ЖАҲОНГИР МАМАТОВ: “Каримов ва Мадаминов׃ “Сиам” эгизаклари”
1. НЕГА БУГУН?
Ўзбекистонда Олий суд раиси, Адлия вазири, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлиб ишлаган, 1994 йилда Ўзбекистонда демократия оёқ ости қилинмоқда, деган баёнот тарқатиб, АҚШдан сиёсий бошпана олган Муҳаммад Бобур Маликов билан мулоқот
-Бобур ака, кейинги кунларда баъзилар менга Салай Мадаминов ҳақидаги фактларни шунча йил нега яшириб келгансан, деб асоссиз иддао қила бошладилар. Хабарингиз бор, мен бу фактларни бугун ўртага олиб чиққаним йўқ ва доим бу ҳақда гапириб келмоқдаман. Бу эса, шундай иддао қилаётганларнинг ё мухолифат тарихини билмасликларини, ёки Мадаминовнинг қилмишларини хаспўшлашга урунишларини кўрсатади.
Лекин гапнинг ўғилболасини айтганда, кейинги йилларда у ҳақда гапиришни озайтирган эдим. Бунинг сабабини эса сиз биласиз. Ким бўлишидан қатъий назар агар Каримов режимига қарши бўлса, у ҳақда гапиришни тўхтатайлик ва ҳаммамиз бирлашиб, бир мушт бўлиб, зарбани диктатура режимига қаратайлик, деган орзуимиз бор эди. Аммо бизнинг ана холис ниятимиздан Мадаминов худди 15 йил давомида бўлгани каби яна бир марта фойдаланиб қолишга уринди. Мухолифатни бирлашмайдиган нуқтага олиб келди. Демак, биз хато қилдимки?
-Менимча биз унга яна бир марта имконият бердик. Аммо у бу имкониятни яна ўз шахсий манфаатига қурбон қилди. Бугунга қадар кўп гаплар айтилди. Аммо мен ҳали жамотчилик билмаган ва Мадаминовнинг кимлигини ўрганишга хизмат қиладиган жуда муҳим маълумотларни ўрта қўймоқчиман.
-Кейин сизни ҳам нега шу пайтга қадар индамадингиз дея айбламайдиларми?
-Мадаминов атрофида уч-тўртта орабузар ёки Даврон Шарипов имзоси билан ёзадиган Мадаминовдан бошқанинг айблашига кўзим етмайди. Чунки, биласиз иккаловимиз лидерликка даъво қилмасдан ҳаммани Каримов режимига қарши курашда бирлаштириши учун кўп уриндик.
Андижон воқеаларидан кейин Мадаминовни бу ерга қандай таклиф қилингани, шу пайтга қадар АҚШга ҳатто виза ололмай юрган бу шахсга қандай йўл очилгани сабабларини иккаламиз биламиз. У келганда мен катта бошимни эгиб, аэропортга чиққанман. Уни уйимга олиб келиб, мана сизларни ҳам чақитириб учраштирганман.
Ҳатто бизнинг номимиздан гапириш ваколатини истаганда, мен орага тушиб, унга шу вақолатни олиб бердим. У эса, эртасига Нью Йоркка бориб, ўзини бутун мухолифатни лидери, деб эълон қилинган Баёнот матнини юборди. Мен шунда унинг вакили Сулаймон Мурод билан гаплашиб, виждони бўлса айтин, сизнинг лидерингиз ҳали ҳам худбин экан, дедим.
Биз унга АҚШ Конгрессида номимиздан гапириш ваколатини бердик, уни лидер деб эълон қилганимиз йўқ, дедим. У гапимизга парво қилмади. Эсингизда Рестон шаҳарчасида учрашганимизда, мен жаҳлим чиқиб, столни муштлаб унга шахсий манфаатни бир томонга қўй ва мамлакат масаласини ўйла, деб айтдим.
Йўқ, у бизнинг уринишларимизни қадамба қадам бузди ва сиз уюштирган Конгресс мажлисида ҳали фақат бир орага келганимзини эълон қилиш билан чекланамиз ва яна учрашиб, қолган гапларни гаплашамиз деганимизга қарамай у қандайдир уч-тўрт кишининг номини ёзиб, ўз раҳбарлигида Бирлашган мухолифат коалициясини тузганини эълон қилиб юборди. Нима бўлди? АҚШ Конгрессида у билан бирга муҳокамада қатнашиши керак бўлган ҳукумат мулозимлари ва бошқа расмийлар олдиндан розилик беранларига қармай келмадилар. Бу шармандалик эди. Бу ўзбек мухолифатининг шармандалиги бўлди.
Шундан кейин уни бу ерда Давлат департамнети ва Хавфсизлк кенгашида ҳам аввла белгиланганига қарамай қабул қилишмади. У икки ҳафта кутди аммо турли баҳоналар билан уни қабул қилишмади. Ваҳоланки ҳар қандай одам мурожаат этса ҳам қабул қилаверишади, аслида. Гапнинг пўсткалласини айтсам, унинг кимлигини билиб қолишди, у бу идоралар учун у тамом бўлган сиёсатчидир. Балки ўз манфаатларидан келиб чиқиб, ноҳукумат ташкилотлар ёки Конгрессдан униси ё буниси қабул қилар. Лекин бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Унга энди яланғоч сиёсатачига қараган каби ҳам ачиниб, ва ҳамда кулиб қарайдилар.
-Бу борада менда жуда кўп ҳужжатлар тўпланиб қолган. Келгусида уларни эълон қилиб борамиз. Ўшанда Андижон воқеаларидан кейин бирлашув учун жуда катта имконият пайдо бўлганда ким буни оёқ ости қилгани ҳам далилланди…
- Унутманг, ана у иддао қилувчилар билиб қўйсинлар, шундан кейин ҳам сиз билан бирга бир неча марта унга имкон танидик. Мен ўзим унинг тарафдорлари билан гаплашдим. Аммо отдан тушса ҳам эгардан тушмайди. Аслида от ёки эгарнинг ўзи ҳам йўқ.
Абдураҳим Пўлатов билан ҳам учрашиб унинг камчиликларини жуда кескин равишда юзига айтдик. Мадаминовни ҳам яна бирлашув йўлига бошлашга уриндик. У нима қилди? Мухолифатни масхара қилди. Каримовни диктатор, деб юрган одамнинг ўзи демократик сиёсатга зид равишда, муҳокамасиз, бачкана диктаторларга хослик билан ўзини президентликка номзод қилиб эълон этди. Яна мухолифатнинг устидан кулишди. Бу кунингиздан ўлганингиз яхши дегандек қўл силтаганлар бўлди. Шунда ҳам Мадаминовни танқид қилса, Каримовга хизмат қилган бўлармиш. Тушингизни сувга айтдинг. Нима Мадаминов ойдан тушдими?
2. КАРИМОВ-КЕТ! МАДАМИНОВ –КЕТ!
-Бобур ака, агар Мадаминов “ойдан тушмаган” бўлса, 1994 йилда нега уни қўлладингиз ва ҳатто унинг таклифи билан Истанбулга бордингиз? Ёдингизда бўлса, биргаликда таҳририятларга ҳам борган эдик…
-Ҳа, мен борганман. Туркияда жуда кўп мулозимлар билан учрашганман ва уни қўллашларини сўраганман. Мен бу билан унинг шахсини эмас, балки ўзбек мухолифатни қўллашларини сўрагандим. Унинг бу қадар ўз шахсини ўйлайдиган, худбин эканлигини қаёқдан билай? У Каримов билан дўстлашиб, (бу ҳақда кейинроқ муҳим маълумотларни келтираман), Каримовнинг ўйинларига кириб, хатолар қилди, боши деворга урилиб, кўзи очилди, деб ўйлаган эдим. Кейин АҚШга келганида ҳам унга ҳамроҳлик қилганман. Мақсад, ҳаммамиз бир бўлайлик, деган фикр эди. У бу ерга келганда ҳам асосий диққатни Абдураҳим билан жанжалга сарфлаган. Қачон келмасин, албатта жанжал қилиб кетади. Абдураҳим очиқ жанжал қилса, Мадаминов усталик билан уюштиради. Кейин билиб қолиб, ёқангни ушлаб юрасан. Чунки у маҳоратли сиёсатчи эмас. Жуда ҳам содда ва ўзини мақтаган одамнинг қулига айланиб қолади. Бу эса сиёсатчи учун назардан қолиш демакдир. Шу ўринда мен унга лақма-ўжар сиёсатчи деган баҳо берган бўлардим. Бир томондан очиқдан очиқ лақмалигини кўрсатади, иккинчи томондан ўжарлик қилиб ана шу лақмалигини ҳимоя қилади.
-Мана шу хусусда кўпчилик айни баҳони беришмоқда. Мадаминовнинг уйдирма мақоласига жавобим эълон қилингандан кейин таниқли сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев билан гаплашсам, у қизиқ бир манзарани чизди.
“Мен Мадаминовни узоқ йиллардан бери танийман, -деди 64 ёшни қаршилаган Тошпўлат ака.- Сайловга кирганда у ҳатто ўз таржимаи ҳолини сиёсий нуқтаи назардан ёзиб беролмаганди. Мен ёзиб бергандим. Гап бунда эмас. Гап шундаки, мен илгари Мадаминовнинг “ишончли қалъаси” бўлган Отаназар Орифовнинг уйига бориб турардим.Ўша пайтда Мадаминов унинг уйига телефон қилиб қолиб, гапнинг очиғи ҳеч нарсага арзимайдиган шахсий китобларини қаерга ва ким орқали юборганини айтарди. Кейин мен Отаназар акага “Бунақа қилманглар, ахир телефонингизни эшитиб туришибди, ўша одамларни ушлаб қамашади”, десам, у “Биз махсус диалектда гаплашамиз, улар тушуна олмайдилар” дерди. “Мана мен тушуниб турибман-ку, улар қандай тушунмайдилар” десам, Отаназар ака елка қисиб қўярди. Эртасига эса телефонда номи айтилган одамларни ушлашарди. Агар у ҳукуматга ишлаган одам бўлса, қўйиб юборишар ва беш тўрт сўмга ёлланган бечора бўлса, қамаларди. Буни бир қарашда соддалик ҳам дейиш мумкин. Аслида эса соддалик эмас…”
Шу ўринда мен Тошпўлат Йўлдошевга жавоб қилмоқчиман׃ Мадаминов “Одамлар қамалиб чиқса, чиниқади ва доимий мухолифатчи бўлади” деган лақма назарияга эга эди. Шунинг учун ҳам ўзига алоқаси бор одамлар ҳақида лом-мим демай, ўзига алоқаси бўлмаган одамлар ҳақида жар солади, уларни қутқарайлик, деб баёнотлар беради. Ваҳоланки, шундай ҳам дунё жамоатчилиги ўша одамларни қутқариш ҳақида бонг ураётган бўлади. Қарабсизки, бу нарса калла деса, салла келтирувчиларга қўл келади ва “Мана бу одам ҳам Мадаминов билан боғлиқ” деб ишга тўн кийгазадилар. Шунинг учун қамалганлар унинг виждонини ёндириши керак.
-Жаҳонгир, эсингиздами, бизнинг уйда ўтирганда “Ким мени қўлланмоқчи бўлса, мен ундан олдин уни қўлланаман” деган эди. Бу ўзига жуда ҳам катта баҳо бериб юборишдир. Худди ана шу нарса Каримовда ҳам бор. У ўзини ҳаммадан ақлли ва устун деб ҳисоблайди, бошқаларни оёқ учида кўрсатади. Бошқаларнинг ақлли эканлигини сезиб қолса, уларни ёмон отли қилишга уринади. Ана шу нарсани Мадаминовда ҳам кўрдим. Эътибор қилинг, унинг атрофида ҳам, Каримовнинг атрофида бўлгани каби чуқур мушоҳада қиладиган одам қолмади.
-Ҳа, Мадаминовнинг атрофидагиларнинг айтган ва ёзган ҳар бир гаплари уни яраламоқда. Худди Каримовнинг малайлари Каримовни яралаб келаётганлари каби. Мадаминовнинг “жиян”лари аргумент билан гаплаша олмайдилар, фақат сўкинишни биладилар. Куракда турмайдиган гапларни оғизга оладилар. Каримов ва унинг атрофидагилар ҳам худди ана шундай. Сўкиниш ва ҳақорат уларнинг энг асосий хислатлари. Шунинг учун ҳам улар танқид нима эканлигини билмайдилар. Танқид демократиянинг энг асосий ричаги. Танқидни иғво деб баҳолаган одам қандай қилиб демократ бўлиши мумкин, бу диктаторлик касалининг аломатидир. Диктаторлар танқидни ҳам, таҳлилни ҳам иғво деб тушунадилар ва билмаган ҳолда ўзлари иғвога киришиб кетадилар.
-Мана сизга таққослаш учун икки мисол келтираман. Олий Кенгашда янги судяларни тасдиқлашганда депутатлар улар ҳақида менга кўп саволлар беришган. Мен ҳаммасига жавоб беришга уринганман. Шунда Каримов мени хонасига чақириб, роса бўкирган. “Нега бунча сўзга чиқасан” деб койиган ва мен сўзга чиққанимда мажлисни ташлаб чиқиб кетганини айтган. Унга кўра мен эмас, унинг ўзи жавоб бериши керак ёки менинг бир нарса билишим кўриниб қолмаслиги лозим.
Энди, 2005 йилда Мадаминов АҚШга келганида у мени Вашингтонга чақирди. Майли, деб бордим. Борсам, Оқ уйга яқин ҳашаматли, жуда қимматбаҳо бир меҳмонхонада қизи билан турган экан. Бу ерда хориждан келган одам бир томонда турсин, ҳатто АҚШда яшаган унча-бунча одам ҳам тура олмайди. Ёнида Фарҳод Иноғомбоев ҳам бор эди.
Ўшанда мен унга бирлашишнинг яна бир усулини таклиф этдим. Бу Каримов режимига қарши кураш йўлида партиялараро шартнома тузиш йўли эди. Дастлаб “Озод деҳқонлар” билан, кейин эса “Бирлик” билан… Мен унга бу таклифни бир неча марта айтдим. У қабул қилмади. У менга фақат ўзининг ортида қандайдир 12 та ташкилот турганини рўкач қилди. Мана бугун “60 та ташкилот орқамда” деб жар солмоқда. Бу худди Каримовнинг бутун дунё биз билан, деган ахмоқона сиёсатиниг бир кўринишидир.
-Бобур ака, кимки Мадаминовни мақтамаса, душманга айланади ва унга қарши иғво кампанияси бошланади. Мадаминовнинг жияни Сафар Бекжон номидан чиққан қора китобни эсланг. 1994 йилда чиқарилган ва мухолифат учун берилган грантлар эвазига турли тилларга таржима қилинган бу китобда қораланмаган одам қолмаганди. Ҳамма қора ва Мадаминов оқ қилиб кўрсатилганди. “Эрк” газетаси ҳам онда-сонда бир чиқса-да, албатта асосий мақолалар мухолифат аъзоларини қоралашга ва Мадаминовни улуғлашга қаратилади. Мадаминовнинг ўзи ёзган китобларда ҳам у Каримовдан кўпроқ Пўлатовлар ҳақида ёзган. Бугунга келиб эса, шундай иддао қилишмоқдаки, гўё фақат Мадаминов танқид қилинмоқда эмиш.
-Жаҳонгир, нима деяпсиз? Мен уни уйимга олиб келиб, унга туз берсам, у қайтиб бориб, Даврон Шарипов номи билан мени ҳам чайнаган. Нима эмиш, мен Ҳасан Ғозиев деган мафиознинг клиенти эмишман. Мени Туркияга чақириб, ҳукумат идораларига олиб бориб, мақтаганида мен мафиознинг клиенти эмас эдим. Мени “ЭРК”нинг Вашингтондаги вакили, деб эълон қилганда ва АҚШ сафарлари чоғида мен таниқли сиёсатчи ва таниқли дипломат эдиму, энди уни танқид қилганимда, мафиоз бўлдими?
Кўрдингизми, унга бу нарса бешикда теккан, шекилли. Лекин бугун биз у ҳақда гапираётганимизнинг муҳим сабаби унинг сиёсий арбоб даражасига ета олмаганини кўрсатишдир. У жуда катта даъво қилмоқда. Бутун мухолифатга лидерман деб жар солмоқда ва Ўзбекистонга президент бўлмоқчиман деб ҳар қандай йўлга бош урмоқда. Шундай экан, бундай одамнинг кимлигини билиш ҳамманинг ҳаққи. Бу демокртик тамойил. Биз энди ҳаммамиз бир бўлиб “КАРИМОВ-КЕТ! МАДАМИНОВ –КЕТ!” дейишимиз керак!
3. КАРИМОВГА КИМ ЯШИЛ ЧИРОҚ ЁҚҚАНДИ?
-Бобур ака, бугунга қадар энг кўп тортишилган нарса 1990 йилларнинг бошида Каримовнинг Мадаминовга яратиб берган имтиёзлари ва “ЭРК”нинг рўйхатга олиниши масаласидир. Агар демократияларга қарасангиз, мухолифат ҳукумат билан очиқ келишиши ва ҳатто коалиция тузиши ҳам мумкин. Бу нормал ҳол. Лекин Мадаминовни Каримовдан квартиралар ва машинлар олганликда, шу йўл билан мухолифатни сотганликда айблаб келишмоқда. Каримов уни “Бирлик”ни парчалашда қўллангани ва шунинг эвазига ҳадяларга ботиргани айтилади.
Сиз ўшанда Адлия вазири эдингиз. Мадаминов иддао қилиб келаётгани каби “ЭРК” демократик қоидалар асосида рўйхатга олинган эдими? Агар шундай бўлса, уни айблашга ўрин қолмайди. Шу масалага ойдинлик киритсангиз.
-Мана мен очиқ гапни айтаман. Менга Каримов телефон қилиб, “Дарҳол “ЭРК”ни рўйхатга ол!” деб буйруқ берган. Ҳеч нарсага қарамай рўйхатдан ўтказганман.
Ана энди ёдга олинг, Мадаминов шундан кейин қанчалик ўзгарди?
-Унга “Волга”лар берилган ва ҳатто Ички Ишлар вазирлиги учун ажратилган махус номерлар қўйилган эди. Бу номерли машинларни ҳеч ким тўхтатмас эди. Уни Каримовнинг топшириғи билан якка ўзини, муқобил номзодсиз депутат қилишганди ва ҳоказо. Мана шу нарсалар бекорга эдими? Ёки “Бирлик”ни парчалагани учунми? Ёки Каримов шунчалик саховатли одам эдими?
-Каримов ҳеч қачон бекорга иш қилмайди. “Бирлик” парчалангани борасида эса, уни бевосита билганлар гапиришмоқда ва гапиришади. Мен эса бевосита ўзим иштирочиси бўлганим бир воқеани айтиб бераман, хулосани ўзингиз чиқариб олинг.
Ўшанда Россия ва Ўзбекистон орасида шартнома имзоланиши керак эди. Бу ҳужжатнинг лойиҳасини тайёрлаш учун Москвага Каримовнинг маслаҳатчиси Шохобидин Зиёмов борганди. Унга имзоланадиган шартномага Ўзбекистон демократик йўлдан кетади ва бунинг учун зудлик билан қандай одимлар отади, мана шу нарса киритилмаса имзоланмаслигини айтишган.
Каримов менга телефон қилиб, Москвага боришимни ва бу ҳужжат лойиҳасини тезлаштиришимни буюрди. Унинг учун бу жуда ҳам муҳим ҳужжат эди. Бу ҳужжат унга дунёга йўл очарди. Ўшанда Россия демократик давлат саналарди ва унинг иттифоқдоши ҳам демократ деб қабул қилинарди.
Мен эрталаб самолётга чиқсам, Мадаминов ҳам ўтирибди. Кечагидек эсимда. Қўлида бир сурат бор эди, кимгадир ҳадя учун олган бўлса керак?
У биз билан Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонасига борди. У пайтда вакил -“постпред” бўларди. “Постпред”нинг биринчи ўринбосари Зориннинг хонасида ўтирганмиз. Мадаминов Ўзбекистонда демократия бошлангани ва мамлакат шу йўлга кирганини ўз қўли билан ёзиб берган ва шундан кейин чет элга кетганди. Шу ҳужжат билан руслар шартнома матнига рози бўлишган. Каримовга мана шундай яшил чироқ ёқилганди.
Мен ҳукумат вакили эдим ва Каримов айтганини бажаришга мажбур эдим. Аммо Мадаминов ўзи йўлида курашмоқдаман, деган демократияни ман шундай осонгина бичиб ташлаган.
Шундан кейин Каримов унга ҳар қанча имтиёз қилиб берса ҳам кам эди.
-Бобур ака, бу даҳшатку?! Буни нима деб аташ мумкин, бу сотқинликми, сиёсий жиноятми, нима бу ўзи?
-Бунга мухолифатчилар, тарихчилар ва Ўзбекистоннинг келажаги билан қизиқувчиларнинг ўзлари баҳо берсинлар!
4. ЯЛАНҒОЧ “ҚИРОЛ”
-Бобур ака, маълумки, Мадаминов Туркиядаги лидерларни ўртага қўйиб, Ўзбекистонга қайтиб, бирор мансаб олишни истаган пайтлар ҳам бўлган. Жумладан, у Туркия миллиятчиларининг саксондан ошган лидери Алпарслон Туркаш орқали Тошкентга хат жўнатган.
Мадаминов ўзи ёзиб, Баҳодир Файзи номидан эълон қилган “Мухолифат тарихи” деган китобида шундай хатлардан бирини билиб-билмай келтиради. Ана шу хат Мадаминовнинг миллат ва мамлакатдан устун турадиган манфаатлари борлигини кўрсатади.
Шундай хатлардан бирига жавобан Ислом Каримов Алпарслон Туркашга қуйидагиларни ёзган׃
“Муҳаммад Солиҳ жанобларига келсак, бу киши ҳам бошқалар қатори юртига қайтиши мумкин. Лекин бу қайтиш ҳеч қанақанги талаб ва келишувларсиз, муайян мансаб ва ё имтиёзлар ҳисобига бўлмаслиги керак. Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкент, 1996 йил, 18 ноябрь И-1973” .(“Мухолифат тарихи”, Исмат Хушев таржимаси).
Шундан кейин ҳам Мадаминовнинг бошқаларни Каримовдан бир нарса кутганликда айблаши худди иштонсизнинг тиззаси йиртиқ устидан кулгани бўлиб қолмайдими? Ўзи ҳам “Мени таклиф қилсин, иш берсин, имтиёз берсин” деб ўртага одамларни қўйиб юрибди-ку?!
-Жаҳонгир, бундай мисоллар кўп. 1995 йилнинг бошида АҚШ Миллий Демократик институти ташаббуси билан Ўзбекистонда ҳукумат ва мухолифат мавзуига бағишланган семинар бўлиб ўтганди. Унга Франкфуртдан Салай Мадаминов ва Истанбулдан Абдураҳим Пўлатов келди. Шунингдек, семинарда Каримов ҳукумати вакили Адлия вазири Алишер Мардиев ҳам иштирок этди. Шу ерда Мадаминов ўзининг эски ошналари Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзамов билан ҳам ярашиш шартларини муҳокама қилганди.
Ҳар қандай сиёсатчи ва сиёсий ташкилот шундай манёверлар қилади. Лекин ўзингга қолганда майли, аммо бошқаларни айблашинг бу сиёсатчининг иши эмас. Кимдир мухолифатга озгина олдин ва кимдир озгина кейин келган бўлиши мумкин. Агар ҳар бирига биттадан айб ёпиштираверса, ким бўлишидан қатъий назар охир оқибат бугун Мадаминов мисолида кўрганимиздек яккаланиб қолади. Мадаминовни ҳали ҳам грaнтлар учун қўлланиб юрган бир иккита шоввоz бор ва у шу боис ҳали яккаланиб қолганининг идрокида эмас. Бунинг устига биз фактлар билан таҳлил қилар эканмиз, улар анонимкачилик билан банд. Жўяли гап айтолмасдан, шахсимизни ҳақорат қилишга ўтиб кетишди.
-Дарҳақиқат “Абдуллоҳ” деган бир номаълум исм остида менга ёзилган саволни келтирмоқчиман. Шунга ҳам муносабат билдиришимиз керак, деб ўйлайман.
“Мухолифатда сизни сайтингиздан бошқа ҳалол инсонлар борлигига ишонасизми? Нима учун мухолифат деганда фақат ғийбат ва кераксиз мақолалар тушуниб қолинмоқда ҳозирги кунда, бунда сизни ҳам ҳиссангиз борлигини тан оласизми? Ва энг асосийси бир-бирларизни камчиликларингизни ҳамма жойда достон қилиб ундан ўз манфаатиз учун фойдаланяпсизлар, бу борада инсонийлик муомала одобларини демократия ниқоби билан қолиплаяпсизлар, келажакда ватанда узларизга нисбатан инсоний ҳурмат топишларизга ишонасизларми? Сиз қачон бирор танқидга жавоб ёзсангиз узингизни Жаҳонгирлигизни таъкидлайсиз .
ЖАҲОНГИРЛИК кечиримлик ва сабрда яққолроқ курингани маъқул эмасми? Ва яна бир савол, аввалда ҳукумат билан ишлаб нафси тилаганча молу-дунёни олиб булгач узини мухолифатда деб эълон қилган М.Маликов билан сизни нима бирлаштиради? Чунки бу ҳукуматда ишлаган ҳар қандай одамни охири қамоқ ёки ўлим билан якунланишини билган бу одам вақтида АҚШда қолган деб уйлайман…”
“Абдуллоҳ” кабилар савол беришдан олдин озгина мутолаа қилишса ёмон бўлмайди. Ғийбат нима? Ғийбат бировни орқаворотдан ёмонлаб гапиришдир. Ўзбек тилини ҳам озгина билиш керак, ахир! Биз орқаворотдан эмас, юзига айтмоқдамиз. “Абдуллоҳ” номининг орқасига яшириниб олганимиз йўқ. Биз камчиликларни очиқ танқид қилмоқдамиз. Иккаламизнинг ҳам лидерликка даъвоимиз бўлмагандан, эҳтиёжимизни тўла қоплайдиган ишимиз бўлгандан кейин қандай манфаат ҳақида гап бормоқда?
Каримовнинг “Ичкаридаги гапни ташқарига чиқарган-хоин” деган сафсатаси нималарга олиб келганини наҳотки кўрмаяпмиз? Биз инсонийлик, муомала одобидан ҳам чиққанимиз йўқ. Сиз эса “Абдуллоҳ” ёзганингизни яна бир ўқинг. Балки унда ўзингизни кўрарсиз.
Маликов масаласига келсак, у киши билан биринчи дўстлашган ва у кишини мухолифатга бошлаб келган одам Мадаминовдир. Бу бундан 13 йил олдин бўлган. Ўша пайтда Маликовнинг қанча пул тўплаганини Мадаминов кўра олмагану бугун энди сиз кўрдингизми? Фолбинлик ҳам эви билан-да, биродар!
-Жаҳонгир яна бир нарсани қўшиб кетмоқчиман. Мен давлат мулкини талон тарож қилганимда эди, ёки порахўр бўлсам эди - Каримов ва унинг лайчалари мени ҳеч қачон тинч қўймас эдилар. Ундан ташқари шундай бўлганда мен АҚШ ҳукумат идорасида ҳеч қачон ишламаган бўлардим. Ёдимда мен сиёсий бошпана сўраганимда собиқ Ташқи ишлар вазири Саидқосимов (Москвада КПСС МК да ишлаб келган) АҚШ ҳукуматига хат юборганида гап тополмай, “Маликов комсомол бўлган” деб ёзганди. Хўш, “Абдуллоҳ” биродарим, сизнинг бу манқурт Саидқосимовдан ортган жойингиз қолдими?
Мустақилликнинг бошларида мухолифат сафларида бўлганлар собиқ коммунистларни ана шундай ёппасига айблай бошлагандилар. Бирдан қарасалар ота-оналари, опа сингиллари, хуллас халқнинг ярми коммунист экан. Бу аҳволда яккаланиб қоладилар…
-Шунда Мадаминов “ЭРК” қурултойида минбарга чиқиб, собиқ коммунистлар бизнинг халқимиздир, дейишга мажбур бўлганди…
-Ундай бўлса, нега бугунга келиб кимнидир бир пайтлар коммунист бўлганликда айблайди? Худди шундай агар бугун ҳукуматда ишлаб, мухолифатга қўшилганларни ҳам айблай бошлашса, бурунларини ковлаб ўтираверадилар. Бир одими ҳеч қачон икки бўлмайди. Бугун 3,5 миллион ўзбекистонлик ташқарида. Мингдан зиёд мухолифатчи ташқарида. Лекин Мадаминов намойиш ўтказса, нега 20 киши ҳам чиқмайди? Ахир орқамда 60 та ташкилот бор дея жар солаётган одам камида 60 кишини чиқариши керак эмасми? Буни ўйлаб кўринг! Нега одамлар сизга эргашмаяпти? Чунки “Абдуллоҳ””лар уларнинг бирини қамамоқчи, иккинчисини ўлдирмоқчи. Сиёсатлари кушандалик бўлса, бундан кейин ҳам яккаланиб қолаверадилар ва ҳатто гапини ўз номидан очиқ айта олмаслик даражасида қолиб кетишади.
-Менга ёзган хатида Мирзоулуғ деган укамиз шундай дейди׃ ”Мен билган таниқли шахслардан Насрулло Сайид, Содиқжон Йигиталиев, Юсуф Жума, Иброҳим Ҳаққул, Шоди Каримов, Абдулҳай Абдумавлонов, Бобур Маликов, Аҳмад Азам, Холдор Вулқон, Жаҳонгир Муҳаммад, Номоз Нормумин, Гулчеҳра Нуруллаева, Дайнов Ташанов, Самад Мурод, Ойгул Маматова, Имом Файзиев, бошқа-бошқалар ундан юз ўгириб кетганлар.”
Мен бунга Ойбекнинг ўғли Бек акадан таниқли адиб Зоҳир Аъламу Бахтиёр Исабекка қадар яна 20-30 нафар таниқли шахсни қўшишим мумкин. Лекин гап бунда эмас. Гап шундаки, ким ундан юз бурса, ўша одамни “сотқин” деб эълон қилади. Худди мана шунинг учун улардан баъзилари мухолифатга қўл силтаб, ҳукумат томонга ўтиб кетдилар ёки Тошпўлат Йўлдошевдан Шуҳрат Аҳмаджоновга қадар ўнлаб фидойилар анча вақт мухолифатдан хафа бўлиб юрдилар. Кейин англадирки, мухолифат номидан айтилган гаплар фақат Мадаминовнинг шахсий гаплари экан…
5.ЎХШАМАСА УЧРАМАС
Ўзбекистонда Олий суд раиси, Адлия вазири, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлиб ишлаган, 1994 йилда Ўзбекистонда демократия оёқ ости қилинмоқда, деган баёнот тарқатиб, АҚШдан сиёсий бошпана олган Муҳаммад Бобур Маликов билан мулоқот.
-Бобур ака, сизга илгари ҳам ҳикоя қилгандим, бизни Тошкентдаги уйимизни юздан зиёд миршаблар билан ўраб, тортиб олганларида Консерватория ёнида оқ “Волга” турганди. Унинг ичида Тошкент шаҳар ҳокими Адҳам Фозилбеков ўтирганди. Кейин билсам, унинг ёнида Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Мирзиёев ҳам ўтирган экан. Улар бизни уйимиздан чиқариб отиш амалиёти ҳақида Каримовга рапорт бериб туришган. Каримовнинг жаҳли чиққани, биз яшаб турган уйимиз мамлакатдаги ўқитувчиларга берилган имтиёзлар ҳақидаги Фармонга кўра хусусийлаштирилиб, биз томонимиздан сотиб олингани бўлган экан. Умр йўлдошим кўп йиллик ўқитувчи эди.
Хуллас, ўшанда тўрт ёшли жажжи эгизакларим ухлаб ётганига қарамай, уларни жовдиратиб, ётган тўшакларини судраб ташқарига олиб чиқишганди. Танишларимдан кейинчалик эшитишимча, Каримов “Мен ёмону фармоним яхшими?!” деб бақирган экан ўшанда.
-Жаҳонгир, тушунаман, мен ҳам Каримовга қарши чиққанимдан кейин бизни уйни ҳам худди мана шундай буйруқ билан тортиб олишган…
-Туркияда эканлигимда, у ердан Озарбойжонга бориб, оиламни олиб қайтсам, Мадаминов менинг уйимнинг эшигини очиб, меҳмон талабаларга берган экан. Биз келгач, талабалар Мадаминов ҳисобидаги учта квартирадан бирига ўтишди, ўшанда Рустам Маматқулов деган талабанинг у билан гаплашаётганини эшитиб қолдим.
-Тўртта боламизнинг биттагина овунчоғи шу телевизор…,-деди умр йўлдошим.
-Менга фарқи йўқ. У квартираларнинг ҳар бир хонасида биттадан янги телевизор турибди. Бунинг устига бу жуда эски,-деди Рустам.
Мен аралашмадим. Кейин Рустам бир неча йигитлар билан қайтиб келиб׃
-Соли ака “Мен ёмону телевизорим яхшими?” деяптилар,- деди. Шу пайт Салай Мадаминовнинг укаси Муҳаммад Бекжон кириб келди ва жажжиларнинг кўзини жовдиратиб эски телевизорни олиб кетди.
Ўша телевизорларни асли андижонлик, Истанбулда тўқимачилик корхонаси соҳиби бўлган Маҳмат ака мухолифатга деб олиб келганди.
-Жаҳонгир Туркияга келиб, оилангиз билан қийин шароитларда қолганингизни биз Америкада туриб эшитганмиз ва Истанбулга бораётган ўзбеклардан Мирзапўлат Ҳакимий орқали қизларим қизларингизга кийим юборишганди.
-Раҳмат. Ўшанда роса қувонишган. Дарҳақиқат, ўшанда жуда қаттиқ ишлаб, оёққа туришимизга тўғри келган. Кейин биз АҚШга келганда, Орегон штатида кекса бир онахон телевизор олиб келиб берганда, “Муҳаммад Солиҳ” деган номни танлаб олган Мадаминовнинг ҳатто мана шу Меридес деган бегона бир аёлдек ҳам бўла олмаслигини ўйлаганмиз.
-Албатта, орада мана шунча гаплар ўта туриб яна Мадаминов ва бошқалар билан бирга, гина кударталарни ташлаб, бир жабҳада бўлишга уринишингиз бу осон эмас. Тушунаман, Ўзбекистондаги зулм қаршисида бу нарсаларни четга суриб туриш керак эди. Лекин буни Мадаминов суиистеъмол қилди. Бирлашиш ҳақидаги ҳамма ҳаракатларни бир йўлини топиб бузди, ўртага душманлик, иғво ва буҳтон солди.
-Бобур ака, мен яқинда Мадаминовнинг сохта бир ном билан ёзган уйдирмасига жавобимда унинг Каримов билан ўхшаш жиҳатларига ҳам тўхталгандим. Жумладан қуйидагиларни санагандим׃
-Каримов 1990 йилда эълон қилинган мустақилликни тан олмай, 1991 йилда ўзига керак бўлганда эълон қилди.
-Мадаминов ўз шахсини ўйлаб 1989 “Бирлик”ни парчалаб, 1990 йилда “ЭРК”ни тузди.
-Каримов аввал сайлов, рефрендум ўйинлари қилди ва муддати тугаса ҳам “қонунлар ясаб”, “лидерман” деб ўтирибди.
-Мадаминов партия уставидаги тўрт йилга, фақат икки марта сайланиш қоидасини бузиб, арвоҳлар кенгашлари ўтказиб, “кет” дейилишига қарамай, ўзини “лидерман” деб жар солмоқда.
-Каримов ўз атрофига самарқандликларни тўплаб, бу қадимий шаҳар обрўйига путур етказди.
-Мадаминов ўз атрофига хоразмликларни тўплаб, мухолифатни қорага чаплади.
-Каримов матбуотни бўғди, “Озодлик” ва “Америка овози”ни ўз пропагандасига ишлатиш учун ҳар қандай жирканчликдан қайтмади.
-Мадаминов ҳам айни йўлни танлади.
-Каримов миллат ва мамлакатни гаровга тикиб, оиласини ҳукмрон этди.
-Мадаминов ҳам миллат ва мамлакатни гаровга тикиб, мухолифат учун олинганларни оиласига, ўзига сарфлади.
-Каримов агар ўзига қарши чиқса сафдошлари ва яқинларини ҳам йўқотиши мумкинлигини кўрсатди.
-Мадаминов ҳам ўз шуҳрати учун сафдошлари ва яқинларини провакация қилиб қамоққа кетишларига йўл очди…
-Жаҳонгир чалғитиш сиёсати ҳақида унутган кўринасиз.
-Сиз Мадаминовнинг чалғитиш ўйинлари ҳақида олдиндан айтган эдингиз. Дарҳақиқат, чалғитиш Каримов сиёсатининг таркибий қисмидир. Жамиятда бир масала етишган пайтда унинг диққатини бошқа томонга буриб юбориш ҳолларини ўтган 15 йил давомида жуда кўп кўрдик.
1992 йил Талабалар шаҳарчаси, 1994 йил Каримовга суиқасд ўйини, 1999 йил Феврал фоқеаларидан тортиб, 2004 йилги портлашларга қадар жамиятда халқнинг норозилиги етилган пайтда унинг диққатини бошқа томонга буриб келинмоқда.
Мадаминов ҳам худди шундай қилмоқда. Қачонки мухолифат ичида пишиб етилган муаммолар таҳлил қилина бошланса у мавзуни бошқа томонларга буриб юборади. Одамларнинг диққатини майда-чуйдалар билан чалғитади. Шахсларга туҳматлар уюштиради. Буни бугун ҳам кўриб турибмиз. Биз суҳбатларимиз аввалида айтган эдик, гапимизни айтамиз ва йўлимизда давом этаверамиз, деб. Бизни чалғитишга уринишлар бўлишини ҳам айтган эдик ва бу чалғитишларга парво ҳам қилмаймиз.
-Ўхшамасга учрамас, дейдилар. Мана бу ўхшашликка қаранг׃
“Ислом Каримовнинг 12 томлик асарлар тўплами нашрдан чиқди. У ҳақда ёзилган китоблар, мақолалар, айтилган фикрлар ҳам катта бир куллиётга жамланмоқда”.(Ўзбек матбуотидан).
“Яқинда, Муҳаммад Солиҳнинг 4 жилдлик асарларига илова сифатида “Муҳаммад Солиҳ ҳақида” деган қалингина бир жилд ҳам нашр этилди.” (“Эрк” сайтидан).
Одатда аввал бир ишни қойил қилиб қўядилар ва кейин мақтов эшитадилар. Сиам эгизаклари эса акси. Биттаси кучли потенциалга эга бўлган Ўзбекистонни хароб этди. Иккинчиси кучли мухолифатни ер билан яксон этиб, шармандаи шармисор қилди. Лекин иккаласини ҳам мақтайдиган ошхўрлар бор. Иккаласи ҳам бу мақтовларни жирканмай қабул қилади.
-Жаҳонгир, биласизми, агар Каримов “Мана мен Ўзбекистон Конститутциясига содиқ қолиб, икки муддат президент бўлдим ва шундан кейин истеъфога кетдим” дея олганда эди, ҳалиги китоблар ҳожатхона мулкига айланмасди. Мадаминов ҳам “Мана мен партия низомига содиқ қолиб, икки марта ҳар бири 4 йилга сайланиб, кейин истеъфо бердим” дея олса эди, уни мақтаганларга биров қулоқ соларди. У агар ўзи ҳақида эмас, Каримов режимини фош этиш ҳақида китоб чиқарганини айтганида ҳам, э, булар бошқа-бошқа одамлар деб қўя қолардим.
-Бобур ака ўхшашликлардан яна биттаси ҳам бор. Буни ҳам мен ўйлаб топганим эмас. Фақат парчалар келтириш билан чекланаман׃
“Ўн йилдан бери ҳар ойда бир-икки марта Каримов номига хат ёзаман. Бир марта ҳам жавоб олмадим”. (Салима Қодирова, адвокат, “Туронзамин”).
“Мен бир неча марта сайтларига хат йўллаганман, лекин бир сатр ҳам жавоб бермаган. Мадаминовнинг ҳаттоки на электрон почтаси, на телефон рақами аниқ…” (Бобур Исоев, “Туронзамин”).
-Каримов халқдан мутлақо узилган. Унинг учун халқнинг дарди бир тийин. Керак бўлса, бу халқни онангни деб ҳам сўкаверади. Худди ана шу ҳолни Мадаминовда ҳам кўрмоқдамиз. Филаделфияда яшайдиган ҳамюртимиз Мақсуджон, уни балки эсларсиз, 2005 йил Андижон воқеаларидан кейинги учрашувимизга келган эди. Ўшанда Абдуманноб Пўлат уни Мадаминовга таништирмоқчи бўлиб ёнига борган ва “Бу бизнинг келажак ёшларимиз” деганда Мадаминов қайрилиб ҳам қарамабди.
-Бобур ака, у йигит ўшанда АҚШ Конгрессидаги учрашувга ҳам борган ва танишаман деса, “Вақтим йўқ” жавобини олган. Бундай мисоллар сони мингта…
-Ҳа, бундай менсимаслик билан бу халқни ҳақорат қилмаганда 16 йилдан бери бир партиянинг диктатор раиси бўлиб ўтирмасди. Демократман деган сўзига лойиқ бўлиб, демократик қадамлар билан Каримовни уялтирган бўларди. Аммо у бунга қодир эмаслигини исботлаб турибди. Каримов ўлгунча кетмасликка уринаётгани каби, у ҳам тиш тирноғи билан қаршилик кўрсатмоқда.
6. ТАБОБАТ “ТАБЛЕТКА”СИ
Бир куни Ислом Каримов иқтисодиёт бўйича мажлис ўтказаётган эди. Навбат савол-жавобга келганда ундан׃
-Кўпчилик одамлар маошлар озгина оширилгани ҳақида қарорингиз чиқади, дарҳол нархлар ҳам кўтарилади, орадан бир ой ўтиб, Бош вазир имзоси билан нархлар оширилиши ҳақида қарор чиқади, деб нарх наво шу зайл икки марта кўтарилиб кетишидан норози бўлишмоқда. Дарҳақиқат, орадан бир ой сақлашнинг сири нимада? -деб сўрадим. Каримовнинг жаҳли чиқди.
-Сизга ука кўпчиликнинг номидан гапириш ҳали эрта. Бу ваколат мана манга берилган. Агар депутатлигингизни рўкач қиладиган бўлсангиз ҳам кўпчиликни эмас, жуда озчиликни вакилисиз.
Мен унинг сўзини бўлиб׃
-Гап бунда эмас, майли саволни баъзиларнинг фикри деб қабул қилинг,-дедим.
-Баъзилар ким, қани мана шу ерда улардан бирортаси борми? Сизни саволингизга қўшилган бирорта мард борми, қани турсин ўрнидан, кўрайлик,-деди Каримов.
Қарийб 300 кишидан бирортаси ҳам миқ этмади.
-Кўрдингизми, фақат сиз шундай деб ўйлайсиз, чунки сиз менинг сиёсатимга қаршисиз, мен буни биламан, сиздан бошқа ҳеч ким бу масалага мана шундай ёндашмайди.
Хуллас, мен бир кишининг саволига бўлса ҳам жавоб беришингиз керак, деб туриб олдим. У эса ҳадеб бошқалар бундай фикрда эмас, дейиш билан муҳим саволни четга суриб, йўқ мунозарани бошлатиб, жавоб бермай чиқиб кетди.
Ўшанда журналист депутат дўстим׃
-Ислом ака уста сиёсатчи, қаранг, гапни қандай буриб юбордилар,-деди.
Мен унга бу уста сиёсатчилик белгиси эмас, бу-параноя(Paranoia-паранойя)нинг аломати эканлигини тушунтирдим. Бу касалликка йўлиққанда киши ўзини дунёдаги энг олий зот, мутлоқ ҳақ деб билади, ўзини шунга ишонтиради ва уни танқид қилган одамни душман деб ҳисоблайди. Ўша одамнинг номи миясига чироқдек “ўрнашади” ва доим “лип-лип” этиб туради. Нима гап бўлса, ўша одамдан кўради.
Яқинда бир жувон журналист Салай Мадаминовга׃
-Сиз ҳақингизда ҳар томонда жуда кўп нарса ёзишмоқда, жиддий саволлар қўйилмоқда, нега жавоб бермайсиз?-дебди.
У эса׃
-Мен карвонман, йўлимда давом этавераман,-дебди.
Турли сайтларда муҳокамалар бошланганда эса, “Муҳаммад Солиҳ ҳақида Маматовдан бошқа одам танқидий фикр айтмайди” деб ёзишди. Мен унинг душмани эмишман ва у ҳақда айтилган ажойиб гапларни унинг ўзи тўплаб нашр этган китобдан ўқиб олиб, ақлимни чархлашим керак эмиш.
Бу унга хос фикр эди. Чунки ҳали яқин яқингача ҳатто Абдураҳим Пўлатов ёзганларни ҳам очиқдан очиқ мендан кўриб келарди-да!
Шу даражага етиб бордики, 2006 йил, 28 апрелда “Исёнкор” сайтида имзосиз бир ёзув пайдо бўлди׃
Муҳаммад Солиҳ ҳақида танқидий бир фикр ёзиш унга туҳмат қилиш, уни иғво қилиш билан баравар. Ўзбек халқини душманларигина уни танқид қилиши мумкин”.
Доим тушум келишиги билан қаратқич келишигини алмаштириб қўлланадиган Салай Мадаминовнинг услуби эди бу. Агар бошқа одам ёзганда нимадан қўрқади, ўз номидан очиқ ёзади. Хуллас, ким бўлганда ҳам буни соғ одам ёзмайди. Бу касаллик аломати.
Салай Мадаминовни танқид қилаётган фақат Маматов эмаслигини кўриш учун Интернетга унинг номини ёзиш кифоя. Мана, ана шу уммондан зарра! (Ҳукумат томонида туриб ёзганлардан эмас, фақат мухолифат фаоллари ва халқаро таҳлилчилардан баъзиларининг ёзганларидан парчалар олдим-ЖМ). Буни Салай Мадаминов албатта ўқиши керак ва бу унга бир курс табобат таблеткаси бўлади. Агар бу камлик қилса, китобнинг охирида яна бир қисм келтирамиз.
БОТИР НОРБОЕВ׃
“Бирлик”нинг янги Марказий кенгаши ва унинг ҳайъатига Абдурахим раисликдан кетмаса “Бирлик”ни бўламиз деб бу фавкулодда қурултойнинг чакирилишига сабабчи бўлган Муҳаммад Солиҳ, Ахмад Аъзам, Зоҳир Аълам кабилар ҳам сайланишди. Аммо улар қурултойдан кейин ҳам на ҳайъат мажлисларига келишди, на унинг фаолиятларига қатнашишди. Орқаворотдан улар ҳаммани “Бирлик”дан чиқишга ундаётганлари, ўзлари тузаётган янги ташкилотга чақириб, яширинча ташвиқот олиб бораётганлари эшитилиб қоларди. Уларнинг асл нишонлари Абдураҳим Пўлатдан ташқари “Бирлик”нинг ўзи ҳам эканлигига энди энг соддалар ҳам тушуниб қолишди.
Қурултойдан 2 ойларча чамаси ўтгандан кейин Дархон бекатининг якинидаги бир клубда “Бирлик” Марказий кенгашининг навбатдаги мажлиси утказилди. Мажлис бошланиши олдидан залга Аҳмад Аъзам ва Мирза Кенжабек кириб келишди. Тўппа-туғри микрофон олдига бориб узр сўрашди ва ўзларини М.Солиҳ, З.Аълам каби сафдошлари номидан келганларини, янги уюшма тузганларини айтишди. Бир-бирини ёмонлаб юрмаслик лозимлигини эслатишди. Аммо бир оз вақт ўтгандан кейин мўъжиза юз берди: Муҳаммад Солиҳ коммунистлар руйхатидан депутат бўлиб сайланди, телевизорга чиқиб “Бирлик” йўқ бўлди, унда бир нечта дордан қочганларгина қолди, ҳақиқий халқпарварлар мен билан “Эрк” ҳаракатига ўтдилар, деб эълон қилди. (harakat.net, 1997)
ЗОҲИР АЪЛАМ:
“Бирлик” тузилди, Эрк партияси тузилди, менинг назаримда Эрк партиясининг раҳбарияти шу партиянинг устав-программасида (у программаларнинг ёзилишида мен ўзим ҳам иштирок этганман) айтилган нарсаларга риоя қилинмади.
Ва мен буни “Эрк”нинг 2-съездида гапириб, “Эрк”нинг раҳбарияти, шу жумладан мен унда идеология секретари эдим, ҳозирги ҳукумат билан келишувчилик йўлини тутди, деган гапни айтдим ва мен бу йўлда турган партия билан бирга ишлолмаслигимни айтиб, чиқиб кетдим. (“Америка овози” 24-7-06).
ШОДИ КАРИМОВ׃
“Мен Муҳаммад Солиҳга қуйидагиларни айтмоқчиман:
Миллат ва юрт фидойиси бўлган ўнлаб, юзлаб ҳақиқий “эрк”чилар туфайлигина сиз Муҳаммад Солиҳ бўлдингиз, ўз номзодингизни Ўзбекистон Президентлигига қўйдингиз… Ўзбекистон халқ депутати бўлдингиз … Бу ютуқлар сизни эсанкиратиб қўйди, сиз осмону фалакка чиқиб кетдингиз. Сиз биз каби фидойиларга раҳматлар айтиш ўрнига еттинчи самодан туриб юзимизга тупураяпсиз.
Сиз ўзининг шахсий манфаатини партия ва халқ манфаатидан юқори қўядиган, мансаб ва ҳокимият оғушида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, керак бўлса бу йўлда фуқаролар қонини тўкиб бўлса-да, раҳбарлик шоҳсупасига чиқиш орзусида юрган, амбицияга берилган шахс бўлиб чиқдингиз. Суҳбатларимизда сиз ҳар доим “10-15 одамнинг қони тўкилса ҳам майли, бу халқнинг кўзини очади” дер эдингиз. Бу гапларнинг мағзини мана энди мен чақаяпман. (МЕН ЭРК ПАРТИЯСИНИ ТАРК ЭТДИМ, Баёнот, 1993 йил, 27 октябр).
ЮСУФ ЖУМА׃
“СНБга журовоз айрим сафдошларнинг халкпарварлиги Муҳаммад Солиҳнинг ватанпарварлигини, халкпарварлигини эслатади менга. М.Солиҳ ҳакида гапирган москвалик ҳукук ҳимоячиларидан бири М. Солиҳ аввал мустақиллик, кейин демократия деган эди, мана букун укалари зиндонда, ўша сўзларидан пушаймон бўлса керак деб самимий гапирган. Бу гапга М. Солиҳ одатдагидай носамимий муносабат билдирган. Йўқ пушаймон эмасман, Ватан мустақиллиги менга ҳар нарсадан баланд деган маънода гапирган. Ватанпарваликка қаранг, мустакилликпарварликка қаранг!
Тўғри М. Солиҳ Ватанни, мустақилликни севади, бироқ ўзини мустақилликдан ҳам, Ватандан ҳам, укаларидан ҳам яхши кўради. Йўқса уларсиз ҳам бундай семириб юрмасди. Юкоридаги гапни Ватан мустакиллигини укалари ҳаётидан баланд қўйгани учун айтаётгани йўқ, ўзининг хақлигини, ҳеч қачон хато қилмаслигини собик сафдоши Каримовдай худо эканлигини исботлаш учун айтаяпти. Йўқса, қайси Ватан мустақиллиги ҳақида гапиряпти. Ўзбекистон И.А.Каримов билан мустақил буладими?! Ўтган ўн беш йил ичида Ўзбекистон бир кун ҳам мустақил буўлгани йўқ. Бир кун Москва қўйнида, бир кун Пекин қўйнида, яна бир кун яна бошқанинг қўйнида. Ахир М.Солих буни пайқамаслик даражасида ахмоқ бўлмаса керак. (“Туронзамин” рўзномаси, 2006 йил, 22 Август).
АЛИМАРДОН АННАЕВ, журналист׃
“Мен Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлатовни яхши биламан, мана шу икки лидер Ўзбекистондан қочиб кетган пайтда ҳам қўлида неч нарса, муқобил вариант бўлмаган…лидерлик салоҳияти йўқ уларнинг. Улар ҳукумат олиб бораётган иқтисодий, ижтимоий сиёсатни ўзгартириш имкони бўлганда қочиб кетдилар, ўзбек халқини ташлаб қочиб кетдилар. (“Озодлик”, “Қурултой” дастури, 22-5-2006).
“Биз мазкур негатив воқеликнинг юзага келишида амалдаги ҳукумат органларидан кейин демократик мухолифат масъулиятинт зиммасига олган, айни пайтда фақатгина жабр-дийдалик ролини ижро этиш билан овора бўлиб қолган мухолиф сиёсий партияларнинг шуҳратпараст раҳбарлари айбдор деб ҳисоблаймиз.
1. “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси - Д.Ташанов, Ғ.Раҳматов
2. “Эрк” Демократик Партияи - Э.Юсупов
3. Ўзбекистон Озод Деҳқонр Партиси - Я.Расулов
4. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти - Ё.Турлибеков, Ж.Муродов
5. «Эзгулик» жамияти - З.Мирзакулов
7 апрель, 20006, (Мухолифатга мурожаат).
МАРТА ОЛКОТ, АҚШ, Карнега фондининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси׃
“Муҳожиротдаги ўзбек мухолифати ўзаро бўлиниб кетган ва мамлакат ичкарисида бу сиёсий партияларнинг кучи бор деб айтишга бирон далилимиз йўқ – биз шундайин бир воқеликни кўриб турибмиз…Уларнинг айримлари мамлакатдан ташқарида қолиб кетишган ва айримлари ҳамон мамлакат ичкарисида алоқаларга эгалар. Ҳаммалари ҳам қандайдир ришталарга эгалар. Аммо 15 йиллик муҳожирот - бу инсон учун узоқ муддатдир. Масалан, Муҳаммад Солиҳ каби шахс кўрсатадиган таъсир бор-йўғи рамзийдир ва биз уни фаол сиёсатчи сифатида кўра олмаймиз. Аммо ана шу рамз ҳам баъзида таъсир кучига эга бўлиши мумкин. Лекин шу билан бир қаторда бу шахсларнинг бир кун келиб президент бўламиз, деган орзулари аллақачон чиппакка чиқиб бўлган.” (Би-би-си, 27-7-06).
ФАЗЛИДДИН ҚЎЧҚОРОВ, журналист׃
СССР инқирозга учраётганида, Муҳаммад Солиҳ депутат ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раис ўринбосари эди. Ўшанда, Тошкент шаҳар Пушкин кўчаси 1-уйнинг 2-қаватидаги Муҳаммад Солиҳ хонасига икки аскар кириб келганди. Кўринишида одам аҳволи бўлмаган бу аскарлар, Узоқ Шарқдаги ҳарбий қисмидан қочиб келишаётганини айтганида, Муҳаммад Солиҳ – яъни жаноб депутат аскарларни хонасидан ҳайдаб чиқариб, кутиб туришни буюрганди.
Кийимлари йиртилиб кетган, қоринлари оч ҳолда, Узоқ Шарқдаги Белогорск шаҳридан Тошкентгача юк вагонларида беркиниб келган аскарлар депутат Мухаммад Солиҳдан умидвор бўлиб, бари бир қабулхонада уни кутишга мажбур бўлишган. Аммо, ярим соатлардан сўнг қабулхонага чиққан Муҳаммад Солиҳ аскарларни тушдан кейин қабул қилишини айтиб, овқатланишга кетган.
Ўша аскарларнинг бири мени укам, икинчиси сурхондарёлик унинг хизматдоши эди. Хайрият ўшанда яхши одамлар топилиб, укамларнинг қорнини тўйдириб, йўлкирасига пул бериб, кузатиб қўйган ва улар ўшанда Муҳаммад Солиҳ билан учрашмай уйга келишган.(“Исёнкор”, 18 декабр, 2006 йил).
ТОЛИБ ЁҚУБОВ׃
Менинг назаримда мухолифатнинг ҳозирги жуда ҳам аянчли аҳволда эканлигини фақат ҳукуматга боғлаш керак эмас. Ҳукумат ҳам айбдор. Ҳукуматнинг ҳам айби бор, анча, жуда катта айби бор. Сиёсий мухолифатнинг аянчли аҳволга тушгани борасида лекин ҳали тарих олдида Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлатов ҳам албатта жавоб беришади. Уларнинг позицияси баъзан ҳукуматнинг позициясидан ҳам ўтиб тушмоқда. Бу жуда ҳам аянчли ҳол. (“Озодлик”, 6-6-2006).
“Мен М.Солихга хеч кандай ёмонлик килган эмасамда, у бундан 3-4 йил илгари менга бир кунда иккита хат ёзиб, «Менга сиз хакингизда баъзилар гапирганда мен ишонмас эдим. Мен энди ишондим, сизнинг ким эканлигингизни билдим» кабилида гапирган эди. М.Солих мен хакимда эшитган гаплар М.Ардзиновнинг гаплари эканлиги яккол куриниб турган эди. М.Ардзинов ким эканлигини вакт курсатди. Бир-бирига тош отувчи рахбарлардай мен М.Солих билан, М.Солих эса мен билан алокада эмасмиз”. (ДЎК тузилаётганда ёзилган мактубдан).
ВАСИЛА ИНОЯТОВА׃
“Аввало, яқин ўтмишга назар ташланса, бу парокандаликларнинг сабаби кўринади. Демоқчиманки, мухолифатнинг бўлинишини унинг негизини ташкил этган “Бирлик” ва “Эрк”нинг кураш тактикасидаги услублар, қарашларидаги тафовутлар бошлаб берди. “Эрк”нинг бошиданоқ тутуриқсиз позицияси, ҳукумат билан муносабатлардаги шубҳали ҳаракатлари нафақат бу партиянинг ўзига, балки бутун бир мухолиф кайфиятдаги қатламнинг фаолиятига жиддий зарба берди. Оқибатда “Бирлик” фаоллари мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ хиёнат қурбони ўлароқ қатағон қилинди ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Ўша пайтнинг ўзида бу партия муҳташам офис билан тақдирланиб, газетаси мунтазам равишда чоп этиб борилди. Кимдир бу ҳодисалар демократия шабодалари эди, деса янглишади. Таъбир жоиз бўлса, ҳозирги Каримов режимининг таъмал тошлари 1991 йилдаги “сайлов-сайлов” ўйинларида қўйилганди. Ўшанда бизнинг минг таваллоларимизга қарамай Салой Мадаминов президентликка номзодини қўйганди, тўғрироғи, қопқонга онгли равишда тушганди. “Эрк”чилар сайловларнинг демократик тарзда ўтмагани, сайлов натижаларида сохтакорликка йўл қўйилганликларини таъкидлаган ҳолда, Салой Мадаминов режимбошига қутлов телеграммасини юборганди. (www.erkinfo.com, 5-13-2006)
САМАД МУРОД׃
«Озодлик» ва «Би-би-си» радиоларининг ўзбек бўлимлари олдинги холислик, қарашлар хилма-хиллиги каби сифатларини бой беришган. Энди улар ўзбек мухолифатининг муайян бир гуруҳи минбарига айланишди ва бир ёқламаликда маҳаллий матбуотдан ҳам ўтиб тушишмоқда.
Бунга сабаб тарафкашлик. Маҳаллий матбуотни ҳукумат цензура қилса, уларни партиямизнинг собиқ раиси (Салай Мадаминов) цензура қилади. Бу ҳолатни бир студия ходимларининг айнан маҳаллийчиликка муккасидан кетгани, иккинчисининг эса Солиҳнинг ижодига шахсий садоқатлари билан изоҳласа бўлади.. www.erkinfo.com, 5-10-2006)
САНОБАР ШЕРМАТОВА, шарҳловчи.
Ҳокимиятга интилаётган мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ бир кун Россия ва Хитой мустамлака кучлари, Марказий Осиёдан кетишлари керак, Америка базаси Ўзбекистонга қайтиши лозим дея ўзини АҚШнинг минтақадаги иштироки тарафдори қилиб кўрсатса, бошқа кун Москва билан муносабатларни яхшилаш тарафдори бўлиб кўринади. Бундай сиёсат ҳеч қачон яхши натижа бермайди. Сиёсатда воқеалар жараёнини кўра билиш қадрланди ва эндигина тетепоя қиладиганлардан узоқ турилади. (Фергана.ру, 4 декабр, 2006 йил).
АЛИШЕР САРБОНОВ, журналист
Ўтган 15 йилда кекса ва ўрта авлод Каримовнинг биринчи сайловдаги рақибини деярли унутишди, янги авлод эса у ҳақда ҳеч нарса билмайди. Бугунги М. Солиҳ аввалги миллиятчи эмас. У агар олдинги қарашларида қолганида демократик ташкилотларнинг маънавий ва моддий мададини ололмасди, бу маълум савдо ва у шунга мослашди.
У нима қила олади? Ўзбек тилида китоб ёзишми? Уларнинг ўз ёзувчилари ошиб-тошиб ётибди. Ғарбда уларнинг зеҳниятига зид бўлган китобларни ўз ҳисобидан нашр қиладиган бирорта ношир топилиши даргумон. Шунинг учун ҳам унга ўзини демократия курашчиси қилиб кўрсатиш керак.
Очиғини айтиш даркор, Ғарбда ҳам Ўзбекистоннинг ўзида ҳам Ғарб демократиясини олиб келувчи сифатини на “ЭРК” ва на “Бирлик” таший олади, улар бундай обрўга эга эмас. Ўзбек халқи уларга эргашмайди. Интернетдаги кейинги ёзувларага кўра буни Солиҳнинг ўзи ҳам тушуниб қолган. Шунинг учун ҳам бошқа мухолиф гуруҳларга яқинлашишга уринмоқда. Масалан, “ЭРК” номидан тарқатилган баёнотларда “қуёшли” мухолифатдан С. Умаров, Н. Ҳидоятова ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан М. Тожибоеванинг исмлари ўрин олаётгани ҳам ана шундан. (Centrasia.ru-12 декабр, 2006)
ЛЕМБИТ ОПИК, Британиядаги Либерал-демократлар партиясидан парламент аъзоси:
-Менимча, Британияда айримлар Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистондаги сиёсий бир қарашларнинг муҳим бир вакили деб танишади. Аммо бу дегани биз фақат Муҳаммад Солиҳнинг фикрларига қулоқ тутамиз,