Адолат томонидагилар

НАЗИР РАЖАБОВ

Назир Ражабов ҳақида илк бор 1970 йилларнинг охири 1980 йилларнинг бошида у Бухорода (у асли ромитанлик-ЖМ) ёнғинга учраган бир йирик корхона биносини қайта тиклаш лойиҳасини тайёрлаб, СССР Давлат мукофотини олганда эшитгандим.

Кейин у жуда ёш бўлишига қарамасдан жуда катта вазифаларда ишлади, Қурилиш вазири бўлди, Наманган вилоят партия қўмитасининг биринчи котиблигидан Самарқанд вилоят партия комитетининг биринчи котиблигига ўтказилганда уни бевосита танидим. У янгича фикрлайдиган, ташаббускор, тиниб-тинчимас, адолат томонида маҳкам турадиган, адолатсизликка чидай олмайдиган бир раҳбар эди.

Илгари Самарқандда худди ана шундай бир раҳбар бўлган-Владимир Николаевич Қодиров. Уни 43 ёшида заҳарлаб ўлдиришган.(Болалар уйидан чиққан халқпарвар Қодиров ҳақида ёзган китобим ошкоралик йилларида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида давомли ўлароқ эълон қилинганди-ЖМ).

Менга Қодировни эслатган Назир Ражабовнинг тақдиридан ҳам қўрқардим. Коммунистик режим пайтида ҳам халқ томонида бўлган саноқли раҳбарлар етишган, лекин уларни тезда йўқотишган. Ўғрилар, милиция, мафия, ҳатто партиянинг ичидагилар ҳам Назир Ражабовга қарши эдилар.

У адолатпеша раҳбар бўлиш билан бирга адабиётсевар ҳам эди. Машраб шеърларини тўлалигича ёддан биладиган, Навоий асарлари борасида ҳаммани ҳайратга солиб, лол этадиган бир инсон эди. Мен ёзган юзлаб фелъетонлар бўйича у текширишлар ўтказдириб, бегуноҳ қамалган юзлаб одамларни озодликка чиқарган, букилган ҳақиқатни тиклаганди.

Аммо бир кун қўрққаним бўлди. Вилоят партия қўмитаси биносига келсам, ҳамма саросимада. Идеология котиби Фароғат Шукурованинг хонасига борсам, у ҳунграб йиғлаб ўтирибди.

-Назир акани қўлига кишан солиб олиб кетдилар,-деди у.

Кейин Назир ака ҳикоя қилишича, уни қурилиш машинасининг бетон қориштириладиган қутиси ичига ташлаб, айлантира-айлантира бир жойга олиб бориб, у ердан Москвага етказиб, зиндонбанд этишган.

Унга қўлланилмаган қийноқнинг ўзи қолмаган. “Спорт билан шуғулланганим жисмонан ва Навоий ҳамда Машрабни ёддан билганим маънан мени қутқазди” деган эди у. Қийноқлардан ҳар куни ҳушидан кетиб, ҳушига қайтган.

Биз Самарқандда “Назир Ражабовни озод қилиш ва ўз иш жойига тиклаш қўмитасини” туздик.

Ислом Каримов келиб, уни роса мақтади, бирга ўқиганлиги ва ватанпарварлигини, миллатпарварлигини, ҳақиқатни ҳимоя қилувчи инсонлигини айтиб, “Мана қамоқдан чиқди, Москвадан оқлангани ҳақидаги қоғозни олиб келиши билан жойига тиклаймиз” дея Самарқандда “биринчи”ликка Пўлат Абдураҳмоновни тайинлади. Назир ака тўққиз ой деганда оқланди. Аммо Каримов сўзида турмади. Мирсаидов ва Жўрабековни Самарқандга қайта-қайта юбориб, Назир ака ҳақида уни ёмон отлиқ қиладиган тарғибот юрғизди ва ўзи келиб яна Абдураҳмоновни қайта тайинлаб кетди.

Назир ака Каримовнинг қаршиликларига қарамасдан 1990 йилда Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланди. Аммо Каримов унга нисбатан оғир зуғумни бир кун ҳам тўхтатмади. Уни ҳатто Бухорода ўзи илк бор ишлаган қурилиш ташкилотида ҳам ишлашга қўймади.

Кейин унинг Москвага кетиб қолгани ҳақида эшиттим ва бу ташкилотчи ҳамда адолатсевар одамнинг бундан сўнгги тақдири ҳақида бошқа маълумотга эга эмасман.

Адолат томонида турган ўзбекларга ҳар қандай даврда ҳам осон бўлмаган.

ЖМ.

2007.

One Response

  1. ҲАЁТ ҚУВОНЧЛАРИ ВА ТАШВИШЛАРИ

    Қувончлар, ташвишлар юкини ортиб,
    Ўтади замонлар сарбон мисоли.
    Умримиз мазмунин мисқоллаб тортиб,
    Ўтади замонлар карвон мисоли.

    Одамлар ўтганлар, ўтади, ўтур,
    Ҳаёт сўқмоғи бу нотекис,чексиз.
    Баъзилар қабоҳат уруғин сепур,
    Бошқалар эзгулик улашар тенгсиз.

    Дилларда тилаклар адолат ва эрк,
    Келажакка интилар бу умр карвон.
    Бўлсайди юраклар разолатга берк,
    Мангуликка тўлар ҳар лаҳза,ҳар он.

    ШОИРЛАР ДУЭЛЬДА ЎЛАР

    Зиддиятдан яралмиш олам,
    Шоирлар ҳам оддий бир одам.
    Ёки бугун, ёки муқаддам,
    Шоир аҳли дуэльда ўлар.

    Шоирман деб кўксин урган кўп,
    Нелар ёзар, ёзар жуда кўп.
    Фикр эмас, аниқ отар тўп,
    Шоир аҳли дуэльда ўлар.

    Навоий ҳам сургун қилинган,
    Насимийда тери шилинган.
    Машраб ё раб, дорга илинган,
    Шоир аҳли дуэльда ўлар.

    Булутлардек саргардон Байрон,
    Ўхшаш тақдир Лермонтов ҳайрон,
    Пушкин дилин ким қилган вайрон,
    Шоир аҳли дуэльда ўлар.

    Амирлар, подшоҳлар, қироллар,
    Сўз бобида қашшоқ қароллар.
    Нодира бошига нелар соларлар,
    Шоир аҳли дуэльда ўлар.

    Дуэль асли жангдир юзма юз,
    Ортдан отар қалби сўқир кўз,
    Чўлпонкушлар тирикдир ҳануз,
    Шоир аҳли дуэльда ўлар.

    Шоир дўстим, улкан юрагинг,
    Эл корига яраш тилагинг.
    Душманга ҳам умр тиладинг,
    Шоир аҳли дуэлбда ўлар.

    Эзгулик ва қабоҳат ҳамон,
    Бир бирига душман беомон.
    Қолсин учун инсондек инсон,
    Шоир аҳли дуэльда ўлар.

    “ТИТАНИК”
    ( фильмини кўриб)

    Чиндан ҳам Титаник эди Титаник,
    Инсон қўли билан ясалган кема.
    Музқоя ҳасад- ла йўлин тўсди тик,
    Эй океан, инсонни ютма ва ема!

    Дейдилар, сув бағрида яралган ҳаёт,
    Демак сен онасан инсон наслига.
    Чўккан кемалардан келар дод фарёд,
    Муз бағринг қайтарку яна аслига.

    Қаҳринг келганида бўларсан тўфон,
    Тўлқинларинг сиғмас ҳадсиз косага.
    Гоҳи жаллод, гоҳи ўликларга жон,
    Гоҳи қон қўшарсан ширин бўсага.

    О, одамларга ҳам эмасдир осон,
    Ҳаёт уммонида қанча тўфон бор.
    Тақдир кемалари ғарқ бўлар, яксон,
    Бу ваҳшат олдида сен эса ночор.

    Соҳилда қолган қизчамни ўйлаб,
    Ҳасратим тўкканим кимга ҳам ёқар.
    Кўзим юмсам кўринар зор бўзлаган,
    Армон ва ҳижронда яқинлар боқар.

    Телевизор кўрсатар “Титаник” фильмин,
    Муҳаббат, садоқат, ҳижрон ва висол.
    Кўрсатарлар ҳаётни севмоқлик илмин,
    Оҳангсиз шивирлар қизчам эҳтимол:

    “Тушми бу, ё рўё?
    Ёнимдасан гўё,
    Демак,Сен тириксан, омон…

    Орамиздир олис,
    Ҳижрон йўли-ҳадсиз,
    Лек Сен тириксан, омон…

    Узоқларда бўлсанг ҳам,
    Юрагинг уриб турса бас, омон…

    Меҳринг дардимга малҳам,
    Жоним жонигга пайванд,
    Руҳингга ошиён…”

    ЁЛҒОН ДУНЁ

    Қанча қаттиқ йиғласа булут,
    Шунча шодон кулар эмиш гул.
    Йиғлайверса бетўхтов ҳайҳот,
    Кулги нобуд қилармиш бутгул.

    Кимга керак отиқча ғулғу,
    Кимга зарур менинг кўз ёшим.
    Туғилганда йиғлаб туғилиб,
    Кулиб қўйгум тупроққа бошим.

    Армонларда йиғладим юм-юм,
    Заҳматлардан чекдим оҳ-фироқ.
    Ахир, дерлар ёлғончи дунё,
    Ёлғонмикан кечмишим бироқ.

    Йўқ-йўқ, сароб эмас тириклик,
    Ота-она, аждодлар рўё.
    Демак, рости йўқотмоқ-соғинч,
    Мен йўқ жойда яшовчи дунё.

    Кимга керак ортиқча ғулғу,
    Бир сиқим лоймиз – одамсимон.
    Рост-жисм эмас, руҳдаги туйғу,
    Йўқликни бор этгувчи имон.
    ҚАҚНУС

    Афсона бор бир қуш ҳақида,
    Уни элда дейдилар қақнус.
    Тутқунликда ёниб кул бўлар,
    Озодликда чарақлар фанус.

    Темир панжаранинг ортида,
    Шу тўғрида ўй сурар махбус.
    Ширин ҳаёлининг тотида,
    У қуш каби олган эмиш тус.

    Осмонларда қилармиш парвоз,
    Кўҳ тоғидан жуфтин топибди.
    Гуллардан ин ясабди шоввоз,
    Анқонинг уруғин тотибди.

    Ҳаёл ўчди, тўрт девор ичра,
    Темир эшик, қулфлар шаққиллар.
    Ёнди қақнус, кулга айланди,
    Этик пошналари таққиллар.

    Яна жимлик, бошланди ҳаёт,
    Ҳаёлларда барқ урар қақнус.
    Жуфти билан куйлайди баёт,
    Ножот топиб сабрдан махбус.

    Қанча қаттиқ йиғласа булут,
    Шунча шодон бўлар эмиш гул.
    Йиғлаяпман,демак тирикман,
    Ёлғон дунё борлигимдан кул.

    otabek-10@mail.ru

Leave a Reply

Please log in using one of these methods to post your comment:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: