Ҳар кун саҳарги дуони ишга боғлайман. Бугун эса иш йўқ. Тиловатни сайлга боғладим.
Уммоннинг бир бўғози – узанган бир “қўли”дан эсган сарин шабада “айланиб юрган” ўрмонга бош суқдим.
Бу ерда юрадиган ва югурадиганлар учун “тупроқ кўчалар”у осма кўприклар солинган.
Ҳар юз қадамда спортнинг бирор тури билан шуғулланадиган майдонча. Бу тўлайдиган солиқларининг халқнинг ўзига қайтган бир бўлакчаси.
Қуёш уммонни ялтиратиб кўриниш беришига ҳали вақт бор. Лекин одам кўп. Кимдир юришга, кимдир югуришга чиққан.
Одамлар ҳар турли. Аслан авропаликлар, африкалилар, испанлар, ҳиндлар, араблар, эронийлар, узоқ шарқликлар… хуллас, бу жойлар дунёнинг митти суврати, ҳамма халқларнинг вақилларини кўриш мумкин.
Сарин шабада дарахтларнинг узоқ давом этган қишли баҳорга илиниб, мана энди ёзда ёйилган баргларини бир-бир чертиб ўтмоқда.
Баъзи шохлар “ҳали уйқим бор” деган келинчакка ўхшаб, тебраниб қўяди.
Баъзилари эса шаддод қизлоқ каби аллақачон “рақсга тушган”.
Ўрмонни қушларнинг саси тутган. Бир-бирига ўхшамаган гўзал товушлар.
Биттаси худди намойишларга чақираётгандек….Тиниқ ва шиддаткор!
Бошқаси минбарга чиқиб нутқ ирод қилаётгандек… Кучли ва залворли!
Бири “инқилоб” деб ҳайқираётганга ўхшайди… Нимжон ва умидсиз!
Ҳеч ким уларнинг сайрашини бўлмайди, тўхтатмайди.
Уларнинг орасида “ватан, ватан”, “халқим, халқим” деб алдайдиган каримовлари йўқ.
Ҳеч ким уларни отмайди.
Ҳеч ким уларни қафасга солмайди.
Бошқа жойларда бир-бирига “Гуд морнинг” дейдиганлар бу ерда овоз чиқармай самимий жилмайиш билан саломлашадилар. Худди қушларнинг сайрашига халақит бермайлик дегандек…
Чамаси бир соатлар юрдим. Тангри бу манзарани инсонга ўрнакдек яратган. Эркинлик, озодлик қандай бўлишининг ўрнаги.
Уйга қайтиб, интернетни очсам, ёз келиб дунёнинг турли бурчакларида “ёнғинлар” авжга чиққани ҳақидаги ҳар кунги даҳшатли хабарлар.
Пешиннинг дуоси кўнглимга ёзилгандек бўлди:
“Тангрим, ўрнак қилиб яратганларингни асра! ”
Жаҳонгир Муҳаммад.
Filed under: Maqolalar | Tagged: Жаҳонгир Маматов |
Leave a Reply