳоятда ғаюр саҳобалардан эди. Унга бир куни савол беришади:
-Мабодо оилангиз билан бир ажнабий эркакни топиб олсангиз, нима қиласиз?
-Агар улар бирга ўтирган бўлсалар қатл қиламан,-деб жавоб бердилар. Шунда саҳобалар “Сааднинг ғайратини қаранглар” деганларида Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Саад ғаюр. Ман ундан ҳам ғаюрман, Аллоҳ эса мандан ҳам ғаюр. Шунинг учун бузуқ ишларни бандаларининг ўртасида ҳаром қилди”, дедилар. Яъни Аллоҳга ғалаён қилиш бу ниҳоят даражада катта гуноҳдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ кечирмайди буни.
Бу Рустамга оғир ботди. У шу билан Абдусоли қорининг дарсларига қатнамай қўйди. У илгари қори ҳақида кўп эшитган ва жавобсиз саволларга фақат шу ердагина жавоб топиши мумкинлигига ишониб, қўшни вилоятдан бу ерга келиб, ижарада яшаётган эди.
Рустамнинг отаси Қорабой ака Совет даври тугаб бораётган йилларда мухолифатнинг кўзга кўринган намояндаси эди. Аввал Ўзбек тили давлат тили бўлсин, дея курашди. Кейин табиатни асрайлик, дея югурди. Мустақиллик шамоли эса бошлаганда адолатли бир давлат қуриш учун курашди. Аммо у мухолифатдагилар билан келиша олмади. Бир куни уйига дўстлари келганда Рустам ҳам суҳбатга қулоқ тутди.
-Кўзларингизни очинглар,-деди Қорабой ака,-МХХ орамизга жосусларни тиқиб ташлаган. Ким билади, шу ерда ҳам биттамиз айғоқчи бўлишимиз мумкин.
Қорабой аканинг дўстлари хафа бўлишди.
-Боримиз шу, биримиз айғоқчи, биримиз-жосус, биримиз-иғвогар, яна биримиз-туҳматчи, лекин ким бўлсак ҳам бугун бирлашмасак, тасодифан мустақил бўлган давлатимиз мафиянинг қўлига ўтиб кетади,-деди улардан бири.
-Агар биз ҳам сиз айтган каби одамлар бўлсак, мафиядан нима фарқимиз бор, ёки ҳокимият учун икки мафия ўртасида жанг бўладими?-дея кесатди яна бири.
-Балки мен хато гапирдим, ёки фикримни тўғри ифодалай олмадим, лекин ҳушёр бўлишимиз керак, ҳар кимга ҳам ишонмаслигимиз зарур, ҳар бир янги одам ким эканлигини текшириб чиқишимиз шарт,-деди Қорабой ака.
-Бу аҳволда Сталиндан, бериячилардан фарқимиз қолмайдику!
Охири улар даҳанаки жангга боришди. Кейин улардан бири отасининг ёқасидан олди ва уни хоинликда айблади ҳамда:
-Тупурдим дастурхонингга,-дея ўрнидан туриб кетди.
Шундан кейин қолганлар ҳам отасини камситиб чиқиб кетдилар. Қорабой ака узоқ вақт қимирламай ўтирди. Рустам аввалига отасини таҳқирлаган бу одамларга камситиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Аммо ҳаммалари катта одамлар ва доим тортишиб, кейин яна ярашиб кетишларини билгани учун ўзини босди.
Отаси юрагини ғижимлаб ўтирарди. Бир пайт:
-Болам, “Тез ёрдам” чақирмасанг бўлмаяпти,- деди.
У касалхонада анча ётди. Дўстлари келиб, унинг кўнглини олган бўлдилар. Аммо Рустам уларни ёмон кўриб қолди. Бунинг устига отаси яримжон инсонга аланди. Олдинги шижоатдан асар ҳам йўқ эди. Рустам маҳалла куйга чиқса, отасининг айғочи эканлиги, дўстларини мелисага сотиб тургани, шунинг учун четлаб қўйишгани каби туҳмат гапларни эшитиб қоларди. Демак, отам ҳам эшитаяпти бу гапларни ва шундан эзилаяпти, деб ўйларди.
Оила катта бўлмаса ҳам ташвиши катта эди. Ҳукумат ҳамма нарсани купонга боғлаб қўйганди. Дўконга вақтида борсангиз нарса келмаган бўлади, кейин борсангиз вақт ўтган бўлади. Шу боис одамларга қўшилиб ҳар куни навбатда пойлашга тўғри келарди. Шу орада ҳукумат пул ўйинлари қилиб, жамғармалардаги у-бу нарсани ҳам бир парча қоғозга айлантириб юборди.
Қорабой ака мухолифат ишларидан четга чиқиб қолиб жуда эзилди. Бир куни ҳовлини гаровга қўйиб, қарз олди ва ёнига икки ўғлини олиб, қўшни мамлакатларга у-бу нарса келтириб сота бошлади. Мухолифатчидан савдогарга айланди. Ишлари юришди. Тадбиркорлик қилмоқчи бўлди. Бориб гаплашиб, бозордан бир жой топди. У ерда бир дўкон солишди. Онаси дўконда ўтирар, улар эса мол қидириб кетишарди.
Кейин Рустам қўшни Қирғизистон, Қозоғистонга қатнаб турса, отаси касал ҳолига Туркия, Араб Амирликларига бориб келиб турди. Дўкон катталашиб кетди. Одамлар унинг “жосус”лигини ҳам унутиб юборишди. Энди ҳамма Қорабой акани ҳурмат қиларди. Маҳаллада тўй ёки бир маросим бўлса, унинг маслаҳатини олишарди. Кимдир қарз сўраган, кимдир ошга чақирган… Хуллас, Қорабой аканинг гапи билан айтганда “Бойнинг оёғини ялайдиган давр” бошланганди.
Бир кун мухолифатдаги эски дўстлари келиб, ёрдам сўрашди.
-Бераман, нега бермас эканман, халқимизнинг истиқлоли учун ҳамма пулимни ҳам бераман, лекин қаерга кетгани ҳақида менга ҳисоб берасизлар,-деди Қорабой ака.
Бу гап эски дўстларига ёқмади.
-Кейин у ҳужжатни МХХда ўқиймизми?-деди улардан бири киноя билан.
-Бу нима деганинг?-Қорабой аканинг жаҳли чиқди.
-Агар сен МХХга ишламаганингда ишинг шундай ривожланиб кетмаслигини, ўзинг чет элларга бориб-келолмаслигингни ахмоқ ҳам билади,-деди улардан бири.-Биз аслида ёрдам сўраб эмас, ҳов уйингда айтган гапларинг иғво эканлигини юзингга айтиш учун келгандик.
Рустам бозорга яқин мачитга қатнаб қолганди. Намоздан кейин эса, Узоқ Шарқ санъати дея ҳар турли курашлар, уришиш йўлларини ўрганадиган тўгаракка ҳам ёзилганди. Шу боис унча-бунча одамга кучи етар эди. Отасининг собиқ дўстларини бир зумда дўкондан ташқарига чиқариб қўйди.
Эртасига дўконни “ОБХСС” деган бало босди. Бу милитсиянинг Совет даврида ҳамма ёққа даҳшат солган сотсиалистик мулкни қўриқлаш бўлими эди. Ўзбекистон мустақил бўлганига қарамай ҳали бу бошқарма “ҳақ”ини териб юрарди. Бу расмий қоидага айланганди. “Ҳақ” бермаган дўкончи мол-мулки билан йўқолиб кетарди. Отаси бермайман, дер эди, аммо вақти келганда бошини эгиб “Рустам, об чиқиб бер, падарига лаънат!” дер эди. Шу зайл улардан ҳам ойма-ой “ҳақ” олиб туришарди. Яна буни ўзларига эмас, теппадагилар учун теришаётганларини албатта, қистириб ўтишарди. Ўша “ҳақ” терадиганлардан бири Рустамнинг қулоғига:
-Ташаббус биздан эмас, ана улардан чиқди,-дея МХХчиларни кўрсатди.
Отасини МХХчилар олиб кетишди. Рустамни эса милитсия идорасига олиб боришди.
Қирғизистонга нима учун боргани, кимлар билан учрашгани, отасининг чет элларда қандай алоқаси борлиги каби у жавоб тополмайдиган ёки “Билмайман” деб жавоб қилинадиган саволлар беришарди, фақат.
Аммо қамашмади. Тез-тез чақириб туришди. Аста секин яхши муомала қиладиган бўлишди. Ҳатто бир-икки марта биргаликда овқатланишга олиб чиқишди. “Отангни чиқариб берамиз” деб топган-тутганларини олишди. Аммо отасидан дарак йўқ эди. Отаси ҳақида сўраса:
-Сўрамай қўя қогин, отанг халқ душмани экан, уни Тошканга об кетишган, гап орамизда қосин!-дейишарди.
Лекин у онаси, укаси билан отасини сўроқлашга киришди. МХХ идорасига боришса:
-Биз билмаймиз, балки милитсия билар?-дейишарди.
Милитсияга боришса, яхши кутиб олишар ва “Бу ерлардан қидириб юрманглар”, дейишарди.
Кейин улар Тошкентга боришди. Тақиллатмаган эшиклари қолмади, ҳамма ваъда беради, аммо ҳеч қандай амалий натижа йўқ эди. Охири улар отаси сўроқ пайтида ўлиб қолган бўлиши мумкин, деган хулосага ҳам боришди. Энди “Ҳеч бўлмаса ўлигини беринглар” деб ёлворадиган бўлишди. Вақт эса ўтиб кетаверар, инсон ташвишлар гирдобида чўкиб бораверар экан. Улар кейин отаси кўмилган жой учун ҳам рози бўлишди. Аммо…
Бир кун бориб Тошкентда президент идорасига кирмоқчи бўлишди. Қўйишмади. Шундан кейин милисалар билан жанжаллашиб қолишди. Қайтиб келсалар, уйларини яна босишибди, тинтув қилиб, наша “топиб” кетишибди.
Энди Рустамнинг укасини ҳам олиб кетишди. Ундан ҳам дарак бўлмади. Онаси кун сайин чўкиб борди. Сочлари оқарди. Қадди букилди. Кўзларининг нури кетди ва бир кун ярим тунда уни чақирди:
-Болам, отангни жасадини топ, мени ёнимга кўм! Укангни қутқар, керак бўлса, ҳовлини ҳам сот!-дея олди онаси…
Рустам ҳайҳотдек ҳовлида бир ўзи қолди. Отасининг изини тополмайди. Укасининг қаердалигини айтишмайди. Ҳовлининг пули ҳам шу йўлга кетди. Милисалар уста экан. Шундай алдашади-ки, пулни олиб бориб берганингни ўзинг билмай қоласан. Улар Рустамнинг наздида худди Ўзбекнинг орасидан чиққан эмас, балки бошқа сайёрадан Ўзбекни йўқотиш учун келган одамларга ўхшарди.
Бўлмаса нега бундай? Уларнинг ҳам отаси-онаси бормикан? Нега бундай қилишади? Инсофлари йўқми? Худодан қўрқмайдиларми? Улар аслида халқни ҳимоя қилишлари керак эмасми? Қонунларни биринчи галда ўзлари бузмоқдалар-ку?! Уларни ким тартибга солади? Бу қандай жамият ўзи?
Унинг ана шундай саволлари кўп эди, аммо жавоб тополмасди.
Онасининг бир парча бўлиб қолган юзи эса кўз олдидан кетмайди.
Шундан кейин унинг жума кунларида мачитда берадиган саволлари кескинлашиб борди. Аввалига имомнинг жаҳли чиқди. Уни ширк келтираяпсан, дея яхши йўлга қайтишга ундашди. Кейин унга шубҳа билан қарай бошладилар. Ажратиб қўйишди. Давраларга олишмади. Бир куни “Агар Худо қараб турган бўлса, унинг шунча кучи бўлса, нега адолат ўрнатмайди? Унинг учун адолат ўрнатиш осон иш бўлса, қулларини нега бунча қийнайди? Ёки олимлар ҳайвонлар устида синов ўтказгани каби, Худо ҳам бизнинг устимизда синов ўтказиш учун яратганми? Нега Худога ишонмаганлар одамга ўхшаб яшайдилар? Нега ўғрилар, муттаҳамлар, каззоблар бой-бадавлат, тўкин-сочин яшайдилар, Худога ишонганлар эса ғариб ва қашшоқ? Нега?”, деб қалтис савол бериб қолди. Уни маст-аласт деб ўйлашди. “Кофир”, дея ҳайқиришди. Отасининг “жосуслиги”ни тилга олишди. Кейин кавушини тўғирлаб қўйишди.
Шундан кейин мелисахонадаги танишларидан бири:
-Бизни ҳам жонимизга тегиб кетган, сенга ўхшаганларни кўрсак, юрагимиз қон бўлади,-деди.
Шунда у, милисалар орасида ҳам яхши одамлар бор-ку, деган фикрга ҳам борди. Лекин бу бирор гап олиш учун менга ўзини яқин олмоқда, деган ўй устун келди. Агар жонига теккан бўлса ташлаб кетсин? Нима бола-чақа боқаман, деб бегуноҳ одамларни қамаб, қийнаб ўтираверадими? Аблаҳ, сенларда бола-чақа бўлса бошқаларда йўқми? Нима, энди ҳамма бола-чақасини боқиш учун кимнидир қийнаши керакми?
Умуман биз мустақил бўлиб нима ўзгарди? Ҳеч нарса ўзгарган эмас. Ҳаётимиз ёмон бўлдики, яхши бўлмади? Наҳотки, шунча одамнинг ичидан битта тузукроғи чиқиб, тартиб ўрнатиши мумкин эмас? Халққа нима керак? Қорни тўйсин, эркин бўлсин, адолат истаса, топсин, тамом. Бу наҳотки, шунча қийин иш бўлса? Дадам фақат шуни истардилар-ку?! Нега энди у кишини йўқотиб юборишди? Нега дадам кўнглидагини очиқ айтиши билан эртасига бир кор-ҳол юз берарди? Наҳотки, бу саволларга жавоб берадиган ташкилот, одам йўқ? Наҳотки, бу жамиятни ўзгартиш учун курашаётган кучлар йўқ?!
У мухолифатга қўшилмоқчи бўлди. Аммо отасининг бошига келганлар учун уларни айбдор деб ҳисобларди ва улар билан ҳақиқатни тополмайман, деган қаноатда эди. У ана шундай ўзи билан ўзи олишиб юрган кезларда кимдир Андижонда Абдусоли қори деган катта олим бор экан, ҳамма унинг атрофида бирлашаётган экан, ҳақиқатни айтишда ҳеч кимдан қўрқмас экан, ҳатто энг катта раҳбарларга ҳам текизиб гапирар экан, деб қолди. Ана шундан кейин у Андижонга келганди.
Мана бу ерда ҳам саволларига жавоб топмади. Энди бир ишни бошлаб, кечқурунлари карате тўгарагига қатнаб юрганда бир таниши:
-Тошкентга кетмаймизми, у ерда иш ҳам бор, кейин катта идоралар яқин бўлади, таниш-билиш қилиб отангни ҳам топишинг мумкин, кегин Собитхон қорининг суҳбатларига ҳам борардик. Ҳукумат ҳам у кишидан қўрқар экан. Агар яқинлашиб қолсанг, балки талаб қилиб, отанг ва укангни чиқариб беришлари мумкин,- деди.
У Собитхон қори ҳақида кўп эшитган. Абдусоли қори у ҳақдаги саволларга “Худонинг севган қули, яхши шогирд”, деб қўя қоларди. Баъзилар “Улар орасида қандайдир кўринмас низо бор”, дейишарди. Айримлар эса “Уларнинг қарашларида фарқ бор”, деса, ҳатто “Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди, гадонинг душмани гадо бўлади” деганлар ҳам бор эди.
Бир киши эса “Абдусоли қори ҳадисларни маҳкам ушлаган, аҳли сунна ва жамоа йўлини маҳкам тутган, бундан бошқа нарса билан муроса қилмайди, Баъзи гаплари Аҳмад ибн Ҳанбалнинг гаплари каби ўткир, саҳиҳ ҳадисларни қонун деб билади, қолганларини эса душманлар қўшган деб ҳисоблайди”, деган эди. У Аҳмад ибн Ҳанбал кимлигини билмасди. Кейин тушунишича у Ҳанбалийлик мазҳабининг асосчиси экан. Унинг қарашлари билан ваҳобийларнинг қарашлари бир-бирига яқин бўлгани, дин асосларида жуда қаттиқ туришгани боис баъзилар Абдусоли қорини ҳам шу йўлга мансуб бўлиши ва буни яшириши мумкин, деб ўйлашар экан.
Аммо Рустам унинг доим ҳанафийликка даъватларини эшитди ва юқоридаги гапларга эътибор қилмади. Собитхон қорини эса кўпроқ замонавий, ҳамма нарсани бугунги кунга боғлайдиган, муросага борадиган, аёлларни ҳам диний фаолиятга бошлаш тарафдори бўлган одам дейишарди. Лекин фақат Ҳанафийлик мазҳабига боғланиб қолмаслик керак, деган гаплари учун уни ҳам бошқа мазҳабларга ва ваҳобийларга яқин тутганлар бор эди. Бир марта муфти уни ваҳобийликда айблаган экан, муфтининг ўзи Саудия Арабистонида ваҳобийлар ҳомийлигида ўқигани, яшаганига шаъма қилиб, “Эшакни кучи ҳалол, гўшти ҳаром бўлганидек, ваҳобийларнинг ўзи ёмон, пули яхши экан-да” деган гапи машҳур бўлиб кетганди.
Айримлар эса, Абдусоли қори билан Собитхон қори бир одам, гоҳо яширин учрашиб турадилар, нимагадир буни яширадилар, деб ҳам айтишарди. Рустам бундай гапларга у қадар тушуниб етолмас ва отасининг мухолифатдаги ҳаёти каби бу соҳада ҳам гап кўп экан-да, деб ўйлар эди. Аммо барибир Собитхон қорини кўришни истар эди.
Шу зайл у таниши билан Тошкентга келди. Бир бензин сотувчисига мардикор бўлиб ёлланишди. Тез орада чўнтаклари пул кўрди.
Рустамнинг хаёлида пул деган нарса йўқ эди. Нима бўлса ҳам отаси ҳақида бир хабар топиши, онасининг васиятини бажариши кераклиги ҳақида ўйларди.
Бир куни бензин сотувчи Акмалхон уларга:
-Юринглар Тўхтабойваччага бориб келамиз,-деди.
Улар тушунмасдан анграйиб турганларини кўрган Акмалхон:
-Жумага,-деб қўшиб қўйди.
Акмалхон бўйи паст, қорни катта бўлгани учун думалоқ кўринар ва тез-тез юриб бораётганда юмалаб кетаётган тарвузни эслатарди. У ким билан гаплашмасин, ўша одамнинг исмига “хон” қўшимчасини қўшарди. Исмини билмаса “окахон” дер эди. Шу боис унинг ўзини ҳам Акмалхон дейишарди. Юзи доим кулиб турарди. Хафа бўлганда ҳам кулаётганга ўхшарди. Аммо ишига уста эди. Харидорларни танирди. Бундайроқ одам келса, парво қилмасдан ишини қилаверарди, аммо костюм-шим кийган, бўйинбоғли одам бўлса, ёки машинаси янги, хорижий русумда ёки ҳукуматга оид рақамли бўлса дарҳол ҳайдовчининг қаердан эканлигини топиб оларди.
Агар Андижондан бўлса, сўзларига “аши” деган қўшимчани қўшиб гапирарди. Агар наманганлик харидор келиб қолса, “келутту, кетутти” деб шунақа сайраб кетардики, бензин олган одам неча литр олгани ва неча сўм тўлаганини унутарди. Самарқанликларга “келопти, кетопти” деган калималарни ишлатса, қашқадарёликларга гапирганда “э, йўқ”нинг ўрнига “э, жўқ” деб қўярди. Харидор ранжиб қолмасин деб изоҳ ҳам берарди.
-Талабалар шаҳарчасида “Сурқаш”, “Фан”, “Самбух” каби бир қанча гуруҳлар бор эди. Бир-бирлари билан урушгани-урушган эди. Мен орада сулҳ элчиси эдим. Аши пайтда шевалани сув қиб ичворганмиз-де, окахон,-дерди у.
У Тошкент шевасини ҳам шу қадар пухта эгаллаб олган эдики, биров унинг асли Фарғонадан келганини билмасди..
-Ока, Ачавотти орқасида, чинни завудди ёнидайи Бахтини танийсизми? Ҳа, танимайсиз. Ма, ше, Бахтичи, вой, шунақа қуруқланар эди-ки, “Бир свисток часам, Бешёғочдан икки мошин, яна бир свисток часам, Хастимомдан икки мошин болла келади, сани трафарет қиб ташов кетовиза” дерди. Ўзи трафарет бўб кетди. Эски Жувада мардикорлик қивотти, свисток чалишга ҳам вақти қомаган!
У латифаларга ҳам уста эди:
-Окахон янгисини эшитдингизми…,-деб бошларди.
Бутун Тошкент шаҳридаги милисалар унинг ошнаси десак, муболаға бўлмайди. Ҳаммаси унинг ёнига келади. Одамлар ҳам буни биладилар, шунинг учун кўп ишларини у билан битирадилар. Рустам ҳам кўнглини унга ёришни истарди. Аммо у Рустам билан ошнаси Зокирга жуда жиддий муомала қиларди. Ўзини худди мамлакат президентидек тутарди. Ҳатто саломларига алик олганда ҳам худди телевизорда гапираётгандек қилиб, ҳол аҳвол сўрарди. Шундан нарига ўтмасди.
Унинг янги машинаси бўлиб, уни орқага қўяр ва бўш вақти қолди дегунча бориб қайта-қайта чангини артаверарди. Машинанинг ҳали у ерига, ҳали бу ерига тупуравериб, томоғи қуриб қолгандагина қаддини ростлаб атрофга алангларди. Ёки муҳимроқ харидор кўриниб қолса, дарҳол машинага тупуришни тўхтатиб, олдинга ўтарди. Ҳатто машинасини тозалашни ҳам уларга ишонмасди. Шунинг учун Рустам унга гапиришга тортинарди.
У ўзига хос бир дунё эди. Мана энди унинг жумага боришини ҳам билишди. Рустам келганидан бери мачит ҳақида ўйламай ҳам қўйганди. Намознинг фарзини ўқиб олар ва қолганига шароит бўлмагани боис узр жоиз деб қўярди. Аммо кечқурунлари қарзимни ўқиб олай деб бир неча ракат ортиқча ҳам ўқиб юборарди. Баъзан эса намоз ўқиётиб хаёлга ботиб қолар ва кейин гуноҳ иш қилдим деб ўзи билан ўзи олишиб юрарди.
Улар Тўхтабойвачча мачитига яқинлашганларида ҳаммаёқни одам босганди. Сағбон кўчасига қадар машина қўядиган жой йўқ эди. Акмалхон машинани узоқда қўйди-да:
-Уҳ, кечикиб қолдик, шекилли,-деб йигитларга қарамасдан пилдираганча олдинга югуриб кетди.
Рустам атрофда баъзи одамлар телекамера кўтариб юрганини кўриб, бу ерда филм олишмоқдами, деб ўйлади. Аммо ёдига Андижондаги катта Жоме олдида турадиган кузатувчилар тушиб, сергак тортди. Бошини эгиб ичкарига кирганда қори оятларни мумтоз қўшиқ каби маромига етказиб ўқиётганини эшитиб, жойида тўхтаб қолди. Кимдир унинг шимидан тортди ва:
-Ўтир, -деди.
У Абдусоли қорини энг яхши қироатчи, деб ўйлаб юрар эди. Дарвоқе, у нафақат қироат қилишда уста, балки кўп нарса биларди ҳам. Худди компютер каби ҳар қандай саволга бир зумда жавоб топар, ҳадиси ва оятини келтирар ва жавобини арабча калималар билан “бетонлаб” қўярди. Унинг калималари орасидан бирорта ҳам русча сўз тополмас эдингиз. Аммо арабчани кўп ишлатарди. Бир кун:
-Мана одамлар янги-янги сайёралар миниб юрибдилар,-деди.
Рустам сайёрани қандай қилиб миниш мумкин экан, деб ўйланиб қолганди. Кейин тушунса, гап машина ҳақида кетаётган экан.
Намоздан кейин қайтишар экан, Акмалхон кассетани ишга солди:
-Домланинг суҳбатларига етишолмадик, мана энди эшитамиз. Аммо Собитхон окамга тенг келадигани йўқ,-деди.
Шунда Рустам энтикиб кетди. У Тошкентга йўлга чиқишидан олдин сўнгги умид жойи қолгани ва у ҳам бўлса Собитхон қори эканлигини ўйлаганди. Ўзи билмаган ҳолатда унинг мачитига бориб қолди.
У магнит лентасига ёзилган суҳбатни эшитиб борди. Ростдан ҳам Абдусоли қори билан Собитхон қори икки дунё экан. Абдусоли қори фақат дин, тавҳид ҳақида гапирар ва камдан-кам четга чиқарди. У дин ҳукмрон бўлмагунча ҳеч нарса ўзгармайди, деб айтар эди. Собитхон қори эса асосан бугунги ҳаёт ҳақида гапирар экан.
Улар иш жойига етиб келганларида Рустам:
-Акмалхон ака, бу кассетани қаттадан топсак бўлади,-дейишга журъат этди.
-Окаси мана биздан топасиз-де.! Мана олволинг, шу сизга, истасангиз яна беш-ўнта бор, ҳаммасини об кеб бераман. Ман буларни бир неча копиядан қиб ташаганман.
-Раҳмат, ока, Худо рози бўсин…
-Дарвоқе, машинанг йўқ, қатта эшитасан? Магнитафонинг боми?
-Оволаман, биттасини…
Эртасига Акмалхон битта магнитофон билан Собитхон қорининг йигирмага яқин кассетасини келтириб берди. Рустам ҳар кун ишдан қайтиши билан Собитхон қорининг суҳбатлари, Қурони Каримга шарҳлари, саволларга жавобларини қайта қайта эшитар эди.
Жума кунлари Акмалхон уларни мачитга олиб бориб қўяр ва ўзининг зарур иши чиқиб қолганини айтиб, кетиб қоларди. Икки соатдан кейин келиб, яна уларни олиб кетарди. Бир куни эса, улар билан бирга Жума намозини ўқиб, уларни Собитхон қорининг кулбасига бошлади. Мачитнинг катта кўча томонида кичкингина ҳужрада яшар экан у. Битта хонада ўнлаб магнитофонлар турибди. Демак, кассеталар шу ерда ёзилар экан, деб тушунди Рустам. Ҳужра жуда кичкина ва жуда ғариб эди. Ҳамма ёқда китоб. Бурчакка эса жойнамоз тўшалган. Хона намиққан бўлиб, зах босгандек эди. Ҳатто ёнаётган чироқ ҳам бу захлик қўйнида нурсизланиб қолгандек гўё. Аммо Собитхон қорининг табассум билан боқиб туриши равшанлик таратаётгандек туюлди ва Рустам атрофга яхши қарай олмай, кўзларини унга тикди. Кейин унинг қарашларига дош беролмади ва бошини эгиб ўтирди. Акмалхон эса уларни таништирди.
-Қори ака, маши йигитлани гўшти сизга оид, суяги бизга,-деди у.
Собитхон қори жилмайди-да, ингичка овозда:
-Астағфурулло, ҳали гўштхўр бўлмадик, гўштлари ўзларига оид,-деди.
-Домла, доим одамми гирибонидан ушлайсиз-а, қойилман, энди мақол деб айтиб юборган эдим…
-Ё, тўғри гап,- дея Акмалхонга мадад бўлди Собитхон қори.
Улар қайтишар экан, Акмалхон:
-Биласанлами, оилалари Наманганда, ўзлари машетта, кеча-кундуз аши ҳужрада ўтирадилар. Баъзан Наманганга кечаси бориб, яна эрталабга қайтиб келадила. Бу одамга ҳамма ҳам шогирд бўлолмайди. Шогирд тушсаларинг, икки дунёларинг ҳам обод бўлади,-деди.
Акмалхон Жума кунлари уларга такси пули берадиган бўлди ва улар такси билан намозга борадиган бўлишди.
Бугун биринчи марта Рустам уйида ёзиб келган саволини журъат қилиб, Собитхон қорига узатди. У саволни аввал ичида ўқиди, кейин овоз чиқариб ўқиди-да, унга юзланди:
-Укам, сиз ҳақсиз…

892 ЙИЛ ОЛДИН

Тоҳир отасининг танасидан жудо қилинган бошини чодирга кираверишдаги таёққа илинган ҳолда кўриб қолди ва кўзлари қинидан чиқиб кетди. Йўқ, кўзлари қинидан чиқмади, кўзлари бир парча совуқ музга айланди. Бошининг теппасидан санчилган чақмоқ бир зумда оёқ учига қадар етиб борди ва ортга қайтди. Чақмоқнинг тез ҳаракати вужудини ларзага солди, вужуд титрай бошлади, силкина бошлади, кейин бирдан тошга айланди. Ҳиссиз, жонсиз тош. Аммо бу тош тақдирнинг қўлидан тушиб кетди. Тоҳирнинг тиззалари букилиб, ерга йиқилиб тушди.
У қанча ётганини билмади, ўзига келганида музга айланган кўзлари эрий бошлаган ва кўз косаси намланган эди. Кўзини очиши билан сувга айланган муз томчиларга айланиб, юзларини қитиқлай бошлади. Худди томчилар уни уйғоқ тутишга ҳаракат қилаётгандек, уни яна ҳушдан кетмасликка интилётгандек эди.
Тоҳир ҳали нима бўлганини англаб етган эмас эди. У юзига томчилаётган нарса қон эканлиги, дадасининг бошидан оқаётган қон томчилари эканлигини ҳам билмасди. У аҳён-айҳонда юзига урилаётган қон томчиларининг зарбини ёш деб ўйлаётган эди. Лекин нега томчилар кўзимдан эмас, теппадан томчиламоқда, деган савол унинг эсига отасининг кесилган бошини солди. Чинқириб юборди, аммо товуши чиқмади. Чинқириқ илонга айланиб вужудини ичдан ўрай бошлади.
У худди туш кўраётгандек эди. Отасининг боши осилган томонга қарашга чўчирди ва кўзини чодирнинг бошқа тарафига тикди. Бу сафар кўксини ўқ тешиб кетгандек бўлди. Теппада онасининг, мунис онаизорининг, муштипар волидасининг танидан кесилган боши осиқлиқ эди. У кўкрагига қилич санчилгадек оғир оғриқдан яна ҳушини йўқотди.
“Болам, кўзларингни оч!”
“Йўқ, очмайман, онажон, очсам сизни кўраман-да!”
“Наҳотки мени кўришдан қўрқсанг?”
“Қўрқаман, онажон, қўрқаман!”
“Аҳ, болам-а!”
“Онажон, нима бўлди, ким қилди бу ишни, биз кимга ёмонлик қилган эдик?”
“Атрофда ким бор-ки, биз ёмонлик қилайлик. Бу ерларда биздан бошқа ҳеч ким яшамаса ўзи?”
“Ман энди нима қиламан, шу пайтгача отам-онам бор эдилар, энди улар ҳам йўқ, мен ким билан яшайман. Ким учун ов қилиб келаман, ким пиширган овқатни ейман, ким билан гаплашаман?”
“Ундай дема болам, Зуҳрани унутдингми, у ахир сенинг синглинг, сенлар эгизаксанлар. Унинг учун бўлса ҳам яшашинг керак. У бир ўзи бу ҳайҳотдек дарада қандай яшайди? Уни бўрилар чавақлаб кетмайди-ми?!”
”Мани ҳам ўзингиз билан олиб кетинг, Зуҳра ҳам келсин…”
“Йўқ, сен қайтишинг керак, Зуҳрага ҳам ота, ҳам она бўлишинг керак! Қайт, болам, қайт”.
Тоҳирнинг нафаси бирдан бўғзига тиқилди ва кўксидан нимадир отилиб чиқди. Кўнгли беҳузур бўлди. Юзига оқиб тушаётган қон томчилари лабининг бир четидан бўғзига қадар етиб бориб, қотиб қолаётганди. У сесканиб кетди. Хириллаганча бўғзида қотган қонни тупуриб ташлашга интилди. Бўлмади. Ютиб юбораман деди. Бўлмади. Қулоғига увиллаган овозлар эшитила бошлади. Онасининг, отасининг чинқириқлари келиб қулоқ пардаларини тешиб кетаётгандек бўлди.
У “Зуҳра!ъ дея бақирмоқчи бўлди, аммо товуши ичида қолди, ташқарига чиқмади. Теппасида оғир бир нарсани ҳис қилди. Дуккуллаган қадамлар саси… Қандайдир писир-хисрлар… Зуҳранинг ингрангани… Кейин яна катта тош… Бу жуда катта тош эди ва айланиб қирралари билан вужудига кириб кетаётганди. Оғриқ шунчалик кучли эдики у ўзини ернинг қаърига кириб кетаётгандек ҳис қилди. Шу пайт бир қўл уни судраб ташқарига олиб чиқди. Тош нарироққа сурилиб кетгандек бўлди.
“Тур болам, тур!”
Тоҳир кўзларини очишга қўрқар эди, шу боис Зуҳра келадиган йўлга қаради. Кўз олди хиралашганди. Худди атрофни қора зулмат босиб олган ва у ҳеч нарсани кўрмаётганди. У кўзларини ишқаб яна ўша томонга қаради, лекин ҳеч нарсани кўра олмади. “Зуҳра!” дея чақиргиси келди, аммо товуши чиқмади. Балки уни ҳам…
“О, Зуҳра, Зуҳрагинам, ҳали патахган сочларининг патини ўзи очолмасдан кўзларига ёш олиб юрадиган Зуҳрагинам!
Тоҳир от минганда орқасидан югуриб чанг тўзонларда қолиб кетадиган Зуҳрагинам!
Тоҳир ухлаганда бош устида ўтириб, ҳали ухлама, деб ёлворадиган Зуҳрагинам!”
Худдси онаси Зуҳрадан ажралиб қолгану тиззасига уриб йиғлаётгандек эди.
Тоҳирнинг вужудидаги чақмоқ момоқалдироққа айланган ва бошининг ичига кириб олганди. Гулдур-гулдур садолар бошининг деворларига урилиб, кейин қулоғининг ичига кўчар, бир зумдан кейин пешонасини ишғол этар, яна бир оздан сўнг қовоқлари устида гумбурлаб, чақмоқ уриб ҳаммаёғини тилка пора қилиб юбораётганди.
“Ўғлим қайт. Келма. Сен ҳам бизнинг изимиздан келсанг, ким қасос олади?”
“Дадажон, боя онам Зуҳра учун қайт дедилар, қайтдим, аммо Зуҳрани тополмадим.! Уни ҳам олиб кетибсизлар, нега мени ташлаб кетдингизлар? Мени шунча ёмон кўрасизларми?”
“Йўқ ўғлим, агар сени ёмон кўрсам ҳар кун эрталаб от минишга ўргатар эдимми? Қилич ўйнатишни Зуҳрага эмас, фақат сенга ўргатдим-ку!? Ҳали энди ўн икки ёшга кирган бўлсанг ҳам бўрилар, айиқлардан қўрқмас паҳлавон йигит бўлмадинг-ми? Қайси кун аждардек илонни бўғзидан буғиб, ўйнатиб юрган сен эмасмидинг, паҳлавон ўғлим?”
“Дадажон, мени паҳлавон деманг, мен қўрқоқман. Агар қўрқоқ бўлмаганимда сизни ҳимоя қилган бўлмасмидим? Зуҳрамни кўз қорачиғимда асрамасмидим?!”
“Биламан, ўғлим, ҳимоя қилган бўлардинг. Аммо бизни ўлдирганлар қўрқоқлар. Улар бизни уйқуда урдилар. Қилич билан бошимизни кесдилар. Агар сен шу ерда бўлганингда уларнинг қиличларини синдириб юборган бўлардинг, сенинг панжаларинг қиличдан ҳам метин, болам!”
“Дадажон, қаердасиз, қаердан туриб гапираяпсиз?”
“Болам, биз жаннатдамиз, онанг ҳам шу ерда.Ишончимиз сенда. Сен биз учун қасос олишинг керак!”
“Кимдан қасос оламан, сизларни ким ўлдирди, нима учун ўлдирди? Билмайман-ку?! Қандай қасос оламан?”
“Ундай дема боламан, билмайман дема, сени ёзишга, ўқишга ўргатдим. Саҳроларда, қишлоқларда яшаганлар ўқиш-ёзишни билмайдилар. Аммо сен мулло бўлдинг. Тоғдаги тошларни ёзув билан тўлдириб юборган сен эмасми? Сени ақлли, баркамол қилиб ўстирдим. Ўн икки ёшда бутун дунёнинг илмини бошингга жойладинг. Энди қандай қилиб билмайман, тополмайман, дейсан?!”.
“Сиз доим жаннатга боришни истар эдингиз, мени ҳам жаннат ишқида тарбиялар эдингиз, онамни олиб кетдингиз, нега мени дўзахга ташлаб кетдингиз? Қайси гуноҳларим учун?!
Мен ҳам жаннатга боришни истайман, сизлар билан бирга бўлишни истайман, дада!”
“Мен онангга ҳам келма деб ёлвордим, сени ташлаб келишини истамадим”.
“Ўзингиз бутун умримизни жаннатга бориш учун бағишлашимиз керак дердингиз-да. Нимага энди ўзингиз бориб, уларнинг боришини истамадингиз, нега менинг боришимга қаршисиз?”
“Мен қарши бўламанми йуқми, кўп нарса бизга боғлиқ эмас экан. Мен шунча истамасам ҳам барибир келди. Мен жаннатга бу йўл билан келишни истамас эдим. Меҳнат қилиб бу ҳақни қозонишни истар эдим. Аммо кимлардир мени бу орзуимдан айирди”.
“Улар сизнинг жаннатга йўлингизни яқинлаштирибдилар-ку, нега мен улардан қасос олишим керак?”.
“Улар бизни бир-биримиздан айирдилар, мени сендан, сени Зуҳрадан, онангдан айирдилар. Биз ҳам сенинг дунёнгда яшашимиз керак эди. Умримиз битмасдан улар бизни қонга бўядилар, Бошим қайда, таним қайда?!”.
“Мени ҳам олиб кетинг ва яна ҳаммамиз бирлашамиз, Шу билан иш битади, Бошнинг, тананинг умри қисқа, руҳнинг умри дароз, демасмидингиз!”
“Йўқ биз ҳозир бирлаша олмаймиз, бунинг фақат битта йўли бор, у ҳам бўлса сен уларни топишинг ва қасос олишинг керак. Ана ўшандан кейин биз бирлаша оламиз. Ҳозир сен бу ёққа келсанг, бизни тополмайсан, мени эса фақат сени огоҳлантириш учун юборишди. Болам, бизни ўлдирганларни топ, жазола, ал қасосу минал ҳақ!”
“Қасос, қасос!” дея шивирлагандек бўлди кимдир унинг қулоқларига.
Бирдан Тоҳирнинг вужудида нам пайдо бўлди. Худди ёмғир ёғаётгандек. Саррин бир насим вужуди бўйлаб ўрмалаётгандек эди. Зуҳранинг бўғиқ қичқириғи қулоқлари остига келди…
Тоҳирнинг отаси Абу Саййид бу жойлардан анча узоқда, Жайхун дарёсига яқин Сумансой қишлоғида яшарди. Унинг беш ака-укаси бор эди. Отасидан ешитишича, улар ҳам бу ерга бошқа жойдан кўчиб келишган экан. Улар яшаган қишлоқда асосан мусулмонлар бўлиб, иккига айрилган едилар, икки мазҳабда едилар.
Чол-кампирлардан тортиб, ёш болаларга қадар бир-бирига душман назари билан қарар, масхара қилар, нафрат сочар едилар. Аммо уларнинг оиласи саййидлардан бўлгани учун ҳар икки томон ҳам бироз ҳурмат қилишарди.
Бу жойларни тез-тез янги янги ҳукмдорлар босиб оларди. Бири ҳаммага солиқ солса, иккинчиси ҳаммани солиқдан озод қиларди. Бири у мазҳабни ҳақ деса, иккинчиси у мазҳабнинг томонини оларди. Шундай қилиб, Абу Саййиднинг отаси баъзан у мазҳаб, баъзан эса бу мазҳабнинг этагини тутишга мажбур қоларди. Бунинг учун бостириб келган аскарларнинг кимлигига қарашарди. Бу ҳам жон сақлашнинг бир йўли, аммо таҳликали йўли эди.
Қишлоқда иккита мачит бор эди. Бири у мазҳабга қараса, иккинчиси бу мазҳабники. Ҳар икки томон ҳам бу жойларни “Худонинг уйи” дейишарди, аммо вақти-вақти билан Худонинг уйига ўт ҳам қўйиб кетишарди.
Бир кун қишлоқда ўзаро жанг чиқди ва Абу Саййиднинг отаси ва акаларини ҳам қатл қилишди. У келинчагини, мол мулкини олиб қишлоқдан қочиб кетди. Бир неча кунлик йўлдан кейин баҳайбат бир тоғнинг этагига чодир солди. Бу ернинг номини билмас эди. Ўзи бу жойга Тилло дара деб ном қўйди. Чунки тоғдаги тошлар ялтираб турар эди. Аҳён-аҳёнда бу жойларга бирорта овчи келиб қолмаса умуман одамнинг оёғи етмайдиган, борса келмас бир маскан эди. Қишда дарани қалин қор босса-да, аммо ёзда салқин бўлгани уларга ёқарди.
Бу ерда тоғ ҳайвонлари кўп эди. Шу боис кунларини овчилик билан ўтказишарди. Абу Саййид ҳаётидан нолимасди. Болаларини баркамол қилиб ўстиришга ҳаракат қиларди, низолардан узоқ бўлишларини истарди. У Худо низоларни истамайди, низоларни одамлар ўз манфаатлари учун чиқарадилар, оддий одамлар Худонинг номини қўлланган кимларгадир ишониб, уларнинг йўлида қурбон бўлиб кетадилар, деган ақидани маҳкам ушлаганди. Аммо бу гапни хотинидан бошқа ҳеч кимга айтмаганди ва ўзи билан олиб кетди.
Отаси илмли бўлгани учун унинг ҳам ёзув-чизувдан хабари бор эди. У ўзи ривоятлар, ҳикоятлар тўқир, отасидан, мачитда эшитганларини, ёшлигида хатм қилганларини ёдда тиклаб болаларига айтиб берар эди. У Қуронни ёддан биларди ва болаларига ҳам кўп нарсани ёдлатишга ҳаракат қиларди. Аммо мусулмонлар орасида чиқиб турган низолар, ўз оиласининг бошига тушганларни айтмас эди ва хотинидан ҳам бу ҳақда уларга гапирмасликни сўрарди. Ўзлари ётадиган чодирга яқин жойда қўлбола мачит қурган ва ўзи у ердан азон айтар ва оиласига имомлик қиларди.
Бу жойларда уларни ҳеч ким танимас ва улар ҳам ҳеч кимни танимасликка ҳаркат қилишарди.
Аммо бир кун икки овчи қорбости дарасида қолган экан, уларни қутқариб уйига олиб келди. Меҳмон қилди, едириб-ичирди Улар пастдаги қишлоқларда неча йилки одамларни ўлдириб кетиш одат бўлиб қолганини ҳикоя қилиб бердилар. Нега ўлдиришади, нима учун ўлдиришади, ҳеч ким билмас эмиш. Тоғнинг ортида эса Аламут деган жой бўлиб ўша ерда Шайх Ҳасан деган одам қаср солибди ва у бегуноҳ ўлганлар учун қасос олаётган эмиш.
Овчилар кетгандан кейин кўп ўтмай бир отлиқ келди ва уларга ҳайвонларни овлаб, тоғнинг нарёғидаги Аламут қасрига етказиб бериш солиғини қўйиб кетди.
Кунлари давом этди. Солиқларини вақтида етказиб турдилар. Энди кутилмаганда бошқа одамларнинг бошига келган қора кун уларга ҳам келди.
Тоҳир алаҳсирашдан тўхтаб, ҳушига қайтиб, ўрнидан турганда Қуёш тоғнинг ортига, Аламут қасри томонга ботганки, кўринмас, осмон қуюқ зулматга ўранганди. Кўкдан шариллатиб ёмғир ёға бошлади. Худди у йиғлай олмагани учун кўк йиғлаётгандек эди. У ҳали нима бўлганини тўла англай олмади. Аммо ота-онасини ўлдириб кетганларини билар ва даҳшатли манзара қўйнида эди.
У нега, ким ўлдирди, нима учун, деган саволларга жавоб топишга уринар эди. Тополмасди. Марҳумларнинг бошлари ва жасадларини чодир-мачитга олиб кирди ва нима қилишини билмай қолди. Дарвоқе, Зуҳра қайда? Нега унинг жасади ҳам, боши ҳам йўқ. Балки тирикдур? У ҳар томонга югурди, чинқирди, аммо Зуҳрадан дарак тополмади. Ёки Зуҳрани ҳам ўлдириб, жасадини олиб кетишдими? Нега олиб кетишади? Балки Зуҳра қўрқиб қочиб кетдимикан? Қаерга кетиши мумкин? Тоҳир бутун дарани, шаршара атрофини айланиб чиқди, аммо Зуҳранинг изини тополмади. Кейин яна ота-онасининг жасади ёнига қайтди.
Нима қилиш керак? Одам ўлганда нима қилишади? Дуо ўқишади. Ўқийман деса тили айланмади. Пичирлаб қўя қолди. Отаси кўмиш маросимлари ҳақида гапирган эди. Аммо бу ерда қабристон йўқ. Ҳаммаёқ тош, яланглик. У жасадларни уч кун сақлади. Ана шу уч кунда ўзи ҳам бутунлай бошқа одамга айланди. У бирданига ҳар томонлама улғайиб қолганди.
Тўртинчи кун эрталаб қандайдир ҳайвонларнинг товушидан уйғониб кетди. Ташқарига чиқса бир қанча йиртқич сиртлон чодир-мачитни босган эди. Нима қилишни билмади. Бир ўзи нима ҳам қилсин? Шунда эсига отаси гапириб берган бир ривоят тушди. Унда илгари одамлар ўлганларни ёқиб юборишгани ҳақида гап борарди. У югурганча катта чодирга кириб, тайёрлаб қўйилган машаълалардан иккитасини сўниб қолай деган чўғда ёндирди-да отаси қурган чодир-мачитга ўт қўйиб юборди. Сиртлонларнинг чиқиб қочгани қочди, қолгани жизғанак бўлди. Бирдан ёдига “Мачит-Худонинг уйи” деган гап тушди ва Худонинг уйини ёндириб юбордим дея яна тиззалаб қолди. Унинг аҳволини тасвирлаш қийин. Ўн икки ёшли бир ўспириннинг бошида қиёмат қойим бўлганди…
Тоҳир қуриб қолган кўзларини ишқалаганча отига миниб, бу жойни тарк этди. Тоғдан ошиб Аламут қасри томон инганда у ерда тўп-тўп бўлиб турган юзлаб ёш йигитчаларни кўрди. Баъзиларининг тинкаси қуриб қолган, баъзилари озиб кетган, айримлари эса нималарнидир машқ қилишмоқда. Яна бир гуруҳ эса оқ соқолли кишини тингламоқда. Дунёда шунча одам борлигига аввал хурсанд бўлса, кейин чўчиди ҳам. У ҳайрат била тикилиб турган эди, ўрта ёшлардаги бир киши унга пешвоз келди.
-Қани машваратга ўт болам, бу шайх ҳазратларининг ҳузурига олиб борадиган биринчи поғона,-деди у.
Тоҳир қўшилган гуруҳ Қурони Каримдан сабоқ олаётган экан…

ИKKИНЧИ БОБ

20 АСРНИНГ ОХИРИ

Қорабой ака ичида бўлган машина МХХ вилоят бошқармасининг темир дарвозаси ёнига келганда, худди уни кутиб турган каби дарвоза дарҳол ланг очилди ва машина ғиззиллаганча ичкарига кириб кетди. Қорабой акани зах бир хонага олиб киришди. Қўлига солинган кишанни ечмасдан ташлаб кетишди. У нима юз берганини оз бўлсада тушунган эди.
Мухолифатнинг орасида юрган айғоқчиларни аниқлаган ва бошқаларни эҳтиёт бўлишга даъват қилгандаёқ бошига шундай кун келишини тахмин қилганди. Аммо унутишди. Ҳар ҳолда ўша кезда юз берган юрак хуружи уни асраб қолди. Мана энди кечаги воқеадан кейин яна уларнинг кўзига тикандек санчилдим, шекилли?! Бир-икки пўписа қилиб, қўйиб юборишса керак? Ғалвирга илинадиган бирор нарса тополмасликлари аниқ. Кейинги йилларда мухолифатга ҳам қўшилганим йўқ. Дарвоқе улар қамоққа олинганимни эшитишган ва дунёга жар солаётган бўлсалар керак? Нима бўлганда ҳам илгари бирга эдик-ку?! Буни эшитиб қолган Тошкент “Қўйиб юборларинг, яна битта бош оғриғини нима қиламиз” дейиши мумкин, деб ўйларди у.
Нима учундир кўнгли хотиржам эди. Уйини босганларида юраги бир ўйнаб кетди, аммо кейин ўзини ушлаб олди. Юраги жойидан қўзғалиб бўғзида “гуп”-“гуп” ураётганини назарда тутмаганда аҳволи унчалик ёмон эмас эди.
У хонага разм солди. Эшикка қарши томонда теппада бир туйнук бор. Жуда қалин темир панжара ўрнатилган ва устидан яна симтўр тортилган. Ташқаридаги дарахтнинг бир шохини аранг кўрса бўларди. Шундан тахмин қилдики, бу жой ертўла экан. Демак, машина бинонинг остига кириб келаркан-да!
Девор бетон ва нам тортган. Шу боис хонанинг ҳавоси қўланса эди. Ўтирадиган, ётадиган жой йўқ. Ҳожатга қаерга борар экан?
У хаёлларга ғарқ бўлиб кетди. Ишқилиб, Рустамга тегмасинлар.
Аммо шу ўғлидан умиди жуда катта. Туғилганидан шу кунга қадар ҳеч озор бермади. Эсини танибдики, отасининг дўсти. Мактабда яхши ўқиди. Саккизинчи синфдалигидаёқ шаҳар, вилоят олимпиадаларида ғолиб чиқиб, кейин республикада ҳам адабиёт синовида учинчи бўлди. Унча-бунча шеър ҳам ёзарди. Аммо бир муддат сиёсатга қизиқиб кетди. Бунга балки мен сабабчи бўлгандирман? Балки Ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш учун курашган пайтларимиз уни сиёсат дунёсига бошладимикан? Кўп ташкилотчи эмас, аммо одамларни индамай эшитишни яхши кўрарди. Кейин шундан хулоса чиқарарди. Хулосалари ўзи каби ўктам. Бир кун:
-Болам, яхши ўқисанг келажакда Ташқи ишлар вазири бўлишинг мумкин,-деди Қорабой ака унга.
-Нега энди айнан Ташқи ишлар вазири,- деб сўради Рустам.
-Мамлакатни дунёга танитадиган одам Ташқи ишлар вазирида,-деб жавоб қилди у.
-Баъзан мамлакатни оддий бир ишбилармон ҳам дунёга танитиши мумкин…
Жуда қизиқ, ҳамма ёшлар касб танлашда баланд дорга осилсалар Рустам олийгоҳга боришни истамасди, орзуси ишбилармон бўлиш эди. Лекин Қорабой аканинг мажбурлашидан кейин инстутга ҳужжатларини топширди. Иншодан хурсанд бўлиб қайтди. “Жуда яхши билган мавзу тушди. Боплаб ёздим”, деб келганди, аммо йиқитишди. Қорабой ака ректорнинг ёнига борди.
-Бу бола республика олимпиадасида ғолиб чиқиб, қандай қилиб сизлардан ўтолмаслиги мумкин?-деди у ректорга.
-Шу болангизни ўқитиш ниятингиз бор экан, олдинроқ келиш керак эди. Янаги йилга ҳаракатни эртароқ бошланг, биламиз иқтисодий қийинчилик мавжуд, шу боис ҳозирдан ҳаракат қилиб борсангиз ўша кезда оғир тушмайди! Бировни ўртага аралаштириб юрманг, тўппа тўғри ўзимга келинг, ўзим ўғлингизни ўқитиб бераман!-деди ректор.
Шундан кейин Рустамнинг кўнгли чўкиб қолди. Адолат анқонинг уруғи экан, деган хулосага бориб қолганди. Кейин яна тадбиркорлик ҳақида гапириб юрди. Бир иш қилайлик, дер эди. Пулни яхши кўриб қолдими деса, йўқ, пулга ҳам меҳри унчалик эмас.
Қорабой ака касал бўлиб ётиб қолган кезлар фақат шуни эслади. Меҳр қўйган ўғлимни ўқишга кирита олмадим, энди мустақил бўлдик, Совет давридаги порахўрликлар қолиб кетди, деб ўйлаган эди. Қараса янада очиқ бўлибди. Ректорнинг ўзи уялмай шаъма қилиб турибди. Ўғлининг орзуси ушалиши учун нима қилиш кераклигини ўйлади. Ҳақиқатдан ҳам дарахт ўзи ёқтирган жойда ўсади деганлари тўғри экан. Иш бошлашлари билан Рустам яйраб кетди ва тезда тадбиркор бўлиб кўзга ташланди. Ман энди эски дўстларимга қизиққонлик қилиб, унинг йўлини тўсмасам бўлгани эди…
Шу пайт эшик очилиб унинг хаёли бўлинди. Икки ўзбек йигити уни юқорига бошлашди. У Совет даврида КГБ ҳақида ўйлаганда фақат кўз олдига бадбашара уруслар келар эди. Ҳозир уни олиб бораётгалар эса, келишган, истараси иссиқ ўзбек йигитлари эди. Уларнинг ўқимишли эканликлари ҳам юзларидан билиниб турибди. Ўзимиздан ҳам чиқар экан-ку, деган бир ғурур ҳам кўнглининг бир четини қитиқлаб ўтди.
Уни бир хонага олиб киришди. У ерда яна икки киши кутаётган экан. Кузатиб келганларга жавоб беришди ва Қорабой аканинг қўлини ечиб унга сув узатишди:
-Энди гап бундай, оқсоқол,-деди улардан бири.-Агар қилган ҳамма ишларингизга дарҳол иқрор бўлиб, биз айтган таклифларни қабул қилиб мана бу қоғозни имзоласангиз иш осон кечади. Сиз ҳам қийналмайсиз, биз ҳам. Бу сафар ади-бади айтиб ўтиришга, сизни синдириш учун ҳафталар сарфлашга вақтимиз йўқ. Сизни тузоққа биз илинтирган эмас, ўзингиз илиндингиз. Хуллас 24 соат вақтимиз бор,-деди улардан бири эшик томон юрар экан.
-Ҳали соқол қўйганим йўғ-ку, қаёқдан оқсоқол бўламан,-деди у ҳазил аралаш,- кейин нима иш қилибманки, ундан бўйин товласам. Қанақа тузоққа илинибман, бундай очиқ гапирмайсизларми?
-Соқол қўйганингизда-ку ишимиз анча осон кечган ва сизни олдинроқ таниган бўлардик, аммо бесоқол бўлиб юрганлардан чўчиш керак экан,- деди чиқиб кетишга шайланган одам.
Энди бу Қорабой аканинг ҳамиятига тегди. Бунинг устига улар унга эътибор қилмасдан русчлаб гаплаша бошладилар. Кейин унга ҳам русча муомала қила бошладилар.
-Ҳов барака топгурлар, биз мустақилмиз, энди она тилида гаплашаверайлик,-деди у.
-Мана кўрдингизми, биринчи қилмишингизни ўзингиз ҳам тан олиб турибсиз. Конститутсиямизда ёзиб қўйилган, миллатлараро фитна уйғотиш бу жиноят. Биласизми, фақат шунинг ўзи учун бўйнингизга 15 йилни осишимиз мумкин. Нима ишингиз бор одамлар қайси тилда гаплашадилар?
-Ҳа, энди…
Кўринишидан мансаби каттароқ бўлган ҳалиги киши русчалаб “Тезлаштир!” деди-да чиқиб кетди ва уни кузатиб қолган йигит бирдан жиддий қиёфага кириб;
-Москвага нимага борган эдингиз,-деди.
-Иш минан..
-Туркияга-чи?
-Иш минан-да, ука, мен бекордан-бекорга бораман-ми?
-Хўп, шу ерда тўхтаб туринг. Мен жавобларингизни мана бу ерга ёзиб боришим керак. Демак,, Москвага ва Туркияга борганингизга ва бекордан бормаганингизга иқрор бўлдингиз. Ана шундай ҳамкорлик давом этса, бу ишни тез битирамиз-, деди у Қорабой акага захарханда жулмайиб. Кейин савол-жавоб бирдан кескин тус олиб, “қизиб” кетди.
-Москвада ким билан учрашдингиз?
-Ҳеч ким билан…
-Чўпчакни четга қўйиб турамиз. Шундай катта шаҳарда ҳеч ким билан учрашмай келдингизми-а?
-Ҳа, энди бир икки одам билан олди бердимиз бор, шулар билан учрашдим.
-Қаерда Подмосковеда-ми?
-Қаерда?
-Тўғри-я, у ерга бормасангиз ҳам иш ўзи битиб кетаверади. Лекин Камолов билан нега учрашдингиз?
-Қанақа Камолов? Бундай тушунтириброқ гапиринг. Ёки биров билан алмаштираяпсизми?
-Камолов Вячеслав Мухторович, ҳали яқингача Ўзбекистон Ички ишлар вазири эди. Нима билмайсизми?
-Биламан, Москвага кетиб қопти деб эшитгандим.
-У билан учрашиб, нималарни гаплашганингизни биласизми?
-Йуқ, билмайман.
-Ҳм, Аҳмаджон Одиловни биласизми?
-Эшитганман…
-Унинг “Амир Темур” партиясини-чи?
-Шунақа партия бор эканми?
-Шу партиянинг вилоят раҳбарлигига сизни тавсия қилишганини ҳам билмайсизми? Усмонов билан нега учрашган эдингиз?
-У билан илгаридан танишлигим бор. Ишбилармонлар учун банк очамиз деган таклифни айтганди, шуни гаплашгандим.
-Анвар Тилланазаровни танийсизми?
-Ҳалиги қўшиқчими?. “Анварбанк”…
-Ҳа, баракалла, қўшиқчи эди, Тошкентдаги Ачавот маҳалласидан чиққан. У очган банкка нега борган эдингиз?
-У ишбилармонларга қарз беради деб боргандим, аммо ўзи билан учраша олмадим.
-Мана бу суратдагини яхшилаб таниб олинг!
-Бу йигитни биламан, “қорачадан келган қўшиқчи” деган лақаби ҳам бор.
-Ҳа, яшшанг, “лўли” десангизчи, нима энди ватанимиз тақдири лўлиларга қолдими?
-Ўзингиз боя миллат масаласини гапираётган эдингиз-ку!
-Улар миллат эмас, уларга Совет даврида ҳам статус берилмаган, наҳотки шуни ҳам билмасангиз. Бўпти, мана бу Аҳмаджон Одиловнинг Тошкентдаги уйи. Ички ишлар вазирлиги биносининг орқасида. Шу ерда Анвар Тилланазаров билан учрашгансиз.
-У ерга борган бўлмасам..
-Яхшилаб эслаб қолинг, у ерга Адлия вазирлигида ишлаб турган Ҳасан Ғозиев деган одам билан бирга боргансиз. Мана расми. Пакана, семиз одам. Илгари Аҳмаджон Одиловнинг юристи бўлган. Кейин Москвада СССР мафиясининг ҳисобчиси, ҳозир Тошкентда, Оқтепада яшайди. Камолов билан яқин ошна бўлган.
Эртага Тошкентга борганда балки учрашиб ҳам қоларсиз. У киши билан учрашсангиз нима десалар “Хўп” денг. Ҳозир мамлакатнинг жилови у кишининг қўлида. Агар телефонни олиб “Зокир, ана у болани қўйиб юбор!” десалар бас, ўғлингиз милитсиядан чиқиб кетади. Бошқа одамнинг кучи етмайди. Ҳозир Зокиржон акамиз, коттаконнинг энг ишонган одами. Ҳақиқатдан ҳам ишонса бўладиган, ўғил бола у киши!
Терговчи шундай дер экан, нима учундир кўзининг қири билан атрофга ва теппага қараб қўйди. Қорабой ака эса “ўғил” сўзини эшитиб яна Рустам ёдига тушди ва׃
-Ўғлим милитсияда деб ким айтди сизга?-деди.
-Мана мен айтдим, ўғлингиз, Рустамжон қаршидаги милитсия биносида, сайраб утирибди, ҳозир.
Қорабой ака унга ишонмади. Ҳали, боя ўғли ҳовлисида эди. Уни бу ерга олиб келишгандан бери орадан кўп вақт ўтган эмас. Бунинг устига уни милитсияга олиб боришган, сўроқ қилаётган бўлсалар бу қаёқдан билади? Лекин барибир юраги чўкиб кетди. Аммо терговчи унга ўйлаш учун фурсат бермаётганди.
-Демак, Камолов билан Москвага борганда учрашиб, мамлакатимиз раҳбарини ўлдиришни гаплашдингиз…
Қорабой ака ўрнидан туриб кетди.
-Сен манга нима деб туҳмат қилаяпсан? Бунақа ҳазил- пазилингни менга қилма, бошқа гапинг бўлса сўрагин ва мени уйимга олиб бориб қўйгин, шомга кечикиб қоламан…
-Мана бу сирни ҳам ўзингиз очдингиз, соқол қўймаган бўлсангиз ҳам шомни вақтида ўқишни биласиз. Санлар икки юзлик одам, ҳали мени сенсирайдиган бўлдингми, биқинингдан дарча очиб қўяман, мана бундай қилиб,- у Қорабой акани бир нихтаб жойига ўтқизиб қўйди.- Қани айтчи, биз кимни мухолифатга аралаштириб қўйдик? Мард бўлсанг отини айта оласанми? Ёки шундай тахмин қилиб гап сотиб юрибсанми? Аралашган бўлса нима қипти? “Тавба”, “Ислом лашкарлари” ва яна қанча бало-баттар ташкилотлар тузиб, Ислом давлати қуришларингга йўл қўйиб беришимиз керак-ми? Бу хаёлларингиз хом. Кичкина ўғлингиз Отабек мухолифат ва исломчиларга қўшилиб, бир қизни зўрлашганидан хабаримиз йўқ деб ўйлайсизми?
Қорабой ака гап жуда жиддийлашиб кетаётганидан ташвишга тушди, тўғрироғи қўрқиб кетди, оёқлари, қўллари қалтирай бошлади. Туҳмат устига туҳмат, зарба устига зарба одамни тентак қилиб қўяр экан. Бу аблаҳларга нима керак ўзи? Нега бу қадар туҳмат қилаяпти? Мен кичкина бир одам бўлсам, қаердаги ҳеч ким билмаган гапларга қандай қилиб аралашаман? У терговчининг ҳозир яна бир бўҳтон тоши отишидан чўчиб, қуриб қолган лабини тили билан ҳўллаб олди-да:
-Ука, сиз каби ўғлим бор, шунинг учун билмасдан сенсираган бўлсам кўнгилга олманг, шунинг учун ота гўри қозихонами, мана сиз ҳам мени сенсирадингиз, тенг бўлдик,-деди ёлворган оҳангда.
-Сиз мени ўзингизга тенглаштирманг. Тенг-тенги билан, тезак қопи билан, деган гап бор. Ўғлингиз Отабекка келсак, у ҳам нариги хонада сўроқ бераяпти.
-Унга нима дейсизлар, нима гапларинг бўлса мана мендан сўранглар. Уни синдирманглар, у мамлакатга раҳбар бўладиган суроби бор. Бу йил Тошкентга бориб дорилфунунга кирмоқчи. Туҳмат қилманглар унга, жон ука!
-Ҳа, яшанг, демак, президентни ўлдиртириб ўз уғлингизни олдингга сурмоқ режаларингиз бор эканда-а?
-Ука гапимдан гап топиб ҳазил қилаяпсизми. Аскияга ҳам уста кўринасиз. Бизни нега бу ерга олиб келдиларинг. Агар у бу нарса керак бўлса, ана бутун топганим сизларники!
-Нима, сиз менга пора таклиф қилаяпсизми? Мен виждонимни ҳаром пулга сотадиган одам эмасман. Мен сизга ўхшаб паст кетмайман. Мен ҳаётимни шу ҳукуматим, шу мамлакатим, шу юртбошимга тикканман. Манга улар бераётган пул етиб ортади. Сизга эса пора таклиф қилганлик айбини ҳам тиркайман.
Наҳотки дунё бир зумда тескари айланиб кетди? Худди тушдаги каби воқеадан воқеага учиб ўтаётган ва ҳатто нима бўлаётганини эсда сақлолмаётган эди. Аммо булар нимадир исташмоқда деб ўйлади ва ташаббусни қўлга олмоқчи бўлди:
-Қани санксияларинг борми ўзи? Нега мани қамайсанлар?!-дея додлади.
-Санксияни уйингизга борганда кўрсатишмадими, ўша ерда сўраш керак эди. Бу ер эса санксиядан кейинги қарор ёзиладиган жой. Энди гап бундай эртага сизни Тошканга олиб борамиз, бугун мен сизга айтадиган гапларни ҳаммасини ўша ерда бўйинга оласиз ва кейин президентимиз авф чиқарганларида қўйиб юборамиз сизни.
-Э, нималар деяпсиз. Сизлар хато иш қилиб қўйганга ўхшайсизлар, адашиб бошқа одамни ушлаб келган кўринасизлар,-деди Қорабой ака яна баланд овозда.
-Ўпкани босиб олинг. Биз адашганимиз йўқ. Бизга керакли одам сиз бўласиз. Ўша Камолов Москва КГБсида ишлаяпти ҳозир. Бир гуруҳ одамларни Подмосковеда машқдан ўтказиб, президентимизни ўлдириш учун тайёрламоқда. Бунга мухолифат ҳам, исломчилар ҳам, ишбилармонлар ҳам аралашган билдингиз-ми? Биз бу ишни тўхтатишимиз керак. Яъни Камоловнинг орқасига тепишимиз зарур. Мен сизга қаерга борганингиз ва Камоловга бу ердан қандай хат олиб борганингиз, ким бериб юборгани ва бошқа маълумотларни айтаман, сиз бу гапларни Тошкентда ва керак бўлса Москвада такрорласангиз бас, ватан тарихи учун улкан хизмат қилган бўласиз.
-Йўқ, сизлар адашган, мен унақа одам эмас…
-Биз йўқ деганларнинг кўпини кўрганмиз. Бутилкани устига ўтиргандан кейиин мўмин қобил бўлиб қолишади,-деди терговчи тортмасини очаркан.
-Мени қўрқитманг, мен сиз айтган одам эмас,-деди Қорабой ака яна товушини кўтариб.
-Бўлмаса, бироз ишонтиришга тўғри келади.
Терговчи Қорабой ака томонга ўтдида уни ўрнидан турғазиб икки оёғининг орасига бир тепди. Қорабой аканинг нафаси ичига тушиб, ҳатто “уҳ” ҳам дея олмай ўтириб қолди. Терговчи кейин тортмасидан битта ароқ шишасини олди-да ерга қўйди. Иккинчи ҳаракат мана шуни устига орқангиз билан ўтқазиш бўлади. Бу ҳазил эмас. Мана кўринг!- дея у видеотасмани ишга солди. У ерда бир ёш йигитни шишанинг устига ўтқазишганидаги даҳшатли манзара тасвирга олинган экан. Қорабой аканинг юраги ўйнаб кетди. Лаби қуриди. Тили бориб, комига ёпишди. Бу не кўргилик?! Шу ёшга етиб бундай шармандагарчиликни яшайманми энди?! Биз мустақил бўлиб аллақачондан шунақа ишлар бошланиб кетган бўлса эртага нима бўлади?!
-Укажон, сиз ҳам уйланган бўлсангиз керак, бола чақангиз бордир, ота-онангиз бордир, суриштириб келса балки қариндош чиқиб қоларамиз, қўйинг энди шу гапларни,-деди у аранг.
-Қўямиз, лекин сиз олдин мана бунга қўл қўйинг,-деди терговчи.
-Бу нима?
-Ҳозир сизга айтганларимиз, қўл қўйганингиздан кейин қолганини айтаман.
-Билмаган, қилмаган ишга қандай қилиб қўл қўйиш мумкин?
-Агар бундан қўрқсангиз алтернатив вариант бор. Нариги хонада хотинингизни тергов қилишаяпти. Юринг кўрсатаман.
Қорабой аканинг ичидан бир нарса узилиб кетгандек бўлди. Йўқ, бу алдаяпти. Агар уларни ҳам олиб келишганда битта машинга солиб келтирган бўлардилар. Худди унинг фикрини уқиб тургандек, терговчи жавоб қилди;
-Сиз кўнмаслигингиз мумкин дея орқадан олиб келдик,-у шундай деб қўшни хонанинг эшигини очди. У ерда хотини ўтирган ва унинг ёнида ҳам шиша турганди. Хотини Қорабой акани кўриши билан йиғлаб юборди. Аммо терговчи эшикни ёпди ва Қорабой акага:
-Агар рози бўлмасангиз, мана шу ерда кўзингизни олдида биз иккаламиз хотинингизни зўрлаймиз,-деди.
У шундай деб қўшни хонадаги йигитга:
-Бошидаги рўмолини олиб от! Ечинтир ва бу ёқа олиб кел!-деди.
Қорабой аканинг қони майнасига чиқиб кетди. Жон ҳолатда терговчининг башарасига қараб мушт туширди. Аммо терговчи худди шуни кутиб турган эканми, унинг қўлини айланириб юборган эди, Қорабой ака коридорнинг деворига бориб урилди.
-Ҳали сенми кўнмайдиган тўнғиз, сени булбул қилиб қўяман,-дея у Қорабой аканинг ёқасидан тортиб ичкарига олиб кирди.
Кейин бир-икки муштлаб бурчакка итариб юбордида қўшни хонадаги йигитга бақирди:
-Хотинини ечинтириб бу ерга олиб кел, дедим, санга. Тез бўл!
-Барака топгур, тўхта, олиб кел ўша қоғозингни. Мана қўл қўйиш керак бўлса қўяман, аммо Тошканга борганда ҳамма сирингни очаман,-деди Қорабой ака йиғлаб.
Терговчи қоғозга қўл қўйдириб олдида:
-Сен Тошканда бўлганингда хотининг ва ўғилларинг шу ерда бўлишади. Мана шу бутилка ҳам шу ерда туради, шунинг учун одамга ўхшаб гапимга кирсанг, ҳаммаси мен айтгандек бўлади. Агар ади-бади айтиб ўтирмаганингда ўғлинг ва хотинингни жавоб бериб юборган бўлардик. Ҳали ҳам ўйлаб кўр, розимисан, тинч йўл билан ҳал қиламизми ёки…
Қорабой аканинг умр йўлдоши эшик ёнида ички кийимда, очиқ жойларини қўллари билан бекитганча бир мушт бўлиб, дилдираб, йиғлаб турарди. У хотинига бир қарадию бошқа қарай олмади. Юраги типирчилай бошлади. У тўхта деди юрагига, бу сафар сенга осонликча бўйсуниш йўқ. Олдин буларни қутқариш керак, ана ундан кейин нима қилсанг қилавер!
-Унинг кийимларини бер, ҳамма айтганингга розиман,-деди Қорабой ака кўзларини бошқа томонга буриб, қўлини хотини тарафга узатар экан.
Барибир Тошкентга борганда буни фош этаман, деб терговчининг айтганига рози бўлди. Терговчи битта янгироқ костюм олиб келиб, Қорабой акага кийгизди ва бўйнига бўйинбоғ ҳам тақиб қўйди. Кейин сув ичирди ва “Валерианка” бериб, ўзи унинг сочларини тараб ҳам қўйди. Кейин воқеаларни такрорлаб берди ва Қорабой аканинг “кўрсатма”ларини видеотасмага ёзиб олишди. Айни пайда унга бу гапни русчалаб ҳам айтишни буюрдилар. Буни ҳам бажарди.
Кейин уни ертўлага терговчининг ўзи олиб тушди. Уни камеранинг ичида қолдирар экан терговчи:
-Кўрдингми, боя иккаламизни тенглаштираётган эдинг, мен эса фарқимиз бор дегандим. Фарқимиз шуки, сен эгоистсан, ўзингни ўйлайсан. Икки йил олдин митингларда халқим, тилим, миллатим деган гапларинг сафсата, сен керак бўлса ўз манфаатинг учун ҳамма нарсани сотасан! Қара, ёлғондан бутилка тиқаман, хотинингни зўрлайман деган эдим, Камоловни ва яна қанча одамларни йўқ қилиб юбориш учун рози бўлдинг. Уларнинг ҳам хотини, бола чақаси борлигини эса ўйлаб ҳам кўрмадинг. Сен энг таҳликали одамсан! Ўзингни ўйлаб, бошқа одамларни оёқ ости қилиб юборасан. Сен хоин деб юрган, мухолифатга аралашиб юрган ўша йигитлар эса шу ватан, шу миллат учун жонини тикканлар. Сенга ўхшаб қўрқоқ эмас улар. Сенинг калланг ҳам ишламайди. Агар ишлаганда билар эдинг, бу ерга кирдингми чиқиш йўқ. Демак, қўл қўйсанг ҳам ўласан, қўямасанг ҳам. Энди сенинг керагинг йўқ, биласанми одамнинг исмида ҳам кўп гап бор. Сенга бекордан Қорабой деб исм беришмаган экан!-дея уни таҳқирлаб чиқиб кетди…

892 ЙИЛ ОЛДИН

Тоҳир олти ой Қуръон курсига қатнади. Ётадиган, яшайдиган махсус жой йўқ эди. Ялангликда ухлаб, ялангликда уйғонардилар. Бир куни у:
-Яқинда қаттиқ совуқ тушиб қолади, ҳозирдан овга чиқиб, тери тўплаб, кейин чодирлар қуриб олсак бўлмайдими?-деб муллага савол берди.
Мулланинг жаҳли чиқди:
-Бу ерга келганлар адолатни, ҳақиқатни излаб келганлар. Ҳақиқатни топиш осон эмас. Унинг учун синовдан ўтиш керак, азобларда тобланиш зарур. Сизлар ҳали биринчи синфдасизлар. Иккинчи синф қишда, қор-қировда чиниқиш бўлади.
Ундан кейин учинчи синф бошланади. Бу очлик, сувсизлик синфи.
Сўнг пичоқ, ханжар ўйинлари дарси.
Шундан ўтганларгина шайх ҳазратларининг остоналарига етиб борадилар. Агар ҳазратнинг синовларидан ҳам ўтишса Жаннатга боришади. Худо фақат у кишига ваҳий юбориб турибди. Фақат бу улуғ зот дунёда нималар кечгани, нималар бўлаётгани ва нималар бўлишини биладилар.
Ҳар бир синф якунида бир марта у кишининг мўжизаларини ўз кўзингиз билан кўрасиз!
Ҳар бир синф битишида жаннатга бориб қайтган бир одам билан учрашасиз!
Ҳар бир синф битишида ота-онасини ким ўлдирганини топган ва жазолаган одам билан гаплашасиз.
Ҳар бир синф битганда Худога бир қадам яқинлашиб қоласиз!
Ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқа олмайди. Фақат жисмонан, ақлан кучли бўлганлар, ўзини чиниқтира олганлар, қўрқмас, жасоратли йигитларгина бунга муяссар бўладилар. Олдингизда икки йил бор. Агар қийналсангиз бу уч ёки беш йилга ҳам чўзилиши мумкин. Ёки қўрқоқлик қилсангиз ярим йилган ҳам қолмасдан кетиб қолишингиз ҳам ўз қўлингизда. Бироқ қийналишдан қўрқиб кетиб қолганларнинг ҳолини эшитиб турибмиз. Уларнинг ота-оналарини ўлдирган бадбахтлар ушлаб қолиб, бачча қилиб қўйишган экана. Бачча дегани нималигини биласизларми? Барзанги-барзанги эркаклар ўзларига хотин қилиб оладилар, қулбачча қилиб оладилар, хунаса бўлиб қоласиз, нару-мода бўлиб қоласиз, эркакликни унутасиз. Бу ерда чиниқиб ҳақиқий эркак бўласиз. Ўша бечораларни ҳам қутқазиш сизга насиб бўлади!
У ерда эса орқангизни йиртиб юборишади! Агар ким қийналса, ўзида бардош, куч, ирода топа олмаса, аёлсифат бўлса, тўрт томони қибла, ҳозирданоқ кетаверсин. Унутмасин, бир кун бориб уни қутқазамиз, агар унгача итларга ем бўлиб кетмаса?! Чунки улар итларга одам гўшти едириб, уларни тозиликка ўргатар эканлар. Бу ер қўрқоқлар, нимжонларнинг жойи эмас! Бу ер алпомишлар, арслонларнинг маскани! Сиз эзилганлар, бечоралар, қашшоқлар учун курашадиган, юрганда оёғидан олов чақнайдиган йигитлар бўлишингиз керак! Осмондан инаётган чақмоқ сиздан қочсин, сиз момоқалдироқдан ларзага тушсангиз керагингиз йўқ…
Тоҳир бошини эгиб қолди, Худди ҳамма унга қараётгандек ва “Қўрқоқ” дея кўрсатаётгандек эди. Аммо Қуръон дарсидан кейинги курашларда, югуриш, тоққа чиқиш, тошларни юмалатишларда у кўзга ташланиб қолгани учун ҳеч ким унга қарамаётган эди. Шундай бўлсада у берган саволидан изза бўлди, хижолат чекди.
…Тоққа қараб югуриш дарсида у ҳаммадан аввал қояга етиб борди. Худди қоянинг устида кийик тургандек эди. Кўзлари жовдираб турган кийикни кўргандек бўлди. Кўзимга нимадир кўринаяпти деб ўйлади. Лекин ҳалиги кийик йигитчаларга ўхшаб кийиниб олган қиз эканлигини пайқади.
-Сен … сен, нима қилиб юрибсан, бу ерда?-деди унга нафасини ростлаб оларкан.
Қиз ҳам унга ўхшаб ҳаллихлаб қолганди. Унга бир қиё боқди-да пасга қараб югуриб кетди. Тоҳир қиз боя турган жойга келиб, паст томонга қараса ўнлаб қизлар худди эмаклаган каби қояга интилаётган эдилар. Ортда эса ўзининг дўстлари. Демак, қоянинг бу тарафида ҳам бошқа ҳаёт бор экан, деб ўйлади. Бу орада болалардан бири қояга етиб келди-да орқага қайтди. Тоҳир биринчиликни йўқотаётганини ҳис қилиб ҳалиги боланинг орқасидан югурди.
У яна бирор дашномга сабаб бўлмасин дея қизлар ҳақида ҳеч кимга савол бермади.
Шом намозидан кейин устодлар Катта теппадаги қалъага кетиб қолдилар. Қоронғу жуда тез бостириб келар эди бу ерда. Шу бос у Хуфтонни дўстлари билан бирга оқъидида тоғдан келадиган сой томонга кетди. Унинг кўнгли роҳатсиз бўлиб қолганди. Ҳалиги қизлар унга Зуҳрани эслатганди. Балки Зуҳра ҳам адашиб шу жойларга келган ва ўша қизлар билан бирга бўлса-чи, деган савол уни тинч қўймади. У аста-секин қояга қараб кўтарилиб борди. Қояга етганда Ой кўринди. Тўлин ой. Бирдан дадасининг гапи ёдига тушди:
-Ой янгилигида тўлин бўлади. Унга қарасанг, кейин яқинларингга қарама. Кўз тегади. Аввал ерга қара, кейин одамга!
Аммо атрофда одам йўқ эди. Шундай бўлсада бир ойга қараб, кейин бир қояга қараб қўйди. Аммо қоя худди унинг кўзидаги нурни ўзига қайтаргандек туюлди. Бундан кўнгли ғаш бўлди. Нима бўлса ҳам, бориб қизлар қаерда туришини аниқлашга ва Зуҳрани суриштиришга қарор қилди. Олдин белидаги белбоғини ечиб бир бурда қотирма ва бир бурда гўштни олиб еди.
Синфда кунига битта қотирма ва бир лўнда пишган гўшт беришарди. Агар биринчи бўлса иккита қотирма ва битта қатлама оларди. Тоҳир баъзан икки, уч соҳада биринчи бўлиб кўпроқ егулик оларди. Аммо у ортиб қолганини беллашувларда энг охирда қолганларга берарди. Бир кунда шундайлардан бирига қатламани узатаётганда қўлига қамчи билан “еб” қолди.
-Бу ерда раҳм-шавқат бўлмайди. Ҳар ким ўзи учун курашади. Ўзинг учун ўл етим, билдингми? Сен бунга қатлама бериб яхшилик қилмаяпсан. Аксинча сен унга душманлик қилаяпсан! У шу йўл билан текинхўрликка ўрганади. Эртага биринчи бўлиш ҳақида ўйламайди, ҳаракат ҳам қилмайди. Сен унинг интилишини, жасоратини ўлдирмоқдасан! Чунки оч қолмаслигини билади. Бугун сен ўзинг берсанг, эртага у сендан ўзи сўрайди…
Бу доим қамчи билан юрадиган Дурбек паҳлавон эди. Ундан ҳамма қўрқар эди. У жуда аёвсиз, шавқатсиз бир одам эди. Агар қўлига тушсангиз терингизни шилиб олмагунча қутулишингиз мушкул эди. Унинг қамчиси урилган жойда илон изидек жой қолдирар, бўртиб чиққан жой унча-бунчага тузалмасди.
Тоҳир қўлидаги қотирмани ер экан, ҳали битмаган ярага ҳам тикилиб қолганди. Аммо бу бир зумлик бир хотира каби ўтиб кетди. Чунки унинг кўнглини Зуҳрани топиш илинжи худди осмондаги ой каби ёритиб қолганди.
У аста-секин қоянинг орқа томонига қараб юра бошлади. Нима учундир ичида бир қўрқув пайдо бўлди. Шу боис еҳтиёткорлик билан, аста-аста юриб борди. Анча юргандан кейин бир теппаликнинг ёнидаги чодирларга кўзи тушди. Атрофда эса гулханлар ёниб турибди ва қизлар ана шу гулханлар атрофида тўпланиб ўйин-кулги қилаётган эдилар. Бир гуруҳдагилар чилдирма садоларига ҳамоҳанг ўйнаётган бўлсалар, иккинчи гуруҳдагилар ашула айтаётган эдилар. Нега улар бирга эмаслар? Бундай қараса учинчи гуруҳ ҳам бор ва у ердаги қизлар бошларини эгиб турардилар. Тоҳирнинг кўзига худди осмондаги ой қаергадир ғойиб бўлиб, юлдузлар эса мана шу адрга тўкилгандек кўринди.
У бир тўхтаб қолиб, бир илдамлаб бораётган бир пайтда “шип” этиб нимадир бўйнига ўралди ва у гурсиллаб йиқилиб тушганини ҳис қилди. Кейин қамчининг бўйнини тилиб кетгани ва ҳавода вишиллаганча бошқа жойларига келиб урилаётганини сезди. У ерда илон каби тўлғанар экан, қаттиқ бир қўл уни бўғиб олди:
-Нима учун келдинг?
Бу Дурбек паҳлавон эди.
-Мен… мен.. синглим Зуҳрани қидириб кегандим…
-Нега қоронғуда келасан?
-Чунки… Чунки…-у жавоб тополмади.
-Сен бу ерда ким билан дон олишасан?-деб сўради Дурбек паҳлавон.
Тоҳир бу гапни тушунмади.
-Нима деганингиз бу!-деди.
-Нима эркаклигинг уйғониб қолдими? Ана у қизни кўриб ошиқ бўлиб қолдингми?
Дурбек паҳлавон боши эгик ўтирган бир қизни сочидан судраб олиб келди.
-Шуми синглинг!
-Йўқ, ман ўз синглимни қидириб келаётгандим, дедим-ку?!
-Санга ўхшаб синглисини қидириб келганларни кўп кўрганмиз, -дея Дурбек паҳлавон уни гулхан томонга судради.
Қизлар Тоҳирни кўриб қаҳқаҳа отиб кулдилар. Улардан бири оловга тутиб турган косовни олиб у томонга юра бошлади.
Дурбек паҳлавон эса Тоҳирнинг ягтагини ечиб, унга тиз чўкишни буюрди.
-Қизларга қараб тиз чўк!
Тоҳир намоз ўқигандаги каби ерга чўкди.
-Энди бошингни саждага қўйган каби ерга қўй!-деди.
У Дурбек паҳлавоннинг айтгани бажарди. Шу пайт бўйнининг орқасидан олов чиқиб кетганини ҳис қилиб, ерга юмалади. Оловда чўғга айланган косов унинг орқа бўйнига босилган эди. Тоҳир нима бўлганини билмас ва нима бўлганига ақли етмас ҳам эди. Унинг еркаклигини бичиш учун бўйнининг орқасидаги томирини куйдиришган эди. У ҳушсиз ётганда фақат бир қизнинг қаттиқ чинқириғи қулоқларига муҳрланди.
Дурбек паҳлавон қизнинг ҳам ҳис туйғуларини бичган эди…
Тоҳир ўзига келганда бўйнининг орасига отқулоққа ўхшаган бир ўтнинг барглари боғлаб қўйилганди. У анча вақтдан кейин юқори синфдаги болаларни кўрганида уларнинг бўйнида ҳам оқариб қолган жойлар борлигини кўрди. Булар ҳам қизларнинг ёнига бориб қолган бўлсалар керак, деб ўйлади.
У анча вақт синфда биринчи бўлолмай юрди. Негадир маънан ҳам букилиб бораётганди. Кетсаммикан, деб ўйлади. Аммо қаерга бораман? Агар кетсам, ота-онамнинг қотилини қандай топаман? Ҳақиқатни биладиган яккаю ягона одамга этадиган бошқа йўл борми? Шунча одам чидаб турибди? Наҳотки мен чидамасам? Ана шундай ўйлар уни соатма-соат у