ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Устоз Нозим Ҳикматни хотирлаб

nozimКимлардир уни Ватан хоини дедилар.

Кимлардир уни динсизликда айбладилар.

Яна кимлардир унга коммунист деган тамғани урдилар.

Баъзилар эса уни турк эмас, юнонда туғилган юнон дедилар.

Ўзи севган ва ҳақида қайғурган Ватанида қадрига етмадилар.

Қувғиндан олиб, қувғинга солдилар.

Зиндонбанд эттилар.

Бундан 58 йил бурун уни фуқароликдан чиқариб, Ватангадо деб эълон қилдилар.

У Туркиядан қувилиб, гарчи Москвада яшаган бўлсада, умрининг сўнгги онларига қадар мен турк, туркчиман деб очиқ айтди ва доим Ватанини улуғлаб шеърлар ёзди.

У нафақат Туркияни, балки Озарбайжондан Ўзбекистонга қадар Туронзаминни ҳам Ватан деб билди.

Мен ёнмасам, сен ёнмасанг ким ёнар, бу халқ, бу Ватан учун деб фарёд қилди.

У шеъриятда ўз мактаби ва ўз йўлини яратди.

Бир пайтлар мен ҳам унинг мактабидан илҳомланиб, унинг услубида баъзи қораламалар қилгандим.

Бугун шодман. Устозга Туркия ҳукумати унинг фуқаролик ҳуқуқини қайтарди. Уни айблаганлар унут бугун. Аммо у ҳаёт!

Буюк шоир Нозим Ҳикматнинг услубида ёзилган бу шеърларим унинг хотирасига бир таъзимдир.

ЎЗИМ

Қидириб тополмадим ўзимни,
Тупроқ кўчкилари остидан.
Ўзим қаерда?
Қаер…
Қай…
Тупроқ бўлиб кўчди ногаҳон?
Тушим-ми?
Туш…
Ҳушим-ми?
Ҳуш…
Жавобини топсам топаман ўзимни
Ўзим…
Ўз!

Истанбул, 1994 йил.

***

ШАПАЛОҚ

Шапалоқ тарсакига айланди,
Дунёнинг қизариб кетди юзлари
Юзлар…
Юз!
Мушт зарбидан зилзилалар уйғонди,
Уйғон…
Уй!
Осмон парчаланиб кетди,
Юлдузларга, юлдузчаларга,
Юлдуз…
Юл!

Истанбул, 1994 йил.

***

ТОШ МАРД

Тош мард
Осмон азоблари остида қолиб
Айланиб кетмайди уфоққа.
Сен эса,
Сен эса номард,
Қорин ташвишлари дастидан нолиб,
Қоришиб кетасан туфроққа.

Истанбул, 1994 йил.

***

КУТИШ

Кутасан
Нонга кетган отангни кутасан
Кут-а…
Кут!
Ютасан
Қотган нонни чайнамай ютасан,
Юта …
Ют!
Кутиш дунёнинг эри,
Ютиш- ўйнаши,
Сен эса ўгай боласан.

Истанбул, 1994 йил.

%d bloggers like this: