Туркия туркуми

Turkiyalik jurnalist Kamol Chapraz bilan

Turkiyalik jurnalist Kamol Chapraz bilan

19.Фестивалга айланган зирвалар

Турк давлат ва жамоаларнинг дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик номи билан анъанавий ҳолга келган  Бешинчи Қурултойи 11 – 13 сентябр кунлари Истанбул шаҳрида бўлиб ўтди.

Қурултойга Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Озарбайжон жумҳуриятлари, Гагаузия, Татаристон, Бошқирдистон, Қрим, Қиприс, Ғарбий Тракия каби мухтор ўлкалар ҳамда Америка, Оврўпада яшайдиган турк жамоаларнинг ҳайъатлари келдилар.

Қурултойда Марказий Осиё жумҳуриятлари президентлари номидан улар ваколатан юборган ҳайъат раҳбарлари сўзга чиқдилар.

Маълумки, Турк халқларининг дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик номини олган Биринчи Қурултойи 1993 йилнинг 21-мартида Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтганди. Ўшанда қурултойга расмий ҳайъатлар қаторида Туркий жумҳуриятлари ва жамоаларининг мухолифат вакиллари ҳам таклиф қилинганди.

Қурултойнинг олти комиссияси демократия, ҳуқуқий давлат, инсон ҳақлари, ўрта турк тили борасида бир қатор тавсиялар ҳозирлаганди ва бу тавсиялар қурултойнинг декларациясига киритилиб, иштирокчи давлатлар раҳбарлари, парламентларига тақдим этилганди.

Иккинчи қурултой эса 1994 йилда Измир шаҳрида бўлиб ўтди. Бу қурултойга туркий жумҳуриятлар президентлари иштирок этишлари мўлжалланганди. Қурултой арафасида Истанбулда Турк жумҳуриятлари президентларининг зирваси бўлди. Маълумки, бу зирвага Москва салбий кўз билан қараётганди. Зирва 1994 йилнинг 20 январида Боку шаҳрида ўтиши керак эди. Россия айни шу кунга МДҲ раҳбарларининг Олий даражадаги учрашувини режалаштирди. Ниҳоят президентлар кузда Истанбулда тўпландилар. Лекин бу зирванинг иккинчи куни яна Россия МДҲ раҳбарлари учрашувини чақирди. Шу сабабдан Турк жумҳуриятлари президентлари Измирдаги қурултойга боришларини бекор қилиб, Москвага йўл олдилар.

Шу кундан эътиборан қурултой руҳидаги жўшқинлик пасайиб кетди. Ҳатто Измир қурултойида Россиядан узр сўраш даражасига етиб борган маърузалар қилинди.

Учинчи Қурултой ҳам Измирда бўлди. 1995 йилнинг 30 сентябр – 2 октябр кунлари  бўлиб ўтган бу қурултойга қатнашмоқчи бўлган мухолифат ташкилотларига рад жавоби берилди. Дунёда ҳар турли шарҳларга сабаб бўлмасин, дея Эрон ва Хитойда яшаётган турк халқларининг вакиллари даъват этилмади. Қурултойни кўпроқ иқтисодий ва тижорий ҳамкорлик йўлига буришмоқчи бўлишди, лекин сиёсий масалалар ўз-ўзидан биринчи ўринга чиқди.  Жумладан, лотин алифбосига ўтишда жиддий хатоларга йўл кўйлаётгани очиқ ойдин эътироф этилди.

1996 йилнинг 24-26 март кунлари Анқарада тўртинчи Қурултой чақирилди. Яна Анқара учрашуви олдидан Москвада МДҲ ўлкалари раёсатининг мажлиси ўтказилди  ва Россия, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон ўртасида иқтисодий интеграция масаласи ўртага отилди.

Ўтган йили Турк жумҳуриятлари президентлари Тошкентда йиғилганларида қурултойнинг бешинчисини Ўзбекистон пойтахтида ўтказишга қарор қилинди.

Туркия матбуотининг ёзишича, ўшанда қурултойга келган норасмий ҳайъатлар масаласи муаммога айланди. Жумладан, Ўзбекистон ҳукумати Қиприс  ҳали давлат ўлароқ тан олинмагани учун Юнонистон билан дипломатик тортишмалар чиқиши мумкинлигидан чўчиган. Шунингдек, Қрим ҳамда Россиядаги мухтор турк жумҳуриятларидан ҳайъат чақириш масаласи ҳам журъатсизликни ўртага чиқарган. Тошкентнинг баҳонаси қопларга сиғмай қолгандан кейин қурултойнинг бешинчиси ҳам Туркияда ўтди.

Қурултойни уюштирган турк давлат ва жамоалари дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик фонди томонидан даъват этилган меҳмонлар Истанбулнинг Пўлат отелида тўпландилар.

Шуни ҳам айтиш керакки, қурултойлар тантанавий руҳга боғланиб, мадҳиябозлик, бир-бирига совға-саломлар бериш ва умумий декларациялар эълон қилиш билан кифояланиб қолмоқда.

Балки шу боисдан ҳам йилдан йилга мавқеини йўқотиб, ўйин-кулгили конференцияга айланиб бораётир.

Аслида эса қурултойнинг аҳамияти жуда катта бўлиши керак эди. Агар барча туркий жумҳуриятлар раҳбарияти бу қурултойга соҳиб чиққанларида, унинг хулосаларига жиддий эътибор берганларида, қурултой улар учун жамиятни эркин ривожлантириш йўлида катта куч манбаига айланарди.

Россия ҳеч иккиланмасдан ўзининг катта кучга айланиши учун ҳар тарафга бош урар экан, дунёда глобаллашув жараёни борар экан турк жумҳуриятлари эса бир неча йил олдин тамали қўйилган қурултойларни кучсизлантириб, кўнгилочар фестифалга айлантириб бўлдилар. (“Озодлик” радиоси, 1997 йил. Август).

ЖМ

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

w

Connecting to %s

%d bloggers like this: