Журналист жуздони (3)

“Газит”

“Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасининг Самарқанд вилоят бўйича ўз мухбири(1985-
1990) эдим. Бир кишининг хатини текшириш учун Қўшработ туманига бордим:
-Бу одамнинг хатларига ҳар кун жавоб ёзамиз. Жонга ҳам тегиб кетди, энди сизларга ёзибдими?-деб кулишди. Мен кулмадим. Масала мактаб ҳақида эди ва жиддий олиб, хат муаллифининг уйига борайлик, дедим.

Туман раҳбарлари хат муаллифи яшайдиган жой тоғнинг тепасида бўлгани учун у жойга мактаб қуриб бўлмаслиги ҳақида ўн беш йил олдин қарор чиққанини айтишди. Хат муаллифи шундан буён тинмай ёзаркан, тумандагилар ҳам хат келган идораларга тинмай жавоб йўллашаркан. Жавобларни кўрсатишди. Бир ғаладон. Аммо ҳаммасида шу гап. Ўн беш йил олдин ўша одамнинг оиласини “пастроққа кўчирайлик”, дейшибди, аммо у рози бўлмабди.

-У жойларга машина бормайди, ҳатто сизнинг “ГАЗ-31”ингиз ҳам тортолмайди, мотосиклда ёки отда бориш мумкин,-дейишди. Бунда “обком”га келган янги машинани мухбир миниб юриши учун ажратишганига шаъма ҳам бор эди. Чунки туман раҳбарларига эскисини беришарди.
-Тоққа тортадими?-дедим шофер Сами акага.
-Дул-дул от-ку, бу!-деди у.

Район раҳбари билан машинага миндик, орқадан туман прокурори ҳар эҳтимолга қарши бўлса керак. мелисанинг мотосиклида кела бошлади.

Йўл юрдик, йўл юрсак ҳам мўл юрдик. Майсазорлар, тошлар устидан ўтдик. Машинамиз бир орқага, бир олдинга кета-кета тепаликка юксаларди. Тоғ этакларини айлана-айлана қоялар орасига чиқиб бордик. Узоқдан Нурота тизмасининг Ҳаётбоши деган чўққиси кўриниб турибди. Қоялар орасида битта тош қўрғон. Атрофида анчагина дарахт. Қўрғон ичида қўлбола сардоба. Ҳовлида уч-тўрт оилага кулбалар солинган. Ўрта асрлар даражасидаги ҳаёт. Хатни ёзган отахон кексайиб қолган экан.

-Битта мактаб қуриб берларинг, деб язиб эдим. 15 йил олдин биттаси кеб кетти. Вассалом. Шундан бу яққа ҳар йил қуйига от солиб, язиб келаман,-деди ўз шевасида.

Отахон урушгача аҳоли зич жойда яшаган, урушдан қайтгач, чўпонлик қилибди. Кейин тоғда яшаб қолибди. Эвали-жували, неварали-чеварали. Йигирмага яқин бола. Ҳаммаси саводсиз.

Қайтиб келиб, танқидий мақола ёздим, “Совет Ўзбекистони”да босилди. Шов-шув бўлди. Вилоят раҳбарлари боришди. Тошкентдан ҳам одам келди. Яна бордик. Отахоннинг ҳовлисида “мактабча” очиладиган бўлди. Ўқитувчи ҳам топилди. Унга мотосикл беришди. Фақат у “мактабча”да дарслар баҳорда ва ёзда, қишда эса таътил, деган қарорга келинди.

-Шукур,-деди отахон,-укуматни ахири синдирдим. Газитингга чиққандан кейин 20 йиллик муаммо бир ойга қолмай битти. Ҳатто адрга верталут қўнганини кўрдим. Газитингга раҳмат!

“Газит”нинг кучи мана шунақа эди.

Жаҳонгир Муҳаммад.

 

 

%d bloggers like this: