Қутлов

rizoobidРизо ОБИД׃ Бир сўзли сардор!

Одатда туғилган кунда кишининг неча ёшга кирганини айтишмайди. Лекин бугун, ҳамма ватандошлар улуғ неъмат – Мустақиллик байрамини нишонлар эканлар, ушбу тантанага ким нима олиб келди, деган  нуқтаи назардан қаралса,  таниқли давлат ва фан арбоби Жаҳонгир Муҳаммад яшаган ёшни сарҳисоб қилишга арзигулик.

Дарвоқе,  узоқ йиллар мустабидликда ўтган халқнинг мустақилликка эришиши билан Жаҳонгир Муҳаммаднинг таваллуд куни боғлиққина эмас, балки озодликнинг  тамал тошини қўйган инсонларданлиги  ва  бир инсон туғилиб, балки минг йил умр кўрганда ҳам амалга ошира олмайдиган буюк хизматни адо этиб қўйганлиги,  тарих зарварақларига аллақачон зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган.  Ватаннинг мард ҳамда жасур ўғлони сифатида унинг қилган ишлари  кўп  йиллар яшаши муқаррар.

Айрим инсонлар, худога шукур, тирикчилигим ўтиб турибдику, дея яшайди, яна бошқа бировлари эса моддий фаровонлигини-ю шу ўткинчи умрининг ҳузур-ҳаловатини кўзлаб яшаб ўтади.

Жаҳонгир Муҳаммад эса ўзининг ҳар қандай манфаатларидан  кечиб,  халқнинг  озод ва ҳурлиги учун тенгсиз кураш йўлини танлаган бир сўзли инсондир.

Жаҳонгир Муҳаммад ҳақиқатан ҳам бир сўзли йигит, бир сўзли инсон. У хато айтиб қўйса, мен ундай демагандим, дейдиганлар хилидан эмас, балки хатолардан ҳикмат излаб, унинг такрорланмаслиги учун интиладиган бир сўзли инсон. Жаҳонгир Муҳаммад каби инсонлар ҳақида гап кетса, ҳақиқий мард инсон, деб қўйишади. Ҳақиқий мардлар эса жуда кам бўлади.

Жаҳонгир Муҳаммаднинг таваллуд куни арафасида қутлар эканман, кўнглимда айтмоқчи самимий сўзлар шу қадар кўп қуйилиб, келмоқдаки,  унинг қай бирини ёзишга шошиб қоляпман…

Айрим бошқа инсонлар ҳақида эса икки оғиз тилак билдиринг, дейишса, нима десам экан-а, деб тараддудланиб қоласан киши.

Дарҳақиқат, давлат ва сиёсат арбоби, сиёсатшунос, тилшунос олим, адиб, шоир, журналист…Эҳ, ҳе бир киши учун элу юрт хизматида бу қадар юкни тортиб бориш учун қанчалар матонат, жасорат ва яна қанча инсонийлик ҳислатлари мужассам  бўлиши  керак?  Бир инсон боласи учун қанча эзгу ҳислатлар бўлиши керак бўлса  ҳаммаси мавжуд Жаҳонгир Муҳаммадда ва яна неча юзлаб, балки минглаб яхши инсонларнинг ҳислатлари ҳам  жамулжам.

Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, айрим, ўз ўрнини билмаган ўзича доно-ю, даҳолар менга қўшиб Жаҳонгир Муҳаммадни ҳам маломат қилиб қолишади. Охиргиси у киши узоқ сафарда, интернетдан умуман  йироқ пайт хуруж қилди. Аммо кўп ўтмай  мутлоқ ассоссиз маломат қилган у кимса  бошига шармандали  ҳол соя солди.

Мен ундай нусхаларни бир сўз билан жойига ўтқазиб қўя олишимга ишонаман. Қойил қоладиган томони шундаки, Жаҳонгир Муҳаммад, мени ундайлар билан тенг бўлманг, кези келиб хатоларини англаб етишар, дея  қарши сўз айтишимданда  қайтаради.

Ҳақиқатан ҳам, йиллар ўтиб нечалари хатоларини тан олганлар аллақанча. Аммо мудом эзгулик йўлидаман, дея шаккокликни касб қилиб олганлари ва у йўлдан ҳозирча қайтмаётганлари ҳам афсуски бор. Уларни ҳам, қўяверинг, дейди Жаҳонгир Муҳаммад.

Бу каби бағрикенг ва самимий инсонни ҳали ҳаётда бошқа учратмадим. Балки Жаҳонгир Муҳаммаддай инсонлар бордирки, дунё-дунё бўлиб тургандир. Бўлмаса аллақачон алғов-далғов бўлиб кетармиди…

Алалхусус, кўнгилда айтмоқчи самимий тилаклар кўп. Эслайман, десам Жаҳонгир ака билан боғлиқ хотиралар ҳам аллақанча…Кези келганда улар ҳақида ҳам ҳикоя қиларман…

Модомики,  каминага шундай улуғ инсон билан дўст бўлиш насиб этган экан, бу менинг бахтимдир. Чунки Жаҳонгир Муҳаммад  чин маънода  олдиндаги йўлни машъала кўтариб ёритиб бораётган миллат қаҳрамонларидан биридир.  Қаҳрамонлик  ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Халқ қаҳрамонлари эса боқий яшайдилар! Қаҳрамонлар билан дўст бўлиш ҳам ҳар кимга насиб қилавермайди.

Хақсўз учун курашган халқининг қаҳрамони,
Юрагида ўти бор, миллатнинг шараф шони.
Тарихга ёзилажак мардларнинг  номи албат,
Уларнинг бош сардори, бу – Жаҳонгир   Муҳаммад!

Zamondosh.com

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: