ТУРКИЯДА ТЎРТ ЙИЛ

Муҳожирнома
4.ОЛТОЙЛИ
МС ўз оиласи ва Атҳам Розиқов(МХХ жосуси)ни олиб Истанбулга кетгач, биз ўз ташвишимиз билан машғул бўлдик. Бу кўпга чўзилмади. Бир кун Мурод иккаламизни Элчибейнинг маслаҳатчиси Ниҳат Чатинқая сўраётганини айтди. Бордик.
-Ҳозир Анвар оби билан гаплашдим,-деди у.
Ҳурмат юзасидан ҳам ишлатиладиган “ака” сўзи туркларда “аби” дейилади, кўчаламада эса “оби” тарзидан қўлланилади.
Анвар оби кимлигини билмасдим. Аммо Мурод Ўзбекистон билан гаплашганда ўзини “Анвар” деб таништирарди. Ҳайрон қолганимни кўриб, Ниҳат Чатинқоя “Анвар Олтойли телефон қилди” деди.
Анвар Олтойлини билардим. У Ислом Каримовнинг асосий маслаҳатчиси эди. Тўйларда кўрганман, саломлашганман. Доим кулиб турадиган, хушчақчақ, ҳар қандай ишнинг пихини ёриб юбораман, деган каби доим шай турадиган одам. “Пакана одамлар зиқна бўлади” дейишарди. Анвар Олтойлини кўрганимда бу гапнинг тўғри эмаслигини идрок этганман. У яхши хабарни ҳам, ёмон хабарни ҳам кўнгликенглик билан жилмайиб эшитарди. Ўзига хос феномен. Билганим бу қадар эди.
Кейинчалик унинг Аданада туғилган ўзбеклардан эканлигини билдим. Бу кичкина одам жуда қобилиятли, ҳеч қачон хаёлга толганини ёки хафа бўлганини кўрмайсиз. Кичкина бўлишига қарамай жуда катта одамларни “кукла” қилиб ўйнаб юрганди.
Отаси Шокир Олтойли Иккинчи Жаҳон уруши даврида немислар томонига ўтган ва урушдан кейин Туркияга жойлашган. Онаси эса Абдураҳмон Қовунчининг қизи Малак холадир. Кейинчалик уни ҳам танидик. Туркистон деб жонини беришга тайёр аёл эди. Фавқулодда ватансевар. Анвар Олтойлининг синглиси Сухайло ҳам шундай. Сухайло ва унинг эри Фаррух ҳақида алоҳида китоб ёзиш керак. Бу ишни МС бажарса улар олдидаги қарзларини озгина енгиллатган бўларди.
Чунки улар МС ва оиласига ҳеч ким қилмайдиган хизматларни қилишган. Текин учқич билетларидан текин кийим-кечакларга, текин озиқ-овқатдан бот-бот текин Умрага бориб келишлардан Анталия сайру саёҳатларигача… Уларнинг ўзларига оид Ҳаво йўллари компанияси ва Истанбул марказида ресторанлари бор эди. Анвар Олтойлининг бир оғиз гапи билан ўзларини МСнинг хизматига бағишлашганди. Ўзбек эркаклари кўтаролмаган юкларни нимжонгина Сухайло хоним тортқилаб кетаверарди. Минглаб газеталар тахланган зил-замбил юкларни учқичга ўзи тортиб олиб чиқарди. Бошқа одам бўлса текширишлари, шубҳа қилишлари мумкин деб ўйларди.
Олтойли Анқарада ҳуқуқшуносликни ўқиган ва 1968 йилдан бошлаб Миллий Истиҳборот Ташкилоти (МИТ)да ишлаган. У кучли советшунос бўлган. МИТнинг энг катта одамлари сафида турган. Айни пайтда Миллиятчи ҳаракат партияси раиси Алпарслон Туркашнинг ҳам ўнг қўли бўлган. Туркияда инқилоб ва Рим Папасига суиқасддан кейин у Олмонияга қочган ва Туркия фуқаролигидан чиқарилган.
Аммо турли газеталарда мақолалар ёзиб, Туркия билан алоқаларини сақлаб турган. Зотан 1977-1980 йилларда эса “Ҳаргун” газетасининг бош муҳаррири  бўлган.
СССР йиқилгач, Тургут Ўзал ва Демирал уни чақиришиб, фуқаролигини тиклашади ва туркий жумҳуриятларга бериладиган ёрдам координатори этиб тайинлашади. У Туркия анаъналаридан келиб чиқиб, ўнг қўлини ҳукуматларга узатган бўлса, чап қўлини мухолифатга тутган. Жумладан, ЭРК партиясига, унинг раисига жуда кўп ёрдам Олтойлидан келганини ҳеч ким инкор эта олмайди.
Олтойли президентлар ва бош вазирлар билан юзма-юз гаплашиб, кескин қарорлар бериб кетаверадиган даражада эркин ваколатларга эга эди. Унинг Туркияда бир қанча китоблари ҳам босилган ва ўзи Олмониядаги катта бизнесменлардан бири.
Хуллас, Совет даврида Туркия разведка идорасининг СССР бўйича ишлайдиган бўлимини бошқарган Олтойли қандай қилиб Каримов билан топишди, билмайман. Баъзилар у аввал Шукрулла Мирсаидов билан дўстлашган ва Мирсаидов уни Каримов билан таништирган дейдилар. Унинг ўзи ҳам шуни гапиради.
Баъзилар эса Олтойлининг КГБ билан алоқалари кучли бўлган ва бу Каримовга чиқиш учун йўл очганини айтадилар.
Менимча, масала, жуда жўн, ўша кезда Каримовнинг кўксида Туркияга, Ғарбга чиқиш орзуси жунбушни кутиб ётган вулқон эди. Олтойли эса бу вулқоннинг отилишига сабаб бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам уларнинг яқинлиги шу қадар бўлганки, Каримов Швецария банкига қўйилган 16 тонна олтинни унинг укаси Тоҳа Олтойлининг номига расмийлаштирилгани ёзилганди.
Ана энди шу одам Бокуга телефон қилиб, Элчибейнинг туркиялик маслаҳатчиси Ниҳатбейтга топшириқ берибди.
-Тезда типография учун бино топинглар. Каттароқ бино бўлаверасин. Анвар оби бу ишга 100 минг доллар қўяман, дедилар. Бинони топиб дарҳол менга айтинглар, мен ўзим бориб кўраман,-деди Ниҳатбей.
Унга “Авроосиё” фондида ишлаётганимни ва газета чиқиши аниқ бўлгач, келишимни айтдим.
-Газетани дарҳол чиқарамиз. Станокларни ҳам қидиринглар. Тошкентдан одамлар ҳам олиб келиш керак. Газетани олиб бориб тарқатишни ҳам ўйланглар. Бу масалада Жабҳада Яшар деган йигит бор, у билан алоқа ўрнатинглар…,-деб буйруқ берган Ниҳатбей, Муродга қараб:
-Ҳалигидан Жаҳонгирбейга ҳам ойлик маош беринг, газетани нашрга ҳозирлайверсин,-деди Ниҳатбей,-бошқаларга ҳам.
Чиқарканмиз Мурод менга 100 доллар қийматида пул берди. Шундай қилиб, битта ишни ташлаб, иккинчисини бошладим. (Бу “Эрк” газетаси дея олган биринчи ва охирги маошим эди-ЖМ). 48 варақли дафтарни тўлдирдим. Бу хаёлимдаги газетанининг битта сони эди. Уни китоб иловасида кўрасиз. Қизиқарли материаллар жамланган. Баъзилари “Эрк”да чиқди ҳам.

Лекин Ниҳатбей билан бўлган суҳбат кунига қайтамиз.Кечаси ухлай олмадим. Нега бу ишнинг орқасида Анвар Олтойли турибди? Нега бунга олдинроқ эътибор қилмадим? Нега Ниҳатбейдан бу ҳақда сўрамадим? Одам шунча ҳам гўл бўладими? Ахир у Каримовнинг энг ишонган одами-ку? Бу тузоқ бўлмасин тағин? Бунинг устига МСнинг оиласини МХХ вакили олиб келди. Қанақадир ўйин ичига тушиб қолдикми? У ҳолда нега Самарқандда яқинларимга босиб кучайгандан кучайиб кетмоқда? Нега мени топиб берасан, деб қариндошларимни қамоққа ташлаб, қийноққа солишмоқда? Ўйлай-ўйлай уйқу элтмади. Эрталаб фикримни Муродга айтдим.
Мурод МСга телефон қилган экан, “У бизнинг улкучи, туркчи қардошимиз, ҳеч бир шубҳага ўрин йўқ” деган.
Кўнгил тинчимасди. Аммо ўша кездаги туркчи, турончи, туркистончи кишиларнинг чин юракдан бу ишга киришганларига ишонч таскин берарди. Уларнинг самимий эканликларига, етмиш йил рус асорати остида қолган қардошларини қутқаришга отланганларига ишонардик.
Пул, мансаб деган нарсалардан миллат, ватан, турклик, бирлик, эрк каби тушунчалар устун турарди. Дўстлик ҳамма туйғулардан баланд эди. Хом сиёсатчи эканлигимизнинг белгиси ҳам шу. Сиёсатда дўстлар эмас, манфаатлар бўлади, деган қоидани билиб олишимизга эса анча қовун пишиғи бор.
Иккинчи таскин эса, ўша кезда демократ Клинтон маъмурияти собиқ совет жумҳуриятларини Москвадан узоқлаштириш режасини тузгани ва туркий жумҳуриятларга Туркия орқали киришни режалагани эди. Бу жумҳуриятларда совет зеҳниятли раҳбарлар ўрнига модерн лидерларни олиб келиш плани бўлган. Ҳар иккала планнинг марказида эса Анвар Олтойли турган.
Олтойли ва унинг Ўзбекистондаги ўрни масаласида ҳали кўп тўхталамиз. Лекин шу ерда беш йил кейин – 2008 йилнинг 31 март куни чоп этилган бир суҳбатдан парча келтирмоқчиман. Бу ҳақида кейинчалик батафсил тўхталадиганимиз Рўзи Назар билан суҳбат:
Рўзи Назар: Ўзбекистон Эрк партиясининг лидери Вашингтонга келганда АҚШнинг Ўрта Осиёдан чиқмаслиги кераклиги, агар АҚШ кетса, Хитой келиши мумкинлигини айтиб баёнот берганди. Буни Канзаз сенатори ва Ҳелсинки комиссияси раиси Сам Броунбак ҳузурида сўзлаганди.
-Сизнингча Туркистан ўзгармоқдами, пантуркизм Америка Турони сифатида келмоқдами?
Рўзи Назар: Ўзбекистон мухолифати бутунлай бўлмаса ҳам катта зарба олди. Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлат энди куч эмас. Улар фақат ўзларни оёқда тутмоқ учунгина сиёсатдалар. Уларнинг замони ўтиб кетди. Аслида ўзбек мухолифати Туркияга Озарбайжон орқали кириб келишида Анвар Олтойли хизмат кўрсатди ва Анварбейга Бадриддин Далан ёрдам қилди. Ундан кейин Турон Ёзғоннинг ёрдами билан Истанбулда қолдилар. Лекин яна бир марта айтмоқчиман, Ўзбекистон мухолифати энди олдинги кучида эмас ва олдингиси каби бўлолмайди ҳам.(http://www.acikistihbarat.com/)
Афсусланарли оқибатни эсга соладиган бу парчани келтиришдан мақсад, эркчиларни Озарбайжонда ва сўнгра Туркияда қўллаган Ўзбекистон президентининг 1994 йилгача маслаҳатчиси бўлган Анвар Олтойли эканлигини кўпчилик яхши билишини таъкидлашдир. МС ўша пайтда ҳам ҳеч қаерда ишламас эди.
Нима сабабдан катта ўйин учун Олтойли МСни танлади? Бу саволнинг жавоби худди “Катта ўйин учун нега Каримов МСни танлади?”, деган саволга жавоб кутган каби тоқат қилишга тўғри келади.
Ҳозирча Анвар Олтойлининг Анқара ва Вашингтон мақсадлари ортидаги режаларини МС ҳам, биз ҳам, кўплаб қурбонлар ҳам тушиниб етмаган эдик…
Хуллас, Мурод билан типографияга жой қидирар эканмиз, аэропорт яқинидан ижарага бир квартира олмоқчи бўлдик. Чунки шаҳар билан аэропорт ораси анчагина ва келиб кетаётганлар кўп эди.
Аэропортда Тошкентдаги каби шиша банкаларга солиб қатиқ сотадиган бир хола билан танишдик. Элликдан ошган, семизгина, думалоқ, аммо чаққон бу холанинг номи Элмира экан…
(ДАВОМИ БОР).

ЖМ.
Суратларда:
1.Анвар Олтойли Ислом Каримов билан.
2.Анвар Олтойли Туркия президенти Тургут Ўзал ва Ислом Каримов билан.
3.Анвар Олтойли Туркия Бош вазири Сулаймон Демирал билан.

8 Responses

  1. Hurmatli Jahongir aka!
    Agarda imkon bo’lsa, Anvar Oltoylining turk litseylari masalasida aloqasi qanday bo’lganligini yoritib o’tsangiz, iltimos.
    Hurmat bilan…

  2. Жаҳонгир ака, тушуна олмадим, Тожикистонда китоб тарқатишдан қандай мақсад бўлиши ва бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

    • Фикримча, Сиз Тожикистонда аҳоли орасида Ислом Каримовни танқид қилувчи “Иуда-2” ва “Диявол-2” номли икки китоб тарқалаётганини назарда тутмоқдасиз.
      Дарҳақиқат, жуда қизиқ, икки мамлакат орасидаги муносабатлар совуқ бўлиб турган бир пайтда бу дажжолнинг ўйинидир. Буни сохта лидер Муҳаммад Солиҳ ўз бўйнига олди ва тарафдорлари буни амалга ошираётганини эътироф этди.
      Мақсад, бир қанча бўлиши мумкин. Жумладан, тожикистонликлар орасида Тоҳир Йўлдош каби ишонч қозониш ва керак бўлса, Ўзбекистонга ўша томондан беш-олти кишилик террористик ҳужум қилиб, “хўжа”ларининг умидини “оқлаш”дир. Икки халқ орасида жанжал қўзғаш сабаблари ҳам бўлиши мумкин. Акс тақдирда китоблар нега Тожикистонда тарқатилмоқда?
      Натижада эса, икки мамлакат орасидаги совуқлик янада ёмонлашади, чегаралар баттароқ бекитилади, шубҳа кучаяди ва зарар кўрадиган икки халқнинг оддий одамларидир. Айниқса, ёз олдидан катта зарарни ўзбек пахтакори кўриши мумкин.
      Бошақча шарҳлаш мумкин эмас.Чунки китоблардаги ҳамма нарса интернетда мавжуд ва интернет Тожикистонда бўғилмаган. Агар улар Ўзбекистонга қизиқсалар истаганлари қадар ўқиб оладилар. Уларнинг бурнининг остига тиқиштираяпсизми демакю қандайдир ниятингиз бор. Бу ниятнинг софлигини кўрсатадиган бирор бир белги йўқ ўртада.Бу фикри ожизимиздир, ноҳақ бўлсак вақт кўрсатади.
      ЖМ.

  3. Noodatiy savol bilan qolaversa sayt muxlislari uchun juda qiziqarli bo’lgan mavzuda gapirmoqchiman.
    Vatanga qaytadigan ilk kuningiz barchamiz aeroportda sizni kutib oladigan kun albatta keladi inshoolloh.Men bunga ishonaman.
    Umuman o’shanda kelgusida birgalikda harakat qilamizmi? Axir maqsadimiz YAGONA-KU!!

    • Kim bilan birgalikda harakat qilish haqida gapirayapsiz? O’zbekistonni bu kunga tushurgan cho’tir ablah bilanmi yoki undan ham battar benomus kimsa bilanmi? Bular bizni Vatanga borolmaydigan, o’lsak jasadamiz boshqa ellarda qolib ketadigan qildi. Lekin aytganingizdek, maqsad yagona – O’zbekistonni bu qo’li qonga botgan, ko’zi qonga botgan ablahlardan qutqarish va saqlab qolish. Bu birgina mening ishim emas va birgina mening qo’limdan kelmaydi. Qachonki hamma shunga ishonsa O’zbekiston ozod bo’ladi.

  4. Yo’q unday emas biz bu maddohlar guruhi bilan yoki ularni tepasidagilar bilan harakat qilamiz deyayotganim yo’q!
    Siz,men,Mister Qalampir,ShohiJahon ertaga birgalikda harakat qilamizmi demoqchiman. Chunki ertaga bularni o’rniga M.Solihga o’xshagan manfaatparastlar to’dasi kelmasligi uchun, haqiqiy Demokratik jamiyat qurish uchun harakat qilamizmi? demoqchiman. H.Muborakni yo’lini bersin bularga deb Rustam.

  5. Jahongir aka QUVGIN ni 4-qismini tezroq uqishni niyat qildik.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: