Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

turkgazeta10. “ХАЛҚ СЎЗИ”

Ислом Каримов Хоразмга борганда шоир ва айни пайтда вилоят партия қўмитасининг идеология масалалари бўйича котиби бўлган Эркин Самандаров катта йиғилишда унинг шарафига шеър ўқиди. Оз қолсин Каримовни пайғамбар даражасига кўтарадиган шеър эди. Телевизорда Каримовнинг мамнун қиёфасини кўрар эканман, Эркин Самандаров “қушни ургани”нига шубҳа қилмадим. Зотан орадан кўп ўтмай Каримов уни Бош вазирнинг маданият масаласи бўйича ўринбосари этиб тайинлади.

Аввалига кўпчилик хурсанд бўлди. Нима бўлганда ҳам шоир. Адибларни қувонтирадиган гап. Нима бўлганда ҳам қўшиқнавис. Санъаткорларни мамнун этадиган ҳол. Нима бўлганда ҳам журналист. Илгари “Хоразм Ҳақиқати” газетасида ишлаб етишган. Демак, журналистлар учун ҳам умид пайдо бўлди.

Аммо Каримов уста экан, сўядиган ҳўкизини соҳибига сўйдираркан. Феъл-хуйини билади-да. Акс тақдирда шохлаб ёки тепиб юборса ўзига келолмай қолиши мумкин.

Эркин Самандаров тез орада санъаткорларнинг кушандасига айланди. Театрлар, концертлар Каримовни улуғлайдиган саҳнага айланди, озгина мустақил фикр айтишни истаган одам четлаштирилди.

Эркин Самандаровнинг кимлигини “Халқ сўзи ” газетасига қарши қилган ҳунарларидан яхши биламан. Аммо Каримов унинг қўлини қонга ботириб, кейин ҳайдаб юборди. Кимнинг қонига дейсизми?

Каримов Олий Мажлиснинг ўз газетаси бўлишига розилик бергандан кейин шу борада бош қотира бошладик. Ҳали туғилмаган боланинг отаси бўлишни истаганлар кўпайиб кетди. Эркин Воҳидов таниқли ёзувчи ва журналист Нурали Қобулга ваъда бериб қўйибдилар. Йўлини топиб буни Ислом Каримовга ҳам айтибдилар.

Бир куни Каримов менга:

-Жаҳонгир, мана буни қаранг, Эркин акангиз билан Нурали бир…(сўкиш калимасини ишлатди) экан,-деди.

Каримовнинг қўлида Исмат Хушев редакторлик қилаётган “Иқтисод ва ҳаёт” журнали бор эди. Уни менга узатди. Олиб қарасам, Нурали Қобулнинг ҳаёт қийинчиликлари ҳақида мулоҳазалари ёзилган мақоласи. Унинг иқтисодий камчиликлар ҳақидаги жойлари қизил қалам билан чизилган.

-Бу қачондан иқтисодни тушунадиган бўлди? У ҳали менга ақл ўргатадиган бўлдими? Унинг бурнини тошга ишқалаб қўяман, ҳали. Ана у латта акангиз эса менга уни редакторликка тавсия қилиб юрибди. Мен сизнинг илтимосингиз билан бу газетага рози бўлганман ва бу ишни сизга топширганман, бошқаларнинг қўлига бериб қўйманг. Ўзингиз бош муҳаррир бўлинг ёки бирор кишини топинг,- деди кескин оҳангда Каримов.

Аслида бундай газета ҳақида илтимос қилган эмас эдим, биз чиқармоқчи бўлган газетани тўхтатиш учун унинг ўзи ўйлаб топган ва газетани бир идорага бoғлаб, назоратини ушлаб турмоқчи эди. Бош муҳаррир бўлишимга ҳам рози эмас эди. Зотан ё ўзингиз бўлинг, ёки бировни топинг, дейиши шундан.

Журналистлар уюшмаси раислигига сайланишимга тиш тирноғи билан қаршилик қилган, мустақил газеа чиқармоқчи бўлганимиз учун мени жазолашга буюрган, ҳали яқинда номзодимни “Туркистон”(“Ёш ленинчи”) газетаси бош муҳаррирлигига кўрсатишганда ҳам оёқ тираб олган Каримовнинг энди рози бўлишига асло ишонмас эдим.

Ўзбекистон комсомол қўмитасининг раиси Азиз Носиров номзодимга қаршилик қилган экан. “Ёш ленинчи” расмиятан унга қарар эди. У бизнинг Ошкоралик қўмитасининг аъзоси бўлгани учун, четга чақириб, “Ислом ака билан муносабатингизни яхшилаб олинг, сизга қаршилар” деган эди. Ўшанда мени бош муҳаррирликка кўрсатиш таклифи кимдан чиққан ва нега мен хабарсиз бўлганимни кейин тушундим.

Олий Кенгашдан узоқлаштириш учун Раиснинг тавсияси билан Эркин Воҳидов кўрсатган экан. Балки “Халқ сўзи”га номзодлар сонини қисқартириш ҳам назарда тутилган бўлса ажаб эмас. Лекин бу ёғи менга қоронғу.

Хуллас, агар номзодимга рози бўлганда Каримов шу ишга “сургун” қиларди.

Бир куни “Халқ сўзи”га Ўзбекистон коммунистик партиясининг Марказий комитети Номоз Саъдуллаевнинг номзодини кўрсатмоқчи эканлигини эшитиб қолдим. У Олий Кенгашнинг Халқаро масалалар қўмитасида ишларди. Уни яхши танир эдим. “Совет Ўзбекистони” гезетасида бирга ишлаганмиз. Қўрқоқлиги ва хасдан ҳам ҳуркиши билан редактор ўринбосари бўлган кезда қонимизни “ичган”. Уни “едактор ўйинбосари” деб орқаваротдан масхара қилишарди. Аввал бўлим мудири эди. Қуп-қуруқ, ўн саҳифалик ёзувидан бир гап ҳам эсингизда қолмайдиган технократ журналист эди. Бунинг устига партия идорасининг ишонилган аскари экан, озгина демократия бошлангач ўзи туғилиб ўсган Қўшработ туманидан депутатликка сайланиб олди. Ўша кезда журналистларнинг орасида ўз қишлоғига бориб депутат бўлиб қайтиш модага айланган эди. Шу боис мени ҳам бугунга қадар жомбойлик деб ўйлашади. Лекин Жомбойдан эмас, балки Самарқанд туманиданман.

Олий Кенгашда нима гап бўлса Номоз Саъдуллаев бориб партия идорасига айтади, деб ундан сир сақлашга урунилар эди. Шу боис Каримов шундай номзодни қўллаши турган гап эди. Баъзи миш-мишларга қараганда у ўзини Каримовга қариндош, деб ҳам айтиб юрар экан. Бу қанчалик ҳақиқатга тўғрилигини билмайман.

Шу боис Каримовнинг ўзи ҳам қаршилик қила олмайдиган ёки у кўрсатган номзоднинг олдида икки калла баланд бўлган одам топиш ҳақида ўйлай бошладик. Узоқ ўйлаб ҳам ўтирмадик. Бу одам Аҳмаджон Мухторов эди. Биринчидан, СССР Халқ депутати, иккинчидан кучли журналист, бир ўзи бир газетани чиқара олиш қобилиятига эга, учинчидан уни демократия томон йўналтириш осон, чунки шунга очиқ одам.

Бу номзод ҳақида дастлаб Тойиба Тўлагановага айтдим.

-Сиздан шу гап чиққанига ҳайронман,- дея қарши бўлди у.-Бир марта хиёнат қилган одам, яна хиёнат қилаверади.

-У киши кейин қилган ишини тушунди, менга устозлик қилган бўлса ҳам кечирим сўради. Москвада сессиялардаги чиқишларини кўраяпсизми? У бугуннинг руҳи билан яшамоқда. Агар биз унинг қаватида турсак, кучли газета ташкил қила оламиз,- дедим ва узоқ тортишувлардан кейин уни кўндирдим.

Қўмитамизнинг қолган аъзолари ҳам рози бўлдилар, чунки Аҳмаджон Мухторов Москвада СССР Олий Кенгашида Гдлян гуруҳига қарши чиқишлари ва “Қишлоқ Ҳақиқати” газетасини ҳеч ким ўқимайдиган рўзномадан қидириб ўқиладиган нашрга айлантирганини яхши билишарди. Лекин унинг номзодини биз кўрсатсак, Каримовнинг ўтказмаслиги ҳам аниқ эди. Шу боис Аҳмаджон аканинг ўзи билан гаплашдим.

-Ўзим ҳам газета ишидан йироқлашиб жуда зерикдим,-деди у киши.

Унинг рози эканлигини ҳис қилиб:

-Шу ишни бошлаб берсангиз мустақил Ўзбекистон парламентининг биринчи газетасига биринчи муҳаррир бўлиб тарихга кирасиз,-дедим,- қолаверса, бошланиши қандай бўлса кейин уни синдириш қийин бўлади ва фақат сиз бу газетани халқ рўзномасига айлантира оласиз, Олий Мажлис, хусусан бизнинг қўмита сизнинг орқангизда туради ва Ўзбекистоннинг эркин матбуотига йўл очилади. Лекин бу масалани Мирзаолим Иброҳимовга айтсангиз, у билан яқинсизлар. У тавсия қилса, балки Каримов ҳам йўқ демайди.

-Ўзимни-ўзим тавсия қила олмайман,- деди Аҳмаджон ака,- бунинг устига Ислом ака менга Москвадаги депутатларга раислик қилишни топширмоқчи.

-Бу яхши имконият,- дедим,- Каримовга сиздан узоқда эмас, сиз билан ёнма-ён ишлайман, дейсиз.

Эртасига у киши Москвага кетди. Орадан икки кун ўтиб телефон қилди ва:

-Мирзаолим ака шу ерда, оғиз очгандим, зўр иш бўлади, дедилар.-Ислом акага ҳам ўзим айтаман, дедилар.

Шу кунлари Каримов бир йиғилишда исмини айтмасдан Нурали Қобулни қатиқ тандиқ қилди. Гап унинг журналда ёзгани ҳақида бораётганини ҳамма тушунди. Чунки у қўлида журнални тутганча гапирган эди. Аслида мақола жуда яхши ва одамларнинг юрагидаги гаплар ёзилган эди.

Нурали Қобул хотини билан айрилгани учун ҳам Каримов уни ёқтирмайди, деган гаплар бор эди.

Маълумки, Жиззах газетасида ишлаб юрган 27-28 ёшлардаги журналист Нурали Қобул Шароф Рашидовнинг жиянига уйлангач, “Ўзбекистон санъати” журналига бош муҳаррир бўлиб келди. Ҳамма унинг куёв бўлгани боис раҳбарликка келди, деса-да, лекин журнал тубдан ўзгариб, одамлар қидириб ўқийдиган бўлиб қолди.

У талантли эди. Унинг газетамизга бош муҳаррир бўлишига қарши эмас эдим. Истеъдоди билан бирга ташкилотчилиги ҳам бор эди. Журналда ишлаб ўзини кўрсатаолган, ҳар турли шубҳаларни енгиб чиққан. Кейинчалик у Рашидовнинг жиянини қўйиб юборди. Унинг “Муҳаббат” деб номлаган шеъри Шерали Жўраев ижросида машҳур бўлиб кетди. Каримовга “Нурали Қобул Рашидовдан фойдаланиб, кейин жиянини ҳайдаб юборди ва Рашидов ўлгач уни ёмонлаб роман ёзди” деб ҳам айтишган экан.

Хуллас, Каримов унга нисбатан тўнини тескари кийиб олганди. Аммо Нурали Қобул бундай булутларни бир зумда тарқатиб юборадиган истеъдодга эга эди. Масалан, муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммд Юсуфни телевидениега олиб чиқиб, Каримовни Аллоҳнинг ердаги сояси дедириб, сайлов олдидан дуо қилдириб юбортирганда кўпчилк ҳайратланиб қолишган. Чунки ўз қарашига эга, деб билинган муфти ўшанда Нурали Қобулнинг “қули” бўлиб кўринган эди. Нурали Қобулни Каримовнинг маслаҳатчиси Мавлон Умурзоқов ҳам қўллаб қувватлар эди. Лекин Каримов ҳаммадан ҳам уста “ўйинчи” эканлигини ўша кезда кўпчилк билмасди.

Бир куни Олий мажлис танаффусида Каримовга:

-Ислом ака, газета ҳақида ваъда берган эдингиз, шуни тасдиқлатиб беринг энди,- дедим.

Шу пайт Нурали Қобул келиб қолди. Каримов “Бўпти қарор лойиҳасини ёзинг” деди. Ҳали қоғоз қидургунимча, Нурали Қобул қарор лойиҳасини ёза бошлади. Биргалашиб газетага “Халқ сўзи” деган ном қўйдик ва сессияда дарҳол бу ҳақда қарор қабул қилинди. Каримов Нурали Қобулга хайрироҳдек кўринди, аммо сессиядан чиқиб водийга кетар экан:

-У редактор бўлиши керак эмас, керак бўлса ўзингиз олинг бу ишни,- деди.

Демак, у Нурали Қобулга кулиб қараган билан ичида бошқа нарса ўйлаётган экан.

-Биласизми,-деди у худди хаёлимдан ўтганини уқиб олгандек,- Христос, билмайман, уни сизлар нима дейсизлар, уруслар Христос дейди, душманингга ҳам кулиб қара, деган.

Энди у Нурали Қобулнинг эмас, каминанинг бош муҳаррир бўлишига розидек кўринди. Бизни душманлаштирмоқчи эди.

Каримов коммунистик таълимотни жуда яхши ўқиган. Бир гал Лениннинг “Партия адабиёти ва партия ташкилоти” деган мақоласини эслатганида, инқилоб учун энг аввало газета керак, деган гапни такрорлаганида бунга амин бўлган эдим. Аслида бу гапни Ленин айтган билан бошқалар ҳам шу фикрда бўлганлар, чунки халқни бир йўлга бошлаш учун минбар керак. Энг яхши минбар эса газета, биз ҳам халқни демократияга етаклаш учун газетадан фойдаланишни мақсад қилгандик.

Аммо Каримов бўш келмасди. У жуда моҳир ва талантли. Ана шу моҳирлик ва талант фақат ёмон томонга йўналганди. У мақсадга тўғри йўл билан ҳам бориш мумкинлигига ишонмайдиган шахс.

Айни пайтда ҳаммани аҳмоқ деб, фақат ўзини ақлли ҳисоблар ва шунинг учун ҳам ҳамма билан ўйин ўйнарди. Унинг ўйин ўйнаганини кўплар билиб туришсада, мансабининг ҳурмати боис мусиқасига йўрғалар эдилар.

Бизда умумий кайфият шундай эди. Олий мажлис ёки президент девонининг машинасида ишга келсангиз, милиционер қўлини пешанасига олиб бориб, “чест” беради. Аммо пиёда ўтиб кетсангиз ҳатто қайрилиб ҳам қарамасди. Унинг саждагоҳи темир машина. Кимларгадир мансаб ана шундай. Бу зеҳният бутун қонимизга сингиб кетган. Мансабдаги одамнинг орқасидан югуриш ва у ишдан кетгач, ундан юз буриш халқимизни маънавий ҳалокатга итқитган иллатлардан биридир. Кўпчилик халқ наздидан тушмаслик учун мансабдан айрилмасликка ҳаракат қилади ва ҳар қандай ўйинга мосланади. Буни табиийки Каримов яхши билар эди.

Бизда ҳар ҳолда азалдан сарой найранглари, сарой ўйинлари одат бўлиб қолганди. Бу ердагилар гуруҳларга бўлиниб шоҳнинг фел-атворидан фойдаланиб, ўз ишларини битирар эканлар. Масалан, Каримовга эрталаб бири кириб фалончи ёмон одам, сиз ҳақингизда бўлмағур гапларни айтиб юрибди деса, Каримов бунга ишонмайди. Аммо келишган гуруҳ одамлари бу гапни Каримовга беш томондан етказишади ва кимнингдир хонумони барбод бўлиб кетади. Бошқа гуруҳлар ҳам айни ҳунарни қўллашарди ва ўртада доимий, кўринмас жанг боради.

Бир куни Нурали Қобул:

-Уйда Иштихондан келган яхши қовун бор, бориб емаймизими?-деди.

Унинг иккинчи умр йўлдоши асли иштихонлик бўлган шоира эди. Улар Марказкомнинг уйида яшардилар, ишхонага яқин жойда. Бордик. Қовун ҳақиқатдан ҳам асалдек экан.

Лекин Нурали Қобул:

-Дўстим, сарой ўйинларини билмайсиз, бу ерда бир қанча гуруҳлар бор, улар ҳам Каримовга хизмат қиладилар, ҳам ўзларига,-деди.- Биз ҳам ўз гуруҳимизга эга бўлишимиз керак. Аммо бошқалардан фарқимиз шу бўладики, биз халққа хизмат қиламиз, Каримовни ҳам шунга бўйсундирамиз.

Рози бўлишимни, лекин Каримов бизни қўлланиши мумкинлигини айтдим. У рўйхат тузди ва демократ депутатларни ҳам киритиб, Мавлон Умурзоқов билан гаплашаман, деб ишга киришиб кетди.

Аслида бу фикр Нурали Қобулда илгаридан мавжуд эди. Олдинроқ ҳам Боймирза Ҳайитни ватанга таклиф қилиш ҳақида ёзилган хатга 41 депутат қўл қўйганда у “Шундай нарсалар одамларни саралаб қўяди, Олий Мажлисда бир мушт бўлиб иш қиладиган 41 эркак бор экан, қолганлар товуқдай гап, қўрқоқ” деганди.

Хуллас, Каримовнинг Нурали Қобулга қаршилиги, мен ҳақимда ҳам фикри  бошқалигини ва Номоз Саъдуллаев каби биттасини ўтказиб юборишини билганим учун Мирзаолим аканинг ёнига бориб:

-Ислом ака янги бўладиган газетанинг бош муҳаррирлигини ўзингиз олинг, дедилар. Аммо ёшман. Сиздан илтимос, ўзингиз шу жойга бирор номзод кўрсатинг,- дедим ҳеч нарсани билмагандай.

-Аҳмаджон акангга нима дейсан?-деди у.

-Қарши эмасман,-дедим.

-Ўзинг уни кўндирибсанку,- дея муҳим сирни очгандек мийиғида кулди Мирзаолим ака. Шунда Аҳмаджон аканинг соддадиллиги ёдимга тушди.

Раёсат мажлисида номзодлар масаласи кўрилар экан, Эркин ака Нурали Қобулни айтди. Кимдир менинг номимни айтганди, рад эттим ва Мирзаолим ака:

-Аҳмаджон Мухторовга нима дейсизлар?- деганди ҳамма қўллаб қувватлади. Демак, Каримов рози бўлибди, деб ўйладим. Чунки Каримовдан изн олмасдан Мирзаолим ака бундай “мардлик” қила олмас эди.

Аҳмаджон ака бош муҳаррир этиб тайинланди ва кадрларни ишга олишдан тортиб, газетада қандай мавзулар кўтарилишига қадар Ошкоралик қўмитаси аъзоларининг таклифларини инобатга олиб ишлай бошлади. Газетанинг биринчи сони чиқиши катта воқеага айланди. Тез орада ҳамма “Халқ сўзи”ни ўқийдиган бўлди ва рўзнома чиндан ҳам халқнинг сўзи айтиладиган минбарга айланди.

Аммо газетага қаттиқ босим бошланди. Биринчи сонларида Тошкентдаги Марказий универмаг ёнида турна қатор навбат кутган одамлар ва орқадан навбатсиз нарса олиб чиқиб кетаётганлар ҳақида суратли материал чиққани боис Каримов телефон қилиб, Аҳмаджон акани қаттиқ койиб берибди. Биз унга бош келмаслигини айтиб, қўллаб турдик. Бир куни Аҳмаджон ака кўнглини очиб қолди:

-Бу Эркин Самандаров деган одам нега ишимизга аралашади? Газетанинг бевосита раҳбари бўлган Ошкоралик қўмитаси аралашмайдию ҳукуматнинг вакили нега хўжайинлик қилади? Ахир у Бош вазирнинг маданият масаласи бўйича ўринбосари бўлса? Бизнинг газетамиз Олий Мажлисники? У ҳар кун телефон қилиб эснамни қотирмоқда.

Эркин Воҳидовга айтсам, “Оқсоқолнинг гапи билан аралашаётгандир, ўзича бундай қилмайди” деди.

Эркин Самандаров билан учрашиб, гап нимадалигини сўрадим.

-Ислом акам, бу одамни йўқотиб, ўрнига Абдусаид Кўчимовни қўйишимиз керак, деяптилар,- деди у.

-Бўпти, Ислом ака билан гаплашаман,-дедим унга.

-Менга у киши эмас, у кишининг номидан бошқа одам айтди,- деб қолди у чиқиб кетар эканман.

Аммо шу куни Каримовнинг ўзи телефон қилди:

-Сиз нима учун Бош вазир ўринбосарининг хонасига бостириб кириб, унга дўқ қиласиз? Қачон сизга Кўчимов ҳақида гапирган эдим. Ким ўзи у Кўчимов деганингиз? Ана у ургутлик бола эмасми?- деб қолди.

Эркин Самандаровнинг сув келмасдан ариқнинг олдини боғлаганига “қойил” қолдим. Унинг ҳар турли ўйинларга уста эканлигини кўп эшитгандим, лекин бунчаликка боришини тахмин қилмагандим. Билдимки, Кўчимов ҳақидаги гап ҳам унинг калласидан чиққан экан. Ўша пайт Кўчимов ҳақида яхши гап айтсам, у ҳам бизниинг “одам”га айланарди. Ёмон гап айтсам, Каримовнинг одами бўларди.

Каримовнинг ажиб одати бор. Бир куни Олий Мажлиснинг қабулхонасида жанжал бўлаётганининг устидан чиқиб қолдим. Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида ишлайдиган подполковник Урайим Абдуғаниев “Тўмарис” хотин-қизлар ташкилоти аъзоларини ҳақорат қилаётган экан. Келганимда у улардан бирининг кўкрагидан ушлаб олганди. Айтишиб қолдик. Унга ўзининг ҳам онаси борлигини эслатдим. Яқинига борсам, ундан арақ ҳиди анқимоқда.

-Вазифа вақтида ҳам ичиб олганингиздан кейин оналар ҳам кўзингизга душман бўлиб кўринадилар,- дедим унга.

-Сиз ичиб олгансиз,-деди у кўзимга тик қараб,- булар сизларни ҳақорат қилишга келишган, сиз бўлсангиз тарафларини олаясиз?

-Ичиб олганимда балки сиз билан ади-бади айтиб ўтирмаган бўлардим, булар халқ вакиллари билан учрашувга келганлар ва биз уларни эшитишимиз керак.

-Бизга уларни эмчагидан тортиб чиқариб ташлаш буюрилган,- деди у ўзлигини йўқотиб.

Жуда хафа бўлдим. Олий Мажлис котибияти раиси Омон Олимжоновни чақиртириб аёлларни қабул қилдим. Лекин Урайимнинг ҳаракатидан ўзимга кела олмадим.

Эртасига мажлисда сўзга чиққанимда бу воқеани мисол келтириб, бизга ишониб мурожаат қилганларга муносабат ҳақида гапирдим.

Каримов “Маст бўлганимизда ҳамма нарса қўшша кўринади” дея кесатди.

Қизиғи шунда эдики, Каримовга худди мана шунақа гаплар ёқарди. У бундай гапларга ишонарди ва ҳар қанча ўзингизни оқлайман, деб уринишингиз беҳуда эди. Бировни ёмон кўрса, у одам ҳақида фақат ёмон гап эшитишни истарди. Яхши гап айтган одамнинг хонумони куйиб кетарди. Буни билганлар Каримовнинг бу феълидан усталик билан фойдаланишарди. Бунинг устига Каримовнинг биринчи хулосадан воз кечмаслигини ҳам ўрганиб олишганди.

Урайим ҳақидаги гапни бир жойда айтишимни билиб, у ким орқалидир буни Каримовга етказган ва мени маст ҳолда ишимизга аралашди, дегани ҳам унга мойдек ёққан ва мана энди уни ўзимга қарши қўлланди. Ўшанда Каримов Урайимни жазолаш ўрнига уни президент девонига ишга олганди.

Ана шуни билганим учун ҳам баъзан айрим одамлар ҳақида гап очилса, индамай қўя қолардим. Шу боис Абдусаид Кўчимов ҳақида ҳам индамадим.

Абдусаид Кўчимовни “Ленун учқуни” газетасида ишлаганидан биламан. Уни “Машҳур шоирнинг қизига уйланиб, муҳаррир бўлиб олди” деб юришар эди. Болалар шоири эди. Бир куни Самарқандга кетаёганимни айтсам, бирга кетишни истади ва машинада бирга кетдик. Самарқандга етиб боргач, уйда қолдим ва акам уни Ургутга ташлаб қайтди.

-Бу бола узоққа кетади,-деди акам,-лекин ундан эҳтиёт бўл. У дўстини ҳам ўлдириб, норвон қилиб ўтадиганлардан, бир икки савол бериб билиб олдим.

Эътибор қилмадим. Кейинчалик президент девонида ишлаганимда демократ депутатлар билан Каримовнинг ойда бир юзма-юз учрашувини ташкил қилар эканман, бир куни мажлис тугагач, депутатлар Каримовга яна савол бера бошладилар. Абдусаид Кўчимов ҳам бир нарса деган эди, Каримов уни қаттиқ сўкиб юборди. У бошини эгиб, индай тураверди. Шундан билдимки, у Каримовга керак кадрлардан экан.

Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлди. Бир муддат Эркин Самандаровга бўлим мудири, кейин давлат телерадио компаниясида радио бўйича ўринбосар бўлди ва раисликка тайинланди. Бу жойда узоқ ишлаш қийин. Аммо Абдусаид узоқ ишлади. У Каримовнинг оёғини босмаслик учун ҳар қандай ишга тайёрлигини шу йилларда намойиш этди. Халқимизни сиёсий жиҳатдан манқурт бир вазиятга солиш учун у тинмай курашди ва қисман шуни таъминлади ҳам. Хуллас, гап у ҳақда эмас. Гап Самандаровнинг макр-ҳийласи ҳақида.

У Аҳмаджон акани ишдан кетказиш учун чин дилдан курашга киришиб кетди. Бир куни Каримовга бағишланган достонини чоп этиш учун берибди. Аҳмаджон ака уни бизга кўрсатиб, “Нима қиламиз?”, дедилар.

-Жуда катта, газетабоп эмас, “Шарқ юлдузи” журналига боп экан,- дедик.

Лекин Самандаров тўртликлардан иборат мадҳиянома-достонини Каримовга кўрсатиб, “Мухторов маддоҳликни йиғиштиринг, деб отиб юборди” деб айтибди. Каримов бу гапни МХХнинг раисига етказибди. У қўшнимиз эди. Бир куни ишга кетаётсам:

-Аҳмаджон акага айтинг, ҳали ҳам кеч эмас, Самандаровнинг достонини чоп этсинлар, шу билан иш битиши мумкин,-деди.

-Бир тийинга қиммат достон-ку,- десам:

-Лекин Аҳмаджон акага қимматга тушадиганга ўхшаяпти,- деди.

Шу кунларда “Панорама” кинотеатрида Ўзбекистон мусулмонлар жамоасининг сайлов мажлиси бўлди. Шу куни “Халқ сўзи” газетасида ёзувчи Ўктам Ҳакималининг “Оллоҳ” деган мақоласи чиққди. Унда Мусулмонлар идораси Саудия Арабистонидан ҳадяга келган 1 миллионта Қурон китобини одамларга совға қилмасдан пулга сотгани ва пулини ўзлаштиргани қистириб ўтилганди.

Мусулмон делегатларга “Бу газета бандани Худо деб эълон қилди” деб тушунтиришибди. Мақола босилганда Ўктам Ҳакималининг исми юқорида ва сарлавҳа пастроқда бўлгани боис бир қарашда “Ўктам Ҳакимали Худо” деган гап чиқарди. Аслида эса “Халқ сўзи” ҳамма чет муаллифларнинг номини юқоридан берар эди. Қолаверса Худо калимаси катта ҳарфаларда бўлиб, сўзлар бир-биридан узоқда ва ажратилган ҳолда эди.

Хуллас, шу куни Аҳмаджон акадан узр сўрашни талаб қилишди. Эркин Самандаров газета таҳририятига келиб, Аҳмаджон акага “Юринг мусулмонлар талаб қилишмоқда, ўша ерда узр сўрайсиз, оқсоқол шундай дедилар”, деб олиб борибди. У ерда мусулмонларни Аҳмаджон акага қайраб, гапни оз қолсин “У ўлганда жанозасиз кўмилсин” деган фатвога чиқаришга қадар олиб боришган.

Кейин Эркин Самандаров видеотасмани таҳрирдан ўтказиб, Каримовга қўйиб берган ва “Аҳмаджон Мухторовнинг диний жамоа билан алоқаси бор, мана уларнинг йиғилишларида ҳам сўзга чиқиб юрибди” деган. Унинг узр сўраган жойлари кесилиб, бошқа гаплари қолдирилган экан.

Ҳар ҳолда бу амалиёт Эркин Самандаров билан бирга ўша кездаги диний жамао пешволарининг “отаси” бўлган МХХ раиси Ғулом Алиевнинг ҳунари бўлса керак. Шундан кейин Каримов Олий Мажлис раисига (Бу пайтда Иброҳимов ишдан олинган ва ўрнига Шавкат Йўлдошев келтирилган эди) бош муҳаррирни ишдан бўшатиш ва газетани Олий кенгаш билан бирга Вазирлар маҳкамасининг ҳам нашри этиб эълон қилишни топширганди.

Биз бу ҳаракатга қаршилик қилдик. Газета ходимлари иш ташлаш эълон этдилар. Биз депутатлар уларнинг ёнига бориб турдик. Мухолифатдан келиб уч кун шу ерда туришди. Каримов ҳеч биримиз билан гаплашгиси келмас эди.

Иш ташлаш давом этар экан, Аҳмаджон ака ҳали ҳам буларнинг орқасида Эркин Самандаров ва Шавкат Йўлдошев турганига, Ислом Каримовнинг бехабарлигига ишонарди. Ислом Каримов эса ўзини олиб қочиб, ҳеч кўриниш бермас, телефонларга ёрдамчиси “Келсалар айтаман, сафардалар” каби жавоб берарди.

Учинчи кун Каримов Аҳмаджон аканинг хонасига телефон қилди. Аҳмаджон ака Каримовнинг гапини эшитар экан, қизариб кетди ва ўрнидан турди.

-Сўкманг, сўкманг, менинг онам гўрда ётибдилар,- деди, лекин Каримов аллақачон телефон гўшагини қўйган эди. Аҳмаджон ака хўрлиги келган одамдай йиғлаб юборди:

-У онамни ҳақорат қилди,- дея олди фақат.

Шундан кейин иш ташлашларнинг ҳам, бизнинг у ерда туришимизнинг ҳам маъниси қолмади. Аҳмаджон ака ишдан қўлини ювиб, қўлтиғига урди ва уйга қамалиб олди. Кейин ҳам у бу гапни узоқ эсдан чиқара олмади ва фақат онасининг руҳига дуо қилиб, кечирим сўраб юрди. Каримов эса унга оддий иш берилишига ҳам қаршилик қилди. Охир оқибат Ўзбекистоннинг забардаст журналисти мияга қон қуйилишидан ўлди.

Бу Каримовнинг одамларни ўлдириш усулларидан бири. Каримовнинг жаллоди ўлароқ Эркин Самандаровнинг ҳам қўли қонга ботди. У биргина Аҳмаджон аканинг эмас, балки яна кўпларнинг қотилига айланди ва бу ҳақда кейинги бўлимларда тўхталамиз.

Раҳматли Аҳмаджон ака ишсиз юрган кунлари катта дафтарга бошидан ўтганларини мақола тарзида ёзарди. Бир куни кўзим тушиб қолди. Тўрттаси Эркин Самандаров ҳақида экан.

– Яқин орада эмин-эркин замон келади ва буларни чоп этаман,-деганди у. Аммо у ҳаёт бўлган кунлари ундай замон келмади. Балки келар, аммо у етмади шундай кунларга. Унинг ёзганлари қаерда қолди экан? Уни келажак авлод ўқир эканми? Кимдир балки уларни сақлаб қўйгандир?

Шу билан биз орзу қилган “Халқ сўзи” ҳам битди. У энди ҳукуматнинг, тўғрироғи Каримовнинг сўзига айланган эди.

(ДАВОМИ БОР).

One Response

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: