Хотира сўқмоқлари

ҲАВАС ВА ҲАЗАР

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшаб, ижод этган Асадулло Ортиқов (Яккабоғли) ўзбек журналистикасининг бир исёнкор овози эди. У Ўзбек журналистикаси тарихида икки жиҳати билан ўчмас из қолдирди.

Биринчиси, унинг ҳеч кимга ўхшамаган, ўзига хос услуби бор эди.

Иккинчиси эса, у фавқулодда камтар, камсуқум, ўз манфаатини ўйламайдиган, ростгўй, адолатпеша қаламкаш эди.

Унинг хориждаги ўзбек радиоларидан янграган деҳқончилик, фермерлар ҳақидаги туркум фелъетонлари Каримов режимининг башарасини очганди. Унинг бу режимга астойдил хизмат қилган Ўткир Ҳошимов, Абдулло Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов каби маддоҳлар ҳақидаги жуда кўплаб мақолалари ҳам асло эсдан чиқмайди. Улардаги Абдулла Қаҳорчасига янги топилмалар ва деҳқончасига содда ифодалар ҳамда дилларни ларзага солгувчи давомли саволлар ўқиган ёки эшитган одамнинг бир умр ёдига муҳрланиб қоларди.

Мен “Америка овози”да ишлаган пайтларимда уни тез-тез қидирардим. Чунки унинг янги-янги асарларини ўқигим, эшитгим келарди. Маълум кунларда у Яккабоғдан Қаршидаги ҳамкоримизнинг уйига ташриф буюрар ва биз телефон орқали дардлашардик. У халқнинг охир аҳволидан дод деб фикр юритарди.

У билан ўтказган ўнлаб суҳбатларим радиожурналистикадаги ўзига хос бир тарих, десам, муболаға қилмайман.

Унинг бошига Каримов режими кўп ишларни солди. Кунларини милиция, суд остонларига боғлаб қўйди. Ортидан кузатишди, таъқиб этишди, калтаклашди, асоссиз қамашди, оиласи, фарзандларини қувғин этишди ва буларнинг ҳаммаси унинг соғлиғини емирди.

Уни ҳатто Қаршида ва Тошкентда даволанишга қўймадилар.

Касалхонада ҳам таъқиб этдилар, заҳарладилар. Четга чиқиб даволанмоқчи эди, аммо муттаҳамлар, каззоблар, Каримовинг “латта”ларига очилган йўл, ўзбек халқининг дардини елкалаган алпомиш журналистга очилмади.

Қашқадарёдан қандай қаламкашлар чиққан эди, десалар Абдулла Орипов кабиларни ҳазар билан, Асадулло Ортиқов сингариларни эса ҳавас билан тилга оладиган кунлар келишига ишонаман.

ЖМ.

2007.

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: