Нега бир жойда депсиниб турибмиз?
САВОЛ: Сиёсатчи ва лидер айни одамми ёки бошқа бошқа-бошқами, уларни қандай фарқлаб олиш мумкин? (Миразиз).
ЖАВОБ: Сиёсатчи ва лидер мутлоқ бошқа-бошқа одамлардир. Ажратиб олиш учун ҳар иккаласини ҳам кўра олиш керак. Бугун биз сиёсатчиларни кўриб турибмиз, аммо лидерларни кўра олмаяпмиз. Нега?
Фараз қилинг. Бур гуруҳ одам йўлга чиққан. Унинг олдида икки киши. Бири олдинга қарамоқда, иккинчиси орқага. Олдинга қарагани лидердир, яъни йўлбошчи. У йўлни билади, ўзи қаерга боришини, одамларни қаерга олиб боришни билади ва амали билан одамларга йўл кўрсатмоқда, олдинга қараб кетмоқда.
Орқага қараган эса сиёсатчидир. Унга келажак томон йўл эмас, тўпланиб турган одамлар керак, уларни алдаши, қўлланиши, лақиллатиши ва шу аснода ўз ишини битириши лозим.
Сиёсатчининг тақдири, ҳаёти, иқтисоди шу одамларга боғлиқ. Уларнинг ҳисобига яшайди. Акс тақдирда очдан ўлади, номи унут бўлади. У бундан жуда қўрқади.
Сиёсатчи шуҳратга ишқибоз. Одамлар фақат унинг номини айтиб қичқиришларини истайди. Шунинг учун ҳам кўзи олдинда эмас, орқада, одамлар адашиб, бошқанинг номини айтиб қўймасин дейди. Майдонни бир лаҳза тарк этмагани ҳам ана шундан.
Сиёсатчи ёнидаги икки уч малайи орқали майдондаги одамларга тинмай ўзи мадҳ этилган ёки ўзигагина оид қоғозлар, варақалар, китоблар тарқатади. Одамларни бир лаҳза ҳам эркин ўйлашга қўймайди. Уларнинг атрофига тўрт-бешта мегафон қўяди ва ҳаммасида бирдан унинг номи айтила бошланади.
Одамлар бутун дунё шу номни такрорламоқда деган ёлғон ҳисга тобе бўладилар. Бу одамларни манқуртлаштиришгина эмас балки одамларнинг ихтиёрий манқуртлашуви ҳамдир.
Агар одамлар олдинга қараб юра бошласалар сиёсатчи вақтинча йўл четига ўтади, бирор хавфсизроқ, тепароқ жойдан туриб кузатади. Одамлар яна ҳам олдинга юрсалар у ортда қолади.
Баъзан эса одамлар орасидан чиққан кимлардир уни қўллана бошлайдилар. Унга сен буюксан дейдилар ва бунга унинг ўзи ҳам ишониб қолади. Аммо унинг руҳида бизнесменлик кучли ва яна бутун ҳаракатни бизнесга айлантиради. Зотан сиёсатчи учун сиёсат бизнесдир.
Чунки бундай сиёсатчи хатарли вазиятда одамларни бошқара олмаслигини билади. Ўзининг ёлғонларига ишонган бу одамлар бошқанинг ҳам ёлғонига ишониб, уни топтаб кетишлари, тошбўрон қилишлари мумкинлигидан чўчийди. Шунинг учун ҳам одамларни бир жойда тутиб туришга, диққатини ўзига қаратиб сақлашга интилади.
Бу билан у оломонга қўшилмай ўтиб кетаётганлар ёки оломонга ёрдам қўлини чўзаётганларни ҳам чалғитади. Улар оломоннинг етакчиси шу деб ўйлайдилар ва олдинга ўтиб кетаётган одамни ёки оломон орасидан чиқаётган лидерни кўрмай қоладилар. Бутун ёрдамни сиёсатчига узатадилар ва улар ҳам ёлғоннинг қурбонига айланадилар. Зотан бу сиёсатчи эришмоқчи бўлган асосий мақсад.
Сиёсатчи бир умр лидерларнинг йўлига тўғаноқ бўлади. Биринчидан, одамларни алдаб туравериш билан майдонни тарк этмайди. Иккинчидан, одамлар орасидан чиққан лидернинг товушини босиб юборади ва лидер юрган йўлни бекитиб олади.
У тажрибага, маҳоратга эга. У оломон янгиланиб туришидан манфаатдор. Чунки одамлар сафига янгитдан қўшилганлар унинг гапларига ошуфта бўлиб, олдинга ўтадилар, илгаридан шу ерда турганлар эса ортга чиқиб қоладилар. Янги келганлар сиёсатчининг қичқириқларидан илҳомланадилар, унинг гапларига қўшилиб бақира бошлайдилар, унинг номини айтиб ҳайқирадилар.
Чунки оломоннинг орасида сиёсатчи билан бирга бу ишдан нон ейдиган одамлар ҳам бор. Бақиришни ўшалар бошлаб берадилар. Оломон эса уларга жўр бўлади. Шу зайл бир муддат ишонганлар ва аста секин ишончини йўқотганлар конвейр усулида алмашиб тураверадилар.
Аслида оломон орасида ҳам олдинга юриб, хавф орттиришни истамайдиганлар, бир жойда туриб тинчликни истайдиганлар кўпчиликни ташкил қилади. Сиёсатчи буни билади. Шу боис ўзига келган ёрдамдан жуда оз қисмини ўшаларга узатади. Қолганларга эса каттароқ ваъда беради. Агар унинг номини айтиб бақираверсалар яна бир қисм узатиши мумкин. Лекин аксариятини ўз қўлида қолдиради. Бизнесмен ўз зарарига ишламайди-да!
Мегафончиларни сақлаш,, варақаларни нашр этиш, китобларни чиқариш, оиласини тебратиш, қариндош уруғларини таъминлаш, давру даврон суришнинг ўзи бўладими?
Одатда сиёсатчи ишламасликни, оломонни алдаб яшашни ихтиёр қилади. Лидер эса оломонга боғланиб қолишни истамайди, мустақил бўлишни хохлайди. Лидернинг ортидан кетаётганларнинг баъзилари унга ета олмай ҳансираб қоладилар ва ортга қайтиб сиёсатчига қўшиладилар, унинг номини айтиб бақирадилар ва ҳаловатларини топгандек бўладилар. Аммо охир оқибатда алданиб қоладилар.
Аслида эса улар алданишни истаганлардир. Одамзот мураккаб. Унинг бир қисми олдинга югуришдан кўра бир жойда туриб, алданиб, қўлланилиб, қул бўлиб яшашни афзал кўради. Шу боис ҳам улар кўпинча авом оломондан узоқлашиб олдинга кетиб қолган лидерни кўра олмайдилар.
Шу боис ҳам улар лидерсиз қоладилар.
Шу боис ҳам дунёда лидерлар саноқли аммо сиёсатчиларнинг сон саноғи йўқ.
Шу боис ҳам бугун Ўзбекнинг сиёсатчиси кўп, аммо лидери йўқ!
Сиёсатчи ва лидерни ажратиб ололмаган халқ ҳеч қачон олдинга юра олмайди, бир жойда депсиниб тураверади.
Худди 15 йилдан бери депсиниб турган Ўзбек каби!
Худди ҳали яна сиёсатчига оғзи очилиб, олдинга юришни истамаётган, ва ҳали яна депсиниб туришдан қониқаётган Ўзбек каби!
Жаҳонгир Муҳаммад,
“Қатағон” китобидан.
You must be logged in to post a comment.