Жаҳонгир Муҳаммад: Ўзлигим (Роман-памфлет)

РОМАН-ПАМФЛЕТ

Мазкур китобда Америка ойнасидан Ўзбекистонга назар ташланади ва унинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий олами таҳлил этилади. Китобнинг аксарият қисми парчалар ҳолида “Озодлик” радиосида муаллиф томонидан ўқиб эшиттирилганидан хабардор ўқувчиларимиз учун бу яхлит ҳолдаги тақдимдир. Радиони мунтазам эшитиш имконияти бўлмаганлар ва умуман “Озодлик”ни эшитиб бориш ҳаққидан ҳам маҳрум қолган ўқувчилар учун эса китоб мушоҳада, мулоҳаза, муҳокама манбаи деган умиддамиз. Китобни “Америка ва Ўзбекистон” деб ҳам номлаш мумкин, аммо тарозининг Ўзбекистон қисми оғир босади. Асарда гарчи кейинги йиллар ва шу кунларнинг воқеалари устида гап борса-да, у Ўзбек элининг келажаги ҳам. Асар марказида Ўзбекистон, унинг авторитар режими, бу режимнинг тўралари, маддоҳлари ва қуллари турадилар. Уларнинг қаршисида эса ёзувчининг “Мен”и .

ЎНГ СЎЗ ЎРНИДА

Сен карнай-сурнай шовқинида “Ўзбегим” дея ўйин ўйнаётган пайтда, мен “Ўзлигим” дея изтироб чекаётган ва мотам тутаётган эдим.

МУАЛЛИФ.

ВАТАН

Инсоннинг киндик қони оққан ерни Ватан дейдилар. Бу тор маънодаги тушунча ва бу Ватан ҳақидаги ҳақиқатни тўла қамраб ололмаган тушунча. Инсоннинг бешик ва тобут орасидаги йўлини Ватан дейдилар. Бу кенг маънодаги тушунча ва Ватан ҳақидаги ҳақиқатни унуттиришга қаратилган тушунча. Хўш, ундай экан аслида Ватан нима?

Ватан бир миллатнинг ўзлигини, кимлигини,тилини , маданиятини яшатган ҳудуд. Ватан бир миллат тоғларининг салобатига маҳлиё бўлган, ирмоқларининг оқишидан мусиқалар тинглаган, қушларининг сайрашига маст бўлган, тупроғининг тафтидан умид олган муборак заминдир. Ватан болаликдан онанинг кўзлари каби тийран ва дарин осмон бўлиб кўнгилларга ерлашган, отанинг пешонасидаги реза-реза терларининг қуёшда жимирлашидан камалакка айланиб, дилларда иморат солган ва момоларнинг уйқуларини тонгнинг этагига боғлаб сўзлаб берган ривоятларидаги қаҳрамонларнинг сиймосига айланган чексиз борлиқдир.

Шу маънода биз учун гиёҳлари олтинлардан устун, дарёлари денгизлардан афзал, адирлари дунёнинг не-не кенгликларидан муқаддас бўлган Ватан- Ўзбекистон, Туркистон, Турондир!

Мирзо Улуғбекнинг муборак боши қиличнинг учидан осмоннинг бир бурчига кўчиб, шафаққа айланган кунларда Самарқанддаги минг-минг китобларни нортуяга юклаган Али Қушчи Табризга келиб ерлашаркан, уни Фотиҳ Султон Истанбулга даъват этади ва “Ватанингизни нечун тарк этдингиз”, дея сўрайди. Ўшанда Али Қушчи: “Сиз не замон бошим узра қилич ўйнатсангиз ва бу қилич майсаларни қоним билан суғорса, мен ўшанда Ватанни тарк этаман. Ҳозир эса, Аллоҳга шукрки, Ватандаман”, дея Турк дунёсининг бир бутун Ватан эканлигига ишора этганди.

Ватан қаврами, Ватан тушунчаси биримиз учун чор девор билан ўраб олинган ҳовли, яна биримиз учун эса далаларнинг ўртасида қолган қишлоқ, яна биримиз учун чегараларига сим тортилган кенглик…

Ўзбеклар… ўзига бек, ўзлигига соҳиб ўзбеклар, туркнинг энг қадим ва энг буюк қавми бўлмиш ўзбеклар.

…Холида момо улардан бири. У Самарқанду шарифда яшарди. Умр йўлдошини “Озодбек босмачининг жосуси” дея отиб ташлашди, большовойлар. Холида момо “Ватан хоинининг беваси” деб эълон қилинди. У етти боласи билан тарки ватан айлаб йўлга чикди. Йўллар… Холида момонинг жигаргўшаларини тортиб олавердилар. У Машҳадга етгунга қадар йўл четига икки боласини кўмди, Табризга қадар яна икки нафарини тупроққа берди, Табриз Истанбул орасидаги йўллар яна икки боласини унинг бағридан узиб олдилар. У ёлғиз зурриёди билан Истанбулда яшади. Холида момонининг зурриёди ва унинг қанча-қанча фарзанду -неваралари Америка, Индонезия, Арабистон… дунёга сочилиб кетдилар.

Турсунбой қаҳрамон эса онаси, қариндош- уруғлари билан Андижондан Чинга, Шарқий Туркистонга ўтиб кетди. Унинг ҳам отасини ўққа тутишганди. Қашқар сўнгра Хиндистон ундан кейин Покистон, Афғон, Эрон ва Туркия. Эҳ-ҳе, не азоблар, не айрилиқлар кўрмади бу оила, аммо Ватанни қалбида сақлади.

Бугун Истанбулу Коня, Аданаю Риёд, Вашингтону Ню-Йоркда шундай ўзбекларнинг, туркистонликларнинг ворислари яшайдилар.

Саид Амир Олимхон, Худоёрхоннинг ҳам сулолалари бор бу ерларда.

Кўплари ўзбек калимасини сулола номи қилиб олганлар: Рифат Ўзбек, Ҳасан Ўзбек, Мирза Ўзбек…

Бир қисмлари Туркистон шаҳарларини ва Ватан бағридаги жой номларини танлаганлар: Бурҳониддин Самарқандий, Аҳад Андижон, Усмонбек Тошкандий, Саидхўжа Бухорий, Солиҳ Ойнурал…

Улар Ватаннинг чироғини ёқиб туриш, соғинч алангасини сўндирмаслик, Ватан номини байроқ қилиб кўтариш туйғусини ўз сулолалари номида ифода этмоқни истаган минг-мингларнинг бир неча нафари, холос.

Узоқларга борманг, фақат 1982 йилда Афғонистонда яшаган ўзбеклардан тўрт минг беш юз нафари Туркияга кўчди, яна қанчаси Америкага ерлашди. Американинг биргина Виржиния вилоятида бугун юздан зиёд оила яшайди.

Ҳа, бобоюртнинг ариқларида нон оқизган, шамолларида варрак учирган, баҳор кунларида қўлида чучмомо кўтариб, “Бойчечак” ашуласини айтган болалардан тортиб, тоғлардан териб келинадиган ривожу–пайкаллардан узиб чиқиладиган “Обинаввот”га қадар бу инсонларнинг соғинчи.

Не дариғ бир коса тариқдек сочилиб кетдилар дунёга йигирманчи аср аввалида Туркистондан қувилган боболар, момоларимиз…

Бир ҳовуч буғдойдек сочилиб кетдилар курраи заминга Иккинчи Дунё уруши йилларида Ватандан айро тушган салафларимиз.

Бир тутам ушшоқ каби Эл аталмиш дастурхонидан силкиниб- силкиниб учиб кетдилар дўстларимиз зулм, таъқиб, қувғин дастидан жаҳоннинг етти бурчига.

Турк эдилар… Ўзбекка, Қозоққа, Қирғизга, Туркманга, Озарбайжонга ва Тожикка айландилар. Парчаландилар, парчалангандан сўнг ҳам бирлашмоқ насиб этмади уларга. Душманнинг эмас, бир-бирларининг кўзини ўйишни ўргандилар.

Албатта, бу сатрларни ўқиган муҳожир ўзбекларнинг, тўғрироғи туркларнинг қалбида йиллардир ухлаб ётган дард депсинади. Лекин қанчалик оғир ботмасин бу хусусда сўз айтмоқ зарур. Америкага отланар эканман, шу ерда яшаётган ўзбек биродаримизга Туркиядаги ўзбекларнинг тарқоқлигидан сўз очдим, шунда у жилмайди-да:

-Ҳамшаҳарлар кўп ҳам тарқоқ эмас. Ҳафтада ёки ойда бир марта гапга, яъни гаштакка тўпланадилар, аммо Ватан ҳақида сўз очилса, дарров қўлларини фотиҳага тортиб, қандайдир юмушни унутганларини баҳона қилиб, даврани тарк этадилар. Узоқ йиллар олисдаги КГБдан қўрқиб яшадилар, бир-бирларини КГБ жосуси деб ўйладилар. Энди эса узокдаги Каримов ҳукуматидан қўрқадилар. Бир-бирларини Каримовнинг жосуси, деб ўйлайдилар. Ҳақиқат ва адолат ана шу қўрқувнинг соясида йўқ бўлди, – деди.

Дарҳақиқат, камина ҳам шундай ҳолнинг гувоҳи бўлганим учун унинг мийиғида кулиб қўйишини англадим. Сўнгра у бирданига жиддий тус олиб:

-Сиз Америкага келяпсиз. Бу ерда ҳар ким ўзи учун ўзи яшайди. Ватан, миллат тушунчалари бойлик, пул билан ўлчанади. Бой бўлсангиз ватансевар ҳисобланасиз, оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин қоидаси Америкада ҳукмрон,- деди.

Бу мантиқни радиода ишлайдиган дўстимизга гапириб берганимда, у: – Биласизми, Америкага ўзбеклар асосан Афғонистон ва Туркия орқали келдилар. Ўқимагандилар. Ўқиганлари ҳам бу ерда қайта ўқиш учун имконсиз қолдилар. Натижада фақат кичик тижорат билан банд бўлдилар. Юқорироқ лавозимларга ўтиб ишлаганлар ва ўзбекларнинг бошини қовуштириб, даврасини тузадиганлар,деярли бўлмади, – деди.

Америкага келганимдан кейин бу ерда бошқа халқларнинг яшашига разм солдим. Қарийб ўттиз миллион муҳожир яшайдиган ва Президентининг ибораси билан айтганда “Муҳожирлар мамлакати ” бўлган Америкада,унинг ҳар бир шаҳрида “Хитой қасабаси”, “Испанлар бирлиги”, “Эрон хонадони”, “Ироқ кулбаси”, “Араб иттифоқи”, “Яҳудийлар жамоаси”, “Арманилар ҳамкорлиги”… сингари бир қатор номлар билан турли- туман ташкилотлар тузилганини кўрдим.

Айниқса украинларнинг “Бандера” ташкилоти катта кучга айланган. Улар нафақат бир миллатни бутунлаштиришга, балки унинг дини, маданияти, анъаналарини Америкада яшатишга хизмат қилади. Улар ҳар бир муҳожир оиласи билан иш олиб борадилар. Унинг дарди, ташвиши, муаммолари билан бир қаторда унинг ўз Ватанига муносабати билан ҳам қизиқадилар, яъни Америкада ўзларининг асл Ватанлари ва ўз миллатларининг келажаги учун қайғурадилар.

Ўзбеклар эса йилда бир тўпланиб, жамият тузиш ўрнига ғавғо билан тарқалиб кетар эканлар. Буниси ҳам ҳолва. Истанбулда бир пайтлар “Туркистон” номи билан жамият тузилган бўлса-да, бугунга келиб қозоқлар, шарқий туркистонликлар, қирғизлар, туркманлар ундан ажралиб кетишганини унинг бирлаштирувчи кучини

йўқотганида, деб биладилар. Худди шу манзара Америкада ҳам мавжуд. Қизиғи шундаки, ким билан суҳбатлашманг, шу ҳакда сўз юритади.

Боши йўқнинг оши йўқ деган мақол бор. Америкадаги ўзбекларни ҳам бирлаштирувчи бош, яъни марказий куч йўқ. Тўғрироғи, бундай бош ва куч жуда ҳам кўп, яъни ҳар бир ўзбек, ўзини бек, ўзини хон деб ҳисоблагани учун бошқа бирини на қўллайди ва на бошқа бирининг ёрдамини олади.

Америкада яшаётган зиёли ўзбеклардан бири :

–Илгари ҳамшаҳарларимиз (Улар ватандош сўзи ўрнига “ҳамшаҳар” сўзини қўлланишади – Ж.М.) Ватан дея куйиб-пишиб сўз юритардилар. Мана Ўзбекистон мустақил бўлганига бир неча йилдан ошди, лекин шунга қарамай ҳалигача аксарият ўзбеклар Ўзбекистонни зиёрат этмадилар. Уларнинг иқтисодий имкониятлари етарли, аммо юракдаги имконият ожиз, – деди афсус тортиб.

Мен унга қўшилишдан ва фикрини қўллашдан бошқа бир нарса дея олмадим, чунки у Америкадаги ўзбекларни мендан яхшироқ танийди.

Туркистон тарихининг ўлмас сиймоларидан бири Боймирза Ҳайит жаноблари Каримов ҳукумати томонидан Ўзбекистондан қувилганларидан кейин 1993 йилнинг 21-мартида Анталия шаҳрида учрашганимизда “Биз халқмиз, аммо Миллат бўлолмадик” дегандилар.

Гарчи Боймирза отани Ўзбекистондан қувиб чиқаришганининг ўзи бизнинг кимлигимизни ўртага қўйса-да, ўша пайтда негадир бу гапни оғриниб қабул этдим. Аммо кейинчалик унинг ортидаги ҳақиқатни ўргандим. Дарҳақиқат, биз ҳалига қадар ўзимизни миллат деб ҳисобламас эканмиз. Руслар бизни етмиш йил ўзбек халқи дея атади. Биз ҳам бунга кўникдик ва халқлигимизча қолдик. Миллат бўлишимиз учун эса, асримиз аввалида қўлимиздан тортиб олинган Турклигимизни қайтадан танишимиз керак эди. Бунга имкон бермадилар ва бермаяптилар. Шу боис Туркистон деганда ғурурланиб, Турк деганда ийманиб “Туркий” калимасини қалқон қилиб юрибмиз.

Хўш, ғурбатда яшаётган ўзбекларни, яъни туркларни ким, қачон ва нима учун ана шундай туйғудан маҳрум этди?

Нега улар бу қадар тарқоқ қолдилар? Бунинг жавоби аниқ: қаерда бўлмасинлар улар Ватаннинг бир парчаси, унинг руҳи билан яшашга мажбурдирлар.

Менинг бу оғир сатрларимни ўқиган муҳожир ўзбеклар дарҳол шу саволни ўртага қўядилар:

-Бугунги ўзбек мухолифати ҳам ғурбатда бўлишига қарамай, тарқоқ эмасми?

Дарҳақиқат, мен ғурбатдаги ўзбеклар ҳақида фикр юритар эканман, бугунги ўзбек мухолифатини ҳам ундан айирганим йўқ. Улар ҳам шу дарахтнинг мевалари.

Ватанда тарқоқлик бор экан, унинг сояси ватандан олисда ҳам ўзини кўрсатади. Ватандан олисдаги инсонлар орасида тарқоқлик бор экан, бунинг асорати ватанда ҳам яшайди.

Биз бугунга қадар тарқоқлигимизнинг илдизларини ҳеч таҳлил этдик-ми? Табиийки йўқ. Назаримда бунинг сабаблари бор.

Миллатнинг зиёли-ойдинлари иккиюзламачилик қилиб келдилар ва бу шоҳлар, тўралар томонидан рағбатлантирилди. Бутун бошли тарих уларнинг соясида ёлғонга айланди.

Миллат мафкурасиз қолди. Ислом динининг умумбирлик қудрати мазҳаб, турли -туман оқимларга бўлиб юборилди. Дин қоидалари амалдорларнинг майлига кўра шарҳланди.

Камчиликларни айтганлар душман қилиб кўрсатилди. Қаҳрамонлар хоин, хоинлар қаҳрамонга айланди.

Натижада ботирлар қўрқоқ, қўрқоқлар эса ботир бўлдилар. Хиёнат қилганлар ҳақида гапириш хиёнатга ўхшаб қолди.

Шоҳларни мақташ, амалдорларга ҳамду-сано ўқиш анъанага айланди. Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан қабилида иш юритилди ва бу жамиятнинг қон томирига қадар сингиб кетди.

Миллатга ҳамма вақт қора куч сифатида қаралди. Уни бутунлаштириш эмас, парчалаш, бир-бирига душман қилиш анъанаси туғилди ва бу чуқур илдиз отди.

Фақат ўтмишни гапириш одатга айланди. Бу эса келажакни унутишга қадар олиб келди. Бугун ва келажак ҳақида гапирмаслик учун фақат ўтмишни ёдлаш миллатни турғунлик ботқоғига етаклади.

Миллатни ҳар доим қорин ташвиши билан рўбарў қолдирдилар. Оқибатда маънавият йўқолди, тафаккурни занг босди.

АЛ-ҚИССА: Сен ватанни китоб деб билдинг, варақларини йиртиб ишлатмоқ учун. Мен ватанни китоб деб билдим, бўш саҳифаларини тўлдирмоқ учун.

ҲАЙРАТЛИ ҲАДЯ

Ҳар ким дунёни ўз кўзи билан кўради. Юқорида мен зикр этган масалада ҳам ҳар кимнинг ўз қараши мавжуд. Чунки дунёнинг битта ҳақиқати бор, аммо ҳар бир инсоннинг унга нисбатан ўз мезонлари бўлади. Бугунга қадар энг кўп гапирилган ва энг кўп ёзилган давлатлардан бири Америкадир. Кимдир уни дунёнинг енгилмас кучи, дея таъриф этса, яна кимдир орзулар ўлкаси, дейди.

Америка ва Ўзбекистон. Иккиси икки дунё. Осилсанг баланд дорга осил деганларидек, Ўзбекистоннинг баъзи жиҳатларини Америкага солиштирмоқ истади кўнгил. Бундан минг йил муқаддам илм хазинасининг соҳиби аввали Абу Райҳон Беруний ҳазратлари уммон ва денгизлар ортидаги бу ўлканинг борлиги ҳақида сўз этганларида ҳали Колумбнинг бобокалони ҳам туғилмаган эди. Бироқ дунёнинг ишлари шундай чигалки, калаванинг учини топаман деганлар ўз йўлларини йўқотиб қўядилар. Бугун не десак ҳам барибир Америка ўз кашфиётчисини Колумб, деб билади. Гап Американинг кашф этилишида эмас, гап Американинг яратилишида. Бу муаззам ўлка ҳақидаги ҳикояларимга мени ҳайратга туширган бир воқеани ўнг сўз сифатида қабул этдим.

Зеҳният, яъни менталитет қондан -қонга кўчадиган нарса эмас. У инсон туғилгандан кейин шаклланадиган ҳодисадир. Аммо оддий қишлокдан тортиб то кўкдаги сайёраларнинг ўтмиш ва келажакларини тасаввур қилиш, тафаккурга сингдириш, хулосага тўкиш ана шу зеҳният билан боғлиқ. Борни бор қиладиган ҳам, йўқни бор қиладиган ҳам зеҳниятдир.

Тарихимизда жуда кўп империялар тузилди ва парчаланиб кетди. Ҳар бири ҳақида айри-айри хулосалар мавжуд, аммо уларнинг бир умр яшаб қололмаганлари замирида зеҳниятни шакллантира олмаганлари, тўғрироғи зеҳниятни суғориб турмаганлари кўзга ташланади. Биз воқеалар рўй бераётган пайтида эмас, балки тарихга айланган вақтида у ҳакда фикр этишга одатланганмиз.

Ўтмишни севмасдан келажакни севиш мумкин эмас, лекин ўтмиш ва келажак ўртасида бугун ҳам борлигини унутмасак, севгимизни бугундан дариғ тутмасак, ўшандагина ҳаққоният йўлини танлаган бўламиз.

Америкага келишим олдидан Истанбулнинг “Коч” дорилфунунида Оврупа тарихидан дарс бераётган ҳамкасбим Стефан Ричманд икки ҳадя келтирди. Ўттиз бир ёшида профессор бўлган бу йигитнинг ота-боболари Болтиқ бўйида туғилган эканлар, у эса Американинг Бостон штатида дунёга келган. Стефан ўзи туғилиб ўсган Бостон штати ҳақидаги рангли китобни узатаркан:

– Бу ерни “Янги Англия” дейишади. Бостон Американинг қалбидир, – деди.

Китоб ҳақикатдан ҳам гўзал эди, аммо мени ҳайратлантирмади. Чунки Самарқанд, Бухоро, Хива ҳақидаги анъанавий, рангли китобларимиз ундан қолишмайди. Бироздан сўнг Стефан қўлини ён чўнтагига солди-да:

– Энди энг қимматли ҳадямни бераман. Буни 1980-йилдан буён ён чўнтагимда ташийман, яъни юрагимнинг устида. Ёш бола эдим, уни менга отам ҳадя қилганди,- деди.

У чўнтагидан митти бир китобчани чиқарди. Бундай ҳадяни биз хаёлимизга келтириш у ёкда турсин, балки эшитганда масхараомуз кулиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Аммо бу ҳадя бир америкаликнинг зеҳниятини, давлати, мамлакатини устун қилишга интилишининг энг мунаввар ифодаси эди. У менга “Америка Конституцияси” китобчасини ҳадя этганди.

Ана энди бирор бир юртдошимиз ўртага чиқиб айтсинчи:” Мен ҳам фалон америкаликка ўзбек тилида ёзилган Асосий қонунимиз китобчасини ҳадя этдим” деб. Айта олмайди ва бу унинг қусури эмас, чунки биз Конститутциямизни туғилган кунидан буён тортиша бошладик. Яна ҳам аччиқ ҳақиқат шуки, уни чанг босган ғаладонга итқитдик, чунки унинг қабул қилиниш жараёни, ҳозирланишидан тасдиқланишига қадар шубҳали ва ғайридемократик эди.

Қолаверса, миллат ўлкада телефон Конститутцияси яшаётганини кўриб турарди. Етмиш йил “Ассалом Рус халқи…” деб бошланадиган мадҳияни эшитган миллат яна ўша мусиқа, ўша оҳангда (юзлаб гўзал шеърлар четга сурилиб, Президент томонидан танланган шеър) куйланса, қандай қилиб шавққа тўлсин? Конститутциясида ҳурлик, эркинлик, адолатдан сўз очилиб, амалда эса Конститутцияни ёзганлар зулмни байроқ қилсалар, миллат қандай қилиб бу қонунни севсин?

Америка эса бутун халқнинг хоҳиш иродасини мужассам этиб, Конститутцияни бир марта ёзишди ва икки юз йилдан зиёд замондан бери бир сатр у ёкда турсин, бир ҳарфини ҳам ўзгартиришмади. Биз эса ишламаган Конститутцияга ҳар сессияда бир қўшимча қиламиз. Америкада Конститутцияга риоя этмаган Президент миллатнинг душмани, деб эълон қилинади. Бизда эса Конститутцияни поймол этган Президентни танқид қилганлар миллатнинг душманига айланади.

Бу ҳам майли. Америкада Конститутция ҳар бир фуқаронинг ёстикдан бош кўтаришидан эътиборан яна ёстиққа бош қўйишига қадар йўлчи юлдузи бўлди. ҳақиқат, адолат ўлчовларини ундан топди. Инсондек яшаш ҳаққини ундан топди. Мамлакатига ҳақиқий хўжайин бўла олиш ҳуқуқини ундан топди. Шу боис ҳам ифтихор билан Конститутция китобчасини кўтариб юради. Бу зеҳният масаласи.

Мен Стефандан ҳазил аралаш “Бу сенга ҳадя экан, ҳадяни ҳадя қилиш мумкинми?” деб сурадим. Стефан жилмайди-да:

– Мен уни ёд олганман, – деди. Бу эса мени яна ҳам ҳайратлантирди. Чунки биз ёд олиш у ёкда турсин, бафуржа ўтириб, Ўзбек Конститутциясини бошдан оёқ ўқиб ҳам чиққанимиз йўқ, чунки “Ўқиганлар не бўлди” деймиз. Бу ҳам зеҳният масаласи.

АЛ-ҚИССА: Сен ҳадя бериш нималигини билмадинг, чунки ҳадя олишга ўргангандинг. Мен ҳадя олишни севмадим, чунки умрим ҳадядир.

ЗЕҲНИЯТНИНГ БЕШИГИ

Менга қолса зеҳниятнинг бешиги зарралардир, деган бўлардим. Мақолимиз бор: Қуёш заррада акс этади. Ўзини, ўзлигини англатишга қарор қилганлар бу ҳақиқатнинг сўқмоғига бош урадилар. Аммо баъзилар бундай сўқмокдан ҳам янглиш йўлларга чиқадилар. Американи наштар остига олган коммунистлар ҳам “Нима бизга Америка” дер эканлар, ўзлари билмаган ҳолда зарраларга диққат тортадилар.

Дарвоқе, нима учун Америка? Унинг сир-асрори нимада? Бу саволга жавоб бериш учун Нью-Йоркнинг қаватлари булутларга етиб қолган биноларига ёки ҳайратларни қолипларга солган Ҳолливуд экранларига эмас, юқорида зикр этганимиз зарраларга нигоҳ қадамоқ керак, назаримда.

Аммо дарҳол Американи Қуёшга ўхшатди, деган хулоса чиқаришга шошилманг. Мақолнинг иродасини букмаслик учун ва сўз омади бу иборани қўллашга тўғри келди. Агар мухтасар қилиб ифодалайдиган бўлсак, Америка ҳам оддий бир ўлка ва ҳатто оддийликка даъвогар ўлкалардан бири. Фақат унинг оддийлигини ифодалаган кўзга ботар нуқталари, яъни зарралари бор, холос.

Америкага келишда “Дельта” ҳаво йўлларининг учоғига миндик. Стюардесса тинмай инглизча гапирарди. Учоқнинг бир неча жойига ўрнатилган ойнаи жаҳондаги ҳужжатли фильмда хавфсизлик қоидалари ҳикоя қилинар экан яна инглизча. Қулокларимизга ўрнашган аввал русча кейин ўзбекча англатув бу ерда йўқ. Билиш билмаслигингиз, тушуниш тушунмаслигингиз бировнинг парвойига келмайди.

Ана энди тасаввур қилинг: Ўзбек ҳаво йўлларига оид учоқ Нью-Йоркдан кўкка кўтарилса ва йўловчиларга фақат ўзбек тилида маълумот берилса, нима бўлади? Жайдари қилиб айтганда, ер билан осмон ўйнаб кетади. Учокдаги америкаликлар ёқангизни йиртиб, қўлингизга берадиган даражада маданиятсиз эмас. Улар ё учоғингиздан тушиб, билетни топширишади ёки умуман минмай қўйишади.

Ахир мақсад тўлақонли хизмат кўрсатиш, муштарийнинг пулини олиш, рақобатда ғолиб чиқишдир, шу боис ўзбекчанинг ёнида инглизча гапиришнинг фойдаси бор-ки, зиёни йўқ, дейишингиз мумкин. Буни америкаликлар тушу-нишмайдими ёки исташмайдими? Истаганда қандоқ! Аммо мамлакат, миллат шарафини ҳар нарсадан олдин ва устун қўядилар. Чунки зеҳниятлари шунга йўналган.

Майли Ўзбекистонни янги давлат, бундан кейин йўлини топиб олади, дея ўзимизни овутайлик. Ҳатто Туркия ҳаво йўлларининг Истанбулдан Нью-Йоркка йўл олган учоғида ҳамма турклар ўтиришса-да барибир маълумотлар инглиз тилида ҳам такрорланади. Чунки бу қоидага айланган. Бирор -бир қонун билан белгиланган қоида эмас, балки зеҳният қоидаси.

Бир ҳамюртимиз “Руссиядан Тошкентга меҳмон келди”, дея бир нуқтага диққатимни тортганди: “Гапим унга тушунарли бўлиши учун русча гаплашишга уриндим. Кўп ўтмай Туркиядан келган меҳмон билан ҳам унинг шевасида сўзлашдим. Ҳатто Озарбайжон, Қозоқ, Қирғиз шеваларини ҳам ўрганиб олдим. Аммо мен Москвага борганимда яна русча гапиришга мажбур бўлдим. Истанбулда эса Туркия туркчасида гапиришга тўғри келди.

Боку, Алмати, Бишкекда ҳам шундай бўлди. Ўйлаб қарасам, мен ўзимни, ўз тилимни ҳурмат қилмас эканман” деди. Буни аксинча ҳам шарҳлаш мумкин: Тил билганнинг олтин билгандан устунлиги бор. Шахсий масалаларда шундайдир. Аммо умумтарозисида тортилганда ўртага зеҳният чикади. Президенти, Ташқи ишлар вазири, элчилари халқаро минбарлардан русча гапириб юрсалар оддий авом нима қилсин?!

Шу ўринда яна бир мисол келтирмоқчиман. Портланд шаҳрида Халқаро Муҳожирлар Марказида Памелла деган бир қиз билан танишдим. У икки йил Ўзбекистонда ишлаб қайтибди. Ўзбекчани ҳеч бузмай, чиройли оҳангда гапиради.

– Аммо Ўзбекчани ўрганганим бефойда бўлди, – деди у. – Тошкентга борсам ҳамма мен билан рус тилида гапиришга уринди. Оқибатда рус тилини ўрганишимга тўғри келди. Ўзбекларда хориждан келганларга рус тилида гапириш одат бўлиб қолибди.

Майли, бу бошқа масала. Яна қайтайлик юқоридаги мавзуга. Америка учун учоқларида маълумотни инглизча билан баробар ўзбекча ёки туркча бериш жуда осон масала. Лекин зеҳният бунга йўл бермайди. Зеҳният Американинг қудратини, буюклигини кўрсатишга ундайди. Буни ҳис қилган ва бундай ҳолатлардан нафратланган ҳамда дунёдаги барча ўйинлару кулфатларга Американи сабабчи қилиб кўрсатувчилар буларнинг парда орқасида махсус бошқарувчилар бор, деб ўйлайдилар.

Аслида ундай эмас. Агар “Дельта” ширкатига ҳукуматнинг қайси бир идорасидан сим қоқиб, “Сен фақат инглиз тилида маълумот берасан. Учоқнинг ичида бошқа тилларда хабар бериш ман этилади”, дейилганда, табиийки, том аксини кўрган бўлардик. Чунки ўша ширкат ўзини ҳақоратланган ҳисобларди ва ҳукумат ички ишларимга аралашмокда, дея ғазабланарди. Ҳамда унинг зиддига одим отарди.

Бир учокда маълумотлар таржима қилиниши ёки қилинмаслиги учун шунча гап – “Ота гўри қози хонами?” дегувчилар ҳам топилар. Шу боис такрор айтмоқчимизки, гап учокда ёки маълумотлар берилган тилда эмас, гап зеҳниятда.

Агар ўз мамлакатининг шарафини озгина бўлса-да ҳимоя қилишини сезса ёки миллатининг қудратини кўрсата оладиган ишни қанча оғир бўлмасин ҳар бир америкалик жон дили билан адо этади. Ҳатто бу унинг шахсий манфаатига путур етказсада.

Хўш, зеҳниятга қаерда ўргатилади? Ўзбекистонда болалар боғчасида жажжиларга мамлакат мадҳияси ёдлатилади, энди ўқишни бошлаган болакайдан тортиб кўзидан нур қочган оқсоқолга қадар Президентнинг китоблари ўқитилади, ҳафтада икки марта сиёсий машғулотлар ва аттестациялар ўтказилади, шоирлари тинмай сайраб турадилар, радио, телевидениеси, мафкура, миллат, Президент дея такрорлаб турилади-ю нега бу миллат зеҳниятида Ватан севгиси уйғонмайди? Америкада болалар боғчаси ёки мактабда мадҳия ёдлатилмайди ёки Президент китоблари ўқитилмайди. Ўқув даргоҳларида Президентнинг фаолияти тортишилади.

Мамлакатнинг дунёдаги ўрни тортишилади. Ҳукуматнинг Ташқи сиёсати тортишилади. Ҳеч ким биз дунёнинг энг кучли мамлакати, бизнинг Президент дунёнинг энг ақлли одами деб мақтанмайди. Америкада агар Президент санъатни қўллаш ҳақида фармон эълон қилса, эртасига бутун санъаткорлар тўпланиб унга ташаккур мактуби ёзмайдилар. Чунки улар бу Президентнинг кундалик иши эканлигини ва бунинг учун ўзларининг ҳисобларидан маош олишини яхши биладилар.

Давлат, мамлакат номи ва атрибутлари билан узоқ йиллар яшаши мумкин, балки байроғи тинимсиз ҳилпираб турар. Лекин унинг ҳақиқий мамлакатга айланиши халқига, яна ҳам тўғрироғи халқининг зеҳниятига боғлик. У “Менга нима” дея зарралардан кўз юмса, охир оқибатда Қуёшдан кўз юмади. “Менга нима” дея воқеа – ҳодисалардан кўз юмса, охир оқибатда ўзидан кўз юмади. Америкадек бўлишнинг энг биринчи шарти ана шу “Менга нима” деган ярамас хасталикни енгишдир.

АЛ-ҚИССА: Сен бир бурда нон ва бир ҳовуч шакарни зеҳният деб билдинг, мен эса сени қутқармоқни. Иккимиз ҳам хато қилдик. Чунки Сени Сендан бошқа ҳеч ким қутқаролмайди.

МАДАНИЯТЛАР ЧОРРАҲАСИ

Азим ва поёнсиз Тинч океанининг шарқий қирғоғида жойлашган Портланд шаҳрида Орегон штатининг Симфоник Концертлар Саройига таклиф қилишди. Рахманинов ва Шостакович симфония-ларининг ижро кечаси экан. Таклиф қилинганлар орасида нафақат инглизлар, балки ўнлаб миллат ва элатларнинг вакиллари бор эди. Ҳашаматли ва гўзал нақшлар билан безатилган саройдаги шовқиннинг ўрнини дирижёрнинг қўлига қамчисини, яъни таёқчасини олиши билан кириб келган сукунат қоплади.

Турли маданиятларга оид, тўғрироғи, ўзларида турли маданиятларни яшатган инсонлар яквужуд бўлиб Шостаковичнинг бешинчи симфониясини тингладилар. Навбат Рахманиновга келди. Нафақат муаллиф исми шарифида, балки мусиқасида ҳам қандайдир Шарққа яқинлик бор. Дирижёр таёқчасини кўтариши билан скрипканинг ингроқ саси ёйилди. Сўнг бу сасни пианинонинг ўйинқароқ товуши юлиб кетди. Бирдан виолончелнинг титроқ оҳанги олдинга ўтди, аммо у контрабасснинг бўғиқ сасига қоришиб, уммонда ғарқ бўлгандек, оҳанглар қўйнига сингиб кетди. Аввалига ғайриодатий туюлган овозлар бирдан уйғунлашиб сокин уммон устида орқама- орқа келган тўлқинлар каби бир йўлга кирди.

Симфония тўлқинлари туйғу қирғоқларига урилар экан аллақандай ҳис тийран, тиниқ ва дарин уммоннинг сеҳр ипларига осилди. Ўртада омонсиз кураш бошланди. Тафаккурнинг тахмонларидан қалқиб келган куч бу ҳисни тизгинлаб ортга тортқилай бошлади. Ортда мозийнинг битикларидан саслар ўлароқ оёққа қалққан қичқириқлар аввал фарёдга, сўнг ҳайқириққа айланди. Ўрхон битиклари тилга киради: ЎЗЛИГИНИ ЎЗЛАГАН КЕЧИККАН ОДАМДИР. ЎЗЛИГИНИ АСРАГАН ЎТМИШИНИ ЎЛДИРМАГАН, КЕЛАЖАГИНИ БЕШИГИДА БЎҒМАГАН ИНСОНДИР.

Ўзлигим, деб йиғладим,

Сенга топинар экан,

Ўзлигим, деб йиғладим,

Бошим чопилар экан!

Ўрхон битикларидан келгани каби қалбда уйғонган бу сас бутун туйғуларни жумбушга келтиради ва бугуннинг ҳайқириқига айланади:

Ўзлигим, деб ҳайқирдим,

Довул, бўрон эсса ҳам.

Ўзлигим, деб ҳайқирдим,

Қилич бошни кесса ҳам !

Тафаккурнинг деворларига Абу Наср Форобийнинг сатрлари ёзилади гўё: Сен боқийсан, аммо ҳиснинг ортидан кетсанг фонийга айланасан ва ғарибликлар қўйнида онийдан йўқоласан. Ҳатто мозор тошингни бошқалар у ёкда турсин, ўзинг ҳам қидириб тополмайсан…

Симфониянинг шиддатли бонги мозийдан келаётган бу нидони ютиб юборади, гўё. Тўлқинларга қўшилиб, гоҳ кўриниб, гоҳ ғарқ бўлиб, гирдобнинг панжасидан қутулмоқ учун мужодалага кирган бу нидони қутқармоққа, ёрдамга келгандек, Абу Райҳон Беруний ҳазратларининг ёдгорликлари оёққа қалқади. Залворли, оғир тошли, босиқ бир сас долғаларни парчалаб юборади: Замин уммонларнинг қуриган нуқтасидир. Замин инсонларнинг улғайган маконидир. Замин курашга кирганларнинг суянган тоғи, жони-жаҳонидир…

Симфония тобора юксалиб борар экан, бу улкан тоғни ҳам кўмиб юборишга уринади. Аммо тоғ шу қадар мустаҳкамки, унинг пойини емирмоққа симфония ожиз эди. Тоғ шу қадар юксакдаки, уммон ҳар қанча юқорига талпинмасин, барибир унинг оёқларига бош қўярди.

Ва… тоғ ортидан “Чўли ироқ”нинг қиличдек ўткир тиғли оҳанглари мудраган туйғуларнинг юрак пардасини тирнаб, ўлган ҳислар устидан фарёд тортиб, нолаларни гирёнларга кўмиб, эзғиловчи устунлиги билан борлиққа ҳукм эта бошлайди.”Чўли ироқ”нинг мунис ва маъсум ҳайқириғи “Муножот”нинг оловли овози билан кучланади, “Муножот” оҳангининг карвонида не-не жаҳонгирлар, соҳибқиронлар, давлатмонандлар, юртбошилару -элликбоши, ўнбоши ва шоири замонлар қўллари, оёқлари занжирланган ҳолда дардлар ортидан судрала- судрала келардилар.

“Муножот” инсонни эзиб-эзиб бир нуқтага, бир заррага айлантириб юборар экан, унинг зулмидан заррага айланган инсон не-не қудрат соҳибларидан устунроқ кучга эга эканлигини англайди. Чунки у зарра ҳисларга қул бўлмайди ва фақат “Муножот”нинг қулидир у!

“Муножот”нинг ортидан “Тошкент ироғи”, сўнгра “Сегоҳ” ва “Самарқанд ушшоғи” ундан сўнгра эса “Наво” оқиб кела бошлайди. Бу куч, бу қудрат олдида бўйин эгган симфониянинг тўлқинлари тобора синиб, ўз гўшасига чекила-чекила, борлиқ қўйнига сингиб кетди ва залда гулдурос қарсак янгради.

Инглизлар, испанлар, японлар, руслар, украинлар, хуллас оқ танли-ю қизил танли-ю қора танли инсонлар бир вужуд бўлиб Рахманинов симфониясини олқишлаётган эдилар. Бир кун улар “Чўли ироқ”ни, “Муножот”ни ҳам олқишламоқларини истарди кўнгил. Аммо қаёқда?! Атлантиканинг нарёғида, Ҳинд уммонига яқин бир ерда бу соатда Ўзбекистон ухлаётган эди. Америка эса уйғоқ, оёкда. Ўзбекистон балки дарин уйқудан сўнг ёлғон туш оғушида… Балки тушнинг мудроқликка айланган бир пайти бу. Чунки Қуёш чиқиб келмокда… уни уйғотмоқ учун!

АЛ – ҚИССА: Сен уйқуни севдинг, уйқу ўлим эканлигини била-била, Мен эса Сени уйғотмоқ истадим, ҳали бери уйғонмаслигингни била-била…

МУВОЗАНАТ НУҚТАСИ

Америка Конституциясига назар солсангиз, давлат тизимининг маълум бир нуқталар устига мустаҳкам ўрнатилгани ва мувозанат сақланганини кўрасиз. Болалик йилларимизда ўқитувчимиз геометрия дарсида Самарқанднинг Регистон майдонига олиб келиб мувозанат тушунчасини англатганди. Регистон майдони дарё оқиб ўтган қумлик жой бўлгани учун бу ердаги мадрасалар шундай қурилганки, худди тарозининг паллалари сингари мувозанат сақлаган ҳолда бир-бирини тутиб туради. Шердор, Тиллақори ва Улуғбек мадрасалари ер

остидан бир-бирига боғланган.

Мувозанат уларни асрлардир довуллардан, зилзилалардан ва бошқа офатлардан асрамокда. Агар меъморлар ўрнатган мувозанат бироз бўлса-да бузилганда бугун қаршимизда фақат вайроналарни кўрган бўлардик. Америка конституцияси ҳам ана шундай мувозанатга қурилган. Бу мувозанат инсонларнинг воз кечилмас ҳақ ва эркинликлари поймол этилишини ва иқтидорни суистеъмол қилишнинг олдини олишга қаратилган.

Худди Самарқанд меъморларидан ўрнак олингандек, конституциянинг уч мадрасаси, яъни уч йўналиши бор. Ижро, қонунчилик ва суд ҳокимияти. Учаласининг орасидаги мувозанат жуда нозик нуқталарга таянган бўлса-да, мана қарийб 200 йилдирки ҳеч ким бу нуқталарни оёқ ости қилишга интилмайди. Чунки оқибат вайрона эканлигини яхши англашади.

Гарчи Америка президентлик бошқарувига асосланган ва Президентга ниҳоятда кенг ваколатлар берилган бўлса-да, қонунчилик ҳамда суд тизимлари Президентни мувозанат талаби даражасида назорат этадилар.

Иккинчи томондан ижро тизимининг ичида ҳам шундай мувозанат ўрнатилганки, жилов нафақат Президентнинг қўлида, балки иккинчи томоннинг ҳам жиловни тортиш имкониятлари бор. Масалан, Адлия вазирини Президент танлаб тайинласа-да, унинг зарурият туғилганда, Президент устидан ҳам тергов

бошлатиш ҳуқуқи бор.

Худди Оқ уйда ишқий можаролар ҳақидаги иддаолардан кейин Клинтонга жуда яқин бўлган Адлия вазирининг ўз Президенти устидан тергов бошлатгани каби. Бундан шундай хулоса чиқадики, Америка конституциясининг тамал нуқталаридан бири конун олдида ҳамманинг: шоҳу гадонинг, бирдай эканлигидир. Бу хулосанинг силсиласи ўлароқ яна бир нуқта кўзга ташланади. У ҳам бўлса қонунларнинг шартсиз ва қайтсиз ҳаётга тадбиқ этилишидир. Ана шу занжирлардан биттаси узилса, мувозанат ўз ўқидан чиқиб кетади ва ҳуқуқий давлат тушунчаси қоғоз мулкига айланади.

Парламентдаги бир қатор комиссиялар ижронинг, яъни Президент раҳбар бўлган ҳукуматнинг фаолиятини назорат қиладилар. Америка Конгрессида ҳукумат фаолиятининг ипидан игнасига қадар кўз олдида тутиш ва текшириш йўлга қўйилган. 538 кишилик АҚШ конгрессида 35 мингдан зиёд киши ишлаганини тасаввур қилсак, бу масалага нақадар муҳим эътибор берилганини кўрамиз. Бу 35 минг инсон бекчи, чой ташувчи, ёки қоровул деб ўйламанг. Улар конгресс аъзоларининг ҳар бирига боғлик махсус гуруҳларда, турли комиссияларда фаолият кўрсатадиган юксак малакали инсонлардир. Қисқаси ижронинг жиловини тутиб турадилар.

Баъзилар қонунчилик, ижро ва суд ҳокимиятларини ажратар эканлар, улар бир- бирларининг фаолиятларига аралашмасликлари керак, деган ақидани урғулайдилар. Масалан, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин унинг парламенти ҳукуматнинг фаолиятини назорат қилиш механизмини ишга туширганда, катта тортишувлар келиб чиққанди. Охир оқибатда барчага шундай фикр сингдирилдики, парламент қонунлар чиқаради, ижро ҳукумати эса уни мустақил равишда бажаради.

Ҳукумат маъқул топган тақдирда, парламентга ҳисоб беради. Содда қилиб айтганда, ўзбек парламентининг бевосита назорат механизми ўлдирилди. Ҳатто миллатвакиллари бюджетнинг жуда кўп соҳаларида маблағ қаерга сарфланаётганидан мутлақо бехабардирлар. Америка Конгресси эса ҳар бир центнинг, яъни ҳар бир тийиннинг сарфланиш ўрнига қадар ўрганади ва бевосита текширув ўтказади.

Ўзбекистон парламентининг ҳатто аниқ шикоятларни текшириш ваколати қўлидан олиб қўйилган. Яъни келган шикоятларни ҳукуматга юбориш билан почтальонлик хизматини бажаришга бўйсундирилган.

АЛ-ҚИССА: Сен қонунни қоғоз деб билдинг. Сени қоғоз билан қўмишларидан қўрқдинг, фақат. Мен эса қонунни қонун деб билдим, қонунсизликдан қўрқдим, фақат… (15 март 1998 йил)

ҚОҒОЗДАГИ ҲАҚИҚАТ

1992 йил 8 декабрда, 12-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида мамлакатнинг янги Конституцияси қабул қилинган эди.

Худди кечагидек ёдимда. Президент Девонида лойиҳаси тайёрланган ва сўнгра хориждан келган икки-уч олим тарафидан у ер бу ерига қалам тегизилган бу ҳужжат вилоятларга муҳокама қилиш учун юборилди. Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ва Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков навбати билан вилоятларга ташриф буюриб, ҳар бир вилоятдан сайланган Ўзбекистон Халқ депутатларини муҳокама учун бир жойга тўплашарди.

Қисқагина давом этган бу мажлисдан кейин матбуотга берилган хабарда, «фалон вилоятдаги Ўзбекистон Халқ депутатлари Конституция лойиҳасини муҳокама қилдилар ва унинг 89-моддасига «Ўзбекистон Республикаси Президенти айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг раиси ҳисобланади» жумласини киритишни таклиф қилдилар», деган сатрлар ўрин оларди. Барча вилоятларда ўтказилган йиғилишлардан фақат ана шу таклиф чиққанига урғу бериларди. Гап шундаки, Ғарбдан келган олимлар Конституциядаги баъзи моддаларнинг ғайридемократик эканлигини таъкидлаганлари боис юқоридаги «демократик усул» ўйлаб топилганди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Конституцияси ҳеч кимга сўз бермайдиган даражада гўзал сўзлар билан ёзилган. Унда инсон ҳуқуқлари, давлат суверенитети, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак маъсулият, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари ва шу сингарилар учраганда Ғарбда демократиянинг отасиман, деб юрганлар ҳам лабини ялаб қоладиган мукаммал жумлалар бир орага келтирган. Лойиҳада кўппартиявийлик, сўз ва тушунча, намойишлар эркинлиги кафолатланган бўлса-да, биз унда демократик давлатнинг тамойилини ташкил этадиган асосий умуртқа йўқлигини уқтиргандик.

Маълумки, демократик ҳуқуқий давлат уч устунга таянади. Қонунчилик, ижро ва маҳкама устунларининг умумдунё эътироф этган вазифалари бор. Ана шулардан баъзилари унутилдими, бу устунларнинг бўйи кесилади ва томнинг оғирлиги бошқа устунга қолади. Бунинг оқибатлари эса таҳликали. Демократик ҳуқуқий давлатда қонунчилик, ижро ва маҳкама кучлари пропорционал равишда бир -бирини назорат қилиб туради. Шу нуқтаи назардан қарасак, Конституциянинг 95-моддасида шундай сатрлар бор: «Президентнинг конституциявий суд билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида Олий мажлис тарқатилиб юборилиши мумкин».

Демократик-ҳуқуқий давлатда бу нормал ҳол, қачонки бунинг акси ҳам ўз ифодасини топган бўлса. Тарозининг қарама-қарши палласида «импичмент» деган ҳодиса туриши керак. Гап шундаки, Олий мажлис ҳам Президентга ишончсизлик билдириш ваколатига эга бўлиш керак. Ўшанда мувозанат сақланади, лекин бизнинг довруғи олам Конституцияда бу нарса йўқ. Бунинг оқибатини эса ҳар кун, ҳар соатда кўриб турибмиз. Ҳатто инсон ҳақлари масаласи Олий мажлисда муҳокама қилинар экан, Президентнинг шахсан ўзи «Гапиринглар, камчиликларни айтинглар» дейишига қарамай, бутун депутатлар жим эди.

Ҳа, улар кўзойнаги олиб қўйилган олим, қуролсиз майдонга туширилган аскарга ўхшаб қолгандилар. Ишончим комилки, бугунга қадар Конституциямизни мадҳ этиб, бир нечтадан китоб ёзган маддоҳи замонлар бугун ҳам, эртага ҳам уни тараннум этишади. Лекин битта нарсани кўрмасликка олишади, бу ҳужжат қоғоздаги ҳақиқатдир. Гапни чўзиб ўтирмайлик, Конституциядан бир жумла ўқийлик: 34-модда: «Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек, ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиш мумкин эмас».

Ҳа, мухолифатчи шахслар бугун не аҳволда эканлиги сизга аён. Ёки яна бир жумла. 33-модда: «Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар». Мухолифат митинг ўтказиш у ёкда турсин, митинг ўтказиш учун рухсат сўрасин-чи? Ҳа, бошига нималар келишини аллақачон тахмин қилдингиз.

Дарвоқе, сўзимни олти йил олдинги воқеалардан бошлагандим. Ўшанда вилоятларда ўтказилган кичик мажлисларни баҳона қилиб, Олий Кенгашда Конституция лойиҳаси муҳокама қилинмасдан овозга қўйилди.

Унинг ўша куни бир неча дақиқа ичида қабул қилиниши ҳам олдиндан маълум эди. Чунки олдиндан лойиҳа қабули 8-декабрь тушдан кейинга белгиланган, кечқурун эса Наврўз саройида катта зиёфат буюрилганди.

Худди олдиндан белгиланганидек, ҳаммаси вақти соатида ўтди. Конституциямиз ҳам худди олдиндан белгиланганидек қоғоздаги ҳақиқатдан амалдаги ҳақиқатга айланмай қолди.

АЛ-ҚИССА: Сен телефонни Конституция деб билдинг. Телефондан келган овозни қонун, овоз эгасини Худо дея ўзингни овутдинг. Не дариғки, шу «қонун», шу «худо» сени урди. Мен эса бандасига эмас ўзига-Тангрига ишондим. Телефон буйруғини эмас, қалб сасини тингладим. (7 декабр 1998 йил)

БОШ ҚОНИМИЗ ТОЗАМИ?

Халқнинг бир қисмини алдаш мумкин, яна бир қисмини доим алдаш мумкин, халқнинг ҳаммасини вақтинча алдаш мумкин, лекин бутун халқни ҳамма вақт алдаш мумкин эмас, деганди Америка президентларидан бири. Чунки ғарбда мамлакатни идора қилишга даъвогар шахсларнинг «етти кўрпасини» ағдариб кўрадилар.

Шахснинг ҳалоллиги, ростгўйлиги, диёнатли, иймонли, инсофли, ақл-идрокли ва саломат бўлишига аҳамият берилади. Америкада сайловлар даврида Кеннеди ёшлигида қимор ўйнагани, Буш қандайдир ҳужжатли фильмни хавфсизлик идорасига сотгани, Клинтон гўзал бир хонимга кўнгил қўйгани каби ҳолатлар ҳам сув бетига қалқиб чиққан. Чунки Америка халқи фермага мудир эмас, мамлакатга раҳбар, агар мамлакат вужуд бўлса вужудга бош, агар мамлакат бош бўлса, бошга қудрат исташади. Шу боис хам Туркияда олий раҳбарни Бошқон дейишади. Америкаликлар Бошқон сайлашаётганини билишади.

Шўролар даврида эса шахснинг ҳужжатлари «тоза» бўлса бас эди. Ҳар қандай ифлослик булғаган ҳужжатни жарақ-жарақ пул бир пастда тозаларди. У пайтда шахснинг партияга садоқати, халққа қўрқмай ёлғон сўзлай олиш қобилияти устун ўрин эгалларди. Хўш, бугун нега биз мустақил мамлакатда яшаб Ленин чизиб берган йўлдан бир қадам ҳам чиқа олмаяпмиз? Нега бошқонимиз ҳақида билишни истамаймиз.

Бошимизда айланадиган қон тоза бўлса вужудимиз тетик, тафаккуримиз тиниқ бўлишини наҳотки ўйламасак? Йўқ, ўйлашга бош қоннинг ифлослиги йўл бермайди. Қандай қилиб ифлос қон бош томирларимизни чирмаб

олди?

Макр маҳоратдир, деган экан биров. Макрнинг миллион қармоғи бўлади. Биридан қочсанг иккинчисига тутуласан. Макрдан узоқ бўлишнинг йўли иккидир. Бири уни билиш, иккинчиси уни йўқотиш. Биринчисига эга бўлмай иккинчисига эришиб бўлмайди. Табиатнинг оддий қонуни бу.

Мен илк дафъа Ислом Каримовга дуч келганимда орзуларим туғён урди. Юракдаги бундай ловуллаган олов, куч-ғайрат, фидойилик билан партия идораларида қандай ишлаяпти, экан бу зот, деган савол ўртади мени.

Тасаввур қилинг, собиқ шўролар мамлакатида тўқнашувлар туфайли қуёш чизиғидан чиққан бир пайт. Ҳам фикр, ҳам мушт тўқнашувлари. Озодлик ва қуллик курашмокда эди. Собиқ комфирқа нима бўлса-да ўзини сақлаб қолиш талвасасида. Бунинг эвазига кўп нарсадан қочмоққа ва кўп нарсани емирмоққа тайёр.

Шундай кезда шўролар мамлакати таянган ва ишонган «штаб»лардан бири Ўзбекистон комфирқасининг биринчи котиби Ислом Каримов Каттакўрғон туманида сайловчилар билан (Ўзбекистон ССР Олий Советига XII чақириқ сайловлари бошланган пайтда) учрашмокда. Энди-энди ўзбек тилини ўргана бошлаган «биринчи»нинг сўзларни қўпол тарзда бузиб гапириши, кулгили иборалар ишлатиши, олди-қочди гаплардан қутула олмаслиги ҳеч кимнинг ғашига тегмас эди. Чунки у ана шу курмаклар аро пишиқ гуручлар сочаётганди.

«Қачонгача еримиз, Ватанимиз, бойликларимизга нарёғдан келганлар хўжайинлик қиладилар». Қарсаклар.

«Қачонгача ўзбек тили ҳур бўлади. Ўз тарихимиз, динимиз, тилимиз, қадриятларимиз қачонгача карам (қарам демокчи- Ж.М.) бўлади. Биз озод, мустақил бўлишимиз учун керак бўлса жонимни бераман». Гулдурос

қарсақлар.

«Биз фақат пахта, тиллолар эвазига дунёда энг бой яшашимиз мумкинлигини мана шу манбардан (минбардан, демокчи – Ж.М.) ишонч билан айтаман». Қарсақлар.

«Мен нарёғдан, келинг очиқ айтай, Московдан қўрқадиган ерим йўқ. Сизлар ҳимоя қилсаларинг, бас. Нима дейсизлар?» Гулдурос қарсақлар.

«Фарғона, Бўка, Паркент воқеаларини ким уюштирганини биламан. Очиб ташлаймиз ҳали. Олдингизда тиз чўкиб айтаманки, ҳаммаси жазосини олади». Қарсақлар.

«Сайловлар озод бўлади. Кўппартиявийликка йўл очамиз. Коммунистик партия майдондан чиқади. Московда ухлаб ётган депутатларимизни ишга соламиз». Қарсақлар.

«Пахта иши» билан қамалганларни, иншоллоҳ озод қиламиз». Қарсақлар.

«Ерни деҳқонга берамиз, Горбачёв қўлини пештахта (пеш демоқчи-Ж.М.) қилмасин кўп. Сиз қўлласангиз, биз ҳам қўлимизни пештахта қиламиз». Гулдурос қарсақлар.

Қарсак урганлар ва Каримовни қўллаб гапирганлар сафида камина ҳам бор эди. «Биринчи» бемалол ёлғон гапириши, халқни алдаши, бугун айтиб эртага қайтиши мумкин деган фикрдан йироқ эдим. Таассуфки, ана шу мен йироқ бўлган фикрлар ҳақиқатнинг ўзгинаси экан. Ҳа, ҳақиқат олис-олисларда, етганлар бор, етмаганлар бор!

Кунларнинг бирида қўшнимиз Тамара опа билан баҳслашиб қолдим.

-Каримов билан бирга ўқиганмиз – деди у. –Тўполончи бола эди. Баҳони паст қўйган муаллимнинг шўри қурирди. Кўпинча «Сиёб» колхоз бозоридан қовун ўғирлаб келишарди. «Ўзбакларни доғда қўйиб келдик. «Ҳа, тожик бола», деб қувганди, қовунларининг устидан сакрадим. У ҳам сакрайман, деб оғзи билан қопишди. Қовунлари юмалаб кетди», деганда бир қиз нимадир мунғиллади. Қўлидаги пўчоқ билан башарасига уриб, онаси-ю отасини буғдойзордан олиб арпазорга солди.

Ҳа, энди болаликда нима бўлмайди,- дея қаршилик қилдим. Орадан икки йил кечиб «Останкино» ойнаижаҳони «Халқ сайлаганлар» туркумидан Ислом Каримов ҳақида фильм намойиш қилди.

«Болаликдан баландга сакрашни яхши кўрардим» деди «халқ суйган» бошқон. Кўз олдимга қонталаш бўлган қовунчи бобо келди.

Тошкентда гап тарқалди: «Каримов Олий кенгаш раисини тепа-тепа хонасидан қувибди. Унинг бақириб қочганини атрофдагилар томоша қилишибди. «Бўлмаган гап деб ўйладим. Оғизга келганини гапираверишарканда!», деган фикр ўтди кўнглимдан.

Хастахонада эдим. Ҳамкасбим, таниқли журналист дўстим кириб келди. Ранг-рўйида қон йўқ.

– Мени тепди, – деди у.

Дарров англадим. Президент тепган. Чунки дўстим Ислом Каримовга ёрдамчи эди.

-Айтинг, нима қилай? Истеъфо ёзайми, кетайми? – деди у.

-Нима бўлди ўзи? – сўрадим киноя билан.

Жигаристонга бориб қишлоқни тупроқ босиб қолишини ўргандим. Мутахассислар бир неча марта юқорига хат ёзиб хавфдан огоҳ этишган экан. Агар олди олинса шунча одам ўлиб кетмасди. Президентга кириб «Жиноятчи шу ерда экан, сиздан хатни яширишган» деганимни биламан. «Жаҳонгирни душман дер эдим, сен етти марта зиёд душман экансан! Онангни…» деб сўкиб тепа кетди. Айтинг нима қилай?

Чидаб юраверинг, – деб пичинг қилдим.

Ўзим ҳам…

Кейин бу воқеани у ҳамкасбларимизга кўп гапириб юрди, самимият билан. Мен эса қовунчига ачинган қизалоқни ўйлардим.

Бир куни сайловдаги ишончли вакилим Ҳафиз ака Азизов тўйга айтди. Алоҳида уйда Каримовнинг акаси – Ибод ака ва оқсоқоллар ўтиришган экан.

– Ибод Ғаниевич ён қўшнимиз бўладилар, – дея таништирди бағри дарё, бировга ёмонлик истамайдиган инсон Ҳафиз ака, –

– Бизнинг болаларнинг тоғасига ўғил бўладилар.

Ҳафиз ака ташқарига чикди. Биз анча суҳбатлашдик. Ибод ака очилмади. Укаси ҳақида сўз айтмади. Яқинда тўй қилгани, тўйга Самарқанд вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов келганини тожик тилида қистириб ўтди. У узр истаб чиқиб кетгач, дўстлари иғво бошлашди. Балки мени тожик тилини тушунмайди деб ўйлашдими ёки сессияда Каримовга қарши гапирганим учун атайлаб сурпани очишдими, ҳарқалай тушунолмадим.

-Акасининг тўйига келмади. Шундан оғринган бу, – деди оқсоқоллардан бири.

-Йўғ-е, Исломни билмайдимики, хафа бўлсин, – деди бошқа бир оқсоқол.

Нариги акаси ўлганда соат тўртгача тобутни кўтаришмади. Бир вақти келди-ю, «комиссия бор» деб орқасига қайтди. Ўшанда хафа бўлмаган, энди ранжийдими?

-Ишқилиб охири бахайр бўлсин. Қурғур отасини ҳам зор қақшатган.

-Отасида ҳам бор эди-да…

-Ҳе, отанг гадой бўлса тўрва ушла, дейишган. Уйда отамиз ўтирганда томга чиқармидик? У отасини ҳам, онаси Санобар холани ҳам хўрлади. Охири уйдан қувиб қутулишди шўрликлар…

Бу гапларга ишонмасамда вужудимда титроқ бошланди. Титроқ саволларга айланди, Наҳотки, она Ўзбекистоннинг пешонасига шундай бир ўғил битган бўлса? Ўзбекистон охирати Абдуғани ота ва Санобар аяларнинг такдирига ўхшамасмикан?!

Ў шўрлик юртим, шунчалар азият чекканинг етмасмиди?

Лаънат шайтонга, деб саволларни қувдим. Кейин бу гапларни бот-бот суриштирдим. Ҳатто қамокдаги укаси Арслон озодликка чиқиб Тошкентга келганида Каримов қабул қилмагач, бу гапларни ошкор қилганини айтишганда ҳам «деди-деди» деб ўйладим. Аммо, ҳақиқат ўлмайди. Барибир ўзини кўрсатади. Каримовнинг энг яқин қариндошлари ҳам буни тасдиқлашди. Улар ҳам унга ишонмас эдилар. Юртга ачинишарди.

Мен эса кузатаман. «Халқ сўзи» ёзади: «Ўзбекистоннинг бошига бахт қуши қўнди… Подшоҳ Аллоҳнинг ердаги сояси… Ислом Каримов меҳрибон отамиз… Лутфихоним ая оламдан ўтганда қабристонга қадар тобутни кўтариб борди». Кўз олдимга Чорраҳа маҳалласи, Ислом Каримовни интиқ кутган қариндошлар. Бели боғлиқ акаларнинг унинг ортидан мунғайиб қараб қолиши, сўппайган тобут келаверади.

Умуман подшоҳ қандай бўлиши ҳақида маълум бир йўриқ борми? Албатта йўқ. Агар «қолип» доирасида иш кўрадиган киши учун зарурат туғилса роботдан яхшиси борми? Демак, подшоҳ, яъни бугунги сўз билан Президент сизу бизнинг орамиздан чиққан киши. Табиийки, унинг ўзига хос нуқслари, қусурлари, камчиликлари бўлади. Лекин унинг яхши томонлари заррадек кўриниб, манфий жиҳатлари бўртиб турса, бу сиз ва бизнинг ҳам шўримиз, ҳам хатоимиз, ҳам жазоимиз.

Инсонларга раҳнамо бўлишим ўн икки фазилатга эгалигим туфайлидир, деб ёзганди буюк бобокалонимиз Амур Темур. Гарчи тарих, давр орқага эмас, олдинга айланган бўлса-да, жуда катта истиҳола билан муқояса қилиш… Ислом Каримов номини улуғ бобомиз номлари билан ёнма-ён ёзишни гуноҳ деб ҳисоблайман, лекин таассуфки, «Халқ сўзи»(Анвар Жўрабоев муҳаррир бўлган даврда) безбетлик ила Ислом Каримовни соҳибқиронга тенглаштирди. Бор йўғи 2-3 сони чиққан «Ипак йўли» газети эса аввал Ислом Каримовнинг, сўнг эса Амир Темур номини келтирди. Тарихга, миллатга, ўз-ўзига бундай ҳақорат ҳар қадамда «гуллаб ётарди».

Шу боис Жаҳонгир Кўрагоннинг ўн икки қоидаларига назар солайлик-чи, қайси бири Ислом Каримовда мужассам экан?!

Амир Темур: «Биринчи. Мен сифатларимнинг аввали деб беғаразликни тушундим…»

Юзлаб ва ҳатто минглаб мисоллардан фақат биттасини келтираман. Еттинчи сессияда(1991 йил кузида) талабчан депутатлардан бир гуруҳи Ислом Каримовнинг камчиликларини бетига айтишди. У қўлини кўксига қўйиб «Ҳаммаси тўғри, тан оламан, имкон беринглар тузатаман» деб онт ичди. Ваҳоланки, ундан қасам ичиш талаб қилинмаганди.

Хўш, орадан йил ҳам кечмай нима юз берди? Ўша еттинчи сессияда сўзга чиққан депутатларни «халқ вакилликдан олабошлади». Сайлов жойларига саноқли одамлар келиб, қоғозда бутун халқ «овоз берди». Қувғин устига қувғин бошланди. Ғараз илони чақмаган жой қолмади. Еттинчи сессия қаҳрамонлари Ҳамза Эшназаров, Ринат Бурхонов, Алижон Қўчқоров, Отажон Полвонов, Ойгул Маматова, Тойиба Тўлаганова, Бахтиёр Қодиров ва бошқалар Олий Кенгашдаги ишларидан четлатилдилар. Кимдир бўшатилди, кимдир қисқартиришга тушди, кимдир қувилди. Халқ депутатлари Мурод Жўраев, Иномжон Турсунов, Шовруқ Рўзимуродов, Насруллоҳ Саид, Имом Файзи, Отажон Полвоновларнинг қисмати нима бўлди? Улар миллатнинг гули эдилар. Каримов «қиличи» бу гулларни кесиб ташлади.

Ажойиб қаламкаш, драматург Иномжон Турсунов Каримовдан бўлак фикрлагани учун ҳибсга олинди. Мурод Жўраев ҳам жиноятчи деб топилди ва ҳоказо.

Ғараз асосий фазилатга айланди. Ҳар кун, ҳар соатда кимдир ғараз йўлида қурбон бўлди.

Амир Темур: «Иккинчи. Мен ҳар доим Исломга қатъий риоя қилардим».

Ислом Каримов доим Исломга қуллуқ қилади. Сўзда. Каломни «Иншоллоҳ»дан бошлаб «иншоллоҳ» билан тугатади. Қўлини каломуллоҳга қўйиб қасам ичгани ҳали ёдимизда. Аммо Холландияга борганда «Бизда Ислом хавфи бор, шу боис қаттиққўлман» деган ҳам у. Мисрга бориб эса Ал-аҳзар дорилфунунининг илоҳиёт борасидаги юксак хизмат учун бериладиган унвонини олиб қайтган ҳам бизнинг Бошқонимиз.

Тожикистонда озодлик истаганлардан қўрқиб дунёга жар солди: «Исломпарастлар, динпарастлар одамларнинг бошини кесишмокда». Маккага бориб қайтганда эса катта мажлисларда «Мен худонинг уйига бориб келдим, ҳожиман, билиб қўйинглар» деди. Бир тарафда халқни Қурбон ҳайити билан табриклаб, иккинчи тарафда мадрасалар, мачитлардан одамларни қувишга амр берди. Мусулмонман, деган зот учун бу дунё зулматга айланди. Дин арбоблари қатағонга учрадилар. Эътиқод, иймон, ишонч, диёнатни асраган, авайлаган кишилар хавфли шайтон, тилёғламачилик, алдов, қасдбозлик, манфаатпарастлик, рушватхўрлик қуллари эса раҳмон бўлиб кўриндилар.

Амир Темур: «Учинчи. Мен камбағалларга кўп хайру эҳсон қилдим, ва муаммони диққат билан текширдим, ва уни мумкин қадар тўғри ҳал қилишга бутун жаҳдимни сарфладим».

Ислом Каримов улуғ Жаҳонгирга содиқ йўл тутишни истади. Муаллимларга текин уй-жой бериш, ёлғиз қарияларга имтиёзлар, уруш ногиронларига машиналар тарқатиш каби фармонларни эсланг. Ойлаб, йиллаб бу «доно» фармонлар тарғиб қилинди.

Амалда эса муаллимлар текин уй-жой олишгани учун ўзгалардан етти марта кўп ижара пули тўлашга гирифтор қилиндилар. Ёлғиз қариялар… Миллат ичида ёлғиз қария йўқ эди. Улар фарзандлари билан яшардилар. Бу фармон ўзга миллат вакиллари ҳимояси учун яратилганди. Уруш ногиронларининг машина олиш уч ўн миллионлари топилмади. Дарвоқе, камбағалларга «ер берилди». Аввалдан курилиш материаллари жамғарилмагани учун бу борада қимматчилик юз берди, тақчиллик бошланди. Бу эл-улусга аён ҳақиқат…

Бугун фақат ҳодисаларни эслашнинг ўзи кишини ваҳимага солади.

Паркентда ўлдирилган йигитлар руҳи ҳамон осмонимизда чинқирмокда.

Фарғонада шаҳидлар ҳақорат қилиндилар.

Андижонда май кунлари ҳибсхоналарда йигитлар қийноққа солиндилар.

Наманганда аскарлар тинч аҳолини қирғин-барот этдилар. Диндорларга қотил тамғаси босилди.

Самарқандда митингга чиққан йигитлар саваландилар, қамоққа олиндилар.

Қашқадарёда таҳқир бош тутди. Тошкент талабалар шаҳарчасида адолат истаганлар отилдилар…

Фақат санаш учун соатлар керак. Соатнинг ҳам юраги бўлганда портларди… Можароларни «ҳал қилишда» «қассоб»ликни ерига етказган Темур Алимов, Ғулом Алиев, Бўритош Мустафоев, Зокир Алматов, Алишер Мардиев, Исмоил Жўрабеков, Мавлон Умрзоқов ва бошқа «миллий қаҳрамон»ларнинг боши вақти-вақти билан силаб турилди. Бу Бошқоннинг содиқ «лашкарбоши»ларига муҳаббати рамзи эди. Кундага қўйиш учун силанган бошлар.

Амур Темур: «Тўртинчи. Халойиққа раҳм қилдим, барчага нафъ еткурдим. Бунда бировга ноҳақ озор етказмадим ва мендан ёрдам сўраб келганларнинг кўкрагидан итармадим…»

Раҳм-шафқат… Не не оналар ўғиллари Каримовга мухолиф бўлгани учун изтиробга чўктирилди. Не не болалар отаси мухолифатда бўлгани учун етим қолдилар. Ўлган оналаримиз, тирик бўлиб руҳан ўлган оталаримиз… Қариндош-уруғларимизда не айб деганлар қанча?! Биргина таниқли ва истеъдодли журналист Аҳмаджон Мухторовнинг Каримовга шафқат сўраб ёзган ўндан зиёд хатидан хабардорман. «Ҳали бу кам, унинг онасини…» дея ҳақорат қилганини ҳам кўпчилик билади. Авазхон Мухторовнинг 90 ёшли онаси унга эмас, арзини нега Клинтонга ёзди?

Жиззах вилоятидан келган оқсоқоллар ҳокимнинг ғаройиб қилиқларидан нолишди. «Бу қурумсоқ чолларни фельетон қилиш зарур» деди Президент. Шароф Убайдуллаевнинг «Ўзбекистон овоз»ида босилган «Автобус ҳокимияти» «асари» шу зайл дунёга келди. Фельетонларнинг саноғи бормикан?

Раҳм-шафқат… «Бирлик» халқ ҳаракатининг йўлбошчилари Абдураҳим Пўлатов, Шуҳрат Исматуллаевнинг «бошини тўртта қилиб қўйиш», «Эрк» бош котиби Самад Муроднинг қовурғаларини синдириш, журналист Анвар Усмоновнинг «уйини ёқиб юбориш», инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Михаил Ардзиновнинг «квартирасига портлагич ташлаш», муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «ҳовлисини портлатиб юбориш» каби топшириқлар қаердан чикди?

«Равил, қария Қудратни инфарктгача олиб бор, билдингми?»

«Равил, ана у данакчи қўқонлик Юсуфни эмаклат, ҳамма кўрсин!»

«Равил,…»

Ҳар куни котибият бошлиғи Равил Абдуқодиров хонасидаги аппаратдан Президентнинг ғазабли топшириқлари, яъни раҳм-шафқати «тараларди». Ҳеч вақт ўтмай у бот-бот ижросини суриштирарди.

Амир Темур: «Бешинчи. Исломга тааллуқли ишларни мен ҳар доим кундалик ва дунёвий ишлардан устун қўйиб келдим…»

Каримов ҳам исломга тааллуқли ишлар билан доим шуғулланди. Мачит ва мадрасаларга қатновчилар кузатув, таъқиб остига олиндилар. Оддий хатми Қуръон мажлисидан Маккаи Мукаррамадаги йиғинчиларгача айғокчи қўйилди. Диндорлар Тожикистонда ноҳақ қамалган биродарларини ёқлаб етти сўзли шошилинчнома юборишса, Ислом Каримов уч ой матбуотни, ойнаижаҳонни уларга қарши «сайратди». Мабодо Маккаи Мукаррамадаги йиғинларда унга қарши бир сўз айтилса борми… маслаҳатчиси Бахтиёр Назаров вазифасидан жудо бўлар, ҳофиз Шерали Жўраевнинг «овози ўчарди».

Айниқса, диний идоранинг молиявий аҳволи унга тинчлик бермасди. Даҳшатли империя даврида, атеизм «гуллаган» пайтда ҳам ҳуқуқ тартибот ходимлари бу муқаддас идорага бостириб киришмаган. Лекин Каримов у ердаги ҳар қоғозни ўзи кўргиси ва ундан душман бармоқлари изини топгиси келарди. Бош прокурор Бўри Мустафоев эса бу ерда жиноятчилик илдиз отгани ҳақида матбуотга жар солди. Лекин йиллар кечиб бирор жиноятчи топилмайди! Демак, у Аллоҳ йўлида содиқлик кўрсатганларни ўзига бўйсундириш учун қўрқув, таҳлика оловини сочарди.

Вақти-вақти билан мадрасалар, мачитлардан хайри-эҳсон ҳисобига келган аудио ва видео аппаратларни тортиб оларди. Уларнинг «тили»дан ҳадиксирарди.

Саудия Арабистондан келган диндор мачитлардан бирида ваъз айтиб, бу ердаги халқ оғир кун кечираётганини таъкидлагани боис 24 соат ичида мазкур мамлакатдан келган барча меҳмонларни қувиб чиқарди. Ҳатто уларнинг элчихоналари ёпиб қўйилди.

Диний идораларга ўзига содиқ кишиларни «сайлаб» қўйиш ҳам унинг доимий ишларидан бири эди.

Амир Темур: «Олтинчи. Барча сўзларимда доимо ҳақиқатгўйликка риоя қилдим».

Ислом Каримовнинг ҳақиқатгўйлиги у тахтга келган илк кунданоқ бошланди… «Матбуот эркин бўлади» деб бот-бот айтди. Оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонуннинг «Ўзбекистонда цензура бекор қилинади»деган бош жумласини рўкач қилди. Амалда ҳар бир газет «боши»га тўрт-бештадан соқчи қўйди. Юрагидаги гапини ёзган қаламкашларни озодлик, мустақиллик душмани деб эълон қилди. «Эрк», «Бирлик»нинг газеталари таъқибга учради.

Катта минбардан туриб, Ўзбекистон гуллайди, деди. Амалда хазон бўлди бу юрт. «Пулингизни омонат кассасига қўйинг, бўлмаса куйиб қоласиз»деди. Халқ ҳафталаб омонат кассалари эшигида сарғайди. Пул қўйганлар хонумони куйган кишиларга айландилар. Миллионлар тийинга айланиб қолди.

«Тошкент талабалар шаҳарчасидаги воқеаларда «Эрк» ва «Бирлик»нинг қўли йўқ» деди халққа. Сўнг қонли воқеалар «Эрк» ва «Бирлик»нинг бўйнига ағдарилди, уларнинг устидан иш қўзғатилди.

Шароф Рашидов масаласида энг олий ҳақиқатни мен айтаман, деб минбарга кўтарилди. Бироқ Шароф Рашидовни қоралаш, гўрма-гўр қилиш ҳақидаги ҳужжатларда ўзининг имзоси ҳам борлигини унутди.

Ўзбекистон ўз миллий армиясини сақлашга қудрати етмайди, деди. Аммо Ўрусиянинг юз минглаб аскарлари Ўзбекистонда туриши учун хазинанинг оғзини очди.

Мамлакатда ҳамма ўз она тилида сўзлайди, ўзбек тили давлат тили, деб такрорлади. Ўзи эса ўзбек тилидаги ҳужжатларни четга суриб, рус тилидагиларни ўқиш одатини тарк этмади.

Паркент воқеалари, Фарғона фожеаси муносабати билан тузилган комиссиялар ҳақиқатни ойдинлаштирганларида Ислом Каримов бу ҳужжатларни ғаладоннинг «мулки»га айлантирди.

Ҳақиқатгўйларни қатағон қилдирди, алдов усталарини атрофига жамлади. Ёлғон, ёлғон ва ёлғон сиёсий қуроли бўлди.

Амир Темур: «Еттинчи. Мен ҳар кимга ваъда берсам, унга вафо қилдим»

Ислом Каримовнинг ваъдалари чексиз, «Ўзбекистонни олти ойда жаннатга айлантираман» деб ваъда берди. Олти ойдан сўнг халқ жаҳаннамга рўбарў келди.

«Ўзбекистонда кўп партиявийлик шароитини яратаман» деди. «Эрк» демократик партияси тошбўрон қилинди. Озод деҳқонлар, «Бирлик» ва бошқа кўплаб партияларни тўлғоғида бўғди.

«Ўзбекистонда ҳурфикрлилик йўлини очаман» деди. Аммо бир фикрлилик, фақат Ислом Каримовни мақташ йўли очилди. Фикри борларнинг боши ёрилди.

«Туркистон» халқ ҳаракатидан Баҳром Ғойиб, «Бирлик»дан Пўлат Охунов, Шовруқ Рўзимуродов, «Эрк»дан Насрулло Саид, Каримовни «Каримов» қилган Шукрулло Мирсаидов, Ўзбекистонда биринчи бўлиб компартиянинг бошланғич ташкилотини тарқатиб юборган Самандар Қўқонов бошига кулфатлар солинди. Улар туҳмат, бўҳтон билан қораландилар.

«Ўзбекистонда қишлокда яшовчиларни бадавлат қиламан» деди. Қишлокда яшовчилар бир бурда нонга зор бўлдилар.

«Болалар пахта далаларига олиб чиқилмайди» деди. Мактаблар ёпилди, Олий ўқув даргоҳлари бутун куз давомида фаолиятдан тўхтади. Қаҳратон кунларда ҳам болалар оч-ночор пахтазорда ишлатилди.

«Ўзбекистонда демократия ўрнатилади» деди. Аммо якка ҳокимлик, зўравонлик ўрнатилди. «Туркия йўлидан борамиз» деди. Ой ўтмай Хитой, Корея йўлига ўтилди. Русияни, Елсинни аёвсиз қоралади. Амалда Русиянинг, Елсиннинг этагидан ажралмади.

Ҳали Ўзбекистонда бирор киши Ислом Каримов фалон ваъдасининг устидан чикди, деб айтолмайди. Ҳатто унинг атрофида гирдикапалак бўлганлар ҳам.

Амир Темур: «Саккизинчи. Доимо ўзимни Аллоҳнинг ердаги мулкининг посбони деб билдим»

Ислом Каримов ўзини Аллоҳнинг ердаги мулки соҳиби деб билди. Истаса, юрт тиллоларини Швейцарияга, Англия, Фарангистонга олиб бориб қўйди. Истаса ўзбек тиллоларидан ясалган буюмларни, тилло симли тўнларни дунё мамлакатлари бўйлаб сочиб юборди.

Мухолифатдагиларнинг шахсий уйларини тортиб олди.

Ҳатто одамларни ҳам шахсий мулким, деб билди. Ўзбекистонда қатағон қилингач, бош олиб чиқиб кетганларни тутиб келтира бошлади. Истаса урди, истаса ўлдирди.

«Москвада яшаётган мухолифатчилар калтакланди. «Эрк» фаоли Мирзо Ўрунов кабилар ўлдирилди. Шоира ва сиёсатчи Васила Иноятова, «Эрк» газетаси бош муҳаррири Иброҳим Ҳаққул, ўринбосари Назар Эшонқул каби олим-ёзувчиларни суд қилдирди.

Унинг зулмидан Ватандан кетиб қолиш анъанаси бўлмаган юртда Ватансизлик оқими бошланди. Абдураҳим Пўлатов, Салой Мадаминов, Абдуманноб Пўлатов, Пўлат Охун, Ёдгор Обид, Анвар Усмон, Намоз Нормўмин, Ҳазратқул Худойбердиев ва бошқалар хорижга кетдилар.

Эллик йил хорижда яшаб, умрининг сўнгги палласида Ватанни зиёрат қилишга отланган, умр бўйи Туркистон озодлиги учун курашган етук тарихчи Боймирза Ҳайит келиши биланоқ Ўзбекистондан қувиб чиқарилди. Озодлик йўлида умрини аямаган Вали Қаюмхон юртига келолмай хорижда қазо қилди.

Бутун тарихимиз кўзгуси археологик қазилма бойликлари Россияда қолди. Пахта арзон нархларда ташиб кетилди. Қуролли кучларга тегишли барча техника Россия ҳисобига ўтказилди.

Ўғрилик, порахўрлик авж олди. Президент тайинлаган ҳокимлар халқни аёвсиз таладилар. Самарқандда Пўлат Абдураҳмонов, Термезда Ҳаким Бердиев, Бухорода Дамир Ёдгоров, Хоразмда Маркс Жуманиёзов, Тошкентда Адҳам Фозилбеков ва бошқа ўнлаб ҳоким ва ҳокимчалар унинг поспонлигида зуғумни қурол қилиб халқ бошини янчдилар. У жаллодларни тез-тез янгилаб турди.

Амир Темур: «Тўққизинчи: Нопок ишлардан бутун вужудим билан ўзимни тийдим».

Ислом Каримовнинг энг севган машғулоти атрофидаги одамларни бир-бирига душман қилиб қўйишдир. Вақтининг кўп қисмини иғво, «деди-дедига» сарфлайди. Шу боис маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов бошқа маслаҳатчиси Темур Алимов устидан ҳужжат тўпласа, Темур Алимов Мавлон Умурзоқов ортидан айғоқчи қўйдирди. Ниҳоя қамокда «ёзилди». Президент маслаҳатчиси Шаҳобиддин Зиёмов, Ташқи ишлар вазирлари Шаҳло Маҳмудова, Убай Абдураззоқов, Содиқ Сафоев (қаранг-а, қанча тез алмашган), давлат котиби Раҳим Ражабов, Вазирлар маҳкамаси раиси муовинлари Эркин Самандаров, Пўлат Нўъмонов, Алихон Отажонов ва бошқалар ана шу ўйинда ўйнаб, шу ўйиннинг гирдобига тушиб кетдилар.

Ислом Каримов нопок йўллар билан одамларни бадном қилишнинг ҳам устаси эди. Журналист Шароф Убайдуллаевга шахсан топшириқ ва ҳужжатлар бериб Ш.Мирсаидов, унинг рафиқаси, сўнг Р.Нишонов, В.Камолов ҳақида фельетонлар ёздирди. Кейин Ш.Убайдуллаевнинг ўзини ҳам ишдан қувиб юборди.

Президентнинг бундай йўлга ошуфталигини сезганлар у ҳакда мадҳияномалар ёза бошладилар. Анвар Жўрабоев «Арбобнинг кашф этилиши» «асарини» ёзиб «Халқ сўзи»га муҳаррир бўлди, Мурод Муҳаммад Дўст «Туркиядан Туркияга» мадҳияномасини битиб матбуот котиби, Шавкат Яҳёев «Ўзбекистон президентини жаҳон тан олди» деган «достони»ни ёзиб Телерадиокомпанияга раис, Одил Ёқубов «Ҳаво йўлида бир соат» «асари»ни бағишлаб Атамалар қўмитаси раиси, Жамол Камол «Мустақиллик бойлиги» туркум мақолаларини эълон этиб Ёзувчилар союзи раиси, Омон Матчон телеэкран мадҳияларини ўқиб Халқ шоири унвонини олдилар. Бу анъанага айланди.Бугун карвоннинг на боши на охири, на туяси на кўппаги бор.

Ҳар бир йиғин, воқеа олдидан ўнлаб кишиларни мансаб, унвонлар билан тинчитиб туриш ҳам Каримовнинг севган ишларидан.

Унинг халқ орасида латифага айланган сўкишлари ҳам кўп нарсалардан дарак беради. Атрофидаги раҳбарларни «онангни…» деб ҳақоратлаши, тепиши, таҳқирлаши на қозонда ва на чўмичда туради.

Нопоклик кун сайин, соат сайин ёйилиб боряпти. Бу хасталик – давоси йўқ хасталикка дучор бўлганлар, бўлаётганларнинг саноғига биров етса етарди, лекин кўпчилик етмасди…

Амир Темур: «Ўнинчи: Мен иймон билан қудрат бир онадан туғилган деб ишонганман».

Ислом Каримов иймонни эмас кучни яхши тушунади. У қудратни муҳофаза ва ҳужум деб билади. Минглаб чиниққан йигитлардан ўзига қўриқчи танлади. Ҳатто Олий Кенгаш мажлисларига депутатларни тинтувдан сўнг киргизди. Унинг ҳузурига белгиланган 5-10 кишидан бошқа ҳеч ким киролмайди. Халқ билан учрашмай, кўришмай қўйди.

Ўзи ишлаган ва яшаган биноларни темир панжаралар билан ўраб олди. Лазер нурлари билан қўриқхона яратди. Хавфсизлик қўмитасидан телефонларга қулоқ тутиш бошқармасини ўзига олди. Ички ишлари, Прокуратура, Хавфсизлик қўмитаси штатларини икки-уч баравар оширди. У ерда ишлаётганларнинг маошларини энг юқори қилиб белгилади. Уларга ҳамма имтиёзларни берди. Ўқитувчи, шифокор каби касб соҳибларига сариқ чақа «инъом этди».

Тўпланган одамларни тарқатиш, дўппослаш, мухолифатни тор-мор этиш бўйича батальонлар тузилди. Уларга афғон уруши қатнашчилари ва ғайридинлар жамланди. Не-не ёстиқларни қуритди бу куч? Абдували Мирзодан Абдулла Ўтаевга ва бутун йўқолганларга қадар.

Чет мамлакатдаги ишбилармонларни сотиб олиб, улар орқали ўша мамлакатларга ташриф ҳозирлади. Оқибатда ўз туристик сафарларини қудрат деб кўрсатди.

Ўзбекистон бўғзигача қарзга ботди. Ҳатто Туркманистондан 25 миллиард сўм қарз олишгача етди. Буни халқдан яширди. БМТга борганда «Останкино» орқали чиқиш қилиб «Биз қарзи йўқ давлатмиз» деди. Ваҳоланки, фақат Россиядан Ўзбекистоннинг қарзлари триллионга етиб қолганди.

Ислом Каримовнинг бундай «қудрати» юртни оғир кунларга бошлади. Вақтида миллий пул киритилмади. У ягона рубл зонасига имзо чекди. У ердан ҳайдалгандан кейин ҳам Ўзбекистоннинг пулини чиқаришни орқага сурди. Иқтисод емирилди, у эса «қудратини» тутиш билан овора. Этик тор келгач, пул чиқаришга қарор берди.

Амир Темур: «Ўн биринчи: Мен доимо саййидларга эҳтиром билан қарардим, уламо ва шайхларни эъзозлардим».

Саййидлар, Пайғамбар авлодлари, ҳақни ҳақ дегувчилар… Уларнинг бошида қай булутлар айлангани, айланаётганини бутун дунё кўриб турибди.

Уламоларга келсак… У уламоларни эъзозларди. Агар шоир Шукрулло уни чўлпиллатиб ўпиб турса, адиб Саид Аҳмад мақтаса, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсинлар доимгидек мадҳия ўқисалар, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов оқловчилик қилсалар эъзозларди. Усмон Азим, Эркин Воҳид, Абдулла Ориф, Муҳаммад Али, Азим Суюн лаганбардорлик эвазига у кишининг эъзозларида. Аҳмадали Асқаров, Пўлат Ҳабибуллаев, Эркин Шайхов, Эркин Хўжаев каби олимлар ҳам эъзоз қуршовига кирдилар. Сабабнинг ҳам сабаби бор.

Олим Каримов, Файзулла Исҳоқов, Мирзаали Муҳаммаджонов, Ёдгор Обид кабилар эса подшоҳнинг тафтидан бенасиб қолдилар. Бунинг устига баъзилари қамоққа солиндилар ёки сургунда.

Ислом Каримов уламолар – фозилу фузалоларни фақат мадҳиягўйлар деб билади. Улар унинг «Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт ва истиқлол йўли» китобини ёзиб бердилар. Сўнг ўзлари мажлислар, илмий конференциялар ўтказиб, уни мақтадилар, кўкларга кўтардилар. Аммо халқ аҳволидан сўз очмадилар.

Уламоларнинг «кашфиёт»лари шу даражага бориб етди-ки, Ўзбекистонда яшаётган юз ёшдан зиёд умр кўрганлар номидан Президентга узоқ умр тилаб мурожаат битдилар. Исми-шарифини ёзолмаган, остонадан ташқарига чиқолмаган қашқадарёлик, бухоролик, сурхондарёлик, қорақалпоғистонлик онахонлар, боболарнинг устидан кулдилар.

Ўзбекистон фани, адабиёти, санъати эса орқага кетди. Ислом Каримов замонида дунёга татигулик қандай асар ёки янгилик яратилди? Фақат Наманганда нефт қазишдаги катта фалокатни улкан янгилик деб жар солдилар, мукофотлар олдилар. Катта бойлик эса 60 кун ёнди. Уни тўхтатиб бўлмади. Олов ўзи тингачгина, «Олов бўйсундирилди» деб хитоб қилинди. Кашфиёт шу қадар эди. Аммо Каримов академик бўлмаган академия қолмади. Брежнев тирик бўлганда балки унга ҳасад қиларди.

Фарҳод Рўзиев каби олимчалар эса «Ислом Каримов дунёда янгича йўл яратди. Уни Нобель мукофотига такдим қилиш керак» дейишгача бориб етди. На илож, эъзозни қуллик калтаги деб тушунганлар хато қилишмади. Агар шундай тушунишмаса, эъзоз калтаги уларни синдириб ташларди.

Амир Темур: «Ўн иккинчи: Мен ўзимнинг икромиятим ва раҳмдиллигим туфайли кишиларнинг энг паст табақаларининг ҳам, ҳатто бошпанасиз гадоларнинг ҳам раҳматига сазовор бўлдим».

Ислом Каримов раҳмат олишнинг бошқа йўлларини яратди. Боласига «Ислом» деб, унинг исмини берганлар гиламли, уйли, болалари эса қўғирчоқли бўлишди. Ҳатто тили чиқмаган болакайларга фахрий ёрлиқ ва Президентнинг мактуби топширилди. Раҳматлар ёғилди унга.

Гадолар шу қадар кўпайиб кетдиларки, жой талаш жанжали билан овора бўлиб Ислом Каримовни мақташни ҳам унутдилар.

Бироқ, газеталар, радио, ойнаижаҳон уларнинг ўринларини тўлдириб турди. Раҳм-шафқат ҳақида афсоналар тўқилди, қўшиқлар айтилди, аммо биров уни кўрмади…

Бизнинг ниҳоятда қисқа таққосимиз будир! Уммондан қатра. Бугун даҳшатли уммоннинг барча кулфатларини санашнинг ўзи азобдир. Фақат, унинг қатрасида шу қадар жиноятлар, қабиҳликлар яширин. Шу боис ҳам Каримов номи айтилганда улуғ соҳибқирон номларини ёнма-ён келтириш бобомиз руҳига ҳақоратдир.

АЛ-ҚИССА: Мен гуноҳим учун бобокалоним руҳлари қаршисида тиз чўкиб авф сўрайман: Нетайки, бобо, бу авомга англатмоқнинг ўзга йўлини топмадим.

(1993-1994 йил, Боку)

ҚОН ТУТДИ

Ривоят қилишларича бир зулмкор шоҳ қазога етганда ҳеч жон беролмасмиш. Табибу -уламолар ҳайрон. Кун кечиб кеч кирганда шоҳ кўзларини очибди.

– Шаҳаншоҳим, яна қандай армонингиз бор? Амр этинг, бажо келтирайлик, –

дебди табиби калон.

– Вазиримнинг бошини танидан жудо қилинглар! – дебди шоҳ.

Ҳамма сукунатга чўмибди. Уч кун давомида шоҳ жаллодлару- зиндонбонлар, девонбегию –мушовирларини ўлимга буюрди. Энди эса…

– Шаҳаншоҳим, ул зот сизнинг энг ишонган мудирингиз, сояи -обрўйингизларку, ахир, биз қандай қилиб…

Амримни муҳокама учун эмас, ижро учун буюрдим!

Вазирнинг бошини келтириб кўрсатганлардан сўнг:

– Худога шукур, – дебди шоҳ, – Энди жон берсам бўлур. Лекин сен табиб ненидир сўрамоқчисан, саволингни бер, жавобингни оладурсан!

– Шаҳаншоҳим, нечун ишонган одамларингизни қатлиом қилдингиз?

– У табибга, сиёсат бу, улар ишонган одамларим эмас, улар қулларим эдилар. Ҳатто сендек савол беришга журъат этолмасдилар. Бироқ кўп сиримни билардилар. Мен эса сиримни Тангридан бошқага ишонмайман! Улар яхши қул эдилар, қул каби жон бердилар, мен эса шоҳ каби…

Бу албатта, ривоят. Лекин илдизи ҳаётдадир.

1993 йил 29 декабрда Мустақил Ўзбекистон Олий Кенгашининг иккинчи раиси ҳам «соғлиги ёмонлашгани учун» вазифасидан кетди. Нега иккинчи деяпмиз, чунки Советлар бирлиги даврида, яъни 1990 йилда Олий Кенгаш Ўзбекистон мустақиллиги декларациясини қабул қилди. Ўша кездаги Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов жиловни депутатларга бериб қўйгани учун ва улар Мустақиллик декларацияси қабул қилганлари боис коммунистлар пленумида қаттиқ танқид остига олинди. Таъқибларга дош беролмаган Мирзаолим Иброҳимов ўзи ариза ёзди ва етмиш йил давомида кадрларга чиқариладиган ҳукм: «Соғлиги ёмонлашгани учун» ишдан кетди.

У киши оқсоқол эди, майли. Лекин ҳали эллик ёш нари-берисидаги иккинчи раис ҳам шу ҳукм билан ишдан олинди. Бировнинг мансабга миниши бахт, ишдан кетиши фожеа эмас. Қолаверса, йиқилганни тепмайдилар. Бизнинг тепадиган фикримиз ҳам йўқ. Аммо Ватан такдири учун мураккаб бўлган бир даврда Ўзбекистон қонунчилик идорасини бошқарган киши сиёсий майдондан қувиларкан, унинг фаолиятини таҳлил этмоқ бурчимиздир. Истаймизми, истамаймизми у тарихда қоладиган вазифада ишлади.Тарих эса бор гапни билмоғи керак.

Хўш, Шавкат Йўлдошев Ўзбекистоннинг сиёсий майдонида қандай пайдо бўлди ва Ватанга, миллатга қандай наф келтирди?

Москвада, собиқ КПСС Марказий Комитетида ишлаб юрган Шавкат Йўлдошевни Ўзбекистонга, ўз юртига жўнатишди. Михаил Горбачёвнинг демократик мактабида таҳсил олган бу одамдан кўп нарса кутилганди. У жасорат билан ишга киришиши ва Ўзбекистоннинг демократия сари бурилишига сабабкор шахс сифатида тарихга кириши мумкин эди. Бундай имконият ҳар кимга насиб этавермайди.

Москва КГБси Фарғонада воҳид миллатни иккига бўлиб, уриштирганда Шавкат Йўлдошев СССР халқ депутатлари съездида пинак бузмай ўтирди. Сўнг раҳбариятдан Фарғонага қўшин киритишни илтимос қилди. Фарғона вилоят коммунистлар идорасининг «биринчи»си бўлган бу одам партия комитети биноси ёнида, Тошлоқ, Қўқонда халқ ўққа тутилганда қуролли жаллодлар панасида турди.

Фарғона воқеалари кўп гап-сўзларга сабаб бўлди. Аммо воқеани уюштирганлар, гарчи СССР аллақачон парчаланиб кетган бўлса-да, ҳалига қадар халққа айтилган эмас. Тўғри, партия шу баҳонада айримлардан қутилиб олди. Лекин Шавкат Йўлдошев такдирланди.

Уни Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети ҳузуридаги партия назорати идорасига раис қилиб олиб келишди. Бу идорага ўша кезларда ҳатто Марказий Комитетдан ҳам сўроқ сўраш ҳуқуқлари берилганди. Унинг раиси коммунистик тузум шароитида жумҳуриятда иккинчи шахс бўлиши керак эди. Партиянинг ички ислоҳотлари асосан шу идорага ишонилганди. Шундай пайтда Шавкат Йўлдошев гуноҳ ботқоғидан чиқиб кетиши, Фарғона воқеалари бирданига унга бегона бўлиши таажжубли ҳол эди.

У янги ишни бошлар экан, Ўзбекистон ойнаижаҳони орқали ўзининг катта вазифага кўтарилгани хусусида кўрсатувлар уюштирди. «Гдлян ва Иванов деган босқинчилар қўшиб ёзиш баҳонасида кўп коммунистларимизни айбсиз қамадилар, – деди у ойнаижаҳонда. – Мен бу коммунистлар такдири билан жиддий шуғулланаман.Уларнинг оилалари, бола-чақалари чинқириб юришибди».

«Ҳали кечагина миллат қонга бўялганда бефарқ бўлиш мумкин эдими?» – деган савол ўртади кўнгилларни ўшанда.

Москвада СССР халқ депутати ўларок Гдлянларга қарши бир оғиз сўз айтолмаган одам энди бу масала билан ёппасига шуғулланишига ишониш қийин эди.

Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон халқ депутатларидан бирининг ўрнига уни депутат қилишди.

Бу қайси хизматлари учун туҳфа эканлигини унинг миллат вакили бўлганини сезмай қолгандек билолмай қолишди. Зеро, сиёсатчини давр ва дунё етиштирмоғи керак. Уни кимдир етиштирар экан, у кимнингдир мулкига айланади.

Ўзидан баланд турган сиёсатчига қарши фикр айтган кундан бошлаб киши сиёсат майдонига киради.

Шавкат Йўлдошев эса сиёсатчиликни туҳфа сифатида олди…У Ўзбекистон Олий Кенгашининг 12 чақириқ 3 сессияга оддий депутат сифатида эмас, Кенгаш раиси сифатида ҳам келди.

Олий Кенгаш мажлисига қадар бир неча босқичли тасдиқлардан ўтганди. Сессияда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котиби Ислом Каримов “Йўлдошевни партия шу ишга лойиқ» деб топганини айтди. Фарғоналик депутатлардан айримлари ғазабга миндилар. Президент Ислом Каримов уларнинг ҳовурини босди.

– Шавкат Йўлдошев Олий Кенгаш раиси сифатида Фарғона воқеаларини ким уюштирганини аниқлайди. Бу вазифа унга имкон беради. У қонли воқеаларга гувоҳ бўлгани учун ҳам партия унга бу маъсулиятли вазифани юклаяпти, – деди у.

Олдиндан тайёрлаб қўйилган «навбатчи» депутатлар уни қўллашди.

Жумҳурраис курсига ўтириши ҳамоноқ, Шавкат Йўлдошев ғайриқонуний, ғайриинсоний ҳатти-ҳаракатларга берилди. Шу даражага бориб етдики, депутатларни яккама-якка суҳбатга чақириб, Президент хатоларини айтиб, «Буни сиз гапиринг, мен сессияда сўз бераман» деди ва дарҳол Президентга бу депутатлар уни танқид қилишмоқчи эканликларини етказиб катта бир ўйин бошлади.

Сессияда танқидий фикр айтган депутатни фитначи деб айблади. Мутлоқ бўҳтон, туҳмат билан 12 депутатнинг такдирига болта урилди. На қонун ва на инсоф тарозисида турадиган қабиҳликлар очиқ-ойдин амалга оширилаверарди.

Ўзбекистон иқтисодий ва сиёсий бўҳрон қўйнида қолишида Шавкат Йўлдошевнинг катта айблари бор. У иқтисодий ва сиёсий таназзулга олиб борадиган ўнлаб қарорларга имзо чекди.

Унинг Фарғонадаги айбларини очишга уринган Ўзбекистон халқ депутати Иномжон Турсуновнинг ҳибс этилиши, халқ депутати Самандар Қўқонов қамоққа солиниши, бир қатор депутатларнинг ваколатлари тўхталиши, Олий Кенгашдан ўттизга яқин халқ депутати ишдан ҳайдалиб, уй-жойи тортиб олиниши Шавкат Йўлдошевниг сиёсий мақсадлар йўлида ҳар нарсадан қайтмаслигини кўрсатса,Ўзбекистон йўлини белгилайдиган қонунлар четлаб ўтилиб, халқни оғир аҳволга соладиган қарорлар пайдо бўлиши унинг миллатга хиёнат қилганини очиқлайди.

Шавкат Йўлдошев Олий Кенгаш раиси ўлароқ, битта мақсад билан яшайди.Мансабни сақлаб қолиш ва ўз ҳузурини кўриш мақсади эди бу. 1991 йил собиқ СССР тарқалиб кетгач, унга Москвадан «Жигули» машинаси мукофотга беришди. Уни савдо вазирлиги қимматбаҳо нархдагисига алмаштирди.Машинани савдо марказидаёқ Бухорога сотиб юборди. Сўнг бу иш давом этаверди. Машиналар келиб кетаверди.Бу орада Тошкент шаҳрининг Ҳамид Олимжон майдонидаги 18 қаватли уйдан қизига ва жиянларига, ҳукумат уйидан ўзига, Туркистон ҳарбий округи генераллари кўчиб кетган уйлардан қолган болалари ва югурдакларига ҳашаматли уйларни олиб берди

Шавкат Йўлдошевнинг ҳатти-ҳаракатларига қарши 1992 йилда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари жамоаси иш ташлади. Шу куниёқ Шавкат Йўлдошев қарор чиқариб, уч юз киши ишлаётган газеталарни ёпиб ташлади. Қаламкашлар иш ташлаш пикетларни давом эттиравергач, газета тикланди-ю, жамоа фаоллари қувғинга учради. «Халқ сўзи» жасоратли, демократик газетадан мадҳиягўй ҳукумат газетига айлантирилди.

Шавкат Йўлдошев нохосдан қарорга имзо чекиб, Олий Кенгаш Ошкоралик қўмитасини қисқартириб юборди. Депутатларнинг норозилиги кучайганини сезгач, қарорини бекор қилди. Қисқа даврда ўн олти марта ўз қарорини бекор қилишга мажбур бўлди.

У билиб туриб ғайриқонуний ва ғайриинсоний қарорларга келарди. Чунки топшириқ олган маҳали ўз фикрини айта олмас ва «хўп-хўп» дея дарров ижрога киришарди.

У имзолаган қарорлардан куйганлар Президентга учрашиб, орадаги мушукни қувиш йўлини топишса, Йўлдошев қайта топшириқ олар ва «хўп» дея яна қарорни ўзгартирарди.

Олий Кенгаш раиси ўйинчоққа айланганини халқ ҳам сезиб қолди. Раис ўзи ўйинчоққа айланганида эмас гап. Гап Олий Кенгаш ҳам Президентнинг оёғи остига ташланганидадир.

Зеро, Президент учун айни шу керак эди. Шавкат Йўлдошев вазифасини бажариб бўлди. Шу боис уни улоқтирди. Янгисини топди. Унинг ҳам вазифалари бор. У ҳам керак. Вазифаси битиши ҳамоноқ ундан ҳам воз кечилади. Президентимизнинг кадрлар билан ишлашдаги бу «оламшумул» тажрибаларини ҳамма билади. Фақат тузоққа тушганлар ўзлари илиниб турганларини билдирмасликка уринишгани ачинарли.

Мустақил Ўзбекистоннинг мустақил Олий Кенгашининг мустақил раиси Шавкат Йўлдошев тарихимизда алданган ёки биров томонидан бошқарилган, деб эмас, мустақил коммунист сифатида қолади. Зеро, коммунист топшириқ бажаришда қул, жавоб беришда мустақилдир!

Халқ ҳам Шавкат Йўлдошевга ўз ҳукмини чиқарди. <<Қон тутди» дея хулоса қилди.

Ҳа, қон тўкканни албатта қон тутади!

Бу эса ҳали Шавкат Йўлдошев Президентдан қутулиб кетди дегани эмас.

Ривоятда келтирилганидек, сир билганларнинг такдири сирли равишда сирга айланажак!

1 январь 1994 йил

АЛ-ҚИССА: Мен бу сатрларни ёзар эканман, сен аллақачон йўлдошевларни унутиб бўлгандинг. Чунки қаршингда янги-янги йўлдошевлар чиқарилганди.

ФОЗИЛБЕКОВ ҲАМ КЕТДИ

Ўзбекистон Президенти Тошкент шаҳар ҳокими Адҳам Фозилбековни ишдан олди.

Адҳам Фозилбеков. У ким эди?

Илгари Тошкент шаҳар коммунистлар партиясининг, сўнг номигагина ўзгарган Халқ демократик партиясининг Тошкент шаҳар қўмитаси биринчи котиби бўлиб ишлаган бу одам ўзини президентнинг энг яқин, энг садоқатли одамларидан бири деб биларди.

Ўзбекистон телевидениесини кўриб борганлар уни доим Президент ёнида кўришар, қучоқлашиб қўшқўллашиб туришганини кўп гапиришарди. Адҳам Фозилбеков ана шу кайфиятни йўқотмаслик учун бутун маҳоратини ишга солди. Ва Ўзбекистон Бош қонунида эътироф этилмаган бўлсада Президентни Тошкент шаҳрида ҳоким сайлови ўтказишга кўндирди. Умумхалқ сайлови давомида Президент ҳам, ҳукумат машинаси ҳам унга ишлади. Сайловга ундан бошқа одамнинг номзоди қўйилмади. Кўпчилик тошкентликлар кўринишидан жуда мулойим, аммо коммунистик партия ўйинларидан анча хабардор бу одамни исташмасада, у ҳоким бўлди.

Юқоридан инъом этилган бу тортиқни оқлаш учун у 1992 йил 16 январда Тошкент шаҳрида талабаларни ўққа тутишга раҳбарлик қилди. Сўнг, Олий Кенгашнинг 7 сессиясида Президентнинг камчиликларини айтган, ўзининг шогирди ва энг яқин сафдоши Ўзбекистон халқ депутати, Фрунзе туман ҳокими Шуҳрат Нусратовни ҳатто сессияга киритмасдан ишдан олди. Лаёқатсиз аммо ҳар қандай қабиҳ ишга тайёр, Президентга ёқадиган кишиларни эса катта лавозимларга тайинлади.

Юзма-юз гаплашганда ўзини самимий кўрсатишга уринган Адҳам Фозилбеков сиртидан мухолифатга қарши ўт очиб, ўзини Президентга яқин қилиб кўрсатиш мақсадини кўзлади. Президент ҳам унга ишонди ва унинг билан кўп иш қилишга улгурди.

Қўрқоқлик, ҳақиқатни очиқ айтолмаслик, хушомад ва қулларча кўр-кўрона иш битириш ҳар қандай кадрни охир-оқибатда шарманда қилади. Коммунистик режим даврида илдиз отган ва бугун яна ҳам кенгроқ қулоч ёйган бир одат бор. Юртга эмас, раҳбарга, энг биринчи раҳбарга хизмат қилиш. Адҳам Фозилбеков ана шу мактабга содиқ бўлиб қолди. Ҳеч қачон қоқилмайман, йиқилмайман, деб ўйлади. Бу эса унинг катта хатоси эди.

Бугун Ўзбекистондаги аксарият кадрлар худди ана шундай фикрдалар ва ҳатто йўлда эканликларини тан олгилари келмайди. Ёнларидаги сафдошларининг такдири ҳам уларга сабоқ бўлмаётгани кишини ажаблантиради.

Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси, олим Бахтиёр Назаров ғайриинсоний ҳаракатларни кўриб, билиб халқни алдашга, Президентни севишга ундади. Жон-жаҳди билан ҳаракат қилди. Аммо ишдан қувилди.

Вазирлар маҳкамаси раиси муовини, шоир Эркин Самандаров миллатни ёлғон ва алдовларга кўникишга ўргатиш йўлини яратди. Ўзи шу йўлнинг қурбони бўлди. Президент уни ишдан ҳайдади.

«Ўзбекистон овози» муҳаррири Расул Раҳмоновдек Президентни мақташга ҳисса қўшган одам йўқ. У ҳам вазифасидан кузатиб қўйилди. Унинг ўрнига келган Шароф Убайдуллаев эса Президентнинг кўрсатмасини бажариб собиқ вице-президент Шукрулло Мирсаидов, сўнг унинг умр йўлдоши ҳақида ҳамда ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, Президент йўлини қўлламаган бошқа ўнлаб одамлар ҳақида бўҳтонлар ёзди. Вазифасини ўтаб бўлгач, у ҳам улоқтирилди.

Бу ўйин вилоятларда ҳам айни кўринишда давом этмокда. Барча вилоят ҳокимлари ҳам ана шу ўйиннинг ташкилотчиси, ижрочиси бўла туриб унга енгилдилар. Энг ачинарлиси бугун ҳам Президент шу одамларни чақириб, мансаб, вазифа берса, улар яна хушомад, мадҳияни бошлаб юборадилар ва ҳар қандай қабиҳ, қонунсиз топшириқларни бажараверадилар.

Кадрлар билан ишлашда доим ана шу жиҳат назарда тутилган.

Бугунги раҳбариятни аксарияти иш жойларида Президент қўнғироғини кутиб ўтириш билан вақт ўтказадилар.

Имкони топилган жойда уни мақтайдилар ва хушомадгўйлик қиладилар. Ва ўзларини бебурд қилиб қўядилар.

Бу кадрларни айбламоқчи эмасман. Улар шундай ҳам қийнокда. Виждон азоби ёндирмокда уларни. Фақат уларнинг такдири бошқаларга дарс бўлмагани ўйлатади мени.

АЛ-ҚИССА: Бобур Мирзо дейдиларки: «Борарга не манзил муяссар, турарга не давлат муқаррар!» Сен буни англаган кун дунёда кўп нарсалар ўзгаради.

1994 йил, март

КУЧ АДОЛАТДА

Куч адолатдадир! Бобокалонимиз Амир Темур ҳазратларининг «қоидаи аввал», дея улуғлаганлари бу калима ҳақида шундай ривоят бор:

Амир Темур катта зафардан сўнг зиёфат берганларида уламолардан бири ўртага чиқиб «Сиз кучлисиз. Сизнинг айтганингиз айтган, деганингиз деган. Сиз сафарда эканлигингизда икки маҳбус ҳақида қозиларимиз қарор бера олмадилар. Чунки бу маҳбусларнинг сизга яқинлиги бор эди, деганида, Мирсаид Барака уламонинг сўзини бўлиб; «Куч адолатдадир! Ҳазратимиз кучни адолатдан олмокдалар. Сиз эса ҳазрат Амир Темурни адолатсизликка бошлаб, халқнинг назаридан қолдирмоқчисиз», дейди. Шунда Амир Темур «Адолатдан қўрқувни устун қўйган қози миллатнинг шўридир» деган эканлар.

Бугун Америкада адолатли тамалга асосланган суд ҳокимияти мавжуддир. Конституцияга кўра, АҚШ олий маҳкамасининг аъзоларини Президент тайинлайди ва сенат тасдиқлайди. Аммо Олий маҳкама аъзолари умр бўйи вазифада қолиш кафолатига эгадирлар. Конституция маҳкамаси Президентнинг қарорларини бекор қилиш ва конгресс қабул қилган қонунларни конституцияга хилоф, дея эълон этиш ҳақига соҳибдир.

Америкада конституция маҳкамасини ҳақиқатдан ҳам учинчи ҳокимиятнинг тебранмас устуни дейиш мумкин. Унинг қарорларини на Президент ва на конгресс менсимай четга сура олмайдилар. Аксинча конституция маҳкамаси қарорлари олдида сўзсиз бўйсунишларини доим намойиш этиб турадилар.

Худди шунингдек, суд системасининг бошқа тармоқлари ҳам мустақилдир. Ҳеч кимда суднинг фаолиятига

бевосита ёки билвосита таъсир этиш ҳақи йўқ. Агар Ўзбекистон конституциясини ҳам варақласак, худди ана шундай манзарани кўрамиз. Унда «Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши» белгилаб қўйилган.

Ҳатто Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қабул қилган ҳужжатларни, Ўзбекистон Президенти фармонларини, ҳукумат қарорларини, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари ҳужжатларини конституцияга зид бўлган такдирда бекор қилиш ҳақига соҳиблиги алоҳида урғуланган. Лекин мустақилликнинг ўтган йилларида Ўзбекистон конституциясига хилоф равишда кўплаб фармонлар, қарорлар қабул қилинди. Аммо конституция маҳкамаси улардан бирортасини ҳам бекор қилган эмас.

Маълумки, Олий Мажлис овоз бериш йўли билан қонун матнини қабул қилади. Қонун имзоланиб, матбуотда эълон қилинганда эса матн таҳрир этилган, баъзи ҳолларда кўп жойлари қайта ёзилган ҳоллар бўлади. Бу айниқса, 92-94 йилларда жуда ҳам авж олганди.

Шундай пайтда Конституция маҳкамаси ўз сўзини айтмади. Ёки мухолифат аъзоларини суд қилиш жараёнларида қонунлар ўрнига телефон буйруқлари асос бўлди. Яна Конституция маҳкамаси жим эди. Президент фармонлари ва ҳукумат қарорларини бирма бир таҳлилдан ўтказсангиз, қонунлар бошқа, фармонва қарорлар бошқа эканлигини кўрасиз.

Хуллас, Конституция маҳкамаси асосий қонунда ёзиб қўйилган кўриниши учинчи ҳокимият тарзида эмас, балки ижро ҳокимиятининг бир бўлими сифатида фаолият кўрсатаётгани бугун сир эмас. Ҳатто АҚШ ишлар департаментининг Инсон ҳақлари борасида 1997-йил якунларига доир ҳисоботига назар солсангиз, Ўзбекистонда қонун бошқа, амалдаги фаолият бошқа эканлиги қайта-қайта таъкидланганини кўрасиз

Америкада оддий бир кишидан «Агар Президент конституцияга қарши қарор қабул қилса ва сизнинг олий маҳкамангиз бунга кўз юмса, нима бўлади», деб сўрадим. У «Саволинг ўринсиз. Мен бу саволда мантиқ кўрмаяпман», деди. Ҳа, оддий бир америкалик бундай воқеа у ёкда турсин бу хусусдаги саволни қабул қилолмайди. Яна бир америкалик эса «Конституция муқаддасдир. Қонунлар ижро учун ёзилади. Кимки унга риоя қилмаса энг аввало ўзини алдайди. Бизда бир ўғри жазосини тортгандан кейин унга кўп қатори қаралади. Аммо Конституцияга ёки қонунларга хилоф тарзда одим отган бирор бир сиёсатчи жазосини тортгандан кейин ҳам халқ наздида авф этилмайди», деди.

Ҳа, бизда эса том акси. Оддий бир ўғри ёки жиноятчи жазосини тортгандан кейин ҳам халқ наздида ўғрилигича, жиноятчилигича қолади. Аммо Конститутцияни, қонунларни поймол этганлар дарҳол авф этилади. Мустақил бўлганимизга етти йил бўлаяпти, лекин суд системаси ҳалига қадар ислоҳ этилмади. Ҳамон Совет системаси иш бошидадир. Адвокатура масаласида эса гапирмаса ҳам бўлади. Чунки бирор бир инсоннинг ҳақ- ҳуқуқлари амалда кафолатланмаган жойда адвокатнинг эркин бўлишини ҳеч ким айтолмайди.

Хуллас, Америка конституциясидан жуда кўп нарсани кўчириб олишимиз мумкин, аммо конституцияга ва қонунларга қараш зеҳниятимизни тубдан ўзгартирмасак, яъни ҳар бир инсон ўзлигини танимаса, кўчирганимиз ҳам, қайта-қайта нашр этганимиз ҳам бефойдадир. Ўзини ҳурмат қилган инсон қонунларни ҳурмат қилади. Чунки охир -оқибатда қонунлар унинг иродаси билан қабул қилинади. Бизда эса на униси бор на буниси. Шунинг учун ҳам ора йўлдамиз. Қачонки адолат тузуми ўз ўрнига ўтирса, ўшанда кучга айланамиз, кучли бўламиз. Чунки, куч адолатдир!

АЛ-ҚИССА: Сен кучни севдинг, буни яширмадинг. Чунки кучсиз эдинг. Мен ҳам кучни севдим. Буни яширмайман. Чунки кучли эдим. Фақат кучни адолат деб билдинг, мен эса адолатни. Фарқимиз шунда.

ҚАҲРАМОНИ ҚАМОҚДА ЭЛНИНГ

Ҳар йили 1-сентябрда мустақиллик куни тантаналар билан нишонланади. Одатдагидек, Мустақиллик майдонида ва Алишер Навоий хиёбонида маърузалар ўқилади, қўшиқлар айтилади, томошалар кўрсатилади, атроф ёруғ нурга кўмилади. Бу тантаналарга расман таклиф этилганлар орасида ўн йиллардир совет тузумини, коммунистик ғояни тарғиб этганлар, куйлаганлар, мустақиллик тарафдори бўлиб майдонга чиққан алпомишларни таъқиб этганлар, ўзбек тилини жаҳолат тили, рус тилини эса саодат тили деганлар табассум сочиб ўтирадилар. Ҳатто орденлар, медаллар, мукофотлар оладилар ва кечаги кунларидан асло ва асло уялмайдилар.

Шу нуктаи назардан қараганда, Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган инсонлар бу расмий минбарларда ўрин олмаганлари табиий ҳолдир. Расмий минбарлар нари турсин улар бу майдонларга яқин ҳам келолмайдилар. Чунки баъзилари сургунда, айримлари зиндонда, қолганлари эса уйларидан ташқарига чиқа олмайдиган вазиятдадир. Менга қолса бу тантаналарнинг тўрида, мустақиллик қаҳрамони нишонини таққанларнинг ёнида бугун қамоқда ўтирган собиқ халқ депутатлари Самандар Қўқонов ва Мурод Жўраевни кўришни истардим. Нега Самандар Қўқонов ва Мурод Жўраев?

Маълумки, Совет ҳокимияти бу КПСС, яъни Совет Иттифоқи Коммунистик партиясидан иборат эди. Ҳатто ошкоралик ва қайта қуриш замонида ҳам ҳамма нарсани танқид қилишингиз мумкин эди. Аммо КПССни айблаш жиноятга кирарди. Лекин ана шу жиноятни ўз бўйниларига олган ва ундан қўрқмаган миллий озодлик ҳаракатлари нафақат уни танқид қилдилар, балки унга қарши бош кўтардилар. Болтиқбўйи жумҳуриятларида, Озарбайжон, Гуржистонда 1990 йилга келиб КПССнинг бошланғич ташкилотлари унга қарши исён сифатида бирин-кетин тарқатилиб юборилар экан, Ўзбекистонда эса у катта куч эди.

Ўзбекистон коммунистларининг 1990 йилдаги 22-конференциясига келган КПСС Марказий комитети секретари, сўнгра ГКЧПнинг бошида турган Янаев «Совет Иттифоқида ҳамма Ўзбекистондан ибрат олсин. Бу ерда коммунистлар бир бутундир ва ҳеч ким бу бутунликни, бу интизомни бузолмайди», деганди. Лекин Ўзбекистонда бу бутунликни бузадиганлар ўртага чикди.

Ўзбекистон халқ депутати Самандар Қўқонов Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги нефтни қайта ишлаш заводида коммунистик партия бошланғич ташкилотини тарқатиб юборди. Ўшанда бутун дунё матбуоти, жумладан Озодлик радиоси ҳам Самандар Қўқоновни ўз ватанининг мустақиллиги йўлида мисли кўрилмаган иш қилди, дея кўз-кўз этишди. Самандар Қўқонов бунинг билан чегараланиб қолмади. Кейинчалик Самандар Қўқонов корхонасидаги 500 киши билан бирга «Эрк» партиясига аъзо бўлди. «Эрк» партиясининг Чиноз район қўмитасини тузди.

Шундан кейин, унинг боши дарддан чиқмади. Қайта-қайта текширувлар, босимлар, тазйиқлар, фельетонлар, сохта телекўрсатувлар, хуллас охир оқибатда уни порахўрга чиқаришди. Бу орада Ўзбекистон мустақилликка эришди, аммо ҳокимиятда ўтирган собиқ коммунистлар ўз ўйинларини охиригача етказдилар ва 22 йилга ҳукм бериб уни зиндонга солдилар. Қамокда соғлигини йўқотган Самандар Қўқонов оғир исканжаларга тутилмокди. Мустақиллик учун курашган бир фидойининг қисмати ана шундай.

Не таассуфки, йиллардир КГБ ертўласида қийналган, қамоқхонанинг зах хонақоҳига ташланган Самандар Қўқоновни энг яқин дўстлари ҳам унутишди. Дастурхонининг тўрида ўтирганлар, ёғли нонини еганлар, иссиқ чопонини кийганлар бугун мустақиллик учун курашган бу инсон ҳақида ҳатто ўйлаб кўрмаяптилар. Бу эса тузини еб тузлиғига тупуришдир.

Иккинчиси эса, ўша кезда Қашқадарё вилоятининг Муборак шаҳар кенгашининг раиси бўлган Ўзбекистон халқ депутати Мурод Жўраев. Мурод Жўраев биринчи бўлиб Совет Иттифоқи Коммунистик партиясига Ўзбекистонда исён этган киши.

Бугун биз мустақилликни коммунистик партиядан қутулиш деб баҳолаётган бир пайтда Мурод Жўраев ҳам қамоқ исканжасини тортмокда. У Муборак шаҳар совети қарори билан Прокуратура ва Ички Ишлар бўлимини деполитизация этганда, яъни сиёсатдан холи ташкилотлар, деб эълон қилганида уни халқ душмани, дейишди. Чунки ўша пайтда халқ бу коммунистик партия, партия эса халқ демакдир, шиори кучда эди.

Орадан йиллар ўтиб, Мурод Жўраевнинг ташаббуси Ўзбекистон конституциясига кирди ва бир қатор қўрумлар, яъни ташкилотлар сиёсатдан холи деб эълон қилинди. Бу пайтда Мурод Жўраев раиси бўлган шаҳар кенгаши тарқатиб юборилган, унинг ўзи эса деразасидан отилган ўкдан, яъни суиқасддан тасодифан қутулиб, қувғинликка маҳкум этилганди.

Бўйи билан тенг бўлган ўғли хастахонада сирли равишда ўларкан, Мурод Жўраев Олмаотада қон йиғлаб ўтирарди. Ўғлининг ўлим маросими куни атрофни қуршаб олган миршаблар уни пойлашди. Мурод бу тузоқни кўргани учун яна бир марта қутулиб қолди. Бунга чидай олмаган ҳукумат уни қўшни давлатнинг ҳудудига миршаб юборди. Мурод Жўраев яшаётган уйнинг эшигини синдириб киришди ва калтаклай-калтаклай қопга солиб Тошкентга олиб келишди. Самандар Қўқонов ва Мурод Жўраевнинг ҳам соғликлари жуда оғир эканлиги, улар ғайриинсоний шароитларда сақланаётгани, исканжаларга маъруз қолаётгани ҳақидаги хабарлар қамоқ туйнуклари оша элга ёйилмокда.

Ана шу пайтда Ўзбекистон қамоқхоналаридаги барча сиёсий маҳбусларнинг ана шундай шароитларда сақланаётгани мустақиллигимизга соя ташлаб турибди.

Ҳа, 1-сентябрда Тошкентдаги мустақиллик майдони тантаналар марказига айланади. Лекин бу тантаналарда Совет Иттифоқи Коммунистик партиясига қарши илк маротаба бош кўтарган ва Ўзбекистон мустақиллиги учун катта ҳисса қўшган собиқ халқ депутатлари Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев ва Ўзбекистон мустақиллигини ҳукуматдан олдин эълон қилган юзларча, мингларча фидойилар кўринмас экан, бу тантаналарга юз бор йиғилсангиз ҳам унинг совуқлигини йўқ этолмайсиз.

АЛ-ҚИССА: Сен учун қамокдагилар хоин, минбардагилар қаҳрамон! Чунки кўзинг боғланган. Мен учун эса минбардагилар икки қат хоиндир! Чунки улар ҳам қаҳрамонларни қамадилар ҳам сенинг кўзингни боғладилар.

ОЙДИНЛАР ВА ИККИЮЗЛАМАЧИЛИК

Ўқиган ва ўқиганни уққан, фозилу фузало, ақли дониш, илму урфон, маърифатли ва маданиятли инсонларни турк дунёсида ойдинлар дейишади. Қоронғулик ва зулмат бағрини тилган нурдир ойдинлар. Миллатнинг кўз ва кучи, Ватаннинг истиқбол ва ифтихоридир ойдинлар. Бошқа бир ифода ила ойдин калимаси ойдан маъносини ҳам беради. Ер юзини зулмат қоплаганда ой чиқади. У юлдузларни, умидларни бошлаб келади.

Биз зиёли, деймиз ойдинларни. Зиё сочувчи, нур сочувчи демак. Илк турк ҳоқонлиги бўлмиш Осиё хунлар давлати бошида ўтирган Теоман: «Зиёлиси бўлмаган ўлканинг кундузи ҳам қоронғудир», деган. Бу милоддан аввал юзинчи йилларда айтилган гап. Милодга қараб бироз одим отсак, биз Ўғизхон деганимиз Метехон ва шимолий Хун ҳоқони Атилладан тортиб, Мирзо Бобурга қадар, Бойсунқур Мирзодан тортиб Анвар пошшогача барча буюкларимиз ойдин инсонларни, зиёлиларни алоҳида қадрладилар, уларга умид боғладилар.

Ривоят қилишларича, Амир Темур ҳазратлари узоқ йиллик сафардан қайтганларида мамлакатда аҳвол оғирлашиб, халқ солиқлар остида қолган экан. Саройда музаффарлик шарафига уюштириладиган зиёфатдан аввал Амир Темур зиёлилар машъаласини кўтарган Мирсаид Барака билан учрашиб, ҳақиқий аҳволни ундан ўрганибдилар. Зиёфатда эса насру назм қаламкашлари, муаррихлар Соҳибқиронни кўкларга кўтариб, мақтаб
унга ҳамду сано айтишибди. Шунда Соҳибқирон улардан бирига «Мен йўғимда битилган девонларингни келтир» дедилар.

Шоирнинг шеърлари фиғон, шикоят, дард ва алам сатрларидан қурилган экан. Шунда Амир Темур шоирга «Сен нима учун иккиюзламачилик қилаяпсан? Нега шеъринг бошқа, ўзинг бошқа», дедилар. Шоир бош эгиб, индамай тураверибди. Шундан кейин, Амир Темур «Бу миллатнинг бошига яхшилик келса ҳам, ёмонлик келса ҳам ойдинлардан келади», деган эканлар.

Яқинда бир дўстимиз Ўзбекистондаги оғир аҳволдан куюниб гапирар экан, ўз дардини бир шоирнинг шеърлари билан ифода этди. Дард ва аламга тўла бу шеърнинг соҳиби бугун саройда, давранинг энг тўрида ўтирадиган киши, яъни Амир Темур ифодаси билан айтганда, унинг шеъри бошқа, ўзи бошқадир.

Мен атайлаб унинг исмини сўзламадим, чунки бундай зиёлиларни Ўзбекистонда ҳар қадамда учратиш мумкин. Президент девони таркибига назар солсангиз, саксон фоизи зиёлилардир. Президентнинг нутқларини, китобларини, дастурини, учрашувларини улар белгилайдилар. Ҳукуматнинг бошқа жуда кўп муҳим нутқларида ҳам таниқли зиёлиларни кўриш мумкин. Уларнинг романлари, қиссалари, шеърларида халқимизнинг оғир аҳволи ҳақида имоли сўз боради. Яъни улар халқ чекаётган изтироблар ҳақида халқнинг ўзига яширин шикоят қиладилар. Бу ерда уларнинг бошқа бир дунёлари бор. Ҳаётда эса ана шу изтироблардан кўз юмадилар, ўз манфаатларига зарар тегишидан чўчиб, бу изтиробларни кимларгадир андозалаб кўрсатадилар. Уларнинг кўпчилиги советлар даврида ҳам энг юқори поғоналарда ва давраларнинг тўрида эдилар. Улар шахси ва ижоди бошқа-бошқа бўлган ойдинлардир.

Бир қисм ойдинлар борки, эллик йил коммунизмни куйладилар ва бугун ҳам ҳукуматни мадҳ этмокдалар. Улардан шикоятчи эмасмиз. Чунки уларнинг кимликлари аниқ. Ҳамма уларнинг маддоҳлигини, ижодини,
фикри, қобилиятини манфаатга сотганлигини яхши билади. Лекин иккиюзламачи ойдинларимиз энг катта фожеамиздир. Халқ уларни севади, шеърларини ёдлайди, романларига умид боғлайди, фарзандларига уларнинг исмини беради, лекин бутун бало улардан келаётганини билмайди.

Сайёра Рашидовани яхши танийман. Истеъдодли олимадир. Шароф Рашидов ердан олиб осмонга, осмондан олиб ерга урилаётган пайтда Сайёра опа ва онаси Хурсанд ая биз журналистларнинг ҳузурига шикоят билан келишди: «Ҳатто уйимизни тортиб олишди», дея кўз ёши қилишди ва сиз ҳақиқатни ёзмаяпсиз, ҳақиқатдан қўрқаяпсиз, дейишди. Ўша журналистларнинг ёзганлари боис Сайёра опа кун ёруғига чикди.

Бугун у Ўзбекистонда инсон ҳақлари бўйича бош мутасадди. Аммо ўнлаб, юзлаб ҳақлари поймол этилган ва ҳатто қамоқларда ўлдирилаётган инсонларнинг ҳаёт ҳақиқатидан кўз юммокда. Бугун Ўзбекистонда Сайёра Рашидова каби кеча зулм кўрган ва энди иқтидорда бўлган жуда кўп ойдинлар бор. Булар яна бир фожеамиз. Чунки табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб, дея бутун умидлар уларга боғланди ва охирида саробга айланди.

Учинчи бир тоифа ойдинларимиз булар газета, журнал ва нашриётларнинг бошида ўтирган инсонлардир. Бугун Ўзбекистонда цензура мавжудлиги ҳар томондан танқид қилинмокда. Қайси бир жиҳатдан ҳукумат цензура йўқ дер экан, ҳакдир. Чунки бугунги муҳаррирлар бор экан, цензурага эҳтиёж қолмайди. Фожеали томони шундаки, улар журналистлар ёзган жиддий танқидларни турли баҳоналар билан ғаладонда сақлайдилар. Президент «Сиз нега танқид ёзмаяпсиз?» дер экан, «ёлғон танқиднинг нима кераги бор, ҳаммаёқ мунаввар, олам гулистон», дейдилар. Зотан, шундай жавоб кутилишини яхши биладилар.

АЛ-ҚИССА: Бу миллатнинг бошига яхшилик келса ҳам, ёмонлик келса ҳам ойдинлардан келади. Буни сен биласан, тан олишни истамайсан. Мен ҳам биламан, лекин яширишни истамайман.

АСОСИЙ ҚОНУНДА ВА АМАЛДА

Америкада давлат тўла демократия шартлари асосида қурилган ва шу асосда ишлайди, яъни қонунчилик, ижро ва суд бир-биридан ажралган ва бир-бирини назорат қилиб туради. Қарангки, Ўзбекистон Конституциясининг 2-моддасида ҳам худди ана шу нарса ифода этилган. Унда «Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципига асосланади» дейилади.

Яқинда Американинг таниқли сиёсатчиларидан бири ҳузурига таклиф қилиб, Конгресс учун Марказий Осиё жумҳуриятлари ҳақида ҳисобот ҳозирланаётганини айтди ва мустақил равишда шарҳлаш учун бир қатор ҳужжатларни қўлимга берди. Улардан бири «Ўзбекистон Конституция»си эди ва унинг 11-чи моддаси қизил рангга бўяб қўйилганди. Бунинг нимасини шарҳлаш керак деб ўйлаб тургандим, таниқли сиёсатчи иккинчи ва учинчи ҳужжатларга ишора қилди.

Биринчиси бўшаб қолган ўринларга 1998 йил 15-феврал куни ўтказилган сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига сайланган депутатлар рўйхати эди. Иккинчиси эса, бўшаб қолган ўринларга шу йилнинг 28 июнь куни ўтказилган сайлов натижалари ва Олий мажлиснинг янги сайланган депутатлар рўйхати эди.

Илтимос, остига қизил рангли чизиқ чизилган сатрларни ўқинг, – деди суҳбатдошим. Ўқий бошладим׃

1. Ортиқов Кенжабой, Хонқа тумани ҳокими,

2. Жалолов Ёқубжон Жўраевич, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси,

3. Зиёев Азамат Ҳамидович, Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби,

4. Маматов Абди Ишонқулович, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг етакчи консультанти,

5. Мунавваров Зоҳилло Иномхўжаевич, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Бош консультанти,

6. Мусулмонова Ойниса, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари котибиятининг мудири,

7. Мўминов Алижон, Фаргона шаҳар ҳокими,

8. Назаров Йўлдош Аҳмедович, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони қонунчилик ва суд ҳокимияти органлари билан алоқалар бўйича экспертлар гуруҳининг раҳбари,

9. Рўзиев Эркин Маҳмудович, Тошкент вилояти ҳокими,

10. Эргашев Холиқул Саттарович, Мирзачўл тумани ҳокими.

11. Жўраев Нарзулло Қосимович, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони етакчи консультанти,

12. Султонов Хайриддин Мадриддинович, Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг Бош консультанти,

13. Асатов Ҳамидулла, Ангрен шаҳар ҳокими,

14. Кўчимов Абдусаид, Ўзбекистон Теле-радио компания раиси,

15. Исмоилов Умар Сафаевич, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташкилий кадрлар сиёсати бўйича давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари.

Хуллас, икки сайловда 32 киши сайланган ва буларнинг орасида бор йўғи бир нафар оддий киши бор эди. Қолган ҳаммаси ижро ҳокимиятининг мансабдор шахслари. Мен рўйхатни ўқиб изоҳга ҳожат йўқ дегандек, мийиғимда кулдим, шунда суҳбатдошим: «Биламан, сиз ҳам депутат бўлган ҳолда бир муддат ижро ҳокимиятида ишлагансиз. Лекин бу бошқача манзара, депутат бўлиб сайланиш учун албатта ижро ҳокимиятида ишлаш керак деган мантиқ чиқаяпти ўртага», – деди у. Мен эса «Масалан, Абдусаид Кўчимовга ўхшаган раҳбарларнинг сайланиши яхши, Бу йигит миллатвакили бўлгач, радио-телевидениеда ўзгаришлар қилиш имконига эга бўлади.

Ажаб эмас, яқин орада Ўзбекистон телевидениесида «Мухолифат минбари» рукни пайдо бўлса», дедим. «Гап шахслар ҳақида эмас», – деди суҳбатдошим. – Гап шундаки, Ўзбекистонда конституция бошқа, амалдаги ҳаёт бошқа». Бунга қўшилмасдан иложим йўқ эди. Аммо бу сиёсатчининг ҳисобот тайёрлагани ва йил якунида унинг эълон қилиниши Ўзбекистондаги шароитни ўзгартирмасди. Чунки бугунга қадар бундай ҳисоботлар кўп эълон қилинди, аммо ҳаммаси худди конституциямизга ўхшаб қоғозда қолиб кетди.

АЛ ҚИССА: Сен уларни «арбоб» дея сояларига қуллуқ қилдинг. Улар эса сени барбод этдилар. Бундан рози эдинг. Мен эса сени «арбоб» дея улуғладим. Ўзим барбод бўлдим. Бундан рози эдинг.

ҚОНЛИ ЯНВАР

1992 йилнинг 16 январь куни Тошкент талабалар шаҳарчасида ёшларнинг демократик намойишлари куч билан бостирилиши оқибатида қон тўкилган, бир неча киши ўлдирилган, ўнлаб талабалар яраланган эдилар. Тарихимизнинг бу фожеали куни демократияга урилган оғир зарба ўлароқ хотираларимиздан ер олди. 16-18 январь кунги воқеалар айни пайтда келажагимизнинг сиёсий пойдеворини белгилади, дейиш мумкин.

16 январь – тахмондаги тахи бузилмаган тўшакларга, тўйга деб тикиб қўйилган кўрпачаларга, олти йилдирки қаро ер бағрида ётган ўғлининг ёдгор сувратига қараб, вужуди сел бўлаётган онаизорнинг мотам куни.

16 январь – ҳақ истаб, адолат истаб, демократия истаб кўчага чиққан ва ўқ ёмғири остида қолган талабаларнинг ишончлари ўлдирилган кун.

16 январь – ҳукумат идораларида ўтирганларнинг ўз гуноҳлари қаршисида қўрқув, таҳлика босган, юраклардаги мотам кун.

Ҳа, бундан олти йил муқаддам Тошкентда Талабалар мустақил Ўзбекистоннинг келажак кунлари ҳуррият, озодлик, демократия билан йўғрилсин, дея намойишга чиққандилар. Ўшанда ёшларни ғалаёнга келтирган икки сабаб бор эди. Биринчиси, янги йил арафасида ўтказилган сайловда адолатсизликни ҳис этгандилар. Чунки талабалар сайловдан бир ҳафта олдин мажбурий таътилга чиқарилиб бир ҳафта олдин овоз бериш тадбирига бўйсундирилдилар.

Иккинчиси эса, талабалар ҳукуматнинг нарх-навони оширмаймиз, айниқса, ноннинг баҳоси кўтарилмайди, дея сайловдан олдин ваъда бериб, сайлов ўтиши билан ўз сўзига хиёнат қилганини кечиролмагандилар. Кейинчалик талабаларнинг ҳукумат ва Президент истеъфосини истаганлари қон тўкилишига олиб келди, деган иддоалар ўртага ташланди.

Демократия алифбосининг тамалини сайлов принципи белгилайди. Халқ қандай сайласа, худди шундай истеъфосини талаб қилиш ҳаққига ҳам эга. Халкдан сайлашини истасангиз, аммо истеъфо талаб этганда унга қарши куч қўлласангиз, бу демократия эмас диктатуранинг аломатидир.

Бундан олти йил муқаддам Талабалар шаҳарчасида юз берган қонли фожеа келажагимизнинг қандай бўлишини белгилаб берди. Лекин ўша кунлари буни кўра олганлардан кўра олмаганлар кўпроқ эди.

Ҳукумат Талабалар шаҳарчасидаги норозилик намойишини қора кучларнинг провокацияси, дея баҳолади. Воқеа ортидан Тошкент вилоят партия қўмитасининг мажлислар залида бўлиб ўтган кенгашда президент Ислом Каримов сўзлаган нуткда ҳам шу нарса ифода этилганди. Ўша нуткдан парча келтирамиз: «Мен бутун ўзбек халқи олдида ошкор айтаман, Талабалар шаҳарчасидаги воқеалар «Эрк» ва «Бирлик»ка боғлик эмас. Мана Муҳаммад Солиҳнинг телеграммасини чўнтагимда олиб юрибман. Мени сайловда ютиб чиққаним билан табриклаган. Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни қора кучлар, мафия қилгани аниқ. Биз уларни биламиз ва яқинда бўйинларига қўямиз. Ҳозир сиздан тиз чўкиб сўрайман, менга олти ой вақт беринг, Ўзбекистонни жаннат қиламан»

Мана олти ой эмас, олти йил ҳам ўтди орадан. Ўзбекистондаги бугунги аҳвол ўзингизга аён. Ўша пайтда талабалар шаҳарчаси темир панжаралар билан ўраб олинди. Мажбурий равишда автобусларга тиқиб, уй-жойларига жўнатилган ёшлар ота-оналари билан бирга сўроқ, терговга тутилдилар. Кейин улар вилоятлардаги Олий ўқув юртларига тарқатиб юборилдилар. Маданият ва билим марказидан юлиб олинган 10 мингларча талаба сарсон- саргардончилик кўчасида қолди. Профессор ўқитувчилар олдига талабаларни тазйикда ушлаб туриш, саволга ўчларини олийгоҳлардан ҳайдаш топширилди. Хўш, бундан қандай хулоса чиқариш мумкин? Наҳотки, қора куч дейилганда, бегуноҳ йигит-қизлар назарда тутилди.

Кўп ўтмай Республика прокурори ўринбосари, айни пайтда Тошкент шаҳар прокурори бўлган Мирзаев имзоси билан «Бирлик» ва «Эрк»ни Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларга боғлаш ҳақида жиноий иш бошланди.

Табиийки, «Бирлик» ва «Эрк» аъзоларининг аксарияти талабалар эди. Демак, яна талабалар айбланди. Ўлдирилган, калтак еган, таҳқирланган, қувғин қилинган ҳам улар. Ва яна айбланган ҳам улар. Ўқ отишга буйруқ берганлар, бевосита ўқ отиб ўлдирганлар, тазйиқ таъқиб ўтказганлар эса мансабдан мансабга кўтарилдилар.

Аслида талабалар қора кучларга қарши бош кўтарган қалдирғочлардир. Қора куч тузумнинг ўзи эди. 16 январь – Мустақил Ўзбекистон тарихида демократия шаҳидлари кунидир! Қора кучга қарши курашда ҳалок бўлган, тўғрироғи демократия йўлида шаҳид тушган йигитларимизга Аллоҳдан раҳматлар тилаймиз, Озодлик истаганлар, Эрк ва Бирлик истаганлар, том маънодаги мустақиллик истаганлар ҳеч қачон ўлмайдилар, ҳеч қачон унутилмайдилар.

АЛ-ҚИССА: Сен гўё бехабарсан қонли январдан. Чунки хотиранг ўлдирилган. Мен эса ҳалакман хотирангни тирилтирмоқ учун.

БУХОРО ФОЖЕАСИ ЁКИ ТАРИХНИНГ АЧЧИҚ ДАРСИ

Ўзбекистон мустақиллиги нишонланадиган биринчи сентябр куни бизга тарихнинг сон-саноқсиз аламли, изтиробли фожеаларидан бирини эслатади. Айни шу куни – 1920 йилнинг 1-сентябрида Қизил Армия қўшинлари Бухоро шаҳрига босиб кириб, Бухоро амирлигининг салтанатини қўлга киритганди. Шу зайлда 1-сентябр тарихга Бухоро амирлигининг ёки Бухоро давлатининг охирги куни бўлиб ёзилди. 1-сентябр куни Ўзбекистон мустақиллиги байрам қилинаркан, Бухоро давлатининг қулашини ёдга олиш келажагимизга янада равшанроқ кўз билан назар солишга ундайди.

Бундан роппа-роса 77 йил бурун Қизил Армиянинг жаллодлари август ойининг охирида Бухорога туп-якун ҳужум бошладилар. Михаил Фрунзенинг 1920 йилнинг 12-августида имзолаган буйруғи бўйича бу ҳужумда ўн мингга яқин пиёда, уч минг атрофида отлиқ аскар, беш артиллерия, 200 дан зиёд замбарак, беш бронепоезд ва яна бир қанча оғир сипоҳлар ҳамда 11 аэроплан сафарбар қилинди.

Ҳужум гарчи 16 августда Чоржўйда бошланган бўлсада, 1- сентябрь куни ашаддий равишда қадимий Бухорога қаратилди. Шаҳарни қамалга олган жаллодлар гуруҳининг бошлиғи Зиновьевнинг ёзишича, 1-сентябрь куни Бухоро гуриллаб ёнмокда эди. Уй-жойлар, тилсиз обидалар ёндирилар экан, кўча-кўйларда сон-саноқсиз ўликлар ётарди.

Қизил Армиянинг аэропланлари шаҳарни бомбардимон қилар эканлар, минг-минг бегуноҳ масъум инсонлар, кексалар, ёшлар, оналар, болаларнинг фарёдлари кўкка сиғмасди. Кейинчалик бу инсонларни тупроққа қориштирган учувчи жаллод Лескин Қизил байроқ ордени билан мукофотланганди. Минораларидан минг йил давомида азон айтилган қадимий обидалар аэропланлардан ўққа тутилди. Ситораи Моҳихосанинг устига тинимсиз оташ ёғдирилди.

Гумбазлар ер билан яксон бўлди. Регистон ҳам кул бўлди. Бу билан чекланиб қолмаган большавойлар шаҳарни талон-тарож қилдилар. Амир саройининг хазиналаридаги сандиқлар бузилиб, олтинлар ташиб кетилди. Бегуноҳ инсонларнинг қимматбаҳо мол-мулклари тортиб олинди. Қизил Армия мол-мулк ортилган икки эшелонни Россияга жўнатди. Олтин, қаҳрабо ва фируза тошлар билан ишланган 39 қилич коммунистлар марказига юборилди. Бу қиличларнинг ҳар бирида 40га яқин бриллиант тошлар бор эди. Қонли ва қақшатгич ҳужумни амалга оширган фронт қўмондони Фрунзе ва Ревсовет аъзоси Иброҳимовга мукофот ўлароқ ана шу олтин қиличлардан ҳадя этилди. Ер билан яксон бўлган қадимий Бухоро нафақат вайронага айланди, балки ҳувиллаган, жасадлари кўмилмаган қабристон ҳолига келди.

Ҳали яқин-яқингача Тошкентнинг Хадра майдонидаги Ҳамза театрида Бухоронинг шу кунларидан ҳикоя қилувчи театр ҳафтада икки марта намойиш этиларди. Саҳнада юқорида тилга олинган ваҳшийликлар, вайронагарчиликдан асар ҳам йўқ. Бу воқеа инқилоб ғалабаси, дея кўз-кўз этиларди. Лекин биз мустақил бўлганимиздан кейин ҳам Бухоро фожеасининг асл моҳияти халққа тушунтирилиб берилган эмас.

Ўшанда Бухоро амири Саид Олимхоннинг 20 мингга яқин аскари бор эди. Лекин у нима сабабдан қисқа муддатда енгилди? Бу саволга тарихчиларимиз одил жавоб беришга ҳадиксирамокдалар. Лекин ҳақиқат қанчалик аччиқ бўлмасин, уни айтишимиз ва ундан дарс олишимиз керак. Бу воқеада ички хоинлик бор.

РСФСР Ташқи ишлар халқ комиссари Чичерин Ленинга 1920 йилнинг 18-май куни ёзган ҳисоботида Бухоро мустақиллиги тан олинганини эслатади ва Бухорога қарши ҳужум Шаркдаги сиёсатимизни обрўсизлантиради, деб сўз юритганди. Шундан кейин, ўлкамиздан борган элчилар Свердлов билан учрашдилар ва Ленин билан кўришиб, Бухорога қўшин киритишни талаб қилдилар. Бугун биз бу воқеаларни ипидан игнасига қадар ўрганмас эканмиз,

мустақиллигимизнинг келажагини кафолат остига олдик, деб айта олмаймиз.

Бухоро фожеаси хусусида уч саволга жавоб бериш керак: Биринчидан, бу воқеаларда Файзулла Хўжаевнинг тутган ўрни ва роли қандай эди? Иккинчидан, Ленин ҳукумати асосий диққатини Ғарбга қаратаётган бир пайтда уни Шарққа йўналтирган ва ўзлари ҳокимиятга келиш учун Ватан, миллатини ўққа туттирган инсонлар кимлар эди? Учинчидан, Бухородан тортиб олиб кетилган маданий меросларимиз, тарихий бойликларимизни Россиядан қачон талаб қиламиз ва қачон ўз ўрнига қайтарамиз?

Бу уч саволга жавоб бермас эканмиз, хоинларни қаҳрамон, дея улуғлашда давом этилаверади, уларнинг номи кўчаларга берилади, уларнинг номига қўшиқлар бағишланади ва Бухорода 77 йил аввал, 1-сентябрда қатл этилган минг-мингларча миллатдошларимизнинг руҳи бошимизда чирқираб тураверади. Бу уч саволга жавоб бермас эканмиз, мустақиллигимизнинг тамал тошларини мустаҳкам заминда эмас, балки қум устида қурган бўламиз. Ўзбекистон мустақиллиги рамзий ўларок 1-сентябрга тўғри келгани 1920 йилнинг 1-сентябрида Бухоро бошига ёғилган кулфатнинг парда орқасини ойдинлатишга нафақат туртки, балки ундовчи куч бўлиш керак.

АЛ-ҚИССА: Сен байрам қиласан, мен йиғлайман. Кимга тўй, кимга аза!

24 август 1997 йил

САЛТАНАТ ЁЛҒОНИ

Салтанат тушунчаси тарихан ва бугун ҳам сарой маъносига эга. Салтанат дейилганда ҳамма вақт шоҳлар, подишоҳларнинг қасрлари, шайтанатга айлантирилган салтанат атрофидаги муҳит назарда тутилган. “Мулоқот” дарғисининг шу йилги 1-сонида эълон қилинган “Саодат салтанати ва салтанат саодати” сарлавҳали бош мақола ҳам шу руҳнинг бир парчасидир. Не дариғ-ки Ўзбекистонда халқ азоб уқубат гирдобида экан салтанат атрофидагилар, яъни саройдагилар саодат қўйнидалар, улар саодат салтанатини яшамокдалар.

Азалдан сарой шоирлари ва тарихчилари ўз ёлғонлари,маддоҳона тўқималари, ялтироқ калималари билан салтанат саодатига шерик бўлиб келганлар, унинг дастурхонидан илик терганлар. Бу иликнинг ёғи уларнинг кўзларини бекитган ва халқнинг аҳволини кўра олмаганлар. Бу айниқса совет даврида кучайди ва бугун энг баланд нуқтасига чикди.

Агар, сиёсий, тарихий ва ижтимоий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, номи тилга олинган мақола уч жиддий хато устига қурилгандир.

Биринчи хато: Амир Темур ва Ислом Каримовни қиёслаш. Кимдир бу ерда ўша мақола муаллифининг яширин мақсади бор, у Амир Темурни қоралаш, ерга уриш, бадном этиш, халқнинг юрагидан унинг номини суғуриб олиб ташлаш учун шундай моҳирона услуб қўллаган дейиш ҳам мумкин. Лекин сарой шоирларида бу қадар ҳунар ҳеч қачон бўлмаган. Қолаверса, уларнинг қўрқоқликлари фикрларига зомин бўлган. Мустақил фикр соҳиби сарой шоири бўлиб қололмайди.

Амир Темур ўз тузукларида давлатчилик ҳақида 12 қоидани илгари суради. Жумладан, ўз фикрига эга олимларни, ойдинларни, уламоларни қўллаганини айтади Амир Темур. Ислом Каримов эса ўз фикрига соҳиб зиёлиларни қувғин этди, кимлари сургунда, кимлари эса зиндонлардадир. Амир Темур давлатининг

умуртқасини урдуда, яъни армияда деб билди. Ислом Каримов эса 700 кишилик Президент гвардияси билан ўзини қўриқлагани ҳолда, халқни ва Ватанимизни Россия аскарлари ихтиёрига ҳавола этди.

Хуллас, Ислом Каримовнинг фаолияти Амир Темур бўйсунган 12 қоиданинг барчасига зиддир. Шундай экан, Темур бобонинг руҳини чинқиратиш нафақат тарихга,ҳаққониятга хиёнатдан бошқа нарса эмас.

Иккинчи хато: Уйғониш, яъни ренесанс бир неча асрлик юксалишни таъмин этган илмий, ижтимоий тамалга берилган номдир. Дунёда ҳамон биринчи ренесанс масаласи тортишилмокда. Ғарбликлар юнон антик маданиятини 1-Ренесанс, деб атамокдалар. Бизнинг Беруний, Форобий, Ибн сино, Хоразмий каби ўнлаб мутафаккирларимизни эса араб олимлари, деб билишади. Ҳали бирор бир мустақил ўзбек олими Ғарб минбарига чиқиб бу хусусда иддаомизни ўртага қўйган эмас.

Темурийлар маданияти эса 70 йил қораланди. Ва беш йилдир мақталмокда. Олдингиси сингари бу давр ҳам ҳали Ўзбекистон тарихида мустақил равишда етарли тадқиқ этилмаган. Бугунги ўзбек олимлари Якубовский, Пугаченкова, Бартолд, Вамбери каби тарихчиларнинг маълум бир мақсадга йўналган асарларидан нарига ўтаолмаяптилар. Шундай экан, бугун Ўзбекистонда учинчи уйғониш, учинчи ренесанс ҳақида гапириш нафақат кулгили, балки йиғлаётган болани чўпчак айтиб овутишдек гап. Қолаверса, йўқ нарсани мавжуд ўтмиш билан қиёслаб, тарихий жараёнга унинг натижасига қараб баҳо бериш принципи қўпол тарзда бузилган.

Ва ниҳоят учинчи хато: Агар Ўзбекистонда мустақиллик ҳақида гап юритадиган бўлсак, уни Ислом Каримов билан боғлаш ҳақиқатнинг кўзини ўйишдир. Узоққа бормайлик, 1990 йил Олий Кенгашнинг 2-сессиясида биз Мустақиллик декларациясини қабул қилдик. Хориждан меҳмони келгани боис Ислом Каримов сессияга кеч келди. Камина мазкур сессия котибиятининг раиси эди. Каримов келиши билан Бош вазир Мирсаидов ҳузурида менга “Нега бу ҳужжатни қабул қилдингизлар?

Бу орқадан пичоқ уришдир, бу хиёнатдир! Биз мустақил бўлиб қаерга кетамиз. На денгиз, на темир йўли ва на бошқа чиқиш йўлимиз бор. Москвадан ажралиш Ўзбекистонни йўқ этиш демакдир!” деди. Хонага депутатлар Эркин Воҳидов, Нурали Қобул ва Салай Мадаминов кириб келишганида даҳанаки жангимиз муштлашувга айланиб кетишига оз қолганди. Мен бу воқеалар тарихини “Сарой ўйинлари” номли кундаликларимда ва “Қувғин” номли воқеий романимда батафсил ёзганман.

Ҳозир эса сизга кичик бир ҳақиқатни айтмоқчиман. 1990 йил 20-июнда қабул қилинган мустақиллик декларацияси матбуотда ўша куни эълон қилинмади. Узоқ талабларимиздан кейин қисқартиришлар ва ўзгартиришлар билан чоп этилди. “Мустақиллик” калимаси “суверенитет” деб ўзгартирилди. “СССР қонунлари Ўзбекистонда ҳал қилувчи кучга эгадир”- сингари жумлалар қўшилди. Хуллас 176 миллат вакили имзолаган ва бутун парламент томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон мустақиллик декларацияси” Биринчи секретари Ислом Каримов бўлган Ўзбекистон КП томонидан тан олинмади. Компартия шошилинч тарзда 14-Пленумини чақириб, бу масалани муҳокама қилди. Олий кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимов бўшангликда айбланди ва ишдан четлаштирилди. Камина ва бошқа бир қатор депутатларга қарши қувғин тадбирлари кўрила бошланди.

Мустақиллик истаганлар хоинга, мустақиллик душманлари эса қаҳрамонга айланди. Табиийки, тарих наздид эмас, балки сарой шоирлари наздида.

Шу ўринда энг буюк фожеани таъкидламоқчиман. Ўзбекистон мустақиллигини истаганлар қувғин этиларкан, уларнинг мустақиллик ҳақидаги қарашлари, Ўзбекистоннинг ҳур, демократик келажагини яратиш борасидаги орзу умидлари, истаган йўллари ҳам қувғин этилди. Ислом Каримов бошчилигидаги гурух эса авторитар, репрессив йўлни танлаб, халқни мустақиллик порлоқ ҳаёт келтиради деган тушунчадан узоқлаштирди. Халқ орасида мустақиллик салтанатдагиларга саодат, халққа эса оғир кунлар келтирди деган фикр уйғонишига олиб келди.

“Мулоқот” дарғисидаги мақола ана шу фожеани бекитиш учун ўйлаб топилган навбатдаги ёлғондир. Ёки ёлғонга қурилган салтанатнинг ёлғон ҳикоясидир.

АЛ-ҚИССА: Сен ёлғонни севиб қолаяпсан, мен эса ҳақиқатдан юз ўгиришга ўрганиб қолмай деб ҳалакман.

14 май 1998 йил

ВАТАН ТОМИРИДАГИ ҚОН

Инсон қаерда бўлмасин, Ватан руҳини қалбида, Ватан орзусини тафаккурида ва Ватаннинг ўзини қон томирида ташийди. Бир неча минг километр олисларда, уммонлар нарёғида Американинг гуллару яшилликлар манзарасига боқар эканман, барибир хаёлим бошқа бир манзаранинг расмини чизади.

Чучмомо дардини айтади онамга.

Оймомо довдираб қайтади, хонамга

Менинг хаёлим сенда.

Оёғим остида йиғлайди,

Мунис қор,

Қоялар устида увлайди,

Бўзқурт зор,

Менинг хаёлим сенда.

Деворинг қўллари бўйнимда

Воҳ, илон.

Гўзалим ухлайди қўйнимда

Хўп, нолан.

Менинг хаёлим сенда.

Умримиз занжирбанд тузокда

Хор зотан.

Сен эса кўкдан-да узокда

Ёр – Ватан.

Менинг хаёлим сенда.

Ҳа, Ватан баъзан кўкдан-да узокда, чунки ўша кезда инсон ўз томирларини, ўз вужудида оқаётган қонни ҳис этмайди. Ҳамма ҳаммаси узокда туюлади. Бир пайтларнинг мужоҳиди – бугун Истанбулдаги ўзбеклар таккасида мангу уйқусини олаётган Усмонхўжанинг ўғлига васиятини шеърга айлантирганимда ҳам ана шундай ҳис мени чулғаганди.

Мен Ватанни олиб кетдим,

Юрагимга солиб кетдим,

Олисларда қолиб кетдим,

Сен қолма болам!

Ғурбат элда ғариб кездим,

Гоҳо сокин, гоҳо тездим,

Соғинч жанггоҳидан бездим,

Сен толма болам!

Истанбул дилга дур оро,

Табриз ҳам холи нигоро,

Устун Самарқанд, Бухоро,

Сен бўлма, болам!

Ол руҳимдин фарёдимни,

Даъводаги зурёдимни,

Туркистонга ёй додимни,

Сен сўлма, болам!

Дунё малак, чаккасида,

Турон замин маккасида,

Беватанлар таккасида,

Сен ўлма, болам!

Васиятлар ортидан васиятлар келгани билан на Туркистон мужоҳидлари ва на уларнинг фарзандлари Ватанга қайтмадилар. Бирилари учун Ватаннинг дарвозалари ватанкушандалар томонидан тақа-тақ ёпилган бўлса, бирилари учун Ватан ирмоқлари қуриб битганди. Улар Ватандаги ватандошларига боқароқ хуноб бўлардилар.

Бошингга дур ёғилар сепганида,

Оёғини ўпасан тепганида,

Изига гул экасан кетганида

Шоҳпараст қул!

Қил суғурса юмшоқ хамир бўласан,

Иш буюрса, золим амир бўласан,

Фитна туғса, тамал-замир бўласан,

Шоҳпараст қул!

Эт еса у, суягини чайнайсан,

Бир жилмайса, оловида қайнайсан,

Элни эзса, қўлида сен карнайсан,

Шоҳпараст қул!

Тош отганда, «тутинг нон» деб айтасан,

Зулм қилса «ёруғ он» деб айтасан,

Бош кесганда, «қутлуғ қон» деб айтасан,

Шоҳпараст қул!

Душман лозим бўлган кун, душманисан,

Юртга ҳисоб бераркан, пушмонисан,

Дўпписи тор келганда, қурбонисан,

Шоҳпараст қул!

Ҳа, не дариғки кўзлари очиқ бўлгани билан, у куп нарсани кўролмайди, балки кўрса ҳам кўрмасликка олади.

Ирмоқлар оқади

Юлдуз наҳрига

Дарёлар узанган

Осмон бағрига

Сен кўролмайсан!

Оғочнинг сочлари

Ўриб қўйилган

Япроқлар йиғлайди

Кўзи ўйилган

Сен кўролмайсан!

Менинг юрагимда

Тоғлар кўмилган

Қирмизи уммонда

Дунё чўмилган

Сен кўролмайсан!

Дақиқалар аскар мисоли қиличини яланғочлаб, орқама- орқа шаҳид тушаверади. Сатрлар эса битмоқ билмайди.

Кўзларингда қум жоним,

Жаннатингда яшайин,

Кўзларимга чум жоним,

Бу дунёни ошайин,

Сочларингга боғла-ю,

Тиканзорда судрагил,

Юрагимни доғла-ю,

Кўлларимда мудрагил,

Лаб деган моҳларинга,

Осмон бўлай нигорим,

Оҳ чексанг оҳларингга,

Достон бўлай нигорим.

Дол айла оёғингда,

Бошим қайроғинг бўлсин,

Хол айла ёноғингда,

Қоним байроғинг бўлсин.

Мен сукутни қўндириб,

Сени кутдим бўроним,

Соғинчларни сўндириб,

Уйғона қол, Туроним!

Ҳа, Турон ҳали уйқуда. Уни уйқудан уйғотишга менда не бор?

Қўлимда на қилич, на қалқон,

Остимда на дул-дул, на файтон,

Ортимда на аскар, на шайтон,

Исёнкор кўзим бор!

Йўлимда на йўлдош, на сирдош,

Элимда на умид, на бардош,

Шафакда на қуёш, на бир бош,

Исёнкор ўзим бор!

Орзуга на Чўлпон, на Заҳро,

Тутарга на олтин, на қаҳро,

Курашга на майдон, на саҳро,

Исёнкор рўзим бор!

Ёдлашга на қўшиқ, на достон,

Сўйлашга на замин, на осмон,

Тинглашга на марду, на мардон,

Исёнкор сўзим бор!

Шундай Турон олис. Дардингни наволарга айтасан, ҳаволарга айтасан.

Турон олис

Тоғлар пойлар қорда босилиб,

Ният холис

Йўлга чикдим, тонгга осилиб,

Манзил узоқ

Оёғимда занжир дарёлар,

Хаёл тузоқ

Юрагимда санчар рўёлар,

Соғинч тошдир

Тегирмонда янчиб эзади

Кўзим ёшдир

Уммонида ҳижрон сузади

Саҳро даҳшат

Тикан бўлиб ичар қонимни

Дилда Машраб

Шеърга ўраб асрар жонимни

Ўрмон чиқар

Киприкларим етмаганидай

Дармон йиқар

Гўё аввал кетмаганидай

Бекинмоқ йўқ

Бўрон қилич каби елса ҳам

Чекинмоқ йўқ

Ажал ортдан қувиб келса ҳам!

Жоним Турон

Сени қучоғимга босайин

Сенга бу жон-

Танни дорларингга осайин!

Шеър қалби дард, соғинчу- ҳижрон, ҳасрату- армоннинг таржимонидир.

АЛ-ҚИССА: Мен шеър ёзар эканман, сен туш кўраётгандирсан. Тушларингга илоҳим Турон кирган бўлсин!

ЖАҲАННАМ ЙЎЛИ

Инсоннинг инсонга сажда қилиши, сиғиниши ҳам динимиз ҳамда бугунги ижтимоий қарашларимизга зиддир. Таассуфки, бунга қарамасдан «шахсга сиғиниш» иборасини бот-бот такрорлашга мажбур қолаяпмиз.

Қадри-қимматни, яъни ўзлигини билган инсон ўзи сингари бошқа бир одамга сиғиниб маънавий борлиғидан айрилмайди.Биз яшаган совет тузуми ва бугунги жамиятда шахсга сиғиниш йўқ, мансаб ва манфаатга сиғиниш бор. Аввал Ленин, кейин Сталин шахсига сиғинилди гўё. Кейинча, Хрушчев ўртага чиқиб шахсга сиғинишни қоралагани билан унинг ўзи ҳам бу гирдобнинг соҳибига айланди. Занжир Горбачевга қадар давом этди. Ўзбекистонда ҳам энг юқори мансабда ким ўтирган бўлса, албатта, унинг шахсига сиғинилди. Унинг ақлли ёки аҳмоқлиги, бу лавозимга тасодифан ёки турли фитналар билан келганлиги, бошқаларнинг қобилиятли ёки фаросатсизлиги фарқ этмасди.

Рашидов шахсга сиғинишнинг бобокалони, дея қораланган кунларда Сурхондарёнинг Боботоғ этакларида бир нуроний киши билан гаплашдим. Отахон «Болам, Рашидовда нима гуноҳ? Ҳамма гап сабил қолгур тахтда, мансабда. У ерга эшакни миндириб қўйишсин, унга ҳам сажда қиладиганлар топилади. Айниқса, сиз ижодкорлар унинг қулоқлари чиройли қимирлайди, ҳанграши мусиқавий, деб у ҳақда мақолалар, шеърлар, китоблар ёзасиз», деди. Ўшанда деҳкон бобонинг гапини газеталарга ёзганимда каминани Рашидовни ҳимоя қилишда айблашди.

Менинг дардим бошқа. Деҳкон бобо айтганидек, қўлида қалам тутганлар, яъни ҳамду-сано ўқувчилар кўзи кўр, қалби сўқир эмас. Паст-баландни яхши билишади. Тахтда ўтирганга ҳам ҳар тарафлама баҳо бериш кобилиятига эга.

«Биз яшаган эгасизлик тузуми узоқ йиллар одамларни қалб эрки, дил мустақиллигидан жудо қилди», – дейди Эркин Воҳидов «Фан» нашриёти томонидан 1993 йилда чоп этилган «Фитна санъати» номли мақолалар

тўпламига ёзган ўнг сўзида. Шу китобнинг иккинчи жилдида Эркин Воҳидовнинг яна бир мақоласи бор: «Муҳитга сиғмаган юрак». Қобилият соҳиби Усмон Носир ҳақида. Мақоладан парча: «Бугун биз ҳамма нарсани фақат шахсга ва унга сиғинишга қўйсак, барча саволларга жавоб берган бўлмаймиз. Ўша шахсни давлат тепасига келтирган, ўша сиғинишни пайдо қилган куч нима?»

Дарвоқе, Эркин ака айтмоқчи бўлган куч нима? Тахтга талпиниш, мансаб ва манфаат ортидан қувиш туйғуси эмасми? Тахтга ўтирган зотга генералиссимус унвони берилишига бағишлаб ёзилган достон билан яна тахтда ўтирган кишига Амир Темур ордени берилиши сабабийла ҳамду- сано ўқишнинг бошқа қандай изоҳи бўлиши мумкин?!

Аммо шу ҳақиқат бор. Тахтдаги шахс ҳам ўзига эмас мансабига сиғинишаётганини яхши билади. Юқорида номи зикр этилган «Фитна санъати» китобининг 220 саҳифасида шундай сатрлар бор: «Усмон Носирнинг Сталинга бағишланган сатрлари ўта самимий. Ҳатто Гуржистон ССЖнинг 15-йиллиги муносабати билан Грузин халқи номидан ёзилиб, бир ярим миллиондан ортиқ одам имзо чеккан шеърий хатни ҳам русчадан ўзбекчага Усмон Носир таржима қилган эди». Биламизки, қотил Сталин буюк истеъдод Усмон Носирни аямади.

Ёки Эркин Воҳидов 1961 йилда В.И.Лениннинг ёшлигига бағишлаб ёзган «Буюк ҳаёт тонги» поэмасида Володянинг саодат курашчиси, совет тузуми эса «миллионларга бахт берган тузум» дея куйлади. «Нидо» достонида бу руҳни давом эттирди. 1967 йилда мазкур асарлари учун Эркин Воҳидов Ленин комсомоли мукофотини олди.

Лекин бир кун келиб «Ўзбегим» шеърини ёзганида бошига тўқмоқ тушди. Бундай ҳолат ҳар бир шоир, ҳар бир ёзувчининг таржимаи ҳолида мавжуд. Бироқ бугун ҳам бундан хулоса қилинмасдан анъана яшаётгани шуни яна бир карра исботлайдики, гап кўкларга кўтариб мақталган шахсда эмас, гап бизнинг ўзимизда. Бир ижодкор ҳеч бўлмаганда ёзмай туриш имкониятига эга, гапирмай туриш имкониятига эга. Бу унинг ўзгага эмас ўзига содиқлигини ифодалайди.

«Озодлик» радиосидаги давра суҳбатида ёш ижодкор дўстларимиз халқнинг шоир ва ёзувчиларига ишонмай қўйишганини, бундан кейин уларга эргашолмаслигини тилга келтиришди. Бу бир томондан фожеа бўлса, бошқа томондан яхши ҳамдир. Чунки кейинги 80 йил ичида халқимиз ижодкорлардан асосан шахсга сиғинишни, яъни мансабга қуллуқ қилишни, ўзликни оёқ ости этишни ўрганди. Бугун халқимиз уларнинг сўзига ишонмай бошлаган бўлса, демак ёруғ кунлар узоқ эмас.

Мустақилликни сақлаб қолиш, Ватанимизни дунёдаги тараққий этган давлатлар даврасига олиб чиқиш, халқимизга фаровонлик йўлини очишни шахсга сиғиниш, аниқроғи, мансаб ва манфаатга сиғиниш иллатидан қутулишдан бошлаш керак.

Ўзлигини англаган дар қолмайди, ўзлигини билган ўзгага сиғинмайди. Зотан банданинг бандага эмас, банданинг Аллоҳга сиғиниши озодлик, ҳуррият йўлидир. Энг улуғ тахт, энг улуғ мансаб Унинг ҳузуридадир. Аллоҳни ҳам унутиб, фоний тахт, фоний мансабда ўтирганларга, уларнинг воситасида манфаатга сиғиниш жаҳаннамга йўл солишдир.

АЛ-ҚИССА: Мен Тангрига сажда қиларканман Сен банданинг қули эдинг. Қул қуллигини англаган кун ҳуррият кунидир. Сенга «Ҳуррият муборак бўлсин!» дейиш насиб этармикан?!

ИЖРОЧИЛИК ЁКИ МАНСАБ ВА МАНФААТ ҚУРБОНЛАРИ

Советлар замонида энг кўп ёйилган иллатлардан бири “хўп, хўп” хасталиги эди. Бу иллатдан донғимиз ҳамчиққани маълум. Яъни тўғри ё нотўғри, ҳақ ё ноҳақ топшириқ олсак, бас-ки юқоридан келган бўлса, оғзимиздан “хўп”дан бошқа сўз чиқмасди. Бундай ижрочилик демократияга зиддир. Демократия фикрлаш минбари. Ҳар қандай масалада иштирок этиш демакдир. Кўр-кўрона ижрочилик эса иқтидорни сақлаб қолиш учун қўлланадиган ҳар турли режимларга хос.

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин ижрочилик иллати йўқ бўлиш ўрнига илдизларини яна ҳам кенгроқ ёйди. Юқори лавозимларда ишлаган, мамлакат ва миллатнинг такдири, келажаги билан бевосита боғлиқ бўлган раҳбарлар, эскичасига айтганда номенклатура, ижрочиликни, мансабимни сақлаб қолишнинг бирдан бир йўли деб тушунмокда. Ана шунинг учун ҳам ижрочилик мансаб ва манфаат учун ўз виждон ҳамда хосиятини оёқ ости қилиш билан тенглашди.

Юқоридан келадиган топшириқ ғайриқонуний, қоидаларга зид, ҳатто инсонийлик чарчавасига сиғмайдиган бўлсада, мансаб ва манфаат учун кўзни чирт юмиб, кўр-кўрона ижро этиш ёппасига тус олди.Бу ҳолни кўр-кўрона деб баҳоламоқни ҳам ўйлаш керак.Чунки ижрочи ўз ҳатти-ҳаракатларини сезиб туради ва ҳатто яккама- якка суҳбатларда юрагини бўшатиб олиш учун буни эътироф этади.

Лекин унинг мансаб ва манфаат туйғулари ҳар нарсадан устун келгани учун кўр-кўрона дейилган ижрочилик қобиғига ўраниб олади. Ҳар бир мансабдор ўз истиқболи, келажаги, камолоти ва бадавлат яшаш манбаини ижрочиликда кўрмокда. Хасталик вақтида даволанмаса, олди олинмаса охири вой эканлигини билмаган одам йўқ. Хасталикка кўз юмиш жоҳилликдир.

Қонунларни ва ўз муносабат мантиғини четга суриб қўйиб, телефон дастасига “хўп, хўп” дея ҳар қандай топшириқни жирканмай бажариш, охир- оқибатда ижрочининг бошини ҳам кундага қўйишини бот-бот ёзгандик.

Узоққа бормайлик, 1993 йилнинг бошларида “Озодлик” радиосида эълон қилинган бир мақоламда шундай сатрлар бор эди: “Дўппи келтир деса, бош узиб келган раҳбарларнинг бир қанчаси ўз ижрочиликларининг қурбони бўлиб кетдилар. Биз йиқилганни тепмоқчи эмасмиз. Аммо нимага йиқилганини айтиш инсоний бурчимиздир. Ўзбекистон Олий Кенгашининг биринчи раиси Мирзаолим Иброҳимов, Сурхондарёда ҳокимлик қилган Ҳаким Бердиев, илк мустақил газеталарни ёпиб ташлаган Убайдулла Абдураззоқов, Фарғона,Ўш, Паркент, Бўка воқеаларини “Бирлик” ҳаракатига тўнкаган ва уни айбдор қилиб кўрсатган президент маслаҳатчиси Шаҳобиддин Зиёмов, мухолифатга қарши ўт очган давлат котиби Раҳим Ражабов, Қашқадарёда Шовруқ Рўзимуродов, Мурод Жўраев каби халқ депутатлари бошига қора кунлар солган Алихон Отахонов, улуғ мужоҳид Боймирза Ҳайитни ватандан қувиб чиқарган президент маслаҳатчиси Бахтиёр Назаров ва бошкалар ижрочилик иллатининг қурбони бўлдилар.

Биз бу исмларни келтирар эканмиз, бошқаларга ҳам сабоқ бўлсин деган илинжда эдик. Бироқ бундан хулоса чиқариш ўрнига ижрочилик хасталигига яна ҳам маҳкамроқ ёпишиб олганлар ўз келажакларини кўра олмадилар. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари бўлиб ишлаган шоир Эркин Самандаров Тошкент талабалар шаҳарчаси воқеаларидаги ҳақиқатни ўртага чиқарадиган кўрсатувларни таъқиқлаши баробарида баъзи газеталар фаолиятида озми-кўпми кўзга ташланиб турган демократия учқунларини бўғишда жонбозлик кўрсатди. Олган мукофоти эса ишдан ҳайдалиш бўлди.

Бошқа бир шоир Усмон Азим бўлса мухолифатни йўқ этиш учун топшириқ билан кўғирчоқ партия тузди. Дунё кўзини шамғалат қилиш учун бошланган бу ўйинда бош актёр ролини олишига қарамай охирида партиядан қувилди. Ўзбекистон Адлия вазири бўлиб ишлаган Муҳаммад Бобур Маликов қонунлар бузилишини қонуний дея асослаб турди. Бир қатор жамоа ташкилотларини рўйхатга олмади. Рўйхатга олинганларни эса бир топшириқ ижроси учун ёпиб ташлади. Буларнинг эвазига охирида Ватан хоини деб эълон қилинди.

Ижрочилик хасталигининг энг ёрқин намуналарини кўрсатганлардан бири Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошев эди. Парламентда сўз эркинлигини бузган, ўндан зиёд миллатвакилини ғайриқонуний равишда чақириб олган, бир қанчасини эса қамоқхонага жўнатган, халқ ҳақида ўйлайдиган депутатларни таъқиб ва қувғинга солган Шавкат Йўлдошевнинг ҳам қисмати худди бошқаларникидек бўлди.

Самарқанд вилояти ҳокими Пўлат Абдураҳмонов эса ўзига хос ижрочилик мактабини яратди. Юқоридан келган топшириқлар асосида ўнлаб инсонларни оилалари билан сургун этди. Уларнинг ҳеч қандай айблари йўқлигини у яхши биларди. Гарчи юқоридан шахснинг ўзини йўқотиш топшириғини олган бўлсада, орқасидан бирор- бир гап чиқиб қолмасин дея оила- аъзолари, қариндош-уруғларини ҳам қамоқларга тикди, қувғин этди. Ва бир кун келиб калтак ўз бошида синди. Бутун уринишлари, ҳаракатлари зое кетди ва Самарқанд тарихидаги энг самарасиз ҳоким деб эълон қилинди.

Қисқа даврда ўз ижрочиликларининг қурбонига айланганлар шу қадар кўпайиб кетдики, баъзиларининг исми-шарифларини санашнинг ўзи кўп нарсани ифода этади. Масалан,Бухоро вилоят ҳокими Дамир Ёдгоров, Тошкент шаҳар ҳокими Адҳам Фозилбеков, Президент маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов, Бош вазир Мутал Ҳошимов ва бошқалар ана шулар жумласидандир. Бу инсонларнинг такдири бошқалар учун яна дарс бўлмади.

Дарс ва сабоқ ололмаслик ожизликдир. Буни Шавкат Ўразаев, Жамол Камол, Пўлат Нуъмонов, Сайфулло Сайдалиев ва шу кунларда ишдан олинган Жиззах, Сирдарё, Наманган вилоят ҳокимлари Алишер Тошкентбоев, Бургут Рафиғалиев ва бошқалар ҳам яхши биладилар. Аммо кеч. Иш ишдан, ғишт қолипдан кўчди. Улар энди ҳар қанча афсус чексалар ҳам ўрни тутмайди.

Аллоҳ кечирувчидир! Аллоҳ таолога буюк садоқатда бўлган халқимизнинг азоб-уқубатларга учратилган намоёндалари балки уларни кечирган бўлишлари мумкин, лекин уларнинг ўзлари ўзларини кечира олармиканлар?

Ижрочилик хасталиги ҳақида фикр юритишимизга ўтган ҳафта “Озодлик” радиосида турмуш уртоғи Шукрулла Мирсаидов ва ўғли Ҳасан Мирсаидовга,умуман оиласига ўтказилаётган тазйиқларни айтган Дилбар Мирсаидова она фарёдини тилга келтириш билан бирга ижрочилик кучайиб бораётганини айтгани сабаб бўлди. Бундай ижрочилик хасталари бирор хулоса чиқарадиларми йўқми бу номаълум. Аммо уларга дарс бўладиган яна бир воқеа бор. Бу эса тарихдан.

Яқинда муборак 660 йиллигини нишонлаганимиз бобокалонимиз Амир Темур ҳазратларининг ҳаётларига оид шундай ривоят бор: Амир Темур бир ҳофизнинг ашулаларини тинглаганида сел бўлиб оқар, муз бўлиб эрир экан. Кунларнинг бирида шу ҳофизнинг Амир Темурга қарши бир ашула айтганини ва бу ашула халқ орасида ёйилиб кетганини иддао қилган сарой аъёнлари унинг ўлими учун Амирдан фармон оладилар. Ҳофизни ушлаб келишга бораётган девонбеги санъаткорнинг гуноҳсиз эканлигини ва ҳасадгўйлар унга туҳмат қилишганини яхши билади. Аммо саройда туҳматни тасдиқлаганлар кўпчилик бўлгани учун унинг эътирози бефойда эди.

Шу боис у яширин йўл билан ҳофизни Бағдодга қочиради. Орадан йиллар ўтаркан, Амир Темур бу ҳофизнинг ашулаларини қўмсар ва фармонга имзо чекканидан пушаймон бўларди, аммо ўрни тутмасди. Амир Темур Бағдодни фатҳ этганда, унинг шарафига берилган зиёфатга бир ҳофизни олиб келишади. Сочлари, соқоллари оқарган ҳофизнинг кимлигини ташқи кўринишидан таниш мушкул эди. Аммо унинг дилларни ром этгувчи овози ўзгармаганди. Амир Темур унинг ашуласини тинглар экан кўзларидан ёш сизиб чикди. “Уҳ” деб юборди у. Сарой муттаҳамларининг ёлғонларига ишониб сен каби булбулнинг ўлимига фатво бергандим деди.

Амирнинг азоб чекаётганини кўрган Девонбеги бир қошиқ қонимдан кечинг, бу ўша ҳофиздир, униқочиргандим, дея ҳақиқатни ўртага солди. Бунга жавобан Амир Темур шоҳни шоҳ қиладиган унинг атрофидир деган эканлар. Бу бир ривоят, аммо қиссадан ҳисса шулки,бугунги кунда на Амир Темуримиз ва на девонбегимиз бор. Аммо халқимиз бир замонлар дунёга шундай инсонларни етиштириб берган экан, бундан кейин ҳам унинг орасидан ана шундайлар чиқишига шак-шубҳа йўқ. Шу нуқтаи назардан ижрочилик иллатининг умри фонийдир.Аммо бизнинг ижрочиларга бу сабоқ бўладими, йўқми билмайман. Сабоқ бўлса фойдаси ўзларига, кечаги салафлари каби ўз қисматларидан уялиб қолмайдилар.

Ижрочилик хасталигини фақат демократия йўқ этади. Демократия, сўз ва матбуот эркинлиги, инсон ҳақлари устивор бўлган жойда ижрочилик эмас фикр ишлайди. Шундай экан, бугун мансаб ва манфаат учун ҳар қандай жирканч ишдан тоймаётганлар демократия тарафига ўтсалар энг аввало ўзларини қутқариб қоладилар.

Ижрочилик эса, қулликдир. Қулнинг бошини кундага қўйишдан осон иш йўқ. Демак, танлов! Истаганингизни танланг.

АЛ-ҚИССА: Сен туғилганда ким эдинг? Мен туғилганда ким эдим? Бугун киммиз? Ҳеч ўйлаб кўрдингми?

20 ноябр 1997 йил

ТАРКИ ВАТАН

Тарки Ватан! Бу икки калима дунёдаги энг оғир сўзлардир. Али Қушчидан сўрасангиз кўксини ғижимлаб оғир юк ила бошини эгарди. Мирзо Бобурдан сўрасангиз нола ила фиғон этарди, Мир Алишерга юзлансангиз дардларни достон қиларди, балки?!

Тарки Ватан! Бу икки калима нафақат буюклар учун, балки Ватандан айро тушган энг оддий инсонлар учун ҳам фарёддир, дарддир, фиғондир. Бир фиғонки, бошқаларни англаши мушкул.

Тарки Ватан – санъатмас,

Йиллар умрингни ютар,

Тарки Ватан – жаннатмас,

Дўзах қаршингда кутар!

Бугун Америкада яшаётган Шуҳрат Мухторовга бир пайтлар отаси Шуҳрат қозон дея исм берган бўлса, ажабмас!! Йиллар ўтиб, Шуҳрат бир куни Янгийўлда, ўз қишлоғида шуҳрат қозонди. У таниқли кинорежиссёр, санъаткор билан танишганди. Ана шу воқеа унинг ҳаётини бошқа сўқмоқларга буриб юбориши хаёлининг сарҳадидан ҳам кечмасди. Бир куни машҳур кинорежиссёр унинг уйига америкалик меҳмони билан ташриф буюрди. Меҳмон 2-3 кун Янгийўлда қолди. Ўшанда 1995 йилнинг қиш кунлари эди. Йўлда уни ва меҳмонини миршаблар ва хавфсизлик хизмати ходимлари ушлаб кетишди.

Биз Шуҳрат билан Портланд шаҳрида учрашиб қолдик. У хузун билан ўз тарихини ҳикоя қилди.

– Кинорежиссёр сим қоққач, америкалик меҳмонни қўйиб юборишди. Аммо хавфсизлик хизматининг Янгийўл бўлими мутасаддиси мени ҳар кун сўроқ қиларди. Бу сўроқ гоҳида менинг уйимда, гоҳида эса унинг Янгийўлдаги пинҳона хонасида ва баъзан расмий идорада давом этарди. Мен ҳам умр йўлдошим ҳам консерваторияни тугатганмиз. Мусиқа оламидан бошқа оламни билмасдик. Шу боис бу сўроқлар ва таъқиблар бизни ҳамма нарсадан бездириб юборди.

Биз КГБ деган сўзни кўп эшитган ва бу сўз қаршисида доим дир-дир титроққа тушган инсонлар эдик. Бир кун келиб ана шу идоранинг таъқибига учрайман деб ўйламагандим.

Шуҳрат бир зум хаёлга ботгач яна ўз тарихини ҳикоя қилишда давом этди. Шундан кейин у Тарки Ватан айламоқни ихтиёр этибди. Аммо бу осон иш эмас. Ўша машҳур кинорежиссернинг йўл йўриғи билан Америкага келибди. Табиийки, Янгийўлга борган америкалик меҳмонни у сарҳади билан бу сарҳадида бошқа бошқа уммон тўлқинланиб турган ўлкада қидириб топиши, айниқса муҳожир учун осон эмас. Ўтган йиллар мобайнида у Нью-Йоркда, Чикагода, Аризонада, Калифорнияда, хуллас, қаерда бир бурда нон топса, ўша ерда яшади, ниҳоят расмий бошпана олди. Бугун Портландда бир мактабда қоровул бўлиб ишлаяпти.

– Биз, – деди у, – консерваторияни битирганимизда, халқимизга хизмат қиламиз, санъатимизни юксалтирамиз, деб ўйлагандик. Лекин орзу бошқа, ҳаёт бошқа экан.Ҳар кун газеталардан Ватан ҳақида хабар излайман, лекин тополмайман. Қачон Ўзбекистонда сиёсий тузум ўзгариб, демократия қарор топса, албатта қайтаман, – деди у. Ва сўнгра мухолифатда фаолият кўрсатмоқчиман. Бунинг учун нима қилишим керак? Қайси партияга, қайси ҳаракатга ва қандай қилиб аъзо бўлай?

Мен унинг бу саволига “анкета билан партияга аъзо бўлиш коммунистик режимнинг анъанаси эди. Ҳозир эса мухолифатдаман, деб эълон қилиш ва ўзини мухолифатда ҳисоблашнинг ўзи етарли бўлса керак” дейман. У жавобимни англамагандек термулиб қолади. Мен эса унга демократиянинг бош қоидаларидан бири Эркинликдир ва Ихтиёрийликдир демоқчи эдим. Чунки бировнинг маслаҳати билан бирор бир ташкилотга аъзо бўлиш ёки бирор бир ҳаракатга қўшилиш демократияга зиддир. Демократия инсонларнинг ўз йўлларини ўзлари белгилаш мактаби. Шундай экан, балки Шуҳрат Мухторов ҳам бир кун ўз йўлини белгилаб олар?!

Аммо гап шундаки, унинг муҳожиратдаги ҳаёти ўксикдир. Уй-жойи, егулиги бор. Икки фарзанди яхши билим олмокда. Ишлаб топганлари ўзларига етиб ортмокда. Аммо битта нарса етишмайди. У ҳам бўлса ВАТАН.

Тарки Ватан – зулмдир,

Томирингдан қон оқар,

Тарки Ватан – ўлимдир,

Тобутингда жон ёқар!

Ҳа, ҳар турли сабаб билан Ватандан айро тушмоқ мумкин. Аммо ҳар қандай сабаб ҳам инсонни, унинг тафаккури, руҳи ва қалб оламини Ватандан узиб ташлай олмайди.

АЛ-ҚИССА: Сен Ватандан айрилдинг Ватанда, Мен Ватанга қайрилдим Ватансизликда…

20 АСР ЯКОБИНЧИЛАРИ

Бундан уч йил муқаддам Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида халқ жабҳасига қарши исён бошлатган полковник Суръат Хусейнов Бокуга танк билан кириб келганди. Элчибей ҳукуматини йиқитишга муваффақ бўлган 34 ёшидаги бу йигит бир муддат Бош вазирлик вазифасини ҳам бажарди Кейин унинг исёни оқибати президент бўлган Ҳайдар Алиев Суръат Хусейновни ўзига қарши давлат тўнтариши тайёрлашда айблади ва ишдан олди. Хусейнов икки йилдир Руссияда яшаётганди. Яқинда қўлларига кишан солиниб Бокуга келтиришди. Бир пайтлар танк билан Бокуга келган бу йигитнинг бугунги кишанли тарзи 20 аср сўнггида иқтидорга келиш учун ҳамон эски йўлларга бош урилаётгани оқибатини кўрсатувчи мисолдир.

Ҳа, ўтмишдан сабоқ олмаслик ҳамма вақт фожеага етаклайди. Қилич билан келган қилич билан кетади, деган гап “Ҳукмдор” китобидан чиқиб қарийб мақолга айланди. Балки ўтмишнинг шарт-шароитлари қилич билан келишни тақозо этгандир. Аммо ХХ аср тугаб, ХХ1 асрга одим отилаётган шу кунларда бутун дунёда демократик йўлларгина охир оқибатда кутилган натижага олиб келмокда.

Дарвоқе, демократик жараёнда бутун халқ иштирок этади, демократик ташкилотлар фаолият кўрсатади. Қилич йўли танланганда эса масала бир тўда кишидан ташқарига чиқмайди. Бу ўз-ўзидан озчиликнинг кўпчиликка ҳукм этишини кўрсатади.

1789 йилда Франциядаги Доминикус тариқатига мансуб зиёлилар бир клуб тузишганди. Бу клуб тез орада сиёсий жамиятга айланди ва унга якобинчилар номи берилди. Франциядаги ихтилол пайтида якобинчилар етакчи ўрин тутдилар. Уларнинг мақсади халқнинг хоҳиш истагига қарамай қиролни ўлдириш ва жамиятга ўз қарашларини ҳукмрон қилиш эди. Бу тарихга “ойдинлар диктатураси” номи билан кирди.

Узоққа бормайлик, ўзини ўзбек мухолифати лидерларидан деб юрган бири “Бу халққа бахтни мажбур қилиб бериш керак. Мушук кирлаб кетган бўлса ҳам чўмилишни истамайди. Уни тозалаш учун мажбуран чўмилтирар экансиз, қўлларингизни тирнайди. Халқимиз истамасада, биз унинг бўйнидан бўғиб бахтиёр этамиз”, деганида менинг жавобим “якобинчи” калимаси бўлганди. У якобинчи калимасидан оғринганди. Лекин бундан хулоса чиқармади.

Бугунга қадар дунёнинг бирор бир ерида якобинчиларнинг халққа манфаат сақлаганларини кўриш мумкин. Якобинчилар худбин бўладилар. Тахтга ўтирган фалон кишининг ўрнида мен бўлсам, яхшироқ бўларди деган тушунча билан яшайдилар. Кеча-кундуз хаёлларида тахт ва тахтда ўтирган кишини йўқотиш масаласи бўлади.Халқни эса унутадилар. Бу эса демократияни унутишдир. Эртага фавқулодда ҳокимиятга келган такдирларида ҳам ашаддий диктаторга айланадилар ва узоқ қололмайдилар. Чунки халқни мушук деб биладилар ва ўз дунё қарашларини унга мажбурлайдилар.

Гватемалада тахт учун кўтарилган қилич 36 йил қон тўкди. 140 минг инсоннинг ёстиғи қуриди. Оқибатда бу йўлдан воз кечилиб, демократик чорага бош урилди.

Хўш, Тожикистонда нима бўлди? Афғонистон толиблари ҳам замонавий якобинчилардир. Ўз қарашларини халққа мажбурламокдалар.

Гул етганда очилади дейишади. Аммо гулнинг очилишини қилич билан ёки қон билан кутиш, тезлаштириш ва гулни қучоққа босиш, туҳфа этиш учун эмас, балки қабр устига қўйиш учун етиштириш демаккдир.

Ўзбекистон демократик мухолифати тарих дарсларидан хулоса чиқариб, замонга мос йўлни танлаган. Демократияни устивор этиш учун халқ билан бирга, баробар қадам ташламокда. Ўзбекистон Демократик Кучларини Мувофиқлаштирувчи Марказий Кенгаш эса ана шу қарашдагиларни бирлаштирган. Туркияда Нажмиддин Эрбакан 27 йилдан кейин ҳукуматга етган эди.

Америкада бугун иқтидорда бўлган Демократик партиянинг мужодала йўли ҳам оз бўлган эмас. Бу билан биз ҳам кутиб ўтираверамиз деган хулоса чиқариш нотўғри. Аксинча, фикрларни ҳар турли машмашалару, ўзаро нифоқларга қаратилган кин, адоватдан тозалаб, демократик йўлларни қидириб топишга ва бу жараённи тезлатишга йўналтирмоқ керак. Ўшанда натижага тезроқ етиб келинади. Яъни, демократия йўли қилич йўлидан яқиндир.

Тарихга якобинчилар қандай кирган бўлсалар, Озарбайжондаги Суръат Хусейнов воқеаси ҳам тарихдан сабоқ чиқармаганлар саҳифасида ўз ўрнини топди. Зотан бу каби воқеалар ХХ асрнинг онда сонда учрайдиган нуқталари ўлароқ бугундан нарига ўтмайди. ХХ1 аср эса демократия йўлинигина танийди. Демократик йўл билан келган ғалаба эса ҳам ҳалол, ҳам фойдали, ҳам боқий бўлади.

АЛ-ҚИССА: Мен сени огоҳлантирдим, холос. Сен эса парво қилмадинг. Якобинчилик муборак сенга.!

ДИНГА МУНОСАБАТ – МЕНГА ВА СЕНГА МУНОСАБАТ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳақлари комиссиясида яқинда эълон қилган ҳисоботда дин ҳуррияти дунё мамлакатларида қандай қарор топганини кўзларимиз ўнгига қўйди. Бу рўйхатда Америка Қўшма Штатлари биринчи ўринда турар экан, Ўзбекистон эса энг охирги ўринлардан бирини эгаллаганди.

Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистонда динга муносабат ҳодисасини четдан туриб таҳлил қилсак, зотан ичкарида бундай имкон йўқ, икки хил қараш ёки хулосани кўрамиз. Биринчи хулоса шундан иборатки, Ғарб давлатлари Ислом фундаментализмига қаршидирлар, уларга яхши кўриниш учун бизда ҳам Ислом фундаментализми куртаклари мавжуд, уларни қўпориб ташлаяпмиз, дея обрў олиш. Ўзбекистондаги воқеаларга баҳо берилганда кўпинча ана шундай муносабат билдирилади.

Иккинчи, яна бошқа бир тоифадаги қараш шундан иборатки, ҳукумат диний жамоалар бирлашувидан ва кучли ҳолга келишидан, улар партияга айланишидан ва иқтидорга даъвогар бўлишларидан қўрқади. Бу муносабатни кўпроқ диний ва мухолиф жамоалардан эшитиш мумкин.

Юзаки қарашда ҳар иккаласида ҳам жон бор. Лекин бу жон мантиқсизлик оқибатидир. Хўш, дин Ўзбекистонда таҳлика ҳолидами? Дин ҳурриятига қовушмоқ таҳликами ёхуд динсизлик таҳликами? Гарчи бу саволларнинг битта жавоби бўлсада, яна юқоридаги каби икки хил қараш ўртага чиқиши табиий. Шу нуқтаи назардан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳақлари комиссиясида дин ҳуррияти борасида муҳокама қилинган масаланинг моҳияти ва натижаси муҳимдир.

Мазкур комиссияда АҚШ ҳайъати номидан маъруза қилган Александра Ареага Исломиятнинг Америкага энг тез ёйилган дин эканлигини ва умуман АҚШда барча динларга эркинлик берилганини уқтирган. Ареага хоним Америка Ташқи Ишлар Департаментининг инсон ҳақлари ва дин билимдонларидан ҳисобланади. У Бирлашган Миллатлар ташкилотининг динга ва ишончга қарши тоқатсизлик, айримчилик кўринишларини йўқотиш ҳақидаги декларациясининг 19-моддаси ўз мамлакатида аъло даражада бажарилаётганини айтади. Бу эса инсонларнинг энг олий ҳақларидан бири дин ҳуррияти эканлигини ифодалаган моддадир.

Дарҳақиқат, ҳар йили бир маротаба нашр этиладиган “Дунё альманахи” китобини варақлаганимизда қуйидаги рақамларга кўзимиз тушди: Бугун 5 миллион мусулмон Американи ўз Ватани деб билмокда. Бу ерда 4,5 миллион яҳудий, 900 минг ҳинду, 780 минг будпараст, 300 минг баҳоий ва бошка ишончларга соҳиб инсонлар яшаркан.

Бугун АҚШда бир миллиондан кўп аъзоси бўлган 28 фарқли қарашдаги диний жамоа ёхуд тариқат мавжуд. Аъзоси 100 минг билан бир миллион орасида бўлган 35 диний жамоа бор. Ҳатто шундай тариқат ва жамоалар борки, уларнинг номларини дунёнинг бирор бир ерида билишмайди. Масалан, 3 та Лутхаран, 9 та Маннонита, 16 та Пантакостал, 8 та Прессбайтер диний жамоаси фаолият кўрсатади. Шунга қарамай, Америка матбуоти диний масалаларни ёритиш бўйича дунёда энг охирги ўринни эгаллайди. Яъни ҳукумат у ёкда турсин ҳатто матбуот ҳам дин ишига аралашмайди.

Шундай экан, бизда ҳукуматнинг диний фаолиятга аралашаётгани у ёкда турсин жомеъ ва мачитларни ёпиб қўяётгани, диндорларни қувғин, сургун этаётгани инсон ҳақларини очиқ-ойдин суистеъмол этишдир. Конституцияда дин ва ҳукумат айри эканлигини тан олган ҳолда юқоридаги каби ҳолларнинг ўртага чиқиши ҳукуматнинг динга тажовузидан бошқа нарса эмас.

Америкада динга муносабат қандай бўлса Оврўпанинг бир қатор ўлкаларида ҳам ана шундай. Демак, динни назоратга олиб диндорларни қувғин қилиб, уларнинг кўзига яхши кўриниш мумкин эмас. Юқорида келтирилган икки муносабатдан биринчиси асосий эканлигини кўрсатади. Иккинчиси қўрқув билан боғлиқ эди.

Дарҳақиқат, бугун қўрқиш керак. Аммо динсиздан қўрқиш керак. Аллоҳга ва унинг Расулига ҳақиқатдан ҳам ишонган бир киши ҳеч қачон таҳлика эмас. Хўш, толибларчи? Жазоирдаги воқеаларчи?- деган саволларни олдимизга тизишингиз мумкин. Бугун дин дунёсининг бирор- бир уламоси толибларни оқлаётгани йўқ. Айни пайтда Жазоирдаги диний партиялар тақиқланиб қўйилгани оқибати қонли вазият ўртага чиққанини таъкидламокдалар. Агар Америкада ҳам диний ишонч таъқиб ва қувғинга учраса, балки у ерда буюк таҳлика ўртага чиқарди.

Ислом тоқатлилик, бағри кенглик, хушқараш диндир. Шундай экан, ундан қўрқиш керак эмас. Аксинча уни ўрганиш лозим. Бугун Ўзбекистоннинг энг жиддий масаласи Исломни ўрганишдир. Ўртага чиқаётган барча англашилмовчиликлар, худбинликлар, тазйиқ-у қувғинлар ўз динимизни билмасликнинг маҳсулидир. Шу сабабдан ҳукумат Ислом динини ўрганиш бўйича жиддий одимлар отса ҳам ўзига ҳам халқига фойдали бўлади.

АЛ-ҚИССА: Сен диндорлар билан, дин билан жангга кирганда мен бошимни саждага қўйиб сенга инсоф истардим.

ХАЛҚ ИРОДАСИ

Сайлов тизимлари бўйича халқаро жамғарма – Дизем Вагнер томонидан Ўзбекистонда ўтказилган анкета сўровларининг натижалари ғарб матбуотида кенг шарҳланди.

Аввало шуни айтиш керакки, чет эллик бир ташкилотнинг Ўзбекистонда оз эмас, кўп эмас 1830 киши билан савол-жавоб, бошқача ифода этсак, анкета сўрови ўтказиши жиддий воқеадир. Чунки мустақилликдан кейинги йилларда бундай тадбирни ўтказиш учун икки тарафлама имкон йўқ эди. Биринчидан, ҳукумат чет эллик бир ташкилотга бундай фаолият учун мутлақо изн бермасди. Иккинчидан эса, жавоблари ўз бошига калтак бўлиб тушишини билган фуқаро бундай тадбирдан қочарди.

Хўш, бугун нима бўлди? Ҳукумат ўзгардими ёки халқми?

Ҳукуматнинг кейинги 7-8 ой ичидаги баёнотлари асосан ўзини халқаро демократик жамиятга қабул қилдиришга қаратилди. Шу даврда фақат инсон ҳақларига доир 20дан зиёд қонун, фармон ва қарор қабул қилиниши, 50дан зиёд тадбир ўтказилиши ҳам ана шуни кўрсатади. Тўғри, гап бошқа иш бошқа. Лекин ҳукуматнинг гапда бўлса ҳам ана шундай ҳаракатлари қайси бир маънода ўзининг қўл-оёғини боғлаб қўймокда. Сайлов тизимлари бўйича халқаро жамғарманинг Ўзбекистонда сўров ўтказиши ана шунинг натижасидир.

Бир қарашда сўров номи ҳукуматнинг фойдасига ишлаётганга ўхшайди. Аслида эса бу натижалар халқимизнинг фойдасигадир. Ва айни пайтда мухолифатнинг беш йилдан буён ўртага отаётган даъволари халқнинг даъволари эканлигини, бу хусусда қарашларида фарқ йўқлигини кўрсатиб берувчи далилдир. Халқаро жамғарма бешта хулоса чиқарди. Тўғрироғи, сўровга жавоб берганларни беш гуруҳга бўлади. Булар – қаноатланган демократлар – 25%, диссидентлар ёки қаноатланмаганлар, бошқача фикрловчилар – 19, йўналишни йўқотганлар, ўз мавқеини йўқотган зиёлилар ҳамда эски консерватор гвардия – булар ҳам 19%.

Демак, ушбу анкета натижаларидан қуйидаги сиёсий натижалар келиб чиқади.

Биринчи: Натижалар халқ демократияга тайёр эмас деган қарашни пучга чиқаради. Маълумки, демократия ҳокимиятнинг халқ томонидан бошқарилишидир. Яъни бу тузум халқни ҳокимият томонидан бошқарилишига чек қўяди. Анкета натижаларига назар солсангиз саволлар сиёсий ва ўта жиддий бўлишига қарамай жавоб берувчилар ўзларини олиб қочмаган ҳолда ҳаммасига ўз фикрларини билдирганлар. Масалан, жавоб берганларнинг 32% мустақилликдан кейин “ҳаётим ёмонлашди” дейишининг ўзи кўп нарсани исботлайди.

Албатта, 56% жавоб берувчи “ҳаётим яхшиланди” деган бўлса, бунинг таркибида босимга учраганлар, таъқибдан қўрққанлар, менга нима дегувчилар бор. Аммо 32 фоизли гуруҳ эса собит, ўз фикрини яширмайди ва уни ҳимоя қилишга тайёр. Ёки жавоб берганларнинг 43 фоизи танқидга йўл қўйиш керак, дер экан 49 фоиз танқидга йўл қўймаслик керак дейди. Ҳа, бугунги шароитларда танқидга йўл қўйилмасин, деганлар 99,99 фоиз бўлиши керак эди. Кўриниб турибдики, бундай эмас. Демак, халқимиз демократияга нафақат илҳақ, балки демократия учун курашмокда ҳам.

Иккинчи: анкета натижалари социал соҳадаги данғиллама сиёсат инқирозга юз тутгани исбот этмокда. Жавоб берувчилар мустақилликдан кейин иқтисодий ислоҳотлар ҳақидаги саволларда ҳам иккига бўлиниб қоларканлар, оиладаги қийинчиликларни сўровчи саволлар ўртага чиққанда эса мудофаани тарк этиб ҳужум майдонига ўтадилар. Яъни жавоб берганларнинг 71 фоизи оиламда катта қийинчиликларни бошдан кечираяпман, дейди.Демак, бу гуруҳ социал муҳофазанинг ташқарисида қолди. Хўш, бир халқнинг 71 фоизи четда қолган бир жамиятда социал сиёсатнинг муваффақияти ҳақида гапириш мумкинми?

Учинчи: сўров натижалари ҳақиқий сиёсий ислоҳотлар бошлаш кераклигини ўртага қўяди. Бугун демократия ва ҳақиқий демократия, иқтисод ва ҳақиқий иқтисод, инсон ҳуқуқлари ва ҳақиқий инсон ҳуқуқлари дейишга мажбурмиз. Чунки ҳукумат беш йилдир демократия деди, демократиянинг учқунига йўл бермади. Иқтисодда ислоҳот деди, иқтисод ислоҳотсиз қолди, инсон ҳуқуқлари деди, инсон ҳуқуқлари аёвсизча поймол этилди.

Мана саккиз ойдир сиёсий ислоҳот демокда, лекин амалда кўзга кўринарли натижа йўқ. Демак бу тадбирларнинг ҳақиқийларига эҳтиёж бор. Анкета саволларига жавоб берганларнинг 70 фоиздан зиёди демократик давлат исташини очиқ ойдин айтган. Шундай экан, ҳукумат халққа қулоқ солса аввало ўзига фойда, ўзининг келажагини қутқариб қолади. Шу нуқтаи назардан сайлов тизимлари бўйича халқаро жамғарманинг анкета сўровлари ҳукумат учун ҳам фойдалидир. Агар бундан ҳам хулоса чиқара олмаса, сўзда бошқа, ишда бошқа эканлигини такрор исбот этади ва ўз инқироз кунини янада яқинлаштиради.

АЛ-ҚИССА: Сен хулоса чиқара олмаганлигинг учун эзилдинг, мен эса хулоса чиқара олганим учун. Қани адолат?

ЯҚИН ТАРИХ САБОҚЛАРИ

Бундан саккиз йил муқаддам шу кунларда Тошкент вилоятининг Бўка туманида бошланган воқеалар март ойининг илк кунларига бориб Паркент туманида бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлганди. Миллий озодлик ҳаракатларини бўғиш учун этник можароларни келтириб чиқарган советларнинг иғво маркази бўлмиш КГБ Ўзбекистонда бир миллатнинг икки қавми бўлган ўзбеклар ва месхет туркларини бир-бирига душман қилмоқчи бўлди. Лекин мақсадига эриша олмади. Тарихнинг аччиқ сабоқлари ҳақида ўша пайтда Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан тузилган Паркент комиссиясига аъзо бўлган камина ҳалига қадар бу воқеаларни унута олмайман.

Замонавий рус тарихчилари худди бундан 8 йил муқаддам дунёга ўзбеклар месхет туркларини қирғинбарот қилмокдалар, дея шум ниятли хабарлар тарқатганларидек, ҳозир ҳам туркий халқларнинг орасига ихтилоф отиш учун бу воқеаларни ўз тегирмонларига кўра шарҳламокдалар. Жумладан, Макс Лурие ва Петр Студеникнинг “Изтироб алангаси” номли китобида ўзбеклар ва месхет турклари айри-айри миллат ва бир -бирига душман дея таърифланади. Ваҳоланки, том акси.

Паркентнинг Кумушкон дам олиш уйига келтирилган месхет турклари автобусларда олиб кетилар экан, ўзбек оналари ва нуронийлар орқадан кўз ёши тўкиб, тиззаларига уриб йиғлаб қолишганини ҳали тарих унутган эмас. Қолаверса, Бўка ва Паркент даҳшатлари бошланғичи сифатида кўрсатилган Фарғона воқеаларида ўлганларнинг рўйхатига назар солинса, бу уйдирма дарҳол равшанлашади. Фарғона воқеаларида ўша кездаги расмий маълумотларига кўра, 106 киши ўлганди.

Шундан 43 месхет турки, 12 озарбайжон, 35 ўзбек, 5 рус ва бир татар, бир тожик, бир бошқирд, бир армани, бир юнон, қолган олти нафари ҳам турли миллат ва халқларга мансуб. Кўриниб турибдики, бу воқеаларда ҳеч қандай қутблашма йўқ, ҳўлу- қуруқ баравар ёнган.

Хўш, Бўка ва Паркентда нима бўлганди? 1990 йил март ойининг ўрталарида Бўкада турли миш-мишлар тарқала бошлади. 17-18 мартга келиб воқеалар авжига чикди. Бир нечта уйлар ёндириб юборилди. Ҳукумат дарҳол бу туманда ва унинг атрофида яшаган месхет туркларини автобусларга миндириб, тоғлар орасида оролча каби жойлашган Паркент туманидаги Кумушкон дам олиш уйига олиб кетди. Паркентликлар мажбурий меҳмонларга ёмон кўз билан қарамадилар, аксинча ўзлари емай-ичмай топганларини дам олиш уйига юбордилар. Аммо бу воқеалар ортида катта кучлар борлиги, фитнаниг муаллифлари кимлар эканлиги кўп ўтмай ўртага чикди.

Агар Ўзбекистон Олий Кенгашининг бу борада тузган комиссияси томонидан ҳозирланган ҳужжат, яъни биз имзо қўйган ҳисобот эълон қилинса, кимнинг ким эканлиги дарҳол ўртага чиқади. Қолаверса рус тарихчиларининг бу воқеаларни ўзларига монанд қилиб ёзишларига, фитна қўзғашларига чек қўйган бўламиз. Ҳа, биз яширсак, уларга қўл келади.

Паркентда қон тўкилишидан бир кун олдин оқшом пайти барча хўжаликларга қўнғироқ қилиниб тартиб

интизомни сақлаш учун эрталаб Паркент марказига ёшлар юборилиши сўралди. Эрталаб ёшлар юк машиналарида марказга келтирилганда бу ерда БТРлар, зирҳли машиналар ва аскарларни кўришади. Бунинг устига марказга илк бор аскарлар ва зирҳли транспорт келганини кўрган атрофдагилар томошага тўпланишади.

Оломонни четлаштириш учун сой томонга сиқиштирадилар. Орқада сой гувиллаб оқмокда, олдинда эса миршаблар ва аскарлар. Резина калтаклар ҳавода учмокда. Табиийки, бундай шароитда асаблар таранглашди.

Аммо нима сабабдан халққа қарши ўқ отилгани ҳалига қадар савол. Ўшанда автоматдан отилган ўқлар Мирсоли Миртурсунов, Тожиқул Алматов ва бошка ўнлаб кишиларни йиқитди. Ҳатто шу куни жаноза пайтида бел боғлаб турганлар ўз қишлоқларида, ўз уйларида “нега тарқалмаяпсиз” деган баҳонада ўққа тутилди. Бу мисоллар шуни кўрсатадики, фитна ортидагилар халқни ғалаёнга келтирмокчи ва шу баҳонада миллий озодлик ҳаракатларини бўғиб ташламоқчи эдилар.

Кейинчалик совет КГБсининг сўнгги раҳбарлари ёзган китобларида буни эътироф этдилар. Нафақат Ўзбекистонда, балки Болтиқбўйи жумҳуриятларида, Кавказ ва Ўрта Осиёда миллий озодлик ҳаракатларини кучсизлаштириш учун барча тадбирлар ишга солинганди. Чунки КГБ бу ҳаракатлар Совет Иттифоқининг тагига сув қуйишини ҳис этарди. Бугун учун хулоса чиқариладиган бошқа нарса бор. У ҳам бўлса ҳалига қадар Ўзбекистонда бу воқеалар цензура дафтарига киритилгани, давлат сири сифатида сир сақланаётганидир. Агар Ўзбекистон Олий Кенгашининг Паркент воқеалари юзасидан фаолият кўрсатган комиссиясининг уч томлик ҳужжатлар тўплами ва 58 саҳифалик хулосаси бугун ўртага чиқса, жуда кўп одамнинг пайтавасига қурт тушади.

Чунки бу воқеалар пайтида Москванинг югурдаги бўлган ўзимизнинг акахонларнинг аксарияти жуда тез мансабдан мансабга кўтарилди. Ўша кездаги капитанлар бугун генерал бўлдилар, ўша кездаги ижрочилар бугун мамлакатни бошқаришда сўз соҳибидирлар.

Биз 70 йил давомида сохта тарихни ўргандик. Аммо бугунга келиб ҳам ҳақиқий тарихдан хабарсиз қолмокдамиз.

Ўз тарихини билмаган миллат ўз келажагини ярата олмайди. Ўз тарихидан кўз юмган миллат ўз келажагидан кўз юмади.

АЛ-ҚИССА: Сен келажакни эмас, ўзингни ўйладинг, мен эса сени ўйладим. Иккаламиз хато килдик шекилли

БЕШ ДАЛИЛ

“Ўзбекистонда матбуот эркин бўлиши учун аввало журналист кадрлар тайёрлаш керак” деган гап жуда кўп такрорланмоқда ва ҳатто бу матбуот бўғиб қўйилишининг бирдан бир сабаби қилиб кўрсатилмокда.

Қизиғи шундаки, ҳатто баъзи малакали журналистлар ҳам бу фикрни бот-бот такрорлай бошладилар.

Масалан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири, эркин матбуот фондининг раисдоши Аҳмаджон Мелибоев «Биз аввало журналистларни демократия, матбуот эркинлиги шароитида фаолият кўрсатишга ҳозирлашимиз керак» дейиши кишини ўйлатиб қўяди.

Аҳмаджон ака самимий инсон ва у кишини ҳурмат қиламан, аммо бу фикрга қўшилмайман. Чунки матбуот эркинлиги демак – инсон ўз фикри, қарашлари, таклифлари, тушунчаларини матбуотнинг бирор бир воситаси орқали очиқ айтиши ва халқнинг матбуот орқали барча маълумотларни бор ҳолича олиш имконияти демакдир.

Бунинг учун кадрларни алоҳида тайёргарликдан ўтказиш – бу совет, коммунистик режимга хос эди. Бугун фикр айтиш ва газета макетини чизишни қориштириб юбормаслигимиз керак.

Аслида журналист кадрлар тайёрлаш масаласи давлат учун жиддий ва бунга чинакамига эътибор берадиган давлатни қутламоқ даркор. Бирок матбуот эркинлигини журналист кадрлар тайёрлашга боғламоқ сиёсий хатодир.

Матбуот тўртинчи ҳокимият. Бу қоида асосан демократик жамиятларда ишлайди. Авторитар ёки диктатура шароитида матбуот биринчи ҳокимиятнинг маддоҳига айланади ва ўз кучи, мавқеидан маҳрум бўлади.

Ўзбекистонда демократик жамият қуриш учун сўз берилмоқда. Бунинг биринчи одими матбуот эркинлиги бўлиши зарур. Кимдир чиқиб йўқ, илк одим инсон ҳақлари ёки сиёсий ташкилотларга бериладиган эркинлик бўлиши лозим, дейиши ҳам мумкин ва бу товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухумми дегандек гап.

Бунга Ўзбекистонда тўртинчи ҳокимиятни юритадиган журналист кадрлар борми, деган саволга жавоб бериш жараёнида тўхталамиз.

Биринчидан, ҳақиқий сиёсатчи энг аввало журналистдир. Шу боис журналист кадр йўқ дейиш сиёсатчи йўқ деган маънога келади. Журналист – давлат арбобидир.

Айни пайтда давлат арбоби – журналистдир. Демак, сиёсатчига, давлат арбобига ҳам бугун эркин фикр билдириш, ўз қарашларини очиқ айтиш минбари зарур.

Иккинчидан, ҳар қандай сиёсий партия ёки ташкилотнинг асоси унинг матбуотидир.

Матбуоти бўлмаган сиёсий партия кўр, кар ва гунглардан иборат бир гуруҳга айланади. Шундай экан, эркин матбуоти бўлмаган сиёсий партия фаолиятининг ҳам бундан фарқи йўқ. Бу ерда энди қизил олма, кўк олма бир олма дейиш мумкин эмас.

Учинчидан, матбуот сиёсий қурол ва қудратли минбар, миллатниннг манфаатларини очиқ ҳимоя қиладиган муассасадир. Халқ ўз дардини англатиш ҳуқуқини эркин матбуот шароитидагина қўлга киритади.

Демак халқ энг катта манба ва бу аввало журналист кадрлар тайёрлаш керак деган гапни яна бир бор пучга чиқаради.

Халқ ўз дардини англатмоқ учун бирор бир факультетни битириши ёки алоҳида тарбия олиши ёхуд бирор жойдан тажриба ўрганиб келишга эҳтиёжи йўқ.

Тўртинчидан, Ўзбекистонда малакали, маҳоратли журналистлар оз эмас. Қайта қуриш йилларини эсланг, одамлар китоб ўқишни бир четга суриб қўйишди. Чунки бўш вақтларининг асосий қисмида газета ўкишарди. Газета дўконлари ёнида саҳардан навбат бошланарди. Юзлаб журналистлар замонанинг энг долзарб
масалаларини кун ёриғига олиб чиқардилар ва ҳеч ким у пайтда эркин матбуот учун аввал журналист кадрлар тайёрлаш керак, демасди.

Ўша йиллари ўзбек журналистикаси катта синовдвн ўтди ва матбуот расман бўғилмаганда бугунга келиб маънавиятимиз бу қудратли манбадан маҳрум қолмаган бўларди.

Бешинчидан, бугунги реал хаётга назар солинса, гарчи шароит тақозоси билан четда нашр этилаётган бўлса-да, ўзбек эркин матбуоти намуналари ҳам мавжуд. Масалан, «Ҳаракат» журнали, «Янги мустақил ҳафталик», «Эрк»,
«Бирлик» газеталари бунинг мисолидир.

Булар асосан ҳукуматни танқид қилиш билан овора, деган фикрга ҳам қўшилиш қийин. Бундай танқидни уларнинг мухолифат нашри бўлганликлари оқлайди.

Колаверса, кейинги пайтда бу нашрларнинг айримлари жиддий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий масалаларни ҳам эркин таҳлил қила бошладилар. Яъни бу нашрлар алтернатив фикр манбаига айланди.

Бир сўз билан эркин матбуот бўшлиғини тўлдиришга хизмат қилмокдалар.

Хуллас, Ўзбекистонда демократик шароитларда ишлаш учун журналист кадрлар етиштиришимиз керак, деган фикрнинг асоссиз эканлигига беш далил келтирдик. Аслида яна бир қатор далилларни санаш мумкин.

Лекин шунинг ўзи ҳам кўрсатадики, эркин матбуот шароитида фаолият кўрсатиш учун асос ҳам, кадр ҳам мавжуд.

Улар фақат эркин нафас олишни, яъни демократия шамолини кутиб турибдилар.

АЛ-КИССА: Сен ёзма дединг, мен ёздим. Мен ёз дедим. Сен ёзмадинг….

26 феврал, 1996 йил.

МЕНГА НИМА?

Ўзбекистонда матбуот эркин эмаслигининг қандай сабаблари бор? Нима учун ҳукумат ОАВни назорат қилишни расман бекор қилган бўлса-да, амалда кучайтирмоқда? Бунда журналистларни ҳам айблаб бўладими?

Мен бу мавзуда кўп ёзганман. Жумладан, “Ўзлигим” китобида бу хусусдаги фикрларим батафсил ўрин олган. Шунга қарамасдан бу саволга яна бир бор мухтасар жавоб қилмоқчиман.

Биринчидан, матбуот жуда кучли сиёсий қурол. Буни яккаҳокимлар, зулм пешволари яхши биладилар. Чунки эркин матбуот ухлаётган тафаккурни уйғотиб қўяди ва бу зулмнинг емрилишига олиб келади. Каримов режими (Каримов ва унинг мулозимлари) матбуотга эркинлик берса, бу ўз бўғзига пичоқ тортиш билан баробар эканлигини тушунмайдиган даражада ахмоқ эмас.

Бугун баъзилар ўзбек матбуотида ёзилганларни ҳар қанча ёлғон деганлари билан авомнинг аксар қисми ана шу ёлғонга ишонади. Каримов режимига эса шу керак. Ўз фикрини авомга сингдириш учун матбуот унинг қўлидаги қуролдир ва режим йиқилмагунча қўлидаги бу қурол тушмаслигини мен 14 йил олдин Олий Мажлиснинг минбаридан ҳам айтган эдим.

Иккинчидан, мен журналистларни ёппасига айблай олмайман. Қамоқдаги одамдан қандай қилиб узоқ масофага югуришни талаб қиласиз? У югургани билан бир жойда айланишдан бошқа имконияти йўқ. Агар озгина эркинлик бўлса, у хақлнинг дилидагини олиб минбарларга олиб чиқади.

Аммо ҳамма соҳада бўлгани каби журналистлар орасида ҳам жасоратсиз, лоқайд, манфаатпараст бўлганлари бор. Уларнинг борлари шу бўлгани боис улардан бир нарса талаб қилиш қудуқдан олтин излашдек гап.

Мени кўпроқ ранжитадигани қўлида имкониятлари бўлгани ҳолда буни ишга солмай режимга қул бўлган журналистлардир. Совет давридаги қатағқонларга қарамасдан раҳматли Аҳмаджон Мухторов кабилар ҳар бир имкониятни ишга солишга уринар эдилар.

Лекин Каримов даврида (бошқа бир Аҳмаджон) Аҳмаджон Мелибоев кабилар қўлда имкониятлари бўлгани ҳолда матбоут ва сўз эркинлиги йўлида, яъни халқ манфаати учун хизмат қилмаётирлар. Бу эса фожеaларимиздан биридир. Яъни: менга нима, ўзинг учун ўл етим!

2005 йил, 15 Июн.

ХАБАРНИНГ ЗАЛВОРИ

Ўзбек матбуоти эркиндир, деган гаплар айтилаётган бўлса-да, журналистларни муҳофаза қилувчи халқаро қўмита журнализм борасидаги масалалар, муаммоларни ўртага қўяркан, Ўзбекистонни матбуоти эркин бўлмаган давлатлар рўйхатига киритди. Хўш бунинг сабаби нимада ва бу дашномдан қутулишнинг йўли борми?

Ўзбек журналистикаси, унинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида гапиришга, ўйлашга ва қайғуришгга ҳаққим бор, деб уйлайман. Чунки оз эмас, кўп эмас 25 йилдир-ки шу соҳанинг ичидаман. Унинг муаммолари, дардларини бевосита яшаб, гувоҳи бўлганман.

Қолаверса, мана уч йилдирки, нафақат Осиёда балки Оврупада ҳам нуфузли ўрни бўлган газеталардан бирида ишларканман, ўзбек матбуотини ташқаридан кузатиш имконига ҳам эга бўлдим.

Умуман олганда эса матбуотимиз ҳақида ҳар бир журналистнинг, ҳар бир инсоннинг гапиришга, фикрини айтишга, мулоҳазаларини билдиришга ҳаққи бор. Чунки матбуот ҳар биримизнинг ҳаётимиз билан боғлик.

Маълумки, шўролар даврида матбуот марказлаштирилган эди. Газета, журналлар Коммунистик партия Марказий қўмитасининг нашриётида босилишига қарамай сиёсий цензурадан ҳам ўтказиларди. Танқид бор эди, аммо юқорининг буйруғи асосида ёки кўрсатган йўли бўйича танқид қилинарди.

Яъни юқоридан пастга қараб йўналтирилган танқид ирмоғи мавжуд эди. Ошкоралик ва қайта қуриш даврида бу ирмоқ тескари оқа бошлади, тўғрироғи, илгари тескари оқишга йўналтирилган ирмоқ энди ўз йўлига тушганди. Бу ирмоқнинг сувини оддий инсонлар билан бирга энг юқори лавозимдаги мансабдорлар ҳам ича бошладилар.

Лекин бу вужудларига сингмаётгани, ҳазм қила олмаётганликлари ҳар сонияда сезилиб турарди. «Сеними, қараб тур» қабилида иш тутиб, Сулаймон ўлиб, девлар қутилишини кутардилар. Аммо ана шу даврда ўзбек журналистикаси ўзининг нимага қодир эканлигини кўрсата олди. Айниқса, 1986-1991 йилларда ўзбек матбуоти саодат даврини яшади. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталиги, «Халқ сўзи», «Эрк», «Мустақил ҳафталик», «Оила ва жамият», «Туркистон», «Қишлоқ ҳақиқати» сингари газеталар даврнинг энг муҳим масалаларини халқ муҳокамасига қўя олдилар.

Ўн йиллар давомида одамлар оғизга олишга қўрққан муаммолар ана шу даврда ўртага чиқарилди. Пахта монокултураси, Орол фожеаси, ўзбек оналарининг қисмати, соғлик, маориф, маданият борасидаги кўзбуямачиликлар, тарихдаги сохталаштириш ва ниҳоят мустақиллик масаласи – ҳамма ҳаммаси ана шу қисқа даврда ўртага отилди.

Шу даврда ўзбек матбуотида таниқли журналистлар сулоласи етишди. Советлар парламентида бирор бир журналистни кўриш амри маҳол эди. Лекин ошкоралик даврида бўлиб ўтган сайловларда 22 журналист Ўзбекистон парламентига сайланди. Бу эса халқнинг ўзбек журналистикасига билдирган муносабати эди.

Лекин ҳукумат сиёсий тазйиқларни бошларкан, қиличнинг энг ўткир қисми журналистика бошини учирди. «Эрк» газетаси ёпилди, «Мустақил ҳафталик» бўғиб қўйилди, «Халқ сўзи» газетасининг асосий ядроси ишдан четлаштирилиб, газетанинг йуналиши ўзгартирилди.

Бошқа газета-даргилар ҳам жиловланди. Табиийки, воқеаларнинг бундай жараёнида журналистларнинг ҳам улушлари бор, чунки бирлашиб, бутунлаша олмадилар, ўз манфаатлари ва газеталарнинг қадр-қимматини бой бердилар. Халқнинг муносабати дарҳол сезилди.

Бир пайтлар миллионлар ўқиган газеталар бир зумда мингларга тушиб қолди. Бу эса уларнинг нафақат сифатига балки журналистларнинг чўнтагига ҳам зарба урди.

Агар матбуот эркин бўлганда бугунга келиб у ҳам бутун дунёдаги каби рақобат майдонига айланарди. Газеталар реклама ва обуна ҳисобининг ўсишига кўра ўзларининг техник базаларини қайта қурардилар. Ғарб матбаасининг энг олдинги технологияси аллақачон юртимизга кириб келган бўларди.

Шу ўринда бир мисол бермоқ истайман: Туркияда ҳам ҳали яқин яқингача матбуот назорат остида бўлган. У эркин қўйилгач ва хусусий нашрларга йўл очилгач, мана 15-20 йил ичида Оврупанинг барча ўлкаларидан ўсиб кетди.

Бугун сифат борасида дунёда битта газетага Халқаро сифат белгиси берилган, у ҳам булса Туркиядан.

Бугун газета нашр этишда, радио, телевидение эшитиришлари ва кўрсатувлари тезкорлигида Туркия дунёда биринчи ҳисобланади. Матбуот бу ерда тўртинчи ҳокимият даражасидан илгарилаб кетиб, биринчи ҳокимият ҳолига келиб қолгани учун унинг масалалари тортишилмоқда.

Бизда эса тўртинчи ҳокимият кучи у ёқда турсин матбуотимизнинг ўз-ўзини оёқда тутиш кучи ҳам йўқолган. Тиззалаб, қалтираб, юқорининг жилови билан аранг оёкда тургани учун ўрни қаердалигини баҳолаш ҳам мушкул.

Баъзилар фақат танқидгина матбуотни юксалтиради дебўйлашади. Бу янглиш. Матбуотнинг кучи унинг мустақиллигидадир. Керак бўлган пайтда танқиди, керак бўлганда таҳлили ва керак бўлганда мақтови билан ўртага чиқади. Аммо унинг оёқда тутувчи илдизи хабарчилигидир. Ҳаётимиздаги ўрнининг аксарий қисми унинг хабарчилиги билан боглиқ.

Ҳа, бугунги матбуотимиз хабар билан тўлиб тошган-ку дейишингиз мумкин.

Бирок хабарнинг залвори унинг тўғрилиги, тезкорлиги, объективлигидадир.

Май, 1997 йил.

МАФКУРАНИНГ ҚУЛИ

Ғарб давлатларида газета ёки дарги нашр этиш ҳар кимнинг хусусий иши. Истаган кунингиздан эътиборан бирор бир газета ёки дарги нашр этишингиз мумкин ва у босмадан чиққандан сўнг ҳукуматнинг керакли идорасига бир нусха юбориб, мен шундай газета ёки дарги чиқараяпман, дейишингиз кифоя. Шу билан сизни рўйхатга олиб қўйишади. Газета, даргингизнинг умри, мавқеи, ўрни рақобат бозорига ва сизнинг кучингизга боғлиқ. Ғарбда ҳар куни ўнлаб янги нашрлар чикади ва ўнлаб нашрлар ўз-ўзидан ёпилиб кетаверади.

Бирор бир газета ёки журнал ҳукуматнинг расмий қарорлари, фармонлари, қонунларини босмайди. Истаса ва керакли деб топса бу хусусда кичик бир хабар билан кифояланади.

Давлатнинг ва ҳукуматнинг барча ҳужжатлари ўзи томонидан чиқариладиган расмай газетада эълон қилиб борилади. Бу газета ҳужжатлар мажмуаси бўлиб, кундалик оммавий, сиёсий, ижтимоий нашрлардан кескин фарқ қилади.

Ана шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам битта расмий газета бўлиши керак. Президент девони, Олий мажлис, Вазирлар маҳкамасининг барча ҳужжатлари бу кўп саҳифали газетада эълон қилиб борилади. Қолган барча газеталар, даргиларни хусусийлаштириш пайти келди. Дунёда вазирликлар, партиялар газета чиқариш иши билан шуғулланишмайди. Бугун Ўзбекистонда ҳар бир вазирликнинг битта нашри бор. Ким билади бунинг учун қанча маблағ сарфлашмоқда?

Агар Ўзбекистон президенти Девонининг умумий ишлар бошқармасига боғлаб қўйилган Шарқ концерни хусусийлаштирилса, шахсларга ёки ширкатларга газета чиқаришлари учун монелик қилинмаса, қисқа вакт ичида ўзбек матбаачилиги ва журналистика ўз қаддини тиклаб олади. Бугун чет элларга бориб келаётган юртдошларимиз 32, 48 ёки 96 саҳифали рангли газеталарни кўриб ҳайратланишади. Аслида бу у қадар мураккаб иш эмас, табиийки ишини билган учун.

Бугун Ўзбек журналистлари билан ҳамкорликда Тошкентда газета чиқаришни, кеча-кундуз жонли кўрсатувлар берадиган телевидение ва тинимсиз равишда жонли эшиттиришлар олиб борадиган радиостанциялар барпо этишни истаётганлар кўп. Дарҳол бу фикримизга қарши чиқувчилар топилади. Матбуот мафкурамизнинг асосий қуроли, қандай қилиб бу қуролни тўғри келган одамга ишонамиз, дейишлари мумкин. Аслида матбуот мафкуранинг қуроли бўлишдан қутулган жамиятда у тез юксалади.

Олдинги суҳбатимизда таъкидланимиздек, матбуотнинг бош вазифаси хабарчиликдир. Хабарнинг эса мафкураси бўлмайди. Ҳа, хабарни шарҳлаш, унга муносабат билдириш, уни мафкура ҳолига келтириш бу матбуотнинг эмас ўзбек зиёлиларнинг вазифасидир.

Матбуот нашрлари кўпайиб, эркин ўлган бир шароитда ўзбек зиёлилари истаган жойларида ўз муносабатларини ўртага қўядилар. Бугун Ўзбекистонда бир канча телеканаллар мавжуд. Баъзи вилоятлар, туманлар ҳам ўз телеканалларини очиб олишган. Ҳаққоний хабарчиликнинг йўли боғлаб қўйилгани учун улар кеча-кундуз ҳинд кинофильмлари, Ғарбда қоронғу уйларда яширинча сувратга олинган ғайриахлокий фильмларни намойиш қилиш билан вақт ўтказадилар. Мафкурамиз қаердан зарар кўраётганини англаб бўлмайдиган шароит бу.

Ҳукуматнинг қиладиган битта иши бор. У ҳам бўлса матбуотнинг жиловини қўйиб юбориб, унинг монополиялаштиришга йўл қўймайдиган қонунлар ҳозирлаш ва ижросини назорат қилишдир. Чунки бугун матбуот ҳукуматнинг қўл остида тўпланганидек, эртага маълум бир кишиларнинг мулкига айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Матбуот ҳамманики ва ҳар бир кишиники бўлиши учун ҳукумат ўртада тарозибонлик қилиши керак.

Ҳа, биз жуда узоққа кетиб қолдик. Бугунга қайтадиган бўлсак, ҳукуматимиз матбуотни қўлдан чиқарадиганга ўхшамайди. Агар ҳақиқатдан ҳам демократик, эркин матбуот исталганда эди жиддий амалий одимлар отиларди. Афсус…

Дарвоқе, бу ерда қизиқ ҳодисани кўрамиз: ҳукумат матбуотни қаттиқ назорат қилмоқда, аммо халқимиз советлар давридагидек хабарлардан узокда қолаётгани йўқ. Ҳар тарафи информация тўлқини. Атрофдан келаётган радио-теле тўлқинлари, қўшни жумҳуриятларнинг матбуот нашрлари ва ниҳоят мухолифатнинг газета, даргилари бор гапни ёзишмоқда, айтишмокда. Ҳукумат ҳамма ёқни тўсишга ҳам уринмоқда. Лекин бесамар. Демак, зарар кўраётган ҳукуматнинг назоратидаги матбуот васиталари.

Улар ҳам ҳаққоний хабарчиликдан узокда, ҳам замонавий технологиядан ортда ва ҳамда иқтисодий қийинчилик остида қолишмоқда. Бугун ўртага чиқиб мен иқтисодий ҳаётимдан манмунман, деган журналистни топиш мушкул. Ҳатто чиқиб қолганда ҳам унга ё ишонишмайди ёки устидан кулишади ёхуд унинг бошқа даромади бор.

ДАВЛАТ СИРИ

Маълумки, шўролар замонида ҳар бир матбуот идораси қошида давлат сирларини сақлаш бўйича махсус вакил ўтирарди. Унинг бошқача номи цензор эди. Бугун МДҲ ўлкаларининг аксариятида бу муассаса тарихга айланди. Ўзбекистон қонунларида ҳам матбуотни цензура қилиш таъқиқланган. Жумладан, шу йил 24 апрелда қабул қилинган «Журналистик фаолиятни қимоя қилиш тўғрисидаги» Ўзбекистон республикаси қонунининг 4-моддасида ҳам бу эътироф этилган.

Бироқ юқорида номи тилга олинган вакиллир ҳамон ўз ўринларида ўтиришибди. Уларнинг муҳри босилмасдан нашр йўли очилмайди. Бу воқеани ҳар ким ҳар хил изоҳламоқда.

Жумладан, «Халқ сўзи» ва «Ҳуррият» газеталарининг Бош муҳаррирлари (Хуршид Дустмуҳаммад ва Аббасхон Усмонов) Буюк Британияга сафарлари чоғида Би-Би-Си радиосига берган суҳбатларида «Катта кичик ҳар бир мамлакатнинг ўз сири бўлади» дейишди.

Тўгри, ҳар бир давлатнинг ўзига яраша сири бор. Буни уч бўлимга бўлиш мумкин:

БИРИНЧИ: Миллий, стратегик бойликларга оид сирлар, жумладан, уларнинг хариталари.

ИККИНЧИ: Ҳарбий, миллий хавфсизликка доир сирлар, жумладан, уларнинг адреслари.

УЧИНЧИ: Давлат аҳамиятидаги стратегик тадқиқотларга доир сирлар, жумладан уларда келтирилган рақамлар.

Ҳар уч бўлимга кирадиган сирларни қўриқлаш бевосита улардан воқиф бўлганларга, улар билан ичма ич яшаганларга оид. Бу бугун дунёда қабул қилинган қоида. Матбуотнинг қошида ўтириб уларни қўриқлаш советчасига латифаомўз ҳолдир. Чунки давлат сири журналистга ёки матбуотга қадар етиб келдими, унинг сирлиги қолмади дегани.

Совет Иттифоқи тўғонни янглиш ерда қўйгани учун ҳам бирор бир сирини қўриқлай олмаганди. Чунки давлат сирини билганлар, менга нима, уни қўриқловчилар бор-ку, дея, масъулият ҳис этмасдилар. Бугун ҳам айни ҳол давом этмоқда. Бунинг устига-устак давлат сири тушунча ўлароқ доираси янада кенгайтирилган.

Масалан, бугун ўзбек матбуотида мухолифатни, «Бирлик» ва «Эркни» қоралаш учун йўл очиқ. Лекин масалага ижобий назар солиш ёки мазкур партия-ҳаракат аъзоларининг қарашларини чоп этиш йўли ёпиқ.

Демак, бу ҳам давлат сирига киради.

Ёки халқимиз бюджетнинг тақдирини билмоқ истайди. Буни ёзиш, таҳлил этиш мушкул эмас. Бухгалтерияда баланс деган нарса бор, бир томонга кредит, иккинчи томонга дебит ёзилади, яъни кирим ва чиқим. Хўш, соғликни сақлаш, маориф, маданият, илм фанга қанча маблағ ажратилди ва қаерларга сарфланди? Қонунда халқнинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланганига қарамай, буни ҳам ҳеч ким ёзолмайди. Давлат сири!

Бошқа мисол. Кадрлар масаласини олинг. Кадрларни танлаш, тайинлаш ва ишдан отиш, ҳокимни вазифага келтиришда унинг қобилияти, ташкилотчилиги ўрганиб ўрганилмаганлиги – давлат сири.

Бу ҳам майли. Статистика маълумотлари, планлар тўлишининг парда орқаси, кўзбўямачилик, қўшиб ёзиш ҳақида ёзаман деган журналистнинг пешонаси тош деворга урилади – давлат сири.

Қашшоқлик, камбағаллик, порахўрлик, юқори мансабдаги раҳбарларнинг суистеъмоли, ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ҳак-ҳуқуқлар топталиши, адолатсизлик – давлат сири.

Демак, давлат сири бўлмаган битта нарса бор. У ҳам бўлса мақтов. Шу сабабдан бугун журналистлар асосан мақтов билан бандлар.

Матбуот халқнинг кўзи, қулоғи ва тили-дили бўлиши керак. Бу кўз юмилса, бу қулок эшитмаса, бу тил соқовлик ролини бажарса ва бу дил ҳис этмасликни шараф деб билса, бундай жамиятда демократиянинг мавжуд учқунлари ҳам ўлиб боради. Матбуот нафақат халқни балки ўзини ҳам йўқотади.

Журналистларни муҳофаза қилувчи халқаро қўмитанинг яқинда эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон эркин матбуот бўғилган давлатлар сафида турганди, ҳамон. Бу ҳукуматга жиддий танқид бўлиши баробарида журналистларимизга ҳам оғир дашномдир! Бу дашномдан қутилишнинг битта йўли бор, у ҳам бўлса, давлат сири бўлган тушунчадан қутилмок керак.

Сирсиз салтанат борми, дея эътироз билдиришингиз мумкин? Бор: сирсиз салтанат бу демократиядир.

Демократия шароитида давлат сири ниқоби остида эркин матбуот бўғилмайди.

Демократия шароитида давлат сирини бу сирнинг соҳиблари қўриқлайди. Қандайдир идора ёки инспекция очиб қоровуллик қилинмайди.

Бугун демократия ўрганишни истсак, ишни давлат сири деган тўсиқдан қутилмокдан бошлаш керак. Зотан бу тўсиқ олиб ташланса, келажакнинг йўллари ўз-ўзидан очилиб кетади ва ўзбек журналистикаси ўзлигига қовушади.

АЛ-ҚИССА: Сир бу Искандарнинг шохи. Мен бу шохни кўриб қолдим, Сен кўрмадинг. Аммо иккаламиз ҳам бу сирнинг қурбонига айландик.

Май, 1997 йил.

МАВҲУМЛИК

Бугун ўзбек матбуоти, ўзбек журналистикасининг ролини ошириш ҳақида кўп гапирилмокда ва кўп ёзилмокда. Халқнинг дарди, инсон ҳақлари, ижтимоий-сиёсий муаммолар ҳақида дадиллик билан, очик-ойдин ёзилмаётганининг сабаби қилиб журналистларнинг малакасизлиги кўрсатилмокда. Аслида ҳам шундайми?

«Ҳуррият» газетасининг шу йилги 6-август сонида «Газета зерикарлими, демак биз қизиқарли ёзолмаяпмиз» сарлавҳаси остида биринчи саҳифадан, имзосиз бир мақола берилган. Мақола гарчи имзосиз бўлса-да унда бир кишининг, бир муаллифнинг тилидан сўз юритилади.

Жумладан унда шундай сатрлар бор: «Айтмоқчиманки, ҳамон матбуотимиз тўртинчи ҳокимият мақомига етиша олмаётган бўлса, унинг сабабини бошқа ёқлардан излайвермай, ўзимиздан, ўзимизнинг сускаштлигимиздан, касбий тамбаллигимиздан излашимиз ўринлироқ бўлур эди».

Назаримда бу тўғри ташҳис эмас. Чунки «Ёзувчи», «Туркистон», «Ватан», «Миллий тикланиш», «Адолат», «Соҳибкирон юлдузи» каби газеталарни варақлар эканман, кўнгилга яқин мақолаларни учратаман. Аммо уларнинг баъзи жойларига теккан кўринмас қалам сўзнинг таъсир кучини, ҳаққониятини йўқ этиб, мавҳум, яъни адрессиз танқидга айлантирган. Бу хасталик бошқа газеталарда ҳам бўртиб турибди.

Масалан, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 22-август сонида филология фанлари номзоди Тоҳир Шермуроднинг «Шеъриятга ширкнинг шарпаси» сарлавҳали қарийиб бир саҳифалик мақоласи ўрин олган.

Муаллиф гўзал ва долзарб мавзуни таҳлил қилади, яъни Советлар даврида Аллоҳни унутиб, шахсга сиғинган шоирларнинг шеърларига бугунги кўз билан назар солади. Бир қанча шеърлардан мисоллар келтиради. Лекин Сталинга сиғинган, Аллоҳга қарши бош кўтарган бу шоирларнинг шеърлари бору исмлари йўқ.

Шахсан менда шундай таассурот қолди: Тоҳир Шермурод мисол сифатида келтирилган шеърларнинг остида муаллифларини ҳам ёзган, лекин кўринмас бир қалам уларни ўчириб, кўринмас ҳолга келтирган. Балки бугунги маддоҳларнинг ҳам номлари келтирилган ва таққосланган бўлиши мумкин. Лекин газета юзида буни топа олмайсиз.

Бундай кўринмас қаламдан келадиган фиғонни камина ҳам кўп тортган.

Дргиларда ҳам шу аҳвол. Масалан, “Мулокот” даргисининг шу йил август сонида ўрин олган Назар Ражабовнинг «Миллий бирлигимизнинг рамзи» мақоласидан парча келтираман׃

«Амир Темирга бағишланган халқаро анжуманнинг бир йиғилишида бир тарихчи олим она тилида саломлашдию, бирданига рус тилида маърўза ўқий кетди. Ваҳоланки, иштирокчиларнинг 90 фоизи давлат тилини биладиганлар эди.

Колган кишилар эса таржима мосламалари билан таъминланганди. Мажлисда кишиларнинг бир қисми йиғинни ташлаб кетишди.

Шунингдек, республикамиздаки йирик нашриётлардан бирида Бош ҳисобчи ҳалигача ўзбек тилида гапирсангиз тушунмайди. Ва 95 фоиз ходим ўзбек бўлишига қарамай, иш рус тилида юритилади…”

Кўриниб турибдики, бу ерда ҳам кўринмас қалам таниқли тарихчининг ва йирик нашриётнинг исмини ўчириб қўйган.

Худди шу ҳолни «Соҳибкирон юлдузи» газетасининг 19 август сонида босилган Иброҳим Ғофуровнинг «Эртага жуда ҳам гўзал кун бўлади» сарлавҳали мақоласида, Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Ҳуррият» газетасида чоп этилган «Мансаб, мансабдорлик, мансабдорлар» номли мақоласида ва бошқа кундалик газеталарнинг деярли ҳар кунги сонида учратиш мумкин. Ёки кўринмас қалам муаллифларнинг ўз қўлига ўтдими?

Кичик бир мақолада ҳам Президентни мақтаб қўйиш унутилмагани ҳолда, ижтимоий-сиёсий мавзулардаги мақолаларда танқид қилинган ҳатто ўрта миёна кишиларнинг исмларини яшириб қолиш анъанага айланиб бораётгани ташвишлидир. Танқид умумий булса, мақтовдан фарқи йўқ. Танкид нишонгагина урганда, натижа беради.

Умуман, буларнинг ҳаммасидан қуйидагича хулосаларни чиқариш мумкин.

Биринчидан, журналистлар, қаламкашлар етилиб турган масалаларга қўл уришмокда, лекин бу ишни бошқараётганлар мансаблари, хизмат машиналари ва сохта обрўларидан қўрқиб, танқидий мақолаларнинг ўқ томирини юлиб олмокдалар ва уларни тасирсиз ҳолга келтирмокдалар.

Иккинчидан эса, халқни чалғитиш учун айбни журналистларга, қаламкашларга ағдармокдалар. Халқка уларни малакасиз, тамбал қилиб кўрсатишга уринмокдалар.

Учинчидан, бу инсонлар ҳам мустақилликка, ҳам ривожланишга ва ҳамда ўзбек матбуотининг мавқеига қарши болта кўтариб хизмат қилмокдалар. Улар ўчирган ҳар бир сатр айни пайтда тарихимизнинг юксалиш йўлларини ўчирмокда ва Оқсаройдаги мавҳумиятга томон судрамокда.

Бугун ўзбек матбуотини оёққа турғазиш учун уни илк ўларок мавҳумликдан, яъни боши оёғи бўлмаган умумий мақолалардан қутқазмоқ керак. Тўғрироғи ўзбек матбуотини ёзилган жиддий мақолаларнинг бош ва оёғини кесиб турувчи кўринмас кучлардан холос этиш зарур. Бунинг энг осон йули матбуотни ёшларга, ёш авлодга ишониш керак. Чунки уларнинг жасорати, истеъдод ва қобилияти муштаракдир.

Зеро матбуотимизни пуккиллаб қолган, буйинбоғ тақиб юришдан бошқа нарсага ярамаган кўринмас қалам эгаларидан ана шу ёшлар қутқаради. Уларга йўл беринг! Улар ҳам дардларимизга, ҳам келажагимизга ва ҳамда истиқлолимизга соҳиб чикадиган соғлом кучдир.

Улар мавҳумиятнинг душманлари, ҳаққониятнинг дўстларидир! Не афсуски, бу Оқсарой учун қўрқинч бўлиб қолмоқда.

АЛ-ҚИССА: Мен ўзга ва сўзга таяндим, сен эса ўзга кўзга таяндинг. Таянмок, ҳам касалликка айланди…

9 сентябрь, 1997 йил.

МАТБУОТ ДУШМАНЛАРИ

Халқаро журналистлар уюшмаси матбуот эркинлигини бўғувчи ҳукуматлар ва уларнинг раҳбарларининг номларини вақти-вақти билан эълон қиларкан, бу рўйхатни «Матбуот душманлари» сарлавҳаси остида дунёга тарқатади.

1997 йил якуни муносабати билан эълон қилинган рўйхатга 25 давлат ва уларнинг раҳбарлари киритилган.

Аслида, ҳар турли рўйхатлар эълон қилиш дунёда кенг тарқалган нарса. Масалан, қўшиқчилик борасида поп жанри ўртага чиққандан буён дунёнинг аксарият телевидение ва радиолари «Асосий ўнлик», «Асосий йигирмалик» каби номлар билан ўзига хос ҳафталик, ойлик конкурслар ўтказишади. Бу конкурсларда янги қўшиқлар ва қўшиқчиларнинг, замонавий тил билан айтганда рейтинглари белгиланади. Ихлосмандларнинг талабларига кўра кимдир бу рўйхатда юксалади, кимдир муваффақиятсизликка учрайди.

Халқаро журналистлар уюшмаси ҳам «25лик» номи билан ана шундай «конкурс» ўтказиб туради. Унинг поп соҳасидан фарқи шундаки, бу рўйхатда юқорига караб юксалган исм матбуотга қарши душманлиги яна ҳам ошган кишиники бўлади. Матбуотнинг танкидий чиқишларига мусоҳамада бўлган, яъни чидам кўрсатган ва унинг йўлини тўсмаган раҳбарларнинг номи бу рўйхатнинг охирига қараб тушиб боради ва рўйхатдан ғойиб бўлиши ҳам мумкин. Бу эса матбуот душмани номидан қутилиш демакдир.

Юксала-юксала биринчи ўринга келган Хитойдир. Маълумки, Хитой 50-чи йилларда Совет Иттифоқидан ўзоқлашар экан, ундан экспорт қилинган цензура системасини сақлаб қолди. Бунга кўра, барча матбуот воситалари Коммунистик партия томонидан назорат қилинади. Хитойда цензурадан воз кечилиши қийин. Чунки тузум цензура устига қурилган. Шу боис бу мамлакатнинг раҳбари яқин орада «25лик» рўйхатининг биринчи ўрнини ҳеч кимга бўшатиб бермайдиган кўринади.

Рўйхатда иккинчи бўлиб Муаммар ал-Қаддофи турипти. Ҳа,ўша машҳур «Яшил китоб»нинг муаллифи Муаммар Қаддофи. Ливиянинг барча телевидение, радиолари, газета, даргилари унинг исми билан бошланиб, унинг исми билан нукталанади. Полковник Қаддофи ҳаётда экан, Ливия ҳам «25лик» рўйхатининг доимий аъзосидир.

Учинчи ўринда эса Шимолий Корея. У ерда очлик, сафолат бошланганига қарамай, газеталар «Яшасин раҳбаримиз! Йўлбошимизга шон-шарафлар!» сарфлавҳасидан бошқа нарсани ёзишмайди. Очликдан ўлаётган, зулмдан бўгилаётганлар ҳақида бошқалар, яъни Шимолий Кореянинг чегарасидан узокдагилар ёзишмокда, холос.

Ва нихоят, тўртинчи ўринни ўзининг 320 ҳайкалини очган, 200дан зиёд жойни ўзининг ва ўлиб кетган ота-онасининг номи билан атаган Сапармурод Ниёзов эгаллаган. Туркманистонда ҳам газеталарнинг «Бисмиллоси» – Туркманбоши калимасидир.

Ундан кейин Коммунизм оролчаси номини олган Кубанинг донги довон ошган раҳбари Фидель Кастродир. Бунга ҳам изоҳ ортикча.

Олтинчи ўриндаги исм ҳам изоҳ талаб этмайди. Фақат Саддам Ҳусайн, дея кимлигини айтсак, ҳамма гапни англаб оласиз.

Келдик рўйхатнинг энг қизиқ жойига, яни еттинчига етдик. Бу ерда Ислом Каримовнинг исми шарифи ёзиб қўйилган. Ёнига эса «юксалишда» деган белги қўйилган. Ўзбекистонда «биринчи демократ» деб мақталаётган муҳтарам президент жанобларининг бу рўйхатга кириб қолишларини англашилмовчилик, дейиш мушкул. Чунки ҳукуматимизнинг пойдеворига катта-катта ҳарфлар билан цензура, деб ёзиб қўйилган. Табиийки, баъзилар буни четдан туриб тош отиш ҳам дейишлари мумкин, лекин бу ойнадан ўпкалаш демакдир. Майли, рўйхатнинг давомига назар ташлайлик.

Бирма, Сурия, коммунизмнинг қуриган қирғоғи – Вьетнам, Нигерия, Саудия Арабистони, сўнгра 14-чи ўринда Имомали Рахмоновнинг исми шарифи.

Ҳа, қовун-қовундан ранг олар деганларидек, қўшнимиз Тожикистондаги аҳвол ҳаммамизга аён.

Унинг остида эса Совет Иттифоқининг машҳур генералларидан бўлган ва ҳозир нефт дунёсининг генерали Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев турибдилар.

Рўйхатнинг 16-чиси Эфиопия, сўнгра Индонезия, Судан, Тунис, Жазоир, Сирбистон ва кейинги пайтда “пешонаси ярақлаган” Александр Лукашенко. Ҳа, ўша кечаги колхоз раиси ва бугунги Белоруссия президенти. Ўзининг журналистларини қамагани кам экан бошқа давлатлардан келганларни ҳам чегарадаёк ушлаб КГБ ертуласига отган, матбуот душмани ёки бир йил олдин кичик диктатор номи билан машҳур бўлган ва бугун каттагина диктаторга айланган Александр Лукашенко.

Хуллас, кўриб турибсизки, «25лик» рўйхатини тузганлар анойи эмас. Девор бўлмаса, ичкарини курадиганлардан фарқли ўларок, девор бўлса ҳам ичкарини кўриб турганларини сезиб олдингиз.

Ҳа, касални ҳар канча яширманг, иситмаси ошкор қилади. Лекин бу рўйхатга кирганларнинг ҳеч бири хафа бўлмаслигига аминмиз, чунки улар унвон олишга одатланишган. Унвон ҳаётларининг мағзи.

Нима ҳам деймиз, матбуот душмани – бу ҳам унвон. Факат тақиб юрадиган медали йўқ.

Э, бир парча темирга не хожат?! У йўқолиб кетади. Аммо рўйхат йўқолмайди. Айникса, «25лик». Улар ҳам анойи эмас. Бу рўйхатдан фақат ўлиб айриладилар!

АЛ-ҚИССА: Душман изласанг душман топасан… изламасанг топмайсан. Душманни топмаганлар душмансизлардир, душманни топганлар эса душманлардир. Кимга?!

25 декабрь 1997 йил.

ЎРИН ВА ЎЙИН

Диктатура шароитида ҳеч нарсанинг ўрни бўлмайди. Чунки ҳамма нарса асл ҳолини йўқотган ва чапани қилиб айтганда бичилган бўлади. Матбуот ҳам шундай, бирор нарса сиёсий таҳрирсиз чоп этилмайди. Ёзилган нарсаларнинг “эркаклик жойи” ёки “қизлик иффати” қирқиб ташланади.

Бугун мамлакатда Совет давридагидан кўп газета нашр этилади. Худди ёмғирдан кейин пайдо бўлган қўзиқориндек бир-бирига ўхшаш (ҳам ҳажм, ҳам мазмун жиҳатидан) газета ва газетачалар тиқилиб кетган.

Уларда асосан Интернет ёки рус матбуотида чиққан олди-қочдилар ёки қўйди-чиқди, севдим-ўлдим, машҳур одамларнинг “машҳур” қилиқлари каби мавзулар.

Сал жиддийроқ масалада ёзилса, албатта “юртбоши” калимаси қўшилмаса имкон йўқ. Муаллиф қўшмаса ҳам муҳаррир қўшиб қўяди. “Юртбоши” ибораси худди фоҳишабозлик ўрчиб кетган жойда турли юқумли касалликлардан сақланиш учун қўлланиладиган муҳофаза қалқонига ўхшаб қолган. “Шуни қўллансам, менга жин ҳам чалмайди”, деб ўйлашади. Лекин билишмайди-ки юқумли касаллик бошқа томондан ҳам уриши мумкин.

Шунга қарамай ўзини муҳофаза қилган одамга “Нима қилаяпсан?” деб савол бериш ахмоқлик. Нима қилсин? Фоҳишахонага бош суққандан кейин ўзини муҳофаза қилиш йўлиига ҳам бош уради-да.

Хуллас, диктатура шароитида “ўрин” деган нарса бўлмайди, “ўрин” калимаси “ўйин” билан алмашади. Матбуотнинг ўрни эмас, ўйини бўлади.

Бу ўйин худди кечки ресторанлардаги яланғочлар ўйинига ўхшайди. Қайси ўйин диққат тортса пул ўша томонга отилади.

2005 йил, Январ.

ҚОРА КИТОБ

Салай Мадаминов таҳрири ва раҳбарлиги, ҳомийлиги ва заҳматлари эвазига чоп этилиб, тарқатилган «Нариги дунё дарчаси олдида» китоби қамоқхона ҳакидагина бўлганда балки фойдаси теккан бўлар эди. Аммо китоб 223 саҳифадан иборат бўлса, шунинг тенг ярми Абдураҳим Пўлатов ҳақида ёки унга тош отишга қаратилган. Шунингдек, Абдуманноб Пўлатов, Шукрулла Мирсаидовга махсус саҳифалар ажратилган. Ёдгор Обид, Васила Иноятова ва бошқалар «таланган». Китобни варақлаган киши Сафар Бекжоновни Каримов ҳукумати эмас Пўлатов қамаган экан-ми, деб ўйланиб қолади.

Китобнинг сўз бошисида «Китоб парча-парча, ҳар хил ерларда ёзилди. Лекин унинг асосий қисми Ўзбекистон жазо колонияларида 1993-1996 йилларда қоғозга тушган», дейилса-да китобнинг бир неча жойида қамоқхона ертўлаларида кундалик ёзиш у ёкда турсин, икки энлик мактуб ёзишга изн берилмагани ва ҳар оқшом тинтув ўтказишгани эътироф этилади.

Биз Сафар Бекжоновни Ўзбекистон тарихига оид қимматбаҳо тангани ростдан ҳам ўғирлагани ва «бўлажак президент» ҳавосидаги С.Мадаминовга ҳадя этганини кейинчалик эшитдик. Лекин бошига пашша қўнса, йиқилиб кетиб бир жойини синдириши мумкин бўлган бу одамни қамоқхонада ўлдириб қўйишмасин, дея овозимизни чиқармадик. Зотан мухолифат «ит-мушук» бўлиб юрган пайт эди. Бунга бизнинг сасимиз қўшилишини истамадик. Аслида хато қилган эканмиз – андишанинг отини қўрқоқ дейдилар.

Бироқ қимматбаҳо танганинг Салай Мадаминовда эканлигини билиб қолгач, унга бу тарихий ашёни мамлакатга қайтариш учун босим кўрсатдик. (Бу пайтда С.Мадаминов Истанбулда бўлган, – Таҳ.). Ҳатто партиядан истеъфо этиш масаласини ўртага қўйдик. Кўп ўтмай Салай Мадаминов Самарқандлик дўсти (илгари КГБда ишлаган, кейинчалик «Эрк» газетасини олиб бориб Мамадали Маҳмудовнинг уйига ташлаб кетган ва ўша куниёқ Маҳмудов қамоққа олинганда ҳам кимлигидан Салай Мадаминов шубҳа қилмаган) Адҳам Розиқов орқали тангани бериб юборгани ва Дилором Исҳоқова уни Сафар Бекжоновнинг оқловчисига олиб бориб берганини айтди.

Бу воқеа бизнинг ўртамиздаги самимиятга дарз етказди.

Қўрққан олдин мушт кўтарар, деганларидек, камина Салай Мадаминов «гуруҳи»ни тарк этганим боис, бу каби қилмишларининг пардаси кўтарилиб қолмасин, деб улар туҳматга эрк бердилар.

Китобда ёзилишича гўё 1994 йил Қаршидаги УЯ 64-49 қамоқхонасида Парда Аҳадов Сафар Бекжоновга шундай деганмиш:

«1964 йилда Самарқанд шаҳрида туғилганман, Самарқанд Савдо институтини тамомладим. Олдинига Самарқанд чой қадоқлаш фабрикасида эллик минг доллар пора бериб, омбор мудири бўлдим. Кейин юз минг доллар пора бериб, Самарқанд тери заводига директор бўлдим. Тошкентдаги мафия кучлари даромадимнинг тўқсон фоизини олиб кетишарди. Ўртада келишмовчилик бошланди. Биз, тўртта ака-ука қуролланган гуруҳ туздик. Олдинига Самарқандни қўлга олдик. Ҳатто вилоят ҳокими Пўлат Абдураҳмонов ҳам мендан қўрқарди. Чунки унинг ўзи ҳам порахўр одам.

1991 йил Жаҳонгир Маматов деган журналист, депутат менинг устимдан маълумот тўплаганини айтди. Ўртага Булунғур тумани ҳокимини қўйиб, журналистни тинчитдим. Унга анча пул бердим ва бир ой ичида данғиллама уй қуриб бердим. Журналист Маматов мен қурдириб берган уйда бемалол яшамоқчи эди, аммо чучварани хом санаган эди.

Ўзбекистонда пора олмайдиган раҳбар йўқ. Шу жумладан, Тоштурма бошлиғи ҳам пора олади. Бир куни мен Тоштурмадан чиқиб, тўғри Самарқандга кетдим. Журналист уйида йўқ экан. Уйни ёқтириб юбордим ва одамларимга ўзини топиб, йўқ қилишни буюрдим. Тонгда Тоштурмага етиб келолмадим.»

Аввало Парда Аҳадов деган одам борми йўқми бу Аллоҳга ҳавола. Агар у бор бўлса ва китобда ёзилганидек 1964 йилда туғилган бўлса, 1991 йилга келиб 27 ёшга кирган бўлади. Йигирма етти ёшга етгунга қадар ҳам Савдо институтини битириб, ҳам эллик минг доллар пул топиб, ҳам чой қадоқлаш фабрикасига омбор мудири бўлиб, ундан кейин юз минг доллар пул топиб, Самарқанд тери заводига директор бўлганига авом бири ишонар, лекин ақли ҳуши жойида бўлган кишини ишонтириш қийин.

У пайтда Самарканд тери заводида пул бериб бировни ишлата олмас эдингиз. Чунки сифатсиз терилар кўплигидан завод бўҳронга учраганди. Ўшанда заводга директор қидиришгани карга ҳам сўқирга ҳам аён эди

Не эмиш, фельетон ёзаман дея колхоз раисларидан пора олган эканман. Бу ифтирони бир пайтлар Исмат Хушев ўртага отган ва ҳаққини олганди. Энди эса бу «латта» акасига қолибди.

1991 йилда мен Тошкентда яшардим, ўша пайтлари мен ҳеч қандай уй қурмаганимни наҳотки ҳофизаи сабил бу қадар тез унутди. Қолаверса ота-онамдан қолган уй 1991 йилда эмас, 1984 йилнинг 1-декабрида ёниб кетганди.

Дарвоқе, китобдаги хотира қамокдаги бир одамнинг номидан келтирилган. Шунга ҳам ота гўри қозихона-ми дейишингиз мумкин? Лекин китобда муаллифнинг алоҳида изоҳига алоҳида ер берилган. Унда шундай дейилади:

«..Жаҳонгир Маматов – журналист, собиқ депутат. 80-чи йиллар сўнггида Самарқанд вилояти «Ленин йўли» газетасида ишлаган. Фельетон ёзаман, деб шантаж қилиб, кўпгина колхоз раисларидан пора олганлиги маълум.

1992 йил охирида депутатликдан ҳайдалиш хавфи туғилганда, «Эрк» партиясидан «бошпана» сўраб, унга аъзо бўлган. 1993 йил баҳорида Муҳаммад Солиҳга эргашиб, Туркияга келган. 1994 йил Каримов ҳукумати бир гуруҳ «Эрк»чиларни қамоққа олганда, Жаҳонгир Маматов «Эрк» дан чиққан. Бугун у Истанбулда А. Пўлатов билан ҳамкорликда «Эрк» партиясига қарши ташвиқот ишларини олиб бормокда».

Мана энди гап нимадалигини англаб олдингиз. Аввало изоҳнинг ўзи изоҳталаб, яъни камина 80-чи йилларнинг сўнггида (86-90) «Совет Ўзбекистони» – «Ўзбекистон Овози» газетасида ишладим. «Эрк» партиясига бошпана сўраб борганим йўқ, балки секретарлари, фаоллари бирин-кетин қамалаётган оғир кунларида номзодимни партия секретарлигига кўрсатишганида ва «Эрк» партияси газетасининг Бош муҳаррирлигини таклиф қилишганида рад этмадим. Партия Марказий кенгашида бир овоздан сайланганман. Чунки партия секретари Отаназар Орипов қамокда, «Эрк» газетаси Бош редактори ва ходимлари судга тортилганди. Жонини асраган инсон шундай оловнинг ичига ўзини уради-ми?

Мен «Эрк» партиясига келганимдан кейин партияни янги даври бошланди. Бугунгача баъзилар «сиёсий багаж» сифатида фойдаланиб юргани Ўзбекистон демократик кучлар форуми каминанинг ташаббуси билан туғилди.

Ўша пайтда мен партия раисига ҳукумат қаршисида иккиюзламачиликни тугатишни шарт қилиб қўйдим. Чунки ҳукумат таркибида уч ой ишлаб истеъфо этгандим ва унинг билан такрор бир йўлга кириш мумкин эмаслигини идрокида эдим.

1993 йилнинг баҳорида Туркияга келган пайтимда Ўзбекистонда Мадаминов Салайни қамашди. Абдураҳим Пўлатов ва бошқа мухолифат аъзолари билан Анталияда Турк дунёси қурултойига келгандик. М. Солиҳни озод қилиш учун Туркия ва халқаро жамоатчиликка мурожаатлар қилдик.

Мен Туркиядан қайтиб кетганимдан кейин 1994 йилнинг охирида яна келдим. «Эрк» газетасининг 15-та сонини тайёрладим.

Биз демократия, сўз эркинлиги, инсон ҳақлари таъминоти, ҳаққоният тарафдоримиз. Бу боис ҳам Каримов ҳукуматига қарши курашаяпмиз. Бу курашдан қайтадиган ниятимиз йўқ. Лекин йўлимизда иккинчи, учинчи Каримовлар пайдо бўлар экан, уларга қарши мужодаламизни ҳам тўхтатмаймиз, уларнинг қора китоблари ёки укалари, «дўстлари» орқали телефон пўписалари, бошқаларнинг номидан бизга қарши мақолалар уюштиришлари мужодаламизни асло ва асло кучсизлантирмайди. Балки яна ҳам ҳушёрроқ курашга ундайди.

Китобнинг 145-саҳифасида шундай сатрлар бор: «Қорақалпоғистон мухтор жумҳурияти аҳолисининг тенг ярми ўзбеклардан иборат бўлишига қарамай, марказ Нукус раҳбариятида ўзбек йўқ» дейилади. Бугун Туркияда ҳар куни «Биз туркчи,биз бир миллат» деб ваъз айтиб юрган одамнинг икки юзини ўртага қўяди бу.

Бирга йўлга чиққан йўлдошлари Зоҳир Аълам, Аҳмад Аъзам, Дадахон Ҳасан, Содиқ Йигитали, Шоди Карим, Иброҳим Ҳаққул, Абдулҳай Абдумавлон, Самад Мурод ва бошқа намоёндалар нега уни тарк этишди, нега баъзилари бошқа йўлларни афзал деб билишди?! Салай Мадаминов бу хусусда ҳеч ўйлаб кўрди-ми? Атрофида ким қолди? Бундан уч йил олдин укаси Мақсуд Бекжон унга ёзган очиқ хатида боши берк кўчага кириб бораётганини эслатганди. Бир кун келиб ёлғизланиб қолажагига шаъма этганди.

Салай Мадаминов ва ҳамқалам хонадони ўзининг «нариги дунё дарчаси олдида» турганини ҳис этаётган бўлса, бошқаларнинг ҳам қўлидан тортиб кетаман, деб кўп уринмасин. Аллохдан қўрқсин. Ҳали ҳам кеч эмас, эс-ҳушини йиғиб олсин, хатоларига иқрор бўлсин ва бу чиркин йўлдан қайтсин. Аллоҳ кечирувчандир. Салай Мадаминов хатоларини тан олса, биз ҳам ўшанда уни кечиришимиз мумкин. Ўшанда ёлғизлик азобидан қутулиб сафимизга қўшилишга ва такрор Муҳаммад Солиҳ бўлиш имконига қовушади. «Нариги дунё дарчаси олдида» ифтиро ихтиро қилиш ҳеч кимга обрў келтирмаган ва келтирмайди ҳам. Фитнанинг маҳсули фисқу- фасоддир!

Фаолиятимни танқид қилишсин, марҳамат, раҳмат айтаман, лекин безбетларча туҳмат билан тошбўронга тутишмасин!

Хуллас, булар хамир учидан патир! «Норин», «Манти»нинг эса вақти эмас. Аммо кўнгиллари жуда истаса, иштаҳалари босилмаса, уни ҳам оладилар.

АЛ-ҚИССА: Сен шайтонга топиндинг, мен эса Раҳмонга, курашимиз битмасдир.

12 октябрь 1997 йил.

САНЪАТНИ СОХТАЛАШТИРИШ

Ўзбекистонда бу йил Наврўз байрами олдингиларга нисбатан ва умуман Наврўз байрами анъаналаридан айрича нишонланди. Бунга «ғарбона тақлид» деб исм ҳам бериш мумкин. Лекин бу юзакичилик бўлади. Чунки Наврўз шундай йўлигагина бир байрам бўлиб қолмасдан, у миллий маданиятимизнинг кўзгуси ҳамдир. Шу боис масалага жиддийроқ назар солмоқ керак.

«Бир миллат ёки халқни чўктирмоқ учун унинг маданиятини йўқот» – Чор Руссиянинг шиори ана шундай эди. Миллий маданиятларни йўқотиш мумкин эмас, аммо бошқа бир маданият билан ассимиляция қилиш, яъни еб юбориш мумкин – бу эса Ленин моҳиятидир. Ҳа, шўролар мафкурасининг бош мезони маданиятни сохталаштириш эди. Унинг меъмори Владимир Ленин ўзининг «Партия адабиёти ва партия ташкилоти» дебномланган дастурий тусдаги мақоласида адабиёт, санъат ва умуман маданиятни сиёсийлаштириш, партиялаштириш ва охир- оқибатда давлатлаштириш ғоясини илгари сурганди. Етмиш йил бу ақидага риоя қилинди.

Бугун мустақилмиз. Илгари маданиятимизни ташқи куч сохталаштиришга уринди. Таассуфки, энди бундай куч ўзимиздан чиқмокда. Ўзимдан чиққан балога, қайга борай даъвога, деган ота-боболаримиз. Агар бугунги таҳликанинг олди олинмаса, бу мақол ҳақиқатга айланиб, даъвога борадиган жойимиз ҳам қолмайди. Миллий қадриятларимиз чамбари бўлмиш маданиятимиз Чор Россия ва Ленин зарбасидан кейин учинчи оғир зарбага учрайди.

Яқинда Наврўз-97 деб номланган телевизион фильмни кўрдим. Тошкентдаги Алишер Навоий хиёбонида ўтказилган Наврўз тантаналарининг фильми эди бу. Ҳар бир кадрдан кейин президент Ислом Каримов ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Абдулло Ориповни кўрсатиб туришлари бу фильм Ўзбекистон

телевидениеси томонидан олинганининг далили эди. Агар фильм дунёга ўзбек маданиятини танитиш мақсадида тайёрланмаган ва бир қатор халқаро телевидениеларга такдим этилмаганида балки бу ҳам ўтар дея тишимизни тишимизга қўярдик. Аммо миллий маданиятимиз мавзу экан жим туришимиз маънавий суиқасддир.

Бу йилги Наврўз тантаналари мучал йилини ифодалаш асосида тайёрланган. Саҳнада ҳар турли ҳайвон ниқобидаги маскали одамлар пайдо бўлади. Аввал ҳўкизлар, кейин сигирлар, орқасидан илон, маймун, ит, сичқон…. Ёш-ёш йигит-қизлар билан бирга кекса онахон, отахонларга ҳам бу маскалар кийдирилган. Халқимиз ҳайвонбезор эмас.

Айниқса от, кийик адабиётимиз ва санъатимизда ижобий образ саналган. Бироқ маймун, сичқон, илон, ит ҳар доим салбий юк ташиган. Шундай экан, расмий тантаналар нишонланадиган саҳнада бир қанча одамга ит ниқобини кийдириб, уларни акиллатишни ёки ҳўкиз каби сас чиқаришга мажбур қилишни қандай изоҳлаш керак? Булбул бўлиб сайраган халқимиз, аммо ҳеч қачон ит бўлиб акиллаган эмас. Бу манзара ўз халқини масхара қилишми ёки кўрдингизми истасам ит бўласиз, истасам сичқон дейишнинг бир йўлими?

Бу ҳам етмаганидек, илон ниқобида вишиллаб турган қизлар, маймун қиёфасида ердан кўкка сапчиб бармоқларини тишлаганча, тиржайган йигитлар ва ҳаммаси Наврўз куни, Наврўз сайлида, Миралишер Навоий ҳайкалининг пойида.

Ҳа, дунёда бундай ўйинлар бор. Бир театрда кўрсатинг, эътирозимиз йўқ. Ҳатто бир паркда болаларга намойиш этинг, сизни қутлаймиз. Лекин халқимиз минг йиллар давомида миллий кимлигини намойиш этиб келган байрамда ўйлаб кўришингиз керак эди. Наҳотки, бизнинг миллий кимлигимиз ит, илон билан ифода этилса?

Юнон мифологиясидан тортиб бугунги Ғарб маданиятигача асосан шу тамалга қурилган. Ку-клукс–Кланлару Бразилия фестивалларигача ҳаммасида ҳайвонлар ниқоби, ҳатто сиёсий партияларга эшак расмини рамз қилиб олганлар бор ва бу нормал. Чунки маданиятлари буни инкор этмайди, аммо бизнинг шарқ маданияти бунинг том тескарисидир. Шундай экан ўз-ўзидан бу йилги Наврўз тантаналари Лениннинг миллий маданиятларни ўзгартириш тезиси асосида ўтказилди, деган хулоса чиқади.

Наврўз саҳнасида сохта эчки соғиларкан, қўлда ясалган сохта сигирларнинг елинлари кўз-кўз қилинаркан шўроларнинг 1 май намойишини эсладик. Ўшанда ҳам юк машиналари устида ясалган сигир, қўйларнинг бошини қимирлатиб, минбар олдидан олиб ўтишарди. Айни моҳиятни Наврўзга юкламокдан нима мақсад эканлигини тушуниш қийин эмас.

Энг қизиғи ижрочиларнинг ўзлари ўз ҳолларидан уялиб турганларини экранда ҳам акс этишидир. Сохталик табиийликдан устун келиб турибди. Қўшиқ ва куйлар эса пластинкани 33 йўлидан 78га ўзгартириб қўйгандек ғайри одатий эди. Агар тобелик, қуллик ҳукм сурмаганда бу саҳна яшамас эди.

Чор Россияси мадрасаларни йиқитди, қабристонларни портлатди, лекин халқимиз ўз маданиятини сақлаб қолди. Шўролар 70 йил уринди, бироқ ўзлари сохталик қурбони бўлишди. Шу боис маданиятимизни Наврўз майдонида масхара қилишга уринаётганлар бир кун келиб бу саҳнада ўзларини кўрсалар не ажаб?! Ва бу сохта эмас, ҳақиқий томоша бўлади. Зотан буни биз иддао қилаётганимиз йўқ. Бу тарих исботлаган ҳакиқатдир.

АЛ-ҚИССА: Мен чўпон эмас эдим, сен қўй эдинг, балки мен ҳам қўй эдим сенга қўшилиб…

2 апрел, 1997 йил

ТАРИХНИ СОХТАЛАШТИРИШ

Шўролар даврида тарих Коммунистик партия Марказий қўмитасининг талаби ва истаги бўйича ёзиларди, яъни у ердагилар ўз хоҳишларига кўра тарих яратардилар ва кўнгилларига хуш келмаган воқеа, ҳодисаларни тарих саҳифасидан ўчириб юбориш учун бирор жойда қайд этмасликка уринардилар. Ана шу сабабдан ҳам бугунга келиб улар яратган бирор- бир тарихга ишонч қолмади, ҳаммаси қайтадан ёзилмокда.

Тарихни қайта ёзиш анъанаси Ўзбекистонда ҳам гуриллаб давом этмокда, лекин қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, муҳтарам тарихчиларимиз, олимларимиз айнан салафларининг йўлидан бормокдалар. Масалан, коммунистлар Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир каби юзлаб исмларни тарихдан ўчириб ташлаш учун қўлларидан келганини қилдилар. Бугун эса биз бу борада том аксини амалга ошираяпмиз.

Яъни у қирғокдан ўтиб, тарихни асосан уларнинг исмлари билан тўлдираяпмиз. Уларни ўрганишда бир ёқламаликка йўл қўйяпмиз. Бу йўсинда кетса, келажакда Қодирийнинг «Муштум» дарғисида Жоме-масжидларини бузишга, дин арбобларини қувғин этишга қаратилган фельетонлари босилганди., Чўлпон ва Фитрат Совет тузуми билан муроса қилишга уриндилар ва шунинг қурбони бўлдилар, дея яна бир авлод ўртага чиқиши ва тарихни ўзи истаганидек ёзиши ҳеч гап эмас.

Шу йил Қомуслар бош таҳририяти томонидан Тошкентда нашр эттирилган «Ўзбекистон Республикаси Энциклопедияси»га назар солсангиз, ёқангизни ушлаб қолишингиз аниқ. Бир пайтлар Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитаси тарғибот ва ташвиқот машинасини юргизган жаноб Нурислом Тўхлиев қайта қуриш, ошкоралик йилларида ҳақиқатни яшириш жиноятдир, дея ўнлаб публицистик мақолалар билан ўртага чиққанди. Сўз бошқа иш бошқа, буни Нурислом Тўхлиев Бош муҳаррири бўлган энциклопедияни варақласангиз, дарров сезиб оласиз.

«Ўзбекистон Республикаси Энциклопедияси» моҳият эътибори билан тарихий китобдир, – дейилади сўз бошида. – Унда Энциклопедия анъаналарига риоя этилиб, ҳар бир мавзуда унинг ибтидосидан сўнгги йилларгача бўлган ҳолати қамраб олинади. Бинобарин, ўтмиш билан келажак ўртасида қандайдир ворислик ётади. Бу ворисликни таъминлашда энциклопедияларнинг муҳим ўрни бор. Ушбу энциклопедия ҳам шу йўлда хизмат қилади, деган умиддамиз.

Бу фикрнинг самимийлигини ўрганиш учун 16 бўлимдан иборат бўлган энциклопедиянинг жамоа ташкилотлари бўлимини очамиз. Ўзбекистон Халқ Демократик партияси, Ватан тараққиёти, Адолат социал-демократик, Миллий тикланиш партиялари, Касаба уюшмалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Фахрийлар

ташкилотлари уюшмаси, Маънавий ва маърифат жамоатчилик маркази….

Хўш, Ўзбекистонда миллий озодлик ҳаракатини бошлатган «Бирлик» халқ ҳаракати қани? Унинг ўрнига 1995 йилда ҳукумат томонидан тузилган бошқа бир ҳаракат – Халқ Бирлиги ҳаракати киритилди. Хўш, «Эрк», «Бирлик» партиялари қани? Наҳотки бу ҳаракат ва партияларнинг Ўзбекистон мустақиллик жараёнида ҳеч қандай роли бўлмаса? Бутун дунё бу ҳаракат ва партияларни эътироф этгани ҳолда, Ўзбекистон энциклопедиясида улардан кўз юмилиши тарихни сохталаштириш эмасми? Бу саволга жавобни бизга эмас виждонингизга беринг!

Энциклопедиянинг матбуотга оид бўлимини очамиз. Барча нашрлар бор. Лекин Ўзбекистон мустақиллигининг қалдирғочи «Эрк» газетаси ҳақида бир сатр ҳам йўқ. Қолаверса, ўша йиллари «Мустақил ҳафталик», «Муносабат», «Эркпарвар» сингари ўнлаб нашрлар Ватан озодлиги учун хизмат қилдилар. Балки бир кун келиб бу саҳифаларни ёзган таниқли олимларимиз биз ёздик, лекин цензура ўтказмади, дея баҳона топишлари мумкин, аммо сиз сиёсий мақола ёзмаяпсиз-ки, цензурани баҳона этсангиз. Бу ахир, тарих. Яхшиси, ёмони, аччиғи чучуги билан бутундир тарих. Сиз эса уни кемтик ҳолда, бир қўлсиз, бир оёқсиз ва ёки қалбсиз қилиб кўрсатмоқчисиз.

Энциклопедиянинг дин, қонунчилик, адабиёт, қайта қуриш йиллари сингари бўлимларида ҳам мухолифатга оти қоришган, ёки тўраларга оти ёқмаган инсон ва ташкилотлардан кўз юмилган. Тўғрироғи, уларни тарих саҳифаларидан ўчиришга уринганлар.

Бундай сохтачиликнинг асл моҳиятини ўрганиш учун энциклопедиянинг яна сўз бошисига мурожаат қиламиз. Унда шундай сатрлар бор: Ўзбекистон Республикаси Энциклопедияси Ўзбекистон билан қизиқувчи кенг китобхонлардан ташқари тадқиқотчилар, айниқса ёш авлод – талаба ва ўкувчилар учун ҳам аҳамиятлидир. Ўз юртининг тарихи, маданияти, фани, мамлакат иқтисодиёти ва бошқа тармоқларидаги ҳолат билан қизиқувчи ҳар бир китобхон тегишли маълумотларни ушбу қомус саҳифасидан топа олади.

Демак, мақсад аниқ. Ёш авлодни, келажакнинг кўзини кўр, қалбини сўқир қилиш. Буни шўролар 70 йил машкдан ўтказдилар, аммо охир оқибатда шармандаи шармсор бўлдилар. Бизнинг тарихчилар ҳам 70 йилни кўзлаётган бўлсалар янглишадилар. Бу сафар тезроқ фош бўладилар.

АЛ-ҚИССА: Тарих ҳам рост ва ҳамда ёлғоннинг фарзанди. Мен ростга, сен ёлғонга оталик қилдик. Тарих оталар ва болалар қабристони….

4 ноябрь 1997 йил

ДИКТАТУРАНИНГ ТОМОША САҲНАСИ

Кейинги пайтда танқидларимиз пастдан туриб миноранинг теппасига ёки шамолга қарши тупуришга ўхшаб қолаяпти. Масаланинг моҳиятига кириб бораяпмиз. Масалан, президент Олий мажлисда депутатларга инсон ҳақлари поймоли ҳақида гапиринг, дер экан, уларнинг лом-мим дейишмаганини бир неча ойдан буён танқид қилиб юрибмиз. Аслида нима учун гапиришмаганини моҳиятини эса очмаяпмиз.

Маълумки, 70 йил ҳокимият советлар, яъни шўролар қўлида эканлигига ишонтиришди. Ҳақиқатда эса, ҳамма нарса компартиянинг ҳукмида, шўролар бўлса унинг саҳнага тақиб чиқадиган юзи, яъни маскаси эди. Совет Иттифоқи парчалангандан кейин бу юз йиртилди. Табиийки, Ўзбекистондан бошқа жойларда. Ўзбекистонда эса бу юз қайта таъмирланди. Хафиф ва хушбичим ҳолга келтирилди. Чунки тажрибаларга ўрганган зеҳният янгини қабул қилишдан кўра илгаригисини қўллашни афзал билди. Тўғрироғи, шўролар панасида қилич кўтариб туришнинг сафосидан кеча олмади. Бундай ҳолда, хавф туғилса, қурбон бўладиган бор. Қолаверса, ҳар ишни шўроларга ағдариб, панада мусича-ю бегуноҳ бўлиб ўтиришга нима етсин?

Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин парламент бир қатор демократик қонунлар қабул қилди. Айниқса, Ўзбекистонниинг янги конституциясига жуда кўп ўлкалар ҳавас қилса бўлади. Шўролар ҳокимиятининг афзаллиги шунда, қоғозда ҳамма нарса бор, амалда эса тескариси. Совет иттифоқининг 70-йиллик тарихи бунга далил.

Умумий гаплардан чекиниб, аниқ мисолларга ўтайлик. Янги конституциянинг 11 ва 24-чи моддалари асосида бугунги Ўзбекистон Олий мажлиси учун сайлов ўтказилди. Сайловга коммунистик партия – ўзгарган номи билан Халқ демократик партияси, Ватан тараққиёти партияси, Қорақалпоғистон республикаси Олий кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар шўролар кенгаши ўз номзодларини кўрсатди. Кўринишидан жуда демократияга уйғун.

Дарҳақиқат, ҳар бир сайлов округидан уч нафардан номзод кўрсатилди. Илгари Совет Иттифоқи даврида компартиянинг ташкилий кадрлар бўлими номзодлар рўйхатини ҳозирлар, пленум ва бюро уни тасдиқларди.

Олдиндан бир қолип тайёрланиб, унга мос тушадиган одам қидириларди. Ёши, миллати, дини, партиявийлиги, касби олдиндан фоизма- фоиз белгилаб қўйиларди. Миллатвакилларнинг сони мажлисдаги ўриндиқлар сонига қараб аниқланарди.

Москва Кремль съездлар саройида беш минг ўриндиқ бўлгани учун СССР Олий кенгаши депутатлари беш минг киши эди. Ўзбекистонда эса беш юз. Янги конституцияга биноан 150 нафар депутат сайланиши белгиланди. Вилоят ва туман ҳокимлари Президентга мактуб ёздилар: «Биз ўзимиз бошида турмасак, ҳозирги мураккаб даврда ҳар кимга ишониш қийин». Шундан кейин рақам 250 қилиб ўзгартирилди, яъни чўпонларга эҳтиёж борлиги Президентни ҳам иккилантирмади.

Хуллас, номзодлар кўрсатилди. Четдан қараган одам Ўзбекистон демократия томон жиддий одимлар отмокда, деб ўйларди. Илгариги ўйинлардан хабардор бўлганлар сал бош қотирсалар шўроларнинг ҳақиқий юзини кўрардилар. Ҳокимларнинг номзоди кўрсатилган округларда иккинчи ва учинчи кишиларни ҳатто маҳалласида номи чиқмаганлар ташкил қиларди.

Айниқса, рус тилида гаплашадиганларни парламентга ўтказиш учун фавқулодда жонбозлик кўрсатилди. Ўзбеклар миллий туйғуларга берилиб бошқанинг ўрнига ўз миллатдошини сайлаб қўймасин деб, бир қатор округларда фақат рус тилида гаплашадиганлар номзоди кўрсатилди.

Масалан, 21-чи Мевазор сайлов округида вилоят кенгаши Михаил Омельницкийни, Ватан тараққиёти – Эрнест Ризаевни, ХДП эса Виталий Поваровскийни номзод қилиб кўрсатди. Балки бу тасодифдир. Ахир уч ташкилот ҳам бир округдан бошқа миллат вакилини кўрсатиши мумкинми? Тасодиф эмас, мумкин. 77-чи Кармана округида Владимир Иванов ва Людмила Юрикова номзодлари кўрсатилди. 80-чи Зарафшон округидан эса Александр Клеменко ва Николай Кучерский. 114-чи Қорадарё округидан Александр Ким ва Илья Тен.

Балки бу ерда фақат корейслар яшайди деб ўйларсиз, аммо бу округда шу икки корейсдан бошқасини тополмайсиз. Чунки Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани маркази ҳисобланган Қорадарёда асосан ўзбеклар яшайдилар. Хуллас, бундай мисоллар жуда кўп. Яъни халққа сайлов ҳаққи танилмади. У рўйхатда кўрсатилган одамлардан бирига мажбуран овоз берди. Э, белгиландими, таъминланиши керак! Бу комрежим талаби.

Худди шу «демократик» йўл касби, ёши масаласига ҳам қўлланилди. Артист ўтиши керакми, номзодлар артистлар эди, қозоқ ўтиши керакми, номзодлар қозоқ эди. Шоир ё ёзувчи ўтиши керакми, номзодлар ижодкорлар. Энг қизиғи, сайловлар илгариги каби бир кунда тугамади. Демократия ўйини давом этди. Аммо, уч турдан кейин ҳам халтадан белгиланган нарса чикди. Масалан, Қашкадарёдан ўн уч вилоят кенгаши номзоди, беш ХДП ва бир Ватан тараққиёти номзоди ўтди.

Самарқанддан эса, ўн етти вилоят кенгаши, етти – ХДП ва бир Ватан тараққиёти номзоди сайланди. Бошқа вилоятларда ҳам кўрсатгич айни. Яъни вилоят кенгаши депутатлари 68 фоизни, бундай ҳисоб-китоблардан хабардор ва қандай қилиб депутат бўлиб қолганини ҳам билади.

Илгариги парламентда ҳукумат йўлига юрмаган депутатларни қандай қилиб жиловлаш муаммога айланганди. Марказ вилоятларга босим ўтказарди, вилоятларнинг қўлида эса жилов йўқ эди. Демак бу сафар кўпчилик депутатлар партиялардан сайлансалар икки-уч отаси бўлган болага ўхшаб қолардилар. Оталардан бири ҳукуматдан норози бўлса, қозон қайнаб кетарди. Шу боис қарийб 70 фоиз ўрин вилоятларга берилди. Жилов бир кишининг қўлида, яъни вилоят кенгаши раисининг. Бирорта миллатвакили бош кўтарса, вилоят ҳокими

жавоб берарди. Унинг дарҳол вилоят кенгашини йиғиб, ўз депутатини чақириб олиш ҳуқуқи бор. Бу билан халқнинг ҳузурига бориб, чақириб олиш кампаниясини ўтказиш ўйинидан ҳам қутулишди.

Вилоят кенгаши раиси-чи? У ҳукуматга ишонмай қолса-чи? Маълумки, у ҳукумат учун куч эмас, чунки у вилоят ҳокими бўлгани учун кенгашга раис. Ҳокимни эса президент танлайди ва ишдан олади. Партияларда кутилмаганда норозилик туғилиши мумкин. Лекин вилоят кенгаши ўзгармас, бир кишининг қўлида. Унга эса «Депутатинг учун жавоб берасан» деган юк юкланган.

Хуллас, бугунги Олий мажлис депутатларнинг қўрқуви ана шундай илдизга таянади. Шу сабабдан уларни танқид қилиш бефойда. Қолаверса, уларга ишониб этиксиз қолиш ҳеч гап эмас. Биз танқид қилар эканмиз, сўзимизнинг кучини унинг моҳиятига йўналтирмасак, халқимизни чалғитиб қўямиз. Зотан, бугунга қадар ким айбдору ким қурбонлигини ажратиб ололганимиз йўқ.

АЛ-ҚИССА: «Халқ – кучдир!» Агар қўзғалса. Мен қўзғалдим, Сен эса қўзғалишни истамадинг. Демак, на у ёқлик на бу ёқлик, на куч ва на-да кучсиз… Муаллақлик!!! Бу дард давосини топган кунинг кучга айланасан!

30 июль 1997 йил