ТУРКИЯДА ТЎРТ ЙИЛ

Муҳожирнома

3.АБШЕРОН

Мурод Жўраевни ҳар қанча ундасам ҳам Эрк партиясига аъзо бўлмаганди. Унда МС (Бу қисқартмани истаган одам Муҳаммад Солиҳ ва истаган одам Мадаминов Салай деб ўқиши мумкин-ЖМ)га нисбатан ишончсизлик бор эди. Энди ўйласам, у одам танишда мендан яхшироқ экан. Лекин таниб туриб, билиб туриб тузоққа тушди.

Молиявий масалаларда МСдан узоқ туришга интилардим, Мурод эса МСни бошқаришга уринарди. Анча вақт бошқара олди ҳам. Майли, бу ҳали кейинги воқеалар тафсилотида аниқ бўлади.

Хуллас, Муроднинг Бокуга келиши яхши бўлди. Иккаламиз икки дунё эдик. Доим баҳслашардик, лекин бир-биримизни ҳурмат қилардик. Кўнглида кири йўқ ва кин сақламасди. Унинг келганидан севиндим. Дўстларим билан таништирдим. Бу пайтда бекорчилик, Садратдин билан саёҳатлару зиёфатлар жонга теккан ва иш қидириб қолгандим.

Дўстим Умуд Раҳим ўғли “Авроосиё пресс” фондини очганди. БМТ ва Авропа Иттифоқи озарбайжон-араманилар орасидаги урушга қизиқиб қолган пайт. Умуд тузган фонддан ҳар икки томоннинг матбуотида воқеаларнинг ёритилиши мавзусида кенгайтирилган таҳлил сўрашган экан. Ойига 110 долларга тенг келадиган маош билан ишга олишди. Ўша кезда Бокуда 600 долларга битта яхши енгил машина харид қилиш мумкин эканлигини айтсам, бу каттагина маошлигини англаш мумкин. Шунинг учун ўзимга уй қидира бошладим. Садратдин Олий Мажлис биносининг шундай ёнгинасидан битта квартира топди. Бу жой ишхонамга ҳам яқин эди.

Аммо Мурод келиши билан режалар орқага сурилди. У Туркиядан МС келаётганини айтди.

-Хўржинида бир қанча катта масалалар бор,-деди.-Элчибей билан учрашув, унга Туркиядан қурол сотиб олишни таклиф қилиш, Каримовни ағдариб ташлаш, Ўзбекистондан ёшларни чақириб Туркияда ҳукумат ишларига ўргатиш ва ҳоказо.

Кейин маълум бўлса, асосий масала – умр йўлдоши Света Бреженская ва икки фарзанди келаётгани экан. Бокуда  кутиб олиб, уларни Истанбулга олиб кетишмиш режаси.

Қарийб саккиз ойдир МС билан учрашмаган эдим. Анталияда ўтган Турк дунёси қурултойидан кейин Туркияда қолиш эҳтимоли бор эди. Биз билан бирга борганлардан анчаси қолиб кетди. Лекин оилага боғлиқ бўлганим учун орқага қайтдим. Бунинг устига Туркияда қолсам, нима иш қиламан, деган саволга ҳам жавоб тополмагандим.

Самарқандга қайтишим билан сон-саноқсиз миршаблар қуршовида қолдим. Қўйилган айблардан биттаси “Президентни ҳақорат қилган” бўлса, иккинчиси “Эрк йўли” деган китобни “ёзган”им ва Туркияда нашр эттириб Ўзбекистонга олиб келганим”, эди. Бу деярли уйдирма эди. Чунки муқовасида муаллифининг номи ёзилмаган бу китобни МСнинг айтишича, Бахтиёр Исабеков ёзган ва МС Туркияда нашр эттириб қайтганди. Менинг озгина иштироким бор. У ҳам бўлса, китобнинг қўлёзмасини бир марта кўриб берганим, у асосан мақтовнома бўлгани учун дарҳол қайтиб бергандим.

Терговда бу китобни ёзмаганимни айтсам, МСнинг тушунтириш хатини кўрсатишди. Ўшанда ундан хафа бўлмадим. Мени Туркиядан қайтмайди деб ўйлаб, Бахтиёр Исабековни қутқазиш учун шундай деган бўлиши мумкин, деган хаёлга бордим.

Лекин бу жўн хаёлимга ўзим ҳам ишонмас эдим. Чунки МС билан охирги марта кўришганимизда, у менга ўралган бир нарса бериб, “Илтимос, буни эртагача уйингизда сақланг, фалончининг омонати”, деди. “Омонат”ни олиб келиб уйга кираверишдаги кийим осадиган шкафнинг устига қўйдим. Сўнг Президентнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаётган дўстим Дадахон Ёқубов сим қоқди ва хавотирли оҳангда суҳбатлашди. У нимадандир огоҳ этганга ўхшади, лекин англай олмадим.

Саҳар уйимизни сон-саноқсиз миршаблар босишди. Бу мутлоқ кутилмаган ҳодиса бўлди. Чунки уйимизни суд йўли билан олишаётган ва туман судининг қарорини шаҳар суди кўриб чиқиш учун қабул қилган, мажлис куни ҳам белгиланган эди. Қолаверса, мен ҳали Ўзбекистон халқ депутати эдим.

Демак, бошқа гап бор. Наҳотки? Наҳотки МС ўйин қилди? У МВД (ИИВ)дан қайтгандан кейин ўша ўроқлиқ нарсани менга бермаганмиди? Балки уни йўлда кимдандир олган ва яна МВДга чақириб қолишлари мумкин, деб ўйлаган бўлса-чи? Унга нима ёмонлик қилдимки, бунчалик тубан кетсин?

Йўқ, аксинча у ҳамма масалада менга ишонмоқда. Қандай баёнот бериш керак десам, ўшани қилмоқда. Партиянинг Олий Кенгашдаги фракциясига раҳбарлик қилишни ва партия номидан гапириш ҳуқуқини  менга беришни мажлисда унинг ўзи таклиф қилганди. Кейин партиянинг идеология котиби ва газетанинг Бош муҳаррирлигини ҳам пленум кун тартибига ўзи киритган. “Ўзбекистон Адабиёти ва санъати” газетасидаги мақоласида “Мустақиллик декларацияси”ни қабул қилишдаги хизматларимни мақтаб ёзган… қандай қилиб унинг ҳақида шундай ёмон фикрга келишим мумкин? Ахир менинг гапимни икки қилмай Абдураҳим Пўлатов ва Шукрулла Мирсаидов билан Олой бозори орқасидаги уйда махсус учрашувга ҳам борганди. Кейин Москвадан “Каримовни ўлдирамиз” деган гуруҳ келганда ҳам уйимизга келиб, мени ҳам Тошкент туманининг овлоқ бир қишлоғидаги учрашувга олиб борганди. Ундан кейин бирга Қозоғистон ҳудудида Мирсаидов билан учрашганимизда ҳам ва бошқа воқеаларда ҳам фақат менга ишонарди. Ҳатто пули қолмаганда ҳам менга айтган ва уни бугун қамоқда ётган бадавлат дўстимнинг уйига бошлаб бориб, мушкулини осон қилгандим.

У менга шунчалик ишонардики, ҳатто Хоразм-Қорақалпоқни ажратамиз деб ҳаракат қилаётганларнинг гуруҳи тўпланган жойга ҳам мени олиб борганди. Бу йиғин Султонпошша Ўдаеванинг уйида бўлганди. Адашиб бориб қолганим учун тезда қайтгандим. Чет эллик меҳмонлар билан учрашадими, ҳукуматнинг энг юқори лавозимларидаги раҳбарлари биланми, доим мен билан бирга борарди. Наҳотки ундан шубҳа қилсам? Эрк партиясида у билан ҳал бўлмайдиган гапларни менга айтишар ва у менинг гапимни қабул қиларди. У Олий Кенгашдан четлаштирилгандан кейин депрессив ҳолатга тушди. Ўшанда олти ой давомида деярли ҳар кун ё менинг уйимда, ё унинг уйида, ё унинг хоразмлик миршаб дўстлари таклиф қиладиган ресторанда бирга овқатланиб, бирга сиёсий режаларни тузардик.

Унга бир неча йилга сиёсат майдонидан чекиниб туриш ва Каримовнинг “шохлаб кетишни” кутиш ва қайта сиёсатга кириш кераклигини айтардим. У рози бўларди, лекин яна кимнингдир гапира кириб, Каримовнинг тахтини мустаҳкамлашга фойда қиладиган одимлар отарди. Бундай пайтда хатосини айтсам, тан оларди. Наҳотки, у энди буларнинг устига чизиқ тортди? Йўқ бундай бўлиши мумкин эмас!

Хаёлимда  ана шундан исён бошланди. Кейин воқеаларни таҳлил қилиб, МСнинг хонаси, суҳбатлари эшитилиши ва у менга берган нарсани қаердан олганини кузатган бўлишлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб гумонни четга сурдим.

Уйимизни босиб, тинтув ўтказиб, нарсаларимизни чиқариб машиналарга юклашар экан, МСга телефон қилдим, унинг ўз келмади, аммо укаларидан бирини  кўргандек бўлдим. “Тўмарис”чи хотин-қизлар шу ерда эдилар. Эрк партиясидан Дилором Исоқова келиб, қизчам билан чет эл элчихоналарига бориб, шикоят қилишибди. Ўшанда ҳамма элчихоналар бизга  яқин жойда бўлган “Ўзбекистон” меҳмонхонасида жойлашган эди.  Хуллас, ўша кун бошимга қиёмат ёғилди. Бундай пайтда кимнингдир “омонати” кўнгилга келадими? Балки бутун бошимга келган балолар ўша туфайлидур? Бу ёғи Яратганга маълум.

Солиҳ Бокуга келиши билан салом-аликни ҳам насия  қилиб, “ўша нарса”ни сўради. У “пул эди, ўшани беринг” деди. Қалбимда кучли исён уйғонди. Титраб кетдим. Уйимни тортиб олишган, тинтув қилиб, истаган нарсаларини олиб кетишган, бошимга қиёматни ёғдиришгани ҳақида бир оғиз ҳам сўрамасдан, кела солиб, мендан пул истагани қонимни қайнатди. Хўрлигим келди. Ўзимга ўзим, “Ўл бу кунингдан” дедим. МСга ўша пул қанча эканлигини айт ва кетгунингча топиб бераман дедим.

Наҳотки инсон шу қадар тубан кетиши мумкин? Хаёлларим яна исён бошлатди. МС берган нарса оғир эди… Аслида мен унинг ёқасидан олишим, сен нима бергандинг, кимга айтгандинг, нега айнан ўша кун менинг уйимни босишди, тинтув қилиб олмаган нарсалари қолмади, ҳатто “қурол ҳам топдик”, деб ҳужжатлаштиришди, наҳотки сен булар ҳақида сўрамасдан қанақадир пул ҳақида сўрайсан,  дейишим керакмиди?

Жаҳлим чиқа бошлаганини, авзойимни кўриб у гапни ҳазил-ҳузулга буриб юборди. Унга “Қанча пул эди?” дедим. Энди унинг ҳам жаҳли чиққандай бўлди ва ўзи пулнинг ичида сузаётганига шаъма қилди. Баҳсимизнинг биринчи қисми шу ерда битди. Чунки унинг оиласи келиб етди.

Шу дамда дунёнинг энг бахтли одами кўз олдимда эди. Айриқлиқдаги инсонга ўз оиласи, фарзандлари билан қовушмоқдан ҳам катта бахт борми? Унинг фарзандлари ҳам бахтли экан, деб ўйладим. Уларда нима гуноҳ? Нега оталари учун азоб чекишлари керак?

Бирдан бу дунё чил-парчин бўлди. Чунки МСнинг оиласини Атҳам Розиқов олиб келганди. Хаёлимда оиламни қадамба-қадам кузатиб юришгани, ҳатто нон, ёғ сотиб олиш учун купон беришмаётгани, дори-дармон учун аптекачини сўроқ қилишгани, қариндошларим, дўстларимни қамаб,  қайтиб боришимни шарт қилиб туришгани каби воқеалар айлана бошлади. Чунки МСнинг оиласини бир қанча чамадонлару ҳатто кейин билсак, Хоразм музейидан ўғирлаган, Тошкентда тергови бораётган тарихий танга  ва бошқа қимматбаҳо нарсалар билан Атҳам Розиқов  ялло-ялло тарзида олиб келди. Ваҳоланки,  Элчибей Каримов Бокуга айғоқчилар юборганини Москванинг “Время” дастуридан айтгандан кейин  Озарбайжон билан алоқаларни кескин назоратга олишганди.

Қарангки, биз  телефонда  гапирсак балога қолиб юрган бир пайтда МСнинг оиласини Атҳам Розиқов олиб келди. Бу одам МХХнинг одами эди ва эркчиларнинг аксарияти билишарди. Кейинчалик бу одамни МХХ жосуси  ва уни узоқлаштириш керак деганимда балога қолгандим. МС гапларимни Атҳамга айтган ва Атҳам менга қарши фитна бошлатганди. Ҳақиқат барибир ўртага чиқади. Мана  ордан йиллар ўтиб, Атҳам ҳақида МС нинг ўзи  нима деб ёзди:

“Яна бир “дум” – Бирликчи Васила Иноятова билан якиндан ҳамкорлик килиб, ЭРК газетасининг катта тиражини КГБ қўлига топширган кимса Атҳам Розиқовдир. Самарқандлик А.Р. расман КГБнинг эмас, ИИБ нинг 7- бўлими ходими эди, аммо айни онда унинг КГБ дан ҳам оператив топшириқлар олиб тургани кейин маълум бўлди. Бу кимса Муҳаммадали Маҳмуд (Эврил Турон) нинг илк қамалишида (1994 йил) муҳим рол ўйнаган бир айғоқчидир”.( uzxaqlharakati).

Лекин бу гап ёзилгунга қадар МС ҳамма дўстларини четга суриб, Атҳамни ёнига олди, унинг чизиғидан чиқмади, ҳатто Атҳам бир неча йиллар Туркияда МСнинг уйида, оиласи билан бирга яшади, унинг энг ишончли дўсти бўлди ва Ўзбекистонга бориб-келиб юрди. Нафақат Мамадали Маҳмудов, балки бошқаларнинг ҳам қамалишида у муҳим рол ўйнади.

Ҳали, Атҳам ҳақида алоҳида ёзамиз. Ҳозир эса Бокудамиз. МСга гап орасида озарбайжондаги дўстларим ёрдамида оиламни олиб келишни режалаётганимни айтсам, шунақа жаҳли чиқдики, худди Боку осмонини қора булутлар босгандек бўлди.

Ўша кун “Абшерон” меҳмонхонасида Абулфайз Элчибейнинг Туркиялик маслаҳатчиси Ниҳат Чатинқая зиёфат берди. Кўп ичилди. МС ва Чатинқая ҳам аранг оёқда турар эди. Мастлик ростлик бўлади. Гап орасида маълум бўлдики, Ниҳат бей Элчибейга урушда туркиялик Кунтой деган одамдан қурол сотиб олишни сўраган у эса рад қилган. Энди орага МСни тиқмоқчи экан. Унга агар қуролларни Элчибей ҳам олса, Ўзбекистонга ҳам  борадиган қуролларни Боку орқали ўтказишни айттирмоқчи бўлиб, МСнинг қулоғига гап қуя бошлади. Мурод сигарет чекиш учун ташқарига чиқди. Мен ҳам чиқиб қалтис ишларга аралашиб қолаётганимизни айтдим. У “Майли сиз узоқ тураверинг, нима гаплигини мен билиб оламан” деди. Ҳаммамиз яхшигина ичиб олганмиз, меҳмонхонага чиқдик, шеърхонлик қилдик.  Мен Ватан ҳақида ёзган янги шеъримни ўқидим:

ВАТАН МАНСИЗ…

Сароб сув нигоҳида мунг жовдирар,
Кўзлари ёлғонга тўлган боладай.
Соғинч ташнасини кўз ёш қондирар,
Лабим тилим-тилим, тароқ лоладай,
Саҳрода саргардон кезаман сансиз,
Ватан мансиз, ман Ватансиз.

Майса япроғида шабнам ясариғ,
Бераҳим офутоб ханжар санчади.
Эркимни истадим чумоли янглиғ,
Ёлғизлик оёғи кўксим янчади.
Руҳим озод фақат-вужудсиз, тансиз,
Ватан мансиз, ман Ватансиз.

Қайрағоч жонига тортилса арра,
Қай тараф шохлари, қай тараф кунда.
Хирмон чош, донман бир орзукаш зарра,
Тегирмон тоши йўқ бу даҳри дунда.
Хаёл гужум асли, асли тикансиз,
Ватан мансиз, ман Ватансиз.

Юртим кўҳна қалъа бойўғлиси шоҳ,
Ҳаромхўр қузғуннинг омади олчин.
Ўзбекнинг ўзлиги бўғзимдаги оҳ,
Элфуруш қаҳрамон, Эрйигит “сотқин!”.
Токай бегонаман, дарбадар, шансиз,
Ватан мансиз, ман Ватансиз.

Азоб бош кўтарди маргидир айроқ,
Бу дунё банавбат, айрилиқ навбат.
Юрак пардасидан кўтариб байроқ,
Озод Туркистонга келаман албат.
Йўлдан қайтсам магар, кўминг кафансиз,
Ватан мансиз, ман Ватансиз. (Баку, 1993 йил).

Бу шеърни ўқиб, кўзимга ёш келди. МС “сентиментал одамдан инқилобчи чиқмайди” дегандек гап қилиб, устимдан кулди. Кейин хатосини англаб кўнглимни юмшатадиган гаплар қилди.  У ҳақ, мендан қурол кўтарган инқилобчи чиқмайди, қон тўкувчи инқилобчи бўлиш учун бағри тош, меҳри совуқ бўлиш керак.

Хуллас, МСнинг бошқа ишларига аралашмайман, аммо газета чиқарсак, умумий мақсад йўлида фақат шу ишга ёрдамлашаман, деган қарорга келдим.

Ўшанда “Абшерон” меҳмонхонасида тургандик. Бу Апшерон ярим оролининг номидан олинган. Обшўрон – шўрли сўв дегани.

Апшерон афсоналарининг силсиласи мавжуд. Шулардан бири ёдимга келди. Оролда Сабунчи деган қишлоқ бор. Бу совун сотадиган бойнинг номига қўйилган. Айтишларича, Совунчи ҳеч қаерда ишламай бой бўлган экан. Ҳамма ҳайрон эмиш. Кун бўйи кўчаларда юрар ва уйида доим совун сотиларкан. Кейин билиб қолишса, асосий совунчи бошқалар экан. У оми одамларни алдаб, уйига олиб келар ва хотини уларнинг кўзига шўр сув сепиб кўр қиларкан. Шундан кейин улар Совунчининг қулига айланишаркан.

Бир кун Рамадан қишлоғидан келган бир киши бу сирни бутун Апшеронга ёйибди. Одамлар калтак кўтариб келибдилар. Шунда Совунчи ҳаммага иккитадан совун ҳадя қилиб, жанжални тинчитибди. Лекин унинг алдовига ишонмаган биттаси унга пичоқ урибди. Шунда Совунчи:

-Сенга раҳмат, мана энди номимни ҳеч ким мендан тортиб ололмайди,-дебди.

Дарҳақиқат, орадан минг йиллар ўтиб ҳам бу қишлоқнинг номи Сабунчи.

ЖМ

(Давоми бор).

3 Responses

  1. Hurmatli Jahongir aka!
    Bildikki, sabun ham, oltinlar ham va qolgan yer osti boyliklari ham bizniki bo’lmagan holda eng achinarlisi turkiy qavmlarni ajrashib ketish nuqtasida oyoq ostimizdagi mo’tabar zamin millatimizga qolar?! Yoki bu ham ertak va afsona bo’lib qoldimi?!
    Hurmat bilan…

    • Бугунги бутун жанжалларимиз шу замин оёғимиз остидан кетиб қолмаслиги ҳақида. Уни сақлаб қолишимиз керак…

  2. Bugun muxolifat o’rtasida “axborot urushi” avjiga chiqqani hech birimizga sir emas.
    Bu urush barchamizni bo’layotgan voqealarga teran nigoh bilan qarashga undaydi…
    Muhammad Solih haqida men ilgari sizga bir narsalar yozgandim.Lozim topmagan bo’lsangiz kerak:e’lon qilmagandingiz?!
    Yana shuki bizni eski savollarimiz javobini kutib qoldi Jahongir aka.Sizga hurmat bilan o’quvchingiz.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: