Жаҳонгир Маматов: “ҚУВҒИН” (2)

“ҚУВҒИН”-Тарихий роман

ИККИНЧИ КИТОБ

24.”ТАНГРИЧАЛАР”

Каримов шўролар императорлигининг йиқилишига асло ишонмасди. У императорликни баланд  деворлар билан ўраб олинган қалъага ўхшатарди. Бу қалъанинг девори шу қадар баланд эдики, уни инсон зоти у ёқда турсин, ҳатто бирор бир махлуқнинг ошиб ўтиши амри маҳол деб ўйларди. На ичкарига кириш ва на ташқарига чиқиш мумкин. Қалъа ичида юз бераётган воқеаларни кузатиб туриш учун девор устига минг-минг қўриқчи чиқарилган. Каримов ўзича бу қўриқчиларни “тангричалар”, қалъа ичидагиларни эса “чумолилар”деб атарди. “Тангричалар” кунни кун, тунни тун демасдан “чумолилар”ни кузатиб туришар, ўз чизиғидан чиққанларни эзғилаб ташлашарди.

Аввалига Каримовнинг орзуси “тангричалар”сафидан ўрин олиш эди. Бу орзусига етгач, кўрдики “тангричалар” тепасида “тангрилари”бор экан.

Қалъа деворининг устига чиққач, императорликнинг мустаҳкамлигига яна бир бор ишонди. Каримов “Бу қалъа йиқилиши мумкин”, деган фикрни хаёлидан ўтказишга қўрқарди. Фақат бир марта “Бу чумолилар қалъа деворларининг остини ўйиб ташлаган бўлсалар-чи?”деган савол кўнглидан кечганда, тиззалари титраб, кўнгли беҳузур бўлганди. Бу қалъа йиқилса “тангрича”ликдан айрилиш қўрқуси эмас, балки кўнглидан ўтганини ўзидан юксакдаги “тангри”лари пайқаб қолишидан титраш эди.У жумҳуриятга “биринчи” этиб тайинлангач, КПСС Марказий Комитетининг Сиёсий Бюросига аъзо бўлди.  Ўшанда илк бор севинч деган туйғунинг лаззат сарҳадлари бепоёнлигини,  ғурур деган кучнинг салоҳияти ҳудудсиз эканлигини юракдан ҳис қилганди.

Ҳатто Тошкентга қайтаркан, учоқдан тушиши билан мухбирларни ёнига чақириб “Халқимга етказинг, мен Политбюрога аъзо бўлдим. Бу халқимизнинг узоқ йиллик орзуси эди. Уни амалга ошириш менинг гарданимга тушди. Бу нафақат мен учун, балки бутун халқимиз учун юксак ишонч. Бугун ҳаммамиз учун катта байрамдир!”деганди.

Лекин Каримов истаса-истамаса қалъа йиқилаётганди. У жон-жаҳди билан елкасини қалъа деворларига тираб, уни тутиб қолишга уринаётган кишилардан бирига айланди. Қалъани сақлаб қолиш учун ҳар турли йўл қидираётган кунларида жумҳуриятда ҳам қалъа деворининг остини “ўяётганлар” кўпайиб қолди. Каримов бу ишнинг бошида турганлар билан “одамга ўхшаб” гаплашиб қўймоқчи бўлди. Аввал Исо Холисни чақирди.

-Ука, сиз машҳур одамсиз, -деди унга. -Сизнинг ҳар бир қадамингизни кузатиб, кўриб турибман. Айниқса пахта монополияси, оилани режалаштириш, Оролни қутқариш борасидаги нутқларингиз мени ҳаяжонлантирди. Ҳар ким ҳам ўз халқи дардини бу қадар жасорат билан ўртага олиб чиқолмайди. Бугун бу ишни сиз бошладингиз.

-Бугун эмас, буни бир неча йил олдин бошлаганмиз. Бундан олти йил бурун Политюрога шикоят мактуби йўллаб, халқимизнинг дардини ифода этганмиз.

-Лекин бу дард шикоят билан малҳам топмайди. Унинг малҳами ақл, идрок, куч ва интизом, -деди Каримов Исо Холисга узоқ гапириш учун изн бермай. Сиз намойишларни тўхтатинг, мен эса эртага иш бошлайдиган сессияда тил масаласини кўтариб чиқай. Биласиз, ман янгиман, парламентда эса куч эскича фикрловчи кишиларнинг қўлида. Бунинг устига рус тилида гапирувчиларни ҳам ҳурмат килишимиз керак. Сўз бераман, ўз тилимизни давлат тили деб эълон қилиш учун бутун кучимни ишга соламан. Сиз эса бунга жавобан намойишларни тўхтатасиз…

Исо Холис мамнун қиёфада чиқиб кетаркан, Каримов Шавкат Темурни чақирди.

-Сизни анча чўрткесар одам дейишарди. Лекин кўринишдан юмшоқ кишига ўхшаяпсиз, -деди Каримов Шавкат Темурга. -Бугун намойишларда ўртага отилаётган шиорлар билан мен бажармоқчи бўлган орзуларнинг ҳеч қандай фарқи йўқ.

-Ундай бўлса нима сабабдан намойишга чиққанларни калтаклаяпсиз,  қамоққа ташлаяпсиз, таъқиб этаяпсиз?

-Сиз мени сўроқ қилишга келдингизми? -Каримовнинг жаҳли чиқди. Ўрнидан туриб хонада у ёқдан бу ёққа икки уч марта бориб келди-да ойна ёнида тўхтаб ташқарига термулди. Шаҳар марказидан оқиб ўтадиган ариқнинг соҳилларидаги мажнунтол дарахтлари остида одамлар ўтиришганини кўриб қолди. “Буларнинг иши йўқми?” деб ўйлади. Куппа кундуз куни бу ерда нима қилишади? Балки талабалардир? Талаба бўлса, дарсига борсин! Балки ошиқ-маъшуқлардир? Нима, бу ер уларга севги хиёбоними? Аслида бу бинонинг атрофини ўраб олишим, соҳил бўйларини тартибга келтиришим керак. Бинони темир панжара билан ўраб олишни тезлаштирмасам, мана булар бостириб келишдан ҳам қайтишмайди. Қайси кун аскарликда ўлган боланинг тобутини шу ердан олиб ўтишди. Мана бу ҳам уларнинг орасида эди. Янги дўппи кийиб тобутнинг олдида бораётганди. Ўзларича намойиш, исён қилишга уринишди. Лекин бир имо қилгандим миршаблар кавушларини тўғрилаб қўйди. Айб бизда эмас, айб юқорида. Юқоридагилар жиловни бўшатиб юборишди. Бутун мамлакатни ана шундайларнинг қўлига бериб қўйиб мажлисхонага айлантиришди. Мана энди мендай одам ҳам унинг бемаъни саволлари қаршисида қолишга мажбурман. Ҳозирнинг ўзидаёқ уни бу ердан қувиб чиқаришим мумкин. Ҳатто қамаб қўйишим ҳам ҳеч гап эмас. Ёки қўл оёғини боғлатиб, сойга отиб юборсам ҳам гулдур гуп! Гум бўлиб кетади. Лекин юқори уларни қўллаяпти. Баъзилар буларни юқорининг ўзи ташкиллаштирган демоқдалар. Шунинг учунмикан юқоридан уларга тегманглар, дейишяпти. Хўш, нима қилиш керак? Уларнинг мажлисини томоша қилиш билан кун ўтказаманми?

Дарвоқе, нега буларни айри-айри чақирдим, нега ҳар иккаласи билан бирданига суҳбат қилмадим?  Йўқ, у ҳолда бир-бирининг олдида ўзларини кўрсатиб қўйиш учун менинг ёқамга ёпишишарди. Ҳа-я, душманингни парчала, кейин йўқ қил, деган гапни ким айтган экан? Булар билан тенг келиб ўтираманми? Ўзларини ўзларига едираман! Мен четда қолиб томоша қиламан, булар эса бир-бирларининг юзларини юлишади. Ҳа, бугун бир товоқдан ош еган биродарларни эртага қон қасос душманга айлантираман. Менинг совунимда кир ювиш қандайлигини кўриб қўйишсин. Бир умр душман бўлишади, ҳатто авлод-аждодларига қадар сингади бу душманлик. Аммо хато қилмаслигим керак. Наригисини алдаш осон, истаган жойидан қармоққа илинтириш мумкин. Лекин буни-чи? Буни ҳам ўйинга келтиришнинг йўлини топаман.

Каримов ўрнига келиб ўтирди-да, юмшаган оҳангда Шавкат Темурга гапира бошлади:
-Олдимизда сайлов бор. Сизларга битта ўрин ажратдик. Сизнинг номзодингиз учун.
Шавкат Темур худди эгасининг қўлида суяк кўрган итдек тамшаниб қолди. Каримов бундан фойдаланиб, асосий гапни айтди.

-Аммо Исо Холис қарши бўлди. Фақат сиздан илтимос бу суҳбатимизни ундан узоқ тутсангиз.
Шавкат Темур севинчли кўзларини ўйнатиб, бошини ликиллатди. Каримов ундан нафрат қилди. Жуда осон сотиладиган туридан экан. Бундайларга бир нарса бериб ҳам мазза қилмайсан. Уни қуруқ гап билан бозорга соламан. Ана унга қарши шундай ўйнатаманки, тарих бунақа томошани жуда узоқ эслайди. Бунинг икки қулоғини кесиб қўяман. Қутуриб қолади. “Фас” дедимми босади. Бутун умрини шунга сарфлатман. Бунинг учун уни аввал ватанпарвар, миллатчи қилиб кўрсатишим керак. Буни Мелкумовга топширсам ўзи боплайди.

 

25. ПАРЧАЛАШ

Каримов КГБ раиси Мелкумов ва иккинчи котиб Анишчевни чақирди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам юқорининг одами. Бу иш билан уларни синаб кўрмоқчи бўлди. Агар бажара олмасалар, бир баҳонасини топиб, қуйруқларига супурги боғлашга, бажарсалар бундан кейин бирга ишлашга қарор қилади. Нима бўлганда ҳам Сиёсий кенгашнинг аъзоси бўлди. Энди буларнинг гапи эмас, ўзининг гапи ўтади.

-Сизларга мамлакат бошлиғи Михаил Сергеевичнинг талабини етказиб қўймоқчиман. У киши биздан демократия, ошкораликни истаяптилар, эркин ва озод сайловлар ўтказишимизни, мухолифатни қўллаб-қувватлашимизни сўраяптилар. Демак, биз кўча-кўйда тўполон қилган одамларни мухолифат, дея ҳурмат қилишимиз керак эмас. Бизнинг вазифамиз мухолифатни ҳам ўзимиз етиштириш, конструктив мухолифат тайёрлашдир. Кўча-кўйда жанжал қилаётганлар эса атрофларига дор остидан қочганларни тўплаб, тобора катта кучга айланмоқдалар. Бу эса мамлакат хавфсизлигига путур етказади. Паркентда, Бўкада, водийда юз берган воқеаларнинг тутуни ҳали сўнган эмас. Хўш, гапни қисқа қилайлик, қандай таклифлар бор?!

Мелкумов,”Сиз мендан юқоридасиз, олдин сиз гапиринг, дегандек кўз қири билан иккинчи котибга қаради. Иккинчи котиб “Ҳали ҳам мен турганда сен гапирармидинг” дегандек сўзларини дона-дона қилиб ўзидан сўнг хавфсизлик қўмитаси раисига бирор гап айтиш учун бўшлиқ қолдирмасликка уринди:

-Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич, бизга муҳлат беринг, бу хусусдаги таклифларимизни тайёрлаб келайлик.

Каримов ўйлаб турди-да:

-Мен Пленумга ҳозиргарлик ҳақида гапираётганим йўқ. Қаршимиздаги тўдани нима қиламиз, деяпман?

Иккинчи котибни бу мушкул аҳволдан қутқариш учун КГБ раиси суҳбатга аралашди:

-Парчалаб ташлаймиз…

Парчалаб ташлаймиз! Буни қайси маънода айтди, экан, деб ўйлади Каримов. Куч билан бостириб, тор-мор қилишни назарда тутдими ёки менинг фикрларимни уқиб олдими? Агар мен ўйлаганларимни ўйлаётган бўлса, у ҳолда масалани бошқа кунга қолдиришим керак. Чунки ташаббус ундан эмас, мендан чиқиши лозим. Акс тақдирда Каримов менинг йўлимга юряпти, деб ҳовлиқиб кетади.

-Фикрингизни очиқрок айтинг, -деди Каримов КГБ раисига.

-Ҳаммасининг рўйхати қўлимизда бор. Бундан кейин бир ерга тўпланишларига изн бермаймиз. Таъқибни кучайтирамиз. Ҳар бир қадамлари назорат остида бўлади. Бу ишни бажариш учун яна беш минг кишини ишга олишимиз керак. Таклифларимизни ҳурматли иккинчи котиб билан Сиздан олдинги раҳбарга бергандик. Лекин эътиборсиз қолди.

-Яхши, таклифларни кўриб чиқамиз,-деди Каримов.-Ҳозир ҳақиқатдан ҳам парчалаб ташлаш керак. Лекин сиз айтган услубнинг замони ўтди. Бу йўл билан уларни кучлантирамиз. Бугун ақл билан иш кўрадиган пайт. Ҳозир мухолифатнинг ичида бир неча киши лидерликка даъвогар. Бизнинг вазифамиз уларни бир-бирларига қарши қўйишдир. Хўш, айтингчи, мухолифатнинг ичида неча фоизи сизнинг одамингиз?

-Аниқ айтишим қийин.

-Аниқ айтсам Олмонияда ҳар учинчи одам хавфсизлик хизматига ишлагани фош бўлганидек фаолиятимиз очилиб қолади, деб қўрқаяпсизми ёки мендан сир сақлаяпсизми?

-Асло, асло,-дея суҳбатга аралашди иккинчи котиб.

-Мен иложи борича мухолифат ичига кўп одам суқманг, бир жойда сиримиз очилса, оламга шарманда бўламиз, дея топшириқ бергандим. Шу сабабдан бу хусусда бироз истиҳола қилаяптилар.

Бундан кейин Мелкумовни қўлга олишим керак, деб ўйлади Каримов. Умуман куч вазирликларини иккинчи котибнинг қўлидан чиқармоғим ва ўзимга тобе қилмоғим лозим. Бу ишларда учинчи киши ортиқча. Буни қандай қилиб амалга оширсам? Назаримда баъзи жумҳуриятларда Президент вазифаси ташкил этилиб тўғри қилинаяпти. Мен ҳам шу йўлдан борсам, бутун кучни бир қўлда жамлайман. Ҳозирча эски парламентнинг охирги сессиясини эсон-омон ўтказишим, кейин эса янги сайловни тайинлашим керак. Худо хоҳласа, янги парламентда биринчи бўлиб Президент вазифасини жорий эттираман. Ана ундан кейин мана буларнинг хуржунини елкасига осиб, орқасига тепаман. Бир ўқ билан икки қуённи ураман. Ҳам халққа “Сизнинг талабингиз билан буларни қувдим”, дейман, ҳам уларнинг ўрнига ўз одамларимни олиб келаман. Аммо булар фитнага уста. Ҳаётини бошлабди-ки, фитна гирдобида сузишади. Менга қарши ҳам қанча-қанча фитналарнинг режасини тузган бўлишлари мумкин.

-Ўзларини миллий ҳаракат деб атаётганларнинг ичидаги лидерларни хўроздек уруштиришимиз керак. Буни фитна дейсизми, ҳийла дейсизми, мен учун фарқи йўқ, -деди Каримов.-Мен учун муҳими мамлакатни қутқариб қолишдир. Истасангиз алданг, истасангиз мансаб ваъда қилинг, истасангиз қармоққа илинтиринг, бажара олмасангиз менинг олдимга олиб келинг. Ҳозирча эса Исо Холисни биз кўрсатадиган номзодлар рўйхатига киритинг. Унинг номзоди қаршисида бошқа исм кўрмайин. Шавкат Темурни эса узоқ тутинг. Керак бўлса, Паркент жанжалидаги бақириқ-чақириқлари учун терговга тортамиз. Барча вилоятлар туманларида мажлислар ўтказиб, Фарғона воқеаларида мухолифатни қон тўкилишига сабабчи қилиб халққа тушунтиринг.

Каримов ҳар кун эрталаб ва оқшом ҳисоб бериб туришларини айтиб уларни чиқариб юборар экан, Олий Кенгаш раиси Иброҳимовга сим қоқди:

-Бугуноқ раёсатни тўпланг, кўча намойишлари ва митинглари ҳақидаги олдинги қарорларни кўриб чиқинг, иложи борича ҳар қандай намойишни тақиқлаш чорасини кўринг. Аммо бу ишлар демократия, ошкоралик рамкасида бўлсин. Яъни демократия ва ошкораликни ҳимоя қилиш учун бузғунчилик қилаётганларнинг йўлини тўсинг. Қарор тайёр бўлса, устидан кўриб бераман, -деди.

Каримов шундан кейин эртага иш бошлайдиган сессияга тайёргарлик кўра бошлади. Фикрларини ён дафтарчасига қайд этаркан баъзи масалаларни Москва билан келишиб олишга қарор қилди. Кремлга телефон қилиб, Михаил Сергеевич билан маслаҳатлашиб оладиган масалалар чиққанини айтди. Бир неча дақиқадан кейин уни Горбачёв билан боғлашди. У ўрнидан туриб гаплаша бошлади:

-Ҳозир Марказий Комитет бюросининг фавқулодда мажлисини ўтказаяпмиз. Эртага мухолифат бир миллион кишини кўчаларга, майдонларга олиб чиқмоқчи.

-Нима талаби бор экан? Лидерлари билан гаплашмадингизми?-деб сўради Михаил Сергеевич.

-Гаплашдик. Талаблари битта. У ҳам бўлса “Она тилимизга давлат тили мақоми берилсин”, дейишмокда.

-Бунинг қўрқадиган жойи йўқ.

-Лекин давлат тили-расмий тилимиз бор, қандай қилиб бошқа тилга ҳам шундай мақом беришимиз мумкин?

-У бошқа тил эмас, сизнинг она тилингиз. Менимча мухолифатнинг талабини қондирмоқ керак.

-Раҳмат сизга! Олдимизда катта йўл очдингиз. Аммо бу ҳаракатимиздан рус тилида гаплашадиган дўстларимиз норозидирлар. Мана мажлисда иккинчи котиб ва КГБ раиси норози эканликларини айтаяптилар. Уларга қулоқ солмасдан иложим йўқ.

-Уларга қулоқ соладиган бўлсангиз, мени нега безовта қилаяпсиз?

-Ўринбосарингиз жаноб Лигачёв суҳбатдан ўтаётганимда “Иккинчи котиб ва КГБ раисининг маслаҳатларига қулоқ тутасиз”, деганди.

-Ҳозир ҳар кун, ҳар соатда шартлар ўзгармоқда. Мухолифат сиз билан қўшиб уларни ҳам супуриб ташлашини менинг номимдан ўзларига етказиб қўйинг. Маҳаллий шароитни ва миллий масалаларни яхшироқ ўрганишсин. Мухолифатнинг талабини эса эрта эрталабки пленумда муҳокама қилинг, ундан кейин парламентга олиб чиқиб, музокарага қўйинг. Демократия, қайта қуриш, ошкоралик ва фикр ўзгариши бу бизнинг бош йўлимиздир…

Телефоннинг нарёғидаги раҳбар худди китоб ўқиётгандек тинимсиз гапираркан, Каримов телефон дастасини қулоғидан узоқлаштириб, юзини бужмайтирганча кутиб турди. Юзи бужмайган бўлса-да, қалбида фараҳ ва севинч бор эди. Чунки бирданига икки масалани ҳал қилганди:

Биринчидан, мухолифат байроқ қилиб кўтарган масалани ўз қўли билан ҳал қиладиган ва халқнинг олдига чиқиб, кўкрагига уриб мақтанадиган имконият пайдо бўлди.

Иккинчидан эса, жумҳуриятнинг жиловларини тутиб турган икки кишининг шаштини синдирди. Энди улар билан қандай гаплашиб қўйишни билади.

У суҳбатдан кейин бир-икки дақиқа ўриндиққа ястанди-да, сўнг КГБ раисига телефон қилди:

-Ҳозир менга Москвадан мамлакатимиз раҳбарининг ўзлари телефон қилдилар. Идорангиз яхши ишламаётганини алоҳида таъкидладилар. Мен эса сизни ҳимоя қилдим. Шунга муносиб бўлинг. Мухолифатни қандай қилиб икки, учга бўлиб юбориш ҳақидаги аниқ режаларингизни олиб келинг!

26. АНИШЧЕВ

Каримов иккинчи котибни чақирди. Лекин унинг ҳозиргина чиқиб кетганини айтишди. Иккинчи котибни Хавфсизлик қўмитаси раиси чойга чақирганди. Улар чой баҳонасида ёзиб олинган телефон суҳбатларни тинглардилар.

-Ёндик, -деди қўмита раиси, магнитофон тугмасига босаркан.

Каримов билан мамлакат раҳбарининг суҳбатини тинглаган иккинчи котиб ўрнидан сапчиб турди-да: “Ҳозироқ рапорт тайёрланг, бу ўйинни фош қиламиз,”-деди.

-Қандай қилиб фош қиламиз? -деди қўмита раиси. -Ахир қўлимизда далил йўқ-ку.

-Бу-чи? -сўради иккинчи котиб.

-Бу фақат сиз ва мен учун. Сиз эшитаркан айни пайтда мен бу суҳбатни лентадан ўчирдим. Агар билиб қолишса, бошимиз кетади.

-Унда нима қиламиз? -деди иккинчи котиб.

-Каримовга астойдил хизмат қилиб, ишончини оқлашимиз қийин. Унинг жиддий хатоларини топиб, юқорини хабардор қилишимиз керак.

Мелкумов Каримовга астойдил хизмат қилишимиз керак, демоқчи эди, лекин бу “вазифа”ни ўзига қолдириб, иккинчи котибни Каримовга қарши қўймоқчи бўлди. Ҳа, у фақат мухолифатнинг орасини эмас, балки бошқаларнинг орасини бузишни ҳам одат қилганди. Каримов бугун унга мухолифатни бўлиб юбориш топшириғини берди. У эса бу ишнинг асосини битириб қўйган эди. Фақат мухолифат лидерлари ўртасидаги деворларга яширилган портлатгичларнинг ипини ёқиб юбориши қолганди. Буни Каримовга айтмади. Мана энди Каримов ундан шошилинч тадбир сўраяпти. Икки-уч кунда тадбир натижасини билан маълум қилса, Каримов унинг қадрига етмаганига пушаймон бўлади. Жойи келса юқорини яна ўзи юмшатади. Булар шунақа, бугун олов, эртага сув…

-Каримов иккинчини қидираяпти, -деган овоз эшитилди радио узатгичдан. Анишчев сапчиб тушди. Дарров ўрнидан турди.

Мелкумов Анишчевни ҳар доим Миллий хавфсизлик қўмитасининг ертўласида кузатиб қоларди. Анишчев “чойга”келаркан, Мелкумов унга махсус машиналардан бирини юборарди. Улар келишиб олганларидек, Анишчев Бош универмагнинг ёнида ўзига ажратилган хизмат машинасидан тушиб, Мелкумов юборган қора “Волга”га минарди. Мелкумовнинг машинаси КГБ биносига киришда текширишга тобе бўлмагани ва иккинчининг қатнови очилиб қолмаслиги учун шундай қилишарди. Машина ертўлага қадар кириб келарди ва бу ерда қўмита раиси “меҳмон”ни кутиб оларди. Бу “ўйинни” йиллар давомида бажаришгани учун одат тусига кирганди.

Ман энди Анишчев навбатчи машинага минаркан, Мелкумовнинг қулоғига пичирлади: “Ҳойнаҳой менинг суҳбатларимни ҳам эшитсанг керак”.

Мелкумов ранжиган қиёфада “Сизга ўзимдан зиёд ишонаман. Соянгизда ишлаб юрибман. Ана унинг қонини қонимизга қўшиб қайнатса ҳам аралашмайди. Назоратда тутмасак, саройни Бухоро амирининг ҳарамига айлантириб юборади,”-деди.

Анишчев яна бир нима демоқчи бўлгандек, бўйнини чўзди. Буни пайқаган Мелкумов эгилганча қулоқларини иккинчи котибнинг оғзига яқинлаштирди.

-Эрта оқшомга саунани тайёрлаб қўй. Сессиядан кейин меҳмоним бор-, дея жилмайди у. Мелкумов: “Амрингиз биз учун қонун” дегандек қўлини кўксига қўйди-да, Анишчевга иккита “Иш папкаси”ни узатди.

-Бўш вақтингизда буларга назар солиб қўярсиз, -деди.

Ҳар икки “Иш папкаси”ҳам қизил бўлиб, устига “Асосий нусхаси биринчи сейфда. Мутлақо махфий”, деб ёзилган эди.

Иккинчи котиб машиналар алмашгунига қадар ҳам сабр қилмасдан “Иш папка”ларидан бирини очди:

“Исо Холис(Сапарали Ҳамдамов)га оид муҳим маълумотлар: 1948 йил туғилган. Икки марта уйланган. Биринчи умр йўлдоши уч фарзанди билан айри яшайди. Иккинчиси маҳаллий миллатдан бўлмагани учун бу хусусда ҳар турли миш-мишлар тарқатиш мумкин. Шу кеча кундузда энг нозик жойи уй масаласидир. Иккита ёхуд учта уйга эҳтиёжи бор. Қазилма буюмларини яхши кўради ва тўплайди. Пиёда юришни севмайди. Автобусга минишдан ҳазар қилади. Шу боис машина ҳам бериш мумкин. Бирга ўқиган яқин дўстларидан икки нафари бизнинг одам. Аммо яқинда улардан бирини дўппослаган. Шу боис уни қарши қўйиш мумкин. Зиёфатни, кайф-сафони севади. Биз юборган қизларнинг бирортасидан ҳам шубҳа қилгани йўқ.

Лидерлик қобилиятига эга эмас. Бирор жойда муқим ишлагани йўқ. Ишлаган жойларидан масъулиятсизлиги учун ҳайдалган. Фамилиясини ёзсангиз ёки фамилияси билан чақирсангиз “Ғурурим топталди ” деб ҳисоблайди. Бу ҳақда мақолалар уюштириш мумкин.

Яхши кийиниши, мажлисларда ўзини кўрсатиб қўйишни билгани учун бир гуруҳ ёшлар унинг орқасидан эргашган. Уни яхши таниганлар эса дарҳол узоқлашган.

Жаҳли бурнининг учида. Уни қиздириш жуда осон. Энг ёмон кўрган одамига ўхшатсангиз ёки лидерлик қобилияти йўқлигини юзига солсангиз дуэлга ҳам чиқишга тайёр бўлади. Бошқаларнинг фикри билан ҳисоблашмайди. Ўзининг билганидан қолмайди. Уни алдаш осон, миш-мишларни, “деди-деди”ларни яхши кўради.

Умр йўлдошига жуда ҳам боғлиқ. У чизган чизиқдан чиқмайди. Буни бошқаларга билдирмасликка уринади. Шу сабабдан ўзгалар олдида оила аъзоларига қўполлик қилади. Келажакда оилавий ҳаётини ҳам фош қилиш мумкин.

Пулни севади. Кераксиз жойга хирмон совургандек пул сочади. Керакли жойга қолганда эса ҳар қандай хасисга ҳам дарс беради. Кейинги пайтда чет элликлар билан яқин алоқа қила бошлади. Баъзиларидан ёрдам ҳам олди. Филмга туширганмиз. Ҳасадгўй. Бошқаларни менсимайди. Докторларнинг бизга тақдим этган ҳужжатларга кўра, параноя хасталигига дучор. Агар раҳбарлик жилови қўлига тегса, ашаддий диктаторга айланади. Жуда тез ўзгарувчан. Бугун айтган фикридан эртага осонлик билан қайтади. Аммо бировни душман деб билса, бу фикридан ҳеч қачон қайтмайди.

Хаёлпараст. Ҳар бир кичик ишини катта қилиб кўрсатишга уринади. Ҳозир атрофини ўраб олганмиз. Қаёққа бошласак, ўша ёққа юради… “

Иккинчи котиб машинани “алмаштираркан” иш папкаларини қўлтиғига яширди. Ўзига ажратилган хизмат машинасига мингач уларни қайта варақлай бошлади. Лекин хаёллари “кўча кезарди”. Балки мана шу шофер ҳам уларнинг одамидир, деб ўйлади. Балки, бу ҳам мен ҳақимда ана шундай нарсалар ёзиб берар. Балки, илгаридан бир неча папкалар тўлгандир? Йўқ, хавфсизлик қўмитаси қарорларимизга риоя қилади. Партиямиз раҳбарлари ҳақида бирор бир ҳужжат тўпланиши мумкин эмас. Агар шундай ҳол юз берса ва у ўртага чиқиб қолса, ҳаммасининг боши кетади.

Аммо буларга ишониш қийин. Ўз манфаатлари учун ҳеч нарсадан чекинишмайди. Каримовнинг суҳбатини ёзиб олибди-ю меникини ёзмайдими? Ўчириб ташладим, деганига ишонадиган аҳмоқ борми? Бирок мендан қўрқади. Икки йилдан буён биргамиз. Ҳафтада бир саунага борамиз. Бугунга қадар бирор жойда ҳиди чиқмади. Ўзининг ҳам гуноҳлари меникидан кам эмас. Менга ўн саккиз ёшли қиз топса, ўзига ўн етти ёшлисини топади. Унинг душманлари йўқми? Балки унинг орқасидан кузатадиганлар бордир? Икки йилдан буён бир қанча иш папкаларини тўлғазиб қўйишгандир, балки? Эртанги саунани бекор қилсамми? Йўқ, лаънат шайтонга, унга ишонмасам кимга ишонаман? У билан нима ишлар қилмадик? Водийдаги воқеалар режасини иккаламиз ўтириб тузмадик-ми?

Хуллас, ҳаммасига шерикмиз! Аслида нега ундан чўчий бошладим? Назаримда Каримов бизнинг орамизга ҳам соя ташлади. Унинг номзодини ўзимиз кўрсатдик. Лекин ўзимизга бало бўладиганга ўхшайди. Илгари вилоятда ишлаганида совға-салом бериб турарди. Энди ўша совғаларни бурнимиздан суғуриб олади-ёв?! Москвадаги раҳбаримиз латта бўлмаганда-ку, буни боплардик. Ҳа, бўпти нималар ҳақида ўйлаяпман ўзи?

У хаёл суриб бораркан беихтиёр иккинчи “Иш папкаси”ни очиб, унинг илк саҳифасини ўқиётган эди:

“Шавкат Темур. (Ш. Темуров ) 1945 йил туғилган. Икки марта уйланган. Биринчи хотини билан ажрлаган.

Иш ерида раҳбари билан ораси очиқ. Раҳбари миллатчи эди, шунинг қўли билан ер тишлатдик.

Унинг Москвадаги идорамиз билан алоқаси бор. Аммо жиловини бизга беришмаяти. У қўрқмай чет элликлар билан тез-тез учраша бошлади. Топшириқ биздан эмас, Марказдан бўлиши мумкин. Улардан очиқчасига ёрдам ҳам олмоқда. Сиёсий фаолият билан бирга инглиз тилини ҳам ўрганмокда. Бу эса унинг чет элликлар билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш нияти борлигини ёки келгусида ундан бошқа ниятларда фойдаланиш режаси борлигини кўрсатади. Лекин икки укаси ва акаси бизнинг ҳисобда.

Жаҳлини чиқариш осон. Ўжар. Ўз фикрини бошқаларникидан устун қўяди. Атрофига ўз одамларини тўплашга ҳаракат қилади. Мажлисларга қариндош-уруғларини бошлаб келишга уста.

Бошқа жумҳуриятлардаги ҳаракат лидерлари билан алоқа ўрнатган. Тоғаси ҳукуматга яқин одам. Ундан фойдаланиш мумкин. Ака-укаларини раҳбарлик ишларига тортиб, жиловлаб қўйиш мумкин.

Жанжалчи. Бошқа лидерлар билан орасиини бузиб қўйиш учун бу феълидан фойдаланиш мумкин.

Раҳбар бўлишни, раҳбарлик қилишни яхши кўради ва жуда истайди. Аммо қуруқ назарияга боғланиб қолган.

Бошлаган ишини ярим йўлда ташламайди. Рақибининг кичик бир хатосини кўрса, ундан усталик билан фойдаланади.

Пойтахт мафиясига алоқаси бор.

Диний идоранинг собиқ раҳбарлари билан алоқа ўрнатган. Муфтини қўзғолон йўли билан йиқитиш учун иш олиб бормокда. Ўзи диндан узоқ. Ароқ ичади. Диндорлар ичидаги одамларимиз орқали “Намоз ўқимайди, ичкиликни севади, Исломга қарши” дея ҳар қандай минбардан қувиш имкониятимиз бор. Лекин Марказ бунга йўл бермаслиги мумкин.

Америкада яшаётган “ватан хоинлари” билан алоқа ўрнатган. Улар Исо Холис орқали унга компютер юбордилар. Бу компютер Марказий разведка бошқармасига оид бўлиши ҳам мумкин. Ўрганаяпмиз.

Шантажчи. Одамларимиз у билан рўбарў келганда, бу нарсага алоҳида эътибор беришларини талаб қилаяпмиз…

Унинг масаласини Марказ билан гаплашиб олиш керак. Бизнинг сўровларни Марказ инкор этмоқда.  Марказком раҳбарияти номидан Москвага мурожаат қилиш таклифимиз ҳали ҳам ўз кучида… “

Иккинчи котибнинг машинаси саройга етиб келгани учун у “Иш папкаси”ни яна ёпиб қўйишга мажбур бўлди. Ичкарига кираркан бекчи-миршаб:

-Сизни “Биринчи” қидираяптилар, -деди.

-Биламан, -деди-да очиқ турган лифтга миниб, тугмани босди. Унинг хонаси ҳам олтинчи қаватда эди. Бинонинг бир тарафида Каримов ўтирса, иккинчи тарафида у жойлашганди. Бу ҳолни тарозининг палласига ўхшатишарди. Аммо “тарозининг” иккинчи котиб ўтирган томони оғир босарди.

Ҳатто “биринчилар”лар иккинчи котибни ёнларига чақиришга истиҳола қилиб, ўзлари унинг ҳузурига келишарди. Мана энди шартлар ўзгарди. Лекин дарҳол чекинмаслик керак, деб ўйлади иккинчи котиб. Ҳозир тўғри унинг хонасига бормайман. Қўлимдагиларни кўриб қолиши мумкин. Умуман у менинг КГБга борганимни қаердан билди? Ёки орқамга “дум” боғладими?

Балки Мелкумов икки томонга ишлай бошлагандир? Бундан олдинги иккита раҳбар-Усмонхўжаев ва Нишоновларнинг шохини синдирдим. Бирини камоққа тиқдирдим, иккинчисини эса сургун қилдирдим. Наҳотки бундан қўрқаман? Ҳали кечагина ҳузуримга келиб кўз ёши қилганди. Агар мен қўлламасам бу жойни тушида ҳам кўрмасди. Лекин нонкўрлик қилаяпти. Ҳозирданоқ жиққа мушт бўлсак, мен ютқазаман. Чунки юқори кеча юборган одамини бугун алмаштирмайди. Шу боис чидашим керак. Бугунги ғирромлигини эса жавобсиз қолдирмайман.

У лифтдан тушиб, хонаси томон юрмоқчи бўлганди Каримовнинг ёрдамчиси Крайнов унинг йўлини тўсди:

-Ёнғин! Дунёга ўт кетди, -деди у. -Каримов сизни қидириш учун ҳаммани оёққа турғаздилар.

-Мен хонамга кириб чиқай, сўнг кўришаман.

-У кишига лифтга минганингизни айтдик, эшик очиқ, кутаяптилар, илтимос, ёнғинни сўндириб беринг!

Анишчев ноилож қолди. Чапга қайрилиб, Каримовнинг хонасига кирди. Унинг авзойи бузуқ. Бош эгиб столни чертиб ўтирарди:

-Иккинчи котибнинг КГБга бориши қаердан чиқди?! Ёки давлат тўнтариши ҳозирлаяпсизми? Нима гап ўзи?

Анишчев шошиб қолди:

-Топшириғингиз бўйича боргандим. Мана буларни шахсан ўзим олиб келдим. Юқорининг топшириғи билан миллий ҳаракат лидерларининг “Иш папка”лари биринчи сейфга тушганди. Уни очиш учун Мелкумов билан иккаламиз имзо қўйишимиз керак экан. Чунки сизнинг топшириғингиз ҳам жуда муҳим эди. Нусха кўчирдик, мана…

Иккинчи котиб бундай шароитларга оз тушган бўлса-да усталик билан қутулиб кетиш учун албатта йўл топарди. Баъзан бу фикр менга қаёқдан келиб қолди, деб ўзи ўзига қойил қоларди. Шу лаҳзада ҳам Каримовни қийин аҳволга туширди. Унга бу вазиятдан чиқиш учун имкон бермасликка уриниб сўзида давом этди:

-Йўлда машинани тўхтатишимга тўғри келди. Москвадан телефон қилиб, ҳозир ўтказилаётган мажлиснинг кун тартибини сўрадилар.

-Ким сўради, қанақа мажлис?

-Ташкилий бўлимдан сўрашди. Сиз мамлакат раҳбари билан гаплашаётганда бўлим мудири унинг ёнида экан, баъзи нарсаларга қизиқди. Тушунтириб бердим.

Иккинчи котиб Каримовга бирин-кетин зарба ураётганди. Каримов рингда тентираб қолган боксчидек мувозанатини йўқотди.

-Ўтиринг, ўтиринг. Ҳозир чой буюраман …

-Раҳмат, мен қаҳва ичаман, -деди иккинчи котиб.

-Дарвоқе, нимани сўрашди? -Юмшоқ оҳангда сўради Каримов.

-Давлат тили ҳақидаги қонун лойиҳасига киритилган ўзгартиришларни.

-Қайси ўзгартиришларни?

-Марказий қўмита қонун қабул қилингач, унинг баъзи бандларини бир неча йилдан кейин кучга киритиш таклифини илгари сурди. Масалан, маҳаллий тилни билмайдиганлар учун бу қонун беш йилдан кейин кучга киради.

Каримов ўйланиб қолди. Беш йилда бу тилни ўргана оламанми? Гапириш-ку гапириш, ҳатто ўқишим ҳам қийин. Кеча бир саҳифани икки соатда аранг ўқиб чиқдим. Яхшиямки Жўрабеков тилни билар экан. Ҳатто у ҳам баъзи калималарни тушунмади. Биз бўлсак бутун давлат ишларини ана шу тилда юритмоқчимиз. Тўхтаб тур, қонун дегани ҳаёт эмас-ку. Ҳаёт бошқа, қонун бошқа. Қоғоздаги нарса-қоғознинг мулки. Агар шу бузғунчилар истаётган бўлсалар, қоғозга ёзиб қўяверамиз. Уни бажариш, бажармаслик ўз қўлимизда. Бир кун келиб тилни яхши ўрганиб олсам, балки бу қонунни амалга ҳам оширармиз.Ҳозирча эса рус тилида гапирадиган биродарларимизни чўчитмаслик чорасини кўришимиз керак.

-Беш йил оз, -деди у иккинчи котибга. -Сўзга чиқувчиларни тайёрланг. Саккиз йил деган таклифни киритишсин. Масалан, сиз саккиз йилда ўрганишингиз мумкинми?

-Биргалашиб ўрганамиз. -Иккинчи котиб “Катта”ни яна “чақиб”олди.

-Ўрганолмасак, кейинчалик ана шу бандларини олиб ташлаймиз. Бунга юқоридагилар нима дейишди?

-Улар ўзимизнинг одам. Эътироз қилишмади.

-Яхши. Дарвоқе, бу “Иш папка”ларида нима бор?

-Исо Холис билан Шавкат Темурнинг кимлиги, энг нозик жойлари, қилмишлари ҳақидаги маълумотлар.

Каримов ҳам Анишчевга ўхшаб ҳар икки “Иш папкаси”нинг илк саҳифаларини ўқиб чиқди.

-Демак, биринчи қиладиган ишингиз Исо Холиснинг бирга ўқиган дўсти Мақсад Муҳаммад Қулни… нега бунинг учта исми бор?

-Ҳозир шунақаси мода бўлган.

-Бўпти, ана шу “Қул”ни тузоққа илинтиринглар. Йўлини қилиб менга таништиринг. Калласида бирор нарса бўлса ёнимизда ишлатамиз, жилов қўлимизда бўлади. Иккинчи, дўсти Омон Матчонни эса душманга айлантирамиз. Йўлимизга юрса, келажакда Исо Холиснинг қаршисига рақиб қилиб чиқарамиз. Ҳозирча Исо Холисни Шавкат Темурга қайранг. Шавкатни эса Исога. Уларни халқнинг олдида қўчқорлардек уриштирмоқ керак… Дарвоқе, унинг жиловини бу ёққа олиш ҳақида ҳам у ёқдагилар билан гаплашинг. Рози бўлишмаса йўлини топиб, уни чиқариб юбориш ҳақида ўйланг…”.

Иккинчи котиб “Хўп…хўп…” дегани билан, аслида рақибини “нокаут” қилгандек шахдам одимлар билан Каримовнинг хонасини тарк этди. Ўзи учун ажратилган кабинетдаги совутгичдан тунука қутичалардаги пиволардан бирини олиб, ҳалқачасидан тортиб “туйнуги”ни очди ва бир ҳамлада охирига қадар ичди.

Хайрият, муздеккина экан, деб ўйлади. Мелкумов ҳаётининг сафосини билади. Айтиб қўйишим керак, уйда ҳам пиво оз қолди. Умуман чет элликлар пивони сифатли қилиб тайёрлашади. У иккинчи қутичани олиб жойига бориб ўтирди ва Москва билан гаплашиладиган “ВЧ” телефонидан КПСС МК ташкилий бўлим мудирига сим қоқди. Пленумга ва сессияга ҳозирлик қандай бораётганини айтиб қўйди. Сўнг:

-Олгага икки дона узук юбордим. Бири ўзимизнинг Мелкумовдан, бири мендан. Туғилган кунига боролмадик, ўпиб қўй қизингни, -деди бўлим мудирига.

Каримов ҳам эртанги пленум ва сессиянинг ўтишидан кўнгли тўқ ҳолда ундан кейинги воқеаларни ўйлаётганди. Шу лаҳзада уни мухолифат эртага уюштириши мумкин бўлган намойиш ҳам у қадар қизиқтирмасди. Агар қулоқ солишмайдиган бўлишса, бостириш учун Ички ишлар вазирига буйруқ берди. Уни қизиқтираётган нарса янги сайлов ва ундан кейинги Президент лавозими эди…

 

27. “СУЛАЙМОН”

Сессия Каримов ўйлаганидан ҳам “самаралироқ” ўтди. Сессиядан чиққан Каримов анҳор соҳили бўйлаб иш хонасига бораркан, Қизил майдонга машина киришининг ким таъқиқлаган экан деб ўйлади. Наҳотки Московда ҳам “Катта”лар пиёда юришса? Йўқ, аксинча улар қора Волгаларда Қизил майдондан саф тортиб ўтишни яхши кўришади. Улардан менинг қаерим кам? Мен ҳам бир жумҳуриятнинг отасиман. Нега энди пиёда юришим керак? Йўқ, бу тартиб мен учун эмас. Бунга бошқалар риоя қилишсин. Лекин ҳар доим сессия мана бу концерт залида ёки Олий кенгашда ўтиши шартми? Буни ҳам ҳал қиламиз. Сессия мажлисларини ўзим ишлаган бинода ўтказаман.

-Ассалому-алайкум,-қарши томондан келаётган бир кишининг товуши Каримовнинг хаёлларини бўлди. У алик олишга оғиз жуфтлаганди қаршисидаги киши тўхтамай гапини давом эттирди.

-Хабарларни эшитдик, Сизга минг раҳмат! Ота-онангизнинг жойлари жаннатда бўлсин, гўрлари нурга тўлсин! Халқимизнинг эгилган бошини тикладингиз. Минг йиллик орзуимиз амалга ошди. Она тилимиз давлат тили бўладиган кунларни кўрдик. Буни сиз бағишладингиз бизга. Тахтингиз ва умрингиз боқий бўлсин!

Каримов қўлини кўксига қўйиб раҳмат ишоратини қилиб, йўлда давом этди. Орқадан келаётган шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби ҳалиги кишини қучоқлаб, қулоғига пичирлади: “Раҳмат, мен кутгандан ҳам яхши чиқди!”

Каримов ҳали хаёлларидан айрилмаган эди. Шу боис ёнида келаётган хўжалик ишлари бўлими мудирига:

-Орқага қайтамиз, машинани шу ерга чақиринг, -деди.

-Машинангиз шу ерда. Сизни кутиб турибди.

-Бу ерга кириш таъқиқланган эмасми?

-Бошқалар учун таъқиқланган, Сиз ва Бюро аъзолари бундан мустасно.

Каримов мудирнинг сўнг сўзларига қулоқ ҳам солмай соҳил бўйлаб лапанглаб юрганча, мажлис бўлиб ўтган бинонинг олд томонига ўтди. Мажлисдан чиққан депутатлар аллақачон тарқалиб бўлишганди.

Булар учун депутатлик ҳам ортиқча ташвиш, деб ўйлади Каримов. Яқинда ҳаммасини бир варакайига бу ташвишдан қутқараман. Аслида шундай подадан яхшиси йўқ. Оғзингдан чиққанига “лаббай” дейишади. Қўл кўтариб туширишда буларнинг ёнида роботлар ҳам ип эшолмайди. Аммо илож қанча? Теппадан оёқ тираб туришибди. Нима эмиш, эркин сайловлар бўлсин эмиш. Ўзлари-ку эркин сайлов қиламиз, деб бошларига бало олишди. Мажлисбозликдан бошқа ишлари йўқ. Юзларининг пардасини йиртиб ташлаган маҳмаданаларга майдон топилди. Мендан олдинги раҳбар-Рафиқ Нишонов ҳам латта экан, эркин сайлов деганларига ишониб тўрт-беш жўжахўрозни Московага жўнатган, мана энди томошасини биз кўраяпмиз. Бу ёғини ҳал қилиб олай, кейин уларнинг ҳам танобини тортиб қўяман.

Каримовнинг машинаси икки дақиқада манзилга етиб келди. У машинадан тушаркан хўжалик ишлари мудирини ёнига чақирди:

-Бундан кейин машина орқа эшикдан ичкарига кирадиган бўлсин. Ана у одамлар нимани кутиб туришибди? Ё булар митингчиларми?

-Йўқ, митинглар жуда сокин ўтди. Булар шикоятчилар. Ер учун икки қишлоқ бир-бирига қарши бўлган. Самарқанд вилоятидан… Оқсоқоллари тўпланиб, сизнинг ёнингизга келишибди.

-Бундан кейин мен шикоятчи қабул қилмайман. Сайловларни ўтказиб олайлик, шикоят ёзишни ҳам маън этамиз. Индамасанг булар Оллоҳнинг устидан ҳам шикоят ёзишади. Ички ишлар вазирига топшириқ бер, автобусларига миндириб, чиққан жойларига жўнатсин.

Аммо шу пайт оқсоқоллар миршабларни четга суриб, унинг ёнига келишди. У бир ҳамла билан ичкарига кириб кетмоҚчи бўлди. Аммо оқсоқоллар уни ўраб олишганди. Каримов уларни бир-бир қучоқлади. Баъзиларининг юзларидан ўпди. Кейин:

-Қани отахонлар овминга қўл очинглар, -деди. -Мен сизларнинг дардларингизни яхши биламан, миршаблар билан ораларингизда бўлиб ўтганларни “Правда” газетасида ўқигандим. Ўша пайтда чора кўриш ўрнига сизларни газетага ёздириб, шарманда қилганларни чиқиб олган дарахтларидан туширамиз. Мана яқинда сайлов ўтказамиз. Мен номзодимни сизнинг тумандан қўйсам, қўллайсизми? Қўлласангиз, қани овмин айтайлик.

“Овмин”, “Овмин”деган оқсоқоллар Каримовни қайта бошдан қучоқлаб, юз кўзларидан ўпишди.

-Сайловолди учрашувига борганда ҳамма масалангизни ҳал қилиб бераман, ҳозир эса ҳаммангиз уй-уйингизга марш, иншоллоҳ, яқинда кўришамиз.

Шошиб қолган оқсоқоллар орқага чекиниб, Каримовга йўл беришди. Каримов ичкарига кираркан, олтинчи қаватга чиқишни кутиб ҳам ўтирмай, биринчи қаватдаги ҳожатхонага югурди. Юз-қўлини юваркан, бобой зоти жуда сассиқ бўлади, деб ўйлади. Баъзиларининг соқоли кўкариб кетибди, нос чекавергандан бўлса керак…

Каримов жирканганча қайта-қайта тупурди-да, юз-қўлини такрор ювиб, ташқарига чиқди. Аммо лифтнинг ёнида бир зум тўхтаб қолди. Илгариги раҳбарлар мажлисдан кейин вилоятдан келган биринчиларга албатта зиёфат қилиб беришарди. Бу билан ҳам уларнинг кўнглини олишарди, ҳам ўзларига боғлашарди. Бу анъанани бузсамми, деб ўйлади Каримов. Йўқ, бирданига бўлмайди, буларнинг аксарияти олдингиларнинг думи. Жойларда чуқур илдиз отишган, қўпориб ташлаш қийин. Илдизларини бир-бир чопмоқ керак. Ҳозир сайлов олдидан уларни нишонга қўйиб, мухолифатнинг йўлини тўсишим шарт. Мабодо бирлашиб кетсалар ота гўри-қозихона бўлади. Ҳозирча уларга “Сен яхши…” дейишим даркор.

Каримов хўжалик ишлари бўлими мудиридан “Биринчилар қаерда?”деб сўради.

-Улар боғдалар. Зиёфатни эса сарой орқасидаги меҳмонхонада ҳозирладик.

Каримовнинг жаҳли чиқди. Нега мендан сўрамай ҳозирлашади? Ким буларни бу қадар мустақил қилиб қўйган? Эҳ-ҳе, олдимда қанча ишлар бор, деб ўйлади.

-Нега мен билан маслаҳат қилмадингиз? Бугун жумҳурият тарихида алоҳида кун. Она тилимизга давлат тили мақоми берилди. Бу шодиёна учун сичқоннинг инидек жойда зиёфат берамизми? Қачонгача қўрқиб, писиб яшаймиз. Ҳозирданоқ лойиҳаларни тайёрлашга киришинг. Сайлов ўтгунга қадар зиёфат берадиган саройимиз бўлсин. Янги парламентнинг биринчи сессиясида улкан қарорлар оламиз. Уларни “ювиш” учун кошонага эҳтиёжимиз бор, -деди мудирга. Мудир топшириқни ён дафтарига ёзиб оларкан, Каримов ташқарига қараб одим ташлади.

-Соат нечада тўпланишади?

-Сиз қачон келсангиз ўшанда… Дарвоқе, зиёфат жойини “иккинчи” билан маслаҳат қилгандик.

-Бу ишларда иккинчи-пиккинчи йўқ. Ҳаммасини мен билан маслаҳат қиласан. Табиийки, бу ерда ишлашни истасанг. Ё, менинг одамим бўласан ёки ҳеч ким.

Каримов ташқарига чиққанда қуёш ётоғига бош қўя бошлаган, вужудидан қон сизиб чиқаётган аскардек бир мушт бўлиб қолганди. У қуёшнинг бу ҳолидан норози бўлгандек шафаққа разм солиб турганди, яқиндаги стадиондан мухлисларнинг саси юксалди.

-Нима гап? -деб сўради Каримов мудирдан.

-Бугун футбол командаларининг учрашуви бор эди.

-Ўша “иккинчи”нгга айт, Спорт қўмитаси раисини ишдан олишни буюрсин. Бундан кейин менинг изнимни олмасдан бирор бир ҳаракат қилинмайди. Бурнимнинг тагида саксон минг одам қичқириб ўтирса-ю, мен бехабар. Шаҳар бедарвоза эмас!

Орадан кўп ўтмасдан унинг “Шаҳар бедарвоза эмас” деган гапи оғиздан оғизга ўтиб, машҳур бўлиб кетишини ҳали ўзи билмасди. Бора-бора бу гап ҳар бир раҳбарнинг ҳам буйруғи, ҳам илтижоси, ҳам қалқони, ҳам қилмишига айланажагини Каримов билмаса-да, воқеалар шу атрофда ривожланажагини ҳис этарди. У Сулаймон айри, девлар айри бўлишини истамасди. Девлар Сулаймон учун, Сулаймон яшаса, девлар яшайди, деб ўйларди. Буни ҳақиқатга айлантириш учун ҳар бир дақиқа, ҳар бир сониядан фойдаланиб қолишга уринарди. Унинг ҳаёт -мамоти, жон-жаҳди, орзу умиди ана шу эди.

28. НОМЗОД

 

Каримов зиёфатдан кеч қайтди. Вақтини беҳуда ишга сарфлаган одамдек ётган жойида узоқ тўлғанди. Ичкилик-у егуликнинг сероблигидан ўз насибини олган Каримов бу юкнинг оғирлигидан бўлса керак кўзи юмилиши билан туш кўра бошлади.

…Баланд тоғ. Теппада икки қоя, иккиси ҳам қиличга ўхшайди. Қояларнинг устида икки махлуқ.

Бирининг тўрт оёғи, олти қўли, бир қанча қаноти бор.

Иккинчисининг эса бир қўли, бир оёғи, бир кўзи бор.

Каримов ўртада муаллақ. Махлуқлар унга ашула айттиришаяпти. Маҳаллий тилда ашула билмайман, деса ҳам “Айтасан, акс ҳолда пастдаги балчиққа отиб юборамиз” деб пўписа қилишарди. У эса билмагани учун мажбуран русча айтарди. Махлуқлардан бири ашуласидан безди, шекилли, уни отиб юборганди, иккинчиси ушлаб олди. Махлуқ пешонасининг терини артаман деганди, кафтидаги кичкина қиличлар Каримовнинг юзини қириб юборди. Оғриқдан бўлса керак ўзини ён тарафга отганди пастга тушиб кетди. Балчиқнинг ҳиди кўнглини беҳузур қилди. Лекин атрофнинг юмшоқлиги ҳузур бахш этди. Мириқиб ухлаш учун балчиққа бош қўйди…

Каримов уйғонганда бош учида кундалик газеталар турарди. Ёнбошлаганча “Қишлоқ Ҳақиқати”ни олиб сарлавҳасига назар ташлади: Каримов сўз берди-номзодини Каттақўрғондан кўрсатади”. Сарлавҳанинг остида унинг оқсоқоллар билан ўпишиб турган пайти акс эттирилган сурат. У жаҳл билан бош учидаги тугмани босди.

Эшик очилиб, ичкарига умр йўлдоши Татяна кирди.

-Сени чақирдимми, ҳайвон, -дея бақирди умр йўлдошига Каримов. -Қани бу ҳўкизлар?

-Эрталаб келишганди, сиз ҳали ухласангиз керак, деб газеталарни олиб қолдим.

-Сен қачондан хўжайин бўлиб қолдинг? Менинг ишимга бош суқма, демаганмиман?

-Кечаси билан алаҳсираб чиқдингиз. Бироз дам олинг, девдум.

-Ҳа, қилғиликни қилиб қўйиб, сутдан чиққан қошиққа ўхшаб турасан. Ўзингга гард юқтирмайсан.

-Вой, қошиқ деганингиз нимаси?

-Қошиқ деганим мана бу!-Каримов бир сакраб ўрнидан турди-да хотинининг юзига тарсаки тортиб юборди.

Татяна бир тарсакидан кейин иккинчи, учинчиси ҳам келишини яхши биларди. Шу сабабдан гап қайтариш ёки йиғлаш ўрнига дарров қочарди. Бу сафар қочаркан эшик нохосдан қарсиллаб ёпилди. Каримов буни тарсакига жавоб деб ўйлади ва жаҳлини пишқиртириб, Татянани қувиб кетди. Татяна ҳовлига қочиб чиққанда, хўжалик ишлари мудири сут, қаймоқ кўтариб келаётганди. Татяна ундан уялиб, орқага қайтмоқчи бўлди. Лекин аждаҳодек пишқириб келаётган эрининг жаҳлидан жумбушга келган қўрқув туйғуси бу уятни енгди. Каримов эса мудирни кўрмади ҳам. Ҳовли кенгиш бўлиб, бир томони катта боққа уланарди. Бу боғ “биринчи”лар учун махсус иншо этилган ва атрофи баланд деворлар билан ўраб олинган. Татяна югуриб борар экан, оёғидаги тапочкаси икки томонга учиб кетди. Каримов бу тапочкаларни олиб унга улоқтирди. Баланд овозда бир-икки сўкди-да, орқасига қайтди. Мудир қўрққанидан сут-қаймоқни остонада қолдириб, ғойиб бўлган эди. Каримов қоғоз қутидаги сутни тепиб юбораркан, қаймоқларни эса боғ томонга улоқтирди.

Кейин шариллаган сас унинг диққатини тортди. Бу эшаклар ҳалигача ҳовузни ҳам тўлдиришмабди, деб ўйлади у ва ҳовуз томонга юрди. Ҳовуз тўлиб кетган, ундан тошган сув атрофга оқаётганди. У аввал совуқ сувнинг жўмрагини беркитди, кейин эса иссиқ сувнинг. Ич кийимларини атрофга улоқтириб, ҳовузга кирди. Худога шукур, бу дунёда ҳам роҳат қиладиган пайт бўлар экан, деб ўйлади.

Ярим соат ҳовуздан чиқмади. Бу орада Татяна унга янги ич кийимлар ва сочиқ келтирди. Эрининг одатига кўникиб қолган хотини, хизматчиларга ҳам жавоб бериб юборгани учун, бошини эгганча, ҳовуздан чиқадиган жойдаги мармар тошларни арта бошлади.

-Ҳа, падхалимлик қилаяпсанми, эрим ҳовуздан чиқса, йиқилмасин деяпсанми ?

-…

-Бор, мудирни чақир!

Мудир пойлаб турган экан, югуриб келди.

-Янгангдан латтани ол, -деди у мудирга. -Сен эса йўқол! -деди Татянага.

Мудир аввал ўзининг янги кийимларига назар солди, кейин югуриб бориб, Татянанинг қўлидан латтани олди. Илгариги раҳбарлар хўп одам экан, деб ўйлади мудир. Ҳеч бири бунақа бақириб-чақирмасди. Ҳаммасининг осмони осмон эди, буникида эса момақалдироқдан бошқа нарса йўқ. Илгаригилар хотинларидан ҳайиқиб турардилар. Жаҳллари чиққан бўлса ҳам умр йўлдошларини кўрганда, Московдан келган меҳмонни қаршилагандек сохта тиржайиш билан эзилиб-сузилардилар. Улар Московдаги бошлиқларига ҳам тақлид қилардилар, ҳам қўрқардилар. Москов уларнинг авзойи, қадам олишлари, юриш-туришлари ҳақида биздан хабар олиб турарди. Бундан ташқари бир қанча жосуслар ҳам шу хусусда маълумот йиғиб, юқорига бериб турардилар. Бирданига замон ўзгарди. Нима бўлаётганига ҳеч кимнинг ақли етмайди. Ҳали Московда раҳбарларнинг имтиёзларини чеклаш ҳақида қарор чиққанига бир ой бўлгани йўқ. Мана бу тентак эса олдингисидан ҳам оширмоқда. Одамлар отдан тушмоқда-ю бу эса туяга минаяпти. Тож кийган шоҳ ақл олади, деганлар, балки…

-Нимани ўйлаб қолдинг бунча? Дафтарингни ол, ёз! -деди Каримов унга. У бир сапчиб ўрнидан турди-да, ҳўл қўли билан чўнтагидан ён дафтарини чиқарди. Кейин:

-Эшитаман, -дея Каримовга яқинлашди.

Чалқанча ётиб, сув устида юзаётган Каримов, ҳовуздан чиқадиган нарвончани ушлаб оёққа турди.

-Бир. Эртадан эътиборан барча хизматчилар, докторлар, массажчи ҳамширалар шу ерда ётиб қолади. Сен ва Крайнов ҳам навбатчилик қиласизлар.

Икки. Идеология котибига айт, “Қишлоқ ҳақиқати”газетаси муҳарририни ишдан ҳайдасин. Газеталарга бериладиган ҳар бир хабарни шахсан ўзи ўқисин ва менга билдириб турсин. Уч. Савол бўлмаса бор, сартарошни чақир!

-Илгари барча шу ерда ётиб қоларди. Лекин Московдан қарор келгач, бунга чек қўйдик. Муҳаррир масаласига келсак, у Московнинг депутати. Гапирсак, оғзимиз ёнади.

-Сенга оғиз ёниш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман. Московнинг қарори билан менга пўписа қилаяпсанми? Шу соатдан эътиборан ишдан ҳайдалдинг. Бирор жойда ғинг десанг, онангни Учқўрғондан кўрсатаман! Агар сасинг чиқадиган бўлса, қамоқда чирийсан. Камерага саломга келиб тураман. Ҳозир эса бор, ишдан ҳайдалганинг ҳақида қарор ёзиб кел.

Мудир шалпайганча чиқиб кетаётганди, Каримов уни тўхтатди.

-Ҳа, ранг-рўйинг ўликникига ўхшаб қолди? Ё, уй-жойингни, машинангни тортиб олайинми? Ёки тафтиш бошлатайми? Буларни истамасанг, қаддингни тик тут. Айтганимни бажар! Қарорни ёзиб, ўринбосаринг Мавлонга бер. У имзога олиб келсин.

Мудир чиқиб кетар экан, Каримов унинг орқасидан бир-икки бўралаб сўкди-да яна сувга шўнғиди…

Каримов ишхонасига келиши билан идеология котибини чақирди.

-Бу нима? -дея “Қишлоқ Ҳақиқати” газетасини унинг олдига отди.

-Муҳаррири гапимизга қулоқ солмайди. Илгари икки марта бюрога чақирдик, келмади. Ҳозир эса депутат бўлиб олган.

-Сиз ўзи илгари қаерда ишлагандингиз? Қандай қилиб бу ишга келиб қолдингиз? Сизга қулоқ соладиган одам борми бу дунёда? -Каримов саволларига жавоб ҳам кутмасдан, сўзда давом этди. -Келинг, сизни шу муҳаррирнинг зулмидан қутқарай. Кўнглингиз қаерни орзу қилади? Истаган жойингизни айтинг, ўша ерга юбораман. Ади-бади айтишга эса вақтим йўқ. Сасингиз чиқадиган бўлса, сиздан олдин бу вазифада ишлаган хонимчанинг ҳолига тушасиз. Камгап, юмшоқкўнгил одамсиз. Минг гапга бир гап билан ҳам жавоб бермаслигингиз менга маъқул. Хўш, ўрнингизга кимни келтирамиз? Бу хусусда ҳам демак фикрингиз йўқ. Ундай бўлса “иккинчи” билан учрашинг, эртанги пленумга ариза ёзинг, ўрнингизга эса Академияда ишлаётган Жаҳонгир Ҳамидовни тавсия қилинг.

Котиб бундай суҳбатга тайёр эди. Чунки Каримов вилоятда ишлаётган кезда иккаласининг ораси бузилганди. Шу боис масала бу қадар силлиқ ҳал бўлишидан енгил тортди. Аммо ўз ўрнига тавсия этиладиган киши бу соҳадан узоқлиги уни ўйлатиб қўйди. Каримовнинг бироз юмшаганидан ва иш ваъда қилаётганидан таскин топган котиб:

-У киши биолог, бу ерга эса мафкура соҳасидан бирини келтирсакмикан?

-Мана сен мафкурадан келгансан. Нима қилиб бердинг? Агар гапни кўпайтирадиган бўлсанг, Московдан иш қидирасан. Уч кунда думингга супурги боғлайман.

Яна котиб индамай турди. Каримов эса ичини тўкди. Сўкканида ва ҳатто урганида индамай турадиган одамни яхши кўрарди. Гап қайтарган, савол берган киши эса қанчалик ҳақ бўлмасин барибир унинг қаҳрига учрарди. Котиб эса асли индамаслардан эди. Унинг жим туриши Каримовни юмшатди.

-Бўпти чиқ, пленумдан кейин қабулимга келасан. Ҳа, Крайновга айт, менга муҳаррир Аҳмаджон Мухторовни боғласин.

Каримов бардоқдаги чойдан бир ҳўплам ичмасидан телефон жиринглади.

-Аҳмаджон Мухторов телефондалар, -деди Крайнов.

-Боғла!

Каримов қуюқ салом-аликдан кейин:

-Аҳмаджон ака, бугунги мақолангизни ўқидим. Минг раҳмат сизга. Номзодимни Каттақўрғондан қўйишни сизга ўзим айтаман, деб турувдим. Кўнглим бўлинг-е, ичимдагини топибсиз. Сурат ҳам аъло. Телефон қилаётганимнинг биринчи сабаби, раҳмат айтиш бўлса, иккинчиси, бир маслаҳатим бор эди. Биласиз, Московдаги депутатларимиз тарқоқ бўлиб кетишган. Баъзилари ану Нишонов деган латтанинг соясига айланишган, баъзилари эса умуман сўзга чиқишмайди. Мажлислар залида ҳам ухлашади. Эртанги пленумимиздан кейин иккаламиз Московга борсак, депутатларимизни йиғиб гаплашсак. Уларга сизни бошлиқ қилиб қўйсам, ўзингиз тарбияласангиз. Менинг Московдаги кўз-қулоғим бўлсангиз. Бу ердаги ўрнингиз ҳам бўш туради. Қолаверса, сайловлардан кейин янги парламентнинг газетасини чиқарамиз. Уни ҳам ўзингиз йўлга қўйиб берасиз. Аслида эртанги пленумда сизни мафкура котиблигига келтирмоқчи эдим. Лекин у ер сиз учун анча паст. Раҳмат ва қуллуқларни келажакка олиб қўйинг. Ҳозир эса катта ишларга шайланинг. Бу жумҳуриятни иккаламиз оёққа қўямиз. Сиз Московда, мен эса бу ерда!

Каримов телефон дастасини ўрнига қўяркан, бирор йил Московда совуқ қотиб юрсин, кейин йўлини қилиб газетадан четлаштираман, ҳозирча ўзимнинг одамларимдан бирини ўринбосар қилиб қўяман, ишни у юритади деб ўйлади…

Партия Марказий қўмитасининг пленуми Каримов ўйлаганидек ўтди. Эски дўсти Жаҳонгир Ҳамидовни мафкура котиблигига тавсия қилди. Илгари котиблик у ёқда турсин оддий ходимни ишга олишни ҳам Москва ҳал қиларди. Лекин кейинги вақтда бутун ваколатни маҳаллий ҳокимиятга беришди. Энди котибни сайлаб бўлгачгина бу ҳақда Москва хабардор қилинади. Бўлим мудирлари, ходимлар эса Московни қизиқтирмайди. Чунки буларсиз ҳам уларнинг боши чўп суқилган арининг уясидек ғувиллаб ётибди. Ҳар кун бир янгилик, ҳар кун бир ташвиш. Янги сайланган СССР Олий Совети тонгдан оқшомгача, оқшомдан саҳаргача мерос талашган болалардек жанжал билан овора. Каримов учокда шулар ҳақида ўйлаб ўтираркан ёнига муҳаррир Аҳмаджон Мухторов келди.

-Эртага меҳмонхонада бир қўлбола ош буюрсангиз, -деди у муҳаррирга. -Мавлон сизга ёрдамчи бўлади.

Каримов ёнида ўтирган Мавлонга қараб:

-Кеча тасдиқдан ўтдинг, энди буни ювамиз. Сен болага айтиб қўяй, агар гапимдан чиқмасанг баланд-баланд жойларга кўтараман сени.

Мавлон ўрнидан туриб, қуллуқ қилди. Каримов унинг ўрнини муҳаррирга кўрсатиб:

-Ўтиринг гап бор, -деди. Мавлон эгилиб ўриндиқ остидаги дипломат-сумкани олмоқчи бўлганди, Каримов: -Тураверсин, Аҳмаджон аканинг олтину пул билан иши йўқ, -деди. Кейин Мавлоннинг узоқлашишини бир лаҳза кутиб турди-да, муҳаррир томонга эгилди: -Нишонов билан орангиз қандай? -деб сўради.

-У миллатимизнинг бошига кулфатлар келтирди. Энг яхши инсонларни туҳмат билан қамалишига кўз юмди. Миллатимиз масхара қилинар экан, у ҳам қўшилиб кулди. Водий воқеалари Москва томонидан уюштирилди, аммо унинг хабарсиз бўлишига ишонмайман. Акс тақдирда уни Москвага шундай катта ишга олишармиди ?

-Балли оғайни, -деди ҳаяжонланган Каримов. -У менинг йўлимга тўсиқ бўлди, лекин қўлидан бир иш келмади. Бу борада сизнинг ҳам хизматларингиздан хабарим бор, унутмайман. Ана унинг эса яқинда оиласини ҳам қуваман. Бир умр юртга қайтмайдиган қиламиз. Сиз Московдаги газеталардан уч-тўрт кишини сотиб олинг, масрафини Мавлон ҳал қилади, -дея у кўрсатгич бармоғи билан қора дипломатга ишора қилди. -Нишоновга қарши жиддий кампания бошлатишимиз керак. Эртага сизни раҳбар қилиб қўйганимиздан кейин депутатларнинг жиловини ҳам қўлга оласиз.

Муҳаррир мушоҳадага борса-да, эътироз билдирмади. Каримовнинг бу қадар ишониб, ўзига яқин олаётгани уни қувонтирди.

-Биласизми битта таклифим бор, -деди у. -Ҳозир Москва кўп масалада ваколатни маҳаллий ҳокимиятга бермоқда. Биз ҳуқуқ борасида ҳам одим отмоқчимиз. Гдлян ва Иванов йигирма мингдан кўп инсонни қамоққа тиқди, зор қақшатди. Буларнинг орасида қанча-қанча олтин кадрларимиз бор. Ҳозир бу терговчилар депутат бўлиб олишган, лекин биз ҳам бўш келмаймиз. Тергов ва суд материалларини ўзимизга оламиз. Сиз эса уларни озод қилиш ташаббусини бошлайсиз. Бу билан бирданига икки қуённи урамиз. Биринчидан, озод қилинганлар “нишоновчи”ларга қарши курашчимизга айланади. Иккинчидан, улар сизни ҳар қандай шароитда ҳам сотмайдиган содиқ одамларингиз бўлади.

Муҳаррир аслида қамоқларда эзилиб ётган инсонларни тезроқ озод қилиш пайида эди. Каримовни қизиқтириш учун буни таклифларга айлантириб юборди. Каримов кўнглида шам ёқилган кишидек севинчини яширмади. Унинг жаҳли нақадар тез чиқса, севиниши ҳам самимий эди. Аммо бу самимийлик узоқ яшамасди. Кўпинча чала туғилган боладек ё ногирон бўларди ёхуд узоқ умр кўрмасди.

-Мен сиз ҳақингизда нотўғри ўйлаб юрган эканман, сиз ўғил бола экансиз, -дея муҳаррирнинг тиззасига шапатилади ва сўзда давом этди. -Бундан кейин ҳамма масалани маслаҳатлашиб ҳал қиламиз. Московдан қайтгач, газетангизда ёзиб, халққа ошкор қилганингиздек Каттақўрғонга бораман. Сайловолди учрашуви баҳона. На фақат халқимизга, балки Московга ҳам кимлигимни кўрсатиб қўйишим керак. Шу сабабдан яхшилаб бир нутқ ёзсангиз. Учрашувда ўқиб ўтирмайман. Ёзилган нарсани ўқишга ҳафсалам йўқ. Учрашувни қишлоқ жойида ўтказамиз, мухбир-пухбир таклиф қилмаймиз. Матбуотга эса сиз ёзган нутқни берамиз. Аммо нутқ бутун дунёнинг диққатини тортадиган бўлсин. Демократиядан бошланиб, ошкоралик билан тугасин. Бизнинг дастуримиз нимадан иборат эканини ўртага қўйинг.

Улар Московга етиб келганларида муҳаррир Каримовнинг қулоғига шивирлади:

-Баъзи жумҳуриятлар раҳбарлари айни пайтда ҳукуматга ҳам раҳбарлик қилишни илгари сурмоқдалар. Москвадан янги имзоланажак шартнома доирасида ўзларга кенг қамровли мустақиллик беришини талаб қилмокдалар. Москва иттифоқда қолиш қолмаслигимиз ҳақида референдум истаяпти. Демак, қўлимизда иккита урувчи қартамиз бўлади – бири “туз”, бири “қирол”. Бунинг эвазига сайловдан кейинги биринчи сессиядаёқ тишимизни кўрсатамиз. Нима бўлса ҳам қўй эмас, бўри эканлигимизни исботлаймиз…

Каримовнинг Московдаги иши тез битди. Депутатлар билан учрашувдан кейин Марказкомга бош суқди. Иттифоқ шартномасини сайловдан кейин муҳокамага қўясиз, дейишгани учун дарров орқага қайтди. Келиши биланоқ бюро аъзоларини бир-бир чақирди. Сайловни қандай ўтказиш ҳақида уларнинг фикрларини сўради. Кейин эса бюро мажлисини чақирди.

-Ҳар бирингиз сайлов учун сафарбар, -дея сўз бошлади у. -Вилоят партия қўмиталари номзодлар рўйхатини ҳозирлагач, уни Марказқўмда синчиклаб ўрганиб чиқасиз, қолипга соласиз. Ишчилар, колхозчилар, зиёлилар, партия аъзоси бўлмаганлар фоизига кўра белгилансин. Кейин рўйхатни КГБ ҳам текширувдан ўтказсин. Номзодларнинг ёши, жинси, келиб чиқиши, миллати, дини каби масалалар ҳам қолипга тушсин. Ҳар қандай ўзбошимчаликнинг олди олинсин. Демократия, ошкоралик, эркинлик биз истагандек бўлади. Шу сабабдан номзодлар кўрсатишни очиқ ўтказиш керак. Исташса юз номзод кўрсатишсин, лекин охир оқибатда бизнинг номзод ўтсин. Агар янглиш ҳол юз берадиган бўлса, масъул раҳбарлар қош-кўзинг бор демасдан ишдан ҳайдалсин. Янглиш номзодлар эса ўзлари ариза ёзиб, ўртадан чиқсинлар. Бюро мажлисига тақдим қилинадиган номзодлар рўйхати уч ранг билан ўралади. “Қизил ранг” номзод ҳар қандай шароитда ҳам депутат бўлиши шарт, “кўк ранг” номзод муқобил асосда сайланади, аммо муҳаққақ депутат бўлади, “қора ранг” эса ушбу номзод ўрнига шу ёшдаги, айни миллат, айни касбдаги, бизга хайрихоҳ киши ўтишига рухсат бўлиши мумкинлигини англатади. Марказқўм аъзолари, таниқли шоир, ёзувчилар, жумладан, Исо Холис, Эркин Воҳидов, Примқул Қодиров, Ҳалима Худойбердиева сингарилар биринчи рўйхатга олинсин. Парламентнинг эллик фоизи ана шу рўйхат асосида ўтганлардан, йигирма беш фоизи “кўк” ва қолгани “қора”лардан бўлсин. Керак бўлса, баъзи жойларда бюллетен масаласи ҳам ишга солинсин. Сайлов комиссияси раиси Қудрат Ахмедов ҳар кун, ҳар соатда ҳисоб бериб турсин. Бошқа таклифлар борми?

Ҳамма жим эди. Чунки Каримов ҳаммадан сўраб олганларини ўзининг номидан қилиб, ўртага отган эди.

-Саволлар бўлмаса ҳамма ўзига ажратилган вилоятларга йўл олсин. Ҳар оқшом соат ўн иккидан кейин сизларни қидириб, ҳисоб сўрайман, -дея мажлисни якунлади…

29.УЧРАШУВ

Каттақўрғондаги сайловолди учрашуви бир колхознинг клубида бўлди. Каримовдан олдин сўзга чиққанлар унинг ўзи ҳам билмаган хислатлари ҳақида гапиришди. Кейин ўрта ёшлардаги бир киши минбарга югуриб чиқди.

-Мен ўқитувчиман, -деди у. -Айни пайтда “Бирлик” Халқ ҳаракатининг аъзосиман. Лекин бизнинг номзодни рўйхатга олишмади. Биз мустақиллик, демократия ва ошкоралик тарафдоримиз. Мажлисларимиз қонун чарчавасида ўтгани ҳолда бизни рўйхатга олишмагани қаршимизда мустақиллик, демократия ва озодлик душманлари турганини кўрсатади…

-Нима гап? -дея Каримов вилоят биринчиси Пўлат Абдураҳмоновга юзланди.

-Бу ҳаракат ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилаяпти. Кўп жойларда халқ оёққа турди. Жанжал-тўполонни қийинчилик билан бостираяпмиз. Баъзи номзодларга кўз юммасак бўлмайди.

-Сизни вилоятга юборишда умидларим катта эди. Келганингизга икки ой бўлгани йўқ. Ёки оғир иш эканми? Сизнинг гапингизга қулоқ соладиган бўлсак, мана буларга ҳам кўз юмиш керак, муҳтарам Пўлат Мажидович. Истасангиз, мен чиқиб кетай, буларни сайланг, -деди Каримов киноя билан.

Минбардаги ўқитувчи исмини тилга оларкан, Каримовнинг хаёли бўлинди.

-Биз меҳмонимизга қарши эмасмиз. Ҳатто у киши ўз номзодларини туманимиздан кўрсатганлари учун раҳмат айтамиз. Лекин муқобил сайлов бўлсин. Барибир халқ бу кишини сайлайди. Аммо айни пайтда жумҳуриятга муқобил сайлов ибрати берилади.

Ўқитувчи минбардан тушаркан, Каримов ўрнидан туриб, унинг ерини ишғол этди. Залдаги олқишлар унинг сўзга чиққани учунми ёки ўқитувчининг жасоратигами англаш мушкул эди.

Каримов олқишларни ўқитувчи учун деб ҳисоблади ва яна ҳам жаҳли чиқди. Шу сабабдан қисқа, аммо жўшиб гапирди.

-Биринчидан. Халқ ҳаракати номзодини рўйхатга олмаслик жиноят. Халққа қарши келадиган куч борми? Сиздан сўраяпман, шундай куч борми? -Залда гулдурос қарсак янгради. Баъзилар ўринларидан туриб, қарсак чалаётган эдилар. Каримов бироз залга киноя билан термулди-да, сўзда давом этди:-Иккинчидан, мустақиллик дея кўкрагига ураётганларга ишонманг. Сизнинг ҳақингизни кесиб, армия тузишга, чегара қўриқлашга ундашмоқда бизни. Бутун дунёдан узиб қўйишмоқчи бизни. Сув йўлимиз, темир йўлимиз борми? Бугун биз учун яккаю ягона йўл иттифоқ ичида қолиш, аммо ҳақларимизни ундириб олишдир. Московнинг бўйнидан бўғиб, сизнинг ҳақларингизни талаб қилсам, орқамда турасизми?

Яна қарсак сели ёғилди. Каримов энди бу олқишдан лаззатлана бошлади.

-Қилғиликни қилиб қўйиб, Московга қочиб кетганлар мажлисларда бурун ковлаб ўтирибдилар. Мен янги парламентнинг биринчи мажлисида Фарғона, Паркент воқеалари айбдорларини ўртага чиқараман. Бурунларига ип ўтказиб, тортиб олиб келаман ва сизнинг номингиздан ҳисоб сўрайман. Менга бу ваколатни берасизми? -Энди унинг ҳар бир жумласидан кейин қарсаклар тўлқин каби бориб келаверди. Халқ унинг бузиб айтилаётган калималарига эмас, ҳайқириб айтилаётган ифодаларига маҳлиё бўлган, умрида эшитмаган гапларини илк бор эшитаётгани учун тинимсиз олқишлаётганди.

-Биз мард халқ, лекин бизни ўғри, муттаҳам, порахўр дея айблашди. Ҳали ўша Гдлянларни мана шу ерга олиб келиб, суд қиламиз. Қамоқдагиларнинг ҳаммаси озод қилинади ва ўз вазифаларига қайта тикланади.

Каримов бармоғи билан биринчидан, иккинчидан дея санай бошлаганди, аммо қўлини мушт ҳолда минбарга ураётгани учун саноқдан ҳам адашди. Қарсақлардан сўнг минбардаги сувдан бир қултум ҳўпларкан:

-Хўш, нечанчи бўлди, ҳар ҳолда олтинчи бўлса керак, -дея чап қўлининг бошмалдоғини кўрсатиб, сўзда давом этди. -Бундан кейин пахтани ўзингиз экасиз, пулини ўзингиз ҳисоблайсиз, истасангиз пахта, истасангиз мева экасиз, истасангиз боғ ташкил қиласиз. Бундан кейинги шиоримиз: қишлоқ бой бўлмаса давлат бадавлат бўлмайди. Бугунгача вагонлар Московга тўлиб борган бўлса, бундан кейин вагонлар юртимизга тўлиб келади. Бундан кейин фарзандларимизни уруш бўлаётган жойларга хизматга юбориш йўқ. Ҳар бир аскар учун аввал кафолат истаймиз.

Еттинчидан, тартиб ўрнатиш баҳонасида келганларни келган жойига жўнатамиз. Битта чамадон билан келган бўлсалар битта чамадон билан қайтадилар.

Ва охиргиси: сайловлар ҳалол, пок, тўғри ўтиши учун мана мен кафолат. Бу сайловлар халқ сайловларидир!

Каримов гулдурос қарсақлар оғушида ўз ўрнига келиб ўтираркан, минбарга бир йигит югуриб чиқди.

-Халқимиз ҳақиқатдан ҳам мана шундай жасоратли, айтиб ташлаб қочмайдиган раҳбарга илҳак эди. Айтиш бошқа, бажариш бошқа. Ё, зулфиёр, ё, зулфиқор! Иккисидан бирисини танламоқ керак. Зулфиёрлик ёлғон ва хушомад йўлидир, зулфиқорлик эса ўткирлик, айтганини шартта кесишдир!

-Ким бу? -дея сўради Каримов.

-Бошимизнинг балоси, -деди Пўлат Мажидович. -Фелъетончи. Фақат танқид ёзади. Яқинда телевизорда ҳам бизни шарманда қилди. Исми Миртемир.

-Бу ерда нима иши бор?

-Мухбир сифатида келган.

-Унда мухбирлигини қилсин. Нега сўзга чиқади?

-Битта туманимиздан унинг ҳам номзодини кўрсатишган. Гапга чечанлиги учун халқни орқасидан эргаштириб олди. Чақириб гаплашдик ҳам бўлмади. КГБни ишга солдик, натижа бермади. Икки марта рўйхатдан ўтказмадик, учинчисида мажбур бўлдик…

Миртемир қисқа гапирди. Минбардан тушар экан, Каримов уни ёнига чақирди

-Ука, билиб қўй…

Каримовнинг гапи оғзида қолди. Залдагилар мажлис тугади деб ҳисоблашди, шекилли, юзга яқин оқсоқол юқорига чиқиб, Каримовни ўраб олишди.

-Бизнинг масалани ҳал қилиб бермасдан кетмайсиз! -Оқсоқоллар бирин кетин Каримовга ўз дардларини тушунтира бошладилар. Каримов вилоят биринчисига юзланди:

-Оқсоқоллар туманнинг биринчи котибини ишдан олишни истаяптилар. Уддасидан чиқа оласанми?

-Қийин. Унинг орқасида ҳам ана шунча оқсоқол бор.

-Чақир ўзини.

Бир тарафга чекиниб турган туман котиби Каримовнинг ёнига келди.

-Неча ёшдасан? -деб сўради Каримов ундан.

-Ўттиз бешда, -деди у.

-Ҳали тирранча экансан. Нега қорин қўйдинг? Думба ёғли палов ейишдан бошқа ишинг йўқми? Ё бу масалани тинчит ё аризангни ёз! Умуман орқага одам йиғиш одати қаердан чиқди? Уч кунда масала ҳал бўлмаса махсус тафтишчиларни юбораман ва сени асфаласофунга жўнатаман.

Туман ҳокими миқ этмай турди. Оқсоқоллар мамнун эдилар. Каримов уларнинг орасидан сийрилиб чиқаркан Пўлат Мажидовичга:

-Бироз қаттиққўл бўл. Буларни парчалаб ташла. Бундан кейин тўпланиб юришларига чек қўй. КГБнинг бу ердаги бўлимини кучайтир. Гуруҳларни эмас, шахсларни бир-бирига қайрасин. Туман биринчисини эса ишдан ол, -деди ва клуб яқинидаги майдончада турган вертолётга миниб, кўкка кўтарилди.

Заминдагилар вертолёт ортидан тикилиб қоларканлар кўнгиллари умидларга тўлганди. Аммо умидлари ҳам ана шу вертолёт билан бирга осмонга учганидан бехабар эдилар. Буни сезиш ёки ҳис қилиш учун эса бир неча йиллар керак бўлишини билмасдилар.

Уларнинг қалблари, фикрларини янги бир оғу тортанак уяси сингари ўраб ола бошлаганди. Бу тортанак уясининг иплари уларга нур бўлиб кўринаётган эди. Нур гўё вертолёт парраклари орасидан синмасдан ўтаётгандек туюлсада, аслида парраклар кўкдан ёғилаётган ёруғ нурнинг йўлини тўсган, заминга эса Каримовнинг “нур”лари оқиб келаётганди.

30. МАШВАРАТ

Ҳаво онийдан исиб кетди. Ойлардир ер устини қоплаб ётган қатлама муз икки куннинг ичида эриб, сувга айланди. Қиш кунлари сархуш одам каби шакарлама уйқуси остида қолган дарахтлар бирдан уйғонди. Қуёш жилмайиб қолганидан алданган дарахтларнинг шохларида ўсмирнинг сабза соқоли каби эрта уйғонга битта яримта куртаклар кўзга ташланиб қолди. Ҳаводаги ўзгариш одамларга ҳам кўчди. Палто-ю рўмолларини улоқтирган қизлар қор остидан бош кўтарган чучмомолардек кўзларга тиғдек санчилдилар. Кўкракларини очиб олган йигитчалар эса овга чиққан алпомишлардек кўчаларни тўлдирдилар.

Аммо бу ҳол узоқ давом этмади. Қор қандай эриган бўлса, худди ана шундай яна атрофни қоплаб олди. Шошқалоқ дарахтлару баҳорсевар йигит-қизлар хирчин совуқнинг игналарига дош беролмай яна яширинмоқ учун жой қидирдилар. Табиату одамларни замин деган майдонда ўйнатиб, тепадан томоша қилиб турган куч уларга нафақат ташқи томондан балки ичкаридан ҳам таъсир қилаётганди.

Эрта уйғонган дарахтлар боласини туширган онадек бўзларкан, одамларнинг фикру хаёлларида ҳам тўлқинсимон жумбуш бор эди. Ким асабий, ким эса янги фикрлар билан қайнашган, яна кимдир пихиллаб қолган бурнининг ташвишида…

Ҳамма ёққа ёйилган грипп Каримовни ҳам четламади. Оташи юксалгани, суяклари синқираб оғриётгани, товуши бироз хириллаб, бурни битиб қолганига қарамай сессияга тайёргарлик кўраётганди. Қаттиқ тазйиқларга қарамай бир неча вилоятда рўйхатда бўлмаган кишиларнинг сайланиб қолишлари уни роҳатсиз этаётганди. Шу дамда суякларининг оғриғи эмас, юрагининг аллақаеридаги санчиқ унинг хаёлларини туптугундек ўзига боғлаб олганди. Аммо бу оғриқ юрагининг бирор бир еридаги хасталик аломати эмас, балки бу қадар ҳаракатларидан кейин ҳам парламентга кириб қолган “бегоналар” дардининг белгиси эди.

Икки кун олдин бюрода бир қанча раҳбарларнинг фаолиятига нуқта қўйди. Кейин бу масалани Компартия пленумига олиб чиқди. Баъзиларининг бошидан қайноқ, айримларнинг бошидан эса совуқ сув тўкди. Лекин юраги жойига тушмади. “Нега? Нега?” -деган савол кўкрагида гуп-гуп уриб турарди. Ҳар қанча уринмасин уни тинчита олмаётганди. Парламентдаги арифметикани, яъни овозлар ҳисоб-китобини қайта-қайта кўздан кечирди. Бегоналар бор-йўғи беш фоиз. Аммо бутун тарих бўйинча урушларни, инқилобларни, давлат тўнтаришию исёнларни аксариятнинг беш фоизи ҳал қилган.

Қаерда хато қилдим, дея ўйларди Каримов. Энди хатони тузатишга кеч. Бу беш фоизнинг йўлини тўсишим керак. Вилоятларда тикан симли тўсиқни ёриб ўтишди. Бу ерда шундай тўсиқ қўйишим керакки ҳам қўллари, ҳам оёқлари ва энг асосийси оғизлари боғлансин.

Каримов янги иш бошлайдиган Олий Кенгашнинг биринчи сессиясидаги нутқу маърузалар, иш тартибию тушликда бериладиган овқатлар рўйхатига қадар синчковлик билан чиғирдан ўтказди. Гарчи Москов сессия олдидан одатга кирган вакиллар йиғилишини ўтказмаслик ҳақида исрорли бўлса-да у бунга риоя қилмади. Вакиллар йиғилишига “бегоналар”ни ҳам чақиртирди.

-Яна бир соатдан кейин мамлакатимиз тарихида биринчи марта бўлиб ўтган эркин сайловлар натижасида сайланган депутатлар иштирокида илк сессияни бошлаймиз, -деди у кичик залда тўпланганларга. -Бу ерга нафақат раҳбарларни балки ўз кучи билан сайланганларни ҳам чақирдик. Халқимизнинг яхши одати бор, тўйдан олдин оқсоқоллар йиғилиб маслаҳат қилишади. Бу ҳам парламентнинг оқсоқоллар маслаҳат кенгашидир. Халқнинг олдига чиқиб бақир-чақир қилмасдан, нима гапимиз бўлса ана шу ерда келишиб олайлик. Айниқса ўз кучи билан сайланган дўстларимиз кун тартиби, тузилажак комиссиялар ҳақида фикрларини айтсинлар.

Мажлислар зали кичик бўлса-да ҳар ер ҳар ерга бир микрофон ўрнатилганди. Биринчи бўлиб Тўлқинжон деган йигит сўз олди.

-Менинг ва ёнимда ўтирган укамиз Миртемирнинг сайловолди дастурида адолатсизликка қарши кураш асосий масала қилиб қўйилган. Кейинги вақтда Москва халқимизга нисбатан аянчли равишда бўҳтон ёғдирди. Москвага биринчи зарба сифатида узоқ йиллар жумҳуриятимизни бошқарган марҳум Рашидов номини оқлаш масаласини сессия кун тартибига киритишни сўрайман.

-Бу парламентга оид масала эмас. Уни партия қоралаган. Керак бўлса партиянинг ўзи кўриб чиқсин. Парламент бундай масалалардан баландда туриши керак, -деди Каримов. Лекин зарда билан гапирганини ҳис қилди ва олдиндан кўнглига туйганидек ўзини юмшоқ қилиб кўрсатишга уринди. -Мен шу партиянинг раисиман. Бу масалани сиз ҳам Миртемиржон ҳам менга топширинглар. Иншоллоҳ, партия кенгашларининг кун тартибига киритаман.

Тўлқинжон ўтираркан микрофон ёнига Миртемир келди:

-Кейинги вақтда жумҳуриятимиз тарихида юз қораси бўлиб қоладиган воқеалар содир бўлди. Булардан биринчиси, Фарғона фожеаси. Ака-укани бир-бирига қарши қўйдилар. Фитна, иғвогарлик уруғини сочдилар. Иккинчиси эса, Паркент воқеалари. У ерда ёш йигитлар тимсолида миллатимизнинг келажаги ўққа тутилди. Бу масалалар очилмай қолди. Учинчидан, цензура деган жаллод ҳамон матбуот устида қиличини қайраб турибди. Ҳатто сайлов олдида номзодлар ўз қарашларини очиқ ифода этолмадилар. Тўртинчидан, баъзи жумҳуриятлар мустақил бўлиш учун курашаётган бир пайтда биз Иттифоқ шартномасининг ташаббускори сифатида ўртага чиқдик. Яъни бўйнимизга тош боғлаб, ўзимизни қудуққа отаяпмиз. Халқ эса бу ҳаракатнинг моҳиятидан бехабар. Ва ниҳоят, биринчи мажлисданоқ парламентни партия пленуми ёки колхоз қурултойи ҳолига солиб қўймаслик учун унинг елкасидан қурувчи деган юкни олиб ташламоқ керак. Депутатлар йўл қурилиши ёки боғча қурилишини эмас, сиёсий масалаларни тортишмоқлари зарур. Мажлисларимиз жонли равишда телевидениеда кўрсатилиб турилсин. Халқ ўз вакилларига ўзи баҳо берсин…

Бу бола ростдан ҳам бош балоси экан, деб ўйлади Каримов. Ҳозирнинг ўзидаёқ оғзига латта тиқиб қўйишим мумкин. Лекин ўша латтани қайтариб ўзимнинг оғзимга тиқиб қўйса-чи? Ади-бади айтиб ўтирсам шарманда бўламан. Гапга чечан экан. Саволларига жавоб топиб беролмасам, обрўйим тўкилади. Шунинг учун индамай тинглашим керак.

Миртемир Каримовнинг хаёл сураётганини сезгандек унинг исми шарифини тилга олиб, таклифини унга йўналтирди:

-Қўлимизда парламент комиссияларининг рўйхати бор. Мен унга Ошкоралик комиссияси қўшилишини ва юқоридаги масалаларни ойдинлатиш унга юклатилишини таклиф қиламан.

Каримов Ҳамидовга қаради. Ҳамидов “Бўлади, кейин ўйлаб кўрамиз” дегандек бош ирғади.

-Раҳмат, бу таклифингиз учун, -деди Каримов Миртемирга. -Сессияда ҳам бу таклифни ўзингиз ўртага отинг, биз эса қўллаймиз. Раиси ва аъзолари ҳақида эса мана ўртоқ Ҳамидов ўйлаб кўрсинлар.

Шу пайт сочлари тўкилган ўрта ёшлардаги бир киши микрофонга яқинлашди. Бу шоир Эркин Воҳидов эди.

-Мен мазкур комиссияда хизмат олишга тайёрман, -деди у.

-Сизга ўхшаган инсонлар юз йилда бир марта туғилади. Мен бу фикримни сессияда ҳам такрорлайман. Биз ҳам сизга бу комиссияни ишониб топширишга тайёрмиз, -деди Каримов. -Биз олдимизда катта мажлис борлигини унутмаслигимиз керак. Шу боисдан таклифларни қисқа-қисқа айтайлик.

“Бегоналар” бирин-кетин ўз таклифларини айтдилар. Шундан кейин Каримов вилоят биринчиларига қарата:

-Ҳар бирингиз сувчи қулоқ бошида ўтирганидек вилоятингиз депутатлари билан бирга бўлинг. Сиздан пода боши бўлишингизни истамайман. Депутатларингизни бошқа томонга бошқарманг. Сиздан тўда боши бўлишингизни истайман. Депутатларингизни бир жойга тўдалаб ўтиринг. Бу ҳам талаб, ҳам буйруқ ва истасангиз, илтимос ҳам. Бу синовдан муваффақиятли ўтишингизга ишонаман. Чунки биз бир командамиз, бир эшелонмиз. Ажралиб қолган вагон эса ёлғиз қолиб кетади, -деди.

Шундан кейин Каримов барчани катта залга даъват этди.

31. ТЎРТ КАЛИМА

Мажлис зали ҳайитона тус олганди. Янги сайланган миллатвакиллари очилишга ҳозир бўлган гул ғунчасини эслатарди.

Эркакларнинг сочлари пирил-пирил ярақлаб тургани, соқоллари алоҳида эътибор билан олингани учун юзларидан кўркамлик уфур ураётгани, деярли ҳаммаси бошдан оёқ янги кийим кийгани дарҳол диққатни тортарди.

Хотин-қизлар ҳам қимматбаҳо ва хушбичим кийимларини илк бор шу мажлисга кийиб келганлари улар кўзларининг таги билан бир-бирларини кузатаётганларидан ҳам маълум эди.

Умрида галстук-бўйинбоғ боғламаган отахондан тортиб, ҳаётида илк бор тўпиғи баланд туфли кийган қизга қадар ўз ҳолларидан мамнун эдилар. Уларнинг нафақат ташқи кўринишлари балки ички дунёларида ҳам қишнинг ўртасида қуёшга алданган борлиқ каби уйғониш ҳисси, умид япроқлари қимирлаётганди. Шу дамда ҳамманинг юзига урган умумий ички туйғуси бор эди: мағрурлик. Бу ҳис қалбларида гулхан бўлиб ёнаркан айни пайтда юзларини ҳам ёритаётган, кўзларидан нур бўлиб атрофга оқаётганди.

Хоҳ буюртма билан сайланган, хоҳ таниш-билиш билан рўйхатларга кирган, хоҳ курашга отилган миллатвакилларидан қайси бирига назар солсангиз ўзини катта ишлар олдида масъулиятли ҳис этишга чоғланганини кўрасиз. Бу ҳолнинг табиий ёки сохта эканлигини бир қарашда англаш мушкул. Аммо уларни илгаридан таниган одам бу ўзгаришни одим отишларида, атрофга разм солишларида, ҳатто салом-алик жараёнида бўртиб чиққанини сезиб олади. Қайси бир маънода миллатвакиллари шошиб қолганга ўхшардилар.

Каримов залга кириб келар экан, кимдир ўрнидан турди, кимдир эса ўз хаёллари оғушида севинч сўқмоқларида югуриб юрарди, яна кимдир тарки одат амри маҳол дегандек, мажлисларда ўрганиб олгани каби жон-жаҳди билан қарсак чаларди.

Мажлислар залининг кўринмас, аммо ҳис қилажак салобати бор эди. Каримов буни бир неча йил олдин бу ерга илк бор келганида сезганди. Вақт ўтиши билан бу салобатга ўрганиб қолган бўлса-да залдаги нотаниш нигоҳлар билан қўшилиб, бу куч уни яна мағлуб этди. Бирдан тиззаси титраб, қўлларининг пайи бўшалди. Эсанкираб қолган одамдек зинага қандай оёқ босишни билмай қолди. Баъзан бир, баъзан эса икки зинапояни ҳатлаб, минбарга чиқди. Бирданига фикрида чақмоқ чақнади. Янглишганди. Чунки мажлисни у эмас Марказий сайлов комиссиясининг раиси очиши керак эди. Шу боис оний бир ҳамла билан орқага қайтди ва пастга тушиб биринчи қатордан ўзига ажратилган ўриндиққа “чўкди”.

Марказий сайлов комиссиясининг раиси миллатвакилларини табриклагач, сўзни фахрий раисга берди. Каримовнинг тавсияси билан пойтахт ижроқўмининг раиси Ҳошимов парламент раиси ва комиссиялар аъзолари сайлангунга қадар мажлисни бошқариш учун ваколатли қилинган эди. Ҳошим Ҳошимов ёши етмишга етиб қолгани учун ёзиб берилган сценарийни аранг ўқиркан, залда аввалига енгил кулги, кейин эса норозилик аломати ўлароқ ғала-ғовур бошланди. Аммо ҳеч ким бу норозилигини очиқ айтишга журъат қилмади. Биринчи бўлиш ҳамма вақт қийин, чунки биринчи бўлишнинг ортида ё мақтов ёхуд танқид, ё қаҳрамонлик, ёхуд хоинлик каби тамғалар ётади. Шу боис кўпчилик норозилигини ёнидаги шеригига айтиш билан кифояланади.

Залдаги ғала-ғовур тинмас экан, Миртемир ўрнидан турди:

-Менда таклиф бор.

Етмиш йиллик умрида сценарийдан четга чиқмаган Ҳошим Ҳошимов учун бу бир зарба бўлди. У бошини кўтарганча Миртемирга тикилиб қолди. Миртемир эса у эшитмади, шекилли, деб ўйлади-да, гапини такрорлади. Ҳошим Ҳошимов нима қилай, дегандек Каримовга қаради. Унинг ҳолидан Каримовнинг ҳам жаҳли чиққанди, шекилли, бошини хам қилганча, ўз ёғингга ўзинг қоврил дегандек индамай ўтираверди. Залдаги шовқин-сурон масхараомуз тус олди. Баъзилар кўпчиликка эшиттириб кула бошладилар. Баъзилар эса ёнларидаги шерикларига баланд овозда шикоят қила бошладилар. Каримовнинг асаби дош бермади. У ўрнидан туриб, минбарга чиқди ва фахрий раиснинг ёнига ўтирди.

Яна у деб ўйлади Миртемирга қараб. Ўзини кўрсатиб қўймоқчими ёки мансаб учун ўйин бошлаяптими? Балки телевизордан халққа кўриниб машҳур бўлмоқчидир? Ёки буни атайлаб тайёрлашганми? Икки оғиз илиқ гап билан ўтқазиб қўйсаммикан? Йўқ, бундайлар бетга чопар бўлади. Мана бу латтанинг қилғилиги учун ҳам мени айблайди. Қани, эшитиб кўрайчи, нима таклифи бор экан?

-Нима таклифингиз бор эди?

-Биринчидан, кичик залдаги микрофонлар катта залга ўрнатилса, нур устига аъло нур бўлади. Иккинчидан эса, фахрий раисни алмаштириб, мана бу ғала-ғовурга чек қўйиш керак.

-Мен ичкаридаги етти-саккиз таклифингизни яна такрорлаяпсиз деб ўйлагандим. Биринчи таклифингизга қўшиламан. Дарҳол қатор ораларига микрофон қўйишсин. Иккинчи таклифингизга ҳам қўшиламан. Мажлис рухсат берса, бу ишни мен давом эттирсам.

Каримов мажлисдан рухсат ҳам олиб ўтирмасдан раислик қила бошлади. Ҳошим Ҳошимов эса елкасидан тоғ тушган одамдек енгил тортиб, Каримовнинг ёнида савлат тўкиб ўтираверди. Парламентга кимнинг раис бўлишини ҳамма биларди. Чунки икки кун олдин Компартия кенгашида Иброҳимовнинг номзоди раисликка кўрсатилган ва бу матбуотда эълон қилинганди.

Мирзаолим Иброҳимов эсини таниган кундан буён партиянинг эшикларидан кириб-чиқиб юрибди. Ёши нафақа олишга етганда парламент раислигига номзоди кўрсатилди. У ҳақда аввал Каримовнинг ўзи гапирди, кейин олдиндан тайёрлаб қўйилган маърузачилар сўзга чикдилар. Иброҳимовни шу қадар мақтадиларки, ҳатто Каримовнинг кўнглида ҳасад уйғонди. Коммунист партиясида иш эмас, фаолият эмас, таржимаи ҳол муҳим ўрин тутарди. “Бегона” миллатвакиллари эса Иброҳимовни танимас ҳам эдилар. Балки шу сабабданми унга ҳатто савол ҳам берилмади. Йўлига бўлса ҳам сайлов ўтказилди. Ундан кейин навбат ўринбосарларига келди. Каримов биринчи ўринбосарликка Бугровнинг номзодини кўрсатди.

-Бугров давлат тилида гапиришни биладими? -дея луқма ташлади кимдир.

Ҳамма овоз келган томонга қаради, лекин ким луқма отганини билишмади. Луқма отган Шовруқ Рўзимуродов эди. Каримов ҳам у ўтирган томонга олазарак нигоҳларини қадади, гапни узатиб ўтирмаслик учун Бугровга мурожаат қилди. Бугров минбарга чиқди:

-Салям-аляйкум, аз-аз биляпмиз… урганяпмиз, -деди Бугров.

Каримов мамнун бўлиб қарсак чалди. Залдагилар ҳам унга қўшилишди. Ҳатто баъзилар “Офарин, ўғил бола экан, тилимизни ўрганиб олибди”, дея бақириб ҳам юбордилар. Бугров эса шу тўрт калимадан бошқасини билмасди. Аммо унинг раис ўринбосари бўлиши учун шу тўрт калима кифоя эди.

32. МУҲАРРИР

Парламент комиссиялари аъзоларини сайлаш ҳам Каримовнинг ибораси билан айтганда силлиқ ўтди. Бироқ унинг кўнглини оғритган нарса иккинчи кун юз берди.

Каримов эрталаб муҳаррир Аҳмаджон Мухторов билан бирга чой ичаркан:

-Масала кун тартибида йўқ. Асли у сизнинг ташаббусингиз. Мен ҳам ўйлаб юргандиму лекин қарор қилмагандим. Сиз хаёлимдаги хом нарсани пишитдингиз. Энди мажлисга ҳам ўзингиз олиб чиқасиз. Қолаверса, сиз юқоридан меҳмон бўлиб келдим десангиз, СССР Халқ депутати сифатида тарафсиз киши эканлигингиз кўринади, -деди унга.

-Уч-тўртта маҳмадана бола ўтиб қолганга ўхшайди. Шу боис ўзимизнинг одамлардан сўзга чиқувчиларни тайёрлаш керакмиди?

-Бу ёғини бизга қўйиб беринг.

-Барибир ҳам уларнинг нутқларига бир кўз ташласам ёмон бўлмасди. Бирор курмак ўтиб кетмасин дейман-да.

Каримов костюмининг ён чўнтагидан бир даста коғозни олиб муҳаррирнинг олдига ташлади. “Юрагига яқин олиб юрган экан” деган фикр муҳаррирнинг хаёлидан яшин тезлигида лип этиб ўтиб кетди.

-Бу нусхалари. Агар жиддий гап чиқиб қолса, менинг номимдан ўзларига айтасиз. Ёки Бахтиёр Назаровга айтасиз. -деди Каримов.

Ким бўлди экан бу, деб ўйлади муҳаррир. Ҳа, топди. Адабиётшунослик институтининг директори эди. Маслаҳатчиликка олинибди. Демак, маърузаларни у ёзаяти. Қизиқ, қандай қилиб Каримовнинг назарига тушди экан? Ким тавсия қилиши мумкин? Нега Каримов бу ишни менга топширмади? Балки кичкина иш деб ўйлагандир ва овора қилгиси келмагандир? Ёки мажлисга янги руҳ, янги гап олиб келмоқчи бўлдими? Ёки менинг ёзиш услубим унга маъқул келмадими? Ундай бўлса сайловолди нутқини қайта-қайта эълон қилдирармиди? Бугунги мажлисга атайлаб даъват этармиди? Муҳаррир нутқларни ўқиётганга ўхшаб кўринсада, аслида Бахтиёр Назаров жумбоғини чўзиш билан овора эди. Унинг фикрини Каримов бўлди:

-Буларга кўп ҳам эътибор берманг. Асосий гап сизники.

-Ҳа, игначининг минг ургани темирчининг бир ургани билан баробар демоқчисизда.

-Мажлисда ҳам ана шундай мақоллардан уч-тўрттасини кетма-кет ишлатиб юборсангиз ҳаммани мот қиласиз. Умуман, мақолни кўпроқ қўллаш керак. Менга ҳам беш-олтита тўплаб бериб қўйинг. Халққа пул эмас, нон эмас, сув эмас ёқадиган гап керак. Гап билан ҳам қорнини, ҳам кўзини, ҳам қулоғини тўйдириш мумкин. Мақол эса тўйимли озуқа.

Муҳаррир қорин билан қулоқни тўйдиришга тушунди-ю, кўзни қандай қилиб тўйдиришга тушунмади. “Озуқа” деган сўз ҳам унга оғир ботди, чунки мақолни озуқа, халқни эса ҳайвон ўрнига қўймоқда деб ўйлади. Аслида эса Каримов “озуқа” билан “озиқ-овқат”ни айни маънони ташиган сўзлар деб тушунарди. Муҳаррир ҳозир англатиб ўтирадиган пайт эмас, деб ўйлади-да, кўнглидаги бошқа саволни ўртага ташлади.

-Назаримда расмият учун бўлса ҳам ҳукумат раиси лавозимини сақлаб қолиш керак. Бутун дунёда шундай лавозим бор. Аммо асосий ваколатни ўзингиз қўлга оласиз. Шу сабабдан бу номзодни ҳам ўйлаб қўйиш керакмикан?

-Тўғри, -деди Каримов. Гарчи буни ўйлаб қўйган бўлса-да муҳаррирга. -Хўш сиз кимни тавсия қиласиз, -деди.

-Мираброр ака яхши ишлаб турибдилар. Аммо парламент янги, ҳукуматга ҳам янги қон бериш керак. Қолаверса, дўстингиз Шукрулло Мирсаидов энг яхши номзод. Олий кенгаш раиси Водийдан, ҳукумат раиси пойтахтдан бўлса, мувозанат сақлаб қолинади. Ҳар доим шунга риоя қилинарди.

Бу мен ўйлаб юрган гапларни ё баъзи жойлардан эшитиб олган ёки ҳақиқат шу бўлгани учун фикримиз бир жойдан чиқаяпти, деб ўйлади Каримов. Ҳозир индамасам, кейин менинг айтганимни қилди, деб кўкрагига уриб юради. Шунинг учун ҳозирнинг ўзиёқ тўғонни бостиришим керак. Бу одам таҳликали, унга ишониш қийин. Йўқотиш учун яқинлаштираяпман уни. Менимча раҳбарликнинг энг яхши усулларидан биридир бу. Кадрларни бирор бир лавозимда узоқ ушламаслик керак. Йўқотиш учун аввал яқинлаштириш, сир асрорини ўрганиш ва нозик жойига ўнгланмайдиган қилиб тепиб юбориш даркор. Мана буни эса ҳозир севинтирмоғим керак. Ўшанда мажлисда яна ҳам илҳомланиб гапиради…

-Сизга тобора қойил қолаяпман, -деди Каримов муҳаррирга. -Аҳмаджон ака ё фариштасиз ёки илоҳий одамсиз…

Муҳаррир “фариштасиз” калимасининг икки маъноси борлигини ўйлаган бўлса-да лекин Каримов уни фаришта деяётганига шубҳа қилмади. Каримов эса сўзда давом этди:

-Мен ўйлаб турган нарсани фолбиндек айтиб бердингиз. Сизни менга Худонинг ўзи юборди. Бир умр ака-укадек ёнма-ён яшаймиз. Юлдузни истасангиз узиб бераман. Узолмаган такдиримда нарвон қўйиб бераман, ўзингиз чиқиб узиб оласиз.

-Сиз ҳам шоир бўлиб кетдингиз.

-Тилни яхши ўрганиб олай, шеър қандай ёзилишини кўрсатиб қўяман буларга…

Муҳаррир “булар” кимлигини тушунмади. Кимларни назарда тутаяпти экан? Балки шоирлар билан гапи қочиб қолдими? Аммо шоирлар орасида бунга қарши чиқадигани йўқ-ку? Ҳа, топдим. Уч-тўртта ёш шоир мухолифат байроғини кўтариб юрибди. Бунинг юрагига улар ғулғула солишган. Бу қадар нутқларга эътибор қилаётгани, мажлисдан бу қадар чўчиётгани ҳам ана шундан. Лекин ёмон одамга ўхшамайди. Кўп гапи самимий. Агар гаплари ёлғон дейдиган бўлсам, бошдан оёқ ҳамма гапига ишонмаслигим керак. Айтганини қилаяпти. Менинг айтганимни ҳам қайтаргани йўқ. Минг марта шукур қилиш керак. Илгаригилар бизга ўхшаганлар билан мана шундай чой ичиб ўтиришармиди? Балки ичишгандир ҳам. Биз қаёқдан биламиз? Мана бизнинг бирга нонушта қилганимизни ким билади? Нима бўлганда ҳам бу менинг ёрдамимга муҳтож. Муҳтожни эса остонадан ҳайдамайдилар.

Каримов муҳаррирдан “изн олиб” мажлис залининг орқасидаги бошқа хонага ўтди. Муҳаррир эса газета таҳририятига сим қоқиб, ўринбосарини чақирди.

Нутқларни ўқиб бўлгунча ўринбосар етиб келди.

-Кечирасиз, рухсатномам бўлишига қарамай ичкаридаги хоналарга киритишмади. Бироз тортишдик.

-Ҳечқиси йўқ, Анваржон, мана бу нутқларни бировга кўрсатмасдан теришга беринг. Мана бу эса менинг нутқим,-у чўнтагидан ўзи қоралаб қўйган саҳифаларнинг нусхасини олиб муовинга берди. -Биринчи саҳифанинг сарлавҳаси “Президентлик мустақилдир!” бўлсин. Ўттиз олтилик шрифтда ёздиринг. Ҳарфлар қуюқ-мойли бўлсин. Сарлавҳа остидан Каримовнинг байроқ ёнида турган расмини жойлаштиринг. Мана бу нутқларни эса оч бўёқли ҳарфларда тердиринг. Мен остини чизган жумлалар катта ҳарфлар билан ёзилсин. Тайёр бўлгач, саҳифани шу ерга олиб келинг, мен яна бир марта ўқиб бераман.

-У ёқда бошқа газетадагилар ҳам кўриб қолишлари мумкин.

-Кўрсалар кўрарлар. Ойни этак билан яшириб бўлмайди. Зотан,  раҳбаримизнинг мустақил бўлиши таклифини тушдан кейин мен ўзим киритаман. Нафақат бошқа газеталар, Московдагилар ҳам эшитади. Шу боис русча хабар тайёрлаб қўйсангиз, уларга ҳам ўзимиз жўнатамиз.

Анвар “хўп-хўп” деганча муҳаррирдан айрилиб, кириш эшиги ёнида турган Мавлоннинг ёнига борди:

-Аҳмаджон ака мана бу нутқларни бердилар. Газетанинг сарлавҳаси ҳам тайёр. Масала мажлисда кўрилмасдан миш-миш тарқалиб кетмасмикан?-деди у Мавлонга секингина.

-Ҳозир Ислом ака бизларни қабул қилмайди. Фақат КГБнинг раиси у кишининг олдига кириб чиқиши мумкин. Кечикмасдан бу гапни унга айтинг.

-Қандай бўларкин?

-Нима, ўз раҳбарингиздан чўчийсизми?

Анварнинг ранги оқариб кетди. Нима дейишни билмай қолди.

-Қўрқманг, қўрқманг, мендан бошқа ҳеч ким билмайди. Сизни мен ўзим таклиф қилганман-ку. Кўнгилни тўқ қилинг, жўражон. Бундан кейин бирга ишлаймиз. Менинг билишимдан фақат Каримов хабардор. Ҳозир эса тезроқ боринг, кечиктирманг!

Мавлон ўринбосарнинг елкасига уриб қўяркан, жилмайиб қўйди. Ўринбосар ҳам унга жилмайиш билан жавоб қилди-да, кўздан ғойиб бўлди. Мажлис биносида КГБ учун ажратилган махсус хона бор эди. У ерга ҳар ким ҳам кириб чиқа олмасди. Анвар шу хонанинг ёнига келди -да, эшикни тақиллатди. Ичкаридан “ким”деган овоз эшитилди.

-“Қишлоқ Ҳақиқати”… ўринбосар…

Эшик очилиб, новча йигит кўринди. Ўринбосар қандайдир ҳужжатни йигитга кўрсатди-да, ичкарига кирди.

-Тез бориб залдан раисни чақириб келинг! -деди Анвар.

Бир лаҳзада йигит ташқарига чиқиб кетди ва орадан ҳеч нарса ўтмай Мелкумов остонада кўринди. КГБ раиси ичкарига кирди, йигит эса эшикни ёпиб, ташқарида қолди.

Мелкумов ўринбосарнинг қўлидаги қоғозларни дарров нусхалади. Нусхалаш аппаратидан чиққан варақларни йиғиштириб, хонадан отилиб чиқиб кетди. Орқасидан кузатиб қўйган йигит қайтиб келди-да Анварга “Чиқаверинг, ҳеч ким йўқ” ишорасини берди. Анвар  эшикдан чиқаркан, аввал чап, кейин ўнг томонга назар солди-да, мажлис залига олиб борадиган йўлак бўйлаб юриб кетди.

КГБ раиси воқеани Каримовга тушунтириб бераркан:

-Булардан бир нусхасини ўринбосар олиб кетди. Қўлидан олиб қўйишим тўғри бўлмасди. Гап-сўз кўпаярди,-деди.

-Нима қилсанг қил, ҳозирча ҳиди чиқмасин. Москва эшитиб қолса, қўрқадиган жойим йўқ. Лекин радио-телевидение жар солиши мумкин. Иш битгандан кейин ўзларини осишса ҳам фарқи йўқ. Ҳозирча эса ўринбосар ёнида сақласин.

Каримовнинг планига кўра бу иш парламентда тасодифан ўртага чиқиб қолиши ва унинг йўқ дейишига қарамай мустақил раҳбар сифатида сайлаб юборишлари керак эди. Москвага ана шу жавобни тайёрлаганди. Шу боис ҳам Аҳмаджон Мухторовнинг ишидан ранжиди.

-Унга кўз-қулоқ бўлинглар. Айниқса туш пайтида ёлғиз қолдирманглар. Мавлонга айт, ёнидан қимирламасин. У билан ҳисоб-китобни эса вақти келганда қиламиз. Ҳозирча эшагимизнинг жилови унинг қўлида…

Бу воқеа Каримовни саросима ҳолига туширди. Ўзини қўярга жой тополмай қолди. Аммо узоқ ўйлаб ўтирмади. Раисни чақирди-да:

-Тушдан кейинги масалани ҳозир ҳал қиламиз. Ўзингиз ана у муҳаррир билан гаплашинг, мажлисни очишингиз билан сўзга чиқсин. Қолганларни ҳам огоҳлантириб қўйинг,- деди.

Раис чиқиб кетар экан, Каримов ўн марта ўлгандан бир марта ўлган яхши деб ўйлади. Бўладиган иш қанча олдин бўлса, шунча яхши. Чўзиб ўтираманми? Ишқилиб ана у тирранчалар қопишиб ўтирсин-да. Тушдан кейин бўлганда анча чарчаб қолишарди. Бунинг устига тушликни ёғлик қилиб буюргандим, Анҳорнинг бўйида мазза қилиб бугунгача тушларига ҳам кирмаган овқатларни еб олишгач, мажлисда қоринларини силаб, мудраб ўтиришарди. Бу аблаҳнинг режамизни бузиб қўйгани ёмон бўлди.

Эшик очилиб Крайнов кўринди.

-Бошлади, -деди у.

Каримов апил-тапил ўрнидан туриб, минбарга олиб чиқадиган йўлакдан ўтиб, ўз ўрнига келиб ўтирди. Бу пайтда Аҳмаджон Мухторов югурганча минбар томон ошиқаётганди. Бўйи калта бўлгани учун минбар унинг вужудини бўйнига қадар “яширди”. Залда ўтирганлар фақат бошини кўра олардилар, холос. Бунинг устига микрофонлар ҳам баландда эди. Аҳмаджон ака сўзга чиқавериб, бу ишнинг ҳавосини олгани учун, шошмасдан микрофонларни пастга туширди ва томоғини қириб, йўталган каби манзара яратди-да ўзига хос оҳангда дона-дона қилиб гапира бошлади:

-Мен сизларнинг ҳукмингизга ҳавола этмоқчи бўлган масалани узоқ ўйладим. Ҳатто фикрларимни қоғозга ҳам туширдим. Лекин бу қоғоздан ўқиб бериладиган гап эмас. -Аҳмаджон ака бу билан ўзидан кейин сўзга чиқадиганларни қийин аҳволга туширди. Улар бунга парво қилмасдан нутқларини ўқиб берсалар, унинг сўз бобида моҳирлиги яққол кўзга ташланади. Ўқиб бермасдан эркин гапиришга уринсалар, барибир унинг каби сўзларнинг “қош-кўзини” бўяй олмайдилар. Ҳар икки ҳолда ҳам зафар уники. Бу фикрни у олдиндан ўйлаб ҳам кўрмаганди. Аммо шу лаҳзада хаёлининг қайси бир сўқмоғидан ана шу фикр ўтгани учун бир зум гапиришдан тўхтаб, залдагиларга термулди ва жилмайди. Уларни интиқ қилмоқчи бўлгандек минбарнинг ўнг тарафида турган бардоқдаги сувдан бир қултум ичди ва сўзда давом этди:

-Жумҳуриятимиз тарихида бугун илк бор жасоратли қадам ўртага отилиши керак. Миллатимизни ҳақоратлашди, маданиятимиз, анъаналаримизни оёқ остига олишди, устимиздан кулишди, кийган тўнимиздан дўппимизга қадар масхара қилишди, ишонган тоғларимизни ўғри дея муттаҳамни олиб қамагандек таҳқирлашди, хотин-қизларни терговга тортишди, шараф ва номусларини ерга уришди – биз эса жим. Етар! Бу юк тегирмон тошидан ҳам оғир. Агар бу юкни кўтарган тақдиримизда тегирмондан ун келадиган бўлса, келмасин. Очимиздан ўлсак ўлайлик. Аммо тегирмонга сув қуяётганларнинг ўйинчоғига айланмайлик…

Каримовнинг кўзига залда ўтирганлар қулоқларга айланиб қолганга ўхшаб кўринди. Бу қулоқлар динг бўлиб, микрофондан келган сўзларга асир тушганди. Каримов ҳам вужудида қандайдир титраш ҳис этди: Қани эди мен ҳам ана шундай гапира олсам, одамларни титратсам. Ҳа, у шу пайтда ўзи севмаган одамга ҳам ҳасад, ҳам ҳавас қилаётганди. Ҳасад ва ҳаваснинг қоришиқ туйғуга айланиши уни хаёл йўлакларига етакласа-да, ортга қайтишга мажбур эди. Чунки микрофондан такрор-такрор унинг исми эшитилмокда.

Аҳмаджон ака эса унга чин юракдан ишонган ва самимийлигига тан берганидан илҳом билан гапирарди:

-Агар президентлик тизимини жорий қилсак ва ўз раҳбаримизни мустақил дея эълон этсак, Московда халқимиз номидан гапира оладиган ва халқимизнинг нафақат шараф-номусини балки манфаатини ҳам ҳимоя қила оладиган кучга эга бўламиз. Бугунги сиёсий шароитда кучсизнинг чумоли қадар аҳамияти йўқ. Олтинларимиз ташиб кетилмокда, пахтадан тоғлар бунёд этиб, кафан қидириб юрибмиз, Оролни қуритиб қўйиб, келажагимизни даҳшатли таҳликага рўбарў қилдик, қишлоқларимиз хароб, болаларимиз ва оналаримиз оч, далаларда ишлашдан бошқа нарсани билмайдилар, яна биз ёмон. Ҳа, бошини эгган инсон ҳам калтак ейди, ҳам ҳақини бой беради. Шу сабабдан бугун халқимизнинг виждони бўлган бу парламент ўз овозини чиқарсин. Жумҳуриятимиз раҳбарига мустақиллик бериш ва унинг ваколатларини кенгайтириш тарихимиздаги буюк инқилоб бўлади. Бугун бу қарорга имзо отсак, келажагимиз учун имзо отган бўламиз. Бу билан Московдаги тўраларнинг қаршисига ўзимизнинг жасоратли раҳбаримизни чиқарган бўламиз! Бу билан орзуларимиз амалга ошадиган курашга майдон очган бўламиз! Сизни бу масалани кун тартибига киритишга ва қўлингизни кўкрагингизга қўйиб, виждон ҳаққи қарор беришга чақираман!

Аҳмаджон Мухторов гулдурос қарсакларга ҳамоҳанг одим ташлаб, ўз ўрнига бориб ўтирди. У шу лаҳзада айтган гапларидан ифтихор туяр ва бундан ҳали минг марта пушаймон бўлиши эса хаёлига ҳам келмасди. У мана шу гаплари билан ўзининг келажагига парда тортгани ва ўз ажалини тахтга миндираётганидан бехабар эди.

Каримов эса шу дамда хаёлга ботган одамнинг кўринишини бермоқчи бўлгандек, бошини хам қилганча бармоқлари билан столни чертарди.

Раис Мирзаолим Иброҳимов  севинчдан учаётган қуш каби енгил эканлигини кўрсатмоқчи бўлди, шекилли, қўлларини ҳавода бир-бирига ишқаб, ўрнидан бир туриб ўтирди-да масалани кун тартибига киритиш учун овозга қўйди. Кейин қўл остидаги қоғозларни титкиларкан залга қараб ҳам ўтирмасдан “Қарши, бетараф, йўқ, ҳамма “за”деди.

Аммо қаршилар ҳам, бетарафлар ҳам бор эди. Шу сабабдан сўз сўровчилар кўпайиб қолди. Раис эса уларга парво ҳам қилмай қўлидаги рўйхатига қараб маърузачиларни чақира бошлади. Уларнинг аксарияти раҳбарлар эди. Бири Каримовнинг таржимаи ҳолини ўқиб берди. Қолганлари эса унинг сиёсий ташкилотчилиги, раҳбарлик қобилияти, уста йўлбошчилиги, инсоний хислат-фазилатлари, оиладаги ибрати, илм бобидаги муваффақиятлари, тажрибали иқтисодчилиги каби бошқаларда оз учрайдиган “тараф”ларини ҳар турли далиллар, воқеалар билан “исботлаб”бердилар. Аммо ўз ихтиёри билан сўзга чиқувчилар ҳам жим турмадилар. Соатлаб ўрта қаторлардаги микрофонлар ёнидан узоқлашмадилар. Каримов эса бундан норози эди. Буларнинг миллий ғурури ҳам йўқ, деб ўйлади. Агар бундай ғурур бўлганда, Мухторовнинг гапларидан кейин уйғонарди. Балки уйғонгандир, балки менинг фойдамга гапиришар? Мансаб, лавозим олиш, кўзга ташланиш учун бундан қулай фурсат борми? Уларга сўз бераман. Агар қарши гапирадигани чиқса, қанотини синдириб ташлайман. Бу ерда фақат менинг масалам эмас, балки миллатнинг тақдири ҳал бўлаётганини айтиб, шармисор этаман. Болани болаликда тарбияламасанг, кейин бошингга чиқиб олади…

33. АЁЛ

-Нега кутиб турганларга сўз бермаяпсиз, адолат қилинг, адолат қилинг,ҳурматли раис. Улар ҳам шу миллатнинг фарзандлари. Айтадиган гаплари бордир? -деди Каримов раисга.

Каримовнинг бу гапидан кейин навбат кутиб турганлар ҳаракатга келдилар.

-Укажон, кечадан буён фақат сиз сўзга чиқаяпсиз, -деди раис микрофон ёнида турган йигитга караб. Ана у дўппили укамиз эса умуман сўзга чиққани йўқ. Биз адолатли бўлишимиз керак. Элга навбат шерга навбат. Ҳозир сўзни учинчи қаторда ўтирган дўппили укамизга берамиз.

Дўппили йигит ўрнидан туриб:

-Мен сўз сўраганим йўқ, -деди.

-Бу масалада сўз сўраш керак эмас. Биз демократия қураяпмиз, ошкоралик замонида яшаяпмиз. Ҳар ким ўз фикрини айтиши керак, -деди раис маслаҳатомуз оҳангда.

-Мендан гапни эмас, кетмон уришни сўранг. Сиз гапиринг мен эшитаман, -деди ҳалиги йигит. Залдагилар кулиб юборишди. Кимдир содда қишлоқ йигитининг аскиясидан мириқиб кулса, яна кимдир раиснинг ўйинидан куларди. Каримовнинг эса жаҳли чикди. Раисга ҳам қараб ўтирмасдан:

-Сўз микрофон ёнида турган синглимизга, -деди.

Каримовнинг “синглиси”шошмасдан минбарга қараб юрди. Буларга қўл узатсанг елкангни узиб олишади. Ҳа ўша микрофондан гапиравермайдими, деб ўйлади Каримов. Албатта минбарга чиқишлари керак. Бу жиккаккина қиз минбарга чиқиб, ҳам бизнинг ҳам халқнинг кўзига кўринмаса бўладими? Кичкинагина бўлса ҳам ёқимли экан. Буни рўйхатга ким киритди экан? Ҳар ҳолда вилоятнинг биринчиси ўзи билан бирга олиб келган бўлса керак…

Каримовнинг ўзи ҳам вилоятда ишлаганида пойтахтга келаркан “зерикиб”қолмаслик учун ана шундай йўлдош олиб келарди. Шу боис бу қизни ҳам вилоят раҳбарларидан бирининг мулки деб ҳисоблади.

Аммо соҳибининг диди баланд экан, дея хаёлини давом эттирди Каримов. Бу қизалоқни унга ем бўлишга қўймайман. Қанотимнинг остига оламан, меники бўлади.

Каримов хаёлларини тизгинлади-да “қизалоқ”нинг сўзларига қулоқ тутди.

-Исмим Тойиба, ўқитувчиман. Номзодимни халқ кўрсатди. Коммунистлар эса йўлимни тўсдилар. Қаршиликларни енгиб бу минбарга қадар етиб келган эканмиз, бу бизнинг кучсиз эмаслигимизни кўрсатадиган омилдир. Бу у қадар муҳим эмас, муҳими бундан кейингилари.

Бу ерда Каримовга мустақиллик беришни миллатимиз, маданиятимиз билан боғлашди. Агар сиз миллат ва маданиятни тушунадиган бўлсангиз уни мустақил деб эълон қилинг. Аввал миллат мустақил бўлсин ундан кейин Каримовлари!

Биз раҳбарнинг оғзига қарашга ўрганиб қолганмиз. Раҳбар айтган гапни қонун деб биламиз. Олдин бу зеҳниятдан қутулайлик, ундан кейин бир кишига катта-катта ваколатларни берайлик.

Бугун Каримовни мустақил деб эълон қилсак, эртага у диктатор бўлади. Бу инсонни озми кўпми танидик. Гаплари бошқа, ишлари бошқа. Бугун қарор чиқарсак бу қарор жумҳуриятимизни диктатурага, зулмга бошлайдиган йўлнинг дебочаси бўлади.

-Тўхтанг, -дея ўрнидан турди Каримов. -Сизнинг қушнинг миясидек келадиган бошингиздан бу фикрлар чиқишига ҳеч ким ишонмайди. Ҳурматли депутатлар, мен сизларга ҳақиқатни айтиб қўяй, кеча туш пайти қора кучларнинг бақироқ раҳбарлари Анҳор бўйида депутатларни овлаш билан овора эдилар. Бу хоним эса уларнинг тузоғига олдинроқ илинган. Улар ёзиб берган нарсани ёдлаб олиб, мана бу ерда тўтиқушдек такрорламокда.

-Кечирасиз, мен ўз фикримни айтаяпман. -Тойибанинг бу сўзларини Каримовнинг саси босиб кетди.

-Гапни бўлманг! Ёки маданиятдан ҳам йироқмисиз?

-Ахир менинг гапимни сиз бўлдингиз-ку? -Тойибанинг бу гапини ҳам ҳеч ким эшитмади, чунки раис тугмани босиб, асосий микрофонни ёпиб қўйганди. Каримов эса жаҳл билан сўзда давом этди:

-Московнинг иккита муттаҳам терговчиси халқимизнинг бошига қанча кулфат солди. Биз бунга ва шу каби кулфатларга чек қўямиз деб турган бир пайтда мана бундайларнинг ўртага чиқиши табиий. Бундайлар душманларимизнинг бизнинг орамизга қадар узанган қўлларидир. Ўтиринг ерингизга, муҳтарам хоним! Бу микрофонлар халқнинг сўзи айтиладиган микрофонлардир, бу микрофонлар сиз ва сиз кабилар учун ёпиқдир!

Тойиба бу қадар безбетликни кутмаган бўлса керак, индамай минбардан тушди. Микрофонлар ёнида турган депутатларнинг гапларини ҳам ҳеч ким эшитмади. Чунки Каримовга яхши кўринишни истаганлар Тойибага қарши эканликларини кўрсатиш учун, қарсак чалиб, ер тепаётгандилар. Фақат Шовруқ Рўзимуродовнинг баланд овози қарсакларнинг бағрини тилиб юборди:

-Бу одамни сайлаб бўлмайди, -дея фарёд тортди у. Бу фарёд худди қафасга солиб қўйилган шернинг онийдан кўкка отилиши каби эди. Аммо у билмасдики, боши темир панжараларига урилгач, яна ўз ерига қайтиб тушади. У кучли шер бўлишига қарамай темир панжаралар қаршисида ожиз эди. Шовруқ Рўзимуродовнинг икки қўлидан икки ҳамюрти ушлаб, ўрнига ўтказишга ҳаракат қилишаркан, у қалбидан отилиб келаётган исённи тўхтата олмасди: -Бу одамни яхши танийман, вилоятимизни ботқоққа ботирди, халқимизни хору зор этди. Бугун унга мустақиллик берсак, эртага вой жонимизга!

Залда ғала-ғовур тинмас экан раис масалани овозга қўйди ва яна ҳеч нарса кўрмагандек “Қаршилар йўқ”деб эълон қилди.

-Ёзиб қўйинг, -деди Каримов. -Биттаси зални ташлаб чиқиб кетди. -У шундай деб залдан чиқиб кетаётган Тойибани кўрсатди. -Яна биттаси эса қарши. -Каримов бу сафар кўрсатгич бармоғи билан Рўзимуродов ўтирган томонга ишора қилди.

Миртемир ўрнидан туриб раис Мирзаолим Иброҳимовнинг ёнига келди, аммо раис уни тингламади ва мажлисни “ёпиқ”деб эълон қилди. Шундан кейингина Миртемирга юзланди:

-Болам, бирор гапингиз бор эдими?

-Қаранг, ҳамма Каримовни табриклаяпти, сиз ҳам кеч қолманг демоқчи эдим, -деди Миртемир киноя билан.

Раис кинояни англаса-да ўзини содда-гўлликка урди:

-Тўғри айтасиз, аслида биринчи мен табриклашим керак, -деди.

Миртемир эса унинг сўзларига қулоқ ҳам солмай мажлис залидан чиқиб кетди…

34. МУСТАҚИЛЛИК

Каримов мустақил раҳбар деб эълон қилингани шарафига вилоят раҳбарлари томонидан уюштирилган зиёфатга шошаётганди. Аммо бошқа жумҳурият раҳбарларидан келаётган табрикларнинг кети узилмасди. У қутловларни мамнун қиёфада қабул этар экан, кўзини сариқ телефондан айирмасди. Бу телефон мамлакат раҳбари билан алоқа ўрнатиш учун қўйилганди. Аслида Каримов шошаётган бўлиб кўринса-да кўнглининг бир четида қоронғулик бор эди. “Нимага телефон қилмади?”деган савол оқиб келаётганди ана шу қоронғуликдан. Ниҳоят унинг кутгани бўлди. Сариқ телефон жиринглади.

-Ўзингча мендан табрик кутаётган бўлсанг керак, -деди мамлакат раҳбари. –Аммо сендан бундай ҳаракатни кутмагандим. Сени бу вазифага лойиқ эмас дейишганда, йўлингни очгандим…

-Мен доим сиз билан биргаман. Сизни қўллаб-қувватлайман, -деди Каримов ўрнидан туриб. Аммо телефоннинг у тарафидаги киши унинг гапларига қулоқ солмасдан сўзида давом этди.

-Иттифоқ шартномасини тузиб олгандан кейин мен ўзим сени бу лавозимга тавсия қилардим. Лекин ҳозир орқадан пичоқ урдинг.

-Менинг хабарим йўқ эди. Масалани Московдан келган депутатларимиз кун тартибига киритдилар…

-Эски партиявий ўйинларни йиғиштир, -дея унинг сўзини кесди мамлакат раҳбари Михаил Горбачёв. -Ҳаммасидан хабардорман. Сени мустақил қилиб қўядиган замон эмас.

-Референдумни тўқсон тўққиз фоиз қилиб бераман. Ҳамма Иттифоқ шартномасини қўллаб-қувватлайди.

-Мен нима десам тўнғизим нима дейди… Референдумда сенинг фикрингга эҳтиёжим йўқ. Бизга халқнинг фикри керак. Сенинг вазифанг шароитни халққа тушунтиришдир. Натижа эллик бир фоиз чиқсин, лекин бу рақам ортида ҳақиқий инсонлар турсин…

Гап бошқа ёққа бурилиб кетганидан Каримов енгил тортди. Индамасдан референдум ҳақидаги маърузани тинглади. Сариқ телефон дастасини ўрнига кўяр экан, Крайновни чақирди:

-Зиёфатга кечроқ бораман. Ҳозир эса Исо Холисни чақир.

Каримов нега бирдан Исо Холисга эҳтиёж туйганини ўйлай бошлади. Энди Москов мени йўқотиш пайига тушади. Табиийки, буни мухолифатнинг қўли билан амалга оширади. Менинг ўрнимга улардан бирини келтиради, майдонни бўш қолдирмаслигим керак. Йўлини қилиб Московдагиларнинг кўнглини олишим зарур. Уларга бу ишни нима учун қилганимни тушунтиришим керак. Биринчи навбатда у ердаги ижрочиларнинг ҳақини етказиш, кейин эса мухолифатни бўғиш шарт. Ҳар қандай норозилик ҳаракати Московга қўл келади. Уни менга қарши қўллашади.

Каримов Мавлонни чақирди:

-Эртадан бошлаб партия билан бизнинг бинони ажратасан. Ўзингни кадрлар бўйича маслаҳатчим қилиб тайинлаш ҳақида фармон ҳозирла. Хўжалик ишларини юритадиган оғзи бутун, оёғи чаққон одам топгин. Ёрдамчилардан бири партия ишларини юритса, бошқаси президентнинг ишларини юритади. Келгусида яна беш-олти ёрдамчи оламиз. Бахтиёр Назаровни эса сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчи қилиб тайинлаймиз.

Каримов шундай деб тортмасидан бир варақ қоғозни чиқарди. Саҳифанинг теппасига “Президент аппарати” деб ёзилганди. Қолган жойларга кичкина-кичкина тўртбурчаклар чизилган ва уларнинг ичида ҳам ёзувлар бор эди.

-Мана сенга қўлланма. Шу асосда янги идоранинг тузилиши ҳақида қарор тайёрла.

Шу пайт эшик очилиб Крайнов ичкарига кирди ва “Келди” деди. Каримов эса Мавлонга қараб:

-Исо Холиснинг партиясига ҳукуматга оид бинолардан эртагаёқ жой беришсин. Иккита-учта машина ҳам беринглар. Қолганини кейин гаплашамиз, -деди.

Мавлон чиқиб кетаркан, Каримов ҳам унинг орқасидан эшик ёнигача келди. Ичкарига кирган Исо Холис Каримов мени қаршилашга чиқди деб севинди, шекилли:

-Овора бўлманг, -деди.

Каримов эса шошиб турган кишидек, у билан эшик ёнида гаплашди:

-Ука, талабларингизни эртага бажаришади. Бино ҳам беришади, машина ҳам. Бахтиёрни ҳам ишга олаяпмиз, дўстингиз Мақсад Қулни ҳам бу ерга келтирамиз. Лекин сизга қурултой учун катта бир бинони ажратар эканмиз, бутун ҳаракатни эргаштирсангиз керак, деб ўйлагандик. Майли, озига барака дейдилар. Лекин қолганларни нима қиламиз?

-У ерда уч-тўртта дордан қочганлар қолди. Ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Чунки халқнинг руҳини ташиганлар биз билан бирга.

-Ҳа, сизни чақиришимнинг сабаби, мамлакат раҳбари Горбачевга сабоқ бериб қўйганимни айтиш эди. Бизнинг мустақил бўлишдан бошқа йўлимиз йўқ эканлигини ҳам билдириб қўйдим. Пахта монополиясини тугатиш, ёшларимизни аскарликка юборишда кафолат исташимиз каби масалаларни ҳам шартта-шартта гапирдим. Бу ёғига сиздан дастак келиб турса, бас. Биргалашиб ҳаммасини амалга оширамиз.

-Биз мустақиллик декларациясини тайёрлаяпмиз, -деди Исо Холис. -Худо хоҳласа, бу энг катта дастак бўлади.

Каримовнинг бирдан авзойи бузилди.

-Бу ишга ҳам шошмаслигимиз керак, -деди заҳархандалик билан. Бирданига тирноқни этдан ажратиб бўлмайди.

-Тўғри, -деди Исо Холис, -биз эълон қиладиган декларация умумий тарздаги баёнот. Яъни орзуимизнинг ифодаси бўлади. Зотан, декларация дегани қонун эмас, балки принциплар баёнотидир. Яъни ўз оти билан декларациядир. Унинг принциплари қонунларда ёйиб кўрсатилади.

-Бўпти, -деди Каримов Исо Холиснинг елкасига уриб қўяр экан. -Аммо ҳаммасидан мени хабардор қилиб туринг.-Дарвоқе, иккита уй сўраган экансиз, уни ҳам ҳал қилдик.

-Қуллуқ…

Каримов шундай деб шоша-пиша чиқиб кетаркан, кўнгли анча тинчиганди. Нега Исо Холисни чақирганини ҳам энди тушунди. Мухолифат номидан норозилик баёноти тарқатилса, Московдагиларга қўл келишидан қўрққанди. Демак, баёнот йўқ. Ҳаммаёқ сокин…

35. ҲУЖЖАТ

Мустақиллик ғояси ҳамма жойда тўлқинланган ва бу тўлқин бирин-кетин соҳиллардаги қояларни йиқитаётганди. Баъзи жумҳуриятларда бу тўлқин қаршисига танклар, сипоҳлар олиб чиқилса-да, тўхтатишнинг имкони бўлмаётганди. Чунки бу тўлқиннинг орқасида енгиб бўлмас куч – халқ бор эди. Бу тўлқин эстираётган шамол ҳар бир эшикдан ичкарига кираётган ва инсонларнинг қалблари, шуурларини қитиқлаётган эди. Олий кенгашнинг раёсатида ҳам бу масала ўз-ўзидан кун тартибига келди.

-Бугун бўлажак мажлиснинг кун тартибини муҳокама килаяпмиз, -деди Миртемир раёсатда сўз оларкан. -Биламан, раёсатимиз юқори билан маслаҳатлашмасдан қарор чиқаролмайди. Ҳеч бўлмаса мустақиллик баёнотини тайёрлайдиган гуруҳни тузиши мумкиндир. Ҳозир ҳамма жумҳуриятларда бундай ҳужжат қабул қилинмоқда. Бизда ҳам халқ, ижодкорлар, мухолифат шу талабни илгари суришмоқда.

-Тўғри, -дея Миртемирни қўллади Алижон Қўчқоров деган миллатвакили. –Мана мен узоқ йиллар партия марказқўмида ишладим, лекин бугун мустақиллик дея тўлғанаётган йигитларга қўшиламан. Бу бир ё икки кишининг ташаббуси эмас. Бу бутун халқнинг дарди. Шу сабабдан унга қўшилмасдан ва уни қўллаб-қувватламасдан иложимиз йўқ.

Раис Мирзаолим Иброҳимов ҳеч нарсага “йўқ” демас эди. “Хўп” дерди, қўлларди, лекин амалга ошмай қолаверарди. Алижон Қўчқоровдан кейин Эркин Воҳидов ҳам бу масалани қўллаб гапираркан, раис “бўпти” деди.

-Мен ҳурматли Ислом акага ўзим тушунтираман. Масалани мажлис кун тартибига киритамиз, -деди Иброҳимов.

-Лекин тавсия қилинадиган кун тартиби қўлингизда, ҳозироқ унга киритиб қабул қилиш керак, -деди Миртемир.

-Тушунаман, ёшларнинг қони қайнаб туради. Аммо бу масала жуда ҳам жиддий, уни икки оғиз гап билан ҳал қилиб бўлмайди, -юмшоқ оҳангда эътироз билдирди раис.

-Биз ҳам масаланинг жиддийлиги учун аввал баёнот тайёрлайдиган гуруҳ тузишни таклиф қилдик, -деди Миртемир.

-Болам, бизга имкон беринг, агар йўлини топсак гуруҳсиз ҳам бу масалани ҳал қиламиз…

Каримов раёсатдаги бу тортишмани видеолентадан томоша қилди. Раисга телефон қиламан, деб турганди, лентанинг давомидаги ёзув диққатини тортди. Раёсат биносининг ҳордиқ чиқарадиган жойида Миртемир билан Исо Холиснинг суҳбати эди бу:

“-Яқинда сизларни ҳам ҳокимиятга қўшиб, ағдарамиз, -деди Исо Холис Миртемирга.

-Сизлар деганингиз ким? -сўради Миртемир.

-Нега раёсатда мустақилликни қўлламадингизлар?

-Тақсир, ахборотни доим нотўғри оласиз. Эсингизда-ми, сайлов арафасида менинг округимга борган эдингиз. Ижроқўм биноси ёнида учрашдик. “Номзодингни қайтариб ол, бу ердан менинг дўстим Аҳмад Аъзам сайланиши керак” дегандингиз. Ўшанда сиздан “Бу услубнинг коммунистларникидан нима фарқи бор?” деб сўраганимда “Коммунистларни йиқитиш учун бу услубни қўллаяпмиз” дея жавоб қилгандингиз. Мен эса “Коммунистлар ҳеч бўлмаса олдин ўрганиб, кейин зарба уришади. Сизнинг дўстингиз номзодини қўшни округдан қўйган, уни Компартия рўйхатидан кўрсатишган” дегандим. Мана бугун ҳам бизга пўписа қилаяпсиз. Ваҳоланки, бизнинг мустақиллик ва демократиядан бошқа дардимиз йўқ.

-Аввал мустақиллик кейин демократия…

-Иккаласини ҳам баробар амалга оширишимиз керак.

-Йўқ, унда Московга ўхшаб қоламиз. Уларнинг шиори демократия. Биз эса мустақиллик учун курашамиз, кейин демократия учун.

-Бу гапингизни Тойиба эшитиб қолмасин, сизни Каримовнинг одами деб эълон қилади…”

Тасвирнинг давомини томоша қилишга Каримовнинг сабри етмади. “Ким кимнинг одамлигини кўрсатиб қўяман, ҳали”, деб ўйларкан Иброҳимовга телефон қилди:

-Раёсатни отхонага айлантириб юборибсан-ку, -деди русчалаб. -Нега тирранчаларнинг олдида қуллуқ қиласан? Нега уларни раёсатга киритасан? Нима учун ҳамма нарсага мен жавоб беришим керак? Нега уларга Москвадан ажралишимиз мумкин эмаслигини тушунтирмадинг?

-Агар уларни эшитмасам шу гапларни катта мажлисда айтишарди-да.

-Қулоқ сол, мажлисда бу гап ўртага чиқмаслиги учун Воҳидовни тайёрла. У мажлисда баёнот ёзадиган гуруҳни тузиш таклифи билан чиқсин. Гуруҳ аъзоларининг рўйхатини бирга тайёрлаймиз. Гуруҳ баёнотни неча йилда ёзиб битиришини эса ўйлаб кўрамиз. Дарвоқе, Воҳидовга айтиб қўй, қўлида ишлаётган жўжахўрозларнинг попугини пасайтириб қўйсин. Бўлмаса, ўзини ҳам, уларни ҳам қуваман!

…Мажлис куни Исо Холис ярим саҳифалик баёнот лойиҳасини тарқатди. Шу куни Халқ ҳаракатининг ҳам мустақиллик ҳақидаги таклифлари ёзилган варақа депутатларнинг қўлига етиб келганди. Миртемир мажлис олдидан дўстларини йиғиб:

-Буларни таклиф қилган билан бирор нарсага эришмаймиз. Натижага эришиш учун мажлиснинг иш тартибини ўзгартириш керак. Биринчи бўлиб котибиятни қўлга олайлик, -деди.

-Бу тўнтариш дегани. Бунга олдиндан яхшилаб тайёрланиш лозим эди, -деди Алижон Қўчқоров.

-Биздан нима кетди. Синаб кўрайлик. Миртемирнинг қандай таклифи бор? -деди Тошпўлат Жўраев.

-Олдиндан тайёргарлик кўрсак, барибир сезиб қолишарди. Мажлис очилиши билан котибият эълон қилинар экан, ҳар биримиз биттадан номзод кўрсатайлик. Улар ўн беш номзод кўрсатишса, биз ўн олти кишини кўрсатайлик. Мажбуран овозга қўяди. Ўтгандан кейин бизнинг одамлар котибият мажлисида раис номзодини ўзимиздан кўрсатсин. Чунки мажлиснинг такдири котибият раисининг қўлида. Бутун рўйхатлар, қарорлар унинг қўлида бўлади. У эса бирортасини ҳам раисга бермайди, сенарийсиз мажлис ўтказамиз деб эълон қилади. Миллатвакилларининг талаблари сифатида мустақиллик баёнотларини ҳам кун тартибига киритишни сўрайди…

-Қийин, аммо бошқа йўлимиз йўқ, -дея тарқалишди улар.

…Мажлис бошланиб, раис котибиятни овозга қўяркан, Миртемир ўрнидан турди:

-Менда таклиф бор. Котибият аъзолигига янги номзодлар ҳам кўрсатилсин.

-Укам, ҳеч жим ўтирмадингиз. Котибиятга у аъзо бўлди нима, бу аъзо бўлди нима? Мана менда таклиф бор, сиз раис бўлинг ва рўйхатингизни ўқинг.

Миртемир шошиб қолди, чунки қўлида рўйхат йўқ эди. Аммо бундай имкониятни бой бермаслик учун чўнтагидан ён дафтарчасини чиқарди-да, гўё унга исмлар ёзилгандек, аслида эса хаёлдан, янги номзодлар рўйхатини ўқий бошлади. Олий кенгашда биргаликда фаолият кўрсатаётган дўстларининг ҳаммаси бу “рўйхатда” бор эди.

Миртемир ва дўстлари котибиятдаги жойларини эгаллашар экан, Каримов мажлисга кириб келди. У минбарда котибият учун ажратилган жойда ўтирганларни кўриб уларга ҳайратомуз термулди-да, “салом” дегандек Миртемирнинг елкасига уриб қўйди ва раиснинг ёнига бориб “чўкди”.

Миртемир раисдан сўз сўради.

-Сўз котибият раисига, -деди Иброҳимов.

Миртемир ўртадаги минбарга чикди-да:

-Раёсат таклиф қилган кун тартиби аниқ. Лекин истаган одам кун тартиби бўйича таклиф киритиши мумкин. Котибиятга келган таклифларингизни албатта ошкор этамиз. Мана бу рўйхат эса олдиндан тайёрлаб қўйилган, уни йиртамиз. -Миртемир шундай деб, қўлидаги қоғозларни иккига бўлиб, йиртди.

-Сўзга чиқувчилар ҳам котибиятга таклиф берсинлар, биз рўйхатни таклифларнинг келган соат, дақиқасига қараб тузамиз, -деди.

-Мен қайси қоғозга қараб иш юритаман, -дея киноя қилди Иброҳимов.

У Каримовнинг келиб қолганидан ваҳимага тушганди, чунки Каримов бугун эрталаб қўналғага бориши ва хориждан келадиган бир ширкат раиси билан водийга кетиши керак эди. Шу боис Мирзаолим Иброҳимов Каримовнинг йўқлигидан фойдаланиб, “демократия машқи” ўтказиб, обрўсини бироз тиклаб олмоқчи бўлганди.

-Кун тартибига қараб раислик қилаверасиз, -деган Миртемир минбардан тушиб, ўрнига келиб ўтирди. Каримов эса ўрнидан турди-да, қўл силтаб чиқиб кетди. Унинг нимага келиб, нимага кетганини хеч ким тушунмади.

Аслида эса Каримов мажлис залига Шукрулло Мирсаидовга баъзи гапларни айтиб қўйиш учун келганди. Орқадаги хонада Шукруллони кутиб ўтираркан, ичкарига улаб қўйилган радиодан мажлисдаги тортишувларни эшитиб қолди. Раисга танбеҳ бериб қўйиш учун ичкарига кирди, аммо раис қўрққанидан унга қайрилиб ҳам қарамади. Вақти оз қолаётгани учун яна орқа томондаги хонага келди. Бу ерда уни Мирсаидов кутиб турганди.

-Дўстим, -деди унга Каримов, -ўтган мажлисда иккаламиз бир инсон эканлигимизни халққа очиқ айтдим. Сенинг мард, ҳалол, қўрқмас эканлигингни ҳам яширганим йўқ. Қолаверса, олдинги раис билан сени таққослаб, устунлигингни кўрсатиб бердим. Энди ўзингни кўрсат.

-Мен тайёрман, нима қилишим керак?

-Боя мамлакат раҳбари Горбач телефон қилди. Мустақиллик баёноти ҳақидаги гап-сўзлардан хабар топибди. Жуда ҳам ғазабда. Мени ҳатто хоинликда айблади. Келаётган меҳмоннинг эса аҳамиятини биласан. Дунёдаги энг йирик автомобилсозлик корхонасининг бошлиғи. Ҳадя учун ккита махсус тайёрланган “Мерседес” олиб келган. Биттаси сеники. Ўқ ўтмайдиган. Гап ҳадяда эмас. У одам дунёни қўлида ушлаб турган бир неча шахсдан биттаси. Унга юртимизда корхона очиши учун имкон яратсак ва бунга уни кўндирсак, булбул қўлимизга қўнган бўлади. Шу сабабдан катта бошимни кичик қилиб, уни ўзим олиб юрибман. Қайтиб келишга ҳаракат қиламан. Мен келмасдан туриб, мустақиллик масаласи ўртага чиқадиган бўлса, жон ҳисобига бўлса ҳам тўхтатиб турасан. Ана у “латта”ни эса эртага бюрода, кейин кенгашда муҳокама қилиб, ишдан ҳайдаймиз.

Шу пайт эшик очилиб, ичкарига Миртемир кирди. Қўлида бир даста мактуб ва мустақиллик баёноти лойиҳалари.

-Миллатвакилларининг деярли барчаси мустақиллик баёнотини қабул қилишимизни сўрашаяпти, -дея гап бошлади у. Аммо Каримов унинг гапини охиригача эшитмади.

-Ўша миллатвакилларингиз қисиб ўтирсин, -дея қўлини мушт қилиб кўрсатди.

-Сизни маданиятли одам деб эшитгандим, -дея гап бошлади Миртемир.

Каримов яна унинг сўзини кесди:

-Бу депутатлигингиз узоққа бормайди. Қолганларники ҳам. Мустақиллик эса хоинлик. Бунча халқни очдан ўлдирмоқчимисизлар? Гапиришни биласиз ҳамманг, мен эса гадойгача ўтирадиган ерини белгилаб беришим керак.

Мирсаидов вазиятни юмшатмоқчи бўлди, шекилли, гапга аралашди:

-Нима экан ўзи бу лойиҳалар? -деди.

-Мен лойиҳаларни бу ерга олиб келмаслигим мумкин эди, аммо бир юз олтмиш етти миллатвакил  имзо отган ва Президент номига мурожаат ёзишган. Истасангиз, чўнтагингизга солиб қўйинг, бизда муҳокама қилиш учун бошқа нусхалари бор, -Миртемир шундай деб қўлидаги қоғозларни Каримовга узатди. Аммо қоғозларни Мирсаидов олди. Каримов эса 167 рақамини эшитиб, бир лаҳза эсанкираб қолди. Кейин Бош вазирнинг қўлидан рўйхатни олиб, исм-шарифларга назар ташлади. “Вой аблаҳлар, вой нонкўрлар”дер экан, лойиҳаларни ўқиди-да, саккиз сатрлисини Миртемирга узатди:

-Мана шунисини мажлис охирида кўриб чиқишсин, -деди.

Миртемир индамай чиқиб кетар экан, Каримов Бош вазирга юзланди:

-Бу болалар билан ади-бади айтиб ўтиришга ҳолим йўқ. Агар боягини муҳокамага қўйишадиган бўлишса, мустақиллик деган сўзларни “суверенитет” калимаси билан алмаштириб, Московнинг қонунлари ҳудудимизда ўз кучини сақлаб қолади, деган қўшимча билан қабул қилиш мумкин. Кейин истасак қайтадан ёзамиз, истасак эълон қилмаймиз. Ўзингиз сўзга чиқиб, бунинг бир парча қоғозлигини тушунтириб беринг, булар ҳали иқтисоднинг “и” ҳарфини билишмайди…

Баёнот муҳокамага қўйилмасдан олдин Воҳидов сўзга чиқди:

-Мустақиллик ҳаётимизнинг энг муҳим ва энг керак масаласи. Шу сабабдан бу ҳакда баёнот қабул қилиш учун махсус ҳайъат тузишимиз керак. Бунга ёзувчилар, шоирлар, ҳуқуқчилар, олимлар, мухолифат, сиёсат арбоблари, хуллас ҳамма соҳадан вакиллар кирсин. Шундай бир ҳужжат қабул қилайликки, дунё бизга қойил қолсин. Сихни ҳам кабобни ҳам куйдирмасдан иш қилайлик…

Воҳидовдан кейин сўзга чиққан Исо Холис унинг таклифига қўшиларкан, бу ҳайъатни шу заҳоти тузиб, мажлис охирида баёнотни қабул қилиш кераклигини айтди. Кейин Бош вазир сўз олди:

-Бу бир варақ қоғоз. Ҳамма нарса шу билан ҳал бўлиб қолмайди, -деди у. -Масаланинг иқтисодий томонларини ҳам кўриб чиқишимиз керак. Мен билан ёнма ён ўтирадиган депутат “Боғча қуриш аҳамиятлими, мустақиллик баёнотими?” деб сўради. Ана шу саволнинг ўзи кўрсатаяптики, бу масалани бир ҳайъатга юклашимиз ва бутун таклифларни инобатга олган ҳолда ўртага чиқаришимиз керак. Мана менинг қўлимда иккита лойиҳа бор. Хўш, бунинг қайси бирини қабул қиламиз? Кўриб чиқайлик. Мен мажлисда танаффус эълон қилинишини ва бутун вилоятларнинг вакиллари йиғилиб, бу масалани муҳокама қилишларини таклиф қиламан.

Танаффус эълон қилинди. Кичик залда баёнот лойиҳаси тортишилар экан, икки лойиҳани бирлаштириб, бу ерда айтилган таклифларни ҳам инобатга олган ҳолда янги бир матн тайёрлаш учун Мирсаидов, Миртемир, Исо Холис, Ибод Тўраев ва Ойгул Маматовадан иборат ҳайъат тузилди. Ҳайъат ярим тунга қадар лойиҳа устида ишлади.

Каримов меҳмони билан Водийни кезиб қайтгач, эртасига эрталаб мажлис залига етиб келди.

-Кеча ярим тунга қадар лойиҳани кўриб чиқдик. Бугун муҳокамага қўйишдан бошқа иложимиз йўқ, -дея матнни Каримовга узатди Мирсаидов.

Каримов матнни қўлига олди-да:

-Мен кўрган лойиҳа бу эмас эди. Қани Миртемир чақиринглар, -деди.

Миртемир кириб келиши билан:

-Бу нима? -дея унга бақирди.

-Бу мустақиллик баёноти, -деди жиддий оҳангда Миртемир.

-Мен билан ўйин қилма! Қани кеча менга кўрсатганинг!

-Мени сенсираманг, -деди Миртемир ва қайрилиб чиқиб кетди.

Бу пайтда мажлис бошланган ва Мирсаидов аллақачон минбарда эди. Каримов эса залга кирмай, ўтирган хонасида тортишувларни тинглади. Компартиянинг янги иккинчи котиби Ефимов лойиҳага қарши гапирди. Кейин мафкура котиби Ҳамидов ҳам уни қўллади. Аммо кўпчилик мустақиллик ташнаси эканлиги сезилиб турарди. Мирзаолим Иброҳимов тортишувлар битар-битмас масалани овозга қўйди ва яна залга ҳам қараб ўтирмасдан “Бир овоздан қабул бўлди” деб эълон қилди. Ҳамма ўрнидан туриб қарсак чаларкан, Ефимов, Ҳамидовлар ҳам бу шиддатли сел каби оқимнинг кучига дош беролмай оёққа қалққандилар. Раис “дўппилик йигит” деган миллатвакили тўнининг ичида сақлаган миллий байроқни ўртага олиб чиқди. “Яшасин мустақиллик!” дея ҳайқирди. Унинг бу ҳайқириши тоғларда акс садо берганидек қатор ораларида такрорлана бошлади. “Мустақиллик!”дея ҳайқираётганлар қандайдир ўй-фикрларга эмас, қалбларига қулоқ солаётгандилар. Каримов гул столи устида турган радиони тепиб юборди. Радио ерга бориб тушганда ҳам ундан залдаги ҳайқириқлар эшитилиб турарди.

Булар жинни бўлган деб ўйлади Каримов. Нима иш қилишаётганини билишмайди. Мана бу ерда бақириб-бақириб кетишлари осон, аммо Московга ким жавоб беради? Ҳозир мана бу бинонинг қаршисига тўртта танкни келтириб қўйишса, нима қиламиз? Балки бошқа жумҳуриятларда қон оққанидан қўрқиб, бунга журъат қилишмас. Ҳатто мустақил ҳам бўлдик, дейлик, армияни нима қиламиз? Бюджетимизда бир тийин пулимиз йўқ. Афғонистондан саккиз киши қурол кўтариб келса, ҳаммаёқни босиб олади. Буни ҳам қўйиб турайлик. Халққа қаердан маош берамиз. Мен ўзи нималарни ўйлаяпман? Жилов кимнинг қўлида?

Каримов иккинчи котибни чақирди:

-Бор, Москов билан гаплаш. Эшитиб қолиб, ўпкалари оғизларига келмасин. Бу қарорни бекор қиламиз, -деди.

Кейин Ҳамидовни чақирди. Мажлиснинг бу қисми телевизорда кўрсатилмасин, матбуотга берилмасин, бор, чорасини кўр, -деди ва сўнгра Мирсаидовни чақирди ва:

-Қўлингиздаги матнни ҳеч кимга кўрсатманг, қайтадан ёзамиз,-деди унга.

-Бу матндан бир нусха Миртемирда ҳам бор.

-Унинг қўлидан ҳам олинг.

Шу пайт Воҳидов Нурали Қобул деган миллатвакили билан кириб келди ва Каримовни самимий оҳангда қутлай бошлашди. Каримов ҳеч нарса бўлмагандек қутловларни қабул қиларкан, Шукрулло Миртемирнинг ёнига келди:

-Сиздаги нусхани Ислом ака сўраяпти, -деди.

-Нега? -деди Миртемир ҳам Мирсаидовни қутларкан.

-Ошналарингизга айтинг, кетиб қолишмасин. Буни қайтадан ёзишмоқчи.

Миртемир эшикдан чиқиб кетаётган Исо Холисни тўхтатиб, воқеани унга билдирди. Кейин бошқаларни ҳам ичкарига чақирди.

-Бизга бу ҳужжатни ўзгартирмоқчи эканингиз хабари етиб келди, -деди Исо Холис Каримовга.

-Сиздан бехабар иш қиламизми? -деди Каримов.

-Бу парламентда қабул қилинди. Энди уни ўзгартириш қандоқ бўларкин?-сўзга аралашди Нурали Қобул.

-Ефимов айтган баъзи таклифларни киритинглар. Кейин парламент яна бир марта қабул қилади.

-Парламент қабул қилиши мумкин, лекин..,-Нурали Қобулнинг сўзи оғзида қолди.

-Бўпти, бўпти, мен розиман, -деди Каримов унинг сўзни бўлиб.- Боринглар Ефимовни кўндиринглар!

Сал нарида турган Ефимов Исо Холиснинг қўлидан ушлаб, четга тортди:

-Ҳозиргина Москов билан гаплашдим. Иккита ўзгартириш албатта киритилиши керак!

Мен бу масалада бор йўғи бир элчиман. Ислом Абдуғаниевич Москва билан гаплашишимни илтимос қилди. Элчига ўлим йўқ, дейишади.

-Хўш, нимани ўзгартириш керак?

-“Мустақиллик” ўрнига “суверенитет”деб ёзамиз. “Москва қонунлари ҳудудимизда юрмайди” деган бандни олиб ташлаймиз. Қолган йигирмата тузатиш эса жузъий.

Улар стол ёнида ўтириб матнни тортиша бошладилар. Каримов эса улар томонга қараб масхараомуз жилмайди-да, “Бўпти, мен Қозоғистондаги мажлисга кечикаяпман”, дея чиқиб кетди…

Миллатвакиллари оқшомни байрам кайфиятида ўтказдилар. Бир-бирларини зиёфатга чақирдилар, қутладилар. Аммо на телевизорда, на радиода мустақиллик ҳақида бир жумла ҳам сўз йўқ эди. Эрталабки газеталарда ҳам бу муҳим воқеа “унутилганди”.

Миртемир ва меҳмонхонадаги дўстлар йиғилишиб, нима қилиш кераклигини маслаҳатлашишди. Норозилик баёноти ёзиб эълон қиламиз, деган қарорга келишди. Сўнгра Миртемир Ҳамидовга сим қоқди.

-Биз ҳам шунинг дардида ухламай чиқдик, -деди Ҳамидов. -Бошқа норозилар ҳам бор, Ислом акага телефон қилаяпмиз, боғланишнинг иложи бўлмаяпти…

Каримов Московдан бирор бир эътироз олмагач, ичкарида ғалаён чиқмасин, деб пойтахтга қайтиши билан ҳуқуқ тартибот органларини оёққа турғазди.

Кейин Ефимовни чақирди:

-Тайёрлаган матнингни олиб кел, -деди.

Матнни синчиклаб ўкиркан, бир неча жойини таҳрир қилди.

-Мажлис икки ойдан кейин бўлади. Тўртта тирранчадан бошқа эътироз билдирадиган йўқ. Мана бу матн эса Московнинг қарашларига зид эмас. Москов билан гаплашдим, мухолифатни тинчлантириш учун яна ҳам кучайтиришингиз мумкин, дейишди. Лекин баёнотдаги талабларни кучайтирсак, кейин жавобини Москов эмас, биз беришимиз керак. Шу сабабдан мана шуни эълон қил, -деди Каримов. -Бюро мажлисида Иброҳимов масаласини муҳокама қиламиз ва кенгашда ишдан олишни қарорлаштирамиз. Буларнинг ҳужжатларини ҳам тайёрлаб қўй.

36. ПЎРТАНА

Бюро мажлисида Каримов Иброҳимовни ҳақорат қила бошлади:

-Бурнингдан ип билан боғлаб судрашларига йўл қўйдинг! Кунимиз сен каби латталарга қолди. Ё ишла, ё кет! Сен ифлосни туққан ўша қанжиқ онангни юзига қараб ўтирадиган йўқ бу ерда!

Шундай деб Каримов мушт билан стол устидаги ойнага урди. Ойна парчаланиб кетди.

Мирзаолим Иброҳимов мункайиб қолган чолдек, бош эгиб ўтирарди. Кекса одамнинг бу қадар таҳқирлаши, бунинг устига онасини ҳақорат қилиши Мирсаидовни жумбушга келтирди. У ўрнидан турди-да:

-Бюро мажлиси ёпиқ, чиқиб кетишларингиз мумкин, -деди.

-Сен кимсан, кимга буйруқ бераяпсан, нима ҳаққинг бор бюрода ўзингни кўрсатишга, бу ерда менинг гапим ўтади. -Каримов ҳам ўрнидан туриб Мирсаидовга бақирди.

-Ҳақоратлар бюродан ташқарида қолсин, дедим. Нега нафақахўр одамни ишга келтирдингизу нега унинг онасини ҳақорат қиласиз? Ишлай олмаётган бўлса, “Кет!” денг кетади, -деди Мирсаидов.

Каримов қўчқордек отилиб унга қарши юрди. Мирсаидов ҳам бир ҳамла билан Каримовга етиб олди. Ўртага Жўрабеков кирмаганда бюро мажлиси жанг майдонига айланарди.

Улар бироз жаҳлларидан тушиб, бир-бирининг айбини дўстона оҳангда айтишаркан, бюро аъзолари қочиб қолишганди.

Каримов ҳар қанча юмшоқ оҳангда гапирмасин ичида “Ҳамма нарсанинг вақти бор, сени ҳам тикан устида югуртирадиган кунлар келади. Дўст дегани доим душман чиқаркан-да” деб ўйлади.

Мирсаидов ҳам бу воқеа дўстликларини дарз кеткизган зарба бўлганини англади.

Шу пайт Крайнов кириб:

-Мирзаолим Иброҳимов хонасига етиши билан йиқилиб қолди, юраги тўхтаб қолди, хастахонага жўнатишди, -деди.

Мирсаидов “Кўрдингми оқибатини” дегандек, Каримовга қараб қўйди-да чиқиб кетди. Каримов эса Крайновга:

-Агар ўлиб қолса, эртага мотам эълон қиламиз. Ўлмаса, нафақага жўнатамиз. Чунки унинг ҳукмини биз эмас, унинг ўзи ўқиди, -деди.

Каримов қўшни хонага кирди-да, музлатгични очиб, нимадир қидирди. Нима қидираётганини ўзи ҳам билмаган одамдек музлатгичнинг равонларига узоқ тикилиб қолди. Шу дамда боши бўм-бўш ҳувиллаб қолганди. У хаёл кўчасига киришга қўрқар, аммо фикрлар ҳар тарафдан булутлардек бостириб келаётганди. Бу булутлар орасида узоқ-узоқларда Иброҳимовнинг оппоқ докадек оқарган юзи ва Мирсаидовнинг Каримовни масхара қилаётгандек кулиб турган чеҳраси гоҳ яқинлашиб, гоҳ узоқлашиб “бориб келаверди”.

Йўқ, деди Каримов ўзи-ўзига, мен кучлиман! Мени кимларнингдир тазйиғи енга олмайди. Балки бу тазйиқ эмасдир?! Балки ростдан ҳам чегарани йўқотиб қўйдимми? Йўқ, Иброҳимовни ишга келтирар эканман, унга шартларни очиқ айтгандим. Ё менинг одамим бўласан ёки ҳеч ким! Ё менинг йўлимга юрасан ёки кўзимдан йўқоласан! Мен мардга мард, номардга номардман! Иброҳимов менга хиёнат қилди. Мени тузоққа туширмоқчи бўлди. Агар ана у тирранчаларни ўз йўлига солганда, мен унинг мушугини “пишт” демасдим. Индамасам толни каллаклаган бешикчиларга ўхшаб мени ҳам ҳар тарафдан каллаклашарди. Кейин эса қуритиб ё васса қилишарди ё бешик ё тобут. Нималар деб ўйлаяпман ўзи? Бешик… Буларнинг қўлига тушган бешик бўлишга улгурмай қуртларга ем бўлади, чириб йўқолади. Бугуннинг қонуни битта: ё қуртларга ем бўласан ёки қуртларга ем қиласан!

Иброҳимов майли-ю ана у нонкўрга нима дейиш керак? Наҳотки мансаб одамни шу қадар тез ўзгартиради? Наҳотки, йигирма йил дўстлик қилиб, унинг кимлигини билмадим? Сигирнинг оласи ташида, одамнинг оласи ичида деб бекор айтмас эканлар. Ҳатто мен ноҳақ бўлганимда ҳам Шукрулло бетга чопарлик қилмаслиги керак эди. У ўзини набзга кўра шарбат асосида иш қилдим деб оқлар, лекин менинг олдимда бир умрга гуноҳкор. Чунки уни Бош вазирликка мен келтирдим. Мен орага кирмасам ана у тирранчалар уни чок-чокидан сўкиб, парам-парча этишарди. Олдинги Бош вазир мард экан, чопонини елкасига ташлаб, индамай кетди. Ниққини чиқармади. Ўғил бола шундай бўлиши керак. Балки Шукрулло менинг ўрнимга кўз тиккандир? Шундай бўлмаса, нега бюро мажлисида хўжайинлик қилди? Нега бошқалар ҳам менинг муносабатимни кутиб турмасдан унга қулоқ солишди? Нега Шукрулло важоҳат билан менга ташланди? Нега Жўрабековдан бошқа ҳеч ким орага кирмади? Нега мен ҳаммани орқага қайтариб, мажлисни давом эттирмадим? Нега Шукруллони ишдан бўшатиш масаласини ўртага қўймадим?

Нега?! Нега?! Нега?!…

Булутлар парчаланиб дўлларга, дўллар эса саволларга айланиб унинг бошига келиб урилаётгандек, у ўзига пана жой, асабларини тинчитмоқ учун баҳона изларди. Лекин  музлатгичда шу дамда бу “баҳона”йўқ эди…

37. СОҲИБ

Ердан кўтарилаётган ҳовур билан қуюқ туман қоришиб атрофни қоплаб олганди. Бу кишини биқтирувчи манзара бўлишига қарамай, неча кундан буён ўзини қўярга жой тополмай юрган Каримовнинг бугун ҳар қачонгидан кайфи чоғ эди. Чунки пахта плани тўлганди. Илгариги пайтда бўлганда-ку Московдан ҳам мақтов, ҳам орден ундирарди.

Ҳозир эса ҳатто телефон қилиб, бир оғиз раҳмат айтишмади. Каримов бунинг учун қайғурмади. Аксинча хурсанд бўлди. Демак, Московнинг у билан иши йўқ. Бутун жумҳурият ўзининг ҳукмида. Вилоят биринчилари сим қоқиб, табриклаб туришибди. Бошқа томондан эса пахта плани тўлиши Горбачев билан гаплашиб олиш учун имкон бўлди. Аслида бугун кайфияти кўтарилгани, кўнгли равшанлашгани ҳам ана шундан. Қарийб бир ойдирки ўз ёғига ўзи қоврилмокда. Бир неча депутатнинг тўполони билан сессияда истеъфо бериб кетишига оз қолганди, лекин кўнгил сўрашмади.

Хайрият-ки ўшанда шайтоннинг гапига кирмадим, деб ўйлади у. Агар сессияни ташлаб кетиб қолганимда, Шукрулло отга минарди. Мени эса отнинг оёғига боғлаб жазойи қиларди. Гарчи атрофимдагилар тўнтаришни Шукрулло тайёрлаган, деб мени ишонтиришга уринсаларда, ҳақиқатни сезиб турибман. Шукрулло бу ишга журъат қилолмасди. Чунки Иброҳимовни муҳокама қилган бюро мажлисидан кейин тавбасига таянтиргандим. Қўлимда уни шармисор қиладиган ҳужжатлар тўплаб қўйганимни ҳам яхши биларди. Бунинг устига Олий кенгаш раислигига Шавкат Йўлдошевни келтириб, Шукруллонинг қўлини анча боғлаб қўйдим. Йўлдошев жар ёқасида эди. Фарғона воқеаларида жиловни қўлдан чиқариб, ёмон отлиқ бўлди. Шукрулло катта мажлисда унинг ҳам қўли қон деб жиноятга тортишни талаб қилганди. Оёғи тойиб кетаётган бир пайтда уни қутқариб қолдим. Бутун вужудида Шукруллога нисбатан нафрат кўпирмоқда. Ҳатто бир-бирининг кўзига тик қаролмайдиган ҳолга келишди. Шунинг учун ҳам бу сессияда Йўлдошев билан Шукруллонинг оғиз бириктиришганига ишонмайман. Хавфсизлик қўмитаси, мана бу маслаҳатчилар эса Шукролло уюштирганини исботлаш учун далил тўплаш билан овора. Билишади, ундан сўз очишса, қайнаб кетаман. Шу сабабдан доим ўртага унинг номини суқишади. Аслида улар ҳам Шукруллодан қўрқишади. Аммо нега мендан эмас, ундан қўрқишади? Йўқ, мендан кўпроқ қўрқадилар. Қўрққанлари яхши. Қулни қул қилувчи қўрқувдир. У қулликни енгдими, бошга бало бўлади.

Аслида бугун Шукрулло ҳақида нега ўйлай бошладим? У билан орамизда кўп гап ўтди, лекин охирги сессияда агар у минбарга чиқиб “Менга вазифа керак эмас” демаганида, ишим битган эди. Йўқ, агар уни қўлга олмаганимда ана у тўполончиларнинг йўлига юрарди. Ҳозир у ҳукуматнинг бошида, қўлида бир қанча хазинанинг калити бор. Аста секин бу калитларни олиб қўйишим керак, кейин ёнимда айланиб юраверсин. Ўшанда яна ҳам вафодор бўлиб қолади.

Бир ёмонликнинг бир яхшилиги бор дейдилар. Сессияда кимнинг ким эканлигини яна бир марта кўриб олдим. Бунинг устига сайлов ҳақидаги қонунни кейинги мажлисга қолдирганим ҳам яхши бўлди. Унга вице-президент деган лавозим киритаман. Бошқа жойларда президент ва вице-президент бирданига сайланади, мен эса қонунга уни тайинлаш тартибини киритаман. Сайловгача Шукруллони ҳам, бошқаларни ҳам хурсанд қилиб туришим керак. Сайлов ўтгандан кейин ғалвирни сувдан кўтараман. Ўшанда ғалвирда ким қолади-ю, ким қолмайди, кўрамиз. Ҳозир эса буни Горбачев билан келишиб олишим керак. Пахта плани тўлганини айтиб, кейин бу масалада ипнинг учини кўрсатсам яшил чироқ ёқиб юборади…

Каримов бир қарорга келган кишидек елкаларини орқага тортиб, кўкрак кериб ўтирганча Крайновни чақирди:

-Мақсад Қулга айт, табрик мактубини олиб келсин, -деди унга.

Крайнов чиқиб кетар экан Каримов яна ўйга толди. Бу Мақсад Қул деганлари анча дуруст бола экан. Исо Холисни қўлга олиш учун буни тузоққа илинтиргандик. Биз кутганимиздан ҳам зиёда экан. Ҳам Исо Холисни йўлга солмокда, ҳам бошдоғини йўқотиб қўйган газетачиларни кишанлаб турибди. Бунинг устига русчаси ҳам пишиқ. Москва газеталарига менинг номимдан ёзган мақолалари юқоридагиларнинг аразини анча юмшатди. Барибир бу болани назоратда тутишим керак. Яна уч-тўрт марта синаб кўраман, айниқса сўкиш синовига бардош берса, бахти кулди, уни ёнимдан айирмайман.

Шу пайт эшик очилиб, остонада новча бўйли, мўйловдор Мақсад Қул кўринди.

-Ҳамма костюм-шим кияди, галстук тақади, сен эса пахта теришга келган талабага ўхшаб кийиниб олибсан, -дея ҳазиломуз гап отди Каримов Мақсад Қулнинг қизларнинг кўйлаги сингари узун свитерига қараб.

-Зотан бугун пахта иши билан бандмиз, -дея тиржайди Мақсад Қул. –Жиддиятга келсак, новча ва озғин одамга костюм-шим ярашмайди. Костюм-шим кийиш учун сизга ўхшаб тўлачадан келган бўлиш керак.

-Аммо журъатли боласан, қолганлар эса қўрқоқ. Сендан бошқаси бундай кийинишга ва мен билан сен каби юзма-юз гаплашишга қўрқади. Ҳа, дарвоқе, китобларингни имзолаб бермоқчи эдинг, унутдингми?

-Астағфирулло, буни унутаманми? Крайновга бергандим, тортмангизга қўйган бўлиши керак.

Каримов эгилиб тортмасидан икки китобни олди:

-Ҳа, булар сенинг китобинг эдими, кўриб эътибор қилмабман. Қани, ўқийликчи, нима деб ёзибсан.

Каримов Мақсад Қулнинг қўл ёзмасини ўқий олмади. Калималарни нотўғри талаффуз қилишдан қочгани учун қайта ўқишга уринмади.

-Бундай ёзувларни муаллифга ўқитмоқ керак. Қани, ўзинг ўқиб берчи нима деб ёзибсан?

Мақсад Қул бироз ҳаяжонланди. Китобининг илк саҳифасида Каримовга хушомадгўйлик қилганди. Одатда китоб имзолар экан ҳеч ким аччиқ-алимсоҳ гап ёзмайди. Кўнгилни тоғ, кайфни чоғ қилувчи гаплар ёзилади. Мақсад Қул бу гапларни ёзиш бошқа, ўқиш бошқа эканлигини шу лаҳзада англади. Юрагининг остида жимирлаган бир нарса бутун вужуди бўйлаб “югуриб кетди” ва кичик бир томчига айланиб, бурнининг устида пайдо бўлди. Онийдан “йўқолиб қолган” товушини қидириб топиш учун бир-икки йўталиб олди-да, Каримовга қўл узатиб китобни истади. “Буғдойзор”… китобнинг номи ана шундай эди. У бир сония китобига термулиб турди-да, кейин илк саҳифасини очиб ёзганини ўқиб берди: “Мен тарих саҳифаларида таниган буюк саркарда ва давлат раҳбари Амир Темурдан кейин буюк жасоратни Сизда кўрдим. Зотан, темурийлар салтанати сурган заминнинг фарзандисиз. Сизнинг ёнингизда ишлаш Аллоҳ ва тарихнинг менга этган инъомидир…”

Каримов ўрнидан туриб Мақсад Қулнинг икки елкасидан ушлаб, бир силтаб бағрига босди.

-Ука, мард бола экансан! Ҳамма ҳам бу гапни айтишга журъат қилолмайди. Бу гапни менга эмас, халққа айта оласанми?

-Айтаман, мен икки юзли одам эмасман. Зотан, Сиз ҳақингизда китоб ёзишни бошладим.

-Китобни қўй, ука. Ҳозир бир мақоланг ҳам етади.

-Мақола эмас очерк ёзаман. Биз Сизга давлатни бошқаришни ўргата олмаймиз, Сиз ҳам бизга қандай ёзишимизни қўйиб беринг.

-Э, йўқ. Жуда катта нарса сўрадинг. Сен менинг жоним билан ўйнаяпсан! Сенларга нима ёзишни кўрсатиш давлатни бошқариш эмасми?

-Муҳтарам  Президентим, Сиз мени янглиш англадингиз, ўзингиз ҳақингизда ёзишда бизга эркинлик беринг.

-Яна бир қадам олдин кетдинг. Мен ҳақимда мендан сўрамасдан қандай қилиб ёзишинг мумкин. Менинг соҳибим менман! Сен мен ҳақимда ёзишинг мумкин, аммо мен кўриб берганимдан кейин сенинг мулкингга айланади.

-Умуман ҳақсиз, хато менда, -деди Мақсад Қул Каримовнинг жаҳли чиқишидан қўрқиб.

-Барибир ёзувчисан-да, ука, шу ерда ҳам “умуман” деган сўзни қўшиб юбординг. Ҳа, майли пахта плани тўлгани билан табрик мактубида ҳам ана шундай ортиқча сўзлар қўшиб юбормадингми?

-…

Мақсад Қул индамай табрик матнини узатди.

-Фақат русчами?

-Крайнов Миртемирга таржима қилдирамиз, деганди.

-Қани, уни ҳам чақир, -деди Каримов Мақсад Қулга.

Мақсад Қул чиқиб кетаркан, Каримов Московга телефон қилди. У СССР раҳбарига:

-Сизни безовта қилмоқчи эмас эдим, лекин рапорт бериб қўймоқчиман, пахта планини бажардик,-деди.

-Раҳмат, ҳозирги қийин шароитда ҳар қандай муваффақият келажакка қараб ташлайдиган одимларимизнинг пойдевори бўлади. Ҳар қандай муваффақият ошкоралик ва қайта қуришнинг мевасидир…

Каримов телефоннинг нарёғидан келаётган нутқни эринмай тинглади, кейин ўзининг режалари, “дардларини” ҳам айтди.

-Фақат ўзингдан кетиб қолма, нима истасанг, хўп деяпман. Сенга ҳаддан зиёд эркинлик бердим. Буни қадрла. Агар орқангда биз турмасак, бу эркинликни икки сонияда қўлингдан тортиб олишади. Бизга таянсанг, демак катта тоғга таянган бўласан…

Каримов телефонда гаплашаётган пайтда қабулхонадаги қизил чироқ ёнарди ва бу пайтда ҳеч ким ичкарига кирмас эди. Мақсад Қул билан Миртемир қизил чироқнинг ўчишини кутиб, оёқда гаплашиб туришарди:

-Сизнинг Девонга келганингиз яхши бўлди-да, оға. Аслида Ислом ака ёмон одам эмас, уни биргалашиб йўлга соламиз, -деди Мақсад Қул.

-Йўлга соламиз деганлар кўп, лекин у йўлга кирса-да.

-Қаранг, сессияда сиз уни нима кунга солдингиз, аммо депутатларнинг талабини бажариб, сизни Девонга ишга олдилар.

-Буни икки хил шарҳлаш мумкин, -дея жавоб қилди Миртемир. -Биринчидан, у киши мени бу ерга ишга олиб, бошқаларнинг кўзига сотқин қилиб кўрсатмоқчи. Бу ҳолда эртага йўқотиб юборса ҳам бировнинг иши бўлмайди. Иккинчидан, сайловни ўтказиб олгунча бизларни кучсизлантириш учун шу йўлга бош урган бўлиши мумкин.

-Сиз бу қадар хафақон бўлманг, оқсоқол самимий одам. Мана кўрасиз, халқимизга яхшиликни раво кўрган барча дўстларимиз шу девонга йиғилади. Сиздан олдин дўстингиз Дадахонни ишга олдилар, бошқаларни ҳам муҳим нуқталарга келтираяптилар. Демак, ҳаммамиз оқсоқол билан қўш қанот бўлиб ишлашимиз керак. Мен кўнглимга яқин олган инсонларни “оға” дейман. Оға, билиб қўйинг Каримов бизнинг бахтимиз. Аллоҳ кўрсатмасин ана у тошкентлик келиб қолса, ҳаммамиз учун сичқоннинг уйи минг танга бўлади.

-Негадир бу ерда ҳамма Шукрулло акадан қўрқади. Менимча бизнинг энг катта қусурларимиздан бири маҳаллийчилик. Тошкентлик бўлгани Шукрулло аканинг айбими? Умуман, пойтахтда барча вилоятлардан келганлар яшамайдими? Айниқса, биз зиёлилар бу хасталикни йўқотиш ўрнига илдизига сув қуйиб ўтирсак оқибатимиз нима бўлади?

-Оға, сиз буларни танимас экансиз. Мен шуларнинг юзидан дорилфунунни ташлаб, Московга кетиб қолгандим. Онамдан эмган сутимни бурнимдан суғуриб олишганди. Мени “келгинди”дея ҳақорат қилишганини унута олмайман.

-Агар сиз Марсдан тушган бўлсангиз, бу сўз учун хафа бўлишингиз мумкин. Бироқ, бу ер сизнинг ҳам ватанингиз. Ҳаммамиз шу тупроқнинг болалари. Шундай экан, бир тарбиясиз ўртага чиқиб “Сен Марснинг боласи” деса бир умр кин сақлаб юришимиз керакми? Мен Девонга ишга келган куним Каримов билан гаплашганимда икки шартим борлигини айтгандим. Биринчиси, маҳаллийчиликни тан олмайман. Ўтган сессияни ҳам пойтахтликлар уюштиришди, деб гап тарқатишди. Лекин сўзга чиққанларнинг рўйхатига назар солсангиз, бу гап иғво. Чунки сессияда Каримовга қарши пойтахтдан бир-икки киши сўзга чикди, қолганлар эса вилоятлардан. Иккинчи шартим, ҳар қандай масалани инсонга ўхшаб тортишув йўли билан ҳал қилиш. Агар мени ишонтира олса, мен кин сақламасдан фикрини қўллаб-қувватлайман. Агар мен уни ишонтирсам, у ҳам мард бўлсин.

-Менимча оқсоқол бу шартга риоя қилаяптилар. Ҳозир Девондаги асосий масалаларни сизга ишонмокдалар-ку! Бошқа маслаҳатчилар, ёрдамчиларнинг қони қайнаб юрибди. Ишончини қозониш учун сессияда “Онангни” деб сўкиш керак экан-да, деб юрганлар ҳам бор.

-Мен “онангни” деб сўкибманми?

-Энди, ўша машҳур гапингизни шундай шарҳлашяпти-да, аслида бошқача шарҳи ҳам йўқ.

-Сиз ёзувчи бўлиб шундай хулоса қилсангиз, бошқалардан ўпкаламасам ҳам бўлар экан…

38. ЖАҲЛ

Қабулхонага қараб очиладиган кичкина дарчадан югуриб чиққан Крайнов Миртемир ва Мақсад Қулга “Сизларни чақираяптилар” деди, кейин “Чироқ ҳам ўчибди-ку” дея қўшимча қилди.

Миртемир Каримов билан саломлашар экан:

-Бугундан бошлаб солиқларни ўттиз фоизга оширибсиз-ку?! -деди киноя билан.

-Нима деяпсиз ўзи? -Каримов бирдан жиддийлашди.

-Мана бугун газеталарни ўттиз фоиз оширилган баҳосига сотиб олдик. Сотувчи фақат газеталарга эмас, умуман ҳамма нарсага ўттиз фоиз қўшимча солиқ солинганини айтди.

-Ёлғон! -деди Каримов ва Мақсад Қулга юзланди. -Сен ҳам газета олдингми?

-Олдим, кечагидан қимматроқ экан, баҳолар ошгандир, деб ўйладим мен ҳам.

-Мен хабардор бўлмасдан қандай қилиб баҳолар ошади? Бу ўйин, сайлов олдидан мени шарманда қилишмоқчи. Халққа нарх-навони оширмайман, деб ваъда бергандим. Сайлов олдидан бу ўйинни ким ўйлаб топди?

Каримовнинг шиддат билан термулишига бардош беролмаган Мақсад Қул:

-Ҳа, бу орқадан пичоқ уришдир. Махсус уюштирилган иш бу! -деди.

Каримов Миртемирга юзланди:

-Доим мени танқид қиласиз. Мана ўзингиз кўрдингиз, мени қандай боши берк кўчага киритиб қўйишади.

-Ростдан ҳам сизнинг хабарингиз бўлмаса, у ҳолда текшириш учун имконингиз бор.

-Нафақат текшириш, балки бу хоинларни ўртага чиқариб, халқдан кечирим сўратиш керак. Ўз хатоларини ўзлари тузатишсин.

-Халқнинг олдига чиқиб, узр сўрашсин, -деди Мақсад Қул.

Унинг бу таклифи Каримовга ёқиб кетди ва у Крайновга Давлат планлаштириш қўмитаси раисини чақиришни буюрди. Мақсад Қул “Кўрдингми, бошқариш қандай бўлади” дегандек мағрурона Миртемирга қараб қўйди.

Каримов хонада у ёқдан бу ёққа бориб келар экан, оғзидан боди кириб, шоди чиқарди:

-Табрик мактубини нима қиламиз? -дея луқма ташлади Мақсад Қул.

-Табрик мактубини орқангга тиқиб қўй, -дея бақирди Каримов.

Мақсад Қул индамай бошини эгди.

Шу пайт хонага ҳовлиққанича планлаштириш қўмитаси раиси Бахтиёр Ҳамидов кириб келди.

-Эшак! -дея унинг қаршисига пешвоз чикди Каримов. -Нега солиқлар оширилади, менинг хабарим йўқ?

-Оширилгани йўқ, -дея қўлидаги дафтарларни варақлай бошлади Ҳамидов.

Каримов бир ҳамла билан унинг қўлидаги дафтарларни олиб улоқтирди. Саҳифалар икки хўрознинг жиққамушт бўлганида патлар ёғилгани каби хонага сочилди. Миртемир бу манзара қаршисида ҳангу-манг бўлиб қолди. Мақсад Қул эса отаси бақирганда қалтираб қолган боладек “тахта”га айланганди.

-Ўзингиз билан гаплашгандик, -деди Ҳамидов сочилиб кетган қоғозларни териб олмоқ учун эгиларкан.

-Онангни эри билан гаплашгандинг! -Каримов югуриб бориб Ҳамидовни тепаман деганди у ердаги варақни олиш баҳонасида чап берди ва қаддини ростлади. Каримов бир лаҳза мувозанатини йўқотиб қўйди. Лекин ўзини ҳамон қўлга ололмасди. Важоҳат билан С Ҳамидовнинг ёқасидан ушлаб судрай бошлади.

-Ким билан гаплашгандинг? Қачон гаплашгандинг? Балки Шукруллонинг найрангидир бу?!

-Биласиз, мен Шукруллони одам ҳисобламайман. Сиздан бошқасининг гапини бир тийинга олмайман. Ўзингиз ўттиз фоизлик солиқ ҳақида ҳужжат тайёрлашни буюргандингиз. Мен шундан бошқа гапни билмайман. Вазирларга шу топшириқни етказгандим.

-Кимларга айтгандинг?

-Савдо вазири ва Нарх-наво қўмитаси бошлиғига. Кейин Қишлоқ-кооператив савдо идораси раисига. Уларга солиқ солинглар деганим йўқ. Бу борадаги лойиҳани тайёрланглар, Ислом ака имзо қўйгандан кейин бошлаймиз, дегандим.

-Мен сенга ўшанда нима дегандим, мана буларга такрорла. -Каримов жавобни ҳам кутмасдан телефон ёнидаги тугмалардан бирини босиб: -Равил, зудлик билан савдони, нархни, бирлашувни топ! Ер остида бўлсалар қулоқларидан ушла, осмонга чиқсалар оёқларидан торт. Икки дақиқадан кейин шу ерда бўлсинлар. -Сўнг Каримов яна Ҳамидовга юзланди: -Нега жим турибсан? Гапир! Булар ўз қулоқлари билан эшитишсин.

-Сиз лойиҳани тайёрла, сайловдан кейин амалга оширамиз, дегандингиз.

-Бекор айтибсан! Лойиҳани Олий кенгашга тақдим этамиз, агар қабул қилишса ундан кейин шароитга қараб амалга оширамиз, дегандим.

-Билмасам, -дея елка қисди Ҳамидов. -Бу ёғини эшитмай қолган эканман.

-Эшитиш учун қулоқдаги патакни олиб қўйиш керак. Бу иш сенга оғирлик қилаяпти. Эртадан бошлаб Московдаги ваколатхонага ишга борасан, бу сен учун сургун. Ўзингни оқласанг, бир йилдан кейин олиб келаман.

Миртемир Каримовнинг бу ҳолига тушунмай қолди. Ростдан ҳам унинг хабари йўқ дейдиган бўлсак, Ҳамидов унинг юзига қараб топшириғи шу ҳақда эканлигини айтмокда, дея ўйлади. Агар хабардор бўлса, нима сабабдан бу қадар гувиллаб ёнаяпти? Ҳар ҳолда булар сайловдан кейин амалга ошириш учун анча-мунча нарса режалаб қўйганга ўхшашади. Ёки бизнинг сессиядаги жанжалимиздан кейин ҳамма ишни орқага ташлаган бўлишса керак? Ана шу сирли ишнинг учи кўриниб қолгани учун Каримов бу қадар қизимокда. Акс тақдирда қўмита раисини шартта ишдан олмасди.

Эшик очилиб котибият бошлиғи кўринди:

-Савдони топдим. Нарх қўмитаси раиси Қудрат Ахмедов хаста ётган экан, ўринбосари Нина Петровна келди. Бирлашувнинг раиси сиздан изн олиб вилоятга кетганди, ўринбосари Макарянни чақирдим.

-Олиб кир! -деди Каримов.

Чақирилганлар қўлларида бир дастадан папка ва дафтарлар билан ичкари киришди.

-Нима гап? -дея Каримов савдо вазири Усмоновга юзланди.

-Окажон, Павел окамиз чақирдилар, келдик.

-Окангни ҳам, Павел окангни ҳам, сени ҳам онангни (…) билдингми?

-Билдим, билдим…

-Билган бўлсанг, билганингни ҳам, билмаганингни ҳам (…)дим, билдингми?

-…

-Нимага жавоб бермайсан? Жавоб бер деяпман санга иплос!

-…

-Сен порахўрга айтаяпман, нега жим турибсан? Бу ерга ҳайкал бўлиш учун келдингми? Гапир, нега ўттиз фоизли солиқни қўлладинг?

-Окажон, ўзингиздан изн олгандим-ку?!

-Сен, итваччага нима дегандим?

-“Орқасидан гапи чиқмасин”, дегандингиз.

-Хўп, сен нима қилдинг?

-Бугун баъзи жойларда қўлладик, халқдан ҳеч қандай шикоят бўлган эмас.

-Сенга шикоят бўлмагандир, аммо мана менга шикоят бўлди. -Каримов шундай деб қўли билан кўкрагига гурс-гурс этиб ура бошлади. -Мана менга шикоят бўлди, мана менга… -Каримов “мана менга” сўзларига ҳамоҳанг қўли билан кўкрагига ураркан яна ҳам жаҳли чиқиб боя от устида бўлса, энди туяга минганди. Туяга минганда ҳам, туянинг устида тикка тургандек эди. Бирор томондан сал шамол эсгудек бўлса, осмон ерга, ер осмонга “қўшиларди”.

Миртемирнинг боши оғрий бошлади. Чиқиб кетсаммикан, деб ўйлади. Бу оғир томоша нима учун ўйналаяпти? Менинг асабларимни эговлаш учунми? Балки у бу гаплар мен орқали депутатларга етишини ўйлаятими? Ёки бу девондаги одатий ҳолми? Ундай бўлса бу одам бунча кучни қаердан олади? Ахир бундай вазиятга оддий одамнинг на асаби, на қалби дош беролмайди-ку? Соатлар давомида қил кўприкнинг устида юргандек бақириб-чақираркан наҳотки асаб торлари узилишидан қўрқмайди, бу одам?

Инсон ҳамма нарсага ўрганади, деган гап бор. Наҳотки, бу одам бировларни мунтазам сўкишга, таҳқирлашга, камситишга ўрганиб қолган? Агар шундай бўлса, вой бу халқнинг жонига! Ўрганиб қолган такдирда ҳам бундай ҳаётдан безмасмикан одам? Аслида жуда қизиқ, аввалига жаҳли чиқиши табиий эди. Лекин кейин ўз айбини ўзи нега очди?

Ҳатто Ҳамидов билан Усмонов унинг айбини яширишга уринишар экан, у такрор-такрор сўраб, терговчи жиноятни фош қилганидек, ўз айбини ўртага чиқараётганди. Буни билмасдан қилдими? Бу одамнинг билмасдан бир иш қилиши қийин масала. Хўш, билган такдирда бу сирнинг орқасида нима бор? Йўқ, ҳар ҳолда бу оддий инсоний масала. Жаҳл чиққанда ақл кетади, жаҳл жоҳилликни бошлаб келади. Бу ўйинни охирига қадар томоша қилолмасам керак. Чиқиб кетсаммикан? Агар бу масала менинг саволимдан кейин бошланмаганда, чиқиб кетишим тўғри бўларди. Лекин ҳозир кутиб ўтиришим керак. Аммо булар нега бу қадар тубанлашиб қолишган?

Онасини ҳақорат қилаяпти, ёқасига ёпишаяпти, лекин бир сочи сесканмайди. Булар мансаб гадоларими? Ёки мансаб ортидан тўраларча яшашга ўрганиб қолганлари учун қўрқишадими? Ундай десам, Ҳамидовни ҳам камситди, ҳам ишдан олди. У эса жим. Наҳотки, унинг виждон деган, исён деган туйғулари йўқ? Наҳотки, унинг одамийлик ҳисси ўлдирилган? Ахир бу қулдан ҳам баттарлик аломати-ку? Қулнинг қўлидаги, оёғидаги кишан унинг туйғуларини ҳам занжирлайди. Лекин буларнинг қўл-оёғи очиқ. Балки порахўрлик, кўзбўямачилик каби хасталиклар инсонни шу кўйга солар? Ёки бу қадар тобелик қонда борми? Агар қонда бор бўлса, охир-оқибатда ҳаммамиз хору-зор бўламиз…

Каримов Нина Петровнага қараб:

-Сен нега топшириқ бердинг, кимдан изн олдинг? -дея бақирди.

Нина Петровна йиғлаб юборди. Бу унинг исёни, деб ўйлади Миртемир. Булар ўзларини бировнинг оёғининг остига ташлашмайди. Ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни билишади. Ҳатто таҳқирлашга лойиқ иш қилганларида ҳам ўзларини камситишга йўл қўймайдилар. Бу ҳам кичик мансабдор эмас, қўмита раисининг биринчи ўринбосари. Ҳеч бўлмаса кўз ёши билан исён қилмоқда.

-Кўз ёшингни дарё қил деб гапирганим йўқ! Нега нарх-наво ошишига йўл қўйдинг, деб сўраяпман?

-Бу саволни менга эмас Ахмедовга беришингиз керак. Мен ижрочиман, ҳатто бунга қарши ҳам чиққандим. Бу масала сессиядан анча олдин амалга ошиши керак эди, лекин топшириқ билан тўхтаб қолди. Кечикиб, энди амалга ошди.

-Демак, сиз бегуноҳ мусича, биз эса айбдор айиқ эканмиз-да?

-Ким айиқ, ким мусича эканлигини билмайман, лекин бу иш хато бўлганини биламан.

Каримов Нина Петровна билан ўчакишиб ўтирмади, Макарянга юзланди:

-Хўш, оғайни, сени кўзинг қаерда эди? Саунада ётганча бу қарорга имзо чекдингми?

-Ока, саунага борганим йўқ…

-Сен ҳам эшакликни ўрганибсан. Сени ўзимнинг одамим деб у ерга қўйгандим. Сен эса саунадан чиқмай қолдинг.

-Ока, у ерга хизматга бордим,  Равелжон Московдан келган меҳмонларни олиб бордилар…

-Ўчир товушингни, сен ҳали меҳмонларимга хизмат қилганингни юзимга солмоқчимисан? Улар менинг эмас, жумҳуриятнинг меҳмонлари, керак бўлса орқасини ҳам тозалаб қўясан, билдингми?

-Билдим.

-Нимани билдинг?

-… -Макарян жавоб ўрнига жилмайди. Бу эса Каримовни бироз юмшатди. У:

-Нима қиламиз? – деб Миртемир ва Мақсад Қул ўтирган томонга юзланди. Миртемир индамади. Мақсад Қул эса:

-Телевизорга чиқиб халкдан кечирим сўрашсин, -деди.

Каримов эсига нимадир тушган одамдек бир силкиндида:

-Смирно! -деди худди генералларга ўхшаб. -Направо, шагом марш, тўппа-тўғри телевизорга.

“Мусофирлар” президентимиз охирида юмшадилар, дея енгил тортиб, шахдам одимлар билан чиқиб кетишаётганди, Каримов тугмани босиб Крайновга:

-Назоратга ол, мана бу ҳаромхўрлар тўппа-тўғри телевидениега боришсин. Ҳам русча, ҳам маҳаллий тилдаги ахборотга чиқиб, кечирим сўрашсин, -деди. Кейин Миртемир ва Мақсад Қулга қараб:

-Энди чой буюрамиз ва ахборотни кутамиз, -деди.

Мақсад Қул Каримовни тамоман юмшади деб ўйлади ва қоғозларнинг ичидан бир шошилинчномани чиқарди:

-Мана буни Туркистон ҳарбий округдаги генераллар юборишган. Илгари ҳам айтгандим, шуни бир ёқлама қилайлик, -деди.

-Ҳожатхонага борганингда бир ёқлама қилиб қўя қол! -деди Каримов бамайлихотир оҳангда.-Яқинда Туркистонни битирамиз. Генералларнинг уйларидан биттаси сеники бўлади. Шавкатга ёки Исмоил акангга айт, сени ҳам рўйхатга тиркасин.

Миртемир ўрнидан туриб:

-Узр, менинг бошим оғрияпти, бундай об-ҳавога ўрганмаганимдан бўлса керак,-деди.

-Укажон, об-ҳавони биз қимирлатмадик, -Каримов шундай деб телефон тугмаларидан бирини босди-да: -Лимонли чой билан бош оғриғини қолдирадиган дори келтиринг, -деди. Кейин Мақсад Қул ёзган табрик мактубини ўқий бошлади.

-Табрик-мабрик йўқ! Ишлаган бўлса, ҳаммаси пулини олади. Биз ҳам ўз ишимизни қилайлик. Миртемиржон, ёзинг, сиз сайловолди учрашувларим учун нутқлар ҳозирлайсиз. Иқтисодчилар билан бўладиган учрашувда иқтисодга, колхозчилар билан бўладиган учрашувда қочириқ ва мақолларга кўпроқ ўрин беринг. Сен эса Мақсаджон, сайловолди дастурини тайёрла, ярим қоғоздан ошмасин, ўн-ўн бешта шиордан иборат бўлсин.

Ёрдамчи чойларни олиб келаркан дорини Каримовнинг олдига қўйди.

-Каминанинг боши оғримайди. Оғриса ҳам дориси бошқа, -дея ҳазиллашган бўлди Каримов.

Миртемир депутатлардан келган бир шикоятни қўлида олиб келганди. Кўрсатсамми, кўрсатмасамми, деб ўйлади. Кўрсатаман, агар Мақсад Қулга қилган жавобини менга ҳам такрорласа, бу ишга нуқта қўяман, деб ўйлади.

-Жиззах вилояти раҳбари Турсиновнинг қилмишлари ҳақида сўров тушган. Халқ назорати қўмитаси, прокуратура ва Олий кенгаш ҳайъатидан мутахассислар олиб, текширишга юборсак. Чунки жиддий айблов қўйилган,-деди.

-Ука, мен ҳеч кимга ишонмайман. Бу ишнинг бошида ўзингиз туринг. Турсиновнинг қилмишлари ҳақида жуда кўп хабар олаяпман. Бу ишни кимга ишонсам, барибир Турсиновнинг тузоғига илинади. У ҳар қандай одамни сотиб олади. Вилоят аҳлининг қонини зулукдек симирмоқда. Ўзингиз бориб, текшириб келинг, шармандасини чиқариб, олиб ташлаймиз. Халққа адолатни кўрсатишимиз керак. Халқ биздан бошқа нарса эмас, адолат кутмоқда. Текшириб келинг, аввалига яхшилаб фельетон қиламиз, кейин эса муҳокама қилиб, ишдан олиб ташлаймиз, сизнинг фаолиятингиз ҳам ўшанда кўзга кўринади. Иложи бўлса бугуноқ йўлга чиқинг…

39.ТОПШИРИҚ

Миртемир жиззахлик миллатвакили Мели Қобуловга сим қоқди:

-Вилоятингиздан юздан зиёд оқсоқол имзо чеккан шикоят бор. Шуни текширишда сиздан ёрдам олмоқчи эдим.

-Нима ҳакда ёзишган экан? -деб сўради Мели.

-Вилоят раҳбари ҳақида,-дея жавоб бераркан, Миртемир кўнглидан ўтган саволни ҳам сўрай қолди. -Нега вилоят раҳбари ҳақида нафақахўр оқсоқоллар ёзиб юришибди?

-Миртемиржон, овора бўлманг, ипнинг учи Каримовга бориб тақалади. Менинг ҳузуримга ҳам ўнлаб жабрдийдалар келдилар. Текширдим, текширтирдим шикоятлари тўғри. Кейин жумҳурият прокуратураси, Халқ назорати қўмитаси, Олий кенгаш ҳайъатига чиқдим. Оқибат, ҳозир менинг ўзимни кузатиб юришибди. Мени сессияда сайратган, номимни шикоятчига чиқарган ҳам шу масала. Аввалига сотиб олишга уринишди, кейин қўрқитишди, бу ҳам ишларига ярамади, сўнгра олдинги иш еримдан “Бунинг ақли жойида эмас, шу боис ҳайдалган” деган ҳужжат қилдириб газетага ёзишди. “Шпион” деган лақаб ҳам қўйишди.

-Ҳа, Олий кенгаш сессиясида гапирганингиз шу масала эдими? У ерда сизни вилоят кенгаши мажлисидан ҳайдаб чиқаришганини айтгандингиз…

-Биласиз, мен вилоят кенгашининг ҳам депутатиман, шу боис масалани олдин кенгашда кўтариб чикдим. Лекин гапиртиришмади. Агар орқаларида Каримовнинг ўзи турмаганида арқони узилган ҳўкиздек ҳаракат қилмаган бўлишарди.

-Мен Каримов билан гаплашдим, бу масалани охирига етказишимни сўраяпти-ку?

-Ундай бўлса жумҳуриятдаги барча ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралардан мутахассислар олиш керак. Агар бу ишни бир ўзингиз текширадиган бўлсангиз, сотиб олишга ҳаракат қилишади, сотиб ололмасалар “саккизта машина” сўраганга чиқиб қоласиз.

-Саккизта машина деганингиз нима?

-Хабарингиз йўқми, вилоят раҳбарлари менга пора учун саккизта машина сўради, дея туҳмат қилишди. Ҳозир изимга хавфсизлик қўмитасидан пойлоқчи қўйишган, қариндош уруғларимни ҳам бир-бир элакдан ўтказишмокда.

-Мен сиздан ёрдам оламан десам, ўзингиз ёрдамга муҳтож экансиз-ку? -деди Миртемир Мелига.-Жиззахга борсак, сиз билан ҳам гаплашамиз, маслаҳатингиз керак…

Ҳақиқатдан ҳам Жиззах масаласи тобора чигаллашиб борарди. Миртемир кимга мурожаат этмасин ё текширишда иштирок этишдан воз кечарди ёки хасталаниб қоларди ёхуд бошқа бир муаммо ўртага чиқарди. Шу боис девондан, Олий кенгаш раёсатидан ва ҳуқуқ идораларидан вакиллар олиб ўзи Жиззахга борди. Вилоят раҳбарларини Олий кенгаш мажлисларида кўргани учун узокдан танирди. Жиззахга келгандан сўнг уларни дарров “кашф” этиб қўя қолди. Вилоятнинг биринчи раҳбари Турсинов унга :

-Ука, мен бу ерга бошқа жойдан келганман, ижроқўм раиси бошчилигида бир гуруҳнинг туҳмати остида қолдим. Улар вилоятни симиришмоқда. Мен эса йўлларига тўғоноқман, маҳаллийчилик қилишаяпти, -деди.

Миртемир биринчи котибнинг бошқа гапларига ишонмаса-да маҳаллийчилик тўғрисидаги сўзларига ишонди. Бу бизга қўндоқда теккан иллат, деб ўйлади у. Боболаримиз буюк императорликлар қурганлар, илм сирларини очганлар, юлдузларга йўл топганлар, лекин маҳаллийчиликка келганда дар қолганлар. Наҳотки бу миллатимизнинг қонида бор?!

Талабалик йиллари “Сурқаш”, “Самбух”, “Фан” каби номлар бўларди. Бу талабаларнинг қайси вилоятдан келганини билдирувчи парол эди.

Кейинчалик пойтахтда ишлар экан радиода ишлайдиган Зайниддин ака унга “Келгинди” деганида юрагининг бир парчаси узилиб тушгандек бўлганди. Биз қачон ана шу хасталикни енга олсак ўшанда катта миллатга ва катта давлатга айланамиз. Акс тақдирда чумолидек инимизнинг бошида уймалаб қолаверамиз. Ҳатто бир туманга борсанг ҳам, бир қишлоққа борсанг ҳам маҳаллийчилик илон каби оёғинг остидан чиқади. Мана булар эса маҳаллийчиликнинг илдизини яшнатишади-да, кейин ўзлари шикоятчи бўлишади. Миртемир хаёлидан йилт этиб ўтган бу фикрни таҳлил тарозисига қўйишни бошқа пайтга “отди”-да:

-Бўлиши мумкин, -деди босиқ сасда,-Лекин мана бу иддаоларни охирига қадар текширишимиз керак. Баъзилари аллақачон тасдиқланди. Масалан, гўшт комбинатига жиноятчилик қилган, ўн йил ҳукм олган ва қамоқдан қочган узоқ қариндошингизни бошқа вилоятдан олиб келиб, мудир қилиб қўйибсиз ёки давлат ҳисобига қурилган болалар боғчаси биносини ёш бир қизга ҳовли қилиб берибсиз…

Турсинов ўрнидан туриб, қизариб-бўзарганча бир нималар демоқчи бўлди, лекин тили айланмади. Хонада у ёкдан бу ёққа бир-икки бориб келди-да, Миртемирнинг қаршисида ўтирди:

-Нархини ошириб юбораяпсиз. Кўнглингиздагини айтинг!-деди.

Миртемирнинг бошига яшин тушгандек бўлди.

-Мен сизни тушунмадим, нима деяпсиз ўзи?-деди у .

-Мен ўғил болача гапиришни яхши кўраман. Бу ишга нуқта қўяйлик. Ўша нуқтанинг баҳосини айтиб қўя қолинг.

Миртемир узоқ йил газетада ишлагани ва ҳар турли одамлар билан рўбарў бўлгани учун ўзини тутиб қолди. Турсиновга қараб жилмайганча ўрнидан турди ва:

-Нуқтани халқ қўяди,-деди киноя билан.

-Ундай бўлса сиз вергул билан битирасиз ишингизни ва ўзингиз ҳам вергулга айланиб қоласиз,-деди заҳарханда жилмайиш билан Турсинов.-Бизнинг тўқмоғимиз остидан ўтганлар албатта вергулга айланишган. Сизга ўхшаб юрагим деб, ўпкасини ҳовучлаб юрганларни кўп кўрганмиз. Сессияда Ислом акага қарши гапирганингиз унутилди, деб ўйлайсизми? Истасам, Жиззахда ё пора билан ё гиёҳванд модда билан қўлга тушираман. Аммо биринчи сафар кечирдим. Бориб ўйлаб кўринг, фикрингиз ўзгарса, нуқтанинг баҳосини айтасиз. Мен сизнинг ундов бўлиб қолишингизни истайман…

Миртемир расмиятчилик учун вилоят раҳбари билан учрашганди. Унинг “образли” гапларига эътибор қилмайман деса-да, бу оғир гаплар хаёлининг бир бурчини тарк этмасди.

Аввалига вилоят раҳбари билан нега учрашдим, дея ўзини қийнади. Сўнгра ҳеч бўлмаса унинг кимлигини ўргандим, деб ўзини овутди. Турсинов каби раҳбарлар билан кўп учрашди, лекин бундай безбетига илк бор рўбарў келди. У бундай таври билан ўзини кўрсатмоқчи бўлдими? Ёки орқасида катта тоғ борлигига ишорат қилдими? Агар Каримов билан ораларида булбул сайраса, нега Каримов уни бу қадар ҳақорат этди? Ахир Каримовнинг ўз қардошига ҳам ишонмаслигини, ҳатто билмасдан оёғини босиб қўйса севган дўстидан ҳам кечиб юборишини наҳотки билмаса? Йўқ, билади, бунинг аҳволи жони узилаётган одамни эслатади. Жони чиқишидан олдин оёққа қалқиб, ҳаётга ташналигини кўрсатишга интилади инсон. Бу ҳам “ўзини” кўрсатаяпти. Балки орқасида бошқа куч бордир? Бу куч балки Каримовдан ҳам оғир босар? Аслида унинг таъзирини бериб қўймоқ керак эди-ю лекин булар ади-бади айтиб ўтиришга арзимайдиган одамлар. Уларга сиз яхши, сиздан тўнғизим яхши қабилида иш тутиш керак. Бунинг устига булар ўзларини қутқариш учун ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдилар…

Миртемир шикоятчиларни қабул этаркан, шом иниб қолган бир пайтда уни қўшни хонада телефонга чақиришаётганини айтишди. Каримовнинг ёрдамчиси Крайнов экан, салом-аликдан кейин:

-Ислом ака илтимос қилдилар, Муборакка бориб икки дўстингизни яраштириб келар экансиз, -деди.

-Муборакда менинг дўстларим йўқ-ку? -дея ажабланди Миртемир.

-Нега ундай дейсиз.? Ибод Тўра яқин дўстингиз, Жума Бек эса университетда бирга ўқиган курсдошингиз.

-Ибод Тўрани танийман, ижроқўм раиси, миллатвакили, лекин Жума Бек ким?

-Жума Бек райкомнинг биринчи котиби, Сиз билан бирга ўқиган. Ибод Тўранинг ўттизга яқин йигити очлик эълон қилган. Ислом ака Сизга ваколат бердилар, ким айбдор бўлса уни ишдан четлаштиришни таклиф қиласиз ва вилоят раҳбарлари дарров ижро этишади.

“Очлик қилишаяпти” деган гапни эшитган Миртемир ҳақиқатдан ҳам масалани фавқулодда жиддий, деб ўйлади.

Дарҳақиқат, Муборак масаласи икки йилдан буён Каримовнинг ҳам, жумҳурият ташқарисидаги матбуотнинг ҳам кун тартибида. Лекин шу дақиқада Миртемир Жиззахдаги ишни чала ташлаб кетгиси йўқ. Бу ишни охирига етказишга қарор қилганди. Агар кетиб қолса, у билан бирга келган текширувчиларнинг ҳоли нима бўлишини яхши тасаввур қиларди. Шу боис Муборак масаласини икки кун кейинга қолдирмоқчи бўлди. Кечки овкат пайтида текширувчиларга:

-Икки кундан кейин пойтахтга қайтамиз. Шу боис текширишни бироз тезлаштиришларингизни сўрайман,-деди.

-Икки кун у ёқда турсин, икки ойда ҳам натижа олишимиз қийин. Менинг қўлимда дом-дараксиз йўқолган ўн икки кишининг исми-шарифи бор. Уларни миршабхонага қадар келтиришгани ҳақида маълумот берувчи гувоҳлар бор. Лекин миршабхонадаги барча ҳужжатларни вилоят раҳбарлари талаб қилиб олишган. Сўрасак, ҳар турли баҳона кўрсатишаяпти,-деди улардан бири.

-Биз ревизия қилиш учун келмадик,-деб жавоб қилди Миртемир.-Бизнинг мақсадимиз шикоятларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини, сиёсий хулосани айтишдир. Йўқолган инсонларнинг вилоят раҳбарлари ҳақида шикоят ёзганлари ва бир кун миршабхонага келтирилганлари биз учун етарли ҳужжат. Уларнинг қисматлари ҳақидаги далилларни ўртага чиқариш эса иккинчи этапда амалга ошади. Ҳозирги раҳбарлар турган экан, икки ой эмас, икки йилда ҳам кўртугунни ечолмаймиз.

Миртемирнинг бу гапига вилоят ҳокимлигидан ҳайъатга қўшилган киши эътироз билдирди:

-Нима, Сиз раҳбарларимизни айбдор, деб ўйлаяпсизми?

-Биз суд ёки қарор берувчи мавқе эмасмиз, лекин ҳайъатнинг йўлига тўғоноқ қўйилаётгани кўриниб турибди,-деди Миртемир.

-Сиз бу соатдан эътиборан текшириш ҳайъатининг бошида эмассиз. Ислом ака Сизга бошқа иш буюрди,-деди вакил жаҳли чиққанини очиқ намойиш этиб.

-Ислом ака бу ҳақда Сизга ҳисоб бердими?

-Ҳисоб бериб-бермаганини ўзингизга айтади. Бизга эса сизни Муборакка кузатиб қўйиш айтилган.

-Ғамхўрлигингиз учун раҳмат, -деди-да Миртемир ҳайъат аъзоларидан йиғилган ҳужжатларни олиб, уларга қарата ҳар ҳолда сизларни ҳам пойтахтга кузатиб қўйишса керак, шундай эмасми? – деди. Кейин вакилга юзланганди у:

-Бу қоғозларни йиғишингизга ҳам ҳожат йўқ,-деди.

-Бунга эса мен қарор бераман! Қолаверса, Муборакка эмас, ҳайъат билан пойтахтга бораман, -деди Миртемир ўчакишиб.

Миртемир ади-бади айтиб ўтиришни истамади. Хонадаги биқиқ ҳаво уни бўғаётганди. Бўйинбоғини бироз юмшатиб, кўйлагининг юқори тугмасини очди-да ташқарига чикди. Зим-зиё қоронғулик вилоят меҳмонхонасининг ҳар тарафини қоплаб олганди. Онийдан эсган саррин шабада Миртемирнинг ҳорғинлигини юлиб кетгандек бўлди. У бироз енгил тортиб қоронғулик томон одим отди. Саррин шабаданинг бўғзига қадар оқиб кираётгани ва ортга қайтаётганини ҳис этди. Чуқур-чуқур нафас олди, лекин ҳаво бўғзидан нарёққа ўтмаётганди. Ҳаво ҳам “тўни”ни тескари кийиб олганга ўхшарди. Миртемир ана улар билан ўчакишиб ўтирмадим,  энди ҳаводан ўпкалайманми, дея ўйлади-да ортга қайтди. Шу пайт қоронғуликда, қаршисида биров турганини сезди. Ким бўлдийкин? Миртемир ўша томонга қараб турганди:

-Илтимос, оқшомги овқатни еманг, иложи бўлса бу ерда қолманг, -деди кимдир пичирлаб ва кўздан ғойиб бўлди. Бу четдан келган одам эмас, деб ўйлади Миртемир, чунки вилоят меҳмонхонасининг ҳовлиси қўриқланади, бунинг устига четдаги одам бу ердаги воқеалардан қандай хабар топсин? Бу ердан кетишимга ишонишмаганга ўхшашади, шу боис қўрқитишмоқчи.

Миртемирнинг хаёлини вакил бўлди.

-Ака, чойимиз тайёр… -Вакил ҳийла юмшаб колганди.

-Чой ичиш йўқ!-деди Миртемир.

-Аввал бир пиёла чойимизни ичасиз, кейин Муборакка борадиган машинамиз билан йўлга чиқасиз. Агар Сизни кузатиб қўймасак, бошимиз кетади. Чунки Муборакда одамлар очлик эълон қилишаётган экан. Уларнинг тақдирини Сизга ишонишди… Боя бироз қўполлик қилдим, одоб чегарасидан чиқдим, асаб тамом бўлган, ака, айбга буюрмайсиз…

Туллак, деб ўйлади Миртемир, буқаламун ҳам сенга ўхшаганларнинг ёнида ип эшолмайди. Ҳар сонияда турланасан. Аммо нега пойтахтга боришимни истамаяпти булар? Балки бирор режалари бордир? Аввал Муборакка телефон қилиб, Ибод Тўрадан вазиятни ўрганишим керак. Сўнгра Каримов билан гаплашиб, бу текширишни охирига қадар етказиш муҳимлигини тушунтиришим лозим.

Миртемир Ибод Тўранинг уйига сим қоқди. Унинг пойтахтда эканлигини айтишди. Кейин Крайновга телефон қилди. Крайнов Каримов уйига кетганлигини айтиб, маслаҳатчи Зиёмовни боғлади.

-Ислом ака менга бу ишни назорат қилиб туришимни айтдилар. Сизни аллақачон Муборакка етиб борган деб ўйлагандик. Вазият жиддий, райкомнинг биринчи котиби бу кеча ухламасдан Сизни кутади.

-Жиззах нима бўлади? Бу ердаги ҳайъатни орқага чақириб олишни ким буюрди? -Гарчи бу хусусда Миртемир узил-кесил хулосага эга бўлмаса-да, воқеаларнинг ривожидан ҳайъатни чақириб олиш буйруғи берилганини тахмин қилди.

-Ислом аканинг ўзлари буюрдилар. Қўлингизда тўплаган далиллар бўйича ҳисобот ёзиб берар экансиз. Иш пишиб қолган, яқинда бориб сессия ўтказиб, вилоят раҳбарини бўшатиб келар эканлар. Муборакда эса вазият жиддий, Сиздан шахсан илтимос қилдилар, -деди Зиёмов.

Миртемир йўлга чиқаркан Мелини четга тортиб:

-Қўлингиздаги барча ҳужжатларни олиб, ҳафта охирида пойтахтга келинг, ҳисоботни биргалашиб ёзамиз, -деди.-Аммо пойлоқчилардан эҳтиёт бўлинг, буларнинг қўлидан ҳар қандай иш келади.

-Сизнинг ҳам Муборакка боришингиз тўғри бўлмаяпти. Менга йўл кўрсатиб, ўзингизга қолганда хавф-хатарни ўйламаяпсиз.

Миртемир Мелига маънодор боқди-да, машина ёнида турган вакил билан хайрлашиб, йўлга чиқди. Йўлда шофер йигит билан ҳангома қилиб борар экан, унинг миршаблигини билиб олди.

-Йўлимиз мен туғилган шаҳардан ўтади. Бизнинг уйда тунаб қолсак, саҳарлаб йўлга чиқиб, эрталаб етиб борамиз,-деди у миршабга.

Миршаб кўнмади:

-Сизни чегарада кутиб олишади, мен эса қайтиб келиб, рапорт беришим керак.

Миртемир миршабни кўндириш осон бўлмаслигини тушунди-да:

-Ундай бўлса, ярим соатга тўхтаб бир пиёла чой ичамизда, йўлимизда давом этамиз,-деди.

-Имкони йўқ. Орқамизда одамлар бор. Кейин бошим балога қолади. Сизни соғ-саломат манзилга етказишим керак.

Миртемир ўзи туғилган шаҳарга қадар индамай борди. Воқеаларни қайта-қайта таҳлил этди. Булар бирор бир аварияни кўзга олдиларми, деб ўйлади у. Ёки авария баҳонасида ҳужжатларни олишмоқчими? Агар мени текширишдан узоқлаштирадиган бўлишса, пойтахтга чақириб қўя қолишарди. Йўқ, Каримов бу ишни силлиққина ҳал этмоқчи бўлган. Булар эса хол қўйишаяпти. Каримов мени Муборакка юбориб, бошқа иш билан чалғитмоқчи ва Жиззахни унуттирмоқчи бўлган. Каримовнинг бу “силлиқ” режасини бажариш учун булар “қўлидан келгани”ни қилишмокда. Менимча авария ҳам йўқ, ҳужжатларни ҳам олиш йўқ. Буларга вақт керак. Лекин ана шу вақт нима учун керак? Нега бирданига бундай вақт керак бўлиб қолди? Агар вилоят ҳокимини ишдан олишга қарор қилинган бўлса, бу вақтга ҳожат йўқ. Лекин нега, нега керак бўлди бу вақт?

Миртемир вақт жумбоғини ечолмай ҳалак эди. Шу боис машина аллақачон шаҳарни четлаб ўтганини ҳам сезмай қолди. Миршаб айтганидек, чегарада кутиб туришган экан. Миртемир вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосарини таниди. Илгари ҳам бир маротаба келганди, ўшанда танишгандилар. Тортишувни яхши кўрадиган одам. Агар раҳбарларни ҳимоя қилиш керак бўлса, бутун ақл-идроки, мантиқ-махфиратини ўртага қўйиб тортишади, уларни ҳимоя қилади. Демократияга тиш-тирноғи билан қарши. Миртемир уни илгари узоқ йиллар прокурор бўлиб ишлагани учун “тош”га айланиб қолган деб ўйлаганди. Чунки тартиб-интизом ҳақида гапирар экан, “тартиб” сўзининг олдига “қатъий”, “интизом” сўзининг олдига эса “темир” калималарини қўшишни ҳеч унутмасди. Каримов шу вилоятда раҳбар бўлган, балки ўша пайтда унинг номини ён дафтарчасига ёки хотира китобига ёзган бўлиши мумкин. Балки бу йигитнинг ўзи Каримовнинг феълу фитратини яхши ўрганиб, унга мослашган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Хуллас, нима бўлганда ҳам Миртемирнинг қаршисига яна бир “девор” чиққанди.

Улар чегарадан вилоят марказига эмас, тўғри Муборакка қараб йўлга чикдилар.

-Ибод Тўра пойтахтда экан, борганимиз билан у бўлмаса, нима қиламиз?

-Ибод Тўрани ишдан бўшатдик. У шикоятга кетган. Бугун Каримов билан учрашди. Ислом акам унинг таъзирини бериб қўйдилар, энди бу ерларга қайтиб келмаса керак.

-Ҳеч нарсада адашмасангиз ҳам бу хусусда адашдингиз. Чунки Ибод Тўра ўжар, ўжар бўлганда ҳам ҳеч йўлдан қайтмайдиган ўжар…

Миртемир шундай деди-да, ҳамсуҳбатининг жавобини кутмасдан хаёлга берилди. Ибод Тўранинг номини илк бор “Озодлик” радиосидан эшитганди. Сайловлар арафасида ҳам шаҳар кенгашига, ҳам Олий кенгашга номзодини қўйганди. Ўшанда шаҳардаги газни қайта ишлаш заводи русларнинг қўлида бўлгани ва шаҳардаги хонадонларга атайлабдан газ берилмаганини айтганди. Сайловдан кейин уни ижроқўм раиси этиб сайлашди. Биринчи қилган иши миршабхона ва прокуратурадаги коммунистик партия шўъбаларини тарқатиб юборди. Бу коммунистик партиянинг бошида турган Каримовга қарши исён эди. Исён бўлганда ҳам икки карра исён эди. Чунки Москва газеталари “Каримов жумҳуриятда илк зарбани ўз вилоятидан олди”дея ёзишди.

Вилоят раҳбарлари ҳам типирчилаб қолишди, чунки улар миршабхона ва прокуратурани партия йўли билан қўлда тутардилар. Ибод Тўра эса бу идораларни уларнинг қўл остидан чиқариб, ўз назоратига олди. Бу орада шаҳарда хусусий телевидение очиб, ҳамма нарсани ошкоралик йўли билан ҳал қила бошлагани маълум бўлди. Ўшанда Каримов бу телевидениени ёпиб ташлагани боис Ибод Тўра Олий кенгашнинг Миртемир ишлаган қўмитасига шикоят қилиб борганди. Миртемир вилоятга келиб буйруқ ҳам, ижрочилар ҳам теппадан келганини ўрганди ва масалани қўмита мажлисига олиб чиқди. Лекин қўмита раиси Эркин Воҳидов бу ишни хўржинга ташлади.

-Кимлар очлик қилган экан? -дея хаёл суриб бораётган суҳбатдошидан сўради Миртемир.

-Уҳ-ҳу, бундан ҳам хабарингиз бор-ку?

-Хабаримиз бўлмаса, нимага бораяпмиз?

-Сизни райкомнинг биринчи котиби таклиф қилган, курсдошингиз экан. Бир пиёла чойини ичамиз. Қолган масалани эса ўша ерда гаплашамиз. Очлик қилганларга келсак, Ибод Тўранинг ижроқўм аъзолари очлик қилишмоқчи эди, лекин йўл қўймадик. Чунки қонунларимизда “очлик қилиш мумкин” деган жойи йўқ. Бунинг устига улар очлик қилишдан аввал бир қоп нонни қуритиб олишибди. Нима эмиш? Қуритилган нон ейиш овқат ейишга кирмасмиш. Ҳа, баччағар, очлик қилсанг, ҳеч нарса ема! Қотган нон еб, сув ичиб, яна очлик қилаяпман, дейишинг, исён эмасми?

Миртемирнинг авзойи бузилди. Қандайдир ўйин ўйналаётганини сезарди-ю лекин бу ўйиннинг ип учини тополмаётган эди.

Ҳа, Миртемир қанча ўйламасин, бу ўйиннинг ип учи унинг хаёлига келмасди. Чунки бу ўйин Каримовнинг хаёлига ҳам тасодифан келганди. Яъни сарой аъёнлари томонидан Каримовнинг фикрига суқилганди бу ўйин.

40. ЎЙИН

Турсинов аввалига ўзи билан ўзи олишди: Нега унга қўпол муомала қилдим? Булар ҳали ёш бола, ниҳолдек гап, қаёққа эгилтирсанг ўша томонга қараб ўсади. Ширин гап билан илон инидан чиқади, деганлар. Йўқ, ёлғон гап. Ширин гап билан сеҳргар ҳам илонни инидан чиқара олмайди. Балки мақолни нотўғри ўйлагандирман? Аслида ҳамма нарсани очиқ гапириб тўғри қилдим. Игначининг минг ургани, темирчининг бир ургани. Ё йўлимга соламан, ёки пачақлаб ташлайман. Бундайларни ўйин билан синдириш керак. Шохидан қўрқсанг кейинчалик думидан ҳам қўрқадиган бўласан. Лекин ҳозир гап Каримовга боғлиқ. Миртемирнинг калити ҳам Каримовда.

Ҳа, аслида Каримовни яхши билар ва унинг Миртемирни жазолашига ишонарди. Шунинг учун ҳам бир йўлини қилиб унга ёқиб қолиш учун Миртемирни “пушкага” олди.  Шунинг учун  Мавлонга телефон қилди:

-Мавлонжон, бу ишни тўхтатинг, бошингиздан олтин сочаман.

-Акажон, олтиндан шашлик пиширамизми? -юмшоқ ҳазил қилди Мавлон.

-Олтинлар Ҳалима опага қолсин, Сизга ўзим қўй сўйиб, қуйруқли шашлик қилиб бераман.

-Шашликни мен ейман-у лекин ана у илон жирканади.

Мавлон Темур Алимов билан чиқишмас эди. Мавлон Алимовни “Илон”деса, Алимов уни орқаваротдан “Чаён” дерди. Бошқалар эса ҳар иккаласини мажлисларда ёнма-ён кўриб, Каримовнинг “Илон-Чаён”лари дея писир-хисир қилишарди.

Каримов Мавлонга кадрлар масаласини, Алимовга эса ҳуқуқ-тартиботни топширганди. Иккаласини бир-бирига қайраб қўйган ҳам Каримовнинг ўзи.

Мавлонга: “Ана у “Илон”дан кўз-қулоқ бўл! Миршаблардан пора олаётган экан. Бунинг устига ҳамма ёқни тошкентликлар билан тўлдириб юборди. Ўзига сездирмай қилмишлари ҳақида ҳужжат тўпла” дерди.

Алимовга эса: “Ана у “Чаён”га ишонгандим, лекин топиб келган кадрлари бир пулга қиммат. Хотинининг бўйнидаги товокдай-товокдай келадиган зебу-зийнатлар ҳам эри оёғини тўғри олмаётганини кўрсатади. Унинг ҳар бир қадамидан мени хабардор қилиб тур” дерди.

Бу орада “Ҳеч кимга айтмаслик шарти билан” Алимов тўплаган ҳужжатларни Мавлонга, Мавлон тўплаганларни эса Алимовга кўрсатиб қўярди. Ҳар иккиси ҳам Каримовнинг “содиқ”лигидан ўзларини қушдек енгил ҳис этишсада душманлари қаршисида ҳамлага отилган йиртқичга айланишарди. Шу боис ҳар иккаласининг ҳам юрак остидаги адоват уруғи аллақачон ниҳолдан улкан дарахтга узанганди.

Гарчи хоналари бир қаватда, ҳатто эшиклари қарама-қарши бўлса-да, баъзан эрталабдан оқшомга қадар юз кўришмасдилар. Лекин Мавлоннинг хонасидан пашша учса ўтса,  Алимов пайқар, Алимовнинг деразаси очилиб-ёпилса Мавлоннинг дафтарида қайд этиларди.

Бир куни Алимов сафарда аварияга учради. У хастахонада ётар экан, Каримов Мавлонни чақирди:

-“Илон” яримжон бўлиб қолди. Бунинг устига ётган жойида ҳам мансаб сотаётган экан… Дарвоқе, бу хусусда сенда ҳам бирор гап борми? Қулоғингдан қочадиган гап йўқлигини биламан, шунинг учун ҳам бошқалардан эшитганимга ишонмай сен билан муҳокама қилаяпман.

Мавлон жуда ҳуркоқ, оғзига занжиртўр солинган итдан ҳам қўрқарди. Болалигида доим чўпонларнинг итлари билан ўйнарди. Бир куни таёқ билан итнинг тумшуғига урганда, у шанғиллаганча ўзини Мавлоннинг устига отди. “Чўпон амаки” келиб қутқариб олмаганда, бир жони еттита бўларди. Ўшандан буён итнинг акиллашини эшитса, оёғи қалтирайди. Аввал бошининг энг тепа нуқтаси жимирлайди, сўнгра минг-минг чумолилар бошидан оёғига, оёғидан бошига югуради.

Худди ана шу ҳисни Каримовнинг ҳузурига кирганда ҳам такрор-такрор яшайди. “Нега?” дея ўзи-ўзидан сўради бир неча марта, лекин жавоб беролмади. Мансабдан отилишдан қўрқадими? Ёки сирлари очилиб қолиши безовта этадими? Балки Каримов дўппослаб қолишидан ҳуркийдими? Хуллас, ҳозир ҳам вужуди жунжикиб, икки қўлини олдинга олганча тахтадек қотиб қолди. Жилмайишга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, лаблари музлаб қолгандек, ҳатто сохта тиржайиш учун ҳам майл бермас эди.

-Ўтир, -деди Каримов унга.

У Каримовнинг унча-бунчага ўтир демаслигини яхши билади. Фақат бирор нарса ёздирмоқчи бўлсагина “ўтир” дерди. Аксига олиб Мавлон қўлидаги кундалик дафтарини Крайновнинг ёнида унутди. Бирдан қўрқув босди уни. “Нима қиламан энди?”, деб ўйлади. Қандай қилиб “Мен қабулхонада кутиб тургандим, бирданига Сиз чиқиб қолдингиз. Дафтарни олишга ҳам улгурмадим”, дея олади. Музлаб турган бадани бирданига оловнинг ўртасига тушиб қолган одамнинг вужуди каби жизирлай бошлади. Сочларининг остидан сизиб чиққан тер ёноқларига қадар ирмоқчалардек оқиб келди. У ҳозир бир томчи тер столнинг устига оқиб тушса, ҳаётим тамом, деб ўйлади-да, чўнтагидан рўмолчасини олмоқчи бўлди. Лекин қўли унга бўйсунмади. Шу пайт вужудида бошқа бир ўзгаришни сезди. Аввал кўкрагида пайдо бўлган муз бир зумда сочларининг остидаги терга қадар етиб борди. Баъзан Мавлон ана шундай ҳолатларни яшагандан кейин “юрак дегани хўп бақувват бўлар экан” деб ўйларди, аммо духтирга бориб назоратдан ўтишга вақт тополмасди ёки “Илон”нинг “Мавлон хасталанибди”, дея гап тарқатишидан ҳайиқарди.

-Нима мендан яширадиган гапинг борми? Ёки “Илон”нинг боши эзилди, деб елкангдаги тоғни улоқтириб юбордингми?

-Й…ў…қ! -деди Мавлон тили айланмай.

Қўл остида ишлаган кишиларнинг бундай ҳолати Каримовга ёқарди. У ҳамманинг ана шундай қалтираб туришини истарди. Шу сабабдан баъзан-баъзан уларни рағбатлантириб турарди.

-Қани укажон, бир бошдан шошмасдан гапиринг-чи.

Каримовнинг бундай юмшаши гарчи сунъий бўлса-да, Мавлоннинг жонига ора кирди. Икки оғиз ширин гап унинг музлаб ётган вужудини эритди ва томирларига дармон югургандек бўлди. Айланмаётган тили ҳам ўз-ўзидан ҳаракатга келди.

-Ҳалиги, Ибод Тўранинг ишини ётган жойида тўхтатиб қўйибди…

-Қайси ишини?

-Сиз Зокир Алматовга бир топшириқ берган экансиз, ўшани тўхтатибди.

-У топшириқни сен қандай билдинг?

-“Илон”бутун маҳаллага ёйганга ўхшайди. Ибод Тўрага суиқасд…

-Ўчир товушингни! Суиқасд-муиқасд деган гапни эшитмайин. У “Илон”нинг ўзига суиқасд қилиш керак! Вой, аблаҳ! Вой, эшак! Вой, энағар! Сени одам деб юрсам, ростдан ҳам илон чиқиб қолдинг-ку! Ё ўлишингни билиб кафанингни олтиндан қилмоқчи бўлдингми?

Каримов столнинг устига зарб билан урди-да, Мавлонга юзланди:

-Ҳозироқ қарор ёзиб кел, “Илон” ишдан қувилди. Ўрнига одам топ, духтирларга айт, ҳукумат касалхонасидан қувишсин. Бориб битхонада ётадими, отхонада ётадими, ўзи билади. Аммо назоратда тут. Менга унинг ўлиги эмас, тириги керак. Уни ўлгандан баттар қиламан.

Мавлон Каримовнинг хонасидан чиқар экан, юраги ҳам қинидан чиқаётгандек эди. У катта тоғни ковлаб, ташна одамларга сув етказган одамлардек шод эди. Бу онийдан келган ғалаба шу қадар эсанкиратди-ки олтинчи қаватдан бешинчи қаватга тушадиган зинада оёғи қайрилиб кетди. Бир умбалоқ ошиб тушса-да, ҳеч нарса бўлмагандек шарт ўрнидан туриб, хонасига қараб оқсаб-оқсаб югурди. Ўшанда қабулхонада Миртемир ўтирганди. Мавлон югуриб келиб уни қучоқлади:

-Жўражон, табриклайман! Ўзимни ҳам, Сизни ҳам, халқимизни ҳам! Балодан қутулдик. “Илон”кетди, бутунлай кетди, онасиникига кетди…

-Нима, авариядан кейин ўлдими? -дея ажабланиб сўради Миртемир.

-Ўлмасдан беш баттар бўлди. Ишдан қувилди. Ҳозироқ қарор ёзиб, қўл қўйдириб келаман. Шу сабабдан узр, менга бироз вақт беринг.

-Астағфируллоҳ ! -деди Миртемир.-Узрга ҳожат йўқ. Мен шошмаяпман.

Мавлон оқсаганча қабулхонадан ўз хонасига юрар экан, Миртемирнинг кўзи оғзини юмганча кулаётган секретар қизга тушди. Секретар қизнинг нигоҳлари сирни бой бериб қўйди. Мавлоннинг шими орқа чокидан сўкилиб, ич кийими кўриниб қолганди.

Ўшанда Мавлон дарҳол қарор тайёрлаб Каримовга қўл қўйдириб олди. Фақат Каримов унга “Ҳозирча эълон қилма, эшитганлар ўлмасдан тобут тайёрлашибди” дейишмасин. Касалхонадан чиқар-чиқмас ўрнига бошқа одам тайёрлаймиз”, деди.

Мавлон ишонмаганларга Каримов қўл қўйган қарорни кўрсатиб, мақтаниб юрди. Лекин бир куни Мавлоннинг бошига тош ёғди. У хонасидан чиқаётганди қаршисида “Илон”ни кўриб қолди. Қўлтиғига бир қанча папкани қистириб олган Алимов юқоридан, Каримовнинг ҳузуридан тушиб келаётганди. Мавлон бошининг ўртасига тош билан урилган одамдек эсанкираб қолди. Алимов эса жиддий қиёфада унга қайрилиб ҳам қарамасдан ўз хонасига кириб кетди. Мавлон қанча вақт туриб қолди ўзи билмайди. Эс-ҳушини тўплаганда ёнида ўринбосари турарди.

-Нима гап? -деди у ўринбосарига.

Ўринбосар Алимовнинг хонасига қараб елкасини қисди.

-Бу касалхонадан қачон чиқди?

-Билмадим, -деди ўринбосар.

Мавлон орқага қайтди-да Крайновга телефон қилди.

Мавлон Крайновдан бирор нарса сўрамасиданоқ жавоб олди:

-Ислом ака имзоланган қарорни олиб, йиртиб ташлашимни сўрадилар.

-Нима бўлди ўзи?

-Ҳар ҳолда шўрва эмас, паловга ўхшайди.

-Касалхонадан қачон чиқди?

-Беш дақиқа олдин. Машина юбориб олиб келтирдик.

Мавлон телефон дастасини қўйди-да, кўкрагини ғижимлади. Ранги докадек оқарди. Қабулхонадаги стулда ўтириб қолди. Секретар қиз тортмадан дори олар экан, ўринбосари бир бардоқ сув қуйди. Мавлон дорини ичиб бўлганди ҳам хонасидаги телефоннинг жиринглаши найзадек вужудини тешиб юборди. Бу қора телефон эди. Фақат Каримовгина сим қоқадиган бу телефоннинг саси шу қадар баланд эдики, Мавлон уни пасайтириб қўйишга ҳам ҳайиқарди. У югуриб ичкарига кирди. Каримов узоқ гапирмади:

-Қарорни Крайновга чиқариб бер. Алимов ишини давом эттирсин. Лекин кўз-қулоқ бўл. Вақти келса, тагига сув қуямиз…

Шундан кейин, Алимов билан оралари яна ҳам бузилди. Энди Алимов Мавлоннинг телефондаги гапларини ҳам эшитаётганди. Шу сабабдан Мавлон Турсинов билан очиқ гапириб қўйганидан сесканди. Хатосини тузатмоқчи бўлди.

-Аслида у киши ёмон одам эмас. Ўзингиз гаплашсангиз ёрдам беришлари мумкин. Бизни бир-биримизга қайраб қўйишди. Мен сиз томондаман…

Турсинов Мавлон билан гаплашиб бўлгач, Алимовга телефон қилди:

-Бу гапларни телефонда гаплашмайдилар. Икки соатлик йўл, машинага чиқингда, етиб келинг,-деди Алимов.

Турсинов келганда Алимов уни илиқ қаршилади.

-Мавлон билан орангиз яхшилигини биламан. Аммо иш бу билан битмайди. Менга ҳам кўп ёрдамингиз теккан. Сизни Ислом акага ана у тирранча депутатлар ёмон қилиб кўрсатган. Ҳозирданоқ уларнинг айтгани бўладиган бўлса, кейин ҳолимизга маймунлар йиғлайди.

-Мени қутқазинг. Айтганингизни қиламан. Оғзингиздан чиққаннинг икки қатини муҳайё қилмасам эркак эмасман!

-Майли, у гапларни кейин гаплашамиз. Аввал сизни қутқарайлик. Ҳозир бориб Мавлонга учрашинг, юқорига чиқиб сизни ҳимоя қилсин. Ҳар хил сассиқ гаплардан узоқ турсин. Кейин Зиёмовга учрашинг. Мавлондан сўнг у кирсин, Жўрабеков билан кўришинг. Зиёмовдан кейин Крайнов уни чақирсин, ҳаммасини кўндиринг. Кечқурун нуқтани мен қўяман. Ҳаммаси Жиззахда одамлар сизни исташаётгани, агар ишдан олинсангиз сайловда ҳар турли воқеалар юз беришини, туман биринчилари тинимсиз телефон қилишаётганини айтишсин. Охирида Ислом ака мендан Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизматининг фикрини сўрайдилар. Худо хоҳласа, ошни ўзим сузиб чиқаман.

Турсинов ҳамма билан бир соат ичида учрашиб чиқди. Ваъдаларни қуюқ қилиб,  Жиззахга қайтиб кетди. Бу орада Крайновни ҳам хурсанд қилди. Янги олган уйига “Мираж” деб номланган чет эл мебелини эртагаёқ юборишини имо қилди.

Алимовнинг плани бўйича биринчи Мавлон кириши керак эди, лекин у ботинмади, Жўрабеков билан бирга кирди. Каримов Жўрабековнинг гапларини охирига қадар тингламади.

-Ўша, сизга телефон қилган биринчиларга айтиб қўйинг, Турсинов билан битта камерада қўяман уларни. Ҳаммаси ўз манфаатини ўйлайди.

-Лекин фондга Турсинов ҳам, биринчилар ҳам катта маблағ ўтказишди,-деди Жўрабеков.

-Икки оёқлари бир этикка тиқилганидан кейин ўтказишади-да.

-Булар сўзимизни ҳеч икки қилишгани йўқ.

Каримов Жўрабековнинг кўзларига тикилиб қаради-да, Крайновни чақирди:

-Фондда Жиззахдан бирор бир муаммо борми?

-Йўқ, оталарига раҳмат, айтганимизнинг икки ҳиссаси тушиб турибди.

Каримов Жўрабеков билан Мавлонни чиқариб юборар экан, аниқ бир жавоб айтмади. Кўп ўтмай маслаҳатчиси Зиёмов кириб келди. У бошқа масалаларни гапирар экан, орада Жиззахга ҳам тўхталди:

-Жиззахда мухолифатнинг икки юз-уч юз одами ҳамма ёқни бузмоқда. Шикоятчиларнинг кимлигини ўргандик. Ҳаммаси дор остидан қочган одамлар. Вазият ўзгариб қолиши мумкин. Сайлов арафасида бирор гап чиқиб қолмасин деган ниятда маълумотларни тўпладим. Ижроқўм раиси бу одамларни Турсиновга қарши қайрамоқда. Бу ердаги баъзи депутатларни ҳам қўлга олишганга ўхшашади. Лекин вилоятда Турсиновнинг юки оғир…

Каримов Зиёмовга :

-Майли кўз-қулоқ бўлиб тур, бирор гап чиқиб қолмасин,-деди.

-Биласиз, Жиззахда миллатлараро масала нозик. Кичик бир учқундан алангаланиб кетиши мумкин. Шу боис вилоятнинг икки каттасини ўзингиз келиштириб қўйсангиз, деган илтимосим бор эди.

-Бўпти. Қўлингиздан келмаган ёки бажара олмаган ишингизни менга отасиз,-дея Зиёмовни чиқариб юборди.

Одат бўйича оқшом Алимов бўлиб ўтган воқеалар ҳақида Каримовга ҳисоб берди. Жиззах масаласида алоҳида тўхталди.

-Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг оператив маълумотлари бўйича ижроқўм раиси Олимов фитна уюштирмоқда. Турсинов туманма туман юриб, сайлов ҳозирликларини кўрмокда. Менимча энг юқори овозни шу вилоятдан тўплаймиз. Шу сабабдан сайлов ўтгунча Турсиновни қўллаш керак. У вилоятда чуқур илдиз отган. Сайловдан кейин аввал илдизларини қуритамиз, кейин ўзи ҳақида Сиз нима десангиз ўшани қиламиз.

-Муборакда вазият қандай?

-Очликни давом эттиришаяпти. Изн берсангиз номингиздан Ибод Тўраевни чақирсам…

-Чақиринг, у билан мен ҳам гаплашиб қўяман. У боланинг кўзини очиб қўйишим керак.

-Муборакка Миртемирни юборсак яхши бўларди. У бундай ишларни тинчитишга уста. Зиёмовнинг айтишига кўра, Муборакнинг биринчи котиби Миртемир билан бирга ўқиган.

Каримов бироз енгил тортгандек бўлди, чунки ичини тирнаётган саволга жавоб топганди. У сайлов олдидан қўрққани депутатлар эди. Олдинги сессияда сайлов қонуни орқага олинди. Энди яна бирор бир баҳона бермаслик керак уларга, деб ўйларди. Шу боисдан ҳам бугун маслаҳатчилари ва ҳукуматдаги ўринбосари Жиззах масаласида гапиришаркан, кўнглининг бир четида Миртемирга айтган гаплари турарди. Мана энди Алимов бунинг ҳам ечимини айтиб турибди.

-Мен ҳам Миртемирни Муборакка юборишни ўйлаб тургандим. Бу ташаббусни Зиёмовга сотайлик. Крайнов билан иккаласи ишни хамирдан қил суғургандек, усталик билан бажаришсин. Ўртага бирор бир гап чиқишини истамайман. Хўш, Жиззах масаласини тинчитиш ҳақида қандай таклифингиз бор?

-Сиз нима десангиз ўша бўлади. Биз вилоятларда сессиялар ўтказиб, “обком”ларни ҳокимга айлантириш рўйхатини айтганингиз бўйича ҳозирладик.

-Сайловдан олдин уларнинг бирортасига тегиш керак эмас. Ҳозир Жиззахда Турсиновни ишдан оламиз десак, мансаб кураши бошланади. Бу бутун вилоятларга ҳам тарқалади. Йўқ жойдан бошимизга оғриқ оламиз. Модомики, Жиззахда Турсинов билан Олимов ўртасида муноқаша бошланган экан, темирни қизиғида босишимиз керак. Эртагаёқ вилоятда сессия ўтказиб, Турсиновни ҳоким этиб тайинлаймиз. Агар масалани бир-икки кун орқага ташлайдиган бўлсак, ҳиди чиқиб кетади ва яна шикоятчилар оқими бошланади. Дарвоқе, “Чаён” билан Жўрабековнинг бу масалага алоқаси қандай?

Гарчи Алимов уларнинг бу хусусда Каримовнинг ҳузурига кириб чиққанларини билса-да сар бериб сир бермади.

-Менимча улар аввалига Олимовни қўллашди. Унинг Турсиновни йўқотиб, ўрнини олиш ҳаваси ҳам шундан кейин кучайди. Аммо Жўрабеков вилоятга бориб, биринчилар билан гаплашиб келганларидан кейин Мавлоннинг фикрини ҳам ўзгартирдилар. У киши бу масалаларда объектив ёндашадилар. Шунга қарамасдан қўлимизда Турсиновга қарши етарли далиллар бор. Сайловдан кейин ҳаммасини бир системага тушириб, Сизга бераман.

Каримов қора телефондан Турсиновга сим қоқди. Салом-аликсиз гапира бошлади:

-Оғайни, ишингиз битган. Қўлимизда жуда кўп ҳужжатлар бор. Истасак, эртагаёқ ишдан олиб ташлаймиз. Ўрнингизга ана у Олимовни номзод кўрсатишаяпти, лекин мен рад этдим. Чунки сизнинг содиқлигингизни биламан. Сиз битта кемада эканлигимизни яхши тушунасиз. Ана у депутатнинг текширишларига эса эътибор қилманг. Уларни ҳам алдаб туришимиз керак. Кўз-қулоқ бўлинг, тарафдорларингиз хол қўйиб қўйишмасин. Эртага эрталаб сессияни тўпланг, мен бораман. Қолган гапни ўша ерда гаплашамиз. Алимов етиб боради ва эрталабгача ҳамма ишни пишитинглар. Ижроқўм раисини бўш қолдирманг, кўнглини олишга ҳаракат қилинг…

 

41.ГАГАРИН

Эрталаб Жиззахга олиб борадиган трассани туман қоплаган эди. Каримов бораётган машина “туман чироқ”ларини ёқиб олганига қарамай секин юрарди. Олдинда, орқада ўнлаб машиналарда муҳофизлар, миршаблар.

Каримов Жиззахга етиб келганда, уни вилоят партия қўмитаси биринчи котиби Турсинов ва ижроқўм раиси Олимов кутиб олдилар. Лекин Қизил майдонда мингга яқин одам тўпланганди.

-Булар қаердан хабар топишди? -деди Каримов Турсиновга юзланиб.

-Сиз Жиззахга келганимда ҳаммангизни қабул қиламан, деган экансиз, -дея ижроқўм раисига саволомуз назар ташлади Турсинов. -Тонг саҳардан майдонга тўпланишди. Каримов ҳеч бўлмаса вакилларимизни эшитсинлар, деган шарт қўйишди.

-Шарт-партни йиғиштиринг! Орқа эшикдан кирамиз.

Каримов Жўрабеков ва Мавлонни ёнига олиб, юқорига кўтарилди. Тўғри Турсиновнинг хонасига кирди:

-Сиз ўзи қанақа одамсиз? Бир хотинни қувиб, уйини ўзингизники қилиб олибсиз, болалар боғчасини кўчириб у ерни дам олиш жойига айлантирибсиз, отувга ҳукм бўлган одамни келтириб директор қилиб қўйибсиз, уч марта қамалиб чиққан кишини гўшт комбинатига раҳбар этиб тайинлабсиз…

Турсинов бошини эгганча индамай турарди. Унинг ёнида эса ижроқўм раиси вужудининг оғирлигини гоҳ ўнг, гоҳ чап оёғига ташлаб “кўрдингми?” дегандек Турсиновга масхараомуз тикилаётган эди. Каримов буни сезиб қолди ва:

-Бу жиноятлар фақат Турсиновга тааллуқли эмас, сиз ҳам баббаравар айбдорсиз. Маҳаллийчилик ўйини қилаяпсиз. Четдан келган одамнинг кўзи кўр бўлса, сизники очиқ бўлиши керак. Иккалангизни ҳам бўшатамиз. Чиқинг хонадан,-деди.

-Буларнинг ўрнига кимни тайинлаймиз,-деди Каримов ўрнидан туриб эшикни маҳкамроқ ёпиб қўяркан.

Бу саволга ҳеч ким жавоб беролмади. Шу пайт Алимов папкасидан бир қоғоз чиқарди ва Каримовга узатди.

“Махфий. Фақат Президентга.

Жиззахда сессия мажлиси ўтказиладиган залда Сизга суиқасд уюштирилиши мумкин. Шундай хабаримиз бор, лекин депутатларни бир-бир текшириб киритишга ваколатимиз йўқ. Ҳатто текшириб киритган тақдиримизда ҳам ташқаридан туриб ҳужум қилишлари мумкин. Саҳарга қадар мингга яқин инсонни уйма-уй юриб тўплашди. Бу ишни ижроқўм раиси узоқдан туриб бошқараётган кўринади. Депутат Мели Қобулов эса фаоллардан бири. Шу сабабдан сессия мажлисини бошқа жойда ўтказишни таклиф қиламиз.

Миллий Хавфсизлик қўмитаси.”

Каримовнинг авзойи яна ҳам бузилди:

-Алматов қани?-деди.

-Ташқарида вазият бирдан оғирлашди. Алматов ва одамлари шу иш билан овора.

-Энди овора бўлганини нима қиламан? Шу пайтгача онасиникида ўтирганмиди? Нега тинчитмади? Нега йўлларни боғламади? Қўрқдими? Ёки бу бола халққа ўзини яхши кўрсатмоқчими? Ташқаридаги бу чоллар нима истайдилар? Қулоқни едилар-ку! Ана у Мелибой нима қилиб уларнинг ёнида юрибди? Ўшани ҳам тинчита олмадингизлар. Маҳалла, маҳалла, дейди энағар доим.

-Агар бу чолларнинг йўли тўсилса, жанжал чиқарди. Биздаги хабарларга кўра, улар ҳар нарсага тайёр,-деди Жўрабеков.

-Биздаги хабарларга кўра эса мана бу бинони осмонга учиришмоқчи,-дея Каримов қўлидаги қоғозни Жўрабековга қараб улоқтирди. -Шуни билар экансиз, нега олдини олмадингиз? Қани газета? Уларни шармисор қилиб ёзмоқчи эдинглар-ку?

Каримов Мавлонга “Газетани бер” дегандек қўлини чўзди.

-Тайёр! Ўринбосарим ёзган. Фақат сессиядан кейин босайлик, деб турувдик, -қалтирай-қалтирай жавоб қилди Мавлон.

-После пожара, что ли?! -ўшқирди Каримов.

-Акажон…

-Ҳе, акажонингни… Қани мақола? Ким ёзди, дединг?

-Шароф,-деди Мавлон.

-Шароф Убайдуллаев,-дея тузатди Жўрабеков.

-У ҳам Турсиновни ёмонлаб юрганди-ку?

-Йўғе…-хавотир аралаш сўз қўшди Мавлон

-Бўпти, нима қиламиз? Буларни тинчитишни Алматовга топшириб бўлмайди, ўзингиз назорат қилинг. Одамларни тарқатиш керак,-деди Каримов Жўрабековга.

-Сессияни қолдирсакмикан?-деди Жўрабеков.

-Каллани ишлатиб гапираяпсизми? Эртага ана у оломон пойтахтга боради. Кейин нима қиласиз? Сайлов олдидан ҳаммасини қамоққа тиқасизми? Нима бўлганда ҳам сессияни ўтказамиз. Бошқа жой йўқми? Қани ана улар? Иккаласини ҳам чақиринг.

Турсинов билан ижроқўм раиси шоша-пиша кириб келишди.

-Кечаси сизни одам деб телефон қилибман. Ҳаммаёқ тинч бўлса ҳоким бўласиз дегандим. Йўқ, ҳаммаёқ тинч яхши ўтказамиз дегандингиз-ку? -Каримов ижроқўм раисининг рўпарасига келиб, бармоғини бигиз қилиб унинг кўкрагига тақади:

-Ҳоким бўладиган одам ён верига қарамайдими?

-Оқсоқол, мен ҳоким бўламан демадим-ку?

Каримов қўлларини чўнтагига солиб, хонада у ёкдан буёққа юра бошлади. Кейин ижроқўм раисига қараб заҳарханда кулди. Раис ўзини оқламоқчи бўлганини сезиб ҳужумга ўтди:

-Иккалангиз ҳам бир-бирингиздан яширин ҳузуримга бормадингизми? Турсинов “Мени ишлашга қўйишмаяпти” деса, сиз “Одамлар орасида норозилик кучайди” дейсиз. Мана энди иккалангизни ҳам бўшатамиз. Ўртоқ Олимов, танланг қаерга борасиз? Сиз ҳам ўртоқ Турсинов… Аслида бу чолларнинг талаби ҳақ, Жиззах қаровсиз қолди. Шароит оғирлашиб кетди, мансабларни сотаяпсизлар, одамлар ойлигини вақтида ололмайди. Транспортдан қийналишади, лекин буни айтиш учун кўчага чиқиш керакми? Билиб қўйинглар, мен халқнинг ортидан эмас, халқ менинг ортимдан юриши керак!

Ижроқўм раиси бирор бир туманга ишга кетишга ва ўзини оқлашга тайёрлигини айтди. Турсинов эса Каримовдан пойтахтга қайтаришни илтимос қилди. Каримов бироз ҳовури пасайиб:

-Кимни ҳоким қиламиз? -деб сўради улардан.

Ижроқўм раиси:

-Партиямизнинг Жиззах шаҳар қўмитасини бошқараётган йигит бу ишни эплай олади,-деди.

Ҳа, сен нима бўлса ҳам Турсиновдан қутулмоқчисан, деб ўйлади Каримов. Турсиновнинг ўрнига эса ўзингга яқин номзодни айтаяпсан. Аслида сенга ўхшаганларни жазолашнинг битта йўли бор, у ҳам бўлса хаёлингдаги планни парчалаб ташлашдир. Қани, Турсиновнинг ҳам планини ўрганайчи, дея Каримов биринчи котибнинг ёнига келди:

-Хўш, сизнинг номзодингиз ким?

-Ўзингиз кимни тайинласангиз мен ҳам ўшанинг тарафдориман.

Офарин, деб ўйлади Каримов. Ё жуда ҳам пихини ёрган сиёсатчисан ёки менга содиқ ва самимийсан.

-Хўп, сессияни бошқа жойда ўтказса бўладими? -сўради у Турсиновдан.

-Шаҳарни назарда тутаяпсизми?

-Шаҳардами, гўрдами, балодами, қаерда жой бор ўзи?

-Менимча четроқда ўтказиш керак,-деди Турсинов.

-Масалан, Гагарин тумани. Менга имкон беринг, бир зумда автобусларни чақираман, депутатларни олиб боришади.

-Бўпти, -деди Каримов, -лекин ана у Мелибойга ўхшаган депутатлар қолишсин.

-У қонунчилик комиссияси раиси.

-Нима, у ҳам вилоят, ҳам республика депутатими?

-…

-Майли, унинг оғзини ижроқўм раиси ёпади. Бошқалар эса қолишсин, пойтахтда лақиллашгани ҳам етади. Йўлларга миршаб қўясизлар, бирор бир машина ўтказишмасин. Ана у чолларингиз пиёда юриб етиб боргунча сессияни битирамиз. Алматовга айтинг, қўшимча куч чақирсин. Тартиб интизом масаласини ижроқўм раисига топширамиз. Қаерга боришини шунга қараб хулоса қиламиз. Гап-сўз чиқмаса, вилоятда, акс тақдирда …

Каримов қўлини учоққа ўхшатиб ҳавода учирди-да, “Узоқ-узоқларга кетасан” ишоратини қилди.

Ижроқўм раиси изн сўраб, чиқиб кетди. Орқасидан Каримов кўзга ташланмай хонанинг бурчагида ўтирган Миллий хавфсизлик қўмитаси раисига “Назоратга олинг”, деди. Кейин Турсиновга юзланди:

-Дўстим, ҳаммаёқни расво қилибсиз-ку?

-Оқсоқол, бир йил имкон беринг, ҳаммасини тузатаман. Кейинги вақтда иккиҳокимиятчилик бўлиб кетганди. Яккаҳокимлик хусусида бизга дарс бердингиз, кўзимиз мошдек очилди. Сизнинг буюк ғояларингиз бор. Уларни амалга оширишда ёнингизда бўлиш шараф биз учун. Сизни халқимизнинг бошига Худонинг ўзи юборди. Сиз билан ишлаган одамнинг бахти бор. Ҳам қаттиққўлсиз, ҳам меҳрибон. Ота боласини ҳам уришади, ҳам севади. Ўлдирсангиз ҳам, кулдирсангиз ҳам жоним сизники. Кет, деган кунингиз “ғинг” демасдан кетаман. Ҳозир ўзимни оқлашга имкон беринг.

Каримовнинг “эригани” юзига ёйилган табассумдан билиниб турарди. Бундай гапларни ҳар куни эшитиб турса-да, такрор тинглаганида роҳат қиларди. Жўрабеков билан Мавлон эса тарвузи қўлтиғидан тушган болалардек ҳайрон бир тарзда қараб турардилар. Турсинов ётиб қолгунча отиб қол дегандек бўш келмасди:

-Мен сизнинг командангиздаман. Йўлда поезддан тушиб қолган номарддир, деб айтган гапингиз қулоғимда. Ҳатто ишсиз қолсам ҳам, сизга содиқ бўламан. Агар имкон берсангиз ишларимиз юришиб кетади. Сайловда халқимиз сизга нақадар садоқатда эканини кўрсатади. Сайловни бузувчилар ҳам доғда қолади.

Турсинов усталик билан Каримовнинг кўнглига кириб бораётганди. Каримов музқаймоқ ялаётган боладек унинг сўзларига маҳлиё бўлиб қолганди.

-Айниқса, ҳурматли Шароф Рашидовнинг номини тиклаш йўлида кўрсатаётган жасоратингиз, у киши вафот этган кун муносабати ила келиб, фотиҳа ўқиганингиз, оддий одамлар билан бирга ўтириб, бир чимдим бўлса-да ош еганингиз, халқимизнинг руҳини кўтариб юборди. Мана бу беш-олти чоллар билан гаплашсам ҳам бу хусусда тан беришади. Лекин уларнинг чўнтагига пул тиқиб, автобус топиб бериб юрганлар бор. Сиздан ижозат олмасдан индамадим. Улар “бугун чолларни калтаклашади, шундан жанжал чиқарамиз”, деб ўйлашганди.

-Улар ким?

-Биттаси собиқ финотдел, иккинчиси …, -Турсинов аланглаб атрофга қаради.-Оқсоқол, имкон беринг, ўзим ҳаммасини тартибга соламан. Бир марта шарманда бўлишдан сақлаб қолинг…

-Мелибойвни нима қиламиз?

-Биласиз, у бироз ақлдан озган. Шунинг учун КГБдан ҳайдалган. Ёлғон-яшиқ гаплар билан халқни алдаб, депутат бўлиб олди. Пулга ҳамма нарсани сотади. Тул хотиндек жанжалчи. Ҳамма ундан қўрқади. Шу боис мен ўзим уни огоҳлантириб туришга мажбур бўламан. Мана булар эса Мелибойни менга қайрашади. Энди туҳмат қилиб юрибди.

-У туҳмат қилган бўлиши мумкин. Эртага ана у Миртемир бошимизни оғритмайдими?

-Бу ёғи ҳал бўлса, Миртемирни ўзим қўлга оламан.

-Биз қўлга ололмай турибмиз-у сизнинг тузоғингизга илинадими?

-Янги, чет элга тайёрланган енгил машинадан сўз очгандим, мумдек эриб кетди.

-Яхши. Ундай бўлса яхшилаб ҳужжатлаштириш керак. Иложини қилиб гапини магнит лентасига ёзиб олинг. Сейфга ташлаб қўямиз. Вақти келганда оёғига кишан бўлади. Хўш, ўртоқ Жўрабеков, масаланинг бу ёғини нима қиламиз?

Каримовнинг феълини обдон ўрганиб олган Жўрабеков темир ўчоқда яхши қизигани, энди уни истаган тарзда эгиш пайти етганлигини англади.

-Имкон берсангиз, яхши бўларди. Тўполончиларни биргалашиб тинчитамиз. Бир йил ишлаб берсин ўртоқ Турсинов. Гап-сўз кўпайса, кейин олиб ташлайсиз.

Сўнг Жўрабеков Турсиновга юзланди:

-Оқсоқол ҳар кимга ҳам бундай оталик қилмайдилар. Буни унутсангиз…

Жўрабеков “кўзингиз кўр бўлади” деган сўзларни ютиб юборди. Аммо Каримовнинг ўрнига қарор бериб бўлганди.

Каримов Мавлонга қаради.

-Ана уларни биргалашиб тинчитамиз. Агар керак бўлса ўртоқ Турсинов билан тафтиш ўтказиб, бир-икки айбдорни жазолаб қўямиз,-деди Мавлон.

-Депутатларнинг ҳам танобини тортиб қўйиш керак,-қўшимча қилди Каримов.

-Улар Сиздан сўз олганмиз, деб юришибди…

-Ҳар бир айтилган гап бажарилса, ҳожатхоналар олтиндан бўларди. Бизга эса олтин ҳожатхонанинг кераги йўқ…

Шу пайт ичкарига чой келтиришди. Энди улар қирқ йиллик ошнолардек қуюқ суҳбатга берилдилар. Суҳбат давомида Турсинов эски партияни тарқатиб юбориб, ўрнига янгисини тузиш таклифини ўртага ташлади.

-Коммунистик партия тузилиши, структураси жиҳатдан тенги йўқ партиядир. Унинг кадрлар билан ишлаш тизими дунёдаги бирор-бир бошқа партияда йўқ,-деди Турсинов.

-Гапни диссертациянгизга олиб келаяпсиз-а? -жилмайди Каримов.

Бундан илҳомланган Турсинов ўзини Каримовга яна ҳам яқинроқ ҳис эттириш учун:

-Ҳозир ҳамма жойда демократик ҳаракат бошланди. Партиямиз тўла демократик партиядир. Сиз ҳар бир инсоннинг қобилияти, ташкилотчилигига кенг йўл бераяпсиз. Барча масалаларни маслаҳат қилиб кейин қарорга боғлаяпсиз. Демократия дегани бошқа яна нима беради? Шу сабабдан партиямизнинг номини демократик партия, деб ўзгартирсак, тарихга сизнинг ижодингиз бўлиб кирарди, ўзимизнинг Гагарин бўлардингиз!

-Гагарин…,-Каримов мийиғида кулиб қўйди.- Партия масаласида мен ҳам шу фикрдаман. Лекин мухолифатдагилар ҳам партиясининг номига демократия сўзини қўшиб олишган. Шу боис фикримни очиққа урмай юрган эдим, -деди Каримов пиёладаги чойни ҳўпларкан.

-Бу мухолифат бизнинг ҳам бошимизни қотирди. Фикримизнинг бир четида арига ўхшаб ин қурди. Ана у чолларни кўчага олиб чиққан ҳам ўшалар…

Каримов бирдан тумшуғини осиб, бошини эгди. У мухолифат сўзини эшитгани учунми ёки Турсиновнинг гапни узатиб юборганидан шу ҳолга тушдими, атрофдагилар пайқашмади. Турсинов ҳайиққанча гапиришдан тўхтади. Каримов бироз жимжитликдан сўнг “Нега тинчиб қолдинг?” дегандек унга қаради.

-Оқсоқол, шу ижроқўм раисини бўшатиб беринг, -деди Турсинов юрагининг остида ётган тошни ташқарига улоқтириб.

-Йўқ, -деди кескин оҳангда Каримов. -У сизга биринчи ўринбосар бўлади. Бурнини ерга ишқаб ишлатасиз.

-У Мирсаидов билан бирга…

-Ҳе, Мирсаидовни ҳам, уни ҳам …

Каримов Мирсаидовнинг номини эшитиши билан қизишиб кетди.

-Бўлди, у ҳам ишлайди. Бир-бирингизни ковлаштирмай ишлайсиз. Умуман, сизларни бир-бирингизга қайраб қўйса, иш яхши кетади. Порахўрликни камайтиринг. Ҳаммаёққа юртдошларингизни жойлаштирибсиз. Иш қилсангиз, шундай қилинг-ки ҳиди чиқмасин, оғайни! Пул кўпайиб кетган бўлса, йигитларга беринг, фондга ўтказинг. Московлик мухбирларни тинчитишсин, танқидлари жонга тегиб кетди. Эшаклар бир нарса олсалар, ўн беш кун охурдан бош кўтармайдилар, кейин яна олиш учун ҳанграйдилар. Сизлар эса пулни қаерга сарфлашни ҳам билмайсизлар. Омин, кетдик!

Каримов ўрнидан турди-да, эшикка қараб юрди.

-Машинангиз орқа эшикда…, -деди Мавлон.

-Нима олдинги эшикдан олиб чиқмоқчимидинг?

-…

Улар пастга тушганларида, беш-олти нафар оқсоқол орқадаги ҳовлининг бир четида туришарди.

-Булар ким? -деб сўради Каримов.

-Булар вакиллар, -деди орқадан югуриб келган ижроқўм раиси. -Оқсоқолларга, сизлар кутиб туринглар, номингиздан вакиллар Каримов билан гаплашади деб олти-етти кишини ичкарига олдим. Шу билан ғала-ғовур тинчиди.

-Офарин, биз сессияни ўтказиб қайтгунча, булар кутиб ўтираверишсин, -деди-да Каримов машинасига минди. Шу пайт оқсоқоллар машина томонга қараб югуришди. Бирдан олдинга чиққан миршаблар уларни тўхтатиб, ичкарига қараб судрашди.

Гагарин туманига қадар йўллар уч ҳалқада ўраб олинганди. Мажлисда Мели Қобулов биринчи қаторда жим ўтирганди. Умуман, “ғинг”д еган одам бўлмади. Каримов минбарга чиқиб, Турсиновни вилоят ҳокими, ижроқўм раисини эса биринчи ўринбосар этиб тайинлагани ҳақида гапирди.

-Мен бу ҳақда фармон эълон қилдим. Ана шу фармонни тасдиқлашларингизни сўрайман, -деди.

Ҳамма қўл кўтарди. Мажлисдан чиқаркан, Каримов Мавлонга :

-Фармонни бугуноқ эълон қил. Кейин бугунги число билан ёзиб келсанг, имзо чекиб қўярман.

Каримов машинага минаркан, Жўрабековга:

-Кейинроқ олиб ташлаймиз. Ҳозир бўшатсак, анави исқирт чоллар “Мана бизнинг талабимиз бажарилди” деб, дунёни бузишарди. Қовун қовундан ранг олар деганларидек, кейин бу эпидемияни тўхтата олмасдик. Биз кимларнингдир талаби билан эмас, ўз хоҳишимиз, ўз кучимиз билан ишлаётганимизни кўрсатишимиз керак. Бу ўпкаси йўқларни биз эмас, Турсиновнинг ўзи тинчитсин.

-Қойил оқсоқол, Сизга тан бераман ,-деди лўнда қилиб Жўрабеков.

-Майли, мақолани назоратга олинг. Сарлавҳасини яхши топибсизлар: “Автобус ҳокимияти”. Энди автобусларда пойтахтга қатнайдиганларга ҳам чек қўйинглар. Сессияда мана мен очиқча айтдим, додини Худога айтсин. Шикоят билан иш битириш даври ўтди. Керак бўлса, ўзимиз айтамиз, ана ўшанда ёзишади.

Улар бир-бирларига қараб жилмайиб қўйдилар. Каримов Турсиновни ёнига чақирди-да:

-Ижроқўм раиси … э, ўринбосарингиз қолсин, сизни эса олиб кетамиз. Пойтахтда янги лавозимни ювамиз,-деди.

-Шу ерда чой айтганман.

-Бу ерда чойни ҳам заҳар қилишади. Юринг, оғайни, бориб эллик-эллик қиламиз. Бугун менинг ҳисобимдан ичасиз…

Машиналар турнақатор бўлиб, йўлга чиқди. Кўп ўтмай улар Жиззах чегарасида тўхташди. Негадир Турсиновни қолдириб кетишди. Ҳоким машиналар ортидан қўл силтаб қоларкан, у билан бирга меҳмонларни орқадан кузатиб келган вилоят раҳбарлари ҳам саф тортганча, қўл силташарди…

42. ЗАНЖИРЛИ ДАРА

Миртемир Жума Бекни дарров таниди. Талабаликнинг илк пайтлари бир ётоқхонада туришарди. У йиллардан қолган битта хотираси бор.

…Ҳар якшанба куни мардикорликка чиқишарди. Бир сафар уларни эски уйни бузишга олиб боришди. Энди иш бошлашганди ҳам миршаблар келиб, уй бузишни тўхтатишди ва соҳибини тутиб кетишди. Улар қайтиб мардикор бозорига келишганда “тарихий” майдонда ҳеч ким йўқ эди. Кутиб-кутиб ётоқхонага қайтишди. Чўнтакларида бир мири ҳам қолмаган эди. Ётоққа чўзалганча хиргойи қилиб “шифтдан олма теришарди”. Эшик тақиллаб, ичкарига қотган нон териб юрувчи бола кирди.

-Қолган-қутган нонлардан борми? -деди у ҳар доимги оҳангда.

Жума Бек ўрнидан туриб, боланинг елкасидаги халтани олди-да, ичидагиларни столнинг устига тўкди. Қотган нон бурдаларидан бир қанчасини териб олиб, қолганини сийириб, халтага солди.

-Доим сен биздан оласанми, биз ҳам бир марта сендан олсак осмон узилиб ерга тушмас, -деди.

Бола Жума Бекка ҳайрат билан мўлтираб қараганча, елкасини қисиб, индамай чиқиб кетди. Жума Бек косани сувга тўлдирди-да, қотган нонларни ивитди.

-Қани, туринг, ўрдак шўрва ҳозир, -деди.

Орадан кўп ўтмай Жума Бек бошқа факултетга “кўчиб” кетди. Улар аҳён-аҳёнда учрашиб қолсаларда, энди бошқа-бошқа соҳилнинг одамлари эдилар. Бир неча йиллардан кейин Миртемир Жума Бекнинг қайси бир райкомда бўлим мудири бўлиб ишлаётганини эшитди, лекин унинг бу ерда эканлиги хаёлига ҳам келмаганди. Ўтган сафар Муборакка келганида, Ибод Тўра:

-Яқинда қўшни тумандан райком биринчи котиблигига ашаддий коммунистни келтиришди. Бизга қарши исён бошлатди у,-деди.

Миртемир у билан учрашмоқчи бўлди, лекин сафарда экан. Мана энди у қаршисида турибди. Талабалик йилларида қиличдек ихчам эди. Энди семириб, қорин “боғлабди”. Фақат кўзларигина унинг ўша эски Жума Бек эканлигидан дарак берарди.

Жума Бек Миртемирни қучоқлаб, “кучимни кўриб қўй” дегандек, бир айлантириб, белидан маҳкам қисди. Кейин:

-Сизни кутавериб, кўзимиз саккиз бўлди, кун оқшомга, тонг саҳарга айланди, -деди.

Улар кўп гаплашмадилар. Миртемир ҳориб келгани учун райкомнинг меҳмонхонасидаги ўзига ажратилган жойга ўтиб, ухламоқчи бўлди. Лекин ухлай олмади.

Жума Бекнинг сўзлари қулоқларининг остидан кетмасди:

-Мен бобокалонимиз Амир Темурнинг тарихи бўйича докторлик иши қилдим. Ислом аканинг маслаҳатчиси Зиёмов менга устозлик қилдилар. Туманимизда “Занжирли Дара” деган жой бор. Бу ерни Амир Темур обод қилганлар, шу хусусда туркум мақолалар ёздим. Эрталаб Сизни ўша ерга олиб бораман,-деганди у Миртемирни меҳмонхонада қолдираркан.

Бу Миртемирнинг ғамнок кўнглида милтираган ишиқ ёққанди. Ҳар ҳолда бу ерга келишим бекорга кетмайди, бир тарихий масканни бориб кўраман, деб ўйлади у. Кейин Амир Темур ҳақидаги ривоятлар хаёлидан ўта бошлади.

 

РИВОЯТ

… Бир куни Амир Темур узоқ сафарга чиқибди. Йўлда “Тоғ этагидаги Чамбил элда тунаб қоламиз” деб буюрибди. Чамбил элга етиб келганларида, бу ердаги аҳволни кўриб, Темур ҳайратланиб қолибди.

-Бу шаҳар дунёнинг энг гўзал ери, жаннатмонанд боғлар, дилларни ром этгувчи булбуллар, мусиқа-оҳанг, сас чиқариб оқувчи ирмоқлар, Алпомишдек дев қоматли чинорлар, ичсанг суви умрни дароз айлагувчи чашмалар маскани эди. Буларнинг ҳаммасига нима бўлди? Нега бу шаҳар вайронага айланди? -дея навкарларини шаҳарга юборибди Темур.

Навкарлар шаҳарни айланиб, бир тирик жонга рўбарў келмабдилар. Ҳамма ёқда одамларнинг ва ҳайвонларнинг суяклари сочилиб ётган эмиш. Шаҳарнинг кўчаларига дорлар қурилган бўлиб, ҳар бир дордаги ипларда суяклар осилиб турарди.

Навкарлар шаҳарнинг у бурчидан кириб нариги бурчидан чиқиб кетар эканлар, онийдан бир жониворга дуч келдилар. Одам деса одамга, ҳайвон деса ҳайвонга ўхшамайдиган махлуқ. Бир қарашда маймунни эслатарди. Унга эътибор қилмай ўтиб кетишаётганди, у қўл силтади. Шунда навкарлардан бири:

-Кимсан? -деди унга.

-Менга кимсан дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Мен бу шаҳарнинг ҳокимиман, -дея дўриллаган сас чиқарди у.

Навкарлар кулишди:

-Шаҳармиш, вайрона-ку, демак сен-бойўғлисан!

-Мен Амир Темурнинг йўлини пойлаб ётибман, фақат у билан гаплашаман. Дардимни унга айтаман. Сиз эса йўқолинг, даф бўлинг!

Навкарлар Темурнинг ҳузурига қайтгач, кўрган-билганларини унга айтиб беришди. Темур ҳайратланиб “ҳоким”нинг ёнига борди.

-Кимсан, нима учун бу жаннат эл бу аҳволга тушди? Нега инсонлар қирилиб кетдилар? Нега шаҳар вайронага айланди? -деди.

-Менга Амир Темурдан бошқа ҳеч ким савол беролмайди. Йўлингдан қолма, эй, мусофир.

-Қаршингда Амир Темурнинг ўзи турибди.

-Ундай бўлса сени Аллоҳнинг ўзи юборди. Мен Аллоҳга ёлвориб, жонимни олишини истадим. Ваҳийдан келган бир овоз “Дунёи-заминнинг ҳукмдори Амир Темур сен томонга келмокда, бошингдан ўтганларни унга айтиб берсанг, у сени ўлдирса, ўшанда Аллоҳ жонингни олиши мумкин”лигини англатди.

-Хўш, бошингдан нима ўтди?

-Эй, бу дунёнинг ҳукмдори! Мени эринмай тингла. …Ёш йигит эдим. Ота-онамни севмадим. Майхўрликка ружу қўйдим. Ҳар куни ота-онамни калтаклардим, охири улар мени “оқ қилиб”, уйдан ҳайдашди. Дарбадарлик кунларимда бир бойнинг қизи билан танишдим. У мени одам қилди. Унга уйландим. Отасининг ёрдами билан Чамбил элда ҳокимликка қадар юксалдим, лекин шаҳарда ишлар юришмади. Бунинг сабабини тили бурролардан, камчилигимни айтганлардан кўрдим. Уларнинг тилларини кесдирдим. Бироқ ишларим олдинга кетмади. Кейин олиму фузалолар, диндору уламолар халқни йўлдан урмокда, деб ўйладим. Уларни зиндонларда чиритдим, лекин ишим юришмади. Сўнгра қўл остимда ишлаганларни айбладим. Шаҳарда дорлар қуриб, уларни остирдим. Дорларда инсонлар осиғлик турдилар, лекин ишим юришмади. Халқим қирилиб кетди, ҳайвонлар йўқ бўлдилар, булоқларнинг кўзи кўмилди, оғочлар қуриб қолди. Фақат мен яшаяпман. На инсон, на ҳайвонман!

Эй, бу дунёнинг ҳукмдори, зулфиқорингни чиқар ва бошимни кес! Мени бу даҳшатли азобдан қутқар!

-Мен сени ўлдирсам, қиличим ҳаром бўлади, -деди Амир Темур.

-Агар ўлдирмасанг, менга бу азобдан қутулишнинг йўлини айт.

-Сен бориб ота-онангнинг қабрини топ, улар сени кечирсалар, ўшанда Асрор жонингни олади.

Темур шундай дебди-да, судралганча узоқлашган “ҳоким”нинг орқасидан икки навкарини юборибди. Навкарлар қайтиб келгач, Темурга:

-У судрала-судрала қабристонга етиб борди. Ота-онасининг қабрлари чўкиб ётган экан. Уларнинг руҳига ёлвораётганди, боши билан чуқурга-қабрнинг ичига тушиб кетди ва ўша ерда ўлиб қолди, -дедилар.

Темур билан суҳбатлашиб ўтирган Мир Саид Барака:

-Бу оқпадар экан, охирида ота-онасининг руҳи уни авф этди ва қийноқлардан қутулди. Лекин бу халқнинг гуноҳи нима эди-ки, бу қадар Аллоҳнинг қаҳрига учрабди?

Амир Темур бироз ўйланиб турди-да, жавоб берди:

-Аллоҳ ер юзидаги ваколатларни инсонларга берар экан, уларга ақл, ирода бахш этди. Аммо улар буни бир четга суриб, бир оқпадарни елкаларига кўтардилар. Бу эса Аллоҳни ғазаблантирди. Оқибатда гўзал бир шаҳар билан бирга бу дунёдан силиндилар, -деди.

… Миртемир бу ривоятни нима учун эслаганини ўйлаб ҳам ўтирмади, чунки хаёл эшикларидан иккинчи ривоят кириб келганди.

РИВОЯТ

Амир Темур ҳар пайшанба куни сиёсий маҳбуслар билан ўзи суҳбатлашарди. Бу сафар унинг ҳузурига уч кишини олиб келишди.

-Бу Сузангарон маҳалласидан. Тўй-маъракада, жума хутбаларида “Ватаним, Ватаним, Ватаним” дейди. Ватан ва миллатни такрор-такрор сўзларкан, кўзларидан ёш сизиб чиқади, овози хириллаб қолади. Аммо ҳаётда кўп одамларнинг дилини оғритган.

-Унинг бошини танасидан жудо қилинг,-деди Амир Темур.

Девонбеги иккинчи маҳбус ҳақида маълумот берди:

-Бу Мотрид маҳалласидандир. Йиғинларда, тўй-маъракаларда “Халқимиз очдан ўлар ҳолга келди. На буғдой бор ва на нон. Ҳамма нарса урушга кетмокда” дегани-деган.

-Буни энг чуқур зиндонга ташланглар! Аммо саройдаги энг тотли таомлардан ва жамики ноз-неъматлардан истагани қадар бериб туришни канда қилманглар, -деди Амир Темур.

Сўнгра Девонбеги учинчи маҳбус ҳақида ҳам қисқа маълумот берди:

-Бу Боғишамол маҳалласидан. Ўтган жума куни халқ олдига чиқиб “Амир Темурнинг фалон-фалон фармонлари нотўғридир”, деди.

-Буни саройга мушовир қилиб ишга олинглар, -деди Амир Темур.

Сарой аъёнлари Амир Темурнинг бу қарорларидан ҳайратга тушдилар ва Мир Саид Бараканинг ҳузурига келиб, ундан бу қарорларни изоҳлаб беришни сўрадилар.

Мир Саид Барака:

-Биринчиси, Ватан,  миллатни ўзига қалқон қилиб олган бадбахтдир. Бундай одамлар жуда ҳам таҳликалидирлар. Улардан не қадар тез қутулсак, Ватан ва миллатга шу қадар хайрли бўлади. Иккинчиси эса, ҳаётни қориндан иборат, деб тушунади. Ундайларга ҳаёт нима эканлигини англатмоқ керак. Қоронғу зиндонда ётса, бу ҳаётда егуликдан бошқа жуда кўп азиз нарсалар борлигини тушунади. учинчиси эса, Ватан ва миллатга ўзини қалқон қилди. У Амирнинг фармонларидаги янглишларни айтар экан, ўзини эмас, мамлакатни ўйлади. Темур ҳазратлари ана шунга кўра, қарор бердилар, -деди…

 

43.САМИМИЯТ

Миртемир тонг бўзариб қолганда, уйқуга кетди. Бир “чимдим” уйқуни олмасдан уйғонди ва “Занжирли Дара”га эртароқ бормоқ учун меҳмонхона ҳовлисига чикди. Аммо Жума Бек ва вилоятдан унга ҳамроҳ бўлган кишини узоқ кутди. Нонушта тайёр бўлгач, улар кириб келдилар. Чой ичиб у ёқ-бу ёкдан суҳбатлашган бўлдилар-да, йўлга чикдилар. “Занжирли Дара” узоқда экан. Икки-уч соат деганда, аранг етиб келдилар. Атрофда бир сардоба қолдиғи ва бир дарахтдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

-Бу ердаги шаҳар қум остида қолган,-деди Жума Бек. -Гарчи чўл ҳавоси биқиқ бўлса-да, ана шу табаррук жойда тушлик қиламиз, -у шундай деб, шофёрига имо қилди. Шофер йигит машинадан дастурхон, кўрпачаларни олиб, дарахт остига тўшай бошлади.

-Аслида чўлнинг саррин шабадасига тенг келадиган нарса йўқ, лекин газни қайта ишлаш заводидан чиқадиган заҳар шу ерларга қадар етиб келади, -деди вилоятлик ҳамроҳ.

Миртемир уларнинг мақсадини тушунмади. Наҳотки, тушлик учун бу ерга келишди? Балки бу қумлар остида бирор бир шаҳар йўқдир? Агар шаҳар қум остида қолган бўлса, бу дарахт ва сардоба нима учун йўқолмади? Миртемирнинг қалбида зилзила бошланди. Зилзила кучайиб, умид ва илинж тоғларини яксон қилиш баробарида, кўнгил тахмонларини ҳам бузиб юборди.

Шу лаҳзада у дунёга сиғмаётган эди. Найзадаги қуёшнинг тиғини, ҳудудсиз чўлнинг шабадасини ва у шабада келтираётган ёқимсиз газ ҳидини, хуллас, ҳеч бирини ҳис қилмаётган эди. Ёнидаги одамлар ҳам чўл сароби каби гоҳ кўриниб, гоҳ кўздан ғойиб бўлардилар. Чунки унинг бутун диққати зилзила марказида эди. Зилзила маркази тўфонга айланган ва бу тўфон кўкрак қафасларини сиқиштираётган эди.

Сиёсат, дунёдаги энг жирканч ўйин экан, деб ўйлай бошлади у. Нега унга маҳлиё бўлдим? Унинг қайси рақсию, қайси мусиқаси мени ром этди? Наҳотки, сиёсатга кирмасдан курашиш мумкин эмас? Йўқ, сиёсат бутун жамиятни ўз панжаларига боғлаган. Унинг четида қолиб, ҳар қанча мужодала этма, натижасиз қолаверасан. Хўш, мана сиёсатга кирдинг, қандай натижага эришдинг? Балки ана улар ичларида сени масхара қилиб, устингдан кулаётгандирлар? Чунки орқаваротдан қандайдир ўйинлар ўйналаётганини ҳис қилаяпсану аммо билмайсан. Мана булар эса, балки барчасидан хабардор?! Чизиқларни, балки ана шулар чизгандир?!

Йўқ, харитани чизганлар бошқа, булар ҳам унинг йўлчилари.

Буларга, сени шаҳардан, одамлардан узоқлаштириб, чўлу-биёбонда тутиш амри берилган бўлса-чи? Э, йўқ, биродар, ўз баҳоингни жуда ҳам ошириб юбораяпсан. Сен бу дунёда ва бу жамиятда жуда кичик одамсан, балки заррадан ҳам кичикдирсан?! Бу қадар одамни сени изингдан нега қўйиб қўйишсин?

Нега қўйишмасин? Бу дунёда ҳар бир зарранинг улкан тоғлар қадар аҳамияти бор, қолаверса, сен нега ўзингни бу қадар тубанларда кўрмоқчи бўлаяпсан? Инсон тоғ устига, юксакликка кўтарилгани сайин, кўзларда, назарларда кичрайиб боради, аммо ўз қалбида, руҳида эса юксалиш ҳис этади. Сен нега аксини истаяпсан?

Миртемир ўзи билан ўзи олишарди. Гўё ичидан бошқа бир Миртемир ажралиб чиқиб, қаршисида ўтирганча у билан аёвсиз тортишарди.

Биз айрилдикми, демак, руҳ бошқа вужуд бошқа бўлади, деб ўйлади Миртемир. Бу эса инсоннинг инқирозидир. Битиши, тамом бўлишидир. Вужуд ва руҳ мужассам, бир бутун бўлганда, инсон кучга айланади. Бу кучни енгадиган, синдирадиган фақат ўлимдир. Инсон ўлимдан бошқасига енгилмайди. Лекин сен ҳали ўзинг ҳам билмайдиган воқеалар таъсирида енгилиб ўтирибсан. Аслида енгилмоқ ҳам музаффарликдир. Агар ростдан ҳам бирор бир ўйин ўйналаётган бўлса, истеъфо бераман. Уларнинг қўлида қўғирчоқ бўлишни ёки чизган хариталари бўйлаб югуришни истамайман.

Бу пайтда Жума Бек дарахт остига тўшалган кўрпачага ёнбошлаганча тандирда пиширилган кабобни пишиллаганча еяётганди.

Наҳотки, у қотган нон еган кунларини унутган бўлса? Ўшанда болакайнинг тўрвасидан олинаган қотган нон худди мана шу тандир кабоб каби унга лаззат бермаганмиди? Аммо ўшанда Жума Бекнинг юзларида севинч ва мамнунлик бор бўлса, ҳозир кибор ва манманлик уфуриб турибди.

Жума Бекнинг парвойи палак, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайди. Нега мен уни ёмон кўраяпман, нега уни айблаяпман? Балки у ҳаётнинг мантиғи шундан иборат деб ўйлар ва барча ҳаракатларини тўғри деб билар?! Қолаверса, докторликни ёқлабди. Катта бир районнинг раҳбари. Балки ўз йўлида эътиқодлидир. Бунинг устига сенга нисбатан совуқ муносабатда бўлган эмас. Эски дўстлар каби бағрини очди.

Миртемир мушоҳадаларни бир четга суриб, тандирда пиширилган уй нонидан емоқчи бўлди, аммо бир тишлам нон лаби билан томоғининг ўртасида узоқ айланди. Болалик йилларини эслади. Уйларида нон бўлмаган кун, томга чиқиб “Менга иссиқ нон пишириб беринглар” деб додлаган экан. Ўшанда, раҳматли онаси хасталаниб қолгани учун, иссиқ нон пиширадиган одам топилмабди. Бироз улғайгач, бу воқеани айтиб беришса, қулоғига қадар қизариб кетарди. “Айб боламда эмас, мен унга ҳар куни кулча пишириб бериб, ёмон ўргатиб қўйгандим”, дея унинг бошини силарди онаси.

Шу дамда Миртемир ўша кулчаларни қумсади. Балки, мен томга чиқмагандирман?! Агар томга чиқадиган ёшда бўлганимда, у воқеа эсимда қоларди. Балки, кулги бўлсин, дея бу воқеани ўйлаб топишгандир?! Чунки кулча нонни, айниқса, хамирнинг устига шарбат суриб пиширилган кулчани жуда ҳам севишимни билишарди-да! Ҳовлимизнинг ичидан ариқ оқиб ўтарди. “Оқ ариқ” эди номи. Ариқ бўйларига экилган гуллар ҳам оппоқ бўлиб очиларди. Дарвозадан кираверишда эса, бир тут дарахти бор эди. У ҳам оппоқ бўлиб пишарди. Мен кулчани ариқнинг бошланиш қисмига ташлаб, ўзим кўча орқали сувнинг ҳовлидан оқиб чиқадиган жойига югуриб борардим. Ҳар доим кулчадан олдин етиб боришга ҳаракат қилардим. Обдон чарчаганимда кулча ҳам ҳил-ҳил бўларди. Кейин уни оппоқ пишган тут билан, мазза қилиб ердим. Эҳ, у кунлар, қайда-ю бу кунлар қайда?!

Болалик таассуротлари Миртемирнинг кўнглидаги зилзила оташини бироз туширди. Шунга қарамай, у Жума Бек билан очилиб суҳбатлашмади. Ҳатто унинг гапларини охирига қадар эшитишга уринса-да, хаёллари бошқа ўрмонларга кириб кетарди.

Қуёшнинг “боши узилган” пайтда Жума Бек дастурхонни йиғиштиришга буюрди. Миртемир бу ердан ортга қайтмаслигини ва пойтахтга кетажагини айтди. Жума Бекнинг ялиниб, ёлворишига қарамай, улар шу ерда хайрлашдилар. Жума Бек қўл силташ ўрнига соатига қарай-қарай қолди.

Улар вилоят марказига етиб келганларида, пойтахтга учадиган сўнгги учоқ ҳам аллақачон парвоз қилиш учун ердан айрилганди. Миртемир яна бир кечани меҳмонхонада ўтказишга мажбур бўлди. Эрталаб, нонушта пайти радиодан эшитилган хабар унинг кўнглидаги зилзилани ўн даража ошириб юборди. У портфелидан бир қоғоз олди-да, ишдан айрилажаги ҳақида ариза ёзиб, яна портфелига солиб қўйди. Кейин меҳмонхона ҳовлисида ўралашиб юрган боғбоннинг ёнига келди:

-Ҳорманг, ота!

-Бор бўлинг, Миртемиржон! Келишингизни уч кундан буён кутиб ётгандик. Бир суҳбатингизга иштиёқмандмиз,-деди.

-Йўғе, мен ўзим бу ерга келишимни билмасдиму сиз қаёқдан билардингиз?

-Укажон, ер тагида илон юрса, биз сезамиз. Бу ерда уч кун олдин қимир-қимир бошланганди. Отингизни эшитганлар жим туришармиди? Менга қадар хабар келиб етди.

-Бўпти,-деди Миртемир, жаҳлини тишлаб. -Отахон, айтингчи, сизга мана бу дарахт қуриб қолган, қуртлаган, боққа зарар бераяпти, уни қўпориб ташла, дейишса, Сиз бу ишни бажарсангиз, лекин эртасига келганингизда меҳмонхона мудири қайтадан экиб қўйган бўлса, нима қиласиз?

-Нима ҳам қила олардим, ука? Каттанинг айтгани айтган. Ўйнашмагин арбоб билан, деганлар. Қуриган дарахтга ҳам салом бериб юраверамиз.

-Иззат-нафсингизга тегмайдими?

-Иззат-нафсни ўйласак, оч қоламиз. Бу ерга кимлар келиб, кимлар кетмади. Қанча-қанча иззат-нафсини ўйлаган одамларни йўқотиб юборишди. Бу билан мени иззат-нафси йўқ одамга чиқариб қўйманг. Ғурурим ичимда. Ичимда уларни буралаб-буралаб сўкаман. Ёки аламимни чечангиздан, болалардан оламан. Бу дунёда яшашнинг бошқа йўли йўқ. Сизга ўхшаган йигитларни ҳам синдириб юборишади. Буларга мевали дарахт эмас, қуриган ва чириган дарахт керак. Чунки истаган пайтларида, бир тепиб йиқитадилар ёки ахлатга олиб чиқиб ташлайдилар ва кўнгиллари роҳатлайди.

Миртемир боғбондан бундай жавобни кутмаганди. Наҳотки, халқимиз шу аҳволга тушиб қолди? Наҳотки, ҳамма шундай ўйлайди? Йўқ, баъзиларнинг қоматини эгишди, баъзиларнинг тафаккурини йўқотишди, баъзиларнинг эса жасоратини ўлдиришди. Аммо шундайлар борки, эгилиб, қайтадан қоматини ростлайди, тафаккурини йўқотиб тафаккурини топади, жасоратидан айрилиб жасоратли бўлади, яъни сохталарини йўқотиб аслини топади. Ана шундайлар бошқаларни ҳам ўз орқасидан эргаштиради, деб ўйлади у қўналғага йўл оларкан.

Миртемир минган учоқ пойтахтга қўниши билан ҳукумат раҳбарларига хизмат кўрсатадиган микроавтобус трамплин ёнига келиб тўхтади. Учокда бирор бир раҳбар бормикан, дея Миртемир йўловчиларга бир-бир назар солди. Йўловчиларнинг ҳаммаси оддий инсонлар эди. Учоқдан тушаркан, микроавтобусдаги қиз:

-Сизни кутиб олишга чиқдик. Ўртоқ Крайнов бир неча марта қўнғироқ қилдилар. Президент Сизни кутаётган эканлар. Машина ҳам юборишибди, -деди.

Миртемир индамай микроавтобусга чикди ва бу ҳам ўйиннинг давоми деб ўйлади. Бормасдан аризамни бериб юборсаммикан?! Ёки бориб ҳамма гапни Каримовнинг юзига айтиб, чиқиб кетсамми?! Балки Каримов бирор бир баҳона ўйлаб қўйгандир? Бир ҳафтадан кейин сессия бор, сайлов олдидан ўтадиган бу сессияда муҳим қонунлар қабул қилинади. Балки сессияда сўзга чиқиб бу ўйинларни фош этарман? Шу сабабдан Каримовнинг ўзи билан учрашиб, аризани унга топшираман.

Крайнов Миртемир билан кўришаркан, уни Каримовнинг ҳузурига бошлади.

-Хуш келдингиз, -деди Каримов. -Йўқлигингиз билиниб қолди. Эртага Иқтисод дорилфунунида олимлар билан учрашувим бор, мана буларга маъруза ёзинглар десам, қоғозни бўш гап билан тўлдиришибди, -деди у эшик томонни кўрсатиб.

-Ёзиб берган билан мажлисда барибир уни ўқимайсиз, -деди Миртемир.

-Ўқимасам ҳам маърузадаги фикрларни гапириб бераман.

-Жиззахда маъруза қилишингиз учун нутқ ёзиб берганлар бундан кейин ҳам хизматингизни аъло даражада бажаришса керак. Мен эса истеъфо аризамни келтирдим.

Каримовнинг бирдан жаҳли чиқди. Юзи шолғомдек қизарди, кўзларининг атрофига тундлик югурди, бақириб юбормоқчи бўлган кишидек бутун вужудидаги куч бўғзига тўпланди.

-Ўтиринг, -деди.

Миртемир Каримовнинг бу оҳангига парво қилмай аризани унинг ёнига қўйди.

-Сиз билан бугун келиб эртага кетиш учун англашганимиз йўқ! Сизни жасоратли йигит деб ўйлагандим. Сал нарсага қўрқиб қочишингизни хаёлимга ҳам келтирмагандим.

-Мен қочаётганим йўқ. Сарой ўйинларини тарк этаяпман.

-Офарин! Мана мен сарой ўйинларига чидаб ўтирибман. Менга осон деб ўйлайсизми? Мен ҳам оддий инсонлар каби чойхонага чиқиб чой ичишни, отамлашишни, тоғларга чиқиб суҳбат қилишни истайман. Лекин бутун вақтим мана шу тандирнинг ичида ўтади. Эрталабдан оқшомгача, оқшомдан эрталабгача ёнаман. Ўйлайсизки Жиззах масаласида Сизни алдаб, ўйин кўрсатдик. Давлат ишлари осон эмас. Баъзиларини шарт-шурт ҳал этиш керак. Тўғри, Жиззах бўйича Сизнинг фикрингизни олишим керак эди. Лекин мана бу ифлослар, -Каримов мана бу дер экан қўлини бигиз қилиб, хонасининг паст қисмини кўрсатди. Хонасининг остида эса Мавлон билан Алимовнинг кабинетлари бор. -Сизни Муборакка юборишибди. Мен уларга Ибод Тўрани ва Миртемирни чақиринглар, биргалашиб гаплашамиз, дегандим. Мени янглиш англашибди. Бу Зиёмов деган эшакнинг думига супурги боғлайман.

-Сиз Турсиновнинг қилмишларини яхши биласиз…

-Ҳа, била туриб, ҳеч нарса қилолмадим. Шунинг учун ҳам сизга ўхшаган йигитларнинг ёрдамига эҳтиёжим бор. Мана сизнинг хабарингиз йўқ, менга икки марта суиқасд ҳозирладилар. Ишга келаётганимда, мени отишмоқчи бўлишди. Хайриятки, қўрималар сезиб қолишди.

Миртемир “Мантикрис ҳангомаси” дея тарқалган миш-мишни эслади. Бир куни ўн уч -ўн тўрт ёшлардаги бола спорт милтиқчаси билан қуш овлаётган экан. Уни Каримов ўтадиган йўлнинг ёқасида ушлашибди. Кейин отасини, акасини ҳам қамаб қўйишибди. Балки ўша воқеани айтаётгандир, деб ўйлаган Миртемир:

-Яқинда бўлдими? -дея сўради.

-Биттаси икки ой олдин эди, иккинчиси икки кун олдин, Жиззахда рўй берди. Мени портлатиб юбормоқчи бўлишди. Худога айтганим бор экан, қутулиб қолдим. Сиз бўлсангиз менга ситам қиласиз. Сайловни эсон-омон ўтказиб олайлик, бу Турсиновларни, уларнинг мафияларини сичқоннинг инига киритиб юборамиз. Лекин билиб қўйишсин, мен улардан қўрқмайман, охирига қадар курашаман. Мелибой билан ҳам гаплашдим. Бечоранинг халқдан бошқа ташвиши йўқ. Уни қилмишлари учун КГБдан ҳайдалган, деб мени ишонтиришганди. Ваҳоланки, хасталаниб, пенсияга чиққан экан. Ундай йигитларни қўллашимиз керак.

Миртемир ўйланиб қолди. Каримов шу қадар самимий ва ҳаяжон билан гапираётган эдики, унинг гапларига шубҳа қилиш мумкин эмасди.

-Мана кўрасиз, икки-уч йилда бу давлатни дунёдаги энг катта мамлакатлардан бирига айлантираман. Халқимиз жаннатнинг ичида яшайди. Ҳаммага уй бераман, ер бераман. Қишлоқларни обод қиламан, колхозчининг уйи билан ҳокимнинг уйи бир хил бўлади. Бой -камбағал деган гап бўлмайди. Одамлар суд, прокурорнинг эшигида кутиб ўтирмайдилар, оналар, болалар касалхоналарда вафот этмайдилар. Мактаб болалари пахтага чиқмайди. Фақатгина олтинларни сотсак, бу масалаларни ҳал қилиш мумкин. Яна сотадиган қанча-қанча нарсаларимиз бор. Лекин ишлашга қўйишмаса нима қилай? Буларнинг ҳаммасини қувсам, янги инсонларни, янги кадрларни қаердан топаман? Сизга ўхшаганларга ишонсам, юзимга аризани отасиз. Истеъфодан осон иш йўқ. Лекин масъулиятни кўтариш оғир. Сиз фаолиятингизни тўхтатманг, Турсинов масаласини давом эттиринг, уни шармисор қиламиз. Аввал қўлини, кейин оёғини кесайлик, ундан кейин бошини узамиз.

Миртемир индамай Каримовнинг “нутқ”ини тингларди. Каримов минбарда юзларча инсонга хитоб қилаётгандек, жўшиб гапирарди.

-Биламан, сиз менга ишонмайсиз. Олинг, мана буни ўқинг. Бу ерда Шукрулло Мирсаидовнинг ва умр йўлдошининг кирдикорлари ёзилган. Хорижга борганда, неча тонна марварид келтирганини биласизми? Ҳозир мен унинг грибонидан бўғсам, ўтирган биномизни осмонга учиради, кулимизни кўкка совуради. Ана у бобойни парламент раиси қилиб қўйгандим. Ҳаммаёқни масхарага айлантирди. Бир жасоратли йигит- Полвонзодани Олий суд раислигига тавсия қилмоқчи эдим, “Миллати бошқа, ўтказишмайди” дейди. Бу масалаларда сизлар ёрдам бермасангиз, ким ёрдам беради? Мана, отасига раҳмат, Исо Холис дардимни англади, менга катта ёрдами тегаяпти. Мен ҳам бўш тураётганим йўқ, айтганини яратиб бераяпман. Наригиси ҳам хизматимизда.

Каримов бирдан отдан тушиб, ажриқда ўтирган кишидек, чуқур нафас олди-да, столга энгашганча, оғринган бир сасда, ёлворган бир оҳангда сўзини давом эттирди:

-Мен ҳам отаман! Болаларим билан ўтириб дардлашишни истайман, улар билан боғу-роғларни кезгим келади, лекин мана шу столга маҳкумман. Роботга ўхшаб қолдим. Баъзан ҳаммасига қўл силтаб, ҳайё-ҳуй деб чиқиб кетгим келади. Аммо бечора халқимизнинг аҳволи нима бўлади? Жиззахда чол-кампирлар бўйнимга осилиб йиғлашди, раҳматли онамни эсладим…

Каримовнинг кўзлари бирдан ёшга тўлди. Миртемир унга бир нигоҳ ташлади-ю бошини эгди. Ҳақиқатдан ҳам, мен уни тушунмаган бўлсамчи, деб ўйлади. Кап-катта одам, бир давлатнинг раҳбари бекордан кўзига ёш оладими? Ростдан ҳам атрофидагиларнинг ҳаммаси шахсий манфаатдан бошқа нарсани билишмайди. Бу одамнинг юрагида, балки, эзгу-ниятлар яшириндир?! Бир томонда Москов, иккинчи томонда эски зеҳниятдаги инсонлар уни қуршовга олишган. Эркак кишининг йиғлаши осон эмас. Ситамлар, азоблар жонидан ўтиб кетганки, кўзига ёш келаяпти. Шундай дейману лекин ҳамма нарса унинг ўзига боғлик эмасми? Қанча-қанча етук, қобилиятли инсонлар четда қолиб, дўппи келтир деса, бош узиб келадиганларни атрофига йиққан. Балки ноиложликдан шундай қилаётгандир?! Нима бўлганда ҳам менга кўнглини очди. Агар самимий бўлмаса, аризамга қўл қўйиб, тўрт томонингиз қибла, бораверинг демасмиди?! Ёки мен шошқалоқлик қилдим-ми? Аввал ҳамма гапни ўрганиб, кейин қарор бериш керакмиди?

Каримов ўрнидан туриб, ичкаридаги хонага кирди ва юзини ювиб, қайтиб келди:

-Ука, аризангизни олиб қўяман. Сиз ишингизни давом эттираверинг. Яхши-яхши йигитларни танланг, менга тавсия қилинг. Биргалашиб, бу касалликларни енгамиз. Кўриб турибман, чарчаб келгансиз, бориб дам олинг, -деди.

44. БУЗУҚИ

Миртемир индамай чиқиб кетди. Уйига келгач, бирдан хасталаниб қолди. Доктор чақиришганида, “Юрагингизни даволашингиз керак”, дея касалхонага олиб кетишди. У навбатдаги сессияга келолмади. Касалхонадан чиқиб, иш бошлаган куни онийдан Каримов унинг хонасига кириб келди:

-Сизга ўхшаган йигитлар касал бўлиб қолса, баракалло бизнинг ҳолимизга,-деди. -Юринг, бир жойга бориб келамиз.

Каримовнинг машинаси қўналға томонга юрди. У учоққа мингунга қадар ҳеч нарса демади. Учоқ кўкка кўтарилгандан кейин Миртемирни ёнига чақирди:

-Шаҳрингизга… шаҳримизга борамиз. Ана у Пўлатни ишдан бўшатиб келамиз. Мен уни яхши одам деб ўйлагандим, лекин аблаҳ экан. Ҳамма ёқни сотиб еди, планларни барбод қилди. Бу шаҳар ва бу вилоят бизнинг ифтихоримиз. Уни келинчакдек ясатиб қўйишимиз керак. Пўлат бензин станциялари калитини отасига, машина сотадиган жойларни укасига бериб қўйибди. Мен уни одам қилмоқчи бўлдим, аммо йўлга юрмади. Мана бу ҳужжатларни қаранг, агар вилоят сессиясида гап-сўз кўпаядиган бўлса, менга ёрдам берасиз. Ҳар қандай қилиб бўлса ҳам, у порахўр, ўғридан қутулишимиз керак.

Миртемир ҳужжатларга назар солар экан Пўлат Мажидович ҳам қулоғига қадар балчиққа ботган экан, деб ўйлади. Илгари пойтахтда ишлаганида атрофига ҳамтовоқлар тўплабди. Кейин бу вилоятга юборилганида, ана шу ҳамтовоқларини ҳам бирга олиб келибди.

Миртемир Пўлат Мажидовични биринчи котибликка олиб келишган кунни эслади. Ўшанда Каримов уни “ҳалол, пок, виждонли, ўзини эмас халқини ўйлайдиган одам” деб мақтаганди. Орадан бир ярим йил вақт ўтди. Энди у ҳакда тескари фикрларни айтмокда.

Миртемирнинг хаёл суриб қолганини кўрган Каримов унга сўз қотди:

-Пўлатни бу ишга қўйгунча она сутим оғзимдан келганди. Аммо ишончни оқламади. Ҳар куни саунага бориб, маишат қилгандан кейин ишлашга вақт қоладими? -у шундай деб чўнтагидаги суратларни олиб Миртемирга узатди.

Миртемир ҳайратланиб қолди. Пўлат Мажидовичнинг сауна ичидаги ҳар бир ҳаракати суратга олинганди. Чалқанча ётибди, уни қизлар массаж қилишаяпти, ўзини ҳовузга ташлаяпти, чой ичаяпти, саунанинг иссиқ хонасида бир мушт бўлиб ўтирибди… бунисини қандай суратга олишди экан? Ҳа, буларга қолса игнанинг тешигидек жойдан ҳам суратга олишади. Суратларнинг бошқаларида Пўлат қип-яланғоч, атрофида эса фоҳишасимон қизлар…

-Ҳа, -деди Каримов. -Султон киму қул кимлигини ана шундан билса бўлади. Болдирлари қуёш кўрмаган қизларни қўйнига олиб, эмиб ўтирибди, бу баччағар. Ҳаётнинг гаштини билади энағар.

Миртемир Пўлат Мажидовичдан нафратланди. Қанча-қанча инсонларнинг тақдирини шу ахлоқсизга ишонишган. Наҳотки, кирдикорлари очилиб қолишидан қўрқмади? Ёки ўзини ҳокиму мутлоқ деб ҳисобладими? Илгари кўп миш-мишлар тарқалганди, лекин бир раҳбарнинг бу қадар тубан кетишини тасаввур қилолмаганди. Мана энди кўриб турибди. Бундан оиласи, фарзандлари хабар топса, нима қилади? Наҳотки, буни ўйламади? Бугун Каримов мана бу суратларни вилоят депутатларига кўрсатса, Пўлат қандай қилиб бош кўтаради? Умуман, мансаб дегани шу қадар жодугармики, унга соҳиб бўлган инсон ўзини, виждонини, иймонини, ахлоқини бағишлайди? Мансаб нима сабабдан инсонни бунчалик тез бузади? Айб мансабдами? Йўқ, айб инсоннинг ўзида! У мансабга келмасидан олдин ҳам йўлдан чиққан бўлса, кейин ўзини тўхтата олмайди.

Демак, айбнинг тенг ярми шундай одамларни мансабга ташиганлардадир. Уларнинг кимлигини билмасдан, ўрганмасдан мансаб ҳадя этса, ургани шу бўлади. Балки, Пўлат ўзини хон каби ҳис этишида бошқа сабаблар ҳам бордир? Нима бўлганда ҳам бундай хулқи бузуқ, иши бад, порахўр одамни Каримов кеч бўлса-да танибди. Ундайларни алмаштириб ташлаш керак деган фикрга келгани яхши, халқ ҳам хурсанд бўлади.

Қирқ беш дақиқа “пир” этиб учиб кетди. Уларни вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Пўлат Мажидович ва ижроқўм раиси Тошбўри Қиличев, Жўрабеков ва Мавлонлар кутиб олишди.

Миртемир Пўлат Мажидовичга разм солди. Туппа-тузук одамга ўхшайди. Невараси тенги қизлар билан кайфу сафо қилишини хаёлга ҳам келтириш қийин. Ўзини жиддий, ғурурли тутмокда.

-Қиличевнинг хонасига чиқамиз, -деди Каримов марказга етиб келишганда.

Каримовнинг вилоят партия қўмитаси биносига эмас, ижроқўм биносига қараб юриши Пўлат Мажидовични ҳайратлантирмади. Миртемир эса Каримовнинг совуққонлигига ҳайрон эди. У ҳеч нарса бўлмагандек, юриб борарди. Ўн иккинчи қаватга кўтарилгач:

-Нега тортишиб юрибсизлар? -деди Қиличевга.

-Йў… Биргаликда ишлаяпмиз, -деб жавоб қилди Қиличев.

Каримов унинг хонасига қадар индамай юриб борди. Ичкарига киргандан кейин:

-Шу билан бирга ишлаб бўладими? -деди, кўрсатгич бармоғи билан ташқарига имо қилиб.

-Нима қилайлик…Ўзингиз маслаҳат бериб, йўл кўрсатсангиз…-деди Қиличев.

-Йўл ҳам, маслаҳат ҳам шуки, энди бизнинг командага кирасиз, ҳокимликни ўзингиз оласиз. Ҳа, унинг миллати нима ўзи?

Қиличев жавоб беришдан қочди.

-Сиз ҳам асли тоза эмассиз, менга уч-тўрт киши шикоят қилиб борганди. Сизни Мирсаидовни қўллаяпти, дейишганди. Лекин ишонмадим. Бу дегани иш битди дегани эмас. Яна текшириб кўрамиз, дегани.

-Билмадим… Йў… -шивирлади Қиличев.

-Туман биринчилари Пўлатни талаб қилиб, менга мактуб ёзишган. Сизни талаб қилганлар ҳам бор. Уни ишдан олишимни кимдан эшитди? Сиз кимдан эшитдингиз?

Қиличев қўрқиб, ранги оқариб кетди ва:

-Ўлай агар, хабарим йўқ, -деди.

-Ўлишнинг ҳам вақти келади. Керак бўлса, жонингизни ўзимиз оламиз. Ҳозир эса вилоятни ва шаҳарни тозалаш керак. Лекин бирданига эмас, аста-секин. Орқасида кучи борларнинг елкасини силаб, кейин боплайсиз. Раҳбар ҳам артист, ҳам томошабин бўлиши керак. Ўзингиз ўйнаб, ўзингиз томоша қиласиз. Душман билан ҳам ўпишиб, қучоқлашиб юриш лозим. Шундай қилмасангиз, унга ҳукмрон бўлолмайсиз. Ҳар бир туманда тўрт-бештадан ўз одамингиз бўлсин. Ҳамма жойда ўзимизнинг “тўпчалар”имиз бўлиши шарт. Ўшанда гап-сўз камаяди.

-Қуллуқ, оқсоқол, -деди Қиличев.

-Ҳа, нега ўтган сессияда сўзга чиқмадингиз? Қўркдингизми? Жасорат йўқ сизларда. Ана у эшак Пўлат ҳам тиржайиб ўтирганди. Кўрдингизми, бир ўзим ҳаммасини тинчитдим. -Каримов шундай деб, кўз остидан Миртемирга қаради.

Миртемирнинг авзойи бузилди, лекин индамай ўтирди. Каримов Қиличевни сўроқ қилишда давом этди:

-Бу ердаги депутатлар сизга қулоқ солишадими ўзи?

Қиличев шоша-пиша:

-Қулоқ солишади, -деди.

-Бўпти, сени табриклайман, бола, -дея Каримов ўрнидан турди ва Қиличевнинг елкасига бир урди-да, уни қучоқлади. Кейин улар ўпишдилар.

Миртемир бу манзарага ҳайратланиб қараб турар экан, Қиличев унинг ёнига келди:

-Раҳмат, -дея Миртемирга қўл узатди.

-Табриклайман, -деди Миртемир совуқ оҳангда.

Миртемир Каримовнинг Қиличевни сенсирагани ҳақида ўйлай бошлади. Демак, уни ўз командасига олди. Ўз мулки, деб ҳисоблай бошлади. Балки ўзини ота, уни эса бола, деб ўйлаётган бўлса керак?! Наҳотки, катта бир вилоятга раҳбар бўлаётган одам қулликни, тобеликни шу қадар осон қабул этса? Эртага унинг ўзи бошқаларга худди ана шу саҳнани такрорлайди. Одамлар ҳам қизиқ. Мансабга минган кишининг ҳам олдидан ҳам орқасидан чироқ ёқишади. Ҳам юрган, ҳам юрмаган йўлини супуришади. Ишдан кетган куни эса, юзига ҳам қарашмайди. Саломни насия қилиб, ўтиб кетишади. Балки ана шу ҳолатнинг ҳам раҳбарларнинг қул бўлиб қолишларида таъсири бордир?!

Каримов Миртемирга юзланди:

-Сиз нима дейсиз? Бунга ишонса бўладими?

-Мен кўққисдан бир нарса дейишим қийин. Аммо бу одам ҳаққида ёмон гап эшитганим йўқ.

-Бизга ана шу фикрингиз етарли, -деди Каримов ва Жўрабековни чақирди. У билан Мавлон ҳам кирди.

-Сизлар кутиб туринглар, -деди у Қиличев ва Мавлонга.

Қиличев хонадан енгил одимлар билан чиқар экан, Мавлон эса чўкиб қолган одамдек, фил одим ташлаб, чиқиб кетди.

-Бўлди, Қиличевни қўямиз,-деди Каримов Жўрабековга.

-Яхши-ю… -Жўрабеков питирлаб қолди.

-Нима гап? Нега иштонига ўтириб қўйган боладек, тортинасиз? Районларга чиқдингизларми? -Каримов жаҳл билан сўради.

-Мана, ҳамма “биринчи”лар Пўлат Мажидовични исташаяпти, -деб Жўрабеков қўлидаги, айрим жойлари қизил ранг билан бўялган қоғозни Каримовга кўрсатди.

-Ўзи уюштирган, -деди Каримов унинг гапини кесиб.

-Аҳвол оғир, Қиличев бироз миллатчи. Исо Холис билан алоқаси бор. Вилоят партия конференциясида ҳам миллатлараро тортишувни чиқарган шу. Эсингизда бўлса, биз айтган номзодлар ўтолмай қолганди. Сизнинг топшириғингиз билан бу ишни аранг тўғрилаганмиз, -дея Жўрабеков ҳужумга ўтди.

-Аниқми?

-Аниқ. Мана, бир неча киши ёзиб ҳам берди. Қиличев ўз мафиясини тузиб олган. У ҳоким бўлса, бошимиз ғавғодан чиқмайди. Талабаларни ишга солиб, шаҳарни бошқа миллатлардан тозалайман, деган гапини “комитет” ҳам ёзиб олган, -дея Жўрабеков қоғозларни Каримовнинг олдига қўйди. Аммо Каримов бу қоғозларга эътибор қилмади.

-Депутатлар билан гаплашдингларми, улар нима дейишди? -сўради Каримов.

-Улар ҳам умидимиз Каримовдан. Бошимизга Қиличев деган балони олиб келмасинлар, эскиси билан эплаб турибмиз, дейишди. Агар уни бўшатсалар, Каримовдан хафа бўламиз, деган гапни ҳам айтишди.

Каримовга бу гап ёқмади:

-Хафа бўлишса… -У мириқиб сўкиб олди.

-Шундайку-я, лекин бутун халқнинг кўзи бугун бизга қараган. Агар ишимиз шу ерда “провал” бўлса, “булар ўз юртида сўзларини ўтказишолмади” деган гап бўлади.

-Шундай экан, нега депутатларни тайёрламадинглар? -деди Каримов.

-Тайёрладик, ҳаммаси сизни қўллайди. Пойтахтда олдинги сессияда сизга қарши бўлган ҳаракатлардан ҳам ғазабда улар. Уч-тўрттаси гапиради ҳам. Маҳаллий телевизорда ҳам кўрсатамиз, -Жўрабеков ўзини бироз “қўйиб” юборди.

-Бу ерда телевизор борми? -ажабланиб сўради Каримов.

-Ҳа, уч тилда кўрсатув беради.

-Кўрдингизми, мана сиз мендан хафа бўлиб юрибсиз, -дея Миртемирга юзланди Каримов. -Мен ҳатто қаерда телевизор борлигини билмайман. Сиз бўлсангиз Муборакдаги телевизорни ёпиб қўйишларини мендан кўргандингиз.

-У ердаги телевидение билан бу ердагисининг фарқи ер билан осмонча.

-Осмон-посмони йўқ, ука. У ерда ҳам, бу ерда ҳам одамни кўрсатади. Президент келиб бошида қоровуллик қилмайди. Халқингиз шу бўлгандан кейин, Президент нима қилсин? Мана кўраяпсиз, бу ерда ҳам тишимиз ўтмаяпти.

Миртемир кулимсираб қўйди.

Каримов Жўрабековга қараб:

-Булмаса бошқани қўяйлик, -деди, яна масалага қайтиб.

-Оқсоқол, Пўлат сизга содиқ. Сизни ўз отаси ўрнида кўради. Ўл десалар ўламан, тирил десалар тириламан, дейди. Вилоятни яшнатиш ҳақида халққа ваъда бераверсинлар, агар бажармасам, йигит эмасман, деяпти. Сайловда ҳам, бу ерда ҳам сизнинг асосий “поддержкангиз” Пўлатдир. Унинг садоқати самимий. Ҳар тарафлама текшириб кўрдик. Мен ўртада кафилман.

-Мана бу ҳужжатлар, суратларчи? Улар нима бўлади?

-Оқсоқол, бундай аҳмоқчиликни биз ҳам, бошқалар ҳам қилган. Лекин сиз бағри кенг одамсиз. Кимни кечирган бўлсангиз, Сизга содиқ бўлиб қолмоқда. Буни ҳам бир марта кечиринг. Бу ҳужжатлар сейфда турганини билиб, у яна ҳам яхшироқ ишлайди, жилови қўлингизда бўлади.

-Мавлон қани? -сўради Каримов.

Умрзоқов югуриб кирди. У билан ҳам савол-жавоб юқоридагидек бўлди.

-Пўлат Мажидович тинчликни сақлаяпти. Ҳозирча ишлаб турсин. Бузғунчиларни бир тараф қилиб олганимиздан кейин… -Мавлон гапининг қолганини ютиб юборди.

-Яхши, унда Қиличевни нима қиламиз?

-Уни ҳам ҳозир четлаштириб бўлмайди. Тарафдорлари кўп. Бирор йил ишласин, кейин силжитамиз, -деди Жўрабеков.

Миртемир Каримовнинг кўзига ёш олган ҳолати билан ҳозирги аҳволини таққослай бошлади. Каримов булардан қўрқади, дейиш мумкин эмас. Ҳаммаси унинг ёнида қалтираб турибди. Буларга ишонади, дейиш ҳам қийин. Ҳаммасини бир-бирига қайраб қўйган. Ёки булар уюштирган фитна қаршисида Каримов ип эшолмай қолаяптими? Йўқ, буларнинг ҳар бир одимидан хабардор. Нега унда ҳар соатда турланади? Балки феъл-атвори шундайдир?! Ҳақиқатдан ҳам, бирор гапга “лов” этиб, ёниб кетади. Кўп ўтмай “гуп” этиб сўниб қолади. Ёнган пайтида қаршисидаги одам ҳам, унинг тақдири ҳам қўшилиб ёниб кетади. Сўнган пайтида эса ёниши керак бўлган оловни ҳам ўчиради. Балки, бу феъл қайсидир маънода яхшидир? Яъни ёлғиз ўзигагина яхши, бошқалар учун эса таҳликали. Айниқса, минглаб-миллионлаб инсонларнинг қисматига ҳукм қиладиган инсоннинг феъл-хўйи ана шундай бўлса, ҳамманинг жонига “вой”.

Бундай раҳбар билан ишлаш ҳам осон, ҳам оғир. Тобе бўлишни, қулликни севганлар роҳат қилиб ишлайдилар. Бирозгина ўз фикрига эга бўлганлар, дарров ўжарга чиқади ёки йўқотилади. Менимча бу одам ўта таҳликали. Мени ҳам алдаб юрибди. Бир кун келиб, кунини кўрсатиб қўяман, деб ўйлаётгани, заҳарханда кўзларидан сезилиб турибди. Бундай одамлар ҳар қандай ўйинни, ҳар қандай ролни мукаммал қилиб ижро этадилар. Улар учун қабиҳлик ва адолат, инсоф ва диёнат, ҳаром ва ҳалол, нур ва соя, яхши ва ёмоннинг чегаралари йўқ. Бир зумда бу сарҳаддан у сарҳадга ўтиб кетаверадилар. Тўхта, тўхта, оғайни файласуф бўлиб кетдинг. Воқеалар нима билан тугашини кутмасдан, хулосани чиқариб бўлдинг. Яна бироз томоша қил, ана ундан кейин мушоҳада юрит!

Бу пайтда Каримов Жўрабеков билан суҳбатлашаётган эди.

-Демак, бу бола ҳам аблаҳ эканда-а?

Ўша сессиядан олдин парламентнинг собиқ раиси Иброҳимовни зиёрат қилибди. Чол қулоғига бир нарсалар шипшитган бўлса керакки, у ердан чиқиб, Мирсаидовнинг ёнига борган.

Биров ишдан бўшагандан кейин ҳам булардан қутулолмайди, деб ўйлади Миртемир. Каримов ҳам ҳалига қадар Иброҳимовга кин сақлаб юрибди. Балки, кин сақлашининг сабаби, атрофидагилар унинг номини тез-тез эслатиб туришларидадир? Балки, Каримовнинг кин сақлаганини билганлари учун, унинг номини тез-тез такрорлашаётгандир. Хуллас, буларни тушуниш қийин.

45.АНАНАС

Миртемир касалхонада ётганида, Мирзаолим Иброҳимов ҳам хаста эканлигини айтишди. Кекса одам, турган битгани ҳангома, аския эди. Ҳаётни жиддийга олмасди. Масхара билан кун ўтказарди. Нима бўлганда ҳам, бир зиёрат қилиб қўяй, деб Миртемир унинг палатасига келди.

-Э, хуш келдинг, болам, -деди Мирзаолим Иброҳимов ўрнидан туриб.

-Палатагами ёки касалхонагами? -аския қилмоқчи бўлди Миртемир.

-Касалхонага ҳам хуш келдинг, деяверишим мумкин, чунки бу ер ана у ёкдан тинчроқ, -Мирзаолим Иброҳимов “Ана у ёқ” дер экан, нимани назарда тутганини Миртемир англади. -Айбга буюрма, болам, келганингни эшитганимга бир ҳафта бўлади, лекин юқорига чиқолмайман. Зерикиб ҳам қолгандирсан?

-Ҳа, жавоб беришмаяпти. Аламни қаламдан олаяпман. Олий кенгашдаги ҳангомаларни ёзаяпман, -деди Миртемир.

Мирзаолим Иброҳимов аввал тиржайди, кейин юзи жиддийлашди, киприклари пир-пир ўйнай бошлади.

-Ҳа-ҳа, роса ҳангома кунларни яшадик… Лекин мен ҳам зерикиб қолдим, кошки ёзганларингни берсанг-да, бир мириқиб ўқисам.

Миртемир истамасада, Мирзаолим Иброҳимов асаларига ўхшаб ёпишиб олди. Иложсиз қолгандан кейин, ёзганларини оқшом чоғи келтириб берди. Эрталаб хабар олишга тушганида, Иброҳимов хонасида йўқ эди. Миртемир атрофга аланглаб, қўлёзмасини қидирди. Ғаладоннинг устида турган қўлёзманинг ўн олтинчи саҳифасига қадар ўқилгани, варақларнинг тескари қилиб қўйилганидан маълум эди.

Миртемир докторлардан сўраганди, улар Иброҳимовнинг қон босими ошиб, реанимацияга олинганини айтишди. Миртемирнинг хаёли қочди. Реанимация бўлимига келди. Докторлар ичкарига киритмадилар. Қайтиб чиқаётганди, ҳамшира уни чақирди.

-Сизни Мирзабек ака сўраяптилар.

Хаёли паришон бўлган Миртемир, оёқ учида юриб, ичкарига кирди. Мирзаолим Иброҳимов ётган ётоқнинг тепасида юрак уришларини кўрсатиб турган жиҳозлар ишлаб турарди.

-Бу ерга кел, болам, -дея, пичирлади Иброҳимов ва қўли билан “Ёнимга ўтир” ишорасини қилди. Миртемир нима дейишини ҳам билмас эди. Иброҳимов ёстиғи остидан газетага ўралган бир китобни олди.

-Қўлингни шу китобнинг устига қўй, -деди.

Миртемир ҳайрон бўлиб қўлини китобнинг устига қўйди.

-Энди қасам ич, мен тирик эканман бу ёзганларингни бирор ерда чоп этмайсан.

Миртемир юрак уришларини қайд этиб турган жиҳозларга қаради. “Тиқ”, “тиқ” этган товушлар тиғ каби фикрларига санчилди.

-Чоп этмайман, -деди.

-Худога шукур,-деркан, Иброҳимов ҳамширага юзланди. -Хоним, ананасни кес, бир тилим менга, бир тилим Миртемирга бер.

Миртемир ҳамшира деб ўйлагани, Иброҳимовнинг умр йўлдоши эканлигини англади. Унинг ҳам юзи ёришганди. Мирзаолим Иброҳимов ўрнидан туриб ўтириб, ананасни мириқиб еди…

Уч кундан кейин Мирзаолим Иброҳимов касалхонадан чикди. У шахдам одимлар билан юриб, чиқиб кетаркан, орқага қайрилиб, Миртемирга қўл силтади ва кулиб қўйди. Иброҳимовнинг бу қараши унга “Қалай, болам, яна бир ҳангомага гувоҳ бўлдингми? Сени яна бир марта бопладимми?” дегандек туюлди .

Балки, Иброҳимовнинг масхарабозлиги Каримовнинг жон-жонидан ўтгандирки, унинг номини эшитганда, ўзини тутолмай қолар? Лекин Мирзаолим Иброҳимов у қадар ёмон одамга ўхшамайди. Ёш, ўйинқароқ болани эслатади. Унинг ҳангомалари кишининг қалбига оғир ботмайди. Балки, ҳар бир ўйинни самимий ўйнаганидан бўлса керак. Саҳнада масхарабоз ёки аскиячи сизга қанча оғир ҳазил қилса ҳам, енгил тортганингиздек, Иброҳимовга ҳам кин сақлолмайсиз, деб ўйлади Миртемир. Аммо Каримов нега бу қадар уни севмайди? Умуман,у бировни севармикан? Менимча, у одамларни ўзи учун яратилган унсурлар деб билади. Шу боис ҳам унга бировнинг бировдан фарқи йўқ. Истаса ишдан қувади, истаса ҳар қанча бадкиркорга ҳам, катта лавозимларни бағишлайверади.

46.ТЕПКИ

Мана энди Каримов Пўлат Мажидович қолиб, Қиличев нинг иғвосини қилмоқда.

-Қиличевни сессияда шарманда қилиб, қувсакмикан? Йўқ, уни олдин бир тепкилашим керак, -деди Каримов.

Каримовнинг “тепкилашим” деган сўзи Миртемирга касалхонадаги яна бир воқеани эслатди. У туш пайти ухлаб ётганди.

-Миртемир, Миртемир,-деган товушдан уйғонди. Бош учида телевидениеда ишлайдиган дўсти Отажон ўтирарди. Уни ҳам Каримов яқинда девонга ишга олганди. У шу қадар ҳовлиққан қиёфада эди-ки, ҳол-аҳвол сўрашни ҳам унутиб:

-Каримов мени тепкилади, -деди.

Миртемир кулди.

-Ишонмаяпсиз-а, ростдан ҳам орқамга тепди. Жигартепада тупроқ кўчиб, битта қишлоқ йўқ бўлганини эшитган бўлсангиз керак. Қанча-қанча инсонлар нобуд бўлишди. Мен ҳам мухбирларни олиб, ўша ерга бордим. Мутахассислар “Энди келишингизнинг фойдаси нима? Бу ерда штаб тузиб олиб, инсонларга уй қуриб берамиз деганингиз билан ўлганларни тирилтира олмайсиз. Биз тупроқ кўчишини олти ой олдин девонга маълум қилганмиз”, дея ситам этишди. Мен шу мактубнинг изига тушдим, Алимовга қадар етиб келганини аниқладим. Кейин Каримовнинг ҳузурига кирдим. Асл жиноятчи шу ерда экан, дегандим, “Сен ҳали мени жиноятчи, дейсанми?”дея хонасидан тепиб-тепиб чиқарди. Сиздан маслаҳат сўрашга келдим. Нима қилай?

-Нима қилардингиз, -дея жилмайди Миртемир. -Каримов ҳар кимни ҳам тепмайди. Ифтихор қилсангиз, арзийди.

-Ростданми?

-Ёлғони борми? -деди Миртемир кинояомуз.

Отажон яна ҳовлиққанича чиқиб кетди. Миртемир кейин эшитса, у ҳамма жойда бу воқеани мақтаниб, айтиб юрган экан. Демак, ўша Отажон, ҳеч ўзгармабди. Каримовнинг тепкиси ҳам ўзгартирмадими, демак, ҳеч бир нарса ўзгартиролмайди, деб ўйлади Миртемир. Мана энди Каримов Қўчқоровни тепкилашни орзу қилаяпти. Балки, беш дақиқадан кейин орзу сарҳади кенгайиб, яна бирор кишини тепкилашни истар. Эҳ, бу дунёда ғурурсиз одамлар озми?!

-Пўлат ҳам Шукруллонинг ёнига борган экан-ку?

-У менинг ёнимга борганди. Шукруллодан гап олиш учун, Пўлатни унинг ҳузурига юборгандим. Бу воқеани олдин ҳам сизга…

Каримов Жўрабековнинг гапини кесиб:

-Хўп, нима қиламиз? -деб соатига қаради.

-Қиличев ҳозирча қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиб турсин. Оддий ўринбосар бўлсин. Биринчи ўринбосарликка сизга содиқ бир одамни қўяйлик, чунки миршаблик, прокуратура,”Комитет” унинг қўлида бўлади.

-Кимни қўямиз? -қатъий оҳангда сўради Каримов.

Жўрабеков Каримовга холис кўриниш учун, бундай ҳолларда унинг назарига тушган кишиларнинг исмини айтарди. Икки кун олдин Каримов Жўрабеков билан Мавлонни бу ерга юборар экан, уларга айтмасдан девонда ишлаётган Алишер Мардиевни ҳам “яширин топшириқ” билан юборганди. Буни Жўрабеков билгани учун:

-Алишер яхши йигит…, -деди

-Алишерми? У девонда керак, -деди Каримов хомуш оҳангда.

-Ҳозирча ишлаб турсин, кейин қайтариб оламиз, -деди Жўрабеков.

-Қани ўзи?

-Ташқарида.

-Сизлар чиқиб туринглар, у кирсин.

Алишер кириб, эшик ёнида турди.

-Якинроқ кел. Хўп, Пўлатни қўямизми, Қиличевними?-деб сўради Каримов.

– Қиличев сизга содиқ.

-Униси-чи?

-У “Мен Каримовдан ҳам, ҳеч кимдан ҳам қўрқмайман” деган экан. Комитетнинг ёзуви бор.

-Нега шу пайтгача айтмадинг?

Алишер қўрқиб жавоб берди:

-Қўлингиздаги ҳужжатларнинг орасида матни бор эди.

-Бу ерда миллатлараро масала қандай?

-Тинч, фақат Пўлат Мажидович кавлаштириб юрибди, -деди Алишер паст овоз билан.

-Гап бундай, шу ерда қоласан. Пўлатни ўзинг йўқотасан. Кейин шу жой сеники, билдингми?

-Билдим, оқсоқол! -дер экан, Алишер ўзини йўқотиб қўйгандек бўлди.

-Бор, Пўлат кирсин.

Пўлат Мажидович кўпкарида терга ботган отдек, ҳолсиз ҳолда ичкарига кирди.

-Хўш, нима қиламиз? -деди Каримов.

-Увла десангиз увлайман, акилла десангиз акиллайман, ўл десангиз ўламан!

Воҳ, безбет, деб ўйлади Миртемир. Мансаб учун ит бўлишга ҳам, ўлишга ҳам тайёр. Наҳотки, инсон зоти шу қадар тубан бўлса?! Ёки йиллар, воқеалар уни тубанлаштириб юборадими? Бир бурда нон, бир қошиқ сув ҳамма жойда топилади. Ҳалол нонини еб, тиниқ сувини ичиб юрса бу кунидан минг марта яхши эмасми? Балки, бу инсонлар учун мансабдан айрилиш ғурурдан айрилишдир? Ҳа, мансаб булар учун ғурур, ҳаёт. Агар ҳозир Каримов бутун хонумонингни ўртага қўясан, деса индамай рози бўлади. Булар учун шараф, номус деган тушунчаларнинг ҳаммаси мансаб билан мужассамлашган. Орқаваротдан қўрқмайман, деб айтади-ю, қаршисига келганда, итдек тили осилиб, оёғига суйканади. Бир бўлак суяк учун ғингшигани-ғингшиган.

Каримов Пўлат Мажидович билан рус тилида гаплаша бошлади.

-Ўл десам ўлолмайсан, нега мен гапирганда жаҳлинг чиқади?

-Оқсоқол, “Онангни…” деган сўкишни олдин эшитмаган эканман, шунга бироз… Ўшанда аҳмоқлик қилиб, телефонни қўйиб қўйдим. Энди ундай бўлмайди.

Миртемир Каримовнинг бу ерга келишининг сирини энди тушунди. Демак, Каримов Пўлат Мажидовични буралаб сўккан, у эса телефон дастасини қўйиб қўйган. Шундан кейин, Каримовнинг фиғони сайёр бўлиб, бу ерга текширувчиларни юборган.

-Мен онангни дедимми, демак онангни (…)аман.

Пўлат Мажидович қизариб бўзарганча, бошини эгди. Миртемир ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетаётганди:

-Қаёққа, -деди Каримов.

-…

Каримов кулиб юборди:

-Бўпти, қайтинг, сўкишмаймиз. Мен сўкмайин десам ҳам, мана булар мажбур қилишади. Бу эшаклар одамга ўхшаб юрсалар, мен ҳам уларга одамга ўхшаб муносабатда бўламан.

-Бундан кейин… -Пўлат нимадир демоқчи бўлди, лекин Каримов уни гапиртирмади.

-Мана бу доселарни қара, -деди Каримов. -Истаган вақтда сени қамоққа тиқаман. Чириб кетгунингча, томоша қилиб ўтираман. Кимдан, қанча пора олгансан, кимга, нима сотгансан, ҳаммаси бор. Тоза эмассан. Аввал тозаланиб, кейин гапир, хўпми? Агар яна бир марта телефон дастасини қўйиб қўядиган бўлсанг, ўша кун онангни (…)аман билдингми?

-Яхши…

-Агар гапимни икки қилсанг, ўша кун (…)аман билдингми?

-Билдим!

Русча гапираркан, Каримов шу қадар бийрон эди-ки, унинг сўзларига ҳатто Пўлат монанд жавоб тополмасди.

-Мен билан ўйнашиб бўлмайди, билиб қўй, -дея сўзда давом этди Каримов. -Агар содиқ бўлсанг, ҳурмат топасан. Ҳаммаси яхши бўлади, нима десанг, қилиб бераман. Хиёнат қилсанг … кучимни кўрдинг. Келишдикми?

-Келишдик, -дер экан, Пўлат хурсанд бўлиб кетди.

-Сен учун Жўрабеков орага тушди. У ҳам қил устида, унутма. Сен ёнадиган бўлсанг, у ҳам сенга қўшилиб, жизғанак бўлади.

-Раҳмат, оқсоқол, раҳмат!

-Кетдик. Ҳозир сессияда содиқлигингни кўрамиз, -деди Каримов Пўлатга.

-Қиличев нима бўлади? -деб сўради Пўлат Мажидович.

-У ҳам, Алишер ҳам биринчи ўринбосар бўлсин.

-Низомда фақат бир ўринбосар кўрсатилган.

-Низомни ўзгартириб бераман. Бу вилоятнинг аҳамияти катта. Бу ерда иккита биринчи ўринбосар бўлса, осмон узилмайди.

Улар қўл беришиб, қучоқлашиб, ўпишиб олдилар. Миртемирнинг Пўлат билан кўришгиси келмагани учун, ҳеч нарсани эшитмаган ва кўрмагандек, деразадан ташқарига қараб турарди.

Сессияга кириш арафасида Жўрабеков Пўлатнинг қўлини қисди.

-Эртага бораман, -дея шивирлади Пўлат.

-Шошма, вақтини ўзим айтаман. Аввал Каримов билан гаплашиб олай, кейин сени хабардор қиламан.

Сессияда Каримов узоқ гапирди. Тошкентликлар унга ҳужум қилишганини алоҳида урғу билан таъкидлади:

-Мана Миртемир каби укаларимиз, ҳамма нарса яхши бўлсин, деб ўйлашади. Аммо уларнинг танқидидан бошқалар фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Шу сабабдан мен Миртемирни кечирдим. Лекин ўз юртимдан чиққан йигитлар менга қарши чиқишгани, қалбимни оғритди,-деди. Сўнг Пўлат Мажидовични ҳокимликка, Қиличев ва Алишерни биринчи ўринбосарликка тайинлагани ҳақида фармон чиқарганини айтди.

-Қани қарсак?! -деди Каримов

Залда гулдурос қарсак янгради. Пўлат сўзга чиқиб, Каримовнинг буюк истеъдоди ва тенгсиз хизматларини таъкидлади. Сессия тугаб, хайр-маъзур қилинди. Пойтахтга келгунга қадар, Каримов Миртемирга ҳеч нарса демади.

Миртемир, бу одам билан ишлаб бўлмайди, дея ўйлади. Девондан кетишим керак. Лекин қаерга?!

Учоқ булутларнинг бағрини тилиб, ерга яқинлашаркан, ҳар қандай юксалишнинг бир тушиши бор, деб ўйлади Миртемир. Каримов ҳам бугун юксалишда, аммо бир кун қанотлари қайрилиб, ерга тушиши аниқ. Лекин унинг ерга тушиши ҳам осон бўлмайди. Ортидан қанча-қанча фалокат ва вайроналар қолади…

(ИККИНЧИ КИТОБ ТУГАДИ)

One Response

  1. […] 11. ҚУВҒИН-2 китоб […]

Comments are closed.