ЖАҲОНГИР МУҲАММАД:Минг йилда бир марта туғилган адиб

1. ШОҲ ВА ШОИР

Эрамиз аввалида дунёнинг ярмини забт этиб, буюк империяни қурган Хун ҳоқони Атилла визант дипломати ва айни пайтда машҳур ижодкор Приск Панийский билан учрашганда, адиб ҳоқонга Агар тинчлик устивор этилса, халқнинг қаҳридан узоқ бўлинадидейди.

Бунга жавобан Атилла ҲоқонБугунги халқ мен билан бирга бу дунёдан ўтиб кетади, аммо адибнинг қаҳрига дучор этмасин, у бугунги халқдан ҳам узоқ яшайди ва эртанги халқ унга ишонадидейди. Қарангки, бугунга қадар Атилла Ҳоқон ҳақида гап очилганда, энг ишончли манба сифатида Приск Панийскийнинг ёзганлари келтирилади.

Шоҳ ва шоир муносабатлари ана шундай жуда узоқларга бориб тақалади. Тарихимизга назар солсак, деярли барча шоҳлар шоирларга алоҳида муносабат қилганлар, қайси бир маънода улар билан ҳисоблашганлар ёки айёр подшоҳлар уларни ўз манфаатлари йўлида ишлатганлар. Энг буюк шоирлар ҳам баъзан шоҳнинг тузоғидан қоча олмаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг айримлари сарой шоирларига айланган бўлишса, бошқалари айтган сўзлари халқ томонида, ўзлари эса шоҳ томонида туришган ёки ҳижратга кетишган.

Албатта, бу жуда кенг қамровли таҳлил талаб қиладиган масала. Агар шундай иш бошланса, давримизнинг буюк адиби Юсуф Жуманинг номи бу борада инқилоб қилган ва у адибнинг сўзи билан ўзини бирлаштирган зот сифатида тилга олиниши аниқ. Чунки бу борада минг йилда бир марта инқилоб қилинган бўлса, буни Юсуф Жума амалга оширди.

Подшоларга овоз керак милён-милён

Мени эса битта овоз этган султон.

Подшоларни подшо қилган  эл овози

Нари борса беш ўн йилдир тахт парвози.

Шукр, менинг подшолигим абадийдир

Парвозларим – наволигим абадийдир.

Юсуф Жума фақат катта истъдодли шоиргина эмас, балки у энциклопедик қамровли адибдир. Унинг исёнкор шеърлари, ҳайқириқли достонлари қаторида чуқур таҳлилий мақолалари, ўткир памфлетлари, долзарб Очиқ хатлари ва Мурожаатномалари борки, уларнинг ҳаммасини бир жойга келтирсангиз Юсуф Жуманинг истеъдоди нима учун шоҳни ва шоҳпарастларни қалтиратганини англайсиз.

Дарҳақиқат, Юсуф Жума шоҳнинг мансабидан халқнинг марҳаматини, шоҳнинг мукофотидан яратганнинг ажрини устун қўя олди. У маддоҳликни ўзига эп билмаган алп инсон сифатида шоҳнинг саройига эмас, шоҳнинг зиндонига тушди.

Бугунга қадар шоҳ ва шоир мавзуси атрофида сўз очилса, ҳукмронларнинг адибларни қандай сотиб олганлари борасида гапириларди. Бундан кейин бу мавзуда гап очилса, шоҳнинг шоирдан енгилгани сўз боиси бўлади.

Мустабид сен мендан сўзда енгилдинг

Лашкаринг турибди тизда енгилдинг.

Бир эмас, ўн эмас, юзда енгилдинг

Нечун ғолибман деб этурсан эълон?!

Юсуф Жума бирор марта ҳам золим шоҳга пешвозан одим отмади, у асло ва асло шоҳни мақтамади, у мадоҳлик қилмади ва золимнинг мукофотини олмади, у бир одим ҳам халқдан нари кетмади, ҳеч қачон ортга чекинмади… Чунки у халқ хизматига Тангри томонидан юборилган зот эканлигини англай олди׃

Подшоларни халк овози сайлагандир

Мени эса шукр Тангри  сийлагандир.

Каминадир сўзи билан шоҳ, ҳукмдор

Ахир менга овоз берган парвардигор.

2. ЗУЛФИҚОРГА АЙЛАНГАН СЎЗ

Булбул битмас элда сайроқ Юсуфдир,

Зулм бошин ёрган қайроқ Юсуфдир,

Ҳуррият деб йўлга чиққан маҳалда,

Тангри бизга берган байроқ Юсуфдир!

Сўзнинг қудрати ҳақида жуда кўп ёзилган. Лекин Юсуф Жума ҳақ сўзнинг байроғидир. Кўнгилларда ўтган ҳақ сўзни тилларга бошловчи ном бу Юсуф Жума бўлди.

Бир хат олгандим׃

“Мен бугунга қадар кўнглимда Ислом Каримов режимини лаънатлар эдим. Аммо унинг номини айтишгина эмас, балки ўйлашдан ҳам қўрқардим. Юсуф Жумани ўқиб, унинг ҳаётига узоқдан назар солиб, энди кўнглимдагиларни ёзишга қарор қилдим” дейилганди ўша хатда.

Кўрдингизми, золимнинг номини тилга олиш бир томонда турсин, унинг номини хаёлидан ўтказишга қўрққан одам энди у ҳақда ёзишга азм қилибди. Демак, унинг дилидаги музлаган сўзларини эритиб, кураш майдонига ташиган байроқ Юсуф Жума бўлди.

Зотан ҳақ сўзни айтишни истаган кўнгил унинг сўзларини такрорласа, бас, бутун дардлари тилга келади. Унинг сўзлари шунчаки оддий сўзлар эмас. Юсуф Жуманинг ҳар бир сўзи зулфиқордай ўткир. Урилган жойини кесади. Шунинг учун доим уни синдиришга, букишга уриндилар. Сўз учун қатағон бошланди. Фитна кетидан фитна уюштирдилар.

1994 йил фитнасиуни судга тортдилар.

2000 йил фитнаси… унга яна туҳмат қилдилар.

2001 йил фитнаси… уни ҳибсга олдилар. Қийноқларга солдилар.

Маълумки, Каримов зиндонида ҳаммани букадилар. Фақат букилгандан кейингина озодликка чиқарадилар. Букилганлар қаддини ростлаб олгунча йиллар ўтиб кетади. Аммо танҳо Юсуф Жумани бука олмадилар.

Майдонга кирганда мисли арслон,

Сўзи сиртмоқ бўлиб шоҳни сиқади.

Юраги камондир, қалами пайкон

Шоир букилмайди, шоир букади.

У қамоқдан чиқиб ҳам ҳақ сўзни айтишдан қайтмади. 2003 йил май ойида Европа банкининг Ўзбекистондаги анжумани ўтказилиши муносабати билан келган Банкнинг раҳбарига “Дунёнинг энг катта турмаси бўлган Ўзбекистонга хуш келибсиз”, деб ҳайқирди. Қамоқдаги қийноқлардан кейин ҳам унинг сўзи байроқлик шоҳсупасидан пастга тушмади.

Бу сўзни ўлдириш учун золимнинг кураши ҳам тинмади. 2006 йил июнида шоирнинг машинасини ағдариб, уни жисмонан йўқотишга ҳаракат қилдилар. Шукрки, мақсадларига эриша олмадилар.

Алам уларни қутуртирди. 2007 йил 25 июлда унинг юрагига ханжар урдилар шорнинг ногирон фарзанди Машрабни ҳибсга олдилар.

Юрагимни яралади қузғунлар

Подшосини Худо билган бединлар.

Қонга тўлди ўн саккиз минг очунлар

Полопоним бургутга айланмоқда,

Отасидек қасосга шайланмоқда.

Маълумки, Юсуф Жума фақат сўз айтиш билан чекланмади. У ҳаётда ҳам байроққа айланди. У золим шоҳни судга беришгача журъат этди. Ғирром режимнинг ғирром судини ҳам шарманда қилди. Кейин золимга қарши майдонга чиқди. Қўрқоқ золим навкарларини ишга солиб, уни қамади. Аслида бу золимнинг енгилиши эди. Бу мангу тарихнинг қўлида золимнинг хиёнат йўлига, хиёнат зинапоясига тушганини исботлаган яна бир кучли далил бўлди.

Ҳар бир кун битта зина

Кунлар зинапоядир.

Ҳар бир тун битта зина

Тунлар зинапоядир.

Дам – зина, соат – зина,

Ой, йиллар зинапоя.

Қиш -зина, баҳор–зина

Фасллар зинапоя.

Шоҳлар ҳам, гадолар ҳам

Ушбу зинапояда.

Курқоқ ҳам, фидолар хам

Ушбу зинапояда.

Ўлмайин деб кирмагин

Хиёнатнинг дастига.

Бу кўҳна зинапоя

Элтади ер остига.

3.ТУРОН СОҒИНЧИ

Кимдир бешигини, кимдир эшигини Ватан деб билади. Кимдир наҳрини, кимдир шаҳрини Ватан деб билади. Кимдир кўлкасини, кимдир ўлкасини Ватан деб билади. Ҳар кимнинг Ватан ҳақида ўз тушунчаси бор.

Юсуф Жумада ватан бу наинки Туркистон, балки бугунги Авросиё бўлмиш асл Турондир. Турон унинг йўқотиб қўйган ва соғиниб юрган Ватан׃

Аму буйида юрсам

Сир буйин соғинаман.

Аршга сиғинган каби

Туронга сиғинаман.

Юсуф Жумада Бухоро, Ўзбекистон севгиси бор. Аммо бу севги Турон севгисининг митти бир парчасидир. У Туронзаминда яшаётганларни бир оила фарзандлари, қон-қардошлар, жигарбанлар деб қарайди. Зулм ва золимлар уларни ажратиб ташлаганидан ўртанади. Бу заминда яшаётган халққа ҳақиқий ҳурлик, озодлик улар бирлашганда, бир Туронга айланганда келишини ҳис қилган шоир бўйсунмас туйғулар билан жанг қилади. Ўзини ўзи сўроққа тутади.

Қачон бу юрт юрт бўлар

Туркистон Турон бўлар?

Қачон оқил эрлари

Ҳур бўлар, комрон бўлар?

Надоматлар бўлсинки, бу йўл жуда узоқлиги ва оғирлигини шоир дил-дилдан англайди ва юрагидаги юкнинг устига яна юк ортади. Нега бу йўл узоқ? Нега бу йўлнинг изтироблари бу қадар кўп? Нега орзунинг амалга ошиши бу қадар мушкул? Бунда саволлар ёмғир каби ёғилади. Бу саволларнинг жавобини ҳам у яхши билади. Чунки:

Ғаддор Маҳмуд Ялавоч

Қони бор қонимизда.

Падаркуш Абдуллатиф

Жони бор жонимизда.

Йўқса нечун хиёнат

Сен боғсан у зарпечак?

Юсуф Жума бу ҳақиқатни кўрибгина қолмайди. Бунинг малҳамини ҳам кўради ва бизга ҳам кўрсатади. Адашиб, гаранг бўлиб юрганларга, нима қилишини билмаётганларга ҳам кўрсатади. Бир кун бу юртда бу юртни севадиган одамлар ҳоким бўлсаларгина Туркистон бирлиги амалга ошишини, Турон обод бўлишини-Ватан бўлишини айтади.

Бошингга Темурбекнинг

Беклик мақоми керак.

Тарихи теранимсан

Туркистон Ватанимсан.

Турон соғинчи билан яшаган шоирнинг орзулари бугун армон бўлиб қолиши мумкин, аммо бир кун келиб амалга ошади. Зотан Юсуф Жума фақат бугуннинг эмас, у келажакнингТуркистоннинг, Туроннинг ҳам шоиридир.

Ҳа, ҳали бир кун келади, Юсуф Жумани ўзбек адабиётининг “асадуллои шарифи”, зулм қўли жигарини юлиб олган ўлмас қоя, Алпомишдай паҳлавон эди деб баралла айтадилар. Буни Туркистонда, Туронда ҳам айтадилар.

4. АДИБНИНГ ИСЁНИ

Юсуф Жуманинг шеърга сиғмаган гаплари шу қадар кўп ва шу қадар кучлики, ўқиган сайин юрак бот-бот титроққа тушади. Уларни тўпласа бир неча китоб бўлгулик. Бугун ана шу китобнинг дебочаси сифатида унинг ёзганларидан айрим сатрларни бир назар солайлик:

“Шеър ёзолмай қолган қаҳрамону, модерн шоирлар учун, хотиржам яшаётган шоирлар учун шеърлар ёзаман.

Бу менинг бурчим!

Хотиржам беш вақт номоз ўқиётган асл диндорлар ўлдирилса, шаҳидларга таъна тошларини отган, бир оғиз ҳам ҳақни ўн йиллаб айтмай келаётган номозхонлар учун ҳақни айтаман.

Бу менинг бурчим!

Бесаноқ фарзандлари қамалса ҳам, отилса ҳам инидан чиқмаётганлар ўрнига пикетлар қиламан, тинч инқилоб қиламан.

Бу менинг бурчим!”

Юсуф Жума ўз бурчини бундан ҳам кенгроқ англайди׃

“2005 йил 13 май Андижон қирғини Ўзбекистоннинг ноқонуний президенти Ислом Каримов буйруғи билан бутун дунё гувоҳлигида содир бўлди. Ўн минглаб инсонлар отиб ташланди. Бундай қирғинлар И. Каримов тахтга келган кундан бошлаб қарийб 20 йилдан буён муттасил қилинмоқда, ҳар куни қилинмоқда. Тергов изоляторларида, турмаларда, миршабхоналарда, чегараларда, пана паналарда ҳуқуқсиз инсонлар террор қилинмоқда, ўлдирилмоқда. Ўн минглаб сиёсий маҳбуслар доимий, чексиз қийноқларга солинмоқда. Бу йигирма йиллик террор бошида Ислом Каримов турибди.”

У нафақата Каримов бу террорнинг бошида турганини айтади. Балки׃

“2007 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Либерал демократик партияси кенгаши қарийб 20 йилдан буён ҳукмронлик қилиб келаётган Ислом Каримовни 2007 йил 23 декабрь куни бўладиган президентлик сайловига 3-маротаба номзод қилиб кўрсатишга қарор қилди.

Бу қарор Ўзбекистон Коституциясига тажовуздир. Шундоқ ҳам 20 йилдан буён Ўзбекистонда Конституцияси ишламайди. Бунга миллионлаб мисол келтириш мумкин. Масалан, мен 2003 йилда Ислом Каримовни Коституцион тузумга тажовуз қилиш, ҳамда терроризмда айблаб судга берганман. Тўрт йилдан ошаяптики, ҳеч қандай судда кўрилмади.

Ўзбекистон Либераллар демократик партияси кенгашининг Конституцияга тажовуз қилган ҳаракати Конституцион Судда кўриб чиқилишини ва кенгаш аъзолари бу ҳаракати учун қонун олдида жавоб беришини талаб қиламан.

Фуқаро Юсуф Жумаев, 5 Октябр, 2007 йил.”

Бироқ бу талабга золим режимдагилар қулоқ солишмади. У яна исён этди׃

“Бироқ….

Бироқ 27 миллион аҳоли яшайдиган бир мамлакатнинг ҳокимиятини бир террорчи босиб олса, ҳеч ким индамайди. Дунё мамлакатлари раҳбарлари жим. Ҳатто кўплари бу террорчини табриклашади.

Нега?!

Бу саволга ҳеч ким жавоб бермайди. Ҳамма жим, жоҳил инсоният, жоҳил раҳбарлар жим.

Ўзбекистон Президенти аталмиш И.Каримов қарийб йигирма йилдан буён ҳокимиятни зўравонлик билан босиб олган. 2007 йилнинг 23 декабрида тағин етти йилга босиб олади. Тағин етти йил 27 миллион инсон қонини ичади. Гўдаклардан тортиб чолу кампирларгача барча барчанинг қонини Андижондагидек тап тортмай ҳар кун ичади. Тағин етти йил!”

У энди бутун дунёга мурожаат этади׃

“2003 йилда диктатор Каримовни терроризмда айблаб Судга берганман. Ахир у нафақат оиламнинг ҳаётини, бутун халқнинг ҳаётини террор билан барбод этди. Халқнинг асл фарзандларини ўлдирди, ўлдирмоқда. Каримов жиноятлари Саддам Ҳусайн жиноятларидан минглаб карра ортиқдир. Мен ўн йилдан буён айтиб келган ҳақиқатни дунё Андижон қирғинидан кейин англаб етди.

Андижон қирғини Каримовнинг сайлов олди кампаниясининг бошланиши эди. Ўлдирилмаган озодлик курашчиларини ўлдириш, мамлакатни улардан тозалаш эди. Қирғин ва кейинги қама-қамалар бу йиртқич террорчига Ўзбекистон президентлигини тағин террор йўли билан эгаллаш имконидир.

Бугун у мени ва ўғилларимни йўқотиш учун жазавага тушган. МХХ малайлари «Юсуф Жумаев ва унинг ўғилларини жисмонан йўқотган иши президент ҳимоясида, давлат ҳимоясида», деб маҳаллаларда, туманда гап тарқатмоқдалар. Каримов жаллодлари мени ва ўғилларимни жоҳил кимсалар қўли билан ўлдирмоқчилар.

2007 йил 6 сентябрида яқинда қамоқдан чиққан ўғлим Машрабни ўғирлаш учун ўнлаб МХХчилар ва ИИБ жаллодлари ташланиши бунинг исботидир. Менинг ўғлим бўлгани учун қамалган, беҳисоб қийноққа солинган Машраб И.Каримов зиндонидаги беомон қийноқларни дунёга ошкор қилди.

Менга ва оиламга қилинган ҳар қандай зулм учун шахсан Ислом Каримов жавобгардир. Мабодо бирор кори ҳол содир бўлса, бу учун террорчи И.Каримов Халқаро суд олдида жавоб беришини илтимос қиламан.

Юсуф Жумаев, Шоир.7-сентябрь 2007 йил.

Шундан кейин саҳро шерини занжирбанд этдилар. Лекин у букилмади. Судда ҳам исён қилди׃

Хурматли Судья!

Менга очилган бу жиноят ишидаги жабрланувчи деб айтилаётган ва гувоҳларнинг барчаси ИИБ да турли юқори лавозимларда ишлайди. Булар жабрланувчилар эмас, туҳматчилардир…

Мен ва ўғлимга нисбатан эълон қилинган айблов хулосасидаги бу хулосанинг туҳматлигини англатувчи жойлардан мисол келтирсам айблов хулосасини бутунлай кўчириб чиқишим лозим бўлади, шу сабабдан айблов хулосаси деб айтилаётган туҳматномани яхшироқ назар ташлаб, ўқиб чиқсаларинг қанчалик шармандалик эканлигини англаб етасизлар. Менга ўқилган ҳукм ҳам адолатсизликдан бошқа ҳеч нарса эмас.

Юсуф Жумаев. 15.04.2008 й.”

Бундай жасоратни сўз ва ўзни бирлаштирган инсонгина кўрсата олиши мумкин. Бу фавқулодда юз берадиган жасоратдир.

5. БУЮК СЕВГИ ЎРНАГИ

Шоир зоти борки севгини, муҳаббатни куйлаган. Юсуф Жума ижодида ҳам муҳаббат алоҳида ўрин тутади. Ўзи бир парчаси бўлган халққа муҳаббат, ўзи деҳқон бўлиб ардоқлаган заминга муҳаббат, дунёни яратганга Тангрига муҳаббат, ота-она, дўстга муҳаббат…

Шуларнинг орасида у асл ёр мавзусини ҳам олий даржага етказа олган шоирдир. Бу ҳам дунёда бўлмаган малакка эмас, ёнидаги ёрига севги, хаёлдаги гўзалга эмас, фарзандларининг онасига севги…

У зиндонбанд этилар ёки уйидан айро тушишга мажбур этилар экан, ёр ҳижрони уни ўртайди.

Ҳар дамда ўлдиради ҳижрон деган пайкон – ўқ,
Ҳар дамда тирилтирар, эй ёр, хаёлинг қутлуғ.
Тириклар ичра мендек ўлиб кўргани йўқдир,
Ўликлар ичра мендек қайта тирилгани йўқ

Юсуф Жума асраларида ана шундай ўтли сатрлар жуда кўп. Буни унинг сирдоши, унинг ёри ҳам шу қадар чуқур англайдики, бир кун дўстини, шоирни соғининганида у ҳам шоирга айланади. Бу Юсуф ва Зулайхо севгиси эмас, бу Юсуф ва Гулнора севгисидир. Бу ҳақиқий севги ўрнагидир. Қаранг, Гулноранинг ўтли сатрларини׃

Куни билан йиғладинг, осмон
Наҳот сенинг ëринг қамоқда.
Болаларинг қамоқда бу кун,
Ë дардлашдинг мен билан бу кун?

Буни ўқиган инсон боласининг “Дод!” деб юборгиси келади. Севган ёри қамоқда, севган икки боласи қамоқда бўлган онаизор шоирага, ўтли шоирага айланади.

У бошини урадиган жой қолмагандан кейин исён этиб, “Ўзимга ўт қўямандейди. Ўшанда бу гап мени ҳам ўртаб юборган ва қуйидаги мактубни ёзган эдим׃

Гулнора синглим!

Сизнинг Авропа лидерларига ёзган хатингиз менинг юрагимни ўртаб юборди.

Ҳақиқатан ҳам бугун адолатдан гапириб, адолатдан юз бурадиганлар замони бўлиб қолди.

Агар сиз ҳақ бўлиб ҳам кимнидир танқид қилсангиз, тамом бир умрлик душманга айланасиз.

Агар сиз ноҳақ бўлиб ҳам кимнидир мақтасангиз тамом, унинг дўстига айланасиз ва сизнинг хатоларингиз ҳар қанча ёмон бўлмасин ундан кўз юмадилар.
Агар Ўзбекнинг минг йилда бир марта туғиладиган буюк истеъдоди Юсуф Жума МХХнинг лаънати жосуси бўла туриб, кимларнидир мақтаса эди, бугун бутун дунёга шов-шув солиб, уни дунёнинг қаҳрамонига айлантирган бўлардилар.

Афсуски… ҳа, афсуски Юсуф Жума каби истеъдод ана шундай разолатли замонда туғилди. У бу разолатли замоннинг ўйинларига қўшила олмади ва ким бўлишидан қатъий назар у ҳақда ўз сўзини, ҳақ сўзини айтди.

Уни Ислом Каримов ўзининг душмани деб билди. Уни “каримовчалар” ўзларининг душманлари деб билдилар. Қаранг, миллатнинг буюк шоири қамоқда ўлимга юз тутаётган пайтда ҳам улар ўз ўйинлари гирдобидалар. Шоир ҳақида тинимсиз бонг уриш сизга қолмоқда. Миллатим, халқим деганлар қани? Мухолифатман, лидерман деганлар қани?

Юсуф Жума қамоқда ўтириб ҳам бу халққа буюк хизмат қилмоқда ва кимнинг ким эканлигини таниб олишда йўл кўрсатмоқда.

Агар Ислом Каримовда озгина виждон, иймон, инсоф бўлганда эди миллатнинг шоирини бу куйга солмаган бўларди! Унда бундай туйғуларнинг йўқлигини 17 йил олдин ҳам айтган эдим ва бугун ҳам айтаяпман. Демак, вақт одамни ўзгартирмас экан. Демак, ундан умид йўқ ва Сиз ўзингизга ўт қўйсангиз ҳам унинг дунёсида ҳеч нарса ўзгармайди. Балки унга шу керакдир? Миллатнинг энг буюк шоиридан ва унинг оиласидан ҳам қутилиш лаззатини истаётгандир?

Сиз Юсуф Жуманинг бу дунёдаги энг ёрқин умид юлдузисиз! Бу умидни сўндиришга ҳаққингиз йўқ! Аксинча бу умидни яшатишингиз керак. Шунинг учун майли ҳайқиринг, хатлар ёзинг, танбалларни туртиб туринг, дунёнинг манфаатпараст тўраларини инсофга чорлаб туринг, аммо ўзингизга ҳеч қачон ўт қўйманг. Сиз уларга ўт қўйинг, сўзингиз билан, шоири оламга мададингиз билан, халқнинг виждонига садоқатингиз билан! Худди Юсуф Жума қабоҳат тўраларига ўт қўйгандек Сиз ҳам ҳақни айтиб уларга ўй қўйинг! Ўзимга ўт қўяман деманг! Бу сизнинг Юсуф Жумага ўт қўйганингиз бўлади! Бу сизнинг Ўзбек миллатининг умидига ўт қўйганингиз ва катта гуноҳингиз бўлади!

Юсуф Жума ардоқланадиган кунларга яқин қолди. У адолат шоҳсупасида турганида ёнида сиз ҳам туришингиз керак. Биламан сизга жуда оғир! Оилангизга жуда оғир! Аммо зиндондаги Эрга бунданда оғир. Шунинг учун ўша Эр учун яшашни мақсад қилинг, ўша Эрга умид эканлигингиз билан ифтихор этинг!
Каримов ва “каримовчалар” йўқолиб кетади, аммо Юсуф Жума йўқолмайди, худди миллат йўқолмагани каби!

Мен бу мактубни битган пайтда ўзбекнинг миллий шоири Юсуф Жума зиндонда бўзлаётган эди׃

Ҳеч кимга бошланмаган маҳшар менга бошланди

Ҳеч кимга ташланмаган ҳижрон менга ташланди.

6. АЛИШЕРДАН ҚОДИРИЙГАЧА

Юсуф Жума оиласи билан пикетлар ўтказиб, адолатсиз режимга қарши исён қилиб юрган кунлар эди. Унга телефон қилсам, хорижий радиолардан биридан биттаси билан тортишиб қолиб, жаҳли чиқиб турган экан׃

-Аблаҳ! Нима дейди денг? “Агар биз томонга ўтсангиз сизни ҳимоя қиламиз”, дейди. “Қанақа томон бор яна?” дедим. “Бир томонда золим ва золимлар турибди. Иккинчи томонда эзилган халқ бор. Сен яна қанақа томон ҳақида гапираяпсан?”, десам телефон гўшагини ташлади. Жаҳлим чиқиб, сенсираганимдан қўрқиб кетди,- дея воқеани ҳикоя қилиб берди у.

Юсуф Жума адолатсизликни кўриши ёки сезиши билан жаҳли чиқарди ва чидай олмай ким бўлишидан қатъий назар юзига бор гапни айтарди. Шунинг учун ҳам адашганлар орасида ундан ҳаққини олмаган одам кам. Аслида бу унинг ўша одамларга дўстлиги ва яхшилиги, уларни ёмон йўлдан яхшиликка бошлашидир.

Афсуски, буни идрок этиш даражасига етилгани йўқ.

Ҳақгўй инсонларни, адолат учун курашчиларни баъзан ҳатто ёри, оиласи, фарзандлари ҳам тушунишмайди. Шунинг учун ҳам улар ё бу йўлдан қайтадилар ёки оиладан ажралиб қоладилар. Бу масалада Юсуф Жума кам сонли омадлилар сафига киради, Тангри уни мукаммал яратган. Унинг умр йўлдоши ҳам, фарзандлари ҳам унинг каби фикрлайдилар ва битта йўлдалар. Доим уни қўллайдилар. Бу фавқуллода муҳим масала.

Балки у ёшлигида шуни орзу қилганмикан? “Сўз мулкининг султонига ўхшасин”, дея бир фарзандини Алишер, “Шоҳдан ҳам қўрқмайдиган инсон бўлсин”, деб бошқасини Машраб, “Дунёнинг қаерига борса ҳам жасорат тимсолини кўрсатсин”, дея бирини Бобур, “Ўтган кунларнинг зулматини ёритсин”, деб бошқасини Қодирий, “Букилмаслик нелигини билсин”, деб кенжасини Жавҳар номлагани шунданмикан? Балки у бу билан Туронни зарралардан қайта тиклашни орзу қилгандир?

Хуллас нима бўлганда ҳам фарзандлари унинг йўлидан бормоқда. Алишер адолат пеша йигитдир. Йиқилган инсонларнинг ёнида доим. Машрабнинг қамоқдаги қийноқлар ҳақида ёзганларини мен унута олмайман. Содда ва самимийликда унча-бунча ёзувчини доғда қолдиради. Бобур, Қодирийлар ҳам отанинг ўзи ва сўзи. Жавҳар ўн ёшида бўлса ҳам битта хат ёзиб кўпларимизни йиғлатган. Шоирнинг феруза қизи Феруза ҳам таъқиблар исканжасида қолсада, отасига содиқ турибди.

Тезроқ бу зулм битсин ва бу оила бахтли кунларни яшасин. Минг йилда бир марта туғилган буюк адибимиз оиласи билан бирга ёруғ кунларни кўрсин!

Ахир шоирниг ўзи айтгандек қачонгача׃

Эъзозланар ҳамма юртда

Оқ тонгдай оққуш.

Бизда эса қарғаларга

Айлашар олқиш.

Барча юртда қоядаги

Бургутга қарсак

Бизда эса чўққидадир

Эркатой эшак.

Не-не халқлар ҳайратини

Бахш этар сорга.

Бизда эса шараф дерлар

Қузғунга, морга.

Барча юртда сайраётган

Булбулга олқиш.

Бизда эса гулзорларнинг

Тўрида бойқуш.

Қачонгача?!

7 Октябр, 2008 йил.